📅 2021-yil 24-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 24-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 24 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 24 августа 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 24 August 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
ТАРКИБИ
Ички ишлар органларида энг яхши ходимларни аниқлаш бўйича республика танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 26 мартдаги ПФ-6196-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари фаолиятини янада рағбатлантириш, Ватан олдидаги шарафли бурчини адо этишдаги хизматлари учун уларни муносиб тақдирлаш, ходимлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ўз касбининг энг яхшиларини аниқлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 26 мартдаги ПФ-6196-сон Фармонига мувофиқ:
ҳар йили «Энг яхши ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи», «Энг яхши профилактика инспектори», «Энг яхши терговчи», «Энг яхши тезкор ходим» номинациялари (кейинги ўринларда — номинациялар) бўйича республика танловини ўтказиш;
энг яхши ходимларни ҳар йили «25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни»ни нишонлаш чоғида эълон қилиш;
бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ғолибларни ҳар ойлик пул таъминотининг 100 фоизигача миқдорда бир йил давомида моддий рағбатлантириш тартибини жорий этиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ички ишлар органларида энг яхши ходимларни аниқлаш бўйича республика танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
тегишли номинациялар бўйича ички ишлар органларида энг яхши ходимларни адолатлилик, холислик, ошкоралик ва коллегиаллик принциплари асосида аниқлаш;
танловнинг ҳудудий саралаш ва республика финал босқичларини ўтказиш ҳамда ғолиб ва совриндорларни аниқлаш тартиби;
синов натижалари асосида ташкилий қўмитанинг қарори билан тегишли номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш тартиби ҳамда уларга бериладиган имтиёзлар.
3. Ички ишлар органларида энг яхши ходимларни аниқлаш бўйича республика танловининг ташкилий қўмитаси (кейинги ўринларда — ташкилий қўмита) 2-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
4. Белгилансинки:
ички ишлар органларида энг яхши ходимларни аниқлаш бўйича республика танлови (кейинги ўринларда — танлов) «Энг яхши ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи», «Энг яхши профилактика инспектори», «Энг яхши терговчи», «Энг яхши тезкор ходим» номинациялари бўйича ҳудудий саралаш ва республика финал босқичларида ташкил этилади ҳамда ўтказилади;
танловда ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тергов ва тезкор-қидирув фаолияти соҳаларида камида бир йил, «Энг яхши ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи» номинацияси бўйича ҳудудий ички ишлар органи раҳбарлик лавозимларида камида икки йил амалий иш тажрибасига эга ички ишлар органларининг ходимлари иштирок этади;
танловнинг республика босқичи ғолиблари бир ойлик пул таъминотининг 50 фоизи миқдорида, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган ходимлар тегишлича бир ойлик пул таъминотининг 20 ва 10 фоизи миқдорида бир йил давомида моддий рағбатлантирилади;
танловнинг республика босқичи ғолиблари ва совриндорлари ҳар йили «25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни» муносабати билан ўтказиладиган асосий байрам тадбирида тантанали равишда эълон қилинади.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
ташкилий қўмита танловни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларга вазирликлар ва идоралар, бошқа давлат ташкилотлари вакилларини, оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчиликни жалб этиш, ходимларнинг танловга бўлган қизиқишини кучайтириш ва кўтаринки руҳда ўтказиш учун зарур бўлган бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш ҳуқуқига эга;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти ташкилий қўмитанинг ишчи органи ҳисобланади;
танловнинг адолатли ва шаффоф ўтказилиши, шунингдек, номзодлар сифатли ва холисона танлаб олиниши, қўйиладиган талабларга уларнинг мувофиқлиги учун жавобгарлик ташкилий қўмитага юкланади.
6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
икки ой муддатда танловнинг юқори даражада ташкил этилиши ва ўтказилиши бўйича барча зарур чора-тадбирларни амалга оширсин;
танлов ғолиблари ва совриндорларини тақдирлаш ҳамда уларга йил давомида тўланадиган моддий рағбатлантириш пул маблағлари, шунингдек, танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланишини таъминласин;
танлов ғолиблари ва совриндорларнинг фотосуратлари ҳамда улар ҳақидаги маълумотларни бир йил давомида барча ички ишлар органларининг маъмурий биноларида жойлаштириш, хизмат вазифаларини бажариш жараёни ва эришган ютуқларини оммавий ахборот воситалари ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ахборот ресурслари орқали кенг тарғиб этиш чораларини кўрсин;
2022 йил 1 январгача жорий йилдаги танлов натижаларидан келиб чиққан ҳолда ички ишлар органлари тизимида бошқа номинациялар бўйича республика танловларини ташкил этиш тартибини белгиловчи ички идоравий ҳужжатларни ишлаб чиқсин ва бу борадаги ишларни доимий равишда рағбатлантириб борсин.
7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига ушбу қарор ижроси билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 августдаги 539-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ички ишлар органларида энг яхши ходимларни аниқлаш бўйича республика танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом ички ишлар органларида энг яхши ходимларни аниқлаш бўйича республика танловини (кейинги ўринларда — танлов) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Танлов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг (кейинги ўринларда — ИИВ) тегишли таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида хизмат олиб бораётган ходимлар ўртасида ўтказилади.
3. Танловда:
«Энг яхши профилактика инспектори» номинацияси бўйича — ИИВнинг барча таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида хизмат қилаётган ҳамда мазкур соҳада камида бир йил амалий иш тажрибасига эга ходимлар;
«Энг яхши терговчи» номинацияси бўйича — ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментида, унинг барча таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида тергов (суриштирув) соҳасида хизмат қилаётган ҳамда мазкур соҳада камида бир йил амалий иш тажрибасига эга ходимлар;
«Энг яхши тезкор ходим» номинацияси бўйича — ИИВ марказий аппаратида, унинг барча таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида тезкор-қидирув фаолияти соҳасида хизмат қилаётган ҳамда мазкур соҳада камида бир йил амалий иш тажрибасига эга ходимлар;
«Энг яхши ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи» номинацияси бўйича — ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи лавозимида хизмат қилаётган ҳамда мазкур лавозимда камида икки йил амалий иш тажрибасига эга раҳбар ходимлар қатнашади.
4. Танловда ёши, жинси, лавозими ва унвонидан қатъи назар, мазкур Низомнинг 3-бандида назарда тутилган барча ходимлар қатнашиши мумкин, ушбу банднинг иккинчи хатбошисида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.
Қуйидаги ходимларнинг танловда қатнашишига йўл қўйилмайди:
генераллар таркибининг махсус унвонларига эга бўлган ходимлар;
ИИВ марказий аппаратининг департаментлари, бош бошқармалари ва бошқармалари бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари лавозимида хизмат қилаётган ходимлар;
Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ва унинг ўринбосарлари лавозимида хизмат қилаётган ходимлар;
Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари лавозимида хизмат қилаётган ходимлар.
республика ёки ҳудудий комиссия аъзолари, саволларни тузишга масъул шахслар ҳамда танловни ўтказишга бевосита дахлдор бўлган ходимлар.
5. Танловда ҳудудий комиссия аъзолари бир вақтнинг ўзида республика комиссияси таркибида қатнашиши мумкин эмас.
6. Танловдан асосий мақсад қуйидагилардан иборат:
ички ишлар органлари ходимлари онги ва қалбида «Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш — олий бурчимиз!» концептуал ғоясини мустаҳкамлаш, уларда ватанпарварлик ва юрт тақдирига дахлдорлик ҳисларини кучайтириш;
ички ишлар органларининг аҳоли орасидаги нуфузини янада ошириш, ходимларда виждонан ва садоқат билан хизмат қилиш туйғуларини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш;
ходимларнинг жанговар, жисмоний ва касбий тайёргарлик даражасини кучайтириш, улар орасида қонунчилик ва хизмат интизомини мустаҳкамлаш;
раҳбарлик касб маҳорати ва санъати самарали ўзлаштирилиши, шахсий таркибнинг индивидуал касбий маҳоратини такомиллаштириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш;
ходимларнинг интеллектуал ва профессионал салоҳиятини ошириш ҳамда бу борадаги фаолиятни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ходимларда ташаббускорлик ва етакчилик фазилатларини ривожлантириш;
юксак билимли ва профессионал касб маҳоратига эга бўлган истеъдодли ёш кадрларни аниқлаш ҳамда раҳбарлик лавозимларига тайинлаш мақсадида истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш.
7. Танлов ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ ўтказилади.
2-боб. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби
1-§. Танловни ташкил этиш ва ўтказишнинг умумий талаблари
8. Ички ишлар органларида энг яхши ходимларни аниқлаш бўйича республика танловининг ташкилий қўмитаси (кейинги ўринларда — ташкилий қўмита) томонидан ҳар йили июнь-июль ойлари давомида танлов ўтказилиши ҳақида ИИВнинг «www.iiv.uz» расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида эълон берилади.
9. Танловда иштирок этиш учун номзодлар ИИВнинг «www.iiv.uz» расмий веб-сайти орқали мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган муддат давомида рўйхатдан ўтади.
10. Рўйхатдан ўтиш йилнинг 31 июль куни якунланади ва рўйхатдан ўтган номзодлар ҳақидаги барча маълумотлар ташкилий қўмита томонидан тегишли ҳудудий ички ишлар органларига танловни ташкил этиш учун юборилади.
11. Танловда иштирок этиш учун номзодларнинг бошқача тарзда рўйхатдан ўтишига ёки ҳудудий саралаш босқичида иштирок этмасдан кейинги босқичда иштирок этишига йўл қўйилмайди.
12. Танлов ҳар йили 1 августдан 30 сентябрга қадар қуйидаги босқичларда ўтказилади:
ҳудудий саралаш босқичи — август ойида ИИВ марказий аппарати, унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ходимлари ўртасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида;
республика финал босқичи — сентябрь ойида ҳудудий саралаш босқичида ғолиб бўлган ходимлар ўртасида республика миқёсида.
13. Танловнинг ҳудудий саралаш босқичини ўтказиш учун ҳар йили июль ойида ички ишлар органларининг тегишли соҳавий хизмат йўналишлари бўйича ҳудудий комиссиялар ташкил этилади.
Ҳудудий комиссия раис, унинг ўринбосари, тегишли соҳавий хизматнинг 4 нафар малакали ходимлари ва комиссия котибидан иборат таркибда тузилади.
Ҳудудий комиссиялар таркиби Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар бошқармалари бошлиқлари томонидан тасдиқланади.
14. Танловнинг республика финал босқичини ўтказиш учун ҳар йили июль ойида соҳавий хизмат йўналишлари бўйича қуйидаги таркибда республика комиссияси (кейинги ўринларда — республика комиссияси) ташкил этилади:
раис — Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг тегишли соҳавий хизматга раҳбарликни амалга оширувчи ўринбосари, бундан раҳбар ходимлар бўйича танловни ўтказишга масъул республика комиссияси мустасно бўлиб, мазкур комиссияга Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири раисликни амалга оширади;
раис ўринбосарлари — ИИВнинг тегишли департамент ёки бош бошқарма бошлиқлари (2 нафар);
аъзолар — ИИВ марказий аппаратининг тегишли соҳавий хизматлари ходимлари (8 киши);
котиб — ИИВ марказий аппаратининг тегишли соҳавий хизмати ходими.
15. Ҳудудий ва республика танлов комиссиялари ўз фаолиятини ҳар йили 1 июлдан 20 октябрга қадар олиб боради.
16. Танлов қуйидаги синовлар асосида ўтказилади:
иштирокчиларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлашга қаратилган синовлар;
иштирокчиларнинг жанговар тайёргарлик даражасини аниқлашга қаратилган синовлар;
иштирокчиларнинг билим даражасини аниқлашга қаратилган электрон тест синовлари (бунда тезкор-қидирув фаолияти бўйича тест синовлари қоғоз шаклида);
иштирокчиларнинг IQ (интеллектуал коэффициент) ва индивидуал психологик хусусиятлари даражасини аниқлашга қаратилган синовлар;
иштирокчилар билан якка тартибдаги суҳбат.
17. Республика комиссиялари томонидан мазкур Низомнинг 16-бандида назарда тутилган синовлар асосида танловни ўтказиш тартиби, машғулотлар тури ва баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилади ҳамда танлов бошланишидан камида 15 кун олдин ташкилий қўмита билан тегишли тартибда келишган ҳолда ҳудудий комиссияларга юборилади.
18. Танловнинг ҳудудий саралаш ва республика финал босқичлари иштирокчиларининг синов натижалари 100 балли тизим асосида тегишли республика комиссиялари томонидан белгиланган тартиб бўйича баҳоланади.
19. Танлов иштирокчилари ўзаро тенг ҳуқуқли бўлиб, устунлик ёки имтиёзлар белгиланишига йўл қўйилмайди.
20. Танлов ошкора тартибда ўтказилиб, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари кузатуви остида амалга оширилиши ҳамда тегишли тартибда техник воситалар орқали қайд этиб борилиши мумкин, тезкор-қидирув фаолияти соҳаси ходимлари билан ўтказиладиган тест ва якка тартибдаги суҳбат синовлари бундан мустасно, мазкур синовлар ёпиқ тарзда ўтказилади.
2-§. Танловнинг ҳудудий саралаш ва республика финал босқичларини ўтказиш тартиби
21. Танловнинг ҳудудий саралаш ва республика финал босқичларида иштирокчиларидан мазкур Низомнинг 16-бандида назарда тутилган синовлар қабул қилинади ва кўп балли тизим асосида баҳоланади.
22. Синовлар натижаси бўйича тўпланган баллар қўшилиб, ҳар бир иштирокчининг якуний бали республика комиссияси томонидан белгиланган баҳолаш мезонлари асосида шакллантирилади.
23. Ғолиб ва совриндорлар баллар йиғиндиси якуни бўйича аниқланади.
24. Икки ва ундан ортиқ иштирокчининг тўплаган якуний баллари тенг бўлган ҳолларда жисмоний тайёргарлик бўйича энг яхши натижа кўрсатган иштирокчи ғолиб деб топилади.
25. Танловнинг ҳудудий саралаш босқичида 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар танловнинг республика финал босқичида иштирок этишга йўлланмани қўлга киритади.
Ҳудудий комиссиянинг умумий йиғилиши қарори баённома билан расмийлаштирилади ва унда танловнинг республика финал босқичида иштирок этишга йўлланмани қўлга киритган иштирокчиларнинг рўйхати кўрсатилади ҳамда республика комиссиясига белгиланган тартибда тақдим этилади.
26. Танловнинг республика финал босқичи тегишли номинациялар бўйича ҳудудий саралаш босқичида 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар ўртасида ўтказилади.
27. Республика комиссиясининг умумий йиғилиши қарори баённома билан расмийлаштирилади ва унда танловнинг республика финал босқичида ғолиб бўлган, шунингдек, совринли ўринларни эгаллаган ва фаол иштирок этган ходимларнинг рўйхати кўрсатилади ҳамда ташкилий қўмитага белгиланган тартибда тақдим этилади.
28. Танловнинг республика финал босқичининг якуний натижалари ташкилий қўмита қарори билан расмийлаштирилади ва мазкур Низомнинг 3-бандида назарда тутилган номинациялар бўйича ғолиб ҳамда совриндорлар рўйхати илова қилинади.
3-боб. Танловнинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш
29. Танловнинг ҳудудий саралаш ва республика финал босқичларида 1-ўринни эгаллаган иштирокчилар ғолиб, 2 ва 3-ўринни эгаллаган иштирокчилар совриндорлар ҳисобланади.
30. Танловнинг ғолиб ва совриндорлари қуйидаги тартибда тақдирланади:
а) ҳудудий саралаш босқичида:
1-ўрин учун — I даражали диплом ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти;
2-ўрин учун — II даражали диплом ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти;
3-ўрин учун — III даражали диплом ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти.
б) республика финал босқичида:
1-ўрин учун — I даражали диплом ва ҳар ойлик пул таъминотининг 50 фоизи миқдорида бир йил давомида тўланадиган пул мукофоти;
2-ўрин учун — II даражали диплом ва ҳар ойлик пул таъминотининг 20 фоизи миқдорида бир йил давомида тўланадиган пул мукофоти;
3-ўрин учун — III даражали диплом ва ҳар ойлик пул таъминотининг 10 фоизи миқдорида бир йил давомида тўланадиган пул мукофоти.
31. Танловнинг республика финал босқичида фаол иштирок этиб ўзининг билим ва касбий маҳоратини юксак даражада кўрсатган, бироқ ғолиб ёки совриндор бўлмаган иштирокчилар ташкилий қўмита қарори билан қўшимча равишда бир йўла тўланадиган пул мукофоти ёхуд қимматбаҳо совға билан рағбатлантирилиши мумкин.
32. Танловнинг ҳудудий саралаш ва республика финал босқичи ғолиб ҳамда совриндорларига диплом, пул мукофотлари ва бошқа қимматбаҳо совғалар ҳар йили «25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни» муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирида тантанали равишда топширилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
33. Танловнинг республика финал босқичи ғолиб ва совриндорлари қуйидаги имтиёзларга эга бўладилар:
амалдаги интизомий жазоларини муддатидан олдин бекор қилиш;
юқори лавозимга тайинлаш учун кадрлар захирасига киритиш;
муддатидан олдин навбатдаги махсус унвонга тавсия этиш;
раҳбар кадрларни тайёрлаш бўйича курслар ва таълим муассасаларига имтиёзли равишда қабул қилиш юзасидан қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган тартибда тавсия бериш;
ривожланган хорижий давлатларнинг соҳага оид таълим муассасалари ва ташкилотларида ўқиш ёки малака оширишга юбориш;
идоравий ва давлат мукофотларига тавсия қилиш.
34. Танлов натижаларидан норози бўлган ходимлар натижалар эълон қилинган кундан бошлаб 1 кун давомида апелляция комиссияларига апелляция аризаси бериш ҳуқуқига эга. Апелляция аризаси 1 кун ичида кўриб чиқилади.
35. Танловнинг ҳудудий саралаш босқичи апелляция комиссиялари тегишли ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари, республика финал босқичи апелляция комиссияси — Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан ташкил этилади.
Апелляция комиссиялари таркибига танлов комиссиялари фаолиятида иштирок этмаган шахслар киритилади.
36. Танлов натижаларидан норози бўлган ходимларнинг апелляция аризаларини кўриб чиқишда уларнинг ўзи ҳам иштирок этиши мумкин.
37. Апелляция комиссиялари ходимларнинг апелляция аризаларини кўриб чиқиб, натижаси бўйича аризани қаноатлантириш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
38. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларида келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Ички ишлар органларида энг яхши ходимларни аниқлаш бўйича республика танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Ички ишлар органларида энг яхши ходимларни аниқлаш бўйича республика танловини ўтказиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Ташкилий қўмита Танлов ўтказилиши тўғрисида Ички ишлар вазирлигининг «www.iiv.uz» расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинади. Июнь-июль ойлари давомида 2-босқич Ички ишлар органларининг тегишли соҳавий хизмат ходимлари Номзодлар Ички ишлар вазирлигининг «www.iiv.uz» расмий веб-сайти орқали рўйхатдан ўтади. Июнь-июль ойлари давомида 3-босқич Ҳудудий комиссия (ҳудудий саралаш босқичи) 1. Танловнинг «Энг яхши профилактика инспектори», «Энг яхши терговчи», «Энг яхши тезкор ходим» ҳамда «Энг яхши ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи» номинациялари бўйича ҳудудий саралаш босқичи ўтказилади. 2. Ҳудудий саралаш босқичи натижалари бўйича иштирокчиларни танловнинг республика финал босқичида иштирок этишга тавсия этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. 3. Тегишли номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорларнинг умумлаштирилган рўйхати тузилади ҳамда Республика комиссиясига тақдим этилади. Август ойида 4-босқич Республика комиссияси (республика финал босқичи) 1. Танловнинг ҳудудий саралаш босқичида ғолиб ва совриндор бўлган иштирокчилар ўртасида белгиланган нормативлар бўйича синовлар ўтказилади. 2. Тўпланган балларни қўшиш орқали ҳар бир иштирокчининг якуний баллари йиғиндиси чиқарилади. 3. Баллар йиғиндиси якунига кўра ғолиб ва совриндорлар аниқланади. Сентябрь ойида 5-босқич Ташкилий қўмита Танловнинг «Энг яхши профилактика инспектори», «Энг яхши терговчи», «Энг яхши тезкор ходим» ҳамда «Энг яхши ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи» номинациялари бўйича ғолиб ва совриндорлар тақдирланади. 25 октябрь куни
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 августдаги 539-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ички ишлар органларида энг яхши ходимларни аниқлаш бўйича республика танловининг ташкилий қўмитаси
П.Р. Бобожонов — ички ишлар вазири, Ташкилий қўмита раиси Ш.У. Собиров — ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, Ташкилий қўмита раисининг биринчи ўринбосари А.И. Икрамов — ички ишлар вазирининг ўринбосари, Ташкилий қўмита раиси ўринбосари Я.А. Абдулхаков — ички ишлар вазирининг ўринбосари, Ташкилий қўмита раиси ўринбосари Ш.И. Норгитов — Ички ишлар вазирлигининг Ташкилий департаменти бошлиғи А.А. Абиджанов — Ички ишлар вазирлигининг Молия ва моддий-техника таъминоти департаменти бошлиғи Ф.Ю. Бадалбоев — Ички ишлар вазирлигининг Ташкилий департаменти Юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи М.А. Мирзияев — Ички ишлар вазирлигининг Ўз хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Ш.К. Гиясов — Ички ишлар вазирлигининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Х.В. Махсумов — Ички ишлар вазирлигининг Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи ўринбосари, Ташкилий қўмита котиби
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 24 август,
539-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
TARKIBI
Ichki ishlar organlarida eng yaxshi xodimlarni aniqlash boʻyicha respublika tanlovini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Jamoat xavfsizligini taʼminlash va jinoyatchilikka qarshi kurashish sohasida ichki ishlar organlari faoliyatini sifat jihatidan yangi bosqichga koʻtarish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 26-martdagi PF-6196-son Farmoniga muvofiq, shuningdek, ichki ishlar organlari xodimlari faoliyatini yanada ragʻbatlantirish, Vatan oldidagi sharafli burchini ado etishdagi xizmatlari uchun ularni munosib taqdirlash, xodimlar oʻrtasida sogʻlom raqobat muhitini shakllantirish, oʻz kasbining eng yaxshilarini aniqlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Jamoat xavfsizligini taʼminlash va jinoyatchilikka qarshi kurashish sohasida ichki ishlar organlari faoliyatini sifat jihatidan yangi bosqichga koʻtarish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 26-martdagi PF-6196-son Farmoniga muvofiq:
har yili “Eng yaxshi hududiy ichki ishlar organi boshligʻi”, “Eng yaxshi profilaktika inspektori”, “Eng yaxshi tergovchi”, “Eng yaxshi tezkor xodim” nominatsiyalari (keyingi oʻrinlarda — nominatsiyalar) boʻyicha respublika tanlovini oʻtkazish;
eng yaxshi xodimlarni har yili “25-oktabr — Ichki ishlar organlari xodimlari kuni”ni nishonlash chogʻida eʼlon qilish;
budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan gʻoliblarni har oylik pul taʼminotining 100 foizigacha miqdorda bir yil davomida moddiy ragʻbatlantirish tartibini joriy etish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Ichki ishlar organlarida eng yaxshi xodimlarni aniqlash boʻyicha respublika tanlovini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
tegishli nominatsiyalar boʻyicha ichki ishlar organlarida eng yaxshi xodimlarni adolatlilik, xolislik, oshkoralik va kollegiallik prinsiplari asosida aniqlash;
tanlovning hududiy saralash va respublika final bosqichlarini oʻtkazish hamda gʻolib va sovrindorlarni aniqlash tartibi;
sinov natijalari asosida tashkiliy qoʻmitaning qarori bilan tegishli nominatsiyalar boʻyicha gʻolib va sovrindorlarini taqdirlash tartibi hamda ularga beriladigan imtiyozlar.
3. Ichki ishlar organlarida eng yaxshi xodimlarni aniqlash boʻyicha respublika tanlovining tashkiliy qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — tashkiliy qoʻmita) 2-ilovaga muvofiq tarkibda tashkil etilsin.
4. Belgilansinki:
ichki ishlar organlarida eng yaxshi xodimlarni aniqlash boʻyicha respublika tanlovi (keyingi oʻrinlarda — tanlov) “Eng yaxshi hududiy ichki ishlar organi boshligʻi”, “Eng yaxshi profilaktika inspektori”, “Eng yaxshi tergovchi”, “Eng yaxshi tezkor xodim” nominatsiyalari boʻyicha hududiy saralash va respublika final bosqichlarida tashkil etiladi hamda oʻtkaziladi;
tanlovda ichki ishlar organlarining huquqbuzarliklar profilaktikasi, tergov va tezkor-qidiruv faoliyati sohalarida kamida bir yil, “Eng yaxshi hududiy ichki ishlar organi boshligʻi” nominatsiyasi boʻyicha hududiy ichki ishlar organi rahbarlik lavozimlarida kamida ikki yil amaliy ish tajribasiga ega ichki ishlar organlarining xodimlari ishtirok etadi;
tanlovning respublika bosqichi gʻoliblari bir oylik pul taʼminotining 50 foizi miqdorida, ikkinchi va uchinchi oʻrinlarni egallagan xodimlar tegishlicha bir oylik pul taʼminotining 20 va 10 foizi miqdorida bir yil davomida moddiy ragʻbatlantiriladi;
tanlovning respublika bosqichi gʻoliblari va sovrindorlari har yili “25-oktabr — Ichki ishlar organlari xodimlari kuni” munosabati bilan oʻtkaziladigan asosiy bayram tadbirida tantanali ravishda eʼlon qilinadi.
5. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:
tashkiliy qoʻmita tanlovni oʻtkazish bilan bogʻliq tadbirlarga vazirliklar va idoralar, boshqa davlat tashkilotlari vakillarini, ommaviy axborot vositalari hamda keng jamoatchilikni jalb etish, xodimlarning tanlovga boʻlgan qiziqishini kuchaytirish va koʻtarinki ruhda oʻtkazish uchun zarur boʻlgan boshqa chora-tadbirlarni amalga oshirish huquqiga ega;
Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining Maʼnaviy-maʼrifiy ishlar va kadrlar bilan taʼminlash departamenti tashkiliy qoʻmitaning ishchi organi hisoblanadi;
tanlovning adolatli va shaffof oʻtkazilishi, shuningdek, nomzodlar sifatli va xolisona tanlab olinishi, qoʻyiladigan talablarga ularning muvofiqligi uchun javobgarlik tashkiliy qoʻmitaga yuklanadi.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi:
ikki oy muddatda tanlovning yuqori darajada tashkil etilishi va oʻtkazilishi boʻyicha barcha zarur chora-tadbirlarni amalga oshirsin;
tanlov gʻoliblari va sovrindorlarini taqdirlash hamda ularga yil davomida toʻlanadigan moddiy ragʻbatlantirish pul mablagʻlari, shuningdek, tanlovni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan qoplanishini taʼminlasin;
tanlov gʻoliblari va sovrindorlarning fotosuratlari hamda ular haqidagi maʼlumotlarni bir yil davomida barcha ichki ishlar organlarining maʼmuriy binolarida joylashtirish, xizmat vazifalarini bajarish jarayoni va erishgan yutuqlarini ommaviy axborot vositalari hamda Internet jahon axborot tarmogʻidagi axborot resurslari orqali keng targʻib etish choralarini koʻrsin;
2022-yil 1-yanvargacha joriy yildagi tanlov natijalaridan kelib chiqqan holda ichki ishlar organlari tizimida boshqa nominatsiyalar boʻyicha respublika tanlovlarini tashkil etish tartibini belgilovchi ichki idoraviy hujjatlarni ishlab chiqsin va bu boradagi ishlarni doimiy ravishda ragʻbatlantirib borsin.
7. Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi va boshqa ommaviy axborot vositalariga ushbu qaror ijrosi bilan bogʻliq tadbirlarni keng yoritish tavsiya etilsin.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 24-avgustdagi 539-son qaroriga 1-ILOVA
Ichki ishlar organlarida eng yaxshi xodimlarni aniqlash boʻyicha respublika tanlovini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom ichki ishlar organlarida eng yaxshi xodimlarni aniqlash boʻyicha respublika tanlovini (keyingi oʻrinlarda — tanlov) tashkil etish va oʻtkazish tartibini belgilaydi.
2. Tanlov Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining (keyingi oʻrinlarda — IIV) tegishli tarkibiy va hududiy boʻlinmalarida xizmat olib borayotgan xodimlar oʻrtasida oʻtkaziladi.
3. Tanlovda:
“Eng yaxshi profilaktika inspektori” nominatsiyasi boʻyicha — IIVning barcha tarkibiy va hududiy boʻlinmalarida huquqbuzarliklar profilaktikasi sohasida xizmat qilayotgan hamda mazkur sohada kamida bir yil amaliy ish tajribasiga ega xodimlar;
“Eng yaxshi tergovchi” nominatsiyasi boʻyicha — IIV huzuridagi Tergov departamentida, uning barcha tarkibiy va hududiy boʻlinmalarida tergov (surishtiruv) sohasida xizmat qilayotgan hamda mazkur sohada kamida bir yil amaliy ish tajribasiga ega xodimlar;
“Eng yaxshi tezkor xodim” nominatsiyasi boʻyicha — IIV markaziy apparatida, uning barcha tarkibiy va hududiy boʻlinmalarida tezkor-qidiruv faoliyati sohasida xizmat qilayotgan hamda mazkur sohada kamida bir yil amaliy ish tajribasiga ega xodimlar;
“Eng yaxshi hududiy ichki ishlar organi boshligʻi” nominatsiyasi boʻyicha — hududiy ichki ishlar organi boshligʻi lavozimida xizmat qilayotgan hamda mazkur lavozimda kamida ikki yil amaliy ish tajribasiga ega rahbar xodimlar qatnashadi.
4. Tanlovda yoshi, jinsi, lavozimi va unvonidan qatʼi nazar, mazkur Nizomning 3-bandida nazarda tutilgan barcha xodimlar qatnashishi mumkin, ushbu bandning ikkinchi xatboshisida belgilangan holatlar bundan mustasno.
Quyidagi xodimlarning tanlovda qatnashishiga yoʻl qoʻyilmaydi:
generallar tarkibining maxsus unvonlariga ega boʻlgan xodimlar;
IIV markaziy apparatining departamentlari, bosh boshqarmalari va boshqarmalari boshliqlari hamda ularning oʻrinbosarlari lavozimida xizmat qilayotgan xodimlar;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ichki ishlar vaziri va uning oʻrinbosarlari lavozimida xizmat qilayotgan xodimlar;
Toshkent shahar va Toshkent viloyati ichki ishlar bosh boshqarmalari, viloyatlar ichki ishlar boshqarmalari boshliqlari hamda ularning oʻrinbosarlari lavozimida xizmat qilayotgan xodimlar.
respublika yoki hududiy komissiya aʼzolari, savollarni tuzishga masʼul shaxslar hamda tanlovni oʻtkazishga bevosita daxldor boʻlgan xodimlar.
5. Tanlovda hududiy komissiya aʼzolari bir vaqtning oʻzida respublika komissiyasi tarkibida qatnashishi mumkin emas.
6. Tanlovdan asosiy maqsad quyidagilardan iborat:
ichki ishlar organlari xodimlari ongi va qalbida “Vatanga va xalqqa sadoqat bilan xizmat qilish — oliy burchimiz!” konseptual gʻoyasini mustahkamlash, ularda vatanparvarlik va yurt taqdiriga daxldorlik hislarini kuchaytirish;
ichki ishlar organlarining aholi orasidagi nufuzini yanada oshirish, xodimlarda vijdonan va sadoqat bilan xizmat qilish tuygʻularini kuchaytirish, ular oʻrtasida sogʻlom raqobat muhitini shakllantirish;
xodimlarning jangovar, jismoniy va kasbiy tayyorgarlik darajasini kuchaytirish, ular orasida qonunchilik va xizmat intizomini mustahkamlash;
rahbarlik kasb mahorati va sanʼati samarali oʻzlashtirilishi, shaxsiy tarkibning individual kasbiy mahoratini takomillashtirish uchun zarur shart-sharoitlarni yaratish;
xodimlarning intellektual va professional salohiyatini oshirish hamda bu boradagi faoliyatni qoʻllab-quvvatlash, shuningdek, xodimlarda tashabbuskorlik va yetakchilik fazilatlarini rivojlantirish;
yuksak bilimli va professional kasb mahoratiga ega boʻlgan isteʼdodli yosh kadrlarni aniqlash hamda rahbarlik lavozimlariga tayinlash maqsadida istiqbolli kadrlar zaxirasini shakllantirish.
7. Tanlov ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq oʻtkaziladi.
2-bob. Tanlovni tashkil etish va oʻtkazish tartibi
1-§. Tanlovni tashkil etish va oʻtkazishning umumiy talablari
8. Ichki ishlar organlarida eng yaxshi xodimlarni aniqlash boʻyicha respublika tanlovining tashkiliy qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — tashkiliy qoʻmita) tomonidan har yili iyun-iyul oylari davomida tanlov oʻtkazilishi haqida IIVning “www.iiv.uz” rasmiy veb-sayti va ijtimoiy tarmoqlarida eʼlon beriladi.
9. Tanlovda ishtirok etish uchun nomzodlar IIVning “www.iiv.uz” rasmiy veb-sayti orqali mazkur Nizomning 8-bandida nazarda tutilgan muddat davomida roʻyxatdan oʻtadi.
10. Roʻyxatdan oʻtish yilning 31-iyul kuni yakunlanadi va roʻyxatdan oʻtgan nomzodlar haqidagi barcha maʼlumotlar tashkiliy qoʻmita tomonidan tegishli hududiy ichki ishlar organlariga tanlovni tashkil etish uchun yuboriladi.
11. Tanlovda ishtirok etish uchun nomzodlarning boshqacha tarzda roʻyxatdan oʻtishiga yoki hududiy saralash bosqichida ishtirok etmasdan keyingi bosqichda ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
12. Tanlov har yili 1-avgustdan 30-sentabrga qadar quyidagi bosqichlarda oʻtkaziladi:
hududiy saralash bosqichi — avgust oyida IIV markaziy apparati, uning tarkibiy va hududiy boʻlinmalari xodimlari oʻrtasida Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri miqyosida;
respublika final bosqichi — sentyabr oyida hududiy saralash bosqichida gʻolib boʻlgan xodimlar oʻrtasida respublika miqyosida.
13. Tanlovning hududiy saralash bosqichini oʻtkazish uchun har yili iyul oyida ichki ishlar organlarining tegishli sohaviy xizmat yoʻnalishlari boʻyicha hududiy komissiyalar tashkil etiladi.
Hududiy komissiya rais, uning oʻrinbosari, tegishli sohaviy xizmatning 4 nafar malakali xodimlari va komissiya kotibidan iborat tarkibda tuziladi.
Hududiy komissiyalar tarkibi Qoraqalpogʻiston Respublikasi ichki ishlar vaziri, Toshkent shahar va Toshkent viloyati ichki ishlar bosh boshqarmalari hamda viloyatlar boshqarmalari boshliqlari tomonidan tasdiqlanadi.
14. Tanlovning respublika final bosqichini oʻtkazish uchun har yili iyul oyida sohaviy xizmat yoʻnalishlari boʻyicha quyidagi tarkibda respublika komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — respublika komissiyasi) tashkil etiladi:
rais — Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vazirining tegishli sohaviy xizmatga rahbarlikni amalga oshiruvchi oʻrinbosari, bundan rahbar xodimlar boʻyicha tanlovni oʻtkazishga masʼul respublika komissiyasi mustasno boʻlib, mazkur komissiyaga Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri raislikni amalga oshiradi;
rais oʻrinbosarlari — IIVning tegishli departament yoki bosh boshqarma boshliqlari (2 nafar);
aʼzolar — IIV markaziy apparatining tegishli sohaviy xizmatlari xodimlari (8 kishi);
kotib — IIV markaziy apparatining tegishli sohaviy xizmati xodimi.
15. Hududiy va respublika tanlov komissiyalari oʻz faoliyatini har yili 1-iyuldan 20-oktabrga qadar olib boradi.
16. Tanlov quyidagi sinovlar asosida oʻtkaziladi:
ishtirokchilarning jismoniy tayyorgarlik darajasini aniqlashga qaratilgan sinovlar;
ishtirokchilarning jangovar tayyorgarlik darajasini aniqlashga qaratilgan sinovlar;
ishtirokchilarning bilim darajasini aniqlashga qaratilgan elektron test sinovlari (bunda tezkor-qidiruv faoliyati boʻyicha test sinovlari qogʻoz shaklida);
ishtirokchilarning IQ (intellektual koeffitsiyent) va individual psixologik xususiyatlari darajasini aniqlashga qaratilgan sinovlar;
ishtirokchilar bilan yakka tartibdagi suhbat.
17. Respublika komissiyalari tomonidan mazkur Nizomning 16-bandida nazarda tutilgan sinovlar asosida tanlovni oʻtkazish tartibi, mashgʻulotlar turi va baholash mezonlari ishlab chiqiladi hamda tanlov boshlanishidan kamida 15 kun oldin tashkiliy qoʻmita bilan tegishli tartibda kelishgan holda hududiy komissiyalarga yuboriladi.
18. Tanlovning hududiy saralash va respublika final bosqichlari ishtirokchilarining sinov natijalari 100 balli tizim asosida tegishli respublika komissiyalari tomonidan belgilangan tartib boʻyicha baholanadi.
19. Tanlov ishtirokchilari oʻzaro teng huquqli boʻlib, ustunlik yoki imtiyozlar belgilanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
20. Tanlov oshkora tartibda oʻtkazilib, ommaviy axborot vositalari va keng jamoatchilik vakillari kuzatuvi ostida amalga oshirilishi hamda tegishli tartibda texnik vositalar orqali qayd etib borilishi mumkin, tezkor-qidiruv faoliyati sohasi xodimlari bilan oʻtkaziladigan test va yakka tartibdagi suhbat sinovlari bundan mustasno, mazkur sinovlar yopiq tarzda oʻtkaziladi.
2-§. Tanlovning hududiy saralash va respublika final bosqichlarini oʻtkazish tartibi
21. Tanlovning hududiy saralash va respublika final bosqichlarida ishtirokchilaridan mazkur Nizomning 16-bandida nazarda tutilgan sinovlar qabul qilinadi va koʻp balli tizim asosida baholanadi.
22. Sinovlar natijasi boʻyicha toʻplangan ballar qoʻshilib, har bir ishtirokchining yakuniy bali respublika komissiyasi tomonidan belgilangan baholash mezonlari asosida shakllantiriladi.
23. Gʻolib va sovrindorlar ballar yigʻindisi yakuni boʻyicha aniqlanadi.
24. Ikki va undan ortiq ishtirokchining toʻplagan yakuniy ballari teng boʻlgan hollarda jismoniy tayyorgarlik boʻyicha eng yaxshi natija koʻrsatgan ishtirokchi gʻolib deb topiladi.
25. Tanlovning hududiy saralash bosqichida 1, 2 va 3-oʻrinlarni egallagan ishtirokchilar tanlovning respublika final bosqichida ishtirok etishga yoʻllanmani qoʻlga kiritadi.
Hududiy komissiyaning umumiy yigʻilishi qarori bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi va unda tanlovning respublika final bosqichida ishtirok etishga yoʻllanmani qoʻlga kiritgan ishtirokchilarning roʻyxati koʻrsatiladi hamda respublika komissiyasiga belgilangan tartibda taqdim etiladi.
26. Tanlovning respublika final bosqichi tegishli nominatsiyalar boʻyicha hududiy saralash bosqichida 1, 2 va 3-oʻrinlarni egallagan ishtirokchilar oʻrtasida oʻtkaziladi.
27. Respublika komissiyasining umumiy yigʻilishi qarori bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi va unda tanlovning respublika final bosqichida gʻolib boʻlgan, shuningdek, sovrinli oʻrinlarni egallagan va faol ishtirok etgan xodimlarning roʻyxati koʻrsatiladi hamda tashkiliy qoʻmitaga belgilangan tartibda taqdim etiladi.
28. Tanlovning respublika final bosqichining yakuniy natijalari tashkiliy qoʻmita qarori bilan rasmiylashtiriladi va mazkur Nizomning 3-bandida nazarda tutilgan nominatsiyalar boʻyicha gʻolib hamda sovrindorlar roʻyxati ilova qilinadi.
3-bob. Tanlovning gʻolib va sovrindorlarini taqdirlash
29. Tanlovning hududiy saralash va respublika final bosqichlarida 1-oʻrinni egallagan ishtirokchilar gʻolib, 2 va 3-oʻrinni egallagan ishtirokchilar sovrindorlar hisoblanadi.
30. Tanlovning gʻolib va sovrindorlari quyidagi tartibda taqdirlanadi:
a) hududiy saralash bosqichida:
1-oʻrin uchun — I darajali diplom va mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 10 baravari miqdorida bir yoʻla toʻlanadigan pul mukofoti;
2-oʻrin uchun — II darajali diplom va mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 5 baravari miqdorida bir yoʻla toʻlanadigan pul mukofoti;
3-oʻrin uchun — III darajali diplom va mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 3 baravari miqdorida bir yoʻla toʻlanadigan pul mukofoti.
b) respublika final bosqichida:
1-oʻrin uchun — I darajali diplom va har oylik pul taʼminotining 50 foizi miqdorida bir yil davomida toʻlanadigan pul mukofoti;
2-oʻrin uchun — II darajali diplom va har oylik pul taʼminotining 20 foizi miqdorida bir yil davomida toʻlanadigan pul mukofoti;
3-oʻrin uchun — III darajali diplom va har oylik pul taʼminotining 10 foizi miqdorida bir yil davomida toʻlanadigan pul mukofoti.
31. Tanlovning respublika final bosqichida faol ishtirok etib oʻzining bilim va kasbiy mahoratini yuksak darajada koʻrsatgan, biroq gʻolib yoki sovrindor boʻlmagan ishtirokchilar tashkiliy qoʻmita qarori bilan qoʻshimcha ravishda bir yoʻla toʻlanadigan pul mukofoti yoxud qimmatbaho sovgʻa bilan ragʻbatlantirilishi mumkin.
32. Tanlovning hududiy saralash va respublika final bosqichi gʻolib hamda sovrindorlariga diplom, pul mukofotlari va boshqa qimmatbaho sovgʻalar har yili “25-oktabr — Ichki ishlar organlari xodimlari kuni” munosabati bilan oʻtkaziladigan bayram tadbirida tantanali ravishda topshiriladi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
33. Tanlovning respublika final bosqichi gʻolib va sovrindorlari quyidagi imtiyozlarga ega boʻladilar:
amaldagi intizomiy jazolarini muddatidan oldin bekor qilish;
yuqori lavozimga tayinlash uchun kadrlar zaxirasiga kiritish;
muddatidan oldin navbatdagi maxsus unvonga tavsiya etish;
rahbar kadrlarni tayyorlash boʻyicha kurslar va taʼlim muassasalariga imtiyozli ravishda qabul qilish yuzasidan qonunchilik hujjatlari bilan belgilangan tartibda tavsiya berish;
rivojlangan xorijiy davlatlarning sohaga oid taʼlim muassasalari va tashkilotlarida oʻqish yoki malaka oshirishga yuborish;
idoraviy va davlat mukofotlariga tavsiya qilish.
34. Tanlov natijalaridan norozi boʻlgan xodimlar natijalar eʼlon qilingan kundan boshlab 1 kun davomida apellatsiya komissiyalariga apellatsiya arizasi berish huquqiga ega. Apellatsiya arizasi 1 kun ichida koʻrib chiqiladi.
35. Tanlovning hududiy saralash bosqichi apellatsiya komissiyalari tegishli hududiy ichki ishlar organlari rahbarlari, respublika final bosqichi apellatsiya komissiyasi — Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri tomonidan tashkil etiladi.
Apellatsiya komissiyalari tarkibiga tanlov komissiyalari faoliyatida ishtirok etmagan shaxslar kiritiladi.
36. Tanlov natijalaridan norozi boʻlgan xodimlarning apellatsiya arizalarini koʻrib chiqishda ularning oʻzi ham ishtirok etishi mumkin.
37. Apellatsiya komissiyalari xodimlarning apellatsiya arizalarini koʻrib chiqib, natijasi boʻyicha arizani qanoatlantirish yoki uni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
38. Tanlovni tashkil etish va oʻtkazish jarayonlarida kelib chiqadigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
Ichki ishlar organlarida eng yaxshi xodimlarni aniqlash boʻyicha respublika tanlovini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Ichki ishlar organlarida eng yaxshi xodimlarni aniqlash boʻyicha respublika tanlovini oʻtkazish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Tashkiliy qoʻmita Tanlov oʻtkazilishi toʻgʻrisida Ichki ishlar vazirligining “www.iiv.uz” rasmiy veb-sayti va ijtimoiy tarmoqlarda eʼlon qilinadi. Iyun-iyul oylari davomida 2-bosqich Ichki ishlar organlarining tegishli sohaviy xizmat xodimlari Nomzodlar Ichki ishlar vazirligining “www.iiv.uz” rasmiy veb-sayti orqali roʻyxatdan oʻtadi. Iyun-iyul oylari davomida 3-bosqich Hududiy komissiya (hududiy saralash bosqichi) 1. Tanlovning “Eng yaxshi profilaktika inspektori”, “Eng yaxshi tergovchi”, “Eng yaxshi tezkor xodim” hamda “Eng yaxshi hududiy ichki ishlar organi boshligʻi” nominatsiyalari boʻyicha hududiy saralash bosqichi oʻtkaziladi. 2. Hududiy saralash bosqichi natijalari boʻyicha ishtirokchilarni tanlovning respublika final bosqichida ishtirok etishga tavsiya etish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi. 3. Tegishli nominatsiyalar boʻyicha gʻolib va sovrindorlarning umumlashtirilgan roʻyxati tuziladi hamda Respublika komissiyasiga taqdim etiladi. Avgust oyida 4-bosqich Respublika komissiyasi (respublika final bosqichi) 1. Tanlovning hududiy saralash bosqichida gʻolib va sovrindor boʻlgan ishtirokchilar oʻrtasida belgilangan normativlar boʻyicha sinovlar oʻtkaziladi. 2. Toʻplangan ballarni qoʻshish orqali har bir ishtirokchining yakuniy ballari yigʻindisi chiqariladi. 3. Ballar yigʻindisi yakuniga koʻra gʻolib va sovrindorlar aniqlanadi. Sentyabr oyida 5-bosqich Tashkiliy qoʻmita Tanlovning “Eng yaxshi profilaktika inspektori”, “Eng yaxshi tergovchi”, “Eng yaxshi tezkor xodim” hamda “Eng yaxshi hududiy ichki ishlar organi boshligʻi” nominatsiyalari boʻyicha gʻolib va sovrindorlar taqdirlanadi. 25-oktabr kuni
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 24-avgustdagi 539-son qaroriga 2-ILOVA
Ichki ishlar organlarida eng yaxshi xodimlarni aniqlash boʻyicha respublika tanlovining tashkiliy qoʻmitasi
P.R. Bobojonov — ichki ishlar vaziri, Tashkiliy qoʻmita raisi Sh.U. Sobirov — ichki ishlar vazirining birinchi oʻrinbosari, Tashkiliy qoʻmita raisining birinchi oʻrinbosari A.I. Ikramov — ichki ishlar vazirining oʻrinbosari, Tashkiliy qoʻmita raisi oʻrinbosari Y.A. Abdulxakov — ichki ishlar vazirining oʻrinbosari, Tashkiliy qoʻmita raisi oʻrinbosari Sh.I. Norgitov — Ichki ishlar vazirligining Tashkiliy departamenti boshligʻi A.A. Abidjanov — Ichki ishlar vazirligining Moliya va moddiy-texnika taʼminoti departamenti boshligʻi F.Y. Badalboyev — Ichki ishlar vazirligining Tashkiliy departamenti Yuridik taʼminlash boshqarmasi boshligʻi M.A. Mirziyayev — Ichki ishlar vazirligining Oʻz xavfsizligi boshqarmasi boshligʻi Sh.K. Giyasov — Ichki ishlar vazirligining Jamoatchilik va ommaviy axborot vositalari bilan aloqalar boshqarmasi boshligʻi X.V. Maxsumov — Ichki ishlar vazirligining Maʼnaviy-maʼrifiy ishlar va kadrlar bilan taʼminlash departamenti boshligʻi oʻrinbosari, Tashkiliy qoʻmita kotibi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 24-avgust,
539-son