UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 18-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 18 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 18 мая 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 18 May 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиали фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Республикада олий таълимнинг талаб юқори бўлган йўналишларида ўқитишни ҳудудларда ташкил этиш, ёшларнинг олий таълим билан қамровини ошириш, талабаларни ўқишга қабул қилиш жараёнида шаффофликни таъминлаш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, таълим жараёнига рақамли ва педагогик технологиялар ҳамда замонавий усулларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасининг «2020 — 2022 йилларда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 23 сентябрдаги 580-сон қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Самарқанд вилоятида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш ва янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиалини (кейинги ўринларда — Филиал) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ҳудудда педагогика, иқтисодиёт, транспорт логистикаси соҳаларининг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифаларини, шунингдек, замонавий техника ҳамда технологияларнинг ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда эҳтиёж юқори бўлган мутахассисликлар бўйича амалий кўникмаларни эгаллаган профессионал олий маълумотли кадрларни тайёрлаш;

хорижий етакчи ва нуфузли олий таълим муассасаларининг илғор тажрибасини татбиқ этиш асосида малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш, ўқув ва илмий-методик таъминотни такомиллаштириш ва амалиётга жорий этиш;

таълим жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш, замонавий ахборот-коммуникация ва таълим технологияларининг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш;

тегишли соҳа йўналишлари бўйича кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал этишга қаратилган инновацион тадқиқотларни фаол ривожлантириш;

республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларга иқтидорли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Филиал илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш;

замонавий билим ва кўникмаларга эга юқори малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнига илғор таълим технологиялари, шу жумладан масофавий ўқитиш услубларини жорий этиш;

Филиалнинг минтақа ва халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида хорижий фуқаролар учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва илғор халқаро тажрибани татбиқ этиш.

3. Белгилансинки:

Филиал Самарқанд давлат университетининг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;

Филиалда таълим фаолияти 2021/2022 ўқув йилидан бошланади;

Филиалга талабаларни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича давлат гранти ва тўлов-контракт асосида тенг улушда қабул қилиш сони ҳар йили белгиланган тартибда тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;

Филиал Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон, Нарпай, Пахтачи, Иштихон ва Нуробод туманларидаги умумтаълим мактаблари, ўрта махсус таълим муассасаларида тегишли фанлардан дарс машғулотларини олиб борувчи ўқитувчиларга доимий равишда илмий-методик ёрдам кўрсатиб боради;

Филиалнинг педагогик ва илмий салоҳиятини ошириш, таълим жараёнини сифатли ташкил этиш учун юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш мақсадида, шунингдек, жойлашув ҳудудини инобатга олиб, Филиал профессор-ўқитувчилари ва ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашда мос равишда ягона тариф сеткаси разрядларига кўра тариф коэффициентлари ва базавий лавозим маошлари 1,4 баравар миқдорда ҳисобланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2021 йил 1 июлга қадар:

Филиал тузилмаси олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативларга мувофиқ тасдиқланишини таъминласин;

Филиал уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ва уни давлат рўйхатидан ўтказиш чораларини кўрсин;

Филиални танлов асосида, шу жумладан республика олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган амалий тажрибага эга бўлган юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминласин;

Филиалда ўқув-методик жараённинг ташкил этилиши юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга оширсин;

белгиланган тартибда Филиалнинг штатлар жадвали ва харажатлар сметаси тасдиқланишини ва рўйхатдан ўтказилишини таъминласин;

Филиал ахборот-ресурс марказини қўшимча ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.

5. Республика олий таълим тизимидаги мавқеи, илмий салоҳияти, узоқ йиллар давомида шаклланган анъаналарини инобатга олган ҳолда, Самарқанд давлат университети Филиалга қуйидаги йўналишларда кўмак бериб борсин:

салоҳиятли кадрларни жалб этган ҳолда таълим ва илмий фаолиятни сифатли ташкил этиш;

таълим, тарбия, илмий ва методик жараёнларни самарали бошқариш;

таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни жорий этиш;

дарслик, ўқув қўлланмалари, ўқув-методик материаллар ва ахборот ресурслари билан таъминлаш;

профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва иқтидорли ёшлар селекциясини амалга ошириш;

илмий-тадқиқот ишлари учун қўшимча шароитлар яратиш ва илмий мактабларни ривожлантириш.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги Филиални салоҳиятли профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш мақсадида республиканинг етакчи олий таълим муассасаларида тегишли соҳалар бўйича 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб магистратурада ва 2022 йилдан бошлаб таянч докторантурада кадрларни мақсадли тайёрлаш чораларини кўрсин.

7. Самарқанд вилояти, Каттақўрғон шаҳар, Амир Темур кўчаси, 27-уй манзилида жойлашган собиқ Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳузуридаги 2-сон академик лицейининг бино ва иншоотлари Филиалга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилсин.

8. Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, талабаларнинг тўлов-контракт асосида таълим олишидан, хўжалик фаолияти ва шартномалар асосида хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар, халқаро молия ташкилотларнинг грантлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.

9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тақдим этилган асосланган ҳисоб-китобларга биноан тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ Филиал учун қўшимча ўқув биноси, 2 та талабалар турар жойи бинолари, спорт иншоотини қуриш ҳамда мавжуд бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш лойиҳаларини 2022 йил ҳамда кейинги йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.

10. Белгилаб қўйилсинки:

мазкур қарорда назарда тутилган харажатларни молиялаштириш 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида, 2022 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади;

Филиалнинг бошланғич фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида унга ажратилган бино ва иншоотларни жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш (мебель, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситаларини харид қилиш) ишлари Самарқанд давлат университетининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига қопланади;

Филиалда қўшимча спорт иншоотлари барпо этилгунига қадар Филиал талабалари, шу жумладан спорт фаолияти бакалавриат таълим йўналишида таълим олувчиларнинг спорт машғулотлари Каттақўрғон шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг базасида бепул амалга оширилади.

11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда республикадаги етакчи олий таълим муассасалари томонидан уларнинг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда Филиалда онлайн маъруза ўтказиш ҳамда масофавий таълим технологияларини жорий этиш учун уч ой муддатда белгиланган тартибда телекоммуникация жиҳозлари ва инфратузилма билан таъминлаш, шунингдек, Филиални юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғи ҳамда «Электрон таълим» миллий тармоғига улаш чораларини кўрсин.

12. Самарқанд вилояти ҳокимлиги Филиал фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида фаолият юритиш учун жалб этиладиган малакали профессор-ўқитувчиларни белгиланган тартибда хизмат уйлари билан таъминласин.

13. Филиалга 2 та, шу жумладан 1 та хизмат ва 1 та навбатчи енгил автотранспорт воситаларини сақлаш учун лимит ажратилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х. Тошкулов ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими Э.О. Турдимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 18 май,

307-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.05.2021 й., 09/21/307/0469-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Samarqand davlat universitetining Kattaqoʻrgʻon filiali faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Respublikada oliy taʼlimning talab yuqori boʻlgan yoʻnalishlarida oʻqitishni hududlarda tashkil etish, yoshlarning oliy taʼlim bilan qamrovini oshirish, talabalarni oʻqishga qabul qilish jarayonida shaffoflikni taʼminlash, yuqori malakali mutaxassislar tayyorlash sifatini oshirish, taʼlim jarayoniga raqamli va pedagogik texnologiyalar hamda zamonaviy usullarni keng joriy etishga alohida eʼtibor qaratilmoqda.

Shu munosabat bilan Vazirlar Mahkamasining “2020 — 2022-yillarda Samarqand viloyatining Kattaqoʻrgʻon shahrini ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish va kambagʻallikni qisqartirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 23-sentabrdagi 580-son qarorida belgilangan vazifalardan kelib chiqib, Samarqand viloyatida yuqori malakali kadrlar tayyorlash tizimini kengaytirish va yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi hamda Samarqand viloyati hokimligining Samarqand viloyati Kattaqoʻrgʻon shahrida Samarqand davlat universitetining Kattaqoʻrgʻon filialini (keyingi oʻrinlarda — Filial) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

2. Quyidagilar Filialning asosiy vazifalari etib belgilansin:

hududda pedagogika, iqtisodiyot, transport logistikasi sohalarining rivojlanish istiqbollari va ustuvor vazifalarini, shuningdek, zamonaviy texnika hamda texnologiyalarning rivojlanish tendensiyalarini hisobga olgan holda ehtiyoj yuqori boʻlgan mutaxassisliklar boʻyicha amaliy koʻnikmalarni egallagan professional oliy maʼlumotli kadrlarni tayyorlash;

xorijiy yetakchi va nufuzli oliy taʼlim muassasalarining ilgʻor tajribasini tatbiq etish asosida malaka talablari, oʻquv rejalari va fan dasturlarini ishlab chiqish, oʻquv va ilmiy-metodik taʼminotni takomillashtirish va amaliyotga joriy etish;

taʼlim jarayoniga raqamli texnologiyalarni joriy etish, zamonaviy axborot-kommunikatsiya va taʼlim texnologiyalarining mustahkam integratsiyasini taʼminlash;

tegishli soha yoʻnalishlari boʻyicha kadrlar malakasini oshirish va ularni qayta tayyorlash, ijtimoiy va iqtisodiy muammolarni hal etishga qaratilgan innovatsion tadqiqotlarni faol rivojlantirish;

respublika va xorijiy oliy taʼlim muassasalari hamda ilmiy markazlarga iqtidorli yosh bitiruvchilarni magistratura va doktoranturaga muntazam yuborish orqali Filial ilmiy-pedagogik salohiyatini oshirib borish;

zamonaviy bilim va koʻnikmalarga ega yuqori malakali mutaxassislar tayyorlash jarayoniga ilgʻor taʼlim texnologiyalari, shu jumladan masofaviy oʻqitish uslublarini joriy etish;

Filialning mintaqa va xalqaro miqyosdagi nufuzini oshirish maqsadida xorijiy fuqarolar uchun taʼlim olish imkoniyatini kengaytirish va ilgʻor xalqaro tajribani tatbiq etish.

3. Belgilansinki:

Filial Samarqand davlat universitetining yuridik shaxs maqomiga ega boʻlgan tarkibiy boʻlinmasi hisoblanadi, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga va blankalarga, mustaqil balansga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining Gʻaznachiligida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga ega boʻladi;

Filialda taʼlim faoliyati 2021/2022 oʻquv yilidan boshlanadi;

Filialga talabalarni bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari boʻyicha davlat granti va toʻlov-kontrakt asosida teng ulushda qabul qilish soni har yili belgilangan tartibda tasdiqlanadigan respublika oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish parametrlaridan kelib chiqqan holda belgilanadi;

Filial Samarqand viloyatining Kattaqoʻrgʻon, Narpay, Paxtachi, Ishtixon va Nurobod tumanlaridagi umumtaʼlim maktablari, oʻrta maxsus taʼlim muassasalarida tegishli fanlardan dars mashgʻulotlarini olib boruvchi oʻqituvchilarga doimiy ravishda ilmiy-metodik yordam koʻrsatib boradi;

Filialning pedagogik va ilmiy salohiyatini oshirish, taʼlim jarayonini sifatli tashkil etish uchun yuqori malakali mutaxassislarni jalb qilish maqsadida, shuningdek, joylashuv hududini inobatga olib, Filial professor-oʻqituvchilari va xodimlariga mehnatga haq toʻlashda mos ravishda yagona tarif setkasi razryadlariga koʻra tarif koeffitsiyentlari va bazaviy lavozim maoshlari 1,4 baravar miqdorda hisoblanadi.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi 2021-yil 1-iyulga qadar:

Filial tuzilmasi oliy taʼlim muassasalari uchun belgilangan normativlarga muvofiq tasdiqlanishini taʼminlasin;

Filial ustavini belgilangan tartibda tasdiqlasin va uni davlat roʻyxatidan oʻtkazish choralarini koʻrsin;

Filialni tanlov asosida, shu jumladan respublika oliy taʼlim muassasalarida faoliyat yuritayotgan amaliy tajribaga ega boʻlgan yuqori malakali professor-oʻqituvchilar bilan taʼminlasin;

Filialda oʻquv-metodik jarayonning tashkil etilishi yuzasidan zarur chora-tadbirlarni amalga oshirsin;

belgilangan tartibda Filialning shtatlar jadvali va xarajatlar smetasi tasdiqlanishini va roʻyxatdan oʻtkazilishini taʼminlasin;

Filial axborot-resurs markazini qoʻshimcha oʻquv, ilmiy va badiiy adabiyotlar bilan taʼminlash choralarini koʻrsin.

5. Respublika oliy taʼlim tizimidagi mavqeyi, ilmiy salohiyati, uzoq yillar davomida shakllangan anʼanalarini inobatga olgan holda, Samarqand davlat universiteti Filialga quyidagi yoʻnalishlarda koʻmak berib borsin:

salohiyatli kadrlarni jalb etgan holda taʼlim va ilmiy faoliyatni sifatli tashkil etish;

taʼlim, tarbiya, ilmiy va metodik jarayonlarni samarali boshqarish;

taʼlim jarayoniga zamonaviy pedagogik texnologiyalarni joriy etish;

darslik, oʻquv qoʻllanmalari, oʻquv-metodik materiallar va axborot resurslari bilan taʼminlash;

professor-oʻqituvchilarning malakasini oshirish va iqtidorli yoshlar seleksiyasini amalga oshirish;

ilmiy-tadqiqot ishlari uchun qoʻshimcha sharoitlar yaratish va ilmiy maktablarni rivojlantirish.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi, Innovatsion rivojlanish vazirligi Filialni salohiyatli professor-oʻqituvchilar bilan taʼminlash maqsadida respublikaning yetakchi oliy taʼlim muassasalarida tegishli sohalar boʻyicha 2021/2022 oʻquv yilidan boshlab magistraturada va 2022-yildan boshlab tayanch doktoranturada kadrlarni maqsadli tayyorlash choralarini koʻrsin.

7. Samarqand viloyati, Kattaqoʻrgʻon shahar, Amir Temur koʻchasi, 27-uy manzilida joylashgan sobiq Samarqand davlat chet tillar instituti huzuridagi 2-son akademik litseyining bino va inshootlari Filialga operativ boshqaruv huquqi asosida bepul berilsin.

8. Filial faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari, talabalarning toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olishidan, xoʻjalik faoliyati va shartnomalar asosida xizmat koʻrsatishdan tushadigan mablagʻlar, xalqaro moliya tashkilotlarning grantlari, jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari, shuningdek, qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar belgilansin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tomonidan taqdim etilgan asoslangan hisob-kitoblarga binoan tasdiqlangan loyiha-smeta hujjatlariga muvofiq Filial uchun qoʻshimcha oʻquv binosi, 2 ta talabalar turar joyi binolari, sport inshootini qurish hamda mavjud bino va inshootlarini rekonstruksiya qilish, kapital taʼmirlash hamda jihozlash loyihalarini 2022-yil hamda keyingi yillarga moʻljallangan Oʻzbekiston Respublikasining ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish dasturiga belgilangan tartibda kiritilishini taʼminlasin.

10. Belgilab qoʻyilsinki:

mazkur qarorda nazarda tutilgan xarajatlarni moliyalashtirish 2021-yilda Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchi sifatida Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligiga ajratiladigan mablagʻlar doirasida, 2022-yildan boshlab esa Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladi;

Filialning boshlangʻich faoliyatini samarali tashkil etish maqsadida unga ajratilgan bino va inshootlarni joriy taʼmirlash va jihozlash (mebel, kompyuter texnikasi, oʻquv adabiyotlari va boshqa moddiy-texnika vositalarini xarid qilish) ishlari Samarqand davlat universitetining budjetdan tashqari mablagʻlari hamda Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining Oliy taʼlim muassasalarini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobiga qoplanadi;

Filialda qoʻshimcha sport inshootlari barpo etilguniga qadar Filial talabalari, shu jumladan sport faoliyati bakalavriat taʼlim yoʻnalishida taʼlim oluvchilarning sport mashgʻulotlari Kattaqoʻrgʻon shahar bolalar va oʻsmirlar sport maktabining bazasida bepul amalga oshiriladi.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda respublikadagi yetakchi oliy taʼlim muassasalari tomonidan ularning yuqori malakali professor-oʻqituvchilarini jalb qilgan holda Filialda onlayn maʼruza oʻtkazish hamda masofaviy taʼlim texnologiyalarini joriy etish uchun uch oy muddatda belgilangan tartibda telekommunikatsiya jihozlari va infratuzilma bilan taʼminlash, shuningdek, Filialni yuqori tezlikdagi Internet jahon axborot tarmogʻi hamda “Elektron taʼlim” milliy tarmogʻiga ulash choralarini koʻrsin.

12. Samarqand viloyati hokimligi Filial faoliyatini samarali tashkil etish maqsadida faoliyat yuritish uchun jalb etiladigan malakali professor-oʻqituvchilarni belgilangan tartibda xizmat uylari bilan taʼminlasin.

13. Filialga 2 ta, shu jumladan 1 ta xizmat va 1 ta navbatchi yengil avtotransport vositalarini saqlash uchun limit ajratilsin.

14. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

15. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev, Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri A.X. Toshkulov hamda Samarqand viloyati hokimi E.O. Turdimov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 18-may,

307-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 19.05.2021-y., 09/21/307/0469-son)

lex.uz