📅 2021-yil 22-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 22-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 22 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 22 сентября 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 22 September 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ПРОГНОЗ МИҚДОРЛАРИ
Тошкент шаҳри иссиқлик таъминоти тизимини давлат-хусусий шериклик асосида ривожлантириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳрининг иссиқлик таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 2 декабрдаги ПҚ-4543-сон қарорига асосан Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини тубдан яхшилаш, аҳолини иссиқлик энергияси билан узлуксиз ва сифатли таъминлаш, соҳага хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни кенг жалб қилиш, шунингдек, иссиқлик таъминоти тизимини бошқаришда самарали ва илғор тажрибаларни жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Осиё тараққиёт банки ўртасида «Тошкент шаҳри иссиқлик таъминоти тизимини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида модернизация қилиш ва бошқарувга бериш» лойиҳаси (кейинги ўринларда — Лойиҳа) юзасидан маслаҳат хизматларини кўрсатиш бўйича битим тузилганлиги;
Лойиҳани амалга ошириш бўйича берилган эълон натижасига кўра қизиқиш билдирган 3 та хорижий компаниядан «Veolia Central & Eastern Europe» (Франция) компаниясининг таклифи Осиё тараққиёт банки тавсиясига кўра Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан маъқул деб топилганлиги;
Лойиҳа концепцияси Вазирлар Маҳкамаси (Ж. Қўчқоров) томонидан тасдиқланганлиги ва унга кўра ушбу лойиҳа эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш шартлари асосида амалга оширилиши назарда тутилганлиги;
«Veolia Central & Eastern Europe» (Франция) компанияси томонидан фақат Лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ «Veolia Energy Tashkent» Махсус лойиҳа компанияси (кейинги ўринларда — Махсус лойиҳа компанияси) юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказилганлиги;
Осиё тараққиёт банки дастлабки 3 йил давомида Лойиҳани амалга ошириш ҳамда мониторинг олиб бориш бўйича маслаҳатчи сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўмаклашиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Махсус лойиҳа компанияси Лойиҳа бўйича хусусий шерик этиб белгилансин.
3. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж. Артикходжаев):
а) ўн кун муддатда давлат шериги сифатида Махсус лойиҳа компанияси билан Лойиҳа бўйича амал қилиш муддати 30 йил бўлган, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни (кейинги ўринларда — Битим) расмийлаштирсин:
самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI) сифатида кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларига иссиқлик подстанциялари, иссиқлик ва иссиқ сув ҳисоблагичлари ўрнатиш, шунингдек, авария ҳолатлари, иссиқлик йўқотишлари, энергия ва сув истеъмолини кескин камайтириш ҳамда замонавий автоматлаштирилган тизимларни жорий этиш;
Махсус лойиҳа компанияси томонидан тажриба лойиҳалари сифатида дастлабки икки йилда Тошкент шаҳрининг Бектемир ва Сергели туманларидаги «Водник» ва «Саноат энерго» марказлашган қозонхоналари орқали 118 та кўп қаватли уй ва 43 та ижтимоий объектнинг иссиқлик таъминоти тизимларини модернизация қилиш ва ёпиқ тизимга ўтказиш;
тажриба лойиҳалари бўйича самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI) ижроси юзасидан Осиё тараққиёт банкининг тавсиясига ҳамда техник аудиторнинг ҳисоботи асосида Битим кучга кирган кундан бошлаб 2 йилдан кейин уни қайта кўриб чиқиш, шунингдек, давлат шеригига 18 йилдан кейин Битимни ихтиёрий равишда бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқини бериш;
«Тошиссиққуввати» ДУКнинг иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, истеъмолчиларга етказиб бериш, шу жумладан, иссиқлик тизимини эксплуатация қилиш, истеъмолчилар билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва тўловларни ундириш бўйича вазифа ва функцияларини Махсус лойиҳа компаниясига ўтказиш, шунингдек, Битим амал қилиши даврида Махсус лойиҳа компаниясининг мустақил равишда фаолият юритилишини таъминлаш;
Лойиҳани амалга оширишда Махсус лойиҳа компаниясининг юзага келадиган барча молиявий мажбуриятларини «Veolia Central & Eastern Europe» (Франция) компанияси томонидан кафолатлаш;
«Veolia Central & Eastern Europe» (Франция) компанияси томонидан Лойиҳа доирасида 20 миллион Евро миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш;
Лойиҳа доирасида 181 та марказлаштирилган ва локал иссиқлик тизими иншооти ва қозонхонани модернизация қилиш, пенополиуретандан тайёрланган полимер изоляцияли ва ҳимоя қобиғига ўралган қувурлар асосида 575,6 км иссиқлик тармоқларини қуриш ва 841,1 км иссиқлик тармоқларини реконструкция қилиш, 51,5 минг дона иссиқлик энергияси ўлчов ускунасини ва 2 464,6 минг дона иссиқ сув ҳисоблагични ўрнатиш, шунингдек, 391 та махсус техника ва автомашиналар харид қилиш.
Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро тараққиёт ассоциацияси ўртасида 2018 йил 17 майда имзоланган «Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент (ТЦ-8) шаҳарларида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш» лойиҳасини амалга оширишни молиялаштириш тўғрисидаги келишувга мувофиқ жалб қилинган кредитларни, шунингдек, кредит воситачилик ҳақи ва бошқа харажатларни қоплаш бўйича «Тошиссиққуввати» ДУК томонидан тўланадиган тўловлар Махсус лойиҳа компанияси томонидан амалга ошириш;
Тошиссиққуввати» ДУК ходимларини Махсус лойиҳа компаниясига ўтказишни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ амалга ошириш;
Махсус лойиҳа компаниясига ўтган ходимларнинг олдинги ишлаган даври учун ҳисобланган иш ҳақи ва бошқа тўловларни қоплаб бериш давлат шериги томонидан амалга ошириш.
Бунда, «Тошиссиққуввати» ДУК билан тузилган меҳнат шартномаларидан келиб чикадиган ҳар қандай талаблар, даъволар ва суд иш юритуви бўйича жавобгарликни давлат шериги ўз зиммасига олади.
б) Битим имзоланганидан сўнг бир ой муддатда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Осиё тараққиёт банки ўртасида тузилган маслаҳат хизматларини кўрсатиш битимига мувофиқ Осиё тараққиёт банкига 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети даромадларининг қўшимча манбалари ҳисобидан тўланишини таъминласин ва ушбу маблағлар 2021 йил 31 декабрга қадар «Veolia Central & Eastern Europe» (Франция) компаниясидан ундириб олинсин;
в) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда «Тошиссиққуввати» ДУКга тегишли бўлган барча мол-мулк, шу жумладан, бино-иншоот ва бошқа моддий бойликларни хатловдан ўтказиш, уларни сотиш ва бошқа шахсларга ўтказиш ҳуқуқисиз Махсус лойиҳа компаниясига эгалик қилиш ва вақтинчалик фойдаланишга бепул топшириш чораларини кўрсин;
г) Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси қонунчиликда назарда тутилган тартибда Махсус лойиҳа компаниясини Табиий монополия субъектларининг Давлат реестрига киритиш ҳамда белгиланган тартибда назорат қилиш чораларини кўрсин.
4. Белгилансинки:
Махсус лойиҳа компаниясига унга мазкур қарорга мувофиқ эгалик қилиш ва вақтинчалик фойдаланишга бепул бериладиган бино-иншоотлар ва бошқа кўчмас мулкларни тасарруф этиш ҳуқуқисиз Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигида рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқи берилади;
Махсус лойиҳа компанияси томонидан иссиқлик энергияси истеъмолчилари Битимга мувофиқ қайта хатловдан ўтказилиб, мавжуд шартномалар қайта расмийлаштирилгунга қадар истеъмолчиларга иссиқлик энергиясини етказиб бериш ҳамда кўрсатилган хизматлар учун тўловларни ундириш «Тошиссиққуввати» ДУК ва истеъмолчилар ўртасида тузилган мавжуд шартномаларга асосан амалга оширилади;
5. Қуйидагилар:
«Тошкент шаҳри иссиқлик таъминоти тизимини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида модернизация қилиш ва бошқарувга бериш» лойиҳасининг дастлабки йиғма кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;
Тошкент шаҳар аҳолисига етказиб бериладиган иссиқлик энергияси ва иссиқ сувга пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида кўриладиган зарарларни қоплаш учун Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети ҳисобидан ажратиладиган субсидиянинг прогноз миқдорлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
Тошкент шаҳрида истеъмолчиларга кўрсатиладиган иссиқлик таъминоти хизматлари учун тартибга солинадиган тарифлар Махсус лойиҳа компанияси томонидан тақдим қилинадиган ҳисоб-китобларга кўра ҳар йили 1 майга қадар халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши қарорлари билан тасдиқланади;
иссиқлик таъминоти хизматлари бўйича тарифлар ҳақиқий харажатлар таннархи билан бирга иссиқлик тизимини модернизация ва реконструкция қилиш харажатлари инобатга олинган ҳолда шакллантирилади;
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши қарорларига асосан аҳолига иссиқлик таъминоти хизматлари бўйича пасайтирилган тарифлар қўлланилиши натижасида юзага келадиган зарарлар Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети ҳисобидан ҳар ойда субсидиялар ажратиш орқали қоплаб берилади;
аҳолига иссиқлик таъминоти хизматлари бўйича пасайтирилган тарифлар қўлланилиши натижасида юзага келадиган зарарларни Махсус лойиҳа компаниясига қоплаб бериш юзасидан аниқ ҳисоб-китоблар 2022 йил учун — 2021 йил 1 декабрга қадар ва келгуси йиллар учун — ҳар йили 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тақдим этилади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу бандда белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тақдим қилинадиган ҳисоб-китоблар асосида 2022 йилдан бошлаб ҳар йили Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети параметрларини шакллантиришда аҳолига иссиқлик энергияси ва иссиқ сувга пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида юзага келадиган зарарларни қоплаш учун зарур субсидия маблағларини назарда тутсин.
8. Мазкур қарорнинг 3-банди «в» кичик бандида ва 7-бандида назарда тутилган Махсус лойиҳа компаниясига топшириладиган мол-мулк, шу жумладан, бино-иншоот ва бошқа моддий бойликлар, шунингдек, давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия маблағлари Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 243 ва 304-моддаларига мувофиқ солиқ солишдан озод этилиши ва даромад сифатида ҳисобга олинмаслиги маълумот учун қабул қилинсин.
9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида Лойиҳа учун юридик шахс мақомига эга бўлмаган «Марказлаштирилган иссиқлик тизими инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси» (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил қилинсин.
Бунда, Жамғарманинг даромад ва харажатлари учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ҳисобварақ очилади.
10. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб ҳисоблансин:
Махсус лойиҳа компанияси томонидан истеъмолчиларга етказиб берилган иссиқлик энергияси ва иссиқ сув учун тўловларнинг бир қисми;
давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия маблағлари;
Махсус лойиҳа компанияси томонидан Лойиҳани амалга ошириш жараёнида олинган соф фойда даражаси миқдорининг Битимда белгиланган тартибда ҳисобланган харажатлар таннархига нисбатан 10 фоиздан ошган қисми;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
11. Белгилансинки:
Жамғарма маблағларидан Лойиҳа доирасида марказлаштирилган ва локал иссиқлик қозонхоналарини, иссиқлик иншоотлари ва станцияларини ҳамда тармоқларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш, шунингдек, маслаҳат хизматларини кўрсатиш учун фойдаланилади;
Жамғарманинг фойдаланилмай қолган маблағлари бюджет субсидиялари ажратилишида инобатга олинади, шунингдек, «Тошиссиққуввати» ДУКнинг кредитор қарздорликларини қоплаш учун йўналтирилади.
Жамғарма маблағларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш қатъиян ман этилсин ва ушбу маблағлардан самарали фойдаланишга масъул этиб Тошкент шаҳар ҳокими белгилансин.
12. Тошкент шаҳар ҳокимлигига:
Лойиҳа доирасида Жамғарма маблағлари ҳисобидан харидларни амалга оширишда техник топшириқларни ишлаб чиқиш, лойиҳалаштириш, тендер ҳужжатларини тайёрлаш, тендер жараёнларини ўтказиш, тендер талабгорлари таклифларини ўрганиш, техник кузатувларни олиб бориш, бажарилган иш ҳажмларини қабул қилиш ҳамда тегишли ҳисоботларни тақдим қилиш бўйича Махсус лойиҳа компаниясининг маслаҳат хизматларидан фойдаланиш;
Махсус лойиҳа компаниясининг хулосаси асосида ҳамда давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мунтазам харидларни амалга ошириш ва Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириш, шунингдек, махсус ахборот порталида харидлар натижалари ва шартномаларни эълон қилиб бориш вазифалари юклатилсин.
13. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда «Тошиссиққуввати» ДУК, «Тошкент иссиқлик маркази» ҳамда «Тошкент иссиқлик электр маркази» акциядорлик жамиятларининг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари, шунингдек, табиий газ, электр энергияси, иссиқлик энергияси ва сув ресурсларидан 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра мавжуд кредитор қарздорлиги тўғрисида солиштирма далолатномалар расмийлаштирилишини таъминласин.
14. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг «Тошиссиққуввати» ДУК, «Тошкент иссиқлик маркази» ҳамда «Тошкент иссиқлик электр маркази» акциядорлик жамиятларининг 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари, шунингдек, табиий газ, электр энергияси, иссиқлик энергияси ва сув ресурсларини етказиб берувчилар олдидаги, жумладан, муддати ўтган кредитор қарздорлик тўловларини мутаносиб равишда 5 йил муддатга кечиктириш ҳамда ҳисобланган пеня ва жарималарни (шу жумладан, қўлланилган давлат божларини) ҳисобдан чиқариш йўли билан реструктуризация қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
«Тошиссиққуввати» ДУКнинг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари, шунингдек, табиий газ, электр энергияси, иссиқлик энергияси ва сув ресурсларини етказиб берувчилар олдидаги мазкур бандга мувофиқ кечиктирилган кредитор қарздорликларини кечиктириш муддати тугагандан сўнг Жамғарма маблағлари ҳисобидан 10 йилгача муддатда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилсин.
15. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Махсус лойиҳа компанияси томонидан сотиб олинадиган ва истеъмолчиларга етказиб бериладиган иссиқлик энергияси бўйича тегишли гуруҳлар бўйича намунавий шартнома лойиҳаларини Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан келишган ҳолда ишлаб чиқсин ва Махсус лойиҳа компаниясига тақдим этсин.
16. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан биргаликда:
бир ой муддатда Махсус лойиҳа компанияси томонидан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш бўйича давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битимда кўрсатилган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклиф ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
уч ой муддатда Махсус лойиҳа компаниясини жалб қилган ҳолда кўп квартирали уйларнинг ички иссиқлик таъминоти тизимларини техник ва энерго аудитдан ўтказиш чораларини кўрсин ва натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритсин;
Махсус лойиҳа компаниясига кўп квартирали уйларнинг ички ёки туташ ҳудудларида иссиқлик ва иссиқ сувни ҳисоблагичлар ҳамда иссиқлик станцияларини жойлаштириш учун амалий ёрдам кўрсатсин;
«Тошиссиққуввати» ДУКнинг дебиторлик қарзлари ундирилиши ва кредиторлик қарзлари қайтарилишини таъминласин.
17. «Тошиссиққуввати» ДУК, «Тошкент иссиқлик маркази», «Тошкент иссиқлик электр маркази», «Ҳудудгазпойтахт», «Тошкент шаҳар электр тармоқлари» акциядорлик жамиятлари ва «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ бир ой муддатда куз-қиш даврида истеъмолчиларга узлуксиз иссиқлик таъминоти хизматларини кўрсатиш учун иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришга талаб этиладиган табиий газ, электр энергияси ва сув ресурслари лимитларини ҳисоблаб чиқсин ҳамда «Ўзтрансгаз» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва «Ўзсувтаъминот» АЖ га тақдим қилсин.
18. «Ўзтрансгаз» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва «Ўзсувтаъминот» АЖ 2022 йил 1 январга қадар иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш учун зарур бўладиган табиий газ, электр энергияси ҳамда сув ресурслари билан таъминлаш бўйича Махсус лойиҳа компанияси билан шартномаларни расмийлаштирсин ва шартномада назарда тутилган лимитларга мувофиқ энергия ресурсларини узлуксиз етказиб берсин.
18 1 . «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ табиий газ етказиб бериш чегараларини белгилашда иссиқлик манбаида, айниқса куз-қиш даврида ҳарорат режимини таъминлаш, иссиқлик ишлаб чиқарувчилар («Тошкент иссиқлик маркази» АЖ ва «Тошкент иссиқлик электр маркази» АЖ) ва иссиқлик етказиб берувчи Махсус лойиҳа компанияси Лойиҳада иштирок этишини ҳисобга олиб, узлуксиз иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув таъминоти учун табиий газни ҳажм ва босимга мувофиқ равишда етказиб беришни Лойиҳа эҳтиёжлари учун устувор вазифа сифатида таъминласин.
19. Тошкент шаҳар ҳокимлиги тегишли идоралар билан биргаликда Махсус лойиҳа компанияси томонидан мустақил ва ҳеч қандай тўсиқларсиз фаолият юритишини Битимнинг амал қилиш даврида таъминласин.
19 1 . Махсус лойиҳа компаниясининг мурожаатига мувофиқ лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасидаги ваколатли органлар қисқа муддатда лойиҳани амалга ошириш доирасида талаб этиладиган лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар тақдим этилишини таъминласин.
20. Тошкент шаҳрида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш вазифалари Тошкент шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарига юклансин ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг мавжуд штатлари доирасида 4 та бошқарув ходимидан иборат Давлат-хусусий шериклик бўлими ташкил этилсин.
Давлат-хусусий шериклик бўлимининг асосий вазифалари сифатида Лойиҳа бўйича ишларни ташкил этиш, Жамғарма маблағларини бошқариш ва ҳисобини юритиш ҳамда Битимга давлат шеригининг тўлиқ ва сўзсиз амал қилишини таъминлаш, хусусий шерикнинг мажбуриятлари ижроси мониторингини олиб бориш, шунингдек, келгусида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва бошқариш этиб белгилансин.
21. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
22. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Тошкент шаҳар ҳокими Ж. Артикходжаев, Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Ш. Хидоятов ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори З. Бозоров белгилансин.
23. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 сентябрдаги 594-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Тошкент шаҳри иссиқлик таъминоти тизимини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида модернизация қилиш ва бошқарувга бериш» лойиҳасининг дастлабки йиғма кўрсаткичлари
Тадбирлар номи Жами Йиллар кесимида, натура кўрсаткичлари Қиймати (минг евро) Натура кўрсаткичлари 2022 — 2024 йй. (пилот давр) 2025 — 2031 йиллар 2032 — 2041 йиллар 2042 — 2052 йиллар Жами лойиҳа қиймати 1 344 010 I — Операцион активлар (Хусусий шерик маблағлари ҳисобидан), шундан 362 023 Иссиқлик энергияси ўлчаш мосламаларини ўрнатиш 97 890 51 955 бир. 13 590 бир. 3 692 бир. 16 928 бир. 17 745 бир. Иссиқ сувни ҳисобга олиш мосламаларини ўрнатиш 196 375 2 488 737 бир. 152 925 бир. 626 729 бир. 772 540 бир. 936 544 бир. Махсус автотранспорт воситаларини харид қилиш 12 761 391 бир. 142 бир. 101 бир. 76 бир. 72 бир. Мобил қозонхоналар харид қилиш 3 333 10.0 бир. 1 бир. 7 бир. 2 бир. 0 Ўлчов асбоблари ва автоматлаштириш учун захира яратиш 18 004 11.3 комплект 4.3 комплект 2 комплект 5 комплект 0 Бошқа зарур техникаларни харид қилиш 33 660 2796 бир. 451 бир. 616 бир. 780 бир. 950 бир. II — Инфратузилма инвестициялари (Жамғарма ҳисобидан), шундан: 981 987 Иссиқлик станцияларини ўрнатиш ва реконструкция қилиш 178 541 32 251 бир. 1 142 бир. 10 951 бир. 8 311 бир. 11 847 бир. Маҳаллий қозонларни модернизация қилиш 34 791 576 гкал/с 22.3 гкал/с 273.3 гкал/с 163.2 гкал/с 117.6 гкал/с Мавжуд иссиқлик тармоқларни реконструкция қилиш 435 557 841.16 км 53.4 км 222.1 км 249.7 км 315.9 км Янги иссиқлик тармоқларини қуриш 242 375 582.5 км 0 79.5 км 251.1 км 251.9 км Бошқа инвестициялар 90 722
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 сентябрдаги 594-сон қарорига 2-ИЛОВА
Тошкент шаҳар аҳолисига етказиб бериладиган иссиқлик энергияси ва иссиқ сувга пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида кўриладиган зарарларни қоплаш учун Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети ҳисобидан ажратиладиган субсидиянинг
Т/р Йиллар Субсидия суммаси * (млрд сўм) 1. 2021 йил 321,0 2. 2022 йил 1 304,0 3. 2023 йил 1 637,0 4. 2024 йил 1 848,0 5. 2025 йил 1 778,0 6. 2026 йил 1 058,0 7. 2027 йил 528,0 Жами 8 474,0
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 22 сентябрь,
594-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
PROGNOZ MIQDORLARI
Toshkent shahri issiqlik taʼminoti tizimini davlat-xususiy sheriklik asosida rivojlantirish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Toshkent shahrining issiqlik taʼminoti tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 2-dekabrdagi PQ-4543-son qaroriga asosan Toshkent shahrida issiqlik taʼminoti tizimini tubdan yaxshilash, aholini issiqlik energiyasi bilan uzluksiz va sifatli taʼminlash, sohaga xorijiy investitsiyalar va zamonaviy texnologiyalarni keng jalb qilish, shuningdek, issiqlik taʼminoti tizimini boshqarishda samarali va ilgʻor tajribalarni joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Toshkent shahar hokimligi va Osiyo taraqqiyot banki oʻrtasida “Toshkent shahri issiqlik taʼminoti tizimini davlat-xususiy sheriklik shartlari asosida modernizatsiya qilish va boshqaruvga berish” loyihasi (keyingi oʻrinlarda — Loyiha) yuzasidan maslahat xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha bitim tuzilganligi;
Loyihani amalga oshirish boʻyicha berilgan eʼlon natijasiga koʻra qiziqish bildirgan 3 ta xorijiy kompaniyadan “Veolia Central & Eastern Europe” (Fransiya) kompaniyasining taklifi Osiyo taraqqiyot banki tavsiyasiga koʻra Toshkent shahar hokimligi va Davlat-xususiy sheriklikni rivojlantirish agentligi tomonidan maʼqul deb topilganligi;
Loyiha konsepsiyasi Vazirlar Mahkamasi (J. Qoʻchqorov) tomonidan tasdiqlanganligi va unga koʻra ushbu loyiha ekspluatatsiya qilish va texnik xizmat koʻrsatish shartlari asosida amalga oshirilishi nazarda tutilganligi;
“Veolia Central & Eastern Europe” (Fransiya) kompaniyasi tomonidan faqat Loyihani amalga oshirish uchun Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq “Veolia Energy Tashkent” Maxsus loyiha kompaniyasi (keyingi oʻrinlarda — Maxsus loyiha kompaniyasi) yuridik shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtkazilganligi;
Osiyo taraqqiyot banki dastlabki 3 yil davomida Loyihani amalga oshirish hamda monitoring olib borish boʻyicha maslahatchi sifatida Toshkent shahar hokimligiga koʻmaklashishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Maxsus loyiha kompaniyasi Loyiha boʻyicha xususiy sherik etib belgilansin.
3. Toshkent shahar hokimligi (J. Artikxodjayev):
a) oʻn kun muddatda davlat sherigi sifatida Maxsus loyiha kompaniyasi bilan Loyiha boʻyicha amal qilish muddati 30 yil boʻlgan, shu jumladan, quyidagilarni nazarda tutuvchi davlat-xususiy sheriklik toʻgʻrisidagi bitimni (keyingi oʻrinlarda — Bitim) rasmiylashtirsin:
samaradorlikning eng muhim koʻrsatkichlari (KPI) sifatida koʻp qavatli uylar va ijtimoiy soha obyektlariga issiqlik podstansiyalari, issiqlik va issiq suv hisoblagichlari oʻrnatish, shuningdek, avariya holatlari, issiqlik yoʻqotishlari, energiya va suv isteʼmolini keskin kamaytirish hamda zamonaviy avtomatlashtirilgan tizimlarni joriy etish;
Maxsus loyiha kompaniyasi tomonidan tajriba loyihalari sifatida dastlabki ikki yilda Toshkent shahrining Bektemir va Sergeli tumanlaridagi “Vodnik” va “Sanoat energo” markazlashgan qozonxonalari orqali 118 ta koʻp qavatli uy va 43 ta ijtimoiy obyektning issiqlik taʼminoti tizimlarini modernizatsiya qilish va yopiq tizimga oʻtkazish;
tajriba loyihalari boʻyicha samaradorlikning eng muhim koʻrsatkichlari (KPI) ijrosi yuzasidan Osiyo taraqqiyot bankining tavsiyasiga hamda texnik auditorning hisoboti asosida Bitim kuchga kirgan kundan boshlab 2 yildan keyin uni qayta koʻrib chiqish, shuningdek, davlat sherigiga 18 yildan keyin Bitimni ixtiyoriy ravishda bir tomonlama bekor qilish huquqini berish;
“Toshissiqquvvati” DUKning issiqlik energiyasini ishlab chiqarish, isteʼmolchilarga yetkazib berish, shu jumladan, issiqlik tizimini ekspluatatsiya qilish, isteʼmolchilar bilan hisob-kitoblarni amalga oshirish va toʻlovlarni undirish boʻyicha vazifa va funksiyalarini Maxsus loyiha kompaniyasiga oʻtkazish, shuningdek, Bitim amal qilishi davrida Maxsus loyiha kompaniyasining mustaqil ravishda faoliyat yuritilishini taʼminlash;
Loyihani amalga oshirishda Maxsus loyiha kompaniyasining yuzaga keladigan barcha moliyaviy majburiyatlarini “Veolia Central & Eastern Europe” (Fransiya) kompaniyasi tomonidan kafolatlash;
“Veolia Central & Eastern Europe” (Fransiya) kompaniyasi tomonidan Loyiha doirasida 20 million Yevro miqdorida toʻgʻridan-toʻgʻri xorijiy investitsiyalarni jalb qilish;
Loyiha doirasida 181 ta markazlashtirilgan va lokal issiqlik tizimi inshooti va qozonxonani modernizatsiya qilish, penopoliuretandan tayyorlangan polimer izolatsiyali va himoya qobigʻiga oʻralgan quvurlar asosida 575,6 km issiqlik tarmoqlarini qurish va 841,1 km issiqlik tarmoqlarini rekonstruksiya qilish, 51,5 ming dona issiqlik energiyasi oʻlchov uskunasini va 2 464,6 ming dona issiq suv hisoblagichni oʻrnatish, shuningdek, 391 ta maxsus texnika va avtomashinalar xarid qilish.
Oʻzbekiston Respublikasi va Xalqaro taraqqiyot assotsiatsiyasi oʻrtasida 2018-yil 17-mayda imzolangan “Andijon, Chirchiq, Buxoro, Samarqand va Toshkent (TS-8) shaharlarida markazlashtirilgan issiqlik taʼminoti tizimini rekonstruksiya qilish va energiya samaradorligini oshirish” loyihasini amalga oshirishni moliyalashtirish toʻgʻrisidagi kelishuvga muvofiq jalb qilingan kreditlarni, shuningdek, kredit vositachilik haqi va boshqa xarajatlarni qoplash boʻyicha “Toshissiqquvvati” DUK tomonidan toʻlanadigan toʻlovlar Maxsus loyiha kompaniyasi tomonidan amalga oshirish;
Toshissiqquvvati” DUK xodimlarini Maxsus loyiha kompaniyasiga oʻtkazishni Oʻzbekiston Respublikasi Mehnat kodeksiga muvofiq amalga oshirish;
Maxsus loyiha kompaniyasiga oʻtgan xodimlarning oldingi ishlagan davri uchun hisoblangan ish haqi va boshqa toʻlovlarni qoplab berish davlat sherigi tomonidan amalga oshirish.
Bunda, “Toshissiqquvvati” DUK bilan tuzilgan mehnat shartnomalaridan kelib chikadigan har qanday talablar, daʼvolar va sud ish yurituvi boʻyicha javobgarlikni davlat sherigi oʻz zimmasiga oladi.
b) Bitim imzolanganidan soʻng bir oy muddatda Toshkent shahar hokimligi va Osiyo taraqqiyot banki oʻrtasida tuzilgan maslahat xizmatlarini koʻrsatish bitimiga muvofiq Osiyo taraqqiyot bankiga 1 million AQSh dollari miqdoridagi mablagʻ Toshkent shahar mahalliy budjeti daromadlarining qoʻshimcha manbalari hisobidan toʻlanishini taʼminlasin va ushbu mablagʻlar 2021-yil 31-dekabrga qadar “Veolia Central & Eastern Europe” (Fransiya) kompaniyasidan undirib olinsin;
v) Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi bilan birgalikda bir oy muddatda “Toshissiqquvvati” DUKga tegishli boʻlgan barcha mol-mulk, shu jumladan, bino-inshoot va boshqa moddiy boyliklarni xatlovdan oʻtkazish, ularni sotish va boshqa shaxslarga oʻtkazish huquqisiz Maxsus loyiha kompaniyasiga egalik qilish va vaqtinchalik foydalanishga bepul topshirish choralarini koʻrsin;
g) Oʻzbekiston Respublikasi Monopoliyaga qarshi kurashish qoʻmitasi qonunchilikda nazarda tutilgan tartibda Maxsus loyiha kompaniyasini Tabiiy monopoliya subyektlarining Davlat reyestriga kiritish hamda belgilangan tartibda nazorat qilish choralarini koʻrsin.
4. Belgilansinki:
Maxsus loyiha kompaniyasiga unga mazkur qarorga muvofiq egalik qilish va vaqtinchalik foydalanishga bepul beriladigan bino-inshootlar va boshqa koʻchmas mulklarni tasarruf etish huquqisiz Davlat soliq qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligida roʻyxatdan oʻtkazish huquqi beriladi;
Maxsus loyiha kompaniyasi tomonidan issiqlik energiyasi isteʼmolchilari Bitimga muvofiq qayta xatlovdan oʻtkazilib, mavjud shartnomalar qayta rasmiylashtirilgunga qadar isteʼmolchilarga issiqlik energiyasini yetkazib berish hamda koʻrsatilgan xizmatlar uchun toʻlovlarni undirish “Toshissiqquvvati” DUK va isteʼmolchilar oʻrtasida tuzilgan mavjud shartnomalarga asosan amalga oshiriladi;
5. Quyidagilar:
“Toshkent shahri issiqlik taʼminoti tizimini davlat-xususiy sheriklik shartlari asosida modernizatsiya qilish va boshqaruvga berish” loyihasining dastlabki yigʻma koʻrsatkichlari 1-ilovaga muvofiq;
Toshkent shahar aholisiga yetkazib beriladigan issiqlik energiyasi va issiq suvga pasaytirilgan tariflarni qoʻllash natijasida koʻriladigan zararlarni qoplash uchun Toshkent shahar mahalliy budjeti hisobidan ajratiladigan subsidiyaning prognoz miqdorlari 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
6. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:
Toshkent shahrida isteʼmolchilarga koʻrsatiladigan issiqlik taʼminoti xizmatlari uchun tartibga solinadigan tariflar Maxsus loyiha kompaniyasi tomonidan taqdim qilinadigan hisob-kitoblarga koʻra har yili 1-mayga qadar xalq deputatlari Toshkent shahar Kengashi qarorlari bilan tasdiqlanadi;
issiqlik taʼminoti xizmatlari boʻyicha tariflar haqiqiy xarajatlar tannarxi bilan birga issiqlik tizimini modernizatsiya va rekonstruksiya qilish xarajatlari inobatga olingan holda shakllantiriladi;
xalq deputatlari Toshkent shahar Kengashi qarorlariga asosan aholiga issiqlik taʼminoti xizmatlari boʻyicha pasaytirilgan tariflar qoʻllanilishi natijasida yuzaga keladigan zararlar Toshkent shahar mahalliy budjeti hisobidan har oyda subsidiyalar ajratish orqali qoplab beriladi;
aholiga issiqlik taʼminoti xizmatlari boʻyicha pasaytirilgan tariflar qoʻllanilishi natijasida yuzaga keladigan zararlarni Maxsus loyiha kompaniyasiga qoplab berish yuzasidan aniq hisob-kitoblar 2022-yil uchun — 2021-yil 1-dekabrga qadar va kelgusi yillar uchun — har yili 1-iyunga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga Toshkent shahar hokimligi tomonidan taqdim etiladi.
Toshkent shahar hokimligi ushbu bandda belgilangan chora-tadbirlarning oʻz vaqtida va sifatli amalga oshirilishini taʼminlasin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Toshkent shahar hokimligi tomonidan taqdim qilinadigan hisob-kitoblar asosida 2022-yildan boshlab har yili Toshkent shahar mahalliy budjeti parametrlarini shakllantirishda aholiga issiqlik energiyasi va issiq suvga pasaytirilgan tariflarni qoʻllash natijasida yuzaga keladigan zararlarni qoplash uchun zarur subsidiya mablagʻlarini nazarda tutsin.
8. Mazkur qarorning 3-bandi “v” kichik bandida va 7-bandida nazarda tutilgan Maxsus loyiha kompaniyasiga topshiriladigan mol-mulk, shu jumladan, bino-inshoot va boshqa moddiy boyliklar, shuningdek, davlat budjetidan ajratiladigan subsidiya mablagʻlari Oʻzbekiston Respublikasi Soliq kodeksining 243 va 304-moddalariga muvofiq soliq solishdan ozod etilishi va daromad sifatida hisobga olinmasligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
9. Toshkent shahar hokimligi huzurida Loyiha uchun yuridik shaxs maqomiga ega boʻlmagan “Markazlashtirilgan issiqlik tizimi infratuzilmasini rivojlantirish jamgʻarmasi” (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) tashkil qilinsin.
Bunda, Jamgʻarmaning daromad va xarajatlari uchun Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Gʻaznachiligida shaxsiy hisobvaraq ochiladi.
10. Quyidagilar Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish manbalari etib hisoblansin:
Maxsus loyiha kompaniyasi tomonidan isteʼmolchilarga yetkazib berilgan issiqlik energiyasi va issiq suv uchun toʻlovlarning bir qismi;
davlat budjetidan ajratiladigan subsidiya mablagʻlari;
Maxsus loyiha kompaniyasi tomonidan Loyihani amalga oshirish jarayonida olingan sof foyda darajasi miqdorining Bitimda belgilangan tartibda hisoblangan xarajatlar tannarxiga nisbatan 10 foizdan oshgan qismi;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
11. Belgilansinki:
Jamgʻarma mablagʻlaridan Loyiha doirasida markazlashtirilgan va lokal issiqlik qozonxonalarini, issiqlik inshootlari va stansiyalarini hamda tarmoqlarini qurish, rekonstruksiya va modernizatsiya qilish, shuningdek, maslahat xizmatlarini koʻrsatish uchun foydalaniladi;
Jamgʻarmaning foydalanilmay qolgan mablagʻlari budjet subsidiyalari ajratilishida inobatga olinadi, shuningdek, “Toshissiqquvvati” DUKning kreditor qarzdorliklarini qoplash uchun yoʻnaltiriladi.
Jamgʻarma mablagʻlaridan boshqa maqsadlarda foydalanish qatʼiyan man etilsin va ushbu mablagʻlardan samarali foydalanishga masʼul etib Toshkent shahar hokimi belgilansin.
12. Toshkent shahar hokimligiga:
Loyiha doirasida Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan xaridlarni amalga oshirishda texnik topshiriqlarni ishlab chiqish, loyihalashtirish, tender hujjatlarini tayyorlash, tender jarayonlarini oʻtkazish, tender talabgorlari takliflarini oʻrganish, texnik kuzatuvlarni olib borish, bajarilgan ish hajmlarini qabul qilish hamda tegishli hisobotlarni taqdim qilish boʻyicha Maxsus loyiha kompaniyasining maslahat xizmatlaridan foydalanish;
Maxsus loyiha kompaniyasining xulosasi asosida hamda davlat xaridlari toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq muntazam xaridlarni amalga oshirish va Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan moliyalashtirish, shuningdek, maxsus axborot portalida xaridlar natijalari va shartnomalarni eʼlon qilib borish vazifalari yuklatilsin.
13. Toshkent shahar hokimligi Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi va Uy-joy kommunal xizmat koʻrsatish vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda “Toshissiqquvvati” DUK, “Toshkent issiqlik markazi” hamda “Toshkent issiqlik elektr markazi” aksiyadorlik jamiyatlarining Davlat budjeti va davlat maqsadli jamgʻarmalari, shuningdek, tabiiy gaz, elektr energiyasi, issiqlik energiyasi va suv resurslaridan 2021-yil 1-sentabr holatiga koʻra mavjud kreditor qarzdorligi toʻgʻrisida solishtirma dalolatnomalar rasmiylashtirilishini taʼminlasin.
14. Toshkent shahar hokimligi, Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi, Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi, Energetika vazirligi, Davlat soliq qoʻmitasining “Toshissiqquvvati” DUK, “Toshkent issiqlik markazi” hamda “Toshkent issiqlik elektr markazi” aksiyadorlik jamiyatlarining 2021-yil 1-sentabr holatiga koʻra Davlat budjeti va davlat maqsadli jamgʻarmalari, shuningdek, tabiiy gaz, elektr energiyasi, issiqlik energiyasi va suv resurslarini yetkazib beruvchilar oldidagi, jumladan, muddati oʻtgan kreditor qarzdorlik toʻlovlarini mutanosib ravishda 5 yil muddatga kechiktirish hamda hisoblangan penya va jarimalarni (shu jumladan, qoʻllanilgan davlat bojlarini) hisobdan chiqarish yoʻli bilan restrukturizatsiya qilish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
“Toshissiqquvvati” DUKning Davlat budjeti va davlat maqsadli jamgʻarmalari, shuningdek, tabiiy gaz, elektr energiyasi, issiqlik energiyasi va suv resurslarini yetkazib beruvchilar oldidagi mazkur bandga muvofiq kechiktirilgan kreditor qarzdorliklarini kechiktirish muddati tugagandan soʻng Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan 10 yilgacha muddatda boʻlib-boʻlib toʻlashga ruxsat berilsin.
15. Toshkent shahar hokimligi Oʻzbekiston Respublikasi Uy-joy kommunal xizmat koʻrsatish vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda Maxsus loyiha kompaniyasi tomonidan sotib olinadigan va isteʼmolchilarga yetkazib beriladigan issiqlik energiyasi boʻyicha tegishli guruhlar boʻyicha namunaviy shartnoma loyihalarini Monopoliyaga qarshi kurashish qoʻmitasi bilan kelishgan holda ishlab chiqsin va Maxsus loyiha kompaniyasiga taqdim etsin.
16. Toshkent shahar hokimligi Oʻzbekiston Respublikasi Uy-joy kommunal xizmat koʻrsatish vazirligi bilan birgalikda:
bir oy muddatda Maxsus loyiha kompaniyasi tomonidan davlat-xususiy sheriklik shartlari asosida Toshkent shahrida issiqlik taʼminoti xizmatlari koʻrsatish boʻyicha davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash toʻgʻrisidagi bitimda koʻrsatilgan huquqiy-meʼyoriy hujjatlarga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish yuzasidan taklif ishlab chiqsin va tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;
uch oy muddatda Maxsus loyiha kompaniyasini jalb qilgan holda koʻp kvartirali uylarning ichki issiqlik taʼminoti tizimlarini texnik va energo auditdan oʻtkazish choralarini koʻrsin va natijasi boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga aniq takliflar kiritsin;
Maxsus loyiha kompaniyasiga koʻp kvartirali uylarning ichki yoki tutash hududlarida issiqlik va issiq suvni hisoblagichlar hamda issiqlik stansiyalarini joylashtirish uchun amaliy yordam koʻrsatsin;
“Toshissiqquvvati” DUKning debitorlik qarzlari undirilishi va kreditorlik qarzlari qaytarilishini taʼminlasin.
17. “Toshissiqquvvati” DUK, “Toshkent issiqlik markazi”, “Toshkent issiqlik elektr markazi”, “Hududgazpoytaxt”, “Toshkent shahar elektr tarmoqlari” aksiyadorlik jamiyatlari va “Toshkent shahar suv taʼminoti” MChJ bir oy muddatda kuz-qish davrida isteʼmolchilarga uzluksiz issiqlik taʼminoti xizmatlarini koʻrsatish uchun issiqlik energiyasini ishlab chiqarishga talab etiladigan tabiiy gaz, elektr energiyasi va suv resurslari limitlarini hisoblab chiqsin hamda “Oʻztransgaz” AJ, “Hududgaztaʼminot” AJ, “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ va “Oʻzsuvtaʼminot” AJ ga taqdim qilsin.
18. “Oʻztransgaz” AJ, “Hududgaztaʼminot” AJ, “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ va “Oʻzsuvtaʼminot” AJ 2022-yil 1-yanvarga qadar issiqlik energiyasi ishlab chiqarish uchun zarur boʻladigan tabiiy gaz, elektr energiyasi hamda suv resurslari bilan taʼminlash boʻyicha Maxsus loyiha kompaniyasi bilan shartnomalarni rasmiylashtirsin va shartnomada nazarda tutilgan limitlarga muvofiq energiya resurslarini uzluksiz yetkazib bersin.
18 1 . “Oʻztransgaz” AJ va “Hududgaztaʼminot” AJ tabiiy gaz yetkazib berish chegaralarini belgilashda issiqlik manbaida, ayniqsa kuz-qish davrida harorat rejimini taʼminlash, issiqlik ishlab chiqaruvchilar (“Toshkent issiqlik markazi” AJ va “Toshkent issiqlik elektr markazi” AJ) va issiqlik yetkazib beruvchi Maxsus loyiha kompaniyasi Loyihada ishtirok etishini hisobga olib, uzluksiz issiqlik taʼminoti va issiq suv taʼminoti uchun tabiiy gazni hajm va bosimga muvofiq ravishda yetkazib berishni Loyiha ehtiyojlari uchun ustuvor vazifa sifatida taʼminlasin.
19. Toshkent shahar hokimligi tegishli idoralar bilan birgalikda Maxsus loyiha kompaniyasi tomonidan mustaqil va hech qanday toʻsiqlarsiz faoliyat yuritishini Bitimning amal qilish davrida taʼminlasin.
19 1 . Maxsus loyiha kompaniyasining murojaatiga muvofiq litsenziyalash va ruxsat berish sohasidagi vakolatli organlar qisqa muddatda loyihani amalga oshirish doirasida talab etiladigan litsenziya va ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlar taqdim etilishini taʼminlasin.
20. Toshkent shahrida davlat-xususiy sheriklik loyihalarini kengaytirish va qoʻllab-quvvatlash vazifalari Toshkent shahar hokimining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha birinchi oʻrinbosariga yuklansin hamda Toshkent shahar hokimligining mavjud shtatlari doirasida 4 ta boshqaruv xodimidan iborat Davlat-xususiy sheriklik boʻlimi tashkil etilsin.
Davlat-xususiy sheriklik boʻlimining asosiy vazifalari sifatida Loyiha boʻyicha ishlarni tashkil etish, Jamgʻarma mablagʻlarini boshqarish va hisobini yuritish hamda Bitimga davlat sherigining toʻliq va soʻzsiz amal qilishini taʼminlash, xususiy sherikning majburiyatlari ijrosi monitoringini olib borish, shuningdek, kelgusida Toshkent shahar hokimligi tomonidan davlat-xususiy sheriklik loyihalarini ishlab chiqish va boshqarish etib belgilansin.
21. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda ikki oy muddatda qonunchilik hujjatlariga ushbu qarordan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.
22. Mazkur qarorning ijrosini samarali tashkil qilishga masʼul va shaxsiy javobgar etib Toshkent shahar hokimi J. Artikxodjayev, Oʻzbekiston Respublikasi uy-joy kommunal xizmat koʻrsatish vaziri Sh. Xidoyatov hamda Moliya vazirligi huzuridagi Davlat-xususiy sheriklikni rivojlantirish agentligi direktori Z. Bozorov belgilansin.
23. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari A.J. Ramatov hamda Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 22-sentabrdagi 594-son qaroriga 1-ILOVA
“Toshkent shahri issiqlik taʼminoti tizimini davlat-xususiy sheriklik shartlari asosida modernizatsiya qilish va boshqaruvga berish” loyihasining dastlabki yigʻma koʻrsatkichlari
Tadbirlar nomi Jami Yillar kesimida, natura koʻrsatkichlari Qiymati (ming yevro) Natura koʻrsatkichlari 2022 — 2024-yy. (pilot davr) 2025 — 2031-yillar 2032 — 2041 yillar 2042 — 2052 yillar Jami loyiha qiymati 1 344 010 I — Operatsion aktivlar (Xususiy sherik mablagʻlari hisobidan), shundan 362 023 Issiqlik energiyasi oʻlchash moslamalarini oʻrnatish 97 890 51 955 bir. 13 590 bir. 3 692 bir. 16 928 bir. 17 745 bir. Issiq suvni hisobga olish moslamalarini oʻrnatish 196 375 2 488 737 bir. 152 925 bir. 626 729 bir. 772 540 bir. 936 544 bir. Maxsus avtotransport vositalarini xarid qilish 12 761 391 bir. 142 bir. 101 bir. 76 bir. 72 bir. Mobil qozonxonalar xarid qilish 3 333 10.0 bir. 1 bir. 7 bir. 2 bir. 0 Oʻlchov asboblari va avtomatlashtirish uchun zaxira yaratish 18 004 11.3 komplekt 4.3 komplekt 2 komplekt 5 komplekt 0 Boshqa zarur texnikalarni xarid qilish 33 660 2796 bir. 451 bir. 616 bir. 780 bir. 950 bir. II — Infratuzilma investitsiyalari (Jamgʻarma hisobidan), shundan: 981 987 Issiqlik stansiyalarini oʻrnatish va rekonstruksiya qilish 178 541 32 251 bir. 1 142 bir. 10 951 bir. 8 311 bir. 11 847 bir. Mahalliy qozonlarni modernizatsiya qilish 34 791 576 gkal/s 22.3 gkal/s 273.3 gkal/s 163.2 gkal/s 117.6 gkal/s Mavjud issiqlik tarmoqlarni rekonstruksiya qilish 435 557 841.16 km 53.4 km 222.1 km 249.7 km 315.9 km Yangi issiqlik tarmoqlarini qurish 242 375 582.5 km 0 79.5 km 251.1 km 251.9 km Boshqa investitsiyalar 90 722
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 22-sentabrdagi 594-son qaroriga 2-ILOVA
Toshkent shahar aholisiga yetkazib beriladigan issiqlik energiyasi va issiq suvga pasaytirilgan tariflarni qoʻllash natijasida koʻriladigan zararlarni qoplash uchun Toshkent shahar mahalliy budjeti hisobidan ajratiladigan subsidiyaning
T/r Yillar Subsidiya summasi * (mlrd soʻm) 1. 2021-yil 321,0 2. 2022-yil 1 304,0 3. 2023-yil 1 637,0 4. 2024-yil 1 848,0 5. 2025-yil 1 778,0 6. 2026-yil 1 058,0 7. 2027-yil 528,0 Jami 8 474,0
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 22-sentabr,
594-son