UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 19-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 19 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 19 августа 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 19 August 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Учинчи шахсларга солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш чора-тадбирлари ҳақида

Тадбиркорлик субъектлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, бизнесни қонуний, шаффоф ва қулай юритиш учун мақбул шарт-шароитлар яратиш, давлат солиқ хизмати органларига солиқ тўловчилар томонидан тақдим этилган солиқ сирини ташкил этмайдиган маълумотларни рақамли технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда монеликсиз олиш механизмларини жорий қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

давлат-хусусий шериклик асосида Интернет жаҳон ахборот тармоғида реал вақт режимида ишловчи «Ишончли ҳамкор» автоматлаштирилган ахборот тизимини (кейинги ўринларда — «Ишончли ҳамкор» ААТ) ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш;

«Ишончли ҳамкор» ААТ орқали солиқ тўловчилар тўғрисидаги солиқ сирини ташкил этмайдиган маълумотлар ва ҳисоб маълумотлар, ҳисобварақ-фактуралар ва чекларда кўрсатилган маҳсулотларнинг (товар ва хизматларнинг) ягона электрон миллий каталоги бўйича идентификация кодларини, шунингдек, мажбурий маркировкаланган маҳсулотлар бўйича таҳлилий ва қайта ишланган маълумотларни (кейинги ўринларда — жамланган маълумотларни) юридик ва жисмоний шахсларга (кейинги ўринларда — учинчи шахсларга) тақдим этиш.

2. «Ишончли ҳамкор» ААТини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишда қуйидагилар тавсия этилсин:

учинчи шахсларнинг сўровларига асосан «Ишончли ҳамкор» ААТда мавжуд бўлган жамланган маълумотларни тақдим этиш ҳамда уларга «Солиқ тўловчи» ва «Маҳсулот ва хизматлар» профилларидан фойдаланиш имкониятини яратиш;

молиявий ҳисоботларида акс эттирилган маълумотлар асосида тадбиркорлик субъектларининг молиявий кўрсаткичларини ҳисоблаш ва тақдим этиш ҳамда банк ҳисобварағи ҳолати (очиқ/ёпиқ) бўйича маълумотларни тақдим этиш;

иқтисодиёт тармоқлари бўйича умумлаштирилган (йиғма) таҳлилий кўрсаткичларни ва солиқ юкини ҳисоблаш ва тақдим этиш;

солиқ тўловчиларнинг молиявий ҳолати ва ҳисоб маълумотларини таҳлил қилиш асосида тадбиркорлик субъектларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш (скоринг) тизимини жорий қилиш;

солиқ тўловчиларнинг розилиги билан улар тўғрисидаги маълумотларни учинчи шахсларга, шу жумладан, тижорат банкларига тақдим этишнинг техник имкониятини яратиш ва солиқ тўловчилар ҳақидаги маълумотларни уларнинг розилиги билан тақдим этиш;

маҳсулотларнинг улгуржи ва чакана савдоси ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмлари, шу жумладан, импорт қилинадиган товарлар бўйича асосий ишлаб чиқарувчилар ва харидорлар, истеъмолнинг географик харитаси, шунингдек, бозор конъюнктураси ва хизматларнинг ривожланиш ҳолати тўғрисидаги таҳлилий маълумотларни шакллантириш;

аффилланган шахслар ўртасидаги алоқаларни ҳамда солиқ хавфи даражаси мезонларининг махфий ахборот сифатида қайд этилмаган мезонлари асосида солиқ тўловчиларнинг солиқ хавфи даражасини аниқлаш ва тақдим этиш;

матрицали штрих кодни (QR-код) сканерлаш орқали савдо чекларини рўйхатдан ўтказган харидорлар тўғрисидаги маълумотларни уларнинг розилиги асосида маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларга тақдим этишнинг техник имкониятини яратиш;

«Ишончли ҳамкор» ААТда мавжуд бўлган жамланган маълумотларни ўз ичига олган матрицали штрих кодга (QR-код) эга бўлган маълумотнома тақдим этиш.

Бунда «Ишончли ҳамкор» ААТ орқали юклаб олинган маълумотнома шу куни ҳаққоний ҳисобланади ва онлайн репозиторийда сақланади.

3. Белгилансинки:

а) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси «Ишончли ҳамкор» ААТни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва унинг фаолиятини юритиш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишда давлат шериги ҳисобланади ва лойиҳани амалга ошириш мақсадида хусусий шерикни тўғридан-тўғри музокаралар асосида танлаб олади;

б) хусусий шерикни тўғридан-тўғри музокаралар асосида танлаб олиш ҳақидаги эълон оммавий ахборот воситаларида, Интернет жаҳон ахборот тармоғи, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг расмий веб-сайтларида кенг ёритиб борилади;

в) «Ишончли ҳамкор» ААТ «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформасида жойлаштирилади;

г) «Ишончли ҳамкор» ААТни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва унинг фаолиятини юритиш соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим қуйидаги тамойиллар асосида амалга оширилади:

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим томонларнинг келишуви асосида ҳар 5 йилда қайта кўриб чиқиш шарти билан тузилади;

хусусий шерик «Ишончли ҳамкор» ААТнинг оператори (кейинги ўринларда — оператор) этиб белгиланади;

оператор «Ишончли ҳамкор» ААТда мавжуд бўлган таҳлилий ва қайта ишланган маълумотларни учинчи шахсларга шартнома ёки оммавий оферта асосида тақдим этади;

маълумотларни учинчи шахсларга тақдим этиш хизматларини кўрсатишдан олинадиган даромадлар давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида келишув асосида тақсимланади;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлашда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси консалтинг ташкилотларни жалб қилади ва ушбу мақсадлар учун сарфланадиган (молиялаштириладиган) харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади;

д) оператор қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

2022 йил 1 мартга қадар ўз маблағлари ҳисобидан «Ишончли ҳамкор» ААТни ишлаб чиқиб жорий этади ва кейинчалик унинг фаолиятини юритади ҳамда «Ишончли ҳамкор» ААТни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг серверларига жойлаштиради;

ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг маълумотлар базасига электрон сўровни амалга ошириш орқали маълумотларни таҳлил қилиб ва қайта ишланган ҳолда учинчи шахсларга тақдим этади;

давлат шериги билан келишилган ҳолда, давлат органлари ва ташкилотларига «Ишончли ҳамкор» ААТ орқали маълумотлардан беғараз фойдаланиш имкониятини яратади.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

«Ишончли ҳамкор» ААТ амалиётга жорий қилингандан сўнг солиқ тўловчиларга ўзларининг шахсий кабинети орқали «Ишончли ҳамкор» ААТга кириш имкониятини яратсин;

«Ишончли ҳамкор» ААТни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва унинг фаолиятини юритиш бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузишга тайёргарлик кўриш мақсадида уч ой муддатда концепция ва лойиҳани баҳолаш ҳужжатларини ишлаб чиқсин;

2021 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида тадбиркорлик субъектларига ўз контрагентлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 29-моддаси талабларига мувофиқ солиқ сирини ташкил этмайдиган ва солиқ тўловчининг розилигисиз тақдим этиладиган маълумотларни солиқ тўловчининг идентификация рақами ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами асосида олиш имконини берувчи ахборот платформасини яратсин;

Молия вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 15 январга қадар каталогнинг идентификация кодларини Давлат харидлари соҳасида фойдаланиладиган товарларнинг (хизматларнинг) ягона миллий классификатори билан мувофиқлаштириш чораларини кўрсин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда солиқ сири тоифаларига кирмайдиган солиқ тўловчилар тўғрисидаги ҳисоб маълумотлари рўйхатини доимий кенгайтириш ишларини ташкил этсин.

5. Давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмаларига давлат харидларини амалга оширишда ҳамкорларни танлаш, субсидиялар ажратиш, хўжалик юритувчи субъектлар билан шартномалар тузишда эҳтиёт чораларини кўриш мақсадида ушбу корхоналар бўйича «Ишончли ҳамкор» ААТ орқали тадбиркорлик субъектларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш (скоринг) натижаларини таҳлил қилиш тавсия этилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси уч ой муддатда давлат органлари томонидан ўзларининг маълумотлар базаларида мавжуд бўлган маълумотларни пулли асосда учинчи шахсларга тақдим этиш тартибини жорий этиш бўйича халқаро тажрибани ўрганган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 19 август,

529-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2021 й., 09/21/529/0806-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Uchinchi shaxslarga soliq toʻlovchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni taqdim etish chora-tadbirlari haqida

Tadbirkorlik subyektlari oʻrtasida sogʻlom raqobat muhitini shakllantirish, biznesni qonuniy, shaffof va qulay yuritish uchun maqbul shart-sharoitlar yaratish, davlat soliq xizmati organlariga soliq toʻlovchilar tomonidan taqdim etilgan soliq sirini tashkil etmaydigan maʼlumotlarni raqamli texnologiyalar imkoniyatlaridan keng foydalangan holda moneliksiz olish mexanizmlarini joriy qilish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasining quyidagi takliflariga rozilik berilsin:

davlat-xususiy sheriklik asosida Internet jahon axborot tarmogʻida real vaqt rejimida ishlovchi “Ishonchli hamkor” avtomatlashtirilgan axborot tizimini (keyingi oʻrinlarda — “Ishonchli hamkor” AAT) ishlab chiqish va amaliyotga joriy etish loyihasini amalga oshirish;

“Ishonchli hamkor” AAT orqali soliq toʻlovchilar toʻgʻrisidagi soliq sirini tashkil etmaydigan maʼlumotlar va hisob maʼlumotlar, hisobvaraq-fakturalar va cheklarda koʻrsatilgan mahsulotlarning (tovar va xizmatlarning) yagona elektron milliy katalogi boʻyicha identifikatsiya kodlarini, shuningdek, majburiy markirovkalangan mahsulotlar boʻyicha tahliliy va qayta ishlangan maʼlumotlarni (keyingi oʻrinlarda — jamlangan maʼlumotlarni) yuridik va jismoniy shaxslarga (keyingi oʻrinlarda — uchinchi shaxslarga) taqdim etish.

2. “Ishonchli hamkor” AATini ishlab chiqish va amaliyotga joriy etishda quyidagilar tavsiya etilsin:

uchinchi shaxslarning soʻrovlariga asosan “Ishonchli hamkor” AATda mavjud boʻlgan jamlangan maʼlumotlarni taqdim etish hamda ularga “Soliq toʻlovchi” va “Mahsulot va xizmatlar” profillaridan foydalanish imkoniyatini yaratish;

moliyaviy hisobotlarida aks ettirilgan maʼlumotlar asosida tadbirkorlik subyektlarining moliyaviy koʻrsatkichlarini hisoblash va taqdim etish hamda bank hisobvaragʻi holati (ochiq/yopiq) boʻyicha maʼlumotlarni taqdim etish;

iqtisodiyot tarmoqlari boʻyicha umumlashtirilgan (yigʻma) tahliliy koʻrsatkichlarni va soliq yukini hisoblash va taqdim etish;

soliq toʻlovchilarning moliyaviy holati va hisob maʼlumotlarini tahlil qilish asosida tadbirkorlik subyektlarining faoliyati samaradorligini baholash (skoring) tizimini joriy qilish;

soliq toʻlovchilarning roziligi bilan ular toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni uchinchi shaxslarga, shu jumladan, tijorat banklariga taqdim etishning texnik imkoniyatini yaratish va soliq toʻlovchilar haqidagi maʼlumotlarni ularning roziligi bilan taqdim etish;

mahsulotlarning ulgurji va chakana savdosi hamda ishlab chiqarish hajmlari, shu jumladan, import qilinadigan tovarlar boʻyicha asosiy ishlab chiqaruvchilar va xaridorlar, isteʼmolning geografik xaritasi, shuningdek, bozor konyunkturasi va xizmatlarning rivojlanish holati toʻgʻrisidagi tahliliy maʼlumotlarni shakllantirish;

affillangan shaxslar oʻrtasidagi aloqalarni hamda soliq xavfi darajasi mezonlarining maxfiy axborot sifatida qayd etilmagan mezonlari asosida soliq toʻlovchilarning soliq xavfi darajasini aniqlash va taqdim etish;

matritsali shtrix kodni (QR-kod) skanerlash orqali savdo cheklarini roʻyxatdan oʻtkazgan xaridorlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni ularning roziligi asosida mahsulotlar ishlab chiqaruvchilarga taqdim etishning texnik imkoniyatini yaratish;

“Ishonchli hamkor” AATda mavjud boʻlgan jamlangan maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan matritsali shtrix kodga (QR-kod) ega boʻlgan maʼlumotnoma taqdim etish.

Bunda “Ishonchli hamkor” AAT orqali yuklab olingan maʼlumotnoma shu kuni haqqoniy hisoblanadi va onlayn repozitoriyda saqlanadi.

3. Belgilansinki:

a) Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi “Ishonchli hamkor” AATni ishlab chiqish, joriy etish va uning faoliyatini yuritish boʻyicha davlat-xususiy sheriklik loyihasini amalga oshirishda davlat sherigi hisoblanadi va loyihani amalga oshirish maqsadida xususiy sherikni toʻgʻridan toʻgʻri muzokaralar asosida tanlab oladi;

b) xususiy sherikni toʻgʻridan toʻgʻri muzokaralar asosida tanlab olish haqidagi eʼlon ommaviy axborot vositalarida, Internet jahon axborot tarmogʻi, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi, Moliya vazirligi huzuridagi Davlat-xususiy sheriklikni rivojlantirish agentligining rasmiy veb-saytlarida keng yoritib boriladi;

v) “Ishonchli hamkor” AAT “Elektron hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasida joylashtiriladi;

g) “Ishonchli hamkor” AATni ishlab chiqish, joriy etish va uning faoliyatini yuritish sohasida davlat-xususiy sheriklik toʻgʻrisidagi bitim quyidagi tamoyillar asosida amalga oshiriladi:

davlat-xususiy sheriklik toʻgʻrisidagi bitim tomonlarning kelishuvi asosida har 5 yilda qayta koʻrib chiqish sharti bilan tuziladi;

xususiy sherik “Ishonchli hamkor” AATning operatori (keyingi oʻrinlarda — operator) etib belgilanadi;

operator “Ishonchli hamkor” AATda mavjud boʻlgan tahliliy va qayta ishlangan maʼlumotlarni uchinchi shaxslarga shartnoma yoki ommaviy oferta asosida taqdim etadi;

maʼlumotlarni uchinchi shaxslarga taqdim etish xizmatlarini koʻrsatishdan olinadigan daromadlar davlat sherigi va xususiy sherik oʻrtasida kelishuv asosida taqsimlanadi;

davlat-xususiy sheriklik loyihasini tayyorlashda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi konsalting tashkilotlarni jalb qiladi va ushbu maqsadlar uchun sarflanadigan (moliyalashtiriladigan) xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasining Moddiy yordam, ijtimoiy himoya, soliq organlarini rivojlantirish va koʻzda tutilmagan xarajatlar maxsus jamgʻarmasi hisobidan amalga oshiriladi;

d) operator quyidagi vazifalarni amalga oshiradi:

2022-yil 1-martga qadar oʻz mablagʻlari hisobidan “Ishonchli hamkor” AATni ishlab chiqib joriy etadi va keyinchalik uning faoliyatini yuritadi hamda “Ishonchli hamkor” AATni Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasining serverlariga joylashtiradi;

axborot xavfsizligi talablariga rioya qilgan holda, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasining maʼlumotlar bazasiga elektron soʻrovni amalga oshirish orqali maʼlumotlarni tahlil qilib va qayta ishlangan holda uchinchi shaxslarga taqdim etadi;

davlat sherigi bilan kelishilgan holda, davlat organlari va tashkilotlariga “Ishonchli hamkor” AAT orqali maʼlumotlardan begʻaraz foydalanish imkoniyatini yaratadi.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi:

“Ishonchli hamkor” AAT amaliyotga joriy qilingandan soʻng soliq toʻlovchilarga oʻzlarining shaxsiy kabineti orqali “Ishonchli hamkor” AATga kirish imkoniyatini yaratsin;

“Ishonchli hamkor” AATni ishlab chiqish, joriy etish va uning faoliyatini yuritish boʻyicha davlat-xususiy sheriklik toʻgʻrisidagi bitimni tuzishga tayyorgarlik koʻrish maqsadida uch oy muddatda konsepsiya va loyihani baholash hujjatlarini ishlab chiqsin;

2021-yil 1-oktabrga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasining rasmiy veb-saytida tadbirkorlik subyektlariga oʻz kontragentlari toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi Soliq kodeksining 29-moddasi talablariga muvofiq soliq sirini tashkil etmaydigan va soliq toʻlovchining roziligisiz taqdim etiladigan maʼlumotlarni soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami yoki jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami asosida olish imkonini beruvchi axborot platformasini yaratsin;

Moliya vazirligi bilan birgalikda 2022-yil 15-yanvarga qadar katalogning identifikatsiya kodlarini Davlat xaridlari sohasida foydalaniladigan tovarlarning (xizmatlarning) yagona milliy klassifikatori bilan muvofiqlashtirish choralarini koʻrsin;

manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan kelishilgan holda soliq siri toifalariga kirmaydigan soliq toʻlovchilar toʻgʻrisidagi hisob maʼlumotlari roʻyxatini doimiy kengaytirish ishlarini tashkil etsin.

5. Davlat organlari va tashkilotlari, xoʻjalik birlashmalariga davlat xaridlarini amalga oshirishda hamkorlarni tanlash, subsidiyalar ajratish, xoʻjalik yurituvchi subyektlar bilan shartnomalar tuzishda ehtiyot choralarini koʻrish maqsadida ushbu korxonalar boʻyicha “Ishonchli hamkor” AAT orqali tadbirkorlik subyektlarining faoliyati samaradorligini baholash (skoring) natijalarini tahlil qilish tavsiya etilsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat statistika qoʻmitasi uch oy muddatda davlat organlari tomonidan oʻzlarining maʼlumotlar bazalarida mavjud boʻlgan maʼlumotlarni pulli asosda uchinchi shaxslarga taqdim etish tartibini joriy etish boʻyicha xalqaro tajribani oʻrgangan holda Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi raisi Sh.D. Kudbiyev zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 19-avgust,

529-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 19.08.2021-y., 09/21/529/0806-son)

lex.uz