📅 2021-yil 9-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 9-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 9 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 9 сентября 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 9 September 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
РЎЙХАТИ
РЎЙХАТИ
НИЗОМ
СХЕМАСИ
МЕЗОНЛАРИ
Иқтидорли ўқувчилар ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш тизимини такомиллаштириш ҳамда хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактабни аниқлаш тизимини жорий этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4306-сон қарори , «Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 6 ноябрдаги ПҚ-4884-сон қарори ҳамда «Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 19 майдаги ПҚ-5117-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи:
а) Умумий ўрта таълим ташкилотлари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ҳамда халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш ва ғолибларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ:
фан олимпиадалари (асосий олимпиадалар, муҳандислик-ихтирочилик олимпиадалари, қўшимча республика олимпиадалари, онлайн олимпиадалар)ни ташкил этиш, ўтказиш ҳамда олимпиада ғолиблари ва уларнинг ўқитувчиларини рағбатлантириш тартиби;
мақоми асосий олимпиадаларнинг республика босқичига тенглаштирилган минтақавий халқаро фан олимпиадалари рўйхати;
халқаро ва минтақавий фан олимпиадаларига номзодларни саралаш, Ўзбекистон терма жамоасини шакллантириш, терма жамоа аъзоларини тайёрлаш учун жалб этилган маҳаллий ва хорижий тренерлар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби;
фан олимпиадаларининг назорат материалларини тайёрлаш ҳамда назорат материалларини тайёрлаш учун жалб этилган мутахассислар ва экспертлар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби;
б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги, инглиз, немис ёки француз тилларидан бири хорижий тил сифатида ўқитиладиган умумий ўрта таълим мактаблари ўртасида ўтказиладиган «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби;
инглиз, немис, француз тиллари бўйича бир хил мураккабликдаги назорат материалларини тайёрлаш ва танлов ўтказиладиган жойларга етказиб бериш тартиби;
таълим муассасаларида хорижий тилларни ўқитиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилиш, мактабнинг хорижий тилларни ўқитиш бўйича натижадорлиги кўрсаткичларини баҳолаш тартиби;
туман (шаҳар)лар миқёсида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри миқёсида ҳамда республика миқёсида хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши натижага эришган мактабларни аниқлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг совринини бериш тартиби.
2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мазкур қарорда назарда тутилган харажатларни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тақдим этиладиган талабномага асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутиб борсин.
Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ танловда ғолиб бўлган мактабларни бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантириш учун ажратиладиган маблағларнинг молиялаштириш манбалари қуйидагилар ҳисобланади:
а) туман (шаҳар) босқичида:
1-ўрин учун — 100 миллион сўм, 2-ўрин учун — 75 миллион сўм, 3-ўрин учун — 50 миллион сўм миқдорида мукофотлаш — туман (шаҳар) маҳаллий бюджетлари ҳисобидан;
б) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичида:
1-ўрин учун — 250 миллион сўм, 2-ўрин учун — 200 миллион сўм, 3-ўрин учун — 150 миллион сўм миқдорида мукофотлаш — Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан;
в) республика босқичида:
1-ўрин учун — 500 миллион сўм, 2-ўрин учун — 400 миллион сўм, 3-ўрин ўрин учун — 300 миллион сўм миқдорида мукофотлаш республика бюджетидан Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигининг марказлашган харажатларига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан.
3. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчиларига, халқаро олимпиадалар ва асосий олимпиадаларнинг республика босқичи ғолибларига ғолибликни қўлга киритган фанидан дарс берганлиги учун, белгиланган устамаларни қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4306-сон қарори қабул қилинган кундан бошлаб тўлиқ тўлаб берилишини таъминласин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида» 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарорига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Х.У. Умарова зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги 562-сон қарорига 1-ИЛОВА
Умумий ўрта таълим ташкилотлари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ҳамда халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш ва ғолибларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида
1-боб Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом давлат ва нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари (кейинги ўринларда — мактаблар) ўқувчилари ўртасида умумтаълим фанлари бўйича олимпиадаларни ташкил этиш, ўтказиш, халқаро ва минтақавий олимпиадалар иштирокчиларини саралаш ҳамда олимпиада ғолибларини рағбатлантириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
асосий олимпиада — умумтаълим фанлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) томонидан мактаблар ўртасида республика миқёсида тизимли равишда ҳар йили ташкил этиладиган олимпиада;
муҳандислик-ихтирочилик олимпиадаси — ўқувчиларнинг назарий билимларини амалиётда қўллай олишини синовдан ўтказиш, ўқувчиларда муҳандислик, ихтирочилик ва конструкторлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган олимпиада;
қўшимча республика олимпиадалари — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан асосий олимпиадалардан ташқари, ўз ташаббуси билан ўтказиладиган олимпиадалар;
онлайн олимпиада — ўқувчиларнинг билимларини синовдан ўтказиш ва асосий олимпиадаларга тайёргарлик кўриш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ҳамда фақат ахборот технологиялари (компьютер, планшет, телефон ва бошқалар) орқали амалга ошириладиган олимпиадалар;
нуфузли халқаро олимпиадалар — Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4306-сон қарорида белгиланган халқаро олимпиадалар;
минтақавий халқаро олимпиадалар — нуфузли халқаро олимпиадалар рўйхатига кирмайдиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга киритилган ҳамда ғолибларининг мақоми асосий олимпиадаларнинг республика босқичи ғолибларига тенглаштирилган халқаро олимпиадалар;
олимпиадалар тақвими — ўқув йили давомида ўтказилиши режалаштирилган фан олимпиадаларининг режа-жадвали;
олимпиада ғолиблари — асосий олимпиада, қўшимча республика олимпиадаларида 1, 2, 3-ўринларни, халқаро олимпиадаларда олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган ўқувчилар;
ахборот тизими — Вазирликнинг олимпиадаларни ташкил қилиш ва ўтказишга мўлжалланган веб-сайти.
3. Фан олимпиадалари ягона илмий-услубий ёндашув асосида адолатлилик, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ўтказилади.
4. Олимпиадалар учун тест топшириқлари, ёзма ва амалий ишларни (кейинги ўринларда — назорат материаллари) тайёрлаш, иқтидорли ўқувчилар захирасини шакллантириш ҳамда олимпиадаларни ўтказиш билан боғлиқ тадбирлар Вазирлик томонидан мувофиқлаштирилади.
Республика миқёсида ташаббус тартибида ташкил қилинадиган барча турдаги фан олимпиадалари Вазирлик билан келишган ҳолда ўтказилади ҳамда олимпиадалар тақвимига киритилади.
5. Олимпиадалар назорат материаллари ўқувчиларнинг билим, кўникмаларини стандарт ва ностандарт масалаларда, амалий топшириқларда қўллай олиш малакаларини ва компетенцияларини баҳолашга қаратилади.
6. Нуфузли халқаро олимпиадалар ва минтақавий халқаро олимпиадаларни ўтказиш тартиби ва шартлари уларнинг ташкилотчилари томонидан белгиланади.
7. Ўқувчилар олимпиадаларда ўз хоҳишларига кўра, ихтиёрий равишда қатнашадилар.
2-боб. Асосий олимпиадаларни ташкил этиш тартиби
8. Асосий олимпиадаларнинг тегишли босқичини ўтказиш бўйича комплекс чора-тадбирларни бажариш учун Вазирлик ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ўз буйруқлари билан ташкилий қўмиталар, ҳакамлар ҳайъатлари, апелляция комиссиялари ташкил этадилар.
1-§. Ташкилий қўмита
9. Олимпиадаларни ташкил этиш учун Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари (кейинги ўринларда — ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари), туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларида ҳар бир олимпиада ҳамда унинг босқичларини ўтказиш бўйича республика ва ҳудудий ташкилий қўмита (кейинги ўринларда — ташкилий қўмита ) тузилади.
10. Қуйидагилар ташкилий қўмитанинг вазифалари ҳисобланади:
олимпиада ўтказиладиган жойни белгилаш ва тасдиқлаш;
ҳакамлар ҳайъати таркиби, апелляция комиссияси аъзолари, аудитория раҳбарлари рўйхатини шакллантириш;
олимпиада назорат материалларининг махфийлигини, олимпиадани мазкур Низом талаблари асосида ўтказилишини таъминлаш;
олимпиаданинг ташкил этилиши, ўтказилиши ва натижаларини оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш;
барча олимпиада иштирокчилари ҳақидаги маълумотларни ахборот тизимига киритилишини мувофиқлаштириш;
олимпиада натижалари ва ҳакамлар ҳайъати қарори асосида ғолибларни кейинги босқичда иштирок этиши бўйича тавсияни юқори турувчи ташкилий қўмитага тақдим этиш.
11. Мактабларда ташкилий қўмитанинг вазифалари Педагогик кенгаш томонидан амалга оширилади.
12. Ташкилий қўмита таркибига Вазирлик, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг масъул ходимлари ва бошқа маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари вакиллари киритилиши мумкин.
2-§. Ҳакамлар ҳайъати
13. Олимпиадаларнинг барча босқичларида ташкилий қўмита томонидан 3 кишидан 7 кишигача таркибда ҳакамлар ҳайъати тузилади.
14. Ҳакамлар ҳайъати:
олимпиада жараёнида бериладиган назорат материалларини экспертизадан ўтказади;
олимпиада иштирокчилари томонидан бажарилган ишларни Вазирлик томонидан тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида холисона текширади, баҳолайди ва ғолибларни аниқлайди;
натижаларни олимпиада ўтказилган куни эълон қилади;
ўтказилган олимпиада натижалари бўйича қарор қабул қилади ва уни ташкилий қўмитага тақдим этади.
15. Ҳакамлар ҳайъати таркибига мактаблар, нодавлат таълим ташкилотлари, олий таълим ва илмий-тадқиқот институтларининг юқори малакали мутахассислари жалб қилинади. Ҳар бир фан бўйича тузилган ҳакамлар ҳайъати аъзолари очиқ овоз бериш йўли билан ҳайъат раисини сайлайдилар.
16. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари олимпиада ғолибларини холисона аниқлашда ва назорат материалларининг махфийлигини таъминлашда шахсан жавобгар ҳисобланади.
3-§. Аудитория раҳбари ва назоратчилар
17. Ташкилий қўмита томонидан олимпиада бошланишидан олдин қуръа ташлаш йўли билан фан ўқитувчилари орасидан хоналарга аудитория раҳбари ва назоратчилари тайинланади.
Фан ўқитувчиси ўз мутахассислик йўналишида олимпиада ўтказилаётган аудиторияга раҳбар ёки назоратчи этиб тайинланишига йўл қўйилмайди.
18. Аудитория раҳбарлари:
иштирокчиларга олимпиаданинг тартиб-қоидалари тўғрисида қисқача тушунтиради;
олимпиада бошланиши ва тугаш вақтини эълон қилади ҳамда олимпиада жараёнини назорат қилади;
фан олимпиадаси жараёнида ўрнатилган тартиб-қоидаларга амал қилмаган ўқувчиларни олимпиададан далолатнома тузиб четлаштиради;
иштирокчиларнинг бажарган ишларини шифрлаб, текшириш учун ҳакамлар ҳайъатига топширади;
ҳакамлар ҳайъати томонидан текширилган ишларни шифр бўйича рўйхатини тузади ва ташкилий қўмитага тақдим этади.
19. Аудитория назоратчилари олимпиада ўтказилаётган ва ўзлари бириктирилган аудиторияда тартиб сақланишини таъминлайдилар ва аудитория раҳбарига қўйилган вазифаларни амалга оширишда кўмаклашадилар.
20. Олимпиада ўтказиладиган аудиториялар видеокузатув камералари билан жиҳозланади. Аудиторияда телефон ва турли алоқа воситаларидан фойдаланиш тақиқланади. Кимё ва физика фанларида калкулятордан ҳамда математика фанида циркуль ва чизғичдан фойдаланишга рухсат этилади.
Оммавий ахборот воситалари вакилларига олимпиада жараёнига халақит қилмаган ҳолда кузатишларига рухсат берилади.
21. Олимпиада ўтказилаётган жараёнда иштирокчиларнинг ўзаро гаплашиши, алоқа воситалари ва турли хил қўшимча манбалардан фойдаланиши тақиқланади.
Бундай ҳолатлар учун иштирокчи олимпиададан четлаштирилади, бажарган ишлари текширилмайди ва баҳоланмайди.
4-§. Апелляция комиссияси
22. Апелляция комиссияси ҳакамлар ҳайъати таркибига кирмаган уч нафаргача фан мутахассисларидан иборат таркибда тузилади.
23. Апелляция комиссияси томонидан олимпиада иштирокчиларининг аризалари олимпиада натижалари эълон қилинган куннинг ўзида қабул қилинади. Апелляция жараёнида ҳакамлар ҳайъати аъзолари, иштирокчи ва унинг фан ўқитувчиси иштирок этиши мумкин.
24. Апелляцияга олимпиадалар иштирокчиларининг фақатгина ўзлари томонидан бажарилган ишларини қайта кўриб чиқиш бўйича натижа эълон қилингандан сўнг шу куннинг ўзида аризалар қабул қилинади.
25. Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланган иштирокчининг бажарган ишида баҳолаш мезонларига мос келмаслик ҳолатлари аниқланганда апелляция комиссияси ҳакамлар ҳайъати қарорини бекор қилиш ёки уларга ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.
26. Апелляция комиссияси ҳакамлар ҳайъатига апелляция натижалари бўйича изоҳ бериб, олимпиада натижаларини ўзгартириши мумкин ва бунда ҳакамлар ҳайъати қарори қайта тасдиқланади.
5-§. Иқтидорли ўқувчилар захираси
27. Иқтидорли ўқувчилар захираси ахборот тизимида шакллантирилади.
28. Иқтидорли ўқувчилар захирасига қуйидаги тоифадаги ўқувчилар киритилади:
асосий олимпиаданинг учинчи босқичида фанлар кесимида 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар;
минтақавий халқаро олимпиадалар ғолиблари;
нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этган ўқувчилар;
қўшимча республика олимпиадалари ғолиблари;
онлайн олимпиадалар ғолиблари.
29. Иқтидорли ўқувчилар захирасидаги ўқувчилар тўғрисидаги маълумотлар йиллар кесимида Вазирликнинг ахборот тизимида сақланади.
3-боб. Асосий олимпиадаларни ўтказиш тартиби
30. Асосий олимпиадалар ушбу Низомга 1-иловада келтирилган фанлардан икки гуруҳга ажратилган ҳолда ўтказилади.
Бунда, нуфузли халқаро олимпиадалар ташкил қилинадиган фанлар мос келувчи биринчи гуруҳ (математика, физика, кимё, биология, информатика ва ахборот технологиялари фанлари) ва иккинчи гуруҳ (қолган фанлар) деб белгиланади.
31. Барча фанлардан назорат турлари, шакллари, баҳолаш мезонлари Вазирлик томонидан тасдиқланади.
Биринчи гуруҳдаги фанлар бўйича назорат турларида фанлар бўйича синовлар халқаро олимпиадаларнинг талаблари ва топшириқлари методологиясини қўллаган ҳолда ўтказилади.
32. Асосий олимпиадалар мактабларнинг 9 — 11-синф, академик лицейлар ва касб-ҳунар мактабларининг ўқувчилари ўртасида ўтказилади.
33. Асосий олимпиадалар тўрт босқичда қуйидаги муддатларда ўтказилади:
биринчи босқич — мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблар миқёсида сентябрь ойида;
иккинчи босқич — туман (шаҳар) миқёсида октябрь ойида;
учинчи босқич — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ноябрь ойида;
тўртинчи босқич — республика миқёсида барча фанлардан апрель-май ойларида ўтказилади.
Тўртинчи босқичда умумтаълим мактабларининг 11-синф, касб-ҳунар мактаблари, академик лицейларнинг 2-босқич ўқувчилари иштирок этадилар.
Биринчи босқич мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблар томонидан ўқувчилар ўртасида ўтказилади.
Ҳар бир фан ва синф кесимида иштирокчилар орасидан баллар кетма-кетлигида 3 нафаргача ғолиб аниқланади ва мактаб педагогик кенгашининг (ёки нодавлат таълим ташкилоти раҳбарининг) қарори билан иккинчи босқичда иштирок этиш учун тавсия этилади.
Иккинчи босқичда иштирок этиш учун тавсия этилган ўқувчилар ҳамда уларнинг ўқитувчилари ҳақидаги маълумотлар ахборот тизимига жойлаштирилади.
Биринчи босқични ўтказиш билан боғлиқ масалалар, назорат материалларининг махфийлигини, жараённинг адолатли ва шаффоф ўтказилишини таъминлашга мактаб директори масъул ҳисобланади.
Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими биринчи босқич ташкил этилишини мувофиқлаштиради ҳамда адолатли ва шаффоф ўтказилиши бўйича назоратни амалга оширади.
34. Иккинчи босқич туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари томонидан биринчи босқичда ғолиб бўлган ўқувчилар ўртасида ўтказилади.
Академик лицей ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент, ижод мактаблари ҳамда Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаблар ва ушбу мактабларнинг ҳудудлардаги филиалларининг биринчи босқич ғолиблари иккинчи босқичда иштирок этмасдан тўғридан-тўғри учинчи босқичда иштирок этадилар.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги бошқа мактабларнинг биринчи босқич ғолиблари жойлашуви бўйича асосий олимпиадаларнинг иккинчи босқичида иштирок этади.
35. Иккинчи босқичда ҳар бир фан ва синф кесимида иштирокчилар орасидан баллар кетма-кетлигида 3 нафаргача (1, 2, 3-ўринлар) ғолиб аниқланади ва ҳакамлар ҳайъати қарори асосида ташкилий қўмита томонидан учинчи босқичда иштирок этиш учун тавсия этилади.
Ташкилий қўмита тавсия этилган ўқувчилар тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизимига киритади ва тасдиқлайди.
36. Иккинчи босқични ташкил этишда:
иштирокчиларини олимпиадалар бўлиб ўтадиган манзилга хавфсиз келиб-кетишларига тегишли мактаб директорлари;
назорат материалларининг махфийлигини таъминлаш, жараёнларнинг шаффоф, адолатли ва барча хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда ташкил этилишига — туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудирлари шахсан масъул ҳисобланади.
37. Ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари томонидан иккинчи босқич ўтказилишини назорат қилади.
38. Учинчи босқич Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари томонидан ўтказилади.
39. Асосий олимпиадаларнинг учинчи босқичида:
иккинчи босқичда 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар;
академик лицейлар ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент, ижод мактаблари ҳамда Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаблар ва ушбу мактабларнинг ҳудудлардаги филиаллари томонидан тавсия этилган 3 нафаргача ўқувчилар;
ўтган ўқув йилида асосий олимпиаданинг учинчи босқичида 1-ўринни эгаллаган ва ҳозирда мактаб, академик лицей ёки касб-ҳунар мактабларининг ўқувчилари ўтган ўқув йилида ғолибликни қўлга киритган фани бўйича иштирок этади.
40. Учинчи босқичда ҳар бир фан ва синф кесимида иштирокчилар орасидан баллар кетма-кетлигида 3 нафар (1, 2, 3-ўринлар) ғолиблар аниқланади.
41. Иштирокчиларнинг олимпиадалар бўлиб ўтадиган манзилга хавфсиз келиб-кетишларини таъминлашга туман (шаҳар) ҳокимлари ва мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудирлари шахсан масъул ҳисобланади.
42. Тўртинчи босқич республика миқёсида Вазирлик томонидан учинчи босқичда 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган, умумтаълим мактабларининг 11-синф ўқувчилари ҳамда касб-ҳунар мактаблари ва академик лицейларнинг 2-босқич ўқувчилари ўртасида ўтказилади.
43. Тўртинчи босқич учун назорат материаллари ҳамда уларни баҳолаш мезонлари Вазирлик томонидан тайёрланади.
44. Кўзи ожизлар махсус мактаб-интернатлари ўқувчилари ўртасида она тили ва адабиёт, математика, тарих, рус тили ва адабиёти фанларидан олимпиада икки (вилоят ва республика) босқичда ташкил қилинади ҳамда назорат материаллари Вазирлик томонидан ишлаб чиқилади.
45. Тўртинчи босқичда ҳар бир фан йўналишида баллар кетма-кетлигида 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар ғолиб ҳисобланади.
46. Тўртинчи босқични ташкил этишда:
а) иштирокчиларнинг республика босқичи бўлиб ўтадиган манзилга хавфсиз келиб-кетишларига:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари;
тизимида таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари;
нодавлат таълим ташкилоти раҳбарлари;
б) назорат материалларининг махфийлигини таъминлаш, жараёнларнинг шаффоф ва адолатли ўтказилишига — Вазирлик бевосита масъул ҳисобланади.
3 1 -боб. Муҳандислик-ихтирочилик олимпиадалари
46 1 . Мактаб ўқувчилари ўртасида ижодкорлик, ихтирочилик ҳамда конструкторлик кўникмаларини ривожлантириш мақсадида муҳандислик-ихтирочилик олимпиадалари ташкил қилинади.
Муҳандислик-ихтирочилик олимпиадалари ўғил ва қиз бола ўқувчилар учун алоҳида-алоҳида ўтказилади ҳамда ғолиблар алоҳида-алоҳида аниқланади.
Ҳар йили август ойида Вазирлик томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда замонавий муҳандислик соҳаларидан келиб чиқиб, жорий ўқув йилида бўлиб ўтадиган муҳандислик-ихтирочилик олимпиадасининг йўналишлари, танлов босқичлари, турлари, шартлари, баҳолаш мезонлари ҳамда ғолиблари қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинадиган олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати эълон қилинади.
Муҳандислик-ихтирочилик йўналишидаги олимпиада ғолиблари қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинадиган олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланади.
46 2 . Муҳандислик-ихтирочилик олимпиадаларининг ташкилий жараёнлари асосий олимпиада шартлари каби молиялаштирилади ва ғолиблари рағбатлантирилади.
Муҳандислик-ихтирочилик олимпиадаси ғолиблари ва бир нафар жамоа раҳбари (ўқитувчи) белгиланган мукофот пуллари билан, қуйи синф ўқувчилари эса ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади.
46 3 . Муҳандислик-ихтирочилик олимпиадаларининг мактаб ўқувчилари ўртасида республика босқичида ғолибликни қўлга киритган битирувчи синф ўқувчиларига давлат олий таълим муассасаларининг олимпиада йўналишига мос ва турдош бакалавриат таълим йўналишларига имтиҳонсиз қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш ҳуқуқини берувчи ҳамда уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилинади.
4-боб. Қўшимча республика олимпиадалари
47. Қўшимча республика олимпиадалари Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар ёки давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ташаббусига кўра ўтказилиши мумкин.
48. Қўшимча республика олимпиадаларини ўтказиш тартиби, ғолиблар ва уларнинг ўқитувчилари ёки таълим муассасаларини рағбатлантириш масалалари олимпиадаларни ўтказиш учун ташкил этиладиган ташкилий қўмита (ёки ташкилотчилар) томонидан ўрнатилган тартибда белгиланади.
49. Ўқувчилар ўртасида умумтаълим фанлари бўйича ўтказиладиган қўшимча республика олимпиадалари Вазирлик билан келишилади.
Қўшимча республика олимпиадасини ўтказиш учун ташаббускор ташкилот томонидан Вазирликка ўтказилиши режалаштирилаётган олимпиада тўғрисида қуйидаги маълумотларни илова қилган ҳолда мурожаат юборади:
олимпиаданинг мақсади;
олимпиадани ўтказиш жойи ва вақти;
олимпиада ўтказилиши режалаштирилаётган фанлар рўйхати;
иштирокчилар учун қўйилган талаблар (синфи, ёши ва бошқалар);
ғолиб ва совриндорлар учун белгиланган мукофот жамғармаси ҳамда қўшимча имтиёзлар.
Вазирлик мурожаатни келиб тушган вақтдан бошлаб ўн кун мобайнида кўриб чиқади ҳамда қўшимча республика олимпиадасини ўтказишга розилик бериш ёки рад қилиш бўйича асослантирилган жавоб беради.
50. Қуйидаги ҳолларда олимпиадани ўтказишга рад жавоби берилиши мумкин:
олимпиадани ўтказишнинг мақсади амалдаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган таълим соҳасидаги асосий принципларга мос келмаса;
олимпиадани ўтказиш жойи ва вақти иштирокчиларнинг ҳаёти ва соғлигига хавф туғдирса.
5-боб. Онлайн олимпиада
51. Умумтаълим фанлари бўйича Вазирлик томонидан ўтказиладиган онлайн олимпиада мактабларнинг 4 — 11-синф ўқувчилари ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар мактабларининг ўқувчилари ўртасида ўқувчиларнинг билимларини синовдан ўтказиш, асосий олимпиадаларга тайёргарлик кўриш кўникмаларини шакллантириш мақсадида ўтказилади.
52. Онлайн олимпиадани ўтказиш тартиби, муддатлари ва шартлари тўғрисидаги маълумотлар онлайн олимпиада бошланишидан икки ҳафта олдин Вазирликнинг расмий веб-сайтларида жойлаштирилади.
53. Онлайн олимпиадада рўйхатдан ўтиш, иштирок этиш ва натижаларини аниқлаш ахборот тизими орқали амалга оширилади.
54. Онлайн олимпиаданинг техник таъминоти Вазирлик томонидан амалга оширилади.
55. Вазирлик томонидан ташкил қилинадиган онлайн олимпиадалар натижалари таълим муассасаси, ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчиларини рағбатлантиришга асос бўлмайди.
56. Нодавлат ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган онлайн олимпиадаларини ўтказиш тартиби, ғолиблар ва уларнинг ўқитувчилари ёки таълим муассасаларини рағбатлантириш масалалари ташкилотчилар томонидан белгиланади.
6-боб. Нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи терма жамоага номзодларни саралаш тартиби
57. Нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи терма жамоага номзодларни саралаш (кейинги ўринларда — саралаш) биринчи гуруҳ фанлардан уч босқичда ўтказилади.
58. Саралашнинг барча босқичларида иштирокчиларга синфидан қатъи назар, ҳар бир фан йўналишида бир хил назорат материаллари тақдим этилади ва натижалар ҳам синфларга ажратилмаган ҳолда эълон қилинади.
59. Саралашнинг биринчи босқичига қуйидаги тоифадаги ўқувчилар жалб қилинади:
тегишли ўқув йилида ўтказилган асосий олимпиадаларнинг учинчи (вилоят) босқичида фанлар бўйича синфлар кесимида, баллар кетма-кетлигида 1 — 5-ўринларни эгаллаган 9 — 11-синф ва академик лицей ҳамда касб-ҳунар мактабларининг ўқувчилари;
минтақавий халқаро олимпиадаларда ўтган ва жорий ўқув йили давомида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар;
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан тавсия қилинган ўқувчилар (ҳар бир фандан 5 нафаргача);
ўтган ўқув йилида нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этган, ҳозирда умумтаълим мактабларида, академик лицей ва касб-ҳунар мактабларида таҳсил олаётган ўқувчилар.
60. Саралашнинг биринчи босқичи Вазирлик томонидан ноябрь ойида ташкил қилинади ва иккинчи босқичга Республика миқёсида ҳар бир фан бўйича энг юқори балларни қўлга киритган дастлабки 25 нафар иштирокчилар саралаб олинади.
61. Саралашнинг иккинчи босқичи доирасида ўтказилган синовлар натижалари бўйича баллар кетма-кетлигида энг юқори натижага эришган:
биология фанидан — 12 нафар;
кимё фанидан — 12 нафар;
информатика ва ахборот технологиялари фанидан — 12 нафар;
физика фанидан — 15 нафар;
математика фанидан — 18 нафар ўқувчилар учинчи босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
62. Вазирлик томонидан саралашнинг иккинчи босқич натижаларига кўра саралаб олинган ўқувчилар учун тажрибали ўқитувчилар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва хорижий мутахассислар, шунингдек, халқаро танлов ва олимпиадалар совриндорлари бўлган тренерлар иштирокида маҳорат дарслари, кучайтирилган ўқув машғулотлари ташкил этилади.
63. Ташкил этиладиган ўқув машғулотлари давомида ўтказиладиган учинчи босқич синов натижаларига кўра ҳар бир фан йўналишида энг юқори балларни қўлга киритган ўқувчилардан нуфузли халқаро олимпиадаларда белгиланган квоталар асосида Ўзбекистон терма жамоаси таркиби шакллантирилади.
64. Нуфузли халқаро олимпиадаларга саралашнинг барча босқичлари учун назорат материаллари ҳамда баҳолаш мезонлари Вазирлик томонидан ишлаб чиқилади ҳамда махфийлиги таъминланган ҳолда, олимпиада ўтказиладиган жойларга етказилади.
65. Нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи терма жамоа раҳбарлари ва уларнинг ёрдамчилари Вазирлик томонидан тайинланади.
66. Вазирлик ҳузурида математика, физика, информатика ва ахборот технологиялари, кимё ва биология фанларидан маслаҳат кенгашлари ташкил қилинади.
Маслаҳат кенгашларига ўз фани бўйича юқори малакага эга бўлган тажрибали тренерлар, профессор-ўқитувчилар киритилади.
Маслаҳат кенгаши аъзолари терма жамоани нуфузли халқаро олимпиадаларга тайёрлашда, маҳорат дарсларини ташкил қилишда иштирок этади.
67. Терма жамоа раҳбари ўз фани бўйича юқори малакага эга бўлиши, халқаро олимпиада топшириқларини инглиз тилидан давлат тилига бехато таржима қила олиши ҳамда ўқувчилар ишларини халқаро ҳакамлар ҳайъатига ҳимоя қила олиши лозим.
68. Минтақавий халқаро олимпиадаларда иштирок этиш учун Ўзбекистон терма жамоаси нуфузли халқаро олимпиадаларга ўтказилган саралаш босқичлари натижалари асосида ёки Вазирлик томонидан қўшимча саралашлар ўтказиш орқали шакллантирилиши мумкин.
7-боб. Олимпиада ғолиблари ҳамда уларнинг ўқитувчиларини тақдирлаш ва рағбатлантириш
69. Асосий олимпиаданинг учинчи босқичида ғолиб бўлган ҳар бир ўқувчига қуйидаги миқдорда пул мукофотлари берилади:
1-ўринни эгаллаган ўқувчига — базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 баравари;
2-ўринни эгаллаган ўқувчига — базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари;
3-ўринни эгаллаган ўқувчига — базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари.
Асосий олимпиаданинг тўртинчи босқичида ғолиб бўлган ҳар бир ўқувчига қуйидаги миқдорда пул мукофотлари берилади:
1-ўринни эгаллаган ўқувчига — базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 баравари;
2-ўринни эгаллаган ўқувчига — базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 баравари;
3-ўринни эгаллаган ўқувчига — базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 баравари.
70. Асосий олимпиаданинг тўртинчи босқичида 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган ўқувчиларга ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи диплом Вазирлик томонидан берилади ва унинг алоҳида электрон реестри юритилади.
71. Информатика ва ахборот технологиялари фани бўйича мазкур сертификатни олган ўқувчиларга ихтисослик фан сифатида математика фанидан давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқи берилади.
72. Вазирлик томонидан ҳар йили асосий олимпиаданинг республика босқичи ва республика босқичига тенглаштирилган минтақавий халқаро олимпиадалар ҳамда нуфузли халқаро олимпиадаларнинг ғолиблари рўйхати шакллантирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига тақдим этилади.
73. Нуфузли халқаро олимпиадалар ғолибларининг ўқитувчилари ҳамда таълим муассасалари директорлари белгиланган тартибда рағбатлантирилади.
74. Таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган нуфузли халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз, асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоиз миқдорида устама ҳақи тўланади.
Бунда:
устамалар нуфузли халқаро олимпиадалар ва асосий олимпиадалар ўтказиладиган фанлар бўйича айнан ғолибликни қўлга киритган фанидан дарс бераётган олимпиада ғолибига берилади;
таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган нуфузли халқаро олимпиадалар ва асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари томонидан ғолибликни тасдиқловчи ҳужжат ёки сертификат тақдим қилинади.
75. Устама олишга даъвогар шахсда бир пайтда нуфузли халқаро ва асосий олимпиада (республика босқичи) ғолиби бўлганда унга энг юқори натижаси бўйича устама тайинланади ва тўлов амалга оширилади.
76. Олимпиада ғолиблари ва уларнинг ўқитувчиларини рағбатлантириш харажатлари Вазирликка Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қопланади.
Ушбу Низомга 2-иловада келтирилган рўйхатдаги халқаро олимпиадалар ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари учун пул мукофотларини тўлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 сентябрдаги ПҚ-346-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.
8-боб. Фан олимпиадаларини ташкил этишни молиялаштириш
77. Асосий олимпиадаларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар тегишлилиги бўйича туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари, ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари ҳамда Вазирликнинг ҳар йилги марказлашган харажатлар сметасида режалаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларида олимпиадаларни ўтказиш билан боғлиқ қуйидаги харажатлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ажратилган бюджет маблағлари ва Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади:
асосий олимпиадани ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар;
ўқувчи ва кузатувчиларнинг асосий олимпиадада иштироки билан боғлиқ харажатлар (келиб кетиши ва яшаши, транспорт, меҳмонхона, овқатланиш);
эсдалик совғалари, тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа харажатлар, асосий олимпиада ғолибларига бериладиган пул мукофотлари, назорат материаллари муаллифлари ва ҳакамлар ҳайъати (апелляция комиссияси) аъзоларига тўланадиган тўловлар, ғолибликни тасдиқловчи ҳужжат ёки сертификат (диплом) билан боғлиқ харажатлар бундан мустасно.
78. Мазкур Низомнинг 2-иловасида келтирилган халқаро олимпиадалар терма жамоа аъзолари ва раҳбарларининг иштироки билан боғлиқ барча харажатлар Вазирлик томонидан қопланади.
79. Олимпиадада иштирок этган ҳакамлар ҳайъати аъзолари ва апелляция комиссияси аъзоларига ҳар йили Давлат бюджети параметрларида назарда тутиладиган Вазирликнинг марказлашган харажатлари ҳисобидан қуйидаги миқдорларда бир марталик ҳақ тўловлари амалга оширилади:
асосий олимпиаданинг учинчи босқичида — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 50 фоиз миқдорида;
асосий олимпиаданинг тўртинчи босқичи ҳамда халқаро олимпиадаларга саралаш босқичларида — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 100 фоиз миқдорида.
80. Асосий олимпиадаларга ва халқаро олимпиада саралаш босқичларига жалб қилинган ҳакамлар ҳайъати аъзолари ва апелляция комиссияси аъзоларининг хизмат сафари билан боғлиқ кунлик, яшаш ва транспорт харажатлари уларнинг асосий иш жойидан қопланади.
81. Назорат материалларини тайёрлаш учун мактабларнинг, академик лицей, касб-ҳунар мактабларининг, олий таълим ва нодавлат таълим ташкилотларининг олий маълумотли ўқитувчилари ва бошқа мутахассислар жалб қилинади ҳамда уларга қуйидаги миқдорларда ҳақ тўланади:
асосий олимпиада ва онлайн олимпиадалар учун тайёрланган ҳар бир тест топшириғи (унинг ечими билан) учун — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 5 фоиз миқдорида;
асосий олимпиада ва онлайн олимпиадалар учун тайёрланган ҳар бир ёзма иш топшириғи (унинг ечими билан) учун — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 20 фоиз миқдорида;
халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи терма жамоани саралаш босқичлари учун тайёрланган ҳар бир топшириқ (унинг ечими билан) учун — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 50 фоиз миқдорида;
асосий олимпиада, онлайн олимпиадалар ва халқаро олимпиадалар учун тайёрланган битта назорат топшириғини (ёзма иш, тест) таржима қилганлик (ўзбек, рус, инглиз тилларига) учун — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 2 фоиз миқдорида.
82. Халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларини қўшимча ўқитишга жалб қилинган:
маҳаллий мутахассисларга соатбай ҳақ тўлаш илмий даража ва унвонига (илмий даража ва унвонларга эга бўлмаган тренерлар учун илмий даражага эга бўлмаган ўқитувчи лавозимига) мувофиқ олий таълим муассасаси талабаларига ўқув машғулотларини ўтказганлик учун белгиланган миқдорларда;
хорижий мутахассисларнинг иш ҳақи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаши ва келиб-кетиши билан боғлиқ тўловлар улар билан амалга оширилган келишувга асосан Вазирлик томонидан амалга оширилади.
83. Халқаро олимпиадаларда ўқувчиларнинг муваффақиятли иштирокини таъминлаш мақсадида, уларнинг юқори даражада тайёргарлик кўришлари учун Фан олимпиадалари марказида ҳамда «Ренессанс» оромгоҳида ўқув базаси ташкил этилади, барча зарур шароитлар таъминланади ва Вазирлик томонидан ўқув жараёнларига республика ва хорижлик малакали мутахассислар жалб қилинади.
84. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги халқаро олимпиадаларга жалб қилинган маҳаллий ва хорижий мутахассислар ҳамда терма жамоа аъзоларини ётоқхона ва транспорт хизмати билан таъминлайди.
9-боб. Якунловчи қоидалар
85. Халқаро олимпиадаларда Ўзбекистон терма жамоасининг иштирок этиши Вазирлик томонидан мувофиқлаштириб борилади.
86. Асосий олимпиадаларнинг барча босқичларида, халқаро олимпиадаларга саралашнинг биринчи ва иккинчи босқичларида иштирокчиларнинг олимпиада ўтказиладиган жойга келиб-кетиши, йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча ташкилий чора-тадбирларни кўриш маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, Ички ишлар вазирлиги ва ҳудудий халқ таълими бўлинмалари зиммасига юклатилади.
87. Олимпиада ўтказиладиган жойнинг санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мослиги, ўқувчилар соғлиги билан боғлиқ масалалар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олинади.
88. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Умумий ўрта таълим ташкилотлари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ҳамда халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш ва ғолибларни раҳбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Синфлар кесимида асосий олимпиада ўтказиладиган фанлар
Т/р I. Биринчи гуруҳ фанлар Синфлар 9 10 11 1. Математика + + + 2. Физика + + + 3. Кимё + + + 4. Биология + + + 5. Информатика ва ахборот технологиялари + + + II. Иккинчи гуруҳ фанлар 6. Она тили ва адабиёт + + + 7. Ўзбек тили (бошқа тилларда таҳсил оладиганлар учун) + + + 8. Қорақалпоқ тили ва адабиёти + + + 9. Рус тили ва адабиёти + + + 10. Инглиз тили + + + 11. Немис тили + + + 12. Француз тили + + + 13. Тожик тили + + + 14. Қозоқ тили + + + 15. Тарих + + + 16. География + + + 16 1 . Давлат ва ҳуқуқ асослари фани + + + III. Махсус мактаб-интернат ўқувчилари учун фан олимпиадаси ўтказиладиган фанлар рўйхати 17. Она тили ва адабиёт + + + 18. Математика + + + 19. Тарих + + + 20. Рус тили ва адабиёти + + +
Умумий ўрта таълим ташкилотлари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ҳамда халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш ва ғолибларни раҳбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Халқаро олимпиадалар
Нуфузли халқаро олимпиадалар 1. Халқаро математика олимпиадаси International Mathematical Olympiad (IMO) 2. Халқаро физика олимпиадаси International Physics Olympiad (IPhO) 3. Халқаро кимё олимпиадаси International Chemistry Olympiad (IChO) 4. Халқаро биология олимпиадаси International Biology Olympiad (IBO) 5. Халқаро информатика олимпиадаси International Olympiad in Informatics (IOI) Халқаро олимпиадалар 6. Халқаро немис тили олимпиадаси International German Olympics (IDO) 7. Халқаро француз тили олимпиадаси International French Language Olympiad (IFLO) 8. Халқаро инглиз тили олимпиадаси International English Olympiad 9. Халқаро география олимпиадаси International Geographical Olympiad (IGeo) 10. Халқаро иқтисод олимпиадаси International Economics Olympiad (IEO) 11. Халқаро астрономия олимпиадаси The International Astronomy Olympiad (IAO) Минтақавий халқаро олимпиадалар 12. Халқаро Жаутиков олимпиадаси (математика, физика, информатика ва ахборот технологиялари фанлари бўйича) International Zhautykov Olympiad (IZHO) 13. Кавказ математика олимпиадаси Caucasus Mathematic Olympiad (CMO) 14. Болқон математика олимпиадаси Balkan Mathematical Olympiad (BMO) 15. Ўсмирлар ўртасидаги Болқон математика олимпиадаси Junior Balkan Mathematical Olympiad (JBMO) 16. Халқаро математика мусобақаси International Mathematical Competition (IMC) 17. Халқаро Менделеев олимпиадаси (кимё фани бўйича) International Mendeleev Olympiad in Chemistry 18. Халқаро ёшлар табиий фанлар олимпиадаси International Junior Science Olympiad (IJSO) 19. Осиё физика олимпиадаси Asian Physics Olympiad (APhO) 20. Европа физика олимпиадаси European Physics Olympiad (EuPhO) 21. Осиё-Тинч океани минтақаси информатика олимпиадаси Asian-Pacific Informatics Olympiad (APIO) 22. Аҳмад ал-Фарғоний номидаги халқаро физика олимпиадаси International Al-Farghani Olympiad in Physics 23. Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаси International Al-Biruni Olympiad in Chemistry 24. Абу Али Ибн Сино номидаги халқаро биология олимпиадаси International Avicenna Olympiad in Biology (AIBO) 25. Ал-Хоразмий номидаги халқаро математика ва информатика олимпиадаси International Al Khwarizmi Olympiad in Mathematics and Informatics 26. Европа Қизлар Информатика Олимпиадаси European Girlsʼ Olympiad in Informatics (EGOI) 27. Европа Қизлар Математика Олимпиадаси European Girlsʼ Mathematical Olympiad (EGMO) 28. Осиё-Тинч океани минтақаси математика олимпиадаси Asian-Pacific Mathematical Olympiad (APMO) 29. Халқаро сунъий интеллект олимпиадаси International Olympiad in Artificial Intelligence (IOAI)
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги 562-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловини ўтказиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловини ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом талаблари Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган умумий ўрта таълим мактаблари (кейинги ўринларда — мактаб)га нисбатан татбиқ этилади.
3. Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб танлови (кейинги ўринларда — танлов) Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) ҳамда Халқ таълими вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) томонидан ҳар йили холислик, ошкоралик ва адолат тамойилларига амал қилинган ҳолда инглиз, немис, француз тиллари (кейинги ўринларда — хорижий тиллар) ўқитиладиган мактаблар ўртасида ўтказилади.
Танлов шартлари ва баҳолаш мезонлари инглиз, немис, француз тиллари бўйича бир хил мураккабликда Агентлик томонидан ишлаб чиқилади ҳамда мактаблар ўқитиладиган хорижий тиллардан қатъи назар, умумий танловда иштирок этади.
4. Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактабни аниқлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг совринини бериш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Танловнинг мақсади ва вазифалари
5. Мактаблар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, уларда хорижий тилларни ўқитишнинг даражаси ва сифатини оширишни рағбатлантириш, педагог-ўқитувчиларнинг хорижий тилларни ўрганишга қизиқишини ошириш, ўқитиш сифати бўйича халқаро мезон ва стандартларга мувофиқ юқори кўрсаткичларга эришишга замин яратиш танловнинг мақсади ҳисобланади.
6. Қуйидагилар танловнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
мактабларда хорижий тилларни ўқитиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлигини таҳлил қилиш;
хорижий тиллар бўйича ўқувчиларга сифатли таълим бераётган, самарали фаолият олиб бораётган ўқитувчиларни аниқлаш ва рағбатлантириш;
мактабларда хорижий тилларни ўргатиш бўйича кўрсатилаётган таълим хизматлари сифати ва самарадорлигини ошириш, уларда амалга оширилаётган ишлар ва эришилаётган натижалар тўғрисида кенг жамоатчиликни холис ахборотлар билан таъминлаш;
танловда юқори кўрсаткичларни қайд этган мактабларни рағбатлантириш, уларнинг тажрибасини оммалаштириш.
3-боб. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш
7. Вазирлик тизимидаги мактаблар (хорижий тилларга ихтисослашган мактаблар бундан мустасно) танловга жалб этилади.
8. Танловда иштирок этиш истагини билдирган мактаб ҳар йили 20 сентябрга қадар Вазирликнинг ахборот тизимида (кейинги ўринларда — ахборот тизими) мактаб терма жамоасини рўйхатдан ўтказади.
1-§. Танловга оид маълумотларни шакллантириш
9. Рўйхатдан ўтган мактаб ҳар йили 20 октябрга қадар ахборот тизимига хорижий тилларни ўқитиш бўйича Вазирлик томонидан белгиланган асосий кўрсаткичларини (кейинги ўринларда — асосий кўрсаткичлар) киритади.
Ахборот тизимига киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва тўғрилигига мактаб директори жавобгар ҳисобланади.
10. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлими ахборот тизимига киритилган маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва 1 декабрга қадар ҳаққонийлигини тасдиқлайди.
11. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг танлов жараёнини ташкил этиш бўйича фаолияти, шунингдек мактабларнинг ҳаққоний маълумотларни тақдим этишлари юзасидан назорат Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси (кейинги ўринларда — ҳудудий бошқармалар) томонидан амалга оширилади.
12. Ҳар бир мактабдан битта тил бўйича битта терма жамоа иштирок этиши мумкин. Терма жамоа 7 — 9-синфларда таҳсил оладиган 5 нафар ўқувчидан ташкил топади.
2-§. Танловни ташкил этиш
13. Танлов уч босқичда: туман (шаҳар), вилоят ва республика босқичларида ташкил этилади.
Танловнинг барча босқичлари учун ташкилий ишларни амалга оширадиган ташкилий қўмита ва ҳакамлар ҳайъати тузилади.
14. Қуйидагилар ташкилий қўмитанинг вазифалари ҳисобланади:
танлов ўтказиладиган жойни белгилаш ва тасдиқлаш;
ҳакамлар ҳайъати таркиби, апелляция комиссияси аъзолари, аудитория раҳбарлари рўйхатини шакллантириш;
танлов материалларининг махфийлигини, танловни мазкур Низом талаблари асосида ўтказилишини таъминлаш;
танлов ташкил этилиши, ўтказилиши ва натижаларини оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш;
танлов натижалари ва ҳакамлар ҳайъати қарори асосида ғолибларни кейинги босқичда иштирок этиши бўйича тавсияни юқори турувчи ташкилий қўмитага тақдим этиш.
15. Танловни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар тегишлилиги бўйича туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ҳамда Халқ таълими вазирлигининг ҳар йилги марказлашган харажатлар сметасида режалаштирилади.
16. Танловнинг биринчи босқичи (туман босқичи) ҳар йили февраль ойида тумандаги мактаблар ўртасида, Агентлик ҳамда Вазирлик томонидан тайёрланадиган махсус синов материаллари асосида, бевосита Агентлик, Вазирлик, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Давлат тест маркази томонидан белгиланадиган масъуллар иштирокида ўтказилади.
17. Танловнинг биринчи босқичида ҳар бир иштирокчи мактаб ўқувчиларидан иборат терма жамоасининг хорижий тилларни билиш даражаси тест топшириқлари воситасида синовдан ўтказилади ҳамда ушбу Низомга 2-иловадаги асосий кўрсаткичларни баҳолаш мезонлари асосида баллар қўйилади.
Биринчи босқичда мактаблар 100 баллик тизими бўйича баҳоланади, жумладан, тест топшириқлари учун — 50 балл, асосий кўрсаткичлар учун — 50 балл қўйилади.
18. Мактаб жамоасининг ҳар бир аъзоси синовлар жараёнида индивидуал баҳоланиб, иштирокчиларнинг натижалари умумлаштирилади ва асосий кўрсаткичларга қўйилган баллар қўшилган ҳолда мактабнинг умумий натижаси чиқарилади.
19. Умумий натижага кўра энг юқори балл тўплаган мактаблар баллар кетма-кетлигига кўра 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган мактаблар сифатида белгиланади.
20. Туман босқичи натижалари туман (шаҳар) халқ таълими бўлими томонидан ахборот тизимига киритилади. Синовларга тааллуқли ҳужжатлар туман (шаҳар) халқ таълими бўлимида уч йил муддатгача сақланади.
21. Туман босқичида 1-ўринни кўлга киритган мактаб вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.
22. Танловнинг иккинчи босқичи (вилоят босқичи) ҳар йили апрель ойида туман босқичида ғолиб бўлган мактаблар ўртасида, Агентлик ҳамда Вазирлик томонидан тайёрланадиган махсус синов материаллари асосида, бевосита Агентлик, Вазирлик, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Давлат тест маркази томонидан белгиланадиган масъуллар иштирокида ўтказилади.
Вилоят босқичида иштирок этадиган мактабларнинг ахборот тизимига асосий кўрсаткичлар бўйича киритган маълумотлари ҳудудий халқ таълими бошқармалари томонидан тузилган ташкилий қўмита томонидан таҳлил қилинади ва ҳаққонийлиги тасдиқланади.
23. Танловнинг вилоят босқичида иштирокчиларнинг тинглаб тушуниш (listening), ёзиш (writing), ўқиш (reading) ва лексик-грамматик кўникмаларини баҳолаш бўйича билимлари текширилади.
Иккинчи босқичда ҳар бир иштирокчи 100 баллик тизим бўйича баҳоланади, жумладан, тинглаб тушуниш (listening) — 25 балл, ёзиш (writing) — 25 балл, ўқиш (reading) — 25 балл ва лексик-грамматик кўникмалар — 25 балл қўйилади.
24. Мактаб жамоасининг ҳар бир аъзоси синовлар жараёнида индивидуал баҳоланиб, иштирокчиларнинг натижалари умумлашган ҳолда, мактабнинг умумий натижасини ҳосил қилади.
25. Иккинчи босқич натижаларига кўра умумий ҳисобда энг юқори балл тўплаган мактаблар вилоят босқичида 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган мактаблар сифатида белгиланади.
26. Вилоят босқичида 1-ўринни кўлга киритган мактаб республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.
27. Танловнинг учинчи босқичи (республика босқичи) ҳар йили август ойида, вилоят босқичида ғолиб бўлган мактаблар ўртасида Агентлик ҳамда хорижий ҳамкор ташкилотлар томонидан тайёрланадиган махсус синов материаллари асосида, бевосита Агентлик, Вазирлик ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар томонидан белгиланадиган масъуллар иштирокида ўтказилади.
28. Танловнинг республика босқичида иштирокчиларнинг тинглаб тушуниш (listening), ёзиш (writing), гапириш (speaking) ва ўқиш (reading) кўникмалари чет тилини билишнинг халқаро сертификацияланган стандартлари асосида синовдан ўтказилади ҳамда тегишли тил она тили сифатида фойдаланиладиган мамлакатлар ҳақидаги билими текширилади.
Учинчи босқичда чет тилини билишнинг халқаро сертификацияланган стандартлари бўйича белгиланган баҳолаш тизими асосида баҳоланади.
29. Мактаб жамоасининг ҳар бир аъзоси синовлар жараёнида индивидуал баҳоланиб, иштирокчиларнинг натижалари, мактабнинг умумий натижасини ҳосил қилади.
Инглиз, немис ва француз тиллари бўйича мос ҳолда турли халқаро сертификацияланган стандартлар бўйича баҳолаш тизими қўлланилганда, мактабларнинг натижаларини ҳисоблаш 100 баллга пропорционал тарзда амалга оширилади.
30. Учинчи босқич натижаларига кўра умумий ҳисобда энг юқори балл тўплаган мактаблар 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган мактаблар сифатида белгиланади.
31. Ҳар бир босқичда ғолибликка даъвогар жамоаларнинг баллари тенг бўлиб қолган тақдирда, жамоалар ўртасида қўшимча синов ташкил этилади.
32. Республика босқичида 1-ўринни қўлга киритган мактаб Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини соҳиби сифатида эълон қилинади.
4-боб. Назорат материалларини тайёрлаш
33. Танлов жараёнида фойдаланиладиган тест топшириқлари, ёзма ва амалий ишларни (кейинги ўринларда — назорат материаллари) босқич даражасидан келиб чиқиб, Агентлик, Вазирлик ҳамда халқаро ҳамкор ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилади.
Назорат материалларини ишлаб чиқишда малакали мутахассислар, хорижий экспертлар жалб қилинади ҳамда уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тегишлилиги бўйича Агентлик ёки Вазирлик томонидан тузилган шартномаларга асосан амалга оширилади.
Назорат материалларини тайёрлаш учун мутахассисларга қуйидаги миқдорларда ҳақ тўланади:
танлов учун тайёрланган ҳар бир тест топшириғи (унинг ечими билан) учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 5 фоиз миқдорида;
танлов учун тайёрланган ҳар бир ёзма иш (унинг ечими билан) ва амалий топшириқ учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 20 фоиз миқдорида.
Биринчи ва иккинчи босқич учун тайёрланган назорат материаллари бир нусхада муҳрланган ҳолда тегишли ҳудудларга Агентлик масъули бириктирилган ҳолда бир кун олдин етказиб берилади.
Ҳакамлар ҳайъатига танловнинг учинчи босқичида назорат материалларини кўриб чиқиш ва зарур ҳолларда ўзгартириш киритиш ваколати берилади.
34. Танловнинг барча босқичлари учун баҳолаш мезонлари Агентлик ва Вазирлик томонидан ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланади.
5-боб. Танлов ғолибларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг совринини бериш
35. Танлов ғолиблари қуйидаги миқдорларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини билан мукофотланади:
а) туман (шаҳар) босқичида 1-ўрин учун — 100 миллион сўм, 2-ўрин учун — 75 миллион сўм, 3-ўрин учун — 50 миллион сўм;
б) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичида 1-ўрин учун — 250 миллион сўм, 2-ўрин учун — 200 миллион сўм, 3-ўрин учун — 150 миллион сўм;
в) республика босқичида 1-ўрин учун — 500 миллион сўм, 2-ўрин учун — 400 миллион сўм, 3-ўрин ўрин учун — 300 миллион сўм.
36. Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини сифатида берилган пул мукофотлари танловнинг белгиланган босқичи якунлангандан сўнг 5 иш куни ичида ғолиб мактабнинг бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказиб берилади.
Ғолиб мактабнинг бюджетдан ташқари жамғармасига ўтказилган маблағлар қуйидагича йўналтирилади:
танлов шартларига кўра асосий кўрсаткичлар бўйича мактабнинг юқори баҳоланишига ҳисса қўшган ҳамда ўқувчиларни танловга тайёрлаган хорижий тиллар ўқитувчиларини рағбатлантириш учун — мукофот суммасининг 25 фоизигача;
танловда қатнашиб юқори натижалар кўрсатган терма жамоа аъзолари бўлган ўқувчиларни эсдалик совғалар ёки нақд пул шаклида рағбатлантириш учун — мукофот суммасининг 25 фоизигача;
мактабнинг бошқа эҳтиёжлари, жумладан, танловнинг кейинги босқичига тайёргарлик учун зарур харажатлар, хорижий тилларни ўқитишни янада яхшилаш учун шарт-шароитлар яратиш, мактаб кутубхонасини хорижий тилдаги илмий, бадиий адабиётлар билан бойитиш, ўқувчиларнинг хорижий тилда тинглаб тушуниш кўникмаларини баҳолашга кўмаклашувчи техник воситалар билан фан кабинетларини жиҳозлаш учун — мукофот суммасининг қолган қисми.
Терма жамоа аъзоларига бир хил қийматдаги совғалар ажратилади ёки мукофот суммаси жамоа аъзолари ўртасида тенг тақсимланади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
37. Танлов ғолибларини тақдирлаш маросимлари Агентлик, Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тантанали равишда ташкил этилади.
38. Мазкур Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
39. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактабни аниқлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг совринини бериш
Босқич Масъуллар Чора-тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Мактаблар А хборот тизимида рўйхатдан ўтиш 20 сентябрга қадар 2-босқич Мактаблар А хборот тизимига м актабнинг асосий кўрсаткичларини киритади 20 октябрга қадар 3-босқич Туман(шаҳар) халқ таълими бўлимлари Ахборот тизимида киритилган маълумотларни ҳаққонийлигини текшириш 1 декабрга қадар 4-босқич Агентлик, Вазирлик Танловнинг биринчи (туман) босқичи учун назорат материалларини тайёрлаш 1 февралга қадар 5-босқич Ташкилий қўмита Танловнинг биринчи (туман) босқичини ўтказиш ва ғолибларни аниқлаш 1 мартга қадар 6-босқич Танловнинг иккинчи (вилоят) босқичини ўтказиш бўйича тузилган Ташкилий қўмита Танловнинг иккинчи (вилоят) босқичида иштирок этадиган мактабларнинг ахборот тизимига асосий кўрсаткичлар бўйича киритган маълумотлари таҳлил қилинади ва ҳаққонийлиги тасдиқланади 1 майга қадар 7-босқич Агентлик, Вазирлик Танловнинг иккинчи (вилоят) босқичи учун назорат материалларини тайёрлаш 1 майга қадар 8-босқич Агентлик, Вазирлик, вазирлик ва идоралар Танловнинг иккинчи (вилоят) босқичини ўтказиш ва ғолибларни аниқлаш 1 июнга қадар 9-босқич Агентлик, Вазирлик халқаро ҳамкор ташкилотлар Танловнинг учинчи (республика) босқичи учун назорат материалларини тайёрлаш 1 августга қадар 10-босқич Агентлик, Вазирлик, халқаро ҳамкор ташкилотлар, вазирлик ва идоралар Танловнинг учинчи (республика) босқичини ўтказиш ва ғолибларни аниқлаш 1 сентябрга қадар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Хорижий тилларни ўқитиш бўйича мактабнинг асосий кўрсаткичларини баҳолаш
Т/р Асосий кўрсаткичлар Балл * ЖАМИ: 50 баллгача I. Хорижий тил ўқитувчиларининг малака тоифасига эгалиги 15 баллгача 1. Олий малака тоифасига эга ўқитувчилар улуши — 100 фоизни ташкил этганда 15 Олий малака тоифасига эга ўқитувчилар улуши — 50 фоиздан ошганда 10 Олий малака тоифасига эга ўқитувчилар мавжуд, улуши — 50 фоиз ва ундан кам бўлганда 5 2. Олий ва биринчи малака тоифасига эга ўқитувчилар улуши — 100 фоизни ташкил этганда 10 Олий ва биринчи малака тоифасига эга ўқитувчилар улуши — 50 фоиздан ошганда 5 Биринчи малака тоифасига эга ўқитувчилар мавжуд, улуши — 50 фоиз ва ундан кам бўлганда 3 3. Малака тоифасига эга ўқитувчилар улуши — 100 фоизни ташкил этганда 5 Малака тоифасига эга ўқитувчилар улуши — 50 фоиздан ошганда 3 Малака тоифасига эга ўқитувчилар мавжуд, улуши — 50 фоиз ва ундан кам бўлганда 1 II. Хорижий тил ўқитувчиларининг халқаро имтиҳон тизимлари бўйича махсус сертификатларга эгалиги ** 15 баллгача 4. Инглиз (француз, немис) тилини билиш даражаси ҳақидаги сертификат (TOEFL бўйича камида 72 ёки IELTS бўйича камида 5,5 балл, TestDaF (TDN3), CEFR бўйича камида В2), инглиз (француз, немис) тилини ўқитишнинг касбий маҳоратларни аниқловчи сертификат (ТКТ, GOETНE ZERTIFICAT B2, DSD II, TEFL, TESOL, СELTA, DELTA, DAF, DPAFP-FLE) ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан бериладиган инглиз (француз, немис) тилини билиш даражаси ҳақидаги В2 ёки С1 даражасидаги сертификатига эга ўқитувчи мавжуд бўлганда 10 5. Инглиз (француз, немис) тилини билиш даражаси ҳақидаги сертификат (TOEFL бўйича камида 72 ёки IELTS бўйича камида 5,5 балл, TestDaF (TDN3), CEFR бўйича камида В2), инглиз (француз, немис) тилини ўқитишнинг касбий маҳоратларни аниқловчи сертификат (ТКТ, GOETНE ZERTIFICAT B2, DSD II, TEFL, TESOL, СELTA, DELTA, DAF, DPAFP-FLE) ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан бериладиган инглиз (француз, немис) тилини билиш даражаси ҳақидаги В2 ёки С1 даражасид?ги сертификати?а эга ўқитувчилар сони 2 ёки унда? ортиқ бўлганда 15 III. Мактабда хорижий тил ўргатиш бўйича таълим хизматлари кўрсатишнинг йўлга қўйилганлиги 10 баллгача 6. Мактабда хорижий тил ўргатиш бўйича ўқув курслари ташкил этилган ва камида 6 ойдан буён фаолият юритаётган бўлса (ижара шартномаси асосида) 5 7. Мактабда хорижий тил ўргатиш бўйича ўқув курслари ташкил этилган ва камида 6 ойдан буён фаолият юритаётган бўлса ва камида 50 нафар ўқувчиларга тил ўргатиш йўлга қўйилган бўлса (ижара шартномаси асосида) 10 IV. Ўқувчиларнинг олимпиада ва танловларда эришган натижалари 10 баллгача 8. Ўқув йилида ўқувчиси хорижий тил бўйича республика олимпиадасига йўлланма олганда 10 9. Ўқув йилида ўқувчиси хорижий тили бўйича вилоят олимпиадасига йўлланма олганда 5
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги 562-сон қарорига 3-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида» 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 1-банднинг тўртинчи ва бешинчи хатбошиларидан «олимпиадалари» сўзи чиқариб ташлансин.
2. 4-илова :
а) номидан «олимпиадалари» сўзи чиқариб ташлансин;
б) 1-банддан «академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича олимпиадаларини» сўзлари чиқариб ташлансин;
в) 2 , 8 , 10-бандлардан ҳамда 7-банднинг иккинчи — тўртинчи хатбошиларидан «олимпиадалар» сўзи чиқариб ташлансин;
г) 3-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
д) 6-банддан «олимпиадалари» сўзи чиқариб ташлансин;
е) 11-банддан «олимпиада» сўзи чиқариб ташлансин.
3. 5-илова :
а) номидан «олимпиадалари» сўзи чиқариб ташлансин;
б) 1-банддан «Умумтаълим фанлари бўйича академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг расмий халқаро ва республика олимпиадалари» сўзлари чиқариб ташлансин;
в) 6-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
г) 7-банддан «олимпиадалари» ва «олимпиада фанлари» сўзлари чиқариб ташлансин;
д) 8 , 11 , 12 , 15-бандлардан «олимпиадалари» сўзи чиқариб ташлансин.
е) 13-банддан «олимпиадалар» сўзи чиқариб ташлансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 9 сентябрь,
562-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
ROʻYXATI
ROʻYXATI
NIZOM
SXEMASI
MEZONLARI
Iqtidorli oʻquvchilar oʻrtasida fan olimpiadalarini oʻtkazish tizimini takomillashtirish hamda xorijiy tillarni oʻqitish boʻyicha eng yaxshi maktabni aniqlash tizimini joriy etish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Iqtidorli yoshlarni aniqlash va yuqori malakali kadrlar tayyorlashning uzluksiz tizimini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 3-maydagi PQ-4306-son qarori , “Taʼlim-tarbiya tizimini yanada takomillashtirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 6-noyabrdagi PQ-4884-son qarori hamda “Oʻzbekiston Respublikasida xorijiy tillarni oʻrganishni ommalashtirish faoliyatini sifat jihatidan yangi bosqichga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 19-maydagi PQ-5117-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi:
a) Umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari, akademik litsey va kasb-hunar maktablari oʻquvchilari oʻrtasida fan olimpiadalarini tashkil etish, oʻtkazish hamda xalqaro olimpiadalar ishtirokchilarini saralash va gʻoliblarni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq:
fan olimpiadalari (asosiy olimpiadalar, muhandislik-ixtirochilik olimpiadalari, qoʻshimcha respublika olimpiadalari, onlayn olimpiadalar)ni tashkil etish, oʻtkazish hamda olimpiada gʻoliblari va ularning oʻqituvchilarini ragʻbatlantirish tartibi;
maqomi asosiy olimpiadalarning respublika bosqichiga tenglashtirilgan mintaqaviy xalqaro fan olimpiadalari roʻyxati;
xalqaro va mintaqaviy fan olimpiadalariga nomzodlarni saralash, Oʻzbekiston terma jamoasini shakllantirish, terma jamoa aʼzolarini tayyorlash uchun jalb etilgan mahalliy va xorijiy trenerlar mehnatiga haq toʻlash tartibi;
fan olimpiadalarining nazorat materiallarini tayyorlash hamda nazorat materiallarini tayyorlash uchun jalb etilgan mutaxassislar va ekspertlar mehnatiga haq toʻlash tartibi;
b) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrini uchun “Xorijiy tillarni oʻqitish boʻyicha eng yaxshi maktab” tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi tizimidagi, ingliz, nemis yoki fransuz tillaridan biri xorijiy til sifatida oʻqitiladigan umumiy oʻrta taʼlim maktablari oʻrtasida oʻtkaziladigan “Xorijiy tillarni oʻqitish boʻyicha eng yaxshi maktab” tanlovini tashkil etish hamda oʻtkazish tartibi;
ingliz, nemis, fransuz tillari boʻyicha bir xil murakkablikdagi nazorat materiallarini tayyorlash va tanlov oʻtkaziladigan joylarga yetkazib berish tartibi;
taʼlim muassasalarida xorijiy tillarni oʻqitish boʻyicha amalga oshirilayotgan chora-tadbirlarni tahlil qilish, maktabning xorijiy tillarni oʻqitish boʻyicha natijadorligi koʻrsatkichlarini baholash tartibi;
tuman (shahar)lar miqyosida, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar, Toshkent shahri miqyosida hamda respublika miqyosida xorijiy tillarni oʻqitish boʻyicha eng yaxshi natijaga erishgan maktablarni aniqlash va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrinini berish tartibi.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi mazkur qarorda nazarda tutilgan xarajatlarni Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi tomonidan taqdim etiladigan talabnomaga asosan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutib borsin.
Bunda, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrini uchun “Xorijiy tillarni oʻqitish boʻyicha eng yaxshi maktab” tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq tanlovda gʻolib boʻlgan maktablarni bir martalik pul mukofotlari bilan ragʻbatlantirish uchun ajratiladigan mablagʻlarning moliyalashtirish manbalari quyidagilar hisoblanadi:
a) tuman (shahar) bosqichida:
1-oʻrin uchun — 100 million soʻm, 2-oʻrin uchun — 75 million soʻm, 3-oʻrin uchun — 50 million soʻm miqdorida mukofotlash — tuman (shahar) mahalliy budjetlari hisobidan;
b) Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar bosqichida:
1-oʻrin uchun — 250 million soʻm, 2-oʻrin uchun — 200 million soʻm, 3-oʻrin uchun — 150 million soʻm miqdorida mukofotlash — Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjeti, viloyatlar va Toshkent shahar mahalliy budjetlari hisobidan;
v) respublika bosqichida:
1-oʻrin uchun — 500 million soʻm, 2-oʻrin uchun — 400 million soʻm, 3-oʻrin oʻrin uchun — 300 million soʻm miqdorida mukofotlash respublika budjetidan Maktabgacha va maktab taʼlim vazirligining markazlashgan xarajatlariga ajratiladigan mablagʻlar hisobidan.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda umumiy oʻrta taʼlim muassasalari oʻqituvchilariga, xalqaro olimpiadalar va asosiy olimpiadalarning respublika bosqichi gʻoliblariga gʻoliblikni qoʻlga kiritgan fanidan dars berganligi uchun, belgilangan ustamalarni qayta hisob-kitob qilgan holda, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Iqtidorli yoshlarni aniqlash va yuqori malakali kadrlar tayyorlashning uzluksiz tizimini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 3-maydagi PQ-4306-son qarori qabul qilingan kundan boshlab toʻliq toʻlab berilishini taʼminlasin.
4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston iqtidorli yoshlarini taqdirlash va moddiy ragʻbatlantirish toʻgʻrisida” 2008-yil 13-oktabrdagi 226-son qaroriga 3-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri X.U. Umarova zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 9-sentabrdagi 562-son qaroriga 1-ILOVA
Umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari, akademik litsey va kasb-hunar maktablari oʻquvchilari oʻrtasida fan olimpiadalarini tashkil etish, oʻtkazish hamda xalqaro olimpiadalar ishtirokchilarini saralash va gʻoliblarni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom davlat va nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari, akademik litsey va kasb-hunar maktablari (keyingi oʻrinlarda — maktablar) oʻquvchilari oʻrtasida umumtaʼlim fanlari boʻyicha olimpiadalarni tashkil etish, oʻtkazish, xalqaro va mintaqaviy olimpiadalar ishtirokchilarini saralash hamda olimpiada gʻoliblarini ragʻbatlantirish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
asosiy olimpiada — umumtaʼlim fanlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) tomonidan maktablar oʻrtasida respublika miqyosida tizimli ravishda har yili tashkil etiladigan olimpiada;
muhandislik-ixtirochilik olimpiadasi — oʻquvchilarning nazariy bilimlarini amaliyotda qoʻllay olishini sinovdan oʻtkazish, oʻquvchilarda muhandislik, ixtirochilik va konstruktorlik koʻnikmalarini shakllantirishga qaratilgan olimpiada;
qoʻshimcha respublika olimpiadalari — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, vazirlik va idoralar, davlat va nodavlat taʼlim tashkilotlari tomonidan asosiy olimpiadalardan tashqari, oʻz tashabbusi bilan oʻtkaziladigan olimpiadalar;
onlayn olimpiada — oʻquvchilarning bilimlarini sinovdan oʻtkazish va asosiy olimpiadalarga tayyorgarlik koʻrish koʻnikmalarini shakllantirishga qaratilgan hamda faqat axborot texnologiyalari (kompyuter, planshet, telefon va boshqalar) orqali amalga oshiriladigan olimpiadalar;
nufuzli xalqaro olimpiadalar — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Iqtidorli yoshlarni aniqlash va yuqori malakali kadrlar tayyorlashning uzluksiz tizimini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 3-maydagi PQ-4306-son qarorida belgilangan xalqaro olimpiadalar;
mintaqaviy xalqaro olimpiadalar — nufuzli xalqaro olimpiadalar roʻyxatiga kirmaydigan, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadigan roʻyxatga kiritilgan hamda gʻoliblarining maqomi asosiy olimpiadalarning respublika bosqichi gʻoliblariga tenglashtirilgan xalqaro olimpiadalar;
olimpiadalar taqvimi — oʻquv yili davomida oʻtkazilishi rejalashtirilgan fan olimpiadalarining reja-jadvali;
olimpiada gʻoliblari — asosiy olimpiada, qoʻshimcha respublika olimpiadalarida 1, 2, 3-oʻrinlarni, xalqaro olimpiadalarda oltin, kumush va bronza medallarini qoʻlga kiritgan oʻquvchilar;
axborot tizimi — Vazirlikning olimpiadalarni tashkil qilish va oʻtkazishga moʻljallangan veb-sayti.
3. Fan olimpiadalari yagona ilmiy-uslubiy yondashuv asosida adolatlilik, ochiqlik va shaffoflik tamoyillari asosida oʻtkaziladi.
4. Olimpiadalar uchun test topshiriqlari, yozma va amaliy ishlarni (keyingi oʻrinlarda — nazorat materiallari) tayyorlash, iqtidorli oʻquvchilar zaxirasini shakllantirish hamda olimpiadalarni oʻtkazish bilan bogʻliq tadbirlar Vazirlik tomonidan muvofiqlashtiriladi.
Respublika miqyosida tashabbus tartibida tashkil qilinadigan barcha turdagi fan olimpiadalari Vazirlik bilan kelishgan holda oʻtkaziladi hamda olimpiadalar taqvimiga kiritiladi.
5. Olimpiadalar nazorat materiallari oʻquvchilarning bilim, koʻnikmalarini standart va nostandart masalalarda, amaliy topshiriqlarda qoʻllay olish malakalarini va kompetensiyalarini baholashga qaratiladi.
6. Nufuzli xalqaro olimpiadalar va mintaqaviy xalqaro olimpiadalarni oʻtkazish tartibi va shartlari ularning tashkilotchilari tomonidan belgilanadi.
7. Oʻquvchilar olimpiadalarda oʻz xohishlariga koʻra, ixtiyoriy ravishda qatnashadilar.
2-bob. Asosiy olimpiadalarni tashkil etish tartibi
8. Asosiy olimpiadalarning tegishli bosqichini oʻtkazish boʻyicha kompleks chora-tadbirlarni bajarish uchun Vazirlik hamda uning hududiy boʻlinmalari oʻz buyruqlari bilan tashkiliy qoʻmitalar, hakamlar hayʼatlari, apellyatsiya komissiyalari tashkil etadilar.
1-§. Tashkiliy qoʻmita
9. Olimpiadalarni tashkil etish uchun Vazirlik, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Toshkent shahar va viloyatlar maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalari (keyingi oʻrinlarda — hududiy maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalari), tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlarida har bir olimpiada hamda uning bosqichlarini oʻtkazish boʻyicha respublika va hududiy tashkiliy qoʻmita (keyingi oʻrinlarda — tashkiliy qoʻmita ) tuziladi.
10. Quyidagilar tashkiliy qoʻmitaning vazifalari hisoblanadi:
olimpiada oʻtkaziladigan joyni belgilash va tasdiqlash;
hakamlar hayʼati tarkibi, apellyatsiya komissiyasi aʼzolari, auditoriya rahbarlari roʻyxatini shakllantirish;
olimpiada nazorat materiallarining maxfiyligini, olimpiadani mazkur Nizom talablari asosida oʻtkazilishini taʼminlash;
olimpiadaning tashkil etilishi, oʻtkazilishi va natijalarini ommaviy axborot vositalarida yoritib borish;
barcha olimpiada ishtirokchilari haqidagi maʼlumotlarni axborot tizimiga kiritilishini muvofiqlashtirish;
olimpiada natijalari va hakamlar hayʼati qarori asosida gʻoliblarni keyingi bosqichda ishtirok etishi boʻyicha tavsiyani yuqori turuvchi tashkiliy qoʻmitaga taqdim etish.
11. Maktablarda tashkiliy qoʻmitaning vazifalari Pedagogik kengash tomonidan amalga oshiriladi.
12. Tashkiliy qoʻmita tarkibiga Vazirlik, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Bilim va malakalarni baholash agentligi hamda Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligining masʼul xodimlari va boshqa mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari vakillari kiritilishi mumkin.
2-§. Hakamlar hayʼati
13. Olimpiadalarning barcha bosqichlarida tashkiliy qoʻmita tomonidan 3 kishidan 7 kishigacha tarkibda hakamlar hayʼati tuziladi.
14. Hakamlar hayʼati:
olimpiada jarayonida beriladigan nazorat materiallarini ekspertizadan oʻtkazadi;
olimpiada ishtirokchilari tomonidan bajarilgan ishlarni Vazirlik tomonidan tasdiqlangan baholash mezonlari asosida xolisona tekshiradi, baholaydi va gʻoliblarni aniqlaydi;
natijalarni olimpiada oʻtkazilgan kuni eʼlon qiladi;
oʻtkazilgan olimpiada natijalari boʻyicha qaror qabul qiladi va uni tashkiliy qoʻmitaga taqdim etadi.
15. Hakamlar hayʼati tarkibiga maktablar, nodavlat taʼlim tashkilotlari, oliy taʼlim va ilmiy-tadqiqot institutlarining yuqori malakali mutaxassislari jalb qilinadi. Har bir fan boʻyicha tuzilgan hakamlar hayʼati aʼzolari ochiq ovoz berish yoʻli bilan hayʼat raisini saylaydilar.
16. Hakamlar hayʼati aʼzolari olimpiada gʻoliblarini xolisona aniqlashda va nazorat materiallarining maxfiyligini taʼminlashda shaxsan javobgar hisoblanadi.
3-§. Auditoriya rahbari va nazoratchilar
17. Tashkiliy qoʻmita tomonidan olimpiada boshlanishidan oldin qurʼa tashlash yoʻli bilan fan oʻqituvchilari orasidan xonalarga auditoriya rahbari va nazoratchilari tayinlanadi.
Fan oʻqituvchisi oʻz mutaxassislik yoʻnalishida olimpiada oʻtkazilayotgan auditoriyaga rahbar yoki nazoratchi etib tayinlanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
18. Auditoriya rahbarlari:
ishtirokchilarga olimpiadaning tartib-qoidalari toʻgʻrisida qisqacha tushuntiradi;
olimpiada boshlanishi va tugash vaqtini eʼlon qiladi hamda olimpiada jarayonini nazorat qiladi;
fan olimpiadasi jarayonida oʻrnatilgan tartib-qoidalarga amal qilmagan oʻquvchilarni olimpiadadan dalolatnoma tuzib chetlashtiradi;
ishtirokchilarning bajargan ishlarini shifrlab, tekshirish uchun hakamlar hayʼatiga topshiradi;
hakamlar hayʼati tomonidan tekshirilgan ishlarni shifr boʻyicha roʻyxatini tuzadi va tashkiliy qoʻmitaga taqdim etadi.
19. Auditoriya nazoratchilari olimpiada oʻtkazilayotgan va oʻzlari biriktirilgan auditoriyada tartib saqlanishini taʼminlaydilar va auditoriya rahbariga qoʻyilgan vazifalarni amalga oshirishda koʻmaklashadilar.
20. Olimpiada oʻtkaziladigan auditoriyalar videokuzatuv kameralari bilan jihozlanadi. Auditoriyada telefon va turli aloqa vositalaridan foydalanish taqiqlanadi. Kimyo va fizika fanlarida kalkulyatordan hamda matematika fanida sirkul va chizgʻichdan foydalanishga ruxsat etiladi.
Ommaviy axborot vositalari vakillariga olimpiada jarayoniga xalaqit qilmagan holda kuzatishlariga ruxsat beriladi.
21. Olimpiada oʻtkazilayotgan jarayonda ishtirokchilarning oʻzaro gaplashishi, aloqa vositalari va turli xil qoʻshimcha manbalardan foydalanishi taqiqlanadi.
Bunday holatlar uchun ishtirokchi olimpiadadan chetlashtiriladi, bajargan ishlari tekshirilmaydi va baholanmaydi.
4-§. Apellyatsiya komissiyasi
22. Apellyatsiya komissiyasi hakamlar hayʼati tarkibiga kirmagan uch nafargacha fan mutaxassislaridan iborat tarkibda tuziladi.
23. Apellyatsiya komissiyasi tomonidan olimpiada ishtirokchilarining arizalari olimpiada natijalari eʼlon qilingan kunning oʻzida qabul qilinadi. Apellyatsiya jarayonida hakamlar hayʼati aʼzolari, ishtirokchi va uning fan oʻqituvchisi ishtirok etishi mumkin.
24. Apellyatsiyaga olimpiadalar ishtirokchilarining faqatgina oʻzlari tomonidan bajarilgan ishlarini qayta koʻrib chiqish boʻyicha natija eʼlon qilingandan soʻng shu kunning oʻzida arizalar qabul qilinadi.
25. Hakamlar hayʼati tomonidan baholangan ishtirokchining bajargan ishida baholash mezonlariga mos kelmaslik holatlari aniqlanganda apellyatsiya komissiyasi hakamlar hayʼati qarorini bekor qilish yoki ularga oʻzgartirishlar kiritish huquqiga ega.
26. Apellyatsiya komissiyasi hakamlar hayʼatiga apellyatsiya natijalari boʻyicha izoh berib, olimpiada natijalarini oʻzgartirishi mumkin va bunda hakamlar hayʼati qarori qayta tasdiqlanadi.
5-§. Iqtidorli oʻquvchilar zaxirasi
27. Iqtidorli oʻquvchilar zaxirasi axborot tizimida shakllantiriladi.
28. Iqtidorli oʻquvchilar zaxirasiga quyidagi toifadagi oʻquvchilar kiritiladi:
asosiy olimpiadaning uchinchi bosqichida fanlar kesimida 1, 2, 3-oʻrinlarni egallagan oʻquvchilar;
mintaqaviy xalqaro olimpiadalar gʻoliblari;
nufuzli xalqaro olimpiadalarda ishtirok etgan oʻquvchilar;
qoʻshimcha respublika olimpiadalari gʻoliblari;
onlayn olimpiadalar gʻoliblari.
29. Iqtidorli oʻquvchilar zaxirasidagi oʻquvchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar yillar kesimida Vazirlikning axborot tizimida saqlanadi.
3-bob. Asosiy olimpiadalarni oʻtkazish tartibi
30. Asosiy olimpiadalar ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan fanlardan ikki guruhga ajratilgan holda oʻtkaziladi.
Bunda, nufuzli xalqaro olimpiadalar tashkil qilinadigan fanlar mos keluvchi birinchi guruh (matematika, fizika, kimyo, biologiya, informatika va axborot texnologiyalari fanlari) va ikkinchi guruh (qolgan fanlar) deb belgilanadi.
31. Barcha fanlardan nazorat turlari, shakllari, baholash mezonlari Vazirlik tomonidan tasdiqlanadi.
Birinchi guruhdagi fanlar boʻyicha nazorat turlarida fanlar boʻyicha sinovlar xalqaro olimpiadalarning talablari va topshiriqlari metodologiyasini qoʻllagan holda oʻtkaziladi.
32. Asosiy olimpiadalar maktablarning 9 — 11-sinf, akademik litseylar va kasb-hunar maktablarining oʻquvchilari oʻrtasida oʻtkaziladi.
33. Asosiy olimpiadalar toʻrt bosqichda quyidagi muddatlarda oʻtkaziladi:
birinchi bosqich — maktab, akademik litsey va kasb-hunar maktablar miqyosida sentabr oyida;
ikkinchi bosqich — tuman (shahar) miqyosida oktabr oyida;
uchinchi bosqich — Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri miqyosida noyabr oyida;
toʻrtinchi bosqich — respublika miqyosida barcha fanlardan aprel-may oylarida oʻtkaziladi.
Toʻrtinchi bosqichda umumtaʼlim maktablarining 11-sinf, kasb-hunar maktablari, akademik litseylarning 2-bosqich oʻquvchilari ishtirok etadilar.
Birinchi bosqich maktab, akademik litsey va kasb-hunar maktablar tomonidan oʻquvchilar oʻrtasida oʻtkaziladi.
Har bir fan va sinf kesimida ishtirokchilar orasidan ballar ketma-ketligida 3 nafargacha gʻolib aniqlanadi va maktab pedagogik kengashining (yoki nodavlat taʼlim tashkiloti rahbarining) qarori bilan ikkinchi bosqichda ishtirok etish uchun tavsiya etiladi.
Ikkinchi bosqichda ishtirok etish uchun tavsiya etilgan oʻquvchilar hamda ularning oʻqituvchilari haqidagi maʼlumotlar axborot tizimiga joylashtiriladi.
Birinchi bosqichni oʻtkazish bilan bogʻliq masalalar, nazorat materiallarining maxfiyligini, jarayonning adolatli va shaffof oʻtkazilishini taʼminlashga maktab direktori masʼul hisoblanadi.
Tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimi birinchi bosqich tashkil etilishini muvofiqlashtiradi hamda adolatli va shaffof oʻtkazilishi boʻyicha nazoratni amalga oshiradi.
34. Ikkinchi bosqich tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari tomonidan birinchi bosqichda gʻolib boʻlgan oʻquvchilar oʻrtasida oʻtkaziladi.
Akademik litsey hamda Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi tizimidagi Prezident, ijod maktablari hamda Abu Ali ibn Sino, Mirzo Ulugʻbek, Muhammad al-Xorazmiy nomidagi ixtisoslashtirilgan maktablar va ushbu maktablarning hududlardagi filiallarining birinchi bosqich gʻoliblari ikkinchi bosqichda ishtirok etmasdan toʻgʻridan-toʻgʻri uchinchi bosqichda ishtirok etadilar.
Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi tizimidagi boshqa maktablarning birinchi bosqich gʻoliblari joylashuvi boʻyicha asosiy olimpiadalarning ikkinchi bosqichida ishtirok etadi.
35. Ikkinchi bosqichda har bir fan va sinf kesimida ishtirokchilar orasidan ballar ketma-ketligida 3 nafargacha (1, 2, 3-oʻrinlar) gʻolib aniqlanadi va hakamlar hayʼati qarori asosida tashkiliy qoʻmita tomonidan uchinchi bosqichda ishtirok etish uchun tavsiya etiladi.
Tashkiliy qoʻmita tavsiya etilgan oʻquvchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni axborot tizimiga kiritadi va tasdiqlaydi.
36. Ikkinchi bosqichni tashkil etishda:
ishtirokchilarini olimpiadalar boʻlib oʻtadigan manzilga xavfsiz kelib-ketishlariga tegishli maktab direktorlari;
nazorat materiallarining maxfiyligini taʼminlash, jarayonlarning shaffof, adolatli va barcha xavfsizlik choralarini koʻrgan holda tashkil etilishiga — tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimi mudirlari shaxsan masʼul hisoblanadi.
37. Hududiy maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalari tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari tomonidan ikkinchi bosqich oʻtkazilishini nazorat qiladi.
38. Uchinchi bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri miqyosida hududiy maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalari tomonidan oʻtkaziladi.
39. Asosiy olimpiadalarning uchinchi bosqichida:
ikkinchi bosqichda 1, 2, 3-oʻrinlarni egallagan oʻquvchilar;
akademik litseylar hamda Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi tizimidagi Prezident, ijod maktablari hamda Abu Ali ibn Sino, Mirzo Ulugʻbek, Muhammad al-Xorazmiy nomidagi ixtisoslashtirilgan maktablar va ushbu maktablarning hududlardagi filiallari tomonidan tavsiya etilgan 3 nafargacha oʻquvchilar;
oʻtgan oʻquv yilida asosiy olimpiadaning uchinchi bosqichida 1-oʻrinni egallagan va hozirda maktab, akademik litsey yoki kasb-hunar maktablarining oʻquvchilari oʻtgan oʻquv yilida gʻoliblikni qoʻlga kiritgan fani boʻyicha ishtirok etadi.
40. Uchinchi bosqichda har bir fan va sinf kesimida ishtirokchilar orasidan ballar ketma-ketligida 3 nafar (1, 2, 3-oʻrinlar) gʻoliblar aniqlanadi.
41. Ishtirokchilarning olimpiadalar boʻlib oʻtadigan manzilga xavfsiz kelib-ketishlarini taʼminlashga tuman (shahar) hokimlari va maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimi mudirlari shaxsan masʼul hisoblanadi.
42. Toʻrtinchi bosqich respublika miqyosida Vazirlik tomonidan uchinchi bosqichda 1, 2, 3-oʻrinlarni egallagan, umumtaʼlim maktablarining 11-sinf oʻquvchilari hamda kasb-hunar maktablari va akademik litseylarning 2-bosqich oʻquvchilari oʻrtasida oʻtkaziladi.
43. Toʻrtinchi bosqich uchun nazorat materiallari hamda ularni baholash mezonlari Vazirlik tomonidan tayyorlanadi.
44. Koʻzi ojizlar maxsus maktab-internatlari oʻquvchilari oʻrtasida ona tili va adabiyot, matematika, tarix, rus tili va adabiyoti fanlaridan olimpiada ikki (viloyat va respublika) bosqichda tashkil qilinadi hamda nazorat materiallari Vazirlik tomonidan ishlab chiqiladi.
45. Toʻrtinchi bosqichda har bir fan yoʻnalishida ballar ketma-ketligida 1, 2, 3-oʻrinlarni egallagan oʻquvchilar gʻolib hisoblanadi.
46. Toʻrtinchi bosqichni tashkil etishda:
a) ishtirokchilarning respublika bosqichi boʻlib oʻtadigan manzilga xavfsiz kelib-ketishlariga:
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari;
tizimida taʼlim tashkilotlari boʻlgan vazirlik va idoralarning birinchi rahbarlari;
nodavlat taʼlim tashkiloti rahbarlari;
b) nazorat materiallarining maxfiyligini taʼminlash, jarayonlarning shaffof va adolatli oʻtkazilishiga — Vazirlik bevosita masʼul hisoblanadi.
3 1 -bob. Muhandislik-ixtirochilik olimpiadalari
46 1 . Maktab oʻquvchilari oʻrtasida ijodkorlik, ixtirochilik hamda konstruktorlik koʻnikmalarini rivojlantirish maqsadida muhandislik-ixtirochilik olimpiadalari tashkil qilinadi.
Muhandislik-ixtirochilik olimpiadalari oʻgʻil va qiz bola oʻquvchilar uchun alohida-alohida oʻtkaziladi hamda gʻoliblar alohida-alohida aniqlanadi.
Har yili avgust oyida Vazirlik tomonidan Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishilgan holda zamonaviy muhandislik sohalaridan kelib chiqib, joriy oʻquv yilida boʻlib oʻtadigan muhandislik-ixtirochilik olimpiadasining yoʻnalishlari, tanlov bosqichlari, turlari, shartlari, baholash mezonlari hamda gʻoliblari qoʻshimcha davlat granti asosida oʻqishga qabul qilinadigan oliy taʼlim muassasalarining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari roʻyxati eʼlon qilinadi.
Muhandislik-ixtirochilik yoʻnalishidagi olimpiada gʻoliblari qoʻshimcha davlat granti asosida oʻqishga qabul qilinadigan oliy taʼlim muassasalarining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari roʻyxati Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan tasdiqlanadi.
46 2 . Muhandislik-ixtirochilik olimpiadalarining tashkiliy jarayonlari asosiy olimpiada shartlari kabi moliyalashtiriladi va gʻoliblari ragʻbatlantiriladi.
Muhandislik-ixtirochilik olimpiadasi gʻoliblari va bir nafar jamoa rahbari (oʻqituvchi) belgilangan mukofot pullari bilan, quyi sinf oʻquvchilari esa tashkilotchilarning qimmatbaho sovgʻalari bilan taqdirlanadi.
46 3 . Muhandislik-ixtirochilik olimpiadalarining maktab oʻquvchilari oʻrtasida respublika bosqichida gʻoliblikni qoʻlga kiritgan bitiruvchi sinf oʻquvchilariga davlat oliy taʼlim muassasalarining olimpiada yoʻnalishiga mos va turdosh bakalavriat taʼlim yoʻnalishlariga imtihonsiz qoʻshimcha davlat granti asosida oʻqishga qabul qilish huquqini beruvchi hamda uch yil muddat davomida amal qiluvchi sertifikat taqdim qilinadi.
4-bob. Qoʻshimcha respublika olimpiadalari
47. Qoʻshimcha respublika olimpiadalari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti yoki Vazirlar Mahkamasining hujjatlari va topshiriqlari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari, vazirlik va idoralar yoki davlat va nodavlat taʼlim tashkilotlari tashabbusiga koʻra oʻtkazilishi mumkin.
48. Qoʻshimcha respublika olimpiadalarini oʻtkazish tartibi, gʻoliblar va ularning oʻqituvchilari yoki taʼlim muassasalarini ragʻbatlantirish masalalari olimpiadalarni oʻtkazish uchun tashkil etiladigan tashkiliy qoʻmita (yoki tashkilotchilar) tomonidan oʻrnatilgan tartibda belgilanadi.
49. Oʻquvchilar oʻrtasida umumtaʼlim fanlari boʻyicha oʻtkaziladigan qoʻshimcha respublika olimpiadalari Vazirlik bilan kelishiladi.
Qoʻshimcha respublika olimpiadasini oʻtkazish uchun tashabbuskor tashkilot tomonidan Vazirlikka oʻtkazilishi rejalashtirilayotgan olimpiada toʻgʻrisida quyidagi maʼlumotlarni ilova qilgan holda murojaat yuboradi:
olimpiadaning maqsadi;
olimpiadani oʻtkazish joyi va vaqti;
olimpiada oʻtkazilishi rejalashtirilayotgan fanlar roʻyxati;
ishtirokchilar uchun qoʻyilgan talablar (sinfi, yoshi va boshqalar);
gʻolib va sovrindorlar uchun belgilangan mukofot jamgʻarmasi hamda qoʻshimcha imtiyozlar.
Vazirlik murojaatni kelib tushgan vaqtdan boshlab oʻn kun mobaynida koʻrib chiqadi hamda qoʻshimcha respublika olimpiadasini oʻtkazishga rozilik berish yoki rad qilish boʻyicha asoslantirilgan javob beradi.
50. Quyidagi hollarda olimpiadani oʻtkazishga rad javobi berilishi mumkin:
olimpiadani oʻtkazishning maqsadi amaldagi qonunchilik hujjatlarida belgilangan taʼlim sohasidagi asosiy prinsiplarga mos kelmasa;
olimpiadani oʻtkazish joyi va vaqti ishtirokchilarning hayoti va sogʻligiga xavf tugʻdirsa.
5-bob. Onlayn olimpiada
51. Umumtaʼlim fanlari boʻyicha Vazirlik tomonidan oʻtkaziladigan onlayn olimpiada maktablarning 4 — 11-sinf oʻquvchilari hamda akademik litsey va kasb-hunar maktablarining oʻquvchilari oʻrtasida oʻquvchilarning bilimlarini sinovdan oʻtkazish, asosiy olimpiadalarga tayyorgarlik koʻrish koʻnikmalarini shakllantirish maqsadida oʻtkaziladi.
52. Onlayn olimpiadani oʻtkazish tartibi, muddatlari va shartlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar onlayn olimpiada boshlanishidan ikki hafta oldin Vazirlikning rasmiy veb-saytlarida joylashtiriladi.
53. Onlayn olimpiadada roʻyxatdan oʻtish, ishtirok etish va natijalarini aniqlash axborot tizimi orqali amalga oshiriladi.
54. Onlayn olimpiadaning texnik taʼminoti Vazirlik tomonidan amalga oshiriladi.
55. Vazirlik tomonidan tashkil qilinadigan onlayn olimpiadalar natijalari taʼlim muassasasi, oʻquvchilar va ularning oʻqituvchilarini ragʻbatlantirishga asos boʻlmaydi.
56. Nodavlat tashkilotlar tomonidan tashkil etiladigan onlayn olimpiadalarini oʻtkazish tartibi, gʻoliblar va ularning oʻqituvchilari yoki taʼlim muassasalarini ragʻbatlantirish masalalari tashkilotchilar tomonidan belgilanadi.
6-bob. Nufuzli xalqaro olimpiadalarda ishtirok etuvchi terma jamoaga nomzodlarni saralash tartibi
57. Nufuzli xalqaro olimpiadalarda ishtirok etuvchi terma jamoaga nomzodlarni saralash (keyingi oʻrinlarda — saralash) birinchi guruh fanlardan uch bosqichda oʻtkaziladi.
58. Saralashning barcha bosqichlarida ishtirokchilarga sinfidan qatʼi nazar, har bir fan yoʻnalishida bir xil nazorat materiallari taqdim etiladi va natijalar ham sinflarga ajratilmagan holda eʼlon qilinadi.
59. Saralashning birinchi bosqichiga quyidagi toifadagi oʻquvchilar jalb qilinadi:
tegishli oʻquv yilida oʻtkazilgan asosiy olimpiadalarning uchinchi (viloyat) bosqichida fanlar boʻyicha sinflar kesimida, ballar ketma-ketligida 1 — 5-oʻrinlarni egallagan 9 — 11-sinf va akademik litsey hamda kasb-hunar maktablarining oʻquvchilari;
mintaqaviy xalqaro olimpiadalarda oʻtgan va joriy oʻquv yili davomida gʻoliblikni qoʻlga kiritgan oʻquvchilar;
Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi tomonidan tavsiya qilingan oʻquvchilar (har bir fandan 5 nafargacha);
oʻtgan oʻquv yilida nufuzli xalqaro olimpiadalarda ishtirok etgan, hozirda umumtaʼlim maktablarida, akademik litsey va kasb-hunar maktablarida tahsil olayotgan oʻquvchilar.
60. Saralashning birinchi bosqichi Vazirlik tomonidan noyabr oyida tashkil qilinadi va ikkinchi bosqichga Respublika miqyosida har bir fan boʻyicha eng yuqori ballarni qoʻlga kiritgan dastlabki 25 nafar ishtirokchilar saralab olinadi.
61. Saralashning ikkinchi bosqichi doirasida oʻtkazilgan sinovlar natijalari boʻyicha ballar ketma-ketligida eng yuqori natijaga erishgan:
biologiya fanidan — 12 nafar;
kimyo fanidan — 12 nafar;
informatika va axborot texnologiyalari fanidan — 12 nafar;
fizika fanidan — 15 nafar;
matematika fanidan — 18 nafar oʻquvchilar uchinchi bosqichda ishtirok etish huquqini qoʻlga kiritadi.
62. Vazirlik tomonidan saralashning ikkinchi bosqich natijalariga koʻra saralab olingan oʻquvchilar uchun tajribali oʻqituvchilar, oliy taʼlim muassasalari professor-oʻqituvchilari va xorijiy mutaxassislar, shuningdek, xalqaro tanlov va olimpiadalar sovrindorlari boʻlgan trenerlar ishtirokida mahorat darslari, kuchaytirilgan oʻquv mashgʻulotlari tashkil etiladi.
63. Tashkil etiladigan oʻquv mashgʻulotlari davomida oʻtkaziladigan uchinchi bosqich sinov natijalariga koʻra har bir fan yoʻnalishida eng yuqori ballarni qoʻlga kiritgan oʻquvchilardan nufuzli xalqaro olimpiadalarda belgilangan kvotalar asosida Oʻzbekiston terma jamoasi tarkibi shakllantiriladi.
64. Nufuzli xalqaro olimpiadalarga saralashning barcha bosqichlari uchun nazorat materiallari hamda baholash mezonlari Vazirlik tomonidan ishlab chiqiladi hamda maxfiyligi taʼminlangan holda, olimpiada oʻtkaziladigan joylarga yetkaziladi.
65. Nufuzli xalqaro olimpiadalarda ishtirok etuvchi terma jamoa rahbarlari va ularning yordamchilari Vazirlik tomonidan tayinlanadi.
66. Vazirlik huzurida matematika, fizika, informatika va axborot texnologiyalari, kimyo va biologiya fanlaridan maslahat kengashlari tashkil qilinadi.
Maslahat kengashlariga oʻz fani boʻyicha yuqori malakaga ega boʻlgan tajribali trenerlar, professor-oʻqituvchilar kiritiladi.
Maslahat kengashi aʼzolari terma jamoani nufuzli xalqaro olimpiadalarga tayyorlashda, mahorat darslarini tashkil qilishda ishtirok etadi.
67. Terma jamoa rahbari oʻz fani boʻyicha yuqori malakaga ega boʻlishi, xalqaro olimpiada topshiriqlarini ingliz tilidan davlat tiliga bexato tarjima qila olishi hamda oʻquvchilar ishlarini xalqaro hakamlar hayʼatiga himoya qila olishi lozim.
68. Mintaqaviy xalqaro olimpiadalarda ishtirok etish uchun Oʻzbekiston terma jamoasi nufuzli xalqaro olimpiadalarga oʻtkazilgan saralash bosqichlari natijalari asosida yoki Vazirlik tomonidan qoʻshimcha saralashlar oʻtkazish orqali shakllantirilishi mumkin.
7-bob. Olimpiada gʻoliblari hamda ularning oʻqituvchilarini taqdirlash va ragʻbatlantirish
69. Asosiy olimpiadaning uchinchi bosqichida gʻolib boʻlgan har bir oʻquvchiga quyidagi miqdorda pul mukofotlari beriladi:
1-oʻrinni egallagan oʻquvchiga — bazaviy hisoblash miqdorining 6 baravari;
2-oʻrinni egallagan oʻquvchiga — bazaviy hisoblash miqdorining 4 baravari;
3-oʻrinni egallagan oʻquvchiga — bazaviy hisoblash miqdorining 3 baravari.
Asosiy olimpiadaning toʻrtinchi bosqichida gʻolib boʻlgan har bir oʻquvchiga quyidagi miqdorda pul mukofotlari beriladi:
1-oʻrinni egallagan oʻquvchiga — bazaviy hisoblash miqdorining 12 baravari;
2-oʻrinni egallagan oʻquvchiga — bazaviy hisoblash miqdorining 8 baravari;
3-oʻrinni egallagan oʻquvchiga — bazaviy hisoblash miqdorining 6 baravari.
70. Asosiy olimpiadaning toʻrtinchi bosqichida 1, 2, 3-oʻrinlarni egallagan oʻquvchilarga ixtisoslik fani boʻyicha davlat oliy taʼlim muassasalariga kirish imtihonlarida maksimal ball olish huquqini beruvchi va uch yil muddat davomida amal qiluvchi diplom Vazirlik tomonidan beriladi va uning alohida elektron reyestri yuritiladi.
71. Informatika va axborot texnologiyalari fani boʻyicha mazkur sertifikatni olgan oʻquvchilarga ixtisoslik fan sifatida matematika fanidan davlat oliy taʼlim muassasalariga kirish imtihonlarida maksimal ball olish huquqi beriladi.
72. Vazirlik tomonidan har yili asosiy olimpiadaning respublika bosqichi va respublika bosqichiga tenglashtirilgan mintaqaviy xalqaro olimpiadalar hamda nufuzli xalqaro olimpiadalarning gʻoliblari roʻyxati shakllantiriladi hamda Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish boʻyicha davlat komissiyasiga taqdim etiladi.
73. Nufuzli xalqaro olimpiadalar gʻoliblarining oʻqituvchilari hamda taʼlim muassasalari direktorlari belgilangan tartibda ragʻbatlantiriladi.
74. Taʼlim muassasalarida oʻqituvchi boʻlib faoliyat yuritayotgan nufuzli xalqaro olimpiadalar gʻoliblari lavozim maoshiga har oy 150 foiz, asosiy olimpiadalar respublika bosqichi gʻoliblari lavozim maoshiga har oy 100 foiz miqdorida ustama haqi toʻlanadi.
Bunda:
ustamalar nufuzli xalqaro olimpiadalar va asosiy olimpiadalar oʻtkaziladigan fanlar boʻyicha aynan gʻoliblikni qoʻlga kiritgan fanidan dars berayotgan olimpiada gʻolibiga beriladi;
taʼlim muassasalarida oʻqituvchi boʻlib faoliyat yuritayotgan nufuzli xalqaro olimpiadalar va asosiy olimpiadalar respublika bosqichi gʻoliblari tomonidan gʻoliblikni tasdiqlovchi hujjat yoki sertifikat taqdim qilinadi.
75. Ustama olishga daʼvogar shaxsda bir paytda nufuzli xalqaro va asosiy olimpiada (respublika bosqichi) gʻolibi boʻlganda unga eng yuqori natijasi boʻyicha ustama tayinlanadi va toʻlov amalga oshiriladi.
76. Olimpiada gʻoliblari va ularning oʻqituvchilarini ragʻbatlantirish xarajatlari Vazirlikka Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan ajratiladigan mablagʻlar hisobidan qoplanadi.
Ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan roʻyxatdagi xalqaro olimpiadalar gʻoliblari va ularning oʻqituvchilari uchun pul mukofotlarini toʻlash Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 30-sentabrdagi PQ-346-son qaroriga muvofiq amalga oshiriladi.
8-bob. Fan olimpiadalarini tashkil etishni moliyalashtirish
77. Asosiy olimpiadalarni tashkil etish bilan bogʻliq xarajatlar tegishliligi boʻyicha tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari, hududiy maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalari hamda Vazirlikning har yilgi markazlashgan xarajatlar smetasida rejalashtiriladi.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi tizimidagi alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalar uchun ixtisoslashtirilgan davlat taʼlim muassasalarida olimpiadalarni oʻtkazish bilan bogʻliq quyidagi xarajatlar Ijtimoiy himoya milliy agentligiga ajratilgan budjet mablagʻlari va Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi:
asosiy olimpiadani tashkil etish bilan bogʻliq xarajatlar;
oʻquvchi va kuzatuvchilarning asosiy olimpiadada ishtiroki bilan bogʻliq xarajatlar (kelib ketishi va yashashi, transport, mehmonxona, ovqatlanish);
esdalik sovgʻalari, tadbirlarni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq boshqa xarajatlar, asosiy olimpiada gʻoliblariga beriladigan pul mukofotlari, nazorat materiallari mualliflari va hakamlar hayʼati (apellyatsiya komissiyasi) aʼzolariga toʻlanadigan toʻlovlar, gʻoliblikni tasdiqlovchi hujjat yoki sertifikat (diplom) bilan bogʻliq xarajatlar bundan mustasno.
78. Mazkur Nizomning 2-ilovasida keltirilgan xalqaro olimpiadalar terma jamoa aʼzolari va rahbarlarining ishtiroki bilan bogʻliq barcha xarajatlar Vazirlik tomonidan qoplanadi.
79. Olimpiadada ishtirok etgan hakamlar hayʼati aʼzolari va apellyatsiya komissiyasi aʼzolariga har yili Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladigan Vazirlikning markazlashgan xarajatlari hisobidan quyidagi miqdorlarda bir martalik haq toʻlovlari amalga oshiriladi:
asosiy olimpiadaning uchinchi bosqichida — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoriga nisbatan 50 foiz miqdorida;
asosiy olimpiadaning toʻrtinchi bosqichi hamda xalqaro olimpiadalarga saralash bosqichlarida — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoriga nisbatan 100 foiz miqdorida.
80. Asosiy olimpiadalarga va xalqaro olimpiada saralash bosqichlariga jalb qilingan hakamlar hayʼati aʼzolari va apellyatsiya komissiyasi aʼzolarining xizmat safari bilan bogʻliq kunlik, yashash va transport xarajatlari ularning asosiy ish joyidan qoplanadi.
81. Nazorat materiallarini tayyorlash uchun maktablarning, akademik litsey, kasb-hunar maktablarining, oliy taʼlim va nodavlat taʼlim tashkilotlarining oliy maʼlumotli oʻqituvchilari va boshqa mutaxassislar jalb qilinadi hamda ularga quyidagi miqdorlarda haq toʻlanadi:
asosiy olimpiada va onlayn olimpiadalar uchun tayyorlangan har bir test topshirigʻi (uning yechimi bilan) uchun — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoriga nisbatan 5 foiz miqdorida;
asosiy olimpiada va onlayn olimpiadalar uchun tayyorlangan har bir yozma ish topshirigʻi (uning yechimi bilan) uchun — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoriga nisbatan 20 foiz miqdorida;
xalqaro olimpiadalarda ishtirok etuvchi terma jamoani saralash bosqichlari uchun tayyorlangan har bir topshiriq (uning yechimi bilan) uchun — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoriga nisbatan 50 foiz miqdorida;
asosiy olimpiada, onlayn olimpiadalar va xalqaro olimpiadalar uchun tayyorlangan bitta nazorat topshirigʻini (yozma ish, test) tarjima qilganlik (oʻzbek, rus, ingliz tillariga) uchun — mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoriga nisbatan 2 foiz miqdorida.
82. Xalqaro olimpiadalarda ishtirok etuvchi Oʻzbekiston terma jamoasi aʼzolarini qoʻshimcha oʻqitishga jalb qilingan:
mahalliy mutaxassislarga soatbay haq toʻlash ilmiy daraja va unvoniga (ilmiy daraja va unvonlarga ega boʻlmagan trenerlar uchun ilmiy darajaga ega boʻlmagan oʻqituvchi lavozimiga) muvofiq oliy taʼlim muassasasi talabalariga oʻquv mashgʻulotlarini oʻtkazganlik uchun belgilangan miqdorlarda;
xorijiy mutaxassislarning ish haqi, Oʻzbekiston Respublikasi hududida yashashi va kelib-ketishi bilan bogʻliq toʻlovlar ular bilan amalga oshirilgan kelishuvga asosan Vazirlik tomonidan amalga oshiriladi.
83. Xalqaro olimpiadalarda oʻquvchilarning muvaffaqiyatli ishtirokini taʼminlash maqsadida, ularning yuqori darajada tayyorgarlik koʻrishlari uchun Fan olimpiadalari markazida hamda “Renessans” oromgohida oʻquv bazasi tashkil etiladi, barcha zarur sharoitlar taʼminlanadi va Vazirlik tomonidan oʻquv jarayonlariga respublika va xorijlik malakali mutaxassislar jalb qilinadi.
84. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi hamda Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi xalqaro olimpiadalarga jalb qilingan mahalliy va xorijiy mutaxassislar hamda terma jamoa aʼzolarini yotoqxona va transport xizmati bilan taʼminlaydi.
9-bob. Yakunlovchi qoidalar
85. Xalqaro olimpiadalarda Oʻzbekiston terma jamoasining ishtirok etishi Vazirlik tomonidan muvofiqlashtirib boriladi.
86. Asosiy olimpiadalarning barcha bosqichlarida, xalqaro olimpiadalarga saralashning birinchi va ikkinchi bosqichlarida ishtirokchilarning olimpiada oʻtkaziladigan joyga kelib-ketishi, yoʻllarda harakatlanish xavfsizligini taʼminlash boʻyicha barcha tashkiliy chora-tadbirlarni koʻrish mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, Ichki ishlar vazirligi va hududiy xalq taʼlimi boʻlinmalari zimmasiga yuklatiladi.
87. Olimpiada oʻtkaziladigan joyning sanitariya normalari, qoidalari va gigiyena normativlariga mosligi, oʻquvchilar sogʻligi bilan bogʻliq masalalar Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan nazoratga olinadi.
88. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladi.
Umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari, akademik litsey va kasb-hunar maktablari oʻquvchilari oʻrtasida fan olimpiadalarini tashkil etish, oʻtkazish hamda xalqaro olimpiadalar ishtirokchilarini saralash va gʻoliblarni rahbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Sinflar kesimida asosiy olimpiada oʻtkaziladigan fanlar
T/r I. Birinchi guruh fanlar Sinflar 9 10 11 1. Matematika + + + 2. Fizika + + + 3. Kimyo + + + 4. Biologiya + + + 5. Informatika va axborot texnologiyalari + + + II. Ikkinchi guruh fanlar 6. Ona tili va adabiyot + + + 7. Oʻzbek tili (boshqa tillarda tahsil oladiganlar uchun) + + + 8. Qoraqalpoq tili va adabiyoti + + + 9. Rus tili va adabiyoti + + + 10. Ingliz tili + + + 11. Nemis tili + + + 12. Fransuz tili + + + 13. Tojik tili + + + 14. Qozoq tili + + + 15. Tarix + + + 16. Geografiya + + + 16 1 . Davlat va huquq asoslari fani + + + III. Maxsus maktab-internat oʻquvchilari uchun fan olimpiadasi oʻtkaziladigan fanlar roʻyxati 17. Ona tili va adabiyot + + + 18. Matematika + + + 19. Tarix + + + 20. Rus tili va adabiyoti + + +
Umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari, akademik litsey va kasb-hunar maktablari oʻquvchilari oʻrtasida fan olimpiadalarini tashkil etish, oʻtkazish hamda xalqaro olimpiadalar ishtirokchilarini saralash va gʻoliblarni rahbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Xalqaro olimpiadalar
Nufuzli xalqaro olimpiadalar 1. Xalqaro matematika olimpiadasi International Mathematical Olympiad (IMO) 2. Xalqaro fizika olimpiadasi International Physics Olympiad (IPhO) 3. Xalqaro kimyo olimpiadasi International Chemistry Olympiad (IChO) 4. Xalqaro biologiya olimpiadasi International Biology Olympiad (IBO) 5. Xalqaro informatika olimpiadasi International Olympiad in Informatics (IOI) Xalqaro olimpiadalar 6. Xalqaro nemis tili olimpiadasi International German Olympics (IDO) 7. Xalqaro fransuz tili olimpiadasi International French Language Olympiad (IFLO) 8. Xalqaro ingliz tili olimpiadasi International English Olympiad 9. Xalqaro geografiya olimpiadasi International Geographical Olympiad (IGeo) 10. Xalqaro iqtisod olimpiadasi International Economics Olympiad (IEO) 11. Xalqaro astronomiya olimpiadasi The International Astronomy Olympiad (IAO) Mintaqaviy xalqaro olimpiadalar 12. Xalqaro Jautikov olimpiadasi (matematika, fizika, informatika va axborot texnologiyalari fanlari boʻyicha) International Zhautykov Olympiad (IZHO) 13. Kavkaz matematika olimpiadasi Caucasus Mathematic Olympiad (CMO) 14. Bolqon matematika olimpiadasi Balkan Mathematical Olympiad (BMO) 15. Oʻsmirlar oʻrtasidagi Bolqon matematika olimpiadasi Junior Balkan Mathematical Olympiad (JBMO) 16. Xalqaro matematika musobaqasi International Mathematical Competition (IMC) 17. Xalqaro Mendeleyev olimpiadasi (kimyo fani boʻyicha) International Mendeleev Olympiad in Chemistry 18. Xalqaro yoshlar tabiiy fanlar olimpiadasi International Junior Science Olympiad (IJSO) 19. Osiyo fizika olimpiadasi Asian Physics Olympiad (APhO) 20. Yevropa fizika olimpiadasi European Physics Olympiad (EuPhO) 21. Osiyo-Tinch okeani mintaqasi informatika olimpiadasi Asian-Pacific Informatics Olympiad (APIO) 22. Ahmad al-Fargʻoniy nomidagi xalqaro fizika olimpiadasi International Al-Farghani Olympiad in Physics 23. Abu Rayhon Beruniy nomidagi xalqaro kimyo olimpiadasi International Al-Biruni Olympiad in Chemistry 24. Abu Ali Ibn Sino nomidagi xalqaro biologiya olimpiadasi International Avicenna Olympiad in Biology (AIBO) 25. Al-Xorazmiy nomidagi xalqaro matematika va informatika olimpiadasi International Al Khwarizmi Olympiad in Mathematics and Informatics 26. Yevropa Qizlar Informatika Olimpiadasi European Girlsʼ Olympiad in Informatics (EGOI) 27. Yevropa Qizlar Matematika Olimpiadasi European Girlsʼ Mathematical Olympiad (EGMO) 28. Osiyo-Tinch okeani mintaqasi matematika olimpiadasi Asian-Pacific Mathematical Olympiad (APMO) 29. Xalqaro sunʼiy intellekt olimpiadasi International Olympiad in Artificial Intelligence (IOAI)
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 9-sentabrdagi 562-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrini uchun “Xorijiy tillarni oʻqitish boʻyicha eng yaxshi maktab” tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrini uchun “Xorijiy tillarni oʻqitish boʻyicha eng yaxshi maktab” tanlovini oʻtkazish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizom talablari Oʻzbekiston Respublikasida faoliyat yuritayotgan umumiy oʻrta taʼlim maktablari (keyingi oʻrinlarda — maktab)ga nisbatan tatbiq etiladi.
3. Xorijiy tillarni oʻqitish boʻyicha eng yaxshi maktab tanlovi (keyingi oʻrinlarda — tanlov) Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Xorijiy tillarni oʻrganishni ommalashtirish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) hamda Xalq taʼlimi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) tomonidan har yili xolislik, oshkoralik va adolat tamoyillariga amal qilingan holda ingliz, nemis, fransuz tillari (keyingi oʻrinlarda — xorijiy tillar) oʻqitiladigan maktablar oʻrtasida oʻtkaziladi.
Tanlov shartlari va baholash mezonlari ingliz, nemis, fransuz tillari boʻyicha bir xil murakkablikda Agentlik tomonidan ishlab chiqiladi hamda maktablar oʻqitiladigan xorijiy tillardan qatʼi nazar, umumiy tanlovda ishtirok etadi.
4. Xorijiy tillarni oʻqitish boʻyicha eng yaxshi maktabni aniqlash va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrinini berish ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
2-bob. Tanlovning maqsadi va vazifalari
5. Maktablar oʻrtasida sogʻlom raqobat muhitini shakllantirish, ularda xorijiy tillarni oʻqitishning darajasi va sifatini oshirishni ragʻbatlantirish, pedagog-oʻqituvchilarning xorijiy tillarni oʻrganishga qiziqishini oshirish, oʻqitish sifati boʻyicha xalqaro mezon va standartlarga muvofiq yuqori koʻrsatkichlarga erishishga zamin yaratish tanlovning maqsadi hisoblanadi.
6. Quyidagilar tanlovning asosiy vazifalari hisoblanadi:
maktablarda xorijiy tillarni oʻqitish boʻyicha amalga oshirilayotgan chora-tadbirlar natijadorligini tahlil qilish;
xorijiy tillar boʻyicha oʻquvchilarga sifatli taʼlim berayotgan, samarali faoliyat olib borayotgan oʻqituvchilarni aniqlash va ragʻbatlantirish;
maktablarda xorijiy tillarni oʻrgatish boʻyicha koʻrsatilayotgan taʼlim xizmatlari sifati va samaradorligini oshirish, ularda amalga oshirilayotgan ishlar va erishilayotgan natijalar toʻgʻrisida keng jamoatchilikni xolis axborotlar bilan taʼminlash;
tanlovda yuqori koʻrsatkichlarni qayd etgan maktablarni ragʻbatlantirish, ularning tajribasini ommalashtirish.
3-bob. Tanlovni tashkil etish va oʻtkazish
7. Vazirlik tizimidagi maktablar (xorijiy tillarga ixtisoslashgan maktablar bundan mustasno) tanlovga jalb etiladi.
8. Tanlovda ishtirok etish istagini bildirgan maktab har yili 20-sentabrga qadar Vazirlikning axborot tizimida (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimi) maktab terma jamoasini roʻyxatdan oʻtkazadi.
1-§. Tanlovga oid maʼlumotlarni shakllantirish
9. Roʻyxatdan oʻtgan maktab har yili 20-oktabrga qadar axborot tizimiga xorijiy tillarni oʻqitish boʻyicha Vazirlik tomonidan belgilangan asosiy koʻrsatkichlarini (keyingi oʻrinlarda — asosiy koʻrsatkichlar) kiritadi.
Axborot tizimiga kiritilgan maʼlumotlarning haqqoniyligi va toʻgʻriligiga maktab direktori javobgar hisoblanadi.
10. Tuman (shahar) xalq taʼlimi boʻlimi axborot tizimiga kiritilgan maʼlumotlarning toʻgʻriligini tekshiradi va 1-dekabrga qadar haqqoniyligini tasdiqlaydi.
11. Tuman (shahar) xalq taʼlimi boʻlimlarining tanlov jarayonini tashkil etish boʻyicha faoliyati, shuningdek maktablarning haqqoniy maʼlumotlarni taqdim etishlari yuzasidan nazorat Qoraqalpogʻiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi, viloyatlar xalq taʼlimi boshqarmalari va Toshkent shahar xalq taʼlimi bosh boshqarmasi (keyingi oʻrinlarda — hududiy boshqarmalar) tomonidan amalga oshiriladi.
12. Har bir maktabdan bitta til boʻyicha bitta terma jamoa ishtirok etishi mumkin. Terma jamoa 7 — 9-sinflarda tahsil oladigan 5 nafar oʻquvchidan tashkil topadi.
2-§. Tanlovni tashkil etish
13. Tanlov uch bosqichda: tuman (shahar), viloyat va respublika bosqichlarida tashkil etiladi.
Tanlovning barcha bosqichlari uchun tashkiliy ishlarni amalga oshiradigan tashkiliy qoʻmita va hakamlar hayʼati tuziladi.
14. Quyidagilar tashkiliy qoʻmitaning vazifalari hisoblanadi:
tanlov oʻtkaziladigan joyni belgilash va tasdiqlash;
hakamlar hayʼati tarkibi, apellyatsiya komissiyasi aʼzolari, auditoriya rahbarlari roʻyxatini shakllantirish;
tanlov materiallarining maxfiyligini, tanlovni mazkur Nizom talablari asosida oʻtkazilishini taʼminlash;
tanlov tashkil etilishi, oʻtkazilishi va natijalarini ommaviy axborot vositalarida yoritib borish;
tanlov natijalari va hakamlar hayʼati qarori asosida gʻoliblarni keyingi bosqichda ishtirok etishi boʻyicha tavsiyani yuqori turuvchi tashkiliy qoʻmitaga taqdim etish.
15. Tanlovni tashkil etish bilan bogʻliq xarajatlar tegishliligi boʻyicha tuman (shahar) xalq taʼlimi boʻlimlari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi, viloyatlar xalq taʼlimi boshqarmalari va Toshkent shahar xalq taʼlimi bosh boshqarmasi hamda Xalq taʼlimi vazirligining har yilgi markazlashgan xarajatlar smetasida rejalashtiriladi.
16. Tanlovning birinchi bosqichi (tuman bosqichi) har yili fevral oyida tumandagi maktablar oʻrtasida, Agentlik hamda Vazirlik tomonidan tayyorlanadigan maxsus sinov materiallari asosida, bevosita Agentlik, Vazirlik, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi hamda Davlat test markazi tomonidan belgilanadigan masʼullar ishtirokida oʻtkaziladi.
17. Tanlovning birinchi bosqichida har bir ishtirokchi maktab oʻquvchilaridan iborat terma jamoasining xorijiy tillarni bilish darajasi test topshiriqlari vositasida sinovdan oʻtkaziladi hamda ushbu Nizomga 2-ilovadagi asosiy koʻrsatkichlarni baholash mezonlari asosida ballar qoʻyiladi.
Birinchi bosqichda maktablar 100 ballik tizimi boʻyicha baholanadi, jumladan, test topshiriqlari uchun — 50 ball, asosiy koʻrsatkichlar uchun — 50 ball qoʻyiladi.
18. Maktab jamoasining har bir aʼzosi sinovlar jarayonida individual baholanib, ishtirokchilarning natijalari umumlashtiriladi va asosiy koʻrsatkichlarga qoʻyilgan ballar qoʻshilgan holda maktabning umumiy natijasi chiqariladi.
19. Umumiy natijaga koʻra eng yuqori ball toʻplagan maktablar ballar ketma-ketligiga koʻra 1, 2, 3-oʻrinlarni egallagan maktablar sifatida belgilanadi.
20. Tuman bosqichi natijalari tuman (shahar) xalq taʼlimi boʻlimi tomonidan axborot tizimiga kiritiladi. Sinovlarga taalluqli hujjatlar tuman (shahar) xalq taʼlimi boʻlimida uch yil muddatgacha saqlanadi.
21. Tuman bosqichida 1-oʻrinni koʻlga kiritgan maktab viloyat bosqichida qatnashish huquqini qoʻlga kiritadi.
22. Tanlovning ikkinchi bosqichi (viloyat bosqichi) har yili aprel oyida tuman bosqichida gʻolib boʻlgan maktablar oʻrtasida, Agentlik hamda Vazirlik tomonidan tayyorlanadigan maxsus sinov materiallari asosida, bevosita Agentlik, Vazirlik, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi hamda Davlat test markazi tomonidan belgilanadigan masʼullar ishtirokida oʻtkaziladi.
Viloyat bosqichida ishtirok etadigan maktablarning axborot tizimiga asosiy koʻrsatkichlar boʻyicha kiritgan maʼlumotlari hududiy xalq taʼlimi boshqarmalari tomonidan tuzilgan tashkiliy qoʻmita tomonidan tahlil qilinadi va haqqoniyligi tasdiqlanadi.
23. Tanlovning viloyat bosqichida ishtirokchilarning tinglab tushunish (listening), yozish (writing), oʻqish (reading) va leksik-grammatik koʻnikmalarini baholash boʻyicha bilimlari tekshiriladi.
Ikkinchi bosqichda har bir ishtirokchi 100 ballik tizim boʻyicha baholanadi, jumladan, tinglab tushunish (listening) — 25 ball, yozish (writing) — 25 ball, oʻqish (reading) — 25 ball va leksik-grammatik koʻnikmalar — 25 ball qoʻyiladi.
24. Maktab jamoasining har bir aʼzosi sinovlar jarayonida individual baholanib, ishtirokchilarning natijalari umumlashgan holda, maktabning umumiy natijasini hosil qiladi.
25. Ikkinchi bosqich natijalariga koʻra umumiy hisobda eng yuqori ball toʻplagan maktablar viloyat bosqichida 1, 2, 3-oʻrinlarni egallagan maktablar sifatida belgilanadi.
26. Viloyat bosqichida 1-oʻrinni koʻlga kiritgan maktab respublika bosqichida qatnashish huquqini qoʻlga kiritadi.
27. Tanlovning uchinchi bosqichi (respublika bosqichi) har yili avgust oyida, viloyat bosqichida gʻolib boʻlgan maktablar oʻrtasida Agentlik hamda xorijiy hamkor tashkilotlar tomonidan tayyorlanadigan maxsus sinov materiallari asosida, bevosita Agentlik, Vazirlik hamda boshqa vazirlik va idoralar tomonidan belgilanadigan masʼullar ishtirokida oʻtkaziladi.
28. Tanlovning respublika bosqichida ishtirokchilarning tinglab tushunish (listening), yozish (writing), gapirish (speaking) va oʻqish (reading) koʻnikmalari chet tilini bilishning xalqaro sertifikatsiyalangan standartlari asosida sinovdan oʻtkaziladi hamda tegishli til ona tili sifatida foydalaniladigan mamlakatlar haqidagi bilimi tekshiriladi.
Uchinchi bosqichda chet tilini bilishning xalqaro sertifikatsiyalangan standartlari boʻyicha belgilangan baholash tizimi asosida baholanadi.
29. Maktab jamoasining har bir aʼzosi sinovlar jarayonida individual baholanib, ishtirokchilarning natijalari, maktabning umumiy natijasini hosil qiladi.
Ingliz, nemis va fransuz tillari boʻyicha mos holda turli xalqaro sertifikatsiyalangan standartlar boʻyicha baholash tizimi qoʻllanilganda, maktablarning natijalarini hisoblash 100 ballga proporsional tarzda amalga oshiriladi.
30. Uchinchi bosqich natijalariga koʻra umumiy hisobda eng yuqori ball toʻplagan maktablar 1, 2, 3-oʻrinlarni egallagan maktablar sifatida belgilanadi.
31. Har bir bosqichda gʻoliblikka daʼvogar jamoalarning ballari teng boʻlib qolgan taqdirda, jamoalar oʻrtasida qoʻshimcha sinov tashkil etiladi.
32. Respublika bosqichida 1-oʻrinni qoʻlga kiritgan maktab Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti sovrini sohibi sifatida eʼlon qilinadi.
4-bob. Nazorat materiallarini tayyorlash
33. Tanlov jarayonida foydalaniladigan test topshiriqlari, yozma va amaliy ishlarni (keyingi oʻrinlarda — nazorat materiallari) bosqich darajasidan kelib chiqib, Agentlik, Vazirlik hamda xalqaro hamkor tashkilotlar tomonidan ishlab chiqiladi.
Nazorat materiallarini ishlab chiqishda malakali mutaxassislar, xorijiy ekspertlar jalb qilinadi hamda ularning mehnatiga haq toʻlash tegishliligi boʻyicha Agentlik yoki Vazirlik tomonidan tuzilgan shartnomalarga asosan amalga oshiriladi.
Nazorat materiallarini tayyorlash uchun mutaxassislarga quyidagi miqdorlarda haq toʻlanadi:
tanlov uchun tayyorlangan har bir test topshirigʻi (uning yechimi bilan) uchun mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoriga nisbatan 5 foiz miqdorida;
tanlov uchun tayyorlangan har bir yozma ish (uning yechimi bilan) va amaliy topshiriq uchun mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoriga nisbatan 20 foiz miqdorida.
Birinchi va ikkinchi bosqich uchun tayyorlangan nazorat materiallari bir nusxada muhrlangan holda tegishli hududlarga Agentlik masʼuli biriktirilgan holda bir kun oldin yetkazib beriladi.
Hakamlar hayʼatiga tanlovning uchinchi bosqichida nazorat materiallarini koʻrib chiqish va zarur hollarda oʻzgartirish kiritish vakolati beriladi.
34. Tanlovning barcha bosqichlari uchun baholash mezonlari Agentlik va Vazirlik tomonidan ishlab chiqiladi hamda tasdiqlanadi.
5-bob. Tanlov gʻoliblariga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrinini berish
35. Tanlov gʻoliblari quyidagi miqdorlarda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrini bilan mukofotlanadi:
a) tuman (shahar) bosqichida 1-oʻrin uchun — 100 million soʻm, 2-oʻrin uchun — 75 million soʻm, 3-oʻrin uchun — 50 million soʻm;
b) Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar bosqichida 1-oʻrin uchun — 250 million soʻm, 2-oʻrin uchun — 200 million soʻm, 3-oʻrin uchun — 150 million soʻm;
v) respublika bosqichida 1-oʻrin uchun — 500 million soʻm, 2-oʻrin uchun — 400 million soʻm, 3-oʻrin oʻrin uchun — 300 million soʻm.
36. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrini sifatida berilgan pul mukofotlari tanlovning belgilangan bosqichi yakunlangandan soʻng 5 ish kuni ichida gʻolib maktabning budjetdan tashqari shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga oʻtkazib beriladi.
Gʻolib maktabning budjetdan tashqari jamgʻarmasiga oʻtkazilgan mablagʻlar quyidagicha yoʻnaltiriladi:
tanlov shartlariga koʻra asosiy koʻrsatkichlar boʻyicha maktabning yuqori baholanishiga hissa qoʻshgan hamda oʻquvchilarni tanlovga tayyorlagan xorijiy tillar oʻqituvchilarini ragʻbatlantirish uchun — mukofot summasining 25 foizigacha;
tanlovda qatnashib yuqori natijalar koʻrsatgan terma jamoa aʼzolari boʻlgan oʻquvchilarni esdalik sovgʻalar yoki naqd pul shaklida ragʻbatlantirish uchun — mukofot summasining 25 foizigacha;
maktabning boshqa ehtiyojlari, jumladan, tanlovning keyingi bosqichiga tayyorgarlik uchun zarur xarajatlar, xorijiy tillarni oʻqitishni yanada yaxshilash uchun shart-sharoitlar yaratish, maktab kutubxonasini xorijiy tildagi ilmiy, badiiy adabiyotlar bilan boyitish, oʻquvchilarning xorijiy tilda tinglab tushunish koʻnikmalarini baholashga koʻmaklashuvchi texnik vositalar bilan fan kabinetlarini jihozlash uchun — mukofot summasining qolgan qismi.
Terma jamoa aʼzolariga bir xil qiymatdagi sovgʻalar ajratiladi yoki mukofot summasi jamoa aʼzolari oʻrtasida teng taqsimlanadi.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
37. Tanlov gʻoliblarini taqdirlash marosimlari Agentlik, Vazirlik, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari, tuman (shahar) hokimliklari tomonidan tantanali ravishda tashkil etiladi.
38. Mazkur Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
39. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrini uchun “Xorijiy tillarni oʻqitish boʻyicha eng yaxshi maktab” tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Xorijiy tillarni oʻqitish boʻyicha eng yaxshi maktabni aniqlash va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrinini berish
Bosqich Masʼullar Chora-tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Maktablar A xborot tizimida roʻyxatdan oʻtish 20-sentabrga qadar 2-bosqich Maktablar A xborot tizimiga m aktabning asosiy koʻrsatkichlarini kiritadi 20-oktabrga qadar 3-bosqich Tuman(shahar) xalq taʼlimi boʻlimlari Axborot tizimida kiritilgan maʼlumotlarni haqqoniyligini tekshirish 1-dekabrga qadar 4-bosqich Agentlik, Vazirlik Tanlovning birinchi (tuman) bosqichi uchun nazorat materiallarini tayyorlash 1-fevralga qadar 5-bosqich Tashkiliy qoʻmita Tanlovning birinchi (tuman) bosqichini oʻtkazish va gʻoliblarni aniqlash 1-martga qadar 6-bosqich Tanlovning ikkinchi (viloyat) bosqichini oʻtkazish boʻyicha tuzilgan Tashkiliy qoʻmita Tanlovning ikkinchi (viloyat) bosqichida ishtirok etadigan maktablarning axborot tizimiga asosiy koʻrsatkichlar boʻyicha kiritgan maʼlumotlari tahlil qilinadi va haqqoniyligi tasdiqlanadi 1-mayga qadar 7-bosqich Agentlik, Vazirlik Tanlovning ikkinchi (viloyat) bosqichi uchun nazorat materiallarini tayyorlash 1-mayga qadar 8-bosqich Agentlik, Vazirlik, vazirlik va idoralar Tanlovning ikkinchi (viloyat) bosqichini oʻtkazish va gʻoliblarni aniqlash 1-iyunga qadar 9-bosqich Agentlik, Vazirlik xalqaro hamkor tashkilotlar Tanlovning uchinchi (respublika) bosqichi uchun nazorat materiallarini tayyorlash 1-avgustga qadar 10-bosqich Agentlik, Vazirlik, xalqaro hamkor tashkilotlar, vazirlik va idoralar Tanlovning uchinchi (respublika) bosqichini oʻtkazish va gʻoliblarni aniqlash 1-sentabrga qadar
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining sovrini uchun “Xorijiy tillarni oʻqitish boʻyicha eng yaxshi maktab” tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Xorijiy tillarni oʻqitish boʻyicha maktabning asosiy koʻrsatkichlarini baholash
T/r Asosiy koʻrsatkichlar Ball * JAMI: 50 ballgacha I. Xorijiy til oʻqituvchilarining malaka toifasiga egaligi 15 ballgacha 1. Oliy malaka toifasiga ega oʻqituvchilar ulushi — 100 foizni tashkil etganda 15 Oliy malaka toifasiga ega oʻqituvchilar ulushi — 50 foizdan oshganda 10 Oliy malaka toifasiga ega oʻqituvchilar mavjud, ulushi — 50 foiz va undan kam boʻlganda 5 2. Oliy va birinchi malaka toifasiga ega oʻqituvchilar ulushi — 100 foizni tashkil etganda 10 Oliy va birinchi malaka toifasiga ega oʻqituvchilar ulushi — 50 foizdan oshganda 5 Birinchi malaka toifasiga ega oʻqituvchilar mavjud, ulushi — 50 foiz va undan kam boʻlganda 3 3. Malaka toifasiga ega oʻqituvchilar ulushi — 100 foizni tashkil etganda 5 Malaka toifasiga ega oʻqituvchilar ulushi — 50 foizdan oshganda 3 Malaka toifasiga ega oʻqituvchilar mavjud, ulushi — 50 foiz va undan kam boʻlganda 1 II. Xorijiy til oʻqituvchilarining xalqaro imtihon tizimlari boʻyicha maxsus sertifikatlarga egaligi ** 15 ballgacha 4. Ingliz (fransuz, nemis) tilini bilish darajasi haqidagi sertifikat (TOEFL boʻyicha kamida 72 yoki IELTS boʻyicha kamida 5,5 ball, TestDaF (TDN3), CEFR boʻyicha kamida V2), ingliz (fransuz, nemis) tilini oʻqitishning kasbiy mahoratlarni aniqlovchi sertifikat (TKT, GOETNE ZERTIFICAT B2, DSD II, TEFL, TESOL, SELTA, DELTA, DAF, DPAFP-FLE) yoki Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Davlat test markazi tomonidan beriladigan ingliz (fransuz, nemis) tilini bilish darajasi haqidagi V2 yoki S1 darajasidagi sertifikatiga ega oʻqituvchi mavjud boʻlganda 10 5. Ingliz (fransuz, nemis) tilini bilish darajasi haqidagi sertifikat (TOEFL boʻyicha kamida 72 yoki IELTS boʻyicha kamida 5,5 ball, TestDaF (TDN3), CEFR boʻyicha kamida V2), ingliz (fransuz, nemis) tilini oʻqitishning kasbiy mahoratlarni aniqlovchi sertifikat (TKT, GOETNE ZERTIFICAT B2, DSD II, TEFL, TESOL, SELTA, DELTA, DAF, DPAFP-FLE) yoki Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Davlat test markazi tomonidan beriladigan ingliz (fransuz, nemis) tilini bilish darajasi haqidagi V2 yoki S1 darajasid?gi sertifikati?a ega oʻqituvchilar soni 2 yoki unda? ortiq boʻlganda 15 III. Maktabda xorijiy til oʻrgatish boʻyicha taʼlim xizmatlari koʻrsatishning yoʻlga qoʻyilganligi 10 ballgacha 6. Maktabda xorijiy til oʻrgatish boʻyicha oʻquv kurslari tashkil etilgan va kamida 6 oydan buyon faoliyat yuritayotgan boʻlsa (ijara shartnomasi asosida) 5 7. Maktabda xorijiy til oʻrgatish boʻyicha oʻquv kurslari tashkil etilgan va kamida 6 oydan buyon faoliyat yuritayotgan boʻlsa va kamida 50 nafar oʻquvchilarga til oʻrgatish yoʻlga qoʻyilgan boʻlsa (ijara shartnomasi asosida) 10 IV. Oʻquvchilarning olimpiada va tanlovlarda erishgan natijalari 10 ballgacha 8. Oʻquv yilida oʻquvchisi xorijiy til boʻyicha respublika olimpiadasiga yoʻllanma olganda 10 9. Oʻquv yilida oʻquvchisi xorijiy tili boʻyicha viloyat olimpiadasiga yoʻllanma olganda 5
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 9-sentabrdagi 562-son qaroriga 3-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston iqtidorli yoshlarini taqdirlash va moddiy ragʻbatlantirish toʻgʻrisida” 2008-yil 13-oktabrdagi 226-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirishlar
1. 1-bandning toʻrtinchi va beshinchi xatboshilaridan “olimpiadalari” soʻzi chiqarib tashlansin.
2. 4-ilova :
a) nomidan “olimpiadalari” soʻzi chiqarib tashlansin;
b) 1-banddan “akademik litseylar, kasb-hunar kollejlari va umumtaʼlim maktablari oʻquvchilarining umumtaʼlim fanlari boʻyicha olimpiadalarini” soʻzlari chiqarib tashlansin;
v) 2 , 8 , 10-bandlardan hamda 7-bandning ikkinchi — toʻrtinchi xatboshilaridan “olimpiadalar” soʻzi chiqarib tashlansin;
g) 3-band oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin;
d) 6-banddan “olimpiadalari” soʻzi chiqarib tashlansin;
e) 11-banddan “olimpiada” soʻzi chiqarib tashlansin.
3. 5-ilova :
a) nomidan “olimpiadalari” soʻzi chiqarib tashlansin;
b) 1-banddan “Umumtaʼlim fanlari boʻyicha akademik litseylar, kasb-hunar kollejlari va umumtaʼlim maktablari oʻquvchilarining rasmiy xalqaro va respublika olimpiadalari” soʻzlari chiqarib tashlansin;
v) 6-band oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin;
g) 7-banddan “olimpiadalari” va “olimpiada fanlari” soʻzlari chiqarib tashlansin;
d) 8 , 11 , 12 , 15-bandlardan “olimpiadalari” soʻzi chiqarib tashlansin.
e) 13-banddan “olimpiadalar” soʻzi chiqarib tashlansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 9-sentabr,
562-son