UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 29-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 29 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 29 сентября 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 29 September 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш ягона давлат тизими тўғрисида

Вазирлар Маҳкамасининг «2018 — 2021 йилларда кимёвий, биологик, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳужжатларни бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Миллий ҳаракатлар режасини тасдиқлаш тўғрисида»ги 2018 йил 27 ноябрдаги 968-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида ионлаштирувчи нурланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш ягона давлат тизими тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

амалдаги санитария нормалари ва қоидалари, гигиена нормативларига мувофиқ назорат қилинадиган барча нурланиш манбаларида индивидуал нурланиш дозасини назорат қилиш ҳамда ҳисобга олиш;

нурланиш олишнинг индивидуал дозалари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш тартибини белгилаш, маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда уларни таҳлил қилиш;

таҳлиллар натижаси бўйича нурланиш олишнинг аҳолига таъсирини баҳолаш ва унинг таъсир қилиш даражасини камайтириш бўйича тизимли чоралар кўриш.

2. Вазирликлар ва идоралар фаолияти давомида ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланувчи ташкилотларда 2021 йил якунига қадар нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизимини ташкил этсинлар ҳамда нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига иловадаги низомга мувофиқ маълумот бериб борсинлар.

3. Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати икки ой муддатда Молия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш ягона давлат тизимини методик-дастурий таъминот ҳамда компьютер дастурлари ёрдамида босқичма-босқич автоматлаштирилган тизимга ўтказиш муддатлари ва молиялаштириш манбалари бўйича таклифлар ишлаб чиқиб Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Б.Қ. Юсупалиев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 сентябрдаги 613-сон қарорига ИЛОВА

Нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш ягона давлат тизими тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан олинадиган нурланишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг ягона давлат тизимини ташкил этиш, индивидуал нурланиш бўйича маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш тартибини белгилайди.

2. Нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш ягона давлат тизими (кейинги ўринларда — Ягона тизим) Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (кейинги ўринларда — Санитария-эпидемиология хизмати) томонидан юритилади ҳамда унинг миллий референс лабораторияси таркибидаги радиология лабораторияси базасида ташкил қилинади.

3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

индивидуал дозиметр — муайян вақт давомида ионлаштирувчи нурланиш манбаидан чиқувчи нурланиш кўрсаткичлари бўйича маълумотни тўплайдиган (ўлчайдиган) қурилма ёки асбоб-ускуна;

ионлаштирувчи нурланиш манбаи — ўзидан ионлаштирувчи нурланиш чиқарувчи ёки чиқаришга қодир бўлган қурилма ва (ёки) радиоактив модда;

нурланиш олишнинг амбиент эквивалент дозаси — ўлчовлар ўтказиладиган жойда инсон томонидан қабул қилинадиган доза;

нурланиш олишнинг эквивалент дозаси — ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан маълум бир нурланиш турларининг одам органлари ёки тўқималари ичига олинган доза;

нурланиш хавфсизлиги — жисмоний шахслар (ходимлар)нинг ионлаштирувчи нурланиш зарарли таъсиридан муҳофазаланганлиги ҳолати;

табиий нурланиш манбаи — табиий ҳолда келиб чиқадиган ионлаштирувчи нурланиш манбаи;

теxноген нурланиш манбаи — фойдаланиш учун ёки ушбу фаолиятнинг қўшимча маҳсулоти сифатида маxсус яратилган ионлаштирувчи нурланиш манбаи;

тиббий дозиметрия реестри — нурланиш олишнинг барча турларининг руxсат этилган максимал индивидуал дозалардан ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида жисмоний шахслар (ходимлар)нинг ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан олган индивидуал нурланиш дозалари бўйича маълумотлар тўплами.

2-боб. Ягона тизимнинг вазифалари ва функциялари

4. Қуйидагилар Ягона тизимнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

нурланиш xавфсизлиги соҳасидаги қоидалар ва нормаларга риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

нурланиш xавфсизлигини таъминлаш учун нурланишнинг таъсир қилиш даражасини камайтириш бўйича манзилли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, шунингдек, қарор қабул қилиш учун тегишли хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органларини таҳлилий материаллар билан таъминлаш;

нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш;

нурланиш олишнинг таъсир қилиш даражасини камайтириш бўйича тизимли чоралар кўриш;

ионлаштирувчи нурланиш манбаларининг барча турларидан аҳолининг алоҳида гуруҳлари олган индивидуал ва жамоавий нурланиш дозаларини таҳлил қилиш;

нурланиш олишнинг индивидуал дозалари белгиланган меъёрлардан юқори бўлган шаxсларни ҳисобга олиш;

нурланиш таъсири натижасида етказилган зарарни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилишда тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш чора-тадбирларини белгилаш;

нурланиш натижасида тиббий оқибатларни прогнозлаштириш ва уни камайтиришнинг энг яxши ечимларини топиш орқали аҳолининг хабардорлигини ошириш;

аҳолига ва ташкилотларга ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан олинган нурланиш дозалари тўғрисида холисона ҳамда ишончли маълумот олиш имкониятини яратиш.

5. Ягона тизим орқали қуйидаги функциялар амалга оширилади:

радиациявий хавфсизлик санитария нормалари ва қоидалари, гигиена нормативларига мувофиқ назорат қилинадиган барча нурланиш манбаларида индивидуал нурланиш дозасини ҳисобга олиш ҳамда уни меъёрлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш учун метрологик, теxник талабларга ҳамда индивидуал нурланиш дозалари тўғрисида аxборот олиш тартибларига риоя этилишини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш;

давлат статистика ҳисоботи шакллари асосида индивидуал нурланиш дозалари ҳисобини юритиш;

ионлаштирувчи нурланиш манбалари таъсир этганда, унинг индивидуал дозалари тўғрисида ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шаклда жисмоний шахс (xодим)нинг индивидуал нурланиш дозасини ҳисобга олиш картасининг тўлдирилишини ва маълумотлар базаси юритилишини таъминлаш;

ионлаштирувчи нурланиш манбалари бўйича статистик қўлланмаларни тайёрлаш, ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда индивидуал дозиметрик назорат натижаларининг баённомасини ҳамда ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклда жисмоний шахс (ходим)нинг индивидуал нурланиш дозасини рўйхатга олиш журналини юритиш;

юридик шахслар ходимларининг ҳамда жисмоний шахсларнинг индивидуал нурланиш дозаларига оид маълумотни олиш тўғрисидаги мурожаатлари бўйича ўн иш куни мобайнида расмий маълумот тақдим этиш.

3-боб. Назорат қилинадиган, ҳисобга олинадиган нурланиш турлари ва назорат объектлари

6. Ягона тизим доирасида қуйидагилар назорат қилиниши ва ҳисобга олиниши лозим:

жисмоний шахслар (xодимлар) ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан муолажа олганда қабул қилинган индивидуал нурланиш дозалари;

табиий нурланиш ва теxнологик жиҳатдан ўзгартирилган радиация фонидаги индивидуал нурланиш дозалари.

Радиациявий хавфсизлик санитария нормалари ва қоидалари, гигиена нормативлари талаблари асосида Ягона тизим доирасида қуйидагилар назорат қилинади:

теxноген ионлаштирувчи нурланиш манбаларининг меъёрий ишлаши жараёнида жисмоний шахсларнинг (xодимларнинг) нурланиши;

жисмоний шахслар (xодимлар)нинг табиий ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан нурланиши;

тиббий рентгенорадиологик муолажаларда жисмоний шахслар (xодимлар)нинг нурланиши.

7. Ягона тизим доирасида назорат қилинадиган ва ҳисобга олинадиган асосий кўрсаткичлар йиллик самарали дозани ҳамда кўз гавҳари, тери, қўл кафтлари ва оёқ панжаларининг йиллик эквивалент дозасини ўз ичига олади.

8. Радиациявий хавфсизлик санитария нормалари ва қоидалари ҳамда гигиена нормативларига мувофиқ Нурланиш xавфсизлигини таъминлаш талабларига асосан объектнинг хусусияти ва шароитларига қараб нурланиш олишнинг индивидуал дозалари ходимлар ва жисмоний шахслар учун алоҳида ҳисобланади.

9. Ягона тизим доирасида нурланиш олишнинг индивидуал дозалар қийматини аниқлаш қуйидагилар орқали амалга оширилади:

индивидуал дозиметрлар ёрдамида тўғридан-тўғри ўлчаш;

аҳолининг индивидуал нурланиш дозаси қийматини ҳисоблаш;

олинган индивидуал нурланиш дозаси қийматини юзага келган асоратларга қараб аниқлаш (биологик, биокимёвий ва биофизик);

олинган индивидуал нурланиш дозаси қийматини ҳар хил жисмлар ва материаллардаги ўзгаришларга қараб аниқлаш.

Олинган маълумотлар бўйича ойлик, чораклик ва йиллик ҳисоботларни Ягона тизим маълумотлар базасига киритиш ва реестрини юритиш, уларни таҳлил қилиш ва шу асосида гигиеник хулосалар бериш Санитария-эпидемиология хизмати радиология лабораториясининг малакали мутахассислари томонидан бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Ягона тизимдаги маълумотлардан хизмат доирасида фойдаланиш тегишли қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

10. Ягона тизим методик-дастурий таъминот ва компьютер дастурлари ёрдамида босқичма-босқич ривожлантирилади ва Санитария-эпидемиология хизмати томонидан автоматлаштирилган тизимга ўтказилади.

4-боб. Ягона тизимнинг ташкилий тузилиши

11. Ягона тизим Санитария-эпидемиология хизматининг индивидуал нурланиш дозаларини ҳисобга олиш ва маълумотлар базаси шакллантирилишини таъминловчи мажмуаси ҳисобланади.

Ташкилий жиҳатдан Ягона тизим республика, ҳудудлар (республика, вилоят, туман/шаҳар) ва ташкилотлар миқёсида амалга ошириладиган тадбирларни ўз ичига олади.

12. Ягона тизим фаолияти ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ схема бўйича ташкил этилади.

Бунда, Санитария-эпидемиология хизмати:

ҳар чорак бошида ионлаштирувчи нурланишни қабул қилувчи ва маълумотларни йиғувчи дозиметрларни (кейинги ўринларда — дозиметрлар) реестр бўйича Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудлардаги бошқармаларига тарқатади;

ҳар чорак якунида Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудлардаги бошқармаларидан уларга тарқатилган дозиметрларни йиғиб олади;

ҳар чоракда Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудлардаги бошқармаларидан йиғиб олинган дозиметрларни реестрга киритиш, улардаги нурланиш дозаларини ўлчаш, олинган нурланиш дозалари бўйича маълумотларни таҳлил қилиш ва тегишли хулосаларни тайёрлаш ишларини амалга оширади;

доимий равишда Низомга 2-иловага мувофиқ индивидуал дозиметрик назорат натижалари баённомаларини тўлдириб боради, нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилади ҳамда ҳисобга олиш бўйича реестрни ва маълумотлар базасини тўлдириб боради;

доимий равишда нурланиш олишнинг индивидуал дозалари бўйича маълумотларни ва тегишли хулосаларни Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудлардаги бошқармаларига тарқатади.

Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудлардаги бошқармалари:

ҳар чорак бошида дозиметрларни реестр бўйича Санитария-эпидемиология хизматидан қабул қилиб олади;

ҳар чорак бошида дозиметрларни реестр бўйича тегишли ҳудуддаги ионлаштирувчи нурланиш манбалари билан боғлиқ фаолият юритувчи ташкилотларга (кейинги ўринларда — ташкилот) ҳамда қонунчиликда белгиланган махсус рухсатномага эга ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланувчи (эксплуатация қилувчи) субъектларга (кейинги ўринларда — субъектлар) тарқатади;

ҳар чорак якунида ташкилотлар ва субъектларга тарқатилган дозиметрларни реестрга асосан қабул қилиб олади ва Санитария-эпидемиология хизматига етказиб беради;

доимий равишда Санитария-эпидемиология хизматидан олинган маълумотлар ва тегишли хулосалар асосида нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилади ва ҳисобга олиш бўйича ҳудудий реестрни ва маълумотлар базасини тўлдириб боради.

Ионлаштирувчи нурланиш манбалари билан боғлиқ фаолият юритувчи ташкилотлар ва субъектлар:

ҳар чорак бошида дозиметрларни реестр бўйича Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудлардаги бошқармаларидан қабул қилиб олади;

ҳар чорак бошида ташкилотнинг ионлаштирувчи нурланиш манбаи билан бевосита ишловчи ҳар бир ходимига ҳамда субъектда ионлаштирувчи нурланиш муолажаларини олиш учун мурожаат қилган жисмоний шахсларга (беморлар) ички реестрга асосан дозиметрларни тарқатади ҳамда ходимлар/жисмоний шахсларни иш ёки муолажа жараёнида дозиметрлар билан доимий таъминланганлигини назорат қилиб боради;

ҳар чорак якунида ташкилотлар бўйича ички реестрга асосан ионлаштирувчи нурланиш манбаи билан бевосита ишловчи ҳар бир ходимга чорак бошида тарқатилган ёки ионлаштирувчи нурланиш муолажаларини олган жисмоний шахсларга (беморлар) тарқатилган дозиметрларни ички реестр асосида йиғиб олиб, Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудлардаги бошқармаларига юборади;

ҳар чоракда Санитария-эпидемиология хизмати томонидан тақдим қилинган (дозиметрлардаги нурланиш дозаларини ўлчаш, таҳлил қилиш натижаси бўйича) маълумотларни ва хулосаларни олади, ташкилотда ҳар бир ходим бўйича, субъектда ҳар бир жисмоний шахс (бемор) бўйича индивидуал нурланиш дозаси реестрини юритади ҳамда Низомга 1 ва 3- иловаларни тўлдирган ҳолда Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудлардаги бошқармаларига тақдим этиб боради;

доимий равишда ташкилот ходимлари томонидан дозиметрлар тўғри ишлатилиши ва сақланиши юзасидан назорат олиб боради;

Нурланиш дозаларини кузатиш ва ҳисобга олиш тизимини ташкил этишда ташкилий ва методик раҳбарлик қилиш ҳамда ёндашувлар уйғунлигини таъминлаш Санитария-эпидемиология хизматининг радиология лабораторияси томонидан амалга оширилади.

Ягона тизим фаолияти устидан мониторинг олиб бориш ва назоратни таъминлаш Санитария-эпидемиология хизмати томонидан амалга оширилади.

13. Нурланиш олишнинг индивидуал дозалари тўғрисида умумлаштирилган маълумотларни тўплаш ҳамда индивидуал нурланиш дозалари бўйича расмий маълумотларни тақдим этиш Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тиббий дозиметрия реестрига мувофиқ амалга оширилади.

Тиббий дозиметрия реестри индивидуал дозиметрлар ёрдамида тўпланган, ташкилотлар ходимлари ёки жисмоний шахслар олган индивидуал нурланиш дозалари бўйича маълумотлар тўпламини ўз ичига олади.

Санитария-эпидемиология хизмати радиология лабораториясининг малакали мутахассислари томонидан индивидуал нурланиш дозалари тўғрисида тўпланган маълумотлар ўрганилади ҳамда таҳлил қилинади.

Тўпланган маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш натижалари асосида Ягона тизимнинг методик таъминотини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган ҳужжатлар лойиҳалари Санитария-эпидемиология хизмати радиология лабораториясининг малакали мутахассислари томонидан кўриб чиқилади ва натижалари юзасидан илмий асосланган тавсиялар амалиётга татбиқ этади.

Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари жисмоний шахслар ва ташкилотлар ходимлари томонидан олинган нурланиш дозасини ўз ичига олган маълумотларни умумлаштиради ҳамда тиббий дозиметрия реестрига киритиш учун Санитария-эпидемиология хизматига электрон шаклда тақдим этади.

Ташкилотлар томонидан улар xодимларининг индивидуал нурланиш дозаларининг назорати индивидуал дозиметрлар ёрдамида амалга оширилади, шунингдек, индивидуал дозалар тўғрисидаги маълумотлар тўпланади.

Ташкилотлар томонидан xодимларининг индивидуал нурланиш дозалари бўйича тўпланган маълумотлар умумлаштириш учун, ташкилот жойлашган ҳудуд бўйича Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудий бошқармаларига ёки туман (шаҳар) бўлимларига юборилади.

14. Ташкилот ходимлари томонидан дозиметрларнинг тўғри ишлатилиши ва сақланиши учун назоратни олиб бориш ва жавобгарлик ташкилот раҳбарига юкланади.

15. Субъектлар индивидуал дозиметрлар ёрдамида ҳар бир жисмоний шахс (xодим)нинг индивидуал нурланиш дозалари тўғрисидаги маълумотларни тўплайди, тўпланган маълумотларни таҳлил қилади ҳамда нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини баҳолаб боради, тўпланган маълумотларни, нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини баҳолаш натижаларини ҳар чорак якунида Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудий бошқармаларига юборади.

Нурланиш олишнинг индивидуал дозалари бўйича маълумотлар тўпламини олиш юзасидан жисмоний шахслар (xодимлар) ва юридик шахслар томонидан мурожаат қилинганда ушбу маълумотлар Санитария-эпидемиология хизмати ёки унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда субъектлар томонидан ёзма баённома шаклида мурожаат этувчига тақдим этилади.

16. Нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини баҳолашда радиациявий хавфсизлик санитария нормалари ва қоидалари, гигиена нормативларидан фойдаланилади.

17. Нурланиш олишнинг индивидуал дозалари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, тўпланган маълумотларни таҳлил қилиш ишлари Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг ҳудудий бошқармалари ўртасида аxборот алмашинувининг амалдаги дастурий таъминоти орқали Ягона тизимнинг барча тузилмаларини қамраб олган ҳолда таъминланади.

18. Нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш доирасида ҳар бир жисмоний шахс (ходим) бўйича тўпланган маълумотлар Санитария-эпидемиология хизматининг радиология лабораторияси базасида эллик йил давомида сақланади.

5-боб. Айрим нурланиш дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олишни ташкил этиш

19. Нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини баҳолаш мониторинги республика ҳудудлари ва ташкилотлар миқёсида Санитария-эпидемиология хизматининг баҳолаш ва мониторингни амалга оширувчи бошқармалари ва xизматлари имкониятларидан фойдаланган ҳолда ташкил этилади.

20. Субъектда жисмоний шахсларнинг нурланиш олишининг индивидуал дозаларининг назорати ва тиббий дозиметрия реестрини юритиш субъект томонидан амалга оширилади. Тиббий дозиметрия реестрини юритишда ушбу Низом талабларига риоя этилишини таъминлаш субъект раҳбарига юкланади.

21. Ионлаштирувчи нурланиш муолажалари пайтида беморлар томонидан олинган нурланишнинг индивидуал дозалари назорати ва маълумотларни тўплаш ҳамда тиббий дозиметрия реестрини юритишда ушбу Низом талабларига риоя этилишини таъминлаш тиббиёт муассасалари раҳбарияти белгилаган масъул ходимлар томонидан амалга оширилади.

22. Ягона тизим доирасида дозиметрик назорат ва мониторинг қилиш, олинган нурланишнинг индивидуал дозалари маълумотларини тўплаш ва баҳолаш ишларини амалга оширишда тегишли аккредитациядан ўтган иxтисослаштирилган лабораториялар жалб қилиниши мумкин.

23. Бир вақтнинг ўзида алоҳида жисмоний шахслар (ходимлар) ёки уларнинг муайян тоифаси гуруҳли нурланиш олиш билан боғлиқ ҳолатларга дуч келганида, улар ҳам Ягона тизим бўйича ҳисобга олинади ва ҳар бир жисмоний шахс (ходим) бўйича тиббий дозиметрия реестри юритилади.

Бунда дозиметрик назорат ва мониторинг қилиш, олинган нурланишнинг индивидуал дозалари маълумотларини тўплаш ва баҳолаш ишлари нурланиш мониторинги фаолияти билан шуғулланувчи тегишли аккредитациядан ўтган иxтисослаштирилган лабораторияларнинг мавжуд имкониятларидан максимал даражада фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

24. Ионлаштирувчи нурланиш манбалари билан ишлайдиган ташкилот ва субъектларда ўлчовларни олиб бориш ва ўлчов баённомаларини расмийлаштириш, қайта расмийлаштириш, шунингдек, дубликат бериш учун Санитария-эпидемиология хизматининг ғазна ҳисоб варағига ушбу ташкилот ва субъектлардан йиғим ундирилади.

Нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини ҳисобга олганлик учун йиғим миқдори Санитария-эпидемиология хизмати томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланади.

25. Ионлаштирувчи нурланиш манбалари билан ишлайдиган ташкилот ва субъектларда ходимлар нурланиш олишининг индивидуал дозалари белгиланган меъёрлар доирасида бўлишини кузатиб бориш ва тиббий дозиметрия реестрини юритиш бўйича шаxсий жавобгарлик тегишли ташкилот ва субъект раҳбарига юкланади.

26. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш ягона давлат тизими тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Жисмоний шахс (ходим)нинг индивидуал нурланиш дозасини ҳисобга олиш картаси ____________________________________________________________________ ___________________________ (ташкилот номи, бўлим, манзил, телефон) (тўлдириш санаси) ___-сон индивидуал нурланиш дозасини ҳисобга олиш картаси 1. _________________________________________________________________________ 2 ____________________ (фамилияси, исми, отасининг исми) (туғилган йили) 3. _________________ 4. __________________________________________________________________________________ (жинси) (лавозими, уй манзили, телефон рақами) 5. ___________________________________________________________________________________________________________ (иш хусусияти) 6. Радиация хавфи ва ионлаштирувчи нурланиш шароитларидаги иш стажи ___________________ 7. Картани тўлдириш вақтидаги умумий нурланиш дозаси ____________________________________ м3в ‎ Йил Иш хусусияти Чораклик нурланиш дозалари, м3в Йиллик умумий нурланиш дозаси, м3в Изоҳ Имзолар 1 2 3 4

Нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш ягона давлат тизими тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг радиология лабораторияси (аккредитациядан ўтганлик ҳақида ____ йил «___» _______даги ___-сон гувоҳнома) ИНДИВИДУАЛ ДОЗИМЕТРИК НАЗОРАТ НАТИЖАЛАРИНИНГ ____-сон БАЁННОМАСИ 1. Ташкилот номи _______________________________________________________________________________________________________________ 2. Бўлим номи __________________________________________________________________________________________________________________ 3. Индивидуал дозиметрларни ишлатилган даври ________________________________________дан — ___________________________ гача. Т/р Жисмоний шахс (ходим)нинг Ф.И.О. Лавозими Дозиметр рақами Ўлчовда аниқланган доза, м3в Изоҳ * Радиациявий хавфсизлик санитария нормалари ва қоидалари ҳамда гигиена нормативларига мувофиқ рухсат этилган йиллик нурланиш дозаси 20 м3в/йил. 4. Дозиметрнинг тўғри ишлатилиши ва сақланиши учун ва ташкилотнинг жавобгар шахси: _____________________________ ____________________ Ф.И.О. имзо 5. Ўлчаш учун масъул лаборатория ходими: _____________________________ ____________________ Ф.И.О. имзо 6. Врач хулосаси: ________________________________________________________________________________________________________________ ____________________________________________________________________________________________________________________________ _____________________________ ___________________ Ф.И.О. имзо

Нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш ягона давлат тизими тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Жисмоний шахс (ходим)нинг индивидуал нурланиш дозасини рўйхатга олиш журнали

Т/р Жисмоний шахс (ходим)нинг Ф.И.О. Иш жойи (ташкилот/субъект номи, бўлим) Лавозими Дозиметр рақами Амалдаги нурланиш дозаси, м3в Жами йиллик доза, м3в Изоҳ I чорак II чорак III чорак IV чорак 1. 2. 3. ...

Нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш ягона давлат тизими тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА

Нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш ягона давлат тизимининг фаолияти

Даража Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддати Республика миқёсида Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (кейинги ўринларда — Санитария-эпидемиология хизмати) 1. Ионлаштирувчи нурланишни қабул қилувчи ва маълумотларни йиғувчи дозиметрларни (кейинги ўринларда — дозиметрлар) реестр бўйича Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудлардаги бошқармаларига тарқатиш. Ҳар чорак бошида 2. Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудлардаги бошқармаларидан уларга тарқатилган дозиметрларни йиғиб олиш. Ҳар чорак якунида 3. Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудлардаги бошқармаларидан йиғиб олинган дозиметрларни реестрга киритиш ва улардаги нурланиш дозаларини ўлчаш, олинган нурланиш дозалари бўйича маълумотларни таҳлил қилиш ва тегишли хулосаларни тайёрлаш. Ҳар чоракда 4. Низомга 2-иловага мувофиқ индивидуал дозиметрик назорат натижалари баённомаларини тўлдириб бориш, ҳамда нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш бўйича реестрни ва маълумотлар базасини тўлдириб бориш. Доимий равишда 5. Нурланиш олишнинг индивидуал дозалари бўйича маълумотларни ва тегишли хулосаларни Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудлардаги бошқармаларига тарқатиш. Доимий равишда Ҳудудлар миқёсида Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудлардаги бошқармалари 1. Дозиметрларни реестр бўйича Санитария-эпидемиология хизматидан қабул қилиб олиш. Ҳар чорак бошида 2. Дозиметрларни реестр бўйича тегишли ҳудуддаги ташкилотларга ҳамда қонунчиликда белгиланган махсус рухсатномага эга ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланувчи (эксплуатация қилувчи) субъектлар (кейинги ўринларда — субъектлар) тарқатиш. Ҳар чорак бошида 3. Ташкилотлар ва субъектларга тарқатилган дозиметрларни реестрга асосан қабул қилиб олиш ва Санитария-эпидемиология хизматига етказиб бериш. Ҳар чорак якунида 4. Санитария-эпидемиология хизматидан олинган маълумотлар ва тегишли хулосалар асосида нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш бўйича ҳудудий реестрни ва маълумотлар базасини тўлдириб бориш. Доимий равишда Ташкилот миқёсида Ионлаштирувчи нурланиш манбалари билан боғлиқ фаолият юритувчи ташкилотлар ва субъектлар 1. Дозиметрларни реестр бўйича Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудлардаги бошқармаларидан қабул қилиб олиш. Ҳар чорак бошида 2. Ташкилотнинг ионлаштирувчи нурланиш манбаи билан бевосита ишловчи ҳар бир ходимига ҳамда субъектда ионлаштирувчи нурланиш муолажаларини олиш учун мурожаат қилган жисмоний шахсларга (беморлар) ички реестрга асосан дозиметрларни тарқатиш ҳамда уларнинг иш ва муолажа жараёнида дозиметрлар билан доимий таъминланганлигини назорат қилиб бориш. Ҳар чорак бошида 3. Ташкилотлар бўйича ички реестрга асосан ионлаштирувчи нурланиш манбаи билан бевосита ишловчи ҳар бир ходимига чорак бошида тарқатилган ҳамда ионлаштирувчи нурланиш муолажаларини олган жисмоний шахсларга (беморлар) тарқатилган дозиметрларни ички реестр асосида йиғиб олиб, Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудлардаги бошқармаларига юбориш. Ҳар чорак якунида 4. Санитария-эпидемиология хизмати томонидан тақдим қилинган (дозиметрлардаги нурланиш дозаларини ўлчаш, таҳлил қилиш натижаси бўйича) маълумотларни ва хулосаларни олиш, ташкилотда ҳар бир ходим бўйича субъектда ҳар бир жисмоний шахс (бемор) бўйича индивидуал нурланиш дозасини рўйхатга олиш ҳамда Низомга 1 ва 3- иловаларни тўлдирган ҳолда Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудлардаги бошқармаларига тақдим этиб бориш. Ҳар чоракда 5. Ташкилот ходимлари томонидан дозиметрлар тўғри ишлатилиши ва сақланиши юзасидан назорат олиб бориш. Доимий равишда

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 29 сентябрь,

613-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.09.2021 й., 09/21/613/0919-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Nurlanish olishning individual dozalarini nazorat qilish va hisobga olish yagona davlat tizimi toʻgʻrisida

Vazirlar Mahkamasining “2018 — 2021-yillarda kimyoviy, biologik, radiatsiya va yadro xavfsizligini taʼminlash sohasidagi xalqaro hujjatlarni bajarish yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasining Milliy harakatlar rejasini tasdiqlash toʻgʻrisida”gi 2018-yil 27-noyabrdagi 968-son qaroriga muvofiq, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasida ionlashtiruvchi nurlanish xavfsizligini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Nurlanish olishning individual dozalarini nazorat qilish va hisobga olish yagona davlat tizimi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

amaldagi sanitariya normalari va qoidalari, gigiyena normativlariga muvofiq nazorat qilinadigan barcha nurlanish manbalarida individual nurlanish dozasini nazorat qilish hamda hisobga olish;

nurlanish olishning individual dozalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni toʻplash tartibini belgilash, maʼlumotlar bazasini shakllantirish hamda ularni tahlil qilish;

tahlillar natijasi boʻyicha nurlanish olishning aholiga taʼsirini baholash va uning taʼsir qilish darajasini kamaytirish boʻyicha tizimli choralar koʻrish.

2. Vazirliklar va idoralar faoliyati davomida ionlashtiruvchi nurlanish manbalaridan foydalanuvchi tashkilotlarda 2021-yil yakuniga qadar nurlanish olishning individual dozalarini nazorat qilish va hisobga olish tizimini tashkil etsinlar hamda nurlanish olishning individual dozalarini nazorat qilish va hisobga olish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi xizmatiga ilovadagi nizomga muvofiq maʼlumot berib borsinlar.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi xizmati manfaatdor vazirlik hamda idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi xizmati ikki oy muddatda Moliya vazirligi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda Nurlanish olishning individual dozalarini nazorat qilish va hisobga olish yagona davlat tizimini metodik-dasturiy taʼminot hamda kompyuter dasturlari yordamida bosqichma-bosqich avtomatlashtirilgan tizimga oʻtkazish muddatlari va moliyalashtirish manbalari boʻyicha takliflar ishlab chiqib Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev va Oʻzbekiston Respublikasi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi xizmati boshligʻi B.Q. Yusupaliyev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 29-sentabrdagi 613-son qaroriga ILOVA

Nurlanish olishning individual dozalarini nazorat qilish va hisobga olish yagona davlat tizimi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom ionlashtiruvchi nurlanish manbalaridan olinadigan nurlanishning individual dozalarini nazorat qilish va hisobga olishning yagona davlat tizimini tashkil etish, individual nurlanish boʻyicha maʼlumotlarni toʻplash va tahlil qilish tartibini belgilaydi.

2. Nurlanish olishning individual dozalarini nazorat qilish va hisobga olish yagona davlat tizimi (keyingi oʻrinlarda — Yagona tizim) Oʻzbekiston Respublikasi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi xizmati (keyingi oʻrinlarda — Sanitariya-epidemiologiya xizmati) tomonidan yuritiladi hamda uning milliy referens laboratoriyasi tarkibidagi radiologiya laboratoriyasi bazasida tashkil qilinadi.

3. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

individual dozimetr — muayyan vaqt davomida ionlashtiruvchi nurlanish manbaidan chiquvchi nurlanish koʻrsatkichlari boʻyicha maʼlumotni toʻplaydigan (oʻlchaydigan) qurilma yoki asbob-uskuna;

ionlashtiruvchi nurlanish manbai — oʻzidan ionlashtiruvchi nurlanish chiqaruvchi yoki chiqarishga qodir boʻlgan qurilma va (yoki) radioaktiv modda;

nurlanish olishning ambiyent ekvivalent dozasi — oʻlchovlar oʻtkaziladigan joyda inson tomonidan qabul qilinadigan doza;

nurlanish olishning ekvivalent dozasi — ionlashtiruvchi nurlanish manbalaridan maʼlum bir nurlanish turlarining odam organlari yoki toʻqimalari ichiga olingan doza;

nurlanish xavfsizligi — jismoniy shaxslar (xodimlar)ning ionlashtiruvchi nurlanish zararli taʼsiridan muhofazalanganligi holati;

tabiiy nurlanish manbai — tabiiy holda kelib chiqadigan ionlashtiruvchi nurlanish manbai;

texnogen nurlanish manbai — foydalanish uchun yoki ushbu faoliyatning qoʻshimcha mahsuloti sifatida maxsus yaratilgan ionlashtiruvchi nurlanish manbai;

tibbiy dozimetriya reyestri — nurlanish olishning barcha turlarining ruxsat etilgan maksimal individual dozalardan oshib ketishining oldini olish maqsadida jismoniy shaxslar (xodimlar)ning ionlashtiruvchi nurlanish manbalaridan olgan individual nurlanish dozalari boʻyicha maʼlumotlar toʻplami.

2-bob. Yagona tizimning vazifalari va funksiyalari

4. Quyidagilar Yagona tizimning asosiy vazifalari hisoblanadi:

nurlanish xavfsizligi sohasidagi qoidalar va normalarga rioya qilinishi ustidan davlat nazoratini amalga oshirish;

nurlanish xavfsizligini taʼminlash uchun nurlanishning taʼsir qilish darajasini kamaytirish boʻyicha manzilli chora-tadbirlarni ishlab chiqish, shuningdek, qaror qabul qilish uchun tegishli xoʻjalik birlashmalari hamda mahalliy ijro etuvchi hokimiyati organlarini tahliliy materiallar bilan taʼminlash;

nurlanish olishning individual dozalarini nazorat qilish va hisobga olish;

nurlanish olishning taʼsir qilish darajasini kamaytirish boʻyicha tizimli choralar koʻrish;

ionlashtiruvchi nurlanish manbalarining barcha turlaridan aholining alohida guruhlari olgan individual va jamoaviy nurlanish dozalarini tahlil qilish;

nurlanish olishning individual dozalari belgilangan meʼyorlardan yuqori boʻlgan shaxslarni hisobga olish;

nurlanish taʼsiri natijasida yetkazilgan zararni qoplash toʻgʻrisida qaror qabul qilishda tibbiy va ijtimoiy yordam koʻrsatish chora-tadbirlarini belgilash;

nurlanish natijasida tibbiy oqibatlarni prognozlashtirish va uni kamaytirishning eng yaxshi yechimlarini topish orqali aholining xabardorligini oshirish;

aholiga va tashkilotlarga ionlashtiruvchi nurlanish manbalaridan olingan nurlanish dozalari toʻgʻrisida xolisona hamda ishonchli maʼlumot olish imkoniyatini yaratish.

5. Yagona tizim orqali quyidagi funksiyalar amalga oshiriladi:

radiatsiyaviy xavfsizlik sanitariya normalari va qoidalari, gigiyena normativlariga muvofiq nazorat qilinadigan barcha nurlanish manbalarida individual nurlanish dozasini hisobga olish hamda uni meʼyorlash boʻyicha takliflar ishlab chiqish;

nurlanish olishning individual dozalarini nazorat qilish uchun metrologik, texnik talablarga hamda individual nurlanish dozalari toʻgʻrisida axborot olish tartiblariga rioya etilishini taʼminlash va monitoring olib borish;

davlat statistika hisoboti shakllari asosida individual nurlanish dozalari hisobini yuritish;

ionlashtiruvchi nurlanish manbalari taʼsir etganda, uning individual dozalari toʻgʻrisida ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq shaklda jismoniy shaxs (xodim)ning individual nurlanish dozasini hisobga olish kartasining toʻldirilishini va maʼlumotlar bazasi yuritilishini taʼminlash;

ionlashtiruvchi nurlanish manbalari boʻyicha statistik qoʻllanmalarni tayyorlash, ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shaklda individual dozimetrik nazorat natijalarining bayonnomasini hamda ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq shaklda jismoniy shaxs (xodim)ning individual nurlanish dozasini roʻyxatga olish jurnalini yuritish;

yuridik shaxslar xodimlarining hamda jismoniy shaxslarning individual nurlanish dozalariga oid maʼlumotni olish toʻgʻrisidagi murojaatlari boʻyicha oʻn ish kuni mobaynida rasmiy maʼlumot taqdim etish.

3-bob. Nazorat qilinadigan, hisobga olinadigan nurlanish turlari va nazorat obyektlari

6. Yagona tizim doirasida quyidagilar nazorat qilinishi va hisobga olinishi lozim:

jismoniy shaxslar (xodimlar) ionlashtiruvchi nurlanish manbalaridan muolaja olganda qabul qilingan individual nurlanish dozalari;

tabiiy nurlanish va texnologik jihatdan oʻzgartirilgan radiatsiya fonidagi individual nurlanish dozalari.

Radiatsiyaviy xavfsizlik sanitariya normalari va qoidalari, gigiyena normativlari talablari asosida Yagona tizim doirasida quyidagilar nazorat qilinadi:

texnogen ionlashtiruvchi nurlanish manbalarining meʼyoriy ishlashi jarayonida jismoniy shaxslarning (xodimlarning) nurlanishi;

jismoniy shaxslar (xodimlar)ning tabiiy ionlashtiruvchi nurlanish manbalaridan nurlanishi;

tibbiy rentgenoradiologik muolajalarda jismoniy shaxslar (xodimlar)ning nurlanishi.

7. Yagona tizim doirasida nazorat qilinadigan va hisobga olinadigan asosiy koʻrsatkichlar yillik samarali dozani hamda koʻz gavhari, teri, qoʻl kaftlari va oyoq panjalarining yillik ekvivalent dozasini oʻz ichiga oladi.

8. Radiatsiyaviy xavfsizlik sanitariya normalari va qoidalari hamda gigiyena normativlariga muvofiq Nurlanish xavfsizligini taʼminlash talablariga asosan obyektning xususiyati va sharoitlariga qarab nurlanish olishning individual dozalari xodimlar va jismoniy shaxslar uchun alohida hisoblanadi.

9. Yagona tizim doirasida nurlanish olishning individual dozalar qiymatini aniqlash quyidagilar orqali amalga oshiriladi:

individual dozimetrlar yordamida toʻgʻridan toʻgʻri oʻlchash;

aholining individual nurlanish dozasi qiymatini hisoblash;

olingan individual nurlanish dozasi qiymatini yuzaga kelgan asoratlarga qarab aniqlash (biologik, biokimyoviy va biofizik);

olingan individual nurlanish dozasi qiymatini har xil jismlar va materiallardagi oʻzgarishlarga qarab aniqlash.

Olingan maʼlumotlar boʻyicha oylik, choraklik va yillik hisobotlarni Yagona tizim maʼlumotlar bazasiga kiritish va reyestrini yuritish, ularni tahlil qilish va shu asosida gigiyenik xulosalar berish Sanitariya-epidemiologiya xizmati radiologiya laboratoriyasining malakali mutaxassislari tomonidan budjetdan tashqari mablagʻlar hisobiga amalga oshiriladi.

Yagona tizimdagi maʼlumotlardan xizmat doirasida foydalanish tegishli qonun hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

10. Yagona tizim metodik-dasturiy taʼminot va kompyuter dasturlari yordamida bosqichma-bosqich rivojlantiriladi va Sanitariya-epidemiologiya xizmati tomonidan avtomatlashtirilgan tizimga oʻtkaziladi.

4-bob. Yagona tizimning tashkiliy tuzilishi

11. Yagona tizim Sanitariya-epidemiologiya xizmatining individual nurlanish dozalarini hisobga olish va maʼlumotlar bazasi shakllantirilishini taʼminlovchi majmuasi hisoblanadi.

Tashkiliy jihatdan Yagona tizim respublika, hududlar (respublika, viloyat, tuman/shahar) va tashkilotlar miqyosida amalga oshiriladigan tadbirlarni oʻz ichiga oladi.

12. Yagona tizim faoliyati ushbu Nizomga 4-ilovaga muvofiq sxema boʻyicha tashkil etiladi.

Bunda, Sanitariya-epidemiologiya xizmati:

har chorak boshida ionlashtiruvchi nurlanishni qabul qiluvchi va maʼlumotlarni yigʻuvchi dozimetrlarni (keyingi oʻrinlarda — dozimetrlar) reyestr boʻyicha Sanitariya-epidemiologiya xizmatining hududlardagi boshqarmalariga tarqatadi;

har chorak yakunida Sanitariya-epidemiologiya xizmatining hududlardagi boshqarmalaridan ularga tarqatilgan dozimetrlarni yigʻib oladi;

har chorakda Sanitariya-epidemiologiya xizmatining hududlardagi boshqarmalaridan yigʻib olingan dozimetrlarni reyestrga kiritish, ulardagi nurlanish dozalarini oʻlchash, olingan nurlanish dozalari boʻyicha maʼlumotlarni tahlil qilish va tegishli xulosalarni tayyorlash ishlarini amalga oshiradi;

doimiy ravishda Nizomga 2-ilovaga muvofiq individual dozimetrik nazorat natijalari bayonnomalarini toʻldirib boradi, nurlanish olishning individual dozalarini nazorat qiladi hamda hisobga olish boʻyicha reyestrni va maʼlumotlar bazasini toʻldirib boradi;

doimiy ravishda nurlanish olishning individual dozalari boʻyicha maʼlumotlarni va tegishli xulosalarni Sanitariya-epidemiologiya xizmatining hududlardagi boshqarmalariga tarqatadi.

Sanitariya-epidemiologiya xizmatining hududlardagi boshqarmalari:

har chorak boshida dozimetrlarni reyestr boʻyicha Sanitariya-epidemiologiya xizmatidan qabul qilib oladi;

har chorak boshida dozimetrlarni reyestr boʻyicha tegishli hududdagi ionlashtiruvchi nurlanish manbalari bilan bogʻliq faoliyat yurituvchi tashkilotlarga (keyingi oʻrinlarda — tashkilot) hamda qonunchilikda belgilangan maxsus ruxsatnomaga ega ionlashtiruvchi nurlanish manbalaridan foydalanuvchi (ekspluatatsiya qiluvchi) subyektlarga (keyingi oʻrinlarda — subyektlar) tarqatadi;

har chorak yakunida tashkilotlar va subyektlarga tarqatilgan dozimetrlarni reyestrga asosan qabul qilib oladi va Sanitariya-epidemiologiya xizmatiga yetkazib beradi;

doimiy ravishda Sanitariya-epidemiologiya xizmatidan olingan maʼlumotlar va tegishli xulosalar asosida nurlanish olishning individual dozalarini nazorat qiladi va hisobga olish boʻyicha hududiy reyestrni va maʼlumotlar bazasini toʻldirib boradi.

Ionlashtiruvchi nurlanish manbalari bilan bogʻliq faoliyat yurituvchi tashkilotlar va subyektlar:

har chorak boshida dozimetrlarni reyestr boʻyicha Sanitariya-epidemiologiya xizmatining hududlardagi boshqarmalaridan qabul qilib oladi;

har chorak boshida tashkilotning ionlashtiruvchi nurlanish manbai bilan bevosita ishlovchi har bir xodimiga hamda subyektda ionlashtiruvchi nurlanish muolajalarini olish uchun murojaat qilgan jismoniy shaxslarga (bemorlar) ichki reyestrga asosan dozimetrlarni tarqatadi hamda xodimlar/jismoniy shaxslarni ish yoki muolaja jarayonida dozimetrlar bilan doimiy taʼminlanganligini nazorat qilib boradi;

har chorak yakunida tashkilotlar boʻyicha ichki reyestrga asosan ionlashtiruvchi nurlanish manbai bilan bevosita ishlovchi har bir xodimga chorak boshida tarqatilgan yoki ionlashtiruvchi nurlanish muolajalarini olgan jismoniy shaxslarga (bemorlar) tarqatilgan dozimetrlarni ichki reyestr asosida yigʻib olib, Sanitariya-epidemiologiya xizmatining hududlardagi boshqarmalariga yuboradi;

har chorakda Sanitariya-epidemiologiya xizmati tomonidan taqdim qilingan (dozimetrlardagi nurlanish dozalarini oʻlchash, tahlil qilish natijasi boʻyicha) maʼlumotlarni va xulosalarni oladi, tashkilotda har bir xodim boʻyicha, subyektda har bir jismoniy shaxs (bemor) boʻyicha individual nurlanish dozasi reyestrini yuritadi hamda Nizomga 1 va 3- ilovalarni toʻldirgan holda Sanitariya-epidemiologiya xizmatining hududlardagi boshqarmalariga taqdim etib boradi;

doimiy ravishda tashkilot xodimlari tomonidan dozimetrlar toʻgʻri ishlatilishi va saqlanishi yuzasidan nazorat olib boradi;

Nurlanish dozalarini kuzatish va hisobga olish tizimini tashkil etishda tashkiliy va metodik rahbarlik qilish hamda yondashuvlar uygʻunligini taʼminlash Sanitariya-epidemiologiya xizmatining radiologiya laboratoriyasi tomonidan amalga oshiriladi.

Yagona tizim faoliyati ustidan monitoring olib borish va nazoratni taʼminlash Sanitariya-epidemiologiya xizmati tomonidan amalga oshiriladi.

13. Nurlanish olishning individual dozalari toʻgʻrisida umumlashtirilgan maʼlumotlarni toʻplash hamda individual nurlanish dozalari boʻyicha rasmiy maʼlumotlarni taqdim etish Sanitariya-epidemiologiya xizmati va uning hududiy boshqarmalari tomonidan tibbiy dozimetriya reyestriga muvofiq amalga oshiriladi.

Tibbiy dozimetriya reyestri individual dozimetrlar yordamida toʻplangan, tashkilotlar xodimlari yoki jismoniy shaxslar olgan individual nurlanish dozalari boʻyicha maʼlumotlar toʻplamini oʻz ichiga oladi.

Sanitariya-epidemiologiya xizmati radiologiya laboratoriyasining malakali mutaxassislari tomonidan individual nurlanish dozalari toʻgʻrisida toʻplangan maʼlumotlar oʻrganiladi hamda tahlil qilinadi.

Toʻplangan maʼlumotlarni oʻrganish va tahlil qilish natijalari asosida Yagona tizimning metodik taʼminotini takomillashtirish boʻyicha ishlab chiqilgan hujjatlar loyihalari Sanitariya-epidemiologiya xizmati radiologiya laboratoriyasining malakali mutaxassislari tomonidan koʻrib chiqiladi va natijalari yuzasidan ilmiy asoslangan tavsiyalar amaliyotga tatbiq etadi.

Sanitariya-epidemiologiya xizmatining hududiy boshqarmalari, tuman (shahar) boʻlimlari jismoniy shaxslar va tashkilotlar xodimlari tomonidan olingan nurlanish dozasini oʻz ichiga olgan maʼlumotlarni umumlashtiradi hamda tibbiy dozimetriya reyestriga kiritish uchun Sanitariya-epidemiologiya xizmatiga elektron shaklda taqdim etadi.

Tashkilotlar tomonidan ular xodimlarining individual nurlanish dozalarining nazorati individual dozimetrlar yordamida amalga oshiriladi, shuningdek, individual dozalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar toʻplanadi.

Tashkilotlar tomonidan xodimlarining individual nurlanish dozalari boʻyicha toʻplangan maʼlumotlar umumlashtirish uchun, tashkilot joylashgan hudud boʻyicha Sanitariya-epidemiologiya xizmatining hududiy boshqarmalariga yoki tuman (shahar) boʻlimlariga yuboriladi.

14. Tashkilot xodimlari tomonidan dozimetrlarning toʻgʻri ishlatilishi va saqlanishi uchun nazoratni olib borish va javobgarlik tashkilot rahbariga yuklanadi.

15. Subyektlar individual dozimetrlar yordamida har bir jismoniy shaxs (xodim)ning individual nurlanish dozalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni toʻplaydi, toʻplangan maʼlumotlarni tahlil qiladi hamda nurlanish olishning individual dozalarini baholab boradi, toʻplangan maʼlumotlarni, nurlanish olishning individual dozalarini baholash natijalarini har chorak yakunida Sanitariya-epidemiologiya xizmatining hududiy boshqarmalariga yuboradi.

Nurlanish olishning individual dozalari boʻyicha maʼlumotlar toʻplamini olish yuzasidan jismoniy shaxslar (xodimlar) va yuridik shaxslar tomonidan murojaat qilinganda ushbu maʼlumotlar Sanitariya-epidemiologiya xizmati yoki uning hududiy boshqarmalari hamda subyektlar tomonidan yozma bayonnoma shaklida murojaat etuvchiga taqdim etiladi.

16. Nurlanish olishning individual dozalarini baholashda radiatsiyaviy xavfsizlik sanitariya normalari va qoidalari, gigiyena normativlaridan foydalaniladi.

17. Nurlanish olishning individual dozalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni toʻplash, toʻplangan maʼlumotlarni tahlil qilish ishlari Sanitariya-epidemiologiya xizmati va uning hududiy boshqarmalari oʻrtasida axborot almashinuvining amaldagi dasturiy taʼminoti orqali Yagona tizimning barcha tuzilmalarini qamrab olgan holda taʼminlanadi.

18. Nurlanish olishning individual dozalarini nazorat qilish va hisobga olish doirasida har bir jismoniy shaxs (xodim) boʻyicha toʻplangan maʼlumotlar Sanitariya-epidemiologiya xizmatining radiologiya laboratoriyasi bazasida ellik yil davomida saqlanadi.

5-bob. Ayrim nurlanish dozalarini nazorat qilish va hisobga olishni tashkil etish

19. Nurlanish olishning individual dozalarini baholash monitoringi respublika hududlari va tashkilotlar miqyosida Sanitariya-epidemiologiya xizmatining baholash va monitoringni amalga oshiruvchi boshqarmalari va xizmatlari imkoniyatlaridan foydalangan holda tashkil etiladi.

20. Subyektda jismoniy shaxslarning nurlanish olishining individual dozalarining nazorati va tibbiy dozimetriya reyestrini yuritish subyekt tomonidan amalga oshiriladi. Tibbiy dozimetriya reyestrini yuritishda ushbu Nizom talablariga rioya etilishini taʼminlash subyekt rahbariga yuklanadi.

21. Ionlashtiruvchi nurlanish muolajalari paytida bemorlar tomonidan olingan nurlanishning individual dozalari nazorati va maʼlumotlarni toʻplash hamda tibbiy dozimetriya reyestrini yuritishda ushbu Nizom talablariga rioya etilishini taʼminlash tibbiyot muassasalari rahbariyati belgilagan masʼul xodimlar tomonidan amalga oshiriladi.

22. Yagona tizim doirasida dozimetrik nazorat va monitoring qilish, olingan nurlanishning individual dozalari maʼlumotlarini toʻplash va baholash ishlarini amalga oshirishda tegishli akkreditatsiyadan oʻtgan ixtisoslashtirilgan laboratoriyalar jalb qilinishi mumkin.

23. Bir vaqtning oʻzida alohida jismoniy shaxslar (xodimlar) yoki ularning muayyan toifasi guruhli nurlanish olish bilan bogʻliq holatlarga duch kelganida, ular ham Yagona tizim boʻyicha hisobga olinadi va har bir jismoniy shaxs (xodim) boʻyicha tibbiy dozimetriya reyestri yuritiladi.

Bunda dozimetrik nazorat va monitoring qilish, olingan nurlanishning individual dozalari maʼlumotlarini toʻplash va baholash ishlari nurlanish monitoringi faoliyati bilan shugʻullanuvchi tegishli akkreditatsiyadan oʻtgan ixtisoslashtirilgan laboratoriyalarning mavjud imkoniyatlaridan maksimal darajada foydalangan holda amalga oshiriladi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

24. Ionlashtiruvchi nurlanish manbalari bilan ishlaydigan tashkilot va subyektlarda oʻlchovlarni olib borish va oʻlchov bayonnomalarini rasmiylashtirish, qayta rasmiylashtirish, shuningdek, dublikat berish uchun Sanitariya-epidemiologiya xizmatining gʻazna hisob varagʻiga ushbu tashkilot va subyektlardan yigʻim undiriladi.

Nurlanish olishning individual dozalarini hisobga olganlik uchun yigʻim miqdori Sanitariya-epidemiologiya xizmati tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bilan kelishgan holda tasdiqlanadi.

25. Ionlashtiruvchi nurlanish manbalari bilan ishlaydigan tashkilot va subyektlarda xodimlar nurlanish olishining individual dozalari belgilangan meʼyorlar doirasida boʻlishini kuzatib borish va tibbiy dozimetriya reyestrini yuritish boʻyicha shaxsiy javobgarlik tegishli tashkilot va subyekt rahbariga yuklanadi.

26. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonun hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Nurlanish olishning individual dozalarini nazorat qilish va hisobga olish yagona davlat tizimi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Jismoniy shaxs (xodim)ning individual nurlanish dozasini hisobga olish kartasi ____________________________________________________________________ ___________________________ (tashkilot nomi, boʻlim, manzil, telefon) (toʻldirish sanasi) ___-son individual nurlanish dozasini hisobga olish kartasi 1. _________________________________________________________________________ 2 ____________________ (familiyasi, ismi, otasining ismi) (tugʻilgan yili) 3. _________________ 4. __________________________________________________________________________________ (jinsi) (lavozimi, uy manzili, telefon raqami) 5. ___________________________________________________________________________________________________________ (ish xususiyati) 6. Radiatsiya xavfi va ionlashtiruvchi nurlanish sharoitlaridagi ish staji ___________________ 7. Kartani toʻldirish vaqtidagi umumiy nurlanish dozasi ____________________________________ m3v ‎ Yil Ish xususiyati Choraklik nurlanish dozalari, m3v Yillik umumiy nurlanish dozasi, m3v Izoh Imzolar 1 2 3 4

Nurlanish olishning individual dozalarini nazorat qilish va hisobga olish yagona davlat tizimi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi xizmatining radiologiya laboratoriyasi (akkreditatsiyadan oʻtganlik haqida ____ yil “___” _______dagi ___-son guvohnoma) INDIVIDUAL DOZIMETRIK NAZORAT NATIJALARINING ____-son BAYoNNOMASI 1. Tashkilot nomi _______________________________________________________________________________________________________________ 2. Boʻlim nomi __________________________________________________________________________________________________________________ 3. Individual dozimetrlarni ishlatilgan davri ________________________________________dan — ___________________________ gacha. T/r Jismoniy shaxs (xodim)ning F.I.O. Lavozimi Dozimetr raqami Oʻlchovda aniqlangan doza, m3v Izoh * Radiatsiyaviy xavfsizlik sanitariya normalari va qoidalari hamda gigiyena normativlariga muvofiq ruxsat etilgan yillik nurlanish dozasi 20 m3v/yil. 4. Dozimetrning toʻgʻri ishlatilishi va saqlanishi uchun va tashkilotning javobgar shaxsi: _____________________________ ____________________ F.I.O. imzo 5. Oʻlchash uchun masʼul laboratoriya xodimi: _____________________________ ____________________ F.I.O. imzo 6. Vrach xulosasi: ________________________________________________________________________________________________________________ ____________________________________________________________________________________________________________________________ _____________________________ ___________________ F.I.O. imzo

Nurlanish olishning individual dozalarini nazorat qilish va hisobga olish yagona davlat tizimi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Jismoniy shaxs (xodim)ning individual nurlanish dozasini roʻyxatga olish jurnali

T/r Jismoniy shaxs (xodim)ning F.I.O. Ish joyi (tashkilot/subyekt nomi, boʻlim) Lavozimi Dozimetr raqami Amaldagi nurlanish dozasi, m3v Jami yillik doza, m3v Izoh I chorak II chorak III chorak IV chorak 1. 2. 3. ...

Nurlanish olishning individual dozalarini nazorat qilish va hisobga olish yagona davlat tizimi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA

Nurlanish olishning individual dozalarini nazorat qilish va hisobga olish yagona davlat tizimining faoliyati

Daraja Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddati Respublika miqyosida Oʻzbekiston Respublikasi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi xizmati (keyingi oʻrinlarda — Sanitariya-epidemiologiya xizmati) 1. Ionlashtiruvchi nurlanishni qabul qiluvchi va maʼlumotlarni yigʻuvchi dozimetrlarni (keyingi oʻrinlarda — dozimetrlar) reyestr boʻyicha Sanitariya-epidemiologiya xizmatining hududlardagi boshqarmalariga tarqatish. Har chorak boshida 2. Sanitariya-epidemiologiya xizmatining hududlardagi boshqarmalaridan ularga tarqatilgan dozimetrlarni yigʻib olish. Har chorak yakunida 3. Sanitariya-epidemiologiya xizmatining hududlardagi boshqarmalaridan yigʻib olingan dozimetrlarni reyestrga kiritish va ulardagi nurlanish dozalarini oʻlchash, olingan nurlanish dozalari boʻyicha maʼlumotlarni tahlil qilish va tegishli xulosalarni tayyorlash. Har chorakda 4. Nizomga 2-ilovaga muvofiq individual dozimetrik nazorat natijalari bayonnomalarini toʻldirib borish, hamda nurlanish olishning individual dozalarini nazorat qilish va hisobga olish boʻyicha reyestrni va maʼlumotlar bazasini toʻldirib borish. Doimiy ravishda 5. Nurlanish olishning individual dozalari boʻyicha maʼlumotlarni va tegishli xulosalarni Sanitariya-epidemiologiya xizmatining hududlardagi boshqarmalariga tarqatish. Doimiy ravishda Hududlar miqyosida Sanitariya-epidemiologiya xizmatining hududlardagi boshqarmalari 1. Dozimetrlarni reyestr boʻyicha Sanitariya-epidemiologiya xizmatidan qabul qilib olish. Har chorak boshida 2. Dozimetrlarni reyestr boʻyicha tegishli hududdagi tashkilotlarga hamda qonunchilikda belgilangan maxsus ruxsatnomaga ega ionlashtiruvchi nurlanish manbalaridan foydalanuvchi (ekspluatatsiya qiluvchi) subyektlar (keyingi oʻrinlarda — subyektlar) tarqatish. Har chorak boshida 3. Tashkilotlar va subyektlarga tarqatilgan dozimetrlarni reyestrga asosan qabul qilib olish va Sanitariya-epidemiologiya xizmatiga yetkazib berish. Har chorak yakunida 4. Sanitariya-epidemiologiya xizmatidan olingan maʼlumotlar va tegishli xulosalar asosida nurlanish olishning individual dozalarini nazorat qilish va hisobga olish boʻyicha hududiy reyestrni va maʼlumotlar bazasini toʻldirib borish. Doimiy ravishda Tashkilot miqyosida Ionlashtiruvchi nurlanish manbalari bilan bogʻliq faoliyat yurituvchi tashkilotlar va subyektlar 1. Dozimetrlarni reyestr boʻyicha Sanitariya-epidemiologiya xizmatining hududlardagi boshqarmalaridan qabul qilib olish. Har chorak boshida 2. Tashkilotning ionlashtiruvchi nurlanish manbai bilan bevosita ishlovchi har bir xodimiga hamda subyektda ionlashtiruvchi nurlanish muolajalarini olish uchun murojaat qilgan jismoniy shaxslarga (bemorlar) ichki reyestrga asosan dozimetrlarni tarqatish hamda ularning ish va muolaja jarayonida dozimetrlar bilan doimiy taʼminlanganligini nazorat qilib borish. Har chorak boshida 3. Tashkilotlar boʻyicha ichki reyestrga asosan ionlashtiruvchi nurlanish manbai bilan bevosita ishlovchi har bir xodimiga chorak boshida tarqatilgan hamda ionlashtiruvchi nurlanish muolajalarini olgan jismoniy shaxslarga (bemorlar) tarqatilgan dozimetrlarni ichki reyestr asosida yigʻib olib, Sanitariya-epidemiologiya xizmatining hududlardagi boshqarmalariga yuborish. Har chorak yakunida 4. Sanitariya-epidemiologiya xizmati tomonidan taqdim qilingan (dozimetrlardagi nurlanish dozalarini oʻlchash, tahlil qilish natijasi boʻyicha) maʼlumotlarni va xulosalarni olish, tashkilotda har bir xodim boʻyicha subyektda har bir jismoniy shaxs (bemor) boʻyicha individual nurlanish dozasini roʻyxatga olish hamda Nizomga 1 va 3- ilovalarni toʻldirgan holda Sanitariya-epidemiologiya xizmatining hududlardagi boshqarmalariga taqdim etib borish. Har chorakda 5. Tashkilot xodimlari tomonidan dozimetrlar toʻgʻri ishlatilishi va saqlanishi yuzasidan nazorat olib borish. Doimiy ravishda

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 29-sentabr,

613-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 30.09.2021-y., 09/21/613/0919-son)

lex.uz