📅 2021-yil 17-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 17-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 17 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 17 сентября 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 17 September 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТАРКИБИ
Қурилишда ишлатиладиган металл прокати ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ички бозорда сотиладиган маҳаллий ва импортдан келтирилган металл прокати сифатининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлигини таъминлаш орқали республикада амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини ҳамда кўп қаватли бино ва иншоотлар қурилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қурилиш учун мўлжалланган металл прокати ишлаб чиқарадиган корхоналарда саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда — комиссия) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки, 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб:
а) индукцион печларда қурилиш учун металл прокати ишлаб чиқариш корхоналарига қуйидаги бажарилиши шарт бўлган асосий талаблар жорий қилинади:
индукцион печда пўлат эригандан сўнг пўлатни комплекс қайта ишлайдиган агрегатда ишлов бериш;
ишлаб чиқариш корхоналарида белгиланган тартибда аккредитация қилинган синов лабораториясининг мавжуд бўлиши ҳамда ушбу лабораторияда эритилган пўлат ва тайёр маҳсулотларнинг ҳар бир партиясини қатъий сифат назоратидан ўтказиш;
б) мазкур қарорнинг 2-банди «а» кичик бандида назарда тутилган асосий талабларни бажарган корхоналарга қурилиш учун мўлжалланган тегишли мувофиқлик сертификатига эга металл маҳсулотларини индукцион печларда ишлаб чиқариш ва уни қўллашга комиссиянинг хулосасига асосан рухсат берилади.
3. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бир ой муддатда комиссия томонидан корхоналарнинг металл маҳсулотларини индукцион печларда ишлаб чиқариш учун рухсат олиш бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш регламентини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги (кейинги ўринларда — Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги):
2021 йил 10 октябрга қадар индукцион печлардан фойдаланиб қурилиш учун ишлаб чиқарилган металл прокатига қўшимча жорий этилаётган талабларни инобатга олиб, тегишли сертификатлаштириш тизими қоидалари ва «Қурилишда қўлланиладиган, қора металлдан тайёрланган металл маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисида»ги махсус техник регламентга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда индукцион печларда қурилиш учун металл прокатини ишлаб чиқариш корхоналарида ҳар бир индукцион печда эритиладиган қора металл чиқинди ва парчалари (металл шихтаси)нинг юқори даражада тозалигини таъминлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борсин.
5. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда:
қурилишда фойдаланиладиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаш, сертификатлаш ва метрология соҳалари бўйича содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун қонунчиликда белгиланган молиявий ва маъмурий жарималарнинг таъсирчанлигини ўрганиб борсин;
2022 йил 1 январга қадар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жарималар миқдорини ошириш ва бошқа таъсир чораларини белгилаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда:
ҳар ойда камида бир марта ички бозордаги қурилиш учун фойдаланиладиган металл прокати сифатини ўрганиш мақсадида қурилиш объектлари ва савдо шахобчаларида назорат харидларини амалга оширсин ҳамда маҳсулотнинг техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаш, сертификатлаш ва метрология соҳаларидаги талабларга мувофиқлигини ўрганиб борсин;
назорат харидлари натижасида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаш, сертификатлаш ва метрология соҳаларидаги талабларга номувофиқ деб топилган металл прокати ишлаб чиқарган корхоналар тўғрисидаги маълумотларни ўзларининг расмий веб-сайтларида ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борсин.
7. Белгилаб қўйилсинки:
лаборатория синови натижаларига кўра индукцион печлардан фойдаланган ҳолда қурилиш учун ишлаб чиқарилган металл прокати техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаш, сертификатлаш ва метрология соҳаларидаги талабларга номувофиқ деб топилган тақдирда, бу ҳақида бир кун муддатда сертификатлаш органи томонидан Қурилиш вазирлиги ва Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги хабардор қилинади;
белгиланган талабларга номувофиқ деб топилган индукцион печлардан фойдаланган ҳолда қурилиш учун мўлжалланган металл прокати ишлаб чиқарган корхона аниқланган камчиликларни бартараф этгунга қадар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаш, сертификатлаш ва метрология соҳаларида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун қонунчиликда белгиланган жарималарни тўлиқ тўлагунга қадар ушбу маҳсулотни реализация қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди;
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва сертификатлаш органларининг хабарномасига кўра белгиланган талабларга номувофиқ бўлган маҳсулотни сотишни ва ундан фойдаланишни тўхтатиб қўйиш тўғрисида ишлаб чиқарувчи ва қурилиш ташкилотларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма беради.
8. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси:
2021 йил 10 октябрга қадар эритиш печларидан фойдаланган ҳолда металл прокатини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини назорат қилишнинг аниқ мезонларини белгилаган ҳолда «хавфни таҳлил этиш» тизимини жорий этсин;
«хавфни таҳлил этиш» тизими натижаларига асосан эритиш печларидан фойдаланган ҳолда металл прокати ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларида саноат хавфсизлиги ҳолатини белгиланган тартибда текшириш ишларини ўтказиб борсин.
9. Энергетика вазирлиги бир ой муддатда металл прокати ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан индукцион печлардан фойдаланган ҳолда қурилиш учун ишлаб чиқарилган металл прокати техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаш, сертификатлаш ва метрология соҳаларидаги талабларга номувофиқ деб топилган тақдирда, ушбу корхоналарга электр энергияси ва газ таъминоти етказиб бериш бўйича шартномани бир тарафлама бекор қилишни кўзда тутувчи қонунчиликка тегишли ўзгартириш киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
10. Қурилиш вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 15 октябрга қадар «Шаффоф қурилиш» электрон портали орқали қурувчи ташкилотларнинг рейтингини шакллантиришда қурувчи ташкилотлар томонидан мувофиқлик сертификатига эга сифатли металл прокати ишлаб чиқарувчи корхоналардан металл прокати харид қилганлиги учун алоҳида баҳолаш мезонини жорий этсин.
11. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси билан биргаликда сифатсиз маҳсулотлар айланмасини чеклаш, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан мазкур қарорда назарда тутилган талаблар тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали кенг кўламли тушунтириш, тарғибот ва ташвиқот ишларини тизимли равишда олиб борсин.
12. Вазирлар Маҳкамасининг «Қурилиш учун мўлжалланган металл прокати ишлаб чиқаришни тартибга солиш ва сифатли металл прокатини қўллаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 17 февралдаги 89-сон қарорининг 3-банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Бунда қурилиш учун мўлжалланган металл прокати ишлаб чиқарадиган корхоналарда саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича комиссиянинг хулосасига асосан белгиланган талабларни бажарган корхоналарга қурилиш учун мўлжалланган металл прокати ишлаб чиқаришга ҳамда қурилишдан бошқа мақсадлар учун металл маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қўллашда индукцион печлардан фойдаланишга йўл қўйилади».
13. Қуйидагилар:
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директори Д.Н. Саттаровга — индукцион печлардан фойдаланган ҳолда қурилиш учун ишлаб чиқарилган металл прокатини сертификатлаш тизимини маҳсулот сифати оширилишини назарда тутувчи талаблар билан янада кучайтириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаш, сертификатлаш ва метрология соҳасида ҳуқуқбузарликларни аниқлаш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ва уларни келтириб чиқаришга асос бўлувчи сабаб ва шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш;
Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси Б.В. Гулямовга — индукцион печлардан фойдаланган ҳолда қурилиш учун металл прокати ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларида саноат хавфсизлиги ҳолатини белгиланган тартибда текшириб бориш ва саноат хавфсизлиги талаблари бузилишининг олдини олиш;
қурилиш вазири Б.И. Зокировга — қурувчи ташкилотлар томонидан қурилиш объектларида мувофиқлик сертификатига эга қурилиш материаллари, шу жумладан, металл прокатидан фойдаланилаётганлигини доимий назорат қилиб бориш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Ў. Умурзоқов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 577-сон қарорига ИЛОВА
Қурилиш учун мўлжалланган металл прокати ишлаб чиқарадиган корхоналарда саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича комиссия
1. А.Н. Арипов — Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, комиссия раиси 2. Ж.А. Қўчқоров — Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири, комиссия раиси ўринбосари 3. Б.И. Закиров — қурилиш вазири 4. А.С. Султанов — энергетика вазири 5. Б.В. Гулямов — Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси 6. Д.Н. Саттаров — Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директори 7. Ф.К. Умаров — Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори 8. О.З. Насритдинходжаев — молия вазирининг биринчи ўринбосари 9. А.Б. Воитов — инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари 10. Б.К. Абдиназаров — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг ўринбосари 11. И.И. Боқижонов — Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари 12. А.Р. Жуманазаров — Вазирлар Маҳкамаси департаменти бошлиғи ўринбосари, комиссия котиби
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 17 сентябрь,
577-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TARKIBI
Qurilishda ishlatiladigan metall prokati ishlab chiqarishni kengaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Ichki bozorda sotiladigan mahalliy va importdan keltirilgan metall prokati sifatining texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga muvofiqligini taʼminlash orqali respublikada amalga oshirilayotgan investitsiya loyihalarini hamda koʻp qavatli bino va inshootlar qurilishini qoʻllab-quvvatlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Qurilish uchun moʻljallangan metall prokati ishlab chiqaradigan korxonalarda sanoat xavfsizligi talablariga rioya etilishini nazorat qilish boʻyicha komissiya (keyingi oʻrinlarda — komissiya) tarkibi ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Belgilansinki, 2021-yil 1-noyabrdan boshlab:
a) induksion pechlarda qurilish uchun metall prokati ishlab chiqarish korxonalariga quyidagi bajarilishi shart boʻlgan asosiy talablar joriy qilinadi:
induksion pechda poʻlat erigandan soʻng poʻlatni kompleks qayta ishlaydigan agregatda ishlov berish;
ishlab chiqarish korxonalarida belgilangan tartibda akkreditatsiya qilingan sinov laboratoriyasining mavjud boʻlishi hamda ushbu laboratoriyada eritilgan poʻlat va tayyor mahsulotlarning har bir partiyasini qatʼiy sifat nazoratidan oʻtkazish;
b) mazkur qarorning 2-bandi “a” kichik bandida nazarda tutilgan asosiy talablarni bajargan korxonalarga qurilish uchun moʻljallangan tegishli muvofiqlik sertifikatiga ega metall mahsulotlarini induksion pechlarda ishlab chiqarish va uni qoʻllashga komissiyaning xulosasiga asosan ruxsat beriladi.
3. Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi bir oy muddatda komissiya tomonidan korxonalarning metall mahsulotlarini induksion pechlarda ishlab chiqarish uchun ruxsat olish boʻyicha murojaatlarini koʻrib chiqish reglamentini ishlab chiqsin va tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Texnik jihatdan tartibga solish agentligi):
2021-yil 10-oktabrga qadar induksion pechlardan foydalanib qurilish uchun ishlab chiqarilgan metall prokatiga qoʻshimcha joriy etilayotgan talablarni inobatga olib, tegishli sertifikatlashtirish tizimi qoidalari va “Qurilishda qoʻllaniladigan, qora metalldan tayyorlangan metall mahsulotlarining xavfsizligi toʻgʻrisida”gi maxsus texnik reglamentga tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritsin;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda induksion pechlarda qurilish uchun metall prokatini ishlab chiqarish korxonalarida har bir induksion pechda eritiladigan qora metall chiqindi va parchalari (metall shixtasi)ning yuqori darajada tozaligini taʼminlash boʻyicha tushuntirish ishlari olib borsin.
5. Texnik jihatdan tartibga solish agentligi Adliya vazirligi bilan birgalikda:
qurilishda foydalaniladigan mahsulotlar ishlab chiqarishda texnik jihatdan tartibga solish, standartlash, sertifikatlash va metrologiya sohalari boʻyicha sodir etilgan huquqbuzarliklar uchun qonunchilikda belgilangan moliyaviy va maʼmuriy jarimalarning taʼsirchanligini oʻrganib borsin;
2022-yil 1-yanvarga qadar qonunchilik hujjatlarida belgilangan jarimalar miqdorini oshirish va boshqa taʼsir choralarini belgilash toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Monopoliyaga qarshi kurashish qoʻmitasi huzuridagi Isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish agentligi, Qurilish vazirligi huzuridagi Qurilish sohasida nazorat inspeksiyasi va Texnik jihatdan tartibga solish agentligi bilan birgalikda:
har oyda kamida bir marta ichki bozordagi qurilish uchun foydalaniladigan metall prokati sifatini oʻrganish maqsadida qurilish obyektlari va savdo shaxobchalarida nazorat xaridlarini amalga oshirsin hamda mahsulotning texnik jihatdan tartibga solish, standartlash, sertifikatlash va metrologiya sohalaridagi talablarga muvofiqligini oʻrganib borsin;
nazorat xaridlari natijasida texnik jihatdan tartibga solish, standartlash, sertifikatlash va metrologiya sohalaridagi talablarga nomuvofiq deb topilgan metall prokati ishlab chiqargan korxonalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻzlarining rasmiy veb-saytlarida va ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilib borsin.
7. Belgilab qoʻyilsinki:
laboratoriya sinovi natijalariga koʻra induksion pechlardan foydalangan holda qurilish uchun ishlab chiqarilgan metall prokati texnik jihatdan tartibga solish, standartlash, sertifikatlash va metrologiya sohalaridagi talablarga nomuvofiq deb topilgan taqdirda, bu haqida bir kun muddatda sertifikatlash organi tomonidan Qurilish vazirligi va Texnik jihatdan tartibga solish agentligi xabardor qilinadi;
belgilangan talablarga nomuvofiq deb topilgan induksion pechlardan foydalangan holda qurilish uchun moʻljallangan metall prokati ishlab chiqargan korxona aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etgunga qadar hamda texnik jihatdan tartibga solish, standartlash, sertifikatlash va metrologiya sohalarida sodir etilgan huquqbuzarliklar uchun qonunchilikda belgilangan jarimalarni toʻliq toʻlagunga qadar ushbu mahsulotni realizatsiya qilish huquqiga ega boʻlmaydi;
Texnik jihatdan tartibga solish agentligi Isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish agentligi va sertifikatlash organlarining xabarnomasiga koʻra belgilangan talablarga nomuvofiq boʻlgan mahsulotni sotishni va undan foydalanishni toʻxtatib qoʻyish toʻgʻrisida ishlab chiqaruvchi va qurilish tashkilotlariga bajarilishi majburiy boʻlgan koʻrsatma beradi.
8. Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi:
2021-yil 10-oktabrga qadar eritish pechlaridan foydalangan holda metall prokatini ishlab chiqaruvchi tadbirkorlik subyektlarini nazorat qilishning aniq mezonlarini belgilagan holda “xavfni tahlil etish” tizimini joriy etsin;
“xavfni tahlil etish” tizimi natijalariga asosan eritish pechlaridan foydalangan holda metall prokati ishlab chiqaruvchi tadbirkorlik subyektlarida sanoat xavfsizligi holatini belgilangan tartibda tekshirish ishlarini oʻtkazib borsin.
9. Energetika vazirligi bir oy muddatda metall prokati ishlab chiqaruvchi korxonalar tomonidan induksion pechlardan foydalangan holda qurilish uchun ishlab chiqarilgan metall prokati texnik jihatdan tartibga solish, standartlash, sertifikatlash va metrologiya sohalaridagi talablarga nomuvofiq deb topilgan taqdirda, ushbu korxonalarga elektr energiyasi va gaz taʼminoti yetkazib berish boʻyicha shartnomani bir taraflama bekor qilishni koʻzda tutuvchi qonunchilikka tegishli oʻzgartirish kiritish boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.
10. Qurilish vazirligi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda 2021-yil 15-oktabrga qadar “Shaffof qurilish” elektron portali orqali quruvchi tashkilotlarning reytingini shakllantirishda quruvchi tashkilotlar tomonidan muvofiqlik sertifikatiga ega sifatli metall prokati ishlab chiqaruvchi korxonalardan metall prokati xarid qilganligi uchun alohida baholash mezonini joriy etsin.
11. Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi, Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, Texnik jihatdan tartibga solish agentligi va Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi bilan birgalikda sifatsiz mahsulotlar aylanmasini cheklash, isteʼmolchilar manfaatlarini himoya qilish yuzasidan mazkur qarorda nazarda tutilgan talablar toʻgʻrisida ommaviy axborot vositalari orqali keng koʻlamli tushuntirish, targʻibot va tashviqot ishlarini tizimli ravishda olib borsin.
12. Vazirlar Mahkamasining “Qurilish uchun moʻljallangan metall prokati ishlab chiqarishni tartibga solish va sifatli metall prokatini qoʻllash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 17-fevraldagi 89-son qarorining 3-bandi ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon qilinsin:
“Bunda qurilish uchun moʻljallangan metall prokati ishlab chiqaradigan korxonalarda sanoat xavfsizligi talablariga rioya etilishini nazorat qilish boʻyicha komissiyaning xulosasiga asosan belgilangan talablarni bajargan korxonalarga qurilish uchun moʻljallangan metall prokati ishlab chiqarishga hamda qurilishdan boshqa maqsadlar uchun metall mahsulotlarini ishlab chiqarish va qoʻllashda induksion pechlardan foydalanishga yoʻl qoʻyiladi”.
13. Quyidagilar:
Texnik jihatdan tartibga solish agentligi bosh direktori D.N. Sattarovga — induksion pechlardan foydalangan holda qurilish uchun ishlab chiqarilgan metall prokatini sertifikatlash tizimini mahsulot sifati oshirilishini nazarda tutuvchi talablar bilan yanada kuchaytirish, texnik jihatdan tartibga solish, standartlash, sertifikatlash va metrologiya sohasida huquqbuzarliklarni aniqlash yuzasidan kompleks chora-tadbirlarni amalga oshirish va ularni keltirib chiqarishga asos boʻluvchi sabab va sharoitlarni bartaraf etish choralarini koʻrish;
Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi raisi B.V. Gulyamovga — induksion pechlardan foydalangan holda qurilish uchun metall prokati ishlab chiqaruvchi tadbirkorlik subyektlarida sanoat xavfsizligi holatini belgilangan tartibda tekshirib borish va sanoat xavfsizligi talablari buzilishining oldini olish;
qurilish vaziri B.I. Zokirovga — quruvchi tashkilotlar tomonidan qurilish obyektlarida muvofiqlik sertifikatiga ega qurilish materiallari, shu jumladan, metall prokatidan foydalanilayotganligini doimiy nazorat qilib borish yuzasidan shaxsiy javobgarlik yuklansin.
14. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov va Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari S.Oʻ. Umurzoqov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 17-sentabrdagi 577-son qaroriga ILOVA
Qurilish uchun moʻljallangan metall prokati ishlab chiqaradigan korxonalarda sanoat xavfsizligi talablariga rioya etilishini nazorat qilish boʻyicha komissiya
1. A.N. Aripov — Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri, komissiya raisi 2. J.A. Qoʻchqorov — Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri, komissiya raisi oʻrinbosari 3. B.I. Zakirov — qurilish vaziri 4. A.S. Sultanov — energetika vaziri 5. B.V. Gulyamov — Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi raisi 6. D.N. Sattarov — Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi bosh direktori 7. F.K. Umarov — Davlat soliq qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligi direktori 8. O.Z. Nasritdinxodjayev — moliya vazirining birinchi oʻrinbosari 9. A.B. Voitov — investitsiyalar va tashqi savdo vazirining birinchi oʻrinbosari 10. B.K. Abdinazarov — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirining oʻrinbosari 11. I.I. Boqijonov — Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi raisi oʻrinbosari 12. A.R. Jumanazarov — Vazirlar Mahkamasi departamenti boshligʻi oʻrinbosari, komissiya kotibi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 17-sentabr,
577-son