UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 5-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 5 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 5 мая 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 5 May 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

ЎЗГАРТИРИШЛАР

Ички аудит хизмати ходимларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Корпоратив бошқарувда ички назорат тизимини самарали ташкил қилиш ва ички аудит хизматини малакали мутахассислар билан бутланишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ички аудит хизмати ходимларини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин, жумладан:

талабгорга қўйиладиган малака талаблари;

сертификат олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати;

малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ёки рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби;

сертификат олиш учун малака имтиҳонини топшириш, сертификатни расмийлаштириш ва бериш, амал қилиш муддатини узайтириш, қайта расмийлаштириш ҳамда амал қилишини тугатиш тартиби;

ички аудиторлар реестирини юритиш тартиби.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 16 октябрдаги 215-сон қарори билан тасдиқланган Корхоналардаги ички аудит хизмати тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ва молия вазири Т.А. Ишметов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 майдаги 280-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ички аудит хизмати ходимларини сертификатлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом ички аудит хизмати ходимларини сертификатлаш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом қоидалари тижорат банкларига ва бюджет ташкилотларига татбиқ этилмайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ички аудитор — ички аудитор сертификатига эга бўлган жисмоний шахс;

ички аудитор сертификати (кейинги ўринларда — Сертификат) — ички аудит хизматида фаолият олиб бориш учун ички аудиторнинг профессионал малакасини тасдиқловчи ҳужжат;

малака имтиҳони — талабгорнинг билим даражаси ички аудиторга қўйилган талабларга мос келишини текширишга йўналтирилган, малака имтиҳони комиссияси томонидан тест синови шаклида ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган имтиҳон;

талабгор — ички аудитор сертификатини олишга ёки унинг амал қилиш муддатини узайтиришга даъвогар жисмоний шахс;

халқаро сертификат — «Сертификатланган дипломли бухгалтер (АССА)», «Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR АССА)», «Сертификатланган жамоатчи бухгалтер (СРА)», «Бирлашган дипломли бухгалтерлар (ACA)», «Дипломли ички аудитор (CIA)», «Бошқарув ҳисоби бўйича сертификат (CIMA)», «Молиявий ташкилотлар дипломли аудитори (CFSA)», «Давлат ташкилотининг дипломли аудитори (CGAP)», «Сертификатланган профессионал Ички аудитор» (DipCPIA) сертификати ва «Рискни бошқаришни баҳолаш бўйича дипломли мутахассис (CRMA)» сертификати.

3. Сертификат, башарти талабгор малака имтиҳонини муваффақиятли топширса, аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаси томонидан берилади.

Сертификат ички аудиторнинг профессионал малакасини тасдиқлайди ва сертификат эгасига тадбиркорлик субъектларининг ички аудит хизматида фаолият кўрсатиш ҳуқуқини беради.

Сертификат дастлаб беш йиллик муддатга берилади, унинг амал қилиши навбатдаги ўн йиллик муддатга ва кейинчалик муддатсиз даврга узайтирилиши мумкин.

4. Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари (Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон аудиторлар палатаси):

малака имтиҳонини ўтказишни ташкил қилади, шунингдек, ўзларининг веб-сайтларига малака имтиҳонини ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисидаги ахборотни жойлаштиради;

тест саволларига киритилган фанлар бўйича мавзуларни веб-сайтига жойлаштиради;

малака оширишнинг намунавий дастурини тасдиқлайди;

талабгорларни малака имтиҳонига қўйиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

5. Сертификат эгаси сертификатини олган йилдан кейинги йилидан бошлаб ҳар йили аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари томонидан тасдиқланган малака ошириш намунавий дастури бўйича 20 соатдан кам бўлмаган ҳажмда малака ошириш курсларини ўтиши шарт.

Халқаро сертификат эгаси бўлган ички аудитор ўз танловига кўра намунавий дастур бўйича ёки халқаро сертификат дастури доирасида малака ошириш курсларидан бирини ўтиши мумкин.

Ички аудиторлар малакасини ошириш бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасидаги халқаро ташкилотларда аккредитациядан ўтган ўқув марказлари томонидан амалга оширилади.

Ички аудитор йил якунлари бўйича унинг малака ошириш курсларидан ўтганлигини тасдиқловчи маълумотни ҳар йили 10 январга қадар сертификатни берган аудиторларнинг республика жамоат бирлашмасига тақдим этади.

6. Малака имтиҳонини ўтказувчи комиссия (кейинги ўринларда — комиссия) таркибига аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари вакиллари ва бухгалтерия ҳисоби, аудит, солиқ ва хўжалик ҳуқуқи соҳаларининг етакчи мутахассислари киритилади.

7. Комиссия аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари томонидан камида бешта аъзодан, шу жумладан, комиссия раисидан иборат таркибда тузилади.

8. Сертификат олиш, унинг амал қилишини узайтириш, қайта расмийлаштириш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш учун талабгор томонидан мазкур Низомда белгиланган миқдорларда йиғим тўланади.

Йиғим талабгор томонидан ҳужжат топширилган аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаси ҳисобварағига ўтказилади ва малака имтиҳонини ташкил қилиш, сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун сарфланади. Йиғим тўлаш учун банк реквизитлари тўғрисидаги маълумотлар аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари веб-сайтларига жойлаштирилади.

9. Ички аудитор сертификатини бериш мазкур Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

2-боб. Талабгорга қўйиладиган малака талаблари

10. Сертификат олишга талабгор қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

а) олий маълумотга ҳамда олий таълим муассасасини битирганидан кейин охирги ўн йилдан камида икки йил бухгалтерия ҳисоби ва аудит, солиқ маслаҳати ва молия соҳасида ёки олий таълим муассасаларида «Бухгалтерия ҳисоби» ёхуд «Аудит» фанидан таълим бериш соҳасида амалий иш стажига (шу жумладан, ўриндошлик асосида);

б) халқаро сертификат доирасида «Молиявий ҳисоб» фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисидаги ҳужжатга эга бўлиш.

Иқтисодий ихтисосликлар бўйича илмий даражаси бўлган ёки «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» ихтисосликлари бўйича магистр дипломига эга бўлган талабгор учун амалий иш стажи талаб этилмайди.

11. Талабгор қуйидагилардан бирига эга бўлган тақдирда сертификатни бериш ва унинг амал қилиш муддатини узайтириш малака имтиҳони топширилмасдан амалга оширилади:

аудитор малака сертификати (ариза берилган санада аудитор малака сертификатининг амал қилиш муддати тугашига камида 6 ой вақт қолган бўлса) мавжуд бўлса;

халқаро сертификати (бунда олинган йилдан кейинги йилдан бошлаб, белгиланган даврийликда халқаро сертификат доирасида малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжат) мавжуд бўлса;

бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандарти (МҲХС) бўйича молиявий ҳисобот» фанини муваффақиятли топширганлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлса;

камида ўн йил узлуксиз ички аудитор иш стажи мавжуд бўлса.

3-боб. Сертификат олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати

12. Сертификат олиш учун талабгор аудиторларнинг республика жамоат бирлашмасига мазкур Низомга 2-иловада келтирилган шаклдаги аризага қуйидаги ҳужжатларни илова қилинган ҳолда тақдим этади:

паспорт ёки идентификация ID-картаси нусхаси;

олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг ёки илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатнинг ёхуд хорижий мамлакатларда олинган олий маълумот ёки илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақидаги ваколатли давлат органи томонидан берилган гувоҳнома нусхаси;

меҳнат дафтарчаси нусхаси (ўриндошлик асосида иш стажи мавжуд бўлган тақдирда бу ҳақда меҳнат дафтарчасига ёзув киритилган бўлиши лозим) ёки меҳнат стажини тасдиқловчи «Электрон меҳнат дафтарчаси» тизимидан кўчирма;

халқаро сертификат доирасида «Молиявий ҳисоб» фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхаси (бундан мазкур Низомнинг 11-бандида қайд этилган талабгорлар мустасно);

икки дона фотосурат (3 х 4 см ўлчамда);

белгиланган даврийлик билан малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, халқаро сертификат ёки аудитор малака сертификати нусхаси ёхуд бухгалтерларни халқаро сертификатлаш дастури доирасида «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда);

аризани кўриб чиқиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатининг нусхаси.

13. Талабгордан мазкур Низомнинг 12-бандида назарда тутилмаган ҳужжатлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

14. Мазкур Низомнинг 12-бандида кўрсатилган ҳужжатлар талабгор томонидан аудиторларнинг республика жамоат бирлашмасига шахсан, почта ёки электрон алоқа воситалари орқали тақдим этилади.

4-боб. Малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ёки рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби

15. Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари ариза келиб тушган кундан бошлаб уч иш кунида талабгорнинг малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

16. Қуйидаги ҳолларда талабгорга малака имтиҳонини топширишга рухсат берилмайди:

мазкур Низомнинг 10-бандида белгиланган малака талабларига жавоб бермаса;

мазкур Низомнинг 12-бандида назарда тутилган ҳужжатлар белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган ёки тўлиқ ҳолда тақдим этилмаганда.

17. Малака имтиҳонини топширишга рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда, аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари томонидан қабул қилинган қарор тўғрисида рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда уч иш куни ичида талабгор ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилинади.

Рад этиш учун асос бўлган камчиликларни бартараф этиш учун талабгорга ўн кун муддат берилади.

Талабгор томонидан малака имтиҳонини топширишга рухсат беришни рад этиш учун асос бўлган камчиликлар бартараф этилган ҳолда қайта тақдим этилган ҳужжатлар уч кун ичида кўриб чиқилади. Белгиланган муддатда камчиликлар бартараф этилган ҳолда тақдим этилган аризани кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.

Рад этиш учун асос бўлган камчиликлар ўн кун ичида бартараф этилмаган тақдирда, талабгорнинг аризаси янгидан тақдим этилган деб ҳисобланади.

18. Малака имтиҳонини топширишга рухсат берилган талабгорларнинг тасдиқланган рўйхати аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари томонидан имтиҳон комиссиясига топширилади.

19. Гуруҳлар талабгорларнинг аризаларини рўйхатга олиш кетма-кетлигида шакллантирилади (бир гуруҳда камида 10 киши ва кўпи билан 20 киши). Малака имтиҳони гуруҳлар шаклланишига қараб, лекин ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади.

20. Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари малака имтиҳонини топширишга рухсат берилган талабгорлар рўйхатини гуруҳлар кесимида шакллантириб, малака имтиҳони ўтказиладиган санадан камида ўн беш кун олдин имтиҳон ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисидаги хабарномани аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари веб-сайтларига жойлаштиради ҳамда ҳар бир талабгорни электрон алоқа воситалари орқали хабардор қилади.

5-боб. Сертификат олиш учун малака имтиҳонини топшириш тартиби

21. Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари малака имтиҳонини ўтказиш мақсадида:

талабгорларни рўйхатдан ўтказади;

малака имтиҳонини ўтказиш учун жиҳозланган хонани зарурий техника воситалари билан таъминлайди;

малака имтиҳонини ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар ва материаллар сақланишини таъминлайди;

малака имтиҳонини ўтказиш учун зарур бўлган бошқа ҳаракатларни амалга оширади.

22. Талабгорлар малака имтиҳонига паспорти ёки идентификация ID-картаси ёхуд шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат асосида киритилади. Шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган ёки малака имтиҳонига кечиккан талабгорлар имтиҳонга келмаган деб ҳисобланади ва улар навбатдаги имтиҳон топширишга рухсат бериладиган шахслар рўйхатига киритилади.

23. Агарда талабгор республика жамоат бирлашмаларига ҳужжатларни топширган санадан кейин икки маротаба малака имтиҳонини топширишга келмаса, тақдим этилган ҳужжатлар талабгорга қайтарилади. Бунда аризани кўриб чиқиш учун тўланган йиғим қайтариб берилмайди.

24. Малака имтиҳони тест синови усулида ахборот-технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказилади.

Талабгорга малака имтиҳонини топшириш учун уч соат вақт берилади.

Малака имтиҳонининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида малака имтиҳонини ўтказиш жараёни узлуксиз равишда видеоёзувга туширилади.

25. Тест синови қуйидаги бўлимлар бўйича 60 та саволдан иборат бўлади:

корпоратив молия;

бошқарув ҳисоби;

ички аудит;

солиққа тортиш ва тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш.

26. Тест саволларини шакллантириш тартиби аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари томонидан белгиланади.

27. Малака имтиҳони ўтказилаётган пайтда қонунчилик ҳужжатлари, йўриқнома материаллари, ахборотномалар ва махсус адабиётлардан, уяли телефондан ёки бошқа ахборот технология воситаларидан (шу жумладан, калькулятор сифатида) фойдаланиш, бошқа талабгорлар билан мулоқот қилиш тақиқланади.

Ушбу талабларни бузган талабгорлар аудиториядан чиқариб юборилади ва малака имтиҳонидан ўтмаган деб ҳисобланади.

Ўзи билан бирга ичимлик суви, дори ва малака имтиҳонини топшириш учун зарур бўлган бошқа воситалар (кўзойнак, линзалар) бўлишига рухсат этилади. Талабгорнинг барча шахсий буюмлари, шу жумладан, уяли телефон ёки бошқа ахборот технология воситалари (ўчирилган ҳолатда) махсус ажратилган жойда сақланади.

28. Малака имтиҳони натижалари имтиҳон ўтказилган куни малака имтиҳони комиссиясининг баённомаси билан расмийлаштирилади.

29. Малака имтиҳон натижалари аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларининг веб-сайтига имтиҳон ўтказилганидан кейин икки иш кунида эълон қилинади.

30. Талабгорнинг тўғри жавоблари малака имтиҳонидаги тест саволлари сонининг камида 75 фоизини ташкил қилса, у малака имтиҳонини муваффақиятли топширган ҳисобланади.

31. Бегона шахсларнинг малака имтиҳонида қатнашишига рухсат этилмайди.

32. Малака имтиҳонини топшира олмаган талабгорларга йиғим қайтариб берилмайди.

33. Малака имтиҳонини топшириш натижалари салбий баҳоланган талабгорнинг ҳужжатлари унга қайтарилмайди.

34. Малака имтиҳонини топшира олмаган талабгорлар малака имтиҳонини топшириш учун ҳужжатларни мазкур Низомнинг 12-бандида назарда тутилган тартибда қайта тақдим этишга ҳақлидир.

35. Малака имтиҳонида иштирок этиш учун талабгорлар томонидан берилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар ҳамда комиссиянинг йиғилиш баённомалари беш йил мобайнида аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларида сақланади.

5 1 -боб. Малака имтиҳони натижалари юзасидан апелляция бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби

35 1 . Малака имтиҳони натижаси бўйича уларга нисбатан салбий қарор чиқарилган талабгорлар малака имтиҳони натижалари эълон қилинган санадан бошлаб ўттиз календарь кун мобайнида апелляция комиссиясига апелляция бериш ҳуқуқига эга. Апелляция ёзма ёки электрон шаклда тақдим этилади.

Апелляция комиссияси берилган апелляцияни ўн календарь кун ичида кўриб чиқади.

Апелляция шикоятини кўриб чиқиш жараёнида апелляция берган номзод бевосита ёки масофадан туриб онлайн тарзда иштирок этиши мумкин. Бунда апелляция берган номзод апелляцияни кўриб чиқиш жараёни ўтказиладиган сана ва шакли тўғрисида уч кун олдин электрон почта ёки СМС-хабарнома орқали хабардор қилинади.

35 2 . Апелляция комиссияси аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари томонидан тузилади.

Апелляция комиссияси беш нафар аъзодан иборат таркибда тузилади ҳамда унинг таркибига Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан бир нафар ҳамда аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларидан вакиллар киритилади.

Апелляция комиссияси раиси ҳамда котиби аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларининг вакилларидан тайинланади.

Апелляция комиссияси ҳужжатларини юритиш ва баённомаларни расмийлаштириш апелляция комиссияси котиби томонидан амалга оширилади.

Апелляция комиссияси таркиби ҳар икки йилда белгиланган тартибда янгиланади.

Апелляция комиссияси йиғилишида апелляция комиссияси раиси ҳамда комиссия қолган аъзоларининг камида икки нафари иштирок этган тақдирда, йиғилиш ваколатли ҳисобланади.

35 3 . Апелляция комиссияси малака имтиҳони натижаларини аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларининг маълумотлари асосида баённома тузиш орқали расмийлаштиради.

Апелляция комиссияси йиғилиши видеоёзувга туширилади ва ушбу видеоёзувлар апелляция комиссияси баённомасига илова қилинади.

Баённома апелляция комиссияси раиси томонидан (раис қатнашмаган тақдирда, раис ўринбосари томонидан) тасдиқланади ва йиғилишда иштирок этган барча аъзолар томонидан имзоланади.

35 4 . Апелляцияни кўриб чиқиш натижаси бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

талабгорнинг эътирозлари ўз тасдиғини топиб, саволлар ёки жавоблар нотўғри экани аниқланганда ҳамда балларни қайта ҳисоблаш натижасида даъвогарнинг балли белгиланган ўтиш баллига етган ёки ундан ошган тақдирда, апелляция шикоятини қаноатлантириш ҳамда имтиҳон натижаларига ўзгартириш киритиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

талабгорнинг эътирозлари ўз тасдиғини топмаган ёки талабгорнинг эътирозлари ўз тасдиғини топиб, балларни қайта ҳисоблаш натижасида даъвогарнинг балли белгиланган ўтиш баллига етмаган тақдирда, комиссия қарорини ўзгаришсиз қолдириш;

малака имтиҳонини ўтказиш жараёнида ташкилий-техник жиҳатдан камчиликлар мавжудлиги аниқланган тақдирда, малака имтиҳонини қайтадан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш.

35 5 . Малака имтиҳонини қайтадан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, бундай қарор қабул қилинган кундан бошлаб икки ҳафта мобайнида аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари малака имтиҳонини топшира олмаган деб ҳисобланган даъвогар учун қайтадан имтиҳон топшириш кунини белгилайди.

35 6 . Қабул қилинган қарор тўғрисида ариза берувчи ёзма равишда (электрон почта орқали) хабардор қилинади.

35 7 . Такрорий апелляцияга йўл қўйилмайди. Талабгор Апелляция комиссияси қароридан норози бўлса, белгиланган тартибда судга мурожаат қилиши мумкин.

6-боб. Сертификатни расмийлаштириш ва бериш тартиби

36. Малака имтиҳони натижалари комиссия баённомаси билан расмийлаштирилади ва аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларига топширилади.

37. Сертификат малака имтиҳонида қатнашиш учун ариза топширилган аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаси томонидан берилади.

38. Сертификат мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ шаклда расмийлаштирилади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амал қилади. Сертификат аудиторларнинг республика жамоат бирлашмасининг расмий қисқартирилган номидан кейин оралиқ бўшлиқларсиз (Х...Х 000000 кўринишида) кетма-кетликда рақамланади.

39. Сертификат аудиторлар республика жамоат бирлашмасининг QR — коди (матрик штрихли коди) қўйилган ҳолда расмийлаштирилади ва у ички аудиторлар реестрига киритилади.

40. Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари белгиланган тартибда берилган ва қайта расмийлаштирилган сертификатлар ҳисобини юритади.

41. Сертификат малака имтиҳони комиссиясининг баённомалари олинганидан кейин уч кун ичида расмийлаштирилади ва сертификат эгасига берилади.

42. Сертификат дастлаб беш йиллик муддатга талабгор малака имтиҳонини муваффақиятли топширганда ёхуд мазкур Низомнинг 11-бандида белгиланган мезонларнинг бирортасига жавоб берадиган талабгорларга малака имтиҳони топширилмасдан берилади.

7-боб. Сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш ва қайта расмийлаштириш тартиби

43. Сертификатнинг амал қилиш муддати тугашидан уч ой олдин, бироқ сертификатнинг амал қилиш муддати тугашидан олти ойдан кўп бўлмаган муддатда, аудиторларнинг республика жамоат бирлашмасига сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш юзасидан мазкур Низомга 2-иловада келтирилган шаклдаги аризага қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат қилади:

сертификатнинг асл нусхаси;

ҳар йили малака ошириш курсларидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари;

белгиланган даврийлик билан малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, халқаро сертификат ёки аудитор малака сертификати нусхаси ёхуд бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда);

меҳнат дафтарчаси нусхаси (ўриндошлик асосида ички аудитор иш стажи мавжуд бўлган тақдирда бу ҳақда меҳнат дафтарчасига ёзув киритилган бўлиши лозим) ёки меҳнат стажини тасдиқловчи «Электрон меҳнат дафтарчаси» тизимидан кўчирма;

аризани кўриб чиқиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида йиғим тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатининг нусхаси.

44. Дастлабки беш йиллик муддат тугагандан сўнг сертификатнинг амал қилиш муддатини навбатдаги ўн йилга узайтириш малака имтиҳонини муваффақиятли топширганда ёхуд талабгор мазкур Низомнинг 11-бандида белгиланган мезонларнинг бирортасига жавоб берганда малака имтиҳонини топширмасдан амалга оширилади.

Сертификатни кейинги муддатсиз даврга узайтириш талабгор малака имтиҳонини муваффақиятли топширганда ёхуд у мазкур Низомнинг 11-бандида белгиланган мезонларнинг бирортасига мос бўлганда малака имтиҳонини топширмасдан амалга оширилади.

45. Сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш учун ҳужжатлар мазкур Низомнинг 43-бандига мувофиқ тақдим этилганда, сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза тақдим этилган санадан бошлаб сертификатнинг амал қилиш муддати тугайдиган санагача бўлган вақт оралиғи ички аудитор сифатида узлуксиз иш стажини ҳисоблашда инобатга олинади.

Ички аудитор лавозимига тайинлашлар оралиғидаги вақт бир ойдан ошмаган бўлса, ушбу давр ички аудитор сифатидаги узлуксиз иш стажини аниқлашда узилиш деб ҳисобланмайди.

46. Сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш мазкур Низомнинг 43 — 45-бандларидаги меъёрларга риоя этилганда амалга оширилади.

Сертификатнинг амал қилиш муддати сертификатда кўрсатилган амал қилиш муддати тугаган пайтдан бошлаб узайтирилади.

47. Талабгор сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш учун малака имтиҳонидан ўта олмаган тақдирда, сертификатни қайтадан бериш мазкур Низом асосида амалга оширилади.

Агарда талабгор, мазкур Низомда назарда тутилган тартибда хабардор қилинганидан сўнг, сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш учун малака имтиҳонини топширишга келмаса, сертификатнинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин тақдим этилган ҳужжатлар (сертификатнинг асл нусхасидан ташқари) қайтарилади. Бунда аризани кўриб чиқиш учун тўланган йиғим қайтариб берилмайди.

48. Сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш илгари берилган сертификатга тегишли ёзув киритиш орқали амалга оширилади.

Сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш учун унда ажратилган тегишли реквизитлар тўлган бўлса, илгари берилган рақам билан янги сертификат берилади. Янги сертификатнинг пастки ўнг бурчагига илгари берилган сертификат ҳақидаги ахборотлар ёзиб қўйилади.

49. Сертификат эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарган тақдирда, у тегишли ўзгартиришларни тасдиқловчи ҳужжатлар берилган санадан сўнг бир ой ичида сертификатни берган аудиторларнинг республика жамоат бирлашмасига мазкур Низомга 2-иловада келтирилган шаклда сертификатни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.

Бунда аризага қайта расмийлаштирилиши лозим бўлган сертификатнинг асл нусхаси билан бирга иккита фотосурат (3 х 4 ҳажмдаги) ва тегишли ўзгаришларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади.

Сертификатни қайта расмийлаштириш учун талабгордан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

50. Сертификат ариза топширилган кундан бошлаб беш иш куни ичида илгари берилган сертификат рақами ва амал қилиш муддати билан қайта расмийлаштирилади.

50 1 . Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари томонидан малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш ва қайта расмийлаштириш рад этилгани устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.

8-боб. Сертификатнинг амал қилишини тугатиш

51. Сертификатнинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

сертификат эгаси томонидан сертификатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза тақдим этилганда;

сертификат эгаси вафот этганда;

сертификат эгаси ҳар йилги малака ошириш курсидан ўтмаганда;

сертификат эгаси сертификат расмийлаштирилган санадан эътиборан олти ой мобайнида сертификатни олиш учун келмаганда;

сертификат эгаси томонидан ички аудит хизматидаги фаолияти мобайнида олинган конфиденциал ахборот хўжалик юритувчи субъект раҳбарининг ёзма рухсатисиз учинчи шахсларга тақдим этилганда, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

сертификат эгасини белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги суд қарори қонуний кучга кирганда;

аудиторлар республика жамоат бирлашмасининг сертификат бериш тўғрисидаги қарори қонунга хилоф эканлиги ҳолати аниқланганда;

сертификат қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги исботланганда.

52. Сертификатнинг амал қилиши аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаси қарори билан тугатилади. Сертификатнинг амал қилиши уни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан тугатилади.

53. Сертификатнинг амал қилишини тугатиш ҳақидаги қарор устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.

54. Сертификатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаси веб-сайтида эълон қилиниши керак.

Сертификатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор беш иш куни ичида сертификат эгасига юборилади.

9-боб. Ички аудиторлар реестрини юритиш тартиби

55. Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари томонидан ички аудиторлар реестри юритилади ва унда қуйидаги маълумотлар қайд этилади:

ички аудиторнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;

паспорт ёки идентификация ID-картаси маълумотлари ва яшаш манзили;

иш жойи;

сертификатнинг рақами, берилган санаси;

сертификат олган шахснинг фамилияси, исми ва имзоси, шунингдек, сертификат олинган сана;

ҳар йилги малака ошириш курсларидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

аудиторнинг малака сертификати, халқаро бухгалтер сертификатининг (мавжуд бўлган тақдирда) номи ва берилган санаси;

сертификатнинг амал қилиш муддати узайтирилганлиги, амал қилиши тугатилганлиги ва қайта расмийлаштирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар.

56. Ички аудиторлар реестрдаги қуйидаги маълумотлар аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаси веб-сайтига жойлаштирилади ва барчанинг танишиши учун очиқ ҳисобланади:

ички аудиторнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

сертификатнинг рақами, берилган санаси;

сертификатнинг амал қилиш муддати;

ички аудиторларнинг малака оширганлиги тўғрисидаги маълумотлар (йил якунларига кўра);

сертификатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги маълумотлар.

10-боб. Якунловчи қоидалар

57. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

58. Аудиторлар республика жамоат бирлашмаларининг мазкур Низом талабларига риоя этишлари устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ички аудит хизмати ходимларини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Ички аудитор сертификатини бериш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати 1-босқич Талабгор Ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларига шахсан, почта ёки электрон алоқа воситалари орқали тақдим этади. Талабгорнинг хоҳишига кўра 2-босқич Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари (Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон аудиторлар палатаси) 1. Талабгорга малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ёки рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ариза келиб тушган кундан бошлаб уч иш кунида 2. Малака имтиҳонини топширишга рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда, талабгор қабул қилинган қарор тўғрисида рад этиш асослари кўрсатилган ҳолда ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилинади. Рад этиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг уч иш кунида 3-босқич Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари Малака имтиҳонини ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисидаги хабарни веб-сайтларига жойлаштиради ҳамда талабгорга электрон алоқа воситалари орқали хабарнома кўринишида юборади. Малака имтиҳони ўтказилишидан камида ўн беш кун олдин муддатда 4-босқич Малака имтиҳони комиссияси Малака имтиҳони уч соат ичида тест синови усулида ахборот-технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказилади. Малака имтиҳони натижалари малака имтиҳони комиссиясининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Имтиҳон ўтказилган куни 5-босқич Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари Малака имтиҳон натижаларини веб-сайтида эълон қилинади. Имтиҳон ўтказилганидан сўнг икки иш кунида 6-босқич Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари Ички аудитор малака сертификати расмийлаштирилади ва малака сертификатининг эгасига берилади. Имтиҳон комиссиясининг баённомаси расмийлаштирилгандан санадан бошлаб уч кун муддатда

Ички аудит хизмати ходимларини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

‎ ‎ ‎ ‎ ‎ _______________________________________________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (аудиторларнинг республика жамоат бирлашмасининг номи) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ _______________________________________________да яшовчи ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (яшаш манзили) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ____________________________________________________дан ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (ариза берувчи Ф.И.О) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ _______________________________________________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (алоқа телефони) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ _______________________________________________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (электрон почта манзили) ‎ ‎ ‎ ‎ АРИЗА ‎ ‎ ‎ ‎ Менга ички аудитор сертификатини олиш/амал қилиш муддатини узайтириш учун* малака имтиҳонини топширишга, қайта расмийлаштиришга* рухсат беришингизни сўрайман. Аризага қуйидагилар илова қилинади: 1. _____________________________________________________________________________________________________________ 2. _____________________________________________________________________________________________________________ 3. _____________________________________________________________________________________________________________ 4. _____________________________________________________________________________________________________________ 5. _____________________________________________________________________________________________________________ 20___ йил «____» __________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Шахсий имзо __________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ * Керакли сўзларнинг тагига чизилади. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎

Ички аудит хизмати ходимларини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (Н А М У Н А)‎ ‎‎____________________________________________________________‎ (аудиторларнинг республика жамоат бирлашмасининг номи)‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ИЧКИ АУДИТОР СЕРТИФИКАТИ‎‎ № Х...Х 000000‎‎ ‎ ‎ ‎Расм ‎ Расм ‎ ‎‎ Тошкент ш.‎ ‎ 20___ й. «___» _____________‎‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ___________________________________________________________га‎ ‎ ( ички аудиторнинг Ф.И.О) ички аудит хизматида фаолият юритиш ҳуқуқини берувчи ички аудитор сертификати 20__ йил «___» _______ дан 20___ йил «___» _______ гача муддатга берилди ва ҳар йили малака оширишдан ўтиши шарт.‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаси ‎(ваколатли шахс) ‎ ‎‎ ‎‎ ‎ ‎QR-kod ‎‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Сертификатнинг амал қилиш муддати узайтирилди:‎‎ 20__ й. «___» ___________ дан 20__ й. «___» __________ гача QR-kod‎‎ 20__ й. «___» ___________ дан 20__ й. «___» __________ гача QR-kod‎‎ 20__ й. «___» ___________ дан 20__ й. «___» __________ гача QR-kod‎‎

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 майдаги 280-сон қарорига 2-ИЛОВА

Корхоналардаги ички аудит хизмати тўғрисидаги низомга киритилаётган

1. 4-банднинг бешинчи хатбошидан «ташқи» сўзи чиқариб ташлансин.

2. 6-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«6. Ички аудит хизмати ходимлари ички аудиторнинг малака сертификатига эга бўлиш шарт».

3. 12 ва 13-бандлардаги «бошқа мажбурий тўловлар» сўзлари «йиғимлар» сўзи билан алмаштирилсин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 5 май,

280-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.05.2021 й., 09/21/280/0424-сон, Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 27.08.2025 й., 09/25/538/0782-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

OʻZGARTIRISHLAR

Ichki audit xizmati xodimlarini tayyorlash tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Korporativ boshqaruvda ichki nazorat tizimini samarali tashkil qilish va ichki audit xizmatini malakali mutaxassislar bilan butlanishini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Ichki audit xizmati xodimlarini sertifikatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin, jumladan:

talabgorga qoʻyiladigan malaka talablari;

sertifikat olish uchun taqdim etiladigan hujjatlar roʻyxati;

malaka imtihonini topshirishga ruxsat berish yoki ruxsat berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilish tartibi;

sertifikat olish uchun malaka imtihonini topshirish, sertifikatni rasmiylashtirish va berish, amal qilish muddatini uzaytirish, qayta rasmiylashtirish hamda amal qilishini tugatish tartibi;

ichki auditorlar reyestirini yuritish tartibi.

2. Vazirlar Mahkamasining 2006-yil 16-oktabrdagi 215-son qarori bilan tasdiqlangan Korxonalardagi ichki audit xizmati toʻgʻrisidagi nizomga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda ular qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov va moliya vaziri T.A. Ishmetov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 5-maydagi 280-son qaroriga 1-ILOVA

Ichki audit xizmati xodimlarini sertifikatlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom ichki audit xizmati xodimlarini sertifikatlash tartibini belgilaydi.

Mazkur Nizom qoidalari tijorat banklariga va budjet tashkilotlariga tatbiq etilmaydi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

ichki auditor — ichki auditor sertifikatiga ega boʻlgan jismoniy shaxs;

ichki auditor sertifikati (keyingi oʻrinlarda — Sertifikat) — ichki audit xizmatida faoliyat olib borish uchun ichki auditorning professional malakasini tasdiqlovchi hujjat;

malaka imtihoni — talabgorning bilim darajasi ichki auditorga qoʻyilgan talablarga mos kelishini tekshirishga yoʻnaltirilgan, malaka imtihoni komissiyasi tomonidan test sinovi shaklida axborot texnologiyalaridan foydalangan holda oʻtkaziladigan imtihon;

talabgor — ichki auditor sertifikatini olishga yoki uning amal qilish muddatini uzaytirishga daʼvogar jismoniy shaxs;

xalqaro sertifikat — “Sertifikatlangan diplomli buxgalter (ASSA)”, “Xalqaro moliyaviy hisobot boʻyicha diplom (DipIFR ASSA)”, “Sertifikatlangan jamoatchi buxgalter (SRA)”, “Birlashgan diplomli buxgalterlar (ACA)”, “Diplomli ichki auditor (CIA)”, “Boshqaruv hisobi boʻyicha sertifikat (CIMA)”, “Moliyaviy tashkilotlar diplomli auditori (CFSA)”, “Davlat tashkilotining diplomli auditori (CGAP)”, “Sertifikatlangan professional Ichki auditor” (DipCPIA) sertifikati va “Riskni boshqarishni baholash boʻyicha diplomli mutaxassis (CRMA)” sertifikati.

3. Sertifikat, basharti talabgor malaka imtihonini muvaffaqiyatli topshirsa, auditorlarning respublika jamoat birlashmasi tomonidan beriladi.

Sertifikat ichki auditorning professional malakasini tasdiqlaydi va sertifikat egasiga tadbirkorlik subyektlarining ichki audit xizmatida faoliyat koʻrsatish huquqini beradi.

Sertifikat dastlab besh yillik muddatga beriladi, uning amal qilishi navbatdagi oʻn yillik muddatga va keyinchalik muddatsiz davrga uzaytirilishi mumkin.

4. Auditorlarning respublika jamoat birlashmalari (Oʻzbekiston buxgalterlar va auditorlar milliy assotsiatsiyasi hamda Oʻzbekiston auditorlar palatasi):

malaka imtihonini oʻtkazishni tashkil qiladi, shuningdek, oʻzlarining veb-saytlariga malaka imtihonini oʻtkazish sanasi, vaqti va joyi toʻgʻrisidagi axborotni joylashtiradi;

test savollariga kiritilgan fanlar boʻyicha mavzularni veb-saytiga joylashtiradi;

malaka oshirishning namunaviy dasturini tasdiqlaydi;

talabgorlarni malaka imtihoniga qoʻyish yoki rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

5. Sertifikat egasi sertifikatini olgan yildan keyingi yilidan boshlab har yili auditorlarning respublika jamoat birlashmalari tomonidan tasdiqlangan malaka oshirish namunaviy dasturi boʻyicha 20 soatdan kam boʻlmagan hajmda malaka oshirish kurslarini oʻtishi shart.

Xalqaro sertifikat egasi boʻlgan ichki auditor oʻz tanloviga koʻra namunaviy dastur boʻyicha yoki xalqaro sertifikat dasturi doirasida malaka oshirish kurslaridan birini oʻtishi mumkin.

Ichki auditorlar malakasini oshirish buxgalteriya hisobi va audit sohasidagi xalqaro tashkilotlarda akkreditatsiyadan oʻtgan oʻquv markazlari tomonidan amalga oshiriladi.

Ichki auditor yil yakunlari boʻyicha uning malaka oshirish kurslaridan oʻtganligini tasdiqlovchi maʼlumotni har yili 10-yanvarga qadar sertifikatni bergan auditorlarning respublika jamoat birlashmasiga taqdim etadi.

6. Malaka imtihonini oʻtkazuvchi komissiya (keyingi oʻrinlarda — komissiya) tarkibiga auditorlarning respublika jamoat birlashmalari vakillari va buxgalteriya hisobi, audit, soliq va xoʻjalik huquqi sohalarining yetakchi mutaxassislari kiritiladi.

7. Komissiya auditorlarning respublika jamoat birlashmalari tomonidan kamida beshta aʼzodan, shu jumladan, komissiya raisidan iborat tarkibda tuziladi.

8. Sertifikat olish, uning amal qilishini uzaytirish, qayta rasmiylashtirish haqidagi arizani koʻrib chiqish uchun talabgor tomonidan mazkur Nizomda belgilangan miqdorlarda yigʻim toʻlanadi.

Yigʻim talabgor tomonidan hujjat topshirilgan auditorlarning respublika jamoat birlashmasi hisobvaragʻiga oʻtkaziladi va malaka imtihonini tashkil qilish, sertifikatlarni rasmiylashtirish bilan bogʻliq xarajatlarni qoplash uchun sarflanadi. Yigʻim toʻlash uchun bank rekvizitlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar auditorlarning respublika jamoat birlashmalari veb-saytlariga joylashtiriladi.

9. Ichki auditor sertifikatini berish mazkur Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

2-bob. Talabgorga qoʻyiladigan malaka talablari

10. Sertifikat olishga talabgor quyidagi talablarga javob berishi kerak:

a) oliy maʼlumotga hamda oliy taʼlim muassasasini bitirganidan keyin oxirgi oʻn yildan kamida ikki yil buxgalteriya hisobi va audit, soliq maslahati va moliya sohasida yoki oliy taʼlim muassasalarida “Buxgalteriya hisobi” yoxud “Audit” fanidan taʼlim berish sohasida amaliy ish stajiga (shu jumladan, oʻrindoshlik asosida);

b) xalqaro sertifikat doirasida “Moliyaviy hisob” fanini muvaffaqiyatli topshirganligi toʻgʻrisidagi hujjatga ega boʻlish.

Iqtisodiy ixtisosliklar boʻyicha ilmiy darajasi boʻlgan yoki “Buxgalteriya hisobi” va “Audit” ixtisosliklari boʻyicha magistr diplomiga ega boʻlgan talabgor uchun amaliy ish staji talab etilmaydi.

11. Talabgor quyidagilardan biriga ega boʻlgan taqdirda sertifikatni berish va uning amal qilish muddatini uzaytirish malaka imtihoni topshirilmasdan amalga oshiriladi:

auditor malaka sertifikati (ariza berilgan sanada auditor malaka sertifikatining amal qilish muddati tugashiga kamida 6 oy vaqt qolgan boʻlsa) mavjud boʻlsa;

xalqaro sertifikati (bunda olingan yildan keyingi yildan boshlab, belgilangan davriylikda xalqaro sertifikat doirasida malaka oshirganligini tasdiqlovchi hujjat) mavjud boʻlsa;

buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida “Moliyaviy hisobotning xalqaro standarti (MHXS) boʻyicha moliyaviy hisobot” fanini muvaffaqiyatli topshirganligini tasdiqlovchi hujjat mavjud boʻlsa;

kamida oʻn yil uzluksiz ichki auditor ish staji mavjud boʻlsa.

3-bob. Sertifikat olish uchun taqdim etiladigan hujjatlar roʻyxati

12. Sertifikat olish uchun talabgor auditorlarning respublika jamoat birlashmasiga mazkur Nizomga 2-ilovada keltirilgan shakldagi arizaga quyidagi hujjatlarni ilova qilingan holda taqdim etadi:

pasport yoki identifikatsiya ID-kartasi nusxasi;

oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi diplomning yoki ilmiy darajasi toʻgʻrisidagi hujjatning yoxud xorijiy mamlakatlarda olingan oliy maʼlumot yoki ilmiy darajasi toʻgʻrisidagi hujjatni tan olish haqidagi vakolatli davlat organi tomonidan berilgan guvohnoma nusxasi;

mehnat daftarchasi nusxasi (oʻrindoshlik asosida ish staji mavjud boʻlgan taqdirda bu haqda mehnat daftarchasiga yozuv kiritilgan boʻlishi lozim) yoki mehnat stajini tasdiqlovchi “Elektron mehnat daftarchasi” tizimidan koʻchirma;

xalqaro sertifikat doirasida “Moliyaviy hisob” fanini muvaffaqiyatli topshirganligi toʻgʻrisidagi hujjat nusxasi (bundan mazkur Nizomning 11-bandida qayd etilgan talabgorlar mustasno);

ikki dona fotosurat (3 x 4 sm oʻlchamda);

belgilangan davriylik bilan malaka oshirganligini tasdiqlovchi hujjatlar ilova qilingan holda, xalqaro sertifikat yoki auditor malaka sertifikati nusxasi yoxud buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash dasturi doirasida “MHXS boʻyicha moliyaviy hisobot” fanini muvaffaqiyatli topshirganligi toʻgʻrisidagi hujjat nusxasi (mavjud boʻlgan taqdirda);

arizani koʻrib chiqish uchun bazaviy hisoblash miqdorining bir baravari miqdorida yigʻim toʻlanganligi toʻgʻrisidagi toʻlov hujjatining nusxasi.

13. Talabgordan mazkur Nizomning 12-bandida nazarda tutilmagan hujjatlar talab qilinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

14. Mazkur Nizomning 12-bandida koʻrsatilgan hujjatlar talabgor tomonidan auditorlarning respublika jamoat birlashmasiga shaxsan, pochta yoki elektron aloqa vositalari orqali taqdim etiladi.

4-bob. Malaka imtihonini topshirishga ruxsat berish yoki ruxsat berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilish tartibi

15. Auditorlarning respublika jamoat birlashmalari ariza kelib tushgan kundan boshlab uch ish kunida talabgorning malaka imtihonini topshirishga ruxsat berish yoki rad etish haqida qaror qabul qiladi.

16. Quyidagi hollarda talabgorga malaka imtihonini topshirishga ruxsat berilmaydi:

mazkur Nizomning 10-bandida belgilangan malaka talablariga javob bermasa;

mazkur Nizomning 12-bandida nazarda tutilgan hujjatlar belgilangan tartibda rasmiylashtirilmagan yoki toʻliq holda taqdim etilmaganda.

17. Malaka imtihonini topshirishga ruxsat berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilinganda, auditorlarning respublika jamoat birlashmalari tomonidan qabul qilingan qaror toʻgʻrisida rad etish sabablari koʻrsatilgan holda uch ish kuni ichida talabgor yozma yoki elektron shaklda xabardor qilinadi.

Rad etish uchun asos boʻlgan kamchiliklarni bartaraf etish uchun talabgorga oʻn kun muddat beriladi.

Talabgor tomonidan malaka imtihonini topshirishga ruxsat berishni rad etish uchun asos boʻlgan kamchiliklar bartaraf etilgan holda qayta taqdim etilgan hujjatlar uch kun ichida koʻrib chiqiladi. Belgilangan muddatda kamchiliklar bartaraf etilgan holda taqdim etilgan arizani koʻrib chiqqanlik uchun yigʻim undirilmaydi.

Rad etish uchun asos boʻlgan kamchiliklar oʻn kun ichida bartaraf etilmagan taqdirda, talabgorning arizasi yangidan taqdim etilgan deb hisoblanadi.

18. Malaka imtihonini topshirishga ruxsat berilgan talabgorlarning tasdiqlangan roʻyxati auditorlarning respublika jamoat birlashmalari tomonidan imtihon komissiyasiga topshiriladi.

19. Guruhlar talabgorlarning arizalarini roʻyxatga olish ketma-ketligida shakllantiriladi (bir guruhda kamida 10 kishi va koʻpi bilan 20 kishi). Malaka imtihoni guruhlar shakllanishiga qarab, lekin har chorakda kamida bir marotaba oʻtkaziladi.

20. Auditorlarning respublika jamoat birlashmalari malaka imtihonini topshirishga ruxsat berilgan talabgorlar roʻyxatini guruhlar kesimida shakllantirib, malaka imtihoni oʻtkaziladigan sanadan kamida oʻn besh kun oldin imtihon oʻtkazish sanasi, vaqti va joyi toʻgʻrisidagi xabarnomani auditorlarning respublika jamoat birlashmalari veb-saytlariga joylashtiradi hamda har bir talabgorni elektron aloqa vositalari orqali xabardor qiladi.

5-bob. Sertifikat olish uchun malaka imtihonini topshirish tartibi

21. Auditorlarning respublika jamoat birlashmalari malaka imtihonini oʻtkazish maqsadida:

talabgorlarni roʻyxatdan oʻtkazadi;

malaka imtihonini oʻtkazish uchun jihozlangan xonani zaruriy texnika vositalari bilan taʼminlaydi;

malaka imtihonini oʻtkazish bilan bogʻliq boʻlgan hujjatlar va materiallar saqlanishini taʼminlaydi;

malaka imtihonini oʻtkazish uchun zarur boʻlgan boshqa harakatlarni amalga oshiradi.

22. Talabgorlar malaka imtihoniga pasporti yoki identifikatsiya ID-kartasi yoxud shaxsini tasdiqlovchi boshqa hujjat asosida kiritiladi. Shaxsini tasdiqlovchi hujjati boʻlmagan yoki malaka imtihoniga kechikkan talabgorlar imtihonga kelmagan deb hisoblanadi va ular navbatdagi imtihon topshirishga ruxsat beriladigan shaxslar roʻyxatiga kiritiladi.

23. Agarda talabgor respublika jamoat birlashmalariga hujjatlarni topshirgan sanadan keyin ikki marotaba malaka imtihonini topshirishga kelmasa, taqdim etilgan hujjatlar talabgorga qaytariladi. Bunda arizani koʻrib chiqish uchun toʻlangan yigʻim qaytarib berilmaydi.

24. Malaka imtihoni test sinovi usulida axborot-texnologiyalaridan foydalangan holda oʻtkaziladi.

Talabgorga malaka imtihonini topshirish uchun uch soat vaqt beriladi.

Malaka imtihonining shaffofligi va xolisligini taʼminlash maqsadida malaka imtihonini oʻtkazish jarayoni uzluksiz ravishda videoyozuvga tushiriladi.

25. Test sinovi quyidagi boʻlimlar boʻyicha 60 ta savoldan iborat boʻladi:

korporativ moliya;

boshqaruv hisobi;

ichki audit;

soliqqa tortish va tadbirkorlik faoliyatini huquqiy tartibga solish.

26. Test savollarini shakllantirish tartibi auditorlarning respublika jamoat birlashmalari tomonidan belgilanadi.

27. Malaka imtihoni oʻtkazilayotgan paytda qonunchilik hujjatlari, yoʻriqnoma materiallari, axborotnomalar va maxsus adabiyotlardan, uyali telefondan yoki boshqa axborot texnologiya vositalaridan (shu jumladan, kalkulyator sifatida) foydalanish, boshqa talabgorlar bilan muloqot qilish taqiqlanadi.

Ushbu talablarni buzgan talabgorlar auditoriyadan chiqarib yuboriladi va malaka imtihonidan oʻtmagan deb hisoblanadi.

Oʻzi bilan birga ichimlik suvi, dori va malaka imtihonini topshirish uchun zarur boʻlgan boshqa vositalar (koʻzoynak, linzalar) boʻlishiga ruxsat etiladi. Talabgorning barcha shaxsiy buyumlari, shu jumladan, uyali telefon yoki boshqa axborot texnologiya vositalari (oʻchirilgan holatda) maxsus ajratilgan joyda saqlanadi.

28. Malaka imtihoni natijalari imtihon oʻtkazilgan kuni malaka imtihoni komissiyasining bayonnomasi bilan rasmiylashtiriladi.

29. Malaka imtihon natijalari auditorlarning respublika jamoat birlashmalarining veb-saytiga imtihon oʻtkazilganidan keyin ikki ish kunida eʼlon qilinadi.

30. Talabgorning toʻgʻri javoblari malaka imtihonidagi test savollari sonining kamida 75 foizini tashkil qilsa, u malaka imtihonini muvaffaqiyatli topshirgan hisoblanadi.

31. Begona shaxslarning malaka imtihonida qatnashishiga ruxsat etilmaydi.

32. Malaka imtihonini topshira olmagan talabgorlarga yigʻim qaytarib berilmaydi.

33. Malaka imtihonini topshirish natijalari salbiy baholangan talabgorning hujjatlari unga qaytarilmaydi.

34. Malaka imtihonini topshira olmagan talabgorlar malaka imtihonini topshirish uchun hujjatlarni mazkur Nizomning 12-bandida nazarda tutilgan tartibda qayta taqdim etishga haqlidir.

35. Malaka imtihonida ishtirok etish uchun talabgorlar tomonidan berilgan ariza va unga ilova qilingan hujjatlar hamda komissiyaning yigʻilish bayonnomalari besh yil mobaynida auditorlarning respublika jamoat birlashmalarida saqlanadi.

5 1 -bob. Malaka imtihoni natijalari yuzasidan apellyatsiya berish va uni koʻrib chiqish tartibi

35 1 . Malaka imtihoni natijasi boʻyicha ularga nisbatan salbiy qaror chiqarilgan talabgorlar malaka imtihoni natijalari eʼlon qilingan sanadan boshlab oʻttiz kalendar kun mobaynida apellyatsiya komissiyasiga apellyatsiya berish huquqiga ega. Apellyatsiya yozma yoki elektron shaklda taqdim etiladi.

Apellyatsiya komissiyasi berilgan apellyatsiyani oʻn kalendar kun ichida koʻrib chiqadi.

Apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish jarayonida apellyatsiya bergan nomzod bevosita yoki masofadan turib onlayn tarzda ishtirok etishi mumkin. Bunda apellyatsiya bergan nomzod apellyatsiyani koʻrib chiqish jarayoni oʻtkaziladigan sana va shakli toʻgʻrisida uch kun oldin elektron pochta yoki SMS-xabarnoma orqali xabardor qilinadi.

35 2 . Apellyatsiya komissiyasi auditorlarning respublika jamoat birlashmalari tomonidan tuziladi.

Apellyatsiya komissiyasi besh nafar aʼzodan iborat tarkibda tuziladi hamda uning tarkibiga Iqtisodiyot va moliya vazirligidan bir nafar hamda auditorlarning respublika jamoat birlashmalaridan vakillar kiritiladi.

Apellyatsiya komissiyasi raisi hamda kotibi auditorlarning respublika jamoat birlashmalarining vakillaridan tayinlanadi.

Apellyatsiya komissiyasi hujjatlarini yuritish va bayonnomalarni rasmiylashtirish apellyatsiya komissiyasi kotibi tomonidan amalga oshiriladi.

Apellyatsiya komissiyasi tarkibi har ikki yilda belgilangan tartibda yangilanadi.

Apellyatsiya komissiyasi yigʻilishida apellyatsiya komissiyasi raisi hamda komissiya qolgan aʼzolarining kamida ikki nafari ishtirok etgan taqdirda, yigʻilish vakolatli hisoblanadi.

35 3 . Apellyatsiya komissiyasi malaka imtihoni natijalarini auditorlarning respublika jamoat birlashmalarining maʼlumotlari asosida bayonnoma tuzish orqali rasmiylashtiradi.

Apellyatsiya komissiyasi yigʻilishi videoyozuvga tushiriladi va ushbu videoyozuvlar apellyatsiya komissiyasi bayonnomasiga ilova qilinadi.

Bayonnoma apellyatsiya komissiyasi raisi tomonidan (rais qatnashmagan taqdirda, rais oʻrinbosari tomonidan) tasdiqlanadi va yigʻilishda ishtirok etgan barcha aʼzolar tomonidan imzolanadi.

35 4 . Apellyatsiyani koʻrib chiqish natijasi boʻyicha quyidagi qarorlardan biri qabul qilinadi:

talabgorning eʼtirozlari oʻz tasdigʻini topib, savollar yoki javoblar notoʻgʻri ekani aniqlanganda hamda ballarni qayta hisoblash natijasida daʼvogarning balli belgilangan oʻtish balliga yetgan yoki undan oshgan taqdirda, apellyatsiya shikoyatini qanoatlantirish hamda imtihon natijalariga oʻzgartirish kiritish toʻgʻrisida qaror qabul qilish;

talabgorning eʼtirozlari oʻz tasdigʻini topmagan yoki talabgorning eʼtirozlari oʻz tasdigʻini topib, ballarni qayta hisoblash natijasida daʼvogarning balli belgilangan oʻtish balliga yetmagan taqdirda, komissiya qarorini oʻzgarishsiz qoldirish;

malaka imtihonini oʻtkazish jarayonida tashkiliy-texnik jihatdan kamchiliklar mavjudligi aniqlangan taqdirda, malaka imtihonini qaytadan oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qilish.

35 5 . Malaka imtihonini qaytadan oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, bunday qaror qabul qilingan kundan boshlab ikki hafta mobaynida auditorlarning respublika jamoat birlashmalari malaka imtihonini topshira olmagan deb hisoblangan daʼvogar uchun qaytadan imtihon topshirish kunini belgilaydi.

35 6 . Qabul qilingan qaror toʻgʻrisida ariza beruvchi yozma ravishda (elektron pochta orqali) xabardor qilinadi.

35 7 . Takroriy apellyatsiyaga yoʻl qoʻyilmaydi. Talabgor Apellyatsiya komissiyasi qaroridan norozi boʻlsa, belgilangan tartibda sudga murojaat qilishi mumkin.

6-bob. Sertifikatni rasmiylashtirish va berish tartibi

36. Malaka imtihoni natijalari komissiya bayonnomasi bilan rasmiylashtiriladi va auditorlarning respublika jamoat birlashmalariga topshiriladi.

37. Sertifikat malaka imtihonida qatnashish uchun ariza topshirilgan auditorlarning respublika jamoat birlashmasi tomonidan beriladi.

38. Sertifikat mazkur Nizomga 3-ilovaga muvofiq shaklda rasmiylashtiriladi va Oʻzbekiston Respublikasining butun hududida amal qiladi. Sertifikat auditorlarning respublika jamoat birlashmasining rasmiy qisqartirilgan nomidan keyin oraliq boʻshliqlarsiz (X...X 000000 koʻrinishida) ketma-ketlikda raqamlanadi.

39. Sertifikat auditorlar respublika jamoat birlashmasining QR — kodi (matrik shtrixli kodi) qoʻyilgan holda rasmiylashtiriladi va u ichki auditorlar reyestriga kiritiladi.

40. Auditorlarning respublika jamoat birlashmalari belgilangan tartibda berilgan va qayta rasmiylashtirilgan sertifikatlar hisobini yuritadi.

41. Sertifikat malaka imtihoni komissiyasining bayonnomalari olinganidan keyin uch kun ichida rasmiylashtiriladi va sertifikat egasiga beriladi.

42. Sertifikat dastlab besh yillik muddatga talabgor malaka imtihonini muvaffaqiyatli topshirganda yoxud mazkur Nizomning 11-bandida belgilangan mezonlarning birortasiga javob beradigan talabgorlarga malaka imtihoni topshirilmasdan beriladi.

7-bob. Sertifikatning amal qilish muddatini uzaytirish va qayta rasmiylashtirish tartibi

43. Sertifikatning amal qilish muddati tugashidan uch oy oldin, biroq sertifikatning amal qilish muddati tugashidan olti oydan koʻp boʻlmagan muddatda, auditorlarning respublika jamoat birlashmasiga sertifikatning amal qilish muddatini uzaytirish yuzasidan mazkur Nizomga 2-ilovada keltirilgan shakldagi arizaga quyidagi hujjatlarni ilova qilgan holda murojaat qiladi:

sertifikatning asl nusxasi;

har yili malaka oshirish kurslaridan oʻtganligini tasdiqlovchi hujjatlar nusxalari;

belgilangan davriylik bilan malaka oshirganligini tasdiqlovchi hujjatlar ilova qilingan holda, xalqaro sertifikat yoki auditor malaka sertifikati nusxasi yoxud buxgalterlarni xalqaro sertifikatlash doirasida “MHXS boʻyicha moliyaviy hisobot” fanini muvaffaqiyatli topshirganligi toʻgʻrisidagi hujjat nusxasi (mavjud boʻlgan taqdirda);

mehnat daftarchasi nusxasi (oʻrindoshlik asosida ichki auditor ish staji mavjud boʻlgan taqdirda bu haqda mehnat daftarchasiga yozuv kiritilgan boʻlishi lozim) yoki mehnat stajini tasdiqlovchi “Elektron mehnat daftarchasi” tizimidan koʻchirma;

arizani koʻrib chiqish uchun bazaviy hisoblash miqdorining 50 foizi miqdorida yigʻim toʻlanganligi toʻgʻrisidagi toʻlov hujjatining nusxasi.

44. Dastlabki besh yillik muddat tugagandan soʻng sertifikatning amal qilish muddatini navbatdagi oʻn yilga uzaytirish malaka imtihonini muvaffaqiyatli topshirganda yoxud talabgor mazkur Nizomning 11-bandida belgilangan mezonlarning birortasiga javob berganda malaka imtihonini topshirmasdan amalga oshiriladi.

Sertifikatni keyingi muddatsiz davrga uzaytirish talabgor malaka imtihonini muvaffaqiyatli topshirganda yoxud u mazkur Nizomning 11-bandida belgilangan mezonlarning birortasiga mos boʻlganda malaka imtihonini topshirmasdan amalga oshiriladi.

45. Sertifikatning amal qilish muddatini uzaytirish uchun hujjatlar mazkur Nizomning 43-bandiga muvofiq taqdim etilganda, sertifikatning amal qilish muddatini uzaytirish toʻgʻrisidagi ariza taqdim etilgan sanadan boshlab sertifikatning amal qilish muddati tugaydigan sanagacha boʻlgan vaqt oraligʻi ichki auditor sifatida uzluksiz ish stajini hisoblashda inobatga olinadi.

Ichki auditor lavozimiga tayinlashlar oraligʻidagi vaqt bir oydan oshmagan boʻlsa, ushbu davr ichki auditor sifatidagi uzluksiz ish stajini aniqlashda uzilish deb hisoblanmaydi.

46. Sertifikatning amal qilish muddatini uzaytirish mazkur Nizomning 43 — 45-bandlaridagi meʼyorlarga rioya etilganda amalga oshiriladi.

Sertifikatning amal qilish muddati sertifikatda koʻrsatilgan amal qilish muddati tugagan paytdan boshlab uzaytiriladi.

47. Talabgor sertifikatning amal qilish muddatini uzaytirish uchun malaka imtihonidan oʻta olmagan taqdirda, sertifikatni qaytadan berish mazkur Nizom asosida amalga oshiriladi.

Agarda talabgor, mazkur Nizomda nazarda tutilgan tartibda xabardor qilinganidan soʻng, sertifikatning amal qilish muddatini uzaytirish uchun malaka imtihonini topshirishga kelmasa, sertifikatning amal qilish muddati tugaganidan keyin taqdim etilgan hujjatlar (sertifikatning asl nusxasidan tashqari) qaytariladi. Bunda arizani koʻrib chiqish uchun toʻlangan yigʻim qaytarib berilmaydi.

48. Sertifikatning amal qilish muddatini uzaytirish ilgari berilgan sertifikatga tegishli yozuv kiritish orqali amalga oshiriladi.

Sertifikatning amal qilish muddatini uzaytirish uchun unda ajratilgan tegishli rekvizitlar toʻlgan boʻlsa, ilgari berilgan raqam bilan yangi sertifikat beriladi. Yangi sertifikatning pastki oʻng burchagiga ilgari berilgan sertifikat haqidagi axborotlar yozib qoʻyiladi.

49. Sertifikat egasining familiyasi, ismi, otasining ismi oʻzgargan taqdirda, u tegishli oʻzgartirishlarni tasdiqlovchi hujjatlar berilgan sanadan soʻng bir oy ichida sertifikatni bergan auditorlarning respublika jamoat birlashmasiga mazkur Nizomga 2-ilovada keltirilgan shaklda sertifikatni qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisida ariza bilan murojaat qiladi.

Bunda arizaga qayta rasmiylashtirilishi lozim boʻlgan sertifikatning asl nusxasi bilan birga ikkita fotosurat (3 x 4 hajmdagi) va tegishli oʻzgarishlarni tasdiqlovchi hujjatlarning nusxalari ilova qilinadi.

Sertifikatni qayta rasmiylashtirish uchun talabgordan bazaviy hisoblash miqdorining 25 foizi miqdorida yigʻim undiriladi.

50. Sertifikat ariza topshirilgan kundan boshlab besh ish kuni ichida ilgari berilgan sertifikat raqami va amal qilish muddati bilan qayta rasmiylashtiriladi.

50 1 . Auditorlarning respublika jamoat birlashmalari tomonidan malaka sertifikatining amal qilish muddatini uzaytirish va qayta rasmiylashtirish rad etilgani ustidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilinishi mumkin.

8-bob. Sertifikatning amal qilishini tugatish

51. Sertifikatning amal qilishi quyidagi hollarda tugatiladi:

sertifikat egasi tomonidan sertifikatning amal qilishini tugatish toʻgʻrisida ariza taqdim etilganda;

sertifikat egasi vafot etganda;

sertifikat egasi har yilgi malaka oshirish kursidan oʻtmaganda;

sertifikat egasi sertifikat rasmiylashtirilgan sanadan eʼtiboran olti oy mobaynida sertifikatni olish uchun kelmaganda;

sertifikat egasi tomonidan ichki audit xizmatidagi faoliyati mobaynida olingan konfidensial axborot xoʻjalik yurituvchi subyekt rahbarining yozma ruxsatisiz uchinchi shaxslarga taqdim etilganda, qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno;

sertifikat egasini belgilangan tartibda muomalaga layoqatsiz yoki muomala layoqati cheklangan deb topish toʻgʻrisidagi sud qarori qonuniy kuchga kirganda;

auditorlar respublika jamoat birlashmasining sertifikat berish toʻgʻrisidagi qarori qonunga xilof ekanligi holati aniqlanganda;

sertifikat qalbaki hujjatlardan foydalangan holda olinganligi isbotlanganda.

52. Sertifikatning amal qilishi auditorlarning respublika jamoat birlashmasi qarori bilan tugatiladi. Sertifikatning amal qilishi uni tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan sanadan eʼtiboran tugatiladi.

53. Sertifikatning amal qilishini tugatish haqidagi qaror ustidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilish mumkin.

54. Sertifikatning amal qilishini tugatish toʻgʻrisidagi qaror auditorlarning respublika jamoat birlashmasi veb-saytida eʼlon qilinishi kerak.

Sertifikatning amal qilishini tugatish toʻgʻrisidagi qaror besh ish kuni ichida sertifikat egasiga yuboriladi.

9-bob. Ichki auditorlar reyestrini yuritish tartibi

55. Auditorlarning respublika jamoat birlashmalari tomonidan ichki auditorlar reyestri yuritiladi va unda quyidagi maʼlumotlar qayd etiladi:

ichki auditorning familiyasi, ismi, otasining ismi;

jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami;

pasport yoki identifikatsiya ID-kartasi maʼlumotlari va yashash manzili;

ish joyi;

sertifikatning raqami, berilgan sanasi;

sertifikat olgan shaxsning familiyasi, ismi va imzosi, shuningdek, sertifikat olingan sana;

har yilgi malaka oshirish kurslaridan oʻtganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

auditorning malaka sertifikati, xalqaro buxgalter sertifikatining (mavjud boʻlgan taqdirda) nomi va berilgan sanasi;

sertifikatning amal qilish muddati uzaytirilganligi, amal qilishi tugatilganligi va qayta rasmiylashtirilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.

56. Ichki auditorlar reyestrdagi quyidagi maʼlumotlar auditorlarning respublika jamoat birlashmasi veb-saytiga joylashtiriladi va barchaning tanishishi uchun ochiq hisoblanadi:

ichki auditorning familiyasi, ismi, otasining ismi;

sertifikatning raqami, berilgan sanasi;

sertifikatning amal qilish muddati;

ichki auditorlarning malaka oshirganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (yil yakunlariga koʻra);

sertifikatning amal qilishini tugatish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.

10-bob. Yakunlovchi qoidalar

57. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

58. Auditorlar respublika jamoat birlashmalarining mazkur Nizom talablariga rioya etishlari ustidan nazorat Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan amalga oshiriladi.

Ichki audit xizmati xodimlarini sertifikatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Ichki auditor sertifikatini berish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati 1-bosqich Talabgor Ariza va unga ilova qilinadigan hujjatlarni auditorlarning respublika jamoat birlashmalariga shaxsan, pochta yoki elektron aloqa vositalari orqali taqdim etadi. Talabgorning xohishiga koʻra 2-bosqich Auditorlarning respublika jamoat birlashmalari (Oʻzbekiston buxgalterlar va auditorlar milliy assotsiatsiyasi hamda Oʻzbekiston auditorlar palatasi) 1. Talabgorga malaka imtihonini topshirishga ruxsat berish yoki ruxsat berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. Ariza kelib tushgan kundan boshlab uch ish kunida 2. Malaka imtihonini topshirishga ruxsat berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilinganda, talabgor qabul qilingan qaror toʻgʻrisida rad etish asoslari koʻrsatilgan holda yozma yoki elektron shaklda xabardor qilinadi. Rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilingandan soʻng uch ish kunida 3-bosqich Auditorlarning respublika jamoat birlashmalari Malaka imtihonini oʻtkazish sanasi, vaqti va joyi toʻgʻrisidagi xabarni veb-saytlariga joylashtiradi hamda talabgorga elektron aloqa vositalari orqali xabarnoma koʻrinishida yuboradi. Malaka imtihoni oʻtkazilishidan kamida oʻn besh kun oldin muddatda 4-bosqich Malaka imtihoni komissiyasi Malaka imtihoni uch soat ichida test sinovi usulida axborot-texnologiyalaridan foydalangan holda oʻtkaziladi. Malaka imtihoni natijalari malaka imtihoni komissiyasining bayonnomasi bilan rasmiylashtiriladi. Imtihon oʻtkazilgan kuni 5-bosqich Auditorlarning respublika jamoat birlashmalari Malaka imtihon natijalarini veb-saytida eʼlon qilinadi. Imtihon oʻtkazilganidan soʻng ikki ish kunida 6-bosqich Auditorlarning respublika jamoat birlashmalari Ichki auditor malaka sertifikati rasmiylashtiriladi va malaka sertifikatining egasiga beriladi. Imtihon komissiyasining bayonnomasi rasmiylashtirilgandan sanadan boshlab uch kun muddatda

Ichki audit xizmati xodimlarini sertifikatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

‎ ‎ ‎ ‎ ‎ _______________________________________________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (auditorlarning respublika jamoat birlashmasining nomi) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ _______________________________________________da yashovchi ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (yashash manzili) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ____________________________________________________dan ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (ariza beruvchi F.I.O) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ _______________________________________________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (aloqa telefoni) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ _______________________________________________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (elektron pochta manzili) ‎ ‎ ‎ ‎ ARIZA ‎ ‎ ‎ ‎ Menga ichki auditor sertifikatini olish/amal qilish muddatini uzaytirish uchun* malaka imtihonini topshirishga, qayta rasmiylashtirishga* ruxsat berishingizni soʻrayman. Arizaga quyidagilar ilova qilinadi: 1. _____________________________________________________________________________________________________________ 2. _____________________________________________________________________________________________________________ 3. _____________________________________________________________________________________________________________ 4. _____________________________________________________________________________________________________________ 5. _____________________________________________________________________________________________________________ 20___ yil “____” __________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Shaxsiy imzo __________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ * Kerakli soʻzlarning tagiga chiziladi. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎

Ichki audit xizmati xodimlarini sertifikatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (N A M U N A)‎ ‎‎____________________________________________________________‎ (auditorlarning respublika jamoat birlashmasining nomi)‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ICHKI AUDITOR SERTIFIKATI‎‎ № X...X 000000‎‎ ‎ ‎ ‎Rasm ‎ Rasm ‎ ‎‎ Toshkent sh.‎ ‎ 20___ y. “___” _____________‎‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ___________________________________________________________ga‎ ‎ ( ichki auditorning F.I.O) ichki audit xizmatida faoliyat yuritish huquqini beruvchi ichki auditor sertifikati 20__ yil “___” _______ dan 20___ yil “___” _______ gacha muddatga berildi va har yili malaka oshirishdan oʻtishi shart.‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Auditorlarning respublika jamoat birlashmasi ‎(vakolatli shaxs) ‎ ‎‎ ‎‎ ‎ ‎QR-kod ‎‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Sertifikatning amal qilish muddati uzaytirildi:‎‎ 20__ y. “___” ___________ dan 20__ y. “___” __________ gacha QR-kod‎‎ 20__ y. “___” ___________ dan 20__ y. “___” __________ gacha QR-kod‎‎ 20__ y. “___” ___________ dan 20__ y. “___” __________ gacha QR-kod‎‎

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 5-maydagi 280-son qaroriga 2-ILOVA

Korxonalardagi ichki audit xizmati toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan

1. 4-bandning beshinchi xatboshidan “tashqi” soʻzi chiqarib tashlansin.

2. 6-band quyidagi tahrirda bayon qilinsin:

“6. Ichki audit xizmati xodimlari ichki auditorning malaka sertifikatiga ega boʻlish shart”.

3. 12 va 13-bandlardagi “boshqa majburiy toʻlovlar” soʻzlari “yigʻimlar” soʻzi bilan almashtirilsin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 5-may,

280-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 06.05.2021-y., 09/21/280/0424-son, Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 27.08.2025-y., 09/25/538/0782-son)

lex.uz