UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 31-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 31 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 31 августа 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 31 August 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Олий таълим муассасаларида халқаро муносабатлар соҳасида таҳсил олаётган талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасаларида ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Олий таълим муассасаларида халқаро муносабатлар соҳасида таҳсил олаётган талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини бевосита Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасаларида ўташини тизимли равишда ташкил этиш механизмини яратиш, шунингдек, халқаро муносабатлар соҳасида юқори малакали ва рақобатдош кадрларни тайёрлаш, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Маълумот учун қабул қилинсинки, ушбу қарор мақсадлари учун:

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари деганда — Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари;

халқаро муносабатлар деганда — «Сиёсатшунослик», «Халқаро муносабатлар», «Халқаро иқтисодиёт ва менежмент (минтақалар ва фаолият йўналишлари бўйича)», «Юриспруденция (халқаро ҳуқуқий фаолият)», «Хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик (мамлакатлар ва минтақалар бўйича)» ҳамда «Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар (минтақалар ва фаолият турлари бўйича)» бакалавриат таълим йўналишлари тушунилади.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Олий таълим муассасаларида халқаро муносабатлар соҳасида таҳсил олаётган талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасаларида ташкил этиш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини (кейинги ўринларда — амалиёт) ташкил этишнинг босқичлари;

амалиётга юборилаётган номзодларга қўйиладиган талаблар, уларни саралаш тартиби;

амалиёт ўташ жараёни, талабаларни қабул қилувчи ташкилотларнинг вазифалари;

амалиёт ўташни молиялаштириш, талабаларнинг харажатларини қоплаш масалалари.

3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда олий таълим муассасаларида халқаро муносабатлар бакалавриат таълим йўналишлари бўйича таҳсил олаётган талабаларнинг амалиёти Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасаларида шартнома асосида тизимли равишда ўтказилиши ҳамда амалиётнинг тегишли дастурларга мувофиқ ташкил қилинишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари раҳбарлари талабаларнинг амалиёт давридаги фаолиятига шахсан масъул эканликлари белгилаб қўйилсин. Бунда улар:

амалиёт дастурига мувофиқ талабаларга зарур шарт-шароитлар яратади;

амалиёт натижасига кўра, Ташқи ишлар вазирлигига хулоса тақдим этилишини таъминлайди.

5. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги миллий рейсларда хорижий давлатларга амалиёт ўташга юборилаётган талабалар учун Ташқи ишлар вазирлигининг буюртмаси асосида бориш ва қайтиш авиачипталарига йилига бир маротаба 20 фоизли чегирма берилишини таъминласин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 31 августдаги 551-сон қарорига ИЛОВА

Олий таълим муассасаларида халқаро муносабатлар соҳасида таҳсил олаётган талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасаларида ташкил этиш тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом давлат олий таълим муассасалари бакалавриат босқичларида халқаро муносабатлар соҳасида таҳсил олаётган, умумий ўзлаштириш кўрсаткичи юқори бўлган талабаларнинг Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналарида (кейинги ўринларда — хориждаги муассасалар) ишлаб чиқариш амалиётини ўташ тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қўлланиладиган асосий тушунчалар:

амалиёт раҳбари — талабаларни амалиёт давомида техника хавфсизлиги қоидалари билан таништириш, амалий кўникма ва малакани шакллантиришга кўмаклашиш, амалиёт даврида талаба эгаллаган кўникмаларни баҳолашга масъул этиб белгиланган қабул қилувчи ташкилот ходими;

ишлаб чиқариш амалиёти (кейинги ўринларда — амалиёт) — талабаларда амалий кўникма ва малака ҳосил қилишни назарда тутувчи, назарий билимларни мустаҳкамлаш ҳамда бевосита ишлаб чиқариш шароитида амалда қўллашга қаратилган таълим жараёни;

қабул қилувчи ташкилот — Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари;

халқаро муносабатлар — «Сиёсатшунослик», «Халқаро муносабатлар», «Халқаро иқтисодиёт ва менежмент (минтақалар ва фаолият йўналишлари бўйича)», «Юриспруденция (халқаро ҳуқуқий фаолият)», «Хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик (мамлакатлар ва минтақалар бўйича)» ҳамда «Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар (минтақалар ва фаолият турлари бўйича)» бакалавриат таълим йўналишлари.

2-боб. Амалиётни ташкил этиш

3. Амалиёт тегишли бакалавриат таълим йўналишининг ўқув режасига мувофиқ олий таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқиладиган ҳамда қабул қилувчи ташкилот билан келишиладиган дастур асосида ташкил этилади.

Амалиёт бир ўқув йилида бир марта 10 кундан кам бўлмаган ва 30 кундан кўп бўлмаган муддатларда ўтказилади. Қабул қилувчи ташкилот имкониятларидан келиб чиқиб, талаба таҳсил олаётган олий таълим муассасаси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги билан тузилган уч томонлама шартномада амалиётнинг аниқ муддати белгиланади.

4. Талабанинг амалиётга шаффоф ва холисона танлов асосида саралаб олиниши ҳамда амалиёт дастурининг шакллантирилиши талаба таҳсил олаётган олий таълим муассасасининг ректори зиммасига юкланади.

5. Амалиётни ташкил этиш учун таълим муассасасининг амалиёт раҳбари тайинланади.

6. Амалиёт икки босқичда амалга оширилади.

7. Биринчи босқичда олий таълим муассасаси томонидан хорижий тилларни мукаммал ўзлаштирган иқтидорли 3-курс талабаларининг рўйхати тузилади ҳамда уларга берилган тавсияномалар билан бирга ҳар йили 1 июлдан кечикмаган ҳолда, Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этилади.

Саралаб олишда талабалардан:

CEFR тизимининг камида С1 даражасига мос келадиган чет тилини билиш тўғрисидаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши;

умумий рейтинг (ўзлаштириш) кўрсаткичлари 80 балл ва ундан юқори бўлиши, фанлардан қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги талаб этилади.

8. Иккинчи босқичда олий таълим муассасаси томонидан тақдим қилинган номзодлар Ташқи ишлар вазирлигида қабул қилувчи ташкилотнинг талаблари ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда тақсимланади.

Тақсимотдан сўнг номзодлар Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакилларидан тузилган комиссия томонидан 20 июлгача суҳбатдан ўтказилади. Комиссия таркиби ташқи ишлар вазири томонидан тасдиқланади.

Суҳбат жараёнида комиссия аъзолари томонидан талабанинг ҳужжатлари (тегишли даражада чет тилини билиш тўғрисидаги сертификат, олий таълим муассасасининг тавсияномаси) ўрганиб чиқилади, шунингдек, талабанинг ўз таълим йўналиши бўйича билимларига аниқлик киритилади.

9. Суҳбат натижалари юзасидан комиссия баённомаси расмийлаштирилади.

10. Баённомада талабаларнинг суҳбат натижасига кўра шакллантирилган рўйхати тасдиқланади ва саралаш кўрсаткичлари бўйича энг юқори ўринларни эгаллаган талабалар тўғрисидаги маълумотлар Ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалиёт ўталадиган давлатга бориб келишда авиачипталарга 20 фоизли чегирма бериш масаласини кўриб чиқиш учун «Uzbekistan Airways» АЖга юборилади.

11. Қабул қилувчи ташкилотда амалиётни ўташга тавсия этилган талабалар дастлаб, Ташқи ишлар вазирлигининг минтақавий ва функционал бошқармаларида қисқа муддатли (уч кундан беш кунга қадар) амалиёт ўтайдилар.

Мазкур амалиёт жараёнида вазирликнинг тегишли бошқармаси масъул ходими томонидан талабага у тақсимланган хорижий давлатнинг ташқи сиёсати ва қонунчилигига оид умумий маълумотлар берилади.

3-боб. Ишлаб чиқариш амалиётини ўташ жараёни

12. Қабул қилувчи ташкилотдаги амалиёт раҳбари талабанинг амалиёт дастури ижросини таъминлайди ва ташкилотнинг ички тартиб қоидалари, ишлаш режимининг хусусиятлари бўйича тушунтириш ишларини олиб боради.

13. Амалиётнинг самарали ташкил этилишига қабул қилувчи ташкилот раҳбари шахсан масъул ҳисобланади.

Қабул қилувчи ташкилот раҳбарига қуйидаги вазифалар юкланади:

амалиёт дастурига мувофиқ талабаларга зарур шарт-шароитларни (амалиёт ўташ учун жой ажратиш, барча хавфсизлик қоидалари талабларига жавоб берадиган турар жой ёки меҳмонхонага жойлаштирилишига кўмак бериш) яратиш;

талабаларга махсус адабиётлар ва ҳужжатлардан фойдаланиш имкониятини бериш;

ваколатхонанинг ички меҳнат интизомини бузган талаба ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги орқали олий таълим муассасаси ректорига хабар қилиш;

амалиёт якуни юзасидан Ташқи ишлар вазирлигига хулоса тақдим қилиш.

4-боб. Ишлаб чиқариш амалиётини ташкил қилишни молиялаштириш

14. Талабанинг амалиётни ўташ учун йўл харажатлари, турар жой, кундалик ва бошқа харажатлари қуйидаги тартибга биноан қопланади:

талабанинг ўз ҳисобидан ёки ҳомийлар хайриялари ҳисобидан;

амалиёт ўташга юбориладиган талабалар рўйхатида энг юқори ўзлаштириш кўрсаткичларига эга, шу жумладан, Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандларига талабаларнинг ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган харажатлари тегишли олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан.

15. Амалиётни ўташ даврида талабанинг белгиланган тартибда стипендия олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

16. Ушбу Низомни қўллаш жараёнида юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

17. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 31 август,

551-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.08.2021 й., 09/21/551/0841-сон; 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Oliy taʼlim muassasalarida xalqaro munosabatlar sohasida tahsil olayotgan talabalarning ishlab chiqarish amaliyotini Oʻzbekiston Respublikasining xorijdagi muassasalarida tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oliy taʼlim muassasalarida xalqaro munosabatlar sohasida tahsil olayotgan talabalarning ishlab chiqarish amaliyotini bevosita Oʻzbekiston Respublikasining xorijdagi muassasalarida oʻtashini tizimli ravishda tashkil etish mexanizmini yaratish, shuningdek, xalqaro munosabatlar sohasida yuqori malakali va raqobatdosh kadrlarni tayyorlash, ularning dunyoqarashini kengaytirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Maʼlumot uchun qabul qilinsinki, ushbu qaror maqsadlari uchun:

Oʻzbekiston Respublikasining xorijdagi muassasalari deganda — Oʻzbekiston Respublikasining xorijiy davlatlardagi diplomatik vakolatxonalari, konsullik muassasalari yoki Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro tashkilotlar huzuridagi vakolatxonalari;

xalqaro munosabatlar deganda — “Siyosatshunoslik”, “Xalqaro munosabatlar”, “Xalqaro iqtisodiyot va menejment (mintaqalar va faoliyat yoʻnalishlari boʻyicha)”, “Yurisprudensiya (xalqaro huquqiy faoliyat)”, “Xorijiy mamlakatlar iqtisodiyoti va mamlakatshunoslik (mamlakatlar va mintaqalar boʻyicha)” hamda “Jahon iqtisodiyoti va xalqaro iqtisodiy munosabatlar (mintaqalar va faoliyat turlari boʻyicha)” bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari tushuniladi.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oliy taʼlim muassasalarida xalqaro munosabatlar sohasida tahsil olayotgan talabalarning ishlab chiqarish amaliyotini Oʻzbekiston Respublikasining xorijdagi muassasalarida tashkil etish toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

talabalarning ishlab chiqarish amaliyotini (keyingi oʻrinlarda — amaliyot) tashkil etishning bosqichlari;

amaliyotga yuborilayotgan nomzodlarga qoʻyiladigan talablar, ularni saralash tartibi;

amaliyot oʻtash jarayoni, talabalarni qabul qiluvchi tashkilotlarning vazifalari;

amaliyot oʻtashni moliyalashtirish, talabalarning xarajatlarini qoplash masalalari.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan birgalikda oliy taʼlim muassasalarida xalqaro munosabatlar bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari boʻyicha tahsil olayotgan talabalarning amaliyoti Oʻzbekiston Respublikasining xorijdagi muassasalarida shartnoma asosida tizimli ravishda oʻtkazilishi hamda amaliyotning tegishli dasturlarga muvofiq tashkil qilinishini taʼminlasin.

4. Oʻzbekiston Respublikasining xorijdagi muassasalari rahbarlari talabalarning amaliyot davridagi faoliyatiga shaxsan masʼul ekanliklari belgilab qoʻyilsin. Bunda ular:

amaliyot dasturiga muvofiq talabalarga zarur shart-sharoitlar yaratadi;

amaliyot natijasiga koʻra, Tashqi ishlar vazirligiga xulosa taqdim etilishini taʼminlaydi.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi milliy reyslarda xorijiy davlatlarga amaliyot oʻtashga yuborilayotgan talabalar uchun Tashqi ishlar vazirligining buyurtmasi asosida borish va qaytish aviachiptalariga yiliga bir marotaba 20 foizli chegirma berilishini taʼminlasin.

6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining investitsiyalar va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari — investitsiyalar va tashqi savdo vaziri S.U. Umurzakov hamda Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 31-avgustdagi 551-son qaroriga ILOVA

Oliy taʼlim muassasalarida xalqaro munosabatlar sohasida tahsil olayotgan talabalarning ishlab chiqarish amaliyotini Oʻzbekiston Respublikasining xorijdagi muassasalarida tashkil etish toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom davlat oliy taʼlim muassasalari bakalavriat bosqichlarida xalqaro munosabatlar sohasida tahsil olayotgan, umumiy oʻzlashtirish koʻrsatkichi yuqori boʻlgan talabalarning Oʻzbekiston Respublikasining xorijiy davlatlardagi diplomatik vakolatxonalari, konsullik muassasalari yoki Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro tashkilotlar huzuridagi vakolatxonalarida (keyingi oʻrinlarda — xorijdagi muassasalar) ishlab chiqarish amaliyotini oʻtash tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda qoʻllaniladigan asosiy tushunchalar:

amaliyot rahbari — talabalarni amaliyot davomida texnika xavfsizligi qoidalari bilan tanishtirish, amaliy koʻnikma va malakani shakllantirishga koʻmaklashish, amaliyot davrida talaba egallagan koʻnikmalarni baholashga masʼul etib belgilangan qabul qiluvchi tashkilot xodimi;

ishlab chiqarish amaliyoti (keyingi oʻrinlarda — amaliyot) — talabalarda amaliy koʻnikma va malaka hosil qilishni nazarda tutuvchi, nazariy bilimlarni mustahkamlash hamda bevosita ishlab chiqarish sharoitida amalda qoʻllashga qaratilgan taʼlim jarayoni;

qabul qiluvchi tashkilot — Oʻzbekiston Respublikasining xorijdagi muassasalari;

xalqaro munosabatlar — “Siyosatshunoslik”, “Xalqaro munosabatlar”, “Xalqaro iqtisodiyot va menejment (mintaqalar va faoliyat yoʻnalishlari boʻyicha)”, “Yurisprudensiya (xalqaro huquqiy faoliyat)”, “Xorijiy mamlakatlar iqtisodiyoti va mamlakatshunoslik (mamlakatlar va mintaqalar boʻyicha)” hamda “Jahon iqtisodiyoti va xalqaro iqtisodiy munosabatlar (mintaqalar va faoliyat turlari boʻyicha)” bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari.

2-bob. Amaliyotni tashkil etish

3. Amaliyot tegishli bakalavriat taʼlim yoʻnalishining oʻquv rejasiga muvofiq oliy taʼlim muassasasi tomonidan ishlab chiqiladigan hamda qabul qiluvchi tashkilot bilan kelishiladigan dastur asosida tashkil etiladi.

Amaliyot bir oʻquv yilida bir marta 10 kundan kam boʻlmagan va 30 kundan koʻp boʻlmagan muddatlarda oʻtkaziladi. Qabul qiluvchi tashkilot imkoniyatlaridan kelib chiqib, talaba tahsil olayotgan oliy taʼlim muassasasi, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Tashqi ishlar vazirligi bilan tuzilgan uch tomonlama shartnomada amaliyotning aniq muddati belgilanadi.

4. Talabaning amaliyotga shaffof va xolisona tanlov asosida saralab olinishi hamda amaliyot dasturining shakllantirilishi talaba tahsil olayotgan oliy taʼlim muassasasining rektori zimmasiga yuklanadi.

5. Amaliyotni tashkil etish uchun taʼlim muassasasining amaliyot rahbari tayinlanadi.

6. Amaliyot ikki bosqichda amalga oshiriladi.

7. Birinchi bosqichda oliy taʼlim muassasasi tomonidan xorijiy tillarni mukammal oʻzlashtirgan iqtidorli 3-kurs talabalarining roʻyxati tuziladi hamda ularga berilgan tavsiyanomalar bilan birga har yili 1-iyuldan kechikmagan holda, Tashqi ishlar vazirligiga taqdim etiladi.

Saralab olishda talabalardan:

CEFR tizimining kamida S1 darajasiga mos keladigan chet tilini bilish toʻgʻrisidagi milliy yoki unga mos darajadagi xalqaro sertifikatga ega boʻlishi;

umumiy reyting (oʻzlashtirish) koʻrsatkichlari 80 ball va undan yuqori boʻlishi, fanlardan qarzdorligi mavjud boʻlmasligi talab etiladi.

8. Ikkinchi bosqichda oliy taʼlim muassasasi tomonidan taqdim qilingan nomzodlar Tashqi ishlar vazirligida qabul qiluvchi tashkilotning talablari va ehtiyojlaridan kelib chiqqan holda taqsimlanadi.

Taqsimotdan soʻng nomzodlar Tashqi ishlar vazirligi, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi hamda Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi vakillaridan tuzilgan komissiya tomonidan 20-iyulgacha suhbatdan oʻtkaziladi. Komissiya tarkibi tashqi ishlar vaziri tomonidan tasdiqlanadi.

Suhbat jarayonida komissiya aʼzolari tomonidan talabaning hujjatlari (tegishli darajada chet tilini bilish toʻgʻrisidagi sertifikat, oliy taʼlim muassasasining tavsiyanomasi) oʻrganib chiqiladi, shuningdek, talabaning oʻz taʼlim yoʻnalishi boʻyicha bilimlariga aniqlik kiritiladi.

9. Suhbat natijalari yuzasidan komissiya bayonnomasi rasmiylashtiriladi.

10. Bayonnomada talabalarning suhbat natijasiga koʻra shakllantirilgan roʻyxati tasdiqlanadi va saralash koʻrsatkichlari boʻyicha eng yuqori oʻrinlarni egallagan talabalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Tashqi ishlar vazirligi tomonidan amaliyot oʻtaladigan davlatga borib kelishda aviachiptalarga 20 foizli chegirma berish masalasini koʻrib chiqish uchun “Uzbekistan Airways” AJga yuboriladi.

11. Qabul qiluvchi tashkilotda amaliyotni oʻtashga tavsiya etilgan talabalar dastlab, Tashqi ishlar vazirligining mintaqaviy va funksional boshqarmalarida qisqa muddatli (uch kundan besh kunga qadar) amaliyot oʻtaydilar.

Mazkur amaliyot jarayonida vazirlikning tegishli boshqarmasi masʼul xodimi tomonidan talabaga u taqsimlangan xorijiy davlatning tashqi siyosati va qonunchiligiga oid umumiy maʼlumotlar beriladi.

3-bob. Ishlab chiqarish amaliyotini oʻtash jarayoni

12. Qabul qiluvchi tashkilotdagi amaliyot rahbari talabaning amaliyot dasturi ijrosini taʼminlaydi va tashkilotning ichki tartib qoidalari, ishlash rejimining xususiyatlari boʻyicha tushuntirish ishlarini olib boradi.

13. Amaliyotning samarali tashkil etilishiga qabul qiluvchi tashkilot rahbari shaxsan masʼul hisoblanadi.

Qabul qiluvchi tashkilot rahbariga quyidagi vazifalar yuklanadi:

amaliyot dasturiga muvofiq talabalarga zarur shart-sharoitlarni (amaliyot oʻtash uchun joy ajratish, barcha xavfsizlik qoidalari talablariga javob beradigan turar joy yoki mehmonxonaga joylashtirilishiga koʻmak berish) yaratish;

talabalarga maxsus adabiyotlar va hujjatlardan foydalanish imkoniyatini berish;

vakolatxonaning ichki mehnat intizomini buzgan talaba haqida Tashqi ishlar vazirligi orqali oliy taʼlim muassasasi rektoriga xabar qilish;

amaliyot yakuni yuzasidan Tashqi ishlar vazirligiga xulosa taqdim qilish.

4-bob. Ishlab chiqarish amaliyotini tashkil qilishni moliyalashtirish

14. Talabaning amaliyotni oʻtash uchun yoʻl xarajatlari, turar joy, kundalik va boshqa xarajatlari quyidagi tartibga binoan qoplanadi:

talabaning oʻz hisobidan yoki homiylar xayriyalari hisobidan;

amaliyot oʻtashga yuboriladigan talabalar roʻyxatida eng yuqori oʻzlashtirish koʻrsatkichlariga ega, shu jumladan, Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalar farzandlariga talabalarning ushbu bandning birinchi xatboshida nazarda tutilgan xarajatlari tegishli oliy taʼlim muassasasining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan.

15. Amaliyotni oʻtash davrida talabaning belgilangan tartibda stipendiya olish huquqi saqlab qolinadi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

16. Ushbu Nizomni qoʻllash jarayonida yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

17. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 31-avgust,

551-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 31.08.2021-y., 09/21/551/0841-son; 02.02.2026-y., 09/26/35/0101-son)

lex.uz