UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 11-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 11 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 11 октября 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 11 October 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари муомаласини тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини тартибга солиш соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 2020 йил 23 июлдаги ПФ-6033-сон Фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2020 йил 23 июлдаги ПҚ-4787-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўлчов ускуналарини ҳамда ҳисобга олиш ахборот тизимига ахборот узатувчи бошқа қайд этиш воситаларини ўрнатишни назарда тутувчи Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўлчов ускуналарини ҳамда ҳажмини автоматлаштирилган ўлчаш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш корхоналарида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг назорат харидини амалга ошириш, уларнинг намуналарини синов лабораторияларида экспертизадан ўтказиш ва мазкур харажатларни молиялаштиришни назарда тутувчи Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг назорат харидини амалга ошириш ҳамда уларни экспертиза (тест)дан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 октябрдаги 634-сон қарорига 1-ИЛОВА

Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўлчов ускуналарини ҳамда ҳажмини автоматлаштирилган ўлчаш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом истеъмол ва техник этил спирти (кейинги ўринларда — этил спирти) ҳамда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўлчов ускуналарини ва ҳисобга олиш ахборот тизимига ахборот узатувчи бошқа ҳисобга олиш ва қайд этиш воситаларини ўрнатиш тартибини белгилайди.

Этил спирти ва алкоголь маҳсулоти етказилиши тўхтаганда, ўлчов воситаси тўхташи, шунингдек, асосий ускунадан узлуксиз равишда маҳсулот юборилиб, ўлчов воситаси ишламай қолганда иш жараёни бошқа ўлчов воситасига ўтказилиши керак.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

дистиллятлар — алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқаришда бижғитилган сусло ёки ишлов берилган вино хом ашёси (виноматериал)ни, таркибида этил спирти мавжуд ачитқили ёки қуйқали чўкмаларни, узумни эзиш натижасида чиқадиган масса ва бошқа таркибида спирт сақловчи маҳсулотлар хом ашёларини оддий ва/ёки фракцион дистиллаш ва/ёки ректификатлаш йўли билан олинган виночилик маҳсулоти (вино, узум, мева-резавор, коньяк, кальвадос ва виски дистиллятлари);

дозатор — суюқ ва сoчилувчaн мoддaлaр мaссaси ёки ҳaжмини aвтoмaтик тaрздa ўлчaйдигaн (дoзaлaйдигaн) қурилмa;

ўлчов воситалари (электрон ҳисоблагичлар) — ўлчовлар учун фойдаланиладиган ва нормаланган метрологик хусусиятга эга бўлган техника воситаси;

эпруветка — қуйиш бўлимига ўтказишдан олдин ўтаётган суюқликнинг таркибидаги этил спиртининг ҳажмий улушини аниқловчи ярим шиша ҳолатидаги ускуна;

этил спирти бош фракцияси (кейинги ўринларда — Эфир альдегидли фракция ёки ЭАФ) — таркибида учувчан қўшимчалар концентрацияси юқори бўлган, этил спиртининг ҳажмий улуши (қуввати) 92,0 фоиздан кам бўлмаган, тайёр ачитмани брагоректификатлаш ёки озуқавий хом ашёдан олинган хом этил спиртини ректификациялаш натижасида ажратиб олинадиган ва озуқавий хом ашёдан ректификатланган этил спирти ишлаб чиқариш жараёнининг қўшимча маҳсулоти бўлган сув-спирт эритмаси.

2-боб. Ўлчов воситаларини ўрнатиш

3. Этил спирти (вино, узум, мева-резавор, коньяк, калвадос, виски дистиллятлари ва спиртлари бундан мустасно) ишлаб чиқарадиган ташкилотларда тайёр маҳсулот ҳажмини, ҳароратини ва тайёр маҳсулотдаги зичликни ўлчаш воситалари қуйидаги жойларга ўрнатилади:

этил спиртини қуйиш бўлими (спирт қабул қилиш бўлими)га ўтказишда эпруветкадан (чироқ) кейин ва тайёр маҳсулотлар омборига (спирт сақлаш омборига) топширишдан олдин;

этил спиртини истеъмолчиларга темир йўл, автомобиль ёки бошқа транспорт воситаларида юклаб жўнатишда, шунингдек, этил спиртини ташкилотнинг алоҳида бўлинмасига юборишда спирт йиғиш бўлимида ўлчаш мосламасидан кейин этил спиртини истеъмол идишига қуйишдан (жўнатишдан) олдин.

4. ЭАФ ишлаб чиқарадиган ташкилотларда тайёр маҳсулот ҳажмини, ҳароратини ва тайёр маҳсулотдаги зичликни ўлчаш воситалари қуйидаги жойларга ўрнатилади:

ЭАФни спирт қабул қилиш бўлимига ва тайёр маҳсулотлар омборига (спиртни сақлаш омборига) топширишдан олдин музлатгичдан кейин;

ЭАФни истеъмолчиларга темир йўл ёки бошқа транспорт воситаларида юклаб жўнатишда, спирт топшириш бўлимида ЭАФни темир йўл ва транспорт идишига юклашдан олдин ўлчаш мосламасидан кейин;

ЭАФни ташкилотнинг алоҳида бўлинмасига юборишда ЭАФ йиғиш бўлимида ўлчаш мосламасидан кейин ЭАФни идишга қуйишдан (жўнатишдан) олдин.

5. Алкоголь маҳсулотлари (табиий вино, мева ва резавор-мевалардан тайёрланган вино, кўпикланадиган (шампан), газланган вино, истеъмол этил спирти қўшилмаган вино ичимликлари, пиво ва пиво ичимликларидан ташқари) ишлаб чиқарадиган ташкилотларда истеъмол идишига қуйиладиган тайёр маҳсулот ҳажмини, ҳароратини ва тайёр маҳсулотдаги зичликни ўлчаш воситалари қуйидаги жойларга ўрнатилади:

хом ашё сифатида ишлатиладиган истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари харид қилинганда қабул бўлимига ушбу маҳсулотлар омбор (спирт сақлаш омбори, вино сақлаш омбори)га топширилишдан олдин;

(автоматик) қуйиш ускунаси, дозатор ва уларнинг жамланма қурилмасига;

алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ташкилотларда истеъмол идишларига қуйилган маҳсулотларни ҳисобга олишни таъминлайдиган ўлчаш воситаларини қадоқлаш (автомат) машиналари, қопқоқлаш, ёрлиқ ёпиштириш машиналаридан кейин истеъмол идишига қуйилган маҳсулотни омборга топширишдан олдин ўрнатилади.

6. Алкоголь маҳсулотлари (табиий вино, мева ва резавор-мевалардан тайёрланган вино, кўпикланадиган (шампан), газланган вино, истеъмол этил спирти қўшилмаган вино ичимликлар, пиво ва пиво маҳсулотларидан ташқари) ишлаб чиқарадиган ташкилотларда истеъмол идишига қуйилмайдиган тайёр маҳсулот ҳажмини, ҳароратини ва тайёр маҳсулотдаги зичликни ўлчаш воситалари қуйидаги жойларга ўрнатилади:

хом ашё сифатида ишлатиладиган истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари харид қилинганда ушбу маҳсулотлар омбор (спирт сақлаш омбори, вино сақлаш омбори)га топширишдан олдин қабул бўлимига;

охирги технологик жараёндан кейин истеъмол идишига қуйилмаган алкоголь маҳсулотларини омборга топширишдан олдин;

истеъмол идишига қуйилмаган алкоголь маҳсулотлари истеъмолчи (харидор)га етказиб бериладиган бўлса, шунингдек, истеъмол идишига қуйилмаган алкоголь маҳсулотлари ташкилотнинг ташкилий тузилмасига алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ўз эҳтиёжлари учун ишлатиладиган бўлса, жўнатиш бўлимига жўнатишдан олдин ўлчов воситасидан кейин.

7. Табиий вино, мева ва резавор-мевадан тайёрланган вино, кўпикланадиган (шампан) вино, газланган вино, истеъмол этил спирти қўшилмаган вино ичимликлари ишлаб чиқарувчи ташкилотлар хом ашё сифатида фойдаланиладиган вино маҳсулотларини харид қилган (шу ташкилотнинг алоҳида бўлинмасидан қабул қилган) тақдирда, маҳсулот ҳажмини ўлчашни таъминловчи ўлчаш воситалари қабул қилиш бўлимига омбор (вино сақлаш омбори)га топширишдан олдин ўрнатилади.

Ташкилотларда ушбу бандда кўрсатилган истеъмол идишларига қуйилган маҳсулотларни ҳисобга олишни таъминлайдиган ўлчаш воситалари қадоқлаш (қуйиш (автомат) машиналари, жамланма қурилмаси, дозатор ва ҳ.к.)дан кейин истеъмол идишига қуйилган маҳсулотни омборга топширишдан олдин ўрнатилади.

8. Вино маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ташкилотларда вино дистилляти, вино спирти, узум дистилляти ёки ректификатланган узум спирти хом ашё сифатида ишлатиш учун харид қилганда, ушбу тайёр маҳсулотнинг ҳажмини, ҳароратини ва тайёр маҳсулотдаги зичлигини ўлчашни таъминловчи ўлчаш воситалари қабул қилиш бўлимига омбор (спирт сақлаш омбори)га топширишдан олдин ўрнатилади.

Ушбу бандда кўрсатилган тайёр маҳсулот ҳажмини ўлчаш воситалари ташкилотлардаги қуйидаги жойларга ўрнатилади:

вино маҳсулотлари хом ашё сифатида ишлатиш учун харид қилганда ёки шу ташкилотнинг алоҳида бўлинмасидан қабул қилинганда қабул қилиш бўлимига омбор (вино сақлаш омбори)га топширишдан олдин;

вино маҳсулотлари етказиб берилганда ёки ушбу ташкилотнинг алоҳида бўлинмасига узатилганда жўнатиш бўлимига истеъмолчи (харидор)нинг транспорт идишига қуйиш (ортиш)дан олдин;

9. Дистиллятлар (шу жумладан, вино, узум, мева-резавор, коньяк, кальвадос, виски, шунингдек, вино ва узум спиртлари) ишлаб чиқарувчи ташкилотларда ушбу тайёр маҳсулотнинг ҳажмини, ҳароратини ва тайёр маҳсулотдаги зичлигини ўлчашни таъминловчи ўлчаш воситалари қуйидаги жойларга ўрнатилади:

ҳайдаш қурилма (ускуна)ларидан кейин сақлаш учун омборга ўтказишдан олдин;

истеъмолчи (харидор)га дистиллятлар (шу жумладан, вино, узум, мева-резавор, коньяк, кальвадос, виски, шунингдек, вино ва узум спиртлари) етказиб берилганда (ушбу ташкилотнинг алоҳида тузилмасига жўнатилганда) транспорт идишига қуйиш (юклаб жўнатиш)дан олдин.

Хом ашё сифатида ишлатиладиган вино материаллари харид қилинганда ёки ташкилотнинг алоҳида тузилмасидан қабул қилинганда ушбу бандда кўрсатилган ташкилотларда тайёр маҳсулот ҳажмини ўлчаш воситалари қабул бўлимига маҳсулотлар омборга ўтказишдан олдин ўрнатилади.

10. Истеъмол идишига қуйиладиган қувватли вино маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ташкилотларда вино ва узум дистилляти, вино ва узум спирти, ректификатланган узум спирти, бошқа мева-резаворлар дистилляти хом ашё сифатида ишлатиш учун харид қилинганда, ушбу тайёр маҳсулотнинг ҳажмини, ҳароратини ва тайёр маҳсулотдаги зичлигини ўлчашни таъминловчи ўлчаш воситалари қабул қилиш бўлимига омбор (спирт ва вино сақлаш омбори)дан олдин ўрнатилади.

Қувватли вино маҳсулотлари ишлаб чиқаришда тайёр маҳсулот ҳажмини ўлчаш воситалари ташкилотларда қуйидаги жойларга ўрнатилади:

вино маҳсулотлари хом ашё сифатида ишлатиш учун харид қилинганда (ушбу ташкилотнинг алоҳида бўлинмасидан қабул қилинганда) қабул қилиш бўлимига омбор (вино сақлаш омбори)га топширишдан олдин;

сарф қилинадиган (босимли) идишдан кейин қадоқлаш (автомат) машиналари (қуйиш (автомат) машиналари, жамланма қурилмаси, дозатор ва ҳ.к.)дан олдин.

Ушбу бандда кўрсатилган ташкилотларда истеъмол идишига қуйилган маҳсулот ҳисобини таъминлайдиган ўлчов воситалари қуйиш линиясига қадоқлаш (қуйиш) ускунаси ва қопқоқлаш ускунаси жамланган машина (автомат)дан кейин ўрнатилади.

11. Истеъмол идишига қуйиладиган пиво ва пиво маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ташкилотларда ушбу турдаги тайёр маҳсулотлар ҳажмини ўлчов воситаларини сарф қилинадиган (босимли) идишдан кейин қадоқлаш (автомат) машиналари (қуйиш (автомат) машиналари, жамланма қурилмаси, дозатор ва ҳ.к.)дан олдин ўрнатилади.

Ушбу бандда кўрсатилган ташкилотларда истеъмол идишига қуйилган маҳсулот ҳисобини таъминлайдиган ўлчов воситаларини қуйиш линиясида қадоқлаш (қуйиш) ускунаси ва қопқоқлаш ускунаси жамланган машина (автомат)дан кейин ўрнатилади.

3-боб. Асосий технологик асбоб-ускуналарни ўлчаш воситалари билан жиҳозлаш схемаси, пломбалаш ва пломбаларни ечиш

12. Ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ушбу қарор талабларига асосан, шунингдек, уларга техник хизмат кўрсатиш ускуналарнинг техник ҳужжатлари талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Ускуналарни қиёслов кўригидан ўтказиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳар икки йилда бир марта амалга оширилади.

13. Асосий технологик ускуналарни ўлчов воситалари билан жиҳозлаш жойлари ташкилот томонидан асосий технологик ускуналарни ўлчаш воситалари билан жиҳозлаш схемаси (кейинги ўринларда — жиҳозлаш схемаси)да кўрсатилади.

14. Ўлчов воситалари ўрнатилган спирт омборлари, вино омборлари, алкоголь маҳсулотларини қуйиш линиялари ва бошқа ишлаб чиқариш бинолари учун жиҳозлаш схемаси ҳар бир объект бўйича алоҳида-алоҳида икки нусхада тузилади.

Жиҳозлаш схемаси ташкилот раҳбари томонидан имзоланади ва ташкилот муҳри билан тасдиқланади.

15. Асосий технологик ускуналар ўлчов воситалари билан жиҳозлангандан сўнг, асосий технологик ускуналар ташкилотнинг жойлашган жойида ёки унинг ташкилий тузилмаси жойлашган жойда ташкилотнинг ваколатли вакили иштирокида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясининг (кейинги ўринларда — Инспекция) ваколатли ходими томонидан муҳрланади (пломбаланади) ҳамда далолатнома тузилади.

Инспекциянинг ваколатли ходими томонидан пломбалаш (пломбани ечиш) тўғрисидаги далолатнома рақами ва тузилган санасини кўрсатган ҳолда жиҳозлаш схемасига тегишли ёзув киритилади.

Пломбалаш (пломбани ечиш) тўғрисидаги далолатнома жиҳозлаш схемасининг ажралмас қисми ҳисобланиб, унда ўрнатилган пломбалар ва (ёки) голограмма стикерлари тўғрисидаги маълумотлар, пломба кўриниши тавсифи ва (ёки) пломбалашда (муҳрлашда) ишлатиладиган муҳрлар (голограмма стикерлар) рақамлари, шунингдек, уларнинг жойлашган жойлари кўрсатилади.

Пломбалаш (пломбани ечиш) далолатномаси ўлчаш воситаларини пломбалаш (пломбани ечиш) пайтида ҳозир бўлган ташкилотнинг ваколатли шахси, шунингдек, Инспекция вакили томонидан имзоланади.

16. Ушбу Низомнинг 12 — 14-бандлари талабларига мувофиқ тузилган жиҳозлаш схемасининг бир нусхаси ташкилотда қолдирилади, иккинчи нусхаси эса Инспекцияда сақланади.

4-боб. Якунловчи қоида

17. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 октябрдаги 634-сон қарорига 2-ИЛОВА

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг назорат харидини амалга ошириш ҳамда уларни экспертиза (тест)дан ўтказиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш корхоналарида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг назорат харидини амалга ошириш, уларнинг ваколатли органлар билан техник регламентлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида экспертизадан ўтказиш, шунингдек, мазкур харажатларни Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясининг (кейинги ўринларда — Инспекция) бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан қоплаш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

назорат хариди — чакана савдо шохобчаларида ва умумий овқатланиш корхоналарида истеъмолчиларга сотиладиган алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасини аниқлаш ҳамда техник регламентлар талабларига мувофиқлигини назорат қилиш орқали «яширин иқтисодиёт»нинг ва сифатсиз маҳсулотларининг вужудга келиш омилларини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган тадбирлар мажмуи;

тестдан ўтказиш — маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқлигини ўрганиш мақсадида лаборатория шароитида таҳлил қилиш ва таҳлил натижаларини баҳолаш усули;

экспертиза — техник регламентлар талабларига мувофиқ маҳсулотнинг хавфсизлигига қўйиладиган мажбурий талабларнинг тўғрилигини баҳолаш ва таҳлил қилиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий ишлар мажмуи.

3. Назорат хариди ва кейинчалик экспертизадан (тестдан) ўтказиш тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда ушбу Низомга мувофиқ Инспекция вакиллари томонидан алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиб олиш ва аккредитациядан ўтган синов лабораторияларида экспертизадан (тестдан) ўтказиш орқали иловадаги схемага асосан амалга оширилади.

4. Назорат хариди учун қуйидагилардан бири асос бўлиши мумкин:

Инспекция бошлиғи томонидан тасдиқланадиган ҳамда Инспекциянинг расмий веб-сайтига жойлаштириладиган назорат харидини амалга ошириш режаси;

ваколатли органлар, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан келиб тушган маълумот, оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи манбалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарлар;

қонунда белгиланган тартибда жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушадиган мурожаатлар;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари.

5. Назорат харидини амалга ошириш режаси Инспекция томонидан ҳар йили шакллантирилади ва Инспекция бошлиғи томонидан тасдиқланади ҳамда ушбу режага Инспекция томонидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

6. Назорат харидини ўтказиш режасида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

назорат харидини ўтказиш даври (йил, ой);

тадбирни ўтказиш жойи (вилоят, шаҳар, туман);

назорат харидини ўтказиш давомида амал қилиниши баҳолаб бориладиган мажбурий талаблар;

назорат хариди ўтказиладиган маҳсулотлар номлари.

7. Назорат хариди ва маҳсулотларни экспертизадан (тестдан) ўтказиш Инспекция томонидан қонунийлик, ошкоралик, холислик, адолатлилик, тенглик ва шаффофлик принципларига асосланган ҳолда амалга оширилади.

2-боб. Назорат харидини амалга ошириш тартиби

8. Назорат харидини амалга ошириш тўғрисида тадбир ўтказилишидан бир кун аввал Инспекция бошлиғи томонидан буйруқ қабул қилинади.

9. Буйруқ қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:

Инспекциянинг ваколатли ходими ёки ходимларининг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;

назорат хариди ўтказилаётган юридик шахс номи ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми, отасининг исми, шунингдек назорат хариди бевосита ўтказилаётган жойнинг почта манзили;

назорат хариди ўтказилаётган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг солиқ тўловчи идентификация рақами, шунингдек, лицензия ва/ёки фаолиятни юритиш учун берилган бошқа ҳужжатларнинг санаси ва рақами;

назорат харидини ўтказишда баҳоланадиган мажбурий талаблар;

назорат харидини амалга ошириш учун асос;

назорат хариди давомида олинадиган маҳсулотлар номи, уларнинг сони, сотиб олиш ва тўловни амалга ошириш тўғрисидаги маълумот;

назорат харидини амалга ошириш муддатлари (йил, ой, кун);

назорат хариди давомида фото ва видеотасвирларнинг зарурлиги тўғрисида маълумот;

алкоголь маҳсулоти бўйича назорат харидини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар.

10. Назорат хариди уни ўтказиш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган Инспекция масъул ходимлари томонидан амалга оширилади.

11. Назорат хариди фақатгина касса чеки ва/ёки белгиланган шаклдаги бошқа ҳужжат расмийлаштирилганда амалга оширилган ҳисобланади.

12. Назорат хариди якунлангандан сўнг назорат харидини ўтказишга масъул бўлган Инспекция ходими юридик шахс вакилига ёки якка тартибдаги тадбиркорга ёхуд унинг вакилига назорат хариди ўтказилганлиги тўғрисида маълум қилади, хизмат гувоҳномасини кўрсатади ва назорат харидини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ нусхасини тақдим қилади.

Юридик шахс вакили ёки якка тартибдаги тадбиркор ёхуд унинг вакили назорат харидини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан танишиб чиққанлиги ва нусхасини олганлиги тўғрисида назорат харидини ўтказиш тўғрисидаги далолатномада тегишли қайдни амалга оширади.

Юридик шахс вакили ёки якка тартибдаги тадбиркор ёхуд унинг вакили назорат хариди ўтказилганлиги тўғрисидаги буйруқ билан танишиб чиқишдан ва/ёки нусхасини олишдан бош тортган ҳолларда бу ҳақида далолатномага тегишли маълумотлар киритилади.

13. Юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор томонидан назорат хариди якунлангунга қадар маҳсулотдаги ёки чакана савдони амалга оширишдаги камчиликларни бартараф этишга йўл қўйилмайди.

14. Далолатноманинг намунавий шакли Инспекция томонидан тасдиқланади. Далолатномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

далолатномани тузиш санаси, вақти ва жойи;

назорат харидини ўтказишда қатнашган давлат органи номи (агар бўлса);

назорат харидини ўтказиш тўғрисидаги буйруқнинг санаси ва рақами;

назорат харидини ўтказган мансабдор шахс ёки шахслар фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;

юридик шахс номи ёки якка тартибдаги тадбиркор фамилияси, исми, шарифи, юридик шахс жойлашган, якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини амалга оширувчи жой ва (ёки) назорат хариди бевосита ўтказилган якка тартибдаги тадбиркор амалдаги фаолият кўрсатиш манзили;

назорат хариди давомида олинган маҳсулотлар (маҳсулот тури, яроқлилик муддати, қадоқ ҳажми ва намуналар сони), уларни сотиб олиш ва тўловни амалга ошириш тўғрисидаги маълумот;

мажбурий талабларнинг бузилиши билан боғлиқ аниқланган ҳолатлар ёки уларнинг мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотлар;

юридик шахс вакили ёки якка тартибдаги тадбиркор ёхуд унинг вакили томонидан назорат харидини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан танишиб чиққанлиги ва нусхасини олганлиги ёки назорат харидини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан танишиб чиқиш ҳамда нусхасини олишдан бош тортганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

назорат харидини ўтказишда қатнашган холислар (қатнашган ҳолларда) ёки фото ва видео ёзувлардан фойдаланилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

назорат харидини ўтказиш тўғрисидаги буйруқда назарда тутилган бошқа маълумотлар;

назорат харидини ўтказган масъул ходим (ходимлар) имзоси ҳамда назорат хариди ўтказишда қатнашган холислар имзолари (қатнашган ҳолларда);

юридик шахс вакили ёки якка тартибдаги тадбиркор ёхуд унинг вакилининг имзоси учун жой ёки имзо қўйишдан бош тортганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

экспертизадан (тестдан) ўтказиш зарурлиги тўғрисидаги маълумотлар.

15. Далолатнома юридик шахс вакили ёки якка тартибдаги тадбиркор ёхуд унинг вакилига имзолаш учун холислар иштирокида тақдим этилади.

Холис иштирокчи сифатида манфаатдор бўлмаган, бири-бири ва назорат хариди иштирокчилари билан қариндошлиги, қўл остида ёки назоратида бўлмаган исталган вояга етган лаёқатли жисмоний шахс таклиф этилиши мумкин. Холислар сони икки кишидан кам бўлиши мумкин эмас.

Юридик шахс вакили ёки якка тартибдаги тадбиркор ёхуд унинг вакили томонидан далолатномани имзолашдан бош тортиш ҳолатларида далолатномага имзо қўйишдан бош тортилганлиги тўғрисида маълумот киритилади.

Далолатнома нусхаси назорат хариди ўтказилган юридик шахс вакили ёки якка тартибдаги тадбиркор ёхуд унинг вакилига ҳужжат тузилиши билан берилади.

16. Назорат хариди давомида олинган маҳсулотларни экспертизадан ўтказиш учун юборишда далолатномага ушбу маҳсулотларнинг белги қўйилган рўйхати келтирилган тегишли ёзув киритилади.

Маҳсулотларни экспертизадан ўтказиш учун юбориш (транспортда) ва сақлаш техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга асосан, маҳсулотларни ташиш ва сақлаш талабларига мувофиқ амалга оширилади.

17. Далолатномага маҳсулотлар сотиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, касса ва маҳсулот чеклари илова қилинади.

18. Назорат харидини ўтказишда Инспекция масъул ходими:

маҳсулотни буйруқда келтирилган номи ва сонига кўра мустақил равишда танлайди;

назорат харидини амалга ошириш билан боғлиқ ҳужжатларни имзолайди ҳамда маҳсулот сотиб олиш учун зарур бўлган бошқа ҳаракатларни амалга оширади;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, тадбиркорлик субъектининг молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда, тақдим этилиши лозим бўлган товар тўғрисидаги ҳужжатларни ва маълумотларни талаб қилади;

зарурий ҳолларда, фото ва видеотасвирга олиш воситаларидан фойдаланади.

3-боб. Маҳсулотларни экспертиза (тест)дан ўтказиш тартиби

19. Назорат харидида олинган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини экспертизадан ўтказиш — жойида, тестдан ўтказиш — аккредитациядан ўтган синов лабораторияларида амалга оширилади.

20. Маҳсулотларни экспертизадан ўтказиш фақатгина маҳсулотларни тестдан ўтказиш учун танлаб олиш мақсадида Инспекция масъул ходим (ходимлар)и томонидан амалга оширилади.

Бунда қуйидаги талабларга риоя этилганлиги экспертизадан ўтказилади:

савдо шаҳобчасида маҳсулотларни сақлаш шароитлари;

алкоголь ва тамаки маҳсулотлари маркировкасини техник регламентлар талабларига мувофиқлиги;

ишлаб чиқарувчи томонидан ўрнатилган яроқлилик муддатига амал қилиниши.

21. Яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни синов лабораторияларида тестдан ўтказишга йўл қўйилмайди. Улар чакана савдо ва умумий овқатланиш корхоналарида аниқланган ҳолларда юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган чоралар қўлланилади.

22. Назорат хариди давомида тестдан ўтказиш учун сотиб олинган маҳсулотлар чакана савдо ва умумий овқатланиш корхоналари томонидан белгиланган шартларда, уларга зарар етмайдиган тарзда юкланиши ва сақланиши лозим.

23. Маҳсулотларни тестдан ўтказиш зарурати туғилганда, улар синов лабораторияларига назорат хариди якунланадиган кундан кечиктирмасдан етказилиши лозим.

24. Маҳсулотларни тестдан ўтказиш Инспекция томонидан миллий аккредитация тизимида аккредитация қилинган давлат ва нодавлат синов лабораторияларида шартнома асосида амалга оширилади.

25. Назорат хариди давомида олинган маҳсулот намуналари Инспекция масъул ходими томонидан илова қилинган ҳужжат билан савдо номлари олиб ташланган ва тўлиқ беркитилган, бироқ истеъмол қадоғи сақланган ҳолда назорат харидини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан норматив ҳужжатларда белгиланган миқдорда синов лабораторияларига юборилади.

26. Илова қилинган ҳужжатда қуйидагилар кўрсатилади:

илова қилинган ҳужжат рақами ва санаси;

маҳсулот намуналарини етказувчи масъул шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими ва имзоси;

маҳсулот намуналарини тестдан ўтказиш учун қабул қиладиган синов лабораторияси масъул ходимининг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими ва имзоси;

назорат харидини ўтказиш далолатномасининг рақами ва санаси;

маҳсулот номи, ишлаб чиқариш санаси, маҳсулот ўрами ҳажми, намуналар сони;

маҳсулот намуналарини етказишда сақлаш шартларига амал қилинганлиги тўғрисидаги белгилар.

27. Маҳсулот намуналарини тестдан ўтказиш ушбу маҳсулотларга нисбатан белгиланган техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ, шартномада кўрсатилган муддатларда амалга оширилади.

28. Экспертиза (тест) натижалари Инспекция томонидан синов баённомалари расмийлаштирилган вақтдан уч иш кунидан ошмаган муддатда юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорга почта ёки электрон почта орқали юборилади.

29. Экспертиза (тест) натижалари Инспекция расмий веб-сайтида доимий равишда жойлаштирилиб борилади.

30. Экспертиза (тест) натижалари бўйича савдо қоидаларига, маҳсулот техник регламентлар талабига мувофиқ бўлмаган ҳолатлар аниқланганда, Инспекция томонидан тегишли ҳужжатлар ваколатли органларга тақдим этилади ҳамда улар томонидан айбдор шахсларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ чоралар қўлланилади.

4-боб. Назорат хариди билан боғлиқ ишларни молиялаштириш

31. Назорат хариди билан боғлиқ ишларни ҳамда маҳсулотларни тестдан ўтказиш бўйича ишларни молиялаштириш Инспекциянинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

32. Инспекция раҳбарининг назорат харидини амалга ошириш тўғрисидаги буйруғи билан тасдиқланган ходимларга назорат хариди харажатлари уни тасдиқловчи ҳужжатларга асосан Инспекциянинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади.

Бунда, назорат хариди ўтказилиши учун масъул ходимнинг сўровига ва тахминий ҳисоб-китоблари асосида ўзига тегишли бўлган банк пластик картасига олдиндан бўнак (аванс) тўланиши мумкин ҳамда назорат хариди якунлангандан сўнг уч иш кунидан кечиктирмасдан барча асословчи ҳужжатлар илова қилинган ҳисоботда ушбу бўнак (аванс) ҳисобга олинади.

Мазкур харажатлар Инспекциянинг харажатлар сметасида алоҳида харажатлар таснифида режалаштирилади.

Назорат хариди нақд пул воситасида амалга оширилганда хариднинг амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (касса чеки ва б.) харидни амалга ошириш бўйича ҳужжатлар йиғма жилдига илова қилинади.

33. Инспекциянинг масъул ходими назорат хариди бўйича амалга оширилган назорат харидларининг қонунчиликка мувофиқ ўтказилиши бўйича жавобгар ҳисобланади.

5-боб. Якуний қоидалар

34. Назорат харидининг натижалари, уни амалга ошириш давомида тўпланган фото ва видеоматериаллар шахсий маълумотлар ҳамда тижорат сирига оид қонунчилик талабларига риоя этилган ҳолда Инспекция расмий веб-сайтида жойлаштирилиши ҳамда ОАВда эълон қилиниши мумкин.

35. Назорат харидини амалга оширишда юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорларнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашиш ҳамда текширувлар ўтказиш қатъиян тақиқланади.

36. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

37. Инспекцияга юклатилган вазифа ва функцияларнинг бажарилишига тўсқинлик қилган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

38. Сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) назорат харидини ўтказиш ва маҳсулотлар экспертизаси (тестдан ўтказиш) натижалари устидан белгиланган тартибда судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг назорат харидини амалга ошириш ҳамда уларни экспертиза (тест)дан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиб олиш ва экспертизадан (тестдан) ўтказиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси 1. Назорат харидини ўтказиш режасини шакллантиради ва тасдиқлайди. 2. Назорат харидини ўтказиш режасини расмий веб-сайтга жойлаштиради. Ҳар йили январь ойида 2-босқич Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси бошлиғи 1. Тасдиқланган режага кўра , шунингдек, ваколатли органлардан келиб тушган маълумот, ОАВ, Интернет жаҳон ахборот тармоғи манбалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарлар асосида буйруқ қабул қилади. 2. Назорат хариди тадбирларини ўтказиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилади. Тадбир ўтказилишидан 1 кун аввал 3-босқич Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси масъул ходими 1. Буйруқда кўрсатилган хўжалик юритувчи субъектдан (жойига чиққан ҳолда) тегишли маҳсулотни сотиб олади. 2. Белгиланган тартибда харид қилинган намуналарни синов лабораториясига юборади. Буйруқда кўрсатилган санада Назорат хариди ўтказилган сана да 4-босқич Аккредитация қилинган давлат ва нодавлат лабораториялар Маҳсулот намуналарини тестдан ўтказади ва синов баённомаларини Агентликка юборади. Техник ҳужжатлар ва шартномада белгиланган муддатда 5-босқич Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси 1. Экспертиза (тест) натижаларини юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорга почта ёки электрон почта орқали юборади. 2. Экспертиза натижасида техник регламентлар талабига мувофиқ бўлмаган ҳолатлар аниқланганда, тегишли ҳужжатларни ваколатли органларга юборади. Тест натижалари олинган кундан бошлаб 3 иш куни ичида 6-босқич Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси Назорат харидининг натижалари, тўпланган фото ва видеоматериалларни қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда расмий веб-сайтига жойлаштиради ҳамда ОАВда эълон қилади. Назорат хариди натижалари бўйича

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 11 октябрь,

634-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.10.2021 й., 09/21/634/0951-сон, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 30.01.2025 й., 09/25/45/0084-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

NIZOM

SXEMASI

Isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol va tamaki mahsulotlari muomalasini tartibga solish sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Alkogol va tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish va ularning aylanmasini tartibga solish sohasidagi boshqaruv tizimini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2020-yil 23-iyuldagi PF-6033-son Farmoni hamda “Oʻzbekiston Respublikasi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish hamda vinochilikni rivojlantirish agentligi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2020-yil 23-iyuldagi PQ-4787-son qaroriga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

isteʼmol va texnik etil spirti hamda alkogol mahsulotlarini ishlab chiqarishda oʻlchov uskunalarini hamda hisobga olish axborot tizimiga axborot uzatuvchi boshqa qayd etish vositalarini oʻrnatishni nazarda tutuvchi Isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol mahsulotlarini ishlab chiqarishda oʻlchov uskunalarini hamda hajmini avtomatlashtirilgan oʻlchash va hisobga olish vositalari bilan jihozlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

chakana savdo hamda umumiy ovqatlanish korxonalarida alkogol va tamaki mahsulotlarining nazorat xaridini amalga oshirish, ularning namunalarini sinov laboratoriyalarida ekspertizadan oʻtkazish va mazkur xarajatlarni moliyalashtirishni nazarda tutuvchi Alkogol va tamaki mahsulotlarining nazorat xaridini amalga oshirish hamda ularni ekspertiza (test)dan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish hamda vinochilikni rivojlantirish agentligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari Sh.M. Gʻaniyev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 11-oktabrdagi 634-son qaroriga 1-ILOVA

Isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol mahsulotlarini ishlab chiqarishda oʻlchov uskunalarini hamda hajmini avtomatlashtirilgan oʻlchash va hisobga olish vositalari bilan jihozlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom isteʼmol va texnik etil spirti (keyingi oʻrinlarda — etil spirti) hamda alkogol mahsulotlarini ishlab chiqarishda oʻlchov uskunalarini va hisobga olish axborot tizimiga axborot uzatuvchi boshqa hisobga olish va qayd etish vositalarini oʻrnatish tartibini belgilaydi.

Etil spirti va alkogol mahsuloti yetkazilishi toʻxtaganda, oʻlchov vositasi toʻxtashi, shuningdek, asosiy uskunadan uzluksiz ravishda mahsulot yuborilib, oʻlchov vositasi ishlamay qolganda ish jarayoni boshqa oʻlchov vositasiga oʻtkazilishi kerak.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

distillyatlar — alkogol mahsulotlari ishlab chiqarishda bijgʻitilgan suslo yoki ishlov berilgan vino xom ashyosi (vinomaterial)ni, tarkibida etil spirti mavjud achitqili yoki quyqali choʻkmalarni, uzumni ezish natijasida chiqadigan massa va boshqa tarkibida spirt saqlovchi mahsulotlar xom ashyolarini oddiy va/yoki fraksion distillash va/yoki rektifikatlash yoʻli bilan olingan vinochilik mahsuloti (vino, uzum, meva-rezavor, konyak, kalvados va viski distillyatlari);

dozator — suyuq va sochiluvchan moddalar massasi yoki hajmini avtomatik tarzda oʻlchaydigan (dozalaydigan) qurilma;

oʻlchov vositalari (elektron hisoblagichlar) — oʻlchovlar uchun foydalaniladigan va normalangan metrologik xususiyatga ega boʻlgan texnika vositasi;

epruvetka — quyish boʻlimiga oʻtkazishdan oldin oʻtayotgan suyuqlikning tarkibidagi etil spirtining hajmiy ulushini aniqlovchi yarim shisha holatidagi uskuna;

etil spirti bosh fraksiyasi (keyingi oʻrinlarda — Efir aldegidli fraksiya yoki EAF) — tarkibida uchuvchan qoʻshimchalar konsentratsiyasi yuqori boʻlgan, etil spirtining hajmiy ulushi (quvvati) 92,0 foizdan kam boʻlmagan, tayyor achitmani bragorektifikatlash yoki ozuqaviy xom ashyodan olingan xom etil spirtini rektifikatsiyalash natijasida ajratib olinadigan va ozuqaviy xom ashyodan rektifikatlangan etil spirti ishlab chiqarish jarayonining qoʻshimcha mahsuloti boʻlgan suv-spirt eritmasi.

2-bob. Oʻlchov vositalarini oʻrnatish

3. Etil spirti (vino, uzum, meva-rezavor, konyak, kalvados, viski distillyatlari va spirtlari bundan mustasno) ishlab chiqaradigan tashkilotlarda tayyor mahsulot hajmini, haroratini va tayyor mahsulotdagi zichlikni oʻlchash vositalari quyidagi joylarga oʻrnatiladi:

etil spirtini quyish boʻlimi (spirt qabul qilish boʻlimi)ga oʻtkazishda epruvetkadan (chiroq) keyin va tayyor mahsulotlar omboriga (spirt saqlash omboriga) topshirishdan oldin;

etil spirtini isteʼmolchilarga temir yoʻl, avtomobil yoki boshqa transport vositalarida yuklab joʻnatishda, shuningdek, etil spirtini tashkilotning alohida boʻlinmasiga yuborishda spirt yigʻish boʻlimida oʻlchash moslamasidan keyin etil spirtini isteʼmol idishiga quyishdan (joʻnatishdan) oldin.

4. EAF ishlab chiqaradigan tashkilotlarda tayyor mahsulot hajmini, haroratini va tayyor mahsulotdagi zichlikni oʻlchash vositalari quyidagi joylarga oʻrnatiladi:

EAFni spirt qabul qilish boʻlimiga va tayyor mahsulotlar omboriga (spirtni saqlash omboriga) topshirishdan oldin muzlatgichdan keyin;

EAFni isteʼmolchilarga temir yoʻl yoki boshqa transport vositalarida yuklab joʻnatishda, spirt topshirish boʻlimida EAFni temir yoʻl va transport idishiga yuklashdan oldin oʻlchash moslamasidan keyin;

EAFni tashkilotning alohida boʻlinmasiga yuborishda EAF yigʻish boʻlimida oʻlchash moslamasidan keyin EAFni idishga quyishdan (joʻnatishdan) oldin.

5. Alkogol mahsulotlari (tabiiy vino, meva va rezavor-mevalardan tayyorlangan vino, koʻpiklanadigan (shampan), gazlangan vino, isteʼmol etil spirti qoʻshilmagan vino ichimliklari, pivo va pivo ichimliklaridan tashqari) ishlab chiqaradigan tashkilotlarda isteʼmol idishiga quyiladigan tayyor mahsulot hajmini, haroratini va tayyor mahsulotdagi zichlikni oʻlchash vositalari quyidagi joylarga oʻrnatiladi:

xom ashyo sifatida ishlatiladigan isteʼmol etil spirti va alkogol mahsulotlari xarid qilinganda qabul boʻlimiga ushbu mahsulotlar ombor (spirt saqlash ombori, vino saqlash ombori)ga topshirilishdan oldin;

(avtomatik) quyish uskunasi, dozator va ularning jamlanma qurilmasiga;

alkogol mahsulotlari ishlab chiqaruvchi tashkilotlarda isteʼmol idishlariga quyilgan mahsulotlarni hisobga olishni taʼminlaydigan oʻlchash vositalarini qadoqlash (avtomat) mashinalari, qopqoqlash, yorliq yopishtirish mashinalaridan keyin isteʼmol idishiga quyilgan mahsulotni omborga topshirishdan oldin oʻrnatiladi.

6. Alkogol mahsulotlari (tabiiy vino, meva va rezavor-mevalardan tayyorlangan vino, koʻpiklanadigan (shampan), gazlangan vino, isteʼmol etil spirti qoʻshilmagan vino ichimliklar, pivo va pivo mahsulotlaridan tashqari) ishlab chiqaradigan tashkilotlarda isteʼmol idishiga quyilmaydigan tayyor mahsulot hajmini, haroratini va tayyor mahsulotdagi zichlikni oʻlchash vositalari quyidagi joylarga oʻrnatiladi:

xom ashyo sifatida ishlatiladigan isteʼmol etil spirti va alkogol mahsulotlari xarid qilinganda ushbu mahsulotlar ombor (spirt saqlash ombori, vino saqlash ombori)ga topshirishdan oldin qabul boʻlimiga;

oxirgi texnologik jarayondan keyin isteʼmol idishiga quyilmagan alkogol mahsulotlarini omborga topshirishdan oldin;

isteʼmol idishiga quyilmagan alkogol mahsulotlari isteʼmolchi (xaridor)ga yetkazib beriladigan boʻlsa, shuningdek, isteʼmol idishiga quyilmagan alkogol mahsulotlari tashkilotning tashkiliy tuzilmasiga alkogol mahsulotlari ishlab chiqarishda oʻz ehtiyojlari uchun ishlatiladigan boʻlsa, joʻnatish boʻlimiga joʻnatishdan oldin oʻlchov vositasidan keyin.

7. Tabiiy vino, meva va rezavor-mevadan tayyorlangan vino, koʻpiklanadigan (shampan) vino, gazlangan vino, isteʼmol etil spirti qoʻshilmagan vino ichimliklari ishlab chiqaruvchi tashkilotlar xom ashyo sifatida foydalaniladigan vino mahsulotlarini xarid qilgan (shu tashkilotning alohida boʻlinmasidan qabul qilgan) taqdirda, mahsulot hajmini oʻlchashni taʼminlovchi oʻlchash vositalari qabul qilish boʻlimiga ombor (vino saqlash ombori)ga topshirishdan oldin oʻrnatiladi.

Tashkilotlarda ushbu bandda koʻrsatilgan isteʼmol idishlariga quyilgan mahsulotlarni hisobga olishni taʼminlaydigan oʻlchash vositalari qadoqlash (quyish (avtomat) mashinalari, jamlanma qurilmasi, dozator va h.k.)dan keyin isteʼmol idishiga quyilgan mahsulotni omborga topshirishdan oldin oʻrnatiladi.

8. Vino mahsulotlari ishlab chiqaruvchi tashkilotlarda vino distillyati, vino spirti, uzum distillyati yoki rektifikatlangan uzum spirti xom ashyo sifatida ishlatish uchun xarid qilganda, ushbu tayyor mahsulotning hajmini, haroratini va tayyor mahsulotdagi zichligini oʻlchashni taʼminlovchi oʻlchash vositalari qabul qilish boʻlimiga ombor (spirt saqlash ombori)ga topshirishdan oldin oʻrnatiladi.

Ushbu bandda koʻrsatilgan tayyor mahsulot hajmini oʻlchash vositalari tashkilotlardagi quyidagi joylarga oʻrnatiladi:

vino mahsulotlari xom ashyo sifatida ishlatish uchun xarid qilganda yoki shu tashkilotning alohida boʻlinmasidan qabul qilinganda qabul qilish boʻlimiga ombor (vino saqlash ombori)ga topshirishdan oldin;

vino mahsulotlari yetkazib berilganda yoki ushbu tashkilotning alohida boʻlinmasiga uzatilganda joʻnatish boʻlimiga isteʼmolchi (xaridor)ning transport idishiga quyish (ortish)dan oldin;

9. Distillyatlar (shu jumladan, vino, uzum, meva-rezavor, konyak, kalvados, viski, shuningdek, vino va uzum spirtlari) ishlab chiqaruvchi tashkilotlarda ushbu tayyor mahsulotning hajmini, haroratini va tayyor mahsulotdagi zichligini oʻlchashni taʼminlovchi oʻlchash vositalari quyidagi joylarga oʻrnatiladi:

haydash qurilma (uskuna)laridan keyin saqlash uchun omborga oʻtkazishdan oldin;

isteʼmolchi (xaridor)ga distillyatlar (shu jumladan, vino, uzum, meva-rezavor, konyak, kalvados, viski, shuningdek, vino va uzum spirtlari) yetkazib berilganda (ushbu tashkilotning alohida tuzilmasiga joʻnatilganda) transport idishiga quyish (yuklab joʻnatish)dan oldin.

Xom ashyo sifatida ishlatiladigan vino materiallari xarid qilinganda yoki tashkilotning alohida tuzilmasidan qabul qilinganda ushbu bandda koʻrsatilgan tashkilotlarda tayyor mahsulot hajmini oʻlchash vositalari qabul boʻlimiga mahsulotlar omborga oʻtkazishdan oldin oʻrnatiladi.

10. Isteʼmol idishiga quyiladigan quvvatli vino mahsulotlari ishlab chiqaruvchi tashkilotlarda vino va uzum distillyati, vino va uzum spirti, rektifikatlangan uzum spirti, boshqa meva-rezavorlar distillyati xom ashyo sifatida ishlatish uchun xarid qilinganda, ushbu tayyor mahsulotning hajmini, haroratini va tayyor mahsulotdagi zichligini oʻlchashni taʼminlovchi oʻlchash vositalari qabul qilish boʻlimiga ombor (spirt va vino saqlash ombori)dan oldin oʻrnatiladi.

Quvvatli vino mahsulotlari ishlab chiqarishda tayyor mahsulot hajmini oʻlchash vositalari tashkilotlarda quyidagi joylarga oʻrnatiladi:

vino mahsulotlari xom ashyo sifatida ishlatish uchun xarid qilinganda (ushbu tashkilotning alohida boʻlinmasidan qabul qilinganda) qabul qilish boʻlimiga ombor (vino saqlash ombori)ga topshirishdan oldin;

sarf qilinadigan (bosimli) idishdan keyin qadoqlash (avtomat) mashinalari (quyish (avtomat) mashinalari, jamlanma qurilmasi, dozator va h.k.)dan oldin.

Ushbu bandda koʻrsatilgan tashkilotlarda isteʼmol idishiga quyilgan mahsulot hisobini taʼminlaydigan oʻlchov vositalari quyish liniyasiga qadoqlash (quyish) uskunasi va qopqoqlash uskunasi jamlangan mashina (avtomat)dan keyin oʻrnatiladi.

11. Isteʼmol idishiga quyiladigan pivo va pivo mahsulotlari ishlab chiqaruvchi tashkilotlarda ushbu turdagi tayyor mahsulotlar hajmini oʻlchov vositalarini sarf qilinadigan (bosimli) idishdan keyin qadoqlash (avtomat) mashinalari (quyish (avtomat) mashinalari, jamlanma qurilmasi, dozator va h.k.)dan oldin oʻrnatiladi.

Ushbu bandda koʻrsatilgan tashkilotlarda isteʼmol idishiga quyilgan mahsulot hisobini taʼminlaydigan oʻlchov vositalarini quyish liniyasida qadoqlash (quyish) uskunasi va qopqoqlash uskunasi jamlangan mashina (avtomat)dan keyin oʻrnatiladi.

3-bob. Asosiy texnologik asbob-uskunalarni oʻlchash vositalari bilan jihozlash sxemasi, plombalash va plombalarni yechish

12. Oʻlchov vositalari bilan jihozlash ushbu qaror talablariga asosan, shuningdek, ularga texnik xizmat koʻrsatish uskunalarning texnik hujjatlari talablariga muvofiq amalga oshiriladi.

Uskunalarni qiyoslov koʻrigidan oʻtkazish qonunchilik hujjatlariga muvofiq har ikki yilda bir marta amalga oshiriladi.

13. Asosiy texnologik uskunalarni oʻlchov vositalari bilan jihozlash joylari tashkilot tomonidan asosiy texnologik uskunalarni oʻlchash vositalari bilan jihozlash sxemasi (keyingi oʻrinlarda — jihozlash sxemasi)da koʻrsatiladi.

14. Oʻlchov vositalari oʻrnatilgan spirt omborlari, vino omborlari, alkogol mahsulotlarini quyish liniyalari va boshqa ishlab chiqarish binolari uchun jihozlash sxemasi har bir obyekt boʻyicha alohida-alohida ikki nusxada tuziladi.

Jihozlash sxemasi tashkilot rahbari tomonidan imzolanadi va tashkilot muhri bilan tasdiqlanadi.

15. Asosiy texnologik uskunalar oʻlchov vositalari bilan jihozlangandan soʻng, asosiy texnologik uskunalar tashkilotning joylashgan joyida yoki uning tashkiliy tuzilmasi joylashgan joyda tashkilotning vakolatli vakili ishtirokida Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasining (keyingi oʻrinlarda — Inspeksiya) vakolatli xodimi tomonidan muhrlanadi (plombalanadi) hamda dalolatnoma tuziladi.

Inspeksiyaning vakolatli xodimi tomonidan plombalash (plombani yechish) toʻgʻrisidagi dalolatnoma raqami va tuzilgan sanasini koʻrsatgan holda jihozlash sxemasiga tegishli yozuv kiritiladi.

Plombalash (plombani yechish) toʻgʻrisidagi dalolatnoma jihozlash sxemasining ajralmas qismi hisoblanib, unda oʻrnatilgan plombalar va (yoki) gologramma stikerlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, plomba koʻrinishi tavsifi va (yoki) plombalashda (muhrlashda) ishlatiladigan muhrlar (gologramma stikerlar) raqamlari, shuningdek, ularning joylashgan joylari koʻrsatiladi.

Plombalash (plombani yechish) dalolatnomasi oʻlchash vositalarini plombalash (plombani yechish) paytida hozir boʻlgan tashkilotning vakolatli shaxsi, shuningdek, Inspeksiya vakili tomonidan imzolanadi.

16. Ushbu Nizomning 12 — 14-bandlari talablariga muvofiq tuzilgan jihozlash sxemasining bir nusxasi tashkilotda qoldiriladi, ikkinchi nusxasi esa Inspeksiyada saqlanadi.

4-bob. Yakunlovchi qoida

17. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 11-oktabrdagi 634-son qaroriga 2-ILOVA

Alkogol va tamaki mahsulotlarining nazorat xaridini amalga oshirish hamda ularni ekspertiza (test)dan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom chakana savdo hamda umumiy ovqatlanish korxonalarida alkogol va tamaki mahsulotlarining nazorat xaridini amalga oshirish, ularning vakolatli organlar bilan texnik reglamentlar talablariga muvofiqligini aniqlash maqsadida ekspertizadan oʻtkazish, shuningdek, mazkur xarajatlarni Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasining (keyingi oʻrinlarda — Inspeksiya) budjetdan tashqari jamgʻarmasi hisobidan qoplash tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

nazorat xaridi — chakana savdo shoxobchalarida va umumiy ovqatlanish korxonalarida isteʼmolchilarga sotiladigan alkogol va tamaki mahsulotlarining noqonuniy aylanmasini aniqlash hamda texnik reglamentlar talablariga muvofiqligini nazorat qilish orqali “yashirin iqtisodiyot”ning va sifatsiz mahsulotlarining vujudga kelish omillarini aniqlash maqsadida oʻtkaziladigan tadbirlar majmui;

testdan oʻtkazish — mahsulotning texnik reglamentlar talablariga muvofiqligini oʻrganish maqsadida laboratoriya sharoitida tahlil qilish va tahlil natijalarini baholash usuli;

ekspertiza — texnik reglamentlar talablariga muvofiq mahsulotning xavfsizligiga qoʻyiladigan majburiy talablarning toʻgʻriligini baholash va tahlil qilish boʻyicha tashkiliy-huquqiy ishlar majmui.

3. Nazorat xaridi va keyinchalik ekspertizadan (testdan) oʻtkazish tadbirkorlik subyektlarining moliyaviy-xoʻjalik faoliyatiga aralashmagan holda ushbu Nizomga muvofiq Inspeksiya vakillari tomonidan alkogol va tamaki mahsulotlarini sotib olish va akkreditatsiyadan oʻtgan sinov laboratoriyalarida ekspertizadan (testdan) oʻtkazish orqali ilovadagi sxemaga asosan amalga oshiriladi.

4. Nazorat xaridi uchun quyidagilardan biri asos boʻlishi mumkin:

Inspeksiya boshligʻi tomonidan tasdiqlanadigan hamda Inspeksiyaning rasmiy veb-saytiga joylashtiriladigan nazorat xaridini amalga oshirish rejasi;

vakolatli organlar, shu jumladan huquqni muhofaza qiluvchi organlardan kelib tushgan maʼlumot, ommaviy axborot vositalari, Internet jahon axborot tarmogʻi manbalari va ijtimoiy tarmoqlarda eʼlon qilingan xabarlar;

qonunda belgilangan tartibda jismoniy va yuridik shaxslardan kelib tushadigan murojaatlar;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi, Vazirlar Mahkamasi topshiriqlari.

5. Nazorat xaridini amalga oshirish rejasi Inspeksiya tomonidan har yili shakllantiriladi va Inspeksiya boshligʻi tomonidan tasdiqlanadi hamda ushbu rejaga Inspeksiya tomonidan oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilishi mumkin.

6. Nazorat xaridini oʻtkazish rejasida quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi:

nazorat xaridini oʻtkazish davri (yil, oy);

tadbirni oʻtkazish joyi (viloyat, shahar, tuman);

nazorat xaridini oʻtkazish davomida amal qilinishi baholab boriladigan majburiy talablar;

nazorat xaridi oʻtkaziladigan mahsulotlar nomlari.

7. Nazorat xaridi va mahsulotlarni ekspertizadan (testdan) oʻtkazish Inspeksiya tomonidan qonuniylik, oshkoralik, xolislik, adolatlilik, tenglik va shaffoflik prinsiplariga asoslangan holda amalga oshiriladi.

2-bob. Nazorat xaridini amalga oshirish tartibi

8. Nazorat xaridini amalga oshirish toʻgʻrisida tadbir oʻtkazilishidan bir kun avval Inspeksiya boshligʻi tomonidan buyruq qabul qilinadi.

9. Buyruq quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi kerak:

Inspeksiyaning vakolatli xodimi yoki xodimlarining familiyasi, ismi, otasining ismi va lavozimi;

nazorat xaridi oʻtkazilayotgan yuridik shaxs nomi yoki yakka tartibdagi tadbirkorning familiyasi, ismi, otasining ismi, shuningdek nazorat xaridi bevosita oʻtkazilayotgan joyning pochta manzili;

nazorat xaridi oʻtkazilayotgan yuridik shaxs yoki yakka tartibdagi tadbirkorning soliq toʻlovchi identifikatsiya raqami, shuningdek, litsenziya va/yoki faoliyatni yuritish uchun berilgan boshqa hujjatlarning sanasi va raqami;

nazorat xaridini oʻtkazishda baholanadigan majburiy talablar;

nazorat xaridini amalga oshirish uchun asos;

nazorat xaridi davomida olinadigan mahsulotlar nomi, ularning soni, sotib olish va toʻlovni amalga oshirish toʻgʻrisidagi maʼlumot;

nazorat xaridini amalga oshirish muddatlari (yil, oy, kun);

nazorat xaridi davomida foto va videotasvirlarning zarurligi toʻgʻrisida maʼlumot;

alkogol mahsuloti boʻyicha nazorat xaridini amalga oshirish uchun zarur boʻlgan boshqa maʼlumotlar.

10. Nazorat xaridi uni oʻtkazish toʻgʻrisidagi buyruqda koʻrsatilgan Inspeksiya masʼul xodimlari tomonidan amalga oshiriladi.

11. Nazorat xaridi faqatgina kassa cheki va/yoki belgilangan shakldagi boshqa hujjat rasmiylashtirilganda amalga oshirilgan hisoblanadi.

12. Nazorat xaridi yakunlangandan soʻng nazorat xaridini oʻtkazishga masʼul boʻlgan Inspeksiya xodimi yuridik shaxs vakiliga yoki yakka tartibdagi tadbirkorga yoxud uning vakiliga nazorat xaridi oʻtkazilganligi toʻgʻrisida maʼlum qiladi, xizmat guvohnomasini koʻrsatadi va nazorat xaridini oʻtkazish toʻgʻrisidagi buyruq nusxasini taqdim qiladi.

Yuridik shaxs vakili yoki yakka tartibdagi tadbirkor yoxud uning vakili nazorat xaridini oʻtkazish toʻgʻrisidagi buyruq bilan tanishib chiqqanligi va nusxasini olganligi toʻgʻrisida nazorat xaridini oʻtkazish toʻgʻrisidagi dalolatnomada tegishli qaydni amalga oshiradi.

Yuridik shaxs vakili yoki yakka tartibdagi tadbirkor yoxud uning vakili nazorat xaridi oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi buyruq bilan tanishib chiqishdan va/yoki nusxasini olishdan bosh tortgan hollarda bu haqida dalolatnomaga tegishli maʼlumotlar kiritiladi.

13. Yuridik shaxs yoki yakka tartibdagi tadbirkor tomonidan nazorat xaridi yakunlangunga qadar mahsulotdagi yoki chakana savdoni amalga oshirishdagi kamchiliklarni bartaraf etishga yoʻl qoʻyilmaydi.

14. Dalolatnomaning namunaviy shakli Inspeksiya tomonidan tasdiqlanadi. Dalolatnomada quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi:

dalolatnomani tuzish sanasi, vaqti va joyi;

nazorat xaridini oʻtkazishda qatnashgan davlat organi nomi (agar boʻlsa);

nazorat xaridini oʻtkazish toʻgʻrisidagi buyruqning sanasi va raqami;

nazorat xaridini oʻtkazgan mansabdor shaxs yoki shaxslar familiyasi, ismi, otasining ismi va lavozimi;

yuridik shaxs nomi yoki yakka tartibdagi tadbirkor familiyasi, ismi, sharifi, yuridik shaxs joylashgan, yakka tartibdagi tadbirkor faoliyatini amalga oshiruvchi joy va (yoki) nazorat xaridi bevosita oʻtkazilgan yakka tartibdagi tadbirkor amaldagi faoliyat koʻrsatish manzili;

nazorat xaridi davomida olingan mahsulotlar (mahsulot turi, yaroqlilik muddati, qadoq hajmi va namunalar soni), ularni sotib olish va toʻlovni amalga oshirish toʻgʻrisidagi maʼlumot;

majburiy talablarning buzilishi bilan bogʻliq aniqlangan holatlar yoki ularning mavjud emasligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

yuridik shaxs vakili yoki yakka tartibdagi tadbirkor yoxud uning vakili tomonidan nazorat xaridini oʻtkazish toʻgʻrisidagi buyruq bilan tanishib chiqqanligi va nusxasini olganligi yoki nazorat xaridini oʻtkazish toʻgʻrisidagi buyruq bilan tanishib chiqish hamda nusxasini olishdan bosh tortganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

nazorat xaridini oʻtkazishda qatnashgan xolislar (qatnashgan hollarda) yoki foto va video yozuvlardan foydalanilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

nazorat xaridini oʻtkazish toʻgʻrisidagi buyruqda nazarda tutilgan boshqa maʼlumotlar;

nazorat xaridini oʻtkazgan masʼul xodim (xodimlar) imzosi hamda nazorat xaridi oʻtkazishda qatnashgan xolislar imzolari (qatnashgan hollarda);

yuridik shaxs vakili yoki yakka tartibdagi tadbirkor yoxud uning vakilining imzosi uchun joy yoki imzo qoʻyishdan bosh tortganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

ekspertizadan (testdan) oʻtkazish zarurligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.

15. Dalolatnoma yuridik shaxs vakili yoki yakka tartibdagi tadbirkor yoxud uning vakiliga imzolash uchun xolislar ishtirokida taqdim etiladi.

Xolis ishtirokchi sifatida manfaatdor boʻlmagan, biri-biri va nazorat xaridi ishtirokchilari bilan qarindoshligi, qoʻl ostida yoki nazoratida boʻlmagan istalgan voyaga yetgan layoqatli jismoniy shaxs taklif etilishi mumkin. Xolislar soni ikki kishidan kam boʻlishi mumkin emas.

Yuridik shaxs vakili yoki yakka tartibdagi tadbirkor yoxud uning vakili tomonidan dalolatnomani imzolashdan bosh tortish holatlarida dalolatnomaga imzo qoʻyishdan bosh tortilganligi toʻgʻrisida maʼlumot kiritiladi.

Dalolatnoma nusxasi nazorat xaridi oʻtkazilgan yuridik shaxs vakili yoki yakka tartibdagi tadbirkor yoxud uning vakiliga hujjat tuzilishi bilan beriladi.

16. Nazorat xaridi davomida olingan mahsulotlarni ekspertizadan oʻtkazish uchun yuborishda dalolatnomaga ushbu mahsulotlarning belgi qoʻyilgan roʻyxati keltirilgan tegishli yozuv kiritiladi.

Mahsulotlarni ekspertizadan oʻtkazish uchun yuborish (transportda) va saqlash texnik tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga asosan, mahsulotlarni tashish va saqlash talablariga muvofiq amalga oshiriladi.

17. Dalolatnomaga mahsulotlar sotib olinganligini tasdiqlovchi hujjatlar, kassa va mahsulot cheklari ilova qilinadi.

18. Nazorat xaridini oʻtkazishda Inspeksiya masʼul xodimi:

mahsulotni buyruqda keltirilgan nomi va soniga koʻra mustaqil ravishda tanlaydi;

nazorat xaridini amalga oshirish bilan bogʻliq hujjatlarni imzolaydi hamda mahsulot sotib olish uchun zarur boʻlgan boshqa harakatlarni amalga oshiradi;

isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq, tadbirkorlik subyektining moliya-xoʻjalik faoliyatiga aralashmagan holda, taqdim etilishi lozim boʻlgan tovar toʻgʻrisidagi hujjatlarni va maʼlumotlarni talab qiladi;

zaruriy hollarda, foto va videotasvirga olish vositalaridan foydalanadi.

3-bob. Mahsulotlarni ekspertiza (test)dan oʻtkazish tartibi

19. Nazorat xaridida olingan alkogol va tamaki mahsulotlarini ekspertizadan oʻtkazish — joyida, testdan oʻtkazish — akkreditatsiyadan oʻtgan sinov laboratoriyalarida amalga oshiriladi.

20. Mahsulotlarni ekspertizadan oʻtkazish faqatgina mahsulotlarni testdan oʻtkazish uchun tanlab olish maqsadida Inspeksiya masʼul xodim (xodimlar)i tomonidan amalga oshiriladi.

Bunda quyidagi talablarga rioya etilganligi ekspertizadan oʻtkaziladi:

savdo shahobchasida mahsulotlarni saqlash sharoitlari;

alkogol va tamaki mahsulotlari markirovkasini texnik reglamentlar talablariga muvofiqligi;

ishlab chiqaruvchi tomonidan oʻrnatilgan yaroqlilik muddatiga amal qilinishi.

21. Yaroqlilik muddati oʻtgan mahsulotlarni sinov laboratoriyalarida testdan oʻtkazishga yoʻl qoʻyilmaydi. Ular chakana savdo va umumiy ovqatlanish korxonalarida aniqlangan hollarda yuridik shaxs yoki yakka tartibdagi tadbirkorga nisbatan qonunchilik hujjatlarida koʻrsatilgan choralar qoʻllaniladi.

22. Nazorat xaridi davomida testdan oʻtkazish uchun sotib olingan mahsulotlar chakana savdo va umumiy ovqatlanish korxonalari tomonidan belgilangan shartlarda, ularga zarar yetmaydigan tarzda yuklanishi va saqlanishi lozim.

23. Mahsulotlarni testdan oʻtkazish zarurati tugʻilganda, ular sinov laboratoriyalariga nazorat xaridi yakunlanadigan kundan kechiktirmasdan yetkazilishi lozim.

24. Mahsulotlarni testdan oʻtkazish Inspeksiya tomonidan milliy akkreditatsiya tizimida akkreditatsiya qilingan davlat va nodavlat sinov laboratoriyalarida shartnoma asosida amalga oshiriladi.

25. Nazorat xaridi davomida olingan mahsulot namunalari Inspeksiya masʼul xodimi tomonidan ilova qilingan hujjat bilan savdo nomlari olib tashlangan va toʻliq berkitilgan, biroq isteʼmol qadogʻi saqlangan holda nazorat xaridini oʻtkazish toʻgʻrisidagi buyruq bilan normativ hujjatlarda belgilangan miqdorda sinov laboratoriyalariga yuboriladi.

26. Ilova qilingan hujjatda quyidagilar koʻrsatiladi:

ilova qilingan hujjat raqami va sanasi;

mahsulot namunalarini yetkazuvchi masʼul shaxsning familiyasi, ismi, otasining ismi, lavozimi va imzosi;

mahsulot namunalarini testdan oʻtkazish uchun qabul qiladigan sinov laboratoriyasi masʼul xodimining familiyasi, ismi, otasining ismi, lavozimi va imzosi;

nazorat xaridini oʻtkazish dalolatnomasining raqami va sanasi;

mahsulot nomi, ishlab chiqarish sanasi, mahsulot oʻrami hajmi, namunalar soni;

mahsulot namunalarini yetkazishda saqlash shartlariga amal qilinganligi toʻgʻrisidagi belgilar.

27. Mahsulot namunalarini testdan oʻtkazish ushbu mahsulotlarga nisbatan belgilangan texnik tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga muvofiq, shartnomada koʻrsatilgan muddatlarda amalga oshiriladi.

28. Ekspertiza (test) natijalari Inspeksiya tomonidan sinov bayonnomalari rasmiylashtirilgan vaqtdan uch ish kunidan oshmagan muddatda yuridik shaxs yoki yakka tartibdagi tadbirkorga pochta yoki elektron pochta orqali yuboriladi.

29. Ekspertiza (test) natijalari Inspeksiya rasmiy veb-saytida doimiy ravishda joylashtirilib boriladi.

30. Ekspertiza (test) natijalari boʻyicha savdo qoidalariga, mahsulot texnik reglamentlar talabiga muvofiq boʻlmagan holatlar aniqlanganda, Inspeksiya tomonidan tegishli hujjatlar vakolatli organlarga taqdim etiladi hamda ular tomonidan aybdor shaxslarga nisbatan qonunchilik hujjatlariga muvofiq choralar qoʻllaniladi.

4-bob. Nazorat xaridi bilan bogʻliq ishlarni moliyalashtirish

31. Nazorat xaridi bilan bogʻliq ishlarni hamda mahsulotlarni testdan oʻtkazish boʻyicha ishlarni moliyalashtirish Inspeksiyaning budjetdan tashqari jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

32. Inspeksiya rahbarining nazorat xaridini amalga oshirish toʻgʻrisidagi buyrugʻi bilan tasdiqlangan xodimlarga nazorat xaridi xarajatlari uni tasdiqlovchi hujjatlarga asosan Inspeksiyaning budjetdan tashqari jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan toʻliq qoplab beriladi.

Bunda, nazorat xaridi oʻtkazilishi uchun masʼul xodimning soʻroviga va taxminiy hisob-kitoblari asosida oʻziga tegishli boʻlgan bank plastik kartasiga oldindan boʻnak (avans) toʻlanishi mumkin hamda nazorat xaridi yakunlangandan soʻng uch ish kunidan kechiktirmasdan barcha asoslovchi hujjatlar ilova qilingan hisobotda ushbu boʻnak (avans) hisobga olinadi.

Mazkur xarajatlar Inspeksiyaning xarajatlar smetasida alohida xarajatlar tasnifida rejalashtiriladi.

Nazorat xaridi naqd pul vositasida amalga oshirilganda xaridning amalga oshirilganligini tasdiqlovchi hujjatlar (kassa cheki va b.) xaridni amalga oshirish boʻyicha hujjatlar yigʻma jildiga ilova qilinadi.

33. Inspeksiyaning masʼul xodimi nazorat xaridi boʻyicha amalga oshirilgan nazorat xaridlarining qonunchilikka muvofiq oʻtkazilishi boʻyicha javobgar hisoblanadi.

5-bob. Yakuniy qoidalar

34. Nazorat xaridining natijalari, uni amalga oshirish davomida toʻplangan foto va videomateriallar shaxsiy maʼlumotlar hamda tijorat siriga oid qonunchilik talablariga rioya etilgan holda Inspeksiya rasmiy veb-saytida joylashtirilishi hamda OAVda eʼlon qilinishi mumkin.

35. Nazorat xaridini amalga oshirishda yuridik shaxslar yoki yakka tartibdagi tadbirkorlarning moliyaviy-xoʻjalik faoliyatiga aralashish hamda tekshiruvlar oʻtkazish qatʼiyan taqiqlanadi.

36. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

37. Inspeksiyaga yuklatilgan vazifa va funksiyalarning bajarilishiga toʻsqinlik qilgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

38. Sotuvchi (ishlab chiqaruvchi, ijrochi) nazorat xaridini oʻtkazish va mahsulotlar ekspertizasi (testdan oʻtkazish) natijalari ustidan belgilangan tartibda sudga shikoyat qilish huquqiga ega.

Alkogol va tamaki mahsulotlarining nazorat xaridini amalga oshirish hamda ularni ekspertiza (test)dan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Alkogol va tamaki mahsulotlarini sotib olish va ekspertizadan (testdan) oʻtkazish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasi 1. Nazorat xaridini oʻtkazish rejasini shakllantiradi va tasdiqlaydi. 2. Nazorat xaridini oʻtkazish rejasini rasmiy veb-saytga joylashtiradi. Har yili yanvar oyida 2-bosqich Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasi boshligʻi 1. Tasdiqlangan rejaga koʻra , shuningdek, vakolatli organlardan kelib tushgan maʼlumot, OAV, Internet jahon axborot tarmogʻi manbalari va ijtimoiy tarmoqlarda eʼlon qilingan xabarlar asosida buyruq qabul qiladi. 2. Nazorat xaridi tadbirlarini oʻtkazish yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakilni xabardor qiladi. Tadbir oʻtkazilishidan 1 kun avval 3-bosqich Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasi masʼul xodimi 1. Buyruqda koʻrsatilgan xoʻjalik yurituvchi subyektdan (joyiga chiqqan holda) tegishli mahsulotni sotib oladi. 2. Belgilangan tartibda xarid qilingan namunalarni sinov laboratoriyasiga yuboradi. Buyruqda koʻrsatilgan sanada Nazorat xaridi oʻtkazilgan sana da 4-bosqich Akkreditatsiya qilingan davlat va nodavlat laboratoriyalar Mahsulot namunalarini testdan oʻtkazadi va sinov bayonnomalarini Agentlikka yuboradi. Texnik hujjatlar va shartnomada belgilangan muddatda 5-bosqich Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasi 1. Ekspertiza (test) natijalarini yuridik shaxs yoki yakka tartibdagi tadbirkorga pochta yoki elektron pochta orqali yuboradi. 2. Ekspertiza natijasida texnik reglamentlar talabiga muvofiq boʻlmagan holatlar aniqlanganda, tegishli hujjatlarni vakolatli organlarga yuboradi. Test natijalari olingan kundan boshlab 3 ish kuni ichida 6-bosqich Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasi Nazorat xaridining natijalari, toʻplangan foto va videomateriallarni qonunchilik talablariga rioya etgan holda rasmiy veb-saytiga joylashtiradi hamda OAVda eʼlon qiladi. Nazorat xaridi natijalari boʻyicha

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 11-oktabr,

634-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 12.10.2021-y., 09/21/634/0951-son, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 30.01.2025-y., 09/25/45/0084-son)

lex.uz