📅 2021-yil 9-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 9-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 9 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 9 августа 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 9 August 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Ҳудудларда «маҳаллабай» ишлаш асосида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг доимий даромад манбаларини кўпайтириш орқали камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ҳудудларда «маҳаллабай» ишлаш тизимини ташкил этиш орқали ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллалар билан манзилли ишлаб, «ўсиш нуқталари»ни ҳаётга татбиқ этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг даромади ва харид қобилиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 августдаги «Маҳаллаларда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик субъектлари билан аҳоли ўртасида кооперацияни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5214-сон қарорига мувофиқ «маҳаллабай» ишлаш асосида «оғир» маҳаллаларда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш бўйича «Андижон тажрибаси»ни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этиш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан давлат улушига эга бўлган тижорат банкларига алоҳида тасдиқланадиган тақсимотга асосан 100 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар ажратилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. «Маҳаллабай» ишлаш тизими орқали «оғир» маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларда оилавий тадбиркорликни кенгайтириш, аҳолининг даромад манбаларини кўпайтириш ва ишсизликни бартараф этишнинг (Андижон тажрибаси) устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари»ни (ихтисослашув йўналишларини) аниқлаш ва янги тадбиркорликни, жумладан, «драйвер» лойиҳаларни амалга оширишда ташаббускорларга кўмаклашиш ва шу орқали ҳар бир маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ўсишини таъминлаш;
аҳолининг доимий даромад манбаларини янада кўпайтириш, оилавий тадбиркорликни ва ўзини ўзи банд қилиб ишлаш фаолиятини янада кенгайтириш чораларини кўриш;
маҳаллаларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истаги бўлган ташаббускорларни бизнес асосларига ўқитиш;
хонадонларда томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, даромадлилигини янада ошириш, маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур асбоб-ускуна ва хом-ашё билан имтиёзли кредитлар асосида таъминлаш, шунингдек, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишга кўмаклашиш жараёнларини ташкил этиш учун «етакчи» тадбиркорлик субъектларини бириктириш;
тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш ва фаолиятини мониторинг қилиб бориш, ишлаб чиқарадиган маҳсулоти (хизмати) бозорини топишига ёрдам бериш.
3. Ривожланишда орқада қолаётган ҳамда ишсизлик даражаси нисбатан юқори бўлган маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш орқали оилаларнинг даромад манбаини яратиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки:
«етакчи» тадбиркорлар етарли тадбиркорлик тажрибасига ва ижобий молиявий кўрсаткичларга эга, фаолияти маҳалла ихтисослашувига мос бўлган, хонадонларни кооперация асосида юқори даражада қамраб оладиган, «оғир» маҳаллаларда ўз бизнесини ривожлантириш дастурига эга бўлган тадбиркорлар орасидан танлаб олинади;
тижорат банклари томонидан кредитлар кооперация асосида кичик бизнесни ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш учун «оғир» маҳаллаларга бириктирилган «етакчи» тадбиркорлик субъектларига 3 йил муддатгача йиллик 10 фоиз ставкада битта маҳалла учун 2 миллиард сўмгача миқдорда ажратилади;
ҳар бир «оғир» маҳаллага ажратилган 2 млрд сўм маблағларнинг 10 фоизигача бўлган қисми уларнинг тегишли ихтисослашув йўналишларида биттадан намуна ва ўрнак кўрсатадиган тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун йўналтирилади;
«етакчи» тадбиркорларга кооперация асосида ишлаётган фуқаро томонидан ишлаб чиқарилаётган (етиштирилаётган) маҳсулотларни сотиб олиш ёки шартномага асосан фуқарога ойлик иш ҳақи тўлаш шарти ўрнатилади.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:
а) бир ой муддатда:
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда тижорат банклари билан биргаликда танлаб олинган «оғир» маҳаллалардаги аҳолининг турмуш шароити, истак-хоҳиши ва имкониятларини ўрганиб чиқсин;
«оғир» маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари»ни тасдиқласин. Бунда, ҳар бир маҳаллада аҳолининг азалдан шаклланган меҳнат кўникмасидан келиб чиқиб, энг самарали «ўсиш нуқталари» сифатида — ҳунармандчилик, косибчилик, томорқа ва иссиқхона хўжалиги, гулчилик, чорвачилик, паррандачилик ва кичик ишлаб чиқариш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилсин;
б) икки ой муддатда «етакчи» тадбиркорлик субъектларини белгиланган тартибда танлаб олсин ва «оғир» маҳаллаларга бириктирсин;
в) «оғир» маҳаллалардаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истаги бўлган аҳолини «етакчи» тадбиркорлар билан боғлаш ёки ўз бизнесини йўлга қўйишига кўмаклашиш чораларини кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги тижорат банклари билан биргаликда икки ҳафта муддатда хонадонларда кичик тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишда аҳоли фойдаланиши учун қулай бўлган бизнес-режалар акс этган қўлланма ишлаб чиқсин ва аҳолига етказсин.
7. Белгилаб қўйилсинки, тижорат банклари кредитларни сектор раҳбарлари томонидан «оғир» маҳаллада тадбиркорликни ҳамда иқтисодий кооперацияни ривожлантириш бўйича «йўл хариталар» ва дастурлар Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказида ҳимоя қилиниб, унинг ижобий хулосаси олингандан сўнг ажратади.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 июндаги «Янги Андижон» шаҳарчасини барпо этиш ва Андижон вилоятида тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5154-сон қарорига мувофиқ Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан «етакчи» тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга 40 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик тижорат банклари орқали ҳамда иссиқхона массивларини барпо этиш ва аҳоли хонадонларида иссиқхоналар ташкил этишни молиялаштиришга 40 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар «Агробанк» акциядорлик тижорат банки орқали ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Белгилансинки:
«Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик тижорат банклари томонидан ушбу банднинг 1-хатбошисида назарда тутилган маблағларни тижорат банкларига қайта молиялаштиришга рухсат берилади;
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан кредитлар кичик ва оилавий тадбиркорлик субъектларига майдони 10 сотихдан 50 сотихгача бўлган замонавий иссиқхоналар барпо этиш учун Марказий банкнинг асосий ставкасида 7 йил муддатгача ажратилади.
9. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ва С.Ў. Умурзоқов:
ҳар икки ҳафтада ҳудудларга чиқиб, «маҳаллабай» ишлаш тизими асосида амалга оширилаётган ишларни ўрганиб борсин;
шаҳарлар ва туманларда доимий равишда «маҳаллабай» ишлаш тизимининг самарали ишлашини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва вилоят ҳокимликлари янги тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиши бўйича доимий мониторинг олиб борсин ҳамда аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чораларни кўрсин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари зиммасига юклатилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 августдаги 504-сон қарорига ИЛОВА
Ривожланишда орқада қолаётган ҳамда ишсизлик даражаси нисбатан юқори бўлган маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш орқали оилаларнинг даромад манбаини яратиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ривожланишдан орқада қолаётган ҳамда ишсизлик даражаси нисбатан юқори бўлган маҳаллаларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш орқали оилаларнинг меҳнатга лаёқатли ишсизлари бандлигини таъминлаш ҳамда уларнинг доимий даромад манбаини яратишнинг тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
секторлар — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органининг кўмаклашувчи коллегиал ишчи тузилмаси (кейинги ўринларда — секторлар);
бошқарув офиси — секторлар ҳузурида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан ташкил этилган республика ва ҳудудий давлат бошқаруви органлари ҳамда тижорат банклари раҳбарлари ва ходимларидан иборат бошқарув офиси;
«оғир» маҳалла — секторлар томонидан ўрганиш давомида аниқланган ижтимоий аҳволи оғир ва ишсизлик даражаси юқори бўлган ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш ихтисослашуви бўлмаган маҳалла;
«етакчи» тадбиркор — етарли тадбиркорлик тажрибаси ва ижобий молиявий кўрсаткичларга эга, фаолиятини маҳалланинг ихтисослашувига мос равишда ташкил этадиган, хонадон аъзоларини кооперация асосида бирлаштириб, маҳсулот ишлаб чиқариш (етиштириш) ёки хизмат кўрсатишга буюртма бериш, бириктирилган аҳолига кўникмаларни ўргатиш ва улардан тайёр маҳсулотни сотиб олишни ўз зиммасига оладиган ташаббускор.
2-боб. Аҳоли бандлигини таъминлаш орқали оилаларнинг даромад манбаини яратиш бўйича амалга ошириладиган асосий вазифалар
3. Туман ва шаҳар сектор раҳбарлари томонидан «оғир» маҳаллаларни аниқлаш қуйидаги босқичлардан иборат:
биринчи босқич: ҳар бир хонадон ўрганилиб, қуйидаги 3 тоифага ажратилади:
а) намунали хонадон — даромади юқори, ўзгалар ёрдамига эҳтиёжи бўлмаган бир ёки ундан кўп оила яшайдиган хонадон;
б) ўрта хонадон — жонбошига тўғри келадиган даромади минимал истеъмол харажатлари миқдоридан юқори бўлсада, оила аъзолари ичида ишсиз ёки тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш истаги бор хонадон;
в) эҳтиёжманд хонадон — жонбошига тўғри келадиган даромади минимал истеъмол харажатлари миқдоридан кам, оила аъзолари ичида меҳнатга лаёқатли бир ёки ундан кўп ишсизлар мавжуд хонадон;
иккинчи босқич: хонадонларни ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, маҳаллалар 3 тоифага бўлинади:
а) намунали маҳалла — жами хонадонлар сонига нисбатан намунали хонадонларнинг улуши 60 фоиздан юқори ҳамда эҳтиёжманд хонадонларнинг улуши 25 фоиздан кам бўлган маҳалла бўлган маҳалла;
б) ўрта маҳалла — жами хонадонлар сонига нисбатан ўрта хонадонларнинг улуши 60 фоиздан юқори ҳамда эҳтиёжманд хонадонларнинг улуши 25 фоиздан кам бўлган маҳалла;
в) «оғир» маҳалла — жами хонадонлар сонига нисбатан эҳтиёжманд хонадонларнинг улуши 25 фоиздан юқори бўлган маҳалла.
4. Туман (шаҳар) сектор раҳбарлари, секторлар бошқарув офислари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари масъул раҳбарлари томонидан «оғир» маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:
маҳаллалардаги ҳар бир хонадонда аҳолининг турмуш шароити, хоҳиш-истаги ва имкониятлари ўрганиб чиқилади;
маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш учун «ўсиш нуқталари» аниқланади;
маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари»дан келиб чиқиб ҳар бир тадбиркорлик йўналишига салоҳиятли «етакчи» тадбиркорлар бириктирилади;
маҳаллалардаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истаги бўлган аҳоли «етакчи» тадбиркорларга бириктирилади ёки ўзининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашади (тадбиркорликка ўқитиш, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит ажратиш ва бошқа масалалар).
5. Хонадонлар куйидаги мезонлар асосида ўрганиб чиқилади:
доимий даромадга эгалиги (ўрта ҳолатдаги), ёрдамга муҳтож ёки муҳтож эмаслиги;
сўнгги уч йил давомида оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит олганлиги;
мавсумий ёки норасмий даромади мавжудлиги;
«етакчи» тадбиркор билан ишлаш истаги мавжудлиги;
ўзининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истаги борлиги;
доимий ишга жойлашишга эҳтиёжи борлиги;
меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари мавжудлиги;
ишлаш истаги йўқ хонадон аъзолари мавжудлиги.
6. Ўтказилган хатлов натижасида:
ўзининг мустақил тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ўрнатилган тартибда кредитлар ажратиш чоралари кўрилади;
ўқиш истаги бўлган фуқаролар учун Савдо-саноат палатаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш курслари ташкил этилади;
доимий ишга жойлашишда эҳтиёжи бўлган фуқаролар учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан туман ва шаҳарлардаги бюджет ташкилотлари ҳамда хусусий сектордаги мавжуд вакант жойлар аниқланиб, уларга ишсиз аҳолини жалб этиш чоралари кўрилади;
Давлат солиқ қўмитаси томонидан ўзини ўзи банд қилган аҳоли фаолиятини легаллаштириш ишлари амалга оширилади;
маҳаллий ҳокимликлар томонидан умуман тадбиркорлик қилиш салоҳияти ва ишлаш имконияти бўлмаган оилаларга доимий даромад манбаига эга бўлиши учун ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 50 — 100 тадан хонаки товуқ тарқатиш чоралари кўрилади.
3-боб. Аҳолини «етакчи» тадбиркорларга бириктириш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш ва даромад манбаини яратиш
7. Туман ва шаҳар ҳокимликлари «оғир» маҳаллаларда «етакчи» тадбиркор билан ишлаш истаги бўлган ташаббускорларни ўқитиш, маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур асбоб-ускуна ва хом ашё билан таъминлаш, шунингдек ишлаб чиқарган (етиштирилган) маҳсулотларни сотишга кўмаклашиш жараёнларини ташкил этиш учун уларга «етакчи» тадбиркорларни бириктиради.
8. «Оғир» маҳаллага бириктирилган «етакчи» тадбиркор кооперация асосида кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, маҳалла ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда кўпроқ янги иш ўринлари яратиш бўйича ўз тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш дастурини (кейинги ўринларда — «етакчи» тадбиркор дастури) сектор бошқарув офиси билан биргаликда ишлаб чиқади ва тегишли сектор раҳбарига тақдим этади.
9. Сектор раҳбарлари «етакчи» тадбиркор дастурини кўриб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари бошчилигида тузилган Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказида (кейинги ўринларда — Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маркази) ижобий хулоса берилиши учун ҳимоя қилади.
10. Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маркази томонидан «етакчи» тадбиркор дастурини амалга ошириш ва унга имтиёзли кредит ажратиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ижобий хулоса берилади. Ушбу ижобий хулоса тижорат банкларига имтиёзли кредит ажратиш учун берилади.
«Етакчи» тадбиркор дастури белгиланган талабга жавоб бермаса, шунингдек, маҳалла ихтисослашувига мос келмайдиган, янги иш ўринлари кам яратиладиган дастурлар тадбиркорга қайта ишлаш учун юборилади.
4-боб. Томонларнинг мажбуриятлари
12. «Етакчи» тадбиркорга туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан қуйидаги вазифалар юклатилади:
ўз дастури доирасида кооперация асосида ишсиз аҳоли билан маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур асбоб-ускуна ва хом ашё билан таъминлаш, шунингдек ишлаб чиқарилган (етиштирилган) маҳсулотларни сотишга кўмаклашиш жараёнларини ташкил этиш бўйича бириктирилган хонадон билан шартнома тузиш;
хонадонларнинг ишларни ташкил қилишида уларга маслаҳат, техник-иқтисодий жиҳатдан кўмак берувчи маслаҳатчилар бириктириш ҳамда ушбу маслаҳатчининг ҳар ҳафтада камида бир маротаба маҳсулот ишлаб чиқараётган (етиштираётган) оилаларга кириб, улар билан ишлашини ташкил этиш;
хонадонларда маҳсулот ишлаб чиқариш (етиштириш) жараёнида юзага келаётган муаммоларни ҳал қилиш мақсадида агротехник, зооветеринария ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатиб борилишини таъминлаш;
фаолиятини янада кенгайтириш ва ривожлантириш мақсадида хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари ва инновацияларини ўз бизнес соҳасига мунтазам жорий этиб бориш;
шартнома бўйича кооперация асосида ишлаётган оилаларни ўз вақтида зарур хом ашё маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаб бориш;
ишлаб чиқариладиган (етиштириладиган) маҳсулотлар учун тўловларни ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш.
ҳар бир «оғир» маҳаллада уларнинг тегишли ихтисослашув йўналишларида биттадан намуна ва ўрнак кўрсатадиган тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш ва бу орқали аҳолига тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш, иш юритишга қизиқишини уйғотиш, оғир шароитдаги оилаларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш.
13. «Етакчи» тадбиркор кооперация асосида ишлаётган фуқаро томонидан ишлаб чиқарилаётган (етиштирилаётган) маҳсулотларни сотиб олишга ёки шартномага асосан фуқарога ойлик иш ҳақи тўлашга мажбур.
14. «Оғир» маҳалла раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
маҳаллага бириктирилган «етакчи» тадбиркор билан биргаликда маҳаллада истиқомат қилаётган фуқаролар, айниқса, ёшлар ва аёлларга тадбиркорлик бўйича маслаҳатлар беради, уларнинг ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишида кўмаклашади;
маҳалладаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истаги бўлган аҳоли ўртасида «етакчи» тадбиркорлар билан шартнома асосида ишлаш бўйича тушунтириш ишларини ташкил этади;
маҳалланинг қадимий анъаналаридан келиб чиққан ҳолда хонадонларни оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик ва бошқа тадбиркорлик фаолияти турлари билан шуғулланишга жалб қилади;
ишсиз аҳоли рўйхатини шакллантиради ҳамда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда уларни ишга жойлаштириш чораларини кўради;
маҳаллада ишлаш хоҳиши бўлмаган хонадон аъзоларини тадбиркорликка жалб қилиш ва даромад топишга қизиқтириш (мотивация бериш) бўйича тарғибот ишларини мунтазам равишда олиб боради.
15. «Етакчи» тадбиркор билан кооперация асосида ишлаётган фуқаролар қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва касб-ҳунарга ўқитиш бўйича ташкил этиладиган ўқув курсларида иштирок этиб, ўзининг билим ва кўникмаларини оширади;
«етакчи» тадбиркор билан шартнома асосида ишлаётган фуқаро тадбиркорлик қилиши учун берилган мол-мулкдан тўғри фойдаланилишига шахсан жавобгар бўлади;
берилган мол-мулкдан доимий ва самарали фойдаланган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқаради (етиштиради) ҳамда шартномага асосан ишлаб чиқарилган (етиштирилган) маҳсулотларни «етакчи» тадбиркорга етказиб берилишини таъминлайди;
маҳсулот ишлаб чиқариш (етиштириш) жараёнида юзага келаётган муаммолар тўғрисида ўз вақтида «етакчи» тадбиркорни хабардор қилади;
маҳсулот ишлаб чиқариш (етиштириш) жараёнини назорат қилиш ва кўмаклашиш бўйича «етакчи» тадбиркор томонидан бириктирилган маслаҳатчининг ҳар ҳафта иш жараёни билан танишиб боришига имконият яратиб беради.
5-боб. «Етакчи» тадбиркорга имтиёзли кредит ажратиш тартиби
16. Тижорат банклари томонидан кредитлар кооперация асосида кичик бизнесни ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш учун «оғир» маҳаллаларга бириктирилган «етакчи» тадбиркорлик субъектларига 3 йил муддатгача йиллик 10 фоиз ставкасида битта маҳаллага 2 миллиард сўмгача миқдорда ажратилади.
17. «Етакчи» тадбиркор тижорат банкига имтиёзли кредит олиш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
а) ариза;
б) Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказининг ижобий хулосаси;
в) маҳсулот олди-сотди шартномаси (мавжуд бўлганда);
г) бизнес режа;
д) тегишли давлат солиқ инспекциясига охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси (1-сон шакл), молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-сон шакл), (янги ташкил этилган юридик шахслар бундан мустасно);
е) кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида банкка қуйидаги таъминот турларидан бирини:
мол-мулк (шу жумладан, кредит ҳисобига олинаётган мол-мулклар) гарови;
учинчи шахс кафиллиги;
суғурта полислари;
қонунчилик ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари.
Молиялаштириладиган «етакчи» тадбиркор дастури хусусиятидан келиб чиқиб, банк томонидан ички кредит сиёсатига мувофиқ бошқа ҳужжатлар сўралиши мумкин.
18. Тижорат банки ички кредит сиёсати асосида кредит ажратиш масаласини кўриб чиқиб, тегишли қарор қабул қилади.
6-боб. Ажратилган кредит мақсадли ишлатилиши устидан мониторинг ўрнатиш тартиби
19. «Етакчи» тадбиркорга ажратилган кредит мақсадли ишлатилиши устидан тижорат банки ва бошқарув офиси томонидан доимий мониторинг ўрнатилади. Бунда:
«етакчи» тадбиркор томонидан шартномага асосан тегишли фуқарога маҳсулот етказиб берилиши ёки хизмат кўрсатилиши;
«етакчи» тадбиркор ва фуқаро ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоб жараёнлари кузатиб борилади.
20. Маҳаллада «етакчи» тадбиркор томонидан кредит маблағларини «етакчи» тадбиркор дастурида белгиланмаган мақсадларга ишлатилган тақдирда, ушбу тадбиркорга мазкур мақсадда ажратилган кредитлар бўйича фоиз ставкалари Марказий банк асосий ставкасининг 2 баробари миқдоридаги фоиз ставкасига ўзгартирилиб, кредит фоиз харажатлари миқдори кредитдан умумий фойдаланиш даврига қайтадан ҳисобланади.
21. «Етакчи» тадбиркор олинган кредитлар бўйича ҳисобланган фоизлар ва асосий қарзларни тузилган шартномага мувофиқ тасдиқланган кредит қайтариш режа-графигига асосан ўз муддатларида ўрнатилган тартибда сўндириб боради.
7-боб. Якуний қоидалар
22. Республика ҳудудларида «маҳаллабай» ишлаш тизимини ташкил этиш бўйича республика комиссияси ушбу Низом талабларига риоя этилиши устидан назорат олиб боради.
23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 9 август,
504-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Hududlarda “mahallabay” ishlash asosida oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish va aholining doimiy daromad manbalarini koʻpaytirish orqali kambagʻallikni qisqartirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Hududlarda “mahallabay” ishlash tizimini tashkil etish orqali ishsizlik darajasi yuqori boʻlgan mahallalar bilan manzilli ishlab, “oʻsish nuqtalari”ni hayotga tatbiq etish, tadbirkorlikni rivojlantirish, aholining daromadi va xarid qobiliyatini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 5-avgustdagi “Mahallalarda tadbirkorlikni yanada qoʻllab-quvvatlash va tadbirkorlik subyektlari bilan aholi oʻrtasida kooperatsiyani rivojlantirishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PQ-5214-son qaroriga muvofiq “mahallabay” ishlash asosida “ogʻir” mahallalarda tadbirkorlikni yanada qoʻllab-quvvatlash boʻyicha “Andijon tajribasi”ni respublikaning boshqa hududlarida ham tatbiq etish uchun Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasidan davlat ulushiga ega boʻlgan tijorat banklariga alohida tasdiqlanadigan taqsimotga asosan 100 million AQSh dollari ekvivalentidagi mablagʻlar ajratilgani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. “Mahallabay” ishlash tizimi orqali “ogʻir” mahallalarni ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish, ularda oilaviy tadbirkorlikni kengaytirish, aholining daromad manbalarini koʻpaytirish va ishsizlikni bartaraf etishning (Andijon tajribasi) ustuvor yoʻnalishlari etib quyidagilar belgilansin:
mahallalarning “oʻsish nuqtalari”ni (ixtisoslashuv yoʻnalishlarini) aniqlash va yangi tadbirkorlikni, jumladan, “drayver” loyihalarni amalga oshirishda tashabbuskorlarga koʻmaklashish va shu orqali har bir mahallaning ijtimoiy-iqtisodiy oʻsishini taʼminlash;
aholining doimiy daromad manbalarini yanada koʻpaytirish, oilaviy tadbirkorlikni va oʻzini oʻzi band qilib ishlash faoliyatini yanada kengaytirish choralarini koʻrish;
mahallalarda tadbirkorlik faoliyatini yoʻlga qoʻyish istagi boʻlgan tashabbuskorlarni biznes asoslariga oʻqitish;
xonadonlarda tomorqa yerlaridan samarali foydalanish, daromadliligini yanada oshirish, mahsulot ishlab chiqarish uchun zarur asbob-uskuna va xom-ashyo bilan imtiyozli kreditlar asosida taʼminlash, shuningdek, ishlab chiqarilgan mahsulotlarni sotishga koʻmaklashish jarayonlarini tashkil etish uchun “yetakchi” tadbirkorlik subyektlarini biriktirish;
tadbirkorlik loyihalarini amalga oshirishga koʻmaklashish va faoliyatini monitoring qilib borish, ishlab chiqaradigan mahsuloti (xizmati) bozorini topishiga yordam berish.
3. Rivojlanishda orqada qolayotgan hamda ishsizlik darajasi nisbatan yuqori boʻlgan mahallalarda aholi bandligini taʼminlash orqali oilalarning daromad manbaini yaratish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Belgilansinki:
“yetakchi” tadbirkorlar yetarli tadbirkorlik tajribasiga va ijobiy moliyaviy koʻrsatkichlarga ega, faoliyati mahalla ixtisoslashuviga mos boʻlgan, xonadonlarni kooperatsiya asosida yuqori darajada qamrab oladigan, “ogʻir” mahallalarda oʻz biznesini rivojlantirish dasturiga ega boʻlgan tadbirkorlar orasidan tanlab olinadi;
tijorat banklari tomonidan kreditlar kooperatsiya asosida kichik biznesni va oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirishga koʻmaklashish uchun “ogʻir” mahallalarga biriktirilgan “yetakchi” tadbirkorlik subyektlariga 3 yil muddatgacha yillik 10 foiz stavkada bitta mahalla uchun 2 milliard soʻmgacha miqdorda ajratiladi;
har bir “ogʻir” mahallaga ajratilgan 2 mlrd soʻm mablagʻlarning 10 foizigacha boʻlgan qismi ularning tegishli ixtisoslashuv yoʻnalishlarida bittadan namuna va oʻrnak koʻrsatadigan tadbirkorlik loyihalarini amalga oshirish uchun yoʻnaltiriladi;
“yetakchi” tadbirkorlarga kooperatsiya asosida ishlayotgan fuqaro tomonidan ishlab chiqarilayotgan (yetishtirilayotgan) mahsulotlarni sotib olish yoki shartnomaga asosan fuqaroga oylik ish haqi toʻlash sharti oʻrnatiladi.
5. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari:
a) bir oy muddatda:
Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi hamda tijorat banklari bilan birgalikda tanlab olingan “ogʻir” mahallalardagi aholining turmush sharoiti, istak-xohishi va imkoniyatlarini oʻrganib chiqsin;
“ogʻir” mahallalarning “oʻsish nuqtalari”ni tasdiqlasin. Bunda, har bir mahallada aholining azaldan shakllangan mehnat koʻnikmasidan kelib chiqib, eng samarali “oʻsish nuqtalari” sifatida — hunarmandchilik, kosibchilik, tomorqa va issiqxona xoʻjaligi, gulchilik, chorvachilik, parrandachilik va kichik ishlab chiqarish kabi yoʻnalishlarga alohida eʼtibor qaratilsin;
b) ikki oy muddatda “yetakchi” tadbirkorlik subyektlarini belgilangan tartibda tanlab olsin va “ogʻir” mahallalarga biriktirsin;
v) “ogʻir” mahallalardagi tadbirkorlik faoliyatini yoʻlga qoʻyish istagi boʻlgan aholini “yetakchi” tadbirkorlar bilan bogʻlash yoki oʻz biznesini yoʻlga qoʻyishiga koʻmaklashish choralarini koʻrsin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi, Tadbirkorlikni rivojlantirish agentligi tijorat banklari bilan birgalikda ikki hafta muddatda xonadonlarda kichik tadbirkorlik faoliyatlarini yoʻlga qoʻyishda aholi foydalanishi uchun qulay boʻlgan biznes-rejalar aks etgan qoʻllanma ishlab chiqsin va aholiga yetkazsin.
7. Belgilab qoʻyilsinki, tijorat banklari kreditlarni sektor rahbarlari tomonidan “ogʻir” mahallada tadbirkorlikni hamda iqtisodiy kooperatsiyani rivojlantirish boʻyicha “yoʻl xaritalar” va dasturlar Oilaviy tadbirkorlikni qoʻllab-quvvatlash markazida himoya qilinib, uning ijobiy xulosasi olingandan soʻng ajratadi.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 21-iyundagi “Yangi Andijon” shaharchasini barpo etish va Andijon viloyatida tadbirkorlikni yanada qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PQ-5154-son qaroriga muvofiq Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasidan “yetakchi” tadbirkorlik subyektlarini moliyaviy qoʻllab-quvvatlashga 40 million AQSh dollari ekvivalentidagi mablagʻlar “Oʻzsanoatqurilishbank” va “Qishloq qurilish bank” aksiyadorlik tijorat banklari orqali hamda issiqxona massivlarini barpo etish va aholi xonadonlarida issiqxonalar tashkil etishni moliyalashtirishga 40 million AQSh dollari ekvivalentidagi mablagʻlar “Agrobank” aksiyadorlik tijorat banki orqali ajratilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
Belgilansinki:
“Oʻzsanoatqurilishbank” va “Qishloq qurilish bank” aksiyadorlik tijorat banklari tomonidan ushbu bandning 1-xatboshisida nazarda tutilgan mablagʻlarni tijorat banklariga qayta moliyalashtirishga ruxsat beriladi;
“Agrobank” aksiyadorlik tijorat banki tomonidan kreditlar kichik va oilaviy tadbirkorlik subyektlariga maydoni 10 sotixdan 50 sotixgacha boʻlgan zamonaviy issiqxonalar barpo etish uchun Markaziy bankning asosiy stavkasida 7 yil muddatgacha ajratiladi.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosarlari J.A. Qoʻchqorov va S.Oʻ. Umurzoqov:
har ikki haftada hududlarga chiqib, “mahallabay” ishlash tizimi asosida amalga oshirilayotgan ishlarni oʻrganib borsin;
shaharlar va tumanlarda doimiy ravishda “mahallabay” ishlash tizimining samarali ishlashini taʼminlasin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi, Savdo-sanoat palatasi va viloyat hokimliklari yangi tadbirkorlik subyektlari faoliyat yuritishi boʻyicha doimiy monitoring olib borsin hamda aniqlangan muammo va kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha taʼsirchan choralarni koʻrsin.
11. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov va Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi raisi va viloyatlar hokimlari zimmasiga yuklatilsin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 9-avgustdagi 504-son qaroriga ILOVA
Rivojlanishda orqada qolayotgan hamda ishsizlik darajasi nisbatan yuqori boʻlgan mahallalarda aholi bandligini taʼminlash orqali oilalarning daromad manbaini yaratish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom rivojlanishdan orqada qolayotgan hamda ishsizlik darajasi nisbatan yuqori boʻlgan mahallalarda oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish orqali oilalarning mehnatga layoqatli ishsizlari bandligini taʼminlash hamda ularning doimiy daromad manbaini yaratishning tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
sektorlar — Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar, tumanlar, shaharlar hududlarini tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahri, tumanlar (shaharlar) hokimlari, prokuratura, ichki ishlar va davlat soliq xizmati hududiy organlari rahbarlari boshchilik qiladigan kompleks ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish boʻyicha tegishli mahalliy davlat hokimiyati organining koʻmaklashuvchi kollegial ishchi tuzilmasi (keyingi oʻrinlarda — sektorlar);
boshqaruv ofisi — sektorlar huzurida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlarining qarori bilan tashkil etilgan respublika va hududiy davlat boshqaruvi organlari hamda tijorat banklari rahbarlari va xodimlaridan iborat boshqaruv ofisi;
“ogʻir” mahalla — sektorlar tomonidan oʻrganish davomida aniqlangan ijtimoiy ahvoli ogʻir va ishsizlik darajasi yuqori boʻlgan hamda tadbirkorlikni rivojlantirish ixtisoslashuvi boʻlmagan mahalla;
“yetakchi” tadbirkor — yetarli tadbirkorlik tajribasi va ijobiy moliyaviy koʻrsatkichlarga ega, faoliyatini mahallaning ixtisoslashuviga mos ravishda tashkil etadigan, xonadon aʼzolarini kooperatsiya asosida birlashtirib, mahsulot ishlab chiqarish (yetishtirish) yoki xizmat koʻrsatishga buyurtma berish, biriktirilgan aholiga koʻnikmalarni oʻrgatish va ulardan tayyor mahsulotni sotib olishni oʻz zimmasiga oladigan tashabbuskor.
2-bob. Aholi bandligini taʼminlash orqali oilalarning daromad manbaini yaratish boʻyicha amalga oshiriladigan asosiy vazifalar
3. Tuman va shahar sektor rahbarlari tomonidan “ogʻir” mahallalarni aniqlash quyidagi bosqichlardan iborat:
birinchi bosqich: har bir xonadon oʻrganilib, quyidagi 3 toifaga ajratiladi:
a) namunali xonadon — daromadi yuqori, oʻzgalar yordamiga ehtiyoji boʻlmagan bir yoki undan koʻp oila yashaydigan xonadon;
b) oʻrta xonadon — jonboshiga toʻgʻri keladigan daromadi minimal isteʼmol xarajatlari miqdoridan yuqori boʻlsada, oila aʼzolari ichida ishsiz yoki tadbirkorlik faoliyatini kengaytirish istagi bor xonadon;
v) ehtiyojmand xonadon — jonboshiga toʻgʻri keladigan daromadi minimal isteʼmol xarajatlari miqdoridan kam, oila aʼzolari ichida mehnatga layoqatli bir yoki undan koʻp ishsizlar mavjud xonadon;
ikkinchi bosqich: xonadonlarni oʻrganish natijalaridan kelib chiqib, mahallalar 3 toifaga boʻlinadi:
a) namunali mahalla — jami xonadonlar soniga nisbatan namunali xonadonlarning ulushi 60 foizdan yuqori hamda ehtiyojmand xonadonlarning ulushi 25 foizdan kam boʻlgan mahalla boʻlgan mahalla;
b) oʻrta mahalla — jami xonadonlar soniga nisbatan oʻrta xonadonlarning ulushi 60 foizdan yuqori hamda ehtiyojmand xonadonlarning ulushi 25 foizdan kam boʻlgan mahalla;
v) “ogʻir” mahalla — jami xonadonlar soniga nisbatan ehtiyojmand xonadonlarning ulushi 25 foizdan yuqori boʻlgan mahalla.
4. Tuman (shahar) sektor rahbarlari, sektorlar boshqaruv ofislari hamda mahalla fuqarolar yigʻinlari masʼul rahbarlari tomonidan “ogʻir” mahallalarda tadbirkorlikni rivojlantirish boʻyicha quyidagi chora-tadbirlar amalga oshiriladi:
mahallalardagi har bir xonadonda aholining turmush sharoiti, xohish-istagi va imkoniyatlari oʻrganib chiqiladi;
mahallalarda tadbirkorlikni rivojlantirish uchun “oʻsish nuqtalari” aniqlanadi;
mahallalarning “oʻsish nuqtalari”dan kelib chiqib har bir tadbirkorlik yoʻnalishiga salohiyatli “yetakchi” tadbirkorlar biriktiriladi;
mahallalardagi tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanish istagi boʻlgan aholi “yetakchi” tadbirkorlarga biriktiriladi yoki oʻzining tadbirkorlik faoliyatini yoʻlga qoʻyishga koʻmaklashadi (tadbirkorlikka oʻqitish, oilaviy tadbirkorlik dasturlari doirasida kredit ajratish va boshqa masalalar).
5. Xonadonlar kuyidagi mezonlar asosida oʻrganib chiqiladi:
doimiy daromadga egaligi (oʻrta holatdagi), yordamga muhtoj yoki muhtoj emasligi;
soʻnggi uch yil davomida oilaviy tadbirkorlik dasturlari doirasida kredit olganligi;
mavsumiy yoki norasmiy daromadi mavjudligi;
“yetakchi” tadbirkor bilan ishlash istagi mavjudligi;
oʻzining tadbirkorlik faoliyatini yoʻlga qoʻyish istagi borligi;
doimiy ishga joylashishga ehtiyoji borligi;
mehnatga layoqatsiz oila aʼzolari mavjudligi;
ishlash istagi yoʻq xonadon aʼzolari mavjudligi.
6. Oʻtkazilgan xatlov natijasida:
oʻzining mustaqil tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirish istagida boʻlgan fuqarolarga oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari doirasida oʻrnatilgan tartibda kreditlar ajratish choralari koʻriladi;
oʻqish istagi boʻlgan fuqarolar uchun Savdo-sanoat palatasi, Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi, Biznes va tadbirkorlik oliy maktabi tomonidan kasb-hunar va tadbirkorlikka oʻqitish kurslari tashkil etiladi;
doimiy ishga joylashishda ehtiyoji boʻlgan fuqarolar uchun Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi tomonidan tuman va shaharlardagi budjet tashkilotlari hamda xususiy sektordagi mavjud vakant joylar aniqlanib, ularga ishsiz aholini jalb etish choralari koʻriladi;
Davlat soliq qoʻmitasi tomonidan oʻzini oʻzi band qilgan aholi faoliyatini legallashtirish ishlari amalga oshiriladi;
mahalliy hokimliklar tomonidan umuman tadbirkorlik qilish salohiyati va ishlash imkoniyati boʻlmagan oilalarga doimiy daromad manbaiga ega boʻlishi uchun homiylik mablagʻlari hisobidan 50 — 100 tadan xonaki tovuq tarqatish choralari koʻriladi.
3-bob. Aholini “yetakchi” tadbirkorlarga biriktirish orqali ularning bandligini taʼminlash va daromad manbaini yaratish
7. Tuman va shahar hokimliklari “ogʻir” mahallalarda “yetakchi” tadbirkor bilan ishlash istagi boʻlgan tashabbuskorlarni oʻqitish, mahsulot ishlab chiqarish uchun zarur asbob-uskuna va xom ashyo bilan taʼminlash, shuningdek ishlab chiqargan (yetishtirilgan) mahsulotlarni sotishga koʻmaklashish jarayonlarini tashkil etish uchun ularga “yetakchi” tadbirkorlarni biriktiradi.
8. “Ogʻir” mahallaga biriktirilgan “yetakchi” tadbirkor kooperatsiya asosida kichik biznes va oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish, mahalla ixtisoslashuvidan kelib chiqqan holda koʻproq yangi ish oʻrinlari yaratish boʻyicha oʻz tadbirkorlik faoliyatini rivojlantirish dasturini (keyingi oʻrinlarda — “yetakchi” tadbirkor dasturi) sektor boshqaruv ofisi bilan birgalikda ishlab chiqadi va tegishli sektor rahbariga taqdim etadi.
9. Sektor rahbarlari “yetakchi” tadbirkor dasturini koʻrib chiqib, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlarining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha birinchi oʻrinbosari boshchiligida tuzilgan Oilaviy tadbirkorlikni qoʻllab-quvvatlash markazida (keyingi oʻrinlarda — Oilaviy tadbirkorlikni qoʻllab-quvvatlash markazi) ijobiy xulosa berilishi uchun himoya qiladi.
10. Oilaviy tadbirkorlikni qoʻllab-quvvatlash markazi tomonidan “yetakchi” tadbirkor dasturini amalga oshirish va unga imtiyozli kredit ajratish maqsadga muvofiqligi toʻgʻrisida ijobiy xulosa beriladi. Ushbu ijobiy xulosa tijorat banklariga imtiyozli kredit ajratish uchun beriladi.
“Yetakchi” tadbirkor dasturi belgilangan talabga javob bermasa, shuningdek, mahalla ixtisoslashuviga mos kelmaydigan, yangi ish oʻrinlari kam yaratiladigan dasturlar tadbirkorga qayta ishlash uchun yuboriladi.
4-bob. Tomonlarning majburiyatlari
12. “Yetakchi” tadbirkorga tuman va shahar hokimliklari tomonidan quyidagi vazifalar yuklatiladi:
oʻz dasturi doirasida kooperatsiya asosida ishsiz aholi bilan mahsulot ishlab chiqarish uchun zarur asbob-uskuna va xom ashyo bilan taʼminlash, shuningdek ishlab chiqarilgan (yetishtirilgan) mahsulotlarni sotishga koʻmaklashish jarayonlarini tashkil etish boʻyicha biriktirilgan xonadon bilan shartnoma tuzish;
xonadonlarning ishlarni tashkil qilishida ularga maslahat, texnik-iqtisodiy jihatdan koʻmak beruvchi maslahatchilar biriktirish hamda ushbu maslahatchining har haftada kamida bir marotaba mahsulot ishlab chiqarayotgan (yetishtirayotgan) oilalarga kirib, ular bilan ishlashini tashkil etish;
xonadonlarda mahsulot ishlab chiqarish (yetishtirish) jarayonida yuzaga kelayotgan muammolarni hal qilish maqsadida agrotexnik, zooveterinariya va boshqa turdagi xizmatlar koʻrsatib borilishini taʼminlash;
faoliyatini yanada kengaytirish va rivojlantirish maqsadida xorijiy davlatlarning ilgʻor tajribalari va innovatsiyalarini oʻz biznes sohasiga muntazam joriy etib borish;
shartnoma boʻyicha kooperatsiya asosida ishlayotgan oilalarni oʻz vaqtida zarur xom ashyo mahsulotlari bilan uzluksiz taʼminlab borish;
ishlab chiqariladigan (yetishtiriladigan) mahsulotlar uchun toʻlovlarni oʻz vaqtida amalga oshirilishini taʼminlash.
har bir “ogʻir” mahallada ularning tegishli ixtisoslashuv yoʻnalishlarida bittadan namuna va oʻrnak koʻrsatadigan tadbirkorlik loyihalarini amalga oshirish va bu orqali aholiga tadbirkorlik koʻnikmalarini oʻrgatish, ish yuritishga qiziqishini uygʻotish, ogʻir sharoitdagi oilalarni tadbirkorlik faoliyatiga jalb qilish.
13. “Yetakchi” tadbirkor kooperatsiya asosida ishlayotgan fuqaro tomonidan ishlab chiqarilayotgan (yetishtirilayotgan) mahsulotlarni sotib olishga yoki shartnomaga asosan fuqaroga oylik ish haqi toʻlashga majbur.
14. “Ogʻir” mahalla raisining obodonlashtirish, tomorqa va tadbirkorlik masalalari boʻyicha oʻrinbosari quyidagi vazifalarni amalga oshiradi:
mahallaga biriktirilgan “yetakchi” tadbirkor bilan birgalikda mahallada istiqomat qilayotgan fuqarolar, ayniqsa, yoshlar va ayollarga tadbirkorlik boʻyicha maslahatlar beradi, ularning oʻz tadbirkorlik faoliyatini yoʻlga qoʻyishida koʻmaklashadi;
mahalladagi tadbirkorlik faoliyatini yoʻlga qoʻyish istagi boʻlgan aholi oʻrtasida “yetakchi” tadbirkorlar bilan shartnoma asosida ishlash boʻyicha tushuntirish ishlarini tashkil etadi;
mahallaning qadimiy anʼanalaridan kelib chiqqan holda xonadonlarni oilaviy tadbirkorlik, hunarmandchilik, kasanachilik va boshqa tadbirkorlik faoliyati turlari bilan shugʻullanishga jalb qiladi;
ishsiz aholi roʻyxatini shakllantiradi hamda Aholi bandligiga koʻmaklashish markazi bilan hamkorlikda ularni ishga joylashtirish choralarini koʻradi;
mahallada ishlash xohishi boʻlmagan xonadon aʼzolarini tadbirkorlikka jalb qilish va daromad topishga qiziqtirish (motivatsiya berish) boʻyicha targʻibot ishlarini muntazam ravishda olib boradi.
15. “Yetakchi” tadbirkor bilan kooperatsiya asosida ishlayotgan fuqarolar quyidagi vazifalarni amalga oshiradi:
tadbirkorlik faoliyatini yoʻlga qoʻyish va kasb-hunarga oʻqitish boʻyicha tashkil etiladigan oʻquv kurslarida ishtirok etib, oʻzining bilim va koʻnikmalarini oshiradi;
“yetakchi” tadbirkor bilan shartnoma asosida ishlayotgan fuqaro tadbirkorlik qilishi uchun berilgan mol-mulkdan toʻgʻri foydalanilishiga shaxsan javobgar boʻladi;
berilgan mol-mulkdan doimiy va samarali foydalangan holda mahsulot ishlab chiqaradi (yetishtiradi) hamda shartnomaga asosan ishlab chiqarilgan (yetishtirilgan) mahsulotlarni “yetakchi” tadbirkorga yetkazib berilishini taʼminlaydi;
mahsulot ishlab chiqarish (yetishtirish) jarayonida yuzaga kelayotgan muammolar toʻgʻrisida oʻz vaqtida “yetakchi” tadbirkorni xabardor qiladi;
mahsulot ishlab chiqarish (yetishtirish) jarayonini nazorat qilish va koʻmaklashish boʻyicha “yetakchi” tadbirkor tomonidan biriktirilgan maslahatchining har hafta ish jarayoni bilan tanishib borishiga imkoniyat yaratib beradi.
5-bob. “Yetakchi” tadbirkorga imtiyozli kredit ajratish tartibi
16. Tijorat banklari tomonidan kreditlar kooperatsiya asosida kichik biznesni va oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirishga koʻmaklashish uchun “ogʻir” mahallalarga biriktirilgan “yetakchi” tadbirkorlik subyektlariga 3 yil muddatgacha yillik 10 foiz stavkasida bitta mahallaga 2 milliard soʻmgacha miqdorda ajratiladi.
17. “Yetakchi” tadbirkor tijorat bankiga imtiyozli kredit olish uchun quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:
a) ariza;
b) Oilaviy tadbirkorlikni qoʻllab-quvvatlash markazining ijobiy xulosasi;
v) mahsulot oldi-sotdi shartnomasi (mavjud boʻlganda);
g) biznes reja;
d) tegishli davlat soliq inspeksiyasiga oxirgi hisobot davri uchun buxgalteriya balansi (1-son shakl), moliyaviy natijalar toʻgʻrisida hisobot (2-son shakl), (yangi tashkil etilgan yuridik shaxslar bundan mustasno);
e) kredit qaytarilishining taʼminoti sifatida bankka quyidagi taʼminot turlaridan birini:
mol-mulk (shu jumladan, kredit hisobiga olinayotgan mol-mulklar) garovi;
uchinchi shaxs kafilligi;
sugʻurta polislari;
qonunchilik hujjatlari doirasidagi boshqa taʼminot turlari.
Moliyalashtiriladigan “yetakchi” tadbirkor dasturi xususiyatidan kelib chiqib, bank tomonidan ichki kredit siyosatiga muvofiq boshqa hujjatlar soʻralishi mumkin.
18. Tijorat banki ichki kredit siyosati asosida kredit ajratish masalasini koʻrib chiqib, tegishli qaror qabul qiladi.
6-bob. Ajratilgan kredit maqsadli ishlatilishi ustidan monitoring oʻrnatish tartibi
19. “Yetakchi” tadbirkorga ajratilgan kredit maqsadli ishlatilishi ustidan tijorat banki va boshqaruv ofisi tomonidan doimiy monitoring oʻrnatiladi. Bunda:
“yetakchi” tadbirkor tomonidan shartnomaga asosan tegishli fuqaroga mahsulot yetkazib berilishi yoki xizmat koʻrsatilishi;
“yetakchi” tadbirkor va fuqaro oʻrtasidagi oʻzaro hisob-kitob jarayonlari kuzatib boriladi.
20. Mahallada “yetakchi” tadbirkor tomonidan kredit mablagʻlarini “yetakchi” tadbirkor dasturida belgilanmagan maqsadlarga ishlatilgan taqdirda, ushbu tadbirkorga mazkur maqsadda ajratilgan kreditlar boʻyicha foiz stavkalari Markaziy bank asosiy stavkasining 2 barobari miqdoridagi foiz stavkasiga oʻzgartirilib, kredit foiz xarajatlari miqdori kreditdan umumiy foydalanish davriga qaytadan hisoblanadi.
21. “Yetakchi” tadbirkor olingan kreditlar boʻyicha hisoblangan foizlar va asosiy qarzlarni tuzilgan shartnomaga muvofiq tasdiqlangan kredit qaytarish reja-grafigiga asosan oʻz muddatlarida oʻrnatilgan tartibda soʻndirib boradi.
7-bob. Yakuniy qoidalar
22. Respublika hududlarida “mahallabay” ishlash tizimini tashkil etish boʻyicha respublika komissiyasi ushbu Nizom talablariga rioya etilishi ustidan nazorat olib boradi.
23. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 9-avgust,
504-son