UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 18-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 18 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 18 августа 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 18 August 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

РЎЙХАТИ

Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 30 июлдаги ПҚ-5203-сон қарорига мувофиқ ҳамда талабаларга олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 30 июлдаги ПҚ-5203-сон қарори 1-бандига мувофиқ:

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари талабаларига ажратиладиган таълим кредитлари бўйича тижорат банкларини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурида Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ташкил этилганлиги;

ушбу Жамғармага Давлат бюджетидан 2021 йилда камида 1 триллион сўм, кейинги йилларда эса ҳақиқий талабдан келиб чиқиб маблағ ажратиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитларини ажратиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

таълим кредитлари бўйича юзага келадиган кредит таваккалчилигини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва тижорат банклари ўртасида тақсимлаш ҳамда Жамғармадан ажратилган маблағларнинг бир қисмини тижорат банклари томонидан гаров депозити сифатида қабул қилиш;

республикадаги олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари, шу жумладан хусусий ва хорижий олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиаллари талабаларига контракт тўловлари учун кредит ажратиш;

Жамғарма томонидан таълим кредитлари учун маблағлар ажратишда тижорат банкларига қўйиладиган мувофиқлик мезонларини ўрнатиш.

3. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда таълим кредитлари, шу жумладан, тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун таълим кредити ажратишнинг янги тартиби ва унинг ижтимоий аҳамиятини кенг ёритиш тавсия этилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев, олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х. Тошкулов ҳамда молия вазири Т.А. Ишметов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 августдаги 527-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан тижорат банклари орқали олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитларини ажратиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган таълим муддати бир йил ва ундан ортиқни ташкил этувчи барча олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари (давлат, нодавлат олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хорижий олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари)да (кейинги ўринларда — таълим ташкилоти) ва қўшма таълим дастурлари бўйича бакалавр ҳамда магистратуранинг кундузги таълим шаклида тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағлари ҳисобидан таълим кредитларини (кейинги ўринларда — таълим кредитлари) ажратиш ва уларни қайтариш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом қоидалари:

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан;

тижорат банклари томонидан Жамғарма маблағларидан ташқари бошқа манбалар ҳисобидан бериладиган таълим кредитларига нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Таълим кредитларини бериш тижорат банклари томонидан уларнинг қайтарилиши, тўловлилиги, муддатлилиги ва улардан мақсадли фойдаланиш шартлари асосида белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилади.

2 1 . 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб таълим кредити иккинчи ва ундан юқори босқич талабалари учун фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи (grade point average):

«3» дан паст бўлган тақдирда, тўлов-контракт суммасининг кўпи билан 80 фоизи миқдорида ажратилади, бунда кредит тўлов-контракт суммасининг дастлабки 20 фоизи талаба томонидан тўлангандан кейин ажратилади;

«3» ва ундан юқори бўлган тақдирда ва (ёки) Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг таълим олаётган аъзолари учун таълим кредити тўлов-контракт суммаси миқдорида ажратилади.

2 2 . Жорий ўқув йили учун таълим кредитини олмоқчи бўлган талабанинг фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи (grade point average) аввалги ўқув йили якуни бўйича «Олий таълим жараёнларини бошқариш» (НEMIS) ахборот тизимидан олинади.

2 3 . Талабанинг фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи (grade point average) кўрсаткичи ва тегишли маълумотлари «Олий таълим жараёнларини бошқариш» (НEMIS) ахборот тизими, тўлов-контракт тўғрисидаги маълумотлари эса «Талабаларга шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш» (kontrakt.edu.uz) ахборот тизими орқали автоматик тарзда шакллантирилади.

Бунда нодавлат ва хорижий олий таълим ташкилотлари талабаларининг тўлов-контракт тўғрисидаги маълумотлари уларнинг ахборот тизимларини «Талабаларга шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш» (kontrakt.edu.uz) ахборот тизимига интеграция қилиш ёки мазкур ахборот тизимидан фойдаланиш орқали шакллантирилади.

2 4 . Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг талаба фарзандлари учун 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотларида фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи (GPA (grade point average) кўрсаткичи) «3,5» ва ундан юқори бўлганда, кейинги ўқув йили учун фоизсиз таълим кредити ажратилади.

Бунда олий таълим ташкилотларида таълим олаётган Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг талаба фарзандлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «Ижтимоий реестр» ахборот модули орқали аниқланади ҳамда мазкур ахборот модули Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг «Олий таълим жараёнларини бошқариш» (НEMIS) ахборот тизимига ўзаро интеграция қилинади.

3. Таълим кредитлари тижорат банклари томонидан таълим ташкилотлари бакалавр ҳамда магистратуранинг кундузги таълим шаклида тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган ёки қабул қилинган, шунингдек ўқишини кўчирган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларга (кейинги ўринларда — кредит олувчи) берилади.

Бунда, кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри ёки хотини) ёки бошқа учинчи шахслар таълим кредити шартномасида биргаликда кредит олувчи сифатида қатнашишлари мумкин.

Таълим ташкилотида таҳсил олиш мақсадида табақалаштирилган тўлов-контрактни ва табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик бошқа тўловларни ҳамда давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қўшимча қабул параметрлари асосида ўқишга қабул қилинган абитуриент ва талабаларнинг тўлов-контракт тўловларини амалга ошириш учун таълим кредити ажратилишига йўл қўйилмайди.

4. Таълим кредитининг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади.

Бунда, таълим кредитлари учун фоизларни ҳисоблаш ва тўлаш таълим ташкилотига маблағлар ўтказилган санадан бошлаб, асосий қарзни қайтариш эса кредит олувчи томонидан таълим ташкилотида таълимнинг ушбу тури бўйича ўқишнинг расмий белгиланган муддати тугаллангандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 31 августдаги ПФ-213-сон Фармонининг 10-банди «а» кичик бандида белгиланган қўшимча қабул параметрлари асосида ўқишга қабул қилинган талабаларга ажратилган таълим кредитлари бўйича фоиз тўловлари Жамғарма ҳисобидан қоплаб берилади.

2-боб. Тижорат банкларига қўйиладиган мувофиқлик мезонлари ва уларга маблағлар ажратиш тартиби

5. Жамғарма томонидан таълим кредитлари учун маблағлар ажратишда тижорат банкларига нисбатан қуйидаги мувофиқлик мезонлари белгиланади:

тижорат банкида таълим кредитларини ажратиш юзасидан аниқ белгиланган ички тартибнинг мавжудлиги;

тижорат банки «Fitch Ratings» ёки «Standard & Poorʼs» рейтинг агентликларининг «В» даражасидан ёки «Moodyʼs Investors Service» рейтинг агентлигининг «В2» рейтингидан паст бўлмаган даражада узоқ муддатли кредит рейтингига эга бўлиши;

охирги уч йиллик молиявий ҳисоботлар бўйича аудиторлик ташкилоти ижобий хулосасининг мавжудлиги. Агар тижорат банки уч йилдан кам муддат фаолият кўрсатган бўлса, тижорат банкининг фаолият юритган йиллар учун молиявий ҳисоботлари бўйича аудиторлик ташкилотининг ижобий хулосаси мавжуд бўлиши;

банкнинг регулятив капитали 500 миллиард сўмдан кам бўлмаслиги;

банк Давлат бюджети маблағлари, шу жумладан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган маблағлар бўйича муддати ўтган қарздорликка эга бўлмаслиги;

Марказий банк томонидан белгиланган пруденциал нормативлар бузилганлиги сабабли унга нисбатан таълим кредити берилишига тўсқинлик қилувчи амалдаги чора ва санкциялар мавжуд бўлмаслиги.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мазкур банднинг иккинчи — олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳужжат ва маълумотларни мурожаат этувчи тижорат банклардан, мазкур банднинг еттинчи хатбошисида келтирилган маълумотларни Марказий банкдан белгиланган тартибда сўраб олади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тижорат банкларининг мувофиқлик мезонларига мос келишини баҳолашда Марказий банкдан уларнинг молиявий ҳолати тўғрисидаги қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин.

6. Тижорат банклари мазкур Низомнинг 5-бандида кўрсатилган мезонларга мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжат ва маълумотларни Жамғармага тақдим этади.

Тақдим этилган ҳужжат ва маълумотлар Жамғарма томонидан беш иш кунида ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган мезонларга мувофиқлиги юзасидан ўрганилади.

Белгиланган мезонларга мувофиқ деб топилган тижорат банклари билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўртасида таълим кредитлари учун маблағлар ажратиш юзасидан Бош битим (кейинги ўринларда — Бош битим) тузилади.

Жамғарма томонидан ушбу Низом доирасида ажратиладиган маблағлар банкнинг биринчи даражали регулятив капиталидан ошиб кетмаслиги лозим.

7. Тижорат банклари мазкур Низомнинг 5-бандида кўрсатилган мезонларга мувофиқ эмас деб топилганда, улар билан Бош битим тузишни рад этиш ҳақида ёзма тарзда хабардор қилинади.

8. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги доимий равишда мазкур Низом доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан Бош битим тузган тижорат банкларининг рўйхатини ўзининг расмий веб-сайтларида эълон қилади.

9. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тижорат банкларига таълим кредитлари ажратиш учун 15 йилдан кўп бўлмаган муддатга депозит маблағларни жойлаштиради.

10. Тижорат банклари таълим кредити олиш истагини билдирган кредит олувчилар реестрини (кейинги ўринларда — Реестр):

тўлов-контракт миқдорининг 25 фоизи бўйича — кредит олувчилардан ҳар йили 1 сентябрга қадар кредит олиш учун келиб тушган аризалар асосида;

тўлов-контракт миқдорининг 50, 75 ва 100 фоизи бўйича — ўқув йили давомида таълим кредити шартномаси тузган кредит олувчилар эҳтиёжи ҳисоб-китобидан ва ҳар йили, мос равишда, 15 декабрь, 15 март ва 15 июнга қадар кредит олиш учун янги келиб тушган аризалар асосида шакллантиради.

11. Тижорат банклари ҳар чорак учун шакллантирилган реестрлар асосида 5 сентябрь, 20 декабрь, 20 март ва 20 июнга қадар Жамғармага таълим кредити учун маблағларни олиш мақсадида буюртманомани тақдим қилади.

Тижорат банклари томонидан мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган муддатларга қадар шакллантириладиган Реестрга асосан Жамғармага бир ёки бир неча марта буюртманома тақдим этиши мумкин.

Тижорат банклари томонидан фуқароларнинг таълим кредитига бўлган талабини ўз вақтида қондириш мақсадида тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан мазкур Низомда белгиланган шартларда ажратилган таълим кредитлари Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан ажратилган маблағлар ҳисобидан қайта молиялаштирилиши мумкин.

12. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси (кейинги ўринларда — Давлат комиссияси) томонидан таълим ташкилотлари қабул параметрларига ўзгартириш киритилиши ва бошқа сабабларга кўра мазкур Низомнинг 10-бандида келтирилган муддатлардан кейин тақдим этилган аризалар асосида тижорат банклари Реестр шакллантириб боради ва ҳар ойнинг 15-санаси ва охирги санасида Жамғармага буюртманома юборади.

13. Таълим ташкилотлари ўқув йили давомида тўлов-контракт миқдори ўзгарган тақдирда, бу ҳақида тижорат банкларини тўлов-контракт миқдори ўзгарган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида хабардор қилади.

14. Жамғарма буюртманомалар келиб тушган кундан бошлаб беш иш кунида тижорат банклари билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўртасида таълим кредити учун маблағларни ажратиш бўйича депозит шартномаси имзолаб, ушбу маблағларни тижорат банкларининг тегишли ҳисобварағига ўтказиб беради.

15. Бош битимга мувофиқ Жамғарма маблағларни тижорат банкларига Марказий банкнинг асосий ставкасидан тўрт фоиз бандга паст ставкада жойлаштиради.

Бунда, Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва тижорат банклари ўртасида тузилган таълим кредити учун маблағларни ажратиш тўғрисидаги депозит шартномасига фоиз ставкасини тегишли давр учун мос равишдаги фоиз бандга тушириш бўйича тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Марказий банкнинг асосий ставкаси кўтарилган тақдирда, таълим кредити учун маблағларни ажратиш бўйича фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолдирилади.

16. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига жойлаштирилган таълим кредити учун маблағларни қайтариш ва улар бўйича фоизларни тўлаш тижорат банклари ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўртасида тузилган депозит шартномасида белгиланган тартибда ва муддатларда амалга оширилади.

17. Таълим кредитлари бўйича юзага келиши мумкин бўлган кредит таваккалчиликларини ўзаро тақсимлаш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Бош битимга мувофиқ тижорат банкларига жойлаштирилган маблағларининг 50 фоизини Жамғарма маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига гаров депозити сифатида қўйиш бўйича тижорат банки ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўртасида гаров шартномаси (кейинги ўринларда — гаров шартномаси) тузилади.

17 1 . Тўлов-контракт шартномасини олиш учун:

олий таълим ташкилоти талабаси «Талабаларга шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш» (kontrakt.edu.uz) ахборот тизими орқали;

профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари эса «Профессионал таълим жараёнларини бошқариш» (prof.edu.uz) ахборот тизими орқали ариза юборади.

17 2 . Аризани олий таълим ташкилоти «Талабаларга шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш» (kontrakt.edu.uz) ахборот тизими орқали, профессионал таълим ташкилоти «Профессионал таълим жараёнларини бошқариш» (prof.edu.uz) ахборот тизими орқали кўриб чиқади.

Кредит олувчи олий таълим ташкилотининг талабаларни ўқишга қабул қилиш ёки ўқишни давом эттириш бўйича тегишли ички тартиб ёки қоидаларига (кейинги ўринларда — ички тартиб қоидалар) мувофиқ деб топилганда:

биринчи босқичга тавсия этилган кредит олувчини «Олий таълим жараёнларини бошқариш» (НEMIS) ахборот тизимидан рўйхатдан ўтказади ҳамда белгиланган тартибда тўлов-контракт шартномасини имзолайди;

иккинчи ва ундан юқори босқич талабаси билан белгиланган тартибда тўлов-контракт шартномасини имзолайди.

Кредит олувчи ички тартиб ёки қоидаларга мувофиқ эмас деб топилганда, унга тўлов-контракт шартномасини тақдим этиш рад этилганлиги ҳақида асослантирилган сабабларни кўрсатган ҳолда белгиланган тартибда хабардор қилади.

Кредит олувчи профессионал таълим ташкилотининг ички тартиб ёки қоидаларига мувофиқ деб топилганда:

биринчи босқичга тавсия этилган кредит олувчини «Профессионал таълим жараёнларини бошқариш» (prof.edu.uz) ахборот тизимидан рўйхатдан ўтказади ҳамда белгиланган тартибда тўлов-контракт шартномасини имзолайди;

иккинчи ва ундан юқори босқич ўқувчиси билан белгиланган тартибда тўлов-контракт шартномасини имзолайди.

Кредит олувчи ички тартиб ёки қоидаларга мувофиқ эмас деб топилганда, унга тўлов-контракт шартномасини тақдим этиш рад этилганлиги ҳақида асослантирилган сабабларини кўрсатган ҳолда белгиланган тартибда хабардор қилади.

17 3 . Кредит олувчи таълим кредити олиш учун белгиланган тартибда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинган тижорат банкларига «Ягона интерактив давлат хизматлари» (my.gov.uz) портали, «Таълим кредити» (taʼlim-krediti.mf.uz) ахборот тизими ёки тўғридан-тўғри мурожаат қилади.

17 4 . Кредит олувчи томонидан таълим кредитини олиш учун тўғридан-тўғри тижорат банкига мурожаат қилинганда, тижорат банки улар учун очилган «Таълим кредити» (taʼlim-krediti.mf.uz) ахборот тизимидаги шахсий кабинет орқали таълим кредити олиш тўғрисидаги аризани шакллантиради.

Бунда тижорат банки ўзининг ички тартиб қоидаларидан келиб чиқиб, кредит олувчининг шахсий маълумотларини қайта ишлаш учун розилигини олади ва «Таълим кредити» (taʼlim-krediti.mf.uz) ахборот тизимида розилиги олинганлигини кўрсатиб ўтади.

3-боб. Таълим кредитини расмийлаштириш ва ажратиш тартиби

18. Кредит олувчи таълим кредитини олиш учун тўғридан-тўғри тижорат банкига мурожаат қилишда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) таълим кредити олиш тўғрисидаги ариза;

б) талаба ва таълим ташкилоти ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома (контракт) ва унга илова қилинадиган ҳисоб варақаси/фактураси (мавжуд бўлганда). Шартнома (контракт)да ўқишни тамомлашнинг белгиланган муддати ва бир йил учун тўлов миқдори кўрсатилган бўлиши лозим;

в) банкнинг кредит сиёсати ва ички тартибига мувофиқ таълим кредити қайтарилишининг таъминоти бўйича ҳужжат. Бунда Ижтимоий реестрга кирган оилаларнинг фарзандларига ажратиладиган таълим кредити бўйича гаров ва кафиллик талаб этилмайди;

г) Ижтимоий реестрга киритилганлигини тасдиқловчи маълумотнома (Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандлари учун);

д) банкнинг ички ҳужжатларида (сиёсатида) белгиланган бошқа ҳужжатлар, шу жумладан, биргаликда кредит олувчига тегишли маълумот ва ҳужжатлар.

19. Кредит олувчи (биргаликда кредит олувчи) юқоридаги ҳужжатларни банкка тақдим этиш билан бир вақтда шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, жумладан фуқаролик паспортини ёки шахснинг идентификация ID-картасини шахсан кўрсатади. Банк тақдим этилган ҳужжатлардан зарур кўчирмалар ва нусхалар олишга ҳақлидир.

20. Тижорат банклари кредит олувчи томонидан таълим кредити беришни сўраб банкка тақдим қилинган ариза ва унга илова қилинган барча ҳужжатларни беш иш куни мобайнида кўриб чиқиши ва таълим кредити шартномасини имзолаши ёки кредит беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, аризачига кредит беришнинг рад этилиши сабаби кўрсатилган ҳолда жавоб хати бериши лозим.

21. Таълим кредити шартномаси кредит олувчи томонидан тақдим этилган талаба ва таълим ташкилоти ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақидаги шартнома (контракт)да кўрсатилган бир йиллик тўлов суммасига тенг миқдордаги суммага тузилади.

Бунда, кейинги ўқув йили учун тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақидаги шартномада белгиланган тўлов миқдори ва таълим кредити олиш тўғрисидаги аризадан келиб чиқиб, кредит миқдори таълим кредити шартномасига қўшимча келишув имзолаш орқали ошириб борилади.

22. Таълим кредити тижорат банклари томонидан кредит олувчига Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида ажратилади.

Бунда, Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасаяди, Марказий банкнинг асосий ставкаси оширилган тақдирда эса таълим кредити бўйича фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолади.

Мазкур банднинг иккинчи хатбошисида келтирилган шартлар тижорат банки ва кредит олувчи ўртасида тузиладиган таълим кредити шартномасида акс эттирилиши лозим.

23. Тижорат банклари томонидан таълим кредити кредит олувчининг ссуда ҳисобварағидан унинг шахсий ёзма топшириғи асосида кредит олувчи ва таълим ташкилоти ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома (контракт) ёки ҳисоб варақаси/фактурасида кўрсатиб ўтилган ҳисобварағига маблағ ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

24. Таълим кредитлари бўйича маблағлар таълим ташкилотларига тижорат банклари томонидан таълим кредити шартномасида кўрсатилган шартларда ўқув йили мобайнида ўқиш учун йиллик тўловнинг тўлиқ миқдорини белгиланган тартибда, тенг улушларда тўрт қисмга бўлиш йўли билан ўтказилади.

Тижорат банклари кредит олувчининг ёзма аризасига асосан тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақидаги шартномасида (контрактида) назарда тутилган ҳолларда ўқишнинг ярим йил ёки тўлиқ бир йил учун тўлов суммасини бирйўла амалга ошириши мумкин.

25. Тижорат банклари Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан жалб қилинган, бироқ кредит олувчи томонидан таълим кредитининг ўзлаштирилмаган қисми миқдордаги маблағларни 24-банднинг иккинчи хатбошисида келтирилган мос муддатлардан сўнг уч иш куни мобайнида Иқтисодиёт ва молия вазирлигига қайтаради.

26. Кредит олувчининг тижорат банкидан олган таълим кредити бўйича муддати ўтган фоиз қарздорлиги мавжуд бўлса ёки мунтазам равишда тўлов муддатини ўтказиб келган бўлса, тижорат банки таълим кредити шартномасида белгиланган тартибда кредит олувчига тўлов-контрактнинг навбатдаги қисми бўйича ёки кейинги йиллар учун таълим кредитини ажратишни рад этиши мумкин.

4-боб. Кредитни қайтариш ва кредит мониторингини амалга ошириш тартиби

27. Асосий қарз ва фоиз тўловлари кредит олувчи (биргаликда кредит олувчи) томонидан таълим кредити шартномасида кўрсатилган шартларда тўланади.

28. Кредит олувчи (биргаликда кредит олувчи) таълим кредитини таълим кредити шартномасида белгиланган муддатлардан олдин қайтаришга ҳақлидир.

29. Кредит олувчи (биргаликда кредит олувчи) таълим кредити бўйича фоиз тўловлари ва асосий қарзни таълим кредити шартномасида белгиланган муддатларда қайтармаса, тижорат банки таълим кредити бўйича муддати ўтган қарздорликларни ўзининг ички ҳужжатларига асосан қайтариш чораларини кўради.

30. Таълим кредитининг асосий қарзи ва (ёки) фоизи бўйича 180 кундан ортиқ муддати ўтган қарздорлик юзага келганда банк гаров шартномасига мувофиқ ўзининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги олдидаги мажбуриятларини таълим кредитининг асосий қарзи қолдиғининг 50 фоизи миқдорига камайтириш юзасидан тегишли бухгалтерия ўтказмасини амалга оширади ва бу ҳақда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-санасига қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлигини хабардор қилади.

31. Тижорат банкининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги олдида ўз мажбуриятини мазкур Низомнинг 30-бандида кўрсатилган ҳолатларда камайтириши кредит олувчи (биргаликда кредит олувчи)нинг банкка таълим кредити бўйича фоиз ва асосий қарзни тўлиқ тўлаш мажбуриятидан озод этмайди.

32. Агар таълим кредити тижорат банкининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги олдидаги мажбурияти камайтирилгандан сўнг тўлиқ ёки қисман қайтарилса, тижорат банки қайтарилган маблағнинг 50 фоизига тенг миқдорда ўзининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги олдидаги мажбуриятини оширади ва қайтган маблағдан ушбу мажбуриятни сўндиради.

Тижорат банки қайтарилган маблағнинг қолган қисмини кредит олувчининг тижорат банки олдидаги қарздорлигини сўндиришга йўналтиради.

5-боб. Якунловчи қоидалар

33. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

34. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 августдаги 527-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида» 2001 йил 26 июлдаги 318-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й., 7-сон, 43-модда).

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2007 йил 1 мартдаги 43-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2007 й., 2-3-сон, 13-модда) илованинг 6-банди .

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2010 йил 24 мартдаги 52-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2010 й., 3-сон, 12-модда) 1-илованинг 22-банди .

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2013 йил 11 декабрдаги 327-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2013 й., 12-сон, 92-модда) илованинг 2-банди .

6. Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган тасдиқловчи ҳужжатлар турларини тубдан қисқартириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 3 октябрдаги 789-сон қарорига илованинг 1-банди .

7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 11 мартдаги 132-сон қарорига 3-илованинг 1-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 18 август,

527-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.08.2021 й., 09/21/527/0804-сон; 19.07.2022 й., 07/22/323/0647-сон; 15.08.2023 й., 09/23/378/0609-сон; 17.09.2024 й., 09/24/579/0725-сон; 30.12.2024 й., 07/24/455/1092-сон; 22.05.2025 й., 09/25/325/0460-сон; 15.09.2025 й., 09/25/578/0826-сон; 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон; 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

ROʻYXATI

Oliy, oʻrta maxsus va professional taʼlim tashkilotlarida toʻlov-kontrakt asosida oʻqish uchun taʼlim kreditlari ajratishni tartibga solish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oliy, oʻrta maxsus va professional taʼlim tashkilotlarida taʼlim olish imkoniyatlarini yanada kengaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 30-iyuldagi PQ-5203-son qaroriga muvofiq hamda talabalarga oliy, oʻrta maxsus va professional taʼlim tashkilotlarida taʼlim olish imkoniyatlarini kengaytirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oliy, oʻrta maxsus va professional taʼlim tashkilotlarida taʼlim olish imkoniyatlarini yanada kengaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 30-iyuldagi PQ-5203-son qarori 1-bandiga muvofiq:

oliy, oʻrta maxsus va professional taʼlim tashkilotlari talabalariga ajratiladigan taʼlim kreditlari boʻyicha tijorat banklarini moliyaviy resurslar bilan taʼminlash uchun Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzurida Taʼlim kreditini moliyalashtirish jamgʻarmasi tashkil etilganligi;

ushbu Jamgʻarmaga Davlat budjetidan 2021-yilda kamida 1 trillion soʻm, keyingi yillarda esa haqiqiy talabdan kelib chiqib mablagʻ ajratish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Taʼlim kreditini moliyalashtirish jamgʻarmasi hisobidan oliy, oʻrta maxsus va professional taʼlim tashkilotlarida toʻlov-kontrakt asosida oʻqish uchun taʼlim kreditlarini ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

taʼlim kreditlari boʻyicha yuzaga keladigan kredit tavakkalchiligini Iqtisodiyot va moliya vazirligi va tijorat banklari oʻrtasida taqsimlash hamda Jamgʻarmadan ajratilgan mablagʻlarning bir qismini tijorat banklari tomonidan garov depoziti sifatida qabul qilish;

respublikadagi oliy, oʻrta maxsus va professional taʼlim muassasalari, shu jumladan xususiy va xorijiy oliy, oʻrta maxsus va professional taʼlim tashkilotlari hamda ularning filiallari talabalariga kontrakt toʻlovlari uchun kredit ajratish;

Jamgʻarma tomonidan taʼlim kreditlari uchun mablagʻlar ajratishda tijorat banklariga qoʻyiladigan muvofiqlik mezonlarini oʻrnatish.

3. Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi va Oʻzbekiston milliy teleradiokompaniyasiga ommaviy axborot vositalarida hamda ijtimoiy tarmoqlarda taʼlim kreditlari, shu jumladan, toʻlov-kontrakt asosida tahsil olish uchun taʼlim krediti ajratishning yangi tartibi va uning ijtimoiy ahamiyatini keng yoritish tavsiya etilsin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

6. Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev, oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri A.X. Toshkulov hamda moliya vaziri T.A. Ishmetov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 18-avgustdagi 527-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Taʼlim kreditini moliyalashtirish jamgʻarmasi hisobidan tijorat banklari orqali oliy, oʻrta maxsus va professional taʼlim tashkilotlarida toʻlov-kontrakt asosida oʻqish uchun taʼlim kreditlarini ajratish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasida faoliyat koʻrsatayotgan taʼlim muddati bir yil va undan ortiqni tashkil etuvchi barcha oliy, oʻrta maxsus va professional taʼlim tashkilotlari (davlat, nodavlat oliy, oʻrta maxsus va professional taʼlim tashkilotlari, Oʻzbekiston Respublikasi hududidagi xorijiy oliy, oʻrta maxsus va professional taʼlim tashkilotlari va ularning filiallari)da (keyingi oʻrinlarda — taʼlim tashkiloti) va qoʻshma taʼlim dasturlari boʻyicha bakalavr hamda magistraturaning kunduzgi taʼlim shaklida toʻlov-kontrakt asosida tahsil olish uchun Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolariga Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Taʼlim kreditini moliyalashtirish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlari hisobidan taʼlim kreditlarini (keyingi oʻrinlarda — taʼlim kreditlari) ajratish va ularni qaytarish tartibini belgilaydi.

Ushbu Nizom qoidalari:

chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga nisbatan;

tijorat banklari tomonidan Jamgʻarma mablagʻlaridan tashqari boshqa manbalar hisobidan beriladigan taʼlim kreditlariga nisbatan tatbiq etilmaydi.

2. Taʼlim kreditlarini berish tijorat banklari tomonidan ularning qaytarilishi, toʻlovliligi, muddatliligi va ulardan maqsadli foydalanish shartlari asosida belgilangan talablarga muvofiq amalga oshiriladi.

2 1 . 2024/2025 oʻquv yilidan boshlab taʼlim krediti ikkinchi va undan yuqori bosqich talabalari uchun fanlarni oʻzlashtirishning oʻrtacha koʻrsatkichi (grade point average):

“3” dan past boʻlgan taqdirda, toʻlov-kontrakt summasining koʻpi bilan 80 foizi miqdorida ajratiladi, bunda kredit toʻlov-kontrakt summasining dastlabki 20 foizi talaba tomonidan toʻlangandan keyin ajratiladi;

“3” va undan yuqori boʻlgan taqdirda va (yoki) Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning taʼlim olayotgan aʼzolari uchun taʼlim krediti toʻlov-kontrakt summasi miqdorida ajratiladi.

2 2 . Joriy oʻquv yili uchun taʼlim kreditini olmoqchi boʻlgan talabaning fanlarni oʻzlashtirishning oʻrtacha koʻrsatkichi (grade point average) avvalgi oʻquv yili yakuni boʻyicha “Oliy taʼlim jarayonlarini boshqarish” (NEMIS) axborot tizimidan olinadi.

2 3 . Talabaning fanlarni oʻzlashtirishning oʻrtacha koʻrsatkichi (grade point average) koʻrsatkichi va tegishli maʼlumotlari “Oliy taʼlim jarayonlarini boshqarish” (NEMIS) axborot tizimi, toʻlov-kontrakt toʻgʻrisidagi maʼlumotlari esa “Talabalarga shartnoma asosida koʻrsatiladigan xizmatlar hisobini yuritish” (kontrakt.edu.uz) axborot tizimi orqali avtomatik tarzda shakllantiriladi.

Bunda nodavlat va xorijiy oliy taʼlim tashkilotlari talabalarining toʻlov-kontrakt toʻgʻrisidagi maʼlumotlari ularning axborot tizimlarini “Talabalarga shartnoma asosida koʻrsatiladigan xizmatlar hisobini yuritish” (kontrakt.edu.uz) axborot tizimiga integratsiya qilish yoki mazkur axborot tizimidan foydalanish orqali shakllantiriladi.

2 4 . Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning talaba farzandlari uchun 2024/2025 oʻquv yilidan boshlab oliy taʼlim tashkilotlarida fanlarni oʻzlashtirishning oʻrtacha koʻrsatkichi (GPA (grade point average) koʻrsatkichi) “3,5” va undan yuqori boʻlganda, keyingi oʻquv yili uchun foizsiz taʼlim krediti ajratiladi.

Bunda oliy taʼlim tashkilotlarida taʼlim olayotgan Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning talaba farzandlari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining “Ijtimoiy reyestr” axborot moduli orqali aniqlanadi hamda mazkur axborot moduli Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining “Oliy taʼlim jarayonlarini boshqarish” (NEMIS) axborot tizimiga oʻzaro integratsiya qilinadi.

3. Taʼlim kreditlari tijorat banklari tomonidan taʼlim tashkilotlari bakalavr hamda magistraturaning kunduzgi taʼlim shaklida toʻlov-kontrakt asosida oʻqishga tavsiya etilgan yoki qabul qilingan, shuningdek oʻqishini koʻchirgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi boʻlgan talabalarga (keyingi oʻrinlarda — kredit oluvchi) beriladi.

Bunda, kredit oluvchining doimiy daromad manbaiga ega boʻlgan oila aʼzolari (ota-onasi, aka-ukasi, opa-singlisi, eri yoki xotini) yoki boshqa uchinchi shaxslar taʼlim krediti shartnomasida birgalikda kredit oluvchi sifatida qatnashishlari mumkin.

Taʼlim tashkilotida tahsil olish maqsadida tabaqalashtirilgan toʻlov-kontraktni va tabaqalashtirilgan toʻlov-kontraktning minimal miqdoriga teng boʻlgan bir martalik boshqa toʻlovlarni hamda davlat oliy taʼlim muassasalari magistraturasiga qoʻshimcha qabul parametrlari asosida oʻqishga qabul qilingan abituriyent va talabalarning toʻlov-kontrakt toʻlovlarini amalga oshirish uchun taʼlim krediti ajratilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

4. Taʼlim kreditining asosiy qarzi talabaning rasmiy oʻqish muddati tugagandan soʻng yettinchi oydan boshlab 7 yil davomida qaytariladi.

Bunda, taʼlim kreditlari uchun foizlarni hisoblash va toʻlash taʼlim tashkilotiga mablagʻlar oʻtkazilgan sanadan boshlab, asosiy qarzni qaytarish esa kredit oluvchi tomonidan taʼlim tashkilotida taʼlimning ushbu turi boʻyicha oʻqishning rasmiy belgilangan muddati tugallangandan soʻng yettinchi oydan boshlab amalga oshiriladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qoraqalpogʻiston Respublikasida tadbirkorlik, innovatsion texnologiyalar va infratuzilmalarni jadal surʼatlarda rivojlantirish orqali aholi farovonligini oshirishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 31-avgustdagi PF-213-son Farmonining 10-bandi “a” kichik bandida belgilangan qoʻshimcha qabul parametrlari asosida oʻqishga qabul qilingan talabalarga ajratilgan taʼlim kreditlari boʻyicha foiz toʻlovlari Jamgʻarma hisobidan qoplab beriladi.

2-bob. Tijorat banklariga qoʻyiladigan muvofiqlik mezonlari va ularga mablagʻlar ajratish tartibi

5. Jamgʻarma tomonidan taʼlim kreditlari uchun mablagʻlar ajratishda tijorat banklariga nisbatan quyidagi muvofiqlik mezonlari belgilanadi:

tijorat bankida taʼlim kreditlarini ajratish yuzasidan aniq belgilangan ichki tartibning mavjudligi;

tijorat banki “Fitch Ratings” yoki “Standard & Poorʼs” reyting agentliklarining “V” darajasidan yoki “Moodyʼs Investors Service” reyting agentligining “V2” reytingidan past boʻlmagan darajada uzoq muddatli kredit reytingiga ega boʻlishi;

oxirgi uch yillik moliyaviy hisobotlar boʻyicha auditorlik tashkiloti ijobiy xulosasining mavjudligi. Agar tijorat banki uch yildan kam muddat faoliyat koʻrsatgan boʻlsa, tijorat bankining faoliyat yuritgan yillar uchun moliyaviy hisobotlari boʻyicha auditorlik tashkilotining ijobiy xulosasi mavjud boʻlishi;

bankning regulyativ kapitali 500 milliard soʻmdan kam boʻlmasligi;

bank Davlat budjeti mablagʻlari, shu jumladan, Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan joylashtirilgan mablagʻlar boʻyicha muddati oʻtgan qarzdorlikka ega boʻlmasligi;

Markaziy bank tomonidan belgilangan prudensial normativlar buzilganligi sababli unga nisbatan taʼlim krediti berilishiga toʻsqinlik qiluvchi amaldagi chora va sanksiyalar mavjud boʻlmasligi.

Iqtisodiyot va moliya vazirligi mazkur bandning ikkinchi — oltinchi xatboshilarida nazarda tutilgan hujjat va maʼlumotlarni murojaat etuvchi tijorat banklardan, mazkur bandning yettinchi xatboshisida keltirilgan maʼlumotlarni Markaziy bankdan belgilangan tartibda soʻrab oladi.

Iqtisodiyot va moliya vazirligi tijorat banklarining muvofiqlik mezonlariga mos kelishini baholashda Markaziy bankdan ularning moliyaviy holati toʻgʻrisidagi qoʻshimcha axborotni soʻrab olishi mumkin.

6. Tijorat banklari mazkur Nizomning 5-bandida koʻrsatilgan mezonlarga muvofiqlikni tasdiqlovchi hujjat va maʼlumotlarni Jamgʻarmaga taqdim etadi.

Taqdim etilgan hujjat va maʼlumotlar Jamgʻarma tomonidan besh ish kunida ushbu Nizomning 5-bandida koʻrsatilgan mezonlarga muvofiqligi yuzasidan oʻrganiladi.

Belgilangan mezonlarga muvofiq deb topilgan tijorat banklari bilan Iqtisodiyot va moliya vazirligi oʻrtasida taʼlim kreditlari uchun mablagʻlar ajratish yuzasidan Bosh bitim (keyingi oʻrinlarda — Bosh bitim) tuziladi.

Jamgʻarma tomonidan ushbu Nizom doirasida ajratiladigan mablagʻlar bankning birinchi darajali regulyativ kapitalidan oshib ketmasligi lozim.

7. Tijorat banklari mazkur Nizomning 5-bandida koʻrsatilgan mezonlarga muvofiq emas deb topilganda, ular bilan Bosh bitim tuzishni rad etish haqida yozma tarzda xabardor qilinadi.

8. Iqtisodiyot va moliya vazirligi doimiy ravishda mazkur Nizom doirasida Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan Bosh bitim tuzgan tijorat banklarining roʻyxatini oʻzining rasmiy veb-saytlarida eʼlon qiladi.

9. Iqtisodiyot va moliya vazirligi tijorat banklariga taʼlim kreditlari ajratish uchun 15 yildan koʻp boʻlmagan muddatga depozit mablagʻlarni joylashtiradi.

10. Tijorat banklari taʼlim krediti olish istagini bildirgan kredit oluvchilar reyestrini (keyingi oʻrinlarda — Reyestr):

toʻlov-kontrakt miqdorining 25 foizi boʻyicha — kredit oluvchilardan har yili 1-sentabrga qadar kredit olish uchun kelib tushgan arizalar asosida;

toʻlov-kontrakt miqdorining 50, 75 va 100 foizi boʻyicha — oʻquv yili davomida taʼlim krediti shartnomasi tuzgan kredit oluvchilar ehtiyoji hisob-kitobidan va har yili, mos ravishda, 15-dekabr, 15-mart va 15-iyunga qadar kredit olish uchun yangi kelib tushgan arizalar asosida shakllantiradi.

11. Tijorat banklari har chorak uchun shakllantirilgan reyestrlar asosida 5-sentabr, 20-dekabr, 20-mart va 20-iyunga qadar Jamgʻarmaga taʼlim krediti uchun mablagʻlarni olish maqsadida buyurtmanomani taqdim qiladi.

Tijorat banklari tomonidan mazkur bandning birinchi xatboshisida belgilangan muddatlarga qadar shakllantiriladigan Reyestrga asosan Jamgʻarmaga bir yoki bir necha marta buyurtmanoma taqdim etishi mumkin.

Tijorat banklari tomonidan fuqarolarning taʼlim kreditiga boʻlgan talabini oʻz vaqtida qondirish maqsadida tijorat banklarining oʻz mablagʻlari hisobidan mazkur Nizomda belgilangan shartlarda ajratilgan taʼlim kreditlari Iqtisodiyot va moliya vazirligidan ajratilgan mablagʻlar hisobidan qayta moliyalashtirilishi mumkin.

12. Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish boʻyicha davlat komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Davlat komissiyasi) tomonidan taʼlim tashkilotlari qabul parametrlariga oʻzgartirish kiritilishi va boshqa sabablarga koʻra mazkur Nizomning 10-bandida keltirilgan muddatlardan keyin taqdim etilgan arizalar asosida tijorat banklari Reyestr shakllantirib boradi va har oyning 15-sanasi va oxirgi sanasida Jamgʻarmaga buyurtmanoma yuboradi.

13. Taʼlim tashkilotlari oʻquv yili davomida toʻlov-kontrakt miqdori oʻzgargan taqdirda, bu haqida tijorat banklarini toʻlov-kontrakt miqdori oʻzgargan kundan boshlab besh ish kuni mobaynida xabardor qiladi.

14. Jamgʻarma buyurtmanomalar kelib tushgan kundan boshlab besh ish kunida tijorat banklari bilan Iqtisodiyot va moliya vazirligi oʻrtasida taʼlim krediti uchun mablagʻlarni ajratish boʻyicha depozit shartnomasi imzolab, ushbu mablagʻlarni tijorat banklarining tegishli hisobvaragʻiga oʻtkazib beradi.

15. Bosh bitimga muvofiq Jamgʻarma mablagʻlarni tijorat banklariga Markaziy bankning asosiy stavkasidan toʻrt foiz bandga past stavkada joylashtiradi.

Bunda, Markaziy bankning asosiy stavkasi pasaytirilgan taqdirda Iqtisodiyot va moliya vazirligi va tijorat banklari oʻrtasida tuzilgan taʼlim krediti uchun mablagʻlarni ajratish toʻgʻrisidagi depozit shartnomasiga foiz stavkasini tegishli davr uchun mos ravishdagi foiz bandga tushirish boʻyicha tegishli oʻzgartirishlar kiritiladi.

Markaziy bankning asosiy stavkasi koʻtarilgan taqdirda, taʼlim krediti uchun mablagʻlarni ajratish boʻyicha foiz stavkasi oʻzgarishsiz qoldiriladi.

16. Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan tijorat banklariga joylashtirilgan taʼlim krediti uchun mablagʻlarni qaytarish va ular boʻyicha foizlarni toʻlash tijorat banklari va Iqtisodiyot va moliya vazirligi oʻrtasida tuzilgan depozit shartnomasida belgilangan tartibda va muddatlarda amalga oshiriladi.

17. Taʼlim kreditlari boʻyicha yuzaga kelishi mumkin boʻlgan kredit tavakkalchiliklarini oʻzaro taqsimlash maqsadida Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan Bosh bitimga muvofiq tijorat banklariga joylashtirilgan mablagʻlarining 50 foizini Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan tijorat banklariga garov depoziti sifatida qoʻyish boʻyicha tijorat banki va Iqtisodiyot va moliya vazirligi oʻrtasida garov shartnomasi (keyingi oʻrinlarda — garov shartnomasi) tuziladi.

17 1 . Toʻlov-kontrakt shartnomasini olish uchun:

oliy taʼlim tashkiloti talabasi “Talabalarga shartnoma asosida koʻrsatiladigan xizmatlar hisobini yuritish” (kontrakt.edu.uz) axborot tizimi orqali;

professional taʼlim tashkilotlari oʻquvchilari esa “Professional taʼlim jarayonlarini boshqarish” (prof.edu.uz) axborot tizimi orqali ariza yuboradi.

17 2 . Arizani oliy taʼlim tashkiloti “Talabalarga shartnoma asosida koʻrsatiladigan xizmatlar hisobini yuritish” (kontrakt.edu.uz) axborot tizimi orqali, professional taʼlim tashkiloti “Professional taʼlim jarayonlarini boshqarish” (prof.edu.uz) axborot tizimi orqali koʻrib chiqadi.

Kredit oluvchi oliy taʼlim tashkilotining talabalarni oʻqishga qabul qilish yoki oʻqishni davom ettirish boʻyicha tegishli ichki tartib yoki qoidalariga (keyingi oʻrinlarda — ichki tartib qoidalar) muvofiq deb topilganda:

birinchi bosqichga tavsiya etilgan kredit oluvchini “Oliy taʼlim jarayonlarini boshqarish” (NEMIS) axborot tizimidan roʻyxatdan oʻtkazadi hamda belgilangan tartibda toʻlov-kontrakt shartnomasini imzolaydi;

ikkinchi va undan yuqori bosqich talabasi bilan belgilangan tartibda toʻlov-kontrakt shartnomasini imzolaydi.

Kredit oluvchi ichki tartib yoki qoidalarga muvofiq emas deb topilganda, unga toʻlov-kontrakt shartnomasini taqdim etish rad etilganligi haqida asoslantirilgan sabablarni koʻrsatgan holda belgilangan tartibda xabardor qiladi.

Kredit oluvchi professional taʼlim tashkilotining ichki tartib yoki qoidalariga muvofiq deb topilganda:

birinchi bosqichga tavsiya etilgan kredit oluvchini “Professional taʼlim jarayonlarini boshqarish” (prof.edu.uz) axborot tizimidan roʻyxatdan oʻtkazadi hamda belgilangan tartibda toʻlov-kontrakt shartnomasini imzolaydi;

ikkinchi va undan yuqori bosqich oʻquvchisi bilan belgilangan tartibda toʻlov-kontrakt shartnomasini imzolaydi.

Kredit oluvchi ichki tartib yoki qoidalarga muvofiq emas deb topilganda, unga toʻlov-kontrakt shartnomasini taqdim etish rad etilganligi haqida asoslantirilgan sabablarini koʻrsatgan holda belgilangan tartibda xabardor qiladi.

17 3 . Kredit oluvchi taʼlim krediti olish uchun belgilangan tartibda Iqtisodiyot va moliya vazirligining rasmiy veb-saytida eʼlon qilingan tijorat banklariga “Yagona interaktiv davlat xizmatlari” (my.gov.uz) portali, “Taʼlim krediti” (taʼlim-krediti.mf.uz) axborot tizimi yoki toʻgʻridan-toʻgʻri murojaat qiladi.

17 4 . Kredit oluvchi tomonidan taʼlim kreditini olish uchun toʻgʻridan-toʻgʻri tijorat bankiga murojaat qilinganda, tijorat banki ular uchun ochilgan “Taʼlim krediti” (taʼlim-krediti.mf.uz) axborot tizimidagi shaxsiy kabinet orqali taʼlim krediti olish toʻgʻrisidagi arizani shakllantiradi.

Bunda tijorat banki oʻzining ichki tartib qoidalaridan kelib chiqib, kredit oluvchining shaxsiy maʼlumotlarini qayta ishlash uchun roziligini oladi va “Taʼlim krediti” (taʼlim-krediti.mf.uz) axborot tizimida roziligi olinganligini koʻrsatib oʻtadi.

3-bob. Taʼlim kreditini rasmiylashtirish va ajratish tartibi

18. Kredit oluvchi taʼlim kreditini olish uchun toʻgʻridan-toʻgʻri tijorat bankiga murojaat qilishda quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:

a) taʼlim krediti olish toʻgʻrisidagi ariza;

b) talaba va taʼlim tashkiloti oʻrtasidagi toʻlov-kontrakt asosida oʻqish haqida belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan shartnoma (kontrakt) va unga ilova qilinadigan hisob varaqasi/fakturasi (mavjud boʻlganda). Shartnoma (kontrakt)da oʻqishni tamomlashning belgilangan muddati va bir yil uchun toʻlov miqdori koʻrsatilgan boʻlishi lozim;

v) bankning kredit siyosati va ichki tartibiga muvofiq taʼlim krediti qaytarilishining taʼminoti boʻyicha hujjat. Bunda Ijtimoiy reyestrga kirgan oilalarning farzandlariga ajratiladigan taʼlim krediti boʻyicha garov va kafillik talab etilmaydi;

g) Ijtimoiy reyestrga kiritilganligini tasdiqlovchi maʼlumotnoma (Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalar farzandlari uchun);

d) bankning ichki hujjatlarida (siyosatida) belgilangan boshqa hujjatlar, shu jumladan, birgalikda kredit oluvchiga tegishli maʼlumot va hujjatlar.

19. Kredit oluvchi (birgalikda kredit oluvchi) yuqoridagi hujjatlarni bankka taqdim etish bilan bir vaqtda shaxsini tasdiqlovchi hujjatni, jumladan fuqarolik pasportini yoki shaxsning identifikatsiya ID-kartasini shaxsan koʻrsatadi. Bank taqdim etilgan hujjatlardan zarur koʻchirmalar va nusxalar olishga haqlidir.

20. Tijorat banklari kredit oluvchi tomonidan taʼlim krediti berishni soʻrab bankka taqdim qilingan ariza va unga ilova qilingan barcha hujjatlarni besh ish kuni mobaynida koʻrib chiqishi va taʼlim krediti shartnomasini imzolashi yoki kredit berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, arizachiga kredit berishning rad etilishi sababi koʻrsatilgan holda javob xati berishi lozim.

21. Taʼlim krediti shartnomasi kredit oluvchi tomonidan taqdim etilgan talaba va taʼlim tashkiloti oʻrtasidagi toʻlov-kontrakt asosida oʻqish haqidagi shartnoma (kontrakt)da koʻrsatilgan bir yillik toʻlov summasiga teng miqdordagi summaga tuziladi.

Bunda, keyingi oʻquv yili uchun toʻlov-kontrakt asosida oʻqish haqidagi shartnomada belgilangan toʻlov miqdori va taʼlim krediti olish toʻgʻrisidagi arizadan kelib chiqib, kredit miqdori taʼlim krediti shartnomasiga qoʻshimcha kelishuv imzolash orqali oshirib boriladi.

22. Taʼlim krediti tijorat banklari tomonidan kredit oluvchiga Markaziy bankning asosiy stavkasi miqdorida ajratiladi.

Bunda, Markaziy bankning asosiy stavkasi pasaytirilgan taqdirda, taʼlim krediti boʻyicha foiz stavkasi mutanosib ravishda pasayadi, Markaziy bankning asosiy stavkasi oshirilgan taqdirda esa taʼlim krediti boʻyicha foiz stavkasi oʻzgarishsiz qoladi.

Mazkur bandning ikkinchi xatboshisida keltirilgan shartlar tijorat banki va kredit oluvchi oʻrtasida tuziladigan taʼlim krediti shartnomasida aks ettirilishi lozim.

23. Tijorat banklari tomonidan taʼlim krediti kredit oluvchining ssuda hisobvaragʻidan uning shaxsiy yozma topshirigʻi asosida kredit oluvchi va taʼlim tashkiloti oʻrtasidagi toʻlov-kontrakt asosida oʻqish haqida belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan shartnoma (kontrakt) yoki hisob varaqasi/fakturasida koʻrsatib oʻtilgan hisobvaragʻiga mablagʻ oʻtkazish yoʻli bilan amalga oshiriladi.

24. Taʼlim kreditlari boʻyicha mablagʻlar taʼlim tashkilotlariga tijorat banklari tomonidan taʼlim krediti shartnomasida koʻrsatilgan shartlarda oʻquv yili mobaynida oʻqish uchun yillik toʻlovning toʻliq miqdorini belgilangan tartibda, teng ulushlarda toʻrt qismga boʻlish yoʻli bilan oʻtkaziladi.

Tijorat banklari kredit oluvchining yozma arizasiga asosan toʻlov-kontrakt asosida oʻqish haqidagi shartnomasida (kontraktida) nazarda tutilgan hollarda oʻqishning yarim yil yoki toʻliq bir yil uchun toʻlov summasini biryoʻla amalga oshirishi mumkin.

25. Tijorat banklari Iqtisodiyot va moliya vazirligidan jalb qilingan, biroq kredit oluvchi tomonidan taʼlim kreditining oʻzlashtirilmagan qismi miqdordagi mablagʻlarni 24-bandning ikkinchi xatboshisida keltirilgan mos muddatlardan soʻng uch ish kuni mobaynida Iqtisodiyot va moliya vazirligiga qaytaradi.

26. Kredit oluvchining tijorat bankidan olgan taʼlim krediti boʻyicha muddati oʻtgan foiz qarzdorligi mavjud boʻlsa yoki muntazam ravishda toʻlov muddatini oʻtkazib kelgan boʻlsa, tijorat banki taʼlim krediti shartnomasida belgilangan tartibda kredit oluvchiga toʻlov-kontraktning navbatdagi qismi boʻyicha yoki keyingi yillar uchun taʼlim kreditini ajratishni rad etishi mumkin.

4-bob. Kreditni qaytarish va kredit monitoringini amalga oshirish tartibi

27. Asosiy qarz va foiz toʻlovlari kredit oluvchi (birgalikda kredit oluvchi) tomonidan taʼlim krediti shartnomasida koʻrsatilgan shartlarda toʻlanadi.

28. Kredit oluvchi (birgalikda kredit oluvchi) taʼlim kreditini taʼlim krediti shartnomasida belgilangan muddatlardan oldin qaytarishga haqlidir.

29. Kredit oluvchi (birgalikda kredit oluvchi) taʼlim krediti boʻyicha foiz toʻlovlari va asosiy qarzni taʼlim krediti shartnomasida belgilangan muddatlarda qaytarmasa, tijorat banki taʼlim krediti boʻyicha muddati oʻtgan qarzdorliklarni oʻzining ichki hujjatlariga asosan qaytarish choralarini koʻradi.

30. Taʼlim kreditining asosiy qarzi va (yoki) foizi boʻyicha 180 kundan ortiq muddati oʻtgan qarzdorlik yuzaga kelganda bank garov shartnomasiga muvofiq oʻzining Iqtisodiyot va moliya vazirligi oldidagi majburiyatlarini taʼlim kreditining asosiy qarzi qoldigʻining 50 foizi miqdoriga kamaytirish yuzasidan tegishli buxgalteriya oʻtkazmasini amalga oshiradi va bu haqda hisobot oyidan keyingi oyning 15-sanasiga qadar Iqtisodiyot va moliya vazirligini xabardor qiladi.

31. Tijorat bankining Iqtisodiyot va moliya vazirligi oldida oʻz majburiyatini mazkur Nizomning 30-bandida koʻrsatilgan holatlarda kamaytirishi kredit oluvchi (birgalikda kredit oluvchi)ning bankka taʼlim krediti boʻyicha foiz va asosiy qarzni toʻliq toʻlash majburiyatidan ozod etmaydi.

32. Agar taʼlim krediti tijorat bankining Iqtisodiyot va moliya vazirligi oldidagi majburiyati kamaytirilgandan soʻng toʻliq yoki qisman qaytarilsa, tijorat banki qaytarilgan mablagʻning 50 foiziga teng miqdorda oʻzining Iqtisodiyot va moliya vazirligi oldidagi majburiyatini oshiradi va qaytgan mablagʻdan ushbu majburiyatni soʻndiradi.

Tijorat banki qaytarilgan mablagʻning qolgan qismini kredit oluvchining tijorat banki oldidagi qarzdorligini soʻndirishga yoʻnaltiradi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

33. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

34. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 18-avgustdagi 527-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Oliy oʻquv yurtlarida toʻlov-kontrakt asosida oʻqish uchun taʼlim kreditlari berish toʻgʻrisida” 2001-yil 26-iyuldagi 318-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2001-y., 7-son, 43-modda).

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” 2007-yil 1-martdagi 43-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2007-y., 2-3-son, 13-modda) ilovaning 6-bandi .

4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2010-yil 24-martdagi 52-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2010-y., 3-son, 12-modda) 1-ilovaning 22-bandi .

5. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” 2013-yil 11-dekabrdagi 327-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2013-y., 12-son, 92-modda) ilovaning 2-bandi .

6. Vazirlar Mahkamasining “Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari tomonidan beriladigan tasdiqlovchi hujjatlar turlarini tubdan qisqartirish boʻyicha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2018-yil 3-oktabrdagi 789-son qaroriga ilovaning 1-bandi .

7. Vazirlar Mahkamasining “Yoshlarni ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 11-martdagi 132-son qaroriga 3-ilovaning 1-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 18-avgust,

527-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 18.08.2021-y., 09/21/527/0804-son; 19.07.2022-y., 07/22/323/0647-son; 15.08.2023-y., 09/23/378/0609-son; 17.09.2024-y., 09/24/579/0725-son; 30.12.2024-y., 07/24/455/1092-son; 22.05.2025-y., 09/25/325/0460-son; 15.09.2025-y., 09/25/578/0826-son; 10.11.2025-y., 09/25/709/1027-son; 02.02.2026-y., 09/26/35/0101-son)

lex.uz