UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 13-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 13 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 13 октября 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 13 October 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ДАСТУРИ

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ

НИЗОМ

НИЗОМ

Гематологик ва онкологик касалликларга чалинган беморларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида

Гематологик ва онкологик касалликларга чалинган беморларни янада қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2021 йил 27 майдаги ПҚ-5130-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2021 йил 27 майдаги ПҚ-5130-сон қарорига мувофиқ:

Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилганлиги;

2022 йил 1 январдан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилиб, мустақил марказ сифатида фаолият юритиши белгиланганлиги;

беморларнинг онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган давлат тиббиёт муассасалари йўлланмалари асосида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиши билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қоплаб берилиши бўйича тартиб белгиланганлиги;

онкологик ва гематологик беморларнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан республика ихтисослаштирилган марказларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилиши;

б) Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолига гематология хизматларини кўрсатиш учун қулай шароитлар яратиш тўғрисида» 2021 йил 3 августдаги 492-сон қарори билан Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази бино ва иншоотларида мослаштириш ва қўшимча қурилиш ишлари амалга оширилиши белгиланганлиги ҳамда зарур маблағлар ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2022 йил 1 январдан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказини (кейинги ўринларда — Марказ) Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилиб, мустақил марказ сифатида фаолият юритишини таъминласин.

3. Қуйидагилар Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

болаларда гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликларни барвақт аниқлаш, ташхис қўйиш ва даволашни халқаро стандартларга мувофиқ амалга ошириш;

соҳада юқори технологияларга асосланган фундаментал, инновацион ва илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш;

илғор хорижий тажриба асосида болалар гематологияси ва онкологияси ҳамда клиник иммунология йўналиши бўйича мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

гематологик ва онкологик касалликларга чалинган болаларга паллиатив тиббий хизмат кўрсатиш;

нуфузли хорижий тиббиёт марказлари билан халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

4. Белгилансинки:

а) Марказ:

юридик шахс мақомига эга бўлган давлат тиббиёт муассасаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг Болалар гематологияси ва онкологияси бўлимлари Марказнинг ташкилий-методик ҳудудий бўлинмалари ҳисобланади;

фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг фаолиятини юритиш билан боғлиқ амалдаги тартиблар татбиқ этилади;

б) Марказга Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

2021 йил 20 декабрга қадар республика ва вилоят миқёсида болалар гематологияси, онкология ва клиник иммунологияси йўналишидаги тиббий хизматлар ҳажми ва тури бўйича тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини тасдиқласин;

2021 йил 20 декабрга қадар Марказнинг тузилмаси ва уставини ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқласин;

2021 йил 25 декабрга қадар Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда Марказнинг фаолият йўналишини инобатга олган ҳолда барча юқори технологик ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш нуқтаи назардан штат нормативларини тасдиқласин;

2021 йил 1 ноябрга қадар Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда Марказ Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси ҳамда инвестиция дастурлари доирасида иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан тиббий техника ва буюмлар билан жиҳозланишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Мусаев Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Марказга тажрибали хорижлик мутахассислар раҳбарлик лавозимларига жалб қилинишини таъминласин.

7. Қуйидагилар:

Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантириш, салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш ҳамда жиҳозлаш дастури (кейинги ўринларда — Дастур) 1-иловага мувофиқ;

Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси хизматини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ;

ҳудудлардан республика бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ёки авиатранспорт воситалари орқали бепул келиш ва кетишни таъминловчи ваучер шакли ва уни расмийлаштириш тартиби, тиббиёт ташкилотлари томонидан тақдим этилган ваучерлар асосида расмийлаштирилган йўл чипталари ҳисоботини умумлаштириш тартибини назарда тутувчи Онкологик ва гематологик беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахснинг ҳудудлардан онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши ва кетиши билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;

онкологик ва гематологик беморларнинг йўлланма асосида давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиши билан боғлиқ харажатларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартибини назарда тутувчи Онкологик ва гематологик беморларга йўлланма асосида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб онкологик ва гематологик беморлар ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахсларнинг ҳудудлардан республика ихтисослаштирилган марказларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши ва кетиши билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши учун 2021 йил маҳаллий бюджетларининг қўшимча маблағлари ҳисобидан ажратилишини ва келгуси йилларда бюджет параметрларини шакллантиришда мазкур тадбирларни молиялаштириш учун зарур маблағлар назарда тутилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки ҳафта муддатда:

Транспорт вазирлиги билан биргаликда ҳудудлардан онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган йўналишлари бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ёки авиатранспорт воситалари орқали бемор ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар учун йўл чипталарини расмийлаштиришга асос бўлувчи махсус ваучер шаклини;

Молия вазирлиги билан биргаликда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли тоифага кирувчи беморларнинг давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида бепул позитрон-эмиссион томография текширувини ташкил этиш учун махсус йўлланма бериладиган касалликлар рўйхатини тасдиқласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда онкологик ва гематологик беморларга йўлланма асосида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш учун 2021 йилда республика бюджетидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида ва 2022 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда мазкур тадбирларни молиялаштириш учун зарур маблағларни назарда тутсин.

11. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида» 2006 йил 5 октябрдаги 209-сон қарорининг 3-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги «Давлат белгиси» ДУК Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буюртманомаси бўйича белгиланган тартибда «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишонлари ва уларга гувоҳнома бланкалари тайёрланишини таъминласин».

12. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.М. Хаджибаев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 октябрдаги 643-сон қарорига 1-ИЛОВА

Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантириш, салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш ҳамда жиҳозлаш

1-боб. Ўзбекистон Республикасида болалар онкологияси ва гематологияси хизмати ҳолати

Ўзбекиситон Республикасида аҳоли, хусусан, гўдаклар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда баркамол ва соғлом авлод бўлиб етишиши имконини берадиган сифатли соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш, миллий генофондни ҳар томонлама мустаҳкамлаб бориш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.

Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги, кўлами, сифати ва қулайлигининг йил сайин ортиб боришига олиб келмоқда.

Кўрилган чоралар натижасида 2021 йилга келиб бирламчи тиббий-санитария муассасаларида 200 та аёллар скрининг хоналари ташкил этилиб, ногиронлик билан туғилиш кўрсаткичи 30 фоизгача, гўдаклар ҳамда 5 ёшгача болалар ўртасидаги ўлим кўрсаткичлари 2018-2019 йилларга нисбатан 1,2 баробаргача камайди.

Республика бўйлаб онкологик бемор болаларга нур терапияси учун амалиётга 18 та замонавий чизиқли тезлаткичга эга радио ва гамматерапевтик ускуналар татбиқ этилди.

Шу билан бирга, болалар ўртасида гематологик ва онкологик касалликлар билан касалланиш кўрсаткичи ортиб бормоқда.

Хусусан, болалар ўлими кўрсаткичи ҳар 100 минг болага нисбатан 9,2 ни ташкил этиб, жароҳатланишдан (травматизм ва бахтсиз ҳодисалар) кейин 2-ўринда қолмоқда. Бу кўрсаткич АҚШда 2,0, Россияда 2,8 ва Қозоғистонда 2,7 ни ташкил этади.

Ўзбекистонда йилига ўрта ҳисобда 1 300 нафаргача 0 — 18 ёш бўлган болаларда гематологик ва онкологик касалликлар биринчи бор қайд этилиб, жами касалланганлар сони 100 минг болага нисбатан 7,5 ни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич АҚШ да 17,0, Россияда 11,2 ва Қозоғистонда 9,7 ни ташкил этади.

1. Болаларга гематология ва онкология йўналишлари бўйича юқори технологик ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатишда бугунги кунда ўз ечимини кутаётган бир қатор долзарб муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда. Жумладан:

а) маъмурий-ташкилий тузилма ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш соҳасида:

соҳанинг яхлит вертикал тизими ташкил этилмаган;

республика болалар онкологияси (115 ўрин) ҳамда болалар гематологияси (435 ўрин) вилоят (туман, шаҳар) даражасида икки йўналишдаги алоҳида тиббиёт муассасаларида ташкил этилган бўлиб, мазкур йўналишдаги беморларни даволашда мультидисциплинар ёндашув мавжуд эмас;

ҳудудий болалар гематология ва онкологияси бўлимлари мослаштирилган биноларда ташкил этилган, мазкур инфратузилма қувватлари мавжуд эҳтиёжни қаноатлантирмайди ҳамда амалдаги санитария меъёрлари ва қоидалари талабларига тўлиқ жавоб бермайди — кичик жарроҳлик амалиётлари ва тиббий муолажаларни ўтказиш хоналари, оғир ҳолатдаги беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун стерил палаталар мавжуд эмас;

оғир беморларга яшаш сифатини яхшилаш мақсадида паллиатив тиббий хизмат, уларни парвариш қиладиган оила аъзоларини тайёрлаш ва қўллаб-қувватлашга доир дастур ва ижро механизми ишлаб чиқилмаган.

б) кадрлар билан таъминланганлик, илмий салоҳият ва замонавий амалиётларни татбиқ этиш соҳасида:

республика бўйича жами 83 нафар (ҳар бир ҳудудда ўртача 4 нафар) «болалар онкологи ва гематологи» бўйича мутахассислар фаолият юритади, илмий даражага эга ходимлар 6 нафарни (1 нафар фан доктори, 5 нафар фан номзоди) ташкил этади;

соҳадаги юқори технологияли амалиётларнинг улуши 10 фоизни ташкил этади, бугунги кунда ўта зарур ҳисобланган ўзак ҳужайра трансплантацияси, иммунофенотипик, молекуляр-генетик текширувлар каби замонавий диагностика ва даволаш усулларини татбиқ этиш учун етарли шарт-шароитлар мавжуд эмас;

соҳа бўйича илмий изланиш ва фундаментал, амалий ва инновацион (грант) лойиҳаларнинг йўқлиги соҳа ривожига, шунингдек, касалланиш ҳамда ўлим кўрсаткичларини камайтириш борасидаги ишларга салбий таъсир этмоқда.

в) дори воситалари, тиббий асбоб-ускуналар ҳамда зарур сарф анжомлари билан таъминланиш соҳасида:

гематологик касалликларга чалинган беморларнинг дори воситалари билан таъминланиши ўртача 30 фоизни, онкологик беморлар учун эса 85 фоизни ташкил этмоқда;

дори воситалари билан қамраб олинмаган гематологик касалликка чалинган болаларга бир даво курси давомида (2 йил) умумий ҳисобда 10 минг АҚШ долларигача, онкологик беморларга эса бир даво курси учун (7 — 10 кун) 4 млн сўмгача маблағ сарфламоқда;

қайд этилган тиббиёт муассасаларида ўқув-амалий ва илмий лабораториялар талаб даражасида ташкил этилмаган, замонавий лабораторияларда диагностик асбоб-ускуналар салмоғи 45 фоизни ташкил этади, шу билан бирга; лаборатория материаллари (реактив, реагент, бутловчи ва сарфлаш анжомлари ва бошқалар) билан етарли таъминланмаган;

молиявий харажатларнинг асосий қисми иш хақига сарфланиб, ўқув-амалий ва илмий лабораториялар фаолиятини самарали ташкил этишга етарли маблағ йўналтирилмаган.

г) халқаро ҳамкорлик соҳасида:

бугунги кунда Россия (Д. Рогачев номидаги Миллий болалар гематология, онкология ва иммунологияси илмий-тадқиқот маркази), Германия (Шарите клиникаси), Корея (авлиё Мария госпитали) каби давлатлар билан ҳамкорлик меморандумлари мавжуд бўлиб, унинг доирасида фақатгина мураккаб ташхисли беморлар консультацияси амалга оширилади.

2-боб. Ўзбекистон Республикасида болалар гематологияси ҳамда онкологияси хизматини янада ривожлантириш мақсадлари ва вазифалари

2. Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантириш, салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш ва жиҳозлаш дастури Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2021 йил 27 майдаги ПҚ-5130-сон қарори билан белгиланган вазифалар асосида ишлаб чиқилган.

Унга мувофиқ 2022 йил 1 январдан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилиб, мустақил марказ сифатида фаолият юритиши режалаштирилган.

Дастур Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишда катта муваффақиятларга эришган илғор мамлакатлар тажрибасига асосланган ёндашувларни ўз ичига олган.

Марказнинг мақсадлари:

Марказнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, кадрлар салоҳиятини ошириш, болаларга кўрсатиладиган гематологик, онкологик ва клиник иммунологик тиббий ёрдам сифатини халқаро стандартлар даражасигача кўтариш;

болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси соҳасида илмий-амалий изланишларни олиб бориш;

болаларда гемобластоз, солид ўсмалари, марказий ва периферик нерв тизими ўсмалари, гематопоэтик депрессиялар, ирсий ҳамда орттирилган иммун ва қон касалликларини даволашнинг ҳамда тиббий реабилитациянинг янги усулларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш;

ўзак ҳужайралари трансплантацияси амалиётини Марказ фаолиятига жорий қилиш;

хавфли ўсмалар, шу жумладан, лимфоид ва гематопоэтик хавфли ўсмалар, қон касалликлари ва иммун механизмларга таъсир ўтказган бошқа патологиялари мавжуд болаларга бирламчи тиббий-санитария ёрдамини, ихтисослашган юқори технологик ёрдам ҳамда тиббий реабилитация ёрдамини кўрсатиш, шунингдек, бу каби патологиялари мавжуд болаларни қонуний вакили билан биргаликда санатор даволашни амалга ошириш.

3-боб. Марказнинг фаолиятини ташкил этиш, бошқариш ва жиҳозлаш

3. Болаларга гематологик ва онкологик хизмат кўрсатишда халқаро талабларга жавоб берадиган мутлақо янгича ёндашувни шакллантириш мақсадида Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган ҳамда дастлабки босқичда 240 ўринли алоҳида бинога (кейинги ўринларда — Бино) жойлаштирилади. Шу билан бир қаторда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари қошида жами — 345 ўринни ташкил этган болалар гематология, онкология ва клиник иммунология бўлимлари фаолият юритади. Бунинг натижасида республика миқиёсида болалар учун алоҳида бўлган 585 стационар ўринли гематологик, онкологик ва клиник хизмат кўрсатиш ташкил этилади.

4. Бино корпусларида болалар гематология, онкология ва клиник иммунология касалликлари аниқланган беморлар учун мультиихтисослашган хизмат кўрсатиш мақсадида таркибида барча тор мутахассислардан иборат маслаҳат поликлиникаси фаолият юритади.

5. Бинода стационар шароитда даволанувчи беморлар учун қабул бўлими, тегишли клиник бўлимлар ташкил этилади.

6. Бино стационар бўлимларида палаталар бир ва икки кишилик бўлиб, мустақил санитария хонасига эга бўлади. Палаталарда махсус кондиционер-вентиляция мосламаси ёрдамида стерил ҳолатни сақловчи микроиқлим шароити яратилади. Бу ҳолат, ўз навбатида, беморнинг ҳар хил инфекциялар билан мулоқотда бўлишининг олдини олиш имкониятини яратади.

7. Бино таркибида жарроҳлик бўлими, бокс хоналаридан ташкил топган реанимация бўлими ва алоҳида стерил бокс хонали трансплантация бўлими ташкил этилади.

8. Бино стационар бўлимларида муолажа хонаси, қон қуйиш, кимёвий дори воситаларини тайёрлаш, стернал ва эндолюмбал пункция амалиёти ва бошқалар учун алоҳида хоналар ажратилади.

9. Бинонинг пастки қаватларида алоҳида кундузги даволаш бўлими жойлаштирилади.

10. Диагностика йўналиши бўйича одатдаги тадқиқот усуллари билан бир қаторда халқаро стандартларга мос келадиган қуйидаги бўлимлар — Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказлари учун умумий хизмат қиладиган лабораториялар ва бўлимлар ташкил этилади:

а) юқори технологияли диагностика усуллари:

«Янги форматдаги бактериологик лаборатория»;

«Молекуляр генетика, цитогенетика ва цитофлуометрия лабораторияси»;

«Морфология, гистология ва иммуногистокимё лабораторияси»;

«Иммунофенотиплаш ва HLA генотипи лабораторияси»;

«Иммуннокимё лабораторияси»;

замонавий ультратовуш диагностикаси (УЗД);

рақамли рентген аппарати ёрдамида текшириш;

денситометрия текшируви.

б) мақсадга мувофиқлик ва энг мақбул йўлларни танлаш тамойилидан келиб чиқиб Марказ ривожланишининг иккинчи босқичида қуйидаги умумий хизмат қиладиган бўлим ва бўлинмалар учун янги бинолар қурилади:

мультиспирал компьютер томографияси (МСКТ);

магнит-резонанс томография (МРТ);

нур терапияси бўлими;

«Ўзак ҳужайралари банки»;

трансплантология бўлими;

«Қон банки» бўлими.

11. Онкогематология беморлари учун марказлашган умумий озиқ-овқат таъминоти блоки яратилади. Маҳсулотларга махсус иссиқлик билан ишлов берилади ва нур билан дезинфекция қилинади, қадоқланган, стерил шаклдаги таомлар беморлар палатасига етказиб берилади.

12. Марказда ҳамда унинг ҳудудий бўлимларида рўйхатга олинган онкогематологик беморлар ҳақидаги маълумотларни йиғиш, сақлаш ва қайта ишлаш учун автоматлаштирилган ахборот тизими — «Канцер-регистр» яратилади.

13. Даволанаётган бемор болаларнинг узоқ вақт давомида стационар даволанишини эътиборга олиб Тошкент шаҳри ҳокимлиги, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда халқаро хайрия фондлари ва ҳомийлар ёрдамида таълим олишнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида бемор болалар учун мактаб ташкил этилади. Мактабда республика миқёсида ўқишни давом эттириш учун офлайн ва онлайн ўқитиш тизими жорий этилади, бу бемор болаларнинг ўқув фанларини самарали ўзлаштиришига, дастурдан қолиб кетмаслигига имкон беради.

14. Гематология, онкология ва клиник иммунология, жумладан, лейкоз касалликлари бўлган бемор болаларнинг протокол бўйича тўлиқ ҳамда узлуксиз даволаниши жараёнини амалга ошириш учун кундузги даволаниш шароитида ота-оналари билан бирга бўлишларини таъминловчи ҳамма қулайликларга эга бўлган 200 ўринли «Хостел» халқаро хайрия фондлари ва ҳомийлар ёрдамида ташкил этилади.

4-боб. Марказни салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш

15. Марказда болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси йўналиши бўйича илмий изланишларни олиб бориш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилади.

16. Марказнинг илмий бўлимида «Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказининг ҳудудий бўлимлари билан ишлаш», «Халқаро алоқалар», «Кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш», «Иммунология», «Ирсий коагулопатиялар ва тромбозлар», «Болалар онкологияси ва радиацион терапияси», «Жарроҳлик, анестезиологик ва реанимацион тадқиқотлар» йўналишларида ўқув жараёнлари ва илмий изланишлар олиб борилади.

17. Марказ ходимларининг салоҳиятини юксалтириш мақсадида улар етакчи маҳаллий ва хорижий тиббий таълим муассасалари ҳамда клиникаларида жарроҳлик, трансплантология, анестезиология ва реанимация, транфузиология, радиология, радиацион терапия, замонавий молекуляр-генетик лаборатория ва бошқа йўналишлар бўйича қайта тайёрланади ва малакаси оширилади.

18. Марказ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кўп тармоқли болалар тиббиёт марказларидаги гематология ва онкогематология бўлимлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, мониторинг қилиш, мувофиқлаштириш учун ҳудудий мутахасссислар тайёрланади, қайта тайёрланади ва малакасини ошириш жараёнлари амалга оширилади.

5-боб. Марказнинг истиқболдаги устувор мақсадлари

20. Марказнинг истиқболдаги устувор мақсадлари қуйидагилардан иборат:

болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси соҳасида халқаро талабларга жавоб берадиган нуфузли даволаш муассасаси мавқеига эга бўлиш;

кадрлар салоҳияти, олимлар ва профессорлар таркиби борасида республиканинг энг йирик илмий-амалий ва ўқув марказлари қаторидан жой олиш;

йилига бирламчи аниқланган 1 500 та бемор болаларни қабул қилиш даражасига етиш;

болаларда гемопоэтик ўзак ҳужайралари трансплантациясини амалга ошириш;

замонавий биобанкни яратиш;

канцер-регистрни яратиш.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 октябрдаги 643-сон қарорига 2-ИЛОВА

Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси хизматини янада ривожлантириш бўйича

Т/р Тадбирлар номи Амалга ошириш механизми Бажариш муддатлари Сумма Молиялаштириш манбаи Ижрочилар I. Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси хизмати фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш 1. Халқаро стандартлар асосида болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси касалликларига ташхис қўйиш, даволаш ва реабилитация протоколларини шакллантириш, тасдиқлаш ва амалиётга татбиқ этиш. Амалий чора-тадбирлар 2021-2022 йиллар - - Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев) 2. Республика ва вилоятлар миқёсида болалар гематологияси, онкология ва клиник иммунологияси йўналишидаги тиббий хизматлар ҳажми ва тури бўйича тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини тасдиқлаш. Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи 2021 йил 1 декабрь - - Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев) 3. Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолият йўналишини инобатга олган ҳолда юқори технологик ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш нуқтаи назардан штат нормативларини тасдиқлаш. Қўшма қарор 2021 йил 25 декабрь - - Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев) , Молия вазирлиги (Ишметов) , Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Хусанов) 4. Болаларда паллиатив ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро талаблар асосида клиник протоколлар, диагностика ва касалликларни даволаш стандартларини ишлаб чиқиш. 1. Ишчи гуруҳ тузиш. 2. Болаларда паллиатив ёрдам кўрсатиш бўйича клиник протоколлар, диагностика ва касалликларни даволаш стандартларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. 2021 йил 1 ноябрь - - Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев) 5. Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси учун замонавий канцер регистрларини яратиш ва татбиқ этиш. Ташкилий чора-тадбирлар 2022 йил 1 январь Ҳисоб-китоблар асосида Халқаро молия институтлари маблағлари, ЖССТ ва ижрочилар маблағлари, ҳомийлик ҳайриялари Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев) , Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Вафаев) , Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Содиқов) II. Гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликларни олдини олиш, эрта диагностика қилиш ва даволаш чора-тадбирларини такомиллаштириш 6. Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази биносининг ертўла қисмини трансфузиология, беморларни қабул қилиш бўлими, дори-дармон сақлаш омбори, марказлашган стерилизация, кир ювиш, кийиниш, техник ва муҳандислик хоналарига мослаштириш, шунингдек, объект ҳудудида бактериология, вирусология, иммуногистокимё лабораториялари, дезинфекция бўлими, виварий бўлими, беморлар учун махсус шифобахш овқат тайёрлаш ошхонаси биноларини қўшимча қуриш. Ташкилий чора-тадбирлар 2021 йил якунига қадар 10,0 млрд сўм 2021 йил учун республика бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев) , Молия вазирлиги (Ишметов) 7. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари оилавий шифокорлари учун болаларда гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликларни барвақт аниқлашга қаратилган методик қўлланмани ишлаб чиқиш ва амалда жорий этиш. Методик қўлланмаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш. 2021-2022 йиллар Ҳисоб-китоблар асосида ЖССТ, ЮНИСЕФ ва БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари маблағлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев) 8. Болаларда гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликларга барвақт ташхис қўйиш ва даволаш учун зарур бўлган қўшимча тиббий техникалар, дори воситалари ва реагентлар билан таъминлаш. 1. Ташхис қўйиш, даволаш ва реабилитация қилиш учун зарур бўлган тиббий техникалар, дори воситалари ва реагентлар рўйхатини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. 2. Тасдиқланган рўйхат асосида зарур тиббий техникалар, дори воситалари ва реагентларни марказлаштирилган ҳолда харид қилиш чоралари кўриш. 2022-2023 йиллар давомида Ҳисоб-китоблар асосида Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев) 9. Оғир гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликлар билан хасталаган болаларга паллиатив ёрдам бериш тизимини яратиш. Бунда халқаро тавсиялар, тажрибалар асосида оғир турдаги гематологик ва онкологик касалликларга чалинган беморларни паллиатив парваришлаш учун ягона стандартлаштирилган ёндашувни ишлаб чиқиш. 1. Паллиатив ёрдам бўйича халқаро стандартлар асосида ўқув дастурини ишлаб чиқиш. 2021 йил ноябрь Ҳисоб-китоблар асосида ЖССТ, ЮНИСЕФ ва БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари маблағлари Ижрочилар маблағлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев) 2. Паллиатив ёрдам ва хоспис соҳасида фаолият юритадиган мутахассисларни тайёрлаш. 2021 йил декабрь 3. Тиббий паллиатив ёрдам кўрсатишни амалга ошириш учун асосий ва қўшимча тиббий хизматлар рўйхатини тузиш. 2021 йил декабрь III. Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси йўналишида кадрлар тайёрлаш 10. Болалар гематологи, онкологи ва клиник иммунологи мутахассисларини тайёрлаш. 1. Тор доирадаги мутахассислардан болалар гематолог ва онколог мутахассисларини қайта тайёрлаш; 2. Тиббиёт олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида клиник ординатура, магистратурада болалар гематолог, онколог ва клиник иммунолог мутахассисларини тайёрлаш. Йил давомида, режа асосида - Ижрочилар маблағлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев) 11. Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази учун мақсадли кадрлар тайёрлаш. 1. 6 нафар тиббиёт ходимларини Р.М. Горбачева номидаги онкология, гематология ва трансплантология илмий текшириш институтида клиник ординатурада ўқитиш. 2. 2 нафар тиббиёт ходимларини Россия Гематология илмий-тадқиқот институтида клиник ординатурада ўқитиш. 2021 — 2023 йиллар давомида Ҳисоб-китоблар асосида Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев) , Молия вазирлиги (Ишметов) 12. Болалар гематологи ва онкологларини етакчи хорижий клиникалар ва тиббиёт муассасларида малакасини ошириш. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари тавсиясига кўра ҳар бир ҳудуддан 2 нафар мутахассисни хорижий давлатларнинг клиникаларида малака оширишга юбориш. 2021-2022 йиллар давомида, режа асосида Ҳисоб-китоблар асосида Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев) 13. Болалар клиник иммунолог мутахассисларини етакчи хорижий клиникаларда тайёрлаш ва малакасини ошириш. Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази раҳбарининг тавсиясига кўра 4 нафар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари тавсиясига кўра, ҳар бир ҳудуддан 1 нафар мутахассисни хорижий давлатларнинг клиникаларида малака оширишга юбориш. 2021-2022 йиллар давомида, режа асосида Ҳисоб-китоблар асосида Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев) 14. Етакчи хорижий тиббиёт таълим муассасалари ва клиникалари билан кадрлар тайёрлаш, малакасини ошириш юзасидан ҳамкорликни ривожлантириш. 1. Болалар гематологияси ва онкологияси билан шуғулланувчи хорижий давлатларнинг тиббиёт таълим муассасалари ва клиникалари мутахассислари учун амалий ташрифлар ташкил этиш; Келишув асосида Ҳисоб-китоблар асосида Ажратилган бюджет маблағлари доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев) , Ташқи ишлар вазирлиги (Арзиев) 2. Хорижий тиббиёт таълим муассасалари ва клиникалари билан маҳорат дарслари, вебинарлар ўтказиш. Доимий 15. Республика тиббиёт муассасалари мутахассисларини амалий-методик ёрдам кўрсатиш учун ҳудудий тиббиёт марказларига юбориш. 1. Ташкилий чора-тадбирлар Режа асосида - - Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев) IV. Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси йўналишларида тушунтириш ишларини олиб бориш 16. Соҳада амалга оширилаётган ишларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб бориш. 1. Медиа дастур ишлаб чиқиш. 2. Режа ижросини амалга ошириш 2021-2022 йиллар давомида - - Соғлиқни сақлаш вазирлиги ( Хаджибаев) , Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (Хаджаев) , МТРК (Хаджаев) 17. Паллиатив ёрдам хизматининг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш ишларини олиб бориш. Бунда: жамоатчилик (ННТ, фаол кўнгиллилар), хайрия ташкилотлари , халқаро экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, болалар онкология ва гематология уюшмаси вакиллари, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органлари вакиллари ёрдамида тадбирларни амалга ошириш. 1. Чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш. 2022 йил февраль - - Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Хаджибаев) 2. Режа ижросини амалга ошириш 2022 йил давомида

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 октябрдаги 643-сон қарорига 3-ИЛОВА

Онкологик ва гематологик беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахснинг ҳудудлардан онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ҳамда авиатранспорт воситалари орқали келиши ва кетиши билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом онкологик ва гематологик беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахснинг ҳудудлардан онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши ва кетиши билан боғлиқ харажатларни тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартибини белгилайди.

2. Онкологик ва гематологик беморларга онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотларида (кейинги ўринларда — республика бош тиббиёт ташкилотлари) даволаниши учун ушбу тиббиёт ташкилотларининг ҳудудий филиаллари, ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказлари, ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари (кейинги ўринларда — тиббиёт ташкилотлари) томонидан имтиёзли йўлланма берилган тақдирда амалга оширилади.

Бемор ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг республика бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ёки авиатранспорт воситалари орқали келиш ва кетиши тиббиёт ташкилотлари томонидан қуйидагиларни назарда тутувчи хулоса берилган тақдирда амалга оширилади:

беморга ҳамроҳлик қилувчи шахс зарурлиги;

бемор соғлиғининг ҳолати уни темир йўл ёки авиатранспорт воситаларидан фойдаланиш мумкинлиги.

Бемор ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг республика бош тиббиёт ташкилотлари темир йўл ёки авиатранспорт воситалари орқали келиш ва кетиши билан боғлиқ харажатлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади.

2-боб. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан темир йўл ёки авиатранспорт воситалари орқали бепул келиш ва кетишни расмийлаштириш тартиби

3. Онкологик ва гематологик беморлар ва ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахслар республика бош тиббиёт ташкилотларига тиббиёт ташкилотлари томонидан даволаниш учун белгиланган тартибда имтиёзли йўлланма ва хулоса билан биргаликда мажбурий тарзда ҳудудлардан — Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан (кейинги ўринларда — ҳудудлардан) темир йўл ёки авиатранспорт воситалари орқали бепул келиши ва кетиши учун махсус ваучер (кейинги ўринларда — ваучер) расмийлаштирилади.

4. Ҳудудлардан республика бош тиббиёт ташкилотларига темир йўл ёки авиатранспорт воситалари орқали бепул келишини ва кетишини таъминловчи ваучер шакли Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) томонидан Транспорт вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланади.

Бунда Вазирлик томонидан ваучер нусхалари кўпайтирилиб тиббиёт ташкилотларига етказилади.

5. Вазирлик ҳар ойнинг 5-кунига қадар кейинги ой давомида ҳудудлардан республика бош тиббиёт ташкилотларига даволаниш учун белгиланган тартибда имтиёзли йўлланма асосида ташриф буюрувчи беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар сони тўғрисидаги маълумотларни тегишли равишда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамда «Uzbekistan Airways» АЖга (кейинги ўринларда — транспорт ташкилотлари) тақдим этади.

6. Транспорт ташкилотлари Вазирлик томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида республика бош тиббиёт ташкилотларига даволаниш учун белгиланган тартибда имтиёзли йўлланма билан келувчи ва кетувчи беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар беморлар учун йўл чипталари захирасини шакллантиради.

7. Бемор ёки ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг республика бош тиббиёт ташкилотларида даволаниш учун белгиланган тартибда имтиёзли йўлланмани ва ваучерни ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжатни унга Тошкент шаҳрига келиши учун зарур бўлган кундан уч иш куни олдин темир йўл ва/ёки авиатранспорт кассаларига тақдим қилади ва темир йўл ва/ёки авиатранспорт кассаларида ушбу иш куни давомида йўл чипталари бепул расмийлаштирилади.

Бунда:

йўл чипталари «Afrosiyob» электропоездлари, «Шарқ», «Насаф», «Ўзбекистон» йўловчи поездлари ҳамда ҳаво кемаси учун тежамкор «econom», шунингдек, бемор ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг хоҳишига кўра шаҳарлараро қатновчи йўловчи поезди таркибида ҳаракатланувчи йўловчи вагонлар учун плацкарт ёки купе тоифаси бўйича расмийлаштирилади;

бемор ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг ихтиёрига кўра қўшимча тўлов асосида тежамкор «econom» тоифасига кирмайдиган йўл чипталари расмийлаштирилиши мумкин.

8. Агар бемор ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахс темир йўл ва (ёки) авиатранспорт кассаларига мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатилган муддатдан кеч мурожаат қилган тақдирда, транспорт ташкилоти ушбу бемор ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг Тошкент шаҳрига келиши ва кетиши учун зарур бўлган кунга йўл чипталарини расмийлаштиришга агар ушбу йўналишда йўл чипталари қолмаган бўлса, мажбур ҳисобланмайди.

9. Ваучерсиз темир йўл ва/ёки авиатранспорт кассаларига мурожаат қилган беморларга белгиланган тартибда пуллик асосда йўл чипталари расмийлаштирилади.

3-боб. Транспорт ташкилотлари томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича харажатларни қоплаш тартиби

10. Тиббиёт ташкилотлари томонидан тақдим этилган ваучерлар асосида расмийлаштирилган йўл чипталари ҳисоботи транспорт ташкилотларининг тегишли ҳудуддий бўлинмалари томонидан умумлаштирилади ҳамда ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг 5-кунига қадар тўловни амалга ошириш юзасидан талабномани шакллантиради ва тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармаларига юборади.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари транспорт ташкилотларининг тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан тақдим этилган тўловни амалга ошириш юзасидан талабнома асосида ўн кун муддат ичида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан транспорт ташкилотлари томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича харажатларни қоплаб беради.

4-боб. Якунловчи қоидалар

12. Тиббиёт ташкилотлари раҳбарлари онкологик ва гематологик беморларга ваучерларни мақсадли расмийлаштириш учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

13. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 октябрдаги 643-сон қарорига 4-ИЛОВА

Онкологик ва гематологик беморларга йўлланма асосида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом тиббий хизматлар кўрсатишнинг онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган йўналишлари бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотлари (кейинги ўринларда — республика бош тиббиёт ташкилотлари) йўлланмалари асосида давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиш билан боғлиқ харажатларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом қоидалари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли тоифага кирувчи беморларни (Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) томонидан белгиланган тартибда аниқланадиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиладиган мижозлар) позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш учун давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларига нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Низом талаблари шошилинч тиббий ёрдам, тез тиббий ёрдам ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш тартибига (ҳолатларига) нисбатан татбиқ этилмайди.

2-боб. Беморларни позитрон-эмиссион томография текширувидан бепул ўтишга йўналтириш тартиби

3. Позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиш билан боғлиқ харажатларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш бўйича махсус йўлланма (кейинги ўринларда — махсус йўлланма) республика бош тиббиёт ташкилотлари томонидан тегишлилиги бўйича даволаниш учун белгиланган тартибда имтиёзли йўлланма асосида келган беморларга берилади.

4. Махсус йўлланма бериладиган касалликлар рўйхати (кейинги ўринларда — касалликлар рўйхати) Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланади.

5. Махсус йўлланма республика бош тиббиёт ташкилотлари томонидан касалликлар рўйхатига мувофиқ беморни дастлабки тиббий текширувдан ўтказишда позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиш лозимлиги тўғрисида хулоса бўлганда беморга ушбу Низомга иловада келтирилган шаклда берилади.

6. Махсус йўлланма Марказ раҳбари томонидан бир иш куни ичида расмийлаштирилади.

3-боб. Давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан позитрон-эмиссион томография текширувини ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тартиби

7. Республика бош тиббиёт ташкилотлари:

давлат тиббиёт ташкилотлари томонидан ўтказилган позитрон-эмиссион томография текшируви учун Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланадиган прейскурант бўйича тўловларни амалга оширади;

нодавлат тиббиёт ташкилотларига Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 январдаги 16-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасидаги ташкилотларда аутсорсинг хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ аутсорсинг шартлари асосида махсус йўлланмалар бўйича кўрсатилган хизмат ҳажмига мутаносиб равишда тўловларни амалга оширади.

8. Махсус йўлланма асосида имтиёзли тоифага кирувчи беморларни позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиш билан боғлиқ харажатлар республика бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тегишли йўналиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади.

9. Махсус йўлланма асосида имтиёзли тоифага кирувчи беморларнинг позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиши билан боғлиқ харажатлар нодавлат тиббиёт ташкилотларида кўрсатилганда белгиланган тартибда солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида ҳақиқатда бўшаган жами маблағларнинг 25 фоизи ҳисобидан қопланиши мумкин.

10. Нодавлат тиббиёт ташкилотларида белгиланган тартибда солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида ҳақиқатда бўшаган жами маблағларнинг 25 фоизи ҳисобидан позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтувчи беморлар сони Вазирлик томонидан тегишли нодавлат тиббиёт ташкилоти билан келишган ҳолда белгиланади ва ушбу маълумотлар ҳар чоракда республика бош тиббиёт ташкилотларига тақдим этилади.

11. Давлат тиббиёт ташкилотларида позитрон-эмиссион томография текширувини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар махсус йўлланма берган тиббиёт ёки текширувни ўтказган тиббиёт ташкилоти, шунингдек, республика бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тегишли йўналиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланиши Вазирлик томонидан белгиланади.

12. Ўтказилган позитрон-эмиссион томография текшируви натижасида юзага келган асоратлар билан боғлиқ қўшимча харажатлар тегишлилиги бўйича позитрон-эмиссион томография текширувини ўтказган ташкилот ҳисобидан қопланади.

13. Агар бемор позитрон-эмиссион томография текшируви учун тегишли махсус йўлланмасиз давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотига бевосита ўзи мурожаат этса, текширув белгиланган тартибда амалга оширилади.

14. Позитрон-эмиссион томография текшируви учун давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотига берилган махсус йўлланма қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжат ҳисобланади, берилган махсус йўлланма бўйича ҳисобот шакли Вазирлик томонидан тасдиқланади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

15. Республика бош тиббиёт ташкилотлари раҳбарлари махсус йўлланмаларнинг мақсадли берилиши ва тасдиқланган тиббий ёрдам сифати стандартларига ҳамда ушбу Низом талабларига мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Онкологик ва гематологик беморларга йўлланма асосида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 13 октябрь,

643-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.10.2021 й., 09/21/643/0959-сон; 13.08.2026 й., 09/26/440/0837-сон; 16.09.2026 й., 06/26/191/0937-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

DASTURI

CHORA-TADBIRLAR DASTURI

NIZOM

NIZOM

Gematologik va onkologik kasalliklarga chalingan bemorlarni yanada qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Gematologik va onkologik kasalliklarga chalingan bemorlarni yanada qoʻllab-quvvatlash hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholiga gematologiya va onkologiya xizmatlarini koʻrsatish tizimini yanada takomillashtirish toʻgʻrisida” 2021-yil 27-maydagi PQ-5130-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

a) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholiga gematologiya va onkologiya xizmatlarini koʻrsatish tizimini yanada takomillashtirish toʻgʻrisida” 2021-yil 27-maydagi PQ-5130-son qaroriga muvofiq:

Respublika ixtisoslashtirilgan gematologiya ilmiy-amaliy tibbiyot markazi huzurida Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazi tashkil etilganligi;

2022-yil 1-yanvardan boshlab Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazi Respublika ixtisoslashtirilgan gematologiya ilmiy-amaliy tibbiyot markazi tarkibidan chiqarilib, mustaqil markaz sifatida faoliyat yuritishi belgilanganligi;

bemorlarning onkologiya va gematologiyaga ixtisoslashtirilgan davlat tibbiyot muassasalari yoʻllanmalari asosida pozitron-emission tomografiya tekshiruvidan oʻtishi bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan qoplab berilishi boʻyicha tartib belgilanganligi;

onkologik va gematologik bemorlarning Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlardan respublika ixtisoslashtirilgan markazlariga temir yoʻl va aviatransport vositalari orqali kelishi bilan bogʻliq xarajatlar tegishli mahalliy budjetlar mablagʻlari hisobidan toʻliq qoplab berilishi;

b) Vazirlar Mahkamasining “Aholiga gematologiya xizmatlarini koʻrsatish uchun qulay sharoitlar yaratish toʻgʻrisida” 2021-yil 3-avgustdagi 492-son qarori bilan Respublika ixtisoslashtirilgan gematologiya ilmiy-amaliy tibbiyot markazi bino va inshootlarida moslashtirish va qoʻshimcha qurilish ishlari amalga oshirilishi belgilanganligi hamda zarur mablagʻlar ajratilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi 2022-yil 1-yanvardan boshlab Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazini (keyingi oʻrinlarda — Markaz) Respublika ixtisoslashtirilgan gematologiya ilmiy-amaliy tibbiyot markazi tarkibidan chiqarilib, mustaqil markaz sifatida faoliyat yuritishini taʼminlasin.

3. Quyidagilar Markaz faoliyatining asosiy yoʻnalishlari etib belgilansin:

bolalarda gematologik, onkologik va klinik immunologik kasalliklarni barvaqt aniqlash, tashxis qoʻyish va davolashni xalqaro standartlarga muvofiq amalga oshirish;

sohada yuqori texnologiyalarga asoslangan fundamental, innovatsion va ilmiy-amaliy tadqiqotlar olib borish;

ilgʻor xorijiy tajriba asosida bolalar gematologiyasi va onkologiyasi hamda klinik immunologiya yoʻnalishi boʻyicha mutaxassislarni tayyorlash, qayta tayyorlash va malakasini oshirish;

gematologik va onkologik kasalliklarga chalingan bolalarga palliativ tibbiy xizmat koʻrsatish;

nufuzli xorijiy tibbiyot markazlari bilan xalqaro hamkorlikni amalga oshirish.

4. Belgilansinki:

a) Markaz:

yuridik shaxs maqomiga ega boʻlgan davlat tibbiyot muassasasi hisoblanadi, Oʻzbekiston Respublikasining Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga va blankalarga, mustaqil balansga, shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga ega boʻladi;

Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar bolalar koʻp tarmoqli tibbiyot markazlarining Bolalar gematologiyasi va onkologiyasi boʻlimlari Markazning tashkiliy-metodik hududiy boʻlinmalari hisoblanadi;

faoliyatiga Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining respublika ixtisoslashtirilgan tibbiyot markazlarining faoliyatini yuritish bilan bogʻliq amaldagi tartiblar tatbiq etiladi;

b) Markazga Vazirlar Mahkamasi bilan kelishgan holda Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan direktor rahbarlik qiladi.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi:

2021-yil 20-dekabrga qadar respublika va viloyat miqyosida bolalar gematologiyasi, onkologiya va klinik immunologiyasi yoʻnalishidagi tibbiy xizmatlar hajmi va turi boʻyicha tibbiy yordam koʻrsatish tartibini tasdiqlasin;

2021-yil 20-dekabrga qadar Markazning tuzilmasi va ustavini hamda uning hududiy boʻlinmalari toʻgʻrisidagi namunaviy nizomni tasdiqlasin;

2021-yil 25-dekabrga qadar Moliya vazirligi hamda Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi bilan birgalikda Markazning faoliyat yoʻnalishini inobatga olgan holda barcha yuqori texnologik ixtisoslashgan tibbiy xizmat koʻrsatishni taʼminlash nuqtai nazardan shtat normativlarini tasdiqlasin;

2021-yil 1-noyabrga qadar Investitsiya va tashqi savdo vazirligi hamda Moliya vazirligi bilan birgalikda Markaz Onkogematologik va davolash qiyin boʻlgan kasalliklarga chalingan bemorlarni sogʻlomlashtirishga koʻmaklashish jamgʻarmasi hamda investitsiya dasturlari doirasida iqtisod qilingan mablagʻlar hisobidan tibbiy texnika va buyumlar bilan jihozlanishini taʼminlasin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari B.A. Musayev Iqtidorli va malakali tibbiyot mutaxassislarini qoʻllab-quvvatlash hamda tibbiyot muassasalariga jalb qilish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan Markazga tajribali xorijlik mutaxassislar rahbarlik lavozimlariga jalb qilinishini taʼminlasin.

7. Quyidagilar:

Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazi faoliyatini samarali tashkil etish va rivojlantirish, salohiyatli kadrlar bilan taʼminlash hamda jihozlash dasturi (keyingi oʻrinlarda — Dastur) 1-ilovaga muvofiq;

Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi xizmatini yanada rivojlantirish boʻyicha chora-tadbirlar dasturi 2-ilovaga muvofiq;

hududlardan respublika bosh tibbiyot tashkilotlariga temir yoʻl yoki aviatransport vositalari orqali bepul kelish va ketishni taʼminlovchi vaucher shakli va uni rasmiylashtirish tartibi, tibbiyot tashkilotlari tomonidan taqdim etilgan vaucherlar asosida rasmiylashtirilgan yoʻl chiptalari hisobotini umumlashtirish tartibini nazarda tutuvchi Onkologik va gematologik bemorlar va ularga hamrohlik qiluvchi bir nafar shaxsning hududlardan onkologiya va gematologiyaga ixtisoslashtirilgan yoʻnalishlar boʻyicha respublikaning bosh tibbiyot tashkilotlariga temir yoʻl va aviatransport vositalari orqali kelishi va ketishi bilan bogʻliq xarajatlarni qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 3-ilovaga muvofiq;

onkologik va gematologik bemorlarning yoʻllanma asosida davlat va nodavlat tibbiyot tashkilotlarida pozitron-emission tomografiya tekshiruvidan oʻtishi bilan bogʻliq xarajatlarni Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan qoplab berish tartibini nazarda tutuvchi Onkologik va gematologik bemorlarga yoʻllanma asosida pozitron-emission tomografiya tekshiruvidan oʻtish bilan bogʻliq xarajatlarni qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 4-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

8. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari 2021-yil 1-noyabrdan boshlab onkologik va gematologik bemorlar va unga hamrohlik qiluvchi shaxslarning hududlardan respublika ixtisoslashtirilgan markazlariga temir yoʻl va aviatransport vositalari orqali kelishi va ketishi bilan bogʻliq xarajatlar tegishli mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan moliyalashtirilishi uchun 2021-yil mahalliy budjetlarining qoʻshimcha mablagʻlari hisobidan ajratilishini va kelgusi yillarda budjet parametrlarini shakllantirishda mazkur tadbirlarni moliyalashtirish uchun zarur mablagʻlar nazarda tutilishini taʼminlasin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi ikki hafta muddatda:

Transport vazirligi bilan birgalikda hududlardan onkologiya va gematologiyaga ixtisoslashtirilgan yoʻnalishlari boʻyicha respublikaning bosh tibbiyot tashkilotlariga temir yoʻl yoki aviatransport vositalari orqali bemor va ularga hamrohlik qiluvchi shaxslar uchun yoʻl chiptalarini rasmiylashtirishga asos boʻluvchi maxsus vaucher shaklini;

Moliya vazirligi bilan birgalikda davlat budjeti mablagʻlari hisobidan tibbiy yordam koʻrsatiladigan imtiyozli toifaga kiruvchi bemorlarning davlat va nodavlat tibbiyot tashkilotlarida bepul pozitron-emission tomografiya tekshiruvini tashkil etish uchun maxsus yoʻllanma beriladigan kasalliklar roʻyxatini tasdiqlasin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Sogʻliqni saqlash vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda onkologik va gematologik bemorlarga yoʻllanma asosida pozitron-emission tomografiya tekshiruvidan oʻtish bilan bogʻliq xarajatlarni qoplab berish uchun 2021-yilda respublika budjetidan Sogʻliqni saqlash vazirligiga ajratilgan mablagʻlar doirasida va 2022-yildan boshlab Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarini shakllantirishda mazkur tadbirlarni moliyalashtirish uchun zarur mablagʻlarni nazarda tutsin.

11. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash aʼlochisi” koʻkrak nishonini taʼsis etish toʻgʻrisida” 2006-yil 5-oktabrdagi 209-son qarorining 3-bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“3. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki huzuridagi “Davlat belgisi” DUK Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining buyurtmanomasi boʻyicha belgilangan tartibda “Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash aʼlochisi” koʻkrak nishonlari va ularga guvohnoma blankalari tayyorlanishini taʼminlasin”.

12. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

13. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev va Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri A.M. Xadjibayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 13-oktabrdagi 643-son qaroriga 1-ILOVA

Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazi faoliyatini samarali tashkil etish va rivojlantirish, salohiyatli kadrlar bilan taʼminlash hamda jihozlash

1-bob. Oʻzbekiston Respublikasida bolalar onkologiyasi va gematologiyasi xizmati holati

Oʻzbekisiton Respublikasida aholi, xususan, goʻdaklar va bolalar salomatligini muhofaza qilish hamda barkamol va sogʻlom avlod boʻlib yetishishi imkonini beradigan sifatli sogʻliqni saqlash tizimini tashkil etish, milliy genofondni har tomonlama mustahkamlab borish davlat siyosatining ustuvor yoʻnalishi hisoblanadi.

Sogʻliqni saqlash tizimida olib borilayotgan keng qamrovli islohotlar aholiga tibbiy xizmat koʻrsatish samaradorligi, koʻlami, sifati va qulayligining yil sayin ortib borishiga olib kelmoqda.

Koʻrilgan choralar natijasida 2021-yilga kelib birlamchi tibbiy-sanitariya muassasalarida 200 ta ayollar skrining xonalari tashkil etilib, nogironlik bilan tugʻilish koʻrsatkichi 30 foizgacha, goʻdaklar hamda 5 yoshgacha bolalar oʻrtasidagi oʻlim koʻrsatkichlari 2018-2019-yillarga nisbatan 1,2 barobargacha kamaydi.

Respublika boʻylab onkologik bemor bolalarga nur terapiyasi uchun amaliyotga 18 ta zamonaviy chiziqli tezlatkichga ega radio va gammaterapevtik uskunalar tatbiq etildi.

Shu bilan birga, bolalar oʻrtasida gematologik va onkologik kasalliklar bilan kasallanish koʻrsatkichi ortib bormoqda.

Xususan, bolalar oʻlimi koʻrsatkichi har 100 ming bolaga nisbatan 9,2 ni tashkil etib, jarohatlanishdan (travmatizm va baxtsiz hodisalar) keyin 2-oʻrinda qolmoqda. Bu koʻrsatkich AQSHda 2,0, Rossiyada 2,8 va Qozogʻistonda 2,7 ni tashkil etadi.

Oʻzbekistonda yiliga oʻrta hisobda 1 300 nafargacha 0 — 18 yosh boʻlgan bolalarda gematologik va onkologik kasalliklar birinchi bor qayd etilib, jami kasallanganlar soni 100 ming bolaga nisbatan 7,5 ni tashkil etmoqda. Bu koʻrsatkich AQSH da 17,0, Rossiyada 11,2 va Qozogʻistonda 9,7 ni tashkil etadi.

1. Bolalarga gematologiya va onkologiya yoʻnalishlari boʻyicha yuqori texnologik ixtisoslashgan tibbiy xizmat koʻrsatishda bugungi kunda oʻz yechimini kutayotgan bir qator dolzarb muammo va kamchiliklar saqlanib qolmoqda. Jumladan:

a) maʼmuriy-tashkiliy tuzilma va moddiy-texnika bazasini mustahkamlash sohasida:

sohaning yaxlit vertikal tizimi tashkil etilmagan;

respublika bolalar onkologiyasi (115 oʻrin) hamda bolalar gematologiyasi (435 oʻrin) viloyat (tuman, shahar) darajasida ikki yoʻnalishdagi alohida tibbiyot muassasalarida tashkil etilgan boʻlib, mazkur yoʻnalishdagi bemorlarni davolashda multidissiplinar yondashuv mavjud emas;

hududiy bolalar gematologiya va onkologiyasi boʻlimlari moslashtirilgan binolarda tashkil etilgan, mazkur infratuzilma quvvatlari mavjud ehtiyojni qanoatlantirmaydi hamda amaldagi sanitariya meʼyorlari va qoidalari talablariga toʻliq javob bermaydi — kichik jarrohlik amaliyotlari va tibbiy muolajalarni oʻtkazish xonalari, ogʻir holatdagi bemorlarga tibbiy yordam koʻrsatish uchun steril palatalar mavjud emas;

ogʻir bemorlarga yashash sifatini yaxshilash maqsadida palliativ tibbiy xizmat, ularni parvarish qiladigan oila aʼzolarini tayyorlash va qoʻllab-quvvatlashga doir dastur va ijro mexanizmi ishlab chiqilmagan.

b) kadrlar bilan taʼminlanganlik, ilmiy salohiyat va zamonaviy amaliyotlarni tatbiq etish sohasida:

respublika boʻyicha jami 83 nafar (har bir hududda oʻrtacha 4 nafar) “bolalar onkologi va gematologi” boʻyicha mutaxassislar faoliyat yuritadi, ilmiy darajaga ega xodimlar 6 nafarni (1 nafar fan doktori, 5 nafar fan nomzodi) tashkil etadi;

sohadagi yuqori texnologiyali amaliyotlarning ulushi 10 foizni tashkil etadi, bugungi kunda oʻta zarur hisoblangan oʻzak hujayra transplantatsiyasi, immunofenotipik, molekulyar-genetik tekshiruvlar kabi zamonaviy diagnostika va davolash usullarini tatbiq etish uchun yetarli shart-sharoitlar mavjud emas;

soha boʻyicha ilmiy izlanish va fundamental, amaliy va innovatsion (grant) loyihalarning yoʻqligi soha rivojiga, shuningdek, kasallanish hamda oʻlim koʻrsatkichlarini kamaytirish borasidagi ishlarga salbiy taʼsir etmoqda.

v) dori vositalari, tibbiy asbob-uskunalar hamda zarur sarf anjomlari bilan taʼminlanish sohasida:

gematologik kasalliklarga chalingan bemorlarning dori vositalari bilan taʼminlanishi oʻrtacha 30 foizni, onkologik bemorlar uchun esa 85 foizni tashkil etmoqda;

dori vositalari bilan qamrab olinmagan gematologik kasallikka chalingan bolalarga bir davo kursi davomida (2 yil) umumiy hisobda 10 ming AQSH dollarigacha, onkologik bemorlarga esa bir davo kursi uchun (7 — 10 kun) 4 mln soʻmgacha mablagʻ sarflamoqda;

qayd etilgan tibbiyot muassasalarida oʻquv-amaliy va ilmiy laboratoriyalar talab darajasida tashkil etilmagan, zamonaviy laboratoriyalarda diagnostik asbob-uskunalar salmogʻi 45 foizni tashkil etadi, shu bilan birga; laboratoriya materiallari (reaktiv, reagent, butlovchi va sarflash anjomlari va boshqalar) bilan yetarli taʼminlanmagan;

moliyaviy xarajatlarning asosiy qismi ish xaqiga sarflanib, oʻquv-amaliy va ilmiy laboratoriyalar faoliyatini samarali tashkil etishga yetarli mablagʻ yoʻnaltirilmagan.

g) xalqaro hamkorlik sohasida:

bugungi kunda Rossiya (D. Rogachev nomidagi Milliy bolalar gematologiya, onkologiya va immunologiyasi ilmiy-tadqiqot markazi), Germaniya (Sharite klinikasi), Koreya (avliyo Mariya gospitali) kabi davlatlar bilan hamkorlik memorandumlari mavjud boʻlib, uning doirasida faqatgina murakkab tashxisli bemorlar konsultatsiyasi amalga oshiriladi.

2-bob. Oʻzbekiston Respublikasida bolalar gematologiyasi hamda onkologiyasi xizmatini yanada rivojlantirish maqsadlari va vazifalari

2. Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazi faoliyatini samarali tashkil etish va rivojlantirish, salohiyatli kadrlar bilan taʼminlash va jihozlash dasturi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholiga gematologiya va onkologiya xizmatlarini koʻrsatish tizimini yanada takomillashtirish toʻgʻrisida” 2021-yil 27-maydagi PQ-5130-son qarori bilan belgilangan vazifalar asosida ishlab chiqilgan.

Unga muvofiq 2022-yil 1-yanvardan boshlab Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazi Respublika ixtisoslashtirilgan gematologiya ilmiy-amaliy tibbiyot markazi tarkibidan chiqarilib, mustaqil markaz sifatida faoliyat yuritishi rejalashtirilgan.

Dastur Jahon sogʻliqni saqlash tashkilotining tavsiyalariga, shuningdek, sogʻliqni saqlash tizimini isloh qilishda katta muvaffaqiyatlarga erishgan ilgʻor mamlakatlar tajribasiga asoslangan yondashuvlarni oʻz ichiga olgan.

Markazning maqsadlari:

Markazning moddiy-texnika bazasini mustahkamlash, kadrlar salohiyatini oshirish, bolalarga koʻrsatiladigan gematologik, onkologik va klinik immunologik tibbiy yordam sifatini xalqaro standartlar darajasigacha koʻtarish;

bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi sohasida ilmiy-amaliy izlanishlarni olib borish;

bolalarda gemoblastoz, solid oʻsmalari, markaziy va periferik nerv tizimi oʻsmalari, gematopoetik depressiyalar, irsiy hamda orttirilgan immun va qon kasalliklarini davolashning hamda tibbiy reabilitatsiyaning yangi usullarini ishlab chiqish va tatbiq etish;

oʻzak hujayralari transplantatsiyasi amaliyotini Markaz faoliyatiga joriy qilish;

xavfli oʻsmalar, shu jumladan, limfoid va gematopoetik xavfli oʻsmalar, qon kasalliklari va immun mexanizmlarga taʼsir oʻtkazgan boshqa patologiyalari mavjud bolalarga birlamchi tibbiy-sanitariya yordamini, ixtisoslashgan yuqori texnologik yordam hamda tibbiy reabilitatsiya yordamini koʻrsatish, shuningdek, bu kabi patologiyalari mavjud bolalarni qonuniy vakili bilan birgalikda sanator davolashni amalga oshirish.

3-bob. Markazning faoliyatini tashkil etish, boshqarish va jihozlash

3. Bolalarga gematologik va onkologik xizmat koʻrsatishda xalqaro talablarga javob beradigan mutlaqo yangicha yondashuvni shakllantirish maqsadida Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazi jahon standartlariga toʻliq javob beradigan hamda dastlabki bosqichda 240 oʻrinli alohida binoga (keyingi oʻrinlarda — Bino) joylashtiriladi. Shu bilan bir qatorda Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar koʻp tarmoqli bolalar tibbiyot markazlari qoshida jami — 345 oʻrinni tashkil etgan bolalar gematologiya, onkologiya va klinik immunologiya boʻlimlari faoliyat yuritadi. Buning natijasida respublika miqiyosida bolalar uchun alohida boʻlgan 585 statsionar oʻrinli gematologik, onkologik va klinik xizmat koʻrsatish tashkil etiladi.

4. Bino korpuslarida bolalar gematologiya, onkologiya va klinik immunologiya kasalliklari aniqlangan bemorlar uchun multiixtisoslashgan xizmat koʻrsatish maqsadida tarkibida barcha tor mutaxassislardan iborat maslahat poliklinikasi faoliyat yuritadi.

5. Binoda statsionar sharoitda davolanuvchi bemorlar uchun qabul boʻlimi, tegishli klinik boʻlimlar tashkil etiladi.

6. Bino statsionar boʻlimlarida palatalar bir va ikki kishilik boʻlib, mustaqil sanitariya xonasiga ega boʻladi. Palatalarda maxsus konditsioner-ventilyatsiya moslamasi yordamida steril holatni saqlovchi mikroiqlim sharoiti yaratiladi. Bu holat, oʻz navbatida, bemorning har xil infeksiyalar bilan muloqotda boʻlishining oldini olish imkoniyatini yaratadi.

7. Bino tarkibida jarrohlik boʻlimi, boks xonalaridan tashkil topgan reanimatsiya boʻlimi va alohida steril boks xonali transplantatsiya boʻlimi tashkil etiladi.

8. Bino statsionar boʻlimlarida muolaja xonasi, qon quyish, kimyoviy dori vositalarini tayyorlash, sternal va endolyumbal punksiya amaliyoti va boshqalar uchun alohida xonalar ajratiladi.

9. Binoning pastki qavatlarida alohida kunduzgi davolash boʻlimi joylashtiriladi.

10. Diagnostika yoʻnalishi boʻyicha odatdagi tadqiqot usullari bilan bir qatorda xalqaro standartlarga mos keladigan quyidagi boʻlimlar — Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazi hamda Respublika ixtisoslashtirilgan gematologiya ilmiy-amaliy tibbiyot markazlari uchun umumiy xizmat qiladigan laboratoriyalar va boʻlimlar tashkil etiladi:

a) yuqori texnologiyali diagnostika usullari:

“Yangi formatdagi bakteriologik laboratoriya”;

“Molekulyar genetika, sitogenetika va sitofluometriya laboratoriyasi”;

“Morfologiya, gistologiya va immunogistokimyo laboratoriyasi”;

“Immunofenotiplash va HLA genotipi laboratoriyasi”;

“Immunnokimyo laboratoriyasi”;

zamonaviy ultratovush diagnostikasi (UZD);

raqamli rentgen apparati yordamida tekshirish;

densitometriya tekshiruvi.

b) maqsadga muvofiqlik va eng maqbul yoʻllarni tanlash tamoyilidan kelib chiqib Markaz rivojlanishining ikkinchi bosqichida quyidagi umumiy xizmat qiladigan boʻlim va boʻlinmalar uchun yangi binolar quriladi:

multispiral kompyuter tomografiyasi (MSKT);

magnit-rezonans tomografiya (MRT);

nur terapiyasi boʻlimi;

“Oʻzak hujayralari banki”;

transplantologiya boʻlimi;

“Qon banki” boʻlimi.

11. Onkogematologiya bemorlari uchun markazlashgan umumiy oziq-ovqat taʼminoti bloki yaratiladi. Mahsulotlarga maxsus issiqlik bilan ishlov beriladi va nur bilan dezinfeksiya qilinadi, qadoqlangan, steril shakldagi taomlar bemorlar palatasiga yetkazib beriladi.

12. Markazda hamda uning hududiy boʻlimlarida roʻyxatga olingan onkogematologik bemorlar haqidagi maʼlumotlarni yigʻish, saqlash va qayta ishlash uchun avtomatlashtirilgan axborot tizimi — “Kanser-registr” yaratiladi.

13. Davolanayotgan bemor bolalarning uzoq vaqt davomida statsionar davolanishini eʼtiborga olib Toshkent shahri hokimligi, Xalq taʼlimi vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi hamda xalqaro xayriya fondlari va homiylar yordamida taʼlim olishning uzluksizligini taʼminlash maqsadida bemor bolalar uchun maktab tashkil etiladi. Maktabda respublika miqyosida oʻqishni davom ettirish uchun oflayn va onlayn oʻqitish tizimi joriy etiladi, bu bemor bolalarning oʻquv fanlarini samarali oʻzlashtirishiga, dasturdan qolib ketmasligiga imkon beradi.

14. Gematologiya, onkologiya va klinik immunologiya, jumladan, leykoz kasalliklari boʻlgan bemor bolalarning protokol boʻyicha toʻliq hamda uzluksiz davolanishi jarayonini amalga oshirish uchun kunduzgi davolanish sharoitida ota-onalari bilan birga boʻlishlarini taʼminlovchi hamma qulayliklarga ega boʻlgan 200 oʻrinli “Xostel” xalqaro xayriya fondlari va homiylar yordamida tashkil etiladi.

4-bob. Markazni salohiyatli kadrlar bilan taʼminlash

15. Markazda bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi yoʻnalishi boʻyicha ilmiy izlanishlarni olib borish, kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish borasida tizimli chora-tadbirlar amalga oshiriladi.

16. Markazning ilmiy boʻlimida “Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazining hududiy boʻlimlari bilan ishlash”, “Xalqaro aloqalar”, “Kadrlar tayyorlash va malakasini oshirish”, “Immunologiya”, “Irsiy koagulopatiyalar va trombozlar”, “Bolalar onkologiyasi va radiatsion terapiyasi”, “Jarrohlik, anesteziologik va reanimatsion tadqiqotlar” yoʻnalishlarida oʻquv jarayonlari va ilmiy izlanishlar olib boriladi.

17. Markaz xodimlarining salohiyatini yuksaltirish maqsadida ular yetakchi mahalliy va xorijiy tibbiy taʼlim muassasalari hamda klinikalarida jarrohlik, transplantologiya, anesteziologiya va reanimatsiya, tranfuziologiya, radiologiya, radiatsion terapiya, zamonaviy molekulyar-genetik laboratoriya va boshqa yoʻnalishlar boʻyicha qayta tayyorlanadi va malakasi oshiriladi.

18. Markaz tomonidan Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar koʻp tarmoqli bolalar tibbiyot markazlaridagi gematologiya va onkogematologiya boʻlimlari faoliyatini qoʻllab-quvvatlash, monitoring qilish, muvofiqlashtirish uchun hududiy mutaxasssislar tayyorlanadi, qayta tayyorlanadi va malakasini oshirish jarayonlari amalga oshiriladi.

5-bob. Markazning istiqboldagi ustuvor maqsadlari

20. Markazning istiqboldagi ustuvor maqsadlari quyidagilardan iborat:

bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi sohasida xalqaro talablarga javob beradigan nufuzli davolash muassasasi mavqeyiga ega boʻlish;

kadrlar salohiyati, olimlar va professorlar tarkibi borasida respublikaning eng yirik ilmiy-amaliy va oʻquv markazlari qatoridan joy olish;

yiliga birlamchi aniqlangan 1 500 ta bemor bolalarni qabul qilish darajasiga yetish;

bolalarda gemopoetik oʻzak hujayralari transplantatsiyasini amalga oshirish;

zamonaviy biobankni yaratish;

kanser-registrni yaratish.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 13-oktabrdagi 643-son qaroriga 2-ILOVA

Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi xizmatini yanada rivojlantirish boʻyicha

T/r Tadbirlar nomi Amalga oshirish mexanizmi Bajarish muddatlari Summa Moliyalashtirish manbai Ijrochilar I. Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi xizmati faoliyatini tartibga soluvchi qonun hujjatlari va normativ-huquqiy bazani takomillashtirish 1. Xalqaro standartlar asosida bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi kasalliklariga tashxis qoʻyish, davolash va reabilitatsiya protokollarini shakllantirish, tasdiqlash va amaliyotga tatbiq etish. Amaliy chora-tadbirlar 2021-2022-yillar - - Sogʻliqni saqlash vazirligi (Xadjibayev) 2. Respublika va viloyatlar miqyosida bolalar gematologiyasi, onkologiya va klinik immunologiyasi yoʻnalishidagi tibbiy xizmatlar hajmi va turi boʻyicha tibbiy yordam koʻrsatish tartibini tasdiqlash. Sogʻliqni saqlash vazirining buyrugʻi 2021-yil 1-dekabr - - Sogʻliqni saqlash vazirligi (Xadjibayev) 3. Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazi faoliyat yoʻnalishini inobatga olgan holda yuqori texnologik ixtisoslashgan tibbiy xizmat koʻrsatishni taʼminlash nuqtai nazardan shtat normativlarini tasdiqlash. Qoʻshma qaror 2021-yil 25-dekabr - - Sogʻliqni saqlash vazirligi (Xadjibayev) , Moliya vazirligi (Ishmetov) , Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi (Xusanov) 4. Bolalarda palliativ yordam koʻrsatish boʻyicha xalqaro talablar asosida klinik protokollar, diagnostika va kasalliklarni davolash standartlarini ishlab chiqish. 1. Ishchi guruh tuzish. 2. Bolalarda palliativ yordam koʻrsatish boʻyicha klinik protokollar, diagnostika va kasalliklarni davolash standartlarini ishlab chiqish va tasdiqlash. 2021-yil 1-noyabr - - Sogʻliqni saqlash vazirligi (Xadjibayev) 5. Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi uchun zamonaviy kanser registrlarini yaratish va tatbiq etish. Tashkiliy chora-tadbirlar 2022-yil 1-yanvar Hisob-kitoblar asosida Xalqaro moliya institutlari mablagʻlari, JSST va ijrochilar mablagʻlari, homiylik hayriyalari Sogʻliqni saqlash vazirligi (Xadjibayev) , Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi (Vafayev) , Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi (Sodiqov) II. Gematologik, onkologik va klinik immunologik kasalliklarni oldini olish, erta diagnostika qilish va davolash chora-tadbirlarini takomillashtirish 6. Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazi binosining yertoʻla qismini transfuziologiya, bemorlarni qabul qilish boʻlimi, dori-darmon saqlash ombori, markazlashgan sterilizatsiya, kir yuvish, kiyinish, texnik va muhandislik xonalariga moslashtirish, shuningdek, obyekt hududida bakteriologiya, virusologiya, immunogistokimyo laboratoriyalari, dezinfeksiya boʻlimi, vivariy boʻlimi, bemorlar uchun maxsus shifobaxsh ovqat tayyorlash oshxonasi binolarini qoʻshimcha qurish. Tashkiliy chora-tadbirlar 2021-yil yakuniga qadar 10,0 mlrd soʻm 2021-yil uchun respublika budjetidan Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligiga ajratilgan mablagʻlar hisobidan Sogʻliqni saqlash vazirligi (Xadjibayev) , Moliya vazirligi (Ishmetov) 7. Birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasalari oilaviy shifokorlari uchun bolalarda gematologik, onkologik va klinik immunologik kasalliklarni barvaqt aniqlashga qaratilgan metodik qoʻllanmani ishlab chiqish va amalda joriy etish. Metodik qoʻllanmalarni ishlab chiqish va amaliyotga tatbiq etish. 2021-2022-yillar Hisob-kitoblar asosida JSST, YUNISEF va BMT Aholishunoslik jamgʻarmasining Oʻzbekistondagi vakolatxonalari mablagʻlari Sogʻliqni saqlash vazirligi (Xadjibayev) 8. Bolalarda gematologik, onkologik va klinik immunologik kasalliklarga barvaqt tashxis qoʻyish va davolash uchun zarur boʻlgan qoʻshimcha tibbiy texnikalar, dori vositalari va reagentlar bilan taʼminlash. 1. Tashxis qoʻyish, davolash va reabilitatsiya qilish uchun zarur boʻlgan tibbiy texnikalar, dori vositalari va reagentlar roʻyxatini ishlab chiqish va tasdiqlash. 2. Tasdiqlangan roʻyxat asosida zarur tibbiy texnikalar, dori vositalari va reagentlarni markazlashtirilgan holda xarid qilish choralari koʻrish. 2022-2023-yillar davomida Hisob-kitoblar asosida Onkogematologik va davolash qiyin boʻlgan kasalliklarga chalingan bemorlarni sogʻlomlashtirishga koʻmaklashish jamgʻarmasi mablagʻlari Sogʻliqni saqlash vazirligi (Xadjibayev) 9. Ogʻir gematologik, onkologik va klinik immunologik kasalliklar bilan xastalagan bolalarga palliativ yordam berish tizimini yaratish. Bunda xalqaro tavsiyalar, tajribalar asosida ogʻir turdagi gematologik va onkologik kasalliklarga chalingan bemorlarni palliativ parvarishlash uchun yagona standartlashtirilgan yondashuvni ishlab chiqish. 1. Palliativ yordam boʻyicha xalqaro standartlar asosida oʻquv dasturini ishlab chiqish. 2021-yil noyabr Hisob-kitoblar asosida JSST, YUNISEF va BMT Aholishunoslik jamgʻarmasining Oʻzbekistondagi vakolatxonalari mablagʻlari Ijrochilar mablagʻlari Sogʻliqni saqlash vazirligi (Xadjibayev) 2. Palliativ yordam va xospis sohasida faoliyat yuritadigan mutaxassislarni tayyorlash. 2021-yil dekabr 3. Tibbiy palliativ yordam koʻrsatishni amalga oshirish uchun asosiy va qoʻshimcha tibbiy xizmatlar roʻyxatini tuzish. 2021-yil dekabr III. Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi yoʻnalishida kadrlar tayyorlash 10. Bolalar gematologi, onkologi va klinik immunologi mutaxassislarini tayyorlash. 1. Tor doiradagi mutaxassislardan bolalar gematolog va onkolog mutaxassislarini qayta tayyorlash; 2. Tibbiyot oliy taʼlim muassasalarida davlat granti asosida klinik ordinatura, magistraturada bolalar gematolog, onkolog va klinik immunolog mutaxassislarini tayyorlash. Yil davomida, reja asosida - Ijrochilar mablagʻlari Sogʻliqni saqlash vazirligi (Xadjibayev) 11. Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazi uchun maqsadli kadrlar tayyorlash. 1. 6 nafar tibbiyot xodimlarini R.M. Gorbacheva nomidagi onkologiya, gematologiya va transplantologiya ilmiy tekshirish institutida klinik ordinaturada oʻqitish. 2. 2 nafar tibbiyot xodimlarini Rossiya Gematologiya ilmiy-tadqiqot institutida klinik ordinaturada oʻqitish. 2021 — 2023-yillar davomida Hisob-kitoblar asosida Onkogematologik va davolash qiyin boʻlgan kasalliklarga chalingan bemorlarni sogʻlomlashtirishga koʻmaklashish jamgʻarmasi mablagʻlari Sogʻliqni saqlash vazirligi (Xadjibayev) , Moliya vazirligi (Ishmetov) 12. Bolalar gematologi va onkologlarini yetakchi xorijiy klinikalar va tibbiyot muassaslarida malakasini oshirish. Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Toshkent shahar va viloyatlar sogʻliqni saqlash boshqarmalari tavsiyasiga koʻra har bir hududdan 2 nafar mutaxassisni xorijiy davlatlarning klinikalarida malaka oshirishga yuborish. 2021-2022-yillar davomida, reja asosida Hisob-kitoblar asosida Onkogematologik va davolash qiyin boʻlgan kasalliklarga chalingan bemorlarni sogʻlomlashtirishga koʻmaklashish jamgʻarmasi mablagʻlari Sogʻliqni saqlash vazirligi (Xadjibayev) 13. Bolalar klinik immunolog mutaxassislarini yetakchi xorijiy klinikalarda tayyorlash va malakasini oshirish. Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi markazi rahbarining tavsiyasiga koʻra 4 nafar hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Toshkent shahar va viloyatlar sogʻliqni saqlash boshqarmalari tavsiyasiga koʻra, har bir hududdan 1 nafar mutaxassisni xorijiy davlatlarning klinikalarida malaka oshirishga yuborish. 2021-2022-yillar davomida, reja asosida Hisob-kitoblar asosida Onkogematologik va davolash qiyin boʻlgan kasalliklarga chalingan bemorlarni sogʻlomlashtirishga koʻmaklashish jamgʻarmasi mablagʻlari Sogʻliqni saqlash vazirligi (Xadjibayev) 14. Yetakchi xorijiy tibbiyot taʼlim muassasalari va klinikalari bilan kadrlar tayyorlash, malakasini oshirish yuzasidan hamkorlikni rivojlantirish. 1. Bolalar gematologiyasi va onkologiyasi bilan shugʻullanuvchi xorijiy davlatlarning tibbiyot taʼlim muassasalari va klinikalari mutaxassislari uchun amaliy tashriflar tashkil etish; Kelishuv asosida Hisob-kitoblar asosida Ajratilgan budjet mablagʻlari doirasida Sogʻliqni saqlash vazirligi (Xadjibayev) , Tashqi ishlar vazirligi (Arziyev) 2. Xorijiy tibbiyot taʼlim muassasalari va klinikalari bilan mahorat darslari, vebinarlar oʻtkazish. Doimiy 15. Respublika tibbiyot muassasalari mutaxassislarini amaliy-metodik yordam koʻrsatish uchun hududiy tibbiyot markazlariga yuborish. 1. Tashkiliy chora-tadbirlar Reja asosida - - Sogʻliqni saqlash vazirligi (Xadjibayev) IV. Bolalar gematologiyasi, onkologiyasi va klinik immunologiyasi yoʻnalishlarida tushuntirish ishlarini olib borish 16. Sohada amalga oshirilayotgan ishlarni ommaviy axborot vositalari orqali keng yoritib borish. 1. Media dastur ishlab chiqish. 2. Reja ijrosini amalga oshirish 2021-2022-yillar davomida - - Sogʻliqni saqlash vazirligi ( Xadjibayev) , Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi (Xadjayev) , MTRK (Xadjayev) 17. Palliativ yordam xizmatining mazmun-mohiyatini aholiga tushuntirish ishlarini olib borish. Bunda: jamoatchilik (NNT, faol koʻngillilar), xayriya tashkilotlari , xalqaro ekspertlar, ommaviy axborot vositalari vakillari, bolalar onkologiya va gematologiya uyushmasi vakillari, bolalar huquqlarini himoya qilish organlari vakillari yordamida tadbirlarni amalga oshirish. 1. Chora-tadbirlar rejasini tasdiqlash. 2022-yil fevral - - Sogʻliqni saqlash vazirligi (Xadjibayev) 2. Reja ijrosini amalga oshirish 2022-yil davomida

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 13-oktabrdagi 643-son qaroriga 3-ILOVA

Onkologik va gematologik bemorlar va ularga hamrohlik qiluvchi bir nafar shaxsning hududlardan onkologiya va gematologiyaga ixtisoslashtirilgan yoʻnalishlar boʻyicha respublikaning bosh tibbiyot tashkilotlariga temir yoʻl hamda aviatransport vositalari orqali kelishi va ketishi bilan bogʻliq xarajatlarni qoplab berish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom onkologik va gematologik bemorlar va ularga hamrohlik qiluvchi bir nafar shaxsning hududlardan onkologiya va gematologiyaga ixtisoslashtirilgan yoʻnalishlar boʻyicha respublikaning bosh tibbiyot tashkilotlariga temir yoʻl va aviatransport vositalari orqali kelishi va ketishi bilan bogʻliq xarajatlarni tegishli mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan qoplab berish tartibini belgilaydi.

2. Onkologik va gematologik bemorlarga onkologiya va gematologiyaga ixtisoslashtirilgan yoʻnalishlar boʻyicha respublikaning bosh tibbiyot tashkilotlarida (keyingi oʻrinlarda — respublika bosh tibbiyot tashkilotlari) davolanishi uchun ushbu tibbiyot tashkilotlarining hududiy filiallari, hududiy koʻp tarmoqli tibbiyot markazlari, hududiy bolalar koʻp tarmoqli tibbiyot markazlari (keyingi oʻrinlarda — tibbiyot tashkilotlari) tomonidan imtiyozli yoʻllanma berilgan taqdirda amalga oshiriladi.

Bemor va unga hamrohlik qiluvchi shaxsning respublika bosh tibbiyot tashkilotlariga temir yoʻl yoki aviatransport vositalari orqali kelish va ketishi tibbiyot tashkilotlari tomonidan quyidagilarni nazarda tutuvchi xulosa berilgan taqdirda amalga oshiriladi:

bemorga hamrohlik qiluvchi shaxs zarurligi;

bemor sogʻligʻining holati uni temir yoʻl yoki aviatransport vositalaridan foydalanish mumkinligi.

Bemor va unga hamrohlik qiluvchi shaxsning respublika bosh tibbiyot tashkilotlari temir yoʻl yoki aviatransport vositalari orqali kelish va ketishi bilan bogʻliq xarajatlar mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan toʻliq qoplab beriladi.

2-bob. Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlardan temir yoʻl yoki aviatransport vositalari orqali bepul kelish va ketishni rasmiylashtirish tartibi

3. Onkologik va gematologik bemorlar va va unga hamrohlik qiluvchi shaxslar respublika bosh tibbiyot tashkilotlariga tibbiyot tashkilotlari tomonidan davolanish uchun belgilangan tartibda imtiyozli yoʻllanma va xulosa bilan birgalikda majburiy tarzda hududlardan — Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlardan (keyingi oʻrinlarda — hududlardan) temir yoʻl yoki aviatransport vositalari orqali bepul kelishi va ketishi uchun maxsus vaucher (keyingi oʻrinlarda — vaucher) rasmiylashtiriladi.

4. Hududlardan respublika bosh tibbiyot tashkilotlariga temir yoʻl yoki aviatransport vositalari orqali bepul kelishini va ketishini taʼminlovchi vaucher shakli Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) tomonidan Transport vazirligi bilan kelishgan holda tasdiqlanadi.

Bunda Vazirlik tomonidan vaucher nusxalari koʻpaytirilib tibbiyot tashkilotlariga yetkaziladi.

5. Vazirlik har oyning 5-kuniga qadar keyingi oy davomida hududlardan respublika bosh tibbiyot tashkilotlariga davolanish uchun belgilangan tartibda imtiyozli yoʻllanma asosida tashrif buyuruvchi bemorlar va ularga hamrohlik qiluvchi shaxslar soni toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni tegishli ravishda “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ hamda “Uzbekistan Airways” AJga (keyingi oʻrinlarda — transport tashkilotlari) taqdim etadi.

6. Transport tashkilotlari Vazirlik tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar asosida respublika bosh tibbiyot tashkilotlariga davolanish uchun belgilangan tartibda imtiyozli yoʻllanma bilan keluvchi va ketuvchi bemorlar va ularga hamrohlik qiluvchi shaxslar bemorlar uchun yoʻl chiptalari zaxirasini shakllantiradi.

7. Bemor yoki va unga hamrohlik qiluvchi shaxsning respublika bosh tibbiyot tashkilotlarida davolanish uchun belgilangan tartibda imtiyozli yoʻllanmani va vaucherni hamda shaxsni tasdiqlovchi hujjatni unga Toshkent shahriga kelishi uchun zarur boʻlgan kundan uch ish kuni oldin temir yoʻl va/yoki aviatransport kassalariga taqdim qiladi va temir yoʻl va/yoki aviatransport kassalarida ushbu ish kuni davomida yoʻl chiptalari bepul rasmiylashtiriladi.

Bunda:

yoʻl chiptalari “Afrosiyob” elektropoyezdlari, “Sharq”, “Nasaf”, “Oʻzbekiston” yoʻlovchi poyezdlari hamda havo kemasi uchun tejamkor “econom”, shuningdek, bemor yoki unga hamrohlik qiluvchi shaxsning xohishiga koʻra shaharlararo qatnovchi yoʻlovchi poyezdi tarkibida harakatlanuvchi yoʻlovchi vagonlar uchun platskart yoki kupe toifasi boʻyicha rasmiylashtiriladi;

bemor yoki unga hamrohlik qiluvchi shaxsning ixtiyoriga koʻra qoʻshimcha toʻlov asosida tejamkor “econom” toifasiga kirmaydigan yoʻl chiptalari rasmiylashtirilishi mumkin.

8. Agar bemor yoki unga hamrohlik qiluvchi shaxs temir yoʻl va (yoki) aviatransport kassalariga mazkur Nizomning 7-bandida koʻrsatilgan muddatdan kech murojaat qilgan taqdirda, transport tashkiloti ushbu bemor va unga hamrohlik qiluvchi shaxsning Toshkent shahriga kelishi va ketishi uchun zarur boʻlgan kunga yoʻl chiptalarini rasmiylashtirishga agar ushbu yoʻnalishda yoʻl chiptalari qolmagan boʻlsa, majbur hisoblanmaydi.

9. Vauchersiz temir yoʻl va/yoki aviatransport kassalariga murojaat qilgan bemorlarga belgilangan tartibda pullik asosda yoʻl chiptalari rasmiylashtiriladi.

3-bob. Transport tashkilotlari tomonidan koʻrsatilgan xizmatlar boʻyicha xarajatlarni qoplash tartibi

10. Tibbiyot tashkilotlari tomonidan taqdim etilgan vaucherlar asosida rasmiylashtirilgan yoʻl chiptalari hisoboti transport tashkilotlarining tegishli hududdiy boʻlinmalari tomonidan umumlashtiriladi hamda har oy yakuni boʻyicha keyingi oyning 5-kuniga qadar toʻlovni amalga oshirish yuzasidan talabnomani shakllantiradi va tegishli ravishda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari va Qoraqalpogʻiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi va viloyatlar sogʻliqni saqlash boshqarmalariga yuboradi.

11. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari transport tashkilotlarining tegishli hududiy boʻlinmalari tomonidan taqdim etilgan toʻlovni amalga oshirish yuzasidan talabnoma asosida oʻn kun muddat ichida mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan transport tashkilotlari tomonidan koʻrsatilgan xizmatlar boʻyicha xarajatlarni qoplab beradi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

12. Tibbiyot tashkilotlari rahbarlari onkologik va gematologik bemorlarga vaucherlarni maqsadli rasmiylashtirish uchun shaxsan javobgar hisoblanadi.

13. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 13-oktabrdagi 643-son qaroriga 4-ILOVA

Onkologik va gematologik bemorlarga yoʻllanma asosida pozitron-emission tomografiya tekshiruvidan oʻtish bilan bogʻliq xarajatlarni qoplab berish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom tibbiy xizmatlar koʻrsatishning onkologiya va gematologiyaga ixtisoslashtirilgan yoʻnalishlari boʻyicha respublikaning bosh tibbiyot tashkilotlari (keyingi oʻrinlarda — respublika bosh tibbiyot tashkilotlari) yoʻllanmalari asosida davlat va nodavlat tibbiyot tashkilotlarida pozitron-emission tomografiya tekshiruvidan oʻtish bilan bogʻliq xarajatlarni davlat budjeti mablagʻlari hisobidan qoplab berish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizom qoidalari davlat budjeti mablagʻlari hisobidan tibbiy yordam koʻrsatiladigan imtiyozli toifaga kiruvchi bemorlarni (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti, Vazirlar Mahkamasi va Sogʻliqni saqlash vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) tomonidan belgilangan tartibda aniqlanadigan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobiga tibbiy yordam koʻrsatiladigan mijozlar) pozitron-emission tomografiya tekshiruvidan oʻtish bilan bogʻliq xarajatlarni qoplab berish uchun davlat va nodavlat tibbiyot tashkilotlariga nisbatan tatbiq etiladi.

Ushbu Nizom talablari shoshilinch tibbiy yordam, tez tibbiy yordam va kechiktirib boʻlmaydigan tibbiy yordam koʻrsatish tartibiga (holatlariga) nisbatan tatbiq etilmaydi.

2-bob. Bemorlarni pozitron-emission tomografiya tekshiruvidan bepul oʻtishga yoʻnaltirish tartibi

3. Pozitron-emission tomografiya tekshiruvidan oʻtish bilan bogʻliq xarajatlarni davlat budjeti mablagʻlari hisobidan qoplab berish boʻyicha maxsus yoʻllanma (keyingi oʻrinlarda — maxsus yoʻllanma) respublika bosh tibbiyot tashkilotlari tomonidan tegishliligi boʻyicha davolanish uchun belgilangan tartibda imtiyozli yoʻllanma asosida kelgan bemorlarga beriladi.

4. Maxsus yoʻllanma beriladigan kasalliklar roʻyxati (keyingi oʻrinlarda — kasalliklar roʻyxati) Vazirlik tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bilan kelishgan holda tasdiqlanadi.

5. Maxsus yoʻllanma respublika bosh tibbiyot tashkilotlari tomonidan kasalliklar roʻyxatiga muvofiq bemorni dastlabki tibbiy tekshiruvdan oʻtkazishda pozitron-emission tomografiya tekshiruvidan oʻtish lozimligi toʻgʻrisida xulosa boʻlganda bemorga ushbu Nizomga ilovada keltirilgan shaklda beriladi.

6. Maxsus yoʻllanma Markaz rahbari tomonidan bir ish kuni ichida rasmiylashtiriladi.

3-bob. Davlat va nodavlat tibbiyot tashkilotlari tomonidan pozitron-emission tomografiya tekshiruvini oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlarni qoplash tartibi

7. Respublika bosh tibbiyot tashkilotlari:

davlat tibbiyot tashkilotlari tomonidan oʻtkazilgan pozitron-emission tomografiya tekshiruvi uchun Vazirlik tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bilan kelishgan holda tasdiqlanadigan preyskurant boʻyicha toʻlovlarni amalga oshiradi;

nodavlat tibbiyot tashkilotlariga Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 10-yanvardagi 16-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tuzilmasidagi tashkilotlarda autsorsing xizmatlari koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq autsorsing shartlari asosida maxsus yoʻllanmalar boʻyicha koʻrsatilgan xizmat hajmiga mutanosib ravishda toʻlovlarni amalga oshiradi.

8. Maxsus yoʻllanma asosida imtiyozli toifaga kiruvchi bemorlarni pozitron-emission tomografiya tekshiruvidan oʻtish bilan bogʻliq xarajatlar respublika budjetidan Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligiga tegishli yoʻnalish uchun ajratilgan mablagʻlar hisobidan qoplanadi.

9. Maxsus yoʻllanma asosida imtiyozli toifaga kiruvchi bemorlarning pozitron-emission tomografiya tekshiruvidan oʻtishi bilan bogʻliq xarajatlar nodavlat tibbiyot tashkilotlarida koʻrsatilganda belgilangan tartibda soliq imtiyozlari taqdim etilishi natijasida haqiqatda boʻshagan jami mablagʻlarning 25 foizi hisobidan qoplanishi mumkin.

10. Nodavlat tibbiyot tashkilotlarida belgilangan tartibda soliq imtiyozlari taqdim etilishi natijasida haqiqatda boʻshagan jami mablagʻlarning 25 foizi hisobidan pozitron-emission tomografiya tekshiruvidan oʻtuvchi bemorlar soni Vazirlik tomonidan tegishli nodavlat tibbiyot tashkiloti bilan kelishgan holda belgilanadi va ushbu maʼlumotlar har chorakda respublika bosh tibbiyot tashkilotlariga taqdim etiladi.

11. Davlat tibbiyot tashkilotlarida pozitron-emission tomografiya tekshiruvini oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar maxsus yoʻllanma bergan tibbiyot yoki tekshiruvni oʻtkazgan tibbiyot tashkiloti, shuningdek, respublika budjetidan Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligiga tegishli yoʻnalish uchun ajratilgan mablagʻlar hisobidan qoplanishi Vazirlik tomonidan belgilanadi.

12. Oʻtkazilgan pozitron-emission tomografiya tekshiruvi natijasida yuzaga kelgan asoratlar bilan bogʻliq qoʻshimcha xarajatlar tegishliligi boʻyicha pozitron-emission tomografiya tekshiruvini oʻtkazgan tashkilot hisobidan qoplanadi.

13. Agar bemor pozitron-emission tomografiya tekshiruvi uchun tegishli maxsus yoʻllanmasiz davlat va nodavlat tibbiyot tashkilotiga bevosita oʻzi murojaat etsa, tekshiruv belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

14. Pozitron-emission tomografiya tekshiruvi uchun davlat va nodavlat tibbiyot tashkilotiga berilgan maxsus yoʻllanma qatʼiy hisobot beriladigan hujjat hisoblanadi, berilgan maxsus yoʻllanma boʻyicha hisobot shakli Vazirlik tomonidan tasdiqlanadi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

15. Respublika bosh tibbiyot tashkilotlari rahbarlari maxsus yoʻllanmalarning maqsadli berilishi va tasdiqlangan tibbiy yordam sifati standartlariga hamda ushbu Nizom talablariga muvofiq tibbiy yordam koʻrsatilishi uchun shaxsan javobgar hisoblanadi.

16. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Onkologik va gematologik bemorlarga yoʻllanma asosida pozitron-emission tomografiya tekshiruvidan oʻtish bilan bogʻliq xarajatlarni qoplab berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 13-oktabr,

643-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 14.10.2021-y., 09/21/643/0959-son; 13.08.2026-y., 09/26/440/0837-son; 16.09.2026-y., 06/26/191/0937-son)

lex.uz