UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 4-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 4 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 4 мая 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 4 May 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТУЗИЛМАСИ

ЖАДВАЛИ

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Энергетика муаммолари институтини ташкил этиш тўғрисида

Энергетик хавфсизлик, энергетик самарадорлик ва энергетиканинг барқарор ривожланиши — энергетика соҳасининг асосий стратегик йўналишлари ҳисобланиб, истиқболда республика энергетика мажмуасида инновацион векторнинг амалга оширилиши доирасидаги вазифаларнинг бажарилишини таъминлайди ва мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиши истиқболлари билан узвий боғлиқдир.

Саноатнинг энергия кўп истеъмол қилинадиган тармоқларида илмий-инновацион инфратузилмани яратиш, иқтисодиёт тармоқларига анъанавий ва муқобил энергия манбаларини кенг жорий этиш ҳисобига энергия балансини диверсификация қилиш, соҳада хорижий илмий муассасалар билан ҳамкорликни кенгайтириш, юқори малакали илмий кадрлар даражасини ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 19 мартдаги ПҚ-5032-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Энергетика вазирлигининг «Ўзбекэнерго» АЖ Илмий-техника маркази» МЧЖ негизида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Энергетика муаммолари институтини (кейинги ўринларда — Институт) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

республикада энергетика барқарор ривожланишининг келажак стратегиясини ишлаб чиқиш, ўрта ва узоқ истиқболда ёқилғи-энергетика комплексининг ривожланиши ва модернизацияси бўйича дастурларни тайёрлашда иштирок этиш;

муқобил (ноанъанавий) энергия асосидаги янги технологиялар, энергетик ускуналар ва тизимларнинг республика иқлим шароитларида ресурс кўрсаткичларини ўрганиш мақсадида синовларни амалга ошириш;

иқтисодиёт тармоқлари энергия сарфини пасайтириш бўйича комплекс тадқиқотларни ўтказиш ва аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш;

энергетика соҳасида рақамли иқтисодиёт ривожланишининг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш, «интеллектуал тармоқлар» назариясини ривожлантириш ва энергетика соҳасига жорий этиш усулларини ишлаб чиқиш;

мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини таъминлаш, табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларда ёқилғи-энергетика комплекси объектларининг барқарор фаолиятини таъминлаш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш;

минтақанинг қўшни давлатлари ўртасида ёқилғи-энергия манбаларидан биргаликда фойдаланиш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш;

иқтисодиётнинг турли соҳаларида анъанавий, шунингдек муқобил ва қайта тикланадиган энергиядан фойдаланиш билан боғлиқ фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш;

ёқилғи-энергетика ресурсларидан уларни ҳосил қилиш, сақлаш, етказиб бериш ва фойдаланиш босқичларида самарали фойдаланиш усулларининг илмий-техник даражасини ошириш;

ёқилғи-энергетика ресурсларини ҳосил қилиш, сақлаш, етказиб бериш ва тақсимлаш таннархини пасайтириш мақсадида замонавий энергетик технологияларни трансфер қилиш ва республика шароитига мослаштиришни асослаш, энергетика соҳасига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

мамлакатда энергетик машинасозлик ва электротехника саноати, унга хизмат кўрсатувчи тармоқлар ривожига илмий-техник жиҳатдан кўмаклашиш;

соҳадаги хорижий муассасалар билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, муваффақиятли тажрибалар ва аниқ инновация моделлардан кенг фойдаланиш, жадал ахборот алмашинувини таъминлаш;

соҳада фан ва таълим интеграциясини таъминлаш мақсадида олий таълим ташкилотларининг энергетика йўналишидаги факультет ва кафедралари ўқув дастурлари ва методик қўлланмаларни ишлаб чиқишда иштирок этиш, талабаларнинг лаборатория ишларини бажариш учун Институт лабораторияларидан фойдаланиш, Институт илмий ходимларининг дарс жараёнларида иштирок этишини таъминлаш орқали юқори малакали кадрларни тайёрлашда, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашда иштирок этиш;

энергетика соҳасидаги илмий йўналишлар ва тегишли ихтисосликлар бўйича илмий даражали кадрларни тайёрлаш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

а) Институт:

давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ҳамда Институт номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварағига эга бўлади;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимидаги илмий ташкилот сифатида давлат буюртмалари ва дастурларини амалга оширишда ҳамда фундаментал ва амалий тадқиқотларни олиб боришда иштирок этади;

Энергетика вазирлигининг «Ўзбекэнерго» АЖ Илмий-техника маркази» МЧЖнинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

б) Институтга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси уставида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади ҳамда у Фанлар академиясининг тегишли вице-президенти билан келишган ҳолда Институт директори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган икки нафар ўринбосарга, жумладан, директорнинг илм-фан бўйича ўринбосари ҳамда директорнинг умумий масалалар бўйича ўринбосарига эга бўлади;

в) Институт фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур сақлаш харажатлари, шу жумладан, бошқарув, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига ажратиладиган маблағлар доирасида қопланади, 2022 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

4. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Энергетика муаммолари институтининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Энергетика муаммолари институти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган илмий ходимлари сонини 2026 йил 1 январгача босқичма-босқич мақбуллаштириш жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президентига, зарурат бўлганда, Институт тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

5. Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари (Институт бино ва иншоотларини сақлаб туриш, шунингдек, ходимлар иш ҳақи учун);

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожлантириш вазирлиги томонидан ажратиладиган маблағлар (давлат буюртмаси асосида амалга ошириладиган илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш учун);

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

6. Институтга юкланган вазифаларни бажариш учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бюджетдан ташқари маблағлари доирасида унга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

тадқиқотларни амалга оширишга республика илмий-тадқиқот институтлари ва марказлар ходимларини, олий таълим ташкилотлари профессор-ўқитувчилари таркибидан ходимларни, шунингдек, хорижлик олимлар ва мутахассисларни шартнома асосида жалб этиш;

халқаро ташкилотлар, жумладан, жамғармалар, хорижий тадқиқот марказлари, шунингдек, таълим ташкилотлари билан тадқиқотлар ўтказиш ва кадрлар тайёрлаш бўйича шартномалар тузиш.

7. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси:

а) бир ой муддатда:

Институт уставини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

«Ўзбекэнерго» АЖ Илмий-техника маркази» МЧЖнинг ускуналари, мебеллари, моддий бойликлари ва бошқа мол-мулкларини Институтга белгиланган тартибда бериш мақсадида хатловдан ўтказсин;

б) икки ой муддатда:

Инновацион ривожланиш вазирлигига давлат буюртмасини бажариш бўйича илмий-тадқиқот лойиҳалари танловини эълон қилиш учун энергетика соҳасидаги мавжуд муаммоларнинг илмий ечимини таъминлашга қаратилган илмий тадқиқотларни амалга ошириш бўйича белгиланган тартибда асосланган таклиф киритсин;

Энергетика вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда Институтнинг 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган илмий-тадқиқот ишлари дастурини ишлаб чиқсин ҳамда Фан ва технологиялар бўйича республика кенгашида тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8. Институт Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Чингиз Айтматов кўчаси 2Б-уй манзилида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Физика-техника институтининг биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси — IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи О.М. Умаров ҳамда Фанлар академияси президенти Б.С. Юлдашев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги 273-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Энергетика муаммолари институтининг

Илмий кенгаш Директор Илмий котиб Директорнинг илм-фан бўйича ўринбосари Директорнинг умумий масалалар бўйича ўринбосари Молия-иқтисодиёт бўлими 3 «Энергетиканинг ривожланиш истиқболлари ва энергетик хавфсизлик» илмий лабораторияси 3 Инженер-техник ва хўжалик хизмати * Бош юрисконсульт 1 Ходимлар бўйича инспектор ва девонхона 2 «Электр энергетика тизимлари ва мажмуалари» илмий лабораторияси 3 «Энергия самарадорлиги ва энергия тежаш тизимлари» илмий лабораторияси 3 АКТ бўйича мутахассис 1 «Муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан комплекс фойдаланиш» илмий лабораторияси 3 «Интеллектуал энергия тизимлари, энергетик тизимлар ва қувватларни интеграциялаш» илмий лабораторияси 3 Махсус бўлим 1 «Электротехнологиялар ва энергетик ускуналарни эксплуатация қилиш» илмий лабораторияси 3 Интеграция-ресурс маркази 1

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги 273-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Энергетика муаммолари институти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган илмий ходимлари сонини 2025 йил 1 январгача босқичма-босқич мақбуллаштириш

Т/р Лабораториялар номлари Илмий ходимлар штат бирликлари сони 2021-2022 йй. 2023 — 2025 йй. 1. Энергетиканинг ривожланиш истиқболлари ва энергетик хавфсизлик 3 2 2. Электр энергетика тизимлари ва мажмуалари 3 2 3. Муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан комплекс фойдаланиш 3 2 4. Электротехнологиялар ва энергетик ускуналарни эксплуатация қилиш 3 2 5. Энергия самарадорлиги ва энергия тежаш тизимлари 3 2 6. Интеллектуал энергия тизимлари, энергетик тизимлар ва қувватларни интеграциялаш 3 2 7. Интеграция-ресурс маркази 1 1 Жами 19 13

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 4 май,

273-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.05.2021 й., 09/21/273/0411-сон; 04.01.2025 й., 09/25/891/0011-сон; 29.12.2025 й., 07/25/390/1228-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TUZILMASI

JADVALI

Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining Energetika muammolari institutini tashkil etish toʻgʻrisida

Energetik xavfsizlik, energetik samaradorlik va energetikaning barqaror rivojlanishi — energetika sohasining asosiy strategik yoʻnalishlari hisoblanib, istiqbolda respublika energetika majmuasida innovatsion vektorning amalga oshirilishi doirasidagi vazifalarning bajarilishini taʼminlaydi va mamlakat ijtimoiy-iqtisodiy rivojlanishi istiqbollari bilan uzviy bogʻliqdir.

Sanoatning energiya koʻp isteʼmol qilinadigan tarmoqlarida ilmiy-innovatsion infratuzilmani yaratish, iqtisodiyot tarmoqlariga anʼanaviy va muqobil energiya manbalarini keng joriy etish hisobiga energiya balansini diversifikatsiya qilish, sohada xorijiy ilmiy muassasalar bilan hamkorlikni kengaytirish, yuqori malakali ilmiy kadrlar darajasini oshirish hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Fizika sohasidagi taʼlim sifatini oshirish va ilmiy tadqiqotlarni rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 19-martdagi PQ-5032-son qarorida belgilangan vazifalar ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi va Energetika vazirligining “Oʻzbekenergo” AJ Ilmiy-texnika markazi” MCHJ negizida Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining Energetika muammolari institutini (keyingi oʻrinlarda — Institut) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

2. Quyidagilar Institutning asosiy vazifalari etib belgilansin:

respublikada energetika barqaror rivojlanishining kelajak strategiyasini ishlab chiqish, oʻrta va uzoq istiqbolda yoqilgʻi-energetika kompleksining rivojlanishi va modernizatsiyasi boʻyicha dasturlarni tayyorlashda ishtirok etish;

muqobil (noanʼanaviy) energiya asosidagi yangi texnologiyalar, energetik uskunalar va tizimlarning respublika iqlim sharoitlarida resurs koʻrsatkichlarini oʻrganish maqsadida sinovlarni amalga oshirish;

iqtisodiyot tarmoqlari energiya sarfini pasaytirish boʻyicha kompleks tadqiqotlarni oʻtkazish va aniq tavsiyalar ishlab chiqish;

energetika sohasida raqamli iqtisodiyot rivojlanishining ustuvor yoʻnalishlarini ishlab chiqish, “intellektual tarmoqlar” nazariyasini rivojlantirish va energetika sohasiga joriy etish usullarini ishlab chiqish;

mamlakatning energetik xavfsizligini taʼminlash, tabiiy va texnogen tusdagi favqulodda vaziyatlarda yoqilgʻi-energetika kompleksi obyektlarining barqaror faoliyatini taʼminlash boʻyicha ilmiy tadqiqotlar olib borish;

mintaqaning qoʻshni davlatlari oʻrtasida yoqilgʻi-energiya manbalaridan birgalikda foydalanish boʻyicha ilmiy asoslangan tavsiyalar ishlab chiqish;

iqtisodiyotning turli sohalarida anʼanaviy, shuningdek muqobil va qayta tiklanadigan energiyadan foydalanish bilan bogʻliq fundamental, amaliy va innovatsion tadqiqotlarni amalga oshirish;

yoqilgʻi-energetika resurslaridan ularni hosil qilish, saqlash, yetkazib berish va foydalanish bosqichlarida samarali foydalanish usullarining ilmiy-texnik darajasini oshirish;

yoqilgʻi-energetika resurslarini hosil qilish, saqlash, yetkazib berish va taqsimlash tannarxini pasaytirish maqsadida zamonaviy energetik texnologiyalarni transfer qilish va respublika sharoitiga moslashtirishni asoslash, energetika sohasiga taalluqli normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqishda ishtirok etish;

mamlakatda energetik mashinasozlik va elektrotexnika sanoati, unga xizmat koʻrsatuvchi tarmoqlar rivojiga ilmiy-texnik jihatdan koʻmaklashish;

sohadagi xorijiy muassasalar bilan xalqaro hamkorlikni kengaytirish, muvaffaqiyatli tajribalar va aniq innovatsiya modellardan keng foydalanish, jadal axborot almashinuvini taʼminlash;

sohada fan va taʼlim integratsiyasini taʼminlash maqsadida oliy taʼlim tashkilotlarining energetika yoʻnalishidagi fakultet va kafedralari oʻquv dasturlari va metodik qoʻllanmalarni ishlab chiqishda ishtirok etish, talabalarning laboratoriya ishlarini bajarish uchun Institut laboratoriyalaridan foydalanish, Institut ilmiy xodimlarining dars jarayonlarida ishtirok etishini taʼminlash orqali yuqori malakali kadrlarni tayyorlashda, kadrlar malakasini oshirish va qayta tayyorlashda ishtirok etish;

energetika sohasidagi ilmiy yoʻnalishlar va tegishli ixtisosliklar boʻyicha ilmiy darajali kadrlarni tayyorlash.

3. Belgilab qoʻyilsinki:

a) Institut:

davlat muassasasi shaklidagi yuridik shaxs hisoblanadi va Oʻzbekiston Respublikasining Davlat gerbi tasviri tushirilgan hamda Institut nomi davlat tilida yozilgan muhrga va Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Gʻaznachiligida shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga ega boʻladi;

Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi tizimidagi ilmiy tashkilot sifatida davlat buyurtmalari va dasturlarini amalga oshirishda hamda fundamental va amaliy tadqiqotlarni olib borishda ishtirok etadi;

Energetika vazirligining “Oʻzbekenergo” AJ Ilmiy-texnika markazi” MCHJning barcha huquqlari va majburiyatlari boʻyicha huquqiy vorisi hisoblanadi;

b) Institutga Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi ustavida belgilangan tartibda lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan direktor rahbarlik qiladi hamda u Fanlar akademiyasining tegishli vitse-prezidenti bilan kelishgan holda Institut direktori tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimidan ozod etiladigan ikki nafar oʻrinbosarga, jumladan, direktorning ilm-fan boʻyicha oʻrinbosari hamda direktorning umumiy masalalar boʻyicha oʻrinbosariga ega boʻladi;

v) Institut faoliyatini yoʻlga qoʻyish uchun zarur saqlash xarajatlari, shu jumladan, boshqaruv, texnik va xizmat koʻrsatuvchi xodimlar mehnatiga haq toʻlash xarajatlari 2021-yilda Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchi sifatida Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasiga ajratiladigan mablagʻlar doirasida qoplanadi, 2022-yildan boshlab esa Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladi.

4. Quyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi Energetika muammolari institutining tuzilmasi 1-ilovaga muvofiq;

Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi Energetika muammolari instituti Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobiga moliyalashtiriladigan ilmiy xodimlari sonini 2026-yil 1-yanvargacha bosqichma-bosqich maqbullashtirish jadvali 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi prezidentiga, zarurat boʻlganda, Institut tuzilmasiga xodimlarning belgilangan umumiy cheklangan soni va mehnatga haq toʻlash fondi doirasida oʻzgartirishlar kiritish huquqi berilsin.

5. Quyidagilar Institut faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari (Institut bino va inshootlarini saqlab turish, shuningdek, xodimlar ish haqi uchun);

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti va Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlantirish vazirligi tomonidan ajratiladigan mablagʻlar (davlat buyurtmasi asosida amalga oshiriladigan ilmiy-tadqiqot loyihalarini moliyalashtirish uchun);

jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;

qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.

6. Institutga yuklangan vazifalarni bajarish uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq budjetdan tashqari mablagʻlari doirasida unga quyidagi huquqlar berilsin:

tadqiqotlarni amalga oshirishga respublika ilmiy-tadqiqot institutlari va markazlar xodimlarini, oliy taʼlim tashkilotlari professor-oʻqituvchilari tarkibidan xodimlarni, shuningdek, xorijlik olimlar va mutaxassislarni shartnoma asosida jalb etish;

xalqaro tashkilotlar, jumladan, jamgʻarmalar, xorijiy tadqiqot markazlari, shuningdek, taʼlim tashkilotlari bilan tadqiqotlar oʻtkazish va kadrlar tayyorlash boʻyicha shartnomalar tuzish.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi:

a) bir oy muddatda:

Institut ustavini ishlab chiqsin va belgilangan tartibda tasdiqlasin;

“Oʻzbekenergo” AJ Ilmiy-texnika markazi” MCHJning uskunalari, mebellari, moddiy boyliklari va boshqa mol-mulklarini Institutga belgilangan tartibda berish maqsadida xatlovdan oʻtkazsin;

b) ikki oy muddatda:

Innovatsion rivojlanish vazirligiga davlat buyurtmasini bajarish boʻyicha ilmiy-tadqiqot loyihalari tanlovini eʼlon qilish uchun energetika sohasidagi mavjud muammolarning ilmiy yechimini taʼminlashga qaratilgan ilmiy tadqiqotlarni amalga oshirish boʻyicha belgilangan tartibda asoslangan taklif kiritsin;

Energetika vazirligi hamda Innovatsion rivojlanish vazirligi bilan birgalikda Institutning 2021 — 2025-yillarga moʻljallangan ilmiy-tadqiqot ishlari dasturini ishlab chiqsin hamda Fan va texnologiyalar boʻyicha respublika kengashida tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

8. Institut Toshkent shahar, Yunusobod tumani, Chingiz Aytmatov koʻchasi 2B-uy manzilida joylashgan Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi Fizika-texnika institutining binosiga tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirilsin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

10. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining maslahatchisi — IT-texnologiyalar, telekommunikatsiyalar va innovatsion faoliyatni rivojlantirish masalalari departamenti boshligʻi O.M. Umarov hamda Fanlar akademiyasi prezidenti B.S. Yuldashev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 4-maydagi 273-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi Energetika muammolari institutining

Ilmiy kengash Direktor Ilmiy kotib Direktorning ilm-fan boʻyicha oʻrinbosari Direktorning umumiy masalalar boʻyicha oʻrinbosari Moliya-iqtisodiyot boʻlimi 3 “Energetikaning rivojlanish istiqbollari va energetik xavfsizlik” ilmiy laboratoriyasi 3 Injener-texnik va xoʻjalik xizmati * Bosh yuriskonsult 1 Xodimlar boʻyicha inspektor va devonxona 2 “Elektr energetika tizimlari va majmualari” ilmiy laboratoriyasi 3 “Energiya samaradorligi va energiya tejash tizimlari” ilmiy laboratoriyasi 3 AKT boʻyicha mutaxassis 1 “Muqobil va qayta tiklanuvchi energiya manbalaridan kompleks foydalanish” ilmiy laboratoriyasi 3 “Intellektual energiya tizimlari, energetik tizimlar va quvvatlarni integratsiyalash” ilmiy laboratoriyasi 3 Maxsus boʻlim 1 “Elektrotexnologiyalar va energetik uskunalarni ekspluatatsiya qilish” ilmiy laboratoriyasi 3 Integratsiya-resurs markazi 1

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 4-maydagi 273-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi Energetika muammolari instituti Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobiga moliyalashtiriladigan ilmiy xodimlari sonini 2025-yil 1-yanvargacha bosqichma-bosqich maqbullashtirish

T/r Laboratoriyalar nomlari Ilmiy xodimlar shtat birliklari soni 2021-2022 yy. 2023 — 2025 yy. 1. Energetikaning rivojlanish istiqbollari va energetik xavfsizlik 3 2 2. Elektr energetika tizimlari va majmualari 3 2 3. Muqobil va qayta tiklanuvchi energiya manbalaridan kompleks foydalanish 3 2 4. Elektrotexnologiyalar va energetik uskunalarni ekspluatatsiya qilish 3 2 5. Energiya samaradorligi va energiya tejash tizimlari 3 2 6. Intellektual energiya tizimlari, energetik tizimlar va quvvatlarni integratsiyalash 3 2 7. Integratsiya-resurs markazi 1 1 Jami 19 13

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 4-may,

273-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 05.05.2021-y., 09/21/273/0411-son; 04.01.2025-y., 09/25/891/0011-son; 29.12.2025-y., 07/25/390/1228-son)

lex.uz