UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 30-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 30 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 30 июня 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 30 June 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Самарқанд давлат университетининг Ўзбекистон-Финляндия педагогика институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 февралдаги ПҚ-4623-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, педагогик таълим соҳаси учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, таълим сифатини ошириш, соҳага Финляндиянинг илғор таълим технологияларини жорий қилиш, замонавий билим ва педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга бўлган юқори малакали мутахассислар тайёрлашнинг самарали тизимини йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Самарқанд давлат университети ҳамда Турку университети (Финляндия) ўртасида 2021 йил 2 июнда Самарқанд шаҳрида Самарқанд давлат университетининг Ўзбекистон-Финляндия педагогика институтини ташкил этиш тўғрисида Ҳамкорлик шартномаси имзоланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Самарқанд давлат университетининг Педагогика институти негизида Самарқанд давлат университетининг Ўзбекистон-Финляндия педагогика институтини (кейинги ўринларда — Институт) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

3. Институтнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Финляндиянинг педагог кадрлар тайёрлашдаги илғор тажрибаси асосида ҳудудда педагогика соҳа ва тармоқларининг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифалари, шунингдек, замонавий техника ҳамда технологияларнинг ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда педагогика соҳаси бўйича тарбия ва ўқитиш усуллари, таълим жараёнида замонавий педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга профессионал олий маълумотли кадрларни тайёрлаш;

Финляндиянинг етакчи ва нуфузли олий таълим муассасаларининг илғор тажрибасини татбиқ этиш асосида малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш, ўқув ва илмий-методик таъминотни такомиллаштириш ва амалиётга жорий этиш;

ўқув ва илмий лаборатория хоналарини Финляндиядаги талаблар асосида ташкил этиш, замонавий технологиялар асосида жиҳозлаш ҳамда ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш;

таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида республика ва Финляндия етакчи олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

таълим жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш, замонавий ахборот-коммуникация ва таълим технологияларининг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш;

педагогика таълим соҳасини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этиш, илғор хорижий педагогик технологияларни жорий қилишга йўналтирилган илмий тадқиқотлар олиб бориш ва иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш;

республика ва хорижий олий таълим ҳамда илмий муассасаларига истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Институтнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш;

Институтнинг минтақа ва халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида хорижий фуқаролар учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва илғор халқаро тажрибани татбиқ этиш;

замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлаш жараёнига илғор ва масофавий технологияларни кенг жорий этиш, юқори малакали профессор-ўқитувчиларни ва кўп йиллик иш стажига эга бўлган амалиётчиларни жалб этиш;

таълим жараёнини рақамли технологиялар асосида ташкил этиш, вебинар ва онлайн технологияларни амалиётга татбиқ этиш;

Финляндия тажрибаси асосида халқаро баҳолаш дастурлари (PISA, TIMSS, PIRLS) ва STEAM стандартларидан фойдаланиш, аниқ ва табиий фанларни ўқитиш ва баҳолашнинг замонавий шакллари, методлари ва технологияларини жорий этиш ҳамда ушбу билим ва кўникмаларга эга бўлган педагогларини тайёрлаш.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Институт давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;

Институтда ўқув жараёни Финляндия таълим дастурлари ва технологиялари асосида ташкил этилади;

Институтда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади;

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Университетда педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва уларнинг негизидаги тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича қабул тўхтатилади ҳамда ушбу бакалавриат таълим йўналиши ва унинг негизидаги тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича таҳсил олаётган талабалар ўқишни битиргунларига қадар Университетда таълим жараёнини давом эттирадилар;

2021/2022 ўқув йили учун Институтга кундузги, сиртқи ҳамда кечки таълим шакли бўйича қабул параметрлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси қарорига асосан белгиланади;

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Институтга қабул параметрлари белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;

Институтга талабаларни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қабул қилиш сони ҳар йили белгиланган тартибда тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;

Институт Университетнинг ўқув ва илмий лабораторияларидан, спорт иншоотларидан ҳамда ахборот-ресурс марказидан режалаштирилган дарс жараёнларига таъсир этмаган ҳолда текин фойдаланади;

Институт дарс жараёнига Финляндиянинг педагогика соҳасидаги етакчи мутахассислари шартнома асосида жалб этилади ва харажатлар Институтнинг бюджет ва бюждетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади;

Институтга кафедра мудири ва профессор-ўқитувчиларни танлов асосида ишга қабул қилиш Университет кенгаши қарорига асосан амалга оширилади.

5. Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳри, Спитамен шоҳ кўчаси, 166-уй ҳамда Самарқанд шаҳри, Даҳбет кўчаси, 18-уй манзилларидаги Университетнинг бино ва иншоотлари Институтга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин берилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Университет билан биргаликда 2021 йил 1 августга қадар:

а) Институт:

тузилмаси олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативларга ҳамда Финляндия таълим амалиётига мувофиқ тасдиқланишини;

устави белгиланган тартибда тасдиқланиши ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини;

ахборот-ресурс марказини қўшимча ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан таъминласин;

б) Институтни танлов асосида амалий тажрибага эга бўлган мутахассислардан иборат юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан тўлдириш чораларини кўрсин.

7. Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, талабаларнинг тўлов-контракт асосида таълим олишидан, шартномалар асосида хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар, халқаро молия ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.

8. Белгилаб қўйилсинки, мазкур қарорда назарда тутилган харажатларни молиялаштириш 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида, 2022 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

Зарур ҳолларда, Университет кенгашининг қарорига асосан Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Институт моддий-техник базасини ривожлантиришга ва Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Университет моддий-техник базасини ривожлантиришга рухсат берилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

умумий ўрта таълим муассасаларида Институт талабалари амалиётини самарали ташкил этиш учун тегишли шароитлар яратилишини таъминласин;

ўқувчиларни педагог касбига йўналтириш мақсадида Самарқанд вилоятидаги етакчи умумий ўрта таълим муассасаларининг 10 тасида 10-11-синф ўқувчилари учун «Педагогик синфлар»ни ташкил этсин ва Институт таклифи асосида дарс жараёнига таъсир этмаган ҳолда ўқув жараёнига тегишли ўзгартиришлар киритсин.

10. Университет:

Финляндиянинг етук мутахассислари ва салоҳиятли кадрларни жалб этган ҳолда таълим ва илмий фаолиятни сифатли ташкил этиш;

таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни жорий этиш;

дарслик, ўқув қўлланмалар, ўқув-методик материал ва ахборот ресурслари билан таъминлаш;

профессор-ўқитувчиларнинг Финляндия етакчи таълим муассасаларида малакасини ошириш ва иқтидорли ёшлар селекциясини амалга ошириш;

илмий-тадқиқот ишлари учун қўшимча шароитлар яратиш ва илмий мактабларни ривожлантириш йўналишларида Институтга кўмак бериб борсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Институтда таълим сифати таъминланишини ҳамда қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини белгиланган тартибда назорат қилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Институтнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш лойиҳалари Ўзбекистон Республикасининг 2022 — 2024 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.

Бунда, Институтда талабалар сони ошишини инобатга олиб, ҳар бири 750 нафар талабага мўлжалланган иккита ўқув биноси ва замонавий ахборот-ресурс маркази биносини қуриш лойиҳалари назарда тутилсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 августга қадар Институтни онлайн маъруза ҳамда масофавий таълим технологияларини жорий этиш учун телекоммуникация жиҳозлари ва инфратузилма билан таъминлаш, шунингдек, юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғи ҳамда «Электрон таълим» миллий тармоғига белгиланган тартибда улаш чораларини кўрсин.

14. Институтга 2 та, шу жумладан, 1 та енгил ва 1 та навбатчи автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратилсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х. Тошкулов ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими Э.О. Турдимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 30 июнь,

408-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.06.2021 й., 09/21/408/0622-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Samarqand davlat universitetining Oʻzbekiston-Finlyandiya pedagogika instituti faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Pedagogik taʼlim sohasini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 27-fevraldagi PQ-4623-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, pedagogik taʼlim sohasi uchun raqobatbardosh kadrlar tayyorlash, taʼlim sifatini oshirish, sohaga Finlyandiyaning ilgʻor taʼlim texnologiyalarini joriy qilish, zamonaviy bilim va pedagogik texnologiyalarni qoʻllash koʻnikmalariga ega boʻlgan yuqori malakali mutaxassislar tayyorlashning samarali tizimini yoʻlga qoʻyish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Samarqand davlat universiteti hamda Turku universiteti (Finlyandiya) oʻrtasida 2021-yil 2-iyunda Samarqand shahrida Samarqand davlat universitetining Oʻzbekiston-Finlyandiya pedagogika institutini tashkil etish toʻgʻrisida Hamkorlik shartnomasi imzolanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi hamda Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasining Samarqand davlat universitetining Pedagogika instituti negizida Samarqand davlat universitetining Oʻzbekiston-Finlyandiya pedagogika institutini (keyingi oʻrinlarda — Institut) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

3. Institutning asosiy vazifalari etib quyidagilar belgilansin:

Finlyandiyaning pedagog kadrlar tayyorlashdagi ilgʻor tajribasi asosida hududda pedagogika soha va tarmoqlarining rivojlanish istiqbollari va ustuvor vazifalari, shuningdek, zamonaviy texnika hamda texnologiyalarning rivojlanish tendensiyalarini hisobga olgan holda pedagogika sohasi boʻyicha tarbiya va oʻqitish usullari, taʼlim jarayonida zamonaviy pedagogik texnologiyalarni qoʻllash koʻnikmalariga ega professional oliy maʼlumotli kadrlarni tayyorlash;

Finlyandiyaning yetakchi va nufuzli oliy taʼlim muassasalarining ilgʻor tajribasini tatbiq etish asosida malaka talablari, oʻquv rejalari va fan dasturlarini ishlab chiqish, oʻquv va ilmiy-metodik taʼminotni takomillashtirish va amaliyotga joriy etish;

oʻquv va ilmiy laboratoriya xonalarini Finlyandiyadagi talablar asosida tashkil etish, zamonaviy texnologiyalar asosida jihozlash hamda oʻquv va ilmiy loyihalarni amalga oshirish;

taʼlim va ilmiy izlanishlar jarayoniga malakali mutaxassislarni keng jalb etish maqsadida respublika va Finlyandiya yetakchi oliy taʼlim muassasalari hamda ilmiy markazlar bilan hamkorlik aloqalarini rivojlantirish;

taʼlim jarayoniga raqamli texnologiyalarni joriy etish, zamonaviy axborot-kommunikatsiya va taʼlim texnologiyalarining mustahkam integratsiyasini taʼminlash;

pedagogika taʼlim sohasini rivojlantirishning ilmiy-metodik vazifalarini hal etish, ilgʻor xorijiy pedagogik texnologiyalarni joriy qilishga yoʻnaltirilgan ilmiy tadqiqotlar olib borish va iqtidorli talaba-yoshlarni ilmiy faoliyat bilan shugʻullanishga keng jalb etish;

respublika va xorijiy oliy taʼlim hamda ilmiy muassasalariga istiqbolli yosh bitiruvchilarni magistratura va doktoranturaga muntazam yuborish orqali Institutning ilmiy-pedagogik salohiyatini oshirib borish;

Institutning mintaqa va xalqaro miqyosdagi nufuzini oshirish maqsadida xorijiy fuqarolar uchun taʼlim olish imkoniyatini kengaytirish va ilgʻor xalqaro tajribani tatbiq etish;

zamonaviy bilim va koʻnikmalarga ega mutaxassislar tayyorlash jarayoniga ilgʻor va masofaviy texnologiyalarni keng joriy etish, yuqori malakali professor-oʻqituvchilarni va koʻp yillik ish stajiga ega boʻlgan amaliyotchilarni jalb etish;

taʼlim jarayonini raqamli texnologiyalar asosida tashkil etish, vebinar va onlayn texnologiyalarni amaliyotga tatbiq etish;

Finlyandiya tajribasi asosida xalqaro baholash dasturlari (PISA, TIMSS, PIRLS) va STEAM standartlaridan foydalanish, aniq va tabiiy fanlarni oʻqitish va baholashning zamonaviy shakllari, metodlari va texnologiyalarini joriy etish hamda ushbu bilim va koʻnikmalarga ega boʻlgan pedagoglarini tayyorlash.

4. Belgilab qoʻyilsinki:

Institut davlat oliy taʼlim muassasasi hisoblanadi, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga va blankalarga, mustaqil balansga hamda shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga ega boʻladi;

Institutda oʻquv jarayoni Finlyandiya taʼlim dasturlari va texnologiyalari asosida tashkil etiladi;

Institutda oʻquv jarayoni 2021/2022 oʻquv yilidan boshlanadi;

2021/2022 oʻquv yilidan boshlab Universitetda pedagogika taʼlim sohasining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va ularning negizidagi tegishli magistratura mutaxassisliklari boʻyicha qabul toʻxtatiladi hamda ushbu bakalavriat taʼlim yoʻnalishi va uning negizidagi tegishli magistratura mutaxassisliklari boʻyicha tahsil olayotgan talabalar oʻqishni bitirgunlariga qadar Universitetda taʼlim jarayonini davom ettiradilar;

2021/2022 oʻquv yili uchun Institutga kunduzgi, sirtqi hamda kechki taʼlim shakli boʻyicha qabul parametrlari Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish boʻyicha davlat komissiyasi qaroriga asosan belgilanadi;

2022/2023 oʻquv yilidan boshlab Institutga qabul parametrlari belgilangan tartibda har yili tasdiqlanadigan respublika oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilishning davlat buyurtmasi parametrlaridan kelib chiqqan holda belgilanadi;

Institutga talabalarni bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari boʻyicha qabul qilish soni har yili belgilangan tartibda tasdiqlanadigan respublika oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish parametrlaridan kelib chiqqan holda belgilanadi;

Institut Universitetning oʻquv va ilmiy laboratoriyalaridan, sport inshootlaridan hamda axborot-resurs markazidan rejalashtirilgan dars jarayonlariga taʼsir etmagan holda tekin foydalanadi;

Institut dars jarayoniga Finlyandiyaning pedagogika sohasidagi yetakchi mutaxassislari shartnoma asosida jalb etiladi va xarajatlar Institutning budjet va byujdetdan tashqari mablagʻlari hisobidan toʻliq qoplab beriladi;

Institutga kafedra mudiri va professor-oʻqituvchilarni tanlov asosida ishga qabul qilish Universitet kengashi qaroriga asosan amalga oshiriladi.

5. Samarqand viloyati, Samarqand shahri, Spitamen shoh koʻchasi, 166-uy hamda Samarqand shahri, Dahbet koʻchasi, 18-uy manzillaridagi Universitetning bino va inshootlari Institutga operativ boshqaruv huquqi asosida tekin berilsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Universitet bilan birgalikda 2021-yil 1-avgustga qadar:

a) Institut:

tuzilmasi oliy taʼlim muassasalari uchun belgilangan normativlarga hamda Finlyandiya taʼlim amaliyotiga muvofiq tasdiqlanishini;

ustavi belgilangan tartibda tasdiqlanishi va uning davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini;

axborot-resurs markazini qoʻshimcha oʻquv, ilmiy va badiiy adabiyotlar bilan taʼminlasin;

b) Institutni tanlov asosida amaliy tajribaga ega boʻlgan mutaxassislardan iborat yuqori malakali professor-oʻqituvchilar bilan toʻldirish choralarini koʻrsin.

7. Institut faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti, talabalarning toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olishidan, shartnomalar asosida xizmat koʻrsatishdan tushadigan mablagʻlar, xalqaro moliya va xorijiy tashkilotlarning grantlari, jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari, shuningdek qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar belgilansin.

8. Belgilab qoʻyilsinki, mazkur qarorda nazarda tutilgan xarajatlarni moliyalashtirish 2021-yilda Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan birinchi darajali budjet mablagʻlarini taqsimlovchi sifatida Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligiga ajratiladigan mablagʻlar doirasida, 2022-yildan boshlab esa Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladi.

Zarur hollarda, Universitet kengashining qaroriga asosan Universitetning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan Institut moddiy-texnik bazasini rivojlantirishga va Institutning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan Universitet moddiy-texnik bazasini rivojlantirishga ruxsat berilsin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi:

umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida Institut talabalari amaliyotini samarali tashkil etish uchun tegishli sharoitlar yaratilishini taʼminlasin;

oʻquvchilarni pedagog kasbiga yoʻnaltirish maqsadida Samarqand viloyatidagi yetakchi umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining 10 tasida 10-11-sinf oʻquvchilari uchun “Pedagogik sinflar”ni tashkil etsin va Institut taklifi asosida dars jarayoniga taʼsir etmagan holda oʻquv jarayoniga tegishli oʻzgartirishlar kiritsin.

10. Universitet:

Finlyandiyaning yetuk mutaxassislari va salohiyatli kadrlarni jalb etgan holda taʼlim va ilmiy faoliyatni sifatli tashkil etish;

taʼlim jarayoniga zamonaviy pedagogik texnologiyalarni joriy etish;

darslik, oʻquv qoʻllanmalar, oʻquv-metodik material va axborot resurslari bilan taʼminlash;

professor-oʻqituvchilarning Finlyandiya yetakchi taʼlim muassasalarida malakasini oshirish va iqtidorli yoshlar seleksiyasini amalga oshirish;

ilmiy-tadqiqot ishlari uchun qoʻshimcha sharoitlar yaratish va ilmiy maktablarni rivojlantirish yoʻnalishlarida Institutga koʻmak berib borsin.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi Institutda taʼlim sifati taʼminlanishini hamda qonunchilik hujjatlariga rioya etilishini belgilangan tartibda nazorat qilsin.

12. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan birgalikda tasdiqlangan loyiha-smeta hujjatlariga asosan Institutning bino va inshootlarini qurish, rekonstruksiya qilish, kapital taʼmirlash va jihozlash loyihalari Oʻzbekiston Respublikasining 2022 — 2024-yillarga moʻljallangan Investitsiya dasturiga belgilangan tartibda kiritilishini taʼminlasin.

Bunda, Institutda talabalar soni oshishini inobatga olib, har biri 750 nafar talabaga moʻljallangan ikkita oʻquv binosi va zamonaviy axborot-resurs markazi binosini qurish loyihalari nazarda tutilsin.

13. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda 2021-yil 1-avgustga qadar Institutni onlayn maʼruza hamda masofaviy taʼlim texnologiyalarini joriy etish uchun telekommunikatsiya jihozlari va infratuzilma bilan taʼminlash, shuningdek, yuqori tezlikdagi Internet jahon axborot tarmogʻi hamda “Elektron taʼlim” milliy tarmogʻiga belgilangan tartibda ulash choralarini koʻrsin.

14. Institutga 2 ta, shu jumladan, 1 ta yengil va 1 ta navbatchi avtotransport vositasini saqlash uchun limit ajratilsin.

15. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

16. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev, Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri A.X. Toshkulov hamda Samarqand viloyati hokimi E.O. Turdimov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 30-iyun,

408-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 30.06.2021-y., 09/21/408/0622-son)

lex.uz