UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 6-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 6 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 6 июля 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 6 July 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларининг қўшма таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сон Фармони ҳамда «Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 11 июлдаги ПҚ-4391-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларининг ўзаро келишуви бўйича қўшма таълим дастурлари асосида талабаларни ўқитишни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларининг қўшма таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки:

а) 2022 йил 1 январдан бошлаб қўшма таълим дастурларини Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан экспертизадан ўтказиш тартиби жорий этилади ва фақат ижобий экспертиза хулосасига эга бўлган қўшма таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини ташкил этишга рухсат берилади;

б) 2022 йил 1 январга қадар қўшма таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини амалга ошираётган олий таълим ташкилотлари томонидан ушбу қўшма таълим дастурлари мазкур қарор талабларига мувофиқлаштирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида экспертизадан ўтказилади. Бунда:

мазкур қарорнинг иловаси билан хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотига қўйилган талаблар амалдаги қўшма таълим дастурларига нисбатан татбиқ этилмайди;

ижобий экспертиза хулосасига эга бўлмаган қўшма таълим дастурлари бўйича талабаларни ўқишга қабул қилиш тўхтатилади;

2022 йил 1 январга қадар ўқишга қабул қилинган ва қўшма таълим дастурлари асосида таълим олаётган талабалар ўқишини ушбу дастурларда белгиланган тартибда давом эттирадилар;

в) қўшма таълим дастурлари асосида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ўқишга қабул қилиш икки босқичда амалга оширилади:

биринчи босқичда — Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти томонидан хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган қабул қилиш тартибига мувофиқ кириш имтиҳонлари ўтказилади;

иккинчи босқичда — Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотининг буюртмаси асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда — Давлат тест маркази) томонидан келишилган муддатларда қўшма таълим дастурида ўқитиш олиб бориладиган чет тилидан кириш имтиҳони ўтказилади.

Бунда:

биринчи босқичда кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган максимал баллнинг камида 30 фоизини тўплаган абитуриентлар иккинчи босқичда ўтказиладиган имтиҳонда иштирок этишга ҳақли;

иккинчи босқичда чет тили бўйича кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган максимал баллнинг камида 30 фоизини тўплаган абитуриентлар қўшма таълим дастури бўйича ўтказиладиган танловда иштирок этади ҳамда қабул параметрларидан келиб чиқиб, ўқишга қабул қилинади;

қўшма таълим дастурида ўқитиш олиб бориладиган чет тили бўйича бакалавриатда (специалитетда) камида B1 даражадаги, магистратура ва клиник ординатурада камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлган абитуриентлар иккинчи босқичда чет тилидан ўтказиладиган имтиҳондан озод этилади ва уларга мазкур босқич учун максимал балл берилади;

Педагогик таълим соҳаси бўйича қўшма таълим дастурларига Ўзбекистон Республикаси педагогика олий таълим ташкилоти томонидан хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган қабул қилиш тартибига мувофиқ кириш имтиҳонлари ўтказилади.

г) қўшма таълим дастурларига оид зарур маълумотлар, қабул параметрлари ҳамда биринчи ва иккинчи босқичларда кириш имтиҳонларини ўтказиш тартиби қабул жараёни бошланишидан камида икки ой олдин Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилади;

д) қўшма таълим дастурлари асосида ўқишга қабул қилиш натижаларини тасдиқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти томонидан хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда белгиланади;

е) қўшма таълим дастурлари асосида олий таълим ташкилотларини муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти жойлашган давлатда тан олинадиган диплом ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотининг давлат намунасидаги дипломи тақдим этилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х. Тошкулов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 июлдаги 421-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларининг қўшма таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларининг ўзаро келишувига (кейинги ўринларда — шартнома) мувофиқ жорий этилган қўшма таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низом:

хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари билан тузилган шартномага мувофиқ Ўзбекистон Республикасида қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлайдиган давлат олий таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилади;

қўшма таълим дастурлари жорий этилмаган олий таълим ташкилотлари, нодавлат ва ҳарбий олий таълим ташкилотлари, Ўзбекистон Республикасидаги хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиалларига нисбатан татбиқ этилмайди.

3. Қўшма таълим дастурлари — Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ кадрлар тайёрлашни ва битирувчиларига олий маълумот олганлиги тўғрисидаги барча хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари жойлашган давлатларда тан олинадиган квалификация (диплом) берилишини назарда тутувчи таълим дастури.

4. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари ўртасида тузилган шартномага мувофиқ жорий этилган қўшма таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини ташкил этишнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:

республика иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш;

мутахассислар ҳамда илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш тизимини таълим ва илм-фаннинг узвийлиги ҳамда узлуксизлиги, шунингдек, жаҳон таълим ҳамжамиятига интеграциясини кенгайтириш ҳисобига ривожлантириш;

кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга йўналтирилган янги таълим дастурлари ҳамда ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

қўшма таълим дастурлари бўйича таҳсил олаётган талабаларнинг амалиётини хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларда, улар жойлашган давлатларда ва бошқа мамлакатлардаги ташкилотларда ташкил этиш;

педагогик салоҳиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, педагогик технологияларни ва ўқитиш услубларини фаол такомиллаштириш;

таълим ва илм-фан соҳаларида хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим ташкилотлари, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда бизнес-ҳамжамиятлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотларининг салоҳиятини ошириш;

ҳамкорликда илмий конференциялар ва семинарлар ўтказиш, стажировкалар ташкил этиш ҳамда халқаро илмий ва таълим лойиҳаларини амалга ошириш.

5. Қўшма таълим дастурлари асосида кадрларни тайёрлашда хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти сифатида қуйидагилар жалб қилиниши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида алоҳида бўлинмалари (филиаллари) мавжуд бўлган ёки қўшма таълим дастурлари асосида фаолият юритаётган хорижий таълим ташкилотлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг қўшма қарори билан рўйхати ҳар йили тасдиқланадиган халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities) амалдаги рейтингида олий таълим ташкилотлари орасида биринчи 1 000 ўринни эгаллаган хорижий олий таълим ташкилотлари;

Олий таълимда сифатни кафолатлаш Европа ассоциациясининг (European Association for Quality Assurance in Нigher Education) тўлақонли аъзолари — ваколатли ташкилотлар томонидан аккредитация қилинган олий таълим ташкилотлари;

Америка Қўшма Штатлари, Австралия, Исроил, Канада, Россия, Сингапур, Жанубий Корея, Япония давлатларининг ваколатли ташкилотлари томонидан аккредитация қилинган мазкур давлатларнинг олий таълим ташкилотлари;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ қўшма таълим дастурлари асосида кадрларни тайёрлаш ҳуқуқига эга бўлган таълим ташкилотлари.

6. Қўшма таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ амалга оширилади.

7. Қўшма таълим дастури асосида таълим фаолиятини ташкил этиш бўйича томонлар ўртасида имзоланадиган шартномада қуйидагилар акс эттирилиши лозим:

шартноманинг мақсади ва предмети;

Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари жойлашган давлатларнинг миллий малакалар рамкаси хусусиятлари;

қўшма таълим дастури тўғрисида маълумот;

томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

кадрлар тайёрланадиган бакалавриат (специалитет) таълим йўналишлари (магистратура ёки клиник ординатура мутахассисликлари);

талабаларни ўқитиш тили, муддати, шакли ва жойи;

талабаларни ўқишга қабул қилиш ва ўқишдан четлатиш тартиби;

қўшма таълим дастурларини бошқариш тартиби;

ҳамкорликда ўқитишни ташкил этиш тартиби, талабалар ва профессор-ўқитувчилар мобиллигини таъминлаш шартлари;

талабалар билимини баҳолаш тартиби;

таълим натижаларини (ўқитиш кредит-модуль тизими асосида ташкил этилганда — кредитларни) ўзаро тан олиш, кўчириш ва валидация қилиш тизими;

таълим сифатини таъминлаш тизими;

таълим якунида бериладиган диплом ва даража тўғрисида маълумот, диплом ва даража бериш тартиби, шунингдек дипломларнинг макетлари;

қўшма таълим дастурини молиялаштиришга оид масалалар;

таълим дастурига оид интеллектуал мулк ҳуқуқлари;

томонларнинг жавобгарлиги;

шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби;

томонлар муносабатларига нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқ ва низоларни ҳал қилиш тартиби;

тарафларнинг реквизитлари, шартнома тузилган сана ва жойи.

Қўшма таълим дастурини ташкил этиш бўйича шартномада бошқа шартлар ҳам акс эттирилиши мумкин.

Қўшма таълим дастурини ташкил этиш бўйича шартнома ва унга қўшимча келишувларнинг талабаларга ва таълим сифатини таъминлашга тааллуқли бўлган қисми олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

8. Қўшма таълим дастурлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан экспертизадан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ижобий экспертиза хулосасига эга бўлган қўшма таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини ташкил этишга рухсат этилади.

Қўшма таълим дастурини экспертизадан ўтказиш бепул амалга оширилади.

9. Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти қўшма таълим дастурини экспертизадан ўтказиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ариза билан мурожаат қилади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

қўшма таълим дастури асосида таълим фаолиятини ташкил этиш бўйича шартнома нусхаси;

хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти ўзи жойлашган давлатда ваколатли орган томонидан рўйхатдан ўтказилганлигини ва тан олинганлигини (лицензия берилганлиги ва/ёки аккредитациядан ўтганлигини) тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;

қўшма таълим дастури мақсади, бакалавриат (специалитет) таълим йўналишлари ва магистратура (клиник ординатура) мутахассисликлари, таълим давомийлиги, шакли ва жойи тўғрисидаги маълумотлар;

таълим дастурини ишлаб чиқишга асос бўлган миллий малакалар рамкаси, профессионал стандартлар, таълим стандартлари, малака талаблари ёки унга тенглаштирилган ҳужжатлар, ўқув режа ва фан дастурларининг тасдиқланган нусхалари (танлов фанлари бундан мустасно);

ўқув жараёнининг моддий-техник таъминоти, шу жумладан компьютерлар, ўқув лабораториялари, ўқув фанлари хоналари тўғрисида маълумотлар;

профессор-ўқитувчилар штатлари ва дарс берадиган фанлари тўғрисида маълумотлар;

ўқув ва илмий адабиётлар фонди тўғрисида маълумот;

талабаларни ўқишга қабул қилиш, ўқишини кўчириш, курсдан курсга ўтказиш, кредитларни тан олиш, академик жараённи ташкил этиш, таълим сифатини ички таъминлаш ва таълим натижаларини тан олиш билан боғлиқ ҳужжатларнинг (тартиб, низом ёки йўриқномаларнинг) барча хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари томонидан тасдиқланган нусхалари;

барча хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари томонидан тасдиқланган таълим якунида бериладиган дипломлар макетлари нусхалари.

Ариза берувчидан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.

Тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ҳаққонийлигига ариза берувчи масъул ҳисобланади.

Ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар ариза берувчининг ихтиёрига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмий веб-сайти орқали электрон тарзда ҳам берилиши мумкин.

10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қўшма таълим дастурини экспертизадан ўтказиш бўйича аризани қабул қилганидан сўнг 15 иш кунида хулоса беради.

11. Қуйидаги ҳолларда қўшма таълим дастури асосида таълим фаолиятини ташкил этиш рад этилади:

хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти ўзи жойлашган давлатда рўйхатдан ўтказилмаганда, ваколатли ташкилот томонидан тан олинмаганда ёки унга хорижда фаолият юритишга рухсат берилмаганда;

хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти мазкур Низомнинг 5-банди талабларига жавоб бермаганда;

қўшма таълим дастурларининг ўқув режасида белгиланган мутахассислик ва ихтисослик фанларининг камида 25 фоизи хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари томонидан ташкил этилмаганда;

қўшма таълим дастури асосида таълим фаолиятини ташкил этиш бўйича шартнома мазкур Низом талабларига жавоб бермаганда;

қўшма таълим дастурининг ўқув режаси ва фан дастурлари уни жорий қилган Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотининг профилига мос келмаганда;

қўшма таълим дастури асосида ташкил этилган таълим натижалари Ўзбекистон Миллий малакалар рамкасига мувофиқ бўлмаганда;

қўшма таълим дастури бўйича бериладиган академик даража таълим дастурининг профилига мос келмаганда;

қўшма таълим дастури бўйича ўқиш муддатлари бакалавриат (специалитет) таълим йўналишлари бўйича уч йилдан, магистратура мутахассисликлари бўйича бир йилдан, клиник ординатура мутахассисликлари бўйича икки йилдан кам бўлганда;

қўшма таълим дастурида кўзда тутилган кредитлар миқдори Европа кредит тизими бўйича бакалавриат (специалитет) таълим йўналишлари учун 180 ECTSдан, магистратура мутахассисликлари учун 60 ECTSдан, клиник ординатура мутахассисликлари учун 120 ECTSдан кам бўлганда;

қўшма таълим дастурлари бўйича ўқув жараёнига жалб этилган асосий штатдаги илмий даражага эга бўлган профессор-ўқитувчилар улуши жами профессор-ўқитувчилар сонига нисбатан 30 фоиздан кам бўлганда;

қўшма таълим дастури асосида таълим фаолиятини амалга ошириш, талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг сифатли таълим ва илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бориши учун Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотида зарур бино ва иншоотлар, жиҳоз ва моддий-техник базаси мавжуд бўлмаганда;

Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотида қўшма таълим дастури асосида таълим фаолиятини ташкил этиш ва келажакда янада ривожлантириш учун етарли ва барқарор молиявий ресурслар мавжуд бўлмаганда;

Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотида қўшма таълим дастури асосида таълим фаолиятини ташкил этиш учун етарли даражада маҳаллий ва хорижий (шу жумладан, қўшма таълим дастури ўқитиш тилидаги) дарслик ва адабиётлар мавжуд бўлмаганда;

қўшма таълим дастури битирувчиларига бериладиган олий маълумот тўғрисидаги квалификация (диплом) хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари жойлашган давлатларда тан олинмаганда;

аризачи томонидан мазкур Низомнинг 9-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ таркибда тақдим этилмаганда;

аризачи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда.

Қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашни бошқа асослар бўйича, шу жумладан, мақсадга мувофиқ эмас деган сабаблар билан рад этиш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан қўшма таълим дастурларининг электрон реестри юритилади ва вазирликнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

2-боб. Қўшма таълим дастурлари асосида ўқишга қабул қилиш

12. Қўшма таълим дастурларига ўқишга қабул қилиш параметрлари, бакалавриат (специалитет) таълим йўналишлари ва магистратура (клиник ординатура) мутахассисликлари ҳамкор хорижий олий таълим ташкилоти, бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти томонидан тасдиқланади.

13. Қўшма таълим дастурларига ўқишга қабул қилиш икки босқичда амалга оширилади:

биринчи босқичда — Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти томонидан хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган қабул қилиш тартибига мувофиқ кириш имтиҳонлари ўтказилади;

иккинчи босқичда — Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотининг буюртмаси асосида Давлат тест маркази томонидан келишилган муддатларда қўшма таълим дастурида ўқитиш олиб бориладиган чет тилидан кириш имтиҳони ўтказилади. Бунда:

биринчи босқичда кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган максимал баллнинг камида 30 фоизини тўплаган абитуриентлар иккинчи босқичда ўтказиладиган имтиҳонда иштирок этишга ҳақли;

иккинчи босқичда чет тили бўйича кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган максимал баллнинг камида 30 фоизини тўплаган абитуриентлар қўшма таълим дастури бўйича ўтказиладиган танловда иштирок этади ҳамда қабул параметрларидан келиб чиқиб, ўқишга қабул қилинади;

қўшма таълим дастурида ўқитиш олиб бориладиган чет тили бўйича бакалавриатда (специалитетда) камида B1 даражадаги, магистратура ва клиник ординатурада камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлган абитуриентлар иккинчи босқичда чет тилидан ўтказиладиган имтиҳондан озод этилади ва уларга мазкур босқич учун максимал балл берилади.

14. Қўшма таълим дастурларига оид зарур маълумотлар, қабул параметрлари ҳамда биринчи ва иккинчи босқичларда кириш имтиҳонларни ўтказиш тартиби қабул жараёни бошланишидан камида икки ой олдин тегишли олий таълим ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилади.

Қўшма таълим дастурларига ҳужжат топшириш онлайн шаклда амалга оширилади ва имтиҳон натижалари имтиҳон ўтказилган куннинг кейинги куни Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

15. Қўшма таълим дастурларига ўқишга қабул қилиш натижаларини тасдиқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти томонидан хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда белгиланади.

16. Қўшма таълим дастурларига ўқишга қабул қилиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Қонунчилик ҳужжатларда белгиланган ҳолларда қўшма таълим дастурларига ўқишга қабул қилиш давлат гранти асосида амалга оширилиши мумкин. Бунда, давлат гранти асосида ўқитиш фақат Ўзбекистон Республикасидаги ўқиш даври учун қўлланилади.

Тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати ҳамда тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти томонидан тегишли бакалавриат (специалитет) таълим йўналиши ёки магистратура (клиник ординатура) мутахассислигининг хусусиятларидан келиб чиқиб, ўзаро келишилган ҳолда белгиланади.

3-боб. Қўшма таълим дастурлари бўйича ўқув жараёнини ташкил этиш

17. Қўшма таълим дастурлари бўйича ўқиш муддати бакалавриат (специалитет) таълим йўналишларининг (магистратура ёки клиник ординатура мутахассисликларининг) хусусиятларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти томонидан хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда белгиланади.

Бунда:

қўшма таълим дастурлари бўйича ўқиш муддати бакалавриат (специалитет) таълим йўналишларида уч йилдан, магистратура мутахассисликларида бир йилдан, клиник ординатура мутахассисликларида икки йилдан кам бўлмаслиги лозим;

қўшма таълим дастурида кўзда тутилган кредитлар миқдори Европа кредит тизими бўйича бакалавриат (специалитет) таълим йўналишлари учун камида 180 ECTSни, магистратура мутахассисликлари учун камида 60 ECTSни ва клиник ординатура мутахассисликлари учун камида 120 ECTSни ташкил этиши керак.

18. Қўшма таълим дастурлари бўйича олий таълим ташкилотларида ўқув жараёнини ташкил этиш учун бакалавриат (специалитет) таълим йўналишлари ва магистратура (клиник ординатура) мутахассисликларининг ўқув режа ва фан дастурлари Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти томонидан хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари билан биргаликда ишлаб чиқилади.

19. Қўшма таълим дастурларининг ўқув режасида белгиланган мутахассислик ва ихтисослик фанларининг камида 25 фоизи хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари томонидан ўқитилади.

Бунда, талабаларнинг хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларида ўқиш муддати ва молиялаштириш масалалари Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти ўртасида тузилган шартномага мувофиқ амалга оширилади.

20. Қўшма таълим дастурлари бўйича ўқув жараёнига жалб этилган асосий штатдаги илмий даражага эга бўлган профессор-ўқитувчилар улуши жами профессор-ўқитувчилар сонига нисбатан 30 фоизни ташкил этиши лозим.

21. Қўшма таълим дастурлари бўйича ўқув жараёнига жалб этилган маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти томонидан хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда белгиланади.

22. Қўшма таълим дастурлари асосида олий маълумотли кадрлар тайёрланадиган олий таълим ташкилотларида қўшма таълим дастурларини мувофиқлаштириш бўлими (келишувда назарда тутилган ҳолларда — қўшма факультет) ташкил этилиши мумкин. Бунда қўшма таълим дастурларини мувофиқлаштириш бўлими (қўшма факультет) штат жадвали факультетлар учун белгиланган нормативларга мувофиқ шакллантирилади.

Қўшма таълим дастурларини мувофиқлаштириш бўлимини (қўшма факультетни) олий таълим ташкилоти факультетининг декани мақомига тенглаштирилган раҳбар бошқаради.

Бўлимни сақлаш билан боғлиқ харажатлар қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашдан тушадиган маблағлар ҳисобидан қопланади.

23. Қўшма таълим дастурларини мувофиқлаштириш бўлимининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

қўшма таълим дастури бўйича ўқув жараёни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ташкил этилишини таъминлаш;

қўшма таълим дастури доирасида истеъмолчилар талабларига жавоб берадиган таълим хизматларини кўрсатиш ва халқаро таълим стандартларига мос келадиган таълим сифатини таъминлаш;

қўшма таълим дастури бўйича ўқув жараёнини ташкил этадиган норматив-методик таъминотни такомиллаштириш;

талабаларни ўқув режаларига мувофиқ хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларига ўқишга юбориш, ўқув жараёнига хорижлик профессор-ўқитувчиларни жалб этиш масалаларини мувофиқлаштириш ва бу бўйича хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш;

олий таълим ташкилотининг бошқа тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини олиб бориш ва ривожлантириш;

фан, таълим ва бозор муносабатлари талабларини ўрганган ҳолда қўшма таълим дастури бўйича таълим хизматларини кўрсатиш ва ўқитишнинг илғор технологияларини доимий равишда такомиллаштириш ҳамда таълим жараёнига илғор таълим дастурлари ва технологияларини жорий этиш.

24. Қўшма таълим дастури асосида таҳсил олаётган талабалар билимини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти томонидан хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида амалга оширилади.

25. Қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган талабалар олий таълим ташкилотининг ўқув интизоми, ички тартиб-қоидалари, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиши мажбурий ҳисобланади.

26. Қўшма таълим дастури асосида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим ташкилотида зарур бино ва иншоотлар, жиҳоз ва моддий-техник базаси, маҳаллий ва хорижий (шу жумладан, қўшма таълим дастури ўқитиш тилидаги) дарслик ва адабиётлар мавжуд бўлиши лозим.

27. Қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олган битирувчилар ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг махсус электрон тизимига киритилади. Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти тизимга киритилган битирувчиларни давлат намунасидаги дипломлар билан таъминлаш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази билан шартнома тузади.

Битирувчиларга бериладиган давлат намунасидаги дипломга қўшма таълим дастури номи ёзилади.

Давлат намунасидаги диплом ва диплом иловаси махсус электрон тизимга киритилган маълумотлар асосида чоп этилади.

Диплом иловасига ҳамкор олий таълим ташкилоти томонидан берилган диплом тартиб рақами ҳам киритилади.

4-боб. Қўшма таълим дастурлари бўйича таҳсил олаётган талабалар ўқишини кўчириш, ўқишдан четлаштириш ва қайта тиклаш

28. Қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган талабалар ўқишини улар таълим олаётган олий таълим ташкилотининг бошқа таълим йўналишлари (мутахассисликлари) ёки бошқа Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим ташкилотига кўчиришга рухсат этилмайди.

Қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган талабалар ўқишини улар таълим олаётган олий таълим ташкилотининг ёки бошқа Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотининг қўшма таълим дастурларига кўчириши мумкин.

29. Талабаларга академик таътил бериш ва курсдан-курсга қолдириш таълим жараёни олиб бораётган давлатдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинади.

30. Қуйидаги ҳолатларда қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган талабалар олий таълим ташкилотидан четлаштирилиши мумкин:

ўз хоҳишига биноан;

ўқув интизомини ва Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларининг ички тартиб-қоидалари ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги учун;

бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;

ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги учун;

хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотида бориб ўқишдан бош тортган тақдирда;

олий таълим ташкилоти ва талаба ўртасида тузилган шартнома шартларига амал қилмаган тақдирда;

талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;

суд қарорига кўра кириш имтиҳонларида белгиланган тартибни бузганлиги аниқланганда. Ушбу ҳолатда талабалар сафидан четлаштирилганлар талабалар сафига қайта тикланмайди;

вафот этганлиги сабабли.

31. Қўшма таълим дастурлари бўйича таҳсил олиб, талабалар сафидан четлаштирилган талабалар ўқишини қайта тиклаш Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилоти ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти ректорлари (директори) қўшма буйруғи асосида амалга оширилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

32. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси:

зарур ҳолларда қўшма таълим дастурларининг таълим сифатини, таълим жараёни ташкил этилишини, педагог ходимларининг меҳнат фаолиятини, талабаларнинг фан дастурларини ўзлаштириш даражасини (билимини), ўқув жараёнини амалга ошириш учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш бўйича мониторинг ўтказади;

қўшма таълим дастурлари педагог ходимлари ва талабалари ўртасида таълим жараёнининг ташкил этилиши ва сифатини аниқлашга оид аноним сўровлар ўтказади ҳамда уларнинг натижаларини таҳлил қилган ҳолда таълим сифатини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

33. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мониторинг ўтказиш жараёнида қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим ташкилоти томонидан мазкур Низом талаблари бажарилмаётганлигини аниқлаганда, ушбу олий таълим ташкилоти билан биргаликда унинг фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мониторинг ўтказиш жараёнида аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш устидан назоратни ташкил қилади.

Мониторинг ўтказиш жараёнида аниқланган камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда, олий таълим ташкилотининг мазкур Низом талабларига риоя қилмасдан ташкил этилган қўшма таълим дастурларига талабаларни ўқишга қабул қилиш тўхтатилади.

34. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

35. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 6 июль,

421-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.07.2021 й., 09/21/421/0641-сон; 13.06.2025 й., 09/25/362/0507-сон; 25.08.2026 й., 09/26/456/0870-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Oʻzbekiston Respublikasi va xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlarining qoʻshma taʼlim dasturlari asosida taʼlim faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tizimini 2030-yilgacha rivojlantirish konsepsiyasini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2019-yil 8-oktabrdagi PF-5847-son Farmoni hamda “Oliy va oʻrta maxsus taʼlim tizimiga boshqaruvning yangi tamoyillarini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 11-iyuldagi PQ-4391-son qarorida belgilangan vazifalar ijrosini taʼminlash, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi va xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlarining oʻzaro kelishuvi boʻyicha qoʻshma taʼlim dasturlari asosida talabalarni oʻqitishni tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi va xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlarining qoʻshma taʼlim dasturlari asosida taʼlim faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Belgilansinki:

a) 2022-yil 1-yanvardan boshlab qoʻshma taʼlim dasturlarini Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tomonidan ekspertizadan oʻtkazish tartibi joriy etiladi va faqat ijobiy ekspertiza xulosasiga ega boʻlgan qoʻshma taʼlim dasturlari asosida taʼlim faoliyatini tashkil etishga ruxsat beriladi;

b) 2022-yil 1-yanvarga qadar qoʻshma taʼlim dasturlari asosida taʼlim faoliyatini amalga oshirayotgan oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan ushbu qoʻshma taʼlim dasturlari mazkur qaror talablariga muvofiqlashtiriladi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligida ekspertizadan oʻtkaziladi. Bunda:

mazkur qarorning ilovasi bilan xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotiga qoʻyilgan talablar amaldagi qoʻshma taʼlim dasturlariga nisbatan tatbiq etilmaydi;

ijobiy ekspertiza xulosasiga ega boʻlmagan qoʻshma taʼlim dasturlari boʻyicha talabalarni oʻqishga qabul qilish toʻxtatiladi;

2022-yil 1-yanvarga qadar oʻqishga qabul qilingan va qoʻshma taʼlim dasturlari asosida taʼlim olayotgan talabalar oʻqishini ushbu dasturlarda belgilangan tartibda davom ettiradilar;

v) qoʻshma taʼlim dasturlari asosida 2021/2022 oʻquv yilidan boshlab oʻqishga qabul qilish ikki bosqichda amalga oshiriladi:

birinchi bosqichda — Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkiloti tomonidan xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkiloti bilan kelishilgan holda ishlab chiqilgan qabul qilish tartibiga muvofiq kirish imtihonlari oʻtkaziladi;

ikkinchi bosqichda — Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkilotining buyurtmasi asosida Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Davlat test markazi (keyingi oʻrinlarda — Davlat test markazi) tomonidan kelishilgan muddatlarda qoʻshma taʼlim dasturida oʻqitish olib boriladigan chet tilidan kirish imtihoni oʻtkaziladi.

Bunda:

birinchi bosqichda kirish imtihonlarida toʻplash mumkin boʻlgan maksimal ballning kamida 30 foizini toʻplagan abituriyentlar ikkinchi bosqichda oʻtkaziladigan imtihonda ishtirok etishga haqli;

ikkinchi bosqichda chet tili boʻyicha kirish imtihonlarida toʻplash mumkin boʻlgan maksimal ballning kamida 30 foizini toʻplagan abituriyentlar qoʻshma taʼlim dasturi boʻyicha oʻtkaziladigan tanlovda ishtirok etadi hamda qabul parametrlaridan kelib chiqib, oʻqishga qabul qilinadi;

qoʻshma taʼlim dasturida oʻqitish olib boriladigan chet tili boʻyicha bakalavriatda (spetsialitetda) kamida B1 darajadagi, magistratura va klinik ordinaturada kamida B2 darajadagi milliy yoki unga tenglashtirilgan mos darajadagi xalqaro sertifikatga ega boʻlgan abituriyentlar ikkinchi bosqichda chet tilidan oʻtkaziladigan imtihondan ozod etiladi va ularga mazkur bosqich uchun maksimal ball beriladi;

Pedagogik taʼlim sohasi boʻyicha qoʻshma taʼlim dasturlariga Oʻzbekiston Respublikasi pedagogika oliy taʼlim tashkiloti tomonidan xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkiloti bilan kelishilgan holda ishlab chiqilgan qabul qilish tartibiga muvofiq kirish imtihonlari oʻtkaziladi.

g) qoʻshma taʼlim dasturlariga oid zarur maʼlumotlar, qabul parametrlari hamda birinchi va ikkinchi bosqichlarda kirish imtihonlarini oʻtkazish tartibi qabul jarayoni boshlanishidan kamida ikki oy oldin Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkiloti, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Davlat test markazining rasmiy veb-saytlarida joylashtiriladi;

d) qoʻshma taʼlim dasturlari asosida oʻqishga qabul qilish natijalarini tasdiqlash tartibi Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkiloti tomonidan xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkiloti bilan kelishilgan holda belgilanadi;

e) qoʻshma taʼlim dasturlari asosida oliy taʼlim tashkilotlarini muvaffaqiyatli tamomlagan bitiruvchilarga xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkiloti joylashgan davlatda tan olinadigan diplom hamda Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkilotining davlat namunasidagi diplomi taqdim etiladi.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev hamda Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri A.X. Toshkulov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 6-iyuldagi 421-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi va xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlarining qoʻshma taʼlim dasturlari asosida taʼlim faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi va xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlarining oʻzaro kelishuviga (keyingi oʻrinlarda — shartnoma) muvofiq joriy etilgan qoʻshma taʼlim dasturlari asosida taʼlim faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Nizom:

xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlari bilan tuzilgan shartnomaga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasida qoʻshma taʼlim dasturlari asosida kadrlar tayyorlaydigan davlat oliy taʼlim tashkilotlariga nisbatan tatbiq etiladi;

qoʻshma taʼlim dasturlari joriy etilmagan oliy taʼlim tashkilotlari, nodavlat va harbiy oliy taʼlim tashkilotlari, Oʻzbekiston Respublikasidagi xorijiy oliy taʼlim tashkilotlari va ularning filiallariga nisbatan tatbiq etilmaydi.

3. Qoʻshma taʼlim dasturlari — Oʻzbekiston Respublikasi va xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlari oʻrtasida imzolangan shartnomaga muvofiq kadrlar tayyorlashni va bitiruvchilariga oliy maʼlumot olganligi toʻgʻrisidagi barcha xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlari joylashgan davlatlarda tan olinadigan kvalifikatsiya (diplom) berilishini nazarda tutuvchi taʼlim dasturi.

4. Quyidagilar Oʻzbekiston Respublikasi va xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlari oʻrtasida tuzilgan shartnomaga muvofiq joriy etilgan qoʻshma taʼlim dasturlari asosida taʼlim faoliyatini tashkil etishning asosiy yoʻnalishlari hisoblanadi:

respublika iqtisodiyot tarmoqlarini rivojlantirish boʻyicha muhim vazifalarni hal etishga qodir boʻlgan yuqori malakali kadrlarni xalqaro taʼlim standartlari darajasida tayyorlash;

mutaxassislar hamda ilmiy-pedagogik kadrlar tayyorlash tizimini taʼlim va ilm-fanning uzviyligi hamda uzluksizligi, shuningdek, jahon taʼlim hamjamiyatiga integratsiyasini kengaytirish hisobiga rivojlantirish;

kadrlar tayyorlash tizimini takomillashtirish va modernizatsiya qilishga yoʻnaltirilgan yangi taʼlim dasturlari hamda oʻqitish shakllarini ishlab chiqish va joriy etish;

qoʻshma taʼlim dasturlari boʻyicha tahsil olayotgan talabalarning amaliyotini xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlarda, ular joylashgan davlatlarda va boshqa mamlakatlardagi tashkilotlarda tashkil etish;

pedagogik salohiyatni rivojlantirishni qoʻllab-quvvatlash, pedagogik texnologiyalarni va oʻqitish uslublarini faol takomillashtirish;

taʼlim va ilm-fan sohalarida xorijiy mamlakatlarning yetakchi taʼlim tashkilotlari, ilmiy-tadqiqot markazlari hamda biznes-hamjamiyatlari bilan uzoq muddatli aloqalarni rivojlantirish va mustahkamlash hamda Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkilotlarining salohiyatini oshirish;

hamkorlikda ilmiy konferensiyalar va seminarlar oʻtkazish, stajirovkalar tashkil etish hamda xalqaro ilmiy va taʼlim loyihalarini amalga oshirish.

5. Qoʻshma taʼlim dasturlari asosida kadrlarni tayyorlashda xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkiloti sifatida quyidagilar jalb qilinishi mumkin:

Oʻzbekiston Respublikasi hududida alohida boʻlinmalari (filiallari) mavjud boʻlgan yoki qoʻshma taʼlim dasturlari asosida faoliyat yuritayotgan xorijiy taʼlim tashkilotlari;

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasining qoʻshma qarori bilan roʻyxati har yili tasdiqlanadigan xalqaro eʼtirof etilgan tashkilotlarning (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Nigher Education, Academic Ranking of World Universities) amaldagi reytingida oliy taʼlim tashkilotlari orasida birinchi 1 000 oʻrinni egallagan xorijiy oliy taʼlim tashkilotlari;

Oliy taʼlimda sifatni kafolatlash Yevropa assotsiatsiyasining (European Association for Quality Assurance in Nigher Education) toʻlaqonli aʼzolari — vakolatli tashkilotlar tomonidan akkreditatsiya qilingan oliy taʼlim tashkilotlari;

Amerika Qoʻshma Shtatlari, Avstraliya, Isroil, Kanada, Rossiya, Singapur, Janubiy Koreya, Yaponiya davlatlarining vakolatli tashkilotlari tomonidan akkreditatsiya qilingan mazkur davlatlarning oliy taʼlim tashkilotlari;

Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasining qarorlariga muvofiq qoʻshma taʼlim dasturlari asosida kadrlarni tayyorlash huquqiga ega boʻlgan taʼlim tashkilotlari.

6. Qoʻshma taʼlim dasturlari asosida taʼlim faoliyatini tashkil etish Oʻzbekiston Respublikasi va xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlari oʻrtasida imzolangan shartnomaga muvofiq amalga oshiriladi.

7. Qoʻshma taʼlim dasturi asosida taʼlim faoliyatini tashkil etish boʻyicha tomonlar oʻrtasida imzolanadigan shartnomada quyidagilar aks ettirilishi lozim:

shartnomaning maqsadi va predmeti;

Oʻzbekiston Respublikasi va xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlari joylashgan davlatlarning milliy malakalar ramkasi xususiyatlari;

qoʻshma taʼlim dasturi toʻgʻrisida maʼlumot;

tomonlarning huquq va majburiyatlari;

kadrlar tayyorlanadigan bakalavriat (spetsialitet) taʼlim yoʻnalishlari (magistratura yoki klinik ordinatura mutaxassisliklari);

talabalarni oʻqitish tili, muddati, shakli va joyi;

talabalarni oʻqishga qabul qilish va oʻqishdan chetlatish tartibi;

qoʻshma taʼlim dasturlarini boshqarish tartibi;

hamkorlikda oʻqitishni tashkil etish tartibi, talabalar va professor-oʻqituvchilar mobilligini taʼminlash shartlari;

talabalar bilimini baholash tartibi;

taʼlim natijalarini (oʻqitish kredit-modul tizimi asosida tashkil etilganda — kreditlarni) oʻzaro tan olish, koʻchirish va validatsiya qilish tizimi;

taʼlim sifatini taʼminlash tizimi;

taʼlim yakunida beriladigan diplom va daraja toʻgʻrisida maʼlumot, diplom va daraja berish tartibi, shuningdek diplomlarning maketlari;

qoʻshma taʼlim dasturini moliyalashtirishga oid masalalar;

taʼlim dasturiga oid intellektual mulk huquqlari;

tomonlarning javobgarligi;

shartnomani oʻzgartirish va bekor qilish tartibi;

tomonlar munosabatlariga nisbatan qoʻllaniladigan huquq va nizolarni hal qilish tartibi;

taraflarning rekvizitlari, shartnoma tuzilgan sana va joyi.

Qoʻshma taʼlim dasturini tashkil etish boʻyicha shartnomada boshqa shartlar ham aks ettirilishi mumkin.

Qoʻshma taʼlim dasturini tashkil etish boʻyicha shartnoma va unga qoʻshimcha kelishuvlarning talabalarga va taʼlim sifatini taʼminlashga taalluqli boʻlgan qismi oliy taʼlim tashkilotining rasmiy veb-saytida joylashtiriladi.

8. Qoʻshma taʼlim dasturlari Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tomonidan ekspertizadan oʻtkaziladi.

Oʻzbekiston Respublikasida Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining ijobiy ekspertiza xulosasiga ega boʻlgan qoʻshma taʼlim dasturlari asosida taʼlim faoliyatini tashkil etishga ruxsat etiladi.

Qoʻshma taʼlim dasturini ekspertizadan oʻtkazish bepul amalga oshiriladi.

9. Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkiloti qoʻshma taʼlim dasturini ekspertizadan oʻtkazish uchun Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligiga ariza bilan murojaat qiladi.

Arizaga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:

qoʻshma taʼlim dasturi asosida taʼlim faoliyatini tashkil etish boʻyicha shartnoma nusxasi;

xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkiloti oʻzi joylashgan davlatda vakolatli organ tomonidan roʻyxatdan oʻtkazilganligini va tan olinganligini (litsenziya berilganligi va/yoki akkreditatsiyadan oʻtganligini) tasdiqlovchi hujjatlar nusxasi;

qoʻshma taʼlim dasturi maqsadi, bakalavriat (spetsialitet) taʼlim yoʻnalishlari va magistratura (klinik ordinatura) mutaxassisliklari, taʼlim davomiyligi, shakli va joyi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

taʼlim dasturini ishlab chiqishga asos boʻlgan milliy malakalar ramkasi, professional standartlar, taʼlim standartlari, malaka talablari yoki unga tenglashtirilgan hujjatlar, oʻquv reja va fan dasturlarining tasdiqlangan nusxalari (tanlov fanlari bundan mustasno);

oʻquv jarayonining moddiy-texnik taʼminoti, shu jumladan kompyuterlar, oʻquv laboratoriyalari, oʻquv fanlari xonalari toʻgʻrisida maʼlumotlar;

professor-oʻqituvchilar shtatlari va dars beradigan fanlari toʻgʻrisida maʼlumotlar;

oʻquv va ilmiy adabiyotlar fondi toʻgʻrisida maʼlumot;

talabalarni oʻqishga qabul qilish, oʻqishini koʻchirish, kursdan kursga oʻtkazish, kreditlarni tan olish, akademik jarayonni tashkil etish, taʼlim sifatini ichki taʼminlash va taʼlim natijalarini tan olish bilan bogʻliq hujjatlarning (tartib, nizom yoki yoʻriqnomalarning) barcha xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan tasdiqlangan nusxalari;

barcha xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan tasdiqlangan taʼlim yakunida beriladigan diplomlar maketlari nusxalari.

Ariza beruvchidan ushbu bandda koʻrsatilmagan maʼlumot va hujjatlarni talab qilish qatʼiyan taqiqlanadi.

Taqdim etilgan hujjatlardagi maʼlumotlarning haqqoniyligiga ariza beruvchi masʼul hisoblanadi.

Ariza va unga ilova qilinadigan hujjatlar ariza beruvchining ixtiyoriga koʻra Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi rasmiy veb-sayti orqali elektron tarzda ham berilishi mumkin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi qoʻshma taʼlim dasturini ekspertizadan oʻtkazish boʻyicha arizani qabul qilganidan soʻng 15 ish kunida xulosa beradi.

11. Quyidagi hollarda qoʻshma taʼlim dasturi asosida taʼlim faoliyatini tashkil etish rad etiladi:

xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkiloti oʻzi joylashgan davlatda roʻyxatdan oʻtkazilmaganda, vakolatli tashkilot tomonidan tan olinmaganda yoki unga xorijda faoliyat yuritishga ruxsat berilmaganda;

xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkiloti mazkur Nizomning 5-bandi talablariga javob bermaganda;

qoʻshma taʼlim dasturlarining oʻquv rejasida belgilangan mutaxassislik va ixtisoslik fanlarining kamida 25 foizi xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan tashkil etilmaganda;

qoʻshma taʼlim dasturi asosida taʼlim faoliyatini tashkil etish boʻyicha shartnoma mazkur Nizom talablariga javob bermaganda;

qoʻshma taʼlim dasturining oʻquv rejasi va fan dasturlari uni joriy qilgan Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkilotining profiliga mos kelmaganda;

qoʻshma taʼlim dasturi asosida tashkil etilgan taʼlim natijalari Oʻzbekiston Milliy malakalar ramkasiga muvofiq boʻlmaganda;

qoʻshma taʼlim dasturi boʻyicha beriladigan akademik daraja taʼlim dasturining profiliga mos kelmaganda;

qoʻshma taʼlim dasturi boʻyicha oʻqish muddatlari bakalavriat (spetsialitet) taʼlim yoʻnalishlari boʻyicha uch yildan, magistratura mutaxassisliklari boʻyicha bir yildan, klinik ordinatura mutaxassisliklari boʻyicha ikki yildan kam boʻlganda;

qoʻshma taʼlim dasturida koʻzda tutilgan kreditlar miqdori Yevropa kredit tizimi boʻyicha bakalavriat (spetsialitet) taʼlim yoʻnalishlari uchun 180 ECTSdan, magistratura mutaxassisliklari uchun 60 ECTSdan, klinik ordinatura mutaxassisliklari uchun 120 ECTSdan kam boʻlganda;

qoʻshma taʼlim dasturlari boʻyicha oʻquv jarayoniga jalb etilgan asosiy shtatdagi ilmiy darajaga ega boʻlgan professor-oʻqituvchilar ulushi jami professor-oʻqituvchilar soniga nisbatan 30 foizdan kam boʻlganda;

qoʻshma taʼlim dasturi asosida taʼlim faoliyatini amalga oshirish, talabalar va professor-oʻqituvchilarning sifatli taʼlim va ilmiy-tadqiqot faoliyatini olib borishi uchun Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkilotida zarur bino va inshootlar, jihoz va moddiy-texnik bazasi mavjud boʻlmaganda;

Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkilotida qoʻshma taʼlim dasturi asosida taʼlim faoliyatini tashkil etish va kelajakda yanada rivojlantirish uchun yetarli va barqaror moliyaviy resurslar mavjud boʻlmaganda;

Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkilotida qoʻshma taʼlim dasturi asosida taʼlim faoliyatini tashkil etish uchun yetarli darajada mahalliy va xorijiy (shu jumladan, qoʻshma taʼlim dasturi oʻqitish tilidagi) darslik va adabiyotlar mavjud boʻlmaganda;

qoʻshma taʼlim dasturi bitiruvchilariga beriladigan oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi kvalifikatsiya (diplom) xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlari joylashgan davlatlarda tan olinmaganda;

arizachi tomonidan mazkur Nizomning 9-bandida koʻrsatilgan hujjatlar toʻliq tarkibda taqdim etilmaganda;

arizachi tomonidan taqdim etilgan hujjatlarda notoʻgʻri yoki buzib koʻrsatilgan maʼlumotlar mavjud boʻlganda.

Qoʻshma taʼlim dasturlari asosida kadrlar tayyorlashni boshqa asoslar boʻyicha, shu jumladan, maqsadga muvofiq emas degan sabablar bilan rad etish taqiqlanadi.

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tomonidan qoʻshma taʼlim dasturlarining elektron reyestri yuritiladi va vazirlikning rasmiy veb-saytida joylashtiriladi.

2-bob. Qoʻshma taʼlim dasturlari asosida oʻqishga qabul qilish

12. Qoʻshma taʼlim dasturlariga oʻqishga qabul qilish parametrlari, bakalavriat (spetsialitet) taʼlim yoʻnalishlari va magistratura (klinik ordinatura) mutaxassisliklari hamkor xorijiy oliy taʼlim tashkiloti, boʻysunuvi boʻyicha tegishli vazirlik va idora hamda Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan kelishilgan holda Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkiloti tomonidan tasdiqlanadi.

13. Qoʻshma taʼlim dasturlariga oʻqishga qabul qilish ikki bosqichda amalga oshiriladi:

birinchi bosqichda — Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkiloti tomonidan xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkiloti bilan kelishilgan holda ishlab chiqilgan qabul qilish tartibiga muvofiq kirish imtihonlari oʻtkaziladi;

ikkinchi bosqichda — Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkilotining buyurtmasi asosida Davlat test markazi tomonidan kelishilgan muddatlarda qoʻshma taʼlim dasturida oʻqitish olib boriladigan chet tilidan kirish imtihoni oʻtkaziladi. Bunda:

birinchi bosqichda kirish imtihonlarida toʻplash mumkin boʻlgan maksimal ballning kamida 30 foizini toʻplagan abituriyentlar ikkinchi bosqichda oʻtkaziladigan imtihonda ishtirok etishga haqli;

ikkinchi bosqichda chet tili boʻyicha kirish imtihonlarida toʻplash mumkin boʻlgan maksimal ballning kamida 30 foizini toʻplagan abituriyentlar qoʻshma taʼlim dasturi boʻyicha oʻtkaziladigan tanlovda ishtirok etadi hamda qabul parametrlaridan kelib chiqib, oʻqishga qabul qilinadi;

qoʻshma taʼlim dasturida oʻqitish olib boriladigan chet tili boʻyicha bakalavriatda (spetsialitetda) kamida B1 darajadagi, magistratura va klinik ordinaturada kamida B2 darajadagi milliy yoki unga tenglashtirilgan mos darajadagi xalqaro sertifikatga ega boʻlgan abituriyentlar ikkinchi bosqichda chet tilidan oʻtkaziladigan imtihondan ozod etiladi va ularga mazkur bosqich uchun maksimal ball beriladi.

14. Qoʻshma taʼlim dasturlariga oid zarur maʼlumotlar, qabul parametrlari hamda birinchi va ikkinchi bosqichlarda kirish imtihonlarni oʻtkazish tartibi qabul jarayoni boshlanishidan kamida ikki oy oldin tegishli oliy taʼlim tashkiloti, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Davlat test markazining rasmiy veb-saytlarida joylashtiriladi.

Qoʻshma taʼlim dasturlariga hujjat topshirish onlayn shaklda amalga oshiriladi va imtihon natijalari imtihon oʻtkazilgan kunning keyingi kuni Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkilotining rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.

15. Qoʻshma taʼlim dasturlariga oʻqishga qabul qilish natijalarini tasdiqlash tartibi Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkiloti tomonidan xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkiloti bilan kelishilgan holda belgilanadi.

16. Qoʻshma taʼlim dasturlariga oʻqishga qabul qilish toʻlov-kontrakt asosida amalga oshiriladi.

Qonunchilik hujjatlarda belgilangan hollarda qoʻshma taʼlim dasturlariga oʻqishga qabul qilish davlat granti asosida amalga oshirilishi mumkin. Bunda, davlat granti asosida oʻqitish faqat Oʻzbekiston Respublikasidagi oʻqish davri uchun qoʻllaniladi.

Toʻlov-kontrakt asosida oʻqitish qiymati hamda toʻlash tartibi Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkiloti va xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkiloti tomonidan tegishli bakalavriat (spetsialitet) taʼlim yoʻnalishi yoki magistratura (klinik ordinatura) mutaxassisligining xususiyatlaridan kelib chiqib, oʻzaro kelishilgan holda belgilanadi.

3-bob. Qoʻshma taʼlim dasturlari boʻyicha oʻquv jarayonini tashkil etish

17. Qoʻshma taʼlim dasturlari boʻyicha oʻqish muddati bakalavriat (spetsialitet) taʼlim yoʻnalishlarining (magistratura yoki klinik ordinatura mutaxassisliklarining) xususiyatlaridan kelib chiqib, Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkiloti tomonidan xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkiloti bilan kelishilgan holda belgilanadi.

Bunda:

qoʻshma taʼlim dasturlari boʻyicha oʻqish muddati bakalavriat (spetsialitet) taʼlim yoʻnalishlarida uch yildan, magistratura mutaxassisliklarida bir yildan, klinik ordinatura mutaxassisliklarida ikki yildan kam boʻlmasligi lozim;

qoʻshma taʼlim dasturida koʻzda tutilgan kreditlar miqdori Yevropa kredit tizimi boʻyicha bakalavriat (spetsialitet) taʼlim yoʻnalishlari uchun kamida 180 ECTSni, magistratura mutaxassisliklari uchun kamida 60 ECTSni va klinik ordinatura mutaxassisliklari uchun kamida 120 ECTSni tashkil etishi kerak.

18. Qoʻshma taʼlim dasturlari boʻyicha oliy taʼlim tashkilotlarida oʻquv jarayonini tashkil etish uchun bakalavriat (spetsialitet) taʼlim yoʻnalishlari va magistratura (klinik ordinatura) mutaxassisliklarining oʻquv reja va fan dasturlari Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkiloti tomonidan xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlari bilan birgalikda ishlab chiqiladi.

19. Qoʻshma taʼlim dasturlarining oʻquv rejasida belgilangan mutaxassislik va ixtisoslik fanlarining kamida 25 foizi xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlari tomonidan oʻqitiladi.

Bunda, talabalarning xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlarida oʻqish muddati va moliyalashtirish masalalari Oʻzbekiston Respublikasi va xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkiloti oʻrtasida tuzilgan shartnomaga muvofiq amalga oshiriladi.

20. Qoʻshma taʼlim dasturlari boʻyicha oʻquv jarayoniga jalb etilgan asosiy shtatdagi ilmiy darajaga ega boʻlgan professor-oʻqituvchilar ulushi jami professor-oʻqituvchilar soniga nisbatan 30 foizni tashkil etishi lozim.

21. Qoʻshma taʼlim dasturlari boʻyicha oʻquv jarayoniga jalb etilgan mahalliy va xorijiy professor-oʻqituvchilar mehnatiga haq toʻlash miqdorlari Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkiloti tomonidan xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkiloti bilan kelishilgan holda belgilanadi.

22. Qoʻshma taʼlim dasturlari asosida oliy maʼlumotli kadrlar tayyorlanadigan oliy taʼlim tashkilotlarida qoʻshma taʼlim dasturlarini muvofiqlashtirish boʻlimi (kelishuvda nazarda tutilgan hollarda — qoʻshma fakultet) tashkil etilishi mumkin. Bunda qoʻshma taʼlim dasturlarini muvofiqlashtirish boʻlimi (qoʻshma fakultet) shtat jadvali fakultetlar uchun belgilangan normativlarga muvofiq shakllantiriladi.

Qoʻshma taʼlim dasturlarini muvofiqlashtirish boʻlimini (qoʻshma fakultetni) oliy taʼlim tashkiloti fakultetining dekani maqomiga tenglashtirilgan rahbar boshqaradi.

Boʻlimni saqlash bilan bogʻliq xarajatlar qoʻshma taʼlim dasturlari asosida kadrlar tayyorlashdan tushadigan mablagʻlar hisobidan qoplanadi.

23. Qoʻshma taʼlim dasturlarini muvofiqlashtirish boʻlimining asosiy vazifalari quyidagilar hisoblanadi:

qoʻshma taʼlim dasturi boʻyicha oʻquv jarayoni normativ-huquqiy hujjatlar asosida tashkil etilishini taʼminlash;

qoʻshma taʼlim dasturi doirasida isteʼmolchilar talablariga javob beradigan taʼlim xizmatlarini koʻrsatish va xalqaro taʼlim standartlariga mos keladigan taʼlim sifatini taʼminlash;

qoʻshma taʼlim dasturi boʻyicha oʻquv jarayonini tashkil etadigan normativ-metodik taʼminotni takomillashtirish;

talabalarni oʻquv rejalariga muvofiq xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlariga oʻqishga yuborish, oʻquv jarayoniga xorijlik professor-oʻqituvchilarni jalb etish masalalarini muvofiqlashtirish va bu boʻyicha xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlari bilan hamkorlik qilish;

oliy taʼlim tashkilotining boshqa tuzilmalari bilan oʻzaro hamkorlik aloqalarini olib borish va rivojlantirish;

fan, taʼlim va bozor munosabatlari talablarini oʻrgangan holda qoʻshma taʼlim dasturi boʻyicha taʼlim xizmatlarini koʻrsatish va oʻqitishning ilgʻor texnologiyalarini doimiy ravishda takomillashtirish hamda taʼlim jarayoniga ilgʻor taʼlim dasturlari va texnologiyalarini joriy etish.

24. Qoʻshma taʼlim dasturi asosida tahsil olayotgan talabalar bilimini baholash Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkiloti tomonidan xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkiloti bilan kelishilgan holda tasdiqlangan baholash mezonlari asosida amalga oshiriladi.

25. Qoʻshma taʼlim dasturlari asosida tahsil olayotgan talabalar oliy taʼlim tashkilotining oʻquv intizomi, ichki tartib-qoidalari, odob-axloq qoidalariga amal qilishi majburiy hisoblanadi.

26. Qoʻshma taʼlim dasturi asosida kadrlar tayyorlaydigan oliy taʼlim tashkilotida zarur bino va inshootlar, jihoz va moddiy-texnik bazasi, mahalliy va xorijiy (shu jumladan, qoʻshma taʼlim dasturi oʻqitish tilidagi) darslik va adabiyotlar mavjud boʻlishi lozim.

27. Qoʻshma taʼlim dasturlari asosida tahsil olgan bitiruvchilar haqidagi maʼlumotlar Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining maxsus elektron tizimiga kiritiladi. Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkiloti tizimga kiritilgan bitiruvchilarni davlat namunasidagi diplomlar bilan taʼminlash uchun Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi huzuridagi Oliy taʼlimni rivojlantirish tadqiqotlari va ilgʻor texnologiyalarni tatbiq etish markazi bilan shartnoma tuzadi.

Bitiruvchilarga beriladigan davlat namunasidagi diplomga qoʻshma taʼlim dasturi nomi yoziladi.

Davlat namunasidagi diplom va diplom ilovasi maxsus elektron tizimga kiritilgan maʼlumotlar asosida chop etiladi.

Diplom ilovasiga hamkor oliy taʼlim tashkiloti tomonidan berilgan diplom tartib raqami ham kiritiladi.

4-bob. Qoʻshma taʼlim dasturlari boʻyicha tahsil olayotgan talabalar oʻqishini koʻchirish, oʻqishdan chetlashtirish va qayta tiklash

28. Qoʻshma taʼlim dasturlari asosida tahsil olayotgan talabalar oʻqishini ular taʼlim olayotgan oliy taʼlim tashkilotining boshqa taʼlim yoʻnalishlari (mutaxassisliklari) yoki boshqa Oʻzbekiston Respublikasi davlat oliy taʼlim tashkilotiga koʻchirishga ruxsat etilmaydi.

Qoʻshma taʼlim dasturlari asosida tahsil olayotgan talabalar oʻqishini ular taʼlim olayotgan oliy taʼlim tashkilotining yoki boshqa Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkilotining qoʻshma taʼlim dasturlariga koʻchirishi mumkin.

29. Talabalarga akademik taʼtil berish va kursdan-kursga qoldirish taʼlim jarayoni olib borayotgan davlatdagi normativ-huquqiy hujjatlar asosida tartibga solinadi.

30. Quyidagi holatlarda qoʻshma taʼlim dasturlari asosida tahsil olayotgan talabalar oliy taʼlim tashkilotidan chetlashtirilishi mumkin:

oʻz xohishiga binoan;

oʻquv intizomini va Oʻzbekiston Respublikasi va xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotlarining ichki tartib-qoidalari hamda odob-axloq qoidalarini buzganligi uchun;

bir semestr davomida darslarni uzrli sabablarsiz 74 soatdan ortiq qoldirganligi sababli;

oʻqish uchun belgilangan toʻlov oʻz vaqtida amalga oshirilmaganligi uchun;

xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkilotida borib oʻqishdan bosh tortgan taqdirda;

oliy taʼlim tashkiloti va talaba oʻrtasida tuzilgan shartnoma shartlariga amal qilmagan taqdirda;

talaba sud tomonidan ozodlikdan mahrum etilganligi munosabati bilan;

sud qaroriga koʻra kirish imtihonlarida belgilangan tartibni buzganligi aniqlanganda. Ushbu holatda talabalar safidan chetlashtirilganlar talabalar safiga qayta tiklanmaydi;

vafot etganligi sababli.

31. Qoʻshma taʼlim dasturlari boʻyicha tahsil olib, talabalar safidan chetlashtirilgan talabalar oʻqishini qayta tiklash Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tashkiloti va xorijiy hamkor oliy taʼlim tashkiloti rektorlari (direktori) qoʻshma buyrugʻi asosida amalga oshiriladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

32. Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi:

zarur hollarda qoʻshma taʼlim dasturlarining taʼlim sifatini, taʼlim jarayoni tashkil etilishini, pedagog xodimlarining mehnat faoliyatini, talabalarning fan dasturlarini oʻzlashtirish darajasini (bilimini), oʻquv jarayonini amalga oshirish uchun yaratilgan shart-sharoitlarni oʻrganish boʻyicha monitoring oʻtkazadi;

qoʻshma taʼlim dasturlari pedagog xodimlari va talabalari oʻrtasida taʼlim jarayonining tashkil etilishi va sifatini aniqlashga oid anonim soʻrovlar oʻtkazadi hamda ularning natijalarini tahlil qilgan holda taʼlim sifatini oshirish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi.

33. Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi monitoring oʻtkazish jarayonida qoʻshma taʼlim dasturlari asosida kadrlar tayyorlaydigan oliy taʼlim tashkiloti tomonidan mazkur Nizom talablari bajarilmayotganligini aniqlaganda, ushbu oliy taʼlim tashkiloti bilan birgalikda uning faoliyatida aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha chora-tadbirlar rejasini ishlab chiqadi.

Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi monitoring oʻtkazish jarayonida aniqlangan kamchiliklarni oʻz vaqtida bartaraf etish ustidan nazoratni tashkil qiladi.

Monitoring oʻtkazish jarayonida aniqlangan kamchiliklar bartaraf etilmagan taqdirda, oliy taʼlim tashkilotining mazkur Nizom talablariga rioya qilmasdan tashkil etilgan qoʻshma taʼlim dasturlariga talabalarni oʻqishga qabul qilish toʻxtatiladi.

34. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

35. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 6-iyul,

421-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 07.07.2021-y., 09/21/421/0641-son; 13.06.2025-y., 09/25/362/0507-son; 25.08.2026-y., 09/26/456/0870-son)

lex.uz