📅 2021-yil 10-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 10-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 10 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 10 сентября 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 10 September 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни муҳокама қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон яратиб берган шарт-шароитларни «Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати» тизими асосида жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш, бу борадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар, муассасаларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбарлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар иштирокида жиноятларнинг сабабларини ўрганиш, уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш масалаларини жойига чиққан ҳолда «маҳаллабай» ва «соҳабай» муҳокама қилиш тартиби жорий этилсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни муҳокама қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни муҳокама қилишни ташкил этиш тартиби;
жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар муҳокамасини ўтказиш тартиби;
жиноятларнинг тури ҳамда хусусиятларидан келиб чиқиб, вакиллари муҳокамада иштирок этиши шарт бўлган давлат органлари ва ташкилотлар рўйхати;
содир этилган жиноятлар ҳамда суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахслар тўғрисидаги ахборотларни умумлаштириш ва ҳисобини юритиш бўйича ишчи орган ва унинг вазифалари.
3. Белгилансинки:
а) жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар муҳокамаси:
содир этилган жиноят ҳолати бўйича — жиноят содир этилган ҳудуддаги маҳаллада жиноят иши қўзғатилган кундан бошлаб уч кун ичида;
жиноят содир этган шахс бўйича — унинг яшаш жойидаги маҳаллада суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми ички ишлар органларига келиб тушган кундан бошлаб уч кун ичида ўтказилади;
б) оғир ва ўта оғир жиноятлар сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар муҳокамаси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасидаги, унча оғир бўлмаган ва ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар — туман (шаҳар) даражасидаги секторлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан жамоатчилик вакиллари иштирокида амалга оширилади;
в) жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар муҳокамаси жараёнида содир этилган жиноят ҳолати бўйича жиноят иши мазмуни, жиноятга алоқадор бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотларни ошкор этишга, шунингдек, шахснинг жиноят содир этилишида айблилик масаласини муҳокама қилишга ҳамда улар муҳокамада иштирок этишига йўл қўйилмайди.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 сентябрдаги 565-сон қарорига ИЛОВА
Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни муҳокама қилиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни ўрганиш ҳамда муҳокама қилиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
жиноят содир этган шахс — жиноят содир этганлиги учун суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан айбдор деб топилган шахс;
жиноятнинг сабаблари — жиноят содир этилишига олиб келган ижтимоий, руҳий ва моддий омиллар мажмуи;
жиноятнинг сабаблари ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш чоралари — келгусида жиноят содир этилишининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий, ижтимоий, ташкилий, тарбиявий, тиббий ва бошқа чора-тадбирлар мажмуи;
жиноятнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар — жиноят содир этилишига имкон берадиган, шахс ва жамиятга боғлиқ бўлган ёки боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра юзага келувчи, танқидий жиҳатдан баҳоланувчи вазиятлар.
3. Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни муҳокама қилишнинг асосий мақсади жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини оширишдан иборат.
4. Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни муҳокама қилишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар (кейинги ўринларда — масъул ташкилотлар) ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни ўрганиш, аниқлаш ва бартараф этиш амалиётини йўлга қўйиш;
жиноятдан жабрланувчини, ғайриижтимоий хулқ-атворли, жиноят содир этишга мойил бўлган, жиноят содир этган шахсларни ижтимоий мослаштириш чораларини кучайтириш;
жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек, жиноятларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;
фуқароларнинг жиноятдан жабрланиш хавфини камайтириш (виктимологик профилактика);
содир этилган жиноятлар бўйича жамоатчиликда холис фикрни шакллантириш.
5. Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни муҳокама қилиш қонунийлик, ошкоралик, жамоатчилик иштирокини таъминлаш, одиллик, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, тизимлилик, айбсизлик презумпциясига риоя этиш, ишонтириш усулининг устуворлиги каби принциплар асосида амалга оширилади.
6. Қуйидаги жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар муҳокама қилинишига йўл қўйилмайди:
алоҳида муҳим ёки тоифаланган объектлар (ҳарбий қисм, жазони ижро этиш муассасаси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бинолари ва бошқалар) ҳудудида содир этилган жиноятлар;
ошкор этилиши давлат сирларини қўриқлаш манфаатларига зид келадиган жиноятлар;
чет давлат фуқаролари томонидан содир этилган жиноятлар;
таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш жиноятлари;
жинсий эркинликка қарши жиноятлар;
фарзандликка олиш сирини ошкор қилиш билан боғлиқ жиноятлар;
ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ёки унга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш, шунингдек, ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш жиноятлари;
жабрланувчи, гувоҳ ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахслар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари ёки яқин қариндошлари хавфсизлигини таъминлашни тақозо этувчи жиноят ишлари.
7. Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар муҳокамаси:
содир этилган жиноят ҳолати бўйича — жиноят содир этилган ҳудуддаги маҳаллада жиноят иши қўзғатилган кундан бошлаб уч кун ичида;
жиноят содир этган шахс бўйича — унинг яшаш жойидаги маҳаллада суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми ички ишлар органларига келиб тушган кундан бошлаб уч кун ичида ўтказилади.
Бевосита давлат органлари ва ташкилотларда содир этилган жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар муҳокамаси мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида белгиланган тартибда ушбу орган ва ташкилотларнинг ўзида ўтказилиши мумкин.
Мазкур банднинг учинчи хатбошисида белгиланган муддатда жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг тақдимномаси ёки суднинг хусусий ажрими келиб тушган тақдирда, жиноят содир этган шахс бўйича муҳокама ушбу тақдимнома ёки хусусий ажрим доирасида амалга оширилади.
8. Сабаблари ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар муҳокама қилинадиган жиноятлар тақсимоти қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:
оғир ва ўта оғир жиноятлар — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасидаги;
унча оғир бўлмаган ва ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар — туман (шаҳар) даражасидаги ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар (кейинги ўринларда — сектор) ҳамда давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилинади.
9. Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар муҳокамасини ташкил қилиш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
2-боб. Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни муҳокама қилишни ташкил этиш
10. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари содир этилган жиноятлар ҳамда суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахслар тўғрисидаги ахборотларни умумлаштириш ва ҳисобини юритиш бўйича ишчи орган (кейинги ўринларда — ишчи орган) ҳисобланади.
11. Ишчи орган ҳар куни қуйидаги ахборотларни жамлаб боради:
суриштирув ва дастлабки тергов органларининг содир этилган жиноятлар тўғрисидаги бирламчи ахборотлари;
судлар томонидан тақдим этилган суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахслар тўғрисидаги ахборотлар.
12. Ишчи орган томонидан ахборотлар умумлаштирилган маълумотнома шаклида шу куннинг ўзида мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган мезонларга мувофиқ тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларига электрон тарзда юборилади.
Маълумотномада жиноятнинг мазмуни, суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахслар, тегишли туман (шаҳар) даражасидаги сектор ҳамда масъул давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳамда профилактика (катта) инспектори тўғрисидаги маълумотлар батафсил кўрсатилиб, жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари (бунда сабабнинг давомий ёки воқеа даврида тўсатдан юзага келганлигига алоҳида эътибор қаратилади) ҳамда бунга имкон берган шарт-шароитлар ҳақидаги бирламчи маълумотлар асосида баён этилади.
13. Ишчи орган:
жиноят муҳокамасига масъул давлат органлари ва ташкилотлардан белгиланган тартибда зарур маълумотларни сўраб олади;
жиноят муҳокамалари бўйича юритилган ҳисоботларни мониторинг қилиб боради ва ҳаққонийлигига баҳо беради;
жиноят муҳокамалари якунида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажармаган мансабдор шахслар фаолиятини ўрганиб, уларга нисбатан интизомий жазо чораларини кўриш ҳақида таклифлар киритади.
14. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари ҳар куни:
ишчи орган томонидан тақдим этилган маълумотнома билан танишади;
маълумотномада кўрсатилган жиноятлар ҳамда суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахсларнинг келгусида муҳокамасини ташкил қилиш учун тегишли туман (шаҳар) даражасидаги сектор ҳамда масъул давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларига ёзма топшириқлар бериб, уларни маҳаллий ҳокимликнинг ташкилий-назорат гуруҳи (бошқармаси) томонидан дарҳол етказилишини таъминлаб боради.
15. Сектор раҳбарлари:
сектор ҳудудидаги жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар юзасидан муҳокама қилиш бўйича масъул ҳисобланади;
жиноят муҳокамаларини шахсан ўтказади ва муҳокама йиғилишларига раислик қилади;
жиноят муҳокамаларини ўтказиш жойи ва вақтини белгилайди;
жиноят муҳокамаларида масъул ташкилотлар раҳбарлари иштирокини таъминлайди;
жиноят бўйича асоссиз шов-шувларнинг олдини олишга қаратилган чораларни кўради.
16. Жиноятларнинг тури, соҳаси ҳамда хусусиятларидан келиб чиқиб, қуйидаги давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари муҳокамада иштирок этиши шарт:
хотин-қизлар томонидан ёки уларга нисбатан, шунингдек, одоб-ахлоқ ва оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган жиноятлар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси;
ишсиз, бандлиги таъминланмаган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги;
руҳий ҳолати бузилган, наркологик касалликларга чалинган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
вояга етмаганлар ва ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ёки Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги;
ички ишлар органларида профилактик ҳисобга олинган, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазони ўтаётган, маъмурий назоратда турган, илгари судланган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;
жамоат жойларида содир этилган жиноятлар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Ички ишлар вазирлиги;
транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлиги юзасидан жиноятлар бўйича — ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари;
бевосита давлат органлари ва ташкилотлар ҳудудида содир этилган жиноятлар бўйича — давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари.
17. Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар муҳокамаси жараёнида:
содир этилган жиноят ҳолати бўйича — жиноят иши мазмуни, шунингдек, жиноятга алоқадор бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотларни ошкор этишга, шахснинг жиноят содир этилишида айблилик масаласини муҳокама қилишга ҳамда улар муҳокамада иштирок этишига йўл қўйилмайди;
жиноят содир этган шахс бўйича — суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахс (озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган шахслар бундан мустасно) ҳамда унинг ота-онаси, ота-онаси ўрнини босувчи шахслар ёки бошқа яқин қариндошларининг иштироки таъминланади.
18. Жиноят муҳокамаларида тегишли давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамоатчилик вакиллари қатнашиши мумкин.
3-боб. Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар муҳокамасини ўтказиш ва уларнинг натижаларини оммавий ахборот воситаларида ёритиш тартиби
19. Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар муҳокамасида ички ишлар органлари раҳбарлари, профилактика (катта) инспекторлари, тегишли бўлинмаларнинг ходимлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг иштироки таъминланиши шарт.
20. Муҳокамада содир этилган жиноятларнинг сабаблари ва бунга имкон берган шарт-шароитларни бартараф этишда масъул ташкилотлар раҳбарлари ва ходимлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан кўрилаётган чоралар ва иш натижалари танқидий муҳокама қилинади, уларнинг фаолияти самарадорлигига баҳо берилади ҳамда келгусида шу каби ҳолатлар олдини олишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланади.
21. Муҳокама якуни бўйича ушбу Низомга 2-иловада келтирилган шаклга мувофиқ йиғилиш баёни расмийлаштирилади ва раислик қилувчи томонидан имзоланади.
22. Йиғилиш баёнида қуйидагилар кўрсатилади:
баён тузилган сана ва жой;
қатнашувчилар ва таклиф этилганлар тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, иш жойи ва лавозими);
иштирок этганлар сони;
кун тартиби;
содир этилган жиноятнинг мазмуни, суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахс тўғрисидаги маълумотлар, жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имкон берган шарт-шароитлар таҳлили;
вазирлик ва идоралар ҳудудий тузилмалари раҳбарлари, шунингдек, кенг жамоатчилик вакилларининг муҳокама қилинаётган жиноят ва жиноят содир этган шахслар бўйича фикр ва мулоҳазалари;
муҳокама қилинган жиноят келиб чиқишининг барвақт олдини олиш чораларини кўрмаган масъул ташкилотлар раҳбарлари ёки ходимларига интизомий жавобгарлик чораларини қўллаш бўйича таклифлар;
муҳокама қилинган жиноятнинг келгусида олдини олишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар ва вазифалар ҳамда уларни амалга ошириш муддатлари ва масъул ижрочилари.
23. Йиғилиш баёнида белгиланган чора-тадбирлар ижроси устидан назорат бевосита тегишли ҳудуд даражасидаги сектор раҳбарлари томонидан таъминланади.
24. Муҳокама жараёнлари фотосуратга ёки видеотасвирга олиниши мумкин. Фотосурат ёки видеотасвир йиғилиш баёни нусхалари билан бирга ишчи органга ҳамда тегишли ҳокимлик ташкилий-назорат гуруҳига электрон тарзда юборилади.
25. Муҳокама якунида суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахснинг фотосурати у томондан содир этилган жиноят тўғрисидаги маълумот билан бирга маҳалла фуқаролар йиғинидаги барчага кўринадиган эълонлар тахтасига бир ойлик муддатга жойлаштирилади.
Суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахс суднинг оқлов ҳукмини тақдим қилган тақдирда, унинг фотосурати ва содир этилган жиноят тўғрисидаги маълумот профилактика (катта) инспектори томонидан маҳалла фуқаролар йиғинидаги эълонлар тахтасидан дарҳол олиб ташланади, шунингдек, ушбу ҳолат бўйича аввал ўтказилган муҳокама юзасидан уч кун муддатда раддия тайёрланиб, эълонлар тахтасига бир ойлик муддатга жойлаштирилади.
26. Ишчи орган:
йиғилиш баёнларида қайд этилган маълумотларни умумлаштиради, таҳлил қилади ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклда уларнинг ягона ҳисобини юритади;
ўтказилган муҳокамаларни ҳар ой якуни бўйича таҳлил қилиб, кейинги ойнинг 5-санасига қадар тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ахборот киритади.
27. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари:
ўтказилган муҳокамалар тўғрисидаги ахборотлар асосида туман (шаҳар) ҳокимлари, давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларига нисбатан ўз ваколати доирасида чоралар кўради ёхуд таъсир чораларини қўллаш юзасидан ваколатли давлат органларига асослантирилган таклифлар киритади;
жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилишда давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмаларини жалб қилиш ҳамда уларнинг ҳамкорлигини ташкил этиш борасида таъсирчан чора-тадбирларни кўриб, мазкур йўналишда шахсий назорат ўрнатади.
28. Туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича амалга оширилган ишлар натижаларининг таҳлили асосида ҳар ойда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари мажлисларида тегишли ҳудудда содир этилган жиноятлар, давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича манзилли таклифларни ишлаб чиқиш билан бирга кўрилаётган чора-тадбирларнинг аҳволи танқидий муҳокама қилинади.
29. Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларнинг муҳокамаси жараёни ва натижалари Интернет жаҳон ахборот тармоғида ва медиаресурслар орқали ёритиб борилади, кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари жалб қилинади.
4-боб. Якунловчи қоида
30. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни муҳокама қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар муҳокамасини ташкил қилиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Суриштирув ва дастлабки терговни амалга оширувчи органлар, судлар Содир этилган жиноятлар тўғрисидаги бирламчи ахборотлар, суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахслар тўғрисидаги ахборотларни Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ ҳамда вилоятлар ИИБларга — ишчи орган га тақдим этади Ҳар куни 2-босқич Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ ҳамда вилоятлар ИИБлари Ахборотларни умумлаштирилган маълумотнома шаклида: оғир ва ўта оғир жиноятлар бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларига; унча оғир бўлмаган ва ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар бўйича — туман (шаҳар) ҳокимликларига электрон тарзда юборади Ҳар куни 3-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари Ишчи орган томонидан тақдим этилган маълумотнома билан танишиб, маълумотномада кўрсатилган жиноятлар ҳамда суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахсларнинг келгусида муҳокамасини ташкил қилиш учун тегишли ҳудуд даражасидаги сектор ва масъул ташкилотлар раҳбарларига топшириқларни белгилайди, топшириқ ҳокимликнинг ташкилий-назорат гуруҳи томонидан ижрочиларга дарҳол етказилади Ҳар куни 4-босқич Сектор раҳбарлари Жиноят муҳокамасига масъул ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштирокини таъминлайди, муҳокамани шахсан ўтказади , бу борада аниқ чора-тадбирлар белгилаб, ижрога қаратади. Муҳокама жараёнлари фотосуратга ва видеотасвирга олиниб, йиғилиш баёни нусхалари билан бирга ишчи орган га ҳамда тегишли ҳокимликнинг ташкилий-назорат гуруҳига тақдим этилади. 3 кун муддатда 5-босқич Қорақалпоғистон Республяикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ ҳамда вилоятлар ИИБлари Ўтказилган муҳокамаларни ҳар ой якуни бўйича таҳлил қилиб, тегишлилик бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига батафсил ахборот киритади Ҳар ойнинг 5 санасига қадар 6-босқич Туман (шаҳар) ҳокимлари Ўтказилган муҳокамалар тўғрисидаги ахборотлар асосида туман (шаҳар) ҳокимлари , давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларига нисбатан ўз ваколати доирасида чоралар кўради ёхуд таъсир чораларини қўллаш юзасидан ваколатли давлат органларига асослантирилган таклифлар киритади. 5 кун муддатда ҳар ой якунида
Жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни муҳокама қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
«ТАСДИҚЛАЙМАН» ___ -сектор раҳбари, ____________ ______________________________ ______________________________ (имзо) (Ф.И.О.) 20___ йил «____» ________ _____________ вилояти (шаҳри), __________ тумани, «_________» маҳалла фуқаролари йиғинида ўтказилган йиғилишнинг ___ -сонли баёни 20___ йил «___» _______ ________ тумани (шаҳри) Раислик қилувчи: ___ -сектор раҳбари,____________________________________________ _____________________________________________________________ Қатнашдилар : _____________________________________________________________ _____________________________________________________________ _____________________________________________________________ _____________________________________________________________ _____________________________________________________________ ________ , ____ нафар маҳалла фуқаролари КУН ТАРТИБИ: «_____________» маҳалласида 20 ___ йил «___» _______ куни содир этилган ____________ жиноятининг сабаблари ва бунга имкон берган шарт-шароитларнинг муҳокамаси Сектор раҳбари ахбороти ___________________________________________________________ ______________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ Жиноятнинг батафсил мазмуни _______________________________________________________ ______________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ Жиноят содир этган ва жабрланган шахслар тўғрисидаги маълумотлар ____________________________ ______________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ Ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда унга имкон берган шарт-шароитлар таҳлили _________________ ______________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ Вазирлик ва идоралар ҳудудий тузилмалари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакилларининг билдирган фикр ва тушунтиришлари __________________________________________________________________ ___________________________________________________________________________________________ Муҳокама қилинган жиноят келиб чиқишининг барвақт олдини олиш чораларини кўрмаган масъул ташкилотлар раҳбарлари ёки ходимларига интизомий таъсир чоралари қўллаш бўйича таклифлар_____________ __________________________________________________________________________________________. Кун тартибига қўйилган масалалар танқидий муҳокама қилиниб, йиғилиш ҚАРОР ҚИЛАДИ: Муҳокама қилинган жиноятнинг келгусида олдини олишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар ва вазифалар ҳамда уларни амалга ошириш муддатлари ва масъул ижрочилари: 1. ______________________________________________________________________________________ ___________________________________________________________________________________________; 2. ______________________________________________________________________________________ ___________________________________________________________________________________________; 3. ______________________________________________________________________________________ ___________________________________________________________________________________________; 4. ______________________________________________________________________________________ ___________________________________________________________________________________________; 5. ______________________________________________________________________________________ ___________________________________________________________________________________________. Йиғилиш котиби: «________» МФЙ раиси ________________________ (Ф.И.О., имзо, муҳр)
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 10 сентябрь,
565-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlarni muhokama qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Sodir etilgan jinoyatlarning kelib chiqish sabablari va ularning sodir etilishiga imkon yaratib bergan shart-sharoitlarni “Jinoyatga qarshi kurashish haqiqati va adolati” tizimi asosida jamoatchilik oʻrtasida muhokama qilish, bu boradagi huquqbuzarliklar profilaktikasini amalga oshiruvchi va unda ishtirok etuvchi organlar, muassasalarning oʻzaro hamkorligini taʼminlash hamda ularning faoliyatini muvofiqlashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Hududlarni kompleks ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish boʻyicha sektor rahbarlari tomonidan huquqbuzarliklar profilaktikasini amalga oshiruvchi va unda ishtirok etuvchi organlar hamda muassasalar ishtirokida jinoyatlarning sabablarini oʻrganish, ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlarni aniqlash va bartaraf etish masalalarini joyiga chiqqan holda “mahallabay” va “sohabay” muhokama qilish tartibi joriy etilsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlarni muhokama qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlarni muhokama qilishni tashkil etish tartibi;
jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlar muhokamasini oʻtkazish tartibi;
jinoyatlarning turi hamda xususiyatlaridan kelib chiqib, vakillari muhokamada ishtirok etishi shart boʻlgan davlat organlari va tashkilotlar roʻyxati;
sodir etilgan jinoyatlar hamda sudning ayblov hukmi qonuniy kuchga kirgan shaxslar toʻgʻrisidagi axborotlarni umumlashtirish va hisobini yuritish boʻyicha ishchi organ va uning vazifalari.
3. Belgilansinki:
a) jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlar muhokamasi:
sodir etilgan jinoyat holati boʻyicha — jinoyat sodir etilgan hududdagi mahallada jinoyat ishi qoʻzgʻatilgan kundan boshlab uch kun ichida;
jinoyat sodir etgan shaxs boʻyicha — uning yashash joyidagi mahallada sudning qonuniy kuchga kirgan ayblov hukmi ichki ishlar organlariga kelib tushgan kundan boshlab uch kun ichida oʻtkaziladi;
b) ogʻir va oʻta ogʻir jinoyatlar sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlar muhokamasi Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri darajasidagi, uncha ogʻir boʻlmagan va ijtimoiy xavfi katta boʻlmagan jinoyatlar — tuman (shahar) darajasidagi sektorlar hamda davlat organlari va tashkilotlar rahbarlari tomonidan jamoatchilik vakillari ishtirokida amalga oshiriladi;
v) jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlar muhokamasi jarayonida sodir etilgan jinoyat holati boʻyicha jinoyat ishi mazmuni, jinoyatga aloqador boʻlgan shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oshkor etishga, shuningdek, shaxsning jinoyat sodir etilishida ayblilik masalasini muhokama qilishga hamda ular muhokamada ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 10-sentabrdagi 565-son qaroriga ILOVA
Jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlarni muhokama qilish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlarni oʻrganish hamda muhokama qilish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
jinoyat sodir etgan shaxs — jinoyat sodir etganligi uchun sudning qonuniy kuchga kirgan hukmi bilan aybdor deb topilgan shaxs;
jinoyatning sabablari — jinoyat sodir etilishiga olib kelgan ijtimoiy, ruhiy va moddiy omillar majmui;
jinoyatning sabablari va sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlarni bartaraf etish choralari — kelgusida jinoyat sodir etilishining oldini olishga qaratilgan huquqiy, ijtimoiy, tashkiliy, tarbiyaviy, tibbiy va boshqa chora-tadbirlar majmui;
jinoyatning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlar — jinoyat sodir etilishiga imkon beradigan, shaxs va jamiyatga bogʻliq boʻlgan yoki bogʻliq boʻlmagan sabablarga koʻra yuzaga keluvchi, tanqidiy jihatdan baholanuvchi vaziyatlar.
3. Jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlarni muhokama qilishning asosiy maqsadi jinoyatlarning barvaqt oldini olish va huquqbuzarliklar profilaktikasi samaradorligini oshirishdan iborat.
4. Jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlarni muhokama qilishning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
huquqbuzarliklar profilaktikasini amalga oshiruvchi va unda ishtirok etuvchi organlar hamda muassasalar (keyingi oʻrinlarda — masʼul tashkilotlar) oʻzaro hamkorligini taʼminlash va ularning faoliyatini muvofiqlashtirish;
jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlarni oʻrganish, aniqlash va bartaraf etish amaliyotini yoʻlga qoʻyish;
jinoyatdan jabrlanuvchini, gʻayriijtimoiy xulq-atvorli, jinoyat sodir etishga moyil boʻlgan, jinoyat sodir etgan shaxslarni ijtimoiy moslashtirish choralarini kuchaytirish;
jamiyatda huquqiy ong va huquqiy madaniyatni yuksaltirish, qonuniylikni mustahkamlash, shuningdek, jinoyatlarga nisbatan murosasiz munosabatni shakllantirish;
fuqarolarning jinoyatdan jabrlanish xavfini kamaytirish (viktimologik profilaktika);
sodir etilgan jinoyatlar boʻyicha jamoatchilikda xolis fikrni shakllantirish.
5. Jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlarni muhokama qilish qonuniylik, oshkoralik, jamoatchilik ishtirokini taʼminlash, odillik, shaxsning shaʼni va qadr-qimmatini hurmat qilish, tizimlilik, aybsizlik prezumpsiyasiga rioya etish, ishontirish usulining ustuvorligi kabi prinsiplar asosida amalga oshiriladi.
6. Quyidagi jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlar muhokama qilinishiga yoʻl qoʻyilmaydi:
alohida muhim yoki toifalangan obyektlar (harbiy qism, jazoni ijro etish muassasasi, huquqni muhofaza qiluvchi organlarning binolari va boshqalar) hududida sodir etilgan jinoyatlar;
oshkor etilishi davlat sirlarini qoʻriqlash manfaatlariga zid keladigan jinoyatlar;
chet davlat fuqarolari tomonidan sodir etilgan jinoyatlar;
tanosil yoki OIV kasalligi/OITSni tarqatish jinoyatlari;
jinsiy erkinlikka qarshi jinoyatlar;
farzandlikka olish sirini oshkor qilish bilan bogʻliq jinoyatlar;
oʻn olti yoshga toʻlmagan shaxs bilan jinsiy aloqa qilish yoki unga nisbatan uyatsiz-buzuq harakatlar qilish, shuningdek, oʻn olti yoshdan oʻn sakkiz yoshgacha boʻlgan shaxsga moddiy qimmatliklar berish yoxud uni mulkiy manfaatdor etish orqali u bilan jinsiy aloqa qilish jinoyatlari;
jabrlanuvchi, guvoh yoki ishda ishtirok etuvchi boshqa shaxslar, shuningdek, ularning oila aʼzolari yoki yaqin qarindoshlari xavfsizligini taʼminlashni taqozo etuvchi jinoyat ishlari.
7. Jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlar muhokamasi:
sodir etilgan jinoyat holati boʻyicha — jinoyat sodir etilgan hududdagi mahallada jinoyat ishi qoʻzgʻatilgan kundan boshlab uch kun ichida;
jinoyat sodir etgan shaxs boʻyicha — uning yashash joyidagi mahallada sudning qonuniy kuchga kirgan ayblov hukmi ichki ishlar organlariga kelib tushgan kundan boshlab uch kun ichida oʻtkaziladi.
Bevosita davlat organlari va tashkilotlarda sodir etilgan jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlar muhokamasi mazkur bandning ikkinchi va uchinchi xatboshilarida belgilangan tartibda ushbu organ va tashkilotlarning oʻzida oʻtkazilishi mumkin.
Mazkur bandning uchinchi xatboshisida belgilangan muddatda jinoyatning sabablarini va uning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlarni bartaraf qilish toʻgʻrisida surishtiruvchining, tergovchining, prokurorning taqdimnomasi yoki sudning xususiy ajrimi kelib tushgan taqdirda, jinoyat sodir etgan shaxs boʻyicha muhokama ushbu taqdimnoma yoki xususiy ajrim doirasida amalga oshiriladi.
8. Sabablari va sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlar muhokama qilinadigan jinoyatlar taqsimoti quyidagi mezonlar asosida amalga oshiriladi:
ogʻir va oʻta ogʻir jinoyatlar — Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri darajasidagi;
uncha ogʻir boʻlmagan va ijtimoiy xavfi katta boʻlmagan jinoyatlar — tuman (shahar) darajasidagi hududlarni kompleks ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish boʻyicha sektorlar (keyingi oʻrinlarda — sektor) hamda davlat organlari va tashkilotlar rahbarlari tomonidan jamoatchilik vakillari ishtirokida muhokama qilinadi.
9. Jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlar muhokamasini tashkil qilish ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema boʻyicha amalga oshiriladi.
2-bob. Jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlarni muhokama qilishni tashkil etish
10. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Toshkent shahar va Toshkent viloyati ichki ishlar bosh boshqarmalari hamda viloyatlar ichki ishlar boshqarmalari sodir etilgan jinoyatlar hamda sudning ayblov hukmi qonuniy kuchga kirgan shaxslar toʻgʻrisidagi axborotlarni umumlashtirish va hisobini yuritish boʻyicha ishchi organ (keyingi oʻrinlarda — ishchi organ) hisoblanadi.
11. Ishchi organ har kuni quyidagi axborotlarni jamlab boradi:
surishtiruv va dastlabki tergov organlarining sodir etilgan jinoyatlar toʻgʻrisidagi birlamchi axborotlari;
sudlar tomonidan taqdim etilgan sudning ayblov hukmi qonuniy kuchga kirgan shaxslar toʻgʻrisidagi axborotlar.
12. Ishchi organ tomonidan axborotlar umumlashtirilgan maʼlumotnoma shaklida shu kunning oʻzida mazkur Nizomning 7-bandida nazarda tutilgan mezonlarga muvofiq tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hamda tuman (shahar) hokimliklariga elektron tarzda yuboriladi.
Maʼlumotnomada jinoyatning mazmuni, sudning ayblov hukmi qonuniy kuchga kirgan shaxslar, tegishli tuman (shahar) darajasidagi sektor hamda masʼul davlat organlari va tashkilotlar rahbarlari, mahalla fuqarolar yigʻini raisi hamda profilaktika (katta) inspektori toʻgʻrisidagi maʼlumotlar batafsil koʻrsatilib, jinoyatning kelib chiqish sabablari (bunda sababning davomiy yoki voqea davrida toʻsatdan yuzaga kelganligiga alohida eʼtibor qaratiladi) hamda bunga imkon bergan shart-sharoitlar haqidagi birlamchi maʼlumotlar asosida bayon etiladi.
13. Ishchi organ:
jinoyat muhokamasiga masʼul davlat organlari va tashkilotlardan belgilangan tartibda zarur maʼlumotlarni soʻrab oladi;
jinoyat muhokamalari boʻyicha yuritilgan hisobotlarni monitoring qilib boradi va haqqoniyligiga baho beradi;
jinoyat muhokamalari yakunida belgilangan vazifalarni oʻz vaqtida bajarmagan mansabdor shaxslar faoliyatini oʻrganib, ularga nisbatan intizomiy jazo choralarini koʻrish haqida takliflar kiritadi.
14. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hamda tuman (shahar) hokimlari har kuni:
ishchi organ tomonidan taqdim etilgan maʼlumotnoma bilan tanishadi;
maʼlumotnomada koʻrsatilgan jinoyatlar hamda sudning ayblov hukmi qonuniy kuchga kirgan shaxslarning kelgusida muhokamasini tashkil qilish uchun tegishli tuman (shahar) darajasidagi sektor hamda masʼul davlat organlari va tashkilotlarning hududiy boʻlinmalari rahbarlariga yozma topshiriqlar berib, ularni mahalliy hokimlikning tashkiliy-nazorat guruhi (boshqarmasi) tomonidan darhol yetkazilishini taʼminlab boradi.
15. Sektor rahbarlari:
sektor hududidagi jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlar yuzasidan muhokama qilish boʻyicha masʼul hisoblanadi;
jinoyat muhokamalarini shaxsan oʻtkazadi va muhokama yigʻilishlariga raislik qiladi;
jinoyat muhokamalarini oʻtkazish joyi va vaqtini belgilaydi;
jinoyat muhokamalarida masʼul tashkilotlar rahbarlari ishtirokini taʼminlaydi;
jinoyat boʻyicha asossiz shov-shuvlarning oldini olishga qaratilgan choralarni koʻradi.
16. Jinoyatlarning turi, sohasi hamda xususiyatlaridan kelib chiqib, quyidagi davlat organlari va tashkilotlarning hududiy boʻlinmalari rahbarlari muhokamada ishtirok etishi shart:
xotin-qizlar tomonidan yoki ularga nisbatan, shuningdek, odob-axloq va oila-turmush munosabatlari doirasida sodir etilgan jinoyatlar boʻyicha — Oʻzbekiston Respublikasi Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi;
ishsiz, bandligi taʼminlanmagan shaxslar tomonidan sodir etilgan jinoyatlar boʻyicha — Oʻzbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi;
ruhiy holati buzilgan, narkologik kasalliklarga chalingan shaxslar tomonidan sodir etilgan jinoyatlar boʻyicha — Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi;
voyaga yetmaganlar va yoshlar tomonidan sodir etilgan jinoyatlar boʻyicha — Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi yoki Oliy va oʻrta maxsus taʼlimi vazirligi hamda Yoshlar ishlari agentligi;
ichki ishlar organlarida profilaktik hisobga olingan, jazoni ijro etish muassasalaridan qaytgan, ozodlikdan mahrum etish bilan bogʻliq boʻlmagan jazoni oʻtayotgan, maʼmuriy nazoratda turgan, ilgari sudlangan shaxslar tomonidan sodir etilgan jinoyatlar boʻyicha — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi;
jamoat joylarida sodir etilgan jinoyatlar boʻyicha — Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi va Ichki ishlar vazirligi;
transport harakati va undan foydalanish xavfsizligi yuzasidan jinoyatlar boʻyicha — ichki ishlar organlarining yoʻl harakati xavfsizligi boʻlinmalari;
bevosita davlat organlari va tashkilotlar hududida sodir etilgan jinoyatlar boʻyicha — davlat organlari va tashkilotlar rahbarlari.
17. Jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlar muhokamasi jarayonida:
sodir etilgan jinoyat holati boʻyicha — jinoyat ishi mazmuni, shuningdek, jinoyatga aloqador boʻlgan shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oshkor etishga, shaxsning jinoyat sodir etilishida ayblilik masalasini muhokama qilishga hamda ular muhokamada ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi;
jinoyat sodir etgan shaxs boʻyicha — sudning ayblov hukmi qonuniy kuchga kirgan shaxs (ozodlikdan mahrum qilishga hukm qilingan shaxslar bundan mustasno) hamda uning ota-onasi, ota-onasi oʻrnini bosuvchi shaxslar yoki boshqa yaqin qarindoshlarining ishtiroki taʼminlanadi.
18. Jinoyat muhokamalarida tegishli davlat organlari va tashkilotlari, nodavlat notijorat tashkilotlari va jamoatchilik vakillari qatnashishi mumkin.
3-bob. Jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlar muhokamasini oʻtkazish va ularning natijalarini ommaviy axborot vositalarida yoritish tartibi
19. Jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlar muhokamasida ichki ishlar organlari rahbarlari, profilaktika (katta) inspektorlari, tegishli boʻlinmalarning xodimlari hamda mahalla fuqarolar yigʻinlari raislarining ishtiroki taʼminlanishi shart.
20. Muhokamada sodir etilgan jinoyatlarning sabablari va bunga imkon bergan shart-sharoitlarni bartaraf etishda masʼul tashkilotlar rahbarlari va xodimlari zimmasiga yuklatilgan vazifalarning bajarilishi yuzasidan koʻrilayotgan choralar va ish natijalari tanqidiy muhokama qilinadi, ularning faoliyati samaradorligiga baho beriladi hamda kelgusida shu kabi holatlar oldini olishga qaratilgan aniq chora-tadbirlar belgilanadi.
21. Muhokama yakuni boʻyicha ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan shaklga muvofiq yigʻilish bayoni rasmiylashtiriladi va raislik qiluvchi tomonidan imzolanadi.
22. Yigʻilish bayonida quyidagilar koʻrsatiladi:
bayon tuzilgan sana va joy;
qatnashuvchilar va taklif etilganlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (familiyasi, ismi, otasining ismi, ish joyi va lavozimi);
ishtirok etganlar soni;
kun tartibi;
sodir etilgan jinoyatning mazmuni, sudning ayblov hukmi qonuniy kuchga kirgan shaxs toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, jinoyatning kelib chiqish sabablari va bunga imkon bergan shart-sharoitlar tahlili;
vazirlik va idoralar hududiy tuzilmalari rahbarlari, shuningdek, keng jamoatchilik vakillarining muhokama qilinayotgan jinoyat va jinoyat sodir etgan shaxslar boʻyicha fikr va mulohazalari;
muhokama qilingan jinoyat kelib chiqishining barvaqt oldini olish choralarini koʻrmagan masʼul tashkilotlar rahbarlari yoki xodimlariga intizomiy javobgarlik choralarini qoʻllash boʻyicha takliflar;
muhokama qilingan jinoyatning kelgusida oldini olishga qaratilgan aniq chora-tadbirlar va vazifalar hamda ularni amalga oshirish muddatlari va masʼul ijrochilari.
23. Yigʻilish bayonida belgilangan chora-tadbirlar ijrosi ustidan nazorat bevosita tegishli hudud darajasidagi sektor rahbarlari tomonidan taʼminlanadi.
24. Muhokama jarayonlari fotosuratga yoki videotasvirga olinishi mumkin. Fotosurat yoki videotasvir yigʻilish bayoni nusxalari bilan birga ishchi organga hamda tegishli hokimlik tashkiliy-nazorat guruhiga elektron tarzda yuboriladi.
25. Muhokama yakunida sudning ayblov hukmi qonuniy kuchga kirgan shaxsning fotosurati u tomondan sodir etilgan jinoyat toʻgʻrisidagi maʼlumot bilan birga mahalla fuqarolar yigʻinidagi barchaga koʻrinadigan eʼlonlar taxtasiga bir oylik muddatga joylashtiriladi.
Sudning ayblov hukmi qonuniy kuchga kirgan shaxs sudning oqlov hukmini taqdim qilgan taqdirda, uning fotosurati va sodir etilgan jinoyat toʻgʻrisidagi maʼlumot profilaktika (katta) inspektori tomonidan mahalla fuqarolar yigʻinidagi eʼlonlar taxtasidan darhol olib tashlanadi, shuningdek, ushbu holat boʻyicha avval oʻtkazilgan muhokama yuzasidan uch kun muddatda raddiya tayyorlanib, eʼlonlar taxtasiga bir oylik muddatga joylashtiriladi.
26. Ishchi organ:
yigʻilish bayonlarida qayd etilgan maʼlumotlarni umumlashtiradi, tahlil qiladi va Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi tomonidan tasdiqlanadigan shaklda ularning yagona hisobini yuritadi;
oʻtkazilgan muhokamalarni har oy yakuni boʻyicha tahlil qilib, keyingi oyning 5-sanasiga qadar tegishliligi boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklariga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligiga axborot kiritadi.
27. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimlari:
oʻtkazilgan muhokamalar toʻgʻrisidagi axborotlar asosida tuman (shahar) hokimlari, davlat organlari va tashkilotlarning hududiy boʻlinmalari rahbarlariga nisbatan oʻz vakolati doirasida choralar koʻradi yoxud taʼsir choralarini qoʻllash yuzasidan vakolatli davlat organlariga asoslantirilgan takliflar kiritadi;
jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlarni bartaraf qilishda davlat organlari va tashkilotlarning hududiy boʻlinmalarini jalb qilish hamda ularning hamkorligini tashkil etish borasida taʼsirchan chora-tadbirlarni koʻrib, mazkur yoʻnalishda shaxsiy nazorat oʻrnatadi.
28. Tuman (shahar) hokimlari tomonidan huquqbuzarliklar profilaktikasi boʻyicha amalga oshirilgan ishlar natijalarining tahlili asosida har oyda xalq deputatlari tuman (shahar) Kengashlari majlislarida tegishli hududda sodir etilgan jinoyatlar, davlat organlari va tashkilotlarning hududiy boʻlinmalari tomonidan jamoat xavfsizligini taʼminlash samaradorligini oshirish boʻyicha manzilli takliflarni ishlab chiqish bilan birga koʻrilayotgan chora-tadbirlarning ahvoli tanqidiy muhokama qilinadi.
29. Jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlarning muhokamasi jarayoni va natijalari Internet jahon axborot tarmogʻida va mediaresurslar orqali yoritib boriladi, keng jamoatchilikka yetkazish maqsadida respublika va mahalliy ommaviy axborot vositalari jalb qilinadi.
4-bob. Yakunlovchi qoida
30. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlarni muhokama qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlar muhokamasini tashkil qilish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Surishtiruv va dastlabki tergovni amalga oshiruvchi organlar, sudlar Sodir etilgan jinoyatlar toʻgʻrisidagi birlamchi axborotlar, sudning ayblov hukmi qonuniy kuchga kirgan shaxslar toʻgʻrisidagi axborotlarni Qoraqalpogʻiston Respublikasi IIV, Toshkent shahar va Toshkent viloyati IIBB hamda viloyatlar IIBlarga — ishchi organ ga taqdim etadi Har kuni 2-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi IIV, Toshkent shahar va Toshkent viloyati IIBB hamda viloyatlar IIBlari Axborotlarni umumlashtirilgan maʼlumotnoma shaklida: ogʻir va oʻta ogʻir jinoyatlar boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, Toshkent shahar va viloyatlar hokimliklariga; uncha ogʻir boʻlmagan va ijtimoiy xavfi katta boʻlmagan jinoyatlar boʻyicha — tuman (shahar) hokimliklariga elektron tarzda yuboradi Har kuni 3-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, Toshkent shahar va viloyatlar hamda tuman (shahar) hokimlari Ishchi organ tomonidan taqdim etilgan maʼlumotnoma bilan tanishib, maʼlumotnomada koʻrsatilgan jinoyatlar hamda sudning ayblov hukmi qonuniy kuchga kirgan shaxslarning kelgusida muhokamasini tashkil qilish uchun tegishli hudud darajasidagi sektor va masʼul tashkilotlar rahbarlariga topshiriqlarni belgilaydi, topshiriq hokimlikning tashkiliy-nazorat guruhi tomonidan ijrochilarga darhol yetkaziladi Har kuni 4-bosqich Sektor rahbarlari Jinoyat muhokamasiga masʼul tashkilotlar rahbarlari hamda ommaviy axborot vositalari vakillarining ishtirokini taʼminlaydi, muhokamani shaxsan oʻtkazadi , bu borada aniq chora-tadbirlar belgilab, ijroga qaratadi. Muhokama jarayonlari fotosuratga va videotasvirga olinib, yigʻilish bayoni nusxalari bilan birga ishchi organ ga hamda tegishli hokimlikning tashkiliy-nazorat guruhiga taqdim etiladi. 3 kun muddatda 5-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublyaikasi IIV, Toshkent shahar va Toshkent viloyati IIBB hamda viloyatlar IIBlari Oʻtkazilgan muhokamalarni har oy yakuni boʻyicha tahlil qilib, tegishlilik boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, Toshkent shahar va viloyatlar hokimliklariga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligiga batafsil axborot kiritadi Har oyning 5 sanasiga qadar 6-bosqich Tuman (shahar) hokimlari Oʻtkazilgan muhokamalar toʻgʻrisidagi axborotlar asosida tuman (shahar) hokimlari , davlat organlari va tashkilotlarning hududiy boʻlinmalari rahbarlariga nisbatan oʻz vakolati doirasida choralar koʻradi yoxud taʼsir choralarini qoʻllash yuzasidan vakolatli davlat organlariga asoslantirilgan takliflar kiritadi. 5 kun muddatda har oy yakunida
Jinoyatlarning sabablari va ularning sodir etilishiga imkon bergan shart-sharoitlarni muhokama qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
“TASDIQLAYMAN” ___ -sektor rahbari, ____________ ______________________________ ______________________________ (imzo) (F.I.O.) 20___ yil “____” ________ _____________ viloyati (shahri), __________ tumani, “_________” mahalla fuqarolari yigʻinida oʻtkazilgan yigʻilishning ___ -sonli bayoni 20___ yil “___” _______ ________ tumani (shahri) Raislik qiluvchi: ___ -sektor rahbari,____________________________________________ _____________________________________________________________ Qatnashdilar : _____________________________________________________________ _____________________________________________________________ _____________________________________________________________ _____________________________________________________________ _____________________________________________________________ ________ , ____ nafar mahalla fuqarolari KUN TARTIBI: “_____________” mahallasida 20 ___ yil “___” _______ kuni sodir etilgan ____________ jinoyatining sabablari va bunga imkon bergan shart-sharoitlarning muhokamasi Sektor rahbari axboroti ___________________________________________________________ ______________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ Jinoyatning batafsil mazmuni _______________________________________________________ ______________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ Jinoyat sodir etgan va jabrlangan shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar ____________________________ ______________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ Holatning kelib chiqish sabablari hamda unga imkon bergan shart-sharoitlar tahlili _________________ ______________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ Vazirlik va idoralar hududiy tuzilmalari rahbarlari hamda jamoatchilik vakillarining bildirgan fikr va tushuntirishlari __________________________________________________________________ ___________________________________________________________________________________________ Muhokama qilingan jinoyat kelib chiqishining barvaqt oldini olish choralarini koʻrmagan masʼul tashkilotlar rahbarlari yoki xodimlariga intizomiy taʼsir choralari qoʻllash boʻyicha takliflar_____________ __________________________________________________________________________________________. Kun tartibiga qoʻyilgan masalalar tanqidiy muhokama qilinib, yigʻilish QAROR QILADI: Muhokama qilingan jinoyatning kelgusida oldini olishga qaratilgan aniq chora-tadbirlar va vazifalar hamda ularni amalga oshirish muddatlari va masʼul ijrochilari: 1. ______________________________________________________________________________________ ___________________________________________________________________________________________; 2. ______________________________________________________________________________________ ___________________________________________________________________________________________; 3. ______________________________________________________________________________________ ___________________________________________________________________________________________; 4. ______________________________________________________________________________________ ___________________________________________________________________________________________; 5. ______________________________________________________________________________________ ___________________________________________________________________________________________. Yigʻilish kotibi: “________” MFY raisi ________________________ (F.I.O., imzo, muhr)
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 10-sentabr,
565-son