UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 24-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 24 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 24 июля 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 24 July 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ

СХЕМАСИ

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек ўртача ойлик даромади юқори бўлмаган фуқароларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлашни изчил давом эттириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сон Фармони билан даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож аҳолига уй-жой сотиб олиш учун ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини тўлаш учун субсидия ажратилиши йўлга қўйилганлиги;

Вазирлар Маҳкамасининг «Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарори билан уй-жойга муҳтож фуқароларни аниқлашнинг ижтимоий мезонлари белгиланганлиги;

таҳлиллар натижасига кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ажратилган ипотека кредитларини қайтаришда қарздорларнинг ўртача ойлик даромади етмаслиги, натижада уларнинг муаммоли кредитга айланиш хавфи мавжудлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг 2025 йил 31 декабрга қадар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларига ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича маҳаллий ҳокимликларнинг кафилликларини бериш ва муддати ўтказиб юборилган қарздорликларни қоплаш тартибини жорий қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тажриба тариқасида 2021 йил 1 августга қадар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг ипотека кредитлари бўйича қарздорликларини сўндириш жамғармаларини (кейинги ўринларда — жамғарма) ташкил этиб, маҳаллий бюджет даромадларининг ҳисобот чораклари якунлари бўйича аниқланадиган прогнозидан ошириб бажарилган қисмининг 5 фоизигача бўлган миқдоридаги маблағларни жамғармага йўналтирсин.

Белгилансинки, жамғарма томонидан бериладиган жами кафилликлар йиғиндиси жамғарма маблағлари қолдиғининг 5 бараваридан ошишига йўл қўйилмайди.

4. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича маҳаллий ҳокимликлар томонидан кафилликлар бериш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

уй-жойга муҳтож фуқароларни аниқлашнинг ижтимоий мезонларидан ўртача ойлик даромади кам бўлган фуқароларга ипотека кредитлари бўйича маҳаллий ҳокимликлар томонидан кафилликлар бериш;

кафиллик берилган қарз олувчиларнинг ипотека кредити бўйича банк олдидаги муддати ўтказиб юборилган қарздорликни маҳаллий ҳокимликлар томонидан қоплаш тартиби.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 11 мартдаги ПФ-6186-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилган «Халқпарвар» комиссияларига:

2021 йил 1 августдан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг «Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарорига асосан субсидия олиш учун ўртача ойлик даромади етмайдиган ипотека кредитини олиш истагида бўлган фуқароларнинг рўйхатини (кейинги ўринларда — рўйхат) шакллантириб бориш;

2021 йил 1 августга қадар тижорат банклари билан биргаликда мазкур қарор қабул қилингунга қадар ипотека кредити олган ва ўртача ойлик даромадлари қарздорликларини тўлаш учун етарли бўлмаган ижтимоий ҳимояга муҳтож қарз олувчилар тўғрисида маълумотни шакллантириш ва уларни рўйхатга киритиш тавсия этилсин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 июлдаги 459-сон қарорига ИЛОВА

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича маҳаллий ҳокимликлар томонидан кафилликлар бериш тартиби тўғрисидаги

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Вақтинчалик низом (кейинги ўринларда — Низом) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари (кейинги ўринларда — ҳокимликлар) томонидан Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларига ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича кафилликлар бериш ва муддати ўтказиб юборилган қарздорликларни қоплаш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом 2022 йил 1 августга қадар амал қилади.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

жамғарма — ҳокимликлар маҳаллий бюджетининг чораклик даромадлар прогнозидан ошириб бажарилган қисмининг 5 фоизигача бўлган миқдоридаги ўтказмалардан шаклланадиган ҳокимликларга очиладиган бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағи;

кафиллик — ариза берувчига тақдим этиладиган ипотека кредитлари бўйича муддати ўтган асосий ва фоиз қарздорликларни сўндириш юзасидан кафиллик шартномасига мувофиқ ҳокимликларнинг тижорат банки (кейинги ўринларда — банк) олдидаги мажбурияти;

рўйхат — Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 11 мартдаги ПФ-6186-сон Фармони билан ташкил этилган «Халқпарвар» комиссиялари (кейинги ўринларда — «Халқпарвар» комиссияси) томонидан шакллантириладиган ҳамда ўртача ойлик даромади Вазирлар Маҳкамасининг «Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарорига асосан субсидия олиш учун белгиланган мезонлардан кам бўлган фуқаролар рўйхати;

қарз олувчи — ипотека кредити бўйича кафиллик олиш мақсадида ариза билан мурожаат қилувчи 18 ёшга тўлган ва 60 ёшдан ошмаган ҳамда рўйхатда турувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси.

3. Кафиллик рўйхатдаги қарз олувчиларга банклар томонидан ажратилган (ажратиладиган) ипотека кредитлари бўйича берилади.

4. Кафиллик берилганлиги учун ҳокимликлар томонидан тўлов (мукофот пули) ундирилмайди.

5. Ҳокимликлар чораклар якуни билан маҳаллий бюджет даромадлари прогнозидан ошириб бажарилган қисмининг 5 фоизигача миқдордаги маблағларни ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 25 санасига қадар Жамғармага ўтказиб борадилар.

2-боб. Кафилликни бериш тартиби

6. Кафиллик ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича ҳокимликлар томонидан берилади.

Кафиллик ҳокимликлар томонидан «Халқпарвар» комиссияларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирдагина берилади.

7. Кафилликни олиш учун қарз олувчи ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича аризани ҳамда унга илова сифатида шахсий идентификация рақами маълумотлари ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхасини ҳокимликка тақдим этади.

Ҳокимлик, заруратга кўра, қарз олувчи ва унинг оила аъзолари тўғрисидаги бошқа маълумотларни «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил сўраб олади.

8. Ҳокимлик ҳужжат келиб тушган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай:

ушбу Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ҳужжатларни «Халқпарвар» комиссиясига;

қарз олувчи ва унинг оила аъзоларининг шахсий идентификация рақами маълумотларини ҳудудий давлат солиқ бошқармасига (кейинги ўринларда — Солиқ бошқармаси) юборади.

9. Мазкур Низом тасдиқлангунга қадар ипотека кредити олган ва ўртача ойлик даромадлари қарздорликларини тўлаш учун етарли бўлмаган ижтимоий ҳимояга муҳтож қарз олувчиларнинг банк филиалига тақдим этган аризасига асосан мазкур банк филиали томонидан ушбу Низомнинг 7-бандида келтирилган ҳужжатларни «Халқпарвар» комиссиясига ҳамда қарз олувчи ва унинг оила аъзоларининг шахсий идентификация рақами маълумотларини Солиқ бошқармасига юборилади.

10. Солиқ бошқармаси қарз олувчи ва унинг оила аъзолари шахсий идентификация рақамлари тўғрисидаги маълумотлари келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида уларнинг ўртача ойлик даромадлари тўғрисидаги маълумотларни «Халқпарвар» комиссиясига юборади.

11. «Халқпарвар» комиссияси ҳокимлик (банк) ва Солиқ бошқармаси томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқади ва Солиқ бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумот келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида:

танқидий мулоҳазалар бўлмаганда — қарз олувчини рўйхатга киритади ва ҳокимликка ипотека кредити бўйича кафиллик беришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ижобий хулосани тақдим этади;

танқидий мулоҳазалар бўлганда — кафиллик беришни рад этишнинг аниқ сабабларини кўрсатган ҳолда уни ҳокимликка (мазкур Низомнинг 9-бандида назарда тутилган ҳолларда — банкка) ёзма шаклда юборади.

12. Қуйидаги ҳолларда ариза берувчига кафиллик берилиши рад этилиши мумкин:

а) ушбу Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда;

б) ариза берувчининг ўртача ойлик даромади Вазирлар Маҳкамасининг «Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарорига асосан субсидия олиш учун белгиланган мезонларга мос ёки ундан кўпроқ бўлганда;

в) тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки сохта маълумотлар мавжуд бўлганда;

г) «Халқпарвар» комиссиясининг танқидий мулоҳазалари бўлганда.

13. «Халқпарвар» комиссияси томонидан тақдим этилган ижобий хулоса келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида ҳокимлик Жамғарма маблағларининг мавжудлиги ва маҳаллий бюджети тушумлари прогнозини, шунингдек кредит шартномаси ва қарзни қайтариш жадвалини (ажратилган ипотека кредитлари бўйича) ҳисобга олган ҳолда қарз олувчи томонидан жалб этилаётган (этилган) ипотека кредитлари бўйича унга кафиллик бериш тўғрисида кафилликнинг максимал миқдорини кўрсатган ҳолда қарор қабул қилади.

14. «Халқпарвар» комиссиясидан танқидий мулоҳаза келиб тушганда ҳокимлик (мазкур Низомнинг 9-бандида назарда тутилган ҳолларда — банк) уч иш куни мобайнида қарз олувчига кафиллик тақдим этилмаслик сабабларини ва камчиликларни бартараф қилган ҳолда ҳужжатларни қайта топшириш муддатини кўрсатган ҳолда (агар бартараф этиш имкони мавжуд бўлса) рад этиш хатини юборади.

15. Ҳокимлик кафиллик бериш тўғрисидаги қарор қабул қилган кундан кейинги кундан кечиктирмасдан қарор нусхасини қарз олувчига, (мазкур Низомнинг 9-бандида назарда тутилган ҳолларда — банкка) юборади.

16. Қарз олувчи ҳокимликнинг кафиллик ажратиш тўғрисидаги қароридан нусхани олган кундан беш иш куни мобайнида тегишли банк филиалига бориб, қарордан нусхани тақдим этади.

17. Ипотека кредити ажратиш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинган, шунингдек ҳокимликдан кафиллик бериш тўғрисидаги қарор нусхаси келиб тушган тақдирда, уч иш куни давомида ипотека кредити шартномаси нусхасини ҳамда банк филиали раҳбари ёки унинг ўринбосари ва қарз олувчи томонидан имзолаган кафиллик шартномаси лойиҳасини 3 нусхада ҳокимликка юборади.

18. Банк филиали ва қарз олувчи имзолаган уч нусхадаги кафиллик шартномаси лойиҳаси ҳокимликка келиб тушган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими ёки унинг биринчи ўринбосари томонидан имзоланади ҳамда кафиллик шартномасини қарз олувчи ва банк филиалига бир нусхадан юборади.

19. Кафиллик шартномаларини ҳисоби ҳокимликнинг алоҳида ҳисобга олиш журналида юритилади.

Кафиллик шартномаларини ҳисобга олиш журнали рақамланган, ип ўтказиб тикилган ваколатли мансабдор шахснинг имзоси ва ҳокимликнинг гербли муҳри билан тасдиқланган бўлиши керак.

20. Кафиллик шартномаси имзоланган кундан бошлаб кучга киради.

21. Банк ўз маблағлари ҳисобидан ҳокимликнинг кафиллиги тақдим этилган қарз олувчиларга ипотека кредитларини ажратади ва мазкур ипотека кредитлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта молиялаштирилади.

Бунда ажратилган ипотека кредитлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 февралдаги 56-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маблағлари ҳисобидан ипотека кредитлари ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан қайта молиялаштирилади.

3-боб. Қарз олувчиларга кафиллик остида ажратилган кредитлар бўйича кафиллик шартномаларида белгиланган мажбуриятларни ижро этиш ва муддати ўтказиб юборилган қарздорликни қоплаш тартиби

22. Кафиллик берилган қарз олувчиларга ажратилган кредитлар бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорлик юзага келганда ва кредит шартномаларига илова қилинадиган уларни қайтариш жадвалига риоя қилинмаганда, банк филиали ўттиз кун мобайнида ҳокимликларни муддати ўтказиб юборилган қарздорлик ҳосил бўлганлиги тўғрисида хабардор қилади. Банк филиали мурожаатга:

кафиллик шартномасининг нусхаси;

кредит шартномасининг нусхаси;

қарз олувчининг муддати ўтказиб юборилган қарздорлик борлиги тўғрисида маълумотнома илова қилинади.

23. Ҳокимлик банк филиалининг мурожаатини беш иш куни мобайнида кўриб чиқади ва қарз олувчининг мавжуд муддати ўтказиб юборилган қарзини банк филиалига тўлаб бериш тўғрисида қарор қабул қилади.

Жалб этилган кредитлар бўйича қарз олувчининг муддати ўтказиб юборилган қарзини қайтариш учун мўлжалланган маблағлар кафил томонидан фақат кредит берувчининг ҳисобварағига йўналтирилади.

24. Қарз олувчининг муддати ўтказиб юборилган қарздорлиги тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг кейинги иш кунидан кечикмай ҳокимлик қарз олувчининг қарздорлиги суммасини Жамғармадаги маблағлар ҳисобига ҳар бир қарз олувчи учун банкда алоҳида очиладиган 29801 (Мижозлар билан ҳисоб-китоблар) ҳисобварағига ўтказади.

29801 ҳисобварағига келиб тушган маблағлардан фақат қарз олувчиларнинг кредитлари ва унга ҳисобланган фоизлар бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорликни қайтариш учун фойдаланилади.

25. Ҳокимликларнинг қарз олувчи томонидан жалб этилган кредит бўйича қарз олувчининг муддати ўтказиб юборилган қарздорлигини қайтаришга йўналтирилган Жамғарма маблағлари кўрсатиб ўтилган қарз олувчига тегишли бўлган мол-мулк ёки бошқа ҳеч қандай манба ҳисобидан қопланмайди.

4-боб. Якунловчи қоидалар

26. Ҳокимликларнинг кафиллиги остида ажратилган ипотека кредитларидан мақсадли фойдаланиш ва уларни ўз вақтида қайтаришнинг ҳисобини юритиш ва мониторинг олиб бориш ҳокимликларнинг молия бўлимлари томонидан маълумотларни мунтазам равишда солиштириш орқали банклар билан биргаликда амалга оширилади.

27. Ўзбекистон Республикаси Давлат молиявий назорати инспекцияси ҳудудий бошқармалари ҳар чорак якунлари бўйича кафилликлар берилишининг тўғрилигини текширади ҳамда ҳокимликларининг кафиллиги остида ажратилган ипотека кредитларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш устидан назорат қилади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича маҳаллий ҳокимликлар томонидан кафилликлар бериш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга 1-ИЛОВА

Маҳаллий ҳокимликлар томонидан ипотека кредитлари бўйича кафиллик бериш

Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Қарз олувчи Кафиллик олиш учун ариза ва зарур тегишли ҳужжатларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига (кейинги ўринларда — ҳокимлик), кредит бўйича қарздорлиги мавжуд ҳолларда эса тегишли банк филиалига тақдим этади. Заруратга кўра 2-босқич Ҳокимлик / Банк филиали 1. Кафиллик олиш учун тақдим этилган ариза ва ҳужжатларни қабул қилиб олади. Ҳужжатлар қабул қилинган кунда. 2. Кафиллик учун зарур ҳужжат ва маълумотларни «Халқпарвар» комиссиясига ва қарз олувчи ва унинг оила аъзоларининг шахсий идентификация рақамига доир маълумотларини вилоят Солиқ бошқармасига юборади. Ҳужжатлар келиб тушган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай 3-босқич Солиқ бошқармаси 1. Қарз олувчи ва унинг оила аъзоларининг шахсий идентификация рақамига доир маълумотларини қабул қилиб олади. Ҳужжатлар келиб тушган кунда 2. Қарз олувчи ва унинг оиласи ўртача ойлик даромадлари тўғрисидаги маълумотномани «Халқпарвар» комиссиясига юборади. Уч иш кун давомида 4-босқич «Халқпарвар» комиссияси 1. Кафиллик бўйича Ҳокимлик ва банк томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ҳамда Солиқ бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумотномани қабул қилади. Ҳужжатлар келиб тушган кунда 2. Олинган ҳужжатларни кўриб чиқади ва Ҳокимликка кафиллик ажратишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ижобий хулоса беради ва қарз олувчини Рўйхатга киритади ёки улар бўйича танқидий мулоҳазалар Ҳокимлик ёки банкка юборади. Солиқ бошқармаси маълумотнома тақдим этган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида 5-босқич Ҳокимлик Кафиллик ажратиш тўғрисида қарор қабул қилади ва қарордан кўчирмани қарз олувчига юборади (ижобий хулоса бўлганда). Уч иш куни мобайнида Ҳокимлик / Банк филиали Кафиллик тақдим этилмаслиги бўйича рад этиш хатини қарз олувчига юборади (танқидий мулоҳазалар бўлганда) . 6-босқич Қарз олувчи 1. Кафиллик бериш тўғрисида қарордан нусхани қабул қилинганда, тегишли банк филиалига қарор нусхасини тақдим этади. Беш иш куни мобайнида 2. Танқидий мулоҳазалар билдирилган бўлса, уларни бартараф этиш ва таклифларни ҳисобга олган ҳолда ҳужжатларни қайта тақдим этади. Танқидий мулоҳазаларда кўрсатилган муддат мобайнида (заруратга кўра) 7-босқич Банк филиали Кредит шартномаси нусхасини ҳамда банк ва қарз олувчи томонидан уч нусхада имзолаган кафиллик шартномаси лойиҳасини Ҳокимликка юборади. Уч иш куни мобайнида 8-босқич Ҳокимлик Кафиллик шартномаси Ҳоким ёки унинг биринчи ўринбосари томонидан имзоланади ҳамда кафиллик шартномасини қарз олувчи ва тегишли банк филиалига бир нусхадан юборади. Кафиллик шартномаси лойиҳалари келиб тушган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича маҳаллий ҳокимликлар томонидан кафилликлар бериш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга 2-ИЛОВА

‎ ‎ ‎ ______________________________‎ ‎ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокимлигига ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Ипотека кредитлари бўйича маҳаллий ҳокимликларнинг кафиллигини олиш учун‎ ‎ ‎ АРИЗА‎ ‎ ‎ 1. Фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми‎___________________ ‎ ___________________ ‎ 2. Яшаш манзили‎ ‎_____________________________ _______________________________ ‎ 3. Телефон рақами (код билан)‎_______________________ ______________________________‎ 4. Паспорт (ID-карта) маълумотлари ‎ ‎________________ _____________________________‎ 5. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР)‎ ‎_____________________‎ 6. Асосий фаолияти тури‎ ‎________________________ ______________________________ ‎ 7. Оила аъзолари ҳақида маълумот‎ ___________________ ‎‎‎ ___________________‎‎‎ ___________________‎‎‎ (Ф.И.О.)‎‎‎ (қариндошлик алоқаси)‎‎ (ЖШ ШИР)‎‎‎ ___________________‎‎‎ ___________________‎‎‎ ___________________‎‎‎ (Ф.И.О.)‎‎‎ (қариндошлик алоқаси)‎‎‎ (ЖШ ШИР)‎‎‎ ___________________‎‎‎ ___________________‎‎‎ ___________________‎‎‎ (Ф.И.О.)‎ (қариндошлик алоқаси)‎‎‎ (ЖШ ШИР)‎‎‎ 8. Кафиллик остида жалб этилган (этилаётган) ипотека кредити суммаси: _______________ минг сўм.‎ 9. Кафиллик олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ушбу аризага илова қилинади, _________ варақда.‎ ‎ Сиздан ушбу аризани унга илова қилинадиган ҳужжатлар билан биргаликда кўриб чиқишингизни ва мен томонидан жалб қилинган (қилинадиган) ипотека кредити бўйича _________________ ҳокимлигининг кафиллиги берилишини илтимос қиламан.‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎Фуқаронинг Ф.И.О. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎имзо____________ ‎ ‎ ‎ ‎ сана‎‎____________‎

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 24 июль,

459-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2021 й., 09/21/459/0698-сон; 12.11.2024 й., 09/24/749/0910-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

VAQTINCHALIK NIZOM

SXEMASI

Ijtimoiy himoyaga muhtoj aholining uy-joy sharoitlarini yaxshilash boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida

Ijtimoiy himoyaga muhtoj aholi qatlamining uy-joyga boʻlgan ehtiyojini qondirish, shuningdek oʻrtacha oylik daromadi yuqori boʻlmagan fuqarolarni davlat tomonidan manzilli qoʻllab-quvvatlashni izchil davom ettirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Ipoteka krediti mexanizmlarini takomillashtirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 28-noyabrdagi PF-5886-son Farmoni bilan daromadi yuqori boʻlmagan va uy-joy sharoitlarini yaxshilashga muhtoj aholiga uy-joy sotib olish uchun ajratiladigan ipoteka kreditlari boʻyicha boshlangʻich badal va foiz toʻlovlarining bir qismini toʻlash uchun subsidiya ajratilishi yoʻlga qoʻyilganligi;

Vazirlar Mahkamasining “Uy-joy sotib olish uchun fuqarolarga subsidiya toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2020-yil 25-martdagi 182-son qarori bilan uy-joyga muhtoj fuqarolarni aniqlashning ijtimoiy mezonlari belgilanganligi;

tahlillar natijasiga koʻra, ijtimoiy himoyaga muhtoj aholiga ajratilgan ipoteka kreditlarini qaytarishda qarzdorlarning oʻrtacha oylik daromadi yetmasligi, natijada ularning muammoli kreditga aylanish xavfi mavjudligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki, Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda mahalliy ijro hokimiyati organlarining 2025-yil 31-dekabrga qadar ijtimoiy himoyaga muhtoj fuqarolariga ajratiladigan ipoteka kreditlari boʻyicha mahalliy hokimliklarning kafilliklarini berish va muddati oʻtkazib yuborilgan qarzdorliklarni qoplash tartibini joriy qilish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

3. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tajriba tariqasida 2021-yil 1-avgustga qadar ijtimoiy himoyaga muhtoj aholining ipoteka kreditlari boʻyicha qarzdorliklarini soʻndirish jamgʻarmalarini (keyingi oʻrinlarda — jamgʻarma) tashkil etib, mahalliy budjet daromadlarining hisobot choraklari yakunlari boʻyicha aniqlanadigan prognozidan oshirib bajarilgan qismining 5 foizigacha boʻlgan miqdoridagi mablagʻlarni jamgʻarmaga yoʻnaltirsin.

Belgilansinki, jamgʻarma tomonidan beriladigan jami kafilliklar yigʻindisi jamgʻarma mablagʻlari qoldigʻining 5 baravaridan oshishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

4. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Ijtimoiy himoyaga muhtoj aholiga ajratiladigan ipoteka kreditlari boʻyicha mahalliy hokimliklar tomonidan kafilliklar berish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

uy-joyga muhtoj fuqarolarni aniqlashning ijtimoiy mezonlaridan oʻrtacha oylik daromadi kam boʻlgan fuqarolarga ipoteka kreditlari boʻyicha mahalliy hokimliklar tomonidan kafilliklar berish;

kafillik berilgan qarz oluvchilarning ipoteka krediti boʻyicha bank oldidagi muddati oʻtkazib yuborilgan qarzdorlikni mahalliy hokimliklar tomonidan qoplash tartibi.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Bozor tamoyillariga asoslangan ipoteka kreditlarini ajratish orqali aholini uy-joy bilan taʼminlashga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 11-martdagi PF-6186-son Farmoniga muvofiq tashkil etilgan “Xalqparvar” komissiyalariga:

2021-yil 1-avgustdan boshlab Vazirlar Mahkamasining “Uy-joy sotib olish uchun fuqarolarga subsidiya toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2020-yil 25-martdagi 182-son qaroriga asosan subsidiya olish uchun oʻrtacha oylik daromadi yetmaydigan ipoteka kreditini olish istagida boʻlgan fuqarolarning roʻyxatini (keyingi oʻrinlarda — roʻyxat) shakllantirib borish;

2021-yil 1-avgustga qadar tijorat banklari bilan birgalikda mazkur qaror qabul qilingunga qadar ipoteka krediti olgan va oʻrtacha oylik daromadlari qarzdorliklarini toʻlash uchun yetarli boʻlmagan ijtimoiy himoyaga muhtoj qarz oluvchilar toʻgʻrisida maʼlumotni shakllantirish va ularni roʻyxatga kiritish tavsiya etilsin.

7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 24-iyuldagi 459-son qaroriga ILOVA

Ijtimoiy himoyaga muhtoj aholiga ajratiladigan ipoteka kreditlari boʻyicha mahalliy hokimliklar tomonidan kafilliklar berish tartibi toʻgʻrisidagi

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Vaqtinchalik nizom (keyingi oʻrinlarda — Nizom) Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari (keyingi oʻrinlarda — hokimliklar) tomonidan Oʻzbekiston Respublikasining ijtimoiy himoyaga muhtoj fuqarolariga ajratiladigan ipoteka kreditlari boʻyicha kafilliklar berish va muddati oʻtkazib yuborilgan qarzdorliklarni qoplash tartibini belgilaydi.

Ushbu Nizom 2022-yil 1-avgustga qadar amal qiladi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

jamgʻarma — hokimliklar mahalliy budjetining choraklik daromadlar prognozidan oshirib bajarilgan qismining 5 foizigacha boʻlgan miqdoridagi oʻtkazmalardan shakllanadigan hokimliklarga ochiladigan budjet tashkilotlarining budjetdan tashqari shaxsiy gʻazna hisobvaragʻi;

kafillik — ariza beruvchiga taqdim etiladigan ipoteka kreditlari boʻyicha muddati oʻtgan asosiy va foiz qarzdorliklarni soʻndirish yuzasidan kafillik shartnomasiga muvofiq hokimliklarning tijorat banki (keyingi oʻrinlarda — bank) oldidagi majburiyati;

roʻyxat — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Bozor tamoyillariga asoslangan ipoteka kreditlarini ajratish orqali aholini uy-joy bilan taʼminlashga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 11-martdagi PF-6186-son Farmoni bilan tashkil etilgan “Xalqparvar” komissiyalari (keyingi oʻrinlarda — “Xalqparvar” komissiyasi) tomonidan shakllantiriladigan hamda oʻrtacha oylik daromadi Vazirlar Mahkamasining “Uy-joy sotib olish uchun fuqarolarga subsidiya toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2020-yil 25-martdagi 182-son qaroriga asosan subsidiya olish uchun belgilangan mezonlardan kam boʻlgan fuqarolar roʻyxati;

qarz oluvchi — ipoteka krediti boʻyicha kafillik olish maqsadida ariza bilan murojaat qiluvchi 18 yoshga toʻlgan va 60 yoshdan oshmagan hamda roʻyxatda turuvchi Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi.

3. Kafillik roʻyxatdagi qarz oluvchilarga banklar tomonidan ajratilgan (ajratiladigan) ipoteka kreditlari boʻyicha beriladi.

4. Kafillik berilganligi uchun hokimliklar tomonidan toʻlov (mukofot puli) undirilmaydi.

5. Hokimliklar choraklar yakuni bilan mahalliy budjet daromadlari prognozidan oshirib bajarilgan qismining 5 foizigacha miqdordagi mablagʻlarni har chorak yakuni bilan keyingi oyning 25 sanasiga qadar Jamgʻarmaga oʻtkazib boradilar.

2-bob. Kafillikni berish tartibi

6. Kafillik ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema boʻyicha hokimliklar tomonidan beriladi.

Kafillik hokimliklar tomonidan “Xalqparvar” komissiyalarining ijobiy xulosasi mavjud boʻlgan taqdirdagina beriladi.

7. Kafillikni olish uchun qarz oluvchi ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shakl boʻyicha arizani hamda unga ilova sifatida shaxsiy identifikatsiya raqami maʼlumotlari va shaxsni tasdiqlovchi hujjatning nusxasini hokimlikka taqdim etadi.

Hokimlik, zaruratga koʻra, qarz oluvchi va uning oila aʼzolari toʻgʻrisidagi boshqa maʼlumotlarni “Elektron hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali masʼul davlat organlari va tashkilotlaridan mustaqil soʻrab oladi.

8. Hokimlik hujjat kelib tushgan kundan keyingi ish kunidan kechiktirmay:

ushbu Nizomning 7-bandida koʻrsatilgan hujjatlarni “Xalqparvar” komissiyasiga;

qarz oluvchi va uning oila aʼzolarining shaxsiy identifikatsiya raqami maʼlumotlarini hududiy davlat soliq boshqarmasiga (keyingi oʻrinlarda — Soliq boshqarmasi) yuboradi.

9. Mazkur Nizom tasdiqlangunga qadar ipoteka krediti olgan va oʻrtacha oylik daromadlari qarzdorliklarini toʻlash uchun yetarli boʻlmagan ijtimoiy himoyaga muhtoj qarz oluvchilarning bank filialiga taqdim etgan arizasiga asosan mazkur bank filiali tomonidan ushbu Nizomning 7-bandida keltirilgan hujjatlarni “Xalqparvar” komissiyasiga hamda qarz oluvchi va uning oila aʼzolarining shaxsiy identifikatsiya raqami maʼlumotlarini Soliq boshqarmasiga yuboriladi.

10. Soliq boshqarmasi qarz oluvchi va uning oila aʼzolari shaxsiy identifikatsiya raqamlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlari kelib tushgan kundan boshlab uch ish kuni mobaynida ularning oʻrtacha oylik daromadlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni “Xalqparvar” komissiyasiga yuboradi.

11. “Xalqparvar” komissiyasi hokimlik (bank) va Soliq boshqarmasi tomonidan taqdim etilgan hujjatlarni oʻrganib chiqadi va Soliq boshqarmasi tomonidan taqdim etilgan maʼlumot kelib tushgan kundan boshlab besh ish kuni mobaynida:

tanqidiy mulohazalar boʻlmaganda — qarz oluvchini roʻyxatga kiritadi va hokimlikka ipoteka krediti boʻyicha kafillik berishning maqsadga muvofiqligi toʻgʻrisida ijobiy xulosani taqdim etadi;

tanqidiy mulohazalar boʻlganda — kafillik berishni rad etishning aniq sabablarini koʻrsatgan holda uni hokimlikka (mazkur Nizomning 9-bandida nazarda tutilgan hollarda — bankka) yozma shaklda yuboradi.

12. Quyidagi hollarda ariza beruvchiga kafillik berilishi rad etilishi mumkin:

a) ushbu Nizomning 7-bandida koʻrsatilgan hujjatlar toʻliq taqdim etilmaganda;

b) ariza beruvchining oʻrtacha oylik daromadi Vazirlar Mahkamasining “Uy-joy sotib olish uchun fuqarolarga subsidiya toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2020-yil 25-martdagi 182-son qaroriga asosan subsidiya olish uchun belgilangan mezonlarga mos yoki undan koʻproq boʻlganda;

v) taqdim etilgan hujjatlarda notoʻgʻri yoki soxta maʼlumotlar mavjud boʻlganda;

g) “Xalqparvar” komissiyasining tanqidiy mulohazalari boʻlganda.

13. “Xalqparvar” komissiyasi tomonidan taqdim etilgan ijobiy xulosa kelib tushgan kundan boshlab uch ish kuni mobaynida hokimlik Jamgʻarma mablagʻlarining mavjudligi va mahalliy budjeti tushumlari prognozini, shuningdek kredit shartnomasi va qarzni qaytarish jadvalini (ajratilgan ipoteka kreditlari boʻyicha) hisobga olgan holda qarz oluvchi tomonidan jalb etilayotgan (etilgan) ipoteka kreditlari boʻyicha unga kafillik berish toʻgʻrisida kafillikning maksimal miqdorini koʻrsatgan holda qaror qabul qiladi.

14. “Xalqparvar” komissiyasidan tanqidiy mulohaza kelib tushganda hokimlik (mazkur Nizomning 9-bandida nazarda tutilgan hollarda — bank) uch ish kuni mobaynida qarz oluvchiga kafillik taqdim etilmaslik sabablarini va kamchiliklarni bartaraf qilgan holda hujjatlarni qayta topshirish muddatini koʻrsatgan holda (agar bartaraf etish imkoni mavjud boʻlsa) rad etish xatini yuboradi.

15. Hokimlik kafillik berish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilgan kundan keyingi kundan kechiktirmasdan qaror nusxasini qarz oluvchiga, (mazkur Nizomning 9-bandida nazarda tutilgan hollarda — bankka) yuboradi.

16. Qarz oluvchi hokimlikning kafillik ajratish toʻgʻrisidagi qaroridan nusxani olgan kundan besh ish kuni mobaynida tegishli bank filialiga borib, qarordan nusxani taqdim etadi.

17. Ipoteka krediti ajratish toʻgʻrisida ijobiy qaror qabul qilingan, shuningdek hokimlikdan kafillik berish toʻgʻrisidagi qaror nusxasi kelib tushgan taqdirda, uch ish kuni davomida ipoteka krediti shartnomasi nusxasini hamda bank filiali rahbari yoki uning oʻrinbosari va qarz oluvchi tomonidan imzolagan kafillik shartnomasi loyihasini 3 nusxada hokimlikka yuboradi.

18. Bank filiali va qarz oluvchi imzolagan uch nusxadagi kafillik shartnomasi loyihasi hokimlikka kelib tushgan kundan keyingi ish kunidan kechiktirmay Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimi yoki uning birinchi oʻrinbosari tomonidan imzolanadi hamda kafillik shartnomasini qarz oluvchi va bank filialiga bir nusxadan yuboradi.

19. Kafillik shartnomalarini hisobi hokimlikning alohida hisobga olish jurnalida yuritiladi.

Kafillik shartnomalarini hisobga olish jurnali raqamlangan, ip oʻtkazib tikilgan vakolatli mansabdor shaxsning imzosi va hokimlikning gerbli muhri bilan tasdiqlangan boʻlishi kerak.

20. Kafillik shartnomasi imzolangan kundan boshlab kuchga kiradi.

21. Bank oʻz mablagʻlari hisobidan hokimlikning kafilligi taqdim etilgan qarz oluvchilarga ipoteka kreditlarini ajratadi va mazkur ipoteka kreditlari Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan qayta moliyalashtiriladi.

Bunda ajratilgan ipoteka kreditlari Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 5-fevraldagi 56-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining mablagʻlari hisobidan ipoteka kreditlari ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga asosan qayta moliyalashtiriladi.

3-bob. Qarz oluvchilarga kafillik ostida ajratilgan kreditlar boʻyicha kafillik shartnomalarida belgilangan majburiyatlarni ijro etish va muddati oʻtkazib yuborilgan qarzdorlikni qoplash tartibi

22. Kafillik berilgan qarz oluvchilarga ajratilgan kreditlar boʻyicha muddati oʻtkazib yuborilgan qarzdorlik yuzaga kelganda va kredit shartnomalariga ilova qilinadigan ularni qaytarish jadvaliga rioya qilinmaganda, bank filiali oʻttiz kun mobaynida hokimliklarni muddati oʻtkazib yuborilgan qarzdorlik hosil boʻlganligi toʻgʻrisida xabardor qiladi. Bank filiali murojaatga:

kafillik shartnomasining nusxasi;

kredit shartnomasining nusxasi;

qarz oluvchining muddati oʻtkazib yuborilgan qarzdorlik borligi toʻgʻrisida maʼlumotnoma ilova qilinadi.

23. Hokimlik bank filialining murojaatini besh ish kuni mobaynida koʻrib chiqadi va qarz oluvchining mavjud muddati oʻtkazib yuborilgan qarzini bank filialiga toʻlab berish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

Jalb etilgan kreditlar boʻyicha qarz oluvchining muddati oʻtkazib yuborilgan qarzini qaytarish uchun moʻljallangan mablagʻlar kafil tomonidan faqat kredit beruvchining hisobvaragʻiga yoʻnaltiriladi.

24. Qarz oluvchining muddati oʻtkazib yuborilgan qarzdorligi toʻgʻrisida qaror qabul qilingandan soʻng keyingi ish kunidan kechikmay hokimlik qarz oluvchining qarzdorligi summasini Jamgʻarmadagi mablagʻlar hisobiga har bir qarz oluvchi uchun bankda alohida ochiladigan 29801 (Mijozlar bilan hisob-kitoblar) hisobvaragʻiga oʻtkazadi.

29801 hisobvaragʻiga kelib tushgan mablagʻlardan faqat qarz oluvchilarning kreditlari va unga hisoblangan foizlar boʻyicha muddati oʻtkazib yuborilgan qarzdorlikni qaytarish uchun foydalaniladi.

25. Hokimliklarning qarz oluvchi tomonidan jalb etilgan kredit boʻyicha qarz oluvchining muddati oʻtkazib yuborilgan qarzdorligini qaytarishga yoʻnaltirilgan Jamgʻarma mablagʻlari koʻrsatib oʻtilgan qarz oluvchiga tegishli boʻlgan mol-mulk yoki boshqa hech qanday manba hisobidan qoplanmaydi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

26. Hokimliklarning kafilligi ostida ajratilgan ipoteka kreditlaridan maqsadli foydalanish va ularni oʻz vaqtida qaytarishning hisobini yuritish va monitoring olib borish hokimliklarning moliya boʻlimlari tomonidan maʼlumotlarni muntazam ravishda solishtirish orqali banklar bilan birgalikda amalga oshiriladi.

27. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi hududiy boshqarmalari har chorak yakunlari boʻyicha kafilliklar berilishining toʻgʻriligini tekshiradi hamda hokimliklarining kafilligi ostida ajratilgan ipoteka kreditlaridan maqsadli va samarali foydalanish ustidan nazorat qiladi.

Ijtimoiy himoyaga muhtoj aholiga ajratiladigan ipoteka kreditlari boʻyicha mahalliy hokimliklar tomonidan kafilliklar berish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizomga 1-ILOVA

Mahalliy hokimliklar tomonidan ipoteka kreditlari boʻyicha kafillik berish

Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Qarz oluvchi Kafillik olish uchun ariza va zarur tegishli hujjatlarni Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklariga (keyingi oʻrinlarda — hokimlik), kredit boʻyicha qarzdorligi mavjud hollarda esa tegishli bank filialiga taqdim etadi. Zaruratga koʻra 2-bosqich Hokimlik / Bank filiali 1. Kafillik olish uchun taqdim etilgan ariza va hujjatlarni qabul qilib oladi. Hujjatlar qabul qilingan kunda. 2. Kafillik uchun zarur hujjat va maʼlumotlarni “Xalqparvar” komissiyasiga va qarz oluvchi va uning oila aʼzolarining shaxsiy identifikatsiya raqamiga doir maʼlumotlarini viloyat Soliq boshqarmasiga yuboradi. Hujjatlar kelib tushgan kundan keyingi ish kunidan kechiktirmay 3-bosqich Soliq boshqarmasi 1. Qarz oluvchi va uning oila aʼzolarining shaxsiy identifikatsiya raqamiga doir maʼlumotlarini qabul qilib oladi. Hujjatlar kelib tushgan kunda 2. Qarz oluvchi va uning oilasi oʻrtacha oylik daromadlari toʻgʻrisidagi maʼlumotnomani “Xalqparvar” komissiyasiga yuboradi. Uch ish kun davomida 4-bosqich “Xalqparvar” komissiyasi 1. Kafillik boʻyicha Hokimlik va bank tomonidan taqdim etilgan hujjatlarni hamda Soliq boshqarmasi tomonidan taqdim etilgan maʼlumotnomani qabul qiladi. Hujjatlar kelib tushgan kunda 2. Olingan hujjatlarni koʻrib chiqadi va Hokimlikka kafillik ajratishning maqsadga muvofiqligi toʻgʻrisida ijobiy xulosa beradi va qarz oluvchini Roʻyxatga kiritadi yoki ular boʻyicha tanqidiy mulohazalar Hokimlik yoki bankka yuboradi. Soliq boshqarmasi maʼlumotnoma taqdim etgan kundan boshlab besh ish kuni mobaynida 5-bosqich Hokimlik Kafillik ajratish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi va qarordan koʻchirmani qarz oluvchiga yuboradi (ijobiy xulosa boʻlganda). Uch ish kuni mobaynida Hokimlik / Bank filiali Kafillik taqdim etilmasligi boʻyicha rad etish xatini qarz oluvchiga yuboradi (tanqidiy mulohazalar boʻlganda) . 6-bosqich Qarz oluvchi 1. Kafillik berish toʻgʻrisida qarordan nusxani qabul qilinganda, tegishli bank filialiga qaror nusxasini taqdim etadi. Besh ish kuni mobaynida 2. Tanqidiy mulohazalar bildirilgan boʻlsa, ularni bartaraf etish va takliflarni hisobga olgan holda hujjatlarni qayta taqdim etadi. Tanqidiy mulohazalarda koʻrsatilgan muddat mobaynida (zaruratga koʻra) 7-bosqich Bank filiali Kredit shartnomasi nusxasini hamda bank va qarz oluvchi tomonidan uch nusxada imzolagan kafillik shartnomasi loyihasini Hokimlikka yuboradi. Uch ish kuni mobaynida 8-bosqich Hokimlik Kafillik shartnomasi Hokim yoki uning birinchi oʻrinbosari tomonidan imzolanadi hamda kafillik shartnomasini qarz oluvchi va tegishli bank filialiga bir nusxadan yuboradi. Kafillik shartnomasi loyihalari kelib tushgan kundan keyingi ish kunidan kechiktirmay

Ijtimoiy himoyaga muhtoj aholiga ajratiladigan ipoteka kreditlari boʻyicha mahalliy hokimliklar tomonidan kafilliklar berish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizomga 2-ILOVA

‎ ‎ ‎ ______________________________‎ ‎ Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyat (Toshkent shahar) hokimligiga ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Ipoteka kreditlari boʻyicha mahalliy hokimliklarning kafilligini olish uchun‎ ‎ ‎ ARIZA‎ ‎ ‎ 1. Fuqaroning familiyasi, ismi, otasining ismi‎___________________ ‎ ___________________ ‎ 2. Yashash manzili‎ ‎_____________________________ _______________________________ ‎ 3. Telefon raqami (kod bilan)‎_______________________ ______________________________‎ 4. Pasport (ID-karta) maʼlumotlari ‎ ‎________________ _____________________________‎ 5. Jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSH SHIR)‎ ‎_____________________‎ 6. Asosiy faoliyati turi‎ ‎________________________ ______________________________ ‎ 7. Oila aʼzolari haqida maʼlumot‎ ___________________ ‎‎‎ ___________________‎‎‎ ___________________‎‎‎ (F.I.O.)‎‎‎ (qarindoshlik aloqasi)‎‎ (JSH SHIR)‎‎‎ ___________________‎‎‎ ___________________‎‎‎ ___________________‎‎‎ (F.I.O.)‎‎‎ (qarindoshlik aloqasi)‎‎‎ (JSH SHIR)‎‎‎ ___________________‎‎‎ ___________________‎‎‎ ___________________‎‎‎ (F.I.O.)‎ (qarindoshlik aloqasi)‎‎‎ (JSH SHIR)‎‎‎ 8. Kafillik ostida jalb etilgan (etilayotgan) ipoteka krediti summasi: _______________ ming soʻm.‎ 9. Kafillik olish uchun zarur boʻlgan hujjatlar ushbu arizaga ilova qilinadi, _________ varaqda.‎ ‎ Sizdan ushbu arizani unga ilova qilinadigan hujjatlar bilan birgalikda koʻrib chiqishingizni va men tomonidan jalb qilingan (qilinadigan) ipoteka krediti boʻyicha _________________ hokimligining kafilligi berilishini iltimos qilaman.‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎Fuqaroning F.I.O. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎imzo____________ ‎ ‎ ‎ ‎ sana‎‎____________‎

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 24-iyul,

459-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 24.07.2021-y., 09/21/459/0698-son; 12.11.2024-y., 09/24/749/0910-son)

lex.uz