📅 2021-yil 22-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 22-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 22 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 22 октября 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 22 October 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
РЎЙХАТИ
Олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 15 апрелдаги ПҚ-5076-сон қарорига мувофиқ, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимидаги олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари фаолиятини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларида таълим жараёнини ташкил этиш ва бошқариш механизмлари ҳамда таълим муассасаларининг асосий мақсади ва вазифалари;
мутахассис кадрларни тайёрлаш тартиби, таълим муассасалари курсантлари, тингловчилари ҳамда раҳбар ва ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
таълим муассасаларининг молиявий, мулкий ҳамда халқаро ҳамкорлик муносабатларини тартибга солиш.
2. Олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда:
ўз тизимидаги олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасаси фаолияти мунтазам назорат қилинишини таъминласин, уларга юклатилган вазифаларни амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашсин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б. Азимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 октябрдаги 655-сон қарорига 1-ИЛОВА
Олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимидаги олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларининг мақсади ва асосий вазифаларини, таълим жараёнини ташкил этиш, шунингдек, таълим тизимини бошқариш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари (кейинги ўринларда — таълим муассасалари) — хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида таълим олувчиларни ихтисослик (мутахассислик) фанларига касбий йўналтириш ҳамда мақсадли тайёрлашни назарда тутадиган, давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режалари ва дастурлари талабларига мувофиқ равишда ўқув-тарбия жараёнини амалга оширадиган олий ихтисослаштирилган таълим муассасалари;
курсант — таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналиши кундузги таълим шаклига белгиланган тартибда ўқишга қабул қилинган шахс;
тингловчи — таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишининг сиртқи таълим шаклига ва магистратура босқичига ўқишга қабул қилинган шахс;
ходим — Ўзбекистон Республикасида мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида хизмат олиб бораётган ходимлар ва ҳарбий хизматчилар;
олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларини бошқариш ваколатига эга давлат органи (кейинги ўринларда — ваколатли давлат органи) — тизимида олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идора;
қўшма таълим дастурлари — таълим муассасалари ва хорижий ҳамкор олий таълим муассасаси ўртасида имзоланган меморандум, баённома, шартнома (келишув)га мувофиқ кадрлар тайёрланадиган ва битирувчиларига икки томоннинг дипломи бериладиган таълим шакли.
3. Таълим муассасалари олий таълим бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлашни амалга оширувчи юридик шахс бўлиб, мазкур Низом ва ўз устави асосида фаолият юритади.
4. Таълим муассасалари филиалларида таълим жараёни таълим муассасасининг хусусиятларидан келиб чиқиб ташкил этилади. Филиал раҳбари таълим муассасаси бошлиғининг ўринбосари ҳисобланади.
5. Таълим муассасаларига қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Бутлаш режасига ёки тўлов-шартнома асосида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
6. Курсантлар таълим муассасалари хусусиятидан келиб чиқиб бакалавриат таълим йўналиши кундузги таълим шаклига қабул қилингандан сўнг бир ойдан кам бўлмаган муддатда «Бошланғич ҳарбий тайёргарлик машғулотлари»да иштирок этади ҳамда «Ватанга қасамёд»ни, қоида тариқасида, Мустақиллик байрами арафасида қабул қилади.
7. Курсантлар биринчи босқич таълим муддати якунланганидан сўнг муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳисобланади ва уларга таълим муассасаси жойлашган ердаги мудофаа ишлари бўйича ҳудудий бўлим томонидан ҳарбий гувоҳнома берилади.
2-боб. Таълим муассасаларининг мақсади ва асосий вазифалари
8. Таълим олувчиларни мутахассислик фанлари бўйича чуқурлаштирилган ва касбга йўналтирилган ҳолда ўқитиш, уларнинг интеллектуал жиҳатдан камол топишини ва маънавий ривожланишини таъминлаш ҳамда уларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, юқори малакали мутахассис кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш таълим муассасалари фаолиятининг мақсади ҳисобланади.
9. Қуйидагилар таълим муассасаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:
давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режаси ва дастурларига мувофиқ ўқитиш сифатини таъминлаш;
таълим тизимида кадрларни мақсадли касбий тайёрлаш ҳамда жанговар ва жисмоний жиҳатдан тайёрлашни чуқурлаштирилган ҳолда амалга ошириш;
ўқув жараёнини (жумладан, амалиёт, стажировка) кадрлар буюртмачиларининг таклифларини инобатга олган ҳолда ташкил этиш;
олий малакали мутахассислар, шунингдек, илмий-педагог кадрларни тайёрлаш;
илм-фан, техника, технологиялар, иқтисодиётнинг замонавий ютуқлари, мамлакатнинг иқтисодиёти ва маданиятининг ижтимоий истиқболини ҳисобга олган ҳолда кадрлар тайёрлаш усулларини тизимли такомиллаштириш;
таълим олувчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, ҳуқуқий маданиятини ва ҳуқуқий онгини ошириш бўйича самарали тизимни яратиш, уларда юксак маънавий, ахлоқий, инсонпарварлик руҳиятини ва ватанпарварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ривожлантириш, шунингдек, Ватанга, жамиятга, оилага ва атроф муҳитга муҳаббатни сингдириш;
ўқитишнинг интерфаол усулларини, инновацион педагогик ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини, мустақил таълим олиш, масофавий таълим тизимини амалиётга жорий қилиш;
олий таълимда фан ва ишлаб чиқариш уйғунлиги механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётда қўллаш;
таълим бериш ва кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш борасида илмий тадқиқотлар олиб бориш, битирувчиларни касбга йўналтириш ҳамда хизмат фаолияти мониторингини амалга ошириш;
олий таълим соҳасида ўзаро фойдали халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш.
3-боб. Таълим муассасаларида кадрларни тайёрлаш
10. Таълим муассасаларида кадрларни тайёрлаш бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича амалга оширилади.
11. Ваколатли давлат органи Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига мувофиқ, кадрлар буюртмачилари талабларидан келиб чиқиб бакалавриатнинг янги таълим йўналиши ва магистратуранинг янги мутахассислигини очиш бўйича таклифлар бериш ҳуқуқига эга.
12. Бакалавриат олий таълим йўналишларидан бири бўйича чуқурлаштирилган билим, малака ва кўникмалар берадиган, ўқиш давомийлиги камида уч йил бўлган таянч олий таълимдир.
13. Бакалавриат таълим йўналишида ўқитиш кундузги, масофавий ва сиртқи (махсус сиртқи) таълим шаклларида амалга оширилади.
14. Бакалавриат таълим йўналишининг кундузги таълим шаклида ўқиш камида уч йил давом этади. Бакалавриатда ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда (масофавий), сиртқи таълим жараёнининг давом этиш муддати олий маълумотга эга бўлмаган ходимлар учун камида тўрт йил, олий маълумотга эга ходимлар учун уч йил этиб белгиланади.
15. Бакалаврнинг касбий фаолият соҳаси ва тури, билим, малака ҳамда кўникмасига қўйиладиган талаблар, шунингдек, фан дастурларининг тузилиши ва таркиби, уни амалга ошириш механизмлари ҳамда таълим сифатини назорат қилиш муайян таълим йўналишининг малака талаблари орқали белгиланади.
16. Магистратура тегишли бакалавриат негизидаги аниқ мутахассислик бўйича ўқиш давомийлиги камида бир йил бўлган олий таълимдир.
17. Магистратура мутахассисликларида ўқитиш кундузги ёки масофавий таълим шаклида амалга оширилади. Таълим муассасалари тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида бошқарув соҳасига мутахассис кадрларни мақсадли тайёрлаш учун икки босқичли (икки йиллик) магистратурани ташкил этиши мумкин.
18. Икки босқичли бошқарув магистратурасининг дипломларига эга бўлган битирувчиларига илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳамда мазкур Низомнинг 48-бандида келтирилган лавозимларда ишлаш имконияти берилади.
19. Магистрнинг касбий фаолият соҳаси ва тури, билим, малака ва кўникмасига қўйиладиган талаблар, шунингдек, ўқув дастурларининг тузилиши ва таркиби, уни амалга ошириш механизмлари ва таълим сифатини назорат қилиш муайян магистратура мутахассислигининг малака талаблари орқали белгиланади.
20. Таълим муассасалари битирувчиларига Вазирлар Маҳкамасининг «Олий маълумот тўғрисидаги бакалавр ва магистр дипломларининг давлат намуналарини тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 19 июлдаги 607-сон қарори билан тасдиқланган давлат намунасидаги дипломлар берилади.
21. Таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини тамомлаётган битирувчиларига диплом билан бирга ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган намунадаги кўкрак нишони берилади.
22. Таълим муассасаларида белгиланган тартибда факультет, кафедра, марказ, ўқув ва илмий лаборатория, технопарк ҳамда бошқа таркибий бўлинмалар ташкил этилиши мумкин.
23. Таълим муассасаларининг таълим жараёни билан боғлиқ таркибий бўлинмалари фаолияти ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.
24. Таълим муассасаларини давлат таълим стандартларига ва ўқув дастурларига мувофиқлиги жиҳатидан аттестациядан ҳамда давлат аккредитациясидан ўтказиш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.
25. Олий таълим соҳасидаги таълим хизматлари таълим муассасалари ўртасида рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда асосий ўқув дастурларида назарда тутилмаган йўналишлар ва курслар бўйича тўлов-шартнома асосида, асосий ўқув дастурлари бажарилишига тўсқинлик қилинмаган ҳолда олиб борилиши мумкин.
4-боб. Таълим жараёнини ташкил этиш
26. Таълим жараёнини ташкил этишда кадрларни мақсадли касбий тайёрлашга ҳамда жанговар ва жисмоний жиҳатдан тайёрлашни чуқурлаштирилган ҳолда, шунингдек, касбий тайёрлашда мутахассислик ва юридик фанларнинг ўқитилишига алоҳида эътибор қаратилади.
27. Таълим муассасаларида таълим жараёни давлат таълим стандартлари, шунингдек, тегишли тартибда тасдиқланадиган малака талаблари, ўқув режаси ва дастурларига мувофиқ ташкил этилади.
28. Таълим муассасаларида ўқув машғулотларининг маъруза, семинар, амалий машғулот, якка тартибдаги ўқув машғулоти, лаборатория иши, коллоквиум, курс иши (лойиҳа), маслаҳат, мустақил таълим, мустақил иш, амалиёт, стажировка, бакалаврлар учун битирув малакавий иши, магистрлар учун магистрлик диссертацияси ва бошқа турлари жорий қилинади.
29. Ўқув жараёни самарадорлигини таъминлайдиган модулли ёки бошқа муқобил шакллар қўлланилиши мумкин ва бу тизим ваколатли давлат органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
30. Ўқув машғулотлари ўқув режасига мувофиқ бир академик соатдан (45 минут) ёки танаффуссиз икки академик соатдан (80 минут) ўтказилади.
31. Таълим муассасаларида ўқув йили, одатда, таълим олувчилар ўзлаштиришини назорат қилиш учун ўтказиладиган якуний баҳолаш билан тугайдиган икки семестрга бўлинади.
32. Таълим муассасаларида таълим олувчилар билимини назорат қилиш ва баҳолаш ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган низом асосида амалга оширилади.
33. Таълим олувчиларни курсдан курсга ўтказиш таълим муассасаси ўқув бўлими (ўқув-методик бошқарма), факультет ёки магистратура бўлими тавсиясига биноан таълим муассасалари бошлиғининг буйруғи билан амалга оширилади.
34. Олий таълимнинг ўқув режаси ва дастурларини ўзлаштириш битирувчиларнинг мажбурий якуний давлат аттестацияси билан тугалланади.
35. Амалиёт ва стажировканинг барча турлари тегишли вазирлик ва идораларда, ўқув режаларига ва ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган таълим муассасалари таълим олувчиларининг амалиёти ва стажировкаси ҳақидаги низомга мувофиқ ўтказилади.
36. Олий таълимнинг фан ва ишлаб чиқариш билан интеграцияси ўқув-илмий, ўқув-илмий-ишлаб чиқариш комплексларини яратиш йўли билан, шунингдек, етакчи олимлар ва ишлаб чиқариш мутахассисларини ўқув жараёни ва илмий тадқиқотларга жалб этиш, амалдаги қонунчиликка мувофиқ илмий-тадқиқот муассасаларида, бошқа ташкилотларда олий таълим муассасалари марказлари, лабораториялари ва кафедралари филиалларини ташкил этиш йўли билан амалга оширилади.
5-боб. Таълим муассасаларининг таълим олувчилари
37. Таълим муассасаларининг таълим олувчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
фан, техника ва замонавий технологиялар, иқтисодиёт ва маданият ривожланишининг ҳозирги замон даражасига мувофиқ бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари ўқув режаси ва дастурларини янада такомиллаштириш юзасидан таълим муассасаси раҳбариятига таклиф бериш;
таълим муассасалари фаолияти бўйича муҳим масалалар муҳокамасида қатнашиш;
ахборот-ресурс маркази, ўқув, илмий, даволаш ва бошқа бўлинмалар хизматидан таълим муассасаси уставида белгиланган тартибда бепул фойдаланиш;
илмий-тадқиқот ишларида, анжуманларда, симпозиумларда иштирок этиш;
илмий-тадқиқот йўналишида тайёрлаган ишларини нашрга тақдим этиш;
белгиланган тартибда илмий ва ижодий тўгаракларда қўшимча таълим олиш.
38. Таълим олувчилар таълим дастурларида белгиланган билимларни олишлари, ўқув режасида тавсия этилган асосий ва қўшимча фанлар ҳамда танлов фанларини ўзлаштириши, ўқув режасида назарда тутилган барча турдаги машғулотларда берилган топшириқларни белгиланган муддатда бажаришлари, таълим муассасаси уставига, ички тартиб ва таълим олувчилар турар жойлари қоидаларига риоя қилишлари шарт.
39. Таълим муассасаларида таҳсил олаётган таълим олувчилар олий ихтисослаштирилган таълим муассасаларини бошқариш ваколатига эга давлат органлари томонидан уларнинг тегишли тоифалари учун назарда тутилган пул таъминоти, имтиёзлар, буюмлар ва озиқ-овқат таъминоти ҳамда бошқа зарур нормалар билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда таъминланади.
40. Давлат стипендияларига сазовор бўлган таълим олувчилар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат стипендияларини олишга ҳақли.
41. Таълим олиш даврида ҳомиладорлик, туғиш ва бола парваришлаш билан боғлиқ таътил учун таълим олувчиларга қонунчилик ҳужжатларига асосан академик таътил берилади.
42. Курсант ва тингловчиларнинг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш ҳамда ўқув режаси талабларини бажара олмаган таълим олувчиларга академик қарздорликларни бартараф этиш имконини бериш тартиби ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.
43. Таълим муассасасининг устави, ички тартиб-қоидалари, одоб-ахлоқ қоидаларини бузган таълим олувчиларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган интизомий чоралар кўрилади.
44. Академик таътил берилган таълим олувчилар таътил даврида таълим олувчилар сафидан четлаштирилиши мумкин эмас.
45. Хизматдан ажралмаган ҳолда сиртқи таълим шаклида таълим олаётган тингловчиларга уларнинг асосий хизмат жойидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар берилади.
6-боб. Таълим муассасалари раҳбарлари ва ходимлари
46. Таълим муассасаларида раҳбарлар, илмий-педагог ходимлар (профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар), техник-муҳандислик, маъмурий-хўжалик, ишлаб чиқариш, ўқув-ёрдамчи ва бошқа тоифадаги ходимлар фаолият олиб боради.
47. Таълим муассасасида педагогик фаолиятни амалга оширувчиларга кафедра бошлиғи, кафедра бошлиғининг ўринбосари, профессор, доцент, катта ўқитувчи, ўқитувчи ва ўқитувчи-методист (катта ўқитувчи-методист) лавозимида ишлаётган шахслар киради.
48. Тегишли маълумоти, касбий тайёргарлиги бўлган ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга шахслар педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга. Магистратурани тамомлаган шахсларга ўз мутахассислиги бўйича педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясининг ихтисослаштирилган кафедралари профессор-ўқитувчилар лавозимларига тегишли соҳада камида 3 йиллик амалий хизмат стажига ёхуд тегишли мутахассислик бўйича илмий даражага эга шахслар тайинланади.
Тегишли соҳаларда илмий, педагогик ёки амалий тажрибага эга бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти профессор-ўқитувчилар ва ўқув-ёрдамчи таркиби лавозимларига тайинланишлари мумкин.
49. Суд қарорига мувофиқ бундай ҳуқуқдан маҳрум қилинганларга олий таълим муассасасида педагогик фаолият олиб боришга рухсат берилмайди.
50. Таълим муассасалари тегишли тармоқларнинг, фан ва ишлаб чиқариш, иқтисодиёт, маданият ва бошқа соҳаларнинг етакчи мутахассисларини педагогик фаолиятга жалб этиши мумкин.
51. Педагог ходимларни таълим муассасаларига ишга қабул қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.
52. Педагог кадрларнинг ўқув юкламаси эгаллаб турган лавозимига кўра кўрсатилган иш турларини бажариш заруратидан келиб чиқиб, факультет (кафедра) бошлиғи берган таклифга асосан, таълим муассасаси Кенгаши томонидан тасдиқланади.
53. Таълим муассасаси педагог ходимларининг ўқув юкламаси ҳамда ўқув-методик, илмий-тадқиқот, «Устоз-шогирд» ишларини белгилаш қоидалари ваколатли давлат органи ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
54. Таълим муассасалари педагог ходимлар таркиби лавозимларига қўйиладиган талаблар ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.
55. Таълим муассасаларининг педагог ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорда меҳнат ҳақи ва моддий рағбатлантириш тўловларини олиш;
таълим муассасаси кенгашларига сайлаш ва сайланиш;
таълим муассасаси фаолиятига тааллуқли масалалар муҳокамасида ва қарор қабул қилишда иштирок этиш;
ахборот-ресурс марказлари, ўқув ва илмий бўлинмалар, шунингдек, ижтимоий-маиший, даволаш ва бошқа бўлинмалар хизматидан таълим муассасаси уставига ҳамда жамоа шартномасига мувофиқ бепул фойдаланиш;
бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқув режалари ва дастурларини давлат таълим стандартларига мувофиқ шакллантиришда иштирок этиш;
индивидуаллик хусусиятларига тўлақонли жавоб берадиган ва юқори сифатли ўқув-тарбиявий жараённи таъминлайдиган ўқитишнинг усул ва воситаларини танлаш;
таълим муассасаси раҳбарияти буйруқлари ва қарорларидан норози бўлганда, қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят аризасини (билдиргисини) бериш;
ўз касбий фаолиятининг ташкилий ва моддий-техник жиҳатдан таъминланишини талаб этиш.
Педагог ходимлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
56. Таълим муассасалари педагог ходимларининг мажбуриятлари:
дарс бераётган фанлари орқали таълим олувчиларда танлаган йўналиши (мутахассислиги) бўйича тайёргарликнинг профессионал сифатларини шакллантириш;
таълим олувчиларда юксак маънавият ва маданиятни, Ватанга, табиатга ва ўз касбига муҳаббатни, ватанпарварликни фуқаролик нуқтаи назарини шакллантириш;
ўқув ва илмий-тадқиқот жараёнларининг юқори самарадорлигини таъминлаш;
таълим муассасаси уставига қатъий риоя қилиш;
таълим олувчиларда мустақил фикрлаш, ташаббускорлик ва ижодий қобилиятни ривожлантириш.
Педагог ходимларнинг зиммасида қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, таълим олувчи ва таълим ташкилоти ўртасида тузиладиган шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
57. Таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари касбий билими, педагогик маҳорати ва кўникмаларини ошириш мақсадида республика ёки хорижий таълим муассасаларида белгиланган тартибда стажировка ўташи ва малака ошириш курсларида қатнашиши мумкин.
58. Таълим муассасаси илмий ходимлари илмий тадқиқот ўтказишнинг хавфсизлик чораларига жавоб берадиган, уларнинг индивидуал қобилиятларига мос ва илмий тадқиқот жараёнининг юқори сифатини таъминлайдиган усуллар ва воситаларни танлашга ҳақли.
59. Юқори малакали илмий-педагог ходимларни тайёрлаш олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида таянч докторантура ва докторантура шаклида амалга оширилади.
60. Таълим муассасасининг раҳбарлари, маъмурий-хўжалик, техник-муҳандислик, ишлаб чиқариш, ўқув-ёрдамчи ва бошқа ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
7-боб. Таълим тизимини бошқариш
61. Таълим муассасасининг бевосита бошқаруви таълим муассасаси бошлиғи томонидан амалга оширилади. Таълим муассасасининг бошлиғи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
62. Таълим муассасасининг иш натижалари учун тўлиқ жавобгарлик таълим муассасаси бошлиғи зиммасига юкланади. У қонунчилик ҳужжатларига ва таълим муассасасининг уставига мувофиқ таълим муассасаси номидан фаолият юритади, белгиланган тартибда мол-мулкка эгалик қилади, шартномалар тузади, ишончномаларни тақдим этади, банкда таълим муассасасининг ҳисоб варағини очади.
63. Таълим муассасасининг бошлиғи қуйидаги ваколатларга эга:
ўринбосарлари, бошқарма, факультет ва бошқа бўлинмаларнинг аниқ вазифалари, мажбуриятларини ва масъулиятини белгилаш;
таълим муассасаси ходимлари, профессор-ўқитувчилари ва таълим олувчилар бажариши мажбурий бўлган буйруқ, фармойиш чиқариш ва кўрсатмалар бериш;
ўз ваколатлари доирасида ишчи ва хизматчилар ҳамда илмий-педагог ходимларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш;
таълим муассасаси таркибига кирувчи илмий-тадқиқот, тажриба-экспериментал ва бошқа ташкилотлар ҳамда бўлимларнинг ваколатларини аниқлаб бериш ва улар тўғрисидаги низом (йўриқнома)ларни тасдиқлаш;
таълим муассасаси ходимларини ўз ваколатлари доирасида рағбатлантириш;
касаба уюшмаси қўмитаси ёки бошқа ваколатли давлат органи билан келишган ҳолда ички тартиб қоидаларини тасдиқлаш.
Таълим муассасасининг бошлиғи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.
64. Таълим муассасаси фаолиятининг асосий масалаларини кўриб чиқиш учун Таълим муассасасининг кенгаши (кейинги ўринларда — Кенгаш) ташкил қилинади.
65. Кенгашнинг таркиби, ваколатлари, уни шакллантириш тартиби ва фаолияти ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган Низом билан белгиланади.
66. Таълим муассасаси бошлиғи ўринбосарлари (филиали бошлиғи) таълим муассасаси бошлиғининг тавсиясига асосан ваколатли давлат органи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
67. Таълим муассасасида жамоатчилик бошқарув органи бўлган Васийлик кенгаши ташкил этилиши мумкин. Бунда, қоида тариқасида, унинг таркибига муассис(лар), маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, соҳа вазирлик ва идоралари, муассаса ва ташкилотлар, бошқа таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари, фондлар ва ҳомийларнинг вакиллари киритилади.
68. Таълим муассасалари уни бошқариш ваколатига эга давлат органи тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат, ҳарбий ва идоравий академик лицейларнинг фаолиятига ўқув-методик раҳбарлик қилади.
69. Таълим муассасаси уставига мувофиқ ўзида илмий даражалар берувчи илмий, методик, илмий-техник, фахрийлар, хотин-қизлар, ёш олимлар кенгашлари ва бошқа кенгашларни ташкил қилиши мумкин.
8-боб. Таълим муассасалари мулки
70. Таълим муассасаларининг мулки давлат мулки ҳисобланади.
Таълим муассасасининг мулки асосий фондлар ва айланма маблағларни, шунингдек, ўз уставида белгиланган фаолиятни таъминлаш учун зарур бўлган бошқа асосий воситаларни ўз ичига олади.
71. Таълим муассасаси ҳомийлик хайриялари тарзида ўтказилган пул маблағлари ва мулкдан, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ халқаро ташкилотлар, молиявий муассасалар ҳамда тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромад, шу билан бирга, хўжалик ҳисобидаги мулкидан фойдаланишдан тушган маблағларни мустақил тасарруф қилиш ҳуқуқига эга.
9-боб. Маблағ ажратиш, ҳисоб-китоб ва ҳисобот бериш
72. Таълим муассасалари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари, бюджетдан ташқари маблағлар ҳамда қонунчилик ҳужжатлари ва мазкур Низомга мувофиқ тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан фаолиятини амалга оширади.
Шартнома асосида олинган маблағлардан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган мақсадларга мувофиқ фойдаланилади.
73. Таълим муассасаси белгиланган тартибда хўжалик-молиявий фаолиятининг статистик ва бухгалтерия ҳисоботларини юритиб боради.
74. Таълим муассасасида бюджет ва молиявий интизом устидан назорат бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
10-боб. Халқаро ҳамкорлик
75. Таълим муассасалари хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан тузилган икки ва кўп томонлама шартномалар асосида қуйидаги йўналишларда халқаро ҳамкорликни амалга оширади:
таълим олувчилар, таянч докторантлар, докторантлар, педагог ҳамда илмий ходимларни алмашиш дастурларини амалга ошириш;
қўшма фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар, тажриба-конструкторлик ишларини олиб бориш, конгресслар, анжуманлар, симпозиумлар ва бошқа тадбирлар ўтказиш;
олий таълимни такомиллаштириш бўйича халқаро дастурларда иштирок этиш;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қўшма олий таълим муассасаларини ташкил этиш.
76. Чет эл фуқароларини Ўзбекистон Республикасида ўқитиш, стажировка ва малакасини ошириш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий мамлакатларда педагогик ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш давлатлараро ва идоралараро тузилган шартномалар доирасида, таълим муассасаси томонидан имзоланган шартномалар асосида амалга оширилади.
77. Хорижий олий таълим муассасаларида қисқа муддатли (бир ҳафтадан олти ойгача) ўқишга, стажировкага бориб келган таълим олувчиларнинг ўқишни давом эттириши (фарқларни топшириши) тартиби таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларида белгиланади ва таълим муассасаси бошлиғининг буйруғи асосида амалга оширилади.
11-боб. Хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш
78. Қўшма таълим дастурлари асосида таълим олувчиларни ўқитишни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаси ва хорижий турдош олий таълим муассасаси ўртасида имзоланган меморандум (баённома, келишув), шунингдек, мазкур меморандум асосида қўшма таълим дастурини ташкил этиш бўйича шартнома (келишув)га мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.
79. Қўшма таълим дастурлари бўйича ўқишга қабул қилиш шартлари, таълим йўналишлари ва мутахассисликларини тасдиқлаш хорижий турдош ҳамкор олий таълим муассасалари, ваколатли давлат органи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда таълим муассасаси томонидан амалга оширилади.
12-боб. Якунловчи қоидалар
80. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
81. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 октябрдаги 655-сон қарорига 2-ИЛОВА
Олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари
Т/р Олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасаси номи Тизимида олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идора номи 1. Ички ишлар вазирлиги академияси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги 2. Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 22 октябрь,
655-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
ROʻYXATI
Oliy harbiylashtirilgan taʼlim muassasalari toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Taʼlim toʻgʻrisida”gi Qonuniga va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Ichki ishlar organlari uchun professional kadrlarni tayyorlashning sifat jihatidan yangi tizimini joriy etish boʻyicha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 15-apreldagi PQ-5076-son qaroriga muvofiq, xavfsizlik va huquqni muhofaza qiluvchi organlar tizimidagi oliy harbiylashtirilgan taʼlim muassasalari faoliyatini tartibga solish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oliy harbiylashtirilgan taʼlim muassasalari toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
oliy harbiylashtirilgan taʼlim muassasalarida taʼlim jarayonini tashkil etish va boshqarish mexanizmlari hamda taʼlim muassasalarining asosiy maqsadi va vazifalari;
mutaxassis kadrlarni tayyorlash tartibi, taʼlim muassasalari kursantlari, tinglovchilari hamda rahbar va xodimlarining huquq va majburiyatlari;
taʼlim muassasalarining moliyaviy, mulkiy hamda xalqaro hamkorlik munosabatlarini tartibga solish.
2. Oliy harbiylashtirilgan taʼlim muassasalari roʻyxati 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi va Davlat bojxona qoʻmitasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan birgalikda:
oʻz tizimidagi oliy harbiylashtirilgan taʼlim muassasasi faoliyati muntazam nazorat qilinishini taʼminlasin, ularga yuklatilgan vazifalarni amalga oshirishda har tomonlama koʻmaklashsin;
manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev, Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov hamda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bojxona qoʻmitasi raisi M.B. Azimov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 22-oktabrdagi 655-son qaroriga 1-ILOVA
Oliy harbiylashtirilgan taʼlim muassasalari toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom xavfsizlik va huquqni muhofaza qiluvchi organlar tizimidagi oliy harbiylashtirilgan taʼlim muassasalarining maqsadi va asosiy vazifalarini, taʼlim jarayonini tashkil etish, shuningdek, taʼlim tizimini boshqarish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
oliy harbiylashtirilgan taʼlim muassasalari (keyingi oʻrinlarda — taʼlim muassasalari) — xavfsizlik va huquqni muhofaza qilish faoliyati sohasida taʼlim oluvchilarni ixtisoslik (mutaxassislik) fanlariga kasbiy yoʻnaltirish hamda maqsadli tayyorlashni nazarda tutadigan, davlat taʼlim standartlari, malaka talablari, oʻquv rejalari va dasturlari talablariga muvofiq ravishda oʻquv-tarbiya jarayonini amalga oshiradigan oliy ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari;
kursant — taʼlim muassasalarining bakalavriat taʼlim yoʻnalishi kunduzgi taʼlim shakliga belgilangan tartibda oʻqishga qabul qilingan shaxs;
tinglovchi — taʼlim muassasalari bakalavriat taʼlim yoʻnalishining sirtqi taʼlim shakliga va magistratura bosqichiga oʻqishga qabul qilingan shaxs;
xodim — Oʻzbekiston Respublikasida mudofaa, xavfsizlik va huquqni muhofaza qilish faoliyati sohasida xizmat olib borayotgan xodimlar va harbiy xizmatchilar;
oliy harbiylashtirilgan taʼlim muassasalarini boshqarish vakolatiga ega davlat organi (keyingi oʻrinlarda — vakolatli davlat organi) — tizimida oliy harbiylashtirilgan taʼlim muassasalari boʻlgan vazirlik va idora;
qoʻshma taʼlim dasturlari — taʼlim muassasalari va xorijiy hamkor oliy taʼlim muassasasi oʻrtasida imzolangan memorandum, bayonnoma, shartnoma (kelishuv)ga muvofiq kadrlar tayyorlanadigan va bitiruvchilariga ikki tomonning diplomi beriladigan taʼlim shakli.
3. Taʼlim muassasalari oliy taʼlim bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari boʻyicha yuqori malakali kadrlarni tayyorlashni amalga oshiruvchi yuridik shaxs boʻlib, mazkur Nizom va oʻz ustavi asosida faoliyat yuritadi.
4. Taʼlim muassasalari filiallarida taʼlim jarayoni taʼlim muassasasining xususiyatlaridan kelib chiqib tashkil etiladi. Filial rahbari taʼlim muassasasi boshligʻining oʻrinbosari hisoblanadi.
5. Taʼlim muassasalariga qabul qilish Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan tasdiqlanadigan Butlash rejasiga yoki toʻlov-shartnoma asosida qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
6. Kursantlar taʼlim muassasalari xususiyatidan kelib chiqib bakalavriat taʼlim yoʻnalishi kunduzgi taʼlim shakliga qabul qilingandan soʻng bir oydan kam boʻlmagan muddatda “Boshlangʻich harbiy tayyorgarlik mashgʻulotlari”da ishtirok etadi hamda “Vatanga qasamyod”ni, qoida tariqasida, Mustaqillik bayrami arafasida qabul qiladi.
7. Kursantlar birinchi bosqich taʼlim muddati yakunlanganidan soʻng muddatli harbiy xizmatni oʻtagan hisoblanadi va ularga taʼlim muassasasi joylashgan yerdagi mudofaa ishlari boʻyicha hududiy boʻlim tomonidan harbiy guvohnoma beriladi.
2-bob. Taʼlim muassasalarining maqsadi va asosiy vazifalari
8. Taʼlim oluvchilarni mutaxassislik fanlari boʻyicha chuqurlashtirilgan va kasbga yoʻnaltirilgan holda oʻqitish, ularning intellektual jihatdan kamol topishini va maʼnaviy rivojlanishini taʼminlash hamda ularni yuksak vatanparvarlik ruhida tarbiyalash, yuqori malakali mutaxassis kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish taʼlim muassasalari faoliyatining maqsadi hisoblanadi.
9. Quyidagilar taʼlim muassasalarining asosiy vazifalari hisoblanadi:
davlat taʼlim standartlari, malaka talablari, oʻquv rejasi va dasturlariga muvofiq oʻqitish sifatini taʼminlash;
taʼlim tizimida kadrlarni maqsadli kasbiy tayyorlash hamda jangovar va jismoniy jihatdan tayyorlashni chuqurlashtirilgan holda amalga oshirish;
oʻquv jarayonini (jumladan, amaliyot, stajirovka) kadrlar buyurtmachilarining takliflarini inobatga olgan holda tashkil etish;
oliy malakali mutaxassislar, shuningdek, ilmiy-pedagog kadrlarni tayyorlash;
ilm-fan, texnika, texnologiyalar, iqtisodiyotning zamonaviy yutuqlari, mamlakatning iqtisodiyoti va madaniyatining ijtimoiy istiqbolini hisobga olgan holda kadrlar tayyorlash usullarini tizimli takomillashtirish;
taʼlim oluvchilarni maʼnaviy-axloqiy tarbiyalash, huquqiy madaniyatini va huquqiy ongini oshirish boʻyicha samarali tizimni yaratish, ularda yuksak maʼnaviy, axloqiy, insonparvarlik ruhiyatini va vatanparvarlik fazilatlarini shakllantirish hamda rivojlantirish, shuningdek, Vatanga, jamiyatga, oilaga va atrof muhitga muhabbatni singdirish;
oʻqitishning interfaol usullarini, innovatsion pedagogik hamda axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini, mustaqil taʼlim olish, masofaviy taʼlim tizimini amaliyotga joriy qilish;
oliy taʼlimda fan va ishlab chiqarish uygʻunligi mexanizmlarini ishlab chiqish va amaliyotda qoʻllash;
taʼlim berish va kadrlar tayyorlash sifatini oshirish borasida ilmiy tadqiqotlar olib borish, bitiruvchilarni kasbga yoʻnaltirish hamda xizmat faoliyati monitoringini amalga oshirish;
oliy taʼlim sohasida oʻzaro foydali xalqaro hamkorlik aloqalarini rivojlantirish.
3-bob. Taʼlim muassasalarida kadrlarni tayyorlash
10. Taʼlim muassasalarida kadrlarni tayyorlash bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari boʻyicha amalga oshiriladi.
11. Vakolatli davlat organi Oliy taʼlim yoʻnalishlari va mutaxassisliklari klassifikatoriga muvofiq, kadrlar buyurtmachilari talablaridan kelib chiqib bakalavriatning yangi taʼlim yoʻnalishi va magistraturaning yangi mutaxassisligini ochish boʻyicha takliflar berish huquqiga ega.
12. Bakalavriat oliy taʼlim yoʻnalishlaridan biri boʻyicha chuqurlashtirilgan bilim, malaka va koʻnikmalar beradigan, oʻqish davomiyligi kamida uch yil boʻlgan tayanch oliy taʼlimdir.
13. Bakalavriat taʼlim yoʻnalishida oʻqitish kunduzgi, masofaviy va sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlim shakllarida amalga oshiriladi.
14. Bakalavriat taʼlim yoʻnalishining kunduzgi taʼlim shaklida oʻqish kamida uch yil davom etadi. Bakalavriatda ishlab chiqarishdan ajralmagan holda (masofaviy), sirtqi taʼlim jarayonining davom etish muddati oliy maʼlumotga ega boʻlmagan xodimlar uchun kamida toʻrt yil, oliy maʼlumotga ega xodimlar uchun uch yil etib belgilanadi.
15. Bakalavrning kasbiy faoliyat sohasi va turi, bilim, malaka hamda koʻnikmasiga qoʻyiladigan talablar, shuningdek, fan dasturlarining tuzilishi va tarkibi, uni amalga oshirish mexanizmlari hamda taʼlim sifatini nazorat qilish muayyan taʼlim yoʻnalishining malaka talablari orqali belgilanadi.
16. Magistratura tegishli bakalavriat negizidagi aniq mutaxassislik boʻyicha oʻqish davomiyligi kamida bir yil boʻlgan oliy taʼlimdir.
17. Magistratura mutaxassisliklarida oʻqitish kunduzgi yoki masofaviy taʼlim shaklida amalga oshiriladi. Taʼlim muassasalari tegishli normativ-huquqiy hujjatlar talablari asosida boshqaruv sohasiga mutaxassis kadrlarni maqsadli tayyorlash uchun ikki bosqichli (ikki yillik) magistraturani tashkil etishi mumkin.
18. Ikki bosqichli boshqaruv magistraturasining diplomlariga ega boʻlgan bitiruvchilariga ilmiy va pedagogik faoliyat bilan shugʻullanish hamda mazkur Nizomning 48-bandida keltirilgan lavozimlarda ishlash imkoniyati beriladi.
19. Magistrning kasbiy faoliyat sohasi va turi, bilim, malaka va koʻnikmasiga qoʻyiladigan talablar, shuningdek, oʻquv dasturlarining tuzilishi va tarkibi, uni amalga oshirish mexanizmlari va taʼlim sifatini nazorat qilish muayyan magistratura mutaxassisligining malaka talablari orqali belgilanadi.
20. Taʼlim muassasalari bitiruvchilariga Vazirlar Mahkamasining “Oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi bakalavr va magistr diplomlarining davlat namunalarini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2019-yil 19-iyuldagi 607-son qarori bilan tasdiqlangan davlat namunasidagi diplomlar beriladi.
21. Taʼlim muassasalarining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklarini tamomlayotgan bitiruvchilariga diplom bilan birga vakolatli davlat organi tomonidan tasdiqlanadigan namunadagi koʻkrak nishoni beriladi.
22. Taʼlim muassasalarida belgilangan tartibda fakultet, kafedra, markaz, oʻquv va ilmiy laboratoriya, texnopark hamda boshqa tarkibiy boʻlinmalar tashkil etilishi mumkin.
23. Taʼlim muassasalarining taʼlim jarayoni bilan bogʻliq tarkibiy boʻlinmalari faoliyati vakolatli davlat organi tomonidan belgilanadi.
24. Taʼlim muassasalarini davlat taʼlim standartlariga va oʻquv dasturlariga muvofiqligi jihatidan attestatsiyadan hamda davlat akkreditatsiyasidan oʻtkazish belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi tomonidan amalga oshiriladi.
25. Oliy taʼlim sohasidagi taʼlim xizmatlari taʼlim muassasalari oʻrtasida raqobat muhitini shakllantirish hamda asosiy oʻquv dasturlarida nazarda tutilmagan yoʻnalishlar va kurslar boʻyicha toʻlov-shartnoma asosida, asosiy oʻquv dasturlari bajarilishiga toʻsqinlik qilinmagan holda olib borilishi mumkin.
4-bob. Taʼlim jarayonini tashkil etish
26. Taʼlim jarayonini tashkil etishda kadrlarni maqsadli kasbiy tayyorlashga hamda jangovar va jismoniy jihatdan tayyorlashni chuqurlashtirilgan holda, shuningdek, kasbiy tayyorlashda mutaxassislik va yuridik fanlarning oʻqitilishiga alohida eʼtibor qaratiladi.
27. Taʼlim muassasalarida taʼlim jarayoni davlat taʼlim standartlari, shuningdek, tegishli tartibda tasdiqlanadigan malaka talablari, oʻquv rejasi va dasturlariga muvofiq tashkil etiladi.
28. Taʼlim muassasalarida oʻquv mashgʻulotlarining maʼruza, seminar, amaliy mashgʻulot, yakka tartibdagi oʻquv mashgʻuloti, laboratoriya ishi, kollokvium, kurs ishi (loyiha), maslahat, mustaqil taʼlim, mustaqil ish, amaliyot, stajirovka, bakalavrlar uchun bitiruv malakaviy ishi, magistrlar uchun magistrlik dissertatsiyasi va boshqa turlari joriy qilinadi.
29. Oʻquv jarayoni samaradorligini taʼminlaydigan modulli yoki boshqa muqobil shakllar qoʻllanilishi mumkin va bu tizim vakolatli davlat organi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi.
30. Oʻquv mashgʻulotlari oʻquv rejasiga muvofiq bir akademik soatdan (45 minut) yoki tanaffussiz ikki akademik soatdan (80 minut) oʻtkaziladi.
31. Taʼlim muassasalarida oʻquv yili, odatda, taʼlim oluvchilar oʻzlashtirishini nazorat qilish uchun oʻtkaziladigan yakuniy baholash bilan tugaydigan ikki semestrga boʻlinadi.
32. Taʼlim muassasalarida taʼlim oluvchilar bilimini nazorat qilish va baholash vakolatli davlat organi tomonidan tasdiqlanadigan nizom asosida amalga oshiriladi.
33. Taʼlim oluvchilarni kursdan kursga oʻtkazish taʼlim muassasasi oʻquv boʻlimi (oʻquv-metodik boshqarma), fakultet yoki magistratura boʻlimi tavsiyasiga binoan taʼlim muassasalari boshligʻining buyrugʻi bilan amalga oshiriladi.
34. Oliy taʼlimning oʻquv rejasi va dasturlarini oʻzlashtirish bitiruvchilarning majburiy yakuniy davlat attestatsiyasi bilan tugallanadi.
35. Amaliyot va stajirovkaning barcha turlari tegishli vazirlik va idoralarda, oʻquv rejalariga va vakolatli davlat organi tomonidan tasdiqlanadigan taʼlim muassasalari taʼlim oluvchilarining amaliyoti va stajirovkasi haqidagi nizomga muvofiq oʻtkaziladi.
36. Oliy taʼlimning fan va ishlab chiqarish bilan integratsiyasi oʻquv-ilmiy, oʻquv-ilmiy-ishlab chiqarish komplekslarini yaratish yoʻli bilan, shuningdek, yetakchi olimlar va ishlab chiqarish mutaxassislarini oʻquv jarayoni va ilmiy tadqiqotlarga jalb etish, amaldagi qonunchilikka muvofiq ilmiy-tadqiqot muassasalarida, boshqa tashkilotlarda oliy taʼlim muassasalari markazlari, laboratoriyalari va kafedralari filiallarini tashkil etish yoʻli bilan amalga oshiriladi.
5-bob. Taʼlim muassasalarining taʼlim oluvchilari
37. Taʼlim muassasalarining taʼlim oluvchilari quyidagi huquqlarga ega:
fan, texnika va zamonaviy texnologiyalar, iqtisodiyot va madaniyat rivojlanishining hozirgi zamon darajasiga muvofiq bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari oʻquv rejasi va dasturlarini yanada takomillashtirish yuzasidan taʼlim muassasasi rahbariyatiga taklif berish;
taʼlim muassasalari faoliyati boʻyicha muhim masalalar muhokamasida qatnashish;
axborot-resurs markazi, oʻquv, ilmiy, davolash va boshqa boʻlinmalar xizmatidan taʼlim muassasasi ustavida belgilangan tartibda bepul foydalanish;
ilmiy-tadqiqot ishlarida, anjumanlarda, simpoziumlarda ishtirok etish;
ilmiy-tadqiqot yoʻnalishida tayyorlagan ishlarini nashrga taqdim etish;
belgilangan tartibda ilmiy va ijodiy toʻgaraklarda qoʻshimcha taʼlim olish.
38. Taʼlim oluvchilar taʼlim dasturlarida belgilangan bilimlarni olishlari, oʻquv rejasida tavsiya etilgan asosiy va qoʻshimcha fanlar hamda tanlov fanlarini oʻzlashtirishi, oʻquv rejasida nazarda tutilgan barcha turdagi mashgʻulotlarda berilgan topshiriqlarni belgilangan muddatda bajarishlari, taʼlim muassasasi ustaviga, ichki tartib va taʼlim oluvchilar turar joylari qoidalariga rioya qilishlari shart.
39. Taʼlim muassasalarida tahsil olayotgan taʼlim oluvchilar oliy ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalarini boshqarish vakolatiga ega davlat organlari tomonidan ularning tegishli toifalari uchun nazarda tutilgan pul taʼminoti, imtiyozlar, buyumlar va oziq-ovqat taʼminoti hamda boshqa zarur normalar bilan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda taʼminlanadi.
40. Davlat stipendiyalariga sazovor boʻlgan taʼlim oluvchilar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda davlat stipendiyalarini olishga haqli.
41. Taʼlim olish davrida homiladorlik, tugʻish va bola parvarishlash bilan bogʻliq taʼtil uchun taʼlim oluvchilarga qonunchilik hujjatlariga asosan akademik taʼtil beriladi.
42. Kursant va tinglovchilarning oʻqishini koʻchirish, qayta tiklash va oʻqishdan chetlashtirish hamda oʻquv rejasi talablarini bajara olmagan taʼlim oluvchilarga akademik qarzdorliklarni bartaraf etish imkonini berish tartibi vakolatli davlat organi tomonidan belgilanadi.
43. Taʼlim muassasasining ustavi, ichki tartib-qoidalari, odob-axloq qoidalarini buzgan taʼlim oluvchilarga qonunchilik hujjatlarida belgilangan intizomiy choralar koʻriladi.
44. Akademik taʼtil berilgan taʼlim oluvchilar taʼtil davrida taʼlim oluvchilar safidan chetlashtirilishi mumkin emas.
45. Xizmatdan ajralmagan holda sirtqi taʼlim shaklida taʼlim olayotgan tinglovchilarga ularning asosiy xizmat joyidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan imtiyozlar beriladi.
6-bob. Taʼlim muassasalari rahbarlari va xodimlari
46. Taʼlim muassasalarida rahbarlar, ilmiy-pedagog xodimlar (professor-oʻqituvchilar, ilmiy xodimlar), texnik-muhandislik, maʼmuriy-xoʻjalik, ishlab chiqarish, oʻquv-yordamchi va boshqa toifadagi xodimlar faoliyat olib boradi.
47. Taʼlim muassasasida pedagogik faoliyatni amalga oshiruvchilarga kafedra boshligʻi, kafedra boshligʻining oʻrinbosari, professor, dotsent, katta oʻqituvchi, oʻqituvchi va oʻqituvchi-metodist (katta oʻqituvchi-metodist) lavozimida ishlayotgan shaxslar kiradi.
48. Tegishli maʼlumoti, kasbiy tayyorgarligi boʻlgan va maʼnaviy-axloqiy fazilatlarga ega shaxslar pedagogik faoliyat bilan shugʻullanish huquqiga ega. Magistraturani tamomlagan shaxslarga oʻz mutaxassisligi boʻyicha pedagogik faoliyat bilan shugʻullanish huquqi beriladi.
Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi akademiyasining ixtisoslashtirilgan kafedralari professor-oʻqituvchilar lavozimlariga tegishli sohada kamida 3 yillik amaliy xizmat stajiga yoxud tegishli mutaxassislik boʻyicha ilmiy darajaga ega shaxslar tayinlanadi.
Tegishli sohalarda ilmiy, pedagogik yoki amaliy tajribaga ega boʻlgan shaxslar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bojxona qoʻmitasining Bojxona instituti professor-oʻqituvchilar va oʻquv-yordamchi tarkibi lavozimlariga tayinlanishlari mumkin.
49. Sud qaroriga muvofiq bunday huquqdan mahrum qilinganlarga oliy taʼlim muassasasida pedagogik faoliyat olib borishga ruxsat berilmaydi.
50. Taʼlim muassasalari tegishli tarmoqlarning, fan va ishlab chiqarish, iqtisodiyot, madaniyat va boshqa sohalarning yetakchi mutaxassislarini pedagogik faoliyatga jalb etishi mumkin.
51. Pedagog xodimlarni taʼlim muassasalariga ishga qabul qilish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibga muvofiq amalga oshiriladi.
52. Pedagog kadrlarning oʻquv yuklamasi egallab turgan lavozimiga koʻra koʻrsatilgan ish turlarini bajarish zaruratidan kelib chiqib, fakultet (kafedra) boshligʻi bergan taklifga asosan, taʼlim muassasasi Kengashi tomonidan tasdiqlanadi.
53. Taʼlim muassasasi pedagog xodimlarining oʻquv yuklamasi hamda oʻquv-metodik, ilmiy-tadqiqot, “Ustoz-shogird” ishlarini belgilash qoidalari vakolatli davlat organi hujjatlariga muvofiq belgilanadi.
54. Taʼlim muassasalari pedagog xodimlar tarkibi lavozimlariga qoʻyiladigan talablar vakolatli davlat organi tomonidan belgilanadi.
55. Taʼlim muassasalarining pedagog xodimlari quyidagi huquqlarga ega:
qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda va miqdorda mehnat haqi va moddiy ragʻbatlantirish toʻlovlarini olish;
taʼlim muassasasi kengashlariga saylash va saylanish;
taʼlim muassasasi faoliyatiga taalluqli masalalar muhokamasida va qaror qabul qilishda ishtirok etish;
axborot-resurs markazlari, oʻquv va ilmiy boʻlinmalar, shuningdek, ijtimoiy-maishiy, davolash va boshqa boʻlinmalar xizmatidan taʼlim muassasasi ustaviga hamda jamoa shartnomasiga muvofiq bepul foydalanish;
bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari boʻyicha oʻquv rejalari va dasturlarini davlat taʼlim standartlariga muvofiq shakllantirishda ishtirok etish;
individuallik xususiyatlariga toʻlaqonli javob beradigan va yuqori sifatli oʻquv-tarbiyaviy jarayonni taʼminlaydigan oʻqitishning usul va vositalarini tanlash;
taʼlim muassasasi rahbariyati buyruqlari va qarorlaridan norozi boʻlganda, qonunchilikda belgilangan tartibda shikoyat arizasini (bildirgisini) berish;
oʻz kasbiy faoliyatining tashkiliy va moddiy-texnik jihatdan taʼminlanishini talab etish.
Pedagog xodimlar qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
56. Taʼlim muassasalari pedagog xodimlarining majburiyatlari:
dars berayotgan fanlari orqali taʼlim oluvchilarda tanlagan yoʻnalishi (mutaxassisligi) boʻyicha tayyorgarlikning professional sifatlarini shakllantirish;
taʼlim oluvchilarda yuksak maʼnaviyat va madaniyatni, Vatanga, tabiatga va oʻz kasbiga muhabbatni, vatanparvarlikni fuqarolik nuqtai nazarini shakllantirish;
oʻquv va ilmiy-tadqiqot jarayonlarining yuqori samaradorligini taʼminlash;
taʼlim muassasasi ustaviga qatʼiy rioya qilish;
taʼlim oluvchilarda mustaqil fikrlash, tashabbuskorlik va ijodiy qobiliyatni rivojlantirish.
Pedagog xodimlarning zimmasida qonunchilik hujjatlariga, shuningdek, taʼlim oluvchi va taʼlim tashkiloti oʻrtasida tuziladigan shartnomaga muvofiq boshqa majburiyatlar ham boʻlishi mumkin.
57. Taʼlim muassasasi professor-oʻqituvchilari kasbiy bilimi, pedagogik mahorati va koʻnikmalarini oshirish maqsadida respublika yoki xorijiy taʼlim muassasalarida belgilangan tartibda stajirovka oʻtashi va malaka oshirish kurslarida qatnashishi mumkin.
58. Taʼlim muassasasi ilmiy xodimlari ilmiy tadqiqot oʻtkazishning xavfsizlik choralariga javob beradigan, ularning individual qobiliyatlariga mos va ilmiy tadqiqot jarayonining yuqori sifatini taʼminlaydigan usullar va vositalarni tanlashga haqli.
59. Yuqori malakali ilmiy-pedagog xodimlarni tayyorlash oliy taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasalarida tayanch doktorantura va doktorantura shaklida amalga oshiriladi.
60. Taʼlim muassasasining rahbarlari, maʼmuriy-xoʻjalik, texnik-muhandislik, ishlab chiqarish, oʻquv-yordamchi va boshqa xodimlarining huquq va majburiyatlari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
7-bob. Taʼlim tizimini boshqarish
61. Taʼlim muassasasining bevosita boshqaruvi taʼlim muassasasi boshligʻi tomonidan amalga oshiriladi. Taʼlim muassasasining boshligʻi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi.
62. Taʼlim muassasasining ish natijalari uchun toʻliq javobgarlik taʼlim muassasasi boshligʻi zimmasiga yuklanadi. U qonunchilik hujjatlariga va taʼlim muassasasining ustaviga muvofiq taʼlim muassasasi nomidan faoliyat yuritadi, belgilangan tartibda mol-mulkka egalik qiladi, shartnomalar tuzadi, ishonchnomalarni taqdim etadi, bankda taʼlim muassasasining hisob varagʻini ochadi.
63. Taʼlim muassasasining boshligʻi quyidagi vakolatlarga ega:
oʻrinbosarlari, boshqarma, fakultet va boshqa boʻlinmalarning aniq vazifalari, majburiyatlarini va masʼuliyatini belgilash;
taʼlim muassasasi xodimlari, professor-oʻqituvchilari va taʼlim oluvchilar bajarishi majburiy boʻlgan buyruq, farmoyish chiqarish va koʻrsatmalar berish;
oʻz vakolatlari doirasida ishchi va xizmatchilar hamda ilmiy-pedagog xodimlarni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ishga qabul qilish va ishdan boʻshatish;
taʼlim muassasasi tarkibiga kiruvchi ilmiy-tadqiqot, tajriba-eksperimental va boshqa tashkilotlar hamda boʻlimlarning vakolatlarini aniqlab berish va ular toʻgʻrisidagi nizom (yoʻriqnoma)larni tasdiqlash;
taʼlim muassasasi xodimlarini oʻz vakolatlari doirasida ragʻbatlantirish;
kasaba uyushmasi qoʻmitasi yoki boshqa vakolatli davlat organi bilan kelishgan holda ichki tartib qoidalarini tasdiqlash.
Taʼlim muassasasining boshligʻi qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa vakolatlarga ham ega boʻlishi mumkin.
64. Taʼlim muassasasi faoliyatining asosiy masalalarini koʻrib chiqish uchun Taʼlim muassasasining kengashi (keyingi oʻrinlarda — Kengash) tashkil qilinadi.
65. Kengashning tarkibi, vakolatlari, uni shakllantirish tartibi va faoliyati vakolatli davlat organi tomonidan tasdiqlanadigan Nizom bilan belgilanadi.
66. Taʼlim muassasasi boshligʻi oʻrinbosarlari (filiali boshligʻi) taʼlim muassasasi boshligʻining tavsiyasiga asosan vakolatli davlat organi tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi.
67. Taʼlim muassasasida jamoatchilik boshqaruv organi boʻlgan Vasiylik kengashi tashkil etilishi mumkin. Bunda, qoida tariqasida, uning tarkibiga muassis(lar), mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, soha vazirlik va idoralari, muassasa va tashkilotlar, boshqa taʼlim muassasalari, jamoat tashkilotlari, fondlar va homiylarning vakillari kiritiladi.
68. Taʼlim muassasalari uni boshqarish vakolatiga ega davlat organi tizimidagi ixtisoslashtirilgan maktab-internat, harbiy va idoraviy akademik litseylarning faoliyatiga oʻquv-metodik rahbarlik qiladi.
69. Taʼlim muassasasi ustaviga muvofiq oʻzida ilmiy darajalar beruvchi ilmiy, metodik, ilmiy-texnik, faxriylar, xotin-qizlar, yosh olimlar kengashlari va boshqa kengashlarni tashkil qilishi mumkin.
8-bob. Taʼlim muassasalari mulki
70. Taʼlim muassasalarining mulki davlat mulki hisoblanadi.
Taʼlim muassasasining mulki asosiy fondlar va aylanma mablagʻlarni, shuningdek, oʻz ustavida belgilangan faoliyatni taʼminlash uchun zarur boʻlgan boshqa asosiy vositalarni oʻz ichiga oladi.
71. Taʼlim muassasasi homiylik xayriyalari tarzida oʻtkazilgan pul mablagʻlari va mulkdan, shuningdek, qonunchilik hujjatlariga muvofiq xalqaro tashkilotlar, moliyaviy muassasalar hamda tadbirkorlik faoliyatidan olingan daromad, shu bilan birga, xoʻjalik hisobidagi mulkidan foydalanishdan tushgan mablagʻlarni mustaqil tasarruf qilish huquqiga ega.
9-bob. Mablagʻ ajratish, hisob-kitob va hisobot berish
72. Taʼlim muassasalari Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjeti mablagʻlari, budjetdan tashqari mablagʻlar hamda qonunchilik hujjatlari va mazkur Nizomga muvofiq taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan faoliyatini amalga oshiradi.
Shartnoma asosida olingan mablagʻlardan qonunchilik hujjatlarida belgilangan maqsadlarga muvofiq foydalaniladi.
73. Taʼlim muassasasi belgilangan tartibda xoʻjalik-moliyaviy faoliyatining statistik va buxgalteriya hisobotlarini yuritib boradi.
74. Taʼlim muassasasida budjet va moliyaviy intizom ustidan nazorat budjet toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
10-bob. Xalqaro hamkorlik
75. Taʼlim muassasalari xorijiy davlatlar va xalqaro tashkilotlar bilan tuzilgan ikki va koʻp tomonlama shartnomalar asosida quyidagi yoʻnalishlarda xalqaro hamkorlikni amalga oshiradi:
taʼlim oluvchilar, tayanch doktorantlar, doktorantlar, pedagog hamda ilmiy xodimlarni almashish dasturlarini amalga oshirish;
qoʻshma fundamental, amaliy va innovatsion ilmiy tadqiqotlar, tajriba-konstruktorlik ishlarini olib borish, kongresslar, anjumanlar, simpoziumlar va boshqa tadbirlar oʻtkazish;
oliy taʼlimni takomillashtirish boʻyicha xalqaro dasturlarda ishtirok etish;
qonunchilik hujjatlariga muvofiq qoʻshma oliy taʼlim muassasalarini tashkil etish.
76. Chet el fuqarolarini Oʻzbekiston Respublikasida oʻqitish, stajirovka va malakasini oshirish, Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining xorijiy mamlakatlarda pedagogik va ilmiy-tadqiqot ishlarini olib borish davlatlararo va idoralararo tuzilgan shartnomalar doirasida, taʼlim muassasasi tomonidan imzolangan shartnomalar asosida amalga oshiriladi.
77. Xorijiy oliy taʼlim muassasalarida qisqa muddatli (bir haftadan olti oygacha) oʻqishga, stajirovkaga borib kelgan taʼlim oluvchilarning oʻqishni davom ettirishi (farqlarni topshirishi) tartibi taʼlim muassasasining ichki tartib-qoidalarida belgilanadi va taʼlim muassasasi boshligʻining buyrugʻi asosida amalga oshiriladi.
11-bob. Xorijiy oliy taʼlim muassasalari bilan hamkorlikda qoʻshma taʼlim dasturlari asosida kadrlar tayyorlash
78. Qoʻshma taʼlim dasturlari asosida taʼlim oluvchilarni oʻqitishni tashkil etish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim muassasasi va xorijiy turdosh oliy taʼlim muassasasi oʻrtasida imzolangan memorandum (bayonnoma, kelishuv), shuningdek, mazkur memorandum asosida qoʻshma taʼlim dasturini tashkil etish boʻyicha shartnoma (kelishuv)ga muvofiq belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
79. Qoʻshma taʼlim dasturlari boʻyicha oʻqishga qabul qilish shartlari, taʼlim yoʻnalishlari va mutaxassisliklarini tasdiqlash xorijiy turdosh hamkor oliy taʼlim muassasalari, vakolatli davlat organi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan kelishgan holda taʼlim muassasasi tomonidan amalga oshiriladi.
12-bob. Yakunlovchi qoidalar
80. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
81. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 22-oktabrdagi 655-son qaroriga 2-ILOVA
Oliy harbiylashtirilgan taʼlim muassasalari
T/r Oliy harbiylashtirilgan taʼlim muassasasi nomi Tizimida oliy harbiylashtirilgan taʼlim muassasasi boʻlgan vazirlik va idora nomi 1. Ichki ishlar vazirligi akademiyasi Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi 2. Davlat bojxona qoʻmitasining Bojxona instituti Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bojxona qoʻmitasi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 22-oktabr,
655-son