UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 20-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 20 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 20 мая 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 20 May 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришнинг янги модели — Гулистон тиббиёт кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Сирдарё вилояти аҳолисига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда давлат тиббиёт ташкилотлари бошқаруви тизимини мувофиқлаштириш орқали кўрсатилаётган хизмат сифатини яхшилаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 12 ноябрдаги ПҚ-4890-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 12 ноябрдаги ПҚ-4890-сон қарорига мувофиқ:

а) Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳасини (кейинги ўринларда — тажриба-синов лойиҳаси) амалга ошириш;

б) тажриба-синов лойиҳаси доирасида:

ҳар бир тиббиёт муассасаси даражасида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети (кейинги ўринларда — кафолатланган пакет) ишлаб чиқилиши;

кафолатланган пакетга киритилмаган тиббий хизматлар пуллик асосда кўрсатилиши;

аҳолининг соғлиғи билан боғлиқ кўрсаткичлар мониторингини олиб бориш, уларни тиббиёт муассасасига бириктириш, касаллик тарихини юритиш, дори воситалари учун рецепт ёзиш ва кафолатланган пакетга мувофиқ тиббиёт муассасаларига йўналтириш ягона электрон платформа орқали амалга оширилиши;

кафолатланган пакет асосида аҳолининг барча қатламларига сифатли ва тўлиқ тиббий ёрдам кўрсатилишини молиялаштиришга қаратилган давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этилиши;

в) Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ҳамда унинг Кузатув кенгаши тузилганлиги ва ушбу Кузатув кенгаши кафолатланган пакет учун тўловларни натижага асосланган молиялаштириш (даволанган ҳолат, бажарилган ишлар натижалари ва бошқалар) тартибини тасдиқлаши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида вилоят даражасидаги самарасиз фаолият юритаётган бўғинларни қисқартириш, қайта мослаштириш ва бошқарув харажатларини янада мақбуллаштириш орқали Гулистон тиббиёт кластери 2021 йил 1 июлдан ташкил этилсин.

3. Қуйидагилар Гулистон тиббиёт кластерининг (кейинги ўринларда — Кластер) асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

халқаро тажрибани қўллаган ҳолда вилоятда тиббиёт соҳасида кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш, беморларни текшириш, уларга юқори малакали тиббий-консультатив ёрдам кўрсатишда халқаро стандартларни жорий этиш;

тиббиёт ходимларини ва фармацевтика кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда қатнашиш, шунингдек, илмий изланишлар олиб бориш, тор мутахассисликдаги шифокорларни тайёрлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга оширишда фаол қатнашиш ва суғурта механизмларини амалиётга жорий этиш юзасидан илмий асосланган хулосалар ишлаб чиқиш;

беморларга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган клиник стандартларга мувофиқ юқори малакали ихтисослаштирилган стационар ёрдам кўрсатиш;

туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари мутахассисларига консультатив ва ташкилий-методик ёрдам кўрсатиш;

тиббиёт ташкилотларида даволаш-профилактика жараёни сифатини экспертизадан ўтказиш;

аҳолининг умумий касалланиши ва ўлимига олиб келувчи ҳолатларни таҳлилини амалга ошириш, шу жумладан, меҳнат қобилиятини йўқотишга ҳамда ногиронликка олиб келувчи омилларни бартараф этиш юзасидан мақсадли чоралар кўриш;

тиббий ёрдамни ривожлантириш мақсадли дастурларини шартнома асосида ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

4. Белгилансинки:

а) Кластер:

Сирдарё вилоят Кўп тармоқли тиббиёт маркази;

Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиали;

Сирдарё вилоят Эндокринология диспансери;

Сирдарё вилоят Кўз касалликлар шифохонаси;

Сирдарё вилоят Тиббий диагностика маркази;

Сирдарё вилояти Уруш ва меҳнат фахрийлари шифохоналари негизида ташкил этилади.

Бунда Кластер:

фаолияти йўлга қўйилишида эришилган ижобий натижалар асосида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) босқичма-босқич Сирдарё вилояти давлат тиббиёт ташкилотларини Кластер таркибига киритиш ҳуқуқига эга ҳисобланади;

ушбу кичик бандда назарда тутилган тиббиёт ташкилотларининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

юридик шахс мақомига эга бўлган, давлат тиббиёт ташкилоти ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;

б) Кластерда аҳолига тиббий хизматлар:

Вазирлик томонидан тасдиқланадиган кафолатланган пакет доирасида бепул;

кафолатланган пакетга киритилмаган тиббий хизматлар пуллик асосда кўрсатилади;

в) Кластер фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 12 ноябрдаги ПҚ-4890-сон қарори билан ташкил этилган Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган «ҳар бир даволанган ҳолат учун» молиялаштириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом асосида молиялаштирилади;

г) Кластерга Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Вазирлик билан келишган ҳолда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;

д) Кластер тиббий хизматлар кўрсатишдан ва бошқа хизматлардан тушган даромадлар доирасида:

мустақил равишда бемор ўринлари фондини шакллантиради;

Кластер даромадлари ва харажатлари сметасини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;

Кластер ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

штат жадвалини тасдиқлайди ва лавозим маошининг базавий миқдоридан келиб чиқиб лавозим маошларини, шунингдек, миқдори чекланмайдиган устама ва қўшимча ҳақларни белгилайди.

Бунда Кластер Вазирлик, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланадиган Кластер учун тавсиявий штат жадвалига мувофиқ штат жадвалини тасдиқлайди;

е) Кластернинг фаолияти:

кафолатланган пакет доирасида Жамғарма томонидан харид қилинадиган тиббий хизматлардан тушадиган маблағлар;

пуллик асосида амалга оширилган ва кўрсатилган тиббий хизматлардан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ва хорижий ҳукумат ташкилотларнинг грантлари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2021 — 2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 28 декабрдаги ПҚ-4936-сон қарори билан Сирдарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Гулистон тиббиёт кластери жойлаштириладиган бино ва иншоотларни реконструкция қилиш ишлари учун мос равишда 9,5 млрд сўм ва 10,0 млрд сўм миқдоридаги маблағ ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва Вазирлик:

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда Кластернинг асосий фаолият йўналишларини инобатга олган ҳолда Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳар, Обод юрт маҳалласи, Ибн Сино кўчаси, 15 ва 16-уй манзилларида жойлашган бино ва иншоотларни Кластерга мослаштириш юзасидан реконструкция қилишга доир лойиҳа-смета ҳужжатлари ўн кун муддатда ишлаб чиқилишини;

2022 йил якунига қадар Кластер Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳар, Обод юрт маҳалласи, Ибн Сино кўчаси, 15 ва 16-уй манзилларидаги бино ва иншоотларга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Сирдарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Вазирликнинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ бир ой муддатда белгиланган тартибда Вазирлик, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси, Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ҳамда Кластер ўртасида ўзаро боғланиш учун алоқа каналлари ташкил этилишини ҳамда маҳаллий бюджетдан харажатлар қопланган ҳолда улар юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланишини таъминласин.

7. Вазирлик:

Кластерга Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида» 2021 йил 5 майдаги ПФ-6221-сон Фармони билан ташкил этилган Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш бўйича ишчи гуруҳ билан биргаликда малакали мутахассисларни, шу жумладан, директор лавозимига раҳбар ходимни жалб қилиш чораларини кўрсин;

бир ой муддатда Кластер уставини ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда тасдиқласин;

Кластерда мавжуд тиббий техника ва инвентарларни бир ой муддатда тўлиқ хатловдан ўтказган ҳолда Кластер фаолиятини тўлиқ таъминлаш мақсадида қўшимча зарур бўлган жиҳозлар бюджет маблағлари ҳамда халқаро молия ташкилотларининг грант ва кредитлари ҳисобидан етказиб берилишини таъминласин;

Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда Кластер ташкил этилиши муносабати билан тиббиёт ташкилотларидан бўшайдиган бино ва иншоотлардан мақсадли фойдаланиш тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.М. Хаджибаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 20 май,

318-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.05.2021 й., 09/21/318/0482-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Sirdaryo viloyatida sogʻliqni saqlash tizimini takomillashtirishning yangi modeli — Guliston tibbiyot klasterini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Sirdaryo viloyati aholisiga yuqori malakali tibbiy xizmat koʻrsatish hamda davlat tibbiyot tashkilotlari boshqaruvi tizimini muvofiqlashtirish orqali koʻrsatilayotgan xizmat sifatini yaxshilash, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sogʻliqni saqlash tizimini tashkil etishning yangi modeli va davlat tibbiy sugʻurtasi mexanizmlarini Sirdaryo viloyatida joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 12-noyabrdagi PQ-4890-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sogʻliqni saqlash tizimini tashkil etishning yangi modeli va davlat tibbiy sugʻurtasi mexanizmlarini Sirdaryo viloyatida joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 12-noyabrdagi PQ-4890-son qaroriga muvofiq:

a) Jahon sogʻliqni saqlash tashkiloti tavsiyalari asosida Sirdaryo viloyatida sogʻliqni saqlash tizimini tashkil etishning yangi modeli va davlat tibbiy sugʻurtasi mexanizmlarini joriy etish boʻyicha tajriba-sinov loyihasini (keyingi oʻrinlarda — tajriba-sinov loyihasi) amalga oshirish;

b) tajriba-sinov loyihasi doirasida:

har bir tibbiyot muassasasi darajasida davlat tomonidan kafolatlangan bepul tibbiy xizmatlar va dori vositalari paketi (keyingi oʻrinlarda — kafolatlangan paket) ishlab chiqilishi;

kafolatlangan paketga kiritilmagan tibbiy xizmatlar pullik asosda koʻrsatilishi;

aholining sogʻligʻi bilan bogʻliq koʻrsatkichlar monitoringini olib borish, ularni tibbiyot muassasasiga biriktirish, kasallik tarixini yuritish, dori vositalari uchun retsept yozish va kafolatlangan paketga muvofiq tibbiyot muassasalariga yoʻnaltirish yagona elektron platforma orqali amalga oshirilishi;

kafolatlangan paket asosida aholining barcha qatlamlariga sifatli va toʻliq tibbiy yordam koʻrsatilishini moliyalashtirishga qaratilgan davlat tibbiy sugʻurtasi mexanizmlari bosqichma-bosqich joriy etilishi;

v) Davlat tibbiy sugʻurtasi jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) hamda uning Kuzatuv kengashi tuzilganligi va ushbu Kuzatuv kengashi kafolatlangan paket uchun toʻlovlarni natijaga asoslangan moliyalashtirish (davolangan holat, bajarilgan ishlar natijalari va boshqalar) tartibini tasdiqlashi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Sirdaryo viloyatining Guliston shahrida viloyat darajasidagi samarasiz faoliyat yuritayotgan boʻgʻinlarni qisqartirish, qayta moslashtirish va boshqaruv xarajatlarini yanada maqbullashtirish orqali Guliston tibbiyot klasteri 2021-yil 1-iyuldan tashkil etilsin.

3. Quyidagilar Guliston tibbiyot klasterining (keyingi oʻrinlarda — Klaster) asosiy vazifalari va faoliyati yoʻnalishlari etib belgilansin:

xalqaro tajribani qoʻllagan holda viloyatda tibbiyot sohasida koʻrsatiladigan tibbiy xizmatlar sifati va samaradorligini oshirish, bemorlarni tekshirish, ularga yuqori malakali tibbiy-konsultativ yordam koʻrsatishda xalqaro standartlarni joriy etish;

tibbiyot xodimlarini va farmatsevtika kadrlarini tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishda qatnashish, shuningdek, ilmiy izlanishlar olib borish, tor mutaxassislikdagi shifokorlarni tayyorlash uchun qulay shart-sharoitlar yaratish;

davlat tibbiy sugʻurtasi mexanizmlarini joriy etish boʻyicha tajriba-sinov loyihasini amalga oshirishda faol qatnashish va sugʻurta mexanizmlarini amaliyotga joriy etish yuzasidan ilmiy asoslangan xulosalar ishlab chiqish;

bemorlarga Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan tasdiqlangan klinik standartlarga muvofiq yuqori malakali ixtisoslashtirilgan statsionar yordam koʻrsatish;

tuman (shahar) tibbiyot birlashmalari mutaxassislariga konsultativ va tashkiliy-metodik yordam koʻrsatish;

tibbiyot tashkilotlarida davolash-profilaktika jarayoni sifatini ekspertizadan oʻtkazish;

aholining umumiy kasallanishi va oʻlimiga olib keluvchi holatlarni tahlilini amalga oshirish, shu jumladan, mehnat qobiliyatini yoʻqotishga hamda nogironlikka olib keluvchi omillarni bartaraf etish yuzasidan maqsadli choralar koʻrish;

tibbiy yordamni rivojlantirish maqsadli dasturlarini shartnoma asosida ishlab chiqish va amalga oshirish.

4. Belgilansinki:

a) Klaster:

Sirdaryo viloyat Koʻp tarmoqli tibbiyot markazi;

Respublika shoshilinch tez tibbiy yordam ilmiy markazi Sirdaryo viloyati filiali;

Sirdaryo viloyat Endokrinologiya dispanseri;

Sirdaryo viloyat Koʻz kasalliklar shifoxonasi;

Sirdaryo viloyat Tibbiy diagnostika markazi;

Sirdaryo viloyati Urush va mehnat faxriylari shifoxonalari negizida tashkil etiladi.

Bunda Klaster:

faoliyati yoʻlga qoʻyilishida erishilgan ijobiy natijalar asosida Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) bosqichma-bosqich Sirdaryo viloyati davlat tibbiyot tashkilotlarini Klaster tarkibiga kiritish huquqiga ega hisoblanadi;

ushbu kichik bandda nazarda tutilgan tibbiyot tashkilotlarining barcha huquq va majburiyatlari, shartnomalari boʻyicha huquqiy vorisi hisoblanadi;

yuridik shaxs maqomiga ega boʻlgan, davlat tibbiyot tashkiloti hisoblanadi, Oʻzbekiston Respublikasining Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga va blanklarga, mustaqil balansga, shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga ega boʻladi;

b) Klasterda aholiga tibbiy xizmatlar:

Vazirlik tomonidan tasdiqlanadigan kafolatlangan paket doirasida bepul;

kafolatlangan paketga kiritilmagan tibbiy xizmatlar pullik asosda koʻrsatiladi;

v) Klaster faoliyati Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sogʻliqni saqlash tizimini tashkil etishning yangi modeli va davlat tibbiy sugʻurtasi mexanizmlarini Sirdaryo viloyatida joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 12-noyabrdagi PQ-4890-son qarori bilan tashkil etilgan Davlat tibbiy sugʻurtasi jamgʻarmasi Kuzatuv kengashi tomonidan tasdiqlanadigan “har bir davolangan holat uchun” moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizom asosida moliyalashtiriladi;

g) Klasterga Sirdaryo viloyat sogʻliqni saqlash boshqarmasi tomonidan Sirdaryo viloyati hokimligi hamda Vazirlik bilan kelishgan holda lavozimga tayinlanadigan va lavozimidan ozod etiladigan direktor rahbarlik qiladi;

d) Klaster tibbiy xizmatlar koʻrsatishdan va boshqa xizmatlardan tushgan daromadlar doirasida:

mustaqil ravishda bemor oʻrinlari fondini shakllantiradi;

Klaster daromadlari va xarajatlari smetasini ishlab chiqadi hamda tasdiqlaydi;

Klaster xodimlarining mehnatiga haq toʻlash va ularni moddiy ragʻbatlantirish toʻgʻrisidagi nizomni ishlab chiqadi va tasdiqlaydi;

shtat jadvalini tasdiqlaydi va lavozim maoshining bazaviy miqdoridan kelib chiqib lavozim maoshlarini, shuningdek, miqdori cheklanmaydigan ustama va qoʻshimcha haqlarni belgilaydi.

Bunda Klaster Vazirlik, Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi hamda Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi tomonidan tasdiqlanadigan Klaster uchun tavsiyaviy shtat jadvaliga muvofiq shtat jadvalini tasdiqlaydi;

e) Klasterning faoliyati:

kafolatlangan paket doirasida Jamgʻarma tomonidan xarid qilinadigan tibbiy xizmatlardan tushadigan mablagʻlar;

pullik asosida amalga oshirilgan va koʻrsatilgan tibbiy xizmatlardan tushadigan mablagʻlar;

jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;

xalqaro moliya va xorijiy hukumat tashkilotlarning grantlari;

qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2021 — 2023-yillarda Oʻzbekiston Respublikasining ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 28-dekabrdagi PQ-4936-son qarori bilan Sirdaryo viloyat koʻp tarmoqli tibbiyot markazi va Guliston tibbiyot klasteri joylashtiriladigan bino va inshootlarni rekonstruksiya qilish ishlari uchun mos ravishda 9,5 mlrd soʻm va 10,0 mlrd soʻm miqdoridagi mablagʻ ajratilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

Sirdaryo viloyati hokimligi va Vazirlik:

Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi bilan birgalikda Klasterning asosiy faoliyat yoʻnalishlarini inobatga olgan holda Sirdaryo viloyati, Guliston shahar, Obod yurt mahallasi, Ibn Sino koʻchasi, 15 va 16-uy manzillarida joylashgan bino va inshootlarni Klasterga moslashtirish yuzasidan rekonstruksiya qilishga doir loyiha-smeta hujjatlari oʻn kun muddatda ishlab chiqilishini;

2022-yil yakuniga qadar Klaster Sirdaryo viloyati, Guliston shahar, Obod yurt mahallasi, Ibn Sino koʻchasi, 15 va 16-uy manzillaridagi bino va inshootlarga tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirilishini taʼminlasin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi Sirdaryo viloyati hokimligi bilan birgalikda Vazirlikning asoslangan hisob-kitoblariga muvofiq bir oy muddatda belgilangan tartibda Vazirlik, Davlat tibbiy sugʻurtasi jamgʻarmasi, Sirdaryo viloyat sogʻliqni saqlash boshqarmasi, respublika ixtisoslashtirilgan ilmiy-amaliy tibbiyot markazlari hamda Klaster oʻrtasida oʻzaro bogʻlanish uchun aloqa kanallari tashkil etilishini hamda mahalliy budjetdan xarajatlar qoplangan holda ular yuqori tezlikdagi Internet jahon axborot tarmogʻiga ulanishini taʼminlasin.

7. Vazirlik:

Klasterga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sogʻliqni saqlash tizimida olib borilayotgan islohotlarni izchil davom ettirish va tibbiyot xodimlarining salohiyatini oshirish uchun zarur shart-sharoitlar yaratish toʻgʻrisida” 2021-yil 5-maydagi PF-6221-son Farmoni bilan tashkil etilgan Iqtidorli va malakali tibbiyot mutaxassislarini qoʻllab-quvvatlash hamda tibbiyot muassasalariga jalb qilish boʻyicha ishchi guruh bilan birgalikda malakali mutaxassislarni, shu jumladan, direktor lavozimiga rahbar xodimni jalb qilish choralarini koʻrsin;

bir oy muddatda Klaster ustavini ishlab chiqsin hamda belgilangan tartibda tasdiqlasin;

Klasterda mavjud tibbiy texnika va inventarlarni bir oy muddatda toʻliq xatlovdan oʻtkazgan holda Klaster faoliyatini toʻliq taʼminlash maqsadida qoʻshimcha zarur boʻlgan jihozlar budjet mablagʻlari hamda xalqaro moliya tashkilotlarining grant va kreditlari hisobidan yetkazib berilishini taʼminlasin;

Sirdaryo viloyati hokimligi va Davlat aktivlarini boshqarish agentligi bilan birgalikda Klaster tashkil etilishi munosabati bilan tibbiyot tashkilotlaridan boʻshaydigan bino va inshootlardan maqsadli foydalanish toʻgʻrisidagi takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;

manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev va Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri A.M. Xadjibayev zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 20-may,

318-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 21.05.2021-y., 09/21/318/0482-son)

lex.uz