UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 28-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 28 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 28 октября 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 28 October 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 10 февралдаги 61-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқувчининг ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органнинг қарорига кўра лингвистик экспертизадан ўтказилиши мумкинлиги белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини (кейинги ўринларда — лойиҳа) лингвистик экспертизадан ўтказишнинг мақсади ва асосий вазифалари;

лойиҳани лингвистик экспертизадан ўтказиш талаби;

лойиҳани лингвистик экспертизадан ўтказиш ва хулоса бериш тартиби;

лойиҳани лингвистик экспертизадан ўтказувчи маслаҳатчи ёхуд мутахассиснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.

3. Белгилансинки:

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритилишидан олдин лойиҳа матни давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлигини текшириш мақсадида лингвистик экспертизадан ўтказилади;

лингвистик экспертиза лойиҳани ишлаб чиқувчи давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси (кейинги ўринларда — маслаҳатчи) томонидан амалга оширилади;

лойиҳани лингвистик экспертизадан ўтказиш жараёнида ишлаб чиқувчининг ташаббуси билан давлат органларининг илмий ва таълим ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, илмий даража ёки илмий унвонга эга бўлган фуқаролар, шунингдек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари (кейинги ўринларда — Марказ) ҳам шартнома асосида жалб қилиниши мумкин;

лингвистик экспертизани ўтказиш харажатлари бюджетдан ташқари жамғармалар ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларида лойиҳани лингвистик экспертизадан ўтказиш бўйича амалий семинарларни мунтазам ташкил этсин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ҳамда адлия вазири Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 октябрдаги 662-сон қарорига 1-ИЛОВА

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини (кейинги ўринда — лойиҳа) лингвистик экспертизадан ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси — қонунчиликка мувофиқ қабул қилинадиган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилайдиган, ўзгартирадиган ёки бекор қиладиган расмий ҳужжат лойиҳаси;

лингвистик экспертиза — лойиҳа матнининг давлат тили қоида ва талабларига мувофиқлигини мутахассис томонидан ўрганилиши;

давлат тили қоида ва талаблари — ўзбек адабий тилининг имловий, услубий, лексик-грамматик, график ва пунктуация қоидалари, атамаларни тўғри қўллаш ва матнда мантиқий хатоликларга йўл қўймаслик талаблари;

маслаҳатчи — давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси;

мутахассис — давлат органларининг илмий ва таълим ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, илмий даража ёки илмий унвонга эга бўлган фуқаролар, шунингдек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларида касбий фаолият билан шуғулланаётган шахслар.

3. Лойиҳа матни лингвистик экспертизанинг объекти ҳисобланади.

4. Лойиҳа матнининг лингвистик экспертизаси:

тақдим этилган лойиҳа матнининг давлат тили, имло, услубий, грамматик ва пунктуация қоидаларига мувофиқлигини текширишга;

лойиҳа матни аниқ ва тушунарли баён қилинганлиги, сўз бирикмалари тўғри танланганлигига ҳамда ўзаро тўғри боғланганлигига баҳо беришга;

лойиҳада янги атамалар қўлланилганда, уларга мос таъриф берилишини текшириш ҳамда мантиқий, таҳририй хато-камчиликларни бартараф этишга йўналтирилган тавсияларни ишлаб чиқишга қаратилган.

5. Лингвистик экспертиза лойиҳани ишлаб чиққан ташкилот раҳбарининг маслаҳатчиси томонидан ўтказилади.

6. Лингвистик экспертизани ўтказишда ишлаб чиқувчининг ташаббуси билан шартнома асосида мутахассис ҳам жалб қилиниши мумкин. Ушбу тадбирлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланадиган бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

2-боб. Лингвистик экспертизанинг мақсади ва асосий вазифалари

7. Лойиҳа матнини давлат тили қоида ва талабларига мослаш, янги атамаларни тўғри қўллаш ҳамда грамматика, имло, пунктуация қоидаларига мувофиқ бўлиши лингвистик экспертизанинг асосий мақсади ҳисобланади.

8. Лингвистик экспертизанинг асосий вазифалари қуйидагилар:

лойиҳа матнининг давлат тили қоида ва талабларига, жумладан, имло, услубий, грамматик ва орфография қоидаларига мос бўлишини таъминлаш;

лойиҳада соҳа атамаларининг тўғри қўлланилиши, янги атамалар қўлланилганда, уларга мос таъриф берилишини текшириш;

лойиҳа матни аниқ ва тушунарли баён қилинганлиги, сўз бирикмалари тўғри танланганлигига ва ўзаро тўғри боғланганлигига баҳо бериш;

лойиҳа матнидаги тушунча ва атамаларнинг маъносига мувофиқ ягона шаклда ва тўғри қўлланишини таъминлаш.

3-боб. Лойиҳани лингвистик экспертизадан ўтказиш талаблари

9. Лойиҳа матни лингвистик экспертизадан қуйидаги талаблар асосида ўтказилади:

жумлаларнинг соддалиги ва қисқалиги, таърифларнинг аниқлиги;

имло, услубий, грамматик ва орфография қоидаларига мослиги;

янги атамалар, шунингдек, соҳа атамаларининг тўғри қўлланганлиги;

сўз бирикмаларининг ўзаро тўғри боғланганлиги;

баённинг тизимлилиги ва ифодали кетма-кетлиги.

10. Лойиҳада, шунингдек, унга илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материалларда қуйидагиларнинг қўлланилишига йўл қўйилмайди:

оғзаки нутқ шакллари;

давлат тилида тенг маъноли сўзлар ва тушунчалар мавжуд бўлган тақдирда, чет тиллари атамалари;

эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар, киноялар;

аббревиатура ва қисқартмалар (бундан умумий қабул қилинган аббревиатура ва қисқартмалар, шунингдек қонуности ҳужжатларининг иловаларидаги ташкилотларнинг қисқартирилган номлари мустасно).

4-боб. Лойиҳани лингвистик экспертизадан ўтказиш

11. Лингвистик экспертиза ишлаб чиқувчи томонидан лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритилишидан олдин ўтказилади.

12. Лойиҳанинг лингвистик экспертизаси ушбу Низомнинг 1-иловасида кўрсатилган схемага мувофиқ ўтказилади.

13. Лойиҳа ташкилот раҳбарининг кўрсатмасида бошқа муддат белгиланмаган бўлса, маслаҳатчига келиб тушган санадан бошлаб уч иш кунида лингвистик экспертизадан ўтказилади.

14. Мутахассис томонидан лойиҳани лингвистик экспертизадан ўтказиш муддати у билан тузилган шартномада кўпи билан беш иш куни этиб белгиланади.

15. Лойиҳанинг лингвистик экспертиза натижаси тўғрисида ушбу Низомга 2 ва 3-иловаларда кўрсатилган намунага мувофиқ хулоса берилади.

Хулосада лойиҳа матнида аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш, тегишли тузатишлар киритиш, матнни қисқартириш, қайта ишлаш бўйича аниқ тавсиялар кўрсатилади. Ушбу тавсиялар жадвал шаклида баён қилиниб, унда лойиҳа матнининг дастлабки таҳрири ҳамда экспертиза натижасида тавсия этилаётган таҳрир акс эттирилади.

16. Лойиҳа лингвистик экспертизадан ўтказилганидан кейин хулоса маслаҳатчи ёхуд мутахассис томонидан имзоланади. Лингвистик экспертиза натижалари бўйича қабул қилинган хулосанинг сифати учун маслаҳатчи ёхуд мутахассис жавобгар ҳисобланади.

17. Лойиҳани ишлаб чиқувчи хулосада кўрсатилган тавсиялар асосида лойиҳа матнини қайта кўриб чиқади ҳамда келишиш учун вазирлик ва идораларга юборади.

5-боб. Лойиҳани лингвистик экспертизадан ўтказувчи маслаҳатчи ёхуд мутахассиснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

18. Лингвистик экспертизани ўтказадиган маслаҳатчи ёхуд мутахассис:

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда лингвистик экспертизадан ўтказадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳалари предметига тааллуқли бўлган ҳужжатлар билан танишиш;

лингвистик экспертизани ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш;

лингвистик экспертизадан ўтказиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳалари нормаларини аниқлаштириш ва улар бўйича тегишли тушунтиришларни олиш ҳуқуқига эга.

Маслаҳатчи ёхуд мутахассис қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

19. Лингвистик экспертизани ўтказадиган маслаҳатчи ёхуд мутахассис:

лингвистик экспертизани ташкил этиш ва ўтказишнинг қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган талабларига риоя қилиш;

лингвистик экспертизани ўтказиш муносабати билан ўзига маълум бўлган маълумотларни ошкор қилмаслик;

зарур ҳолларда лингвистик экспертиза хулосаларини асослаб бериши;

тақдим этилган ҳужжатларнинг сақланишини таъминлашга мажбур.

Маслаҳатчи ёхуд мутахассис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.

6-боб. Якунловчи қоидалар

20. Лингвистик экспертиза ўтказиш жараёнида «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни , Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари, Ўзбек тилининг изоҳли ва имло луғатлари, соҳа ва тармоқ луғатлари, Ўзбекистон миллий энциклопедияси, Географик объектларнинг номлари давлат реестри маълумотлари, давлат тилида иш юритишга оид адабиёт ва услубий қўлланмалар, шунингдек, ўзбек адабий тилининг бошқа илмий-услубий манбаларидан фойдаланилади.

21. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш тартибининг

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати 1-босқич Лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот, юқори турувчи ташкилот 1. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини (кейинги ўринларда — лойиҳа) лингвистик экспертизадан ўтказиш ташаббуси билан чиқиш. 2. Лойиҳани лингвистик экспертизадан ўтказиш юзасидан топшириқ бериш. Заруратга кўра 2-босқич Маслаҳатчи ёхуд мутахассис 1. Лингвистик экспертизадан ўтказиш натижаси бўйича лойиҳа матнида аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ тавсияларни кўрсатган ҳолда хулоса бериш. 2. Лингвистик экспертиза хулосасини имзолаш ва лойиҳани ишлаб чиқувчига тақдим этиш. 3 кун ёки шартномада белгиланган муддат 3-босқич Лойиҳани ишлаб чиқувчи Маслаҳатчи ёхуд мутахассис хулосасида берилган тавсиялар асосида лойиҳа матнини қайта ишлаш ҳамда келишиш учун вазирлик ва идораларга юбориш. Лойиҳа матни қайта ишлангандан сўнг

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

NORMATIV-HUQUQIY HUJJAT LOYIHASINING ‎LINGVISTIK EKSPERTIZA ‎ XULOSASI ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ____________-son ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ 1. Normativ-huquqiy hujjat loyihasining turi:_______________________________________ ‎_________________________________________________________________________ 2. Normativ-huquqiy hujjat loyihasining nomi: ______________________________________ ‎_________________________________________________________________________ 3. Lingvistik ekspertizani oʻtkazuvchi: ____________________________________________ ‎_________________________________________________________________________ 4. Lingvistik ekspertiza oʻtkazilgan sana: __________________________________________ 5. Normativ-huquqiy hujjat loyihasi matnida aniqlangan xato va kamchiliklarni bartaraf etish, tegishli tuzatishlar kiritish, matnni qisqartirish, qayta ishlash boʻyicha aniq tavsiyalar koʻrsatiladi: * ‎_________________________________________________________________________ ‎_________________________________________________________________________ ‎_________________________________________________________________________ ‎_________________________________________________________________________ ‎_________________________________________________________________________ ‎_________________________________________________________________________ Maslahatchi: ‎ ‎ ‎ ‎‎______________ ‎( imzo ) ‎ ‎ __________________________________________ ‎( F.I.O. ) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ 20___-yil _____-_______________ ‎ ‎

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI OLIY VA OʻRTA МАХSUS ТАʼLIM VAZIRLIGI ALISHER NAVOIY NOMIDAGI TOSHKENT DAVLAT OʻZBEK TILI VA ADABIYOTI UNIVERSITETI HUZURIDAGI DAVLAT TILIDA ISH YURITISH ASOSLARINI OʻQITISH VA MALAKA OSHIRISH MARKAZI 100100, Тoshkent sh., Yakkasaroy t., Yusuf Xos Hojib koʻchasi, 103-uy. tel.: (99871) 281-45-67, Veb-sayt: www.dtrm.uz, azimov@navoiy-uni.uz, I.M.Azimov@exat.uz ________________________________________________________________ 2021-yil ____________ ‎ ‎ ‎ ‎ ______-son ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Toshkent sh.‎‎ ‎‎ NORMATIV-HUQUQIY HUJJAT LOYIHASINING ‎LINGVISTIK EKSPERTIZA ‎XULOSASI ‎ ____________-son 1. Normativ-huquqiy hujjat loyihasining turi: ________________________________________ ‎__________________________________________________________________________ 2. Normativ-huquqiy hujjat loyihasining nomi: ______________________________________ ‎__________________________________________________________________________ 3. Lingvistik ekspertizani oʻtkazuvchi: _____________________________________________ ‎_________________________________________________________________________ 4. Lingvistik ekspertiza oʻtkazilgan sana: ___________________________________________ 5. Normativ-huquqiy hujjat loyihasi matnida aniqlangan xato va kamchiliklarni bartaraf etish, tegishli tuzatishlar kiritish, matnni qisqartirish, qayta ishlash boʻyicha aniq tavsiyalar koʻrsatiladi: * ‎______________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ ‎‎Markaz rahbari: ‎‎ ‎m/oʻ‎ ‎‎ ‎ _____________ ‎( imzo ) ‎‎ ‎ ‎ ‎ _____________________ ( F.I.O. ) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎ 20___-yil _____ — _________ ‎‎Mutaxassis: ‎ ‎ ‎ _____________ ‎( imzo ) ‎‎ ‎ ‎ ‎ _____________________ ( F.I.O. ) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎20___-yil _____ — _________

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 октябрдаги 662-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 20 январдаги 34-сон қарорида:

а) 3-банднинг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда давлат тилини ривожлантиришга оид қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида фаол иштирок этиш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш»;

б) илованинг 4-банди бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда давлат тилини ривожлантиришга оид қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида фаол иштирок этиш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш».

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 3 мартдаги 117-сон қарори 3-банди қуйидаги мазмундаги ўнинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш».

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 28 октябрь,

662-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.10.2021 й., 09/21/662/1001-сон; 07.08.2026 й., 09/26/437/0828-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini lingvistik ekspertizadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “Lotin yozuviga asoslangan oʻzbek alifbosiga bosqichma-bosqich toʻliq oʻtishni taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 10-fevraldagi 61-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq, normativ-huquqiy hujjat loyihasi ishlab chiquvchining yoki normativ-huquqiy hujjat qabul qilish huquqiga ega boʻlgan organning qaroriga koʻra lingvistik ekspertizadan oʻtkazilishi mumkinligi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini lingvistik ekspertizadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini (keyingi oʻrinlarda — loyiha) lingvistik ekspertizadan oʻtkazishning maqsadi va asosiy vazifalari;

loyihani lingvistik ekspertizadan oʻtkazish talabi;

loyihani lingvistik ekspertizadan oʻtkazish va xulosa berish tartibi;

loyihani lingvistik ekspertizadan oʻtkazuvchi maslahatchi yoxud mutaxassisning huquq va majburiyatlari.

3. Belgilansinki:

normativ-huquqiy hujjat loyihalari Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligiga huquqiy ekspertizadan oʻtkazish uchun kiritilishidan oldin loyiha matni davlat tili qoida va meʼyorlariga muvofiqligini tekshirish maqsadida lingvistik ekspertizadan oʻtkaziladi;

lingvistik ekspertiza loyihani ishlab chiquvchi davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari rahbarlari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar, tuman (shahar) hokimlarining maʼnaviy-maʼrifiy ishlar samaradorligini oshirish, davlat tili toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga rioya etilishini taʼminlash masalalari boʻyicha maslahatchisi (keyingi oʻrinlarda — maslahatchi) tomonidan amalga oshiriladi;

loyihani lingvistik ekspertizadan oʻtkazish jarayonida ishlab chiquvchining tashabbusi bilan davlat organlarining ilmiy va taʼlim tashkilotlari, nodavlat notijorat tashkilotlari va fuqarolik jamiyatining boshqa institutlari vakillari, ilmiy daraja yoki ilmiy unvonga ega boʻlgan fuqarolar, shuningdek, Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat oʻzbek tili va adabiyoti universiteti huzuridagi Davlat tilida ish yuritish asoslarini oʻqitish va malaka oshirish markazi hamda uning hududiy boʻlinmalari (keyingi oʻrinlarda — Markaz) ham shartnoma asosida jalb qilinishi mumkin;

lingvistik ekspertizani oʻtkazish xarajatlari budjetdan tashqari jamgʻarmalar va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi:

davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar, tuman (shahar) hokimliklarida loyihani lingvistik ekspertizadan oʻtkazish boʻyicha amaliy seminarlarni muntazam tashkil etsin;

manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar va qoʻshimcha kiritilsin.

6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev hamda adliya vaziri R.Q. Davletov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 28-oktabrdagi 662-son qaroriga 1-ILOVA

Normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini lingvistik ekspertizadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini (keyingi oʻrinda — loyiha) lingvistik ekspertizadan oʻtkazish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

normativ-huquqiy hujjat loyihasi — qonunchilikka muvofiq qabul qilinadigan, umummajburiy davlat koʻrsatmalari sifatida huquqiy normalarni belgilaydigan, oʻzgartiradigan yoki bekor qiladigan rasmiy hujjat loyihasi;

lingvistik ekspertiza — loyiha matnining davlat tili qoida va talablariga muvofiqligini mutaxassis tomonidan oʻrganilishi;

davlat tili qoida va talablari — oʻzbek adabiy tilining imloviy, uslubiy, leksik-grammatik, grafik va punktuatsiya qoidalari, atamalarni toʻgʻri qoʻllash va matnda mantiqiy xatoliklarga yoʻl qoʻymaslik talablari;

maslahatchi — davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari rahbarlari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar, tuman (shahar) hokimlarining maʼnaviy-maʼrifiy ishlar samaradorligini oshirish, davlat tili toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga rioya etilishini taʼminlash masalalari boʻyicha maslahatchisi;

mutaxassis — davlat organlarining ilmiy va taʼlim tashkilotlari, nodavlat notijorat tashkilotlari va fuqarolik jamiyatining boshqa institutlari vakillari, ilmiy daraja yoki ilmiy unvonga ega boʻlgan fuqarolar, shuningdek, Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat oʻzbek tili va adabiyoti universiteti huzuridagi Davlat tilida ish yuritish asoslarini oʻqitish va malaka oshirish markazi hamda uning hududiy boʻlinmalarida kasbiy faoliyat bilan shugʻullanayotgan shaxslar.

3. Loyiha matni lingvistik ekspertizaning obyekti hisoblanadi.

4. Loyiha matnining lingvistik ekspertizasi:

taqdim etilgan loyiha matnining davlat tili, imlo, uslubiy, grammatik va punktuatsiya qoidalariga muvofiqligini tekshirishga;

loyiha matni aniq va tushunarli bayon qilinganligi, soʻz birikmalari toʻgʻri tanlanganligiga hamda oʻzaro toʻgʻri bogʻlanganligiga baho berishga;

loyihada yangi atamalar qoʻllanilganda, ularga mos taʼrif berilishini tekshirish hamda mantiqiy, tahririy xato-kamchiliklarni bartaraf etishga yoʻnaltirilgan tavsiyalarni ishlab chiqishga qaratilgan.

5. Lingvistik ekspertiza loyihani ishlab chiqqan tashkilot rahbarining maslahatchisi tomonidan oʻtkaziladi.

6. Lingvistik ekspertizani oʻtkazishda ishlab chiquvchining tashabbusi bilan shartnoma asosida mutaxassis ham jalb qilinishi mumkin. Ushbu tadbirlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tasdiqlanadigan budjetdan tashqari jamgʻarmalar mablagʻlari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi.

2-bob. Lingvistik ekspertizaning maqsadi va asosiy vazifalari

7. Loyiha matnini davlat tili qoida va talablariga moslash, yangi atamalarni toʻgʻri qoʻllash hamda grammatika, imlo, punktuatsiya qoidalariga muvofiq boʻlishi lingvistik ekspertizaning asosiy maqsadi hisoblanadi.

8. Lingvistik ekspertizaning asosiy vazifalari quyidagilar:

loyiha matnining davlat tili qoida va talablariga, jumladan, imlo, uslubiy, grammatik va orfografiya qoidalariga mos boʻlishini taʼminlash;

loyihada soha atamalarining toʻgʻri qoʻllanilishi, yangi atamalar qoʻllanilganda, ularga mos taʼrif berilishini tekshirish;

loyiha matni aniq va tushunarli bayon qilinganligi, soʻz birikmalari toʻgʻri tanlanganligiga va oʻzaro toʻgʻri bogʻlanganligiga baho berish;

loyiha matnidagi tushuncha va atamalarning maʼnosiga muvofiq yagona shaklda va toʻgʻri qoʻllanishini taʼminlash.

3-bob. Loyihani lingvistik ekspertizadan oʻtkazish talablari

9. Loyiha matni lingvistik ekspertizadan quyidagi talablar asosida oʻtkaziladi:

jumlalarning soddaligi va qisqaligi, taʼriflarning aniqligi;

imlo, uslubiy, grammatik va orfografiya qoidalariga mosligi;

yangi atamalar, shuningdek, soha atamalarining toʻgʻri qoʻllanganligi;

soʻz birikmalarining oʻzaro toʻgʻri bogʻlanganligi;

bayonning tizimliligi va ifodali ketma-ketligi.

10. Loyihada, shuningdek, unga ilova qilinadigan axborot-tahliliy materiallarda quyidagilarning qoʻllanilishiga yoʻl qoʻyilmaydi:

ogʻzaki nutq shakllari;

davlat tilida teng maʼnoli soʻzlar va tushunchalar mavjud boʻlgan taqdirda, chet tillari atamalari;

eskirgan hamda koʻp maʼnoni anglatadigan soʻzlar va iboralar, majoziy taqqoslashlar, sifatlashlar, kinoyalar;

abbreviatura va qisqartmalar (bundan umumiy qabul qilingan abbreviatura va qisqartmalar, shuningdek qonunosti hujjatlarining ilovalaridagi tashkilotlarning qisqartirilgan nomlari mustasno).

4-bob. Loyihani lingvistik ekspertizadan oʻtkazish

11. Lingvistik ekspertiza ishlab chiquvchi tomonidan loyiha Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligiga huquqiy ekspertizadan oʻtkazish uchun kiritilishidan oldin oʻtkaziladi.

12. Loyihaning lingvistik ekspertizasi ushbu Nizomning 1-ilovasida koʻrsatilgan sxemaga muvofiq oʻtkaziladi.

13. Loyiha tashkilot rahbarining koʻrsatmasida boshqa muddat belgilanmagan boʻlsa, maslahatchiga kelib tushgan sanadan boshlab uch ish kunida lingvistik ekspertizadan oʻtkaziladi.

14. Mutaxassis tomonidan loyihani lingvistik ekspertizadan oʻtkazish muddati u bilan tuzilgan shartnomada koʻpi bilan besh ish kuni etib belgilanadi.

15. Loyihaning lingvistik ekspertiza natijasi toʻgʻrisida ushbu Nizomga 2 va 3-ilovalarda koʻrsatilgan namunaga muvofiq xulosa beriladi.

Xulosada loyiha matnida aniqlangan xato va kamchiliklarni bartaraf etish, tegishli tuzatishlar kiritish, matnni qisqartirish, qayta ishlash boʻyicha aniq tavsiyalar koʻrsatiladi. Ushbu tavsiyalar jadval shaklida bayon qilinib, unda loyiha matnining dastlabki tahriri hamda ekspertiza natijasida tavsiya etilayotgan tahrir aks ettiriladi.

16. Loyiha lingvistik ekspertizadan oʻtkazilganidan keyin xulosa maslahatchi yoxud mutaxassis tomonidan imzolanadi. Lingvistik ekspertiza natijalari boʻyicha qabul qilingan xulosaning sifati uchun maslahatchi yoxud mutaxassis javobgar hisoblanadi.

17. Loyihani ishlab chiquvchi xulosada koʻrsatilgan tavsiyalar asosida loyiha matnini qayta koʻrib chiqadi hamda kelishish uchun vazirlik va idoralarga yuboradi.

5-bob. Loyihani lingvistik ekspertizadan oʻtkazuvchi maslahatchi yoxud mutaxassisning huquq va majburiyatlari

18. Lingvistik ekspertizani oʻtkazadigan maslahatchi yoxud mutaxassis:

qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda lingvistik ekspertizadan oʻtkazadigan normativ-huquqiy hujjatlar va ularning loyihalari predmetiga taalluqli boʻlgan hujjatlar bilan tanishish;

lingvistik ekspertizani oʻtkazish uchun zarur boʻlgan qoʻshimcha hujjatlarni soʻrab olish;

lingvistik ekspertizadan oʻtkaziladigan normativ-huquqiy hujjatlar va ularning loyihalari normalarini aniqlashtirish va ular boʻyicha tegishli tushuntirishlarni olish huquqiga ega.

Maslahatchi yoxud mutaxassis qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

19. Lingvistik ekspertizani oʻtkazadigan maslahatchi yoxud mutaxassis:

lingvistik ekspertizani tashkil etish va oʻtkazishning qonunchilik hujjatlari bilan belgilangan talablariga rioya qilish;

lingvistik ekspertizani oʻtkazish munosabati bilan oʻziga maʼlum boʻlgan maʼlumotlarni oshkor qilmaslik;

zarur hollarda lingvistik ekspertiza xulosalarini asoslab berishi;

taqdim etilgan hujjatlarning saqlanishini taʼminlashga majbur.

Maslahatchi yoxud mutaxassis qonun hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarni ham olishi mumkin.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

20. Lingvistik ekspertiza oʻtkazish jarayonida “Davlat tili haqida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni , Oʻzbek tilining asosiy imlo qoidalari, Oʻzbek tilining izohli va imlo lugʻatlari, soha va tarmoq lugʻatlari, Oʻzbekiston milliy ensiklopediyasi, Geografik obyektlarning nomlari davlat reyestri maʼlumotlari, davlat tilida ish yuritishga oid adabiyot va uslubiy qoʻllanmalar, shuningdek, oʻzbek adabiy tilining boshqa ilmiy-uslubiy manbalaridan foydalaniladi.

21. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini lingvistik ekspertizadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini lingvistik ekspertizadan oʻtkazish tartibining

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati 1-bosqich Loyihani ishlab chiquvchi tashkilot, yuqori turuvchi tashkilot 1. Normativ-huquqiy hujjat loyihasini (keyingi oʻrinlarda — loyiha) lingvistik ekspertizadan oʻtkazish tashabbusi bilan chiqish. 2. Loyihani lingvistik ekspertizadan oʻtkazish yuzasidan topshiriq berish. Zaruratga koʻra 2-bosqich Maslahatchi yoxud mutaxassis 1. Lingvistik ekspertizadan oʻtkazish natijasi boʻyicha loyiha matnida aniqlangan xato va kamchiliklarni bartaraf etish yuzasidan aniq tavsiyalarni koʻrsatgan holda xulosa berish. 2. Lingvistik ekspertiza xulosasini imzolash va loyihani ishlab chiquvchiga taqdim etish. 3 kun yoki shartnomada belgilangan muddat 3-bosqich Loyihani ishlab chiquvchi Maslahatchi yoxud mutaxassis xulosasida berilgan tavsiyalar asosida loyiha matnini qayta ishlash hamda kelishish uchun vazirlik va idoralarga yuborish. Loyiha matni qayta ishlangandan soʻng

Normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini lingvistik ekspertizadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

NORMATIV-HUQUQIY HUJJAT LOYIHASINING ‎LINGVISTIK EKSPERTIZA ‎ XULOSASI ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ____________-son ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ 1. Normativ-huquqiy hujjat loyihasining turi:_______________________________________ ‎_________________________________________________________________________ 2. Normativ-huquqiy hujjat loyihasining nomi: ______________________________________ ‎_________________________________________________________________________ 3. Lingvistik ekspertizani oʻtkazuvchi: ____________________________________________ ‎_________________________________________________________________________ 4. Lingvistik ekspertiza oʻtkazilgan sana: __________________________________________ 5. Normativ-huquqiy hujjat loyihasi matnida aniqlangan xato va kamchiliklarni bartaraf etish, tegishli tuzatishlar kiritish, matnni qisqartirish, qayta ishlash boʻyicha aniq tavsiyalar koʻrsatiladi: * ‎_________________________________________________________________________ ‎_________________________________________________________________________ ‎_________________________________________________________________________ ‎_________________________________________________________________________ ‎_________________________________________________________________________ ‎_________________________________________________________________________ Maslahatchi: ‎ ‎ ‎ ‎‎______________ ‎( imzo ) ‎ ‎ __________________________________________ ‎( F.I.O. ) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ 20___-yil _____-_______________ ‎ ‎

Normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini lingvistik ekspertizadan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI OLIY VA OʻRTA MAXSUS TAʼLIM VAZIRLIGI ALISHER NAVOIY NOMIDAGI TOSHKENT DAVLAT OʻZBEK TILI VA ADABIYOTI UNIVERSITETI HUZURIDAGI DAVLAT TILIDA ISH YURITISH ASOSLARINI OʻQITISH VA MALAKA OSHIRISH MARKAZI 100100, Toshkent sh., Yakkasaroy t., Yusuf Xos Hojib koʻchasi, 103-uy. tel.: (99871) 281-45-67, Veb-sayt: www.dtrm.uz, azimov@navoiy-uni.uz, I.M.Azimov@exat.uz ________________________________________________________________ 2021-yil ____________ ‎ ‎ ‎ ‎ ______-son ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Toshkent sh.‎‎ ‎‎ NORMATIV-HUQUQIY HUJJAT LOYIHASINING ‎LINGVISTIK EKSPERTIZA ‎XULOSASI ‎ ____________-son 1. Normativ-huquqiy hujjat loyihasining turi: ________________________________________ ‎__________________________________________________________________________ 2. Normativ-huquqiy hujjat loyihasining nomi: ______________________________________ ‎__________________________________________________________________________ 3. Lingvistik ekspertizani oʻtkazuvchi: _____________________________________________ ‎_________________________________________________________________________ 4. Lingvistik ekspertiza oʻtkazilgan sana: ___________________________________________ 5. Normativ-huquqiy hujjat loyihasi matnida aniqlangan xato va kamchiliklarni bartaraf etish, tegishli tuzatishlar kiritish, matnni qisqartirish, qayta ishlash boʻyicha aniq tavsiyalar koʻrsatiladi: * ‎______________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________________ ‎‎Markaz rahbari: ‎‎ ‎m/oʻ‎ ‎‎ ‎ _____________ ‎( imzo ) ‎‎ ‎ ‎ ‎ _____________________ ( F.I.O. ) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎ 20___-yil _____ — _________ ‎‎Mutaxassis: ‎ ‎ ‎ _____________ ‎( imzo ) ‎‎ ‎ ‎ ‎ _____________________ ( F.I.O. ) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎20___-yil _____ — _________

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 28-oktabrdagi 662-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar va qoʻshimcha

1. Vazirlar Mahkamasining “Mamlakatda davlat tilida ish yuritishni samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 20-yanvardagi 34-son qarorida:

a) 3-bandning beshinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon qilinsin:

“maʼnaviy-maʼrifiy ishlar samaradorligini oshirish hamda davlat tilini rivojlantirishga oid qonunchilik hujjatlari loyihalarini ishlab chiqish jarayonida faol ishtirok etish, shuningdek, normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini lingvistik ekspertizadan oʻtkazish”;

b) ilovaning 4-bandi beshinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon qilinsin:

“maʼnaviy-maʼrifiy ishlar samaradorligini oshirish hamda davlat tilini rivojlantirishga oid qonunchilik hujjatlari loyihalarini ishlab chiqish jarayonida faol ishtirok etish, shuningdek, normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini lingvistik ekspertizadan oʻtkazish”.

2. Vazirlar Mahkamasining “Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat oʻzbek tili va adabiyoti universiteti faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 3-martdagi 117-son qarori 3-bandi quyidagi mazmundagi oʻninchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini lingvistik ekspertizadan oʻtkazish”.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 28-oktabr,

662-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 29.10.2021-y., 09/21/662/1001-son; 07.08.2026-y., 09/26/437/0828-son)

lex.uz