📅 2021-yil 17-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 17-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 17 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 17 сентября 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 17 September 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
РЎЙХАТИ
РЎЙХАТИ
ЖУРНАЛИ
ШАКЛИ
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳамширалик иши фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармони билан тасдиқланган «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида» 2021 йил 5 майдаги ПФ-6221-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, ўрта тиббиёт ходимлари ўзини ўзи банд қилган ҳолда ҳамширалик фаолиятини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармонида «ҳамширалик иши» билан мустақил шуғулланиш учун ўрта тиббиёт мутахассисларига ўзини ўзи банд қилиш асосида рухсат берилиши;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида» 2021 йил 5 майдаги ПФ-6221-сон Фармони билан ҳамширалик иши фаолиятини фақат ўрта тиббий ёки олий ҳамширалик иши йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли ахборот тизимида 2022 йил 1 январдан бошлаб рўйхатдан ўтган шахслар амалга ошириши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида «ҳамширалик иши» фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида «ҳамширалик иши» фаолияти билан шуғулланишга ўрта тиббий (ҳамширалик иши, даволаш иши, акушерлик иши) ёки олий ҳамширалик иши бўйича олий маълумотга эга бўлган, давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотида ишламайдиган шахсларга (кейинги ўринларда — ҳамшира) рухсат этиш тартиби;
ҳамшира Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги 806-сон қарори билан тасдиқланган Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ махсус мобил илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ёхуд давлат солиқ хизмати органига келган ҳолда рўйхатдан ўтиши тартиби;
ҳамшира мустақил ҳамшира маълумотномаси асосида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳамширанинг малакаси тўғрисидаги сертификат, шунингдек, фаолияти юзасидан чораклик ҳисоботларни киритиш имконини берувчи ҳамда малакасини ошириб бориш муддатлари келганлиги бўйича огоҳлантириш тизимини қамраб олувчи ахборот дастурида рўйхатдан ўтиб, мустақил ҳамшира (кейинги ўринларда — мустақил ҳамшира) сифатида фаолиятини бошлаши тартиби.
3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳамширанинг малакаси тўғрисидаги сертификат, шунингдек, фаолияти юзасидан чораклик ҳисоботларни киритиш имконини берувчи ҳамда малакасини ошириб бориш муддатлари келганлиги бўйича огоҳлантириш тизимини қамраб олувчи ахборот дастурини (кейинги ўринларда — Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот дастури) жорий қилсин;
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот дастурини Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда Давлат солиқ қўмитаси расмий веб-сайтига жойлаштирилган ахборот ресурсига ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг маълумотлар базаси (регистри)га интеграция қилинишини таъминласин.
4. Белгилансинки:
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот дастурини жорий қилиш, кейинги кузатувини таъминлаш ва ривожлантириш Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
мустақил ҳамширалик билан шуғулланувчи шахслар фаолияти мониторинги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот дастури орқали олиб борилади;
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот дастурини ривожлантириш ва кейинги кузатувини амалга ошириш Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази томонидан амалга оширилади.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.М. Хаджибаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 578-сон қарорига ИЛОВА
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида «ҳамширалик иши» фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида «ҳамширалик иши» фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомнинг амал қилиши тиббий фаолият билан шуғулланувчи юридик шахсларга татбиқ этилмайди.
3. Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида «ҳамширалик иши» фаолияти билан шуғулланишга ўрта тиббий (ҳамширалик иши, даволаш иши, акушерлик иши) ёки олий ҳамширалик иши бўйича олий маълумотга эга бўлган, давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотида ишламайдиган шахсларга (кейинги ўринларда — ҳамшира) рухсат этилади.
4. Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида «ҳамширалик иши» билан шуғулланадиган шахслар фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот дастури орқали Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази томонидан мониторинг олиб борилади.
2-боб. Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида «ҳамширалик иши» фаолиятини амалга оширишда рўйхатдан ўтказиш тартиби
5. Ҳамшира Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги 806-сон қарори билан тасдиқланган Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ махсус мобил илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ёхуд давлат солиқ хизмати органига келган ҳолда рўйхатдан ўтади.
6. Ҳамширага ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида матрицали штрих кодга (QR-код) эга бўлган маълумотнома (кейинги ўринларда — мустақил ҳамшира маълумотномаси) расмийлаштирилади.
7. Ҳамшира мустақил ҳамшира маълумотномаси асосида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (кейинги ўринларда — Соғлиқни сақлаш вазирлиги) ҳамширанинг малакаси тўғрисидаги сертификат, шунингдек, фаолияти юзасидан чораклик ҳисоботларни киритиш имконини берувчи ҳамда малакасини ошириб бориш муддатлари келганлиги бўйича огоҳлантириш тизимини қамраб олувчи Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот дастурида (кейинги ўринларда — ахборот дастури) рўйхатдан ўтиб, мустақил ҳамшира (кейинги ўринларда — мустақил ҳамшира) сифатида фаолиятини бошлайди.
8. Мустақил ҳамшира ахборот дастурида маълумотларни бевосита ўзи киритиши ёки туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларига келган ҳолда ахборот дастурида рўйхатдан ўтиши мумкин.
9. Мустақил ҳамшира туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникасига келган ҳолда рўйхатдан ўтмоқчи бўлганда унга ушбу муассаса катта ҳамшираси, у бўлмаган ҳолларда ходимлар бўлими томонидан ахборот дастурида рўйхатдан ўтишида амалий ёрдам кўрсатилади.
10. Мустақил ҳамшира ахборот дастурида рўйхатдан ўтишда мазкур Низом билан танишганлигини тасдиқлаган ҳолда ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ сўровномадаги маълумотларни киритади ва унда сўралган ҳужжатларнинг электрон шаклини юклайди.
Бунда мустақил ҳамшира томонидан фаолияти давомида ҳамкорликда ишлайдиган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасини (кўп тармоқли марказий поликлиника, оилавий поликлиника ёки оилавий шифокор пункти) белгиланади.
11. Сўровнома мажбурий тўлдириладиган бандлардан иборат бўлиб, ишончли бўлмаган ёки нотўғри маълумотлар киритганлиги учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
12. Сўровномага шахсий идентификация рақами киритилганда мустақил ҳамширанинг паспорт (ID-карта) маълумотлари, мустақил ҳамшира маълумотномаси ва фаолият юритиш ҳудуди автоматик тарзда юкланади.
13. Малака тўғрисидаги сертификат бўлиши талаби мустақил ҳамшира таълим ташкилотини тугатганига уч йил бўлмаган тақдирда талаб этилмайди.
14. Сўровнома тўлдирилганидан сўнг ахборот дастури орқали мазкур Низомга 2-иловада келтирилган шаклда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида мустақил ҳамшира фаолияти билан шуғулланиш бўйича рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи матрицали штрих кодга (QR-код) эга бўлган гувоҳнома (кейинги ўринларда — мустақил ҳамшира гувоҳномаси) реал вақт режимида автоматик тарзда расмийлаштирилади.
Гувоҳнома давлат тилида расмийлаштирилади. Шахснинг хоҳишига кўра маълумотнома рус ва инглиз тилларида ёки, заруратга кўра, бошқа тилларда расмийлаштирилиши мумкин.
15. Мустақил ҳамшира гувоҳномаси чекланмаган муддатга берилади.
16. Мустақил ҳамшира гувоҳномасини расмийлаштиришда ҳақ ундирилмайди.
17. Мустақил ҳамшира яшаш учун бошқа туман (шаҳар)га кўчиб ўтганда, унинг аризасига мувофиқ Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази томонидан ахборот дастурига тегишли ўзгартиришлар киритилади.
3-боб. Мустақил ҳамширанинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
18. Мустақил ҳамшира ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартиб ва йўриқномаларга мувофиқ амалга оширади.
19. Мустақил ҳамшира ушбу Низомга 3-иловада кўрсатилган рўйхатга мувофиқ шифокорнинг кўрсатмасисиз аҳолига мустақил тиббий маслаҳат ва муолажаларни бажариш, шунингдек, мазкур Низомга 4-иловада кўрсатилган рўйхатга мувофиқ шифокор тавсияси (кўрсатмаси) асосида аҳолига тиббий маслаҳат ва муолажаларни бажариш ҳуқуқига эга.
20. Мустақил ҳамшира:
мустақил ҳамширалик фаолияти билан ахборот дастурида мустақил ҳамшира гувоҳномаси расмийлаштирилгандан сўнг шуғулланиши;
ушбу Низомга 5-иловага мувофиқ шаклда фаолияти давомида аҳолига кўрсатаётган тиббий маслаҳат ва муолажалар бўйича ҳисобот журналини юритиши;
мазкур Низомга 6-иловага мувофиқ шаклда ҳар чорак якунида кейинги ойнинг 5-кунига қадар аҳолига кўрсатилган тиббий маслаҳат ва муолажалар тўғрисидаги ҳисоботни ахборот дастурига киритиши;
шифокор тавсияси (кўрсатмаси) асосида аҳолига кўрсатилган тиббий маслаҳат ва муолажалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклдаги шифокор ёзма тавсиясини ҳисобот журналида сақлаб қолиши;
шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож беморга дастлабки ҳамширалик ёрдамини кўрсатиши ва шошилинч тиббий ёрдам ҳолати бўйича тегишли бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига ахборот бериши;
шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлиш ҳолати бошқа шахс томонидан етказилган тан жароҳати, йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этишни тақозо этадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлганда мустақил ҳамшира ушбу ҳолат тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда дастлабки ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтиши шарт.
21. Мустақил ҳамширага стерилизация қилиниши талаб этиладиган тиббий жиҳозлардан фойдаланган ҳолда аҳолига тиббий муолажаларни бажаришига ҳамда дори воситаси қабул қилишда ножўя таъсир ҳолатини аниқлаш мақсадида қўйилган синама ҳолатини баҳолашга рухсат этилмайди.
4-боб. Мустақил ҳамширанинг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси билан ҳамкорлиги
22. Мустақил ҳамшира ахборот дастурида рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи мустақил ҳамшира гувоҳномаси билан бир ҳафта муддатда фаолият бошлаш учун гувоҳномада кўрсатилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига келиб гувоҳноманинг нусхасини тақдим этади.
23. Мустақил ҳамширанинг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси билан ҳамкорлиги:
мустақил ҳамшира томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий маслаҳат ва муолажалар ҳудудда кўрсатилган тиббий хизматлар қаторида қайд этилиши;
бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси томонидан мустақил ҳамширага ушбу хизматга эҳтиёжи бўлган оилалар тўғрисида маълумот берилиши;
мустақил ҳамшира хизмат кўрсатаётган оилаларнинг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасидаги тиббий маълумотларидан фойдаланиши;
беморнинг сўровига мувофиқ мустақил ҳамшира томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий маслаҳат ва муолажалар тўғрисидаги маълумотларни бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасида сақланаётган тиббий ҳужжатларга киритиш;
мустақил ҳамширанинг фаолиятида юзага келган саволларига жавоб бериш, уни соҳадаги янгиликлардан хабардор этиб бориш;
мустақил ҳамшира фаолияти юзасидан мурожаатларни ўрганиш орқали амалга оширилади.
24. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси:
а) бош шифокори мустақил ҳамшира томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий маслаҳат ва муолажалар давомида юзага келган ҳолат ёки масалалар юзасидан кўрсатмалар беради;
б) катта ҳамшираси:
мустақил ҳамширанинг муассаса тиббиёт ходимлари билан узвий ҳамкорликдаги фаолиятини таъминлайди;
мустақил ҳамшира шифокор тавсиясига (кўрсатмасига) мувофиқ амалга оширадиган тиббий маслаҳат ва муолажалар тўғрисида маълумот беради.
25. Мустақил ҳамшира томонидан аҳолига кўрсатилган тиббий маслаҳат ва муолажалар тўғрисидаги маълумотлар тегишли ҳудуд патронаж ҳамшираси томонидан патронаж хизмати сифатида рўйхатга олинади. Бунда патронаж хизмати мустақил ҳамшира томонидан амалга оширилганлиги қайд этилади.
5-боб. Мустақил ҳамширанинг жавобгарлиги ва рўйхатдан чиқариш тартиби
26. Мустақил ҳамшира фаолиятни амалга оширишдаги ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
27. Мустақил ҳамшира фаолияти билан боғлиқ бўлган аҳоли мурожаатлари тегишли туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси томонидан ўрганилади.
28. Ушбу Низомнинг 17 — 20-бандлари талаблари бузилганлиги аниқланган ҳолларда тегишли туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси бош шифокори ҳамширани мазкур Низомнинг бузилган тегишли бандини аниқ кўрсатган ҳолда ёзма равишда огоҳлантиради.
29. Қуйидагилар мустақил ҳамшира гувоҳномасини бекор қилишга асос бўлади:
мустақил ҳамшира фаолиятини ўз хоҳишига кўра тўхтатиши тўғрисида тегишли туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникасига мурожаат қилганда;
мустақил ҳамшира шифокор тавсияси (кўрсатмаси) асосида аҳолига тиббий маслаҳат ва муолажаларни бажариш бўйича белгиланган тартибга риоя этмаган ҳолларда;
мустақил ҳамшира белгиланган муддатларда малака ошириш талабларини бажармаган ҳолларда;
мазкур Низомнинг 17 — 20-бандлари бўйича бир йил ичида тегишли туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси томонидан уч маротаба огоҳлантирилганда.
30. Мустақил ҳамшира гувоҳномасини бекор қилиш туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси бош шифокорининг Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш марказига мустақил ҳамширага берилган гувоҳномани бекор қилиш бўйича сабаби аниқ кўрсатилган мурожаати асосида амалга оширилади.
31. Туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникасининг мурожаати асосли деб топилган тақдирда Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази томонидан мустақил ҳамшира гувоҳномаси бекор қилинади ва уч кун муддатда тегишли туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникасига бу ҳақида маълумот юборилади.
Бунда мустақил ҳамшира гувоҳномасини бекор қилиш ахборот дастурида мустақил ҳамширани рўйхатдан чиқариш орқали амалга оширилади.
32. Туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси бош шифокори томонидан тегишли ҳамшира мустақил ҳамшира гувоҳномаси бекор қилганлиги тўғрисидаги маълумот билан беш кун муддатда ёзма равишда огоҳлантирилади.
33. Мустақил ҳамшира гувоҳномаси бекор қилинган шахс ушбу қарордан норози бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ёки судга мурожаат қилиши мумкин.
Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш марказининг мустақил ҳамшира гувоҳномасини бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга ариза берилиши мумкин.
Суд томонидан гувоҳномани бекор қилиш ҳақидаги қарор асоссиз деб топилган тақдирда, Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази мустақил ҳамшира олдида унга етказилган зарар миқдорида жавобгар ҳисобланади.
34. Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш марказининг мустақил ҳамшира гувоҳномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги маълумот тегишли ҳудуддаги давлат солиқ хизмати органи томонидан мустақил ҳамшира маълумотномасини бекор қилишга асос бўлади.
35. Мустақил ҳамшира гувоҳномаси бекор қилинган ҳамшира томонидан мустақил ҳамширалик фаолияти билан шуғулланиш ноқонуний фаолият сифатида баҳоланиб, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
36. Мустақил ҳамшира гувоҳномаси бекор қилинган ҳамшира томонидан белгиланган тартибда малакасини оширгандан сўнг (сўнгги малака оширганлиги муддатидан қатъи назар) белгиланган тартибда мустақил ҳамшира маълумотномаси ва гувоҳномаси расмийлаштириши мумкин.
6-боб. Якунловчи қоида
37. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида «ҳамширалик иши» фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ҳамшира томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот дастурида рўйхатдан ўтиш СЎРОВНОМАСИ ШАКЛИ Қуйидаги маълумотларни киритинг: 1. Ўзини ўзи ҳамширалик иши фаолияти билан банд қилган шахснинг: шахсий идентификация рақами (ШШИР) _________, ёки электрон рақамли имзо (ЭРИ) _________. а) олий □ б) ўрта махсус □ 3. Тиббий маълумот тўғрисидаги дипломнинг электрон шакли. Диплом берилган ўқув муассасаси номи _________________________________________ Диплом рақами ________________ берилган санаси _______________________________ 4. Сўнгги уч йил ичида малака оширганликни тасдиқловчи малака ошириш тўғрисидаги сертификатнинг электрон шакли: Сертификат берилган ўқув муассасаси номи ______________________________________ Сертификат рақами _____________ берилган санаси _______________________________ 5. Ҳамкорликда ишлайдиган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси: а) кўп тармоқли марказий поликлиника номи _____________________________________ б) оилавий поликлиника номи _________________________________________________ в) оилавий шифокор пункти номи ______________________________________________
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида «ҳамширалик иши» фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот дастурида Соғлиқни сақлаш вазирлигида мустақил ҳамшира фаолияти билан шуғулланиш бўйича рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи ГУВОҲНОМА __-сон ______________________________________________________________________________ (жисмоний шахснинг тўлиқ фамилияси, исми, отасининг исми (мавжуд бўлганда)) ўзини ўзи банд қилган «ҳамширалик иши» фаолиятини амалга оширувчи ҳамшира сифатида 20__ йил «___» ________да рўйхатга олинди. Фаолиятни амалга ошириш манзили: 1. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент ш., вилоят: __________________________ 2. Туман (шаҳар): ________________________________________________________ 3. Ҳудуд:_______________________________________________________________ Ҳамкорликда ишлайдиган бирламчи тиббиёт ташкилоти:_________________________ ______________________________________________________________________ QR-код Ушбу маълумотнома ахборот тизимининг ягона реестридаги маълумотлар асосида шакллантирилган электрон ҳужжатнинг нусхасидир. QR-кодни мобил қурилма орқали сканер қилиб маълумотларнинг тўғрилигини текшириб кўриш мумкин .
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида «ҳамширалик иши» фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Мустақил ҳамшира шифокорнинг кўрсатмасисиз бажариши мумкин бўлган тиббий маслаҳат ва муолажалар
Т/р Тадбир номи I. Профилактик тадбирлар 1. Ҳудудларда соғлом турмуш тарзи бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш 2. Оилаларда соғлом турмуш тарзи бўйича суҳбатлар ўтказиш 3. Жамоа ўртасида соғлом турмуш тарзи юзасидан тадбирлар ташкил этиш 4. Ҳудуд оилаларида тиббий маданиятни оширишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш 5. Саломатлик кўрсаткичини (индекси) аниқлаш 6. Аҳоли ўртасида мақсадли гуруҳлар (ҳомиладорлар, 0 — 5 ёшгача болалар ва бошқа) ташкил этиш ва улар билан ишлашда стандартлар ва алгоритмлардан фойдаланиш 7. Турли ёшдаги аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш бўйича маслаҳатлар бериш 8. Касаллик турига қараб парҳез таомлар бўйича маслаҳатлар бериш 9. Юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида суҳбатлар ўтказиш 10. Юқумли бўлмаган касалликлар ва асоратларнинг олдини олиш 11. Гигиеник тарбия 12. Жисмоний машқларни бажариш хамда нафас машқларини бажаришда йўл-йўриқ кўрсатиш 13. Жароҳатга инфекция тушишининг олдини олиш 14. Касалликка олиб келувчи хавфли омилларни аниқлаш ва уларни коррекция қилиш бўйича маслаҳатлар бериш II. Диагностик тадбирлар 15. Бемор шикоятлари асосида анамнез йиғиш 16. Антропометрик ўлчовлар ўтказиш 17. Қон босимини ўлчаш 18. Пульсни санаш ва уни баҳолаш 19. Нафас олиш тезлигини санаш 20. Тана ҳароратини ўлчаш 21. Пульсоксиметрия ўтказиш 22. Пикфлоуметрия ўтказиш 23. Фонендоскоп ёрдамида ўпканинг фаолиятини эшитиш 24. Нафас олиш типларини аниқлаш 25. ЭКГни стандарт усулида олиш 26. Юрак тонларини фонендоскоп ёрдамида эшитиш 27. Кўз қорачиғи рефлексини аниқлаш 28. Периферик лимфа тугунларини пайпаслаш ва баҳолаш 29. Глюкометрия ўтказиш (қондаги қанд миқдорини аниқлаш) 30. Пешобда ўт пигментларини аниқлаш 31. Нажас характерини аниқлаш 32. Инсон саломатлиги бузилиши ҳолатларини аниқлаш ва шифокорга йўналтириш III. Ҳамширалик парвариши а) Болалар парвариши (неонатал,чақалоқ, болалик даврларда) 33. Юқори нафас йўлларини шилимшиқлардан тозалаш 34. Киндик қолдиғини парваришлаш 35. Тери ва шиллиқ қаватларни тозалаш ва парваришлаш 36. Чақалоқларда гигиеник ванна ўтказиш 37. Намланган кислород бериш 38. Боланинг бўйи, вазни, бош айланаси ва кўкрак айланасини ўлчаш ва онага боланинг ўсиш ва ривожланиши бўйича маслаҳатлар бериш 39. Болани кўкракка тутишни онага ўргатиш 40 Бола учун қўшимча овқатлар тайёрлашни онага ўргатиш 41. Боланинг қулоқ, кўз, оғиз бўшлиғи ва табиий бурмаларини парвариш қилиш ва парвариш бўйича онага маслаҳатлар бериш 42. Конституцион аномалияларда тери ва шиллиқ қаватларни парваришлаш 43. Болаларда психомотор ривожланишни баҳолаш ва онага маслаҳат бериш 44. Болага хавфсиз муҳитни яратиш бўйича онага маслаҳат бериш 45. Болани чўмилтиришни онага ўргатиш 46. Болада зарарли одатлар билан боғлиқ бузилишларнинг олдини олиш бўйича онага маслаҳат бериш 47. Бемор болани парҳез овқатлантириш бўйича онага маслаҳатлар бериш 48. Эксикоз белгиларини аниқлаш 49. Газ чиқарувчи найча қўйиш 50. Қулоқни пилик билан қуритиш 51. Оёқларга ванна қилиш 52. Хавфсиз иммунизация учун тавсиялар бериш 53. Ўсмир ёшдаги болаларда жинсий етилиш даврида ҳамшира маслаҳатини бериш (хайиз цикли, давомийлиги, балоғат даври гигиенаси) б) Ҳомиладор аёллар парвариши 54. Ҳомиладорликда бўладиган хавфли белгилар аниқланганда ёрдам бериш 55. Ҳомиладор аёллар учун фойдали тавсиялар бериш (ҳомиладор аёл гигиенаси, кийиниш маданияти, тўғри овқатланиш, дам олиш ва уйқу) 56. Ҳомиладорликни режалаштириш бўйича аёлларга маслаҳат бериш 57. Ҳомиладор аёлга хавфли белгилари тўғрисида маълумот бериш 58. Ҳомиладорликнинг I, II, III триместрларида учрайдиган хавфли белгиларнинг олдини олиш бўйича маслаҳатлар бериш 59. Ҳомиладорлик даврида зарарли одатларнинг олдини олиш 60. Ҳомиладорлик даврида депрессия аниқланганда ёрдам бериш 61. Қорин айланасини ўлчаш ва вазнни ўлчаш 62. Ҳомила гипоксияси профилактикаси бўйича тавсия бериш 63. Ҳомиладор аёлларга намланган кислород бериш в) Туққан ва чилла давридаги аёлларни парвариш қилиш 64. Бола ва чилла давридаги аёлнинг ҳаётига хавф солувчи белгиларни аниқлаш ва ёрдам кўрсатиш 65. Кесарча кесиш амалиётини ўтказган аёлда чокларнинг битишини баҳолаш ва парвариш қилиш г) Катталарни парвариш қилиш 66. Объектив текшириш усулларини ўтказиш ва парвариш қилиш (беморни кўздан кечириш, нафас олиш тезлигини аниқлаш, пульсни санаш, тана ҳароратини ва қон босимини ўлчаш) 67. Оддий физиотерапевтик муолажаларни бажариш (ингаляция қилиш, оёқ ванналарини ўтказиш, хантал ва музли халтача қўйиш) 68. Балғам яхши ажралиши учун дренаж ҳолатини яратиш 69. Нафас машқларини бажариш, небулайзерни қўллаш 70. Антисептиклар билан жароҳатни тозалаш 71. Шикастланишларда беморларни парвариш қилиш IV. Шифокоргача шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш 72. Бош-мия шикастланишида бемор ҳолатини баҳолаб шифокоргача ёрдам кўрсатиш 73. Юмшоқ тўқималар шикастланиши, суякларнинг чиқиши ва синишида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш 74. Шикастланишларда шифокоргача тиббий ёрдам кўрсатиш 75. Куйганда, совуқ олганда ва электрдан шикастланишда шифокоргача тиббий ёрдам кўрсатиш 76. Кўча транспорти жароҳатида иммобилизация қилиш 77. Музли халтачадан фойдаланиш 78. Ҳомиладорлик ва туғруқдан кейинги даврда аёлларда зудлик билан тиббий ёрдамни талаб қилувчи хавфли белгиларни (қиндан қон кетиш, кучли ва давомли қайт қилиш, кўриш қобилияти бузилиш, иситма, кучли қорин оғриғи, пешоб ажратиш пайтида оғриқ ёки ачишиш, белдаги оғриқлар, оёқ, қўл, юзнинг шишиб кетиши, кўкрак соҳасида оғриқ, йўтал ёки нафас сиқиши, бўғилиш, кўкрак безида оғриқлар ёки қизаришлар, кўкрак учидаги ёрилишлар, тез чарчаш, ҳансираш, кучсизлик белгилари, гипертермия, артериал босимнинг ортиши, бўғилиш хуружи, ларингоспазм, талваса, эксикоз ва токсикоз, ҳушдан кетиш, коллапс ва шок) аниқлаш ва шифокорга йўналтириш 79. ЮИК стенокардия хуружида, ўткир миокард инфарктида шошилинч ёрдам кўрсатиш 80. Гипертония кризида шошилинч ёрдам кўрсатиш 81. Ўпкадан, меъда ва ичаклардан қон кетган ҳолатларда шошилинч ёрдам кўрсатиш 82. Бемор қусганда биринчи ёрдам кўрсатиш 83. Ўткир қорин оғриғида биринчи ёрдам кўрсатиш 84. Ўткир аллергик реакцияларда (Квинке шиши, эшакем ва анафилактик шокда) шошилинч ёрдам кўрсатиш 85. Жароҳатланишда (синиш, чиқиш, лат еганда) шошилинч ёрдам кўрсатиш 86. Офтоб, совуқ уриши, сувга чўкканда, ҳашоротлар ва илон чаққанда биринчи ёрдам кўрсатиш 87. Заҳарланишда шошилинч ёрдам кўрсатиш 88. Қусганда шошилинч ёрдам кўрсатиш 89. Клиник ўлимда ўпка-юрак реанимациясини ўтказиш 91. Гипертермия ва талваса ҳолатларида ёрдам бериш V. Паллиатив ёрдам кўрсатиш 92. Бемор эҳтиёжлари асосида ҳамшира парвариш режасини тузиш 93. Овқатлантириш (табиий ва зонд орқали) 94. Бемор шахсий гигиенаси (тери қоплами, шиллиқ қаватлар, кўз, қулоқ, соч, оёқ-қўл тирноқлари парвариши, ўрин-кўрпа оқлиқлари ва кийимларни алмаштириш, ётоқ яраларининг олдини олиш) 95. Бемор ҳаракатланишида ёрдам кўрсатиш (аравача, юриш мосламаларидан фойдаланиш, йиқилиш, жароҳатланишнинг олдини олиш) 96. Беморнинг ухлаши ва дам олишига кўмаклашиш (хонани тоза ҳаво билан таъминлаш, тинчлик сақлаш) 97. Нафас олишни таъминлаш (бемор мустақил нафас олмаса, сунъий нафас бериш, оксигенотерапия) 98. Бемор ҳолатини баҳолаш 99. Физиологик функциянинг бузилиши холларида (қабзият, диарея) ҳамширалик парваришини амалга ошириш 100. Бемор ва унинг яқинларига психологик ёрдам кўрсатиш 101. Стомалар, эндотрахеал трубка, катетерлар, дренажларни назорат ва парвариш қилиш 102. Ҳаётдан кўз юмаётган бемор ва унинг оила аъзоларини руҳий томондан қўллаб-қувватлаш
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида «ҳамширалик иши» фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА
Мустақил ҳамшира шифокор тавсияси (кўрсатмаси) асосида бажариши мумкин бўлган тиббий маслаҳат ва муолажалар
Т/р Тадбир номи I. Диагностик тадбирлар 1. Кўриш аъзолари ва кўриш функциясининг ноинвазив текширувларини ўтказиш 2. Эшитиш аъзолари ва эшитиш функцияси ноинвазив текширувларини ўтказиш 3. Нерв системаси функциясини текшириш (сезувчанлик ва ҳаракатни) 4. Функционал текширувлар ўтказиш (электрокардиография, қон босимининг кунлик мониторинги, спирография, пневмотахометрия, пикфлуометрия, реоэнцефалография, электроэнцефалография ва бошқалар) II. Инъекциялар 5. Тери остига (инсулин, гепарин юбориш) 6. Тери ичига 7. Мушак орасига 8. Вена ичига 9. Томчилаб қуйиш III. Муолажалар 10. Ичишга дори бериш 11. Ингаляторлардан фойдаланиш 12. Малҳам суртиш 13. Сублингвал дори бериш 14. Беморларни сунъий овқатлантириш ( ректал, зонд ва стома орқали) 15. Қовуққа катетер қўйиш 16. Боғламлар қўйиш 17. Компресслар қўйиш 18. Зулук қуйиш 19. Музли халтача ёки грелка қўйиш 20. Кўз, бурун ва қулоққа дори томизиш 21. Тозаловчи ва даволаш ҳўқналарини ўтказиш 22. Ортопедик жиҳозларни қўллаш 23. Тиббий массаж ўтказиш 24. Даволовчи гимнастика ўтказиш 25. Қандли диабетли беморларда оёқ парвариши 26. Тинч ҳолатда ва жисмоний машқдан сўнг нафас тезлигини аниқлаш 27. Нажасни копрологик текширув учун олиш 28. Кўрув ўткирлигини Сивцев жадвали ёрдамида аниқлаш 29. Умумий таҳлил учун сийдик йиғиш 30. Томоқни антисептик эритмалар билан чайиш 31. Қулоққа иситувчи компресс қўйиш 32. Хавфсиз воситалар билан томоқни юмшатиб, йўтални енгиллаштириш 33. Чўнтак ингаляторидан фойдаланиш 34. Трахеостомик найчага ва унинг атрофидаги терига ишлов бериш 35. Ётоқ яраларни парваришлаш
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида «ҳамширалик иши» фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 5-ИЛОВА
Мустақил ҳамширанинг фаолияти давомида аҳолига кўрсатаётган тиббий маслаҳат ва муолажалар бўйича ҳисобот
Т/р Беморнинг Ф.И.О. ёши Мурожаат санаси ва вақти Манзили Тавсия (кўрсатма) берган шифокорнинг Ф.И.О. Беморга қўйилган ташхис (ҳамшира мустақил бажарганда қатор бўш қолдирилади) Муолажа номи Соғлом турмуш тарзи бўйича тадбирлар Бошқалар 1. 2. 3. ...
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида «ҳамширалик иши» фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 6-ИЛОВА
Мустақил ҳамшира томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот дастурига киритиладиган чорак давомида аҳолига кўрсатилган тиббий маслаҳат ва муолажалар тўғрисидаги ҳисобот
1. Қорақалпоғистон Республикаси , вилоят ёки Тошкент шаҳар: __________________ 2. Туман (шаҳар): ________________________________________________________ 3. Ҳудуд: _______________________________________________________________ 4. Рухсатнома рақами ва санаси: ________________________ __ _________________ 5. Ҳамширанинг Ф.И.О. __________________________________________________ Т/р Ҳисобот номи чораклар жами I II III IV 1 . Беморлар сони 2 . Мурожаатлар сони Ҳамширанинг ўзи мустақил амалга оширган муолажалар ва тадбирлар 3.1 Профилактик тадбирлар 3.2 Диагностик тадбирлар 3.3 Ҳамширалик парвариши 3.4 Шошилинч тиббий ёрдам 3.5 Паллиатив тиббий ёрдам 3.6 Соғлом турмуш тарзи бўйича тадбирлар 3.7 Бошқалар 3.8 Жами Шифокор тавсияси билан амалга оширилган муолажалар 4.1 Профилактик тадбирлар 4.2 Диагностик тадбирлар 4.3 Ҳамширалик парвариши 4.4 Инъекциялар 4.5 Муолажалар жами Шундан: тиббий массаж даволовчи гимнастика 4.6 Шошилинч тиббий ёрдам 4.7 Паллиатив тиббий ёрдам 4.8 Соғлом турмуш тарзи бўйича тадбирлар 4.9 Бошқалар 4.10 Жами
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 17 сентябрь,
578-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
ROʻYXATI
ROʻYXATI
JURNALI
SHAKLI
Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida hamshiralik ishi faoliyatini tartibga solish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 3-fevraldagi PF-6155-son Farmoni bilan tasdiqlangan “2017 — 2021-yillarda Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishi boʻyicha Harakatlar strategiyasini “Yoshlarni qoʻllab-quvvatlash va aholi salomatligini mustahkamlash yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sogʻliqni saqlash tizimida olib borilayotgan islohotlarni izchil davom ettirish va tibbiyot xodimlarining salohiyatini oshirish uchun zarur shart-sharoitlar yaratish toʻgʻrisida” 2021-yil 5-maydagi PF-6221-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, oʻrta tibbiyot xodimlari oʻzini oʻzi band qilgan holda hamshiralik faoliyatini amalga oshirishi uchun zarur shart-sharoitlar yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2017 — 2021-yillarda Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishi boʻyicha Harakatlar strategiyasini “Yoshlarni qoʻllab-quvvatlash va aholi salomatligini mustahkamlash yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturi toʻgʻrisida” 2021-yil 3-fevraldagi PF-6155-son Farmonida “hamshiralik ishi” bilan mustaqil shugʻullanish uchun oʻrta tibbiyot mutaxassislariga oʻzini oʻzi band qilish asosida ruxsat berilishi;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sogʻliqni saqlash tizimida olib borilayotgan islohotlarni izchil davom ettirish va tibbiyot xodimlarining salohiyatini oshirish uchun zarur shart-sharoitlar yaratish toʻgʻrisida” 2021-yil 5-maydagi PF-6221-son Farmoni bilan hamshiralik ishi faoliyatini faqat oʻrta tibbiy yoki oliy hamshiralik ishi yoʻnalishi boʻyicha oliy maʼlumotga ega boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining tegishli axborot tizimida 2022-yil 1-yanvardan boshlab roʻyxatdan oʻtgan shaxslar amalga oshirishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida “hamshiralik ishi” faoliyatini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida “hamshiralik ishi” faoliyati bilan shugʻullanishga oʻrta tibbiy (hamshiralik ishi, davolash ishi, akusherlik ishi) yoki oliy hamshiralik ishi boʻyicha oliy maʼlumotga ega boʻlgan, davlat yoki nodavlat tibbiyot tashkilotida ishlamaydigan shaxslarga (keyingi oʻrinlarda — hamshira) ruxsat etish tartibi;
hamshira Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 23-dekabrdagi 806-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida faoliyatni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq maxsus mobil ilova yoki soliq toʻlovchining shaxsiy kabineti orqali yoxud davlat soliq xizmati organiga kelgan holda roʻyxatdan oʻtishi tartibi;
hamshira mustaqil hamshira maʼlumotnomasi asosida Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining hamshiraning malakasi toʻgʻrisidagi sertifikat, shuningdek, faoliyati yuzasidan choraklik hisobotlarni kiritish imkonini beruvchi hamda malakasini oshirib borish muddatlari kelganligi boʻyicha ogohlantirish tizimini qamrab oluvchi axborot dasturida roʻyxatdan oʻtib, mustaqil hamshira (keyingi oʻrinlarda — mustaqil hamshira) sifatida faoliyatini boshlashi tartibi.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi:
uch oy muddatda Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining hamshiraning malakasi toʻgʻrisidagi sertifikat, shuningdek, faoliyati yuzasidan choraklik hisobotlarni kiritish imkonini beruvchi hamda malakasini oshirib borish muddatlari kelganligi boʻyicha ogohlantirish tizimini qamrab oluvchi axborot dasturini (keyingi oʻrinlarda — Sogʻliqni saqlash vazirligining axborot dasturi) joriy qilsin;
Sogʻliqni saqlash vazirligining axborot dasturini Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi bilan birgalikda Davlat soliq qoʻmitasi rasmiy veb-saytiga joylashtirilgan axborot resursiga hamda oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarning maʼlumotlar bazasi (registri)ga integratsiya qilinishini taʼminlasin.
4. Belgilansinki:
Sogʻliqni saqlash vazirligining axborot dasturini joriy qilish, keyingi kuzatuvini taʼminlash va rivojlantirish Sogʻliqni saqlash vazirligining budjetdan tashqari mablagʻlari, shuningdek, qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi;
mustaqil hamshiralik bilan shugʻullanuvchi shaxslar faoliyati monitoringi Sogʻliqni saqlash vazirligining Respublika oʻrta tibbiyot va farmatsevtika xodimlari malakasini oshirish va ularni ixtisoslashtirish markazi tomonidan Sogʻliqni saqlash vazirligining axborot dasturi orqali olib boriladi;
Sogʻliqni saqlash vazirligining axborot dasturini rivojlantirish va keyingi kuzatuvini amalga oshirish Sogʻliqni saqlash vazirligining Respublika oʻrta tibbiyot va farmatsevtika xodimlari malakasini oshirish va ularni ixtisoslashtirish markazi tomonidan amalga oshiriladi.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev va Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri A.M. Xadjibayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 17-sentabrdagi 578-son qaroriga ILOVA
Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida “hamshiralik ishi” faoliyatini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida “hamshiralik ishi” faoliyatini amalga oshirish tartibini belgilaydi.
2. Mazkur Nizomning amal qilishi tibbiy faoliyat bilan shugʻullanuvchi yuridik shaxslarga tatbiq etilmaydi.
3. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida “hamshiralik ishi” faoliyati bilan shugʻullanishga oʻrta tibbiy (hamshiralik ishi, davolash ishi, akusherlik ishi) yoki oliy hamshiralik ishi boʻyicha oliy maʼlumotga ega boʻlgan, davlat yoki nodavlat tibbiyot tashkilotida ishlamaydigan shaxslarga (keyingi oʻrinlarda — hamshira) ruxsat etiladi.
4. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida “hamshiralik ishi” bilan shugʻullanadigan shaxslar faoliyati yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining axborot dasturi orqali Respublika oʻrta tibbiyot va farmatsevtika xodimlari malakasini oshirish va ularni ixtisoslashtirish markazi tomonidan monitoring olib boriladi.
2-bob. Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida “hamshiralik ishi” faoliyatini amalga oshirishda roʻyxatdan oʻtkazish tartibi
5. Hamshira Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 23-dekabrdagi 806-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida faoliyatni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq maxsus mobil ilova yoki soliq toʻlovchining shaxsiy kabineti orqali yoxud davlat soliq xizmati organiga kelgan holda roʻyxatdan oʻtadi.
6. Hamshiraga oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtganligi toʻgʻrisida matritsali shtrix kodga (QR-kod) ega boʻlgan maʼlumotnoma (keyingi oʻrinlarda — mustaqil hamshira maʼlumotnomasi) rasmiylashtiriladi.
7. Hamshira mustaqil hamshira maʼlumotnomasi asosida Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining (keyingi oʻrinlarda — Sogʻliqni saqlash vazirligi) hamshiraning malakasi toʻgʻrisidagi sertifikat, shuningdek, faoliyati yuzasidan choraklik hisobotlarni kiritish imkonini beruvchi hamda malakasini oshirib borish muddatlari kelganligi boʻyicha ogohlantirish tizimini qamrab oluvchi Sogʻliqni saqlash vazirligining axborot dasturida (keyingi oʻrinlarda — axborot dasturi) roʻyxatdan oʻtib, mustaqil hamshira (keyingi oʻrinlarda — mustaqil hamshira) sifatida faoliyatini boshlaydi.
8. Mustaqil hamshira axborot dasturida maʼlumotlarni bevosita oʻzi kiritishi yoki tuman (shahar) koʻp tarmoqli markaziy poliklinikalariga kelgan holda axborot dasturida roʻyxatdan oʻtishi mumkin.
9. Mustaqil hamshira tuman (shahar) koʻp tarmoqli markaziy poliklinikasiga kelgan holda roʻyxatdan oʻtmoqchi boʻlganda unga ushbu muassasa katta hamshirasi, u boʻlmagan hollarda xodimlar boʻlimi tomonidan axborot dasturida roʻyxatdan oʻtishida amaliy yordam koʻrsatiladi.
10. Mustaqil hamshira axborot dasturida roʻyxatdan oʻtishda mazkur Nizom bilan tanishganligini tasdiqlagan holda ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq soʻrovnomadagi maʼlumotlarni kiritadi va unda soʻralgan hujjatlarning elektron shaklini yuklaydi.
Bunda mustaqil hamshira tomonidan faoliyati davomida hamkorlikda ishlaydigan birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasasini (koʻp tarmoqli markaziy poliklinika, oilaviy poliklinika yoki oilaviy shifokor punkti) belgilanadi.
11. Soʻrovnoma majburiy toʻldiriladigan bandlardan iborat boʻlib, ishonchli boʻlmagan yoki notoʻgʻri maʼlumotlar kiritganligi uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.
12. Soʻrovnomaga shaxsiy identifikatsiya raqami kiritilganda mustaqil hamshiraning pasport (ID-karta) maʼlumotlari, mustaqil hamshira maʼlumotnomasi va faoliyat yuritish hududi avtomatik tarzda yuklanadi.
13. Malaka toʻgʻrisidagi sertifikat boʻlishi talabi mustaqil hamshira taʼlim tashkilotini tugatganiga uch yil boʻlmagan taqdirda talab etilmaydi.
14. Soʻrovnoma toʻldirilganidan soʻng axborot dasturi orqali mazkur Nizomga 2-ilovada keltirilgan shaklda Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligida mustaqil hamshira faoliyati bilan shugʻullanish boʻyicha roʻyxatdan oʻtganligini tasdiqlovchi matritsali shtrix kodga (QR-kod) ega boʻlgan guvohnoma (keyingi oʻrinlarda — mustaqil hamshira guvohnomasi) real vaqt rejimida avtomatik tarzda rasmiylashtiriladi.
Guvohnoma davlat tilida rasmiylashtiriladi. Shaxsning xohishiga koʻra maʼlumotnoma rus va ingliz tillarida yoki, zaruratga koʻra, boshqa tillarda rasmiylashtirilishi mumkin.
15. Mustaqil hamshira guvohnomasi cheklanmagan muddatga beriladi.
16. Mustaqil hamshira guvohnomasini rasmiylashtirishda haq undirilmaydi.
17. Mustaqil hamshira yashash uchun boshqa tuman (shahar)ga koʻchib oʻtganda, uning arizasiga muvofiq Respublika oʻrta tibbiyot va farmatsevtika xodimlari malakasini oshirish va ularni ixtisoslashtirish markazi tomonidan axborot dasturiga tegishli oʻzgartirishlar kiritiladi.
3-bob. Mustaqil hamshiraning huquqlari va majburiyatlari
18. Mustaqil hamshira oʻz faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan belgilangan tartib va yoʻriqnomalarga muvofiq amalga oshiradi.
19. Mustaqil hamshira ushbu Nizomga 3-ilovada koʻrsatilgan roʻyxatga muvofiq shifokorning koʻrsatmasisiz aholiga mustaqil tibbiy maslahat va muolajalarni bajarish, shuningdek, mazkur Nizomga 4-ilovada koʻrsatilgan roʻyxatga muvofiq shifokor tavsiyasi (koʻrsatmasi) asosida aholiga tibbiy maslahat va muolajalarni bajarish huquqiga ega.
20. Mustaqil hamshira:
mustaqil hamshiralik faoliyati bilan axborot dasturida mustaqil hamshira guvohnomasi rasmiylashtirilgandan soʻng shugʻullanishi;
ushbu Nizomga 5-ilovaga muvofiq shaklda faoliyati davomida aholiga koʻrsatayotgan tibbiy maslahat va muolajalar boʻyicha hisobot jurnalini yuritishi;
mazkur Nizomga 6-ilovaga muvofiq shaklda har chorak yakunida keyingi oyning 5-kuniga qadar aholiga koʻrsatilgan tibbiy maslahat va muolajalar toʻgʻrisidagi hisobotni axborot dasturiga kiritishi;
shifokor tavsiyasi (koʻrsatmasi) asosida aholiga koʻrsatilgan tibbiy maslahat va muolajalar boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan tasdiqlangan shakldagi shifokor yozma tavsiyasini hisobot jurnalida saqlab qolishi;
shoshilinch tibbiy yordamga muhtoj bemorga dastlabki hamshiralik yordamini koʻrsatishi va shoshilinch tibbiy yordam holati boʻyicha tegishli birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasasiga axborot berishi;
shoshilinch tibbiy yordamga muhtoj boʻlish holati boshqa shaxs tomonidan yetkazilgan tan jarohati, yoʻl-transport hodisasi natijasida yoki huquqni muhofaza qiluvchi organlarni xabardor etishni taqozo etadigan boshqa holatlar mavjud boʻlganda mustaqil hamshira ushbu holat toʻgʻrisida huquqni muhofaza qiluvchi organlarni xabardor etishi;
Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan belgilangan tartibda dastlabki va vaqti-vaqti bilan tibbiy koʻrikdan oʻtishi shart.
21. Mustaqil hamshiraga sterilizatsiya qilinishi talab etiladigan tibbiy jihozlardan foydalangan holda aholiga tibbiy muolajalarni bajarishiga hamda dori vositasi qabul qilishda nojoʻya taʼsir holatini aniqlash maqsadida qoʻyilgan sinama holatini baholashga ruxsat etilmaydi.
4-bob. Mustaqil hamshiraning birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasasi bilan hamkorligi
22. Mustaqil hamshira axborot dasturida roʻyxatdan oʻtganligini tasdiqlovchi mustaqil hamshira guvohnomasi bilan bir hafta muddatda faoliyat boshlash uchun guvohnomada koʻrsatilgan birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasasiga kelib guvohnomaning nusxasini taqdim etadi.
23. Mustaqil hamshiraning birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasasi bilan hamkorligi:
mustaqil hamshira tomonidan aholiga koʻrsatilayotgan tibbiy maslahat va muolajalar hududda koʻrsatilgan tibbiy xizmatlar qatorida qayd etilishi;
birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasasi tomonidan mustaqil hamshiraga ushbu xizmatga ehtiyoji boʻlgan oilalar toʻgʻrisida maʼlumot berilishi;
mustaqil hamshira xizmat koʻrsatayotgan oilalarning birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasasidagi tibbiy maʼlumotlaridan foydalanishi;
bemorning soʻroviga muvofiq mustaqil hamshira tomonidan aholiga koʻrsatilayotgan tibbiy maslahat va muolajalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasasida saqlanayotgan tibbiy hujjatlarga kiritish;
mustaqil hamshiraning faoliyatida yuzaga kelgan savollariga javob berish, uni sohadagi yangiliklardan xabardor etib borish;
mustaqil hamshira faoliyati yuzasidan murojaatlarni oʻrganish orqali amalga oshiriladi.
24. Birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasasi:
a) bosh shifokori mustaqil hamshira tomonidan aholiga koʻrsatilayotgan tibbiy maslahat va muolajalar davomida yuzaga kelgan holat yoki masalalar yuzasidan koʻrsatmalar beradi;
b) katta hamshirasi:
mustaqil hamshiraning muassasa tibbiyot xodimlari bilan uzviy hamkorlikdagi faoliyatini taʼminlaydi;
mustaqil hamshira shifokor tavsiyasiga (koʻrsatmasiga) muvofiq amalga oshiradigan tibbiy maslahat va muolajalar toʻgʻrisida maʼlumot beradi.
25. Mustaqil hamshira tomonidan aholiga koʻrsatilgan tibbiy maslahat va muolajalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar tegishli hudud patronaj hamshirasi tomonidan patronaj xizmati sifatida roʻyxatga olinadi. Bunda patronaj xizmati mustaqil hamshira tomonidan amalga oshirilganligi qayd etiladi.
5-bob. Mustaqil hamshiraning javobgarligi va roʻyxatdan chiqarish tartibi
26. Mustaqil hamshira faoliyatni amalga oshirishdagi harakatlari (harakatsizligi) uchun shaxsan javobgar hisoblanadi.
27. Mustaqil hamshira faoliyati bilan bogʻliq boʻlgan aholi murojaatlari tegishli tuman (shahar) koʻp tarmoqli markaziy poliklinikasi tomonidan oʻrganiladi.
28. Ushbu Nizomning 17 — 20-bandlari talablari buzilganligi aniqlangan hollarda tegishli tuman (shahar) koʻp tarmoqli markaziy poliklinikasi bosh shifokori hamshirani mazkur Nizomning buzilgan tegishli bandini aniq koʻrsatgan holda yozma ravishda ogohlantiradi.
29. Quyidagilar mustaqil hamshira guvohnomasini bekor qilishga asos boʻladi:
mustaqil hamshira faoliyatini oʻz xohishiga koʻra toʻxtatishi toʻgʻrisida tegishli tuman (shahar) koʻp tarmoqli markaziy poliklinikasiga murojaat qilganda;
mustaqil hamshira shifokor tavsiyasi (koʻrsatmasi) asosida aholiga tibbiy maslahat va muolajalarni bajarish boʻyicha belgilangan tartibga rioya etmagan hollarda;
mustaqil hamshira belgilangan muddatlarda malaka oshirish talablarini bajarmagan hollarda;
mazkur Nizomning 17 — 20-bandlari boʻyicha bir yil ichida tegishli tuman (shahar) koʻp tarmoqli markaziy poliklinikasi tomonidan uch marotaba ogohlantirilganda.
30. Mustaqil hamshira guvohnomasini bekor qilish tuman (shahar) koʻp tarmoqli markaziy poliklinikasi bosh shifokorining Respublika oʻrta tibbiyot va farmatsevtika xodimlari malakasini oshirish va ularni ixtisoslashtirish markaziga mustaqil hamshiraga berilgan guvohnomani bekor qilish boʻyicha sababi aniq koʻrsatilgan murojaati asosida amalga oshiriladi.
31. Tuman (shahar) koʻp tarmoqli markaziy poliklinikasining murojaati asosli deb topilgan taqdirda Respublika oʻrta tibbiyot va farmatsevtika xodimlari malakasini oshirish va ularni ixtisoslashtirish markazi tomonidan mustaqil hamshira guvohnomasi bekor qilinadi va uch kun muddatda tegishli tuman (shahar) koʻp tarmoqli markaziy poliklinikasiga bu haqida maʼlumot yuboriladi.
Bunda mustaqil hamshira guvohnomasini bekor qilish axborot dasturida mustaqil hamshirani roʻyxatdan chiqarish orqali amalga oshiriladi.
32. Tuman (shahar) koʻp tarmoqli markaziy poliklinikasi bosh shifokori tomonidan tegishli hamshira mustaqil hamshira guvohnomasi bekor qilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumot bilan besh kun muddatda yozma ravishda ogohlantiriladi.
33. Mustaqil hamshira guvohnomasi bekor qilingan shaxs ushbu qarordan norozi boʻlgan taqdirda, Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligiga yoki sudga murojaat qilishi mumkin.
Respublika oʻrta tibbiyot va farmatsevtika xodimlari malakasini oshirish va ularni ixtisoslashtirish markazining mustaqil hamshira guvohnomasini bekor qilish toʻgʻrisidagi qarori yuzasidan sudga ariza berilishi mumkin.
Sud tomonidan guvohnomani bekor qilish haqidagi qaror asossiz deb topilgan taqdirda, Respublika oʻrta tibbiyot va farmatsevtika xodimlari malakasini oshirish va ularni ixtisoslashtirish markazi mustaqil hamshira oldida unga yetkazilgan zarar miqdorida javobgar hisoblanadi.
34. Respublika oʻrta tibbiyot va farmatsevtika xodimlari malakasini oshirish va ularni ixtisoslashtirish markazining mustaqil hamshira guvohnomasi bekor qilinganligi toʻgʻrisidagi maʼlumot tegishli hududdagi davlat soliq xizmati organi tomonidan mustaqil hamshira maʼlumotnomasini bekor qilishga asos boʻladi.
35. Mustaqil hamshira guvohnomasi bekor qilingan hamshira tomonidan mustaqil hamshiralik faoliyati bilan shugʻullanish noqonuniy faoliyat sifatida baholanib, qonunchilik hujjatlarida belgilangan javobgarlikka sabab boʻladi.
36. Mustaqil hamshira guvohnomasi bekor qilingan hamshira tomonidan belgilangan tartibda malakasini oshirgandan soʻng (soʻnggi malaka oshirganligi muddatidan qatʼi nazar) belgilangan tartibda mustaqil hamshira maʼlumotnomasi va guvohnomasi rasmiylashtirishi mumkin.
6-bob. Yakunlovchi qoida
37. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida “hamshiralik ishi” faoliyatini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtgan hamshira tomonidan Sogʻliqni saqlash vazirligi axborot dasturida roʻyxatdan oʻtish SOʻROVNOMASI SHAKLI Quyidagi maʼlumotlarni kiriting: 1. Oʻzini oʻzi hamshiralik ishi faoliyati bilan band qilgan shaxsning: shaxsiy identifikatsiya raqami (SHSHIR) _________, yoki elektron raqamli imzo (ERI) _________. a) oliy □ b) oʻrta maxsus □ 3. Tibbiy maʼlumot toʻgʻrisidagi diplomning elektron shakli. Diplom berilgan oʻquv muassasasi nomi _________________________________________ Diplom raqami ________________ berilgan sanasi _______________________________ 4. Soʻnggi uch yil ichida malaka oshirganlikni tasdiqlovchi malaka oshirish toʻgʻrisidagi sertifikatning elektron shakli: Sertifikat berilgan oʻquv muassasasi nomi ______________________________________ Sertifikat raqami _____________ berilgan sanasi _______________________________ 5. Hamkorlikda ishlaydigan birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasasi: a) koʻp tarmoqli markaziy poliklinika nomi _____________________________________ b) oilaviy poliklinika nomi _________________________________________________ v) oilaviy shifokor punkti nomi ______________________________________________
Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida “hamshiralik ishi” faoliyatini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Sogʻliqni saqlash vazirligi axborot dasturida Sogʻliqni saqlash vazirligida mustaqil hamshira faoliyati bilan shugʻullanish boʻyicha roʻyxatdan oʻtganligini tasdiqlovchi GUVOHNOMA __-son ______________________________________________________________________________ (jismoniy shaxsning toʻliq familiyasi, ismi, otasining ismi (mavjud boʻlganda)) oʻzini oʻzi band qilgan “hamshiralik ishi” faoliyatini amalga oshiruvchi hamshira sifatida 20__ yil “___” ________da roʻyxatga olindi. Faoliyatni amalga oshirish manzili: 1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Toshkent sh., viloyat: __________________________ 2. Tuman (shahar): ________________________________________________________ 3. Hudud:_______________________________________________________________ Hamkorlikda ishlaydigan birlamchi tibbiyot tashkiloti:_________________________ ______________________________________________________________________ QR-kod Ushbu maʼlumotnoma axborot tizimining yagona reyestridagi maʼlumotlar asosida shakllantirilgan elektron hujjatning nusxasidir. QR-kodni mobil qurilma orqali skaner qilib maʼlumotlarning toʻgʻriligini tekshirib koʻrish mumkin .
Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida “hamshiralik ishi” faoliyatini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Mustaqil hamshira shifokorning koʻrsatmasisiz bajarishi mumkin boʻlgan tibbiy maslahat va muolajalar
T/r Tadbir nomi I. Profilaktik tadbirlar 1. Hududlarda sogʻlom turmush tarzi boʻyicha tushuntirish ishlarini olib borish 2. Oilalarda sogʻlom turmush tarzi boʻyicha suhbatlar oʻtkazish 3. Jamoa oʻrtasida sogʻlom turmush tarzi yuzasidan tadbirlar tashkil etish 4. Hudud oilalarida tibbiy madaniyatni oshirishga qaratilgan tadbirlarni amalga oshirish 5. Salomatlik koʻrsatkichini (indeksi) aniqlash 6. Aholi oʻrtasida maqsadli guruhlar (homiladorlar, 0 — 5 yoshgacha bolalar va boshqa) tashkil etish va ular bilan ishlashda standartlar va algoritmlardan foydalanish 7. Turli yoshdagi aholi oʻrtasida toʻgʻri ovqatlanish boʻyicha maslahatlar berish 8. Kasallik turiga qarab parhez taomlar boʻyicha maslahatlar berish 9. Yuqumli kasalliklarning oldini olish maqsadida suhbatlar oʻtkazish 10. Yuqumli boʻlmagan kasalliklar va asoratlarning oldini olish 11. Gigiyenik tarbiya 12. Jismoniy mashqlarni bajarish xamda nafas mashqlarini bajarishda yoʻl-yoʻriq koʻrsatish 13. Jarohatga infeksiya tushishining oldini olish 14. Kasallikka olib keluvchi xavfli omillarni aniqlash va ularni korreksiya qilish boʻyicha maslahatlar berish II. Diagnostik tadbirlar 15. Bemor shikoyatlari asosida anamnez yigʻish 16. Antropometrik oʻlchovlar oʻtkazish 17. Qon bosimini oʻlchash 18. Pulsni sanash va uni baholash 19. Nafas olish tezligini sanash 20. Tana haroratini oʻlchash 21. Pulsoksimetriya oʻtkazish 22. Pikfloumetriya oʻtkazish 23. Fonendoskop yordamida oʻpkaning faoliyatini eshitish 24. Nafas olish tiplarini aniqlash 25. EKGni standart usulida olish 26. Yurak tonlarini fonendoskop yordamida eshitish 27. Koʻz qorachigʻi refleksini aniqlash 28. Periferik limfa tugunlarini paypaslash va baholash 29. Glyukometriya oʻtkazish (qondagi qand miqdorini aniqlash) 30. Peshobda oʻt pigmentlarini aniqlash 31. Najas xarakterini aniqlash 32. Inson salomatligi buzilishi holatlarini aniqlash va shifokorga yoʻnaltirish III. Hamshiralik parvarishi a) Bolalar parvarishi (neonatal,chaqaloq, bolalik davrlarda) 33. Yuqori nafas yoʻllarini shilimshiqlardan tozalash 34. Kindik qoldigʻini parvarishlash 35. Teri va shilliq qavatlarni tozalash va parvarishlash 36. Chaqaloqlarda gigiyenik vanna oʻtkazish 37. Namlangan kislorod berish 38. Bolaning boʻyi, vazni, bosh aylanasi va koʻkrak aylanasini oʻlchash va onaga bolaning oʻsish va rivojlanishi boʻyicha maslahatlar berish 39. Bolani koʻkrakka tutishni onaga oʻrgatish 40 Bola uchun qoʻshimcha ovqatlar tayyorlashni onaga oʻrgatish 41. Bolaning quloq, koʻz, ogʻiz boʻshligʻi va tabiiy burmalarini parvarish qilish va parvarish boʻyicha onaga maslahatlar berish 42. Konstitutsion anomaliyalarda teri va shilliq qavatlarni parvarishlash 43. Bolalarda psixomotor rivojlanishni baholash va onaga maslahat berish 44. Bolaga xavfsiz muhitni yaratish boʻyicha onaga maslahat berish 45. Bolani choʻmiltirishni onaga oʻrgatish 46. Bolada zararli odatlar bilan bogʻliq buzilishlarning oldini olish boʻyicha onaga maslahat berish 47. Bemor bolani parhez ovqatlantirish boʻyicha onaga maslahatlar berish 48. Eksikoz belgilarini aniqlash 49. Gaz chiqaruvchi naycha qoʻyish 50. Quloqni pilik bilan quritish 51. Oyoqlarga vanna qilish 52. Xavfsiz immunizatsiya uchun tavsiyalar berish 53. Oʻsmir yoshdagi bolalarda jinsiy yetilish davrida hamshira maslahatini berish (xayiz sikli, davomiyligi, balogʻat davri gigiyenasi) b) Homilador ayollar parvarishi 54. Homiladorlikda boʻladigan xavfli belgilar aniqlanganda yordam berish 55. Homilador ayollar uchun foydali tavsiyalar berish (homilador ayol gigiyenasi, kiyinish madaniyati, toʻgʻri ovqatlanish, dam olish va uyqu) 56. Homiladorlikni rejalashtirish boʻyicha ayollarga maslahat berish 57. Homilador ayolga xavfli belgilari toʻgʻrisida maʼlumot berish 58. Homiladorlikning I, II, III trimestrlarida uchraydigan xavfli belgilarning oldini olish boʻyicha maslahatlar berish 59. Homiladorlik davrida zararli odatlarning oldini olish 60. Homiladorlik davrida depressiya aniqlanganda yordam berish 61. Qorin aylanasini oʻlchash va vaznni oʻlchash 62. Homila gipoksiyasi profilaktikasi boʻyicha tavsiya berish 63. Homilador ayollarga namlangan kislorod berish v) Tuqqan va chilla davridagi ayollarni parvarish qilish 64. Bola va chilla davridagi ayolning hayotiga xavf soluvchi belgilarni aniqlash va yordam koʻrsatish 65. Kesarcha kesish amaliyotini oʻtkazgan ayolda choklarning bitishini baholash va parvarish qilish g) Kattalarni parvarish qilish 66. Obyektiv tekshirish usullarini oʻtkazish va parvarish qilish (bemorni koʻzdan kechirish, nafas olish tezligini aniqlash, pulsni sanash, tana haroratini va qon bosimini oʻlchash) 67. Oddiy fizioterapevtik muolajalarni bajarish (ingalyatsiya qilish, oyoq vannalarini oʻtkazish, xantal va muzli xaltacha qoʻyish) 68. Balgʻam yaxshi ajralishi uchun drenaj holatini yaratish 69. Nafas mashqlarini bajarish, nebulayzerni qoʻllash 70. Antiseptiklar bilan jarohatni tozalash 71. Shikastlanishlarda bemorlarni parvarish qilish IV. Shifokorgacha shoshilinch tibbiy yordam koʻrsatish 72. Bosh-miya shikastlanishida bemor holatini baholab shifokorgacha yordam koʻrsatish 73. Yumshoq toʻqimalar shikastlanishi, suyaklarning chiqishi va sinishida birinchi tibbiy yordam koʻrsatish 74. Shikastlanishlarda shifokorgacha tibbiy yordam koʻrsatish 75. Kuyganda, sovuq olganda va elektrdan shikastlanishda shifokorgacha tibbiy yordam koʻrsatish 76. Koʻcha transporti jarohatida immobilizatsiya qilish 77. Muzli xaltachadan foydalanish 78. Homiladorlik va tugʻruqdan keyingi davrda ayollarda zudlik bilan tibbiy yordamni talab qiluvchi xavfli belgilarni (qindan qon ketish, kuchli va davomli qayt qilish, koʻrish qobiliyati buzilish, isitma, kuchli qorin ogʻrigʻi, peshob ajratish paytida ogʻriq yoki achishish, beldagi ogʻriqlar, oyoq, qoʻl, yuzning shishib ketishi, koʻkrak sohasida ogʻriq, yoʻtal yoki nafas siqishi, boʻgʻilish, koʻkrak bezida ogʻriqlar yoki qizarishlar, koʻkrak uchidagi yorilishlar, tez charchash, hansirash, kuchsizlik belgilari, gipertermiya, arterial bosimning ortishi, boʻgʻilish xuruji, laringospazm, talvasa, eksikoz va toksikoz, hushdan ketish, kollaps va shok) aniqlash va shifokorga yoʻnaltirish 79. YUIK stenokardiya xurujida, oʻtkir miokard infarktida shoshilinch yordam koʻrsatish 80. Gipertoniya krizida shoshilinch yordam koʻrsatish 81. Oʻpkadan, meʼda va ichaklardan qon ketgan holatlarda shoshilinch yordam koʻrsatish 82. Bemor qusganda birinchi yordam koʻrsatish 83. Oʻtkir qorin ogʻrigʻida birinchi yordam koʻrsatish 84. Oʻtkir allergik reaksiyalarda (Kvinke shishi, eshakem va anafilaktik shokda) shoshilinch yordam koʻrsatish 85. Jarohatlanishda (sinish, chiqish, lat yeganda) shoshilinch yordam koʻrsatish 86. Oftob, sovuq urishi, suvga choʻkkanda, hashorotlar va ilon chaqqanda birinchi yordam koʻrsatish 87. Zaharlanishda shoshilinch yordam koʻrsatish 88. Qusganda shoshilinch yordam koʻrsatish 89. Klinik oʻlimda oʻpka-yurak reanimatsiyasini oʻtkazish 91. Gipertermiya va talvasa holatlarida yordam berish V. Palliativ yordam koʻrsatish 92. Bemor ehtiyojlari asosida hamshira parvarish rejasini tuzish 93. Ovqatlantirish (tabiiy va zond orqali) 94. Bemor shaxsiy gigiyenasi (teri qoplami, shilliq qavatlar, koʻz, quloq, soch, oyoq-qoʻl tirnoqlari parvarishi, oʻrin-koʻrpa oqliqlari va kiyimlarni almashtirish, yotoq yaralarining oldini olish) 95. Bemor harakatlanishida yordam koʻrsatish (aravacha, yurish moslamalaridan foydalanish, yiqilish, jarohatlanishning oldini olish) 96. Bemorning uxlashi va dam olishiga koʻmaklashish (xonani toza havo bilan taʼminlash, tinchlik saqlash) 97. Nafas olishni taʼminlash (bemor mustaqil nafas olmasa, sunʼiy nafas berish, oksigenoterapiya) 98. Bemor holatini baholash 99. Fiziologik funksiyaning buzilishi xollarida (qabziyat, diareya) hamshiralik parvarishini amalga oshirish 100. Bemor va uning yaqinlariga psixologik yordam koʻrsatish 101. Stomalar, endotraxeal trubka, kateterlar, drenajlarni nazorat va parvarish qilish 102. Hayotdan koʻz yumayotgan bemor va uning oila aʼzolarini ruhiy tomondan qoʻllab-quvvatlash
Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida “hamshiralik ishi” faoliyatini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA
Mustaqil hamshira shifokor tavsiyasi (koʻrsatmasi) asosida bajarishi mumkin boʻlgan tibbiy maslahat va muolajalar
T/r Tadbir nomi I. Diagnostik tadbirlar 1. Koʻrish aʼzolari va koʻrish funksiyasining noinvaziv tekshiruvlarini oʻtkazish 2. Eshitish aʼzolari va eshitish funksiyasi noinvaziv tekshiruvlarini oʻtkazish 3. Nerv sistemasi funksiyasini tekshirish (sezuvchanlik va harakatni) 4. Funksional tekshiruvlar oʻtkazish (elektrokardiografiya, qon bosimining kunlik monitoringi, spirografiya, pnevmotaxometriya, pikfluometriya, reoensefalografiya, elektroensefalografiya va boshqalar) II. Inyeksiyalar 5. Teri ostiga (insulin, geparin yuborish) 6. Teri ichiga 7. Mushak orasiga 8. Vena ichiga 9. Tomchilab quyish III. Muolajalar 10. Ichishga dori berish 11. Ingalyatorlardan foydalanish 12. Malham surtish 13. Sublingval dori berish 14. Bemorlarni sunʼiy ovqatlantirish ( rektal, zond va stoma orqali) 15. Qovuqqa kateter qoʻyish 16. Bogʻlamlar qoʻyish 17. Kompresslar qoʻyish 18. Zuluk quyish 19. Muzli xaltacha yoki grelka qoʻyish 20. Koʻz, burun va quloqqa dori tomizish 21. Tozalovchi va davolash hoʻqnalarini oʻtkazish 22. Ortopedik jihozlarni qoʻllash 23. Tibbiy massaj oʻtkazish 24. Davolovchi gimnastika oʻtkazish 25. Qandli diabetli bemorlarda oyoq parvarishi 26. Tinch holatda va jismoniy mashqdan soʻng nafas tezligini aniqlash 27. Najasni koprologik tekshiruv uchun olish 28. Koʻruv oʻtkirligini Sivsev jadvali yordamida aniqlash 29. Umumiy tahlil uchun siydik yigʻish 30. Tomoqni antiseptik eritmalar bilan chayish 31. Quloqqa isituvchi kompress qoʻyish 32. Xavfsiz vositalar bilan tomoqni yumshatib, yoʻtalni yengillashtirish 33. Choʻntak ingalyatoridan foydalanish 34. Traxeostomik naychaga va uning atrofidagi teriga ishlov berish 35. Yotoq yaralarni parvarishlash
Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida “hamshiralik ishi” faoliyatini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 5-ILOVA
Mustaqil hamshiraning faoliyati davomida aholiga koʻrsatayotgan tibbiy maslahat va muolajalar boʻyicha hisobot
T/r Bemorning F.I.O. yoshi Murojaat sanasi va vaqti Manzili Tavsiya (koʻrsatma) bergan shifokorning F.I.O. Bemorga qoʻyilgan tashxis (hamshira mustaqil bajarganda qator boʻsh qoldiriladi) Muolaja nomi Sogʻlom turmush tarzi boʻyicha tadbirlar Boshqalar 1. 2. 3. ...
Oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida “hamshiralik ishi” faoliyatini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 6-ILOVA
Mustaqil hamshira tomonidan Sogʻliqni saqlash vazirligi axborot dasturiga kiritiladigan chorak davomida aholiga koʻrsatilgan tibbiy maslahat va muolajalar toʻgʻrisidagi hisobot
1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi , viloyat yoki Toshkent shahar: __________________ 2. Tuman (shahar): ________________________________________________________ 3. Hudud: _______________________________________________________________ 4. Ruxsatnoma raqami va sanasi: ________________________ __ _________________ 5. Hamshiraning F.I.O. __________________________________________________ T/r Hisobot nomi choraklar jami I II III IV 1 . Bemorlar soni 2 . Murojaatlar soni Hamshiraning oʻzi mustaqil amalga oshirgan muolajalar va tadbirlar 3.1 Profilaktik tadbirlar 3.2 Diagnostik tadbirlar 3.3 Hamshiralik parvarishi 3.4 Shoshilinch tibbiy yordam 3.5 Palliativ tibbiy yordam 3.6 Sogʻlom turmush tarzi boʻyicha tadbirlar 3.7 Boshqalar 3.8 Jami Shifokor tavsiyasi bilan amalga oshirilgan muolajalar 4.1 Profilaktik tadbirlar 4.2 Diagnostik tadbirlar 4.3 Hamshiralik parvarishi 4.4 Inyeksiyalar 4.5 Muolajalar jami Shundan: tibbiy massaj davolovchi gimnastika 4.6 Shoshilinch tibbiy yordam 4.7 Palliativ tibbiy yordam 4.8 Sogʻlom turmush tarzi boʻyicha tadbirlar 4.9 Boshqalar 4.10 Jami
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 17-sentabr,
578-son