UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 21-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 21 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 21 сентября 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 21 September 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ

СХЕМАСИ

АРИЗА

Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сон Фармонига мувофиқ, энг яхши таклифни танлаш орқали аниқланадиган, қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари эквивалентида (ер майдони ҳажмига кўра ортиб боради) бўлган йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамасига, истисно тариқасида, ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага бериш ҳуқуқи берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ер участкасини танлаш ва таклифларни тақдим этиш тартиби;

йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни кўриб чиқиш тартиби, уларни танлаб олиш босқичлари ва баҳолаш мезонлари;

йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни тақдим этган талабгорлар ичида ғолибни аниқлаш тартиби;

йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ер участкасини ижарага беришда ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби;

йирик инвестиция лойиҳасини амалга оширишда инвестиция мажбуриятлари ижросини мониторинг қилиш тартиби.

3. Белгилансинки:

йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (кейинги ўринларда — Ҳукумат комиссияси) томонидан амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.

4. Ҳукумат комиссиясига қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:

йирик инвестиция лойиҳасини концептуал жиҳатдан кўриб чиқиш;

таклиф этилаётган лойиҳанинг хусусиятидан келиб чиқиб, энг яхши таклифни танлаб олиш мезонларининг муҳимлилик даражасини белгилаш;

йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш;

ер участкасининг ижара муддатини узайтириш ёки ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ўзгартириш масаласини кўриб чиқиш.

5. Белгилаб қўйилсинки:

йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича аризалар фақат давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади;

якка тартибдаги уй-жой ва кўп квартирали уйлар қурилишини назарда тутувчи лойиҳалар йирик инвестиция лойиҳаси ҳисобланмайди ва кўриб чиқилмайди;

танланган ерга бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан кам қийматдаги йирик инвестиция лойиҳаси бўйича таклифлар кўриб чиқилмайди.

6. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда мазкур қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда «YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизимини такомиллаштириш чораларини кўрсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича аризаларни давлат хизматлари марказлари ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиш имкониятини яратсин ва ишга туширсин.

8. Белгилансинки, 2023-2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида қиймати 1 миллион АҚШ доллари ва ундан ортиқ эквивалентдаги, қолган туманларда қиймати 300 минг АҚШ доллари ва ундан ортиқ эквивалентдаги инвестиция киритиш мажбуриятини юклаган ҳолда лойиҳа ташаббускорларига ер участкалари ушбу қарор талабларига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан белгиланган вақтинча тартиб асосида тўғридан-тўғри ижарага берилади.

Бунда мазкур қарор билан тасдиқланган Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олишнинг маъмурий регламенти талаблари 2025 йил 1 январга қадар ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 сентябрдаги 592-сон қарорига 1-ИЛОВА

Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олишнинг

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Регламент Вазирлар Маҳкамаси томонидан қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари эквивалентида бўлган йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш ва ушбу лойиҳани амалга ошириш учун ижарага ер участкаси бериш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ер участкаси — ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларига эга бўлган, жисмоний ва юридик шахсларга ажратилмаган, давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган қисми;

«YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда — «YERELEKTRON» ААТ) — ер участкаларини бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ва унга киритилган ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун автоматлаштирилган ахборот тизими;

ишчи орган — вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги;

йирик инвестиция лойиҳаси — вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларида қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида қиймати камида 5 миллион АҚШ доллари эквивалентида бўлган инвестиция лойиҳаси;

очиқ электрон портал — интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадида бўш турган ер участкасини аниқлаш, чегарасини белгилаш имконини берувчи ахборот тизими;

талабгор — амалга ошириш учун таклиф сифатида йирик инвестиция лойиҳасини тақдим этган жисмоний ва юридик шахслар;

Ҳукумат комиссияси — Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси;

энг яхши таклиф — Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланган мезонлар асосида энг юқори балл тўплаган йирик инвестиция лойиҳаси;

ғолиб — энг яхши таклифни тақдим этган талабгор.

3. Йирик инвестиция лойиҳаси доирасида:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда — фақат қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун қишлоқ хўжалиги мақсадларида;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда — қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш мумкин.

Якка тартибдаги уй-жой ва кўп квартирали уйлар қурилишини назарда тутувчи лойиҳалар йирик инвестиция лойиҳаси ҳисобланмайди ва кўриб чиқилмайди.

4. Танланган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан кам бўлган қийматдаги йирик инвестиция лойиҳаси бўйича таклифлар кўриб чиқилмайди.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматини аниқлаш ушбу танланган ер участкаси жойлашган туман (шаҳар)да сўнгги 6 ой давомида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинган ер участкаларининг 0,01 гектар майдонининг ўртача нархидан келиб чиқиб Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан белгиланади.

5. Йирик инвестиция лойиҳаси бўйича таклифлар қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

а) киритиладиган (жалб қилинадиган) инвестиция миқдори;

б) ижара муддати давомида ер солиғи (ижара тўлови) суммасига нисбатан қўлланиладиган, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ белгиланадиган ставкага нисбатан оширувчи коэффициент миқдори;

в) ишлаб чиқариладиган жами маҳсулотлардан экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг улуши;

г) фаолиятида юқори технология ва илм-фан ютуқларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг умумий маҳсулотларига нисбатан улуши;

д) режалаштирилган йиллик товар айланмаси миқдори;

е) иш билан таъминланадиган фуқароларнинг ўртача йиллик сони;

ж) ер участкаси қийматини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бевосита ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ёхуд талабгор томонидан ташкил этилган (ташкил этиладиган) хўжалик жамиятининг устав фондига давлат улуши сифатида киритиш. Бунда ер участкаси қийматини баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланадиган бозор қийматига нисбатан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган коэффициентни бевосита тўлаш мажбуриятини олган талабгорга биринчи даражали мезон сифатида «25» балл берилади.

6. Максимал балл 100 га тенг бўлиб, у муҳимлилик даражасидан келиб чиқиб мезонлар бўйича қуйидагича тақсимланади:

а) биринчи даражали мезонга «0» баллдан «25» баллгача;

б) иккинчи даражали мезонга «0» баллдан «25» баллгача;

в) учинчи даражали мезонга «0» баллдан «20» баллгача;

г) тўртинчи даражали мезонга «0» баллдан «15» баллгача;

д) бешинчи даражали мезонга «0» баллдан «10» баллгача;

е) олтинчи даражали мезонга «0» баллдан «5» баллгача.

Мезонларнинг муҳимлилик даражаси таклиф этилаётган лойиҳанинг хусусиятидан келиб чиқиб Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланади.

7. Мезонлар бўйича балл Ҳукумат комиссияси томонидан берилади. Жами тўпланган балл мезонларнинг муҳимлилик даражасидан келиб чиқиб қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

Т балл =(Т тк /Т макс )×М макс

бунда:

Т балл — талабгорнинг баҳоланаётган мезон бўйича олган балли;

Т тк — талабгорнинг тегишли мезон бўйича берган таклифидаги кўрсаткич;

Т макс — талабгорлар томонидан тегишли мезон бўйича берилган таклифлари орасидаги энг юқори кўрсаткич;

М макс — тегишли мезон бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан муҳимлилик даражасидан келиб чиқиб белгиланган максимал балл.

8. Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ер участкаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжати асосида:

а) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларига (чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар бундан мустасно):

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар — 30 йил муддатга;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар — 49 йилдан ошмайдиган муддатга;

б) хорижий жисмоний ва юридик шахсларга, фуқаролиги бўлмаган шахсларга, шунингдек чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга 25 йилгача бўлган муддатга ижарага берилади.

9. Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш ушбу Регламентга 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

10. Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш қуйидаги учта босқичда амалга оширилади:

биринчи босқич — ер участкасини танлаш ва ер участкасига оид материалларни тайёрлаш;

иккинчи босқич — йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадга мувофиқлигини аниқлаш ва муқобил таклиф қабул қилиш бўйича эълон бериш;

учинчи босқич — таклифларни баҳолаш ва ғолибни аниқлаш.

11. Бўш турган ер участкаси бўйича ҳужжатлар йиғма жилдини тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси (кейинги ўринларда — Давлат кадастрлари палатаси) томонидан «YERELEKTRON» ААТ орқали амалга оширилади.

12. Ер участкаси бўйича ҳужжатлар йиғма жилдини тайёрлаш учун Давлат кадастрлари палатаси томонидан Ер тузиш, давлат ер кадастри ва ерларни мониторинг қилиш бўйича лойиҳа-изланиш ишларига кетадиган вақтнинг намунавий меъёрларига мувофиқ ҳақ ушбу Регламентнинг 56-бандига мувофиқ тартибда қоплаб берилади.

Ер тузиш, давлат ер кадастри ва ерларни мониторинг қилиш бўйича лойиҳа-изланиш ишларига кетадиган вақтнинг намунавий меъёрлари Кадастр агентлиги томонидан тасдиқланади.

2-боб. Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ер участкасини танлаш ва ер участкаси бўйича ҳужжатлар йиғма жилдини тайёрлаш тартиби

13. Талабгор йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун Ишчи органга давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ ариза билан мурожаат этади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш босқичлари, усуллари, механизмлари ва асослантирилган ҳисоб-китоб маълумотлари (бизнес-режа);

талабгор томонидан муқаддам муваффақиятли амалга оширилган лойиҳалар тўғрисида маълумот (портфолио);

йирик инвестиция лойиҳаси бўйича тақдимот материаллари.

Аризада ер участкаси қийматини баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланадиган бозор қийматига нисбатан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган коэффициентни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бевосита ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ёхуд талабгор томонидан ташкил этилган (ташкил этиладиган) хўжалик жамиятининг устав фондига давлат улуши сифатида киритиш кўрсатилади.

Кафолат маблағи келиб тушганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқлангандан сўнг ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар Ишчи органга автоматик равишда юборилади.

14. Ариза давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этилганда мурожаатчидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Ариза Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилганда, мурожаатчидан Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат этганда тўланадиган сумманинг 90 фоизи миқдорида йиғим тўланади.

Йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этганда:

20 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади;

60 фоизи — Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига;

0,5 фоизи — тўловларни тасдиқлаш Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилганлиги учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

қолган маблағлар — Ишчи органнинг ҳисобварағига ўтказилади;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади;

11,25 фоизи — Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланганлик учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

0,5 фоизи — тўловларни тасдиқлаш Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилганлиги учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

55 фоизи — Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига;

қолган маблағлар — Ишчи органнинг ҳисобварағига ўтказилади.

Давлат хизматлари кўрсатилганда йиғим тўланганлигини тасдиқлаш Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилади.

Ариза қайтариб олинганда ёки талабгор ғолиб деб топилмаганда ушбу йиғим суммаси қайтариб берилмайди.

15. Ишчи орган келиб тушган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни 3 иш куни ичида кўриб чиқади.

Ушбу Регламентнинг 13-бандида қайд этилган барча ҳужжатлар тўлиқ мавжуд бўлмаса, Ишчи орган ҳужжатларни талабгорга бартараф этилиши лозим бўлган камчиликларни кўрсатган ҳолда қайтаради.

Ушбу банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатлардан бошқа асосларга кўра ҳужжатларни қайтаришга йўл қўйилмайди.

16. Талабгор томонидан тақдим этилган ҳужжатларда камчиликлар аниқланмаса, Ишчи орган йирик инвестиция лойиҳасини Ҳукумат комиссиясига кўриб чиқиш учун киритади.

17. Ҳукумат комиссияси йирик инвестиция лойиҳаси келиб тушган кундан бошлаб 10 иш куни ичида ушбу лойиҳани концептуал жиҳатдан кўриб чиқади ва уни амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги бўйича аниқ асос ва сабабларни кўрсатган ҳолда қарор қабул қилади.

Ҳукумат комиссиясининг қарорлари у қабул қилинган кундан кейинги иш кунидан кечикмаган ҳолда Ишчи органнинг расмий веб-сайти ва оммавий ахборот воситаларида давлат тилида, рус ва инглиз тилларида эълон қилинади.

18. Ҳукумат комиссияси томонидан йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмаслиги бўйича қарор қабул қилинган тақдирда, муқобил таклиф қабул қилиш бўйича эълон берилмайди ва танлов ўтказилмайди.

Бунда, талабгор йирик инвестиция лойиҳаси ва уни амалга ошириш учун танланган ер участкасини қайта кўриб чиқиб, умумий тартибда қайта мурожаат этиши мумкин.

19. Ҳукумат комиссияси йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб қарор қабул қилган тақдирда ушбу қарор қабул қилинган кундан кейинги иш кунидан кечикмаган ҳолда Давлат кадастрлари палатасига ариза бўйича бўш турган ер участкасини аниқлаш бўйича сўров юборади.

20. Давлат кадастрлари палатаси сўров келиб тушган кундан бошлаб 20 иш куни ичида электрон шаклда ер участкаси бўйича ҳужжатлар йиғма жилдини тайёрлайди ва уни Ишчи органга юборади.

Ер участкаси бўйича ҳужжатлар йиғма жилдига (кейинги ўринларда — ҳужжатлар йиғма жилди) қуйидагилар илова қилинади:

ер участкаси, жумладан, майдони (гектарда), ер участкасининг ер фонди тоифаси, мавжуд мажбуриятлар, қайси мақсадга мўлжалланаётганлиги, зарур ҳолда балл бонитети ва бошқалар ҳақида қисқача маълумот;

ер участкасини топографик харитада (координатали нуқталари билан), ер участкасининг чегаралари ва манзилларини (аҳоли пункти ва кўчалар, кўча бўлмаганда эса — мавжуд объектдан метр ҳисобидаги масофа кўрсатилади) ҳамда ер ости ва ер усти муҳандислик тармоқлари М 1:500 дан М 1:1000 гача катталикда кўрсатилган ҳолда жойлаштириш режаси;

чегарадош ер участкаларидан фойдаланиш турлари кўрсатилган вазият билан боғлиқ схема;

ер участкасининг камида икки томондан ўраб турган объектлар билан биргаликдаги фотосурати (15х20 см);

лойиҳалаштирилаётган объектлар бўйича — атроф муҳитга таъсир кўрсатилиши тўғрисидаги баёнот лойиҳаси.

21. Ишчи орган ушбу Регламентнинг 20-бандида назарда тутилган ҳужжатлар йиғма жилдини олгандан сўнг, 2 иш куни ичида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ихтисослаштирилган эксперт бўлинмаларига давлат экологик экспертизаси хулосасини олиш учун юборади. Давлат экологик экспертизаси хулосасини олиш билан боғлиқ харажатлар ушбу Регламентнинг 56-бандига мувофиқ тартибда қоплаб берилади.

Давлат экологик экспертизасини ўтказиш Давлат экология қўмитасининг ихтисослаштирилган эксперт бўлинмалари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади ва давлат экологик экспертизаси хулосасини Ишчи органга юборади.

Давлат экологик экспертизаси хулосаси ижобий ёки салбий бўлиши мумкин.

Салбий хулосада қонунчилик нормаларига таянган ҳолда ер участкасини ажратиш имкони йўқлигининг асосланган аниқ сабаблари кўрсатилади.

Бунда, бошқа ер участкаси бўйича ҳужжатлар йиғма жилдини тайёрлаш умумий тартибда амалга оширилади.

22. Ишчи орган давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олгандан сўнг, уни ҳамда ҳужжатлар йиғма жилдини 2 иш куни ичида тегишли хулоса олиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасига (кейинги ўринларда — қурилиш бош бошқармаси) юборади.

23. Шаҳарсозлик ҳужжати мавжуд бўлган тақдирда, қурилиш бош бошқармаси 3 иш куни ичида ҳужжатлар йиғма жилдини кўриб чиқади, танланган ер участкаси бўйича хулоса тайёрлайди.

Хулосада шаҳарсозлик фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этиш талаблари баён этилади.

24. Шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, қурилиш бош бошқармаси Ишчи органдан ҳужжатлар йиғма жилдини олгандан сўнг 3 иш кунидан кечиктирмасдан уни кўриб чиқади ҳамда ўз хулосасини илова қилган ҳолда, ҳудудий архитектура шаҳарсозлик кенгашига (кейинги ўринларда — Кенгаш) келишиш учун юборади.

Кенгаш 5 иш кунидан кечиктирмасдан навбатдаги мажлисда ҳужжатлар йиғма жилдини кўриб чиқади ҳамда материалларни электрон рақамли имзосини қўйиш йўли билан келишади ҳамда келишилган материалларни қурилиш бош бошқармасига юборилади.

25. Қурилиш бош бошқармаси ўз хулосасини ва Кенгаш томонидан келишилган материалларни «YERELEKTRON» ААТ орқали электрон шаклда 1 иш куни ичида Ишчи органга электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳужжат шаклида юборади.

Бунда хулоса ижобий ёки салбий бўлиши мумкин.

Ижобий хулосада ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи эгасига нисбатан шаҳарсозлик фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этиш талаблари баён этилади.

Салбий хулосада қонунчилик нормаларига таянган ҳолда ер участкасини ажратиш имкони йўқлигининг асосланган сабаблари кўрсатилади ҳамда тегишли ер участкасини бошқа мос келадиган жойдан танлаш ҳақида таклиф берилади.

Кенгаш материалларни келишишдан бош тортган тақдирда, қурилиш бош бошқармасига Кенгаш йиғилишининг баённомаси рад этишни асослаган ва қонунчилик ҳужжати нормасини аниқ кўрсатган ҳолда, ер участкаси жойини кўчириш ҳақидаги таклиф билан юборилади.

26. Қурилиш бош бошқармаси салбий хулоса берган ёки Кенгаш билан келишиш рад этилган тақдирда, Ишчи орган ер участкаси материалларини қайта ишлаш, шу жумладан берилган хулосага мувофиқ ажратиладиган ер участкаси жойлашувини ўзгартириш (келишишни рад этиш сабабларини асослаган ҳолда) ҳуқуқига эга.

Бунда, Ишчи орган 2 иш куни ичида қурилиш бош бошқармасининг салбий хулосаси ёки Кенгашнинг келишишни рад этиш баён қилинган таклифни кўриб чиқади ҳамда ҳужжатлар йиғма жилдини қурилиш бош бошқармасининг хулосаси ёки Кенгаш йиғилишининг баённомасини илова қилган ҳолда Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармасига қайта ишлаш учун юборади.

Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармаси 10 иш куни ичида ҳужжатлар йиғма жилдини қайта ишлайди, ҳужжатлар йиғма жилдини шакллантиради ва уни Ишчи органга такроран юборади.

Бунда янгиланган ҳужжатлар йиғма жилдини қайта ишлаш ва тайёрлаш бўйича ишлар учун ҳақ ундирилмайди.

Ишчи орган ҳужжатлар йиғма жилдини олгандан кейин 1 иш куни ичида уни қурилиш бош бошқармасига мазкур Регламентнинг 23 ва 24-бандларида белгиланган тартибда хулоса олиш ёки Кенгаш келишувини олиш учун такроран юборади.

27. Қурилиш бош бошқармаси ижобий хулосаси ёки Кенгаш билан электрон шаклда келишуви олинган кундан кейин 1 иш куни ичида Ишчи орган ҳужжатлар йиғма жилдини қуйидаги ваколатли ташкилотларга юборади:

а) хулоса олиш учун қуйидаги давлат органлари ва ташкилотларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмаларига:

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги;

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги;

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати;

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси;

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси;

«Ўзсувтаъминот» АЖ;

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ;

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ;

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ;

«Ўзтрансгаз» АЖ;

б) келишиш учун:

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг ҳудудий бошқармасига — маданий мерос ёдгорликлари муҳофаза қилинадиган зонада жойлашган ер участкалари бўйича;

тегишли ҳудудлар ва иншоотлардан режим асосида фойдаланадиган ҳамда улардан фойдаланадиган ташкилотга — бўш ер участкалари саноат ерлари, темир йўллар ва автомобиль йўллари, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадлардаги ерлар таркибига кирган ҳудудларда жойлашганда;

Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий органларига — бўш ер участкаси автомобиль турар жойлари ва йўл ҳаракати хавфсизлигига таъсир қиладиган бошқа объектлар учун ажратилганда;

Туризм ва спорт вазирлигининг ҳудудий бош бошқармасига — туризм инфратузилмасини ривожлантириш учун белгиланган ва туристик рекреацион зоналарда жойлашган ер участкалари бўйича.

Ер участкаларининг жойлашуви уларнинг бош режаларида, шунингдек, батафсил режалаштириш лойиҳаларида белгиланган ҳамда шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда назарда тутилган функционал мақсадига мос келадиган аҳоли пунктларидаги ер участкаларига оид материаллар бўйича санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳамда Давлат ёнғин назорати органининг хулосаларини олиш талаб этилмайди.

28. Ваколатли ташкилотлар ҳужжатлар йиғма жилди келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни ичида ҳужжатлар йиғма жилдини келишади ёки тегишли хулосалар беради.

29. Ваколатли ташкилотнинг хулосаси «YERELEKTRON» ААТ орқали электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон шаклда ёки хулосанинг кўчирилган нусхаси тарзида Ишчи органга юборилади. Бунда ижобий ёки салбий хулоса берилиши мумкин.

Ижобий хулосада ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи эгасига нисбатан шаҳарсозлик, санитария, табиатни муҳофаза қилиш, ёнғинга қарши ва бошқа фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этиш талаблари баён этилади.

Салбий хулосада қонунчилик ҳужжатининг аниқ нормасига таянган ҳолда бўш ер участкасини ажратиш имкони йўқлигининг асосланган сабаблари кўрсатилади.

30. Ер участкалари бўйича материалларни келишиш тегишли ер участкаси бўйича розилик резолюциясини ваколатли ташкилотнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаш йўли билан «YERELEKTRON» ААТ орқали амалга оширилади.

Келишув ҳеч қандай изоҳлар ва шартларсиз амалга оширилади.

Келишув рад этилган ҳолатда, Ишчи органга «YERELEKTRON» ААТ орқали ваколатли ташкилотнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзда хат ёки хатнинг кўчирилган нусхаси қонунчилик ҳужжатларининг аниқ нормасига таянган ҳолда, бўш ер участкасини ажратиш имкони йўқлигининг асосланган сабаблари кўрсатиб юборилади.

31. Ваколатли ташкилот билан келишилмаганда ёки салбий хулоса олинганда, Ишчи орган ҳужжатлар йиғма жилдини қайта ишлаб, уларни ушбу Регламентга мувофиқ такроран келишиш (улар бўйича хулоса олиш) ҳуқуқига эга.

32. Ваколатли ташкилотлар салбий хулоса берган тақдирда ёки келишувни рад этиш тўғрисида хат йўллаган тақдирда, Ишчи орган ваколатли ташкилотларнинг эътирозларидан келиб чиққан ҳолда, 3 иш куни ичида ер участкасининг жойлашган жойини ва ҳужжатлар йиғма жилдини қайта кўриб чиқиб, ваколатли ташкилотларнинг хулоса ва хатларини илова қилган ҳолда, уларни Давлат кадастрлари палатасига қайта ишлаш учун юборади.

Бунда, Давлат кадастрлари палатаси 3 иш куни ичида ҳужжатлар йиғма жилдини қайта ишлайди ҳамда Ишчи органга такроран юборади. Ҳужжатлар йиғма жилдини қайта ишлаш ва янгиланган материаллар тайёрлаш ишлари учун тўлов ундирилмайди.

33. Ажратиладиган ер участкасининг жойлашган жойи қайта кўриб чиқилгандан сўнг ва қайта ишланган материаллар олингач, Ишчи орган кейинги иш кунидан кечиктирмасдан ҳужжатлар йиғма жилдини ушбу Регламентнинг 23 — 30-бандларида белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун ваколатли ташкилотларга такроран юборади.

Бунда такроран юборилган ҳужжатлар йиғма жилди ваколатли ташкилотлар томонидан 2 иш куни ичида кўриб чиқилиши керак.

34. Ишчи орган қурилиш бош бошқармаси, Кенгашнинг ва ваколатли ташкилотларнинг ижобий хулосаларини олиб ва келишувларини олгандан кейин 2 иш куни ичида ҳужжатлар йиғма жилдини Ҳукумат комиссиясига тақдим этади.

3-боб. Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш

35. Ҳукумат комиссияси ҳужжатлар йиғма жилди келиб тушган кунидан кейинги иш кунидан кечикмаган ҳолда мезонларнинг муҳимлилик даражасини белгилаш ҳамда биринчи талабгорнинг аризасида кўрсатилган фаолият йўналиши бўйича муқобил таклиф қабул қилиш бўйича эълон бериш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ушбу қарор у қабул қилинган кундан кейинги иш кунидан кечикмаган ҳолда Ишчи органга юборилади.

36. Ишчи орган, Ҳукумат комиссияси қарори келиб тушган кунидан кейинги иш кунидан кечикмаган ҳолда, муқобил таклиф қабул қилиш бўйича ўзининг расмий веб-сайтида эълон жойлаштиради. Эълонда қуйидагилар кўрсатилади:

а) йирик инвестиция лойиҳаси йўналиши (фаолият тури);

б) таклиф этилаётган ер участкаси ҳақида маълумотлар (манзили, майдони ва бошқалар);

в) Ҳукумат комиссияси қарори билан белгиланган мезонларнинг муҳимлилик даражаси кетма-кетлиги;

г) таклифларни қабул қилишнинг тўхтатиладиган вақти ва санаси.

Йирик инвестиция лойиҳаси бўйича муқобил таклифлар ушбу Регламентнинг 13-14-бандларига мувофиқ тақдим этилади.

37. Эълон қўшимча равишда марказий оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши лозим.

38. Йирик инвестиция лойиҳасига муқобил таклифлар Ишчи органнинг расмий веб-сайтида эълон берилган кундан бошлаб 60 кун давомида (60-кун соат 24-00 га қадар) қабул қилинади.

Эълонда кўрсатилган муқобил таклифлар қабул қилишнинг вақти якунлангандан сўнг, таклифлар қабул қилинмайди.

Талабгорлар муқобил таклифлар қабул қилиш муддати давомида ўз муқобил таклифларини ўзгартириши ёки қайтариб олишга ҳақли.

39. Йирик инвестиция лойиҳасига берилган муқобил таклифлар ишчи орган томонидан ушбу Регламентнинг 15 ва 16-бандларида назарда тутилган тартибда ва муддатда Ҳукумат комиссиясига кўриб чиқиш учун киритилади.

Ишчи орган томонидан муқобил таклифлар ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

40. Ҳукумат комиссияси мажлислари, агар уларнинг ишида Ҳукумат комиссияси аъзоларининг умумий сонининг учдан икки қисми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.

Зарурат бўлганда, Ҳукумат комиссияси мажлисига лойиҳанинг хусусиятига қараб вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари таклиф қилинади.

Мажлисни ўтказишга кворум бўлмаган тақдирда, Ҳукумат комиссияси қарорига асосан мажлис бошқа кунга қолдирилади.

Ишчи орган Ҳукумат комиссияси мажлисини ўтказиш санаси ва жойи ҳақида ушбу мажлис ўтказиладиган кундан камида 2 кун олдин ўзининг расмий веб-сайтида эълон беради.

41. Ҳукумат комиссияси мажлисларида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиши мумкин, уларнинг иштирокини чеклашга йўл қўйилмайди.

42. Ҳукумат комиссияси мажлисини ўтказиш ваколатли бўлганда таклифлар талабгорларнинг иштирокида кўриб чиқилади ҳамда ушбу Регламентнинг 7-бандида кўрсатилган тартибда баҳоланади.

Бунда, белгиланган тартибда чақирилган талабгор Ҳукумат комиссияси мажлисига келмаган тақдирда, Ҳукумат комиссияси мажлиси давом эттирилиши мумкин.

Берилган балларнинг йиғиндисига кўра, энг юқори балл тўплаган таклиф йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича энг яхши таклиф деб танлаб олинади ҳамда қарор билан тасдиқланади.

43. Ҳукумат комиссияси қарорида қуйидагилар кўрсатилади:

а) комиссия раҳбари, комиссия аъзолари ҳамда кун тартиби тўғрисида маълумот;

б) йирик инвестиция лойиҳаси бўйича келиб тушган талабгорларнинг муқобил таклифлари тўғрисида маълумот;

в) комиссия аъзолари томонидан талабгорларнинг муқобил таклифларига берилган баллар тўғрисида маълумот;

г) ғолиб тўғрисида маълумот.

Ҳукумат комиссияси қарори комиссия раиси томонидан тасдиқланади.

44. Ҳукумат комиссияси мажлислари аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади ҳамда Ишчи органнинг расмий веб-сайтида реал вақт режимида трансляция қилинади.

45. Агар талабгорларнинг таклифларига берилган баллар тенг бўлиб қолса, улар орасидан биринчи даражали мезон бўйича юқори балл олган йирик инвестиция лойиҳаси танлаб олинади. Бунда ҳам берилган баллар тенг бўлиб қолса, давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали эрта ариза берган талабгор ғолиб деб топилади.

46. Ишчи орган Ҳукумат комиссияси қарори асосида ер участкасини ижарага бериш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжати лойиҳасини тайёрлайди ва белгиланган тартибда Ҳукуматга киритади.

Ер участкасини ижарага бериш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжати лойиҳасида мазкур Регламентнинг 5-бандидаги йирик инвестиция лойиҳаси бўйича таклифларни баҳолаш мезонларидан келиб чиқиб, инвестиция мажбуриятлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларида қонунчиликда белгиланган асосий шартлар асосида мазкур ер участкасида бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш, қурилишни бошлаш ва якунлаш ҳамда объектни фойдаланишга топшириш муддатлари кўрсатилади.

47. Ер участкасини ижарага бериш тўғрисидаги Ҳукуматга киритилган ҳужжат лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентида белгиланган тартибда қабул қилинади.

48. Ер участкасини ижарага бериш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжати қабул қилинган кундан бошлаб 1 иш куни ичида Ишчи органга юборилади.

Ишчи орган 1 иш куни ичида Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатини тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги ва ғолибга тақдим этади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳужжати ғолиб ва тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги ўртасида ер ижара шартномасини имзолаш учун асос ҳисобланади.

Туман (шаҳар) ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳужжати келиб тушган кундан бошлаб 3 иш куни ичида Ер ижара шартномасини тузиш бўйича ғолибга таклиф юборади. Ер ижара шартномасида ғолибнинг инвестиция мажбуриятлари ҳам акс эттирилади.

49. Ер ижара шартномаси имзоланган кундан кейинги иш куни унинг нусхалари туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан:

а) давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармаларига — ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун;

б) ишчи органга — инвестиция мажбуриятларини мониторинг қилиб бориш учун юборилади.

50. Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари Ўзбекистон Республикасининг «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги Қонуни асосида талабгор номига ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқининг ер ижара шартномаси келиб тушган кундан бошлаб икки иш куни ичида давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлайди.

Ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ушбу Регламентнинг 56-бандига мувофиқ тартибда ундирилади.

51. Ажратилган ер участкасида йирик инвестиция лойиҳасини амалга оширишни бошлашга ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин йўл қўйилади.

52. Вазирлар Маҳкамаси мустақил равишда ушбу Регламентнинг 5 ва 6-бандларида назарда тутилган мезонлар бўйича шартларни кўрсатган ҳолда йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича эълон беришга ҳақли.

Эълон бўйича таклифлар ушбу Регламентга мувофиқ тақдим этилади ва кўриб чиқилади.

53. Агар ушбу Регламентнинг 38-бандида назарда тутилган муддат ичида муқобил таклиф келиб тушмаса, биринчи таклифни берган талабгор ягона иштирокчи сифатида баҳоланмаган ҳолда ғолиб деб топилади.

56. Ер участкаси бўйича ҳужжатлар йиғма жилдини тайёрлаш, давлат экологик экспертизаси хулосасини олиш ҳамда ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ғолибнинг маблағлари ҳисобидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжати қабул қилинган кундан бошлаб 5 иш куни ичида қоплаб берилади.

4-боб. Ер участкасининг ижара муддатини узайтириш ҳамда ерга бўлган ҳуқуқ турини ўзгартириш тартиби

57. Ер участкасининг ижара муддатини узайтириш ҳамда ерга бўлган ҳуқуқ турини ўзгартиришга қуйидаги асосларга кўра йўл қўйилади:

а) инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилганлиги — ишчи органнинг ижобий хулосаси асосида;

б) ер қонунчилиги ҳужжатлари бузилишига йўл қўйилмаганлиги — Кадастр агентлигининг ижобий хулосаси асосида;

в) тупроқ унумдорлигининг пасаймаганлиги, унумдор қатлам олинмаганлиги, қишлоқ хўжалиги экинлари экилганлиги — Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ижобий хулосаси асосида, башарти ажратилган ер участкаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўлса.

58. Ғолиб ушбу Регламентнинг 8-бандида кўрсатилган ижара муддатининг камида учдан икки қисми ўтгандан сўнг, бироқ ижара муддати якунланишига камида 6 ой қолгунга қадар ер участкасининг ижара муддатини узайтириш ёки ерга бўлган ҳуқуқ турини ўзгартиришни сўраб ишчи органга ариза беришга ҳақли.

59. Ишчи орган:

а) 2 иш куни ичида ер участкасининг ижара муддатини узайтириш ёки ерга бўлган ҳуқуқ турини ўзгартириш юзасидан талабгорнинг аризасини кўриб чиқади ҳамда хулоса тақдим этиш учун Кадастр агентлиги ва (ёки) Қишлоқ хўжалиги вазирлигига сўров юборади;

б) 5 иш куни ичида инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилганлиги ёки бажарилмаганлиги тўғрисида хулоса тайёрлайди.

60. Сўров келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни мобайнида:

а) Кадастр агентлиги ердан фойдаланувчи томонидан ижара муддати давомида ер қонунчилиги ҳужжатлари бузилишига йўл қўйилганлиги ёки йўл қўйилмаганлиги тўғрисида;

б) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тупроқ унумдорлигининг пасайганлиги ёки пасаймаганлиги, унумдор қатлам олинганлиги ёки олинмаганлиги, қишлоқ хўжалиги экинлари экилганлиги ёки экилмаганлиги тўғрисида хулоса тайёрлайди ва ишчи органга юборади.

61. Ишчи орган талабгорнинг аризасини унга ўзининг ҳамда Кадастр агентлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хулосаларини илова қилган ҳолда Ҳукумат комиссиясига юборади.

62. Ҳукумат комиссияси талабгорнинг аризаси ва тақдим этилган хулосаларни 5 иш куни ичида кўриб чиқиб, ер участкасининг ижара муддатини узайтириш ёки ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ўзгартириш мақсадга мувофиқлигини кўриб чиқади.

63. Ушбу Регламентнинг 57-бандида назарда тутилган хулосаларнинг бири ёки бир нечтаси салбий бўлса, ер участкасининг ижара муддатини узайтириш мақсадга мувофиқ эмас деб топилишига асос ҳисобланади.

64. Қуйидагилар ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ўзгартириш мақсадга мувофиқ эмас деб топилишига асос ҳисобланади:

а) ушбу Регламентнинг 57-бандида назарда тутилган хулосаларнинг бири ёки бир нечтаси салбий бўлиши;

б) «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонунга асосан ер участкаси хусусийлаштирилмайдиган ер участкаси бўлганида ҳамда ижарачи ер участкаларини хусусийлаштириш субъектлари ҳисобланмаганда.

65. Ҳукумат комиссияси томонидан ер участкасининг ижара муддатини узайтириш ёки ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ўзгартириш мақсадга мувофиқ деб топилганда, ишчи орган тегишли ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади.

66. Вазирлар Маҳкамаси тегишли ер участкасининг ижара муддатини узайтириш ёки унга бўлган ижара ҳуқуқини «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонун талаблари асосида ўзгартирилиши тўғрисидаги ҳужжатни белгиланган тартибда қабул қилади ва унинг нусхаси ижарачига юборилишини таъминлайди.

67. Ижарачи Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжати асосида:

а) туман (шаҳар) ҳокимлиги билан ушбу Регламентнинг 8-бандида назарда тутилган муддатга ер ижара шартномаси тузади;

б) «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ ер участкасини хусусийлаштириши мумкин.

Бундай ҳолатда инвестиция мажбуриятлари юклатилмайди.

68. Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлайди.

5-боб. Инвестиция мажбуриятлари ижросини мониторинг қилиш тартиби

69. Инвестиция мажбуриятлари ижросининг мониторинги Ишчи органнинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

70. Ер участкасидан мақсадли ва самарали фойдаланиш устидан давлат назорати Кадастр агентлигининг, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари бўйича эса — Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

71. Ишчи орган, Кадастр агентлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бошқармалари биргаликда ҳар чоракда бир маротаба инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши ва инвестиция мажбуриятлари ижросини ҳамда ажратилган ер участкасидан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳолатларини мониторинг қилиб боради.

Ишчи органнинг ҳудудий бошқармалари инвестиция лойиҳаси ижросининг мониторинги амалга ошириладиган кун ва вақт ҳақида камида уч кун олдин талабгорни ёзма равишда хабардор қилиши шарт.

Мониторинг натижалари бўйича талабгор ҳамда Инвестиция вазирлиги, Кадастр агентлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бошқармалари вакиллари иштирокида мониторинг далолатномаси тузилади ҳамда тўрт нусхада тасдиқланади.

Мониторинг далолатномасининг бир нусхаси талабгорга топширилади ҳамда қолган учта нусхаси Инвестиция вазирлиги, Кадастр агентлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бошқармаларида сақланади.

72. Мониторинг давомида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ажратилган ер участкасидан белгилангандан кўра бошқа мақсадларда фойдаланиш ёки ер участкаси ўз вақтида фойдаланишга киритилмаганлиги, инвестиция мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги ҳолатлари аниқланганда ер участкасини ижарага бериш шартномаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилинади.

Мазкур Регламентга мувофиқ қўлга киритилган ер участкасида қурилган бино ва иншоотлар инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилмагунга қадар бегоналаштирилиши мумкин эмас. Инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилмасдан бино ва иншоотларни бегоналаштириш инвестиция мажбуриятларини бузиш деб баҳоланади ва ерга бўлган ҳуқуқни бекор қилишга асос бўлади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

73. Инвестиция мажбуриятлари доирасида юзага келган низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тарафларнинг ўзаро келишуви ёки суд тартибида ҳал этилади.

74. Талабгорлар ушбу Регламент талаблари бузилиши, Ишчи орган, Кадастр агентлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хулосалари ҳамда уларнинг ҳудудий бошқармалари мониторинг далолатномаси, Ҳукумат комиссияси қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилишлари мумкин.

75. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олишнинг маъмурий регламентига 1-ИЛОВА

Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар I. Ер участкасини танлаш ва ер участкасига оид материалларни тайёрлаш 1-босқич Талабгор Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали Ишчи органга ариза ва тегишли ҳужжатларни юборади. Заруратга кўра 2-босқич Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Талабгорнинг аризаси ва ҳужжатларини кўриб чиқади: 1. Ҳужжатларда камчиликлар аниқланса уларни кўрсатган ҳолда талабгорга қайтаради. 2. Ҳужжатларда камчиликлар аниқланмаса, Ҳукумат комиссиясига кўриб чиқиш учун киритади. 3 иш кунида 3-босқич Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси Ҳужжатларни концептуал жиҳатдан кўриб чиқади ва йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги бўйича қарор қабул қилади. 10 иш кунида Қабул қилинган қарорни Ишчи органнинг расмий веб-сайти ва ОАВда эълон қилади. (Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмаслиги бўйича қарор қабул қилинган тақдирда муқобил таклиф қабул қилиш бўйича эълон берилмайди ва танлов ўтказилмайди) Қарор қабул қилинган кундан кейинги иш кунидан кечикмай Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб қарор қабул қилинган тақдирда Давлат кадастрлари палатасига бўш турган ер участкасини аниқлаш бўйича сўров юборади. Қарор қабул қилинган кундан кейинги иш кунидан кечикмай 4-босқич Давлат кадастрлари палатаси Ер участкаси бўйича ҳужжатлар йиғма жилдини ва унга илова қилинадиган материалларни тайёрлайди ҳамда уларни Ишчи органга юборади. 20 иш кунида 5-босқич Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ер участкаси бўйича ҳужжатлар йиғма жилдини ва унга илова қилинадиган материалларни тегишли Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ихтисослаштирилган эксперт бўлинмаларига давлат экологик экспертизаси хулосасини олиш учун юборади. 2 иш кунида 6-босқич Давлат экология қўмитасининг ихтисослаштирилган эксперт бўлинмалари Давлат экологик экспертизасини ўтказади ва давлат экологик экспертизаси хулосасини Ишчи органга юборади. Қонунчиликда белгиланган муддатларда 7-босқич Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олгандан сўнг, уни ҳамда ер участкаси бўйича ҳужжатлар йиғма жилдини тегишли хулоса олиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасига юборади. 2 иш куни ичида 8-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасига Шаҳарсозлик ҳужжати мавжуд бўлган тақдирда ҳужжатлар йиғма жилдини кўриб чиқади, танланган ер участкаси бўйича хулоса тайёрлайди. 3 иш куни ичида Шаҳарсозлик ҳужжати мавжуд бўлмаган тақдирда эса ҳужжатлар йиғма жилдини ҳудудий архитектура шаҳарсозлик кенгашига юборади. Архитектура шаҳарсозлик кенгаши Ҳужжатлар йиғма жилдини кўриб чиқади ва материалларни келишади ҳамда уларни Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасига юборади. 5 иш куни ичида Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасига Ўз хулосасини ва Архитектура шаҳарсозлик кенгаши томонидан келишилган материалларни «YERELEKTRON» ААТ орқали электрон рақамли имзо билан тасдиқлаган ҳолда Ишчи органга юборади. 1 иш куни ичида 9-босқич Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ҳужжатлар йиғма жилдини ваколатли органларга хулоса олиш ва келишиш учун «YERELEKTRON» ААТ орқали юборади. 1 иш куни ичида 10-босқич Ваколатли ташкилотлар (Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Автомобиль йўллари қўмитаси, Кадастр агентлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, «Ўзсувтаъминот» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги, Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги) Ҳужжатлар йиғма жилдини ваколат доирасида «YERELEKTRON» ААТ орқали розилик резолюциясини қўйган ҳолда келишади ёки тегишли хулосалар юборади. 5 иш куни ичида 11-босқич Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ижобий хулосалар ҳамда розилик резолюциялари олингандан сўнг, уларни ҳамда ҳужжатлар йиғма жилдини Ҳукумат комиссиясига тақдим этади. 2 иш куни ичида II. Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги аниқлаш ва муқобил таклиф қабул қилиш бўйича эълон бериш 12-босқич Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси Мезонларнинг муҳимлилик даражасини белгилаш ҳамда муқобил таклиф қабул қилиш бўйича эълон бериш тўғрисида қарор қабул қилади. Қабул қилган қарорни Ишчи органга юборади. 1 иш куни ичида 1 иш куни ичида 13-босқич Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Муқобил таклиф қабул қилиш бўйича эълон беради. 1 иш куни ичида 14-босқич Талабгорлар Ишчи органга муқобил таклиф тақдим этади. 60 кун давомида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Талабгорларнинг муқобил таклифини кўриб чиқиб Ҳукумат комиссиясига юборади. Таклиф келиб тушган кундан бошлаб 3 иш куни ичида III. Таклифларни баҳолаш ва ғолибни аниқлаш 15-босқич Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ҳукумат комиссияси мажлисини ўтказиш санаси ва жойи ҳақида эълон беради. Мажлис ўтказиладиган кундан камида 2 кун олдин 16-босқич Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси Таклифларни талабгорларнинг иштирокида кўриб чиқади, баҳолайди, ғолибни аниқлайди ва тегишли қарор қабул қилади. (Ҳукумат комиссиясининг мажлислари жараёни аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади ҳамда Ишчи органнинг расмий веб-сайтида реал вақт режимида трансляция қилиб борилади) Мажлис давомида 17-босқич Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ҳукумат комиссияси қарори асосида ер участкаси ажратиш тўғрисида ҳужжат лойиҳасини тайёрлайди ва Вазирлар Маҳкамасига киритади. 2 иш куни ичида 18-босқич Вазирлар Маҳкамаси Ҳужжат лойиҳасини кўриб чиқади ва тасдиқлайди. 10 иш куни ичида Тасдиқланган қарорни Ишчи органга юборади. 1 иш куни ичида 19-босқич Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг қарорини тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги ва ғолибга тақдим этади. 1 иш куни ичида 20-босқич Туман (шаҳар) ҳокимлиги Ер ижара шартномасини тузиш бўйича ғолибга таклиф юборади. 3 иш куни ичида Имзоланган Ер ижара шартномасини нусхаларини: а) Давлат кадастрлари палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаларига — ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун; б) ишчи органга — инвестиция мажбуриятларини мониторинг қилиб бориш учун юборади. Шартномаси имзоланган кундан кейинги иш куни 21-босқич Давлат кадастрлари палатасининг тегишли ҳудудий бошқармалари Ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлайди. 2 иш куни ичида

Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олишнинг маъмурий регламентига 2-ИЛОВА

Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун танловда иштирок этиш бўйича

1 Ариза берувчи шахс: фуқаронинг Ф.И.О. ва паспорт маълумотлари ёки юридик шахснинг номи ва СТИР 2 Таклиф этилаётган фаолият тури: ариза берувчи томонидан кўрсатилади 3 Мезонлар бўйича таклиф: 3.1 киритиладиган (жалб қилинадиган) инвестиция миқдори АҚШ долларда кўрсатилади 3.2 ишлаб чиқариладиган жами маҳсулотлардан экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг улуши фоизда кўрсатилади 3.3 фаолиятида юқори технология ва илм-фан ютуқларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг умумий маҳсулотларига нисбатан улуши фоизда кўрсатилади 3.4 режалаштирилган йиллик товар айланмаси миқдори сўмда кўрсатилади 3.5 иш билан таъминланадиган фуқароларнинг ўртача йиллик сони рақамда кўрсатилади 3.6 ер участкаси қийматини баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланадиган бозор қийматига нисбатан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган коэффициентни бевосита ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ёхуд талабгор томонидан ташкил этилган (ташкил этиладиган) хўжалик жамиятининг устав фондига давлат улуши сифатида киритишга оид маълумот. рақамда кўрсатилади 4 * Туман (шаҳар) номи танланади 5 * Ер участкаси ҳажми (гектарда) рақамда кўрсатилади

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 21 сентябрь,

592-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.09.2021 й., 09/21/592/0896-сон, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон, 21.05.2022 й., 09/22/278/0439-сон; 14.07.2022 й., 09/22/385/0643-сон; 12.01.2023 й., 09/23/11/0018-сон; 11.08.2023 й., 09/23/353/0587-сон; 26.02.2024 й., 09/24/100/0152-сон; 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

MAʼMURIY REGLAMENTI

SXEMASI

ARIZA

Yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun eng yaxshi taklifni tanlab olishning maʼmuriy reglamentini tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yer munosabatlarida tenglik va shaffoflikni taʼminlash, yerga boʻlgan huquqlarni ishonchli himoya qilish va ularni bozor aktiviga aylantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 8-iyundagi PF-6243-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yer munosabatlarida tenglik va shaffoflikni taʼminlash, yerga boʻlgan huquqlarni ishonchli himoya qilish va ularni bozor aktiviga aylantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 8-iyundagi PF-6243-son Farmoniga muvofiq, eng yaxshi taklifni tanlash orqali aniqlanadigan, qiymati kamida 10 million AQSH dollari ekvivalentida (yer maydoni hajmiga koʻra ortib boradi) boʻlgan yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun Vazirlar Mahkamasiga, istisno tariqasida, yer uchastkalarini toʻgʻridan-toʻgʻri ijaraga berish huquqi berilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun eng yaxshi taklifni tanlab olishning maʼmuriy reglamenti 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun yer uchastkasini tanlash va takliflarni taqdim etish tartibi;

yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun eng yaxshi taklifni koʻrib chiqish tartibi, ularni tanlab olish bosqichlari va baholash mezonlari;

yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun eng yaxshi taklifni taqdim etgan talabgorlar ichida gʻolibni aniqlash tartibi;

yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun yer uchastkasini ijaraga berishda hujjatlarni rasmiylashtirish tartibi;

yirik investitsiya loyihasini amalga oshirishda investitsiya majburiyatlari ijrosini monitoring qilish tartibi.

3. Belgilansinki:

yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun eng yaxshi taklifni tanlab olish Tashqi savdo, investitsiyalar, mahalliy sanoatni rivojlantirish va texnik jihatdan tartibga solish masalalari boʻyicha Hukumat komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Hukumat komissiyasi) tomonidan amalga oshiriladi;

Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun eng yaxshi taklifni tanlab olish masalalari boʻyicha Hukumat komissiyasining ishchi organi hisoblanadi.

4. Hukumat komissiyasiga quyidagi qoʻshimcha vazifalar yuklansin:

yirik investitsiya loyihasini konseptual jihatdan koʻrib chiqish;

taklif etilayotgan loyihaning xususiyatidan kelib chiqib, eng yaxshi taklifni tanlab olish mezonlarining muhimlilik darajasini belgilash;

yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun eng yaxshi taklifni tanlab olish;

yer uchastkasining ijara muddatini uzaytirish yoki yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqini oʻzgartirish masalasini koʻrib chiqish.

5. Belgilab qoʻyilsinki:

yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish boʻyicha arizalar faqat davlat xizmatlari markazlari yoki Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali taqdim etiladi;

yakka tartibdagi uy-joy va koʻp kvartirali uylar qurilishini nazarda tutuvchi loyihalar yirik investitsiya loyihasi hisoblanmaydi va koʻrib chiqilmaydi;

tanlangan yerga boʻlgan huquqning bozor qiymatidan kam qiymatdagi yirik investitsiya loyihasi boʻyicha takliflar koʻrib chiqilmaydi.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda ikki hafta muddatda mazkur qaror talablaridan kelib chiqqan holda “YERELEKTRON” avtomatlashtirilgan axborot tizimini takomillashtirish choralarini koʻrsin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Davlat xizmatlari agentligi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda ikki hafta muddatda yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish boʻyicha arizalarni davlat xizmatlari markazlari va Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali qabul qilish imkoniyatini yaratsin va ishga tushirsin.

8. Belgilansinki, 2023-2024-yillarda Qoraqalpogʻiston Respublikasining Nukus shahrida qiymati 1 million AQSH dollari va undan ortiq ekvivalentdagi, qolgan tumanlarda qiymati 300 ming AQSH dollari va undan ortiq ekvivalentdagi investitsiya kiritish majburiyatini yuklagan holda loyiha tashabbuskorlariga yer uchastkalari ushbu qaror talablariga muvofiq Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi tomonidan belgilangan vaqtincha tartib asosida toʻgʻridan-toʻgʻri ijaraga beriladi.

Bunda mazkur qaror bilan tasdiqlangan Yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun eng yaxshi taklifni tanlab olishning maʼmuriy reglamenti talablari 2025-yil 1-yanvarga qadar ushbu bandning birinchi xatboshisida koʻrsatilgan munosabatlarga nisbatan tatbiq etilmaydi.

9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining investitsiyalar va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari — investitsiyalar va tashqi savdo vaziri S.U. Umurzakov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 21-sentabrdagi 592-son qaroriga 1-ILOVA

Yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun eng yaxshi taklifni tanlab olishning

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Reglament Vazirlar Mahkamasi tomonidan qiymati kamida 10 million AQSH dollari ekvivalentida boʻlgan yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun eng yaxshi taklifni tanlab olish va ushbu loyihani amalga oshirish uchun ijaraga yer uchastkasi berish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Reglamentda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

yer uchastkasi — yer fondining qayd etilgan chegaraga, maydonga, joylashish manziliga, huquqiy rejimga hamda davlat yer kadastrida aks ettiriladigan boshqa xususiyatlariga ega boʻlgan, jismoniy va yuridik shaxslarga ajratilmagan, davlat mulki sifatida davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan, qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan va qishloq xoʻjaligiga moʻljallanmagan qismi;

“YERELEKTRON” avtomatlashtirilgan axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — “YERELEKTRON” AAT) — yer uchastkalarini berish boʻyicha materiallarni toʻplash, koʻrib chiqish va unga kiritilgan vakolatli organlar hamda tashkilotlar bilan kelishish tartib-taomillarini amalga oshirish uchun avtomatlashtirilgan axborot tizimi;

ishchi organ — viloyatlar va Toshkent shahri hududlarida Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi hududida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi;

yirik investitsiya loyihasi — viloyatlar va Toshkent shahri hududlarida qiymati kamida 10 million AQSH dollari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi hududida qiymati kamida 5 million AQSH dollari ekvivalentida boʻlgan investitsiya loyihasi;

ochiq elektron portal — internet jahon axborot tarmogʻi orqali yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish maqsadida boʻsh turgan yer uchastkasini aniqlash, chegarasini belgilash imkonini beruvchi axborot tizimi;

talabgor — amalga oshirish uchun taklif sifatida yirik investitsiya loyihasini taqdim etgan jismoniy va yuridik shaxslar;

Hukumat komissiyasi — Tashqi savdo, investitsiyalar, mahalliy sanoatni rivojlantirish va texnik jihatdan tartibga solish masalalari boʻyicha Hukumat komissiyasi;

eng yaxshi taklif — Hukumat komissiyasi tomonidan belgilangan mezonlar asosida eng yuqori ball toʻplagan yirik investitsiya loyihasi;

gʻolib — eng yaxshi taklifni taqdim etgan talabgor.

3. Yirik investitsiya loyihasi doirasida:

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarda — faqat qishloq xoʻjaligi ishlab chiqarishi uchun qishloq xoʻjaligi maqsadlarida;

qishloq xoʻjaligiga moʻljallanmagan yerlarda — qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan har qanday faoliyatni amalga oshirish mumkin.

Yakka tartibdagi uy-joy va koʻp kvartirali uylar qurilishini nazarda tutuvchi loyihalar yirik investitsiya loyihasi hisoblanmaydi va koʻrib chiqilmaydi.

4. Tanlangan yer uchastkasiga boʻlgan huquqning bozor qiymatidan kam boʻlgan qiymatdagi yirik investitsiya loyihasi boʻyicha takliflar koʻrib chiqilmaydi.

Yer uchastkasiga boʻlgan huquqning bozor qiymatini aniqlash ushbu tanlangan yer uchastkasi joylashgan tuman (shahar)da soʻnggi 6 oy davomida elektron onlayn-auksion orqali realizatsiya qilingan yer uchastkalarining 0,01 gektar maydonining oʻrtacha narxidan kelib chiqib Davlat aktivlarini boshqarish agentligi tomonidan belgilanadi.

5. Yirik investitsiya loyihasi boʻyicha takliflar quyidagi mezonlar asosida baholanadi:

a) kiritiladigan (jalb qilinadigan) investitsiya miqdori;

b) ijara muddati davomida yer soligʻi (ijara toʻlovi) summasiga nisbatan qoʻllaniladigan, Oʻzbekiston Respublikasi Soliq kodeksiga muvofiq belgilanadigan stavkaga nisbatan oshiruvchi koeffitsiyent miqdori;

v) ishlab chiqariladigan jami mahsulotlardan eksport qilinadigan mahsulotlarning ulushi;

g) faoliyatida yuqori texnologiya va ilm-fan yutuqlaridan foydalangan holda ishlab chiqariladigan mahsulotlarning umumiy mahsulotlariga nisbatan ulushi;

d) rejalashtirilgan yillik tovar aylanmasi miqdori;

e) ish bilan taʼminlanadigan fuqarolarning oʻrtacha yillik soni;

j) yer uchastkasi qiymatini qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda bevosita yoki boʻlib-boʻlib toʻlash yoxud talabgor tomonidan tashkil etilgan (tashkil etiladigan) xoʻjalik jamiyatining ustav fondiga davlat ulushi sifatida kiritish. Bunda yer uchastkasi qiymatini baholovchi tashkilot tomonidan aniqlanadigan bozor qiymatiga nisbatan Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadigan koeffitsiyentni bevosita toʻlash majburiyatini olgan talabgorga birinchi darajali mezon sifatida “25” ball beriladi.

6. Maksimal ball 100 ga teng boʻlib, u muhimlilik darajasidan kelib chiqib mezonlar boʻyicha quyidagicha taqsimlanadi:

a) birinchi darajali mezonga “0” balldan “25” ballgacha;

b) ikkinchi darajali mezonga “0” balldan “25” ballgacha;

v) uchinchi darajali mezonga “0” balldan “20” ballgacha;

g) toʻrtinchi darajali mezonga “0” balldan “15” ballgacha;

d) beshinchi darajali mezonga “0” balldan “10” ballgacha;

e) oltinchi darajali mezonga “0” balldan “5” ballgacha.

Mezonlarning muhimlilik darajasi taklif etilayotgan loyihaning xususiyatidan kelib chiqib Hukumat komissiyasi tomonidan belgilanadi.

7. Mezonlar boʻyicha ball Hukumat komissiyasi tomonidan beriladi. Jami toʻplangan ball mezonlarning muhimlilik darajasidan kelib chiqib quyidagi formula asosida hisoblanadi:

T ball =(T tk /T maks )×M maks

bunda:

T ball — talabgorning baholanayotgan mezon boʻyicha olgan balli;

T tk — talabgorning tegishli mezon boʻyicha bergan taklifidagi koʻrsatkich;

T maks — talabgorlar tomonidan tegishli mezon boʻyicha berilgan takliflari orasidagi eng yuqori koʻrsatkich;

M maks — tegishli mezon boʻyicha Hukumat komissiyasi tomonidan muhimlilik darajasidan kelib chiqib belgilangan maksimal ball.

8. Yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun yer uchastkasi Vazirlar Mahkamasining hujjati asosida:

a) Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari va yuridik shaxslariga (chet el investitsiyalari ishtirokidagi korxonalar bundan mustasno):

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlar — 30 yil muddatga;

qishloq xoʻjaligiga moʻljallanmagan yerlar — 49 yildan oshmaydigan muddatga;

b) xorijiy jismoniy va yuridik shaxslarga, fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga, shuningdek chet el investitsiyalari ishtirokidagi korxonalarga 25 yilgacha boʻlgan muddatga ijaraga beriladi.

9. Yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun eng yaxshi taklifni tanlab olish ushbu Reglamentga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

10. Yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun eng yaxshi taklifni tanlab olish quyidagi uchta bosqichda amalga oshiriladi:

birinchi bosqich — yer uchastkasini tanlash va yer uchastkasiga oid materiallarni tayyorlash;

ikkinchi bosqich — yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish maqsadga muvofiqligini aniqlash va muqobil taklif qabul qilish boʻyicha eʼlon berish;

uchinchi bosqich — takliflarni baholash va gʻolibni aniqlash.

11. Boʻsh turgan yer uchastkasi boʻyicha hujjatlar yigʻma jildini tayyorlash Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligining Davlat kadastrlari palatasi (keyingi oʻrinlarda — Davlat kadastrlari palatasi) tomonidan “YERELEKTRON” AAT orqali amalga oshiriladi.

12. Yer uchastkasi boʻyicha hujjatlar yigʻma jildini tayyorlash uchun Davlat kadastrlari palatasi tomonidan Yer tuzish, davlat yer kadastri va yerlarni monitoring qilish boʻyicha loyiha-izlanish ishlariga ketadigan vaqtning namunaviy meʼyorlariga muvofiq haq ushbu Reglamentning 56-bandiga muvofiq tartibda qoplab beriladi.

Yer tuzish, davlat yer kadastri va yerlarni monitoring qilish boʻyicha loyiha-izlanish ishlariga ketadigan vaqtning namunaviy meʼyorlari Kadastr agentligi tomonidan tasdiqlanadi.

2-bob. Yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun yer uchastkasini tanlash va yer uchastkasi boʻyicha hujjatlar yigʻma jildini tayyorlash tartibi

13. Talabgor yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun Ishchi organga davlat xizmatlari markazlari yoki Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali ushbu Reglamentga 2-ilovaga muvofiq ariza bilan murojaat etadi.

Arizaga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:

yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish bosqichlari, usullari, mexanizmlari va asoslantirilgan hisob-kitob maʼlumotlari (biznes-reja);

talabgor tomonidan muqaddam muvaffaqiyatli amalga oshirilgan loyihalar toʻgʻrisida maʼlumot (portfolio);

yirik investitsiya loyihasi boʻyicha taqdimot materiallari.

Arizada yer uchastkasi qiymatini baholovchi tashkilot tomonidan aniqlanadigan bozor qiymatiga nisbatan Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadigan koeffitsiyentni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda bevosita yoki boʻlib-boʻlib toʻlash yoxud talabgor tomonidan tashkil etilgan (tashkil etiladigan) xoʻjalik jamiyatining ustav fondiga davlat ulushi sifatida kiritish koʻrsatiladi.

Kafolat mablagʻi kelib tushganligi axborot-kommunikatsiya tizimlari orqali tasdiqlangandan soʻng ariza va unga ilova qilingan hujjatlar Ishchi organga avtomatik ravishda yuboriladi.

14. Ariza davlat xizmatlari markazlari orqali taqdim etilganda murojaatchidan bazaviy hisoblash miqdorining bir baravari miqdorida yigʻim undiriladi.

Ariza Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali taqdim etilganda, murojaatchidan Davlat xizmatlari markazlari orqali murojaat etganda toʻlanadigan summaning 90 foizi miqdorida yigʻim toʻlanadi.

Yigʻim summasi quyidagi tartibda taqsimlanadi:

a) davlat xizmatlari markazlariga oʻzi kelib murojaat etganda:

20 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasiga oʻtkaziladi;

60 foizi — Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetiga;

0,5 foizi — toʻlovlarni tasdiqlash Yagona billing tizimi orqali amalga oshirilganligi uchun Axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish jamgʻarmasining Elektron hukumat va raqamli iqtisodiyotning idoralararo loyihalarini moliyalashtirish boʻyicha maxsus hisobvaragʻiga;

qolgan mablagʻlar — Ishchi organning hisobvaragʻiga oʻtkaziladi;

b) YIDXP orqali murojaat etilganda:

10 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasiga oʻtkaziladi;

11,25 foizi — Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalidan foydalanganlik uchun Axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish jamgʻarmasining Elektron hukumat va raqamli iqtisodiyotning idoralararo loyihalarini moliyalashtirish boʻyicha maxsus hisobvaragʻiga;

0,5 foizi — toʻlovlarni tasdiqlash Yagona billing tizimi orqali amalga oshirilganligi uchun Axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish jamgʻarmasining Elektron hukumat va raqamli iqtisodiyotning idoralararo loyihalarini moliyalashtirish boʻyicha maxsus hisobvaragʻiga;

55 foizi — Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetiga;

qolgan mablagʻlar — Ishchi organning hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.

Davlat xizmatlari koʻrsatilganda yigʻim toʻlanganligini tasdiqlash Yagona billing tizimi orqali amalga oshiriladi.

Ariza qaytarib olinganda yoki talabgor gʻolib deb topilmaganda ushbu yigʻim summasi qaytarib berilmaydi.

15. Ishchi organ kelib tushgan ariza va unga ilova qilingan hujjatlarni 3 ish kuni ichida koʻrib chiqadi.

Ushbu Reglamentning 13-bandida qayd etilgan barcha hujjatlar toʻliq mavjud boʻlmasa, Ishchi organ hujjatlarni talabgorga bartaraf etilishi lozim boʻlgan kamchiliklarni koʻrsatgan holda qaytaradi.

Ushbu bandning ikkinchi xatboshisida nazarda tutilgan holatlardan boshqa asoslarga koʻra hujjatlarni qaytarishga yoʻl qoʻyilmaydi.

16. Talabgor tomonidan taqdim etilgan hujjatlarda kamchiliklar aniqlanmasa, Ishchi organ yirik investitsiya loyihasini Hukumat komissiyasiga koʻrib chiqish uchun kiritadi.

17. Hukumat komissiyasi yirik investitsiya loyihasi kelib tushgan kundan boshlab 10 ish kuni ichida ushbu loyihani konseptual jihatdan koʻrib chiqadi va uni amalga oshirish maqsadga muvofiqligi yoki maqsadga muvofiq emasligi boʻyicha aniq asos va sabablarni koʻrsatgan holda qaror qabul qiladi.

Hukumat komissiyasining qarorlari u qabul qilingan kundan keyingi ish kunidan kechikmagan holda Ishchi organning rasmiy veb-sayti va ommaviy axborot vositalarida davlat tilida, rus va ingliz tillarida eʼlon qilinadi.

18. Hukumat komissiyasi tomonidan yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish maqsadga muvofiq emasligi boʻyicha qaror qabul qilingan taqdirda, muqobil taklif qabul qilish boʻyicha eʼlon berilmaydi va tanlov oʻtkazilmaydi.

Bunda, talabgor yirik investitsiya loyihasi va uni amalga oshirish uchun tanlangan yer uchastkasini qayta koʻrib chiqib, umumiy tartibda qayta murojaat etishi mumkin.

19. Hukumat komissiyasi yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish maqsadga muvofiq deb qaror qabul qilgan taqdirda ushbu qaror qabul qilingan kundan keyingi ish kunidan kechikmagan holda Davlat kadastrlari palatasiga ariza boʻyicha boʻsh turgan yer uchastkasini aniqlash boʻyicha soʻrov yuboradi.

20. Davlat kadastrlari palatasi soʻrov kelib tushgan kundan boshlab 20 ish kuni ichida elektron shaklda yer uchastkasi boʻyicha hujjatlar yigʻma jildini tayyorlaydi va uni Ishchi organga yuboradi.

Yer uchastkasi boʻyicha hujjatlar yigʻma jildiga (keyingi oʻrinlarda — hujjatlar yigʻma jildi) quyidagilar ilova qilinadi:

yer uchastkasi, jumladan, maydoni (gektarda), yer uchastkasining yer fondi toifasi, mavjud majburiyatlar, qaysi maqsadga moʻljallanayotganligi, zarur holda ball boniteti va boshqalar haqida qisqacha maʼlumot;

yer uchastkasini topografik xaritada (koordinatali nuqtalari bilan), yer uchastkasining chegaralari va manzillarini (aholi punkti va koʻchalar, koʻcha boʻlmaganda esa — mavjud obyektdan metr hisobidagi masofa koʻrsatiladi) hamda yer osti va yer usti muhandislik tarmoqlari M 1:500 dan M 1:1000 gacha kattalikda koʻrsatilgan holda joylashtirish rejasi;

chegaradosh yer uchastkalaridan foydalanish turlari koʻrsatilgan vaziyat bilan bogʻliq sxema;

yer uchastkasining kamida ikki tomondan oʻrab turgan obyektlar bilan birgalikdagi fotosurati (15x20 sm);

loyihalashtirilayotgan obyektlar boʻyicha — atrof muhitga taʼsir koʻrsatilishi toʻgʻrisidagi bayonot loyihasi.

21. Ishchi organ ushbu Reglamentning 20-bandida nazarda tutilgan hujjatlar yigʻma jildini olgandan soʻng, 2 ish kuni ichida Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasining ixtisoslashtirilgan ekspert boʻlinmalariga davlat ekologik ekspertizasi xulosasini olish uchun yuboradi. Davlat ekologik ekspertizasi xulosasini olish bilan bogʻliq xarajatlar ushbu Reglamentning 56-bandiga muvofiq tartibda qoplab beriladi.

Davlat ekologik ekspertizasini oʻtkazish Davlat ekologiya qoʻmitasining ixtisoslashtirilgan ekspert boʻlinmalari tomonidan qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi va davlat ekologik ekspertizasi xulosasini Ishchi organga yuboradi.

Davlat ekologik ekspertizasi xulosasi ijobiy yoki salbiy boʻlishi mumkin.

Salbiy xulosada qonunchilik normalariga tayangan holda yer uchastkasini ajratish imkoni yoʻqligining asoslangan aniq sabablari koʻrsatiladi.

Bunda, boshqa yer uchastkasi boʻyicha hujjatlar yigʻma jildini tayyorlash umumiy tartibda amalga oshiriladi.

22. Ishchi organ davlat ekologik ekspertizasining ijobiy xulosasini olgandan soʻng, uni hamda hujjatlar yigʻma jildini 2 ish kuni ichida tegishli xulosa olish uchun Qoraqalpogʻiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, viloyatlar qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi va Toshkent shahar qurilish bosh boshqarmasiga (keyingi oʻrinlarda — qurilish bosh boshqarmasi) yuboradi.

23. Shaharsozlik hujjati mavjud boʻlgan taqdirda, qurilish bosh boshqarmasi 3 ish kuni ichida hujjatlar yigʻma jildini koʻrib chiqadi, tanlangan yer uchastkasi boʻyicha xulosa tayyorlaydi.

Xulosada shaharsozlik faoliyatini texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga rioya etish talablari bayon etiladi.

24. Shaharsozlik hujjatlari mavjud boʻlmagan taqdirda, qurilish bosh boshqarmasi Ishchi organdan hujjatlar yigʻma jildini olgandan soʻng 3 ish kunidan kechiktirmasdan uni koʻrib chiqadi hamda oʻz xulosasini ilova qilgan holda, hududiy arxitektura shaharsozlik kengashiga (keyingi oʻrinlarda — Kengash) kelishish uchun yuboradi.

Kengash 5 ish kunidan kechiktirmasdan navbatdagi majlisda hujjatlar yigʻma jildini koʻrib chiqadi hamda materiallarni elektron raqamli imzosini qoʻyish yoʻli bilan kelishadi hamda kelishilgan materiallarni qurilish bosh boshqarmasiga yuboriladi.

25. Qurilish bosh boshqarmasi oʻz xulosasini va Kengash tomonidan kelishilgan materiallarni “YERELEKTRON” AAT orqali elektron shaklda 1 ish kuni ichida Ishchi organga elektron raqamli imzo bilan tasdiqlangan hujjat shaklida yuboradi.

Bunda xulosa ijobiy yoki salbiy boʻlishi mumkin.

Ijobiy xulosada yer uchastkasidan foydalanish huquqi egasiga nisbatan shaharsozlik faoliyatini texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga rioya etish talablari bayon etiladi.

Salbiy xulosada qonunchilik normalariga tayangan holda yer uchastkasini ajratish imkoni yoʻqligining asoslangan sabablari koʻrsatiladi hamda tegishli yer uchastkasini boshqa mos keladigan joydan tanlash haqida taklif beriladi.

Kengash materiallarni kelishishdan bosh tortgan taqdirda, qurilish bosh boshqarmasiga Kengash yigʻilishining bayonnomasi rad etishni asoslagan va qonunchilik hujjati normasini aniq koʻrsatgan holda, yer uchastkasi joyini koʻchirish haqidagi taklif bilan yuboriladi.

26. Qurilish bosh boshqarmasi salbiy xulosa bergan yoki Kengash bilan kelishish rad etilgan taqdirda, Ishchi organ yer uchastkasi materiallarini qayta ishlash, shu jumladan berilgan xulosaga muvofiq ajratiladigan yer uchastkasi joylashuvini oʻzgartirish (kelishishni rad etish sabablarini asoslagan holda) huquqiga ega.

Bunda, Ishchi organ 2 ish kuni ichida qurilish bosh boshqarmasining salbiy xulosasi yoki Kengashning kelishishni rad etish bayon qilingan taklifni koʻrib chiqadi hamda hujjatlar yigʻma jildini qurilish bosh boshqarmasining xulosasi yoki Kengash yigʻilishining bayonnomasini ilova qilgan holda Davlat kadastrlari palatasi hududiy boshqarmasiga qayta ishlash uchun yuboradi.

Davlat kadastrlari palatasi hududiy boshqarmasi 10 ish kuni ichida hujjatlar yigʻma jildini qayta ishlaydi, hujjatlar yigʻma jildini shakllantiradi va uni Ishchi organga takroran yuboradi.

Bunda yangilangan hujjatlar yigʻma jildini qayta ishlash va tayyorlash boʻyicha ishlar uchun haq undirilmaydi.

Ishchi organ hujjatlar yigʻma jildini olgandan keyin 1 ish kuni ichida uni qurilish bosh boshqarmasiga mazkur Reglamentning 23 va 24-bandlarida belgilangan tartibda xulosa olish yoki Kengash kelishuvini olish uchun takroran yuboradi.

27. Qurilish bosh boshqarmasi ijobiy xulosasi yoki Kengash bilan elektron shaklda kelishuvi olingan kundan keyin 1 ish kuni ichida Ishchi organ hujjatlar yigʻma jildini quyidagi vakolatli tashkilotlarga yuboradi:

a) xulosa olish uchun quyidagi davlat organlari va tashkilotlarining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahridagi hududiy boʻlinmalariga:

Davlat soliq qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligi;

Favqulodda vaziyatlar vazirligi;

Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi xizmati;

Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasi;

Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi;

“Oʻzsuvtaʼminot” AJ;

“Hududiy elektr tarmoqlari” AJ;

“Hududgaztaʼminot” AJ;

“Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ;

“Oʻztransgaz” AJ;

b) kelishish uchun:

Turizm va madaniy meros vazirligi huzuridagi Madaniy meros agentligining hududiy boshqarmasiga — madaniy meros yodgorliklari muhofaza qilinadigan zonada joylashgan yer uchastkalari boʻyicha;

tegishli hududlar va inshootlardan rejim asosida foydalanadigan hamda ulardan foydalanadigan tashkilotga — boʻsh yer uchastkalari sanoat yerlari, temir yoʻllar va avtomobil yoʻllari, aloqa, mudofaa va boshqa maqsadlardagi yerlar tarkibiga kirgan hududlarda joylashganda;

Ichki ishlar vazirligi Davlat yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining hududiy organlariga — boʻsh yer uchastkasi avtomobil turar joylari va yoʻl harakati xavfsizligiga taʼsir qiladigan boshqa obyektlar uchun ajratilganda;

Turizm va sport vazirligining hududiy bosh boshqarmasiga — turizm infratuzilmasini rivojlantirish uchun belgilangan va turistik rekreatsion zonalarda joylashgan yer uchastkalari boʻyicha.

Yer uchastkalarining joylashuvi ularning bosh rejalarida, shuningdek, batafsil rejalashtirish loyihalarida belgilangan hamda shaharsozlik faoliyatini tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda nazarda tutilgan funksional maqsadiga mos keladigan aholi punktlaridagi yer uchastkalariga oid materiallar boʻyicha sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi xizmatining hamda Davlat yongʻin nazorati organining xulosalarini olish talab etilmaydi.

28. Vakolatli tashkilotlar hujjatlar yigʻma jildi kelib tushgan kundan boshlab 5 ish kuni ichida hujjatlar yigʻma jildini kelishadi yoki tegishli xulosalar beradi.

29. Vakolatli tashkilotning xulosasi “YERELEKTRON” AAT orqali elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlangan elektron shaklda yoki xulosaning koʻchirilgan nusxasi tarzida Ishchi organga yuboriladi. Bunda ijobiy yoki salbiy xulosa berilishi mumkin.

Ijobiy xulosada yer uchastkasidan foydalanish huquqi egasiga nisbatan shaharsozlik, sanitariya, tabiatni muhofaza qilish, yongʻinga qarshi va boshqa faoliyatini tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga rioya etish talablari bayon etiladi.

Salbiy xulosada qonunchilik hujjatining aniq normasiga tayangan holda boʻsh yer uchastkasini ajratish imkoni yoʻqligining asoslangan sabablari koʻrsatiladi.

30. Yer uchastkalari boʻyicha materiallarni kelishish tegishli yer uchastkasi boʻyicha rozilik rezolyutsiyasini vakolatli tashkilotning elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlash yoʻli bilan “YERELEKTRON” AAT orqali amalga oshiriladi.

Kelishuv hech qanday izohlar va shartlarsiz amalga oshiriladi.

Kelishuv rad etilgan holatda, Ishchi organga “YERELEKTRON” AAT orqali vakolatli tashkilotning elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlangan elektron hujjat tarzda xat yoki xatning koʻchirilgan nusxasi qonunchilik hujjatlarining aniq normasiga tayangan holda, boʻsh yer uchastkasini ajratish imkoni yoʻqligining asoslangan sabablari koʻrsatib yuboriladi.

31. Vakolatli tashkilot bilan kelishilmaganda yoki salbiy xulosa olinganda, Ishchi organ hujjatlar yigʻma jildini qayta ishlab, ularni ushbu Reglamentga muvofiq takroran kelishish (ular boʻyicha xulosa olish) huquqiga ega.

32. Vakolatli tashkilotlar salbiy xulosa bergan taqdirda yoki kelishuvni rad etish toʻgʻrisida xat yoʻllagan taqdirda, Ishchi organ vakolatli tashkilotlarning eʼtirozlaridan kelib chiqqan holda, 3 ish kuni ichida yer uchastkasining joylashgan joyini va hujjatlar yigʻma jildini qayta koʻrib chiqib, vakolatli tashkilotlarning xulosa va xatlarini ilova qilgan holda, ularni Davlat kadastrlari palatasiga qayta ishlash uchun yuboradi.

Bunda, Davlat kadastrlari palatasi 3 ish kuni ichida hujjatlar yigʻma jildini qayta ishlaydi hamda Ishchi organga takroran yuboradi. Hujjatlar yigʻma jildini qayta ishlash va yangilangan materiallar tayyorlash ishlari uchun toʻlov undirilmaydi.

33. Ajratiladigan yer uchastkasining joylashgan joyi qayta koʻrib chiqilgandan soʻng va qayta ishlangan materiallar olingach, Ishchi organ keyingi ish kunidan kechiktirmasdan hujjatlar yigʻma jildini ushbu Reglamentning 23 — 30-bandlarida belgilangan tartibda koʻrib chiqish uchun vakolatli tashkilotlarga takroran yuboradi.

Bunda takroran yuborilgan hujjatlar yigʻma jildi vakolatli tashkilotlar tomonidan 2 ish kuni ichida koʻrib chiqilishi kerak.

34. Ishchi organ qurilish bosh boshqarmasi, Kengashning va vakolatli tashkilotlarning ijobiy xulosalarini olib va kelishuvlarini olgandan keyin 2 ish kuni ichida hujjatlar yigʻma jildini Hukumat komissiyasiga taqdim etadi.

3-bob. Yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun eng yaxshi taklifni tanlab olish

35. Hukumat komissiyasi hujjatlar yigʻma jildi kelib tushgan kunidan keyingi ish kunidan kechikmagan holda mezonlarning muhimlilik darajasini belgilash hamda birinchi talabgorning arizasida koʻrsatilgan faoliyat yoʻnalishi boʻyicha muqobil taklif qabul qilish boʻyicha eʼlon berish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

Ushbu qaror u qabul qilingan kundan keyingi ish kunidan kechikmagan holda Ishchi organga yuboriladi.

36. Ishchi organ, Hukumat komissiyasi qarori kelib tushgan kunidan keyingi ish kunidan kechikmagan holda, muqobil taklif qabul qilish boʻyicha oʻzining rasmiy veb-saytida eʼlon joylashtiradi. Eʼlonda quyidagilar koʻrsatiladi:

a) yirik investitsiya loyihasi yoʻnalishi (faoliyat turi);

b) taklif etilayotgan yer uchastkasi haqida maʼlumotlar (manzili, maydoni va boshqalar);

v) Hukumat komissiyasi qarori bilan belgilangan mezonlarning muhimlilik darajasi ketma-ketligi;

g) takliflarni qabul qilishning toʻxtatiladigan vaqti va sanasi.

Yirik investitsiya loyihasi boʻyicha muqobil takliflar ushbu Reglamentning 13-14-bandlariga muvofiq taqdim etiladi.

37. Eʼlon qoʻshimcha ravishda markaziy ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinishi lozim.

38. Yirik investitsiya loyihasiga muqobil takliflar Ishchi organning rasmiy veb-saytida eʼlon berilgan kundan boshlab 60 kun davomida (60-kun soat 24-00 ga qadar) qabul qilinadi.

Eʼlonda koʻrsatilgan muqobil takliflar qabul qilishning vaqti yakunlangandan soʻng, takliflar qabul qilinmaydi.

Talabgorlar muqobil takliflar qabul qilish muddati davomida oʻz muqobil takliflarini oʻzgartirishi yoki qaytarib olishga haqli.

39. Yirik investitsiya loyihasiga berilgan muqobil takliflar ishchi organ tomonidan ushbu Reglamentning 15 va 16-bandlarida nazarda tutilgan tartibda va muddatda Hukumat komissiyasiga koʻrib chiqish uchun kiritiladi.

Ishchi organ tomonidan muqobil takliflar oshkor etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

40. Hukumat komissiyasi majlislari, agar ularning ishida Hukumat komissiyasi aʼzolarining umumiy sonining uchdan ikki qismi ishtirok etsa, vakolatli hisoblanadi.

Zarurat boʻlganda, Hukumat komissiyasi majlisiga loyihaning xususiyatiga qarab vazirlik va idoralar, jamoat tashkilotlari, xoʻjalik birlashmalari va boshqa tashkilotlarning rahbarlari taklif qilinadi.

Majlisni oʻtkazishga kvorum boʻlmagan taqdirda, Hukumat komissiyasi qaroriga asosan majlis boshqa kunga qoldiriladi.

Ishchi organ Hukumat komissiyasi majlisini oʻtkazish sanasi va joyi haqida ushbu majlis oʻtkaziladigan kundan kamida 2 kun oldin oʻzining rasmiy veb-saytida eʼlon beradi.

41. Hukumat komissiyasi majlislarida ommaviy axborot vositalari vakillari ishtirok etishi mumkin, ularning ishtirokini cheklashga yoʻl qoʻyilmaydi.

42. Hukumat komissiyasi majlisini oʻtkazish vakolatli boʻlganda takliflar talabgorlarning ishtirokida koʻrib chiqiladi hamda ushbu Reglamentning 7-bandida koʻrsatilgan tartibda baholanadi.

Bunda, belgilangan tartibda chaqirilgan talabgor Hukumat komissiyasi majlisiga kelmagan taqdirda, Hukumat komissiyasi majlisi davom ettirilishi mumkin.

Berilgan ballarning yigʻindisiga koʻra, eng yuqori ball toʻplagan taklif yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish boʻyicha eng yaxshi taklif deb tanlab olinadi hamda qaror bilan tasdiqlanadi.

43. Hukumat komissiyasi qarorida quyidagilar koʻrsatiladi:

a) komissiya rahbari, komissiya aʼzolari hamda kun tartibi toʻgʻrisida maʼlumot;

b) yirik investitsiya loyihasi boʻyicha kelib tushgan talabgorlarning muqobil takliflari toʻgʻrisida maʼlumot;

v) komissiya aʼzolari tomonidan talabgorlarning muqobil takliflariga berilgan ballar toʻgʻrisida maʼlumot;

g) gʻolib toʻgʻrisida maʼlumot.

Hukumat komissiyasi qarori komissiya raisi tomonidan tasdiqlanadi.

44. Hukumat komissiyasi majlislari audio va videoyozuvlarda qayd etib boriladi hamda Ishchi organning rasmiy veb-saytida real vaqt rejimida translyatsiya qilinadi.

45. Agar talabgorlarning takliflariga berilgan ballar teng boʻlib qolsa, ular orasidan birinchi darajali mezon boʻyicha yuqori ball olgan yirik investitsiya loyihasi tanlab olinadi. Bunda ham berilgan ballar teng boʻlib qolsa, davlat xizmatlari markazlari yoki Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali erta ariza bergan talabgor gʻolib deb topiladi.

46. Ishchi organ Hukumat komissiyasi qarori asosida yer uchastkasini ijaraga berish toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasining hujjati loyihasini tayyorlaydi va belgilangan tartibda Hukumatga kiritadi.

Yer uchastkasini ijaraga berish toʻgʻrisidagi Vazirlar Mahkamasining hujjati loyihasida mazkur Reglamentning 5-bandidagi yirik investitsiya loyihasi boʻyicha takliflarni baholash mezonlaridan kelib chiqib, investitsiya majburiyatlari va qishloq xoʻjaligiga moʻljallanmagan yer uchastkalarida qonunchilikda belgilangan asosiy shartlar asosida mazkur yer uchastkasida bino va inshootlarni loyihalashtirish, qurilishni boshlash va yakunlash hamda obyektni foydalanishga topshirish muddatlari koʻrsatiladi.

47. Yer uchastkasini ijaraga berish toʻgʻrisidagi Hukumatga kiritilgan hujjat loyihasi Vazirlar Mahkamasi Reglamentida belgilangan tartibda qabul qilinadi.

48. Yer uchastkasini ijaraga berish toʻgʻrisidagi Vazirlar Mahkamasining hujjati qabul qilingan kundan boshlab 1 ish kuni ichida Ishchi organga yuboriladi.

Ishchi organ 1 ish kuni ichida Vazirlar Mahkamasi hujjatini tegishli tuman (shahar) hokimligi va gʻolibga taqdim etadi.

Vazirlar Mahkamasi hujjati gʻolib va tegishli tuman (shahar) hokimligi oʻrtasida yer ijara shartnomasini imzolash uchun asos hisoblanadi.

Tuman (shahar) hokimligi Vazirlar Mahkamasi hujjati kelib tushgan kundan boshlab 3 ish kuni ichida Yer ijara shartnomasini tuzish boʻyicha gʻolibga taklif yuboradi. Yer ijara shartnomasida gʻolibning investitsiya majburiyatlari ham aks ettiriladi.

49. Yer ijara shartnomasi imzolangan kundan keyingi ish kuni uning nusxalari tuman (shahar) hokimligi tomonidan:

a) davlat kadastrlari palatasining hududiy boshqarmalariga — yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqini davlat roʻyxatidan oʻtkazish uchun;

b) ishchi organga — investitsiya majburiyatlarini monitoring qilib borish uchun yuboriladi.

50. Davlat kadastrlari palatasining hududiy boshqarmalari Oʻzbekiston Respublikasining “Koʻchmas mulkka boʻlgan huquqlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish toʻgʻrisida”gi Qonuni asosida talabgor nomiga yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqining yer ijara shartnomasi kelib tushgan kundan boshlab ikki ish kuni ichida davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlaydi.

Yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqini davlat roʻyxatidan oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar ushbu Reglamentning 56-bandiga muvofiq tartibda undiriladi.

51. Ajratilgan yer uchastkasida yirik investitsiya loyihasini amalga oshirishni boshlashga yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqi davlat roʻyxatidan oʻtkazilgandan keyin yoʻl qoʻyiladi.

52. Vazirlar Mahkamasi mustaqil ravishda ushbu Reglamentning 5 va 6-bandlarida nazarda tutilgan mezonlar boʻyicha shartlarni koʻrsatgan holda yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish boʻyicha eʼlon berishga haqli.

Eʼlon boʻyicha takliflar ushbu Reglamentga muvofiq taqdim etiladi va koʻrib chiqiladi.

53. Agar ushbu Reglamentning 38-bandida nazarda tutilgan muddat ichida muqobil taklif kelib tushmasa, birinchi taklifni bergan talabgor yagona ishtirokchi sifatida baholanmagan holda gʻolib deb topiladi.

56. Yer uchastkasi boʻyicha hujjatlar yigʻma jildini tayyorlash, davlat ekologik ekspertizasi xulosasini olish hamda yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqini davlat roʻyxatidan oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar gʻolibning mablagʻlari hisobidan Vazirlar Mahkamasining hujjati qabul qilingan kundan boshlab 5 ish kuni ichida qoplab beriladi.

4-bob. Yer uchastkasining ijara muddatini uzaytirish hamda yerga boʻlgan huquq turini oʻzgartirish tartibi

57. Yer uchastkasining ijara muddatini uzaytirish hamda yerga boʻlgan huquq turini oʻzgartirishga quyidagi asoslarga koʻra yoʻl qoʻyiladi:

a) investitsiya majburiyatlari toʻliq bajarilganligi — ishchi organning ijobiy xulosasi asosida;

b) yer qonunchiligi hujjatlari buzilishiga yoʻl qoʻyilmaganligi — Kadastr agentligining ijobiy xulosasi asosida;

v) tuproq unumdorligining pasaymaganligi, unumdor qatlam olinmaganligi, qishloq xoʻjaligi ekinlari ekilganligi — Qishloq xoʻjaligi vazirligining ijobiy xulosasi asosida, basharti ajratilgan yer uchastkasi qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlar boʻlsa.

58. Gʻolib ushbu Reglamentning 8-bandida koʻrsatilgan ijara muddatining kamida uchdan ikki qismi oʻtgandan soʻng, biroq ijara muddati yakunlanishiga kamida 6 oy qolgunga qadar yer uchastkasining ijara muddatini uzaytirish yoki yerga boʻlgan huquq turini oʻzgartirishni soʻrab ishchi organga ariza berishga haqli.

59. Ishchi organ:

a) 2 ish kuni ichida yer uchastkasining ijara muddatini uzaytirish yoki yerga boʻlgan huquq turini oʻzgartirish yuzasidan talabgorning arizasini koʻrib chiqadi hamda xulosa taqdim etish uchun Kadastr agentligi va (yoki) Qishloq xoʻjaligi vazirligiga soʻrov yuboradi;

b) 5 ish kuni ichida investitsiya majburiyatlari toʻliq bajarilganligi yoki bajarilmaganligi toʻgʻrisida xulosa tayyorlaydi.

60. Soʻrov kelib tushgan kundan boshlab 5 ish kuni mobaynida:

a) Kadastr agentligi yerdan foydalanuvchi tomonidan ijara muddati davomida yer qonunchiligi hujjatlari buzilishiga yoʻl qoʻyilganligi yoki yoʻl qoʻyilmaganligi toʻgʻrisida;

b) Qishloq xoʻjaligi vazirligi tuproq unumdorligining pasayganligi yoki pasaymaganligi, unumdor qatlam olinganligi yoki olinmaganligi, qishloq xoʻjaligi ekinlari ekilganligi yoki ekilmaganligi toʻgʻrisida xulosa tayyorlaydi va ishchi organga yuboradi.

61. Ishchi organ talabgorning arizasini unga oʻzining hamda Kadastr agentligi hamda Qishloq xoʻjaligi vazirligining xulosalarini ilova qilgan holda Hukumat komissiyasiga yuboradi.

62. Hukumat komissiyasi talabgorning arizasi va taqdim etilgan xulosalarni 5 ish kuni ichida koʻrib chiqib, yer uchastkasining ijara muddatini uzaytirish yoki yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqini oʻzgartirish maqsadga muvofiqligini koʻrib chiqadi.

63. Ushbu Reglamentning 57-bandida nazarda tutilgan xulosalarning biri yoki bir nechtasi salbiy boʻlsa, yer uchastkasining ijara muddatini uzaytirish maqsadga muvofiq emas deb topilishiga asos hisoblanadi.

64. Quyidagilar yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqini oʻzgartirish maqsadga muvofiq emas deb topilishiga asos hisoblanadi:

a) ushbu Reglamentning 57-bandida nazarda tutilgan xulosalarning biri yoki bir nechtasi salbiy boʻlishi;

b) “Qishloq xoʻjaligiga moʻljallanmagan yer uchastkalarini xususiylashtirish toʻgʻrisida”gi Qonunga asosan yer uchastkasi xususiylashtirilmaydigan yer uchastkasi boʻlganida hamda ijarachi yer uchastkalarini xususiylashtirish subyektlari hisoblanmaganda.

65. Hukumat komissiyasi tomonidan yer uchastkasining ijara muddatini uzaytirish yoki yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqini oʻzgartirish maqsadga muvofiq deb topilganda, ishchi organ tegishli hujjat loyihasini ishlab chiqadi va belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga kiritadi.

66. Vazirlar Mahkamasi tegishli yer uchastkasining ijara muddatini uzaytirish yoki unga boʻlgan ijara huquqini “Qishloq xoʻjaligiga moʻljallanmagan yer uchastkalarini xususiylashtirish toʻgʻrisida”gi Qonun talablari asosida oʻzgartirilishi toʻgʻrisidagi hujjatni belgilangan tartibda qabul qiladi va uning nusxasi ijarachiga yuborilishini taʼminlaydi.

67. Ijarachi Vazirlar Mahkamasining hujjati asosida:

a) tuman (shahar) hokimligi bilan ushbu Reglamentning 8-bandida nazarda tutilgan muddatga yer ijara shartnomasi tuzadi;

b) “Qishloq xoʻjaligiga moʻljallanmagan yer uchastkalarini xususiylashtirish toʻgʻrisida”gi Qonunga muvofiq yer uchastkasini xususiylashtirishi mumkin.

Bunday holatda investitsiya majburiyatlari yuklatilmaydi.

68. Davlat kadastrlari palatasining hududiy boshqarmalari yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqini davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlaydi.

5-bob. Investitsiya majburiyatlari ijrosini monitoring qilish tartibi

69. Investitsiya majburiyatlari ijrosining monitoringi Ishchi organning hududiy boshqarmalari tomonidan amalga oshiriladi.

70. Yer uchastkasidan maqsadli va samarali foydalanish ustidan davlat nazorati Kadastr agentligining, qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalari boʻyicha esa — Qishloq xoʻjaligi vazirligining hududiy boshqarmalari tomonidan amalga oshiriladi.

71. Ishchi organ, Kadastr agentligi va Qishloq xoʻjaligi vazirligining hududiy boshqarmalari birgalikda har chorakda bir marotaba investitsiya loyihasi amalga oshirilishi va investitsiya majburiyatlari ijrosini hamda ajratilgan yer uchastkasidan maqsadli va samarali foydalanish holatlarini monitoring qilib boradi.

Ishchi organning hududiy boshqarmalari investitsiya loyihasi ijrosining monitoringi amalga oshiriladigan kun va vaqt haqida kamida uch kun oldin talabgorni yozma ravishda xabardor qilishi shart.

Monitoring natijalari boʻyicha talabgor hamda Investitsiya vazirligi, Kadastr agentligi va Qishloq xoʻjaligi vazirligining hududiy boshqarmalari vakillari ishtirokida monitoring dalolatnomasi tuziladi hamda toʻrt nusxada tasdiqlanadi.

Monitoring dalolatnomasining bir nusxasi talabgorga topshiriladi hamda qolgan uchta nusxasi Investitsiya vazirligi, Kadastr agentligi va Qishloq xoʻjaligi vazirligining hududiy boshqarmalarida saqlanadi.

72. Monitoring davomida investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun ajratilgan yer uchastkasidan belgilangandan koʻra boshqa maqsadlarda foydalanish yoki yer uchastkasi oʻz vaqtida foydalanishga kiritilmaganligi, investitsiya majburiyatlari bajarilmaganligi yoki lozim darajada bajarilmaganligi holatlari aniqlanganda yer uchastkasini ijaraga berish shartnomasi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda bekor qilinadi.

Mazkur Reglamentga muvofiq qoʻlga kiritilgan yer uchastkasida qurilgan bino va inshootlar investitsiya majburiyatlari toʻliq bajarilmagunga qadar begonalashtirilishi mumkin emas. Investitsiya majburiyatlari toʻliq bajarilmasdan bino va inshootlarni begonalashtirish investitsiya majburiyatlarini buzish deb baholanadi va yerga boʻlgan huquqni bekor qilishga asos boʻladi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

73. Investitsiya majburiyatlari doirasida yuzaga kelgan nizolar qonunchilik hujjatlariga muvofiq taraflarning oʻzaro kelishuvi yoki sud tartibida hal etiladi.

74. Talabgorlar ushbu Reglament talablari buzilishi, Ishchi organ, Kadastr agentligi va Qishloq xoʻjaligi vazirligining xulosalari hamda ularning hududiy boshqarmalari monitoring dalolatnomasi, Hukumat komissiyasi qarori yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilishlari mumkin.

75. Ushbu Reglament talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun eng yaxshi taklifni tanlab olishning maʼmuriy reglamentiga 1-ILOVA

Yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun eng yaxshi taklifni tanlab olish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar I. Yer uchastkasini tanlash va yer uchastkasiga oid materiallarni tayyorlash 1-bosqich Talabgor Davlat xizmatlari markazlari yoki YIDXP orqali Ishchi organga ariza va tegishli hujjatlarni yuboradi. Zaruratga koʻra 2-bosqich Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi Talabgorning arizasi va hujjatlarini koʻrib chiqadi: 1. Hujjatlarda kamchiliklar aniqlansa ularni koʻrsatgan holda talabgorga qaytaradi. 2. Hujjatlarda kamchiliklar aniqlanmasa, Hukumat komissiyasiga koʻrib chiqish uchun kiritadi. 3 ish kunida 3-bosqich Tashqi savdo, investitsiyalar, mahalliy sanoatni rivojlantirish va texnik jihatdan tartibga solish masalalari boʻyicha Hukumat komissiyasi Hujjatlarni konseptual jihatdan koʻrib chiqadi va yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish maqsadga muvofiqligi yoki maqsadga muvofiq emasligi boʻyicha qaror qabul qiladi. 10 ish kunida Qabul qilingan qarorni Ishchi organning rasmiy veb-sayti va OAVda eʼlon qiladi. (Yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish maqsadga muvofiq emasligi boʻyicha qaror qabul qilingan taqdirda muqobil taklif qabul qilish boʻyicha eʼlon berilmaydi va tanlov oʻtkazilmaydi) Qaror qabul qilingan kundan keyingi ish kunidan kechikmay Yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish maqsadga muvofiq deb qaror qabul qilingan taqdirda Davlat kadastrlari palatasiga boʻsh turgan yer uchastkasini aniqlash boʻyicha soʻrov yuboradi. Qaror qabul qilingan kundan keyingi ish kunidan kechikmay 4-bosqich Davlat kadastrlari palatasi Yer uchastkasi boʻyicha hujjatlar yigʻma jildini va unga ilova qilinadigan materiallarni tayyorlaydi hamda ularni Ishchi organga yuboradi. 20 ish kunida 5-bosqich Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi Yer uchastkasi boʻyicha hujjatlar yigʻma jildini va unga ilova qilinadigan materiallarni tegishli Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasining ixtisoslashtirilgan ekspert boʻlinmalariga davlat ekologik ekspertizasi xulosasini olish uchun yuboradi. 2 ish kunida 6-bosqich Davlat ekologiya qoʻmitasining ixtisoslashtirilgan ekspert boʻlinmalari Davlat ekologik ekspertizasini oʻtkazadi va davlat ekologik ekspertizasi xulosasini Ishchi organga yuboradi. Qonunchilikda belgilangan muddatlarda 7-bosqich Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi Davlat ekologik ekspertizasining ijobiy xulosasini olgandan soʻng, uni hamda yer uchastkasi boʻyicha hujjatlar yigʻma jildini tegishli xulosa olish uchun Qoraqalpogʻiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, viloyatlar qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi va Toshkent shahar qurilish bosh boshqarmasiga yuboradi. 2 ish kuni ichida 8-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, viloyatlar qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi va Toshkent shahar qurilish bosh boshqarmasiga Shaharsozlik hujjati mavjud boʻlgan taqdirda hujjatlar yigʻma jildini koʻrib chiqadi, tanlangan yer uchastkasi boʻyicha xulosa tayyorlaydi. 3 ish kuni ichida Shaharsozlik hujjati mavjud boʻlmagan taqdirda esa hujjatlar yigʻma jildini hududiy arxitektura shaharsozlik kengashiga yuboradi. Arxitektura shaharsozlik kengashi Hujjatlar yigʻma jildini koʻrib chiqadi va materiallarni kelishadi hamda ularni Qoraqalpogʻiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, viloyatlar qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi va Toshkent shahar qurilish bosh boshqarmasiga yuboradi. 5 ish kuni ichida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, viloyatlar qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi va Toshkent shahar qurilish bosh boshqarmasiga Oʻz xulosasini va Arxitektura shaharsozlik kengashi tomonidan kelishilgan materiallarni “YERELEKTRON” AAT orqali elektron raqamli imzo bilan tasdiqlagan holda Ishchi organga yuboradi. 1 ish kuni ichida 9-bosqich Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi Hujjatlar yigʻma jildini vakolatli organlarga xulosa olish va kelishish uchun “YERELEKTRON” AAT orqali yuboradi. 1 ish kuni ichida 10-bosqich Vakolatli tashkilotlar (Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Uy-joy kommunal xizmat koʻrsatish vazirligi, Turizm va madaniy meros vazirligi, Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasi, Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi, Kadastr agentligi, Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi xizmati, “Oʻzsuvtaʼminot” AJ, “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ, “Hududgaztaʼminot” AJ, “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ, “Oʻztransgaz” AJ, Turizm va madaniy meros vazirligi huzuridagi Madaniy meros agentligi, Ichki ishlar vazirligi Davlat yoʻl harakati xavfsizligi) Hujjatlar yigʻma jildini vakolat doirasida “YERELEKTRON” AAT orqali rozilik rezolyutsiyasini qoʻygan holda kelishadi yoki tegishli xulosalar yuboradi. 5 ish kuni ichida 11-bosqich Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi Ijobiy xulosalar hamda rozilik rezolyutsiyalari olingandan soʻng, ularni hamda hujjatlar yigʻma jildini Hukumat komissiyasiga taqdim etadi. 2 ish kuni ichida II. Yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish maqsadga muvofiqligi aniqlash va muqobil taklif qabul qilish boʻyicha eʼlon berish 12-bosqich Tashqi savdo, investitsiyalar, mahalliy sanoatni rivojlantirish va texnik jihatdan tartibga solish masalalari boʻyicha Hukumat komissiyasi Mezonlarning muhimlilik darajasini belgilash hamda muqobil taklif qabul qilish boʻyicha eʼlon berish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. Qabul qilgan qarorni Ishchi organga yuboradi. 1 ish kuni ichida 1 ish kuni ichida 13-bosqich Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi Muqobil taklif qabul qilish boʻyicha eʼlon beradi. 1 ish kuni ichida 14-bosqich Talabgorlar Ishchi organga muqobil taklif taqdim etadi. 60 kun davomida Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi Talabgorlarning muqobil taklifini koʻrib chiqib Hukumat komissiyasiga yuboradi. Taklif kelib tushgan kundan boshlab 3 ish kuni ichida III. Takliflarni baholash va gʻolibni aniqlash 15-bosqich Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi Hukumat komissiyasi majlisini oʻtkazish sanasi va joyi haqida eʼlon beradi. Majlis oʻtkaziladigan kundan kamida 2 kun oldin 16-bosqich Tashqi savdo, investitsiyalar, mahalliy sanoatni rivojlantirish va texnik jihatdan tartibga solish masalalari boʻyicha Hukumat komissiyasi Takliflarni talabgorlarning ishtirokida koʻrib chiqadi, baholaydi, gʻolibni aniqlaydi va tegishli qaror qabul qiladi. (Hukumat komissiyasining majlislari jarayoni audio va videoyozuvlarda qayd etib boriladi hamda Ishchi organning rasmiy veb-saytida real vaqt rejimida translyatsiya qilib boriladi) Majlis davomida 17-bosqich Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi Hukumat komissiyasi qarori asosida yer uchastkasi ajratish toʻgʻrisida hujjat loyihasini tayyorlaydi va Vazirlar Mahkamasiga kiritadi. 2 ish kuni ichida 18-bosqich Vazirlar Mahkamasi Hujjat loyihasini koʻrib chiqadi va tasdiqlaydi. 10 ish kuni ichida Tasdiqlangan qarorni Ishchi organga yuboradi. 1 ish kuni ichida 19-bosqich Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi Vazirlar Mahkamasining qarorini tegishli tuman (shahar) hokimligi va gʻolibga taqdim etadi. 1 ish kuni ichida 20-bosqich Tuman (shahar) hokimligi Yer ijara shartnomasini tuzish boʻyicha gʻolibga taklif yuboradi. 3 ish kuni ichida Imzolangan Yer ijara shartnomasini nusxalarini: a) Davlat kadastrlari palatasining tegishli hududiy boshqarmalariga — yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqini davlat roʻyxatidan oʻtkazish uchun; b) ishchi organga — investitsiya majburiyatlarini monitoring qilib borish uchun yuboradi. Shartnomasi imzolangan kundan keyingi ish kuni 21-bosqich Davlat kadastrlari palatasining tegishli hududiy boshqarmalari Yer uchastkasiga boʻlgan ijara huquqini davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlaydi. 2 ish kuni ichida

Yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun eng yaxshi taklifni tanlab olishning maʼmuriy reglamentiga 2-ILOVA

Yirik investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun tanlovda ishtirok etish boʻyicha

1 Ariza beruvchi shaxs: fuqaroning F.I.O. va pasport maʼlumotlari yoki yuridik shaxsning nomi va STIR 2 Taklif etilayotgan faoliyat turi: ariza beruvchi tomonidan koʻrsatiladi 3 Mezonlar boʻyicha taklif: 3.1 kiritiladigan (jalb qilinadigan) investitsiya miqdori AQSH dollarda koʻrsatiladi 3.2 ishlab chiqariladigan jami mahsulotlardan eksport qilinadigan mahsulotlarning ulushi foizda koʻrsatiladi 3.3 faoliyatida yuqori texnologiya va ilm-fan yutuqlaridan foydalangan holda ishlab chiqariladigan mahsulotlarning umumiy mahsulotlariga nisbatan ulushi foizda koʻrsatiladi 3.4 rejalashtirilgan yillik tovar aylanmasi miqdori soʻmda koʻrsatiladi 3.5 ish bilan taʼminlanadigan fuqarolarning oʻrtacha yillik soni raqamda koʻrsatiladi 3.6 yer uchastkasi qiymatini baholovchi tashkilot tomonidan aniqlanadigan bozor qiymatiga nisbatan Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadigan koeffitsiyentni bevosita yoki boʻlib-boʻlib toʻlash yoxud talabgor tomonidan tashkil etilgan (tashkil etiladigan) xoʻjalik jamiyatining ustav fondiga davlat ulushi sifatida kiritishga oid maʼlumot. raqamda koʻrsatiladi 4 * Tuman (shahar) nomi tanlanadi 5 * Yer uchastkasi hajmi (gektarda) raqamda koʻrsatiladi

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 21-sentabr,

592-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 22.09.2021-y., 09/21/592/0896-son, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son, 21.05.2022-y., 09/22/278/0439-son; 14.07.2022-y., 09/22/385/0643-son; 12.01.2023-y., 09/23/11/0018-son; 11.08.2023-y., 09/23/353/0587-son; 26.02.2024-y., 09/24/100/0152-son; 04.09.2025-y., 09/25/559/0802-son)

lex.uz