📅 2021-yil 12-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 12-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 12 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 12 октября 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 12 October 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ *
«Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган янги турмуш қурган ёшларнинг якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз кредит ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 13 июлдаги ПФ-6260-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 13 июлдаги ПФ-6260-сон Фармонига мувофиқ «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилалар фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга янги турмуш қураётганида ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган янги турмуш қурган ёшларнинг якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз кредит ажратиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
«Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га кирган оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га кирган ёшларнинг янги турмуш қураётганда (кейинги ўринда — ёшларнинг алоҳида тоифаси) ажратиладиган кредит манбаларини шакллантириш тартиби;
кредитни ёшларнинг алоҳида тоифаларига гаровсиз асосда ажратиш тартиби;
ёшларнинг алоҳида тоифасига нисбатан белгиланадиган, жумладан, 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган, янги (иккала томон учун биринчи маротаба) турмуш қурган, илгари арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредити олмаган бўлиши ва бошқа мувофиқлик мезонлари;
ёшларнинг алоҳида тоифасига ажратилган кредитлар мониторингини олиб бориш ва уларни қайтариш тартиби.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирликлар, идоралар ва тижорат банклари билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги 637-сон қарорига ИЛОВА
«Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган янги турмуш қурган ёшларнинг якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз кредит ажратиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган янги турмуш қурган ёшларнинг (кейинги ўринларда — ёшларнинг алоҳида тоифалари) якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз кредит ажратиш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низом қоидалари қуйидагиларга нисбатан:
тижорат банкларининг (кейинги ўринларда — банк) ички кредит сиёсатига мувофиқ ўз маблағлари, халқаро молия ташкилотлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳамда бошқа жалб қилинган маблағлар ҳисобидан жисмоний шахсларга уй-жой (квартира) сотиб олиш, қуриш (реконструкция қилиш), таъмирлаш учун ипотека кредитлари ажратишга;
ипотекани қайта молиялаштириш ташкилоти томонидан белгиланган тартиб ва шартлар, банкларнинг ички сиёсати, шунингдек, мазкур ташкилот ва банклар ўртасида тузилган шартномалар асосида унинг маблағлари ҳисобидан ипотека кредитлари ажратишга;
уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш (реконструкция қилиш)га фуқароларга ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўлашга;
якка тартибдаги уй-жой қурилишига рухсат олиб, лекин кейинчалик сотиш мақсадида қурилган якка тартибдаги уй-жойларни ипотека кредитлари орқали сотишга татбиқ этилмайди.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ариза берувчи — якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз кредит олиш мақсадида банкка ариза тақдим этган ёшларнинг алоҳида тоифаларига мансуб фуқаро;
биргаликда қарз олувчи — қарз олувчининг кредити асосий суммаси ва кредит бўйича ҳисобланган фоизларнинг ҳар ойдаги тўловларида қатнашадиган, шунингдек, кредит бўйича солидар жавоб берадиган жисмоний шахслар;
бошланғич бадал — якка тартибдаги хонадонда қуриладиган қўшимча уй-жой қийматининг кредит олиш учун қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан белгиланган меъёрларда шакллантириладиган қисми;
кредит — ёшларнинг алоҳида тоифаларига якка тартибдаги хонадонда қўшимча уй-жой қуриш учун 33 миллион сўмгача ажратиладиган гаровсиз кредит;
иштирок этувчи тижорат банклари — ёшларнинг алоҳида тоифалари томонидан якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун Молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан кредит тақдим этувчи банклар;
пудрат ташкилоти — якка тартибдаги уй-жойларни ўз маблағлари, банк кредити ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан қуришни амалга оширувчи тадбиркорлик субъекти;
уй-жой — ёшларнинг алоҳида тоифаларининг ўз кучи билан, хусусий пудрат ташкилотларини ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёлланма ишчиларни жалб этган ҳолда ўз хонадонида қурилган якка тартибдаги қўшимча уй-жойлар;
қарз олувчи — якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жойни қуриш учун кредит олган ва кредит шартномасида белгиланган шартларда қайтариш мажбуриятига эга ёшларнинг алоҳида тоифаларига мансуб фуқаро;
қарз юки кўрсаткичи — қарз олувчининг барча кредитлари ва микроқарзлари бўйича ўртача ойлик тўловларининг ушбу қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг тасдиқланган ўртача ойлик даромадлари миқдорига бўлган нисбати;
якка тартибдаги қўшимча уй-жой — бир ер участкасида жойлашган, доимий яшаш, дам олиш ва шахсий хўжаликни юритишга мўлжалланган ёрдамчи-хўжалик иморатлари ва ҳовлидаги иншоотлар тегишли бўлган бир ёки бир неча турар жой иморати.
2-боб. Кредит манбаларини шакллантириш тартиби
4. Ёшларнинг алоҳида тоифаларига якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз асосда ажратиладиган кредитлар қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:
Молия вазирлиги томонидан иштирок этувчи тижорат банкларига жойлаштириладиган маблағлар;
тижорат банкларининг ўз маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.
Молия вазирлигидан олинган маблағ, улар ҳисобидан ажратиладиган кредитлар қарз олувчилар томонидан тўловларни амалга ошириш муддатидан қатъи назар, банклар томонидан Бош битим, шартнома ва унга илова қилинган қайтариш графикларига асосан қайтарилади.
5. Ёшларнинг алоҳида тоифаларига якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуришга кредитлар ажратиш учун Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига маблағларни жойлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 февралдаги 56-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан ипотека кредитлари ажратиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ амалга оширилади.
Ёшларнинг алоҳида тоифаларига кредитлар ажратиш тижорат банклари томонидан мазкур Низомга ва банкларнинг ички кредит сиёсатига мувофиқ амалга оширилади.
3-боб. Қарз олувчиларга нисбатан белгиланган мувофиқлик мезонлари
6. Қарз олувчилар қуйидаги мувофиқлик мезонларига мос бўлиши лозим:
а) кредит олиш учун мурожаат қилган кунида 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ёшларнинг алоҳида тоифаларига мансуб Ўзбекистон Республикаси фуқароси;
б) «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг янги турмуш қурганлари (никоҳи қайд этилганига 3 йилдан ошмаган бўлиши лозим);
в) даромад манбаларига, шахсий ёрдамчи ёки деҳқон хўжалигидан ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан доимий даромадга, шунингдек, кредит бўйича ҳисобланган фоизларни ва асосий қарзни тўлов жадвалига мувофиқ ҳар ойда тўлаш учун етарли бўлган қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа даромад манбаига эга бўлиши;
г) қарз юки кўрсаткичи қарз олувчининг барча кредитлари ва микроқарзлари бўйича ўртача ойлик тўловларининг ушбу қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг тасдиқланган ўртача ойлик даромадларининг 70 фоиздан юқори бўлмаслиги;
д) якка тартибдаги хонадонда қўшимча уй-жой қуриш ишлари қийматининг камида 15 фоизи миқдорида бошланғич бадални шакллантириш имкониятига эга бўлиши;
е) кредит ажратишни кўриб чиқиш вақтида қарз олувчининг кредит ташкилотларидан аввал олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги;
ж) илгари арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредитларидан ва ипотека кредитлари бўйича субсидиялардан фойдаланган ҳолда квартира ёки якка тартибдаги уй-жой ҳамда уй-жой билан таъминлаш бўйича бошқа ёрдам олмаган бўлиши;
з) якка тартибдаги хонадонда қўшимча уй-жой қуриш учун ер участкасига умрбод эгалик қилиши ёки мулк ҳуқуқи ва белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига эга бўлиши.
7. Қарз юки кўрсаткичи ҳисоб-китобларида қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг ўртача ойлик даромадлари миқдори улар томонидан охирги 12 ой мобайнидаги (12 ойдан кам ишланган тақдирда — ишланган давр учун) олган даромадлари миқдорининг ўртача арифметик қиймати сифатида ҳисобланади.
8. Банк қарз олувчи (биргаликда қарз олувчи)нинг ўртача ойлик даромадини аниқлашда қуйидаги тасдиқловчи ҳужжатлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга:
иш берувчи томонидан тасдиқланган иш ҳақи тўғрисидаги маълумот;
пенсия тўловлари миқдори тўғрисидаги маълумот;
жамғариб бориладиган пенсия бадаллари тўғрисидаги маълумот;
фоизлар, дивидендлар, мол-мулкни ижарага беришдан олинган доимий тарздаги даромадларини тасдиқловчи маълумотлар;
давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган жисмоний шахсларнинг даромадлари бўйича декларация;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадларни тасдиқловчи маълумотлар.
Банк қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг ўртача ойлик даромадини аниқлашда кредит бюродан ёки бошқа расмий манбалардан мустақил равишда олинган, қарз олувчининг даромадларини аниқлаш имконини берувчи маълумотлардан фойдаланиши мумкин.
9. Қарз олувчи (биргаликда қарз олувчи)нинг қарз юки кўрсаткичи белгиланган меъёрдан юқори бўлганда, унинг банк олдидаги қарз мажбуриятини таъминлаш юзасидан юридик ва (ёки) жисмоний шахслар кафиллиги қабул қилиниши мумкин.
4-боб. Кредитларни расмийлаштириш ва ажратиш тартиби
10. Кредит банклар томонидан қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадлилик шартларида берилади.
11. Кредит ёшларнинг алоҳида тоифаларига гаровсиз асосда ажратилади.
Бунда, қарз олувчининг кредитни қайтариш бўйича мажбурияти таъминоти сифатида ажратилган кредитларнинг муддати ўтган асосий ва фоиз қарздорлигини қоплаб бериш шарти билан қуйидагилар тақдим этилади:
«Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг янги турмуш қурган фарзандлари учун — «Саховат ва кўмак» жамғармасининг кафиллиги;
«Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг янги турмуш қурган фарзандлари учун — «Аёллар дафтари» жамғармасининг кафиллиги;
«Ёшлар дафтари»га киритилган янги турмуш қурган ёшлар учун — «Ёшлар дафтари» жамғармасининг кафиллиги.
Мазкур бандда назарда тутилган кафилликлар тегишлича «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари фаолиятини мувофиқлаштирувчи ташкилотлар томонидан тақдим этилади.
«Ёшлар дафтари» жамғармасининг кафиллиги қарздорнинг доимий яшаш жойидаги маҳалладаги ёшлар етакчисининг тавсияси асосида берилади.
12. Ёшларнинг алоҳида тоифаларига кафиллик берилганлиги учун тўлов (мукофот пули) ундирилмайди.
13. Қарз олувчига берилиши мумкин бўлган кредитнинг юқори микдори қарз юки кўрсаткичи бўйича ушбу Низомнинг 6-банди «г» кичик бандида белгиланган меъёрдан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Бунда, якка тартибдаги хонадонда қўшимча уй-жойни қуриш ишлари учун берилиши мумкин бўлган кредитнинг энг кўп миқдори 33 миллион сўмдан ошиб кетмаслиги лозим.
14. Якка тартибдаги қўшимча уй-жойнинг қиймати ушбу Низомнинг 6-банди «д» кичик бандида белгиланган бошланғич бадалнинг минимал миқдори ва 13-бандига мувофиқ берилиши мумкин бўлган кредитнинг энг кўп миқдори йиғиндиси сифатида аниқланади.
15. Ариза берувчи ер участкасида белгиланган тартибда келишилган лойиҳа асосида ҳамда туман (шаҳар) аҳоли пунктлари Бош режаси ва шаҳарсозлик нормаларига мос ҳолда пудрат ташкилоти ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёлланма ишчилар билан ўз хонадонида якка тартибда қўшимча уй-жой қуриш бўйича шартномани имзолайди, ўз кучи билан амалга ошириш ҳолати бундан мустасно.
16. Ариза берувчи банкка кредит олиш учун мурожаат қилган тақдирда, банкнинг масъул ходими унга кредитнинг асосий йўналишлари бўйича изоҳ беради, талаб этиладиган барча ҳужжатлар рўйхати ва тахминий харажатлар турлари билан таништиради.
Бунда, ариза берувчи банкка кредит олиш учун ариза ва ушбу Низомга ҳамда банкнинг ички кредит сиёсатига асосан тегишли ҳужжатларни тақдим этади.
17. Якка тартибдаги қўшимча уй-жойни қуриш ишлари учун Молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан ёшларнинг алоҳида тоифаларига кредитлар банклар томонидан қуйидаги шартлар асосида ажратилади:
1) бозор ставкасида мижоз хоҳишига кўра 6 ой имтиёзли давр билан;
2) 20 йилдан кўп бўлмаган муддатга;
3) бошланғич бадали якка тартибдаги хонадонда қўшимча қурилаётган уй-жой қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда;
4) бир қарз олувчига бериладиган кредитлар 33 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда берилади.
18. Якка тартибда қурилган қўшимча уй-жойнинг қиймати ушбу Низомнинг 17-бандида белгиланган миқдорлардан ошиб кетган тақдирда, қийматнинг қолган қисми қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўланади.
Бунда, қийматнинг ортган қисмини шакллантириш (тўлаш) учун банклар томонидан қарз олувчига Молия вазирлиги томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан ипотека кредити ва бошқа кредитлар берилишига йўл қўйилмайди.
19. Кредитнинг йиллик фоиз ставкаси банкнинг ички сиёсатига асосан Молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган маблағларнинг фоиз ставкаси ҳамда банк маржасини инобатга олган ҳолда қарз олувчи ва банк ўртасидаги ўзаро келишувга мувофиқ кредит шартномасида белгиланади.
Бунда, ёшларнинг алоҳида тоифаларига ажратилган кредитнинг фоиз ставкаси бошқа шахсларга берилган ипотека кредитларининг фоиз ставкаларидан юқори бўлиши мумкин эмас.
20. Ариза берувчи томонидан ўз маблағлари ҳисобидан бошланғич бадал шакллантирилишида якка тартибда қўшимча уй-жойни қуриш учун сотиб олинган қурилиш материаллари ва (ёки) бажарилган қурилиш-монтаж ишлари қиймати ҳисобга олинади.
21. Тегишли ҳужжатлар тўлиқ тақдим қилингандан сўнг банк уч иш кунида ариза берувчига кредит бериш масаласини кўриб чиқади ҳамда аризани қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
22. Банк томонидан кредит беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, уч иш кунида ариза берувчига кредит беришни рад этишнинг сабаблари аниқ ва тушунарли кўрсатилган ҳолда ёзма хулоса юборилади.
23. Ариза берувчи банк хулосасида кўрсатилган камчиликларни бартараф этгандан кейин кредит бериш тўғрисидаги ариза билан банкка қайта мурожаат қилишга ҳақли.
24. Ариза берувчига кредит бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, банк уч иш кунида бу ҳақида ариза берувчини ёзма равишда хабардор қилади. Бунда, банк томонидан ариза берувчига танишиб чиқиш ва ўзи билан олиб кетиши мумкин бўлган кредит шартномаси ва кредитни қайтариш жадвали лойиҳаси тақдим этилади ҳамда банк ва ариза берувчи ўртасида кредит шартномаси имзоланади.
25. Ажратилган кредит суммаси ишлар қарз олувчининг ўз кучи билан ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёлланма ишчилар жалб этилган ҳолда бажарилганда, банк томонидан нақд пулсиз шаклда бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда босқичма-босқич қарз олувчининг банк пластик картасига, пудрат ташкилоти жалб этилган ҳолларда эса, пудрат ташкилотининг ҳисобварағига ўтказиб берилади.
26. Якка тартибдаги хонадонда қўшимча уй-жойни қуриш ишлари пудрат ташкилоти (ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёлланма ишчилар) ёки қарз олувчи томонидан ўз кучи билан амалга оширилади.
27. Қарз олувчи кредит шартномасини қайтариш графигига асосан ажратилган кредит ва унга ҳисобланган фоиз тўловларини тўлаб боради.
28. Ёшларнинг алоҳида тоифаларига якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз кредитлар ажратиш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
4-боб. Кредитлар мониторингини олиб бориш ва кредитни қайтариш тартиби
29. Кредитни қайтариш ва у бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш тартиби банк ва қарз олувчи ўртасида тузилган кредит шартномаси, қонунчилик ҳужжатлари ва банк кредит сиёсати билан тартибга солинади.
30. Кредит бўйича фоиз кредит қолдиғига нисбатан ҳар куни ҳисоблаб ёзилади ва ҳар ойда бир марта ундирилади.
31. Кредит бўйича асосий қарзни ва фоизни тўлаш тартиби кредит шартномасида белгиланади. Бунда, ҳисобланган фоиз ва кредит бўйича асосий қарз банк ва қарз олувчи томонидан имзоланган, кредит шартномасига илова қилинган тўловлар жадвалида белгиланган муддатларда ундирилади.
32. Банк кредитдан фойдаланишнинг бутун даври давомида доимий мониторингни амалга оширади. Мониторинг давомида банкнинг масъул ходими кредитдан мақсадли фойдаланилиши, асосий қарз ва фоизнинг тўланишини назорат қилиб боради.
33. Кредитдан белгиланган мақсадда фойдаланмаганлик учун қарз олувчига нисбатан банк томонидан қўлланиладиган чоралар кредит шартномасида белгиланган бўлиши керак.
34. Қарз олувчи томонидан кредит бўйича асосий қарз ва унга ҳисобланган фоиз тўлови белгиланган муддатларда тўланмаганда, банк ходими қарз олувчи билан шахсан учрашиб мажбуриятини бажарилмаётгани сабабини аниқлайди ва муддатида қайтарилмаган кредитнинг қайтарилишини таъминлаш чорасини кўришни талаб қилади.
35. Кредит мониторинги давомида тақдим этилган ҳисобот ва унга илова қилинган ҳужжатларни таҳлил қилиш жараёнида банк томонидан кредитдан мақсадсиз фойдаланилганлиги аниқланган такдирда, банк мақсадсиз фойдаланилган маблағ ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни шартномада белгиланган тартибда муддатидан олдин ундириб олади.
36. Кредитни ўз вақтида ва тўлиқ қайтармаслик хавфи юзага келса, банк кредит шартномаси ҳамда қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида тўлов (қайтариш) муддати келган кредит ва фоиз тўловларини ундириш чораларини кўради.
Берилган кредитни муддатидан олдин ундириш мақсадида банк қарз олувчи (биргаликда қарз олувчи)нинг ҳар қандай ҳисобварақларидан (омонат, банк карталаридаги) маблағларни акцептсиз тартибда ундириб олиши ва қарздорликни қайтаришга йўналтириши мумкин. Ушбу шартлар кредит шартномасида белгиланган бўлиши керак.
37. Кредит бўйича муддати ўтган асосий ва фоиз қарздорликни қарз олувчидан уч ой ичида ундириш имкони бўлмаган такдирда, ушбу қарздорликлар тегишлича мазкур Низомнинг 11-бандида кўрсатилган кафилликлар ҳисобидан бир ой ичида қоплаб берилади.
Бунда, қоплаб берилган кредит қарздорлиги суммасини тегишлича «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармаларига ушбу жамғармалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ташкилотлар томонидан қарз олувчидан регресс тартибида ундириш чоралари кўрилади.
5-боб. Қарз олувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш
38. Ариза берувчи кредит олиш учун банкка мурожаат қилганда, банк кредитнинг асосий шартлари тўғрисидаги ахборот варақасини бепул тарзда такдим этади.
39. Банк ариза берувчига кредит бўйича тўланиши лозим бўлган ойлик тўловлар миқдори ҳамда ариза берувчининг даромадларини таҳлил қилган ҳолда ушбу тўловларни тўлаш учун унинг имконияти етиши (ёки етмаслиги) ҳақида тушунтириш беради.
40. Кредит шартномаси имзоланмасдан олдин банк ариза берувчига ушбу шартнома лойиҳасини танишиб чиқиш учун ўзи билан олиб кетиш ҳуқуқига эга эканлиги тўғрисида хабардор қилиши лозим.
41. Банк қарз олувчига кредит шартномаси имзоланган кунда шартноманинг битта асл нусхасини кредитни қайтариш жадвалини илова қилган ҳолда тақдим этиши керак.
42. Банк кредит ажратишда банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда банклар фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ қарз олувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаши шарт.
43. Қарз олувчи қурилган якка тартибдаги қўшимча уй-жойнинг тўлиқ қийматини йўқолиш ва шикастланиш хавфларидан суғурта қилишда суғурта ташкилотини мустақил танлаш ҳуқуқига эга.
6-боб. Якунловчи қоидалар
44. Ариза берувчи (қарз олувчи) давлат органлари ва ташкилотлари, тижорат банклари ходимларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда юқори турувчи ташкилотга ёки судга шикоят қилиши мумкин.
45. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
«Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган янги турмуш қурган ёшларнинг якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриши учун гаровсиз кредит ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Ёшларнинг алоҳида тоифаларига якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриши учун кредит ажратиш
Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Ариза берувчи Ер участкаларида белгиланган тартибда келишилган лойиҳа асосида ҳамда туман (шаҳар) аҳоли пунктлари Бош режаси ва шаҳарсозлик нормаларига мос ҳолда пудрат ташкилоти ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёлланма ишчилар билан ўз хонадонида якка тартибда қўшимча уй-жой қуриш бўйича шартномани имзолайди, ўз кучи билан амалга ошириш ҳолати бундан мустасно. Ўз хоҳишига кўра белгиланган муддатларда 2-босқич Ариза берувчи Банкка кредит олиш учун ариза ва банкнинг ички кредит сиёсатига асосан тегишли ҳужжатларни тақдим этади. Бунда, ариза берувчи томонидан ўз маблағлари ҳисобидан бошланғич бадал шакллантирилишида якка тартибда қўшимча уй-жойни қуриш учун сотиб олинган қурилиш материаллари ва (ёки) бажарилган қурилиш-монтаж ишлари қиймати ҳисобга олинади. Ўз хоҳишига кўра белгиланган муддатларда 3-босқич Банк Кредит олиш бўйича такдим этилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиб, аризани қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ариза қаноатлантирилган тақцирда, кредит шартномаси имзоланади. 3 иш куни 4-босқич Банк Ажратилган кредит суммаси ишлар қарз олувчининг ўз кучи билан ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёлланма ишчиларни жалб этилган ҳолда бажарилганда, банк томонидан нақд пулсиз шаклда бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда босқичма-босқич қарз олувчининг банк пластик картасига, пудрат ташкилоти жалб этилган ҳолларда эса — пудрат ташкилотининг ҳисобварағига ўтказиб берилади. Шартномада белгиланган муддатларда 5-босқич Пудрат ташкилоти (ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёлланма ишчилар) ёки қарз олувчи ўз кучи билан Якка тартибдаги хонадонда қўшимча уй-жойни қуриш ишларини амалга оширади. Шартномада белгиланган муддатларда 6-босқич Қарз олувчи Кредит шартномаси қайтариш графигига асосан кредит ва унга ҳисобланган фоиз тўловларини тўлаб боради. Шартномада белгиланган муддатларда
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 12 октябрь,
637-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI *
“Temir daftar” va “Ayollar daftari”ga kiritilgan oilalarning farzandlari hamda “Yoshlar daftari”ga kiritilgan yangi turmush qurgan yoshlarning yakka tartibdagi xonadonida qoʻshimcha uy-joy qurish uchun garovsiz kredit ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yoshlarni har tomonlama qoʻllab-quvvatlash va ularning ijtimoiy faolligini yanada oshirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 13-iyuldagi PF-6260-son Farmoniga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yoshlarni har tomonlama qoʻllab-quvvatlash va ularning ijtimoiy faolligini yanada oshirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 13-iyuldagi PF-6260-son Farmoniga muvofiq “Temir daftar” va “Ayollar daftari”ga kiritilgan oilalar farzandlari hamda “Yoshlar daftari”ga kiritilgan yoshlarga yangi turmush qurayotganida oʻz xonadonida qoʻshimcha uy-joy qurish uchun 33 million soʻmgacha garovsiz kredit ajratish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi “Temir daftar” va “Ayollar daftari”ga kiritilgan oilalarning farzandlari hamda “Yoshlar daftari”ga kiritilgan yangi turmush qurgan yoshlarning yakka tartibdagi xonadonida qoʻshimcha uy-joy qurish uchun garovsiz kredit ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
“Temir daftar” va “Ayollar daftari”ga kirgan oilalarning farzandlari hamda “Yoshlar daftari”ga kirgan yoshlarning yangi turmush qurayotganda (keyingi oʻrinda — yoshlarning alohida toifasi) ajratiladigan kredit manbalarini shakllantirish tartibi;
kreditni yoshlarning alohida toifalariga garovsiz asosda ajratish tartibi;
yoshlarning alohida toifasiga nisbatan belgilanadigan, jumladan, 18 yoshga toʻlgan va 30 yoshdan oshmagan, yangi (ikkala tomon uchun birinchi marotaba) turmush qurgan, ilgari arzon uy-joy qurish dasturlari doirasida imtiyozli ipoteka krediti olmagan boʻlishi va boshqa muvofiqlik mezonlari;
yoshlarning alohida toifasiga ajratilgan kreditlar monitoringini olib borish va ularni qaytarish tartibi.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi manfaatdor vazirliklar, idoralar va tijorat banklari bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 12-oktabrdagi 637-son qaroriga ILOVA
“Temir daftar” va “Ayollar daftari”ga kiritilgan oilalarning farzandlari hamda “Yoshlar daftari”ga kiritilgan yangi turmush qurgan yoshlarning yakka tartibdagi xonadonida qoʻshimcha uy-joy qurish uchun garovsiz kredit ajratish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom “Temir daftar” va “Ayollar daftari”ga kiritilgan oilalarning farzandlari hamda “Yoshlar daftari”ga kiritilgan yangi turmush qurgan yoshlarning (keyingi oʻrinlarda — yoshlarning alohida toifalari) yakka tartibdagi xonadonida qoʻshimcha uy-joy qurish uchun garovsiz kredit ajratish tartibini belgilaydi.
2. Mazkur Nizom qoidalari quyidagilarga nisbatan:
tijorat banklarining (keyingi oʻrinlarda — bank) ichki kredit siyosatiga muvofiq oʻz mablagʻlari, xalqaro moliya tashkilotlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari mablagʻlari hamda boshqa jalb qilingan mablagʻlar hisobidan jismoniy shaxslarga uy-joy (kvartira) sotib olish, qurish (rekonstruksiya qilish), taʼmirlash uchun ipoteka kreditlari ajratishga;
ipotekani qayta moliyalashtirish tashkiloti tomonidan belgilangan tartib va shartlar, banklarning ichki siyosati, shuningdek, mazkur tashkilot va banklar oʻrtasida tuzilgan shartnomalar asosida uning mablagʻlari hisobidan ipoteka kreditlari ajratishga;
uy-joy sotib olish yoki yakka tartibdagi uy-joylarni qurish (rekonstruksiya qilish)ga fuqarolarga ipoteka kreditlari boʻyicha boshlangʻich badal va foizlarning bir qismini qoplash uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan subsidiyalar toʻlashga;
yakka tartibdagi uy-joy qurilishiga ruxsat olib, lekin keyinchalik sotish maqsadida qurilgan yakka tartibdagi uy-joylarni ipoteka kreditlari orqali sotishga tatbiq etilmaydi.
3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
ariza beruvchi — yakka tartibdagi xonadonida qoʻshimcha uy-joy qurish uchun garovsiz kredit olish maqsadida bankka ariza taqdim etgan yoshlarning alohida toifalariga mansub fuqaro;
birgalikda qarz oluvchi — qarz oluvchining krediti asosiy summasi va kredit boʻyicha hisoblangan foizlarning har oydagi toʻlovlarida qatnashadigan, shuningdek, kredit boʻyicha solidar javob beradigan jismoniy shaxslar;
boshlangʻich badal — yakka tartibdagi xonadonda quriladigan qoʻshimcha uy-joy qiymatining kredit olish uchun qarz oluvchi tomonidan oʻz mablagʻlari va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan belgilangan meʼyorlarda shakllantiriladigan qismi;
kredit — yoshlarning alohida toifalariga yakka tartibdagi xonadonda qoʻshimcha uy-joy qurish uchun 33 million soʻmgacha ajratiladigan garovsiz kredit;
ishtirok etuvchi tijorat banklari — yoshlarning alohida toifalari tomonidan yakka tartibdagi xonadonida qoʻshimcha uy-joy qurish uchun Moliya vazirligi tomonidan joylashtirilgan mablagʻlar hisobidan kredit taqdim etuvchi banklar;
pudrat tashkiloti — yakka tartibdagi uy-joylarni oʻz mablagʻlari, bank krediti va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar hisobidan qurishni amalga oshiruvchi tadbirkorlik subyekti;
uy-joy — yoshlarning alohida toifalarining oʻz kuchi bilan, xususiy pudrat tashkilotlarini yoki oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtgan yollanma ishchilarni jalb etgan holda oʻz xonadonida qurilgan yakka tartibdagi qoʻshimcha uy-joylar;
qarz oluvchi — yakka tartibdagi xonadonida qoʻshimcha uy-joyni qurish uchun kredit olgan va kredit shartnomasida belgilangan shartlarda qaytarish majburiyatiga ega yoshlarning alohida toifalariga mansub fuqaro;
qarz yuki koʻrsatkichi — qarz oluvchining barcha kreditlari va mikroqarzlari boʻyicha oʻrtacha oylik toʻlovlarining ushbu qarz oluvchi va birgalikda qarz oluvchilarning tasdiqlangan oʻrtacha oylik daromadlari miqdoriga boʻlgan nisbati;
yakka tartibdagi qoʻshimcha uy-joy — bir yer uchastkasida joylashgan, doimiy yashash, dam olish va shaxsiy xoʻjalikni yuritishga moʻljallangan yordamchi-xoʻjalik imoratlari va hovlidagi inshootlar tegishli boʻlgan bir yoki bir necha turar joy imorati.
2-bob. Kredit manbalarini shakllantirish tartibi
4. Yoshlarning alohida toifalariga yakka tartibdagi xonadonida qoʻshimcha uy-joy qurish uchun garovsiz asosda ajratiladigan kreditlar quyidagi manbalar hisobidan shakllantiriladi:
Moliya vazirligi tomonidan ishtirok etuvchi tijorat banklariga joylashtiriladigan mablagʻlar;
tijorat banklarining oʻz mablagʻlari va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar.
Moliya vazirligidan olingan mablagʻ, ular hisobidan ajratiladigan kreditlar qarz oluvchilar tomonidan toʻlovlarni amalga oshirish muddatidan qatʼi nazar, banklar tomonidan Bosh bitim, shartnoma va unga ilova qilingan qaytarish grafiklariga asosan qaytariladi.
5. Yoshlarning alohida toifalariga yakka tartibdagi xonadonida qoʻshimcha uy-joy qurishga kreditlar ajratish uchun Moliya vazirligi tomonidan tijorat banklariga mablagʻlarni joylashtirish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 5-fevraldagi 56-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi tomonidan joylashtirilgan mablagʻlar hisobidan ipoteka kreditlari ajratish tartibi toʻgʻrisida nizomga muvofiq amalga oshiriladi.
Yoshlarning alohida toifalariga kreditlar ajratish tijorat banklari tomonidan mazkur Nizomga va banklarning ichki kredit siyosatiga muvofiq amalga oshiriladi.
3-bob. Qarz oluvchilarga nisbatan belgilangan muvofiqlik mezonlari
6. Qarz oluvchilar quyidagi muvofiqlik mezonlariga mos boʻlishi lozim:
a) kredit olish uchun murojaat qilgan kunida 18 yoshga toʻlgan va 30 yoshdan oshmagan yoshlarning alohida toifalariga mansub Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi;
b) “Temir daftar” va “Ayollar daftari”ga kiritilgan oilalarning farzandlari hamda “Yoshlar daftari”ga kiritilgan yoshlarning yangi turmush qurganlari (nikohi qayd etilganiga 3 yildan oshmagan boʻlishi lozim);
v) daromad manbalariga, shaxsiy yordamchi yoki dehqon xoʻjaligidan yoxud yakka tartibdagi tadbirkorlik faoliyatidan doimiy daromadga, shuningdek, kredit boʻyicha hisoblangan foizlarni va asosiy qarzni toʻlov jadvaliga muvofiq har oyda toʻlash uchun yetarli boʻlgan qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan va hujjatlar bilan tasdiqlangan boshqa daromad manbaiga ega boʻlishi;
g) qarz yuki koʻrsatkichi qarz oluvchining barcha kreditlari va mikroqarzlari boʻyicha oʻrtacha oylik toʻlovlarining ushbu qarz oluvchi va birgalikda qarz oluvchilarning tasdiqlangan oʻrtacha oylik daromadlarining 70 foizdan yuqori boʻlmasligi;
d) yakka tartibdagi xonadonda qoʻshimcha uy-joy qurish ishlari qiymatining kamida 15 foizi miqdorida boshlangʻich badalni shakllantirish imkoniyatiga ega boʻlishi;
e) kredit ajratishni koʻrib chiqish vaqtida qarz oluvchining kredit tashkilotlaridan avval olingan kreditlar boʻyicha muddati oʻtgan qarzdorligi mavjud boʻlmasligi;
j) ilgari arzon uy-joy qurish dasturlari doirasida imtiyozli ipoteka kreditlaridan va ipoteka kreditlari boʻyicha subsidiyalardan foydalangan holda kvartira yoki yakka tartibdagi uy-joy hamda uy-joy bilan taʼminlash boʻyicha boshqa yordam olmagan boʻlishi;
z) yakka tartibdagi xonadonda qoʻshimcha uy-joy qurish uchun yer uchastkasiga umrbod egalik qilishi yoki mulk huquqi va belgilangan tartibda tasdiqlangan loyiha-smeta hujjatlariga ega boʻlishi.
7. Qarz yuki koʻrsatkichi hisob-kitoblarida qarz oluvchi va birgalikda qarz oluvchilarning oʻrtacha oylik daromadlari miqdori ular tomonidan oxirgi 12 oy mobaynidagi (12 oydan kam ishlangan taqdirda — ishlangan davr uchun) olgan daromadlari miqdorining oʻrtacha arifmetik qiymati sifatida hisoblanadi.
8. Bank qarz oluvchi (birgalikda qarz oluvchi)ning oʻrtacha oylik daromadini aniqlashda quyidagi tasdiqlovchi hujjatlardan foydalanish huquqiga ega:
ish beruvchi tomonidan tasdiqlangan ish haqi toʻgʻrisidagi maʼlumot;
pensiya toʻlovlari miqdori toʻgʻrisidagi maʼlumot;
jamgʻarib boriladigan pensiya badallari toʻgʻrisidagi maʼlumot;
foizlar, dividendlar, mol-mulkni ijaraga berishdan olingan doimiy tarzdagi daromadlarini tasdiqlovchi maʼlumotlar;
davlat soliq xizmati organi tomonidan tasdiqlangan jismoniy shaxslarning daromadlari boʻyicha deklaratsiya;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa daromadlarni tasdiqlovchi maʼlumotlar.
Bank qarz oluvchi va birgalikda qarz oluvchilarning oʻrtacha oylik daromadini aniqlashda kredit byurodan yoki boshqa rasmiy manbalardan mustaqil ravishda olingan, qarz oluvchining daromadlarini aniqlash imkonini beruvchi maʼlumotlardan foydalanishi mumkin.
9. Qarz oluvchi (birgalikda qarz oluvchi)ning qarz yuki koʻrsatkichi belgilangan meʼyordan yuqori boʻlganda, uning bank oldidagi qarz majburiyatini taʼminlash yuzasidan yuridik va (yoki) jismoniy shaxslar kafilligi qabul qilinishi mumkin.
4-bob. Kreditlarni rasmiylashtirish va ajratish tartibi
10. Kredit banklar tomonidan qaytarishlik, toʻlovlilik, taʼminlanganlik, muddatlilik va maqsadlilik shartlarida beriladi.
11. Kredit yoshlarning alohida toifalariga garovsiz asosda ajratiladi.
Bunda, qarz oluvchining kreditni qaytarish boʻyicha majburiyati taʼminoti sifatida ajratilgan kreditlarning muddati oʻtgan asosiy va foiz qarzdorligini qoplab berish sharti bilan quyidagilar taqdim etiladi:
“Temir daftar”ga kiritilgan oilalarning yangi turmush qurgan farzandlari uchun — “Saxovat va koʻmak” jamgʻarmasining kafilligi;
“Ayollar daftari”ga kiritilgan oilalarning yangi turmush qurgan farzandlari uchun — “Ayollar daftari” jamgʻarmasining kafilligi;
“Yoshlar daftari”ga kiritilgan yangi turmush qurgan yoshlar uchun — “Yoshlar daftari” jamgʻarmasining kafilligi.
Mazkur bandda nazarda tutilgan kafilliklar tegishlicha “Saxovat va koʻmak”, “Ayollar daftari” va “Yoshlar daftari” jamgʻarmalari faoliyatini muvofiqlashtiruvchi tashkilotlar tomonidan taqdim etiladi.
“Yoshlar daftari” jamgʻarmasining kafilligi qarzdorning doimiy yashash joyidagi mahalladagi yoshlar yetakchisining tavsiyasi asosida beriladi.
12. Yoshlarning alohida toifalariga kafillik berilganligi uchun toʻlov (mukofot puli) undirilmaydi.
13. Qarz oluvchiga berilishi mumkin boʻlgan kreditning yuqori mikdori qarz yuki koʻrsatkichi boʻyicha ushbu Nizomning 6-bandi “g” kichik bandida belgilangan meʼyordan kelib chiqqan holda aniqlanadi.
Bunda, yakka tartibdagi xonadonda qoʻshimcha uy-joyni qurish ishlari uchun berilishi mumkin boʻlgan kreditning eng koʻp miqdori 33 million soʻmdan oshib ketmasligi lozim.
14. Yakka tartibdagi qoʻshimcha uy-joyning qiymati ushbu Nizomning 6-bandi “d” kichik bandida belgilangan boshlangʻich badalning minimal miqdori va 13-bandiga muvofiq berilishi mumkin boʻlgan kreditning eng koʻp miqdori yigʻindisi sifatida aniqlanadi.
15. Ariza beruvchi yer uchastkasida belgilangan tartibda kelishilgan loyiha asosida hamda tuman (shahar) aholi punktlari Bosh rejasi va shaharsozlik normalariga mos holda pudrat tashkiloti yoki oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtgan yollanma ishchilar bilan oʻz xonadonida yakka tartibda qoʻshimcha uy-joy qurish boʻyicha shartnomani imzolaydi, oʻz kuchi bilan amalga oshirish holati bundan mustasno.
16. Ariza beruvchi bankka kredit olish uchun murojaat qilgan taqdirda, bankning masʼul xodimi unga kreditning asosiy yoʻnalishlari boʻyicha izoh beradi, talab etiladigan barcha hujjatlar roʻyxati va taxminiy xarajatlar turlari bilan tanishtiradi.
Bunda, ariza beruvchi bankka kredit olish uchun ariza va ushbu Nizomga hamda bankning ichki kredit siyosatiga asosan tegishli hujjatlarni taqdim etadi.
17. Yakka tartibdagi qoʻshimcha uy-joyni qurish ishlari uchun Moliya vazirligi tomonidan joylashtirilgan mablagʻlar hisobidan yoshlarning alohida toifalariga kreditlar banklar tomonidan quyidagi shartlar asosida ajratiladi:
1) bozor stavkasida mijoz xohishiga koʻra 6 oy imtiyozli davr bilan;
2) 20 yildan koʻp boʻlmagan muddatga;
3) boshlangʻich badali yakka tartibdagi xonadonda qoʻshimcha qurilayotgan uy-joy qiymatining 15 foizidan kam boʻlmagan miqdorda;
4) bir qarz oluvchiga beriladigan kreditlar 33 million soʻmdan oshmaydigan miqdorda beriladi.
18. Yakka tartibda qurilgan qoʻshimcha uy-joyning qiymati ushbu Nizomning 17-bandida belgilangan miqdorlardan oshib ketgan taqdirda, qiymatning qolgan qismi qarz oluvchi tomonidan oʻz mablagʻlari va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan toʻlanadi.
Bunda, qiymatning ortgan qismini shakllantirish (toʻlash) uchun banklar tomonidan qarz oluvchiga Moliya vazirligi tomonidan ajratilgan mablagʻlar hisobidan ipoteka krediti va boshqa kreditlar berilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
19. Kreditning yillik foiz stavkasi bankning ichki siyosatiga asosan Moliya vazirligi tomonidan joylashtirilgan mablagʻlarning foiz stavkasi hamda bank marjasini inobatga olgan holda qarz oluvchi va bank oʻrtasidagi oʻzaro kelishuvga muvofiq kredit shartnomasida belgilanadi.
Bunda, yoshlarning alohida toifalariga ajratilgan kreditning foiz stavkasi boshqa shaxslarga berilgan ipoteka kreditlarining foiz stavkalaridan yuqori boʻlishi mumkin emas.
20. Ariza beruvchi tomonidan oʻz mablagʻlari hisobidan boshlangʻich badal shakllantirilishida yakka tartibda qoʻshimcha uy-joyni qurish uchun sotib olingan qurilish materiallari va (yoki) bajarilgan qurilish-montaj ishlari qiymati hisobga olinadi.
21. Tegishli hujjatlar toʻliq taqdim qilingandan soʻng bank uch ish kunida ariza beruvchiga kredit berish masalasini koʻrib chiqadi hamda arizani qanoatlantirish yoki rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
22. Bank tomonidan kredit berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, uch ish kunida ariza beruvchiga kredit berishni rad etishning sabablari aniq va tushunarli koʻrsatilgan holda yozma xulosa yuboriladi.
23. Ariza beruvchi bank xulosasida koʻrsatilgan kamchiliklarni bartaraf etgandan keyin kredit berish toʻgʻrisidagi ariza bilan bankka qayta murojaat qilishga haqli.
24. Ariza beruvchiga kredit berish toʻgʻrisida ijobiy qaror qabul qilingan taqdirda, bank uch ish kunida bu haqida ariza beruvchini yozma ravishda xabardor qiladi. Bunda, bank tomonidan ariza beruvchiga tanishib chiqish va oʻzi bilan olib ketishi mumkin boʻlgan kredit shartnomasi va kreditni qaytarish jadvali loyihasi taqdim etiladi hamda bank va ariza beruvchi oʻrtasida kredit shartnomasi imzolanadi.
25. Ajratilgan kredit summasi ishlar qarz oluvchining oʻz kuchi bilan yoki oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtgan yollanma ishchilar jalb etilgan holda bajarilganda, bank tomonidan naqd pulsiz shaklda bajarilgan ishlar hajmiga mutanosib ravishda bosqichma-bosqich qarz oluvchining bank plastik kartasiga, pudrat tashkiloti jalb etilgan hollarda esa, pudrat tashkilotining hisobvaragʻiga oʻtkazib beriladi.
26. Yakka tartibdagi xonadonda qoʻshimcha uy-joyni qurish ishlari pudrat tashkiloti (oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtgan yollanma ishchilar) yoki qarz oluvchi tomonidan oʻz kuchi bilan amalga oshiriladi.
27. Qarz oluvchi kredit shartnomasini qaytarish grafigiga asosan ajratilgan kredit va unga hisoblangan foiz toʻlovlarini toʻlab boradi.
28. Yoshlarning alohida toifalariga yakka tartibdagi xonadonida qoʻshimcha uy-joy qurish uchun garovsiz kreditlar ajratish ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
4-bob. Kreditlar monitoringini olib borish va kreditni qaytarish tartibi
29. Kreditni qaytarish va u boʻyicha hisoblangan foizlarni toʻlash tartibi bank va qarz oluvchi oʻrtasida tuzilgan kredit shartnomasi, qonunchilik hujjatlari va bank kredit siyosati bilan tartibga solinadi.
30. Kredit boʻyicha foiz kredit qoldigʻiga nisbatan har kuni hisoblab yoziladi va har oyda bir marta undiriladi.
31. Kredit boʻyicha asosiy qarzni va foizni toʻlash tartibi kredit shartnomasida belgilanadi. Bunda, hisoblangan foiz va kredit boʻyicha asosiy qarz bank va qarz oluvchi tomonidan imzolangan, kredit shartnomasiga ilova qilingan toʻlovlar jadvalida belgilangan muddatlarda undiriladi.
32. Bank kreditdan foydalanishning butun davri davomida doimiy monitoringni amalga oshiradi. Monitoring davomida bankning masʼul xodimi kreditdan maqsadli foydalanilishi, asosiy qarz va foizning toʻlanishini nazorat qilib boradi.
33. Kreditdan belgilangan maqsadda foydalanmaganlik uchun qarz oluvchiga nisbatan bank tomonidan qoʻllaniladigan choralar kredit shartnomasida belgilangan boʻlishi kerak.
34. Qarz oluvchi tomonidan kredit boʻyicha asosiy qarz va unga hisoblangan foiz toʻlovi belgilangan muddatlarda toʻlanmaganda, bank xodimi qarz oluvchi bilan shaxsan uchrashib majburiyatini bajarilmayotgani sababini aniqlaydi va muddatida qaytarilmagan kreditning qaytarilishini taʼminlash chorasini koʻrishni talab qiladi.
35. Kredit monitoringi davomida taqdim etilgan hisobot va unga ilova qilingan hujjatlarni tahlil qilish jarayonida bank tomonidan kreditdan maqsadsiz foydalanilganligi aniqlangan takdirda, bank maqsadsiz foydalanilgan mablagʻ va ular boʻyicha hisoblangan foizlarni shartnomada belgilangan tartibda muddatidan oldin undirib oladi.
36. Kreditni oʻz vaqtida va toʻliq qaytarmaslik xavfi yuzaga kelsa, bank kredit shartnomasi hamda qonunchilik hujjatlari talablari asosida toʻlov (qaytarish) muddati kelgan kredit va foiz toʻlovlarini undirish choralarini koʻradi.
Berilgan kreditni muddatidan oldin undirish maqsadida bank qarz oluvchi (birgalikda qarz oluvchi)ning har qanday hisobvaraqlaridan (omonat, bank kartalaridagi) mablagʻlarni akseptsiz tartibda undirib olishi va qarzdorlikni qaytarishga yoʻnaltirishi mumkin. Ushbu shartlar kredit shartnomasida belgilangan boʻlishi kerak.
37. Kredit boʻyicha muddati oʻtgan asosiy va foiz qarzdorlikni qarz oluvchidan uch oy ichida undirish imkoni boʻlmagan takdirda, ushbu qarzdorliklar tegishlicha mazkur Nizomning 11-bandida koʻrsatilgan kafilliklar hisobidan bir oy ichida qoplab beriladi.
Bunda, qoplab berilgan kredit qarzdorligi summasini tegishlicha “Saxovat va koʻmak”, “Ayollar daftari” va “Yoshlar daftari” jamgʻarmalariga ushbu jamgʻarmalar faoliyatini muvofiqlashtiruvchi tashkilotlar tomonidan qarz oluvchidan regress tartibida undirish choralari koʻriladi.
5-bob. Qarz oluvchilarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini taʼminlash
38. Ariza beruvchi kredit olish uchun bankka murojaat qilganda, bank kreditning asosiy shartlari toʻgʻrisidagi axborot varaqasini bepul tarzda takdim etadi.
39. Bank ariza beruvchiga kredit boʻyicha toʻlanishi lozim boʻlgan oylik toʻlovlar miqdori hamda ariza beruvchining daromadlarini tahlil qilgan holda ushbu toʻlovlarni toʻlash uchun uning imkoniyati yetishi (yoki yetmasligi) haqida tushuntirish beradi.
40. Kredit shartnomasi imzolanmasdan oldin bank ariza beruvchiga ushbu shartnoma loyihasini tanishib chiqish uchun oʻzi bilan olib ketish huquqiga ega ekanligi toʻgʻrisida xabardor qilishi lozim.
41. Bank qarz oluvchiga kredit shartnomasi imzolangan kunda shartnomaning bitta asl nusxasini kreditni qaytarish jadvalini ilova qilgan holda taqdim etishi kerak.
42. Bank kredit ajratishda bank xizmatlari isteʼmolchilari bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda banklar faoliyatiga qoʻyiladigan minimal talablar toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq qarz oluvchilarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini taʼminlashi shart.
43. Qarz oluvchi qurilgan yakka tartibdagi qoʻshimcha uy-joyning toʻliq qiymatini yoʻqolish va shikastlanish xavflaridan sugʻurta qilishda sugʻurta tashkilotini mustaqil tanlash huquqiga ega.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
44. Ariza beruvchi (qarz oluvchi) davlat organlari va tashkilotlari, tijorat banklari xodimlarining xatti-harakatlari (harakatsizligi) yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda yuqori turuvchi tashkilotga yoki sudga shikoyat qilishi mumkin.
45. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
“Temir daftar” va “Ayollar daftari”ga kiritilgan oilalarning farzandlari hamda “Yoshlar daftari”ga kiritilgan yangi turmush qurgan yoshlarning yakka tartibdagi xonadonida qoʻshimcha uy-joy qurishi uchun garovsiz kredit ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Yoshlarning alohida toifalariga yakka tartibdagi xonadonida qoʻshimcha uy-joy qurishi uchun kredit ajratish
Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Ariza beruvchi Yer uchastkalarida belgilangan tartibda kelishilgan loyiha asosida hamda tuman (shahar) aholi punktlari Bosh rejasi va shaharsozlik normalariga mos holda pudrat tashkiloti yoki oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtgan yollanma ishchilar bilan oʻz xonadonida yakka tartibda qoʻshimcha uy-joy qurish boʻyicha shartnomani imzolaydi, oʻz kuchi bilan amalga oshirish holati bundan mustasno. Oʻz xohishiga koʻra belgilangan muddatlarda 2-bosqich Ariza beruvchi Bankka kredit olish uchun ariza va bankning ichki kredit siyosatiga asosan tegishli hujjatlarni taqdim etadi. Bunda, ariza beruvchi tomonidan oʻz mablagʻlari hisobidan boshlangʻich badal shakllantirilishida yakka tartibda qoʻshimcha uy-joyni qurish uchun sotib olingan qurilish materiallari va (yoki) bajarilgan qurilish-montaj ishlari qiymati hisobga olinadi. Oʻz xohishiga koʻra belgilangan muddatlarda 3-bosqich Bank Kredit olish boʻyicha takdim etilgan ariza va unga ilova qilingan hujjatlarni koʻrib chiqib, arizani qanoatlantirish yoki rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. Ariza qanoatlantirilgan taqsirda, kredit shartnomasi imzolanadi. 3 ish kuni 4-bosqich Bank Ajratilgan kredit summasi ishlar qarz oluvchining oʻz kuchi bilan yoki oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtgan yollanma ishchilarni jalb etilgan holda bajarilganda, bank tomonidan naqd pulsiz shaklda bajarilgan ishlar hajmiga mutanosib ravishda bosqichma-bosqich qarz oluvchining bank plastik kartasiga, pudrat tashkiloti jalb etilgan hollarda esa — pudrat tashkilotining hisobvaragʻiga oʻtkazib beriladi. Shartnomada belgilangan muddatlarda 5-bosqich Pudrat tashkiloti (oʻzini oʻzi band qilgan shaxs sifatida roʻyxatdan oʻtgan yollanma ishchilar) yoki qarz oluvchi oʻz kuchi bilan Yakka tartibdagi xonadonda qoʻshimcha uy-joyni qurish ishlarini amalga oshiradi. Shartnomada belgilangan muddatlarda 6-bosqich Qarz oluvchi Kredit shartnomasi qaytarish grafigiga asosan kredit va unga hisoblangan foiz toʻlovlarini toʻlab boradi. Shartnomada belgilangan muddatlarda
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 12-oktabr,
637-son