📅 2021-yil 29-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 29-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 29 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 29 июня 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 29 June 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Жиззах шаҳрида «Sambhram» университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 6 ноябрдаги ПФ-6108-сон Фармонида белгиланган вазифалар ҳамда Жиззах вилоятида халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ юқори малакали рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни, шу жумладан, хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда «Sambhram Group» компанияси, «Sambhram» университети (Ҳиндистон) ўртасида 2021 йил 16 апрелда Жиззах шаҳрида «Sambhram» университетини ташкил этиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатларнинг асосий тамойиллари тўғрисида келишув (кейинги ўринларда — келишув) имзоланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда «Sambhram Group» компанияси, «Sambhram» университетининг (Ҳиндистон) Жиззах шаҳрида нодавлат олий таълим ташкилоти шаклидаги «Sambhram» университетини (кейинги ўринларда — Университет) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Бунда Жиззах вилояти ҳокимлиги ва «Sambhram Group» компанияси (Ҳиндистон) Университетнинг таъсисчилари (кейинги ўринларда — Муассис) ҳисобланади.
3. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:
Жиззах вилоятининг ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифаларини, замонавий тадбиркорликнинг ривожланиш тенденцияларини инобатга олган ҳолда, ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси бўйича олий маълумотли кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;
ахборот-коммуникация технологиялари, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ахборот тизими ва компьютер тармоқларини бошқариш каби йўналишларда таълим дастурларини амалга ошириш;
Университет ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибани, замонавий технологияларни жорий этиш, таълим жараёнини замонавий ўқув адабиётлари ва таълим ресурслари билан таъминлаш;
таълим жараёнига «Sambhram» университети (Ҳиндистон), шунингдек, етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини кенг жалб қилиш орқали замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини жорий этиш;
Жиззах вилоятининг иқтисодиёт тармоқларига истиқболли лойиҳалар, инновацияларни жорий қилишда кўмаклашиш, вилоятдаги мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб, ўтказилган илмий тадқиқотлар ва яратилган ишланмалар натижаларини амалиётга жорий этиш;
таълим ва илм-фан соҳаларида хорижий мамлакатларнинг, хусусан, Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда бизнес ҳамжамиятлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш.
4. Белгилаб қўйилсинки:
Университетда ўқитиш Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини инобатга олган ҳолда, «Sambhram» университети (Ҳиндистон) томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ кундузги таълим шаклида инглиз, рус тиллари ва давлат тилида тўлов-контракт асосида амалга оширилади;
Университетга абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш Муассис ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда, Университет томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;
Университетнинг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари республика меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳамда Университетнинг моддий-техник имкониятидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан белгиланади;
Университетда талабалар ўқиши учун тўлов-контракт миқдори Муассис томонидан белгиланади;
Университетга Муассис томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ректор раҳбарлик қилади;
Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган белгиланган намунадаги диплом берилади;
Университетга белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан лицензия олингандан сўнг таълим фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади.
5. «Sambhram Group» компаниясининг (Ҳиндистон) қуйидаги мажбуриятларни олиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:
келишувда кўрсатиб ўтилган шартларга мувофиқ тўрт йил давомида жами уч миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш;
Университетга ҳар йили қабул қилинадиган талабаларнинг 20 фоизини ўқитиш учун имтиёзли таълим грантлари ажратиш, бунда талабаларнинг 5 фоизини бепул ўқитиш, 5 фоизига 50 фоизли, 10 фоизига 25 фоизли тўлов-контракт миқдорини тўлаб бериш бўйича имтиёзлар тақдим этиш;
Университетда таълим бериш ва ўқув жараёнини ташкил этиш учун 60 фоиздан кам бўлмаган малакали хорижий профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш;
Университет профессор-ўқитувчилари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, шу жумладан, нуфузли хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида уларнинг стажировкасини ташкил этиш;
ҳар йили Университет битирувчиларининг 25 фоизидан кам бўлмаган қисмини тегишли мутахассисликлар бўйича ишга жойлаштиришга кўмаклашиш;
Университетнинг кутубхона фондини шакллантириш ва замонавий ўқув, ўқув-методик ҳамда илмий адабиётлар билан тўлдириш;
Университетнинг ўқув-лаборатория базасини шакллантириш, шунингдек, махсус фанларни ўқитиш учун замонавий ўқув воситалари билан жиҳозлаш;
«Sambhram» университетининг (Ҳиндистон) ягона электрон базасига Университетда таҳсил олаётган талабалар ҳақида маълумотлар ҳамда талабаларга бериладиган дипломларнинг қайд рақамларини киритиш;
Университет ўз фаолиятини тугатган тақдирда, Университетда таҳсил олаётган талабаларга ўз йўналишлари бўйича ўқишини давом эттириб, «Sambhram» университетининг (Ҳиндистон) белгиланган намунадаги дипломини олишга имконият яратиш;
Университетда Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари ҳамда келишув шартларига мувофиқ тўлақонли таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш.
6. Университет фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб Муассис маблағлари, тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтларининг грантлари, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар белгиланиши инобатга олинсин.
7. Университет Жиззах вилояти ҳокимлигига тегишли Жиззах вилояти, Жиззах шаҳри, Жиззахлик маҳалласи, Шароф Рашидов кўчасида жойлашган собиқ Олий ҳарбий авиация билим юрти бино ва иншоотларининг бир қисмига (маъмурий бино, учрашувлар зали ва 700 ўринли ошхона бинолари) текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
Бунда бириктирилган бино ва иншоотлар ҳамда унга тегишли ҳудудни сақлаш билан боғлиқ барча харажатлар, жумладан, коммунал тўловлар Университет маблағлари ҳисобидан қопланади.
8. Университет текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириладиган тегишли бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда мебель, ўқув ва илмий асбоб-ускуналар, ташкилий техника, компьютерлар, шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозлаш Жиззах вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилишига рухсат берилсин.
9. Жиззах вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 сентябрга қадар:
Университет уставини, тузилмаси ва штатлар жадвалини тасдиқлаш ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишда;
Университетни танлов асосида малакали профессор-ўқитувчилар таркиби билан таъминлашда зарур ёрдам кўрсатсин.
10. Университетга ўқув ва илмий-тадқиқот ишларига таклиф қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчиларнинг яшаш ҳамда транспорт харажатларини тузиладиган шартномалар асосида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифларда тўлашга рухсат берилсин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х. Тошкулов ҳамда Жиззах вилояти ҳокими Э.А. Салиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 29 июнь,
401-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Jizzax shahrida “Sambhram” universitetini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekistonning yangi taraqqiyot davrida taʼlim-tarbiya va ilm-fan sohalarini rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 6-noyabrdagi PF-6108-son Farmonida belgilangan vazifalar hamda Jizzax viloyatida xalqaro talab va standartlarga muvofiq yuqori malakali raqobatbardosh kadrlar tayyorlash, ilmiy va innovatsion faoliyatni samarali tashkil etish, xalqaro hamkorlikni, shu jumladan, xorijiy mamlakatlarning yetakchi oliy taʼlim muassasalari bilan uzoq muddatli aloqalarni rivojlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Jizzax viloyati hokimligi, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda “Sambhram Group” kompaniyasi, “Sambhram” universiteti (Hindiston) oʻrtasida 2021-yil 16-aprelda Jizzax shahrida “Sambhram” universitetini tashkil etish boʻyicha hamkorlikdagi harakatlarning asosiy tamoyillari toʻgʻrisida kelishuv (keyingi oʻrinlarda — kelishuv) imzolanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Jizzax viloyati hokimligi, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda “Sambhram Group” kompaniyasi, “Sambhram” universitetining (Hindiston) Jizzax shahrida nodavlat oliy taʼlim tashkiloti shaklidagi “Sambhram” universitetini (keyingi oʻrinlarda — Universitet) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
Bunda Jizzax viloyati hokimligi va “Sambhram Group” kompaniyasi (Hindiston) Universitetning taʼsischilari (keyingi oʻrinlarda — Muassis) hisoblanadi.
3. Quyidagilar Universitetning asosiy vazifalari va faoliyati yoʻnalishlari etib belgilansin:
Jizzax viloyatining ijtimoiy soha va iqtisodiyot tarmoqlarining rivojlanish istiqbollari va ustuvor vazifalarini, zamonaviy tadbirkorlikning rivojlanish tendensiyalarini inobatga olgan holda, axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasi boʻyicha oliy maʼlumotli kadrlarni xalqaro standartlar darajasida sifatli tayyorlashni taʼminlash;
axborot-kommunikatsiya texnologiyalari, dasturiy taʼminotni ishlab chiqish, axborot tizimi va kompyuter tarmoqlarini boshqarish kabi yoʻnalishlarda taʼlim dasturlarini amalga oshirish;
Universitet oʻquv jarayoniga ilgʻor xorijiy tajribani, zamonaviy texnologiyalarni joriy etish, taʼlim jarayonini zamonaviy oʻquv adabiyotlari va taʼlim resurslari bilan taʼminlash;
taʼlim jarayoniga “Sambhram” universiteti (Hindiston), shuningdek, yetakchi xorijiy oliy taʼlim muassasalarining malakali professor-oʻqituvchilari, olim va mutaxassislarini keng jalb qilish orqali zamonaviy pedagogik va axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini, ilm-fan va texnikaning soʻnggi yutuqlarini joriy etish;
Jizzax viloyatining iqtisodiyot tarmoqlariga istiqbolli loyihalar, innovatsiyalarni joriy qilishda koʻmaklashish, viloyatdagi mavjud ehtiyojdan kelib chiqib, oʻtkazilgan ilmiy tadqiqotlar va yaratilgan ishlanmalar natijalarini amaliyotga joriy etish;
taʼlim va ilm-fan sohalarida xorijiy mamlakatlarning, xususan, Hindistonning yetakchi oliy taʼlim muassasalari, ilmiy-tadqiqot markazlari hamda biznes hamjamiyatlari bilan uzoq muddatli aloqalarni rivojlantirish.
4. Belgilab qoʻyilsinki:
Universitetda oʻqitish Oʻzbekiston Respublikasi davlat taʼlim standartlari talablarini inobatga olgan holda, “Sambhram” universiteti (Hindiston) tomonidan tasdiqlanadigan oʻquv rejalari va fan dasturlariga muvofiq kunduzgi taʼlim shaklida ingliz, rus tillari va davlat tilida toʻlov-kontrakt asosida amalga oshiriladi;
Universitetga abituriyentlarni qabul qilish va bitiruvchilarni attestatsiyadan oʻtkazish Muassis hamda Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan kelishilgan holda, Universitet tomonidan belgilanadigan talablar, tartib va muddatlarga muvofiq amalga oshiriladi;
Universitetning bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklariga qabul parametrlari respublika mehnat bozori ehtiyojlari hamda Universitetning moddiy-texnik imkoniyatidan kelib chiqib, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan kelishilgan holda Universitet tomonidan belgilanadi;
Universitetda talabalar oʻqishi uchun toʻlov-kontrakt miqdori Muassis tomonidan belgilanadi;
Universitetga Muassis tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan rektor rahbarlik qiladi;
Universitet bitiruvchilariga Oʻzbekiston Respublikasi va Hindiston Respublikasida oliy taʼlim toʻgʻrisidagi hujjat sifatida tan olinadigan belgilangan namunadagi diplom beriladi;
Universitetga belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasidan litsenziya olingandan soʻng taʼlim faoliyati bilan shugʻullanishga ruxsat etiladi.
5. “Sambhram Group” kompaniyasining (Hindiston) quyidagi majburiyatlarni olish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin:
kelishuvda koʻrsatib oʻtilgan shartlarga muvofiq toʻrt yil davomida jami uch million AQSh dollari miqdorida investitsiya kiritish;
Universitetga har yili qabul qilinadigan talabalarning 20 foizini oʻqitish uchun imtiyozli taʼlim grantlari ajratish, bunda talabalarning 5 foizini bepul oʻqitish, 5 foiziga 50 foizli, 10 foiziga 25 foizli toʻlov-kontrakt miqdorini toʻlab berish boʻyicha imtiyozlar taqdim etish;
Universitetda taʼlim berish va oʻquv jarayonini tashkil etish uchun 60 foizdan kam boʻlmagan malakali xorijiy professor-oʻqituvchilarni jalb qilish;
Universitet professor-oʻqituvchilari malakasini oshirish va ularni qayta tayyorlash, shu jumladan, nufuzli xorijiy oliy taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasalarida ularning stajirovkasini tashkil etish;
har yili Universitet bitiruvchilarining 25 foizidan kam boʻlmagan qismini tegishli mutaxassisliklar boʻyicha ishga joylashtirishga koʻmaklashish;
Universitetning kutubxona fondini shakllantirish va zamonaviy oʻquv, oʻquv-metodik hamda ilmiy adabiyotlar bilan toʻldirish;
Universitetning oʻquv-laboratoriya bazasini shakllantirish, shuningdek, maxsus fanlarni oʻqitish uchun zamonaviy oʻquv vositalari bilan jihozlash;
“Sambhram” universitetining (Hindiston) yagona elektron bazasiga Universitetda tahsil olayotgan talabalar haqida maʼlumotlar hamda talabalarga beriladigan diplomlarning qayd raqamlarini kiritish;
Universitet oʻz faoliyatini tugatgan taqdirda, Universitetda tahsil olayotgan talabalarga oʻz yoʻnalishlari boʻyicha oʻqishini davom ettirib, “Sambhram” universitetining (Hindiston) belgilangan namunadagi diplomini olishga imkoniyat yaratish;
Universitetda Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlari hamda kelishuv shartlariga muvofiq toʻlaqonli taʼlim-tarbiya jarayonini tashkil etish.
6. Universitet faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib Muassis mablagʻlari, toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar, xoʻjalik faoliyati va shartnoma asosida xizmatlar koʻrsatishdan olinadigan daromadlar, jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari, xalqaro moliya institutlarining grantlari, qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar belgilanishi inobatga olinsin.
7. Universitet Jizzax viloyati hokimligiga tegishli Jizzax viloyati, Jizzax shahri, Jizzaxlik mahallasi, Sharof Rashidov koʻchasida joylashgan sobiq Oliy harbiy aviatsiya bilim yurti bino va inshootlarining bir qismiga (maʼmuriy bino, uchrashuvlar zali va 700 oʻrinli oshxona binolari) tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirilsin.
Bunda biriktirilgan bino va inshootlar hamda unga tegishli hududni saqlash bilan bogʻliq barcha xarajatlar, jumladan, kommunal toʻlovlar Universitet mablagʻlari hisobidan qoplanadi.
8. Universitet tekin foydalanish huquqi asosida joylashtiriladigan tegishli bino va inshootlarni rekonstruksiya qilish, taʼmirlash hamda mebel, oʻquv va ilmiy asbob-uskunalar, tashkiliy texnika, kompyuterlar, shuningdek, axborot-kommunikatsiya texnologiyalari vositalari bilan jihozlash Jizzax viloyati mahalliy budjeti mablagʻlari hisobidan amalga oshirilishiga ruxsat berilsin.
9. Jizzax viloyati hokimligi Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan birgalikda 2021-yil 1-sentabrga qadar:
Universitet ustavini, tuzilmasi va shtatlar jadvalini tasdiqlash hamda belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazishda;
Universitetni tanlov asosida malakali professor-oʻqituvchilar tarkibi bilan taʼminlashda zarur yordam koʻrsatsin.
10. Universitetga oʻquv va ilmiy-tadqiqot ishlariga taklif qilinadigan xorijiy professor-oʻqituvchilarning yashash hamda transport xarajatlarini tuziladigan shartnomalar asosida Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari uchun belgilangan tariflarda toʻlashga ruxsat berilsin.
11. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev, Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri A.X. Toshkulov hamda Jizzax viloyati hokimi E.A. Saliyev zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 29-iyun,
401-son