UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 3-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 3 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 3 июня 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 3 June 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Вояга етмаган шахсларга жамоат тарбиячиларини тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, назоратсиз ва қаровсиз қолган болалар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 563-моддасига мувофиқ вояга етмаган судланувчи шартли ҳукм қилинган ёхуд унга нисбатан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган тақдирда, унга жамоат тарбиячиси тайинлаш масаласи кўриб чиқилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Назоратсиз ва қаровсиз қолган ҳамда ҳуқуқбузарлик ёки ижтимоий хавфли қилмиш содир этган вояга етмаган шахслар билан якка тартибда ишлаш, шунингдек, уларнинг ота-онасига (ёки ўрнини босувчи шахсларга) вояга етмаган шахсларни тарбиялашда амалий ёрдам кўрсатиш вояга етмаган шахсларга тайинланадиган жамоат тарбиячиларининг асосий вазифаси этиб белгилансин.

3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Вояга етмаган шахсларга жамоат тарбиячиларини тайинлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

а) жамоат тарбиячиси қуйидаги тоифалардаги вояга етмаганларга нисбатан тайинланиши мумкин:

суд томонидан мажбурлов чоралари қўлланилган ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган;

озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинган;

ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтган ёки тарбия колонияларида жазони ўтаган;

назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаганлар;

болани тарбиялашда ёрдамга муҳтож бўлган оилаларнинг вояга етмаган фарзандлари.

б) жамоат тарбиячисини танлаш ва тайинлаш ҳақидаги қарор Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссияси (кейинги ўринларда — Комиссия) томонидан қабул қилинади;

в) жамоат тарбиячиси Комиссиянинг тақдимномасига асосан туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача миқдорда битта вояга етмаган шахс учун бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши мумкин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги 339-сон қарорига ИЛОВА

Вояга етмаган шахсларга жамоат тарбиячиларини тайинлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом вояга етмаган шахсларга жамоат тарбиячиларини тайинлаш тартибини белгилайди.

2. Жамоат тарбиячиларининг асосий вазифаси назоратсиз ва қаровсиз қолган ҳамда ҳуқуқбузарлик ёки ижтимоий хавфли қилмиш содир этган вояга етмаган шахслар билан якка тартибда ишлаш, шунингдек, уларнинг ота-онасига (ёки ўрнини босувчи шахсларга) вояга етмаган шахсларни тарбиялашда амалий ёрдам кўрсатишдан иборат.

3. Жамоат тарбиячиси фаолияти бола билан ишлашда индивидуал ёндашув ҳамда ихтиёрийлик асосида беғараз амалга оширилади.

2-боб. Жамоат тарбиячисини тайинлаш тартиби

4. Вояга етмаган шахсларнинг жамоат тарбиячиси (кейинги ўринларда — жамоат тарбиячиси) этиб 30 ёшга тўлган, биринчи навбатда вояга етмаган шахслар билан камида икки йил ишлаш тажрибасига эга бўлган, жинси, оилавий аҳволидан қатъи назар, ўзининг ҳаётий тажрибаси ва ахлоқий фазилатлари билан вояга етмаганларга ижобий таъсир кўрсата оладиган, ўз зиммасига вояга етмаган шахсларни тарбиялаш вазифасини олишга тайёр бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси тайинланиши мумкин.

Вояга етмаган қизларга нисбатан аёл жинсига мансуб бўлган жамоат тарбиячиси тайинланади.

5. Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссияси (кейинги ўринларда — Комиссия) ёшлар ишлари, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, бандлик ва меҳнат муносабатлари, маданият, туризм ва спорт, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, оила ва хотин-қизлар, ички ишлар органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда вояга етмаган шахслар билан ишлайдиган бошқа ташкилотларнинг таклифлари асосида жамоат тарбиячилари номзодлари рўйхатини шакллантиради.

Бунда Комиссия масъул котиби номзодлар рўйхатини шакллантириш ва ҳар йили янгилаб бориш учун масъул ҳисобланади.

6. Вояга етмаган шахсларга жамоат тарбиячисини танлаш ва тайинлаш ҳақидаги қарор Комиссия томонидан қабул қилинади.

7. Жамоат тарбиячиси қуйидаги тоифалардаги вояга етмаганларга нисбатан тайинланиши мумкин:

суд томонидан мажбурлов чоралари қўлланилган ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган;

озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинган;

ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтган ёки тарбия колонияларида жазони ўтаган;

назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаганлар;

болани тарбиялашда ёрдамга муҳтож бўлган оилаларнинг вояга етмаган фарзандлари.

8. Комиссия шартли ҳукм қилинган ҳамда озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган вояга етмаганларга нисбатан суд қарори асосида жамоат тарбиячисини тайинлайди.

9. Комиссия суднинг тегишли қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан беш кун муддат ичида вояга етмаганга жамоат тарбиячисини тайинлайди.

Суднинг тегишли қарори талаб этилмайдиган ҳолатларда Комиссия мутасадди ташкилотларнинг (Комиссия аъзоларининг) тақдимига асосан беш кун муддат ичида вояга етмаганга жамоат тарбиячисини тайинлаши мумкин.

10. Комиссия жамоат тарбиячисини тайинлашда ҳар бир ҳолатда индивидуал тартибда, содир этилган қилмиш, вояга етмаган шахснинг хулқ-атвори, психологик портрети, ёши ва бошқа омилларни инобатга олади.

11. Комиссиянинг жамоат тарбиячисини тайинлаш тўғрисидаги қарорида қуйидагилар кўрсатилади:

жамоат тарбиячиси тўғрисида маълумот;

жамоат тарбиячиси тайинланаётган вояга етмаган тўғрисида маълумот;

жамоат тарбиячисини тайинлаш асослари (ҳолат мазмуни);

жамоат тарбиячисини тайинлаш муддати;

жамоат тарбиячисининг ҳисобдорлиги;

қарор юзасидан шикоят қилиш тартиби.

Комиссия вояга етмаганга жамоат тарбиячисини тайинлаш тўғрисида қабул қилинган қарор билан боланинг ота-онасини (уларнинг ўрнини босувчи шахсларни) таништиради.

Комиссия вояга етмаганга жамоат тарбиячиси тайинланганлиги ҳақида манфаатдор ташкилотларни (суд, ички ишлар, васийлик ва ҳомийлик органлари, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқаларни) хабардор қилади.

Жамоат тарбиячиси вояга етмаганларнинг фикри ҳисобга олиниб, уларнинг ота-оналари ёки бошқа қонуний вакиллари билан келишган ҳолда тайинланади.

Битта вояга етмаган шахсга битта жамоат тарбиячиси тайинланиши мумкин.

12. Қуйидагилар жамоат тарбиячиси этиб тайинланиши мумкин эмас:

муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлган шахслар;

муқаддам судланган ҳамда судланганлик ҳолати белгиланган тартибда тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахслар;

жиноят процессида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи сифатида жалб қилинган шахслар;

ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ёки ота-оналик ҳуқуқлари чекланган шахслар;

ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилган, бола билан шафқатсиз муомалада бўлган шахслар;

сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка ружу қўйган шахслар;

доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахслар;

собиқ тутинган ота-оналар ёки фарзандликка олувчилар, агар болаларни тарбияга олиш тўғрисидаги келишув ёки фарзандликка олиш бекор қилинган бўлса;

ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ёхуд ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлиги учун васий ёки ҳомий мажбуриятларини бажаришдан четлаштирилган шахслар;

соғлиғи туфайли жамоат тарбиячиси мажбуриятини бажара олмайдиган шахслар.

13. Вояга етмаган шахсга жамоат тарбиячиси уч ойгача бўлган муддатга тайинланади, мазкур муддат Комиссия томонидан жамоат тарбиячисининг ҳисоботини эшитиш натижаларига кўра, бир маротаба кўпи билан уч ойгача узайтирилиши мумкин.

3-боб. Жамоат тарбиячиси ҳамда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

14. Жамоат тарбиячиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

вояга етмаган шахсни яшаш ва ўқиш жойи бўйича бориб кўриш;

вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўриш;

вояга етмаган билан якка тартибда ишлаш дастурида (кейинги ўринларда — Дастур) белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишда мутасадди ташкилот ва муассасалардан методик ҳамда амалий ёрдам олиш;

Комиссиядан вояга етмаганлар ва уларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) тўғрисида зарур маълумотларни талаб қилиб олиш;

Комиссиянинг вояга етмаган шахсга оид йиғилишларида қатнашиш ҳамда фикр ва таклифлар билдириш.

15. Жамоат тарбиячиси қуйидагиларга мажбур:

ҳар бир вояга етмаганга индивидуал ёндашган ҳолда унинг хулқ-атвори, психологик портрети, ёши, қобилияти, қизиқишлари ва бошқа омилларни инобатга олган ҳолда вояга етмаганларнинг ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)нинг таклифини олган ҳолда Дастур тузиш ва Комиссия билан келишиш;

вояга етмаганнинг Дастурда белгиланган чора-тадбирларга риоя этиши устидан назорат қилиш;

вояга етмаган шахснинг ғайриижтимоий хулқ-атворини тузатиш, мавжуд салбий одатларини бартараф этиш ва ҳуқуқбузарликлар содир этишининг олдини олиш чораларини кўриш;

вояга етмаганни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, унда меҳнатсеварлик, масъулият, фидойилик, дунёқараши кенг, мустақил ва комил инсон бўлишга интилиш туйғуларини шакллантириш;

вояга етмаганларнинг ўқишини давом эттириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг тўгаракларда иштироки, ҳордиқ чиқариши, бандлигини таъминлаш чораларини кўриш;

ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) билан вояга етмаганни тарбиялаш, уларнинг ҳаёти ва келажаги учун жавобгар эканлиги борасида тушунтириш ишлари олиб бориш;

вояга етмаган шахс томонидан Дастурда белгиланган чора-тадбирлар бажарилмаган тақдирда, бу ҳақида Комиссияга хабар бериш;

ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда, бу ҳақида Комиссияга хабар бериш;

ҳар ойда Комиссияга амалга оширилган ишлар ва болада кузатилаётган ўзгаришлар тўғрисида ҳисобот тақдим этиш.

16. Вояга етмаган шахс:

вояга етмаган шахс жамоат тарбиячисининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан Комиссияга шикоят қилиш;

жамоат тарбиячисини алмаштириш тўғрисида Комиссияга мурожаат қилиш ва қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган бошқа ҳуқуқларга эга.

Вояга етмаган шахс Дастурга амал қилиши ва унда белгиланган чора-тадбирларни бажариши ҳамда қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиши лозим.

4-боб. Жамоат тарбиячисини алмаштириш ва фаолиятини тугатиш тартиби

17. Жамоат тарбиячиси қуйидаги ҳолатларда алмаштирилади:

жамоат тарбиячиси ўз вазифаларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда;

вояга етмаганлар, уларнинг ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) томонидан Комиссияга жамоат тарбиячиси устидан тушган шикоятлар асосида;

вояга етмаган ёки жамоат тарбиячиси яшаш жойини ўзгартирганда (вояга етмаган шахс ва жамоат тарбиячисининг бевосита мулоқоти қийинлашган ҳолларда);

жамоат тарбиячиси ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан бош тортганида.

18. Жамоат тарбиячисининг фаолияти Комиссия қарори билан қуйидаги ҳолларда тугатилади:

жамоат тарбиячиси тайинлаш муддати тугаганда;

вояга етмаган шахс ўн саккиз ёшга тўлганда ёки эмансипация қилинганда;

вояга етмаган шахс озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилганда;

вояга етмаган шахс бошқа давлатга доимий яшаш учун кетганда;

вояга етмаган шахс вафот этганда.

Жамоат тарбиячисини алмаштириш ёки унинг фаолиятини тугатиш ҳақида Комиссия қарор қабул қилади.

5-боб. Жамоат тарбиячиси фаолиятини назорат қилиш

19. Жамоат тарбиячиларининг фаолияти устидан назорат Комиссия томонидан амалга оширилади.

20. Комиссия:

жамоат тарбиячисининг Дастур бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботларини эшитиб боради;

вояга етмаган учун Дастурдаги чора-тадбирларни ўзгартириш ёки унга қўшимча чора-тадбирлар киритиш масаласини кўриб чиқади;

жамоат тарбиячисининг вояга етмаган билан олиб бораётган якка тартибдаги ишларининг аҳволини текшириб боради;

вояга етмаганлар, уларнинг ота-онасидан (уларнинг ўрнини босувчи шахслардан) Комиссияга жамоат тарбиячиси устидан тушган шикоятларни кўриб чиқади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

21. Юклатилган вазифаларни фаол ва виждонан бажарган ҳамда ижобий натижаларга эришган жамоат тарбиячилари Комиссиянинг тақдимномасига асосан туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача миқдорда битта вояга етмаган шахс учун бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши, шунингдек, унга нисбатан бошқа рағбатлантириш чоралари қўлланилиши мумкин.

Туман (шаҳар) бўйича пул мукофотининг йиллик миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан ортиқ бўлмаслиги керак.

22. Вояга етмаган шахсларга жамоат тарбиячиси бириктирилганлиги ота-оналар ёки бошқа қонуний вакилларни вояга етмаган болани тарбиялаш ва унинг хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликдан озод этмайди.

23. Мазкур Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 3 июнь,

339-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/339/0516-сон, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 10.08.2022 й., 09/22/438/0726-сон; 04.09.2023 й., 09/23/434/0679-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Voyaga yetmagan shaxslarga jamoat tarbiyachilarini tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Voyaga yetmaganlar oʻrtasida huquqbuzarliklarning oldini olish, nazoratsiz va qarovsiz qolgan bolalar bilan ishlash tizimini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Jinoyat-protsessual kodeksining 563-moddasiga muvofiq voyaga yetmagan sudlanuvchi shartli hukm qilingan yoxud unga nisbatan ozodlikdan mahrum etish bilan bogʻliq boʻlmagan jazo tayinlangan taqdirda, unga jamoat tarbiyachisi tayinlash masalasi koʻrib chiqilishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Nazoratsiz va qarovsiz qolgan hamda huquqbuzarlik yoki ijtimoiy xavfli qilmish sodir etgan voyaga yetmagan shaxslar bilan yakka tartibda ishlash, shuningdek, ularning ota-onasiga (yoki oʻrnini bosuvchi shaxslarga) voyaga yetmagan shaxslarni tarbiyalashda amaliy yordam koʻrsatish voyaga yetmagan shaxslarga tayinlanadigan jamoat tarbiyachilarining asosiy vazifasi etib belgilansin.

3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Voyaga yetmagan shaxslarga jamoat tarbiyachilarini tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

a) jamoat tarbiyachisi quyidagi toifalardagi voyaga yetmaganlarga nisbatan tayinlanishi mumkin:

sud tomonidan majburlov choralari qoʻllanilgan yoki maʼmuriy huquqbuzarlik sodir etgan;

ozodlikdan mahrum qilish jazosini oʻtashdan muddatidan oldin shartli ravishda ozod qilingan;

ixtisoslashtirilgan oʻquv-tarbiya muassasalaridan qaytgan yoki tarbiya koloniyalarida jazoni oʻtagan;

nazoratsiz va qarovsiz qolgan voyaga yetmaganlar;

bolani tarbiyalashda yordamga muhtoj boʻlgan oilalarning voyaga yetmagan farzandlari.

b) jamoat tarbiyachisini tanlash va tayinlash haqidagi qaror Bolalar masalalari boʻyicha tuman (shahar) komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) tomonidan qabul qilinadi;

v) jamoat tarbiyachisi Komissiyaning taqdimnomasiga asosan tuman (shahar) hokimliklari tomonidan mahalliy budjetning qoʻshimcha manbalari hisobidan bazaviy hisoblash miqdorining 5 baravarigacha miqdorda bitta voyaga yetmagan shaxs uchun bir martalik pul mukofoti bilan ragʻbatlantirilishi mumkin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 3 iyundagi 339-son qaroriga ILOVA

Voyaga yetmagan shaxslarga jamoat tarbiyachilarini tayinlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom voyaga yetmagan shaxslarga jamoat tarbiyachilarini tayinlash tartibini belgilaydi.

2. Jamoat tarbiyachilarining asosiy vazifasi nazoratsiz va qarovsiz qolgan hamda huquqbuzarlik yoki ijtimoiy xavfli qilmish sodir etgan voyaga yetmagan shaxslar bilan yakka tartibda ishlash, shuningdek, ularning ota-onasiga (yoki oʻrnini bosuvchi shaxslarga) voyaga yetmagan shaxslarni tarbiyalashda amaliy yordam koʻrsatishdan iborat.

3. Jamoat tarbiyachisi faoliyati bola bilan ishlashda individual yondashuv hamda ixtiyoriylik asosida begʻaraz amalga oshiriladi.

2-bob. Jamoat tarbiyachisini tayinlash tartibi

4. Voyaga yetmagan shaxslarning jamoat tarbiyachisi (keyingi oʻrinlarda — jamoat tarbiyachisi) etib 30 yoshga toʻlgan, birinchi navbatda voyaga yetmagan shaxslar bilan kamida ikki yil ishlash tajribasiga ega boʻlgan, jinsi, oilaviy ahvolidan qatʼi nazar, oʻzining hayotiy tajribasi va axloqiy fazilatlari bilan voyaga yetmaganlarga ijobiy taʼsir koʻrsata oladigan, oʻz zimmasiga voyaga yetmagan shaxslarni tarbiyalash vazifasini olishga tayyor boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi tayinlanishi mumkin.

Voyaga yetmagan qizlarga nisbatan ayol jinsiga mansub boʻlgan jamoat tarbiyachisi tayinlanadi.

5. Bolalar masalalari boʻyicha tuman (shahar) komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) yoshlar ishlari, xalq taʼlimi, sogʻliqni saqlash, bandlik va mehnat munosabatlari, madaniyat, turizm va sport, mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash, oila va xotin-qizlar, ichki ishlar organlari, nodavlat notijorat tashkilotlar, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari hamda voyaga yetmagan shaxslar bilan ishlaydigan boshqa tashkilotlarning takliflari asosida jamoat tarbiyachilari nomzodlari roʻyxatini shakllantiradi.

Bunda Komissiya masʼul kotibi nomzodlar roʻyxatini shakllantirish va har yili yangilab borish uchun masʼul hisoblanadi.

6. Voyaga yetmagan shaxslarga jamoat tarbiyachisini tanlash va tayinlash haqidagi qaror Komissiya tomonidan qabul qilinadi.

7. Jamoat tarbiyachisi quyidagi toifalardagi voyaga yetmaganlarga nisbatan tayinlanishi mumkin:

sud tomonidan majburlov choralari qoʻllanilgan yoki maʼmuriy huquqbuzarlik sodir etgan;

ozodlikdan mahrum qilish jazosini oʻtashdan muddatidan oldin shartli ravishda ozod qilingan;

ixtisoslashtirilgan oʻquv-tarbiya muassasalaridan qaytgan yoki tarbiya koloniyalarida jazoni oʻtagan;

nazoratsiz va qarovsiz qolgan voyaga yetmaganlar;

bolani tarbiyalashda yordamga muhtoj boʻlgan oilalarning voyaga yetmagan farzandlari.

8. Komissiya shartli hukm qilingan hamda ozodlikdan mahrum etish bilan bogʻliq boʻlmagan jazo tayinlangan voyaga yetmaganlarga nisbatan sud qarori asosida jamoat tarbiyachisini tayinlaydi.

9. Komissiya sudning tegishli qarori qonuniy kuchga kirgan kundan eʼtiboran besh kun muddat ichida voyaga yetmaganga jamoat tarbiyachisini tayinlaydi.

Sudning tegishli qarori talab etilmaydigan holatlarda Komissiya mutasaddi tashkilotlarning (Komissiya aʼzolarining) taqdimiga asosan besh kun muddat ichida voyaga yetmaganga jamoat tarbiyachisini tayinlashi mumkin.

10. Komissiya jamoat tarbiyachisini tayinlashda har bir holatda individual tartibda, sodir etilgan qilmish, voyaga yetmagan shaxsning xulq-atvori, psixologik portreti, yoshi va boshqa omillarni inobatga oladi.

11. Komissiyaning jamoat tarbiyachisini tayinlash toʻgʻrisidagi qarorida quyidagilar koʻrsatiladi:

jamoat tarbiyachisi toʻgʻrisida maʼlumot;

jamoat tarbiyachisi tayinlanayotgan voyaga yetmagan toʻgʻrisida maʼlumot;

jamoat tarbiyachisini tayinlash asoslari (holat mazmuni);

jamoat tarbiyachisini tayinlash muddati;

jamoat tarbiyachisining hisobdorligi;

qaror yuzasidan shikoyat qilish tartibi.

Komissiya voyaga yetmaganga jamoat tarbiyachisini tayinlash toʻgʻrisida qabul qilingan qaror bilan bolaning ota-onasini (ularning oʻrnini bosuvchi shaxslarni) tanishtiradi.

Komissiya voyaga yetmaganga jamoat tarbiyachisi tayinlanganligi haqida manfaatdor tashkilotlarni (sud, ichki ishlar, vasiylik va homiylik organlari, taʼlim, sogʻliqni saqlash muassasalari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va boshqalarni) xabardor qiladi.

Jamoat tarbiyachisi voyaga yetmaganlarning fikri hisobga olinib, ularning ota-onalari yoki boshqa qonuniy vakillari bilan kelishgan holda tayinlanadi.

Bitta voyaga yetmagan shaxsga bitta jamoat tarbiyachisi tayinlanishi mumkin.

12. Quyidagilar jamoat tarbiyachisi etib tayinlanishi mumkin emas:

muomala layoqati cheklangan yoki muomalaga layoqatsiz deb topilganligi toʻgʻrisida sudning qonuniy kuchga kirgan hal qiluv qarori mavjud boʻlgan shaxslar;

muqaddam sudlangan hamda sudlanganlik holati belgilangan tartibda tugallanmagan yoki olib tashlanmagan shaxslar;

jinoyat protsessida gumon qilinuvchi, ayblanuvchi yoki sudlanuvchi sifatida jalb qilingan shaxslar;

ota-onalik huquqidan mahrum etilgan yoki ota-onalik huquqlari cheklangan shaxslar;

ota-onalik huquqlarini suiisteʼmol qilgan, bola bilan shafqatsiz muomalada boʻlgan shaxslar;

surunkali alkogolizm yoki giyohvandlikka ruju qoʻygan shaxslar;

doimiy yashash joyiga ega boʻlmagan shaxslar;

sobiq tutingan ota-onalar yoki farzandlikka oluvchilar, agar bolalarni tarbiyaga olish toʻgʻrisidagi kelishuv yoki farzandlikka olish bekor qilingan boʻlsa;

oʻz zimmasiga yuklatilgan majburiyatlarni bajarmaganligi yoki lozim darajada bajarmaganligi yoxud oʻz huquqlarini suiisteʼmol qilganligi uchun vasiy yoki homiy majburiyatlarini bajarishdan chetlashtirilgan shaxslar;

sogʻligʻi tufayli jamoat tarbiyachisi majburiyatini bajara olmaydigan shaxslar.

13. Voyaga yetmagan shaxsga jamoat tarbiyachisi uch oygacha boʻlgan muddatga tayinlanadi, mazkur muddat Komissiya tomonidan jamoat tarbiyachisining hisobotini eshitish natijalariga koʻra, bir marotaba koʻpi bilan uch oygacha uzaytirilishi mumkin.

3-bob. Jamoat tarbiyachisi hamda voyaga yetmaganlarning huquq va majburiyatlari

14. Jamoat tarbiyachisi quyidagi huquqlarga ega:

voyaga yetmagan shaxsni yashash va oʻqish joyi boʻyicha borib koʻrish;

voyaga yetmaganlarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish choralarini koʻrish;

voyaga yetmagan bilan yakka tartibda ishlash dasturida (keyingi oʻrinlarda — Dastur) belgilangan chora-tadbirlarni amalga oshirishda mutasaddi tashkilot va muassasalardan metodik hamda amaliy yordam olish;

Komissiyadan voyaga yetmaganlar va ularning ota-onalari (ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar) toʻgʻrisida zarur maʼlumotlarni talab qilib olish;

Komissiyaning voyaga yetmagan shaxsga oid yigʻilishlarida qatnashish hamda fikr va takliflar bildirish.

15. Jamoat tarbiyachisi quyidagilarga majbur:

har bir voyaga yetmaganga individual yondashgan holda uning xulq-atvori, psixologik portreti, yoshi, qobiliyati, qiziqishlari va boshqa omillarni inobatga olgan holda voyaga yetmaganlarning ota-onasi (ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar)ning taklifini olgan holda Dastur tuzish va Komissiya bilan kelishish;

voyaga yetmaganning Dasturda belgilangan chora-tadbirlarga rioya etishi ustidan nazorat qilish;

voyaga yetmagan shaxsning gʻayriijtimoiy xulq-atvorini tuzatish, mavjud salbiy odatlarini bartaraf etish va huquqbuzarliklar sodir etishining oldini olish choralarini koʻrish;

voyaga yetmaganni Vatanga sadoqat ruhida tarbiyalash, unda mehnatsevarlik, masʼuliyat, fidoyilik, dunyoqarashi keng, mustaqil va komil inson boʻlishga intilish tuygʻularini shakllantirish;

voyaga yetmaganlarning oʻqishini davom ettirish, boʻsh vaqtlarini mazmunli oʻtkazish, ularning toʻgaraklarda ishtiroki, hordiq chiqarishi, bandligini taʼminlash choralarini koʻrish;

ota-onalar (ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar) bilan voyaga yetmaganni tarbiyalash, ularning hayoti va kelajagi uchun javobgar ekanligi borasida tushuntirish ishlari olib borish;

voyaga yetmagan shaxs tomonidan Dasturda belgilangan chora-tadbirlar bajarilmagan taqdirda, bu haqida Komissiyaga xabar berish;

ota-onalar yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar oʻz majburiyatlarini bajarmagan taqdirda, bu haqida Komissiyaga xabar berish;

har oyda Komissiyaga amalga oshirilgan ishlar va bolada kuzatilayotgan oʻzgarishlar toʻgʻrisida hisobot taqdim etish.

16. Voyaga yetmagan shaxs:

voyaga yetmagan shaxs jamoat tarbiyachisining noqonuniy xatti-harakatlari ustidan Komissiyaga shikoyat qilish;

jamoat tarbiyachisini almashtirish toʻgʻrisida Komissiyaga murojaat qilish va qonunchilik hujjatlari bilan belgilangan boshqa huquqlarga ega.

Voyaga yetmagan shaxs Dasturga amal qilishi va unda belgilangan chora-tadbirlarni bajarishi hamda qonunchilik hujjatlariga rioya qilishi lozim.

4-bob. Jamoat tarbiyachisini almashtirish va faoliyatini tugatish tartibi

17. Jamoat tarbiyachisi quyidagi holatlarda almashtiriladi:

jamoat tarbiyachisi oʻz vazifalarini bajarmagan yoki lozim darajada bajarmagan taqdirda;

voyaga yetmaganlar, ularning ota-onasi (ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar) tomonidan Komissiyaga jamoat tarbiyachisi ustidan tushgan shikoyatlar asosida;

voyaga yetmagan yoki jamoat tarbiyachisi yashash joyini oʻzgartirganda (voyaga yetmagan shaxs va jamoat tarbiyachisining bevosita muloqoti qiyinlashgan hollarda);

jamoat tarbiyachisi oʻz zimmasiga yuklatilgan majburiyatlarni bajarishdan bosh tortganida.

18. Jamoat tarbiyachisining faoliyati Komissiya qarori bilan quyidagi hollarda tugatiladi:

jamoat tarbiyachisi tayinlash muddati tugaganda;

voyaga yetmagan shaxs oʻn sakkiz yoshga toʻlganda yoki emansipatsiya qilinganda;

voyaga yetmagan shaxs ozodlikdan mahrum qilishga hukm etilganda;

voyaga yetmagan shaxs boshqa davlatga doimiy yashash uchun ketganda;

voyaga yetmagan shaxs vafot etganda.

Jamoat tarbiyachisini almashtirish yoki uning faoliyatini tugatish haqida Komissiya qaror qabul qiladi.

5-bob. Jamoat tarbiyachisi faoliyatini nazorat qilish

19. Jamoat tarbiyachilarining faoliyati ustidan nazorat Komissiya tomonidan amalga oshiriladi.

20. Komissiya:

jamoat tarbiyachisining Dastur boʻyicha amalga oshirilgan ishlar yuzasidan hisobotlarini eshitib boradi;

voyaga yetmagan uchun Dasturdagi chora-tadbirlarni oʻzgartirish yoki unga qoʻshimcha chora-tadbirlar kiritish masalasini koʻrib chiqadi;

jamoat tarbiyachisining voyaga yetmagan bilan olib borayotgan yakka tartibdagi ishlarining ahvolini tekshirib boradi;

voyaga yetmaganlar, ularning ota-onasidan (ularning oʻrnini bosuvchi shaxslardan) Komissiyaga jamoat tarbiyachisi ustidan tushgan shikoyatlarni koʻrib chiqadi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

21. Yuklatilgan vazifalarni faol va vijdonan bajargan hamda ijobiy natijalarga erishgan jamoat tarbiyachilari Komissiyaning taqdimnomasiga asosan tuman (shahar) hokimliklari tomonidan mahalliy budjetning qoʻshimcha manbalari hisobidan bazaviy hisoblash miqdorining 5 baravarigacha miqdorda bitta voyaga yetmagan shaxs uchun bir martalik pul mukofoti bilan ragʻbatlantirilishi, shuningdek, unga nisbatan boshqa ragʻbatlantirish choralari qoʻllanilishi mumkin.

Tuman (shahar) boʻyicha pul mukofotining yillik miqdori bazaviy hisoblash miqdorining 100 baravaridan ortiq boʻlmasligi kerak.

22. Voyaga yetmagan shaxslarga jamoat tarbiyachisi biriktirilganligi ota-onalar yoki boshqa qonuniy vakillarni voyaga yetmagan bolani tarbiyalash va uning xatti-harakatlari uchun javobgarlikdan ozod etmaydi.

23. Mazkur Nizom talablarini buzishda aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 3-iyun,

339-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 04.06.2021-y., 09/21/339/0516-son, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 10.08.2022-y., 09/22/438/0726-son; 04.09.2023-y., 09/23/434/0679-son)

lex.uz