UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 4-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 4 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 4 августа 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 4 August 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТУЗИЛМАСИ

ТАРКИБИ

Геология, кон-металлургия ва мисни қайта ишлаш саноатини узоқ муддатли ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кон-металлургия саноати ва унга боғлиқ соҳаларни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 24 июндаги ПҚ–5159-сон қарорига мувофиқ кон-металлургия саноати маҳсулотлари негизида илғор жаҳон амалиёти асосида юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, унга боғлиқ бўлган тармоқларни ривожлантириш ҳамда ушбу йўналишнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузурида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган 18 нафар штат бирлигидан иборат маҳаллий ва хорижий мутахассислардан таркиб топган давлат муассасаси шаклидаги Геология, кон-металлургия ва мисни қайта ишлаш саноатини ривожлантириш Лойиҳа офиси (кейинги ўринларда — Лойиҳа офиси) ташкил этилсин ҳамда унинг тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Лойиҳа офиси фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида 2-иловага мувофиқ таркибда Бошқарув қўмитаси тузилсин.

2. Қуйидагилар Лойиҳа офисининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

хорижий консультантлар билан биргаликда мис, рангли, нодир ва ноёб металлар бўйича геология қидирув ишларини кенгайтириш, геологик хизматлар бозорини ривожлантириш ва мисни қайта ишлаш соҳасида кўп поғонали қўшилган қиймат занжирларини яратишга қаратилган стратегик йўналишларни белгилаш ва устувор лойиҳалар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

инвестиция шартномаларини тайёрлаш, инвесторлар билан музокаралар ўтказиш, улар томонидан мажбуриятлар бажарилишини мониторинг қилиш тизимини жорий этиш;

2022 — 2026 йилларга мўлжалланган мис ҳамда бошқа рангли ва нодир металлар учун геология-қидирув ишларининг мақсадли дастурини ишлаб чиқиш;

2022 — 2026 йилларга мўлжалланган мис ва нодир металлар асосида юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш занжирини яратиш дастурини ишлаб чиқиш;

хорижий компаниялар билан кон-металлургия корхоналарининг таъмирлаш заводлари негизида кон-металлургия техникалари ва асбоб-ускуналари ишлаб чиқаришни ташкил этиш;

йирик тоғ-кон корхоналарида автотранспорт, рақамлаштириш каби алоҳида фаолият турларини кооперация ва аутсорсинг хизматларини жорий этиш орқали хусусий сектор иштирокчиларини соҳага жалб этиш;

соҳада илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, тизим учун хориждан малакали кадрларни жалб қилиш, шунингдек, кон-металлургия, электротехника, машинасозлик, дастгоҳсозлик соҳаларида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

кон-металлургия саноатини зарур инфратузилма билан таъминлаш ҳамда миллий экологик талабларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

маҳаллий мис саноати кластери бўйича яратиладиган ягона электрон ахборот-интерактив савдо портали фаолиятини (кейинги ўринларда — портал) ташкил этиш ҳамда доимий тарзда техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, порталнинг дастурий таъминотини ишлаб чиқиш ва ривожлантириш билан боғлиқ харажатларни халқаро молия институтлари, донор ташкилотлар грантлари, ҳомийлик маблағлари ҳамда порталда кўрсатиладиган хизматлар ва воситачилик ҳақи, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириб бориш.

3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Молия вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, «Олмалиқ КМК» акциядорлик жамиятининг халқаро молия институтлари ҳамда «катта тўртлик» рўйхатига кирувчи аудиторлик компанияларидан бири бошчилигида нуфузли инжиниринг, молиявий ва юридик маслаҳатчилар ҳамда халқаро стандартлар асосида фойдали қазилма ва минерал ресурслар захираларини баҳоловчи мутахассислар иштирокида консорциум (кейинги ўринларда — Консорциум) тузиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

4. Белгилансинки:

Лойиҳа офиси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари (Б. Абдиназаров) бошчилигида фаолиятини олиб боради;

Лойиҳа офиси ходимлари Консорциум иштирокчилари вакиллари, маҳаллий ва хорижий мутахассислардан иборат бўлади;

Лойиҳа офисида фаолият юритадиган Консорциум иштирокчилари вакилларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва улар фаолиятини молиялаштириш билан боғлиқ харажатлар Консорциум иштирокчилари ҳисобидан амалга оширилади.

5. Лойиҳа офисига Консорциум билан биргаликда қуйидагиларни амалга ошириш вазифаси юклатилсин:

а) республикада мавжуд мис, рангли, нодир ва ноёб металлар бўйича геология-қидирув ишларини кенгайтириш ва геологик хизматлар бозорини ривожлантириш соҳасида:

мавжуд ва истиқболли битта мис конини ҳамда битта бошқа рангли ва нодир металлар конини танлаб олган ҳолда баҳолаш, конларни ўзлаштириш моделини ишлаб чиқиш;

захиралари баҳоланган конларни ўзлаштиришни иқтисодий асослаш учун уларнинг молиявий моделини ишлаб чиқиш, шу жумладан, соф жорий қиймати (NPV) ва ички рентабеллик даражасини (IRR) аниқлаш;

барча ҳисоб-китоблари халқаро консультантлар томонидан халқаро тоғ-кон металлургия компаниялари ҳамда тижорат банклари томонидан қабул қилишга тайёр бўлгандан кейин, танлов асосида жаҳонда ушбу соҳада етакчи ҳисобланган компанияларга таклиф жўнатиш;

шаффоф ва очиқ тарзда танловни ўтказиш ҳамда республика учун энг яхши таклифни берган, янги инновацион технологияларни олиб келиш бўйича мажбуриятни олган маҳаллий ташкилотлар ва хорижий компаниялар томонидан конлардан фойдаланиши юзасидан хулоса ва таклифларни тайёрлаш;

б) кўп поғонали қўшилган қиймат занжирларини яратишга қаратилган мис маҳсулоти ва у билан боғлиқ соҳаларда юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасида:

соҳанинг стратегик йўналишларини белгилаш, ташқи бозорлар конъюнктурасини тизимли ўрганиш ҳамда республикада мавжуд илмий-технологик салоҳиятдан келиб чиққан ҳолда устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда эксперт хулосалари тақдим этиш;

инновациялар ҳамда хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида республикада ускунасозлик тармоғини яратиш ва ривожлантириш;

хорижий технологиялар трансферини амалга ошириш ва мослаштириш тизимини яратиш, лойиҳа инжиниринг хизматлари, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг ўзаро боғлиқ тизимини ривожлантириш, инновацияларни ва рақамли технологияларни жорий этиш;

лойиҳаларни амалга оширишда «яшил» технологияларни татбиқ этишни рағбатлантириш чораларини ишлаб чиқиш.

6. Лойиҳа офиси бошқарув қўмитасига (Ж.А. Қўчқоров):

Мис саноати кластерини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича махсус комиссия билан келишган ҳолда Лойиҳа офисининг иш фаолиятини самарали ташкил қилиш, уни маҳаллий ва хорижий малакали мутахассислар билан тўлдириш ҳамда уларнинг ойлик маошларини тасдиқлаш;

Лойиҳа офисининг таклифи асосида Консорциум аъзолари таркибини ва уларнинг иш режасини тасдиқлаш ваколати берилсин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар чоракда Мис саноати кластерини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича махсус комиссияга ахборот киритиб борилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда халқаро тажрибага эга бўлган геология, мисни қайта ишлаш ва тоғ-кон металлургия, ускуна, машина ва техникалари ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритадиган камида 5 нафар инженер ва технолог мутахассисликларга эга бўлган экспертларни Лойиҳа офисига жалб этсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Лойиҳа офисини сақлаш харажатлари ва маҳаллий мутахассисларнинг иш ҳақи харажатлари Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги талабномасига асосан 2021 йил харажатларини республика бюджетининг ортиқча даромадлари ҳисобидан ҳамда келгуси йиллар учун белгиланган тартиб асосида республика бюджетидан молиялаштирилишини таъминласин.

9. Лойиҳа офиси ва Консорциумга жалб қилинадиган халқаро экспертлар ва консалтинг компанияларининг хизмат ҳақлари билан боғлиқ харажатларни «Олмалиқ КМК» АЖ маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тавсия этилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги буюртманомаларига асосан хорижий мутахассислар ҳамда уларнинг оила аъзоларига кўп марталик виза муддатларини узайтирилишини, шунингдек, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишини ва унинг муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги буюртманомаларига асосан хорижий фуқароларга (бундай мутахассислар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида бўлмаган тақдирда) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар берилиши ҳамда муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

12. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг ўринбосари Б.Қ. Абдиназаров белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров мазкур қарорнинг бажарилиши устидан назорат ўрнатсин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 августдаги 498-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Геология, кон-металлургия ва мисни қайта ишлаш саноатини ривожлантириш Лойиҳа офисининг

Лойиҳа офисининг бошқарув қўмитаси Лойиҳа офиси раҳбари Мис саноати кластери электрон ахборот-интерактив савдо портали 3 Лойиҳа офиси раҳбарининг ўринбосари Хорижий экспертлар * Мис, рангли, нодир ва ноёб металлар бўйича геология-қидирув ишларини кенгайтириш ва геологик хизматлар бозорини ривожлантириш гуруҳи 3 Кон-металлургия машиналари, техникалари, асбоб-ускуналар, электротехника, хомашёни чуқур қайта ишлаш, кимёвий маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ўзлаштириш гуруҳи 3 Мисни қайта ишлаш соҳасида истиқболли йўналишларни белгилаш гуруҳи 3 Лойиҳа ва инжиниринг хизматлари, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг ўзаро боғлиқ тизимини ривожлантириш, замонавий технологияларни трансфер қилиш, инновацияларни ва рақамли технологияларни жорий этиш гуруҳи 3 Молиявий-ташкилий сектор 2

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 августдаги 498-сон қарорига 2-ИЛОВА

Геология, кон-металлургия ва мисни қайта ишлаш саноатини ривожлантириш Лойиҳа офисининг бошқарув қўмитаси

1. Ж.А. Қўчқоров — Бош вазирнинг ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири, қўмита раҳбари 2. Б.Қ. Абдиназаров — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари, қўмита раҳбари ўринбосари 3. О.З. Насритдинходжаев — молия вазирининг биринчи ўринбосари, қўмита раҳбари ўринбосари 4. Ш.А. Вафаев — инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари 5. Ш.У. Турдикулова — инновацион ривожланиш вазири ўринбосари 6. Ш.Ҳ. Ходжаев — энергетика вазири ўринбосари 7. Б.Ф. Исламов — Давлат геология қўмитаси раиси 8. Ж.Т. Мирзамахмудов — «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқарув раиси 9. А.В. Рафиқов — «Ўзавтосаноат» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари 10. М.М. Юнусов — «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси бошқарув раиси 11. Қ.С. Санақулов — «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ бош директори 12. А.Х. Хурсанов — «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ бошқарув раиси 13. Б.А. Маматов — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бошқарма бошлиғи, Бошқарув қўмитаси котиби

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 4 август,

498-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.08.2021 й., 09/21/498/0761-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TUZILMASI

TARKIBI

Geologiya, kon-metallurgiya va misni qayta ishlash sanoatini uzoq muddatli rivojlantirish strategiyasini amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Kon-metallurgiya sanoati va unga bogʻliq sohalarni rivojlantirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 24-iyundagi PQ–5159-son qaroriga muvofiq kon-metallurgiya sanoati mahsulotlari negizida ilgʻor jahon amaliyoti asosida yuqori qoʻshilgan qiymatli tayyor mahsulotlar ishlab chiqarish quvvatlarini tashkil etish, unga bogʻliq boʻlgan tarmoqlarni rivojlantirish hamda ushbu yoʻnalishning investitsiyaviy jozibadorligini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi huzurida davlat budjeti mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladigan 18 nafar shtat birligidan iborat mahalliy va xorijiy mutaxassislardan tarkib topgan davlat muassasasi shaklidagi Geologiya, kon-metallurgiya va misni qayta ishlash sanoatini rivojlantirish Loyiha ofisi (keyingi oʻrinlarda — Loyiha ofisi) tashkil etilsin hamda uning tuzilmasi 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

Loyiha ofisi faoliyatini muvofiqlashtirib borish maqsadida 2-ilovaga muvofiq tarkibda Boshqaruv qoʻmitasi tuzilsin.

2. Quyidagilar Loyiha ofisining asosiy vazifalari etib belgilansin:

xorijiy konsultantlar bilan birgalikda mis, rangli, nodir va noyob metallar boʻyicha geologiya qidiruv ishlarini kengaytirish, geologik xizmatlar bozorini rivojlantirish va misni qayta ishlash sohasida koʻp pogʻonali qoʻshilgan qiymat zanjirlarini yaratishga qaratilgan strategik yoʻnalishlarni belgilash va ustuvor loyihalar boʻyicha takliflar ishlab chiqish;

investitsiya shartnomalarini tayyorlash, investorlar bilan muzokaralar oʻtkazish, ular tomonidan majburiyatlar bajarilishini monitoring qilish tizimini joriy etish;

2022 — 2026-yillarga moʻljallangan mis hamda boshqa rangli va nodir metallar uchun geologiya-qidiruv ishlarining maqsadli dasturini ishlab chiqish;

2022 — 2026-yillarga moʻljallangan mis va nodir metallar asosida yuqori qoʻshilgan qiymatli mahsulot ishlab chiqarish zanjirini yaratish dasturini ishlab chiqish;

xorijiy kompaniyalar bilan kon-metallurgiya korxonalarining taʼmirlash zavodlari negizida kon-metallurgiya texnikalari va asbob-uskunalari ishlab chiqarishni tashkil etish;

yirik togʻ-kon korxonalarida avtotransport, raqamlashtirish kabi alohida faoliyat turlarini kooperatsiya va autsorsing xizmatlarini joriy etish orqali xususiy sektor ishtirokchilarini sohaga jalb etish;

sohada ilmiy ishlanmalarni tijoratlashtirish, tizim uchun xorijdan malakali kadrlarni jalb qilish, shuningdek, kon-metallurgiya, elektrotexnika, mashinasozlik, dastgohsozlik sohalarida kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tizimini tubdan takomillashtirish boʻyicha takliflar ishlab chiqish;

kon-metallurgiya sanoatini zarur infratuzilma bilan taʼminlash hamda milliy ekologik talablarni xalqaro standartlarga muvofiqlashtirish, atrof-muhitni muhofaza qilish va suv resurslaridan oqilona foydalanish boʻyicha takliflar tayyorlash;

mahalliy mis sanoati klasteri boʻyicha yaratiladigan yagona elektron axborot-interaktiv savdo portali faoliyatini (keyingi oʻrinlarda — portal) tashkil etish hamda doimiy tarzda texnik jihatdan qoʻllab-quvvatlash, portalning dasturiy taʼminotini ishlab chiqish va rivojlantirish bilan bogʻliq xarajatlarni xalqaro moliya institutlari, donor tashkilotlar grantlari, homiylik mablagʻlari hamda portalda koʻrsatiladigan xizmatlar va vositachilik haqi, shuningdek, qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtirib borish.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi Moliya vazirligi, Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasi, “Olmaliq KMK” aksiyadorlik jamiyatining xalqaro moliya institutlari hamda “katta toʻrtlik” roʻyxatiga kiruvchi auditorlik kompaniyalaridan biri boshchiligida nufuzli injiniring, moliyaviy va yuridik maslahatchilar hamda xalqaro standartlar asosida foydali qazilma va mineral resurslar zaxiralarini baholovchi mutaxassislar ishtirokida konsorsium (keyingi oʻrinlarda — Konsorsium) tuzish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.

4. Belgilansinki:

Loyiha ofisi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri oʻrinbosari (B. Abdinazarov) boshchiligida faoliyatini olib boradi;

Loyiha ofisi xodimlari Konsorsium ishtirokchilari vakillari, mahalliy va xorijiy mutaxassislardan iborat boʻladi;

Loyiha ofisida faoliyat yuritadigan Konsorsium ishtirokchilari vakillarining mehnatiga haq toʻlash va ular faoliyatini moliyalashtirish bilan bogʻliq xarajatlar Konsorsium ishtirokchilari hisobidan amalga oshiriladi.

5. Loyiha ofisiga Konsorsium bilan birgalikda quyidagilarni amalga oshirish vazifasi yuklatilsin:

a) respublikada mavjud mis, rangli, nodir va noyob metallar boʻyicha geologiya-qidiruv ishlarini kengaytirish va geologik xizmatlar bozorini rivojlantirish sohasida:

mavjud va istiqbolli bitta mis konini hamda bitta boshqa rangli va nodir metallar konini tanlab olgan holda baholash, konlarni oʻzlashtirish modelini ishlab chiqish;

zaxiralari baholangan konlarni oʻzlashtirishni iqtisodiy asoslash uchun ularning moliyaviy modelini ishlab chiqish, shu jumladan, sof joriy qiymati (NPV) va ichki rentabellik darajasini (IRR) aniqlash;

barcha hisob-kitoblari xalqaro konsultantlar tomonidan xalqaro togʻ-kon metallurgiya kompaniyalari hamda tijorat banklari tomonidan qabul qilishga tayyor boʻlgandan keyin, tanlov asosida jahonda ushbu sohada yetakchi hisoblangan kompaniyalarga taklif joʻnatish;

shaffof va ochiq tarzda tanlovni oʻtkazish hamda respublika uchun eng yaxshi taklifni bergan, yangi innovatsion texnologiyalarni olib kelish boʻyicha majburiyatni olgan mahalliy tashkilotlar va xorijiy kompaniyalar tomonidan konlardan foydalanishi yuzasidan xulosa va takliflarni tayyorlash;

b) koʻp pogʻonali qoʻshilgan qiymat zanjirlarini yaratishga qaratilgan mis mahsuloti va u bilan bogʻliq sohalarda yuqori qoʻshilgan qiymatli tayyor mahsulotlar ishlab chiqarish sohasida:

sohaning strategik yoʻnalishlarini belgilash, tashqi bozorlar konyunkturasini tizimli oʻrganish hamda respublikada mavjud ilmiy-texnologik salohiyatdan kelib chiqqan holda ustuvor investitsiya loyihalarini amalga oshirish boʻyicha asoslantirilgan takliflar ishlab chiqish hamda ekspert xulosalari taqdim etish;

innovatsiyalar hamda xorijiy mamlakatlar tajribasi asosida respublikada uskunasozlik tarmogʻini yaratish va rivojlantirish;

xorijiy texnologiyalar transferini amalga oshirish va moslashtirish tizimini yaratish, loyiha injiniring xizmatlari, ilmiy-tadqiqot va tajriba-konstruktorlik ishlarining oʻzaro bogʻliq tizimini rivojlantirish, innovatsiyalarni va raqamli texnologiyalarni joriy etish;

loyihalarni amalga oshirishda “yashil” texnologiyalarni tatbiq etishni ragʻbatlantirish choralarini ishlab chiqish.

6. Loyiha ofisi boshqaruv qoʻmitasiga (J.A. Qoʻchqorov):

Mis sanoati klasterini tashkil etish va rivojlantirish boʻyicha maxsus komissiya bilan kelishgan holda Loyiha ofisining ish faoliyatini samarali tashkil qilish, uni mahalliy va xorijiy malakali mutaxassislar bilan toʻldirish hamda ularning oylik maoshlarini tasdiqlash;

Loyiha ofisining taklifi asosida Konsorsium aʼzolari tarkibini va ularning ish rejasini tasdiqlash vakolati berilsin.

Amalga oshirilayotgan chora-tadbirlar natijadorligi yuzasidan har chorakda Mis sanoati klasterini tashkil etish va rivojlantirish boʻyicha maxsus komissiyaga axborot kiritib borilsin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi Moliya vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda xalqaro tajribaga ega boʻlgan geologiya, misni qayta ishlash va togʻ-kon metallurgiya, uskuna, mashina va texnikalari ishlab chiqarish sohasida faoliyat yuritadigan kamida 5 nafar injener va texnolog mutaxassisliklarga ega boʻlgan ekspertlarni Loyiha ofisiga jalb etsin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Loyiha ofisini saqlash xarajatlari va mahalliy mutaxassislarning ish haqi xarajatlari Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi talabnomasiga asosan 2021-yil xarajatlarini respublika budjetining ortiqcha daromadlari hisobidan hamda kelgusi yillar uchun belgilangan tartib asosida respublika budjetidan moliyalashtirilishini taʼminlasin.

9. Loyiha ofisi va Konsorsiumga jalb qilinadigan xalqaro ekspertlar va konsalting kompaniyalarining xizmat haqlari bilan bogʻliq xarajatlarni “Olmaliq KMK” AJ mablagʻlari hisobidan moliyalashtirish tavsiya etilsin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi buyurtmanomalariga asosan xorijiy mutaxassislar hamda ularning oila aʼzolariga koʻp martalik viza muddatlarini uzaytirilishini, shuningdek, vaqtincha turgan joyi boʻyicha roʻyxatga olinishini va uning muddati uzaytirilishini belgilangan tartibda taʼminlasin.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi buyurtmanomalariga asosan xorijiy fuqarolarga (bunday mutaxassislar Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari orasida boʻlmagan taqdirda) Oʻzbekiston Respublikasi hududida mehnat faoliyatini amalga oshirish huquqini beruvchi tasdiqnomalar berilishi hamda muddati uzaytirilishini belgilangan tartibda taʼminlasin.

12. Mazkur qaror ijrosini samarali tashkil etishga masʼul va shaxsiy javobgar etib iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirining oʻrinbosari B.Q. Abdinazarov belgilansin.

Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov mazkur qarorning bajarilishi ustidan nazorat oʻrnatsin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 4-avgustdagi 498-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi huzuridagi Geologiya, kon-metallurgiya va misni qayta ishlash sanoatini rivojlantirish Loyiha ofisining

Loyiha ofisining boshqaruv qoʻmitasi Loyiha ofisi rahbari Mis sanoati klasteri elektron axborot-interaktiv savdo portali 3 Loyiha ofisi rahbarining oʻrinbosari Xorijiy ekspertlar * Mis, rangli, nodir va noyob metallar boʻyicha geologiya-qidiruv ishlarini kengaytirish va geologik xizmatlar bozorini rivojlantirish guruhi 3 Kon-metallurgiya mashinalari, texnikalari, asbob-uskunalar, elektrotexnika, xomashyoni chuqur qayta ishlash, kimyoviy mahsulotlarning yangi turlarini ishlab chiqarishni kengaytirish va oʻzlashtirish guruhi 3 Misni qayta ishlash sohasida istiqbolli yoʻnalishlarni belgilash guruhi 3 Loyiha va injiniring xizmatlari, ilmiy-tadqiqot va tajriba-konstruktorlik ishlarining oʻzaro bogʻliq tizimini rivojlantirish, zamonaviy texnologiyalarni transfer qilish, innovatsiyalarni va raqamli texnologiyalarni joriy etish guruhi 3 Moliyaviy-tashkiliy sektor 2

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 4-avgustdagi 498-son qaroriga 2-ILOVA

Geologiya, kon-metallurgiya va misni qayta ishlash sanoatini rivojlantirish Loyiha ofisining boshqaruv qoʻmitasi

1. J.A. Qoʻchqorov — Bosh vazirning oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri, qoʻmita rahbari 2. B.Q. Abdinazarov — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri oʻrinbosari, qoʻmita rahbari oʻrinbosari 3. O.Z. Nasritdinxodjayev — moliya vazirining birinchi oʻrinbosari, qoʻmita rahbari oʻrinbosari 4. Sh.A. Vafayev — investitsiyalar va tashqi savdo vaziri oʻrinbosari 5. Sh.U. Turdikulova — innovatsion rivojlanish vaziri oʻrinbosari 6. Sh.H. Xodjayev — energetika vaziri oʻrinbosari 7. B.F. Islamov — Davlat geologiya qoʻmitasi raisi 8. J.T. Mirzamaxmudov — “Oʻzkimyosanoat” AJ boshqaruv raisi 9. A.V. Rafiqov — “Oʻzavtosanoat” AJ boshqaruv raisining birinchi oʻrinbosari 10. M.M. Yunusov — “Oʻzeltexsanoat” uyushmasi boshqaruv raisi 11. Q.S. Sanaqulov — “Navoiy kon-metallurgiya kombinati” AJ bosh direktori 12. A.X. Xursanov — “Olmaliq kon-metallurgiya kombinati” AJ boshqaruv raisi 13. B.A. Mamatov — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi boshqarma boshligʻi, Boshqaruv qoʻmitasi kotibi

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 4-avgust,

498-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.08.2021-y., 09/21/498/0761-son)

lex.uz