📅 2021-yil 20-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 20-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 20 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 20 мая 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 20 May 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ
НИЗОМ
НИЗОМ
РЎЙХАТИ
Капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида
Инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, бозор муносабатларини кенг жорий этиш ҳамда илғор халқаро тажрибага асосланган буюртмачи хизматини ташкил қилиш шаҳарсозлик фаолиятини самарали амалга оширишнинг муҳим омили ҳисобланади.
Қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати фаолиятининг самарадорлиги тизимли равишда таҳлил қилиб борилмаяпти.
Ўз навбатида, ижтимоий ва инфратузилма объектларида нархларни шакллантириш, қурилиш ишларини ташкил қилиш, техник ва муаллифлик назоратини олиб бориш, қурилиш ишлари сифатини таъминлаш ва объектларни фойдаланишга топширишда қуйидаги масалалар долзарблигича қолмоқда:
биринчидан, вазирликлар ва идораларда давлат аҳамиятига молик қурилиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнини сифатли ташкил этиш, мувофиқлаштириш, мониторинг ҳамда назорат қилишни таъминловчи тизим мавжуд эмас;
иккинчидан, буюртмачи хизматининг функциялари, вазифалари, жавобгарлиги, ҳуқуқлари, лойиҳачи ташкилот ва пудратчи ташкилотлар билан ўзаро шартномавий муносабатларини ўзида акс эттирган ягона тартиб мавжуд эмас;
учинчидан, буюртмачи хизмати учун ҳақ тўлаш механизми такомиллашмаган, иш юкламалари, моддий жавобгарлик ва меҳнатга ҳақ тўлаш мутаносиб эмас;
тўртинчидан, соҳада коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар натижадорлигининг пастлиги малакали мутахассис ва раҳбар кадрларни тайёрлаш имконини бермаяпти;
бешинчидан, моддий-техник базани ривожлантиришга қаратилган ишлар тизими шаклланмаганлиги ва замонавий ахборот технологиялари талаб даражасида жорий этилмаганлиги соҳа фаолиятини чуқур таҳлил этиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш борасида таъсирчан чораларни ишлаб чиқишда ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Буюртмачиларнинг техник назорат бўйича масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, иштирокчилар фаолиятини такомиллаштириш ҳамда соҳага замонавий бошқарув тизимини жорий этиш орқали буюртмачи хизматини ислоҳ қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизматининг намунавий тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
Қурилиш объектларида муаллифлик ва техник назорат олиб бориш тартиби тўғрисида низом 3-иловага мувофиқ;
Қурилиш объектларида назорат ўлчовини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари буюртмачи хизматларнинг:
амалдаги тузилмаларини ҳамда қурилиш соҳасига оид идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарор талабларига мувофиқлаштирсин;
мажбуриятларнинг тўлиқ бажариш имконини беришни назарда тутган ҳолда, улар моддий-техник базасини (маъмурий бино, транспорт воситаси, оргтехника) мустаҳкамласин;
жойлашган мавжуд биноларни реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда янги бино қуриш ишлари юзасидан асослантирилган таклифларни бир ой муддатда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига киритсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги:
буюртмачи хизматлар жойлашган мавжуд биноларни реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда янги бино қуриш юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳасини икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Молия вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда марказлаштирилган манбалар ҳисобига амалга ошириладиган объектлар қурилишини молиялаштириш тартиби ва объектларни фойдаланишга тайёр ҳолда қуришга доир намунавий пудрат шартномасини бир ой муддатда тасдиқласин ва ижрога қаратсин.
4. Қурилиши марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига молиялаштириладиган объектлар бўйича буюртмачи хизматлар раҳбар ходимлари ва мутахассислари учун белгиланадиган ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тариф коэффициентларига 3 баравар миқдорда оширилган коэффициент қўлланилсин.
5. 2021 йил 1 июндан бошлаб объектлардаги қурилиш-монтаж ишлари бўйича шартнома мажбуриятларининг бузилганлиги учун буюртмачи фойдасига суд ва судгача ҳал қилиш тартибида ундирилган жарима (санкция) ва пенялар, шунингдек, харидлар жараёни талаблари бузилганда, тендер ва танлов таклифларини гаров, кафолат, закалат тарзида таъминлаш учун киритилган давлат харидлари иштирокчилари маблағларининг 50 фоизи — Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетига ҳамда қолган 50 фоизи — буюртмачи хизмати банк ҳисобрақамига йўналтирилади.
6. Белгилансинки, ушбу қарорнинг бешинчи бандига мувофиқ буюртмачи хизмати банк ҳисобрақамига ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа даромадлардан тушадиган маблағлар қуйидагиларни молиялаштиришга йўналтирилади:
буюртмачи хизмати раҳбарлари, ходимлари ва мутахассисларининг лавозим маошларига узоқ муддат ишлаганлиги учун рағбатлантирувчи коэффициентни ҳисобга олган ҳолда устамалар тўлашга: 2 йилдан 5 йилгача — 0,2; 5 йилдан 10 йилгача — 0,4; 10 йилдан 15 йилгача 0,6 ва 15 йилдан ортиқ — 0,8;
буюртмачи хизмати ходимларига қонунчиликда белгиланган рағбатлантириш ва мукофот пулларини тўлашга ҳамда буюртмачи хизматининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва жорий фаолияти билан боғлиқ бошқа харажатларни қоплашга.
7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги келгуси йиллардаги Инвестиция дастурларини шакллантиришда буюртмачи хизматлар жойлашган мавжуд биноларни реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда янги бино қуриш ишлари учун марказлашган манбалар ҳисобидан маблағ ажратишни назарда тутсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда 2021 йил 1 июндан бошлаб буюртмачи хизматининг штатлар жадвали ва таъминот харажатлари сметасини рўйхатдан ўтказишда техник назорат мутахассислари учун хизмат сафари харажатларининг объектлар жойлашган масофадан келиб чиқиб, жорий нархларда белгиланишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан қурилиш объектларида техник назорат соҳасидаги масъул мутахассисларга уларнинг иш тажрибаси, бириктирилган объектларнинг ўз муддатида сифатли топширилганлиги, қурилиш жараёнида бартараф этилган камчиликлар, соҳавий малакаси каби мезонлар асосида малака тоифаси белгиланади.
Буюртмачи хизматлар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан белгиланган малака тоифаси асосида техник назорат соҳасидаги масъул мутахассисларга улар меҳнатига ҳақ тўлашнинг амалдаги тариф коэффициентларига 2021 йил 1 августдан бошлаб:
биринчи тоифа учун — 0,2 миқдорда;
иккинчи тоифа учун — 0,5 миқдорда;
учинчи тоифа учун — 0,7 миқдорда;
олий тоифа учун — 1,0 миқдорда коэффициент қўшилади.
10. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Қурилиш вазирлиги ва Давлат тест маркази билан биргаликда қурилишда техник назорат бўйича мутахассисларни аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби тўғрисидаги низомни икки ой муддатда белгиланган тартибда тасдиқласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Давлат тест маркази билан биргаликда тасдиқланган режа-жадвал асосида 2021 йил сентябрь ойида буюртмачи хизматларнинг техник назорат бўйича ходимларини аттестациядан ўтказсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда аттестация натижаларини инобатга олган ҳолда, техник назорат бўйича ходимларга тегишли малака тоифаларини белгиласин ҳамда буюртмачи хизматларни соҳа бўйича зарур билим, кўникма ҳамда иш тажрибасига эга бўлган мутахассислар билан таъминлаш чораларини кўрсин.
13. Буюртмачи хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш учун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига қуйидаги вазифалар юклансин:
шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини, белгиланган тартибда назорат қилиш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан буюртмачи хизматига юклатилган вазифаларни ўз муддатида ва тўғри ижро этилишини талаб қилиш, улар бўйича ахборотларни йиғиш, умумлаштириш, таҳлил этиш ҳамда натижалари тўғрисида ҳар чорак якунидан сўнг Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиш;
буюртмачи хизмати раҳбар кадрлари ҳамда мутахассисларини шаҳарсозлик соҳасидаги билимларини тизимли равишда аттестациядан ўтказиб бориш, малакасини ошириш ҳамда уларга белгиланган тартибда малака тоифасини бериш.
14. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 5-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
15. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда буюртмачи хизмати фаолиятини амалга ошириш ва қурилишда назорат ўлчовини ўтказиш учун аккредитациядан ўтиш тартибини бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири Б.И. Закиров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги 321-сон қарорига 1-ИЛОВА
Капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизматининг (кейинги ўринларда — буюртмачи хизмати) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари жавобгарлиги ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.
Низом талаблари:
а) бюджет буюртмачилари:
давлат органлари;
бюджет ташкилотлари;
харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун йўналтириладиган бюджет маблағларини олувчилар;
давлат мақсадли жамғармалари;
б) корпоратив буюртмачилар:
давлат корхоналари;
устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар;
устав фондининг 50 фоизига ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахсларга нисбатан амал қилади.
Мазкур Низом талаблари ушбу банднинг «а» ва «б» кичик бандларида назарда тутилгандан ташқари бошқа манбалар ҳисобига молиялаштириладиган қурилиш объектлари учун буюртмачи хизматини ташкил этишда қўлланилиши мумкин.
Ушбу банднинг «а» ва «б» кичик бандларида назарда тутилган манбалар ҳисобига молиялаштириладиган объектларда қурилиш ишларини амалга оширишда буюртмачи хизматини жалб қилиш мажбурий ҳисобланади.
2. Буюртмачи хизмати объектни таъмирлаб, реконструкция қилиб ёки қуриб фойдаланишга тайёр ҳолда топширишни таъминлайди.
3. Буюртмачи хизмати тузилган шартномаларга мувофиқ ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича инвестиция жараёни қатнашчилари ишини мувофиқлаштиради.
4. Буюртмачи хизмати ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонунчилик ҳужжатларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.
5. Буюртмачи хизмати юридик шахс ҳисобланиб, қонунчиликка мувофиқ ўз мустақил балансига, банк ҳисобрақамига, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга (давлат муассасаси шаклидаги юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган), белгиланган намунадаги штамплар ва бланкаларга эга бўлади.
Буюртмачи хизмати бюджет ташкилоти ҳисобланмайди.
2-боб. Буюртмачи хизматининг асосий вазифалари
6. Қуйидагилар буюртмачи хизматининг асосий вазифалари ҳисобланади:
қурилиш объектларини белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш юзасидан шартнома мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш;
бирламчи рухсат берувчи, лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларининг белгиланган муддатда сифатли тайёрланишини таъминлаш, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;
объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
лойиҳаларни молиялаштириш манбаларини аниқлаш, харидларни режалаштириш, харидлар тартиб-таомилларини белгилаш ва унинг шаффофлигини таъминлаш;
лойиҳаларни бошқариш ва қурилиш ишлари бўйича техник назорат олиб борилишини таъминлаш, муаллифлик назоратини ташкил этиш ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда объектларни фойдаланишга қабул қилиш ишларини ташкил этиш;
субъектларнинг шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги ўзаро муносабатлари шаффофлигини таъминлаш.
3-боб. Буюртмачи хизматининг асосий функциялари
7. Юкланган вазифаларга мувофиқ буюртмачи хизмати қуйидаги функцияларни бажаради:
а) қурилиш объектларини белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш юзасидан шартнома мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш соҳасида:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, вазирлик ва идораларнинг топшириғига биноан мақсадли давлат дастурларига киритилган лойиҳаларнинг параметрларини аниқлаштириш ва келгусида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига белгиланган тартибда тақдим этиш учун уларга янги лойиҳаларни қўшиш бўйича таклифлар тайёрлайди;
молиялаштириш манбаларини белгиловчи ҳужжатлар ва манзилли рўйхат лойиҳаларини ишлаб чиқади, ўрнатилган тартибда келишади ва уларнинг тасдиқланишини таъминлайди;
пудратчи ташкилот билан келишган ҳолда қурилишнинг титул рўйхатини тасдиқлайди;
объект қуриладиган ҳудудда муҳандислик-коммуникация тармоқларини жойлаштириш масалаларини кўриб чиқиш ишларида иштирок этади;
б) бирламчи рухсат берувчи, лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларининг белгиланган муддатда сифатли тайёрланишини таъминлаш, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиш соҳасида:
лойиҳаларни ишлаб чиқишга бирламчи рухсат берувчи ҳамда харид бўйича ҳужжатларни тайёрлаш, шунингдек, харид жараёнларини ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлайди;
лойиҳачи ташкилотга бирламчи рухсат берувчи ҳужжатларни, шу жумладан, архитектура-режалаш топшириғини, топографик материалларни, муҳандислик-геологик қидирувларнинг ва таянч қурилиш конструкцияларининг техник ҳолатини текширувдан ўтказиш материалларини, нуқсонларга оид далолатномаларни тақдим этади, ушбу ҳужжатлар асосида ўрнатилган тартибда лойиҳалаштиришга топшириқни тайёрлайди ва тасдиқлайди;
шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун лойиҳалаштириш топшириғини тайёрлаб «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида белгиланган тартибда келишади ва тасдиқлайди;
ишларни бажариш ҳамда молиялаштириш жадвалини инобатга олган ҳолда, лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш учун шартнома тузади;
тегишли ташкилотлар билан экспериментал, илмий-текшириш, археология ишлари ва бошқа ишларни бажариш учун шартномалар тузади;
лойиҳа-қидирув ишлари ижрочиларининг шартнома мажбуриятларига риоя этилишини назорат қилади;
лойиҳаолди, лойиҳа ва харид бўйича ҳужжатларни экспертизадан ўтказади, келишади ва уларнинг тасдиқланишини таъминлайди;
ваколатли органлар хулосалари ҳамда пудратчи ташкилотлар таклифлари асосида тегишли ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини ташкил этади;
қурилиши марказлаштирилган манбалар ҳисобига молиялаштириладиган объектлар бошланғич қиймати Давлат статистика қўмитасининг расмий сайтига (stat.uz) қўйиб бориладиган қурилиш материалларининг жорий нархлари, машина ва механизмлар хизмати учун ўртача нархлар ҳамда ўртача иш ҳақидан фойдаланган ҳолда шакллантиради;
бунда нархларни йил давомида ўзгаришини инобатга олиб, муайян давр учун ўртача нарх нархлар ўсиши тўғрисидаги статистик маълумотлардан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб қилади;
в) объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш соҳасида:
қурилиш учун майдон танлаш ва ажратиш бўйича комиссиялар ишида иштирок этади;
қурилиш учун ер участкалари ажратиш тўғрисидаги ҳужжатларни, шунингдек, электр узатиш ҳаво тармоқлари ва алоқа тармоқлари ҳудудида, темир йўлларда, қурилиш майдонида жойлашган ер ости коммуникация тармоқлари (электр энергияси, табиий газ ва канализация тармоқлари) ўтадиган жойларда ишларни бажаради;
қурилиш объектида муҳандислик-коммуникация тармоқлари бўлмаган тақдирда, ишларни ташкил этиш учун ушбу ҳудуддаги мавжуд муҳандислик-коммуникация тармоқларидан фойдаланиш чораларини кўради;
дарахтларни ўтқазиш, буташ, зарур ҳолларда дарахтларни кесиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар белгиланган тартибда олинишини таъминлайди;
объект қурилаётган ҳудудда бузиладиган, бошқа жойга кўчириладиган ёки реконструкция қилинадиган аҳоли хонадонларида истиқомат қилувчи фуқароларнинг мазкур масалалар юзасидан қонуний талаблари бажарилишини таъминлайди;
фуқароларга зарурат бўлганда, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган объектнинг умумий қиймати доирасида олиб қўйиладиган мева, резавор мева дарахтлари ва экинлар қийматини, шунингдек, фуқароларга хусусий мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган ва бузилиши керак бўлган турар жойлар ва иморатлар қийматини қоплайди;
қурилиш ҳудудида бузиладиган бино ва иншоотларнинг ҳисоб-китоби ҳамда уларни объект қурилиш лойиҳасига киритишнинг асослилигини текширади;
объектларнинг бузилиши натижасида ҳосил бўладиган ҳамда қазиб олинадиган қурилиш материаллари белгиланган тартибда ҳисобга олиниши ва сотилишини таъминлайди;
қурилиш учун геодезик ажратиш асосини ташкил этади;
г) лойиҳалар молиялаштириш манбаларини аниқлаш, харидларни режалаштириш, харидлар тартиб-таомилларини белгилаш ва унинг шаффофлигини таъминлаш соҳасида:
объектни лойиҳалаштириш ва фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш ишларини бажарувчи ижрочиларни белгилаш бўйича тендер савдоларини ташкил этиш, ўтказиш ҳамда белгиланган тартибда шартнома тузилишини таъминлайди;
шартнома асосида ишларни бажариш, молиялаштириш жадвалларини тасдиқлаш, қурилиш ишлари титул рўйхатларини тузиш ва аниқлаштириб борилишини таъминлайди;
молиялаштириш бўйича келишилган жадвални ҳисобга олиб, зарур барча ҳужжатларни мутасадди идорага (банкка, ғазначилик бўлимига) тақдим этган ҳолда лойиҳалаш ва қурилиш ишларининг ўз вақтида молиялаштирилишини таъминлайди;
бухгалтерия, тезкор ва статистика ҳисобини юритади, тасдиқланган шаклларга мувофиқ фаолият турлари бўйича ҳисоботларни белгиланган тартибда тегишли органларга тақдим этади ҳамда уларнинг ишончлилиги учун жавоб беради;
лойиҳа иштирокчиларининг бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар учун тўловга тақдим этилган ҳисобварақларини текшириб қабул қилади;
бажарилган ишлар бўйича белгиланган тартибда тўловни амалга оширади;
шартнома мажбуриятлари қисман ёки тўлиқ бажарилмаган ҳолларда лойиҳачи, пудратчи ва бошқа ташкилотларга белгиланган тартибда жарима тўлаш тўғрисида даъвони тақдим этади;
д) лойиҳаларни бошқариш ва қурилиш ишлари бўйича техник назорат олиб борилишини таъминлаш, муаллифлик назоратини ташкил этиш ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда объектларни фойдаланишга қабул қилиш ишларини ташкил этиш соҳасида:
қурилиш объектларини Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекцияларида рўйхатдан ўтказади;
пудрат ишларини бажариш учун зарур бўлган рухсат берувчи ҳужжатларни ҳамда муаллифлик ва техник назорат мавжудлигини текширади;
лойиҳа бошқарилишини ва объектларда қурилиш ишлари юзасидан тизимли техник назоратни амалга оширилишини таъминлайди, қурилиш жараёнида камчиликлар ва нуқсонлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш юзасидан чоралар кўради;
қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиб олади;
объектларни фойдаланишга қабул қилиб олиш бўйича тегишли комиссияга зарур ҳужжатларни тақдим этади;
фойдаланишга қабул қилинган объектлар бўйича барча тегишли ҳужжатларни фойдаланувчига тақдим этади;
қурилиш нормалари ва қоидалари талаблари бузилган ҳолда қурилган объектлар фойдаланишга қабул қилиб олинганлиги учун жавоб беради;
е) шаҳарсозлик фаолияти субъектларининг объектлар қурилиши жараёнида ўзаро муносабатлари шаффофлигини таъминлаш соҳасида:
«Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимига (кейинги ўринларда — ахборот тизими) зарур ахборотларни киритиб боради;
объектларнинг манзилли дастури, йиллик манзилли рўйхат ва ҳар бир объект бўйича маълумотларни ахборот тизимига киритади;
бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар тайёрланиши, лойиҳаолди ва лойиҳа ишларининг амалга оширилиши, экспертиза органлари томонидан хулосалар берилиши, харидлар жараёни, қурилиш ишларининг олиб борилиши ҳамда молиялаштириш тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизимига киритади;
лойиҳачи, экспертиза, пудратчи ва бошқа ташкилотлар билан тузилган шартномалар ижроси, бажарилган ишлар, молиялаштириш бўйича ишончли маълумотларни ахборот тизимига киритади;
қурилиш жараёнларини назорат қилиш, қурилиш устидан муаллифлик, техник назорат бўйича мутахассислар ва Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан амалга оширилаётган назорат текширувларини ва кўрсатиб ўтилган камчиликларни қайд этиш, уларни бартараф этишга доир маълумотларни ахборот тизимига киритади;
қурилиш объектининг ҳар бир босқичи якуни бўйича маълумотлар ва асословчи ҳужжатларнинг объектлар фойдаланишга топширилгунга қадар ахборот тизимига мунтазам киритиб борилиши ва юритилишини таъминлайди.
4-боб. Буюртмачи хизматининг ҳуқуқлари
8. Буюртмачи хизмати қуйидаги ҳуқуқларга эга:
мулкчилик шаклидан қатъи назар, юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда ваколат доирасига кирувчи масалалар бўйича юқори турувчи идоралар (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар)нинг манфаатларини ифода этади;
юқори турувчи идоранинг топшириғига кўра қурилиш объектлари бўйича буюртмачи хизмати функциясини амалга ошириш;
белгиланган тартибда ўз мол-мулкидан фойдаланиш;
пудрат ишлари ва қурилиш материаллари бозорида маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, ресурсларнинг даврий ўртача нархларини тасдиқлаш;
объектларни лойиҳалаштириш ва қуриш бўйича ишларни бажаришга (хизматлар кўрсатишга) шартномалар тузиш;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш;
ўзига юкланган вазифалар доирасида ишларни бажариш учун белгиланган тартибда хорижий ва маҳаллий мутахассисларни жалб этиш;
шаҳарсозлик фаолияти соҳасида амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар киритиш;
объект фойдаланишга топширилиб, кафолат муддати тугагунга қадар назорат ўлчовини ўтказишни ташкил этиш.
Буюртмачи хизмати ўз функцияларини амалга ошириш учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
5-боб. Буюртмачи хизматининг мажбуриятлари
9. Буюртмачи хизматининг мажбуриятлари:
шаҳарсозлик ҳужжатларига риоя этмаганлиги ва ўз мажбуриятларини бажармаганлиги учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига ва тузилган шартномаларга мувофиқ жавоб бериш;
шаҳарсозлик ҳужжатларининг белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилишини таъминлаш;
лойиҳалаштириш жараёнини текшириб бориш, муаллифлик назорати олиб борилишини таъминлаш ва қурилишни техник назорат қилиш, қурилиш жараёнида ва кафолат муддатида аниқланган камчиликлар ва нуқсонларни бартараф этиш чораларини кўриш;
белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда статистика ҳисоботини ва бошқа ҳисоботларни амалга ошириш;
мақсадли дастурлар доирасида белгиланган тартибдаги маблағлар Қурилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази ҳисобрақамига ўтказилишини таъминлаш;
ахборот тизимида фаолияти тўғрисидаги тегишли маълумотларнинг жойлаштирилишини таъминлаш.
Буюртмачи хизматига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
10. Буюртмачи хизмати ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли барча мол-мулк билан жавоб беради. Бу мол-мулклар етарли бўлмаса, тегишли муассис унинг мажбуриятлари юзасидан субсидиар жавобгар бўлади.
11. Буюртмачи хизмати унга юкланган вазифа ва функциялар самарали бажарилиши учун жавобгардир.
6-боб. Буюртмачи хизматининг жавобгарлиги
12. Буюртмачи хизмати қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ:
ишларни бажаришга бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар берилиши кечиктирилганлиги;
геодезия — бўлиш асослари ҳамда қурилиш ҳудудига бириктирилган пунктлар ва белгилар берилиши кечиктирилганлиги;
қурилиши тугалланган объект, унинг айрим навбатлари, ишга тушириш комплекси, бинолар, иншоотлар, ишлаб чиқаришга тайёрланган маҳсулотлар ёки хизматлар шартнома шартларига мувофиқ қабул қилиб олиниши асоссиз равишда кечиктирилганлиги;
шартномага асосан белгиланган муддатда маблағ билан таъминланмаганлиги, бажарилган ишлар тасдиқланмаганлиги ва уларга ҳақ тўланмаганлиги;
шартномада назарда тутилган бошқа мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун мулкий жавоб беради.
7-боб. Хўжалик фаолияти асослари
13. Буюртмачи хизмати юридик шахс ҳисобланади, алоҳида мол-мулкка эгалик қилади, мустақил баланс юритади.
14. Буюртмачи хизмати таъминоти унинг юқори турувчи органи томонидан тасдиқланган (марказлаштирилган манбалар бўйича белгиланган тартибда молия органида рўйхатдан ўтказилган) харажатлар сметасига мувофиқ унга ажратилган капитал қўйилмалар ҳисобига амалга оширилади.
15. Марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган буюртмачи хизматига бириктирилган мол-мулк давлат мулки ҳисобланади ва мулк ҳуқуқи қонунчиликда белгиланган тартибда берилади.
16. Буюртмачи хизматларининг фаолиятини маблағ билан таъминлаш қуйидаги даромадлар ҳисобидан молиялаштирилади:
марказлашган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектларнинг қурилиш-монтаж ишлари қийматидан ажратмалар;
бюджет ташкилотлари, бюджетдан маблағ олувчилар ҳамда бошқа юридик шахслар билан шартнома асосида кўрсатилган хизматлардан тушумлар;
шартнома асосида мажбуриятларни бажармаганлиги учун суд ва судгача ҳал қилиш тартибида ундирилган жарималар (санкциялар) ва пенялардан ажратмалар;
бўш турган мол-мулкни ижарага беришдан келиб тушадиган маблағлар;
ҳомийлик маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
17. Марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган буюртмачи хизмати тузилмаси ва штатлар жадвали, лавозим маошлари жадвали, меҳнатга ҳақ тўлаш ва мукофотлаш тартиби юқори турувчи органлар томонидан тасдиқланади ва жойлашган жойидаги молия органида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.
Бунда, буюртмачиларнинг раҳбарлари, ходимлари ва мутахассисларига:
Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарори билан тасдиқланган меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича разрядлари ва Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тариф коэффициентлари ҳамда қонунчилик бўйича оширилган миқдордаги коэффициентлари;
бюджет муассасалари ва ташкилотлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг қонунчиликда белгиланган миқдорида моддий рағбатлантириш махсус фонди;
икки ойлик меҳнат ҳақи фонди миқдоридаги маблағларни йўналтирган ҳолда мукофотлаш ҳамда бир ойлик иш ҳақи фондини йўналтирган ҳолда ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш шартлари қўлланилади.
Буюртмачи хизматини сақлаш харажатлари объектлар қурилиш қийматига киритилади.
18. Вазирлик ва идоралар ҳузуридаги буюртмачи хизмати раҳбарлари, ходимлари ва мутахассисларига ушбу вазирлик ва идоралар ва уларнинг тизим ташкилотлари учун қўлланиладиган кўп йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланилади.
19. Марказлашган манбалар ҳисобидан жорий сақлаш харажатлари учун маблағ билан таъминланувчи буюртмачи хизматлари — бюджет маблағлари олувчи ташкилот ҳисобланади, унинг сақлаш учун харажатлари объект қийматида кўзда тутилган маблағлар буюртмачи хизматининг банк ҳисоб рақамларига келиб тушади.
20. Буюртмачи хизматлари марказлашган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектларнинг қурилиш-монтаж ишлари қийматидан ажратмалардан ташқари мазкур Низомнинг 16-бандига мувофиқ келиб тушган маблағлар ҳисобидан юқори турувчи ташкилот билан келишган ҳолда қуйидагиларни молиялаштиришга йўналтирилади:
буюртмачи хизмати раҳбарлари, ходимлари ва мутахассисларининг лавозим маошларига узоқ муддат ишлаганлиги учун рағбатлантирувчи коэффициентни ҳисобга олган ҳолда устамалар тўлашга: 2 йилдан 5 йилгача — 0,2; 5 йилдан 10 йилгача — 0,4; 10 йилдан 15 йилгача 0,6 ва 15 йилдан ортиқ — 0,8;
буюртмачи хизмати ходимларига қонунчиликда белгиланган рағбатлантириш, премия, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун пул маблағлари ва мукофот пулларини тўлашга ҳамда буюртмачи хизматининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва жорий фаолияти билан боғлиқ бошқа харажатларни қоплашга.
21. Молия йили якунига кўра бюджет маблағлари ҳисобидан банк ҳисоб рақамига келиб тушган, бироқ ишлатилмай қолган маблағлар давлат бюджетига олиб қўйилмайди ва ушбу маблағлар мазкур Низомга мувофиқ буюртмачи хизматининг раҳбарлари, ходимлари ва мутахассисларини моддий рағбатлантириш ва жорий сақлаш билан боғлиқ харажатларга сарфланади.
8-боб. Буюртмачи хизмати фаолиятини ташкил этиш
22. Буюртмачи хизматини бошқариш унинг қарори билан ташкил этилган тегишли органнинг буйруғи билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор томонидан амалга оширилади.
23. Буюртмачи хизмати раҳбарларини (директор, директор ўринбосари ва бош муҳандис) лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибияти билан келишган ҳолда, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг тақдимномаси асосида юқори турувчи вазирликлар, идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликларнинг тегишли буйруғи асосида белгиланган тартибда;
буюртмачи хизматининг техник назорат бўйича мутахассисни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан келишган ҳолда вазирликлар, идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги буюртмачи хизматининг тегишли буйруғи асосида амалга оширилади.
24. Шаҳарсозлик соҳасидаги қонун талабларини тизимли равишда бузаётган, бу борада расмий талабларни бажармаётган техник назорат бўйича мутахассислар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг ёзма кўрсатмасига мувофиқ буюртмачи хизмати раҳбари томонидан лавозимидан озод этилади.
25. Вазифаларни тақсимлаш ва ходимлар ўртасида ўзаро бир-бирининг ўрнини босиш тартиби буюртмачи хизмати директори томонидан амалга оширилади.
26. Буюртмачи хизмати директори:
буюртмачи хизмати фаолиятига раҳбарлик қилади ва буюртмачи хизматига юкланган вазифалар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш ҳамда фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш бўйича шартномалар тузади;
ташкилот номидан иш олиб боради, юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек, хорижий юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро муносабатларда буюртмачи хизматини ифода этади;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлади.
27. Пул ва мулкий тусдаги барча ҳужжатлар буюртмачи хизмати директори ёки унинг ўринбосарларидан бири, бош бухгалтер ёки директор ва бош бухгалтер томонидан имзоланган ишончнома билан ваколат берилган шахс томонидан имзоланади, муҳр билан тасдиқланади.
9-боб. Буюртмачи хизмати фаолиятини назорат қилиш
28. Буюртмачи хизматининг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш, текшириш ёки тафтиш қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли назорат органлари томонидан амалга оширилади.
10-боб. Якунловчи қоидалар
29. Буюртмачи хизмати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда қайта ташкил этилади ёки тугатилади.
30. Буюртмачи хизмати белгиланган тартибда давлат рўйхати реестридан чиқарилган пайтдан бошлаб тугатилган деб ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги 321-сон қарорига 2-ИЛОВА
Капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизматининг
Директор Бош муҳандис Директорнинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Бухгалтерия 2-3 Бирламчи рухсат берувчи, лойиҳа ҳужжатлари ва танлов ҳужжатларини тайёрлаш бўлими 4 — 7 Молиялаштириш, маркетинг, манзилли дастурларни тайёрлаш бўлими 1 — 3 Бош юристконсульт 1 Лойиҳаларни бошқариш ва қурилишни техник кузатиш, шунингдек, республика ҳудудларидаги техник назорат бўйича мутахассислар бўлими * 11 — 40 Танлов савдоларини ташкил этиш ва хўжалик-шартнома муносабатлари бўлими 3 — 5 Кадрлар ва махсус ишлар бўйича бўлим 2 Умумий бўлим 1-2
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги 321-сон қарорига 3-ИЛОВА
Қурилиш объектларида муаллифлик ва техник назорат олиб бориш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом қурилиш объектларида буюртмачи хизмати томонидан объектларда қурилиш ишлари бўйича муаллифлик ва техник назорат олиб бориш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом талаблари молиялаштириш манбаидан қатъи назар, қурилиш объектларида муаллифлик ва техник назоратни ташкил этишда мажбурий ҳисобланади.
2-боб. Асосий тушунчалар
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
муаллифлик назорати — объектларда қурилиш — монтаж ишларининг шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқлигига доир устидан шаҳарсозлик ҳужжатини ишлаб чиққан лойиҳа ташкилоти томонидан амалга ошириладиган назорат;
техник назорат — буюртмачи хизмати томонидан объектларда қурилиш- монтаж ишларини бажаришда ва қабул қилишда қурилиш соҳасида олиб бориладиган умумий назорат;
қурилишни ташкил этиш лойиҳаси — лойиҳанинг таркибий қисми бўлиб, унда қурилишнинг умумий давомийлиги ва оралиқ муддатлари, капитал маблағлар ва қурилиш-монтаж ишлари ҳажмларининг тақсимланиши, моддий-техник ресурслар ва уларни қоплаш манбалари, қурилиш-монтаж ишларини бажаришнинг асосий усуллари ва объект қурилишини бошқариш тузилмаси белгиланади;
ишларни бажариш лойиҳаси — қурилиш-монтаж ишлари технологиясини, бажариш муддатлари ва ресурслар билан таъминлаш тартибини белгилаб берувчи лойиҳа бўлиб, бинолар, иншоотлар ва уларнинг қисмларини қуришга доир ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этишда асосий раҳбарлик ҳужжати сифатида хизмат қилади.
3-боб. Муаллифлик назорати
3. Буюртмачи хизмати қурилиш ишлари бўйича муаллифлик назоратини (кейинги ўринларда — муаллифлик назорати) шаҳарсозлик ҳужжатини ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан қурилиш ишлари бутун даври давомида амалга оширилишини таъминлайди. Бунда шаҳарсозлик ҳужжатини ишлаб чиқувчи қурилишда муаллифлик назоратини юритиш бўйича ўз ваколатини бошқа лицензияланган шаҳарсозлик ҳужжатини ишлаб чиқувчига шартнома асосида топшириши мумкин.
4. Буюртмачи хизмати мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъий назар, объект қурилиши тегишлилиги бўйича объект жойлашган ҳудуддаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекциясидан рўйхатдан ўтказилгунга қадар лойиҳачи ташкилот билан объект қурилиши бўйича муаллифлик назорати олиб бориш тўғрисида шартнома тузиши шарт.
Башарти муаллифлик назорати олиб бориш бўйича шартнома тузилмасдан объектда қурилиш ишлари бошланганлиги аниқланса, буюртмачи хизмати ва пудратчи ташкилот амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.
5. Муаллифлик назоратини амалга ошириш қиймати қурилиш объектининг мураккаблик, хавфлилик даражалари ва объектга бориш мунтазамлигидан келиб чиқиб ҳисобланади ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш шартномаси таркибида кўзда тутилади.
6. Муаллифлик назорати олиб боришга лойиҳачи ташкилот томонидан шаҳарсозлик фаолияти соҳасида махсус маълумотга, камида уч йиллик иш тажрибасига эга бўлган ва белгиланган тартибда сертификатланган мутахассис (лойиҳачи) тайинланади.
7. Муаллифлик назорати бўйича мутахассис:
шартномага асосан тасдиқланадиган календарь режалар, режа-жадваллар ёки шу каби бошқа ҳужжатларда кўзда тутилган муддатларда, шунингдек, буюртмачининг чақируви билан ўзаро келишилган муддатларда қурилиш объектига ташриф буюради;
қурилиш объектида пудратчи ташкилот масъул ходимларининг лойиҳада назарда тутилган талаблар билан таништирганлигини расмийлаштириб боради;
объектнинг технологик, меъморий-қурилиш ва бошқа техник ечимлари ҳамда техник-иқтисодий кўрсаткичлари тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларида кўзда тутилган ечимлар ва кўрсаткичларга мувофиқлигини текширади;
бино ва иншоотларни қуриш бўйича ишларнинг ишчи чизмаларда кўзда тутилган лойиҳа ечимлари ва технологияга (шу жумладан, қурилишни ташкил этиш лойиҳаларига) риоя қилиниши, қурилиш-монтаж ишлари ҳамда технологик ва бошқа турдаги ускуналарни монтаж қилиш ишларининг сифатини текширади;
қурилиш иштирокчилари томонидан ёнғинга қарши ва портлаш хавфсизлиги тадбирлари, атроф-муҳит ва экологияни муҳофаза қилиш талаблари, антисейсмик тадбирлар, ишловчиларнинг меҳнат хавфсизлиги ва муҳофазаси талаблари ва бошқа талабларга риоя қилинишини текширади;
муаллифлик назорати дафтарида қайд этилган кўрсатмаларнинг буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар томонидан ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилади;
айрим муҳим конструкцияларни (кўприкларнинг таянчлари ва оралиқ қурилмалари, аркалар, гумбазлар, тиргак деворлар, тутиб турувчи металл ва темир-бетон конструкциялар ва бошқа элементлар) қабул қилишда, кейинги ишлар ва конструкциялар билан бириктириладиган ва сифати қурилаётган бино ва иншоотнинг мустаҳкамлиги билан боғлиқ асосий ишларни техник назорат бўйича мутахассиснинг кўрикдан ўтказиш далолатномаларини тузишда иштирок этади;
қурилишда давлат стандартларига, техник шартларга ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган конструкциялар, деталлар, буюмлар, қурилиш материаллари ва ускуналарни қўллашни тақиқлайди;
объектлар қурилиши бўйича пудратчи ташкилотлар томонидан камчиликларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш ва олдини олиш бўйича пудратчи ташкилотнинг ички назоратини ташкил этилганлигини, шунингдек, ички назорат бўйича мутахассис белгиланган тартибда сертификатланганлигини текширади;
муаллифлик назорати дафтарини юритади, унда аниқланган қурилиш пайтидаги лойиҳа-смета ҳужжатларидан четга чиқиш ҳамда меъёрий ҳужжатларнинг қурилиш ва монтаж ишларини бажаришга доир талабларининг бузилиши, уларни бартараф этиш муддатларини кўрсатади;
лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш, тасдиқлаш ва қайта тасдиқлашни, экспертиза хулосаси ва пудратчи ташкилотларнинг таклифлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларига тузатишлар киритишни ташкил этишда ўрнатилган тартибда иштирок этади;
қурилиш объектларида барча шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг бузилиш ҳолатлари, авария ҳолатлари ва аварияларни бартараф этиш ишлари натижалари тўғрисида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекциясига хабар беради;
бино ва иншоотларнинг конструкциялари ишончлилигига ва зилзилабардошлилигига таъсир кўрсатувчи, шунингдек, инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи ҳолатлар аниқланганда, қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб туради ва Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекциясини бу ҳақда хабардор қилади;
муаллифлик назорати дафтарига тасдиқланган лойиҳа ечимларидан чекланиш ҳолатлари тўғрисида буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ёзувларни киритади;
объектлар тайёрлигига қараб, пудратчи ташкилот вакиллари иштирокида бино ва иншоотлар конструкциялари, кўприклар таянч устунлари, оралиқ қурилмалари, ҳажмли иншоотлар, кўтариб турувчи металл, темир бетон конструкциялари ва бошқаларни масъулларнинг оралиқ қабул қилишларини текширади;
ваколатли органлар томонидан объектларда ўтказиладиган текшириш ва назорат тадбирларида иштирок этади;
қурилиш жараёнида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан буюртмачи ва пудратчи ташкилотнинг назорат бўйича мутахассисларига ижро этилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар беради.
8. Муаллифлик назорати бўйича мутахассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:
пудратчи ташкилотдан муаллифлик назорати журналини ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш ва юритиш учун талаб қилиш;
тегишли органларга қурилиш-монтаж ишларининг мунтазам равишда сифатсиз бажарилишига йўл қўйган ёки лойиҳа ечимларига ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритиш;
қурилиш таннархини камайтириш, сифатини ошириш, давомийлигини қисқартириш ва объектлар бўйича қурилиш ишларини бажариш технологияларини такомиллаштириш тўғрисида таклифлар киритиш;
пудратчи ташкилотдан қурилиш ишларининг қатъий лойиҳа бўйича ва материалларга қўйиладиган меъёрий талаблар ва ишлар технологиясига мувофиқ бажарилишини талаб қилиш;
иш журналларига ва бошқа ижро ҳужжатларда аниқланган лойиҳадан ва меъёрий талаблардан четга чиқиш ҳолатларини қайд этиш;
зарур ҳолларда камчиликлар бартараф этилгунга қадар қурилиш ишларини вақтинча тўхтатиб қўйиш;
яшаш ва ишлаш хоналари, транспорт, алоқа воситалари ҳамда зарур жиҳозлар ва асбоблар билан таъминлаш.
9. Муаллифлик назоратини олиб бориш учун лойиҳачи ташкилот томонидан муаллифлик назорати журнали тайёрланади, ҳар бир бети рақамланади, лойиҳачи ташкилот ва буюртмачининг масъул шахслари томонидан имзоланади ва муҳрланади.
Расмийлаштирилган муаллифлик назорати журнали буюртмачи томонидан бош пудратчи ташкилотга объектда қурилиш ишлари якунига етгунга қадар сақлаш учун топширилади. Лойиҳа ташкилотида журналнинг иккинчи нусхаси сақланади.
Объект фойдаланишга қабул қилингандан сўнг бош пудратчи ташкилот муаллифлик назорати журналини сақлаш учун буюртмачи хизматига топшириши шарт.
10. Пудратчи ташкилот ва буюртмачи хизмати муаллифлик назоратини олиб бораётган лойиҳачи ташкилот томонидан қайд этган муаллифлик назорати журналига кўрсатмаларни бажариш ҳамда ижроси тўғрисида қайдларни киритиши шарт.
11. Муаллифлик назорати бўйича мутахассислар уч йилда камида бир маротаба Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги шаҳарсозлик фаолияти соҳасида малака ошириш курсларида махсус тайёргарликдан ўтказилиши, билимлари текширилиши ва тегишли сертификат олишлари шарт.
4-боб. Техник назорат
12. Буюртмачи хизматининг қурилиш ишлари устидан техник назорати (кейинги ўринларда — техник назорат) буюртмачи хизмати томонидан қурилиш ишлари бутун даври давомида амалга оширилади.
13. Техник назорат буюртмачи хизматида доимий фаолият олиб борувчи (ёки шартнома асосида жалб қилинган) ва ташкилот раҳбари буйруғи билан қурилиш объектига бириктирилган, сертификат олган мутахассис томонидан амалга оширилади.
14. Техник назоратни олиб боришга дипломи бўйича шаҳарсозлик фаолияти соҳасида олий маълумотли мутахассисликка эга бўлган ва камида уч йиллик иш тажрибасига эга бўлган, сертификат олган мутахассис тайинланади.
15. Техник назорат бўйича мутахассис мажбуриятлари:
Бирламчи рухсат берувчи ҳужжатларни (ер ажратиш, муҳандислик тармоқларига уланиш техник шартлари, архитектура-режалаштириш топшириғи, лойиҳалаштириш топшириғи) тайёрлашда иштирок этиш;
қурилиш объектларини Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекциясидан рўйхатдан ўтказишда иштирок этиш;
тасдиқланган лойиҳа — смета ҳужжатларини, муҳандислик коммуникация тармоқларига уланиш, улардан фойдаланиш ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларни пудрат ташкилотига топширилишини таъминлаш;
пудратчи ташкилотларга электр узатиш ҳаво тармоқлари, алоқа тармоқлари зонасида, темир йўл учун ажратилган минтақада, қурилиш майдончасидаги ер ости ва усти коммуникациялари ўтган жойларда ишларни бажариш учун рухсатномаларни топшириш;
пудратчи ташкилотларга қурилиш даврида қурилишни ташкил этиш лойиҳасига мувофиқ мавжуд электр энергияси манбаларидан, табиий газ, ичимлик сув, иссиқликдан фойдаланиш учун рухсатномалар топшириш;
бош пудратчи ташкилотга дарахтларни ўтказиш, буташ ва кесиш учун рухсатномалар топшириш;
қурилиш объектидаги қурилмалар ва мавжуд коммуникацияларни кўчиришга доир юридик ва техник ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш ва қурилиш ташкилотига топширишда иштирок этиш;
қурилиши тугалланган объектлар бўйича зарур ҳужжатларни пудратчи ташкилот билан биргаликда умумлаштириш ва уларни давлат қабул комиссиясига тақдим этиш;
қурилиши тугалланган объектлар бўйича барча ижро ҳужжатларини ўрнатилган тартибда фойдаланувчи ташкилотларга топширишни ташкил этиш.
16. Техник назорат бўйича мутахассис ваколатлари:
қурилиш жараёнида геодезия ишларини назорат қилиш;
лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш, тасдиқлаш ва қайта тасдиқлашни, шунингдек, экспертиза хулосаси ва пудратчи ташкилотларнинг таклифлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларига тузатишлар киритишни ташкил этишда белгиланган тартибда иштирок этиш;
қурилиш-монтаж ишларининг лойиҳа ечимларида конструкциялар, ускуналар, материаллар ва ўрнатиладиган жиҳозларга, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, стандартлар, техник шартлар ва бошқа норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини текшириш;
иншоотлар асосий ўқларининг жойида геодезик тўғри белгиланганлиги, улар реперлар ва координаталар билан маҳкамланганлигини назорат қилиш;
қурилишда фойдаланиладиган конструкциялар, ускуналар ва материалларни (техник паспортлар, сертификатлар, лаборатория синовлари натижалари ва бошқалар) сифат гувоҳномаси ҳужжатлари мавжудлигини текшириш;
стандартлар талабларига, техник шартлар, сертификатларга мос келмайдиган материаллар, конструкциялар, буюмлар ва ускуналарни нуқсон далолатномалари билан расмийлаштириш ва уларнинг объектда ишлатилишини тақиқлаш;
пудратчи ташкилотлар томонидан қурилиш материаллари, конструкциялар ва буюмларни ташиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш, ташиш қоидаларининг бузилишини, материаллар ва буюмлар бузилиши ва сифатининг пасайишига олиб келадиган тарзда сақланишини тақиқлаш;
пудратчи ташкилотларнинг масъул мутахассислари билан бажарилган ишлар ва конструктив элементлар сифати ва ҳажми, ишлаб чиқаришни ташкил этишда ишлар кетма-кетлигини, ёпиқ ишлар далолатномаси расмийлаштирилгунга қадар келгуси ишларни олиб боришни тақиқлаш талаблари бажарилганлигини кўрикдан ўтказиш ва баҳолаш;
объектлар тайёрлигига қараб, пудратчи ва лойиҳачи ташкилотлар вакиллари иштирокида бино ва иншоотлар конструкциялари, кўприклар таянч устунлари ва оралиқ қурилмалари, ҳажмли иншоотлар, кўтариб турувчи металл ва темир бетон конструкциялар ва бошқаларни масъулларнинг оралиқ қабул қилишларини текшириш;
олиб келинган ускуналарнинг ўрнатилишини ташкил этиш, ўрнатиш сифатини баҳолаш, комплекс синаб кўриш ва қабул қилишнинг лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлигини ва ҳолатини текшириш;
бажарилган ва тўловга тақдим қилинган қурилиш-монтаж ишларининг ҳажми ва сифати тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлигини назорат қилиш;
қабул қилинган ва тўлови амалга оширилган қурилиш-монтаж ишлари, шунингдек, пудратчи ташкилотлар томонидан сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ва нуқсонларни бартараф этиш ва қайта ишлов бериш ишлари ҳажми ва қиймати ҳисобини юритиш;
бирламчи ижро техник ҳужжатларни, уларга қурилиш-монтаж ишларини олиб боришда аниқланган камчиликлар ва нуқсонлардан келиб чиқиб киритилган ўзгартиришлар мавжудлиги ва тўғри юритилишини назорат қилиш;
бирламчи ижро ҳужжатларининг (жумладан, умумий ва махсус иш журналлари, монтаж қилинган конструкциялар ва муҳандислик-коммуникация тармоқлари учун ижро схемалари) мавжудлиги ва уларнинг пудратчи ташкилот томонидан тўғри юритилишини назорат қилиш, иш журналларига сифатсиз бажарилган конструктив элементлар ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш технологияларининг бузилиши тўғрисида йўл қўйилган нуқсонлар бартараф этилишини талаб қилган ҳолда қайд этиб бориш;
муаллифлик назорати ва қурилиш соҳасида назорат инспекциясининг кўрсатма ва ёзма кўрсатмалари, шунингдек, буюртмачи техник назорати талабларининг пудратчи ташкилотлар томонидан бажарилишини назорат қилиш;
алоҳида конструкциялар ва узеллар, қурилиш-монтаж ишлари турларини, жиҳоз ва механизмлар сифатини уларни қабул қилиш жараёнида ишчи комиссиялар билан бирга текшириш;
ўз ваколати доирасида мусодара қилинадиган объектлар, бино ва иншоотларни кўрикдан ўтказиш, бино ва иншоотлар қурилишини вақтинча тўхтатиб туриш ёки мусодара қилишга ҳужжатларни расмийлаштириш, шунингдек, пудратчи ташкилотларга ишларни давом эттириш учун қайта топшириш жараёнида объектлар ҳолатини баҳолаш;
ваколатли органлар томонидан объектларда ўтказиладиган текшириш ва назорат тадбирларида иштирок этиш;
қурилиш объектларида барча шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг бузилиш ҳолатлари, авария ҳолатлари ва аварияларни бартараф этиш ишлари натижалари тўғрисида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекциясига хабар бериш;
бино ва иншоотларнинг конструкциялари ишончлилигига ва зилзилабардошлилигига таъсир кўрсатувчи, шунингдек, инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи ҳолатлар аниқланганда қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб туриш ва Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекциясини бу ҳақда хабардор қилиш;
объектларда қурилиш-монтаж ишлари сифатининг мунтазам техник назоратини олиб бориш;
қурилиш жараёнида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан пудратчи ташкилотларга ва лойиҳачи ташкилотларнинг муаллифлик назорати мутахассисларига ижро этилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;
буюртмачи хизмати буйруғига асосан унга юкланган қурилиш объекти билан боғлиқ бошқа вазифалар доирасида бажариладиган ишлар.
17. Техник назорат бўйича мутахассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:
объектлар қурилиши бўйича пудратчи ташкилотлар томонидан камчиликларни ўз вақтида аниқлаш, уларни бартараф этиш ва бу каби ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан пудратчи ташкилотнинг ички назорати ташкил этилганлигини, ички назорат бўйича мутахассисга белгиланган тартибда сертификат берилганлигини текшириш;
пудратчи ташкилотдан қурилиш ишларининг қатъий лойиҳа бўйича ва материалларга қўйиладиган меъёрий талаблар ва ишлар технологиясига мувофиқ бажарилишини талаб қилиш;
иш журналларига ва бошқа ижро ҳужжатларга аниқланган лойиҳадан ва меъёрий талаблардан четга чиқиш ҳолатларини қайд этиш;
зарур ҳолларда камчиликлар бартараф этилгунга қадар қурилиш ишларини вақтинча тўхтатиб қўйиш;
лойиҳадан ва меъёрий талаблардан четга чиққан ҳолда бажарилган ишларга ҳақ тўлаш тўғрисидаги ҳужжатларни имзолашдан бош тортиш;
қурилиш-монтаж ишлари ижрочилари техник назорат талабларидан норози бўлган ҳолларда, пудратчи ташкилот ва буюртмачининг юқори ташкилотларига белгиланган тартибда шикоят билан мурожаат қилиш.
18. Техник назорат бўйича мутахассиснинг асосий иш жойи бўйича назорати остидаги объектлар қурилишини бажараётган ташкилотларда ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади.
19. Объектлар қурилиш ишлари бўйича техник назорат олиб бориш учун масъул мутахассисларга иш тажрибаси, уларга бириктирилган объектлар сифатли ва муддатида топширилганлиги, қурилиш жараёнида бартараф этилган хато ва камчиликлар, соҳавий малакаси ва бошқа мезонлар асосида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан малака тоифаси белгиланади ва буюртмачи хизмати томонидан уларнинг меҳнатига ҳақ тўлашда тоифага қараб ўсиб борувчи рағбатлантирувчи коэффициент қўлланилади.
20. Техник назорат бўйича мутахассислар уч йилда камида бир маротаба Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан шаҳарсозлик фаолияти соҳасида малака ошириш курсларида махсус тайёргарликдан ўтказилиши, билимлари текширилиши ва тегишли гувоҳнома берилиши шарт.
5-боб. Якуний қоидалар
21. Техник ва муаллифлик назорати белгиланган тартибда таъминламаганлиги учун тегишли равишда буюртмачи хизмати ва лойиҳачи ташкилот раҳбарлари амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгар ҳисобланади.
22. Ушбу Низом ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган ўз вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги ёки бажармаганлиги учун техник назорат ва муаллифлик назорати ходимлари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
23. Ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида содир этилган ҳуқуқбузарликлари учун техник назорат ва муаллифлик назорати ходимлари амалдаги қонунчиликка асосан жавобгар бўлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги 321-сон қарорига 4-ИЛОВА
Қурилиш объектларида назорат ўлчовини ўтказиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом молиялаштириш манбаидан қатъи назар қурилиш объектларида назорат ўлчовини ўтказиш тартибини белгилайди ва қурилиш объектларида назорат ўлчовини ўтказишда мажбурий ҳисобланади.
2. Қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш учун аккредитация қилинган юридик шахслар, тижорат банклари ҳамда бошқа ваколатли органлар қурилишда назорат ўлчовини ўтказиш ҳуқуқига эга ташкилотлар (кейинги ўринларда — ваколатли ташкилот) ҳисобланади.
3. Ваколатли ташкилот ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қиладилар.
4. Назорат ўлчови қурилиш объектидаги ҳақиқатда бажарилган ишлар ҳажмини аниқлаш мақсадида объект фойдаланишга топширилгандан ва/ёки қурилиш-монтаж ишлари якунлангандан сўнг ҳамда бошқа ҳолатларда пудрат шартномасига асосан қуйидаги асосларга мувофиқ ўтказилади:
буюртмачи хизмати, назорат органлари ёки бошқа манфаатдор органлар талабига;
пудратчи ташкилот ташаббусига;
буюртмачи хизмати ва пудратчи ташкилот ўзаро келишувига асосан.
5. Назорат ўлчови қуйидаги тамойиллар асосида ўтказилади:
назорат органлари фаолиятининг қонунийлиги, холислиги ва ошкоралиги;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
шаҳарсозлик фаолияти субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаслик.
2-боб. Назорат ўлчовини ўтказиш тартиби
6. Ваколатли ташкилот белгилаган тартибда танланиб, шартнома тузилгандан сўнг назорат ўлчовини ўтказишнинг шартномавий қиймати танлов натижалари якунига ёки томонлар келишувига кўра аниқланади ҳамда ташаббускор томонидан маблағ билан таъминланади.
7. Назорат ўлчови ўтказишда иштирок этиш учун буюртмачи хизматининг техник назорат бўйича мутахассиси, лойиҳачи ташкилотнинг муаллифлик назорати бўйича мутахассиси ва пудратчи ташкилотнинг масъул мутахассислари жалб қилинади. Ушбу мутахассислар иштирокининг асоссиз таъминланмаслиги назорат ўлчовини ўтказмасликка сабаб бўлмайди.
8. Назорат ўлчовини ўтказиш, қоида тариқасида, шартнома асосида аванс маблағлари ўтказилгандан сўнг бошланади.
9. Ваколатли ташкилот назорат ўлчовини ўтказиш объекти манзили ва муддатини аниқ кўрсатган ҳолда тегишли ташкилотларни (буюртмачи, пудрат ташкилоти, лойиҳа ташкилоти ва объектдан фойдаланувчини) назорат ўлчови бошланишидан ўн кун олдин хабардор қилади.
10. Агар пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, назорат ўлчови ўтказишда қурилиш объектларининг смета ҳужжатларида иш турларини ҳисоблашда меъёрлар асосида қўлланилган бир бирлик одам/соат ва машина/соат учун ҳақиқатда (қурилиш ишлари технологияси ва хусусиятига таъсир этган ҳолатлардан ташқари) бажарилган ишларга асословчи ҳужжатлар талаб қилиш тақиқланади.
11. Назорат ўлчови натижаси тегишли далолатнома билан 3 нусхада расмийлаштирилади ва назорат ўлчовини ўтказиш бўйича манфаатдор ташкилот, пудратчи ташкилотда ва ваколатли ташкилотда бир нусхадан сақланади.
12. Далолатномада қуйидагилар кўрсатиб ўтилиши шарт:
қурилиш объекти тўғрисидаги маълумотлар (жумладан, объект номи, манзили, қурилишга асос, буюртмачи хизмати, пудратчи ва лойиҳачи ташкилотлар реквизитлари, лойиҳа ҳужжатлари бўйича ижобий экспертиза хулосаси, пудратчи ташкилотни белгилаш бўйича асос, пудрат шартномаси саналари ва рақамлари ва шу кабилар);
қурилиш объектида пудрат шартномасига асосан белгиланган иш ҳажмлари ва назорат ўлчови натижасида аниқланган ҳақиқатда бажарилган иш ҳажмлари миқдори ҳамда ҳар бир иш тури бўйича фарқи;
аниқланган камчиликларни амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари асоси;
лойиҳа ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар ва уларни расмийлаштиришда белгиланган талабга риоя этилиши.
Далолатномага ташаббускор талаблари асосида ва объект хусусиятидан келиб чиқиб, бошқа маълумотларни ҳам киритиши мумкин.
13. Далолатнома ваколатли ташкилот раҳбари, мутахассиси, буюртмачи хизматининг раҳбари, бош муҳандиси, техник назорат бўйича мутахассиси, лойиҳачи ташкилот раҳбари ва муаллифлик назорати бўйича мутахассиси ҳамда пудратчи ташкилот раҳбари, масъул мутахассислари, шунингдек, буюртмачи хизмати талабига биноан қурилиш объекти бўйича жалб қилинган бошқа шахслар томонидан имзоланади.
14. Қурилиш объекти ўрнатилган тартибда фойдаланишга топширилиб, кафолат муддати тугагандан сўнг назорат ўлчови ўтказиш тақиқланади.
Кафолат муддатидан сўнг объект билан боғлиқ форс-мажор, давлат ва жамиятга зарар етказадиган ҳамда бошқа шу каби ҳолатларда назорат ўлчовлари ўтказилиши мумкин.
3-боб. Назорат ўлчовини ўтказиш бўйича мутахассис вазифалари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
15. Назорат ўлчовини ўтказиш бўйича мутахассис (кейинги ўринларда — назоратчи):
қурилиш объекти бўйича тайёрланган шаҳарсозликка оид ҳужжатлар ва ҳисоботлар тўлиқ ва тўғрилигини текширади;
қурилиш объектида ҳақиқатда бажарилган физик иш ҳажмларни лойиҳа ҳужжатлари, оферта ва бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоб-фактура асосида ўлчовдан ўтказади;
назорат ўлчови натижасига кўра пудрат шартномаси асосида лойиҳа ҳужжатларида, офертада ва ҳисоботларда назарда тутилган иш турларининг ҳақиқатда бажарилганлигини иш турлари бўйича аниқлайди;
назорат ўлчови натижасига кўра қурилиш объектида ҳақиқатда бажарилган иш ҳажмларида лойиҳадан четга чиқиш ҳолатларини кўрсатиб беради;
қурилиш объектларида қурилиш материалларининг ҳажмини, калькуляциясини, техник параметрларини ва сифатини буюртмачи ва пудратчи ташкилот ўртасида ўзаро расмий келишув, пудрат шартномаси, оферта, лойиҳа ҳужжатлари ва ҳисоботлар асосида қўлланилганлигини текширади;
ҳақиқатда бажарилиб, ҳисоботларда акс эттирилган асбоб-ускуналар ва коммуникация тизимларининг синовдан ўтказилганлигини текширади;
назорат ўлчови натижаларининг махфийлигини таъминлайди;
ҳисоботларда арифметик хатоларнинг мавжудлиги ва бошқа ҳисоб-китобларни текширади.
16. Назоратчи ҳуқуқлари:
назорат ўлчови ўтказилаётган қурилиш объекти билан боғлиқ ҳужжатлар ва маълумотларни талаб қилиш;
назорат ўлчови ўтказилаётган объект қурилиши билан боғлиқ бўлган маълумотларнинг тўғрилигини текшириб бериш учун тегишли вазирликлар ва идораларга сўровларни юбориш;
вазирликлар ва идоралардан фаолият билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тушунтиришлар сўраш;
махсус билим ва кўникмага эга бўлган мутахассисларни жалб қилиш;
аниқланган тизимли камчиликларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш юзасидан ваколатли идораларга асослантирилган таклифларни киритиш.
17. Назоратчи назорат ўлчовини амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тўғри ўтказилганлигига ҳамда назорат ўлчови натижасига кўра аниқланган камчиликлар, ҳисоб-китоблар ва далолатномани қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тўғри расмийлаштирилганлигига жавобгар ҳисобланади.
18. Қурилиш объектида миқдорни аниқлаш ва ўлчаш мураккаб бўлган конструкциялар ҳақиқатда бажарилган ишларнинг ишчи чизмалари ва таснифлари билан мувофиқлигини текшириш асосида тасдиқланиши мумкин.
Бунда қурилишда бажарилган ишларнинг ҳажмлари ва таркибини асослайдиган мавжуд бирламчи ҳужжатлардан, шу жумладан, бажарилган ёпиқ ишларни қабул қилиб олиш далолатномалари ҳамда буюртмачи ва лойиҳачи ташкилот билан мувофиқлаштирилган ижро чизмаларидан фойдаланилади.
19. Бажарилган ёпиқ ишларнинг ҳажмларини текшириш белгиланган тартибда расмийлаштирилган ёпиқ ишларни қабул қилиб олиш далолатномалари ҳамда ижро чизмалари асосида амалга оширилади.
Объект қурилиши бўйича далолатномалар мавжуд бўлмаган тақдирда, зарур ҳолларда назоратчи бош пудратчи ҳисобидан қилинган ишларни очиб текширишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
20. Объектларда бузиш ва демонтаж ишлари бўйича назорат ўлчови улар бўйича тақдим қилинган далолатномаларга асосан қурилишнинг техник ҳолати, фойдаланишда бўлган кирим қилинган қурилиш материалларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
21. Объектларда бажарилган қурилиш-монтаж ишлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида расмийлаштирилмаган тақдирда, улар ҳақиқатда бажарилмаган деб ҳисобланади.
4-боб. Назорат ўлчовини ўтказишда шаҳарсозлик субъектлари манфаатлари
22. Назорат ўлчови ўтказилаётган объект бўйича буюртмачи хизмати ва пудратчи ташкилот мансабдор шахслари назорат ўлчовини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга мажбурдирлар.
23. Назоратчи томонидан буюртмачи хизмати ва пудратчи ташкилотга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилганда, буюртмачи хизмати ва пудратчи ташкилот назоратчининг юқори турувчи органига ва (ёки) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга ҳақли.
24. Назорат ўлчови ўтказишда шаҳарсозлик субъектлари томонидан мустақил экспертлар жалб қилиниши мумкин.
25. Назорат ўлчовини ўтказишда шаҳарсозлик субъектлари манфаатлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимоя қилинади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
26. Назорат ўлчовини ўтказувчи юридик шахснинг ваколатлари доирасидаги кўрсатма ва тақдимномаларини бажармаслик, унга маълумот тақдим этмаслик ёхуд била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этиш, ҳар қандай шаклдаги таъсир кўрсатиш қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
27. Назорат ўлчови натижалари бўйича низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги 321-сон қарорига 5-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Капитал қурилишда хўжалик муносабатлари механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2003 йил 12 сентябрдаги 395-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ 2003 й., 9-сон, 83-модда).
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2004 йил 12 майдаги 226-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ 2004 й., 19-сон, 222-модда) илованинг 2-банди .
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг баъзи қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2014 йил 3 мартдаги 45-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ 2014 й., 10-сон, 105-модда; 2017 й., 26-сон, 589-модда, 36-сон, 951-модда) 1-илованинг 14-банди .
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларини лойиҳалаштириш ишларини ва экспертизадан ўтказишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2016 йил 22 январдаги 15-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ 2016 й., 1-сон, 6-модда) 3-банди ва 4-банднинг иккинчи хатбошиси ҳамда унга 5 ва 5а-иловалар.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг баъзи қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2017 йил 11 майдаги 270-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ 2017 й., 19-сон, 345-модда, 25-сон, 542-модда) 1-илованинг 66-банди .
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг баъзи қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2017 йил 7 июлдаги 472-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ 2017 й., 28-сон, 649-модда) 1-илованинг 9-банди .
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг баъзи қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2017 йил 25 декабрдаги 1019-сон қарорига илованинг 12-банди .
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг баъзи қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 январдаги 34-сон қарорига 1-илованинг 19-банди .
10. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг баъзи қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2018 йил 13 мартдаги 197-сон қарорига 1-илованинг 2-банди .
11. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг баъзи қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2019 йил 26 мартдаги 254-сон қарорига 1-илованинг 3-банди .
12. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг баъзи қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2019 йил 28 ноябрдаги 961-сон қарорига илованинг 2-банди .
13. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг баъзи қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2019 йил 19 декабрдаги 1014-сон қарорига илованинг 48-банди .
14. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2020 йил 14 декабрда 777-сон қарорига 1-илованинг 1-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 20 май,
321-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
NAMUNAVIY TUZILMASI
NIZOM
NIZOM
ROʻYXATI
Kapital qurilish sohasida buyurtmachi xizmati faoliyatini tubdan isloh qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Investitsiya va infratuzilma loyihalarini amalga oshirishda davlat boshqaruvi tizimini takomillashtirish, bozor munosabatlarini keng joriy etish hamda ilgʻor xalqaro tajribaga asoslangan buyurtmachi xizmatini tashkil qilish shaharsozlik faoliyatini samarali amalga oshirishning muhim omili hisoblanadi.
Qurilish sohasida buyurtmachi xizmati faoliyatining samaradorligi tizimli ravishda tahlil qilib borilmayapti.
Oʻz navbatida, ijtimoiy va infratuzilma obyektlarida narxlarni shakllantirish, qurilish ishlarini tashkil qilish, texnik va mualliflik nazoratini olib borish, qurilish ishlari sifatini taʼminlash va obyektlarni foydalanishga topshirishda quyidagi masalalar dolzarbligicha qolmoqda:
birinchidan, vazirliklar va idoralarda davlat ahamiyatiga molik qurilish loyihalarini ishlab chiqish va amalga oshirish jarayonini sifatli tashkil etish, muvofiqlashtirish, monitoring hamda nazorat qilishni taʼminlovchi tizim mavjud emas;
ikkinchidan, buyurtmachi xizmatining funksiyalari, vazifalari, javobgarligi, huquqlari, loyihachi tashkilot va pudratchi tashkilotlar bilan oʻzaro shartnomaviy munosabatlarini oʻzida aks ettirgan yagona tartib mavjud emas;
uchinchidan, buyurtmachi xizmati uchun haq toʻlash mexanizmi takomillashmagan, ish yuklamalari, moddiy javobgarlik va mehnatga haq toʻlash mutanosib emas;
toʻrtinchidan, sohada korrupsiyani keltirib chiqaruvchi omillarni bartaraf etishga qaratilgan chora-tadbirlar natijadorligining pastligi malakali mutaxassis va rahbar kadrlarni tayyorlash imkonini bermayapti;
beshinchidan, moddiy-texnik bazani rivojlantirishga qaratilgan ishlar tizimi shakllanmaganligi va zamonaviy axborot texnologiyalari talab darajasida joriy etilmaganligi soha faoliyatini chuqur tahlil etish, mavjud muammolarni aniqlash hamda bartaraf etish borasida taʼsirchan choralarni ishlab chiqishda oʻz salbiy taʼsirini koʻrsatmoqda.
Buyurtmachilarning texnik nazorat boʻyicha masʼuliyati va javobgarligini oshirish, ishtirokchilar faoliyatini takomillashtirish hamda sohaga zamonaviy boshqaruv tizimini joriy etish orqali buyurtmachi xizmatini isloh qilish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Kapital qurilish sohasida buyurtmachi xizmati toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
Kapital qurilish sohasida buyurtmachi xizmatining namunaviy tuzilmasi 2-ilovaga muvofiq;
Qurilish obyektlarida mualliflik va texnik nazorat olib borish tartibi toʻgʻrisida nizom 3-ilovaga muvofiq;
Qurilish obyektlarida nazorat oʻlchovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 4-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari buyurtmachi xizmatlarning:
amaldagi tuzilmalarini hamda qurilish sohasiga oid idoraviy normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qaror talablariga muvofiqlashtirsin;
majburiyatlarning toʻliq bajarish imkonini berishni nazarda tutgan holda, ular moddiy-texnik bazasini (maʼmuriy bino, transport vositasi, orgtexnika) mustahkamlasin;
joylashgan mavjud binolarni rekonstruksiya qilish, taʼmirlash hamda yangi bino qurish ishlari yuzasidan asoslantirilgan takliflarni bir oy muddatda Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligiga kiritsin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi:
buyurtmachi xizmatlar joylashgan mavjud binolarni rekonstruksiya qilish, taʼmirlash hamda yangi bino qurish yuzasidan tegishli hujjat loyihasini ikki oy muddatda Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
Moliya vazirligi va Qurilish vazirligi bilan birgalikda markazlashtirilgan manbalar hisobiga amalga oshiriladigan obyektlar qurilishini moliyalashtirish tartibi va obyektlarni foydalanishga tayyor holda qurishga doir namunaviy pudrat shartnomasini bir oy muddatda tasdiqlasin va ijroga qaratsin.
4. Qurilishi markazlashtirilgan investitsiyalar hisobiga moliyalashtiriladigan obyektlar boʻyicha buyurtmachi xizmatlar rahbar xodimlari va mutaxassislari uchun belgilanadigan yagona tarif setkasi boʻyicha mehnatga haq toʻlashning tarif koeffitsiyentlariga 3 baravar miqdorda oshirilgan koeffitsiyent qoʻllanilsin.
5. 2021-yil 1-iyundan boshlab obyektlardagi qurilish-montaj ishlari boʻyicha shartnoma majburiyatlarining buzilganligi uchun buyurtmachi foydasiga sud va sudgacha hal qilish tartibida undirilgan jarima (sanksiya) va penyalar, shuningdek, xaridlar jarayoni talablari buzilganda, tender va tanlov takliflarini garov, kafolat, zakalat tarzida taʼminlash uchun kiritilgan davlat xaridlari ishtirokchilari mablagʻlarining 50 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi davlat budjetiga hamda qolgan 50 foizi — buyurtmachi xizmati bank hisobraqamiga yoʻnaltiriladi.
6. Belgilansinki, ushbu qarorning beshinchi bandiga muvofiq buyurtmachi xizmati bank hisobraqamiga hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa daromadlardan tushadigan mablagʻlar quyidagilarni moliyalashtirishga yoʻnaltiriladi:
buyurtmachi xizmati rahbarlari, xodimlari va mutaxassislarining lavozim maoshlariga uzoq muddat ishlaganligi uchun ragʻbatlantiruvchi koeffitsiyentni hisobga olgan holda ustamalar toʻlashga: 2 yildan 5 yilgacha — 0,2; 5 yildan 10 yilgacha — 0,4; 10 yildan 15 yilgacha 0,6 va 15 yildan ortiq — 0,8;
buyurtmachi xizmati xodimlariga qonunchilikda belgilangan ragʻbatlantirish va mukofot pullarini toʻlashga hamda buyurtmachi xizmatining moddiy-texnik bazasini mustahkamlash va joriy faoliyati bilan bogʻliq boshqa xarajatlarni qoplashga.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi kelgusi yillardagi Investitsiya dasturlarini shakllantirishda buyurtmachi xizmatlar joylashgan mavjud binolarni rekonstruksiya qilish, taʼmirlash hamda yangi bino qurish ishlari uchun markazlashgan manbalar hisobidan mablagʻ ajratishni nazarda tutsin.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi manfaatdor vazirliklar, idoralar va mahalliy hokimliklar bilan birgalikda 2021-yil 1-iyundan boshlab buyurtmachi xizmatining shtatlar jadvali va taʼminot xarajatlari smetasini roʻyxatdan oʻtkazishda texnik nazorat mutaxassislari uchun xizmat safari xarajatlarining obyektlar joylashgan masofadan kelib chiqib, joriy narxlarda belgilanishini taʼminlasin.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi tomonidan qurilish obyektlarida texnik nazorat sohasidagi masʼul mutaxassislarga ularning ish tajribasi, biriktirilgan obyektlarning oʻz muddatida sifatli topshirilganligi, qurilish jarayonida bartaraf etilgan kamchiliklar, sohaviy malakasi kabi mezonlar asosida malaka toifasi belgilanadi.
Buyurtmachi xizmatlar Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi tomonidan belgilangan malaka toifasi asosida texnik nazorat sohasidagi masʼul mutaxassislarga ular mehnatiga haq toʻlashning amaldagi tarif koeffitsiyentlariga 2021-yil 1-avgustdan boshlab:
birinchi toifa uchun — 0,2 miqdorda;
ikkinchi toifa uchun — 0,5 miqdorda;
uchinchi toifa uchun — 0,7 miqdorda;
oliy toifa uchun — 1,0 miqdorda koeffitsiyent qoʻshiladi.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi Qurilish vazirligi va Davlat test markazi bilan birgalikda qurilishda texnik nazorat boʻyicha mutaxassislarni attestatsiyadan oʻtkazish va ularga malaka toifalari berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni ikki oy muddatda belgilangan tartibda tasdiqlasin.
11. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi Davlat test markazi bilan birgalikda tasdiqlangan reja-jadval asosida 2021-yil sentabr oyida buyurtmachi xizmatlarning texnik nazorat boʻyicha xodimlarini attestatsiyadan oʻtkazsin.
12. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda attestatsiya natijalarini inobatga olgan holda, texnik nazorat boʻyicha xodimlarga tegishli malaka toifalarini belgilasin hamda buyurtmachi xizmatlarni soha boʻyicha zarur bilim, koʻnikma hamda ish tajribasiga ega boʻlgan mutaxassislar bilan taʼminlash choralarini koʻrsin.
13. Buyurtmachi xizmatlar faoliyatini muvofiqlashtirib borish uchun Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligiga quyidagi vazifalar yuklansin:
shaharsozlik toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga rioya etilishini, belgilangan tartibda nazorat qilish;
normativ-huquqiy hujjatlarga asosan buyurtmachi xizmatiga yuklatilgan vazifalarni oʻz muddatida va toʻgʻri ijro etilishini talab qilish, ular boʻyicha axborotlarni yigʻish, umumlashtirish, tahlil etish hamda natijalari toʻgʻrisida har chorak yakunidan soʻng Vazirlar Mahkamasiga axborot kiritish;
buyurtmachi xizmati rahbar kadrlari hamda mutaxassislarini shaharsozlik sohasidagi bilimlarini tizimli ravishda attestatsiyadan oʻtkazib borish, malakasini oshirish hamda ularga belgilangan tartibda malaka toifasini berish.
14. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 5-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
15. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda buyurtmachi xizmati faoliyatini amalga oshirish va qurilishda nazorat oʻlchovini oʻtkazish uchun akkreditatsiyadan oʻtish tartibini bir oy muddatda Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
16. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari A.J. Ramatov va Oʻzbekiston Respublikasi qurilish vaziri B.I. Zakirov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 20-maydagi 321-son qaroriga 1-ILOVA
Kapital qurilish sohasida buyurtmachi xizmati toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom kapital qurilish sohasida buyurtmachi xizmatining (keyingi oʻrinlarda — buyurtmachi xizmati) asosiy vazifalari, funksiyalari, huquqlari javobgarligi va faoliyatining tashkiliy asoslarini belgilaydi.
Nizom talablari:
a) budjet buyurtmachilari:
davlat organlari;
budjet tashkilotlari;
xarid qilish tartib-taomillarini amalga oshirish uchun yoʻnaltiriladigan budjet mablagʻlarini oluvchilar;
davlat maqsadli jamgʻarmalari;
b) korporativ buyurtmachilar:
davlat korxonalari;
ustav fondida davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslar;
ustav fondining 50 foiziga va undan ortiq miqdorda davlat ulushiga ega yuridik shaxsga tegishli boʻlgan yuridik shaxslarga nisbatan amal qiladi.
Mazkur Nizom talablari ushbu bandning “a” va “b” kichik bandlarida nazarda tutilgandan tashqari boshqa manbalar hisobiga moliyalashtiriladigan qurilish obyektlari uchun buyurtmachi xizmatini tashkil etishda qoʻllanilishi mumkin.
Ushbu bandning “a” va “b” kichik bandlarida nazarda tutilgan manbalar hisobiga moliyalashtiriladigan obyektlarda qurilish ishlarini amalga oshirishda buyurtmachi xizmatini jalb qilish majburiy hisoblanadi.
2. Buyurtmachi xizmati obyektni taʼmirlab, rekonstruksiya qilib yoki qurib foydalanishga tayyor holda topshirishni taʼminlaydi.
3. Buyurtmachi xizmati tuzilgan shartnomalarga muvofiq oʻz vakolatiga kiruvchi masalalar boʻyicha investitsiya jarayoni qatnashchilari ishini muvofiqlashtiradi.
4. Buyurtmachi xizmati oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasi qarorlari va farmoyishlariga, boshqa qonunchilik hujjatlariga hamda mazkur Nizomga amal qiladi.
5. Buyurtmachi xizmati yuridik shaxs hisoblanib, qonunchilikka muvofiq oʻz mustaqil balansiga, bank hisobraqamiga, oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga (davlat muassasasi shaklidagi yuridik shaxslar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan), belgilangan namunadagi shtamplar va blankalarga ega boʻladi.
Buyurtmachi xizmati budjet tashkiloti hisoblanmaydi.
2-bob. Buyurtmachi xizmatining asosiy vazifalari
6. Quyidagilar buyurtmachi xizmatining asosiy vazifalari hisoblanadi:
qurilish obyektlarini belgilangan muddatlarda foydalanishga topshirish yuzasidan shartnoma majburiyatlari bajarilishini taʼminlash;
birlamchi ruxsat beruvchi, loyihaoldi va loyiha hujjatlarining belgilangan muddatda sifatli tayyorlanishini taʼminlash, shaharsozlik toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablariga rioya qilish;
obyektlarda qurilish-montaj ishlarini amalga oshirish uchun zarur shart-sharoitlar yaratish;
loyihalarni moliyalashtirish manbalarini aniqlash, xaridlarni rejalashtirish, xaridlar tartib-taomillarini belgilash va uning shaffofligini taʼminlash;
loyihalarni boshqarish va qurilish ishlari boʻyicha texnik nazorat olib borilishini taʼminlash, mualliflik nazoratini tashkil etish hamda shaharsozlik normalari va qoidalariga rioya qilgan holda obyektlarni foydalanishga qabul qilish ishlarini tashkil etish;
subyektlarning shaharsozlik faoliyati sohasidagi oʻzaro munosabatlari shaffofligini taʼminlash.
3-bob. Buyurtmachi xizmatining asosiy funksiyalari
7. Yuklangan vazifalarga muvofiq buyurtmachi xizmati quyidagi funksiyalarni bajaradi:
a) qurilish obyektlarini belgilangan muddatlarda foydalanishga topshirish yuzasidan shartnoma majburiyatlari bajarilishini taʼminlash sohasida:
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari, vazirlik va idoralarning topshirigʻiga binoan maqsadli davlat dasturlariga kiritilgan loyihalarning parametrlarini aniqlashtirish va kelgusida Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligiga belgilangan tartibda taqdim etish uchun ularga yangi loyihalarni qoʻshish boʻyicha takliflar tayyorlaydi;
moliyalashtirish manbalarini belgilovchi hujjatlar va manzilli roʻyxat loyihalarini ishlab chiqadi, oʻrnatilgan tartibda kelishadi va ularning tasdiqlanishini taʼminlaydi;
pudratchi tashkilot bilan kelishgan holda qurilishning titul roʻyxatini tasdiqlaydi;
obyekt quriladigan hududda muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlarini joylashtirish masalalarini koʻrib chiqish ishlarida ishtirok etadi;
b) birlamchi ruxsat beruvchi, loyihaoldi va loyiha hujjatlarining belgilangan muddatda sifatli tayyorlanishini taʼminlash, shaharsozlik toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablariga rioya qilish sohasida:
loyihalarni ishlab chiqishga birlamchi ruxsat beruvchi hamda xarid boʻyicha hujjatlarni tayyorlash, shuningdek, xarid jarayonlarini tashkil etilishi va oʻtkazilishini taʼminlaydi;
loyihachi tashkilotga birlamchi ruxsat beruvchi hujjatlarni, shu jumladan, arxitektura-rejalash topshirigʻini, topografik materiallarni, muhandislik-geologik qidiruvlarning va tayanch qurilish konstruksiyalarining texnik holatini tekshiruvdan oʻtkazish materiallarini, nuqsonlarga oid dalolatnomalarni taqdim etadi, ushbu hujjatlar asosida oʻrnatilgan tartibda loyihalashtirishga topshiriqni tayyorlaydi va tasdiqlaydi;
shaharsozlik hujjatlarini ishlab chiqish uchun loyihalashtirish topshirigʻini tayyorlab “Shaffof qurilish” milliy axborot tizimida belgilangan tartibda kelishadi va tasdiqlaydi;
ishlarni bajarish hamda moliyalashtirish jadvalini inobatga olgan holda, loyihaoldi va loyiha hujjatlarini tayyorlash uchun shartnoma tuzadi;
tegishli tashkilotlar bilan eksperimental, ilmiy-tekshirish, arxeologiya ishlari va boshqa ishlarni bajarish uchun shartnomalar tuzadi;
loyiha-qidiruv ishlari ijrochilarining shartnoma majburiyatlariga rioya etilishini nazorat qiladi;
loyihaoldi, loyiha va xarid boʻyicha hujjatlarni ekspertizadan oʻtkazadi, kelishadi va ularning tasdiqlanishini taʼminlaydi;
vakolatli organlar xulosalari hamda pudratchi tashkilotlar takliflari asosida tegishli hujjatlarga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilishini tashkil etadi;
qurilishi markazlashtirilgan manbalar hisobiga moliyalashtiriladigan obyektlar boshlangʻich qiymati Davlat statistika qoʻmitasining rasmiy saytiga (stat.uz) qoʻyib boriladigan qurilish materiallarining joriy narxlari, mashina va mexanizmlar xizmati uchun oʻrtacha narxlar hamda oʻrtacha ish haqidan foydalangan holda shakllantiradi;
bunda narxlarni yil davomida oʻzgarishini inobatga olib, muayyan davr uchun oʻrtacha narx narxlar oʻsishi toʻgʻrisidagi statistik maʼlumotlardan foydalangan holda hisob-kitob qiladi;
v) obyektlarda qurilish-montaj ishlarini amalga oshirish uchun zarur shart-sharoitlar yaratish sohasida:
qurilish uchun maydon tanlash va ajratish boʻyicha komissiyalar ishida ishtirok etadi;
qurilish uchun yer uchastkalari ajratish toʻgʻrisidagi hujjatlarni, shuningdek, elektr uzatish havo tarmoqlari va aloqa tarmoqlari hududida, temir yoʻllarda, qurilish maydonida joylashgan yer osti kommunikatsiya tarmoqlari (elektr energiyasi, tabiiy gaz va kanalizatsiya tarmoqlari) oʻtadigan joylarda ishlarni bajaradi;
qurilish obyektida muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlari boʻlmagan taqdirda, ishlarni tashkil etish uchun ushbu hududdagi mavjud muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlaridan foydalanish choralarini koʻradi;
daraxtlarni oʻtqazish, butash, zarur hollarda daraxtlarni kesish uchun talab etiladigan hujjatlar belgilangan tartibda olinishini taʼminlaydi;
obyekt qurilayotgan hududda buziladigan, boshqa joyga koʻchiriladigan yoki rekonstruksiya qilinadigan aholi xonadonlarida istiqomat qiluvchi fuqarolarning mazkur masalalar yuzasidan qonuniy talablari bajarilishini taʼminlaydi;
fuqarolarga zarurat boʻlganda, amaldagi qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan obyektning umumiy qiymati doirasida olib qoʻyiladigan meva, rezavor meva daraxtlari va ekinlar qiymatini, shuningdek, fuqarolarga xususiy mulk huquqi bilan tegishli boʻlgan va buzilishi kerak boʻlgan turar joylar va imoratlar qiymatini qoplaydi;
qurilish hududida buziladigan bino va inshootlarning hisob-kitobi hamda ularni obyekt qurilish loyihasiga kiritishning asosliligini tekshiradi;
obyektlarning buzilishi natijasida hosil boʻladigan hamda qazib olinadigan qurilish materiallari belgilangan tartibda hisobga olinishi va sotilishini taʼminlaydi;
qurilish uchun geodezik ajratish asosini tashkil etadi;
g) loyihalar moliyalashtirish manbalarini aniqlash, xaridlarni rejalashtirish, xaridlar tartib-taomillarini belgilash va uning shaffofligini taʼminlash sohasida:
obyektni loyihalashtirish va foydalanishga tayyor holda topshirish ishlarini bajaruvchi ijrochilarni belgilash boʻyicha tender savdolarini tashkil etish, oʻtkazish hamda belgilangan tartibda shartnoma tuzilishini taʼminlaydi;
shartnoma asosida ishlarni bajarish, moliyalashtirish jadvallarini tasdiqlash, qurilish ishlari titul roʻyxatlarini tuzish va aniqlashtirib borilishini taʼminlaydi;
moliyalashtirish boʻyicha kelishilgan jadvalni hisobga olib, zarur barcha hujjatlarni mutasaddi idoraga (bankka, gʻaznachilik boʻlimiga) taqdim etgan holda loyihalash va qurilish ishlarining oʻz vaqtida moliyalashtirilishini taʼminlaydi;
buxgalteriya, tezkor va statistika hisobini yuritadi, tasdiqlangan shakllarga muvofiq faoliyat turlari boʻyicha hisobotlarni belgilangan tartibda tegishli organlarga taqdim etadi hamda ularning ishonchliligi uchun javob beradi;
loyiha ishtirokchilarining bajarilgan ishlar va koʻrsatilgan xizmatlar uchun toʻlovga taqdim etilgan hisobvaraqlarini tekshirib qabul qiladi;
bajarilgan ishlar boʻyicha belgilangan tartibda toʻlovni amalga oshiradi;
shartnoma majburiyatlari qisman yoki toʻliq bajarilmagan hollarda loyihachi, pudratchi va boshqa tashkilotlarga belgilangan tartibda jarima toʻlash toʻgʻrisida daʼvoni taqdim etadi;
d) loyihalarni boshqarish va qurilish ishlari boʻyicha texnik nazorat olib borilishini taʼminlash, mualliflik nazoratini tashkil etish hamda shaharsozlik normalari va qoidalariga rioya qilgan holda obyektlarni foydalanishga qabul qilish ishlarini tashkil etish sohasida:
qurilish obyektlarini Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida hududiy nazorat inspeksiyalarida roʻyxatdan oʻtkazadi;
pudrat ishlarini bajarish uchun zarur boʻlgan ruxsat beruvchi hujjatlarni hamda mualliflik va texnik nazorat mavjudligini tekshiradi;
loyiha boshqarilishini va obyektlarda qurilish ishlari yuzasidan tizimli texnik nazoratni amalga oshirilishini taʼminlaydi, qurilish jarayonida kamchiliklar va nuqsonlar aniqlangan taqdirda, ularni bartaraf etish yuzasidan choralar koʻradi;
qurilish normalari va qoidalariga muvofiq qurilishi tugallangan obyektlarni foydalanishga qabul qilib oladi;
obyektlarni foydalanishga qabul qilib olish boʻyicha tegishli komissiyaga zarur hujjatlarni taqdim etadi;
foydalanishga qabul qilingan obyektlar boʻyicha barcha tegishli hujjatlarni foydalanuvchiga taqdim etadi;
qurilish normalari va qoidalari talablari buzilgan holda qurilgan obyektlar foydalanishga qabul qilib olinganligi uchun javob beradi;
e) shaharsozlik faoliyati subyektlarining obyektlar qurilishi jarayonida oʻzaro munosabatlari shaffofligini taʼminlash sohasida:
“Shaffof qurilish” milliy axborot tizimiga (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimi) zarur axborotlarni kiritib boradi;
obyektlarning manzilli dasturi, yillik manzilli roʻyxat va har bir obyekt boʻyicha maʼlumotlarni axborot tizimiga kiritadi;
birlamchi ruxsat beruvchi hujjatlar tayyorlanishi, loyihaoldi va loyiha ishlarining amalga oshirilishi, ekspertiza organlari tomonidan xulosalar berilishi, xaridlar jarayoni, qurilish ishlarining olib borilishi hamda moliyalashtirish toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni axborot tizimiga kiritadi;
loyihachi, ekspertiza, pudratchi va boshqa tashkilotlar bilan tuzilgan shartnomalar ijrosi, bajarilgan ishlar, moliyalashtirish boʻyicha ishonchli maʼlumotlarni axborot tizimiga kiritadi;
qurilish jarayonlarini nazorat qilish, qurilish ustidan mualliflik, texnik nazorat boʻyicha mutaxassislar va Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida hududiy nazorat inspeksiyalari tomonidan amalga oshirilayotgan nazorat tekshiruvlarini va koʻrsatib oʻtilgan kamchiliklarni qayd etish, ularni bartaraf etishga doir maʼlumotlarni axborot tizimiga kiritadi;
qurilish obyektining har bir bosqichi yakuni boʻyicha maʼlumotlar va asoslovchi hujjatlarning obyektlar foydalanishga topshirilgunga qadar axborot tizimiga muntazam kiritib borilishi va yuritilishini taʼminlaydi.
4-bob. Buyurtmachi xizmatining huquqlari
8. Buyurtmachi xizmati quyidagi huquqlarga ega:
mulkchilik shaklidan qatʼi nazar, yuridik va jismoniy shaxslar bilan munosabatlarda vakolat doirasiga kiruvchi masalalar boʻyicha yuqori turuvchi idoralar (Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari, vazirliklar va idoralar)ning manfaatlarini ifoda etadi;
yuqori turuvchi idoraning topshirigʻiga koʻra qurilish obyektlari boʻyicha buyurtmachi xizmati funksiyasini amalga oshirish;
belgilangan tartibda oʻz mol-mulkidan foydalanish;
pudrat ishlari va qurilish materiallari bozorida marketing tadqiqotlarini oʻtkazish, resurslarning davriy oʻrtacha narxlarini tasdiqlash;
obyektlarni loyihalashtirish va qurish boʻyicha ishlarni bajarishga (xizmatlar koʻrsatishga) shartnomalar tuzish;
qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tashqi iqtisodiy faoliyatni amalga oshirish;
oʻziga yuklangan vazifalar doirasida ishlarni bajarish uchun belgilangan tartibda xorijiy va mahalliy mutaxassislarni jalb etish;
shaharsozlik faoliyati sohasida amaldagi normativ-huquqiy hujjatlarga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish boʻyicha takliflar kiritish;
obyekt foydalanishga topshirilib, kafolat muddati tugagunga qadar nazorat oʻlchovini oʻtkazishni tashkil etish.
Buyurtmachi xizmati oʻz funksiyalarini amalga oshirish uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
5-bob. Buyurtmachi xizmatining majburiyatlari
9. Buyurtmachi xizmatining majburiyatlari:
shaharsozlik hujjatlariga rioya etmaganligi va oʻz majburiyatlarini bajarmaganligi uchun Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlariga va tuzilgan shartnomalarga muvofiq javob berish;
shaharsozlik hujjatlarining belgilangan tartibda ekspertizadan oʻtkazilishini taʼminlash;
loyihalashtirish jarayonini tekshirib borish, mualliflik nazorati olib borilishini taʼminlash va qurilishni texnik nazorat qilish, qurilish jarayonida va kafolat muddatida aniqlangan kamchiliklar va nuqsonlarni bartaraf etish choralarini koʻrish;
belgilangan tartibda buxgalteriya hisobi va hisobotini yuritish, qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda statistika hisobotini va boshqa hisobotlarni amalga oshirish;
maqsadli dasturlar doirasida belgilangan tartibdagi mablagʻlar Qurilish sohasida axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish markazi hisobraqamiga oʻtkazilishini taʼminlash;
axborot tizimida faoliyati toʻgʻrisidagi tegishli maʼlumotlarning joylashtirilishini taʼminlash.
Buyurtmachi xizmatiga qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.
10. Buyurtmachi xizmati oʻz majburiyatlari boʻyicha oʻziga tegishli barcha mol-mulk bilan javob beradi. Bu mol-mulklar yetarli boʻlmasa, tegishli muassis uning majburiyatlari yuzasidan subsidiar javobgar boʻladi.
11. Buyurtmachi xizmati unga yuklangan vazifa va funksiyalar samarali bajarilishi uchun javobgardir.
6-bob. Buyurtmachi xizmatining javobgarligi
12. Buyurtmachi xizmati qonunchilik hujjatlariga muvofiq:
ishlarni bajarishga birlamchi ruxsat beruvchi hujjatlar berilishi kechiktirilganligi;
geodeziya — boʻlish asoslari hamda qurilish hududiga biriktirilgan punktlar va belgilar berilishi kechiktirilganligi;
qurilishi tugallangan obyekt, uning ayrim navbatlari, ishga tushirish kompleksi, binolar, inshootlar, ishlab chiqarishga tayyorlangan mahsulotlar yoki xizmatlar shartnoma shartlariga muvofiq qabul qilib olinishi asossiz ravishda kechiktirilganligi;
shartnomaga asosan belgilangan muddatda mablagʻ bilan taʼminlanmaganligi, bajarilgan ishlar tasdiqlanmaganligi va ularga haq toʻlanmaganligi;
shartnomada nazarda tutilgan boshqa majburiyatlar bajarilmaganligi yoki zarur darajada bajarilmaganligi uchun mulkiy javob beradi.
7-bob. Xoʻjalik faoliyati asoslari
13. Buyurtmachi xizmati yuridik shaxs hisoblanadi, alohida mol-mulkka egalik qiladi, mustaqil balans yuritadi.
14. Buyurtmachi xizmati taʼminoti uning yuqori turuvchi organi tomonidan tasdiqlangan (markazlashtirilgan manbalar boʻyicha belgilangan tartibda moliya organida roʻyxatdan oʻtkazilgan) xarajatlar smetasiga muvofiq unga ajratilgan kapital qoʻyilmalar hisobiga amalga oshiriladi.
15. Markazlashtirilgan manbalar hisobidan moliyalashtiriladigan buyurtmachi xizmatiga biriktirilgan mol-mulk davlat mulki hisoblanadi va mulk huquqi qonunchilikda belgilangan tartibda beriladi.
16. Buyurtmachi xizmatlarining faoliyatini mablagʻ bilan taʼminlash quyidagi daromadlar hisobidan moliyalashtiriladi:
markazlashgan manbalar hisobidan moliyalashtiriladigan obyektlarning qurilish-montaj ishlari qiymatidan ajratmalar;
budjet tashkilotlari, budjetdan mablagʻ oluvchilar hamda boshqa yuridik shaxslar bilan shartnoma asosida koʻrsatilgan xizmatlardan tushumlar;
shartnoma asosida majburiyatlarni bajarmaganligi uchun sud va sudgacha hal qilish tartibida undirilgan jarimalar (sanksiyalar) va penyalardan ajratmalar;
boʻsh turgan mol-mulkni ijaraga berishdan kelib tushadigan mablagʻlar;
homiylik mablagʻlari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar.
17. Markazlashtirilgan manbalar hisobidan moliyalashtiriladigan buyurtmachi xizmati tuzilmasi va shtatlar jadvali, lavozim maoshlari jadvali, mehnatga haq toʻlash va mukofotlash tartibi yuqori turuvchi organlar tomonidan tasdiqlanadi va joylashgan joyidagi moliya organida belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtkaziladi.
Bunda, buyurtmachilarning rahbarlari, xodimlari va mutaxassislariga:
Vazirlar Mahkamasining 1996-yil 12-apreldagi 147-son qarori bilan tasdiqlangan mehnatga haq toʻlash boʻyicha razryadlari va Yagona tarif setkasi boʻyicha mehnatga haq toʻlashning tarif koeffitsiyentlari hamda qonunchilik boʻyicha oshirilgan miqdordagi koeffitsiyentlari;
budjet muassasalari va tashkilotlari uchun belgilangan mehnatga haq toʻlash fondining qonunchilikda belgilangan miqdorida moddiy ragʻbatlantirish maxsus fondi;
ikki oylik mehnat haqi fondi miqdoridagi mablagʻlarni yoʻnaltirgan holda mukofotlash hamda bir oylik ish haqi fondini yoʻnaltirgan holda xodimlarga moddiy yordam koʻrsatish shartlari qoʻllaniladi.
Buyurtmachi xizmatini saqlash xarajatlari obyektlar qurilish qiymatiga kiritiladi.
18. Vazirlik va idoralar huzuridagi buyurtmachi xizmati rahbarlari, xodimlari va mutaxassislariga ushbu vazirlik va idoralar va ularning tizim tashkilotlari uchun qoʻllaniladigan koʻp yillik mehnatga haq toʻlash shartlari qoʻllaniladi.
19. Markazlashgan manbalar hisobidan joriy saqlash xarajatlari uchun mablagʻ bilan taʼminlanuvchi buyurtmachi xizmatlari — budjet mablagʻlari oluvchi tashkilot hisoblanadi, uning saqlash uchun xarajatlari obyekt qiymatida koʻzda tutilgan mablagʻlar buyurtmachi xizmatining bank hisob raqamlariga kelib tushadi.
20. Buyurtmachi xizmatlari markazlashgan manbalar hisobidan moliyalashtiriladigan obyektlarning qurilish-montaj ishlari qiymatidan ajratmalardan tashqari mazkur Nizomning 16-bandiga muvofiq kelib tushgan mablagʻlar hisobidan yuqori turuvchi tashkilot bilan kelishgan holda quyidagilarni moliyalashtirishga yoʻnaltiriladi:
buyurtmachi xizmati rahbarlari, xodimlari va mutaxassislarining lavozim maoshlariga uzoq muddat ishlaganligi uchun ragʻbatlantiruvchi koeffitsiyentni hisobga olgan holda ustamalar toʻlashga: 2 yildan 5 yilgacha — 0,2; 5 yildan 10 yilgacha — 0,4; 10 yildan 15 yilgacha 0,6 va 15 yildan ortiq — 0,8;
buyurtmachi xizmati xodimlariga qonunchilikda belgilangan ragʻbatlantirish, premiya, qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini xarid qilish uchun pul mablagʻlari va mukofot pullarini toʻlashga hamda buyurtmachi xizmatining moddiy-texnik bazasini mustahkamlash va joriy faoliyati bilan bogʻliq boshqa xarajatlarni qoplashga.
21. Moliya yili yakuniga koʻra budjet mablagʻlari hisobidan bank hisob raqamiga kelib tushgan, biroq ishlatilmay qolgan mablagʻlar davlat budjetiga olib qoʻyilmaydi va ushbu mablagʻlar mazkur Nizomga muvofiq buyurtmachi xizmatining rahbarlari, xodimlari va mutaxassislarini moddiy ragʻbatlantirish va joriy saqlash bilan bogʻliq xarajatlarga sarflanadi.
8-bob. Buyurtmachi xizmati faoliyatini tashkil etish
22. Buyurtmachi xizmatini boshqarish uning qarori bilan tashkil etilgan tegishli organning buyrugʻi bilan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan direktor tomonidan amalga oshiriladi.
23. Buyurtmachi xizmati rahbarlarini (direktor, direktor oʻrinbosari va bosh muhandis) lavozimga tayinlash va lavozimdan ozod etish Vazirlar Mahkamasining Hududlarni kompleks rivojlantirish, kommunikatsiyalar, qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi masalalari kotibiyati bilan kelishgan holda, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirining taqdimnomasi asosida yuqori turuvchi vazirliklar, idoralar hamda mahalliy hokimliklarning tegishli buyrugʻi asosida belgilangan tartibda;
buyurtmachi xizmatining texnik nazorat boʻyicha mutaxassisni lavozimga tayinlash va lavozimdan ozod etish Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi bilan kelishgan holda vazirliklar, idoralar hamda mahalliy hokimliklar huzuridagi buyurtmachi xizmatining tegishli buyrugʻi asosida amalga oshiriladi.
24. Shaharsozlik sohasidagi qonun talablarini tizimli ravishda buzayotgan, bu borada rasmiy talablarni bajarmayotgan texnik nazorat boʻyicha mutaxassislar Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida nazorat qilish inspeksiyasining yozma koʻrsatmasiga muvofiq buyurtmachi xizmati rahbari tomonidan lavozimidan ozod etiladi.
25. Vazifalarni taqsimlash va xodimlar oʻrtasida oʻzaro bir-birining oʻrnini bosish tartibi buyurtmachi xizmati direktori tomonidan amalga oshiriladi.
26. Buyurtmachi xizmati direktori:
buyurtmachi xizmati faoliyatiga rahbarlik qiladi va buyurtmachi xizmatiga yuklangan vazifalar bajarilishi uchun shaxsan javob beradi;
obyektlarda qurilish-montaj ishlarini amalga oshirish hamda foydalanishga tayyor holda topshirish boʻyicha shartnomalar tuzadi;
tashkilot nomidan ish olib boradi, yuridik va jismoniy shaxslar, shuningdek, xorijiy yuridik va jismoniy shaxslar bilan oʻzaro munosabatlarda buyurtmachi xizmatini ifoda etadi;
qonunchilik hujjatlariga muvofiq, boshqa huquqlarga ham ega boʻladi.
27. Pul va mulkiy tusdagi barcha hujjatlar buyurtmachi xizmati direktori yoki uning oʻrinbosarlaridan biri, bosh buxgalter yoki direktor va bosh buxgalter tomonidan imzolangan ishonchnoma bilan vakolat berilgan shaxs tomonidan imzolanadi, muhr bilan tasdiqlanadi.
9-bob. Buyurtmachi xizmati faoliyatini nazorat qilish
28. Buyurtmachi xizmatining moliya-xoʻjalik faoliyatini nazorat qilish, tekshirish yoki taftish qilish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tegishli nazorat organlari tomonidan amalga oshiriladi.
10-bob. Yakunlovchi qoidalar
29. Buyurtmachi xizmati qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollarda va tartibda qayta tashkil etiladi yoki tugatiladi.
30. Buyurtmachi xizmati belgilangan tartibda davlat roʻyxati reyestridan chiqarilgan paytdan boshlab tugatilgan deb hisoblanadi.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 20-maydagi 321-son qaroriga 2-ILOVA
Kapital qurilish sohasida buyurtmachi xizmatining
Direktor Bosh muhandis Direktorning iqtisodiy masalalar boʻyicha oʻrinbosari Buxgalteriya 2-3 Birlamchi ruxsat beruvchi, loyiha hujjatlari va tanlov hujjatlarini tayyorlash boʻlimi 4 — 7 Moliyalashtirish, marketing, manzilli dasturlarni tayyorlash boʻlimi 1 — 3 Bosh yuristkonsult 1 Loyihalarni boshqarish va qurilishni texnik kuzatish, shuningdek, respublika hududlaridagi texnik nazorat boʻyicha mutaxassislar boʻlimi * 11 — 40 Tanlov savdolarini tashkil etish va xoʻjalik-shartnoma munosabatlari boʻlimi 3 — 5 Kadrlar va maxsus ishlar boʻyicha boʻlim 2 Umumiy boʻlim 1-2
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 20-maydagi 321-son qaroriga 3-ILOVA
Qurilish obyektlarida mualliflik va texnik nazorat olib borish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom qurilish obyektlarida buyurtmachi xizmati tomonidan obyektlarda qurilish ishlari boʻyicha mualliflik va texnik nazorat olib borish tartibini belgilaydi.
Ushbu Nizom talablari moliyalashtirish manbaidan qatʼi nazar, qurilish obyektlarida mualliflik va texnik nazoratni tashkil etishda majburiy hisoblanadi.
2-bob. Asosiy tushunchalar
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
mualliflik nazorati — obyektlarda qurilish — montaj ishlarining shaharsozlik hujjatlariga muvofiqligiga doir ustidan shaharsozlik hujjatini ishlab chiqqan loyiha tashkiloti tomonidan amalga oshiriladigan nazorat;
texnik nazorat — buyurtmachi xizmati tomonidan obyektlarda qurilish- montaj ishlarini bajarishda va qabul qilishda qurilish sohasida olib boriladigan umumiy nazorat;
qurilishni tashkil etish loyihasi — loyihaning tarkibiy qismi boʻlib, unda qurilishning umumiy davomiyligi va oraliq muddatlari, kapital mablagʻlar va qurilish-montaj ishlari hajmlarining taqsimlanishi, moddiy-texnik resurslar va ularni qoplash manbalari, qurilish-montaj ishlarini bajarishning asosiy usullari va obyekt qurilishini boshqarish tuzilmasi belgilanadi;
ishlarni bajarish loyihasi — qurilish-montaj ishlari texnologiyasini, bajarish muddatlari va resurslar bilan taʼminlash tartibini belgilab beruvchi loyiha boʻlib, binolar, inshootlar va ularning qismlarini qurishga doir ishlab chiqarish jarayonlarini tashkil etishda asosiy rahbarlik hujjati sifatida xizmat qiladi.
3-bob. Mualliflik nazorati
3. Buyurtmachi xizmati qurilish ishlari boʻyicha mualliflik nazoratini (keyingi oʻrinlarda — mualliflik nazorati) shaharsozlik hujjatini ishlab chiquvchi tashkilot tomonidan qurilish ishlari butun davri davomida amalga oshirilishini taʼminlaydi. Bunda shaharsozlik hujjatini ishlab chiquvchi qurilishda mualliflik nazoratini yuritish boʻyicha oʻz vakolatini boshqa litsenziyalangan shaharsozlik hujjatini ishlab chiquvchiga shartnoma asosida topshirishi mumkin.
4. Buyurtmachi xizmati mulkchilik shakli va idoraviy mansubligidan qatʼiy nazar, obyekt qurilishi tegishliligi boʻyicha obyekt joylashgan hududdagi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida hududiy nazorat inspeksiyasidan roʻyxatdan oʻtkazilgunga qadar loyihachi tashkilot bilan obyekt qurilishi boʻyicha mualliflik nazorati olib borish toʻgʻrisida shartnoma tuzishi shart.
Basharti mualliflik nazorati olib borish boʻyicha shartnoma tuzilmasdan obyektda qurilish ishlari boshlanganligi aniqlansa, buyurtmachi xizmati va pudratchi tashkilot amaldagi qonunchilikka muvofiq javobgarlikka tortiladi.
5. Mualliflik nazoratini amalga oshirish qiymati qurilish obyektining murakkablik, xavflilik darajalari va obyektga borish muntazamligidan kelib chiqib hisoblanadi va loyiha hujjatlarini ishlab chiqish shartnomasi tarkibida koʻzda tutiladi.
6. Mualliflik nazorati olib borishga loyihachi tashkilot tomonidan shaharsozlik faoliyati sohasida maxsus maʼlumotga, kamida uch yillik ish tajribasiga ega boʻlgan va belgilangan tartibda sertifikatlangan mutaxassis (loyihachi) tayinlanadi.
7. Mualliflik nazorati boʻyicha mutaxassis:
shartnomaga asosan tasdiqlanadigan kalendar rejalar, reja-jadvallar yoki shu kabi boshqa hujjatlarda koʻzda tutilgan muddatlarda, shuningdek, buyurtmachining chaqiruvi bilan oʻzaro kelishilgan muddatlarda qurilish obyektiga tashrif buyuradi;
qurilish obyektida pudratchi tashkilot masʼul xodimlarining loyihada nazarda tutilgan talablar bilan tanishtirganligini rasmiylashtirib boradi;
obyektning texnologik, meʼmoriy-qurilish va boshqa texnik yechimlari hamda texnik-iqtisodiy koʻrsatkichlari tasdiqlangan loyiha hujjatlarida koʻzda tutilgan yechimlar va koʻrsatkichlarga muvofiqligini tekshiradi;
bino va inshootlarni qurish boʻyicha ishlarning ishchi chizmalarda koʻzda tutilgan loyiha yechimlari va texnologiyaga (shu jumladan, qurilishni tashkil etish loyihalariga) rioya qilinishi, qurilish-montaj ishlari hamda texnologik va boshqa turdagi uskunalarni montaj qilish ishlarining sifatini tekshiradi;
qurilish ishtirokchilari tomonidan yongʻinga qarshi va portlash xavfsizligi tadbirlari, atrof-muhit va ekologiyani muhofaza qilish talablari, antiseysmik tadbirlar, ishlovchilarning mehnat xavfsizligi va muhofazasi talablari va boshqa talablarga rioya qilinishini tekshiradi;
mualliflik nazorati daftarida qayd etilgan koʻrsatmalarning buyurtmachi va pudratchi tashkilotlar tomonidan oʻz vaqtida va sifatli bajarilishini nazorat qiladi;
ayrim muhim konstruksiyalarni (koʻpriklarning tayanchlari va oraliq qurilmalari, arkalar, gumbazlar, tirgak devorlar, tutib turuvchi metall va temir-beton konstruksiyalar va boshqa elementlar) qabul qilishda, keyingi ishlar va konstruksiyalar bilan biriktiriladigan va sifati qurilayotgan bino va inshootning mustahkamligi bilan bogʻliq asosiy ishlarni texnik nazorat boʻyicha mutaxassisning koʻrikdan oʻtkazish dalolatnomalarini tuzishda ishtirok etadi;
qurilishda davlat standartlariga, texnik shartlarga va loyiha hujjatlariga muvofiq boʻlmagan konstruksiyalar, detallar, buyumlar, qurilish materiallari va uskunalarni qoʻllashni taqiqlaydi;
obyektlar qurilishi boʻyicha pudratchi tashkilotlar tomonidan kamchiliklarni oʻz vaqtida aniqlash hamda ularni bartaraf etish va oldini olish boʻyicha pudratchi tashkilotning ichki nazoratini tashkil etilganligini, shuningdek, ichki nazorat boʻyicha mutaxassis belgilangan tartibda sertifikatlanganligini tekshiradi;
mualliflik nazorati daftarini yuritadi, unda aniqlangan qurilish paytidagi loyiha-smeta hujjatlaridan chetga chiqish hamda meʼyoriy hujjatlarning qurilish va montaj ishlarini bajarishga doir talablarining buzilishi, ularni bartaraf etish muddatlarini koʻrsatadi;
loyiha-smeta hujjatlarini kelishish, tasdiqlash va qayta tasdiqlashni, ekspertiza xulosasi va pudratchi tashkilotlarning takliflari boʻyicha loyiha-smeta hujjatlariga tuzatishlar kiritishni tashkil etishda oʻrnatilgan tartibda ishtirok etadi;
qurilish obyektlarida barcha shaharsozlik normalari va qoidalarining buzilish holatlari, avariya holatlari va avariyalarni bartaraf etish ishlari natijalari toʻgʻrisida Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida hududiy nazorat inspeksiyasiga xabar beradi;
bino va inshootlarning konstruksiyalari ishonchliligiga va zilzilabardoshliligiga taʼsir koʻrsatuvchi, shuningdek, inson salomatligi va hayotiga tahdid soluvchi holatlar aniqlanganda, qurilish-montaj ishlarini toʻxtatib turadi va Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida hududiy nazorat inspeksiyasini bu haqda xabardor qiladi;
mualliflik nazorati daftariga tasdiqlangan loyiha yechimlaridan cheklanish holatlari toʻgʻrisida buyurtmachi va pudratchi tashkilotlar tomonidan bajarilishi majburiy boʻlgan yozuvlarni kiritadi;
obyektlar tayyorligiga qarab, pudratchi tashkilot vakillari ishtirokida bino va inshootlar konstruksiyalari, koʻpriklar tayanch ustunlari, oraliq qurilmalari, hajmli inshootlar, koʻtarib turuvchi metall, temir beton konstruksiyalari va boshqalarni masʼullarning oraliq qabul qilishlarini tekshiradi;
vakolatli organlar tomonidan obyektlarda oʻtkaziladigan tekshirish va nazorat tadbirlarida ishtirok etadi;
qurilish jarayonida yoʻl qoʻyilgan kamchiliklarni bartaraf etish yuzasidan buyurtmachi va pudratchi tashkilotning nazorat boʻyicha mutaxassislariga ijro etilishi majburiy boʻlgan yozma koʻrsatmalar beradi.
8. Mualliflik nazorati boʻyicha mutaxassis quyidagi huquqlarga ega:
pudratchi tashkilotdan mualliflik nazorati jurnalini oʻrnatilgan tartibda koʻrib chiqish va yuritish uchun talab qilish;
tegishli organlarga qurilish-montaj ishlarining muntazam ravishda sifatsiz bajarilishiga yoʻl qoʻygan yoki loyiha yechimlariga oʻzboshimchalik bilan oʻzgartirishlar kiritgan mansabdor shaxslarni javobgarlikka tortish toʻgʻrisida takliflar kiritish;
qurilish tannarxini kamaytirish, sifatini oshirish, davomiyligini qisqartirish va obyektlar boʻyicha qurilish ishlarini bajarish texnologiyalarini takomillashtirish toʻgʻrisida takliflar kiritish;
pudratchi tashkilotdan qurilish ishlarining qatʼiy loyiha boʻyicha va materiallarga qoʻyiladigan meʼyoriy talablar va ishlar texnologiyasiga muvofiq bajarilishini talab qilish;
ish jurnallariga va boshqa ijro hujjatlarda aniqlangan loyihadan va meʼyoriy talablardan chetga chiqish holatlarini qayd etish;
zarur hollarda kamchiliklar bartaraf etilgunga qadar qurilish ishlarini vaqtincha toʻxtatib qoʻyish;
yashash va ishlash xonalari, transport, aloqa vositalari hamda zarur jihozlar va asboblar bilan taʼminlash.
9. Mualliflik nazoratini olib borish uchun loyihachi tashkilot tomonidan mualliflik nazorati jurnali tayyorlanadi, har bir beti raqamlanadi, loyihachi tashkilot va buyurtmachining masʼul shaxslari tomonidan imzolanadi va muhrlanadi.
Rasmiylashtirilgan mualliflik nazorati jurnali buyurtmachi tomonidan bosh pudratchi tashkilotga obyektda qurilish ishlari yakuniga yetgunga qadar saqlash uchun topshiriladi. Loyiha tashkilotida jurnalning ikkinchi nusxasi saqlanadi.
Obyekt foydalanishga qabul qilingandan soʻng bosh pudratchi tashkilot mualliflik nazorati jurnalini saqlash uchun buyurtmachi xizmatiga topshirishi shart.
10. Pudratchi tashkilot va buyurtmachi xizmati mualliflik nazoratini olib borayotgan loyihachi tashkilot tomonidan qayd etgan mualliflik nazorati jurnaliga koʻrsatmalarni bajarish hamda ijrosi toʻgʻrisida qaydlarni kiritishi shart.
11. Mualliflik nazorati boʻyicha mutaxassislar uch yilda kamida bir marotaba Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi shaharsozlik faoliyati sohasida malaka oshirish kurslarida maxsus tayyorgarlikdan oʻtkazilishi, bilimlari tekshirilishi va tegishli sertifikat olishlari shart.
4-bob. Texnik nazorat
12. Buyurtmachi xizmatining qurilish ishlari ustidan texnik nazorati (keyingi oʻrinlarda — texnik nazorat) buyurtmachi xizmati tomonidan qurilish ishlari butun davri davomida amalga oshiriladi.
13. Texnik nazorat buyurtmachi xizmatida doimiy faoliyat olib boruvchi (yoki shartnoma asosida jalb qilingan) va tashkilot rahbari buyrugʻi bilan qurilish obyektiga biriktirilgan, sertifikat olgan mutaxassis tomonidan amalga oshiriladi.
14. Texnik nazoratni olib borishga diplomi boʻyicha shaharsozlik faoliyati sohasida oliy maʼlumotli mutaxassislikka ega boʻlgan va kamida uch yillik ish tajribasiga ega boʻlgan, sertifikat olgan mutaxassis tayinlanadi.
15. Texnik nazorat boʻyicha mutaxassis majburiyatlari:
Birlamchi ruxsat beruvchi hujjatlarni (yer ajratish, muhandislik tarmoqlariga ulanish texnik shartlari, arxitektura-rejalashtirish topshirigʻi, loyihalashtirish topshirigʻi) tayyorlashda ishtirok etish;
qurilish obyektlarini Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida hududiy nazorat inspeksiyasidan roʻyxatdan oʻtkazishda ishtirok etish;
tasdiqlangan loyiha — smeta hujjatlarini, muhandislik kommunikatsiya tarmoqlariga ulanish, ulardan foydalanish va boshqa ruxsat beruvchi hujjatlarni pudrat tashkilotiga topshirilishini taʼminlash;
pudratchi tashkilotlarga elektr uzatish havo tarmoqlari, aloqa tarmoqlari zonasida, temir yoʻl uchun ajratilgan mintaqada, qurilish maydonchasidagi yer osti va usti kommunikatsiyalari oʻtgan joylarda ishlarni bajarish uchun ruxsatnomalarni topshirish;
pudratchi tashkilotlarga qurilish davrida qurilishni tashkil etish loyihasiga muvofiq mavjud elektr energiyasi manbalaridan, tabiiy gaz, ichimlik suv, issiqlikdan foydalanish uchun ruxsatnomalar topshirish;
bosh pudratchi tashkilotga daraxtlarni oʻtkazish, butash va kesish uchun ruxsatnomalar topshirish;
qurilish obyektidagi qurilmalar va mavjud kommunikatsiyalarni koʻchirishga doir yuridik va texnik hujjatlarni oʻz vaqtida rasmiylashtirish va qurilish tashkilotiga topshirishda ishtirok etish;
qurilishi tugallangan obyektlar boʻyicha zarur hujjatlarni pudratchi tashkilot bilan birgalikda umumlashtirish va ularni davlat qabul komissiyasiga taqdim etish;
qurilishi tugallangan obyektlar boʻyicha barcha ijro hujjatlarini oʻrnatilgan tartibda foydalanuvchi tashkilotlarga topshirishni tashkil etish.
16. Texnik nazorat boʻyicha mutaxassis vakolatlari:
qurilish jarayonida geodeziya ishlarini nazorat qilish;
loyiha-smeta hujjatlarini kelishish, tasdiqlash va qayta tasdiqlashni, shuningdek, ekspertiza xulosasi va pudratchi tashkilotlarning takliflari boʻyicha loyiha-smeta hujjatlariga tuzatishlar kiritishni tashkil etishda belgilangan tartibda ishtirok etish;
qurilish-montaj ishlarining loyiha yechimlarida konstruksiyalar, uskunalar, materiallar va oʻrnatiladigan jihozlarga, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi shaharsozlik normalari va qoidalari, standartlar, texnik shartlar va boshqa normativ hujjatlar talablariga muvofiqligini tekshirish;
inshootlar asosiy oʻqlarining joyida geodezik toʻgʻri belgilanganligi, ular reperlar va koordinatalar bilan mahkamlanganligini nazorat qilish;
qurilishda foydalaniladigan konstruksiyalar, uskunalar va materiallarni (texnik pasportlar, sertifikatlar, laboratoriya sinovlari natijalari va boshqalar) sifat guvohnomasi hujjatlari mavjudligini tekshirish;
standartlar talablariga, texnik shartlar, sertifikatlarga mos kelmaydigan materiallar, konstruksiyalar, buyumlar va uskunalarni nuqson dalolatnomalari bilan rasmiylashtirish va ularning obyektda ishlatilishini taqiqlash;
pudratchi tashkilotlar tomonidan qurilish materiallari, konstruksiyalar va buyumlarni tashish qoidalariga rioya etilishini nazorat qilish, tashish qoidalarining buzilishini, materiallar va buyumlar buzilishi va sifatining pasayishiga olib keladigan tarzda saqlanishini taqiqlash;
pudratchi tashkilotlarning masʼul mutaxassislari bilan bajarilgan ishlar va konstruktiv elementlar sifati va hajmi, ishlab chiqarishni tashkil etishda ishlar ketma-ketligini, yopiq ishlar dalolatnomasi rasmiylashtirilgunga qadar kelgusi ishlarni olib borishni taqiqlash talablari bajarilganligini koʻrikdan oʻtkazish va baholash;
obyektlar tayyorligiga qarab, pudratchi va loyihachi tashkilotlar vakillari ishtirokida bino va inshootlar konstruksiyalari, koʻpriklar tayanch ustunlari va oraliq qurilmalari, hajmli inshootlar, koʻtarib turuvchi metall va temir beton konstruksiyalar va boshqalarni masʼullarning oraliq qabul qilishlarini tekshirish;
olib kelingan uskunalarning oʻrnatilishini tashkil etish, oʻrnatish sifatini baholash, kompleks sinab koʻrish va qabul qilishning loyiha hujjatlariga muvofiqligini va holatini tekshirish;
bajarilgan va toʻlovga taqdim qilingan qurilish-montaj ishlarining hajmi va sifati tasdiqlangan loyiha hujjatlariga muvofiqligini nazorat qilish;
qabul qilingan va toʻlovi amalga oshirilgan qurilish-montaj ishlari, shuningdek, pudratchi tashkilotlar tomonidan sifatsiz bajarilgan qurilish-montaj ishlari va nuqsonlarni bartaraf etish va qayta ishlov berish ishlari hajmi va qiymati hisobini yuritish;
birlamchi ijro texnik hujjatlarni, ularga qurilish-montaj ishlarini olib borishda aniqlangan kamchiliklar va nuqsonlardan kelib chiqib kiritilgan oʻzgartirishlar mavjudligi va toʻgʻri yuritilishini nazorat qilish;
birlamchi ijro hujjatlarining (jumladan, umumiy va maxsus ish jurnallari, montaj qilingan konstruksiyalar va muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlari uchun ijro sxemalari) mavjudligi va ularning pudratchi tashkilot tomonidan toʻgʻri yuritilishini nazorat qilish, ish jurnallariga sifatsiz bajarilgan konstruktiv elementlar va qurilish-montaj ishlarini bajarish texnologiyalarining buzilishi toʻgʻrisida yoʻl qoʻyilgan nuqsonlar bartaraf etilishini talab qilgan holda qayd etib borish;
mualliflik nazorati va qurilish sohasida nazorat inspeksiyasining koʻrsatma va yozma koʻrsatmalari, shuningdek, buyurtmachi texnik nazorati talablarining pudratchi tashkilotlar tomonidan bajarilishini nazorat qilish;
alohida konstruksiyalar va uzellar, qurilish-montaj ishlari turlarini, jihoz va mexanizmlar sifatini ularni qabul qilish jarayonida ishchi komissiyalar bilan birga tekshirish;
oʻz vakolati doirasida musodara qilinadigan obyektlar, bino va inshootlarni koʻrikdan oʻtkazish, bino va inshootlar qurilishini vaqtincha toʻxtatib turish yoki musodara qilishga hujjatlarni rasmiylashtirish, shuningdek, pudratchi tashkilotlarga ishlarni davom ettirish uchun qayta topshirish jarayonida obyektlar holatini baholash;
vakolatli organlar tomonidan obyektlarda oʻtkaziladigan tekshirish va nazorat tadbirlarida ishtirok etish;
qurilish obyektlarida barcha shaharsozlik normalari va qoidalarining buzilish holatlari, avariya holatlari va avariyalarni bartaraf etish ishlari natijalari toʻgʻrisida Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida hududiy nazorat inspeksiyasiga xabar berish;
bino va inshootlarning konstruksiyalari ishonchliligiga va zilzilabardoshliligiga taʼsir koʻrsatuvchi, shuningdek, inson salomatligi va hayotiga tahdid soluvchi holatlar aniqlanganda qurilish-montaj ishlarini toʻxtatib turish va Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida hududiy nazorat inspeksiyasini bu haqda xabardor qilish;
obyektlarda qurilish-montaj ishlari sifatining muntazam texnik nazoratini olib borish;
qurilish jarayonida yoʻl qoʻyilgan kamchiliklarni bartaraf etish yuzasidan pudratchi tashkilotlarga va loyihachi tashkilotlarning mualliflik nazorati mutaxassislariga ijro etilishi majburiy boʻlgan yozma koʻrsatmalar berish;
buyurtmachi xizmati buyrugʻiga asosan unga yuklangan qurilish obyekti bilan bogʻliq boshqa vazifalar doirasida bajariladigan ishlar.
17. Texnik nazorat boʻyicha mutaxassis quyidagi huquqlarga ega:
obyektlar qurilishi boʻyicha pudratchi tashkilotlar tomonidan kamchiliklarni oʻz vaqtida aniqlash, ularni bartaraf etish va bu kabi holatlarning oldini olish yuzasidan pudratchi tashkilotning ichki nazorati tashkil etilganligini, ichki nazorat boʻyicha mutaxassisga belgilangan tartibda sertifikat berilganligini tekshirish;
pudratchi tashkilotdan qurilish ishlarining qatʼiy loyiha boʻyicha va materiallarga qoʻyiladigan meʼyoriy talablar va ishlar texnologiyasiga muvofiq bajarilishini talab qilish;
ish jurnallariga va boshqa ijro hujjatlarga aniqlangan loyihadan va meʼyoriy talablardan chetga chiqish holatlarini qayd etish;
zarur hollarda kamchiliklar bartaraf etilgunga qadar qurilish ishlarini vaqtincha toʻxtatib qoʻyish;
loyihadan va meʼyoriy talablardan chetga chiqqan holda bajarilgan ishlarga haq toʻlash toʻgʻrisidagi hujjatlarni imzolashdan bosh tortish;
qurilish-montaj ishlari ijrochilari texnik nazorat talablaridan norozi boʻlgan hollarda, pudratchi tashkilot va buyurtmachining yuqori tashkilotlariga belgilangan tartibda shikoyat bilan murojaat qilish.
18. Texnik nazorat boʻyicha mutaxassisning asosiy ish joyi boʻyicha nazorati ostidagi obyektlar qurilishini bajarayotgan tashkilotlarda oʻrindoshlik asosida ishlashi taqiqlanadi.
19. Obyektlar qurilish ishlari boʻyicha texnik nazorat olib borish uchun masʼul mutaxassislarga ish tajribasi, ularga biriktirilgan obyektlar sifatli va muddatida topshirilganligi, qurilish jarayonida bartaraf etilgan xato va kamchiliklar, sohaviy malakasi va boshqa mezonlar asosida Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi tomonidan malaka toifasi belgilanadi va buyurtmachi xizmati tomonidan ularning mehnatiga haq toʻlashda toifaga qarab oʻsib boruvchi ragʻbatlantiruvchi koeffitsiyent qoʻllaniladi.
20. Texnik nazorat boʻyicha mutaxassislar uch yilda kamida bir marotaba Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi tomonidan shaharsozlik faoliyati sohasida malaka oshirish kurslarida maxsus tayyorgarlikdan oʻtkazilishi, bilimlari tekshirilishi va tegishli guvohnoma berilishi shart.
5-bob. Yakuniy qoidalar
21. Texnik va mualliflik nazorati belgilangan tartibda taʼminlamaganligi uchun tegishli ravishda buyurtmachi xizmati va loyihachi tashkilot rahbarlari amaldagi qonunchilikka muvofiq javobgar hisoblanadi.
22. Ushbu Nizom va boshqa normativ-huquqiy hujjatlarda nazarda tutilgan oʻz vazifalarini lozim darajada bajarmaganligi yoki bajarmaganligi uchun texnik nazorat va mualliflik nazorati xodimlari Oʻzbekiston Respublikasining amaldagi qonunchiligida belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladi.
23. Oʻz faoliyatini amalga oshirish jarayonida sodir etilgan huquqbuzarliklari uchun texnik nazorat va mualliflik nazorati xodimlari amaldagi qonunchilikka asosan javobgar boʻladi.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 20-maydagi 321-son qaroriga 4-ILOVA
Qurilish obyektlarida nazorat oʻlchovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom moliyalashtirish manbaidan qatʼi nazar qurilish obyektlarida nazorat oʻlchovini oʻtkazish tartibini belgilaydi va qurilish obyektlarida nazorat oʻlchovini oʻtkazishda majburiy hisoblanadi.
2. Qurilish loyihalarini ekspertizadan oʻtkazish uchun akkreditatsiya qilingan yuridik shaxslar, tijorat banklari hamda boshqa vakolatli organlar qurilishda nazorat oʻlchovini oʻtkazish huquqiga ega tashkilotlar (keyingi oʻrinlarda — vakolatli tashkilot) hisoblanadi.
3. Vakolatli tashkilot oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, ushbu Nizomga, shuningdek, boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladilar.
4. Nazorat oʻlchovi qurilish obyektidagi haqiqatda bajarilgan ishlar hajmini aniqlash maqsadida obyekt foydalanishga topshirilgandan va/yoki qurilish-montaj ishlari yakunlangandan soʻng hamda boshqa holatlarda pudrat shartnomasiga asosan quyidagi asoslarga muvofiq oʻtkaziladi:
buyurtmachi xizmati, nazorat organlari yoki boshqa manfaatdor organlar talabiga;
pudratchi tashkilot tashabbusiga;
buyurtmachi xizmati va pudratchi tashkilot oʻzaro kelishuviga asosan.
5. Nazorat oʻlchovi quyidagi tamoyillar asosida oʻtkaziladi:
nazorat organlari faoliyatining qonuniyligi, xolisligi va oshkoraligi;
yuridik va jismoniy shaxslarning huquqlari hamda qonuniy manfaatlarini himoya qilish;
shaharsozlik faoliyati subyektlarining moliyaviy-xoʻjalik faoliyatiga aralashmaslik.
2-bob. Nazorat oʻlchovini oʻtkazish tartibi
6. Vakolatli tashkilot belgilagan tartibda tanlanib, shartnoma tuzilgandan soʻng nazorat oʻlchovini oʻtkazishning shartnomaviy qiymati tanlov natijalari yakuniga yoki tomonlar kelishuviga koʻra aniqlanadi hamda tashabbuskor tomonidan mablagʻ bilan taʼminlanadi.
7. Nazorat oʻlchovi oʻtkazishda ishtirok etish uchun buyurtmachi xizmatining texnik nazorat boʻyicha mutaxassisi, loyihachi tashkilotning mualliflik nazorati boʻyicha mutaxassisi va pudratchi tashkilotning masʼul mutaxassislari jalb qilinadi. Ushbu mutaxassislar ishtirokining asossiz taʼminlanmasligi nazorat oʻlchovini oʻtkazmaslikka sabab boʻlmaydi.
8. Nazorat oʻlchovini oʻtkazish, qoida tariqasida, shartnoma asosida avans mablagʻlari oʻtkazilgandan soʻng boshlanadi.
9. Vakolatli tashkilot nazorat oʻlchovini oʻtkazish obyekti manzili va muddatini aniq koʻrsatgan holda tegishli tashkilotlarni (buyurtmachi, pudrat tashkiloti, loyiha tashkiloti va obyektdan foydalanuvchini) nazorat oʻlchovi boshlanishidan oʻn kun oldin xabardor qiladi.
10. Agar pudrat shartnomasida boshqacha tartib nazarda tutilgan boʻlmasa, nazorat oʻlchovi oʻtkazishda qurilish obyektlarining smeta hujjatlarida ish turlarini hisoblashda meʼyorlar asosida qoʻllanilgan bir birlik odam/soat va mashina/soat uchun haqiqatda (qurilish ishlari texnologiyasi va xususiyatiga taʼsir etgan holatlardan tashqari) bajarilgan ishlarga asoslovchi hujjatlar talab qilish taqiqlanadi.
11. Nazorat oʻlchovi natijasi tegishli dalolatnoma bilan 3 nusxada rasmiylashtiriladi va nazorat oʻlchovini oʻtkazish boʻyicha manfaatdor tashkilot, pudratchi tashkilotda va vakolatli tashkilotda bir nusxadan saqlanadi.
12. Dalolatnomada quyidagilar koʻrsatib oʻtilishi shart:
qurilish obyekti toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (jumladan, obyekt nomi, manzili, qurilishga asos, buyurtmachi xizmati, pudratchi va loyihachi tashkilotlar rekvizitlari, loyiha hujjatlari boʻyicha ijobiy ekspertiza xulosasi, pudratchi tashkilotni belgilash boʻyicha asos, pudrat shartnomasi sanalari va raqamlari va shu kabilar);
qurilish obyektida pudrat shartnomasiga asosan belgilangan ish hajmlari va nazorat oʻlchovi natijasida aniqlangan haqiqatda bajarilgan ish hajmlari miqdori hamda har bir ish turi boʻyicha farqi;
aniqlangan kamchiliklarni amaldagi qonunchilik hujjatlari, shaharsozlik normalari va qoidalari asosi;
loyiha hujjatlariga kiritilgan oʻzgartirishlar va ularni rasmiylashtirishda belgilangan talabga rioya etilishi.
Dalolatnomaga tashabbuskor talablari asosida va obyekt xususiyatidan kelib chiqib, boshqa maʼlumotlarni ham kiritishi mumkin.
13. Dalolatnoma vakolatli tashkilot rahbari, mutaxassisi, buyurtmachi xizmatining rahbari, bosh muhandisi, texnik nazorat boʻyicha mutaxassisi, loyihachi tashkilot rahbari va mualliflik nazorati boʻyicha mutaxassisi hamda pudratchi tashkilot rahbari, masʼul mutaxassislari, shuningdek, buyurtmachi xizmati talabiga binoan qurilish obyekti boʻyicha jalb qilingan boshqa shaxslar tomonidan imzolanadi.
14. Qurilish obyekti oʻrnatilgan tartibda foydalanishga topshirilib, kafolat muddati tugagandan soʻng nazorat oʻlchovi oʻtkazish taqiqlanadi.
Kafolat muddatidan soʻng obyekt bilan bogʻliq fors-major, davlat va jamiyatga zarar yetkazadigan hamda boshqa shu kabi holatlarda nazorat oʻlchovlari oʻtkazilishi mumkin.
3-bob. Nazorat oʻlchovini oʻtkazish boʻyicha mutaxassis vazifalari, huquqlari va javobgarligi
15. Nazorat oʻlchovini oʻtkazish boʻyicha mutaxassis (keyingi oʻrinlarda — nazoratchi):
qurilish obyekti boʻyicha tayyorlangan shaharsozlikka oid hujjatlar va hisobotlar toʻliq va toʻgʻriligini tekshiradi;
qurilish obyektida haqiqatda bajarilgan fizik ish hajmlarni loyiha hujjatlari, oferta va bajarilgan ishlar toʻgʻrisidagi hisob-faktura asosida oʻlchovdan oʻtkazadi;
nazorat oʻlchovi natijasiga koʻra pudrat shartnomasi asosida loyiha hujjatlarida, ofertada va hisobotlarda nazarda tutilgan ish turlarining haqiqatda bajarilganligini ish turlari boʻyicha aniqlaydi;
nazorat oʻlchovi natijasiga koʻra qurilish obyektida haqiqatda bajarilgan ish hajmlarida loyihadan chetga chiqish holatlarini koʻrsatib beradi;
qurilish obyektlarida qurilish materiallarining hajmini, kalkulyatsiyasini, texnik parametrlarini va sifatini buyurtmachi va pudratchi tashkilot oʻrtasida oʻzaro rasmiy kelishuv, pudrat shartnomasi, oferta, loyiha hujjatlari va hisobotlar asosida qoʻllanilganligini tekshiradi;
haqiqatda bajarilib, hisobotlarda aks ettirilgan asbob-uskunalar va kommunikatsiya tizimlarining sinovdan oʻtkazilganligini tekshiradi;
nazorat oʻlchovi natijalarining maxfiyligini taʼminlaydi;
hisobotlarda arifmetik xatolarning mavjudligi va boshqa hisob-kitoblarni tekshiradi.
16. Nazoratchi huquqlari:
nazorat oʻlchovi oʻtkazilayotgan qurilish obyekti bilan bogʻliq hujjatlar va maʼlumotlarni talab qilish;
nazorat oʻlchovi oʻtkazilayotgan obyekt qurilishi bilan bogʻliq boʻlgan maʼlumotlarning toʻgʻriligini tekshirib berish uchun tegishli vazirliklar va idoralarga soʻrovlarni yuborish;
vazirliklar va idoralardan faoliyat bilan bogʻliq normativ-huquqiy hujjatlarga tushuntirishlar soʻrash;
maxsus bilim va koʻnikmaga ega boʻlgan mutaxassislarni jalb qilish;
aniqlangan tizimli kamchiliklarni tahlil qilish va bartaraf etish yuzasidan vakolatli idoralarga asoslantirilgan takliflarni kiritish.
17. Nazoratchi nazorat oʻlchovini amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq toʻgʻri oʻtkazilganligiga hamda nazorat oʻlchovi natijasiga koʻra aniqlangan kamchiliklar, hisob-kitoblar va dalolatnomani qonunchilik hujjatlariga muvofiq toʻgʻri rasmiylashtirilganligiga javobgar hisoblanadi.
18. Qurilish obyektida miqdorni aniqlash va oʻlchash murakkab boʻlgan konstruksiyalar haqiqatda bajarilgan ishlarning ishchi chizmalari va tasniflari bilan muvofiqligini tekshirish asosida tasdiqlanishi mumkin.
Bunda qurilishda bajarilgan ishlarning hajmlari va tarkibini asoslaydigan mavjud birlamchi hujjatlardan, shu jumladan, bajarilgan yopiq ishlarni qabul qilib olish dalolatnomalari hamda buyurtmachi va loyihachi tashkilot bilan muvofiqlashtirilgan ijro chizmalaridan foydalaniladi.
19. Bajarilgan yopiq ishlarning hajmlarini tekshirish belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan yopiq ishlarni qabul qilib olish dalolatnomalari hamda ijro chizmalari asosida amalga oshiriladi.
Obyekt qurilishi boʻyicha dalolatnomalar mavjud boʻlmagan taqdirda, zarur hollarda nazoratchi bosh pudratchi hisobidan qilingan ishlarni ochib tekshirishni talab qilish huquqiga ega.
20. Obyektlarda buzish va demontaj ishlari boʻyicha nazorat oʻlchovi ular boʻyicha taqdim qilingan dalolatnomalarga asosan qurilishning texnik holati, foydalanishda boʻlgan kirim qilingan qurilish materiallarini hisobga olgan holda amalga oshiriladi.
21. Obyektlarda bajarilgan qurilish-montaj ishlari texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlar asosida rasmiylashtirilmagan taqdirda, ular haqiqatda bajarilmagan deb hisoblanadi.
4-bob. Nazorat oʻlchovini oʻtkazishda shaharsozlik subyektlari manfaatlari
22. Nazorat oʻlchovi oʻtkazilayotgan obyekt boʻyicha buyurtmachi xizmati va pudratchi tashkilot mansabdor shaxslari nazorat oʻlchovini amalga oshirish uchun zarur shart-sharoitlarni yaratishga majburdirlar.
23. Nazoratchi tomonidan buyurtmachi xizmati va pudratchi tashkilotga nisbatan noqonuniy xatti-harakatlar sodir etilganda, buyurtmachi xizmati va pudratchi tashkilot nazoratchining yuqori turuvchi organiga va (yoki) huquqni muhofaza qiluvchi organlarga murojaat qilishga haqli.
24. Nazorat oʻlchovi oʻtkazishda shaharsozlik subyektlari tomonidan mustaqil ekspertlar jalb qilinishi mumkin.
25. Nazorat oʻlchovini oʻtkazishda shaharsozlik subyektlari manfaatlari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda himoya qilinadi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
26. Nazorat oʻlchovini oʻtkazuvchi yuridik shaxsning vakolatlari doirasidagi koʻrsatma va taqdimnomalarini bajarmaslik, unga maʼlumot taqdim etmaslik yoxud bila turib notoʻgʻri maʼlumotlarni taqdim etish, har qanday shakldagi taʼsir koʻrsatish qonunda belgilangan javobgarlikka sabab boʻladi.
27. Nazorat oʻlchovi natijalari boʻyicha nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 20-maydagi 321-son qaroriga 5-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan ayrim qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Kapital qurilishda xoʻjalik munosabatlari mexanizmini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2003-yil 12-sentabrdagi 395-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi QT 2003-y., 9-son, 83-modda).
2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” 2004-yil 12-maydagi 226-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QHT 2004-y., 19-son, 222-modda) ilovaning 2-bandi .
4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining baʼzi qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish, shuningdek ayrim qarorlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2014-yil 3-martdagi 45-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QHT 2014-y., 10-son, 105-modda; 2017-y., 26-son, 589-modda, 36-son, 951-modda) 1-ilovaning 14-bandi .
5. Vazirlar Mahkamasining “Markazlashtirilgan investitsiyalar hisobiga moliyalashtiriladigan investitsiya loyihalarini loyihalashtirish ishlarini va ekspertizadan oʻtkazishni takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2016-yil 22-yanvardagi 15-son qarorining (Oʻzbekiston Respublikasi QT 2016-y., 1-son, 6-modda) 3-bandi va 4-bandning ikkinchi xatboshisi hamda unga 5 va 5a-ilovalar.
6. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining baʼzi qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish, shuningdek ayrim qarorlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2017-yil 11-maydagi 270-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QHT 2017-y., 19-son, 345-modda, 25-son, 542-modda) 1-ilovaning 66-bandi .
7. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining baʼzi qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish, shuningdek ayrim qarorlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2017-yil 7-iyuldagi 472-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QHT 2017-y., 28-son, 649-modda) 1-ilovaning 9-bandi .
8. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining baʼzi qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” 2017-yil 25-dekabrdagi 1019-son qaroriga ilovaning 12-bandi .
9. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining baʼzi qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish, shuningdek ayrim qarorlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 19-yanvardagi 34-son qaroriga 1-ilovaning 19-bandi .
10. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining baʼzi qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish, shuningdek ayrim qarorlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2018-yil 13-martdagi 197-son qaroriga 1-ilovaning 2-bandi .
11. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining baʼzi qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish, shuningdek ayrim qarorlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2019-yil 26-martdagi 254-son qaroriga 1-ilovaning 3-bandi .
12. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining baʼzi qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” 2019-yil 28-noyabrdagi 961-son qaroriga ilovaning 2-bandi .
13. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining baʼzi qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish, shuningdek ayrim qarorlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2019-yil 19-dekabrdagi 1014-son qaroriga ilovaning 48-bandi .
14. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” 2020-yil 14-dekabrda 777-son qaroriga 1-ilovaning 1-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 20-may,
321-son