📅 2021-yil 10-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 10-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 10 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 10 июня 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 10 June 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида кредит-модуль тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 29 апрелдаги ПФ-5987-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида кредит-модуль тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 29 апрелдаги ПФ-5987-сон Фармонига мувофиқ Тошкент давлат юридик университети ҳамда юридик техникумларда кредит-модуль тизимини (Кредит тўплаш ва кўчиришнинг Европа тизимини) жорий этиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Тошкент давлат юридик университетида ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик техникумларида таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этишнинг қуйидаги тизимини жорий этишни назарда тутувчи Тошкент давлат юридик университетида таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага , Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларида таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
ўқув режаси мажбурий ва танлов фанлари асосида ишлаб чиқилади ҳамда таълим олувчига ўзининг таълим дастурини мустақил шакллантириш имконияти яратилади;
таълим олувчи томонидан муайян модуль (фан) бўйича ўзлаштирилган ўқув юкламаси кредитлар асосида ҳисобланади;
Тошкент давлат юридик университетида бакалавриат ва магистратурада ўқув йили (семестр) бошида талабаларнинг шахсий таълим траекторияси шакллантирилади, талабалар фан (модул) ва ўқитувчиларни танлаш бўйича рўйхатдан ўтказилади ҳамда академик гуруҳлар тузилади;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик техникумларида ўқув йили (семестр) бошида ўқувчиларнинг шахсий таълим траекторияси шакллантирилади, ўқувчилар фан (модул) ва ўқитувчиларни танлаш бўйича рўйхатдан ўтказилади ҳамда академик гуруҳлар шакллантирилади;
ҳар ўқув йилида ўқув режасига мувофиқ дарс жадвали шакллантирилади ва ўқув жараёни амалга оширилади ҳамда доимий равишда таълим натижалари бўйича талабанинг кредитлари ҳисобланади.
3. Белгилансинки, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:
Тошкент давлат юридик университетида таълимнинг кредит-модуль тизими тўлиқ жорий этилади, бунда Тошкент давлат юридик университети таълим дастури каталоги ва ўқитиш шароитлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда долзарб ахборотлар унинг расмий веб-сайтида таълим бериладиган барча тилларда ўқув йили бошланишидан камида бир ой олдин жойлаштирилади ва доимий равишда янгилаб борилади;
таълим сифатини ошириш ва профессор-ўқитувчилар ўртасида рақобатни шакллантириш мақсадида Тошкент давлат юридик университети кенгаши қарорига асосан талабаларга фан доирасида профессор-ўқитувчиларни танлаш имконияти берилади. Бунда талабалар таълим жараёнини бошқариш ахборот тизими портали орқали ўқув семестри бошида танланган профессор-ўқитувчининг машғулотида иштирок этиш учун онлайн тарзда рўйхатдан ўтади;
юридик техникумларда таълим сифати, педагогик фаолият даражаси, ўқув-методик ишлар, ўқувчилар ва битирувчилар билимини тавсифловчи маълумотлар базасини тизимли шакллантириш ҳамда уларни рейтинг индикаторларига мувофиқ баҳолаш асосида юридик техникумларнинг ҳар йили янгилаб бориладиган рейтинги юритилади;
юридик техникумларда хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилган олий таълим тизими билан интеграциялашган таълим дастурларини тугатгандан сўнг, ушбу хорижий олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттирган ва уни муваффақиятли тамомлаган шахсларга (юридик техникум битирувчиларига) хорижий олий таълим муассасаларининг белгиланган шаклда берилган дипломлари (бакалавриат, магистратура) Ўзбекистон Республикасида қўшимча маъмурий тартиб-таомилларсиз олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинади.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги икки ой муддатда:
Адлия вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда юридик техникумларнинг рейтингини аниқлаш тартибини тасдиқлашни белгиловчи қарор лойиҳасини киритсин;
Тошкент давлат юридик университети ҳамда юридик техникумларда кредит-модуль тизими жорий этилиши муносабати билан «юриспруденция» соҳасидаги мутахассисликларнинг малака талаблари, ўқув режаси ва фан дастурлари такомиллаштирилишини ҳамда ташкилий масалаларга доир ҳужжатлар намуналари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик техникумлари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 30 октябрдаги 677-сон қарорига 3-иловага мувофиқ қўшимча киритилсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 июндаги 359-сон қарорига 1-ИЛОВА
Тошкент давлат юридик университетида таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Тошкент давлат юридик университетида (кейинги ўринларда — ТДЮУ) таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. ТДЮУ ўқув жараёнида кредит-модул тизими Кредит тўплаш ва кўчиришнинг Европа модели (European Credit Transfer and Accumulation System — ECTS)га мувофиқ ташкил қилинади. Шу жумладан, амалий ўқитиш ҳамда клиник ва дуал таълим тамойили асосида таълим олиш тизими жорий этилади.
Агар ТДЮУ томонидан бошқа олий таълим ташкилотлари билан қўшма таълим дастурлари доирасидаги шартномаларда ушбу Низомда назарда тутилганидан бошқача қоидалар назарда тутилган бўлса, шартномада белгиланган қоидалар қўлланилади.
ТДЮУда ташкил қилинган хорижий тил ва ҳуқуқни ўрганиш марказларида талабалар томонидан ўрганилган модуллар ТДЮУ кенгаши томонидан ўзлаштирилган деб тан олиниши ҳамда кредит берилиши мумкин.
3. Ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини жорий этишнинг ташкилий масалаларига оид маълумотлар, жумладан, таълим дастури, фанлар каталоги, академик мобилликни таъминлаш, кредитларни тан олиш ва кўчириб ўтказишга тааллуқли ҳужжатлар ҳамда дипломга илованинг шакллари, шунингдек, академик мобиллик даврида талабанинг билим даражасини аниқлаш бўйича кўрсаткичлар ва бошқа зарур ҳужжатлар намуналари ТДЮУ томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
академик мобиллик — ТДЮУ талабаларининг муайян вақт мобайнида республика ҳудудидаги ёки хорижий давлатдаги бошқа бир олий таълим ташкилотига ўқиш мақсадида бориши;
кредит — таълим олиш натижаларига кўра талаба томонидан муайян фан бўйича ўзлаштирилган ўқув юкламасининг ўлчов бирлиги;
кредитларни кўчириш — талабаларнинг академик мобиллигини таъминлаш мақсадида бир олий таълим ташкилоти таълим дастури бўйича олинган кредитларни бошқа олий таълим ташкилотига кўчириш ва тан олиш;
кредит тўплаш — таълим элементларини ўзлаштириш ва бошқа ютуқларга эришиш натижасида тақдим этиладиган кредит бирликларини тўплаш;
мобиллик дастури — икки ёки ундан ортиқ олий таълим ташкилоти ўртасида ўзаро таълим тўғрисидаги келишув асосида ташкил этилган академик мобиллик дастури;
олий таълим ташкилоти — белгиланган миқдордаги кредитларни тан олишни ҳисобга олган ҳолда, таълим ва малака тўғрисидаги ҳужжат берувчи ташкилот;
талабанинг шахсий таълим траекторияси — талаба томонидан танланган ҳамда унга кетма-кетликда билимлар тўплаш ва хоҳлаган компетенциялар йиғиндисига эга бўлиш имкониятини берадиган йўналиш (маршрут). Таълим траекторияси институционал ҳужжатлар ва йўриқномалар ёрдамида тузилиши ҳамда турли таълим траекториялари натижада бир хил малака олишга олиб келиши мумкин;
таълим дастури — бакалавриат таълим йўналиши ёки магистратура мутахассислиги бўйича ўқув жараёнини амалга оширишга мўлжалланган таълимнинг асосий хусусиятлари (ҳажми, мазмуни, режалаштирилган натижалар), ташкилий-педагогик шарт-шароитлар, фан дастурларига қўйилган умумий талаблар, шунингдек, таълимни ташкил этиш ва амалга ошириш учун зарур бўлган ахборот-ресурс ва ўқув-методик кўрсатмалар мажмуи;
таълим дастури каталоги — олий таълим ташкилоти тавсифи, кредит-модуль тизимига кириш, мавжуд бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари, хизматлар ва ресурслар, ўқув фанлари дастурлари, аниқ таълим дастурлари элементлари тавсифи тўғрисидаги ахборот;
клиник ва дуал таълим тамойили асосида таълим олиш тизими — иккинчи, учинчи ва тўртинчи курс талабалари учун юридик таълим дастурларининг 50 фоизи (назарий қисмлари) аудиторияларда, 50 фоизи (амалиёт қисми) суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа юридик соҳага оид ташкилотларда ўтказиш жараёни;
таълим жараёнини бошқариш ахборот тизими — талабаларни рўйхатга олиш, ўқув материалларни тарқатиш, талабалар ва ўқитувчилар ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш, топшириқларни бериш, назоратлар ўтказиш, баҳолаш ва унинг натижаларини қайд этиш каби имкониятларга эга бўлган электрон тизим (махсус дастурий восита);
таълимнинг кредит-модуль тизими — таълим олувчига йўналтирилган, таълим олиш, таълим бериш ва таълим олувчилар билимини баҳолаш жараёнларининг шаффофлиги тамойили асосида кредитларни йиғиш ва ўтказишдан иборат тизим;
таълим модули (модуль) — бу ўзида билимга оид ҳамда касбий жиҳатларни қамраб оладиган, талабада билим, кўникма ва малакаларни шакллантиришга қаратилган таълим дастурининг таркибий элементи сифатида назорат қилишнинг тегишли тури билан якунланадиган алоҳида ўқув фани (унинг қисми ёки ўзаро бир соҳага доир фанлар мажмуи);
таълим натижалари — талаба томонидан ўзлаштирилган ва баҳо билан тасдиқланган малака даражасини акс эттирадиган, таълим жараёнини тугатгач талаба ўзлаштирган кўникмалар ва уларни амалда бажариш қобилиятининг тавсифи;
таълим элементлари — таълим дастурининг бир қисми бўлиб, таълим олиш натижаларига эришиш ва таълим дастурида кўрсатилган билимларни ўзлаштиришга кўмаклашувчи ўқитиш тури;
транскрипт — таълим олишнинг тегишли даврида ўзлаштирилган кредитлар ва баҳоларнинг ҳарф ва рақамлардаги ифодаси кўрсатиб ўтилган фанлар рўйхатини ўз ичига олган белгиланган шаклдаги ҳужжат;
ўқиш юкламаси — талаба томонидан ўқув фаолиятининг барча турлари — маъруза, амалий машғулот, семинар, лаборатория иши, курс лойиҳаси (иши), амалиёт ва мустақил ишни амалга ошириш асосида кутилган ўқув натижаларига эришиш учун зарур бўлган соатлар ҳажми;
рўйхатга олиш хизмати — таълим жараёнини бошқариш ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлардан фойдаланиб профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва талабалар бўйича таълим жараёнига оид маълумотлар базасини шакллантиришни, шунингдек, талабаларнинг барча ўқув натижаларини рўйхатга олиш, билимини назорат қилиш ҳамда уларнинг академик рейтингини ҳисоблашнинг барча турларини ташкил этишни назарда тутувчи хизматлар;
GPA (Grade Point Average) — таълим олувчининг дастур бўйича ўзлаштирган баллари ўртача қиймати бўлиб, у қуйидаги формула ёрдамида ҳисобланади:
K — ҳар бир фан/модулга ажратилган кредитлар миқдори;
U — ҳар бир фан/модуль бўйича талаба тўплаган балл.
Бунда, талаба фақат фан/модулни муваффақиятли якунлаган тақдирда, ушбу фан/модуль бўйича кредит берилади.
5. ТДЮУда кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш мазкур Низомга иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
2-боб. Таълим дастури тузилмаси
6. Ўқув йили учун таълим дастури тузилмаси бир ёки бир нечта модуллардан иборат таълим элементларидан ташкил топган бўлиб, ТДЮУ кенгаши томонидан тасдиқланади. Таълим дастури таълим олиш натижаларига мос бўлган ва кредитларда ифодаланган ўқув машғулотлари, илмий лойиҳалар, мустақил таълим, амалиёт, стажировка, ижтимоий ва жамоат фаолияти ва бошқа таълим элементларидан иборат бўлиши мумкин.
7. Таълим дастури тузилмаси унинг ҳар бир таълим элементига мос келадиган таълим олиш натижаларини кўрсатган ҳолда, бир академик ўқув йилига 60 кредитга мос келишини ҳисобга олиб ишлаб чиқилади. Таълим дастурида кредитларнинг миқдори ўқув юкламаси асосида кўрсатилади.
8. Талабаларнинг таълим дастурини муваффақиятли ўзлаштиришлари ҳамда талаб қилинган малакага эга бўлишлари учун талаблар аниқ белгиланади. Ўзлаштириш қоидалари танланган таълим дастури бўйича ўқитишнинг турли босқичлари учун белгиланган кредитлар миқдорида ёки кредитлар оралиғида ифодаланиши мумкин.
9. Таълим дастурининг талабалар томонидан муваффақиятли бажарилишига ёрдам бериш учун ТДЮУнинг тегишли бўлинмалари ва ходимлари, шу жумладан, таълимнинг кредит тизимини бошқаришга масъул бўлими, тьютор томонидан маслаҳат ва тушунтиришлар бериб борилади. Маслаҳат доирасида талабаларга таълим олиш натижасида эришган ютуқлар ва тажрибани тан олиш имкониятлари тушунтирилади.
10. ТДЮУ таълим дастури каталоги ва ўқитиш шароитлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда долзарб ахборотлар ТДЮУнинг расмий веб-сайтида таълим бериладиган барча тилларда (ўзбек, рус, инглиз ва б.) ўқув йили бошланишидан камида бир ой олдин жойлаштирилади ва доимий равишда янгилаб борилади.
11. Таълим дастури ва унинг элементларини амалга оширишга масъул ўқитувчилар таълим дастурида кўрсатилган натижалар билан таълим бериш ҳамда баҳолаш жараёнлари ўртасидаги мутаносибликни таъминлашлари лозим.
3-боб. Ўқув юкламаларини ҳисоблаш. Ўқув жараёнини режалаштириш, мониторинг ва таълим сифатини таъминлаш
12. Ўқув жараёни ўқув ва назорат тадбирлари мажмуини ўз ичига олади. Ўқув тадбирларида барча турдаги аудитория машғулотлари, амалиёт ва мустақил ишларнинг ташкил этилиши назарда тутилади. Назорат тадбирлари таълим олувчиларнинг ўқув режасидаги тегишли фанлар бўйича билимларни ўзлаштиришини ва уларнинг натижаларини баҳолашни назарда тутади.
13. Ўқув жараёни талабалар, профессор-ўқитувчилар ва маъмурият ўртасида очиқ мулоқот шаклида талабага йўналтирилган ёндашув асосида режалаштирилади. Ушбу жараёнда талабаларнинг талаб ва истаклари муҳокама қилинади. Барча манфаатдор томонлар таълим дастурининг яратилиши ва ўзлаштирилишининг конструктив муҳокамасига жалб этилиши мумкин. Бундай муҳокамаларда талабалар вакиллари овоз бериш ҳуқуқи орқали иштирок этишлари мумкин.
14. Ўқув жараёнини режалаштириш қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:
таълим дастури каталоги ва ўқув режасини ишлаб чиқиш;
фанларнинг дастурларини (силлабусни) ишлаб чиқиш;
ўқув режаси ва танлов фанлари рўйхатига мос равишда тьютор ёрдами ва факультет декани томонидан йўналиш бериш орқали талабаларнинг шахсий таълим траекториясини шакллантириш;
ўқув жараёни жадвалини тузиш;
академик гуруҳлар бўйича ўқув машғулотлари жадвалини тузиш.
Ўқув режасига талабалар томонидан ихтиёрий равишда ўзлаштириладиган қўшимча кредитлар ажратиладиган таълим элементлари киритилади. Талабанинг жамоат ишларидаги, илмий тўгараклар, юридик клиникалар фаолиятидаги иштироки ҳамда хорижий мутахассислар томонидан ўтказиладиган қисқа муддатли курслардаги иштироки рағбатлантирилиб, кредитлар ажратилади.
Талаба ўқув юкламасидан ташқари ўз ихтиёрига кўра рўйхати тақдим этиладиган қўшимча фанларни (модулларни) ёки бошқа факультет ва таълим йўналиши ўқув режасининг танлов фанларида мавжуд фанлар рўйхатидан қўшимча фанни танлаб тўлов-контракт асосида ўқишига рухсат этилади. Бунда қўшимча ўзлаштирилган фанлар талаба ўқув юкламасига (кредитлар ҳажмига) қўшилади ҳамда диплом иловасида қайд этилади.
15. Семестр давомида талаба томонидан тўпланиши лозим бўлган кредитлар миқдори ўқув режасида кўрсатилган мажбурий ва танлов фанларини ўз ичига олади. Мажбурий ва танлов фанлари таркиби ва уларни ўрганишга ажратиладиган кредитлар миқдори ТДЮУ томонидан мустақил белгиланади. Талабалар шахсий таълим траекториясида белгиланган танлов фанлари доирасида фанларни мустақил танлаши мумкин.
Бакалавриат (магистратура) талабаси ўқув режасида назарда тутилган давлат аттестациясини муваффақиятли топшириб, ўқув режасида белгиланган кредит миқдорини жамлаганда, бакалавр (магистр) даражасига эга бўлади.
16. Ўқув йили давомийлиги ТДЮУ кенгаши томонидан белгиланади.
Кредит-модуль тизимида 1 кредит ўртача 25 — 30 соатлик ўқув юкламасига тенг. Яъни талаба муайян фандан тегишли кредитларни тўплаши учун маълум миқдордаги ўқув юкламасини ўзлаштириши зарур. Ўқув юкламаси бакалавриатда — 40-50% аудитория соати, 50-60% мустақил иш соатига, магистратурада — 30-40% аудитория соати, 60-70% мустақил иш соатига бўлинади. Ўқув режасига мувофиқ амалиёт ва битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси учун ҳам кредитлар ажратилади. Кредитнинг соатлардаги миқдори ва ўқув юкламаси миқдори ТДЮУ кенгаши томонидан белгиланади ва ТДЮУ веб-саҳифасида шаффоф тарзда жойлаштирилади.
Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида талаба одатда бир семестрда 30 кредит, бир ўқув йилида 60 кредит тўплаши белгиланади. Семестр давомида талаба томонидан ўзлаштирилиши лозим бўлган кредитлар ҳажми ўқув режасида кўрсатилган мажбурий ва танлов фанларини ўз ичига олади. Талаба ўзининг шахсий таълим траекториясини шакллантиришда ҳар бир семестр учун 30 кредит ҳажмидаги фанларни ўзлаштиришни назарда тутиши, улар таркибида ўқув режасидаги мажбурий фанлар бўлиши шарт.
Талаба бакалавриатда ўқиш муддати камида 3 йил бўлганда 180 кредит, ўқиш муддати камида 4 йил бўлганда 240 кредит тўплаши зарур. Магистратурада ўқиш муддати камида 1 йил бўлганда 60 ёки 90 кредит, ўқиш муддати камида 2 йил бўлганда 120 кредит тўплаши талаб этилади.
Бакалавриат таълим йўналишининг 2, 3 ва 4-курсларида ўқув жараёни назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида клиник ва дуал таълим тамойили асосида таълим олиш тизими ташкил этилиши мумкин. Бунда, талабалар ўқув юкламасининг 50 фоизи аудиторияда назарий машғулотлар ҳамда 50 фоизи суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа корхоналарда амалий машғулотлар шаклида тақсимланади. Амалий машғулотлар кредит юкламасининг таркибий қисми ҳисобланади.
17. Ўқув жараёнининг мониторинги таълим олишнинг белгиланган натижаларига эришиш, номинал меҳнат ҳажми ҳамда уларнинг ҳаққонийлиги ва мослигини баҳолаш мақсадида ўтказилади.
18. Таълим сифати самарадорлиги ТДЮУ томонидан ишлаб чиқиладиган таълим дастурининг ваколатли ташкилотлар тавсифномалари ва талабларига мослигини таъминлаш билан белгиланади.
Таълим сифатини ошириш ва профессор-ўқитувчилар ўртасида рақобатни шакллантириш мақсадида ТДЮУ кенгаши қарорига асосан талабаларга фан доирасида профессор-ўқитувчиларни танлаш имконияти берилади. Бунда талабалар таълим жараёнини бошқариш ахборот тизими портали орқали ўқув семестри бошида танланган профессор-ўқитувчининг машғулотида иштирок этиш учун онлайн тарзда рўйхатдан ўтади.
19. Академик қарздор талабаларнинг ташаббуси билан мавжуд академик қарзларни топшириш мақсадида ёзги семестр ТДЮУ томонидан таътил вақтида пулли асосда ташкил этилиши мумкин.
Ёзги семестрнинг давомийлиги академик тақвим асосида бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура мутахассисликлари ва курслар бўйича белгиланади.
Ёзги семестр қуйидаги регламент асосида ташкил қилинади:
талаба ёзги семестр бошлангунига қадар ТДЮУ ўқув-услубий бошқармасига ўзининг ёзги семестрда ўқиши истагини билдиради;
ТДЮУ ушбу талабаларга ёзги семестр учун дарс жадвалини тузади ва талаба тўлов пулини тўлаганидан сўнг дарсларга киритилади;
ёзги семестр амалдаги баҳолаш тизими асосида талабалар билимини шаффоф баҳолаш тамойилига кўра ташкил қилинади.
Ёзги семестрга жалб қилинган профессор-ўқитувчиларга соатбай асосида иш ҳақи тўланади.
20. ТДЮУда ўқув юкламалари ҳажми, ўқув машғулотлари соати (контакт ёки академик соат), бир кредитнинг жами соатлари ва уларнинг бўлиниши ТДЮУ кенгаши томонидан белгиланади.
4-боб. Академик мобиллик ва кредитларни тан олиш
21. Академик мобилликни таъминлаш ва талабанинг кредитлари олий таълим ташкилоти томонидан тан олинишида қуйидаги ҳужжатлардан фойдаланилади:
таълим дастури (фанлар) каталоги;
таълим тўғрисидаги келишув, маълумотнома ва сертификат.
Мазкур ҳужжатлар таълим олиш натижаларини акс эттиради ва олий таълим ташкилотига кредитларни тан олиш ва кўчириб ўтказиш учун асос ҳисобланади.
22. Таълим тўғрисидаги келишувга мувофиқ ТДЮУ томонидан академик мобиллик доирасидаги талабанинг барча кредитлари таълим дастурини ўзлаштиришда талабага қўшимча топшириқларсиз ҳисобга олинади.
23. Талаба жўнатувчи олий таълим ташкилоти тавсиясига асосан қабул қилувчи олий таълим ташкилотига академик мобилликни амалга ошириш учун зарур ҳужжатларни топширади. Жўнатувчи олий таълим ташкилоти томонидан талабага белгиланган шаклдаги транскрипт тақдим этилади.
24. Талабанинг академик мобиллик даврида ўзлаштирилиши белгиланган таълим элементларини жўнатувчи олий таълим ташкилотининг розилигисиз ва у билан келишмасдан ўзгартириш мумкин эмас. Хориждаги ҳамкор олий таълим ташкилотларининг таълим дастурларида белгиланган таълим олиш натижалари жўнатувчи олий таълим ташкилотининг таълим дастури бўйича таълим олиш натижаларига мос келиши ёки уларни тўлдириши лозим. Академик мобиллик вақтида академик йил кўрсаткичлари таҳлил қилинади ва ушбу Низомга асосан кредитлар тан олиниши белгиланади.
25. Қабул қилувчи олий таълим ташкилотида талаба томонидан ўзлаштириладиган ўқув элементларининг тўплами ва улар ТДЮУ таълим дастурига интеграция қилинганлиги таълим тўғрисидаги келишувда аниқ кўрсатилган бўлиши лозим. Қабул қилувчи олий таълим ташкилотида ўзлаштириладиган кредитлар миқдори хорижда ўқиш даврига (3 — 6 ой ёки 1 — 3 йил) мутаносиб бўлиши керак. Жўнатувчи олий таълим ташкилоти томонидан академик мобиллик даврида талабанинг ўзлаштирган (тўлиқ ёки қисман) кредитлари тан олинади.
Талаба жўнатувчи олий таълим ташкилотига қайтиб келгач, академик мобиллик даврида тўпланган кредитлар миқдоридан келиб чиққан ҳолда ТДЮУ кенгаши томонидан белгиланган тартиб-қоидалар асосида уни кейинги курсга ўтказиш ёки курсда қолдириш белгиланади.
26. ТДЮУ академик мобиллик дастури бўйича режалаштирилган таълим элементларини ўзлаштириш учун талабани белгиланган шакл асосида рўйхатдан ўтказади ва академик мобиллик даврида ушбу элементларни ўзлаштириш имкониятлари таъминланиши мажбуриятини олади.
27. Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ишлаб чиқилган таълим дастурлари доирасида академик мобиллик учун таълим тўғрисидаги келишувлар тузилиши зарур ҳисобланмайди.
28. Таълим тўғрисидаги келишувга мувофиқ академик мобиллик даврида талабанинг билим даражасини аниқловчи кўрсаткичлар ТДЮУ баҳолаш тизимини бошқа баҳолаш тизимларига конвертация қилиш жадвали асосида қабул қилинади.
29. Стажировкани ўташ бўйича келишув талаба, жўнатувчи ва қабул қилувчи ташкилот томонидан уч томонлама имзоланади.
30. Стажировка давомида талаба томонидан ўзлаштирилган билимларнинг ошкоралигини таъминлаш ва уларни тасдиқлаш мақсадида қабул қилувчи ташкилот томонидан стажировкани ўтаганлик тўғрисида сертификат берилади.
5-боб. Баҳолаш, баҳоларни конвертация қилиш
31. Талабалар таълим дастури доирасида ўқитиш шаклидан қатъи назар, белгиланган тартибдаги баҳолаш мезонлари асосида баҳоланади.
32. Фан дастурида (силлабусда) белгиланган баҳолаш тартиби ҳамда ижобий баҳолар доирасида баҳоланган талабаларга кредитлар берилади. Талаба белгиланган таълим олиш натижаларига эриша олмаган тақдирда, кредитлар берилмайди.
33. Баҳолаш усуллари фан ёки модуль доирасидаги талабанинг ютуқларини акс эттирувчи ва тасдиқловчи ёзма, оғзаки, амалий иш, лойиҳа, портфолио ва назоратлар каби турларни ўз ичига қамраб олади. Баҳолаш мезони таълим олиш натижасига эришилганлигини акс эттириши шарт.
Бунда оралиқ ва якуний назорат турлари сунъий интеллект (AI) технологияларига асосланган автоматлаштирилган баҳолаш тизимлари ҳамда инсон омилисиз назорат қилиш (прокторинг) тизими орқали ўтказилиши мумкин.
34. Кредитларни кўчириш ТДЮУда баҳолаш тизимини бошқа баҳолаш тизимларига конвертация қилиш жадвалини бошқа олий таълим ташкилотида тузилган шунга ўхшаш жадвал билан солиштириш асосида амалга оширилади.
6-боб. Кредит-модуль тизимида талабаларни рўйхатга олиш
35. Рўйхатга олиш хизмати таълим ва талабалар билимини баҳолаш жараёнларини алоҳида юритиш, талабалар ҳақидаги академик маълумотларни электрон тарзда автоматик бошқариш ҳамда якуний назоратларни ўтказиш мақсадида ташкил этилади.
36. Рўйхатга олиш хизмати талабага танлаган мутахассислиги бўйича юқори даражадаги билим, кўникма ва малакаларга эришишда ёрдам беришга қаратилган бўлиб, у қуйидаги функцияларни қамраб олади:
ўқув жараёни жадвалини тузиш ва бажарилишини назорат қилиш;
талабаларнинг фанларга рўйхатдан ўтишини назорат қилиш;
факультетлар билан ҳамкорликда академик гуруҳларни шакллантириш;
оралиқ, якуний баҳолашлар ва якуний давлат аттестациясининг ўтказилишини назорат қилиш;
таълим олаётган талабаларнинг баҳоларга оид маълумотларини архивга қадар сақлаш;
транскрипт формаларини шакллантириш ва талабаларнинг маълумотларини киритиш;
талабалар контингенти бўйича статистикани юритиш.
37. Рўйхатга олиш хизмати функциялари ТДЮУ Ўқув-услубий бошқармаси томонидан амалга оширилади.
38. ТДЮУ Ўқув-услубий бошқармаси таълим жараёнини бошқариш ахборот тизими орқали факультетлар томонидан талабаларнинг фанларга рўйхатдан ўтказилишини ва талабанинг шахсий таълим траекториясини шакллантириш жараёнини мувофиқлаштиради. Талабанинг шахсий таълим траекторияси улар томонидан мустақил равишда тьютор ёрдамида ўқув режаси ва танлов фанлари каталоги асосида тегишли ўқиш даври учун тузилади. Талабанинг таълим траекторияси таълим жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фанларни танлаш орқали автоматик равишда шаклланади. Шахсий таълим траекториясига ҳар ўқув йилидан олдин ўзгартириш ёки қўшимчалар киритилиши мумкин.
39. Талабаларнинг шахсий таълим траекторияси асосида ТДЮУ Ўқув-услубий бошқармаси факультетлар билан ҳамкорликда академик гуруҳларни шакллантиради ва бирон-бир фанга ёзилиш етарли бўлмаган тақдирда, шахсий таълим траекториясини ўзгартириш зарурлиги тўғрисида талабаларга хабар беради. Талабанинг шахсий таълим траекторияси шакллантириб бўлингандан сўнг, дарс жадвали тузилади.
40. ТДЮУ Ўқув-услубий бошқармаси ҳар бир талабани рўйхатдан ўтказиш санаси ва вақтини белгилайди (одатда, талаба томонидан етарли GPA кўрсаткичларининг тўпланганлиги ва контракт тўловлари амалга оширилганлигига қараб). Биринчи курс талабаларини рўйхатдан ўтказиш улар билан академик ва касбга йўналтириш тадбирлари амалга оширилганидан кейин бошланади.
41. Талабалар танлаган фанларини ҳар семестрнинг дастлабки биринчи ҳафтаси ичида ўзгартириши мумкин.
42. Биринчи курс талабаларини рўйхатга олиш жараёни қуйидаги тартибда амалга оширилади:
тьютор ТДЮУ ўқув-услубий бошқармасидан бириктирилган гуруҳ талабаларининг логин ва паролларини олади, талабага таълим жараёнини тушунтиради, таълим дастури билан таништиради, логин ва пароль беради ҳамда талаба порталидан фойдаланишни ўргатади;
талаба профессор-ўқитувчилар томонидан ўтказиладиган фанлар бўйича таништирув тақдимотларига қатнашади, мажбурий ва танлов фанлари билан танишади ва таълим жараёнини бошқариш ахборот тизимидаги талаба портали орқали фанларга рўйхатдан ўтади;
талаба таълим жараёнини бошқариш ахборот тизимидаги портали орқали дарс жадвалини аниқлайди ва дарсларга қатнашади.
7-боб. Талабаларни ўқишдан четлаштириш, қайта тиклаш, курсдан-курсга ўтказиш механизмлари
43. Талабалар ТДЮУдан қуйидаги ҳолларда четлаштирилади:
ўз хоҳишига биноан;
ўқишнинг бошқа олий таълим ташкилотига кўчирилиши муносабати билан;
ўқув интизомини ва ТДЮУ томонидан ўрнатилган ички тартиб-қоидаларни мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузганлиги учун;
шартнома асосида ўқиётган таълим олувчилар шартнома билан боғлиқ мажбуриятларни бажармаганлиги учун;
суд томонидан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланганлиги сабабли;
суд қарорига кўра кириш имтиҳонларида белгиланган тартибни бузганлиги аниқланганда (ушбу ҳолатда талабалар сафидан четлаштирилганлар талабалар сафига қайта тикланмайди);
таълим дастурини белгиланган муддатда ўзлаштирмаган тақдирда;
вафот этганлиги сабабли.
Четлаштирилган талабага белгиланган шаклдаги таълим тўғрисидаги маълумотнома берилади.
44. Бир фанга ажратилган аудитория соатининг 25 фоизини ва ундан ортиқ соатни сабабсиз қолдирган талаба ушбу фандан четлаштирилиб, якуний назоратга киритилмайди ҳамда мазкур фан бўйича тегишли кредитларни ўзлаштирмаган ҳисобланади. Якуний назорат турига киритилмаган ёки кирмаган, шунингдек, ушбу назорат тури бўйича қониқарсиз баҳо олган талаба академик қарздор ҳисобланади.
Академик қарздор талабалар таътил вақтида ёки кейинги семестрлар мобайнида тегишли фанлардан ўзлаштирилмаган кредитлар миқдорига мос равишда базавий тўлов-контракт миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўловни амалга оширгандан сўнг ўзлаштирилмаган фанларни ўз ҳисобидан қайта ўқиш ҳуқуқига эга бўлади.
ТДЮУ кенгаши қарори билан аудитория соатини сабабсиз қолдириш фоизи қисқартирилиши ва академик қарздорликни бир марта бепул топширишга рухсат берилиши мумкин.
45. Таълим олувчини курсдан курсга ўтказиш унинг GPA ёки кредитлар миқдори қийматини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. ТДЮУ талабаларни курсдан курсга ўтказишда GPA кўрсаткичи ёки кредитлар миқдорини мустақил белгилайди.
GPA ўтиш баллини тўплай олмаган талаба қайта ўқиш учун тегишли курсда қолдирилади. Семестр ва ўқув йили якуни натижалари бўйича академик қарздорлиги бор таълим олувчилар ўқишдан четлаштирилмайди.
Курсдан курсга қолган талабалар фақат қарздор бўлган фанларни қуйи курслар билан бирга ёки мустақил ўзлаштириб, уларга мос равишда шартнома маблағларини тўлайди.
Талаба кредитларни топшириш вақтида ўзлаштирмаган фанни ўқув режасидан чиқиб кетганлиги сабабли, қуйи курсларда ўқитилмайдиган бўлса, факультет декани тавсиясига биноан ТДЮУ ўқув ишлари бўйича проректори томонидан ихтисослигига кўра мазмуни яқин бўлган бошқа фанни ўзлаштиришга рухсат берилиши мумкин.
Шартнома асосида бир курсда қайта ўқиш сони чегараланмайди.
46. Таълим олувчи қонунчилик ҳужжатлари асосида ўқишини қайта тиклаш ва кўчириш ҳуқуқига эга. Таълим олувчи томонидан четлаштирилгунга қадар ўзлаштирган кредитлар миқдори ТДЮУ томонидан тўлиқ ҳажмда ҳисобга олинади.
Таълим олувчининг тегишли даврда ўзлаштирган фанлари кредитларда ифодаланмаган тақдирда, мазкур фанлар бир семестр учун 30 кредит ҳажмида белгиланади.
8-боб. Якунловчи қоидалар
47. ТДЮУда таълим олишнинг тўлов қиймати қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ТДЮУ томонидан мустақил белгиланади.
48. Ўқув юкламаси бўйича ҳисобланган соатлар ҳажми ТДЮУ штат бирликлари сонини ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошларини белгилаш учун асос бўлмайди.
Штат бирликлари профессор-ўқитувчиларнинг талабалар сонига нисбати бўйича, ойлик маоши эса тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида белгиланади ҳамда иш ҳақи ҳисоблаш ва тўлаш табель асосида амалга оширилади.
49. Фанлар бўйича қайта таълим олиш учун тўлов қиймати ТДЮУ томонидан бутун ўқув йилининг стипендиясиз контракт суммасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Қайта таълим олиш учун тўлов механизми ТДЮУ томонидан бир кредит қийматини ҳисоблаш асосида белгиланади. Бир кредит қиймати ўқув йили давомидаги таълим олиш учун тўланадиган стипендиясиз контракт суммасини режалаштирилган кредитлар миқдорига бўлиш йўли билан аниқланади.
50. Талаба ТДЮУ таълим дастурини муваффақиятли ўзлаштирган тақдирда, унга академик даражасини тасдиқлайдиган диплом ва диплом иловаси берилади.
Тошкент давлат юридик университетида таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Тошкент давлат юридик университетида таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш
Босқичлар Тадбирлар Ижро учун масъуллар Бажариш муддатлари 1-босқич Таълим дастури каталоги ва ўқув режасини ишлаб чиқиш. Ўқув-услубий бошқарма, факультет деканати Ҳар ўқув йили бошланишидан камида 2 ой олдин 2-босқич Фанларнинг дастурларини ишлаб чиқиш. Кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилар Ҳар ўқув йили бошланишидан камида 1 ой олдин 3-босқич 1. Ҳар бир талабанинг шахсий таълим траекториясини шакллантириш. 2. Талабаларни фан (модул) ва ўқитувчиларни танлаш бўйича рўйхатдан ўтказиш. Гуруҳ мураббийи ва факультет деканати Бакалавриат 1-курс ва магистратурада академик ва касбга йўналтириш тадбирлари амалга оширилганидан кейин, 2 — 4-курсларда ўқув йили бошлангунга қадар 4-босқич Академик гуруҳларни шакллантириш Ўқув-услубий бошқарма, факультет деканати Бакалавриат 1-курс ва магистратурада академик ва касбга йўналтириш тадбирлари амалга оширилганидан кейин, 2 — 4-курсларда ўқув йили бошлангунга қадар 5-босқич Дарс жадвалини шакллантириш Ўқув-услубий бошқарма, факультет деканати Ҳар йили август-сентябрь ойлари 6-босқич Ўқув жараёнини амалга ошириш Ўқув-услубий бошқарма, факультет деканати Ўқув режага мувофиқ 7-босқич Таълим натижалари бўйича талабанинг кредитларини ҳисоблаш Ўқув-услубий бошқарма Доимий
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 июндаги 359-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларида таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларида (кейинги ўринларда — юридик техникумлар) таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Юридик техникумларда ўқув жараёнида кредит-модуль тизими Кредит тўплаш ва кўчиришнинг Европа модели (European Credit Transfer and Accumulation System — ECTS)га мувофиқ ташкил қилинади.
Тошкент давлат юридик университети (кейинги ўринларда — ТДЮУ) томонидан бошқа олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари доирасидаги шартномаларда ушбу Низомда назарда тутилганидан бошқача қоидалар назарда тутилган бўлса, шартнома қоидалари қўлланилади.
3. Ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини жорий этишнинг ташкилий масалаларига оид маълумотлар, шу жумладан, таълим дастури, фанлар каталоги, академик мобилликни таъминлаш, таълим тўғрисидаги маълумотнома, кредитларни тан олиш ва кўчириб ўтказишга тааллуқли ҳужжатлар ҳамда дипломга илованинг шакллари, шунингдек, академик мобиллик даврида ўқувчининг билим даражасини аниқлаш бўйича кўрсаткичлар ва бошқа зарур ҳужжатлар намуналари Тошкент давлат юридик университети (кейинги ўринларда — ТДЮУ) томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
академик мобиллик — юридик техникум ўқувчиларининг муайян вақт мобайнида республика ҳудудидаги юридик техникумга (ТДЮУга) ёки хорижий давлатдаги бошқа бир таълим муассасасига ўқиш мақсадида бориши;
кредит — таълим олиш натижаларига кўра ўқувчи томонидан муайян фан бўйича ўзлаштирилган ўқув юкламасининг ўлчов бирлиги;
кредитларни кўчириш — ўқувчиларнинг академик мобиллигини таъминлаш мақсадида бир таълим муассасаси таълим дастурида олинган кредитларни бошқа таълим муассасасига кўчириш ва тан олиш;
кредит тўплаш — таълим элементларини ўзлаштириш ва бошқа ютуқларга эришиш натижасида тақдим этиладиган кредит бирликларини тўплаш;
мобиллик дастури — икки ёки ундан ортиқ таълим муассасаси ўртасида ўзаро келишув асосида ташкил этилган академик мобиллик дастури;
таълим дастури — юридик техникум битирувчисига муайян эгаллаган мутахассислик бўйича касбий фаолиятни малакали бажариш имконини беришга қаратилган профессионал таълим тайёргарлигининг асосий мазмунини аниқловчи таълим стандартлари, ўқув режаси, ўқув фанлари (модуллар) дастурлари, малака амалиёт дастурларидан иборат ҳужжатлар тўплами;
таълим дастури каталоги — юридик техникум тавсифи, кредит-модуль тизимига кириш, мавжуд таълим мутахассисликлари, хизматлар ва ресурслар, ўқув фанлари дастурлари, аниқ таълим дастурлари элементлари тавсифи тўғрисидаги ахборот;
таълим жараёнини бошқариш ахборот тизими — ўқувчиларни рўйхатга олиш, ўқув материалларни тарқатиш, ўқувчилар ва педагог ходимлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш, топшириқларни бериш, назоратлар ўтказиш, баҳолаш ва унинг натижаларини қайд этиш каби имкониятларга эга бўлган электрон тизим (махсус дастурий восита);
таълимнинг кредит-модуль тизими — таълим олувчига йўналтирилган, таълим олиш, таълим бериш ва таълим олувчилар билимини баҳолаш жараёнларининг шаффофлиги тамойили асосида кредитларни йиғиш ва ўтказишдан иборат тизим;
таълим модули (модуль) — бу ўзида билимга оид ҳамда касбий жиҳатларни қамраб оладиган, ўқувчида билим, кўникма ва малакаларни шакллантиришга қаратилган таълим дастурининг таркибий элементи сифатида назорат қилишнинг тегишли тури билан якунланадиган алоҳида ўқув фани (унинг қисми ёки ўзаро бир соҳага доир фанлар мажмуи);
таълим тўғрисидаги маълумотнома — ўзлаштирилган модуллар, тўпланган кредитлари миқдори, олинган баҳолар акс эттириладиган ўқувчининг академик ўзлаштириши бўйича гувоҳномаси;
таълим элементлари — таълим дастурининг бир қисми бўлиб, таълим олиш натижаларига эришиш ва таълим дастурида кўрсатилган билимларни ўзлаштиришга кўмаклашувчи ўқитиш тури;
транскрипт — таълим олишнинг тегишли даврида ўзлаштирилган кредитлар ва баҳоларнинг ҳарф ва рақамлардаги ифодаси кўрсатиб ўтилган фанлар рўйхатини ўз ичига олган белгиланган шаклдаги ҳужжат;
ўқувчининг шахсий таълим траекторияси — ўқувчи томонидан танланган ҳамда унга кетма-кетликда билимлар тўплаш ва хоҳлаган компетенциялар йиғиндисига эга бўлиш имкониятини берадиган йўналиш (маршрут). Таълим траекторияси институционал ҳужжатлар ва йўриқномалар ёрдамида тузилиши ҳамда турли таълим траекториялари натижада бир хил малака олишга олиб келиши мумкин;
ўқиш юкламаси — ўқувчи томонидан ўқув фаолиятининг барча турлари (маъруза, амалий машғулот, семинар, курс лойиҳаси (иши), амалиёт ва мустақил иш)ни амалга ошириш асосида кутилган ўқув натижаларига эришиш учун зарур бўлган вақт сарфи;
GPA (Grade Point Average) — таълим олувчининг дастур бўйича ўзлаштирган баллари ўртача қиймати бўлиб, у қуйидаги формула ёрдамида ҳисобланади:
K — ҳар бир фан/модулга ажратилган кредитлар миқдори;
U — ҳар бир фан/модуль бўйича талаба тўплаган балл.
Бунда, ўқувчи фақат фан/модулни муваффақиятли якунлаган тақдирда, ушбу фан/модуль бўйича кредит берилади.
5. Юридик техникумларнинг ўқув йили учун таълим дастури тузилмаси бир ёки бир нечта модуллардан иборат таълим элементларидан ташкил топган бўлиб, ТДЮУ кенгаши томонидан тасдиқланади. Таълим дастури аудитория машғулотлари, илмий лойиҳалар, мустақил таълим, амалиёт ва бошқа таълим элементларидан иборат бўлиши мумкин.
Таълим дастурида кредитларнинг миқдори ўқув юкламаси асосида кўрсатилади.
Таълим дастури каталоги ва ўқитиш шароитлари тўғрисидаги батафсил маълумотлар юридик техникумнинг расмий веб-сайтига қулай юкланадиган шаклда ўқув йили бошланишидан камида бир ой олдин жойлаштирилади ва эълон қилиб борилади.
6. Юридик техникумларда кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш мазкур Низомга иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
2-боб. Ўқув жараёнини ташкил этиш ва таълим сифатини таъминлаш
7. Юридик техникумларда ўқув жараёни ўқув (аудитория машғулотлари, амалиёт ва мустақил ишларнинг ташкил этилиши) ва назорат (модуллар бўйича билимлар ўзлаштирилишини ва уларнинг натижаларини баҳолаш) тадбирларидан ташкил топади.
8. Ўқув жараёни ўқувчилар, педагог ходимлар ва маъмурият ўртасида очиқ мулоқот шаклида ўқувчига йўналтирилган ёндашув асосида режалаштирилади. Ушбу жараёнда ўқувчиларнинг талаб ва истаклари муҳокама қилинади. Барча манфаатдор томонлар таълим дастурининг яратилиши ва ўзлаштирилишининг конструктив муҳокамасига жалб этилиши мумкин. Бундай муҳокамаларда ўқувчилар вакиллари овоз бериш ҳуқуқи орқали иштирок этишлари мумкин.
9. Ўқув жараёнини режалаштириш қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:
таълим дастури каталоги ва ўқув режасини ишлаб чиқиш;
модулларнинг ўқув дастурини (силлабусни) ишлаб чиқиш;
ўқув режаси ва танлов фанлари рўйхатига мос равишда ўқувчиларнинг шахсий таълим траекториясини шакллантириш;
ўқув жараёни жадвалини тузиш;
академик гуруҳлар бўйича ўқув машғулотлари жадвалини тузиш.
Ўқув режасига ўқувчилар томонидан ихтиёрий равишда ўзлаштириладиган қўшимча кредитлар ажратиладиган таълим элементлари киритилади. Ўқувчининг жамоат ишларидаги, илмий тўгараклар, юридик клиникалар фаолиятидаги иштироки ҳамда хорижий мутахассислар томонидан ўтказиладиган қисқа муддатли курслардаги иштироки рағбатлантирилиб, кредитлар ажратилади.
Ўқувчи ўқув юкламасидан ташқари ўз ихтиёрига кўра рўйхати тақдим этиладиган қўшимча фанларни (модулларни) ёки бошқа факультет ва таълим йўналиши ўқув режасининг танлов фанларида мавжуд фанлар рўйхатидан қўшимча фанни танлаб тўлов-контракт асосида ўқишига рухсат этилади. Бунда қўшимча ўзлаштирилган фанлар ўқувчи ўқув юкламасига (кредитлар ҳажмига) қўшилади ҳамда диплом иловасида қайд этилади.
10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (кейинги ўринларда — Адлия вазирлиги) томонидан академик давр шакли — назарий таълим даври семестр, триместр ва бошқа шаклларда ўрнатилиши мумкин, шунингдек, ўқув жараёнини тизимли ташкил этиш учун дарс машғулотларини бошлаш вақти ва сменаси белгиланади.
Академик давр давомида ўқувчи томонидан тўпланиши лозим бўлган кредитлар миқдори ўқув режасида кўрсатилган мажбурий ва танлов модулларини ўз ичига олади.
Мажбурий ва танлов модуллари таркиби ҳамда уларни ўрганишга ажратиладиган кредитлар миқдори ТДЮУ томонидан мустақил белгиланади.
Ўқувчилар шахсий таълим траекториясида белгиланган танлов модуллари доирасида фанларни мустақил танлаши мумкин. Ўқувчиларнинг шахсий таълим траекториясини шакллантириш тартиби ТДЮУ томонидан белгиланади.
11. Юридик техникумларда ўқувчи бир семестрда 30 кредит, бир ўқув йилида 60 кредит тўплаши керак. Семестр давомида ўқувчи томонидан ўзлаштирилиши лозим бўлган кредитлар ҳажми ўқув режасида кўрсатилган мажбурий ва танлов фанларини ўз ичига олади. Ўқувчи ўзининг шахсий таълим траекториясини шакллантиришда ҳар бир семестр учун 30 кредит ҳажмидаги фанларни ўзлаштиришни назарда тутиши, улар таркибида ўқув режасидаги мажбурий фанлар бўлиши шарт.
12. Юридик техникумларнинг битирувчилари ТДЮУда иккинчи курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга эканлигини инобатга олиб, ТДЮУнинг биринчи курсидаги кредитларини (60 кредит) юридик техникумларда тўплайди.
13. ТДЮУнинг биринчи курсидаги тўпланиши лозим бўлган кредитларнинг юридик техникумнинг қайси курси давомида (биринчи ёки иккинчи курс ёхуд иккала курсда) тўпланиши ТДЮУ томонидан белгиланади.
14. Юридик техникумларда ўқув юкламаси ҳажми Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.
15. Кредит-модуль тизимида 1 кредит миқдори ва ўқув машғулотлари соати (астрономик ёки академик соат) ТДЮУ Кенгаши томонидан белгиланади.
16. Таълим сифати самарадорлиги ТДЮУ томонидан ишлаб чиқиладиган таълим дастурининг ваколатли ташкилотлар тавсифномалари ва талабларига мослигини таъминлаш билан белгиланади.
Таълим сифатини такомиллаштириш ва педагог ходимлар ўртасида рақобатни шакллантириш мақсадида ТДЮУ Кенгаши қарорига асосан таълим жараёнини бошқариш ахборот тизими портали орқали ўқувчиларга модуль доирасида ўқувчиларнинг шахсий таълим траекториясини шакллантириш жараёнида педагог ходимларни танлаш имконияти берилади.
17. Педагог ходимларнинг таркиби меҳнатини меъёрлаштириш, уларнинг иш вақтини фақат ўқув тадбирларига асосланган ҳолда амалга оширишлари, педагог ходимларнинг шахсий иш режасидаги тадбирлар рўйхати ва уларнинг минимал соатлари (сарфланадиган вақт меъёрлари) ECTS талабларига мувофиқ ТДЮУ кенгаши қарори билан белгиланади.
ECTS талабларига мувофиқ ўқув юкламаси бўйича ҳисобланган соатлар ҳажми, ўқитувчиларнинг йиллик иш режаси соатлар миқдори штат бирликлари сонини ҳамда педагог ходимларнинг ойлик маошларини белгилаш учун асос бўлмайди.
Штат бирликлари педагог ходимларнинг ўқувчилар сонига нисбати бўйича, ойлик маоши эса тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида белгиланади ҳамда иш ҳақи ҳисоблаш ва тўлаш табель асосида амалга оширилади.
3-боб. Ўқувчилар ўзлаштиришини баҳолаш тизими
18. Таълим дастури доирасида ўқитиш шаклидан қатъи назар, юридик техникум ўқувчиларининг билимини баҳолаш белгиланган тартибда амалга оширилади.
19. Юридик техникумларда таътил вақтида, қоида тариқасида, ёзги семестр ташкил этилиши мумкин. Ёзги семестр модулларни ўзлаштириш (академик қарзларни топшириш), ўқув дастуридаги фарқларни йўқотиш мақсадида пуллик асосда ташкил қилинади.
20. Ёзги семестрнинг давомийлиги ўқув жараёнининг графиги асосида йўналишлар, мутахассисликлар ва курслар кесимида белгиланади. Бунда, ўқувчилар билимини баҳолаш амалда белгиланган тартиб асосида ташкил этилади.
21. Ёзги семестрга жалб қилинган педагог ходимларга соатбай асосида иш ҳақи тўланади.
22. Ўқувчилар ўзлаштириши натижалари транскриптда акс эттирилади.
23. Кредитларни кўчириш юридик техникумда баҳолаш тизимини бошқа баҳолаш тизимларига конвертация қилиш жадвалини бошқа таълим муассасасида тузилган шунга ўхшаш жадвал билан солиштириш асосида амалга оширилади.
4-боб. Ўқувчилар академик мобиллиги ва кредитларни тан олиш
24. Академик мобилликни таъминлаш ва ўқувчининг кредитларини бошқа юридик техникум (ТДЮУ) томонидан тан олинишида қуйидаги ҳужжатлардан фойдаланилади:
таълим дастури (фанлар) каталоги;
таълим тўғрисидаги келишув, маълумотнома ва сертификат.
Мазкур ҳужжатлар таълим олиш натижаларини акс эттиради ва юридик техникумга кредитларни тан олиш ва кўчириб ўтказиш учун асос ҳисобланади.
25. Ўқувчи томонидан юридик техникум таълим дастури бўйича тўпланган кредитлар миқдори бошқа юридик техникумда (ТДЮУда) белгиланган таълим олиш натижаларига мувофиқ ўзлаштириладиган кредитлар миқдорига тенг ҳисобланади.
26. Ўқувчи жўнатувчи таълим муассасаси тавсиясига асосан қабул қилувчи таълим муассасасига академик мобилликни амалга ошириш учун зарур ҳужжатларни топширади. Жўнатувчи таълим муассасаси томонидан ўқувчига белгиланган шаклдаги транскрипт тақдим этилади.
27. Ўқувчининг академик мобиллик даврида ўзлаштирилиши белгиланган таълим элементларини жўнатувчи таълим муассасасининг розилигисиз ва у билан келишмасдан ўзгартириш мумкин эмас. Хориждаги ҳамкор таълим муассасаларининг ўқув дастурларида белгиланган таълим олиш натижалари юридик техникумларнинг ўқув дастури бўйича таълим олиш натижаларига мос келиши ёки уларни тўлдириши лозим.
28. Қабул қилувчи таълим муассасасида ўқувчи томонидан ўзлаштириладиган таълим элементлари жўнатувчи таълим муассасасининг ўқув дастурига интеграция қилинганлиги, шунингдек, академик мобиллик даврида ўқувчининг билим даражасини аниқловчи кўрсаткичларнинг жўнатувчи ва қабул қилувчи таълим муассасаларининг баҳолаш тизимларига конвертация қилинганлиги академик мобиллик тўғрисидаги шартномада аниқ кўрсатилган бўлиши лозим.
Қабул қилувчи таълим муассасасида ўзлаштириладиган кредитлар миқдори юридик техникум (ТДЮУ)да ёки хорижда ўқиш даврига (6 ой ёки 1-2 йил) мутаносиб бўлиши керак. Жўнатувчи таълим муассасаси томонидан ўқувчи академик мобиллик даврида ўзлаштирган (тўлиқ ёки қисман) кредитлар тан олинади. Ўқувчи жўнатувчи таълим муассасасига қайтиб келгач, академик мобиллик даврида тўпланган кредитлар миқдоридан келиб чиққан холда амалдаги тартиб-қоидалар асосида уни кейинги курсга ўтказиш ёки курсда қолдириш белгиланади.
ТДЮУнинг ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ишлаб чиқилган таълим дастурлари доирасида академик мобиллик учун таълим тўғрисидаги келишувлар тузилиши талаб этилмайди.
29. Юридик техникум ўқувчиларининг ўқишини бошқа юридик техникумга кўчириш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
5-боб. Ўқувчиларни ўқишдан четлаштириш, қайта тиклаш, курсдан курсга ўтказиш
30. Юридик техникум ўқувчиларини ўқишдан четлаштириш қонунчилик ҳужжатларда белгиланган тартибда амалга оширилади. Ўқувчи четлаштирилгунига қадар ўзлаштирган кредитлар миқдори юридик техникум томонидан тўлиқ ҳажмда ҳисобга олинади.
Четлаштирилган ўқувчига белгиланган шаклдаги таълим тўғрисидаги маълумотнома берилади.
31. Ўқувчилар қонунчилик ҳужжатлари асосида ўқишини қайта тиклаш ва кўчириш ҳуқуқига эга.
32. Бир фанга ажратилган аудитория соатининг 30 фоизини ва ундан ортиқ соатни сабабсиз қолдирган ўқувчи ушбу фандан четлаштирилиб, якуний назоратга киритилмайди ҳамда мазкур фан бўйича тегишли кредитларни ўзлаштирмаган ҳисобланади. Якуний назорат турига киритилмаган ёки кирмаган, шунингдек, ушбу назорат тури бўйича қониқарсиз баҳо олган ўқувчи академик қарздор ҳисобланади.
Академик қарздор ўқувчилар таътил вақтида ёки кейинги семестрлар мобайнида тегишли фанлардан ўзлаштирилмаган кредитлар миқдорига мос равишда базавий тўлов-контракт миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўловни амалга оширгандан сўнг ўзлаштирилмаган фанларни ўз ҳисобидан қайта ўқиш ҳуқуқига эга бўлади.
ТДЮУ кенгаши қарори билан аудитория соатини сабабсиз қолдириш фоизи қисқартирилиши ва академик қарздорликни бир марта бепул топширишга рухсат берилиши мумкин.
33. Ўқувчини курсдан курсга ўтказиш унинг GPA қийматини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Юридик техникумлар ўқувчиларини курсдан курсга ўтказишда GPA кўрсаткичи ТДЮУ томонидан белгиланади. GPA кўрсаткичини тўплай олмаган ўқувчи қайта ўқиш учун тегишли курсда қолдирилади.
34. Семестр ва ўқув йили якуни натижалари бўйича академик қарздорлиги бор таълим олувчилар ўқишдан четлаштирилмайди ва курсда қолдирилади.
Курсда қолган ўқувчилар фақат қарздор бўлган модулларни ўзлаштириб уларга мос равишда шартнома маблағларини тўлайди. Шартнома асосида бир курсда қайта ўқиш сони чегараланмайди.
Ўқувчи иккинчи курсни тугатгандан сўнг иккала босқичлари учун белгиланган энг кам кредитлар миқдорини тўплаб, шартнома тўловидан қарзи бўлмаса «битирувчи» мақомига эга бўлади. Бунда битирувчи мақомига эга ўқувчи модулларни мустақил ўзлаштирган ҳолда мунтазам равишда ўтказиладиган имтиҳон сессияларида имтиҳон топшириш ёки якуний давлат аттестациясидан шартнома-тўлов асосида ўтиш учун мурожаат қилиши мумкин.
6-боб. Якунловчи қоидалар
35. Ўқувчи ўқув режасида назарда тутилган кредитларни тўпласа, шу жумладан якуний давлат аттестациясидан муваффақиятли ўтса ўрта махсус профессионал маълумот даражасига эга бўлади.
36. Юридик техникумларни муваффақиятли тамомлаб ТДЮУга ўқишга якка тартибдаги суҳбат орқали қабул қилинган талабаларнинг ТДЮУнинг биринчи курси учун юридик техникумларда тўпланган кредитлари ТДЮУ кенгаши қарори билан кўчирилади.
37. Юридик техникумларда таълим олишнинг тўлов қиймати қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Адлия вазирлиги томонидан мустақил белгиланади.
Ўқув йили учун тўлов-контракт 60 кредит миқдорида ҳисобланади. Ўзлаштиришлари шарт бўлган (мажбурий ва танлов модуллар доирасида) кредитлардан ташқари ўқувчиларга ўз ихтиёрлари билан қўшимча модулни қўшимча тўлов асосида ўзлаштиришига рухсат этилади.
38. Фанлар бўйича қайта таълим олиш учун тўлов қиймати Адлия вазирлиги томонидан бутун ўқув йилининг контракт суммасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Қайта таълим олиш учун тўлов механизми Адлия вазирлиги томонидан бир кредит қийматини ҳисоблаш асосида белгиланади. Бир кредит қиймати ўқув йили давомидаги таълим олиш учун тўланадиган базавий тўлов-контракт миқдорини режалаштирилган кредитлар миқдорига бўлиш йўли билан аниқланади.
39. Таълим дастурида белгиланган натижаларга эришиш ҳамда кредит-модуль тизими тўғри ва ҳаққоний қўлланилаётганлигини аниқлаш ва баҳолаш мақсадида ўқув жараёнининг мониторинги ўтказилади.
Мониторинг юридик техникумлар ва ТДЮУ томонидан сўровнома, фокус-гуруҳлар, интервью олиш ёки эришилган натижаларни таҳлил қилиш ва бошқа усулларда амалга оширилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларида таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик техникумларида таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш
Босқичлар Тадбирлар Ижро учун масъуллар Бажариш муддатлари 1-босқич Таълим дастури каталоги ва ўқув режасини ишлаб чиқиш. Ўқув-методик бўлим, факультет деканати Ҳар ўқув йили бошланишидан камида 2 ой олдин 2-босқич Фанларнинг дастурларини ишлаб чиқиш. Кафедра мудирлари, педагог ходимлар Ҳар ўқув йили бошланишидан камида 1 ой олдин 3-босқич 1. Ҳар бир ўқувчининг шахсий таълим траекториясини шакллантириш. 2. Ўқувчиларни фан (модул) ва ўқитувчиларни танлаш бўйича рўйхатдан ўтказиш. Гуруҳ мураббийи ва факультет деканати 1-курсда академик ва касбга йўналтириш тадбирлари амалга оширилганидан кейин, 2-курсда ўқув йили бошлангунга қадар 4-босқич Академик гуруҳларни шакллантириш Ўқув-методик бўлим, факультет деканати 1-курсда академик ва касбга йўналтириш тадбирлари амалга оширилганидан кейин, 2-курсда ўқув йили бошлангунга қадар 5-босқич Дарс жадвалини шакллантириш Ўқув-методик бўлим, факультет деканати Ҳар йили август-сентябрь ойлари 6-босқич Ўқув жараёнини амалга ошириш Ўқув-методик бўлим, факультет деканати Ўқув режага мувофиқ 7-босқич Таълим натижалари бўйича ўқувчининг кредитларини ҳисоблаш Ўқув-методик бўлим Доимий
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 июндаги 359-сон қарорига 3-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик техникумлари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 30 октябрдаги 677-сон қарорига киритилаётган қўшимча
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик техникумлари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 30 октябрдаги 677-сон қарорининг 3-бандига қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«ТДЮУга Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг йўлланмалари ҳамда ТДЮУ ҳузуридаги академик лицей тавсияномалари асосида кириш тест синовларисиз якка тартибдаги суҳбат натижаларига кўра ўқишга кирган юридик техникумлар ва академик лицейнинг битирувчиларига (абитуриентларга) уларнинг тўлов-контракт асосида ўқиш харажатларини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда Адлия вазирлигининг бюджетдан ташқари ва ТДЮУнинг бюджетдан ташқари (тўлов-контракт, шу жумладан табақалаштирилган тўлов-контракт) маблағлари ҳисобидан грантлар ажратилиши мумкин».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 10 июнь,
359-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
NIZOM
SXEMASI
Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tizimidagi taʼlim muassasalarida kredit-modul tizimini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasida yuridik taʼlim va fanni tubdan takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 29-apreldagi PF-5987-son Farmoniga muvofiq, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tizimidagi taʼlim muassasalarida kredit-modul tizimini joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasida yuridik taʼlim va fanni tubdan takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 29-apreldagi PF-5987-son Farmoniga muvofiq Toshkent davlat yuridik universiteti hamda yuridik texnikumlarda kredit-modul tizimini (Kredit toʻplash va koʻchirishning Yevropa tizimini) joriy etish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Toshkent davlat yuridik universitetida va Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi yuridik texnikumlarida taʼlimning kredit-modul tizimida oʻquv jarayonini tashkil etishning quyidagi tizimini joriy etishni nazarda tutuvchi Toshkent davlat yuridik universitetida taʼlimning kredit-modul tizimida oʻquv jarayonini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga , Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining yuridik texnikumlarida taʼlimning kredit-modul tizimida oʻquv jarayonini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
oʻquv rejasi majburiy va tanlov fanlari asosida ishlab chiqiladi hamda taʼlim oluvchiga oʻzining taʼlim dasturini mustaqil shakllantirish imkoniyati yaratiladi;
taʼlim oluvchi tomonidan muayyan modul (fan) boʻyicha oʻzlashtirilgan oʻquv yuklamasi kreditlar asosida hisoblanadi;
Toshkent davlat yuridik universitetida bakalavriat va magistraturada oʻquv yili (semestr) boshida talabalarning shaxsiy taʼlim trayektoriyasi shakllantiriladi, talabalar fan (modul) va oʻqituvchilarni tanlash boʻyicha roʻyxatdan oʻtkaziladi hamda akademik guruhlar tuziladi;
Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi yuridik texnikumlarida oʻquv yili (semestr) boshida oʻquvchilarning shaxsiy taʼlim trayektoriyasi shakllantiriladi, oʻquvchilar fan (modul) va oʻqituvchilarni tanlash boʻyicha roʻyxatdan oʻtkaziladi hamda akademik guruhlar shakllantiriladi;
har oʻquv yilida oʻquv rejasiga muvofiq dars jadvali shakllantiriladi va oʻquv jarayoni amalga oshiriladi hamda doimiy ravishda taʼlim natijalari boʻyicha talabaning kreditlari hisoblanadi.
3. Belgilansinki, 2021/2022 oʻquv yilidan boshlab:
Toshkent davlat yuridik universitetida taʼlimning kredit-modul tizimi toʻliq joriy etiladi, bunda Toshkent davlat yuridik universiteti taʼlim dasturi katalogi va oʻqitish sharoitlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar hamda dolzarb axborotlar uning rasmiy veb-saytida taʼlim beriladigan barcha tillarda oʻquv yili boshlanishidan kamida bir oy oldin joylashtiriladi va doimiy ravishda yangilab boriladi;
taʼlim sifatini oshirish va professor-oʻqituvchilar oʻrtasida raqobatni shakllantirish maqsadida Toshkent davlat yuridik universiteti kengashi qaroriga asosan talabalarga fan doirasida professor-oʻqituvchilarni tanlash imkoniyati beriladi. Bunda talabalar taʼlim jarayonini boshqarish axborot tizimi portali orqali oʻquv semestri boshida tanlangan professor-oʻqituvchining mashgʻulotida ishtirok etish uchun onlayn tarzda roʻyxatdan oʻtadi;
yuridik texnikumlarda taʼlim sifati, pedagogik faoliyat darajasi, oʻquv-metodik ishlar, oʻquvchilar va bitiruvchilar bilimini tavsiflovchi maʼlumotlar bazasini tizimli shakllantirish hamda ularni reyting indikatorlariga muvofiq baholash asosida yuridik texnikumlarning har yili yangilab boriladigan reytingi yuritiladi;
yuridik texnikumlarda xorijiy hamkorlar bilan birgalikda tashkil etilgan oliy taʼlim tizimi bilan integratsiyalashgan taʼlim dasturlarini tugatgandan soʻng, ushbu xorijiy oliy taʼlim muassasalarida oʻqishni davom ettirgan va uni muvaffaqiyatli tamomlagan shaxslarga (yuridik texnikum bitiruvchilariga) xorijiy oliy taʼlim muassasalarining belgilangan shaklda berilgan diplomlari (bakalavriat, magistratura) Oʻzbekiston Respublikasida qoʻshimcha maʼmuriy tartib-taomillarsiz oliy taʼlim toʻgʻrisidagi hujjat sifatida tan olinadi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi ikki oy muddatda:
Adliya vazirligi tizimidagi taʼlim muassasalari faoliyatini takomillashtirish boʻyicha, shu jumladan Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi bilan birgalikda yuridik texnikumlarning reytingini aniqlash tartibini tasdiqlashni belgilovchi qaror loyihasini kiritsin;
Toshkent davlat yuridik universiteti hamda yuridik texnikumlarda kredit-modul tizimi joriy etilishi munosabati bilan “yurisprudensiya” sohasidagi mutaxassisliklarning malaka talablari, oʻquv rejasi va fan dasturlari takomillashtirilishini hamda tashkiliy masalalarga doir hujjatlar namunalari ishlab chiqilishi va tasdiqlanishini taʼminlasin;
manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
5. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi yuridik texnikumlari faoliyatini takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 30-oktabrdagi 677-son qaroriga 3-ilovaga muvofiq qoʻshimcha kiritilsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri R.K. Davletov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 10-iyundagi 359-son qaroriga 1-ILOVA
Toshkent davlat yuridik universitetida taʼlimning kredit-modul tizimida oʻquv jarayonini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Toshkent davlat yuridik universitetida (keyingi oʻrinlarda — TDYU) taʼlimning kredit-modul tizimida oʻquv jarayonini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. TDYU oʻquv jarayonida kredit-modul tizimi Kredit toʻplash va koʻchirishning Yevropa modeli (European Credit Transfer and Accumulation System — ECTS)ga muvofiq tashkil qilinadi. Shu jumladan, amaliy oʻqitish hamda klinik va dual taʼlim tamoyili asosida taʼlim olish tizimi joriy etiladi.
Agar TDYU tomonidan boshqa oliy taʼlim tashkilotlari bilan qoʻshma taʼlim dasturlari doirasidagi shartnomalarda ushbu Nizomda nazarda tutilganidan boshqacha qoidalar nazarda tutilgan boʻlsa, shartnomada belgilangan qoidalar qoʻllaniladi.
TDYUda tashkil qilingan xorijiy til va huquqni oʻrganish markazlarida talabalar tomonidan oʻrganilgan modullar TDYU kengashi tomonidan oʻzlashtirilgan deb tan olinishi hamda kredit berilishi mumkin.
3. Oʻquv jarayoniga kredit-modul tizimini joriy etishning tashkiliy masalalariga oid maʼlumotlar, jumladan, taʼlim dasturi, fanlar katalogi, akademik mobillikni taʼminlash, kreditlarni tan olish va koʻchirib oʻtkazishga taalluqli hujjatlar hamda diplomga ilovaning shakllari, shuningdek, akademik mobillik davrida talabaning bilim darajasini aniqlash boʻyicha koʻrsatkichlar va boshqa zarur hujjatlar namunalari TDYU tomonidan ishlab chiqiladi va tasdiqlanadi.
4. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
akademik mobillik — TDYU talabalarining muayyan vaqt mobaynida respublika hududidagi yoki xorijiy davlatdagi boshqa bir oliy taʼlim tashkilotiga oʻqish maqsadida borishi;
kredit — taʼlim olish natijalariga koʻra talaba tomonidan muayyan fan boʻyicha oʻzlashtirilgan oʻquv yuklamasining oʻlchov birligi;
kreditlarni koʻchirish — talabalarning akademik mobilligini taʼminlash maqsadida bir oliy taʼlim tashkiloti taʼlim dasturi boʻyicha olingan kreditlarni boshqa oliy taʼlim tashkilotiga koʻchirish va tan olish;
kredit toʻplash — taʼlim elementlarini oʻzlashtirish va boshqa yutuqlarga erishish natijasida taqdim etiladigan kredit birliklarini toʻplash;
mobillik dasturi — ikki yoki undan ortiq oliy taʼlim tashkiloti oʻrtasida oʻzaro taʼlim toʻgʻrisidagi kelishuv asosida tashkil etilgan akademik mobillik dasturi;
oliy taʼlim tashkiloti — belgilangan miqdordagi kreditlarni tan olishni hisobga olgan holda, taʼlim va malaka toʻgʻrisidagi hujjat beruvchi tashkilot;
talabaning shaxsiy taʼlim trayektoriyasi — talaba tomonidan tanlangan hamda unga ketma-ketlikda bilimlar toʻplash va xohlagan kompetensiyalar yigʻindisiga ega boʻlish imkoniyatini beradigan yoʻnalish (marshrut). Taʼlim trayektoriyasi institutsional hujjatlar va yoʻriqnomalar yordamida tuzilishi hamda turli taʼlim trayektoriyalari natijada bir xil malaka olishga olib kelishi mumkin;
taʼlim dasturi — bakalavriat taʼlim yoʻnalishi yoki magistratura mutaxassisligi boʻyicha oʻquv jarayonini amalga oshirishga moʻljallangan taʼlimning asosiy xususiyatlari (hajmi, mazmuni, rejalashtirilgan natijalar), tashkiliy-pedagogik shart-sharoitlar, fan dasturlariga qoʻyilgan umumiy talablar, shuningdek, taʼlimni tashkil etish va amalga oshirish uchun zarur boʻlgan axborot-resurs va oʻquv-metodik koʻrsatmalar majmui;
taʼlim dasturi katalogi — oliy taʼlim tashkiloti tavsifi, kredit-modul tizimiga kirish, mavjud bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari, xizmatlar va resurslar, oʻquv fanlari dasturlari, aniq taʼlim dasturlari elementlari tavsifi toʻgʻrisidagi axborot;
klinik va dual taʼlim tamoyili asosida taʼlim olish tizimi — ikkinchi, uchinchi va toʻrtinchi kurs talabalari uchun yuridik taʼlim dasturlarining 50 foizi (nazariy qismlari) auditoriyalarda, 50 foizi (amaliyot qismi) sud, huquqni muhofaza qiluvchi organlar va boshqa yuridik sohaga oid tashkilotlarda oʻtkazish jarayoni;
taʼlim jarayonini boshqarish axborot tizimi — talabalarni roʻyxatga olish, oʻquv materiallarni tarqatish, talabalar va oʻqituvchilar oʻrtasida oʻzaro hamkorlikni taʼminlash, topshiriqlarni berish, nazoratlar oʻtkazish, baholash va uning natijalarini qayd etish kabi imkoniyatlarga ega boʻlgan elektron tizim (maxsus dasturiy vosita);
taʼlimning kredit-modul tizimi — taʼlim oluvchiga yoʻnaltirilgan, taʼlim olish, taʼlim berish va taʼlim oluvchilar bilimini baholash jarayonlarining shaffofligi tamoyili asosida kreditlarni yigʻish va oʻtkazishdan iborat tizim;
taʼlim moduli (modul) — bu oʻzida bilimga oid hamda kasbiy jihatlarni qamrab oladigan, talabada bilim, koʻnikma va malakalarni shakllantirishga qaratilgan taʼlim dasturining tarkibiy elementi sifatida nazorat qilishning tegishli turi bilan yakunlanadigan alohida oʻquv fani (uning qismi yoki oʻzaro bir sohaga doir fanlar majmui);
taʼlim natijalari — talaba tomonidan oʻzlashtirilgan va baho bilan tasdiqlangan malaka darajasini aks ettiradigan, taʼlim jarayonini tugatgach talaba oʻzlashtirgan koʻnikmalar va ularni amalda bajarish qobiliyatining tavsifi;
taʼlim elementlari — taʼlim dasturining bir qismi boʻlib, taʼlim olish natijalariga erishish va taʼlim dasturida koʻrsatilgan bilimlarni oʻzlashtirishga koʻmaklashuvchi oʻqitish turi;
transkript — taʼlim olishning tegishli davrida oʻzlashtirilgan kreditlar va baholarning harf va raqamlardagi ifodasi koʻrsatib oʻtilgan fanlar roʻyxatini oʻz ichiga olgan belgilangan shakldagi hujjat;
oʻqish yuklamasi — talaba tomonidan oʻquv faoliyatining barcha turlari — maʼruza, amaliy mashgʻulot, seminar, laboratoriya ishi, kurs loyihasi (ishi), amaliyot va mustaqil ishni amalga oshirish asosida kutilgan oʻquv natijalariga erishish uchun zarur boʻlgan soatlar hajmi;
roʻyxatga olish xizmati — taʼlim jarayonini boshqarish axborot tizimlari va dasturiy mahsulotlardan foydalanib professor-oʻqituvchilar, xodimlar va talabalar boʻyicha taʼlim jarayoniga oid maʼlumotlar bazasini shakllantirishni, shuningdek, talabalarning barcha oʻquv natijalarini roʻyxatga olish, bilimini nazorat qilish hamda ularning akademik reytingini hisoblashning barcha turlarini tashkil etishni nazarda tutuvchi xizmatlar;
GPA (Grade Point Average) — taʼlim oluvchining dastur boʻyicha oʻzlashtirgan ballari oʻrtacha qiymati boʻlib, u quyidagi formula yordamida hisoblanadi:
K — har bir fan/modulga ajratilgan kreditlar miqdori;
U — har bir fan/modul boʻyicha talaba toʻplagan ball.
Bunda, talaba faqat fan/modulni muvaffaqiyatli yakunlagan taqdirda, ushbu fan/modul boʻyicha kredit beriladi.
5. TDYUda kredit-modul tizimida oʻquv jarayonini tashkil etish mazkur Nizomga ilovaga muvofiq sxema asosida amalga oshiriladi.
2-bob. Taʼlim dasturi tuzilmasi
6. Oʻquv yili uchun taʼlim dasturi tuzilmasi bir yoki bir nechta modullardan iborat taʼlim elementlaridan tashkil topgan boʻlib, TDYU kengashi tomonidan tasdiqlanadi. Taʼlim dasturi taʼlim olish natijalariga mos boʻlgan va kreditlarda ifodalangan oʻquv mashgʻulotlari, ilmiy loyihalar, mustaqil taʼlim, amaliyot, stajirovka, ijtimoiy va jamoat faoliyati va boshqa taʼlim elementlaridan iborat boʻlishi mumkin.
7. Taʼlim dasturi tuzilmasi uning har bir taʼlim elementiga mos keladigan taʼlim olish natijalarini koʻrsatgan holda, bir akademik oʻquv yiliga 60 kreditga mos kelishini hisobga olib ishlab chiqiladi. Taʼlim dasturida kreditlarning miqdori oʻquv yuklamasi asosida koʻrsatiladi.
8. Talabalarning taʼlim dasturini muvaffaqiyatli oʻzlashtirishlari hamda talab qilingan malakaga ega boʻlishlari uchun talablar aniq belgilanadi. Oʻzlashtirish qoidalari tanlangan taʼlim dasturi boʻyicha oʻqitishning turli bosqichlari uchun belgilangan kreditlar miqdorida yoki kreditlar oraligʻida ifodalanishi mumkin.
9. Taʼlim dasturining talabalar tomonidan muvaffaqiyatli bajarilishiga yordam berish uchun TDYUning tegishli boʻlinmalari va xodimlari, shu jumladan, taʼlimning kredit tizimini boshqarishga masʼul boʻlimi, tyutor tomonidan maslahat va tushuntirishlar berib boriladi. Maslahat doirasida talabalarga taʼlim olish natijasida erishgan yutuqlar va tajribani tan olish imkoniyatlari tushuntiriladi.
10. TDYU taʼlim dasturi katalogi va oʻqitish sharoitlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar hamda dolzarb axborotlar TDYUning rasmiy veb-saytida taʼlim beriladigan barcha tillarda (oʻzbek, rus, ingliz va b.) oʻquv yili boshlanishidan kamida bir oy oldin joylashtiriladi va doimiy ravishda yangilab boriladi.
11. Taʼlim dasturi va uning elementlarini amalga oshirishga masʼul oʻqituvchilar taʼlim dasturida koʻrsatilgan natijalar bilan taʼlim berish hamda baholash jarayonlari oʻrtasidagi mutanosiblikni taʼminlashlari lozim.
3-bob. Oʻquv yuklamalarini hisoblash. Oʻquv jarayonini rejalashtirish, monitoring va taʼlim sifatini taʼminlash
12. Oʻquv jarayoni oʻquv va nazorat tadbirlari majmuini oʻz ichiga oladi. Oʻquv tadbirlarida barcha turdagi auditoriya mashgʻulotlari, amaliyot va mustaqil ishlarning tashkil etilishi nazarda tutiladi. Nazorat tadbirlari taʼlim oluvchilarning oʻquv rejasidagi tegishli fanlar boʻyicha bilimlarni oʻzlashtirishini va ularning natijalarini baholashni nazarda tutadi.
13. Oʻquv jarayoni talabalar, professor-oʻqituvchilar va maʼmuriyat oʻrtasida ochiq muloqot shaklida talabaga yoʻnaltirilgan yondashuv asosida rejalashtiriladi. Ushbu jarayonda talabalarning talab va istaklari muhokama qilinadi. Barcha manfaatdor tomonlar taʼlim dasturining yaratilishi va oʻzlashtirilishining konstruktiv muhokamasiga jalb etilishi mumkin. Bunday muhokamalarda talabalar vakillari ovoz berish huquqi orqali ishtirok etishlari mumkin.
14. Oʻquv jarayonini rejalashtirish quyidagi bosqichlardan iborat boʻladi:
taʼlim dasturi katalogi va oʻquv rejasini ishlab chiqish;
fanlarning dasturlarini (sillabusni) ishlab chiqish;
oʻquv rejasi va tanlov fanlari roʻyxatiga mos ravishda tyutor yordami va fakultet dekani tomonidan yoʻnalish berish orqali talabalarning shaxsiy taʼlim trayektoriyasini shakllantirish;
oʻquv jarayoni jadvalini tuzish;
akademik guruhlar boʻyicha oʻquv mashgʻulotlari jadvalini tuzish.
Oʻquv rejasiga talabalar tomonidan ixtiyoriy ravishda oʻzlashtiriladigan qoʻshimcha kreditlar ajratiladigan taʼlim elementlari kiritiladi. Talabaning jamoat ishlaridagi, ilmiy toʻgaraklar, yuridik klinikalar faoliyatidagi ishtiroki hamda xorijiy mutaxassislar tomonidan oʻtkaziladigan qisqa muddatli kurslardagi ishtiroki ragʻbatlantirilib, kreditlar ajratiladi.
Talaba oʻquv yuklamasidan tashqari oʻz ixtiyoriga koʻra roʻyxati taqdim etiladigan qoʻshimcha fanlarni (modullarni) yoki boshqa fakultet va taʼlim yoʻnalishi oʻquv rejasining tanlov fanlarida mavjud fanlar roʻyxatidan qoʻshimcha fanni tanlab toʻlov-kontrakt asosida oʻqishiga ruxsat etiladi. Bunda qoʻshimcha oʻzlashtirilgan fanlar talaba oʻquv yuklamasiga (kreditlar hajmiga) qoʻshiladi hamda diplom ilovasida qayd etiladi.
15. Semestr davomida talaba tomonidan toʻplanishi lozim boʻlgan kreditlar miqdori oʻquv rejasida koʻrsatilgan majburiy va tanlov fanlarini oʻz ichiga oladi. Majburiy va tanlov fanlari tarkibi va ularni oʻrganishga ajratiladigan kreditlar miqdori TDYU tomonidan mustaqil belgilanadi. Talabalar shaxsiy taʼlim trayektoriyasida belgilangan tanlov fanlari doirasida fanlarni mustaqil tanlashi mumkin.
Bakalavriat (magistratura) talabasi oʻquv rejasida nazarda tutilgan davlat attestatsiyasini muvaffaqiyatli topshirib, oʻquv rejasida belgilangan kredit miqdorini jamlaganda, bakalavr (magistr) darajasiga ega boʻladi.
16. Oʻquv yili davomiyligi TDYU kengashi tomonidan belgilanadi.
Kredit-modul tizimida 1 kredit oʻrtacha 25 — 30 soatlik oʻquv yuklamasiga teng. Yaʼni talaba muayyan fandan tegishli kreditlarni toʻplashi uchun maʼlum miqdordagi oʻquv yuklamasini oʻzlashtirishi zarur. Oʻquv yuklamasi bakalavriatda — 40-50% auditoriya soati, 50-60% mustaqil ish soatiga, magistraturada — 30-40% auditoriya soati, 60-70% mustaqil ish soatiga boʻlinadi. Oʻquv rejasiga muvofiq amaliyot va bitiruvchilarining yakuniy davlat attestatsiyasi uchun ham kreditlar ajratiladi. Kreditning soatlardagi miqdori va oʻquv yuklamasi miqdori TDYU kengashi tomonidan belgilanadi va TDYU veb-sahifasida shaffof tarzda joylashtiriladi.
Bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklarida talaba odatda bir semestrda 30 kredit, bir oʻquv yilida 60 kredit toʻplashi belgilanadi. Semestr davomida talaba tomonidan oʻzlashtirilishi lozim boʻlgan kreditlar hajmi oʻquv rejasida koʻrsatilgan majburiy va tanlov fanlarini oʻz ichiga oladi. Talaba oʻzining shaxsiy taʼlim trayektoriyasini shakllantirishda har bir semestr uchun 30 kredit hajmidagi fanlarni oʻzlashtirishni nazarda tutishi, ular tarkibida oʻquv rejasidagi majburiy fanlar boʻlishi shart.
Talaba bakalavriatda oʻqish muddati kamida 3 yil boʻlganda 180 kredit, oʻqish muddati kamida 4 yil boʻlganda 240 kredit toʻplashi zarur. Magistraturada oʻqish muddati kamida 1 yil boʻlganda 60 yoki 90 kredit, oʻqish muddati kamida 2 yil boʻlganda 120 kredit toʻplashi talab etiladi.
Bakalavriat taʼlim yoʻnalishining 2, 3 va 4-kurslarida oʻquv jarayoni nazariya va amaliyot uygʻunligini taʼminlash maqsadida klinik va dual taʼlim tamoyili asosida taʼlim olish tizimi tashkil etilishi mumkin. Bunda, talabalar oʻquv yuklamasining 50 foizi auditoriyada nazariy mashgʻulotlar hamda 50 foizi sud, huquqni muhofaza qiluvchi organlar va boshqa korxonalarda amaliy mashgʻulotlar shaklida taqsimlanadi. Amaliy mashgʻulotlar kredit yuklamasining tarkibiy qismi hisoblanadi.
17. Oʻquv jarayonining monitoringi taʼlim olishning belgilangan natijalariga erishish, nominal mehnat hajmi hamda ularning haqqoniyligi va mosligini baholash maqsadida oʻtkaziladi.
18. Taʼlim sifati samaradorligi TDYU tomonidan ishlab chiqiladigan taʼlim dasturining vakolatli tashkilotlar tavsifnomalari va talablariga mosligini taʼminlash bilan belgilanadi.
Taʼlim sifatini oshirish va professor-oʻqituvchilar oʻrtasida raqobatni shakllantirish maqsadida TDYU kengashi qaroriga asosan talabalarga fan doirasida professor-oʻqituvchilarni tanlash imkoniyati beriladi. Bunda talabalar taʼlim jarayonini boshqarish axborot tizimi portali orqali oʻquv semestri boshida tanlangan professor-oʻqituvchining mashgʻulotida ishtirok etish uchun onlayn tarzda roʻyxatdan oʻtadi.
19. Akademik qarzdor talabalarning tashabbusi bilan mavjud akademik qarzlarni topshirish maqsadida yozgi semestr TDYU tomonidan taʼtil vaqtida pulli asosda tashkil etilishi mumkin.
Yozgi semestrning davomiyligi akademik taqvim asosida bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari, magistratura mutaxassisliklari va kurslar boʻyicha belgilanadi.
Yozgi semestr quyidagi reglament asosida tashkil qilinadi:
talaba yozgi semestr boshlanguniga qadar TDYU oʻquv-uslubiy boshqarmasiga oʻzining yozgi semestrda oʻqishi istagini bildiradi;
TDYU ushbu talabalarga yozgi semestr uchun dars jadvalini tuzadi va talaba toʻlov pulini toʻlaganidan soʻng darslarga kiritiladi;
yozgi semestr amaldagi baholash tizimi asosida talabalar bilimini shaffof baholash tamoyiliga koʻra tashkil qilinadi.
Yozgi semestrga jalb qilingan professor-oʻqituvchilarga soatbay asosida ish haqi toʻlanadi.
20. TDYUda oʻquv yuklamalari hajmi, oʻquv mashgʻulotlari soati (kontakt yoki akademik soat), bir kreditning jami soatlari va ularning boʻlinishi TDYU kengashi tomonidan belgilanadi.
4-bob. Akademik mobillik va kreditlarni tan olish
21. Akademik mobillikni taʼminlash va talabaning kreditlari oliy taʼlim tashkiloti tomonidan tan olinishida quyidagi hujjatlardan foydalaniladi:
taʼlim dasturi (fanlar) katalogi;
taʼlim toʻgʻrisidagi kelishuv, maʼlumotnoma va sertifikat.
Mazkur hujjatlar taʼlim olish natijalarini aks ettiradi va oliy taʼlim tashkilotiga kreditlarni tan olish va koʻchirib oʻtkazish uchun asos hisoblanadi.
22. Taʼlim toʻgʻrisidagi kelishuvga muvofiq TDYU tomonidan akademik mobillik doirasidagi talabaning barcha kreditlari taʼlim dasturini oʻzlashtirishda talabaga qoʻshimcha topshiriqlarsiz hisobga olinadi.
23. Talaba joʻnatuvchi oliy taʼlim tashkiloti tavsiyasiga asosan qabul qiluvchi oliy taʼlim tashkilotiga akademik mobillikni amalga oshirish uchun zarur hujjatlarni topshiradi. Joʻnatuvchi oliy taʼlim tashkiloti tomonidan talabaga belgilangan shakldagi transkript taqdim etiladi.
24. Talabaning akademik mobillik davrida oʻzlashtirilishi belgilangan taʼlim elementlarini joʻnatuvchi oliy taʼlim tashkilotining roziligisiz va u bilan kelishmasdan oʻzgartirish mumkin emas. Xorijdagi hamkor oliy taʼlim tashkilotlarining taʼlim dasturlarida belgilangan taʼlim olish natijalari joʻnatuvchi oliy taʼlim tashkilotining taʼlim dasturi boʻyicha taʼlim olish natijalariga mos kelishi yoki ularni toʻldirishi lozim. Akademik mobillik vaqtida akademik yil koʻrsatkichlari tahlil qilinadi va ushbu Nizomga asosan kreditlar tan olinishi belgilanadi.
25. Qabul qiluvchi oliy taʼlim tashkilotida talaba tomonidan oʻzlashtiriladigan oʻquv elementlarining toʻplami va ular TDYU taʼlim dasturiga integratsiya qilinganligi taʼlim toʻgʻrisidagi kelishuvda aniq koʻrsatilgan boʻlishi lozim. Qabul qiluvchi oliy taʼlim tashkilotida oʻzlashtiriladigan kreditlar miqdori xorijda oʻqish davriga (3 — 6 oy yoki 1 — 3 yil) mutanosib boʻlishi kerak. Joʻnatuvchi oliy taʼlim tashkiloti tomonidan akademik mobillik davrida talabaning oʻzlashtirgan (toʻliq yoki qisman) kreditlari tan olinadi.
Talaba joʻnatuvchi oliy taʼlim tashkilotiga qaytib kelgach, akademik mobillik davrida toʻplangan kreditlar miqdoridan kelib chiqqan holda TDYU kengashi tomonidan belgilangan tartib-qoidalar asosida uni keyingi kursga oʻtkazish yoki kursda qoldirish belgilanadi.
26. TDYU akademik mobillik dasturi boʻyicha rejalashtirilgan taʼlim elementlarini oʻzlashtirish uchun talabani belgilangan shakl asosida roʻyxatdan oʻtkazadi va akademik mobillik davrida ushbu elementlarni oʻzlashtirish imkoniyatlari taʼminlanishi majburiyatini oladi.
27. Hamkor tashkilotlar bilan birgalikda ishlab chiqilgan taʼlim dasturlari doirasida akademik mobillik uchun taʼlim toʻgʻrisidagi kelishuvlar tuzilishi zarur hisoblanmaydi.
28. Taʼlim toʻgʻrisidagi kelishuvga muvofiq akademik mobillik davrida talabaning bilim darajasini aniqlovchi koʻrsatkichlar TDYU baholash tizimini boshqa baholash tizimlariga konvertatsiya qilish jadvali asosida qabul qilinadi.
29. Stajirovkani oʻtash boʻyicha kelishuv talaba, joʻnatuvchi va qabul qiluvchi tashkilot tomonidan uch tomonlama imzolanadi.
30. Stajirovka davomida talaba tomonidan oʻzlashtirilgan bilimlarning oshkoraligini taʼminlash va ularni tasdiqlash maqsadida qabul qiluvchi tashkilot tomonidan stajirovkani oʻtaganlik toʻgʻrisida sertifikat beriladi.
5-bob. Baholash, baholarni konvertatsiya qilish
31. Talabalar taʼlim dasturi doirasida oʻqitish shaklidan qatʼi nazar, belgilangan tartibdagi baholash mezonlari asosida baholanadi.
32. Fan dasturida (sillabusda) belgilangan baholash tartibi hamda ijobiy baholar doirasida baholangan talabalarga kreditlar beriladi. Talaba belgilangan taʼlim olish natijalariga erisha olmagan taqdirda, kreditlar berilmaydi.
33. Baholash usullari fan yoki modul doirasidagi talabaning yutuqlarini aks ettiruvchi va tasdiqlovchi yozma, ogʻzaki, amaliy ish, loyiha, portfolio va nazoratlar kabi turlarni oʻz ichiga qamrab oladi. Baholash mezoni taʼlim olish natijasiga erishilganligini aks ettirishi shart.
Bunda oraliq va yakuniy nazorat turlari sunʼiy intellekt (AI) texnologiyalariga asoslangan avtomatlashtirilgan baholash tizimlari hamda inson omilisiz nazorat qilish (proktoring) tizimi orqali oʻtkazilishi mumkin.
34. Kreditlarni koʻchirish TDYUda baholash tizimini boshqa baholash tizimlariga konvertatsiya qilish jadvalini boshqa oliy taʼlim tashkilotida tuzilgan shunga oʻxshash jadval bilan solishtirish asosida amalga oshiriladi.
6-bob. Kredit-modul tizimida talabalarni roʻyxatga olish
35. Roʻyxatga olish xizmati taʼlim va talabalar bilimini baholash jarayonlarini alohida yuritish, talabalar haqidagi akademik maʼlumotlarni elektron tarzda avtomatik boshqarish hamda yakuniy nazoratlarni oʻtkazish maqsadida tashkil etiladi.
36. Roʻyxatga olish xizmati talabaga tanlagan mutaxassisligi boʻyicha yuqori darajadagi bilim, koʻnikma va malakalarga erishishda yordam berishga qaratilgan boʻlib, u quyidagi funksiyalarni qamrab oladi:
oʻquv jarayoni jadvalini tuzish va bajarilishini nazorat qilish;
talabalarning fanlarga roʻyxatdan oʻtishini nazorat qilish;
fakultetlar bilan hamkorlikda akademik guruhlarni shakllantirish;
oraliq, yakuniy baholashlar va yakuniy davlat attestatsiyasining oʻtkazilishini nazorat qilish;
taʼlim olayotgan talabalarning baholarga oid maʼlumotlarini arxivga qadar saqlash;
transkript formalarini shakllantirish va talabalarning maʼlumotlarini kiritish;
talabalar kontingenti boʻyicha statistikani yuritish.
37. Roʻyxatga olish xizmati funksiyalari TDYU Oʻquv-uslubiy boshqarmasi tomonidan amalga oshiriladi.
38. TDYU Oʻquv-uslubiy boshqarmasi taʼlim jarayonini boshqarish axborot tizimi orqali fakultetlar tomonidan talabalarning fanlarga roʻyxatdan oʻtkazilishini va talabaning shaxsiy taʼlim trayektoriyasini shakllantirish jarayonini muvofiqlashtiradi. Talabaning shaxsiy taʼlim trayektoriyasi ular tomonidan mustaqil ravishda tyutor yordamida oʻquv rejasi va tanlov fanlari katalogi asosida tegishli oʻqish davri uchun tuziladi. Talabaning taʼlim trayektoriyasi taʼlim jarayonini boshqarish axborot tizimidan fanlarni tanlash orqali avtomatik ravishda shakllanadi. Shaxsiy taʼlim trayektoriyasiga har oʻquv yilidan oldin oʻzgartirish yoki qoʻshimchalar kiritilishi mumkin.
39. Talabalarning shaxsiy taʼlim trayektoriyasi asosida TDYU Oʻquv-uslubiy boshqarmasi fakultetlar bilan hamkorlikda akademik guruhlarni shakllantiradi va biron-bir fanga yozilish yetarli boʻlmagan taqdirda, shaxsiy taʼlim trayektoriyasini oʻzgartirish zarurligi toʻgʻrisida talabalarga xabar beradi. Talabaning shaxsiy taʼlim trayektoriyasi shakllantirib boʻlingandan soʻng, dars jadvali tuziladi.
40. TDYU Oʻquv-uslubiy boshqarmasi har bir talabani roʻyxatdan oʻtkazish sanasi va vaqtini belgilaydi (odatda, talaba tomonidan yetarli GPA koʻrsatkichlarining toʻplanganligi va kontrakt toʻlovlari amalga oshirilganligiga qarab). Birinchi kurs talabalarini roʻyxatdan oʻtkazish ular bilan akademik va kasbga yoʻnaltirish tadbirlari amalga oshirilganidan keyin boshlanadi.
41. Talabalar tanlagan fanlarini har semestrning dastlabki birinchi haftasi ichida oʻzgartirishi mumkin.
42. Birinchi kurs talabalarini roʻyxatga olish jarayoni quyidagi tartibda amalga oshiriladi:
tyutor TDYU oʻquv-uslubiy boshqarmasidan biriktirilgan guruh talabalarining login va parollarini oladi, talabaga taʼlim jarayonini tushuntiradi, taʼlim dasturi bilan tanishtiradi, login va parol beradi hamda talaba portalidan foydalanishni oʻrgatadi;
talaba professor-oʻqituvchilar tomonidan oʻtkaziladigan fanlar boʻyicha tanishtiruv taqdimotlariga qatnashadi, majburiy va tanlov fanlari bilan tanishadi va taʼlim jarayonini boshqarish axborot tizimidagi talaba portali orqali fanlarga roʻyxatdan oʻtadi;
talaba taʼlim jarayonini boshqarish axborot tizimidagi portali orqali dars jadvalini aniqlaydi va darslarga qatnashadi.
7-bob. Talabalarni oʻqishdan chetlashtirish, qayta tiklash, kursdan-kursga oʻtkazish mexanizmlari
43. Talabalar TDYUdan quyidagi hollarda chetlashtiriladi:
oʻz xohishiga binoan;
oʻqishning boshqa oliy taʼlim tashkilotiga koʻchirilishi munosabati bilan;
oʻquv intizomini va TDYU tomonidan oʻrnatilgan ichki tartib-qoidalarni muntazam ravishda yoki bir marotaba qoʻpol ravishda buzganligi uchun;
shartnoma asosida oʻqiyotgan taʼlim oluvchilar shartnoma bilan bogʻliq majburiyatlarni bajarmaganligi uchun;
sud tomonidan ozodlikdan mahrum etish jazosi tayinlanganligi sababli;
sud qaroriga koʻra kirish imtihonlarida belgilangan tartibni buzganligi aniqlanganda (ushbu holatda talabalar safidan chetlashtirilganlar talabalar safiga qayta tiklanmaydi);
taʼlim dasturini belgilangan muddatda oʻzlashtirmagan taqdirda;
vafot etganligi sababli.
Chetlashtirilgan talabaga belgilangan shakldagi taʼlim toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma beriladi.
44. Bir fanga ajratilgan auditoriya soatining 25 foizini va undan ortiq soatni sababsiz qoldirgan talaba ushbu fandan chetlashtirilib, yakuniy nazoratga kiritilmaydi hamda mazkur fan boʻyicha tegishli kreditlarni oʻzlashtirmagan hisoblanadi. Yakuniy nazorat turiga kiritilmagan yoki kirmagan, shuningdek, ushbu nazorat turi boʻyicha qoniqarsiz baho olgan talaba akademik qarzdor hisoblanadi.
Akademik qarzdor talabalar taʼtil vaqtida yoki keyingi semestrlar mobaynida tegishli fanlardan oʻzlashtirilmagan kreditlar miqdoriga mos ravishda bazaviy toʻlov-kontrakt miqdoridan kelib chiqqan holda toʻlovni amalga oshirgandan soʻng oʻzlashtirilmagan fanlarni oʻz hisobidan qayta oʻqish huquqiga ega boʻladi.
TDYU kengashi qarori bilan auditoriya soatini sababsiz qoldirish foizi qisqartirilishi va akademik qarzdorlikni bir marta bepul topshirishga ruxsat berilishi mumkin.
45. Taʼlim oluvchini kursdan kursga oʻtkazish uning GPA yoki kreditlar miqdori qiymatini hisobga olgan holda amalga oshiriladi. TDYU talabalarni kursdan kursga oʻtkazishda GPA koʻrsatkichi yoki kreditlar miqdorini mustaqil belgilaydi.
GPA oʻtish ballini toʻplay olmagan talaba qayta oʻqish uchun tegishli kursda qoldiriladi. Semestr va oʻquv yili yakuni natijalari boʻyicha akademik qarzdorligi bor taʼlim oluvchilar oʻqishdan chetlashtirilmaydi.
Kursdan kursga qolgan talabalar faqat qarzdor boʻlgan fanlarni quyi kurslar bilan birga yoki mustaqil oʻzlashtirib, ularga mos ravishda shartnoma mablagʻlarini toʻlaydi.
Talaba kreditlarni topshirish vaqtida oʻzlashtirmagan fanni oʻquv rejasidan chiqib ketganligi sababli, quyi kurslarda oʻqitilmaydigan boʻlsa, fakultet dekani tavsiyasiga binoan TDYU oʻquv ishlari boʻyicha prorektori tomonidan ixtisosligiga koʻra mazmuni yaqin boʻlgan boshqa fanni oʻzlashtirishga ruxsat berilishi mumkin.
Shartnoma asosida bir kursda qayta oʻqish soni chegaralanmaydi.
46. Taʼlim oluvchi qonunchilik hujjatlari asosida oʻqishini qayta tiklash va koʻchirish huquqiga ega. Taʼlim oluvchi tomonidan chetlashtirilgunga qadar oʻzlashtirgan kreditlar miqdori TDYU tomonidan toʻliq hajmda hisobga olinadi.
Taʼlim oluvchining tegishli davrda oʻzlashtirgan fanlari kreditlarda ifodalanmagan taqdirda, mazkur fanlar bir semestr uchun 30 kredit hajmida belgilanadi.
8-bob. Yakunlovchi qoidalar
47. TDYUda taʼlim olishning toʻlov qiymati qonunchilik hujjatlariga muvofiq TDYU tomonidan mustaqil belgilanadi.
48. Oʻquv yuklamasi boʻyicha hisoblangan soatlar hajmi TDYU shtat birliklari sonini hamda professor-oʻqituvchilarning oylik maoshlarini belgilash uchun asos boʻlmaydi.
Shtat birliklari professor-oʻqituvchilarning talabalar soniga nisbati boʻyicha, oylik maoshi esa tegishli normativ-huquqiy hujjatlar asosida belgilanadi hamda ish haqi hisoblash va toʻlash tabel asosida amalga oshiriladi.
49. Fanlar boʻyicha qayta taʼlim olish uchun toʻlov qiymati TDYU tomonidan butun oʻquv yilining stipendiyasiz kontrakt summasidan kelib chiqqan holda belgilanadi. Qayta taʼlim olish uchun toʻlov mexanizmi TDYU tomonidan bir kredit qiymatini hisoblash asosida belgilanadi. Bir kredit qiymati oʻquv yili davomidagi taʼlim olish uchun toʻlanadigan stipendiyasiz kontrakt summasini rejalashtirilgan kreditlar miqdoriga boʻlish yoʻli bilan aniqlanadi.
50. Talaba TDYU taʼlim dasturini muvaffaqiyatli oʻzlashtirgan taqdirda, unga akademik darajasini tasdiqlaydigan diplom va diplom ilovasi beriladi.
Toshkent davlat yuridik universitetida taʼlimning kredit-modul tizimida oʻquv jarayonini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Toshkent davlat yuridik universitetida taʼlimning kredit-modul tizimida oʻquv jarayonini tashkil etish
Bosqichlar Tadbirlar Ijro uchun masʼullar Bajarish muddatlari 1-bosqich Taʼlim dasturi katalogi va oʻquv rejasini ishlab chiqish. Oʻquv-uslubiy boshqarma, fakultet dekanati Har oʻquv yili boshlanishidan kamida 2 oy oldin 2-bosqich Fanlarning dasturlarini ishlab chiqish. Kafedra mudirlari, professor-oʻqituvchilar Har oʻquv yili boshlanishidan kamida 1 oy oldin 3-bosqich 1. Har bir talabaning shaxsiy taʼlim trayektoriyasini shakllantirish. 2. Talabalarni fan (modul) va oʻqituvchilarni tanlash boʻyicha roʻyxatdan oʻtkazish. Guruh murabbiyi va fakultet dekanati Bakalavriat 1-kurs va magistraturada akademik va kasbga yoʻnaltirish tadbirlari amalga oshirilganidan keyin, 2 — 4-kurslarda oʻquv yili boshlangunga qadar 4-bosqich Akademik guruhlarni shakllantirish Oʻquv-uslubiy boshqarma, fakultet dekanati Bakalavriat 1-kurs va magistraturada akademik va kasbga yoʻnaltirish tadbirlari amalga oshirilganidan keyin, 2 — 4-kurslarda oʻquv yili boshlangunga qadar 5-bosqich Dars jadvalini shakllantirish Oʻquv-uslubiy boshqarma, fakultet dekanati Har yili avgust-sentabr oylari 6-bosqich Oʻquv jarayonini amalga oshirish Oʻquv-uslubiy boshqarma, fakultet dekanati Oʻquv rejaga muvofiq 7-bosqich Taʼlim natijalari boʻyicha talabaning kreditlarini hisoblash Oʻquv-uslubiy boshqarma Doimiy
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 10-iyundagi 359-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining yuridik texnikumlarida taʼlimning kredit-modul tizimida oʻquv jarayonini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining yuridik texnikumlarida (keyingi oʻrinlarda — yuridik texnikumlar) taʼlimning kredit-modul tizimida oʻquv jarayonini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Yuridik texnikumlarda oʻquv jarayonida kredit-modul tizimi Kredit toʻplash va koʻchirishning Yevropa modeli (European Credit Transfer and Accumulation System — ECTS)ga muvofiq tashkil qilinadi.
Toshkent davlat yuridik universiteti (keyingi oʻrinlarda — TDYU) tomonidan boshqa oliy taʼlim muassasalari bilan qoʻshma taʼlim dasturlari doirasidagi shartnomalarda ushbu Nizomda nazarda tutilganidan boshqacha qoidalar nazarda tutilgan boʻlsa, shartnoma qoidalari qoʻllaniladi.
3. Oʻquv jarayoniga kredit-modul tizimini joriy etishning tashkiliy masalalariga oid maʼlumotlar, shu jumladan, taʼlim dasturi, fanlar katalogi, akademik mobillikni taʼminlash, taʼlim toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma, kreditlarni tan olish va koʻchirib oʻtkazishga taalluqli hujjatlar hamda diplomga ilovaning shakllari, shuningdek, akademik mobillik davrida oʻquvchining bilim darajasini aniqlash boʻyicha koʻrsatkichlar va boshqa zarur hujjatlar namunalari Toshkent davlat yuridik universiteti (keyingi oʻrinlarda — TDYU) tomonidan ishlab chiqiladi va tasdiqlanadi.
4. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
akademik mobillik — yuridik texnikum oʻquvchilarining muayyan vaqt mobaynida respublika hududidagi yuridik texnikumga (TDYUga) yoki xorijiy davlatdagi boshqa bir taʼlim muassasasiga oʻqish maqsadida borishi;
kredit — taʼlim olish natijalariga koʻra oʻquvchi tomonidan muayyan fan boʻyicha oʻzlashtirilgan oʻquv yuklamasining oʻlchov birligi;
kreditlarni koʻchirish — oʻquvchilarning akademik mobilligini taʼminlash maqsadida bir taʼlim muassasasi taʼlim dasturida olingan kreditlarni boshqa taʼlim muassasasiga koʻchirish va tan olish;
kredit toʻplash — taʼlim elementlarini oʻzlashtirish va boshqa yutuqlarga erishish natijasida taqdim etiladigan kredit birliklarini toʻplash;
mobillik dasturi — ikki yoki undan ortiq taʼlim muassasasi oʻrtasida oʻzaro kelishuv asosida tashkil etilgan akademik mobillik dasturi;
taʼlim dasturi — yuridik texnikum bitiruvchisiga muayyan egallagan mutaxassislik boʻyicha kasbiy faoliyatni malakali bajarish imkonini berishga qaratilgan professional taʼlim tayyorgarligining asosiy mazmunini aniqlovchi taʼlim standartlari, oʻquv rejasi, oʻquv fanlari (modullar) dasturlari, malaka amaliyot dasturlaridan iborat hujjatlar toʻplami;
taʼlim dasturi katalogi — yuridik texnikum tavsifi, kredit-modul tizimiga kirish, mavjud taʼlim mutaxassisliklari, xizmatlar va resurslar, oʻquv fanlari dasturlari, aniq taʼlim dasturlari elementlari tavsifi toʻgʻrisidagi axborot;
taʼlim jarayonini boshqarish axborot tizimi — oʻquvchilarni roʻyxatga olish, oʻquv materiallarni tarqatish, oʻquvchilar va pedagog xodimlar oʻrtasida oʻzaro hamkorlikni taʼminlash, topshiriqlarni berish, nazoratlar oʻtkazish, baholash va uning natijalarini qayd etish kabi imkoniyatlarga ega boʻlgan elektron tizim (maxsus dasturiy vosita);
taʼlimning kredit-modul tizimi — taʼlim oluvchiga yoʻnaltirilgan, taʼlim olish, taʼlim berish va taʼlim oluvchilar bilimini baholash jarayonlarining shaffofligi tamoyili asosida kreditlarni yigʻish va oʻtkazishdan iborat tizim;
taʼlim moduli (modul) — bu oʻzida bilimga oid hamda kasbiy jihatlarni qamrab oladigan, oʻquvchida bilim, koʻnikma va malakalarni shakllantirishga qaratilgan taʼlim dasturining tarkibiy elementi sifatida nazorat qilishning tegishli turi bilan yakunlanadigan alohida oʻquv fani (uning qismi yoki oʻzaro bir sohaga doir fanlar majmui);
taʼlim toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma — oʻzlashtirilgan modullar, toʻplangan kreditlari miqdori, olingan baholar aks ettiriladigan oʻquvchining akademik oʻzlashtirishi boʻyicha guvohnomasi;
taʼlim elementlari — taʼlim dasturining bir qismi boʻlib, taʼlim olish natijalariga erishish va taʼlim dasturida koʻrsatilgan bilimlarni oʻzlashtirishga koʻmaklashuvchi oʻqitish turi;
transkript — taʼlim olishning tegishli davrida oʻzlashtirilgan kreditlar va baholarning harf va raqamlardagi ifodasi koʻrsatib oʻtilgan fanlar roʻyxatini oʻz ichiga olgan belgilangan shakldagi hujjat;
oʻquvchining shaxsiy taʼlim trayektoriyasi — oʻquvchi tomonidan tanlangan hamda unga ketma-ketlikda bilimlar toʻplash va xohlagan kompetensiyalar yigʻindisiga ega boʻlish imkoniyatini beradigan yoʻnalish (marshrut). Taʼlim trayektoriyasi institutsional hujjatlar va yoʻriqnomalar yordamida tuzilishi hamda turli taʼlim trayektoriyalari natijada bir xil malaka olishga olib kelishi mumkin;
oʻqish yuklamasi — oʻquvchi tomonidan oʻquv faoliyatining barcha turlari (maʼruza, amaliy mashgʻulot, seminar, kurs loyihasi (ishi), amaliyot va mustaqil ish)ni amalga oshirish asosida kutilgan oʻquv natijalariga erishish uchun zarur boʻlgan vaqt sarfi;
GPA (Grade Point Average) — taʼlim oluvchining dastur boʻyicha oʻzlashtirgan ballari oʻrtacha qiymati boʻlib, u quyidagi formula yordamida hisoblanadi:
K — har bir fan/modulga ajratilgan kreditlar miqdori;
U — har bir fan/modul boʻyicha talaba toʻplagan ball.
Bunda, oʻquvchi faqat fan/modulni muvaffaqiyatli yakunlagan taqdirda, ushbu fan/modul boʻyicha kredit beriladi.
5. Yuridik texnikumlarning oʻquv yili uchun taʼlim dasturi tuzilmasi bir yoki bir nechta modullardan iborat taʼlim elementlaridan tashkil topgan boʻlib, TDYU kengashi tomonidan tasdiqlanadi. Taʼlim dasturi auditoriya mashgʻulotlari, ilmiy loyihalar, mustaqil taʼlim, amaliyot va boshqa taʼlim elementlaridan iborat boʻlishi mumkin.
Taʼlim dasturida kreditlarning miqdori oʻquv yuklamasi asosida koʻrsatiladi.
Taʼlim dasturi katalogi va oʻqitish sharoitlari toʻgʻrisidagi batafsil maʼlumotlar yuridik texnikumning rasmiy veb-saytiga qulay yuklanadigan shaklda oʻquv yili boshlanishidan kamida bir oy oldin joylashtiriladi va eʼlon qilib boriladi.
6. Yuridik texnikumlarda kredit-modul tizimida oʻquv jarayonini tashkil etish mazkur Nizomga ilovaga muvofiq sxema asosida amalga oshiriladi.
2-bob. Oʻquv jarayonini tashkil etish va taʼlim sifatini taʼminlash
7. Yuridik texnikumlarda oʻquv jarayoni oʻquv (auditoriya mashgʻulotlari, amaliyot va mustaqil ishlarning tashkil etilishi) va nazorat (modullar boʻyicha bilimlar oʻzlashtirilishini va ularning natijalarini baholash) tadbirlaridan tashkil topadi.
8. Oʻquv jarayoni oʻquvchilar, pedagog xodimlar va maʼmuriyat oʻrtasida ochiq muloqot shaklida oʻquvchiga yoʻnaltirilgan yondashuv asosida rejalashtiriladi. Ushbu jarayonda oʻquvchilarning talab va istaklari muhokama qilinadi. Barcha manfaatdor tomonlar taʼlim dasturining yaratilishi va oʻzlashtirilishining konstruktiv muhokamasiga jalb etilishi mumkin. Bunday muhokamalarda oʻquvchilar vakillari ovoz berish huquqi orqali ishtirok etishlari mumkin.
9. Oʻquv jarayonini rejalashtirish quyidagi bosqichlardan iborat boʻladi:
taʼlim dasturi katalogi va oʻquv rejasini ishlab chiqish;
modullarning oʻquv dasturini (sillabusni) ishlab chiqish;
oʻquv rejasi va tanlov fanlari roʻyxatiga mos ravishda oʻquvchilarning shaxsiy taʼlim trayektoriyasini shakllantirish;
oʻquv jarayoni jadvalini tuzish;
akademik guruhlar boʻyicha oʻquv mashgʻulotlari jadvalini tuzish.
Oʻquv rejasiga oʻquvchilar tomonidan ixtiyoriy ravishda oʻzlashtiriladigan qoʻshimcha kreditlar ajratiladigan taʼlim elementlari kiritiladi. Oʻquvchining jamoat ishlaridagi, ilmiy toʻgaraklar, yuridik klinikalar faoliyatidagi ishtiroki hamda xorijiy mutaxassislar tomonidan oʻtkaziladigan qisqa muddatli kurslardagi ishtiroki ragʻbatlantirilib, kreditlar ajratiladi.
Oʻquvchi oʻquv yuklamasidan tashqari oʻz ixtiyoriga koʻra roʻyxati taqdim etiladigan qoʻshimcha fanlarni (modullarni) yoki boshqa fakultet va taʼlim yoʻnalishi oʻquv rejasining tanlov fanlarida mavjud fanlar roʻyxatidan qoʻshimcha fanni tanlab toʻlov-kontrakt asosida oʻqishiga ruxsat etiladi. Bunda qoʻshimcha oʻzlashtirilgan fanlar oʻquvchi oʻquv yuklamasiga (kreditlar hajmiga) qoʻshiladi hamda diplom ilovasida qayd etiladi.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Adliya vazirligi) tomonidan akademik davr shakli — nazariy taʼlim davri semestr, trimestr va boshqa shakllarda oʻrnatilishi mumkin, shuningdek, oʻquv jarayonini tizimli tashkil etish uchun dars mashgʻulotlarini boshlash vaqti va smenasi belgilanadi.
Akademik davr davomida oʻquvchi tomonidan toʻplanishi lozim boʻlgan kreditlar miqdori oʻquv rejasida koʻrsatilgan majburiy va tanlov modullarini oʻz ichiga oladi.
Majburiy va tanlov modullari tarkibi hamda ularni oʻrganishga ajratiladigan kreditlar miqdori TDYU tomonidan mustaqil belgilanadi.
Oʻquvchilar shaxsiy taʼlim trayektoriyasida belgilangan tanlov modullari doirasida fanlarni mustaqil tanlashi mumkin. Oʻquvchilarning shaxsiy taʼlim trayektoriyasini shakllantirish tartibi TDYU tomonidan belgilanadi.
11. Yuridik texnikumlarda oʻquvchi bir semestrda 30 kredit, bir oʻquv yilida 60 kredit toʻplashi kerak. Semestr davomida oʻquvchi tomonidan oʻzlashtirilishi lozim boʻlgan kreditlar hajmi oʻquv rejasida koʻrsatilgan majburiy va tanlov fanlarini oʻz ichiga oladi. Oʻquvchi oʻzining shaxsiy taʼlim trayektoriyasini shakllantirishda har bir semestr uchun 30 kredit hajmidagi fanlarni oʻzlashtirishni nazarda tutishi, ular tarkibida oʻquv rejasidagi majburiy fanlar boʻlishi shart.
12. Yuridik texnikumlarning bitiruvchilari TDYUda ikkinchi kursdan oʻqishini davom ettirish huquqiga ega ekanligini inobatga olib, TDYUning birinchi kursidagi kreditlarini (60 kredit) yuridik texnikumlarda toʻplaydi.
13. TDYUning birinchi kursidagi toʻplanishi lozim boʻlgan kreditlarning yuridik texnikumning qaysi kursi davomida (birinchi yoki ikkinchi kurs yoxud ikkala kursda) toʻplanishi TDYU tomonidan belgilanadi.
14. Yuridik texnikumlarda oʻquv yuklamasi hajmi Adliya vazirligi tomonidan belgilanadi.
15. Kredit-modul tizimida 1 kredit miqdori va oʻquv mashgʻulotlari soati (astronomik yoki akademik soat) TDYU Kengashi tomonidan belgilanadi.
16. Taʼlim sifati samaradorligi TDYU tomonidan ishlab chiqiladigan taʼlim dasturining vakolatli tashkilotlar tavsifnomalari va talablariga mosligini taʼminlash bilan belgilanadi.
Taʼlim sifatini takomillashtirish va pedagog xodimlar oʻrtasida raqobatni shakllantirish maqsadida TDYU Kengashi qaroriga asosan taʼlim jarayonini boshqarish axborot tizimi portali orqali oʻquvchilarga modul doirasida oʻquvchilarning shaxsiy taʼlim trayektoriyasini shakllantirish jarayonida pedagog xodimlarni tanlash imkoniyati beriladi.
17. Pedagog xodimlarning tarkibi mehnatini meʼyorlashtirish, ularning ish vaqtini faqat oʻquv tadbirlariga asoslangan holda amalga oshirishlari, pedagog xodimlarning shaxsiy ish rejasidagi tadbirlar roʻyxati va ularning minimal soatlari (sarflanadigan vaqt meʼyorlari) ECTS talablariga muvofiq TDYU kengashi qarori bilan belgilanadi.
ECTS talablariga muvofiq oʻquv yuklamasi boʻyicha hisoblangan soatlar hajmi, oʻqituvchilarning yillik ish rejasi soatlar miqdori shtat birliklari sonini hamda pedagog xodimlarning oylik maoshlarini belgilash uchun asos boʻlmaydi.
Shtat birliklari pedagog xodimlarning oʻquvchilar soniga nisbati boʻyicha, oylik maoshi esa tegishli normativ-huquqiy hujjatlar asosida belgilanadi hamda ish haqi hisoblash va toʻlash tabel asosida amalga oshiriladi.
3-bob. Oʻquvchilar oʻzlashtirishini baholash tizimi
18. Taʼlim dasturi doirasida oʻqitish shaklidan qatʼi nazar, yuridik texnikum oʻquvchilarining bilimini baholash belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
19. Yuridik texnikumlarda taʼtil vaqtida, qoida tariqasida, yozgi semestr tashkil etilishi mumkin. Yozgi semestr modullarni oʻzlashtirish (akademik qarzlarni topshirish), oʻquv dasturidagi farqlarni yoʻqotish maqsadida pullik asosda tashkil qilinadi.
20. Yozgi semestrning davomiyligi oʻquv jarayonining grafigi asosida yoʻnalishlar, mutaxassisliklar va kurslar kesimida belgilanadi. Bunda, oʻquvchilar bilimini baholash amalda belgilangan tartib asosida tashkil etiladi.
21. Yozgi semestrga jalb qilingan pedagog xodimlarga soatbay asosida ish haqi toʻlanadi.
22. Oʻquvchilar oʻzlashtirishi natijalari transkriptda aks ettiriladi.
23. Kreditlarni koʻchirish yuridik texnikumda baholash tizimini boshqa baholash tizimlariga konvertatsiya qilish jadvalini boshqa taʼlim muassasasida tuzilgan shunga oʻxshash jadval bilan solishtirish asosida amalga oshiriladi.
4-bob. Oʻquvchilar akademik mobilligi va kreditlarni tan olish
24. Akademik mobillikni taʼminlash va oʻquvchining kreditlarini boshqa yuridik texnikum (TDYU) tomonidan tan olinishida quyidagi hujjatlardan foydalaniladi:
taʼlim dasturi (fanlar) katalogi;
taʼlim toʻgʻrisidagi kelishuv, maʼlumotnoma va sertifikat.
Mazkur hujjatlar taʼlim olish natijalarini aks ettiradi va yuridik texnikumga kreditlarni tan olish va koʻchirib oʻtkazish uchun asos hisoblanadi.
25. Oʻquvchi tomonidan yuridik texnikum taʼlim dasturi boʻyicha toʻplangan kreditlar miqdori boshqa yuridik texnikumda (TDYUda) belgilangan taʼlim olish natijalariga muvofiq oʻzlashtiriladigan kreditlar miqdoriga teng hisoblanadi.
26. Oʻquvchi joʻnatuvchi taʼlim muassasasi tavsiyasiga asosan qabul qiluvchi taʼlim muassasasiga akademik mobillikni amalga oshirish uchun zarur hujjatlarni topshiradi. Joʻnatuvchi taʼlim muassasasi tomonidan oʻquvchiga belgilangan shakldagi transkript taqdim etiladi.
27. Oʻquvchining akademik mobillik davrida oʻzlashtirilishi belgilangan taʼlim elementlarini joʻnatuvchi taʼlim muassasasining roziligisiz va u bilan kelishmasdan oʻzgartirish mumkin emas. Xorijdagi hamkor taʼlim muassasalarining oʻquv dasturlarida belgilangan taʼlim olish natijalari yuridik texnikumlarning oʻquv dasturi boʻyicha taʼlim olish natijalariga mos kelishi yoki ularni toʻldirishi lozim.
28. Qabul qiluvchi taʼlim muassasasida oʻquvchi tomonidan oʻzlashtiriladigan taʼlim elementlari joʻnatuvchi taʼlim muassasasining oʻquv dasturiga integratsiya qilinganligi, shuningdek, akademik mobillik davrida oʻquvchining bilim darajasini aniqlovchi koʻrsatkichlarning joʻnatuvchi va qabul qiluvchi taʼlim muassasalarining baholash tizimlariga konvertatsiya qilinganligi akademik mobillik toʻgʻrisidagi shartnomada aniq koʻrsatilgan boʻlishi lozim.
Qabul qiluvchi taʼlim muassasasida oʻzlashtiriladigan kreditlar miqdori yuridik texnikum (TDYU)da yoki xorijda oʻqish davriga (6 oy yoki 1-2 yil) mutanosib boʻlishi kerak. Joʻnatuvchi taʼlim muassasasi tomonidan oʻquvchi akademik mobillik davrida oʻzlashtirgan (toʻliq yoki qisman) kreditlar tan olinadi. Oʻquvchi joʻnatuvchi taʼlim muassasasiga qaytib kelgach, akademik mobillik davrida toʻplangan kreditlar miqdoridan kelib chiqqan xolda amaldagi tartib-qoidalar asosida uni keyingi kursga oʻtkazish yoki kursda qoldirish belgilanadi.
TDYUning hamkor tashkilotlar bilan birgalikda ishlab chiqilgan taʼlim dasturlari doirasida akademik mobillik uchun taʼlim toʻgʻrisidagi kelishuvlar tuzilishi talab etilmaydi.
29. Yuridik texnikum oʻquvchilarining oʻqishini boshqa yuridik texnikumga koʻchirish qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.
5-bob. Oʻquvchilarni oʻqishdan chetlashtirish, qayta tiklash, kursdan kursga oʻtkazish
30. Yuridik texnikum oʻquvchilarini oʻqishdan chetlashtirish qonunchilik hujjatlarda belgilangan tartibda amalga oshiriladi. Oʻquvchi chetlashtirilguniga qadar oʻzlashtirgan kreditlar miqdori yuridik texnikum tomonidan toʻliq hajmda hisobga olinadi.
Chetlashtirilgan oʻquvchiga belgilangan shakldagi taʼlim toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma beriladi.
31. Oʻquvchilar qonunchilik hujjatlari asosida oʻqishini qayta tiklash va koʻchirish huquqiga ega.
32. Bir fanga ajratilgan auditoriya soatining 30 foizini va undan ortiq soatni sababsiz qoldirgan oʻquvchi ushbu fandan chetlashtirilib, yakuniy nazoratga kiritilmaydi hamda mazkur fan boʻyicha tegishli kreditlarni oʻzlashtirmagan hisoblanadi. Yakuniy nazorat turiga kiritilmagan yoki kirmagan, shuningdek, ushbu nazorat turi boʻyicha qoniqarsiz baho olgan oʻquvchi akademik qarzdor hisoblanadi.
Akademik qarzdor oʻquvchilar taʼtil vaqtida yoki keyingi semestrlar mobaynida tegishli fanlardan oʻzlashtirilmagan kreditlar miqdoriga mos ravishda bazaviy toʻlov-kontrakt miqdoridan kelib chiqqan holda toʻlovni amalga oshirgandan soʻng oʻzlashtirilmagan fanlarni oʻz hisobidan qayta oʻqish huquqiga ega boʻladi.
TDYU kengashi qarori bilan auditoriya soatini sababsiz qoldirish foizi qisqartirilishi va akademik qarzdorlikni bir marta bepul topshirishga ruxsat berilishi mumkin.
33. Oʻquvchini kursdan kursga oʻtkazish uning GPA qiymatini hisobga olgan holda amalga oshiriladi. Yuridik texnikumlar oʻquvchilarini kursdan kursga oʻtkazishda GPA koʻrsatkichi TDYU tomonidan belgilanadi. GPA koʻrsatkichini toʻplay olmagan oʻquvchi qayta oʻqish uchun tegishli kursda qoldiriladi.
34. Semestr va oʻquv yili yakuni natijalari boʻyicha akademik qarzdorligi bor taʼlim oluvchilar oʻqishdan chetlashtirilmaydi va kursda qoldiriladi.
Kursda qolgan oʻquvchilar faqat qarzdor boʻlgan modullarni oʻzlashtirib ularga mos ravishda shartnoma mablagʻlarini toʻlaydi. Shartnoma asosida bir kursda qayta oʻqish soni chegaralanmaydi.
Oʻquvchi ikkinchi kursni tugatgandan soʻng ikkala bosqichlari uchun belgilangan eng kam kreditlar miqdorini toʻplab, shartnoma toʻlovidan qarzi boʻlmasa “bitiruvchi” maqomiga ega boʻladi. Bunda bitiruvchi maqomiga ega oʻquvchi modullarni mustaqil oʻzlashtirgan holda muntazam ravishda oʻtkaziladigan imtihon sessiyalarida imtihon topshirish yoki yakuniy davlat attestatsiyasidan shartnoma-toʻlov asosida oʻtish uchun murojaat qilishi mumkin.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
35. Oʻquvchi oʻquv rejasida nazarda tutilgan kreditlarni toʻplasa, shu jumladan yakuniy davlat attestatsiyasidan muvaffaqiyatli oʻtsa oʻrta maxsus professional maʼlumot darajasiga ega boʻladi.
36. Yuridik texnikumlarni muvaffaqiyatli tamomlab TDYUga oʻqishga yakka tartibdagi suhbat orqali qabul qilingan talabalarning TDYUning birinchi kursi uchun yuridik texnikumlarda toʻplangan kreditlari TDYU kengashi qarori bilan koʻchiriladi.
37. Yuridik texnikumlarda taʼlim olishning toʻlov qiymati qonunchilik hujjatlariga muvofiq Adliya vazirligi tomonidan mustaqil belgilanadi.
Oʻquv yili uchun toʻlov-kontrakt 60 kredit miqdorida hisoblanadi. Oʻzlashtirishlari shart boʻlgan (majburiy va tanlov modullar doirasida) kreditlardan tashqari oʻquvchilarga oʻz ixtiyorlari bilan qoʻshimcha modulni qoʻshimcha toʻlov asosida oʻzlashtirishiga ruxsat etiladi.
38. Fanlar boʻyicha qayta taʼlim olish uchun toʻlov qiymati Adliya vazirligi tomonidan butun oʻquv yilining kontrakt summasidan kelib chiqqan holda belgilanadi. Qayta taʼlim olish uchun toʻlov mexanizmi Adliya vazirligi tomonidan bir kredit qiymatini hisoblash asosida belgilanadi. Bir kredit qiymati oʻquv yili davomidagi taʼlim olish uchun toʻlanadigan bazaviy toʻlov-kontrakt miqdorini rejalashtirilgan kreditlar miqdoriga boʻlish yoʻli bilan aniqlanadi.
39. Taʼlim dasturida belgilangan natijalarga erishish hamda kredit-modul tizimi toʻgʻri va haqqoniy qoʻllanilayotganligini aniqlash va baholash maqsadida oʻquv jarayonining monitoringi oʻtkaziladi.
Monitoring yuridik texnikumlar va TDYU tomonidan soʻrovnoma, fokus-guruhlar, intervyu olish yoki erishilgan natijalarni tahlil qilish va boshqa usullarda amalga oshirilishi mumkin.
Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining yuridik texnikumlarida taʼlimning kredit-modul tizimida oʻquv jarayonini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi yuridik texnikumlarida taʼlimning kredit-modul tizimida oʻquv jarayonini tashkil etish
Bosqichlar Tadbirlar Ijro uchun masʼullar Bajarish muddatlari 1-bosqich Taʼlim dasturi katalogi va oʻquv rejasini ishlab chiqish. Oʻquv-metodik boʻlim, fakultet dekanati Har oʻquv yili boshlanishidan kamida 2 oy oldin 2-bosqich Fanlarning dasturlarini ishlab chiqish. Kafedra mudirlari, pedagog xodimlar Har oʻquv yili boshlanishidan kamida 1 oy oldin 3-bosqich 1. Har bir oʻquvchining shaxsiy taʼlim trayektoriyasini shakllantirish. 2. Oʻquvchilarni fan (modul) va oʻqituvchilarni tanlash boʻyicha roʻyxatdan oʻtkazish. Guruh murabbiyi va fakultet dekanati 1-kursda akademik va kasbga yoʻnaltirish tadbirlari amalga oshirilganidan keyin, 2-kursda oʻquv yili boshlangunga qadar 4-bosqich Akademik guruhlarni shakllantirish Oʻquv-metodik boʻlim, fakultet dekanati 1-kursda akademik va kasbga yoʻnaltirish tadbirlari amalga oshirilganidan keyin, 2-kursda oʻquv yili boshlangunga qadar 5-bosqich Dars jadvalini shakllantirish Oʻquv-metodik boʻlim, fakultet dekanati Har yili avgust-sentabr oylari 6-bosqich Oʻquv jarayonini amalga oshirish Oʻquv-metodik boʻlim, fakultet dekanati Oʻquv rejaga muvofiq 7-bosqich Taʼlim natijalari boʻyicha oʻquvchining kreditlarini hisoblash Oʻquv-metodik boʻlim Doimiy
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 10-iyundagi 359-son qaroriga 3-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi yuridik texnikumlari faoliyatini takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 30-oktabrdagi 677-son qaroriga kiritilayotgan qoʻshimcha
Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi yuridik texnikumlari faoliyatini takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 30-oktabrdagi 677-son qarorining 3-bandiga quyidagi mazmundagi xatboshi qoʻshilsin:
“TDYUga Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalarining yoʻllanmalari hamda TDYU huzuridagi akademik litsey tavsiyanomalari asosida kirish test sinovlarisiz yakka tartibdagi suhbat natijalariga koʻra oʻqishga kirgan yuridik texnikumlar va akademik litseyning bitiruvchilariga (abituriyentlarga) ularning toʻlov-kontrakt asosida oʻqish xarajatlarini qoplash uchun Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan belgilangan tartibda Adliya vazirligining budjetdan tashqari va TDYUning budjetdan tashqari (toʻlov-kontrakt, shu jumladan tabaqalashtirilgan toʻlov-kontrakt) mablagʻlari hisobidan grantlar ajratilishi mumkin”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 10-iyun,
359-son