📅 2021-yil 2-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 2-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 2 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 2 августа 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 2 August 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ
РЎЙХАТИ
Норуда фойдали қазилмалардан самарали фойдаланиш ва уларни ҳисобга олиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикасида норуда фойдали қазилмалардан самарали фойдаланиш ва уларнинг ҳисобини юритишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар Самарқанд вилоятида тажриба-синов тариқасида:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 28 апрелдаги ПҚ-4699-сон қарорига асосан норуда фойдали қазилмаларни конлардан олиб чиқишни ҳисобга олишнинг «Monterra Mining IT» дастурий тизими ишлаб чиқилганлиги ва 4 та назорат постларда жорий этилганлиги;
ер қаъридан фойдаланувчиларнинг норуда фойдали қазилмаларни конлардан олиб чиқиш бўйича тақдим этилган солиқ ҳисоботларида акс эттирилган ҳажми ҳақиқатда ташилган ҳажмига нисбатан 712,8 минг куб метрга кам кўрсатилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Молия вазирлигининг Самарқанд вилояти ҳудудидаги барча норуда фойдали қазилмалар конларида автоматлаштирилган назорат тизимини жорий қилиш бўйича таклифлари маъқуллансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг (кейинги ўринларда — Давлат солиқ қўмитаси) ер қаъридан қазиб олинган норуда фойдали қазилмалар автотранспорт воситаларида ташилиши таҳлилини, ташиш ҳужжатларидаги юкни жўнатувчилар ва олувчилар, юклаб жўнатиладиган норуда фойдали қазилмаларнинг ҳар бир турининг номи ва миқдори (ҳажми) тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва қайта ишлашни назарда тутувчи «Норуда фойдали қазилмаларни назорат қилиш» автоматлаштирилган ахборот тизимини (кейинги ўринларда — «Норуда-назорат» ААТ) давлат-хусусий шериклик асосида ишлаб чиқиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
4. Давлат солиқ қўмитаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 декабрга қадар «Норуда-назорат» ААТни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва ушбу тизим фаолиятини юритиш бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузишга тайёргарлик кўриш учун лойиҳанинг концепцияси, операторга қўйиладиган талаблар ва баҳолаш ҳужжатлари ишлаб чиқилишини таъминласин.
Бунда:
хусусий шерик «Норуда-назорат» ААТнинг оператори (кейинги ўринларда — оператор) этиб белгиланади;
хусусий шерик Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентлари ўртасида ўтказиладиган тендер (танлов) асосида аниқланади;
талабгорлар «Норуда-назорат» ААТни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва ушбу тизим фаолиятини юритишга оид давлат-хусусий шериклик лойиҳанинг концепциясини «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда ишлаб чиқади ва Давлат солиқ қўмитасига тақдим этади;
«Норуда-назорат» ААТни жорий қилиш ва кейинчалик уни техник қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
5. Давлат-хусусий шериклик битими доирасида операторга қуйидаги вазифалар юклансин:
«Норуда-назорат» ААТни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва ушбу тизим фаолиятини юритиш;
норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш объектларида, шунингдек, ташиш йўлларида ва ҳудудларнинг маъмурий чегараларига кириш ва чиқиш жойларида Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланган видеокузатув билан жиҳозланган назорат нуқталарини (норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш майдонларида қўшимча равишда автоматлаштирилган тўсиқ) ўз ҳисобидан ўрнатиш ҳамда уларнинг самарали ишлашини таъминлаш;
назорат нуқталаридан олинган маълумотлар асосида юк ташувчи автотранспорт воситалари, ташиладиган юк ҳажми ва норуда хомашё турлари, шунингдек, автотранспорт воситасининг давлат рақамига боғланган электрон юкхати билан интеграциялашган ҳамда ер қаъридан фойдаланувчининг норуда хомашёси ҳажми акс эттирилган электрон ҳисоб-фактура маълумотларидан бюджетга қўшимча манбаларни аниқлашда фойдаланиш учун Давлат солиқ қўмитасига тақдим этиш;
давлат-хусусий шериклик битими асосида норуда фойдали қазилмалар ҳисобини юритишни «Норуда-назорат» ААТни ишлаб чиқиш ва уни «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграцион платформаси воситасида Давлат солиқ қўмитасининг Маълумотларни қайта ишлаш маркази билан интеграция қилиш орқали йўлга қўйиш;
«Норуда-назорат» ААТ маълумотлари тўғридан тўғри Давлат солиқ қўмитасининг маълумотлар базасида тўпланишини таъминлаш ҳамда мазкур маълумотларга Давлат солиқ қўмитаси рухсатисиз ўзгартиришлар киритмаслик;
«Норуда-назорат» ААТ узлуксиз ишлашини таъминлаш ва техник хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш.
6. Самарқанд вилояти ҳокимлиги бошланган тажриба синовларни 2021 йил 1 октябрга қадар вилоят ҳудудидаги барча норуда фойдали қазилмаларни қазиб олувчи ва қайта ишловчи ташкилотларнинг қазиб олиш ва қайта ишлаш майдони (участкалар)га кириш ва чиқишда, шунингдек, ташиш йўлларида, ҳудудларнинг маъмурий чегараларига кириш ва чиқиш жойларида вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланадиган дислокацияга асосан Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланган видеокузатув ва автоматлаштирилган тўсиқ тизимлари билан жиҳозланган назорат нуқталари ўрнатилишини таъминласин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари икки ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 ноябрдаги 948-сон қарори билан тасдиқланган Идоралараро коллегиал органлар тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ тегишли ҳудудлардаги норуда фойдали қазилмалардан самарали фойдаланиш ва уларнинг ҳисобини юритишни ташкил этиш бўйича доимий фаолият юритувчи ҳудудий идоралараро ишчи гуруҳларни (кейинги ўринларда — ишчи гуруҳлар) 1-иловага мувофиқ намунавий таркибда ташкил этсин.
Ишчи гуруҳлар қуйидагиларни амалга оширсин:
уч ой муддатда норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун берилган рухсатномаларни (лицензияларни) (кейинги ўринларда — рухсатномалар) ҳамда ушбу фаолият тури билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларини (уларнинг қонуний фаолиятига аралашмаган ҳолда) тўлиқ хатловдан ўтказсин;
бир йил мобайнида ер қаъри участкасидан фойдаланишга киришмаган ер қаъридан фойдаланувчи аниқланганда ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини муддатидан олдин бекор қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига (кейинги ўринларда — ваколатли орган) таклиф киритсин;
рухсатномалар асосида ер қаъри участкаларидан фойдаланувчиларнинг рухсатнома талаблари ва шартларига амал қилаётганлигини ваколатли орган ва давлат ташкилотларидан белгиланган тартибда олинган маълумотларни таҳлил қилган ҳолда ўргансин;
норуда фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олувчиларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш учун ваколатли органга таклиф киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси 2-иловага мувофиқ маълумотларни электрон алоқа воситалари орқали Давлат солиқ қўмитасига ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 5-санасига қадар тақдим этсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси бир ой муддатда «Норуда-назорат» ААТни жорий қилиш, такомиллаштириш ва техник қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ барча харажатларни комплекс таҳлил қилиш асосида «Норуда-назорат» ААТни қўллашнинг базавий қийматини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
10. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб қурилиш ташкилотлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи субъектлар фойдаланилган норуда қазилмалар тўғрисидаги маълумотларни Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган шаклларда солиқ органларига электрон шаклда солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинети орқали тақдим этади.
11. Давлат солиқ қўмитаси уч ой муддатда товар-транспорт юкхатларини электрон тарзда расмийлаштириш орқали электрон ҳисоб-фактураларни автоматик равишда шакллантириш тизимини яратсин ва йил якунига қадар биринчи навбатда норуда фойдали қазилмаларни қазиб олувчи ва қайта ишловчи ташкилотларда жорий қилсин.
12. Давлат солиқ қўмитаси 2022 йил 15 январга қадар Самарқанд вилоятида «Норуда назорат» ААТ тизимини жорий қилиш натижадорлиги бўйича ушбу тизимни республиканинг қолган ҳудудларига татбиқ қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда солиқ назорати тадбирлари давомида қазилмалар ҳажмини яшириш (камайтириб кўрсатиш) ҳолатлари аниқланган тақдирда, яширилган (камайтириб кўрсатилган) норуда фойдали қазилмалар учун ер қаъри участкаларидан фойдаланувчиларга нисбатан қўлланиладиган чораларни кучайтириш бўйича уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 августдаги 483-сон қарорига 1-ИЛОВА
Норуда фойдали қазилмалардан самарали фойдаланиш ва уларнинг ҳисобини юритишни ташкил этиш бўйича ҳудудий идоралараро ишчи гуруҳнинг
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари — Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ва вилоятлар иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармалари бошлиқлари, ишчи гуруҳ раҳбари
2. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар давлат солиқ бошқармалари бошлиқлари, ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари
3. Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг раиси ҳамда вилоятлар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари бошлиқлари
4. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар Фавқулодда вазиятлар бошқармалари бошлиқлари
5. Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий инспекциялари бошлиқлари
7. Кадастр агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармалари бошлиқлари
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарларининг котибияти мудирлари, ишчи гуруҳ котиби
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 августдаги 483-сон қарорига 2-ИЛОВА
Электрон алоқа воситалари орқали солиқ органларига тақдим этиладиган маълумотлар
Т/р Маълумот тури Маълумотни тақдим қилувчи идоралар 1. Ер қаъри участкаларида норуда фойдали қазилмаларнинг тасдиқланган захиралари Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси 2. Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун берилган рухсатномалардан (лицензиялардан) фойдаланиш шартлари 3. Норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини ривожлантиришни режалаштириш ва лойиҳалаштириш тўғрисидаги маълумотлар 4. Норуда фойдали қазилмаларни қазиб олувчи ва қайта ишловчи тадбиркорлик субъектларига берилган давлат экологик экспертизаси хулосалари тўғрисидаги маълумотлар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 2 август,
483-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NAMUNAVIY TARKIBI
ROʻYXATI
Noruda foydali qazilmalardan samarali foydalanish va ularni hisobga olish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2017 — 2021-yillarda Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishi boʻyicha Harakatlar strategiyasini “Yoshlarni qoʻllab-quvvatlash va aholi salomatligini mustahkamlash yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturi toʻgʻrisida” 2021-yil 3-fevraldagi PF-6155-son Farmonida belgilangan vazifalar ijrosini taʼminlash hamda Oʻzbekiston Respublikasida noruda foydali qazilmalardan samarali foydalanish va ularning hisobini yuritishda zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy qilish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar Samarqand viloyatida tajriba-sinov tariqasida:
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Raqamli iqtisodiyot va elektron hukumatni keng joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 28-apreldagi PQ-4699-son qaroriga asosan noruda foydali qazilmalarni konlardan olib chiqishni hisobga olishning “Monterra Mining IT” dasturiy tizimi ishlab chiqilganligi va 4 ta nazorat postlarda joriy etilganligi;
yer qaʼridan foydalanuvchilarning noruda foydali qazilmalarni konlardan olib chiqish boʻyicha taqdim etilgan soliq hisobotlarida aks ettirilgan hajmi haqiqatda tashilgan hajmiga nisbatan 712,8 ming kub metrga kam koʻrsatilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Samarqand viloyati hokimligi, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi hamda Moliya vazirligining Samarqand viloyati hududidagi barcha noruda foydali qazilmalar konlarida avtomatlashtirilgan nazorat tizimini joriy qilish boʻyicha takliflari maʼqullansin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasining (keyingi oʻrinlarda — Davlat soliq qoʻmitasi) yer qaʼridan qazib olingan noruda foydali qazilmalar avtotransport vositalarida tashilishi tahlilini, tashish hujjatlaridagi yukni joʻnatuvchilar va oluvchilar, yuklab joʻnatiladigan noruda foydali qazilmalarning har bir turining nomi va miqdori (hajmi) toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni toʻplash va qayta ishlashni nazarda tutuvchi “Noruda foydali qazilmalarni nazorat qilish” avtomatlashtirilgan axborot tizimini (keyingi oʻrinlarda — “Noruda-nazorat” AAT) davlat-xususiy sheriklik asosida ishlab chiqish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
4. Davlat soliq qoʻmitasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda 2021-yil 1-dekabrga qadar “Noruda-nazorat” AATni ishlab chiqish, joriy etish va ushbu tizim faoliyatini yuritish boʻyicha davlat-xususiy sheriklik toʻgʻrisidagi bitimni tuzishga tayyorgarlik koʻrish uchun loyihaning konsepsiyasi, operatorga qoʻyiladigan talablar va baholash hujjatlari ishlab chiqilishini taʼminlasin.
Bunda:
xususiy sherik “Noruda-nazorat” AATning operatori (keyingi oʻrinlarda — operator) etib belgilanadi;
xususiy sherik Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parki rezidentlari oʻrtasida oʻtkaziladigan tender (tanlov) asosida aniqlanadi;
talabgorlar “Noruda-nazorat” AATni ishlab chiqish, joriy etish va ushbu tizim faoliyatini yuritishga oid davlat-xususiy sheriklik loyihaning konsepsiyasini “Davlat-xususiy sheriklik toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunida belgilangan tartibda ishlab chiqadi va Davlat soliq qoʻmitasiga taqdim etadi;
“Noruda-nazorat” AATni joriy qilish va keyinchalik uni texnik qoʻllab-quvvatlash bilan bogʻliq xarajatlar Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjeti va viloyatlar mahalliy budjetlari mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi.
5. Davlat-xususiy sheriklik bitimi doirasida operatorga quyidagi vazifalar yuklansin:
“Noruda-nazorat” AATni ishlab chiqish, joriy etish va ushbu tizim faoliyatini yuritish;
noruda foydali qazilmalarni qazib olish hamda qayta ishlash obyektlarida, shuningdek, tashish yoʻllarida va hududlarning maʼmuriy chegaralariga kirish va chiqish joylarida Internet jahon axborot tarmogʻiga ulangan videokuzatuv bilan jihozlangan nazorat nuqtalarini (noruda foydali qazilmalarni qazib olish hamda qayta ishlash maydonlarida qoʻshimcha ravishda avtomatlashtirilgan toʻsiq) oʻz hisobidan oʻrnatish hamda ularning samarali ishlashini taʼminlash;
nazorat nuqtalaridan olingan maʼlumotlar asosida yuk tashuvchi avtotransport vositalari, tashiladigan yuk hajmi va noruda xomashyo turlari, shuningdek, avtotransport vositasining davlat raqamiga bogʻlangan elektron yukxati bilan integratsiyalashgan hamda yer qaʼridan foydalanuvchining noruda xomashyosi hajmi aks ettirilgan elektron hisob-faktura maʼlumotlaridan budjetga qoʻshimcha manbalarni aniqlashda foydalanish uchun Davlat soliq qoʻmitasiga taqdim etish;
davlat-xususiy sheriklik bitimi asosida noruda foydali qazilmalar hisobini yuritishni “Noruda-nazorat” AATni ishlab chiqish va uni “Elektron hukumat” tizimining idoralararo integratsion platformasi vositasida Davlat soliq qoʻmitasining Maʼlumotlarni qayta ishlash markazi bilan integratsiya qilish orqali yoʻlga qoʻyish;
“Noruda-nazorat” AAT maʼlumotlari toʻgʻridan toʻgʻri Davlat soliq qoʻmitasining maʼlumotlar bazasida toʻplanishini taʼminlash hamda mazkur maʼlumotlarga Davlat soliq qoʻmitasi ruxsatisiz oʻzgartirishlar kiritmaslik;
“Noruda-nazorat” AAT uzluksiz ishlashini taʼminlash va texnik xizmat koʻrsatish bilan bogʻliq xarajatlarni amalga oshirish.
6. Samarqand viloyati hokimligi boshlangan tajriba sinovlarni 2021-yil 1-oktabrga qadar viloyat hududidagi barcha noruda foydali qazilmalarni qazib oluvchi va qayta ishlovchi tashkilotlarning qazib olish va qayta ishlash maydoni (uchastkalar)ga kirish va chiqishda, shuningdek, tashish yoʻllarida, hududlarning maʼmuriy chegaralariga kirish va chiqish joylarida viloyat hokimligi tomonidan tasdiqlanadigan dislokatsiyaga asosan Internet jahon axborot tarmogʻiga ulangan videokuzatuv va avtomatlashtirilgan toʻsiq tizimlari bilan jihozlangan nazorat nuqtalari oʻrnatilishini taʼminlasin.
7. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari ikki hafta muddatda Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 22-noyabrdagi 948-son qarori bilan tasdiqlangan Idoralararo kollegial organlar toʻgʻrisidagi nizom talablariga muvofiq tegishli hududlardagi noruda foydali qazilmalardan samarali foydalanish va ularning hisobini yuritishni tashkil etish boʻyicha doimiy faoliyat yurituvchi hududiy idoralararo ishchi guruhlarni (keyingi oʻrinlarda — ishchi guruhlar) 1-ilovaga muvofiq namunaviy tarkibda tashkil etsin.
Ishchi guruhlar quyidagilarni amalga oshirsin:
uch oy muddatda noruda foydali qazilmalarni oʻz ichiga olgan yer qaʼri uchastkalaridan foydalanish huquqi uchun berilgan ruxsatnomalarni (litsenziyalarni) (keyingi oʻrinlarda — ruxsatnomalar) hamda ushbu faoliyat turi bilan shugʻullanayotgan tadbirkorlik subyektlarini (ularning qonuniy faoliyatiga aralashmagan holda) toʻliq xatlovdan oʻtkazsin;
bir yil mobaynida yer qaʼri uchastkasidan foydalanishga kirishmagan yer qaʼridan foydalanuvchi aniqlanganda yer qaʼri uchastkalaridan foydalanish huquqini muddatidan oldin bekor qilish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasiga (keyingi oʻrinlarda — vakolatli organ) taklif kiritsin;
ruxsatnomalar asosida yer qaʼri uchastkalaridan foydalanuvchilarning ruxsatnoma talablari va shartlariga amal qilayotganligini vakolatli organ va davlat tashkilotlaridan belgilangan tartibda olingan maʼlumotlarni tahlil qilgan holda oʻrgansin;
noruda foydali qazilmalarni noqonuniy qazib oluvchilarga nisbatan belgilangan tartibda chora koʻrish uchun vakolatli organga taklif kiritsin.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasi, Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi 2-ilovaga muvofiq maʼlumotlarni elektron aloqa vositalari orqali Davlat soliq qoʻmitasiga har chorak yakuni boʻyicha keyingi oyning 5-sanasiga qadar taqdim etsin.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi, Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi va Davlat soliq qoʻmitasi bir oy muddatda “Noruda-nazorat” AATni joriy qilish, takomillashtirish va texnik qoʻllab-quvvatlash bilan bogʻliq barcha xarajatlarni kompleks tahlil qilish asosida “Noruda-nazorat” AATni qoʻllashning bazaviy qiymatini ishlab chiqsin va tasdiqlasin.
10. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga koʻra 2021-yil 1-noyabrdan boshlab qurilish tashkilotlari va qurilish materiallari ishlab chiqaruvchi subyektlar foydalanilgan noruda qazilmalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Davlat soliq qoʻmitasi tomonidan tasdiqlangan shakllarda soliq organlariga elektron shaklda soliq toʻlovchilarning shaxsiy kabineti orqali taqdim etadi.
11. Davlat soliq qoʻmitasi uch oy muddatda tovar-transport yukxatlarini elektron tarzda rasmiylashtirish orqali elektron hisob-fakturalarni avtomatik ravishda shakllantirish tizimini yaratsin va yil yakuniga qadar birinchi navbatda noruda foydali qazilmalarni qazib oluvchi va qayta ishlovchi tashkilotlarda joriy qilsin.
12. Davlat soliq qoʻmitasi 2022-yil 15-yanvarga qadar Samarqand viloyatida “Noruda nazorat” AAT tizimini joriy qilish natijadorligi boʻyicha ushbu tizimni respublikaning qolgan hududlariga tatbiq qilish yuzasidan Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.
13. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Davlat soliq qoʻmitasi bilan birgalikda soliq nazorati tadbirlari davomida qazilmalar hajmini yashirish (kamaytirib koʻrsatish) holatlari aniqlangan taqdirda, yashirilgan (kamaytirib koʻrsatilgan) noruda foydali qazilmalar uchun yer qaʼri uchastkalaridan foydalanuvchilarga nisbatan qoʻllaniladigan choralarni kuchaytirish boʻyicha uch oy muddatda Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.
14. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov va Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi raisi Sh.D. Kudbiyev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 2-avgustdagi 483-son qaroriga 1-ILOVA
Noruda foydali qazilmalardan samarali foydalanish va ularning hisobini yuritishni tashkil etish boʻyicha hududiy idoralararo ishchi guruhning
1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining va viloyatlar hokimining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha birinchi oʻrinbosarlari — Qoraqalpogʻiston Respublikasi iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri va viloyatlar iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish bosh boshqarmalari boshliqlari, ishchi guruh rahbari
2. Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar davlat soliq boshqarmalari boshliqlari, ishchi guruh rahbari oʻrinbosari
3. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish qoʻmitasining raisi hamda viloyatlar ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish boshqarmalari boshliqlari
4. Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar Favqulodda vaziyatlar boshqarmalari boshliqlari
5. Qoraqalpogʻiston Respublikasi ichki ishlar vaziri, Toshkent viloyati ichki ishlar bosh boshqarmasi va viloyatlar ichki ishlar boshqarmalari boshliqlari
6. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasi huzuridagi Kon-geologiya faoliyatini nazorat qilish inspeksiyasining hududiy inspeksiyalari boshliqlari
7. Kadastr agentligining Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar boshqarmalari boshliqlari
8. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining va viloyatlar hokimining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha birinchi oʻrinbosarlarining kotibiyati mudirlari, ishchi guruh kotibi
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 2-avgustdagi 483-son qaroriga 2-ILOVA
Elektron aloqa vositalari orqali soliq organlariga taqdim etiladigan maʼlumotlar
T/r Maʼlumot turi Maʼlumotni taqdim qiluvchi idoralar 1. Yer qaʼri uchastkalarida noruda foydali qazilmalarning tasdiqlangan zaxiralari Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasi 2. Yer qaʼri uchastkalaridan foydalanish huquqi uchun berilgan ruxsatnomalardan (litsenziyalardan) foydalanish shartlari 3. Noruda foydali qazilmalarni qazib olish ishlarini rivojlantirishni rejalashtirish va loyihalashtirish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar 4. Noruda foydali qazilmalarni qazib oluvchi va qayta ishlovchi tadbirkorlik subyektlariga berilgan davlat ekologik ekspertizasi xulosalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 2-avgust,
483-son