UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 4-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 4 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 4 ноября 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 4 November 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига республика олий таълим муассасаларининг иқтидорли талаба-ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланаётган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида» 2021 йил 9 сентябрдаги ПФ-6309-сон Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда республика олий таълим муассасаларининг иқтидорли талаба-ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х. Тошкулов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 ноябрдаги 674-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида» 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2008 й., 10-сон, 55-модда):

а) 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«1. Қуйидагилар:

Таянч докторантурада таҳсил олаётган докторантлар учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва уларни тайинлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Магистратура босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва уларни тайинлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

Бакалавриат босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари ҳамда уларни тайинлаш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;

Республика олимпиадалари, танловлари ва спорт мусобақаларини ўтказиш тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ;

Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, профессионал таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низом 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин»;

б) 1-иловада :

номи «Таянч» сўзидан кейин «докторантурада таҳсил олаётган» сўзлари билан тўлдирилсин;

1 ва 2-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари давлат олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтларининг сўнгги ўқув йилида таянч докторантурада таҳсил олаётган докторантларга (кейинги ўринларда — таянч докторантлар деб юритилади) — Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида танлаб олиш натижаларига кўра тайинланади.

2. Таянч докторантларга тайинлаш учун белгиланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари квотаси (ўнта) Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисосликлари рўйхатига мувофиқ ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланадиган танлов йўналишлари бўйича (ҳар бир танлов йўналишига биттадан стипендия ҳисобидан) тақсимланади»;

в) 2-иловада :

номидаги «Талабалар» сўзи «Магистратура босқичи талабалари» сўзлари билан алмаштирилсин;

1 ва 2-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«1. Магистратура босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган давлат олий таълим муассасалари талабаларига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижаларига биноан тайинланади.

2. Талабаларга тайинлаш учун белгиланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси квотаси (йигирма иккита) Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига мувофиқ ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланадиган танлов йўналишлари бўйича (ҳар бир танлов йўналишига биттадан стипендия ҳисобидан) тақсимланади.

Бунда, олий таълим муассасалари томонидан номзодлар ҳар бир танлов йўналиши бўйича биттадан тавсия этилиши мумкин»;

3-банддан «бакалавриатдаги таълим йўналиши ёки» сўзлари чиқариб ташлансин;

8-банддан тўртинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

12-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари соҳиблари бўлган магистратура босқичи талабалари олий таълим муассасасини битиргач, икки йил давомида таянч докторантурага кириш имтиҳонларисиз Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қабул қилинади»;

13-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

г) 3-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Бакалавриат босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари ҳамда уларни тайинлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендияларини тайинлаш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини тайинлаш тартибига нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Олий таълим муассасалари бакалавриат босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари Ўзбекистон Республикасидаги давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим муассасалари, шу жумладан, қўшма таълим дастурларида бутун ўқиши давомида фақат аъло баҳоларга ўқиётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган охирги курс талабаларига тайинланади ва тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиялари ҳар бир олий таълим муассасасининг бакалавриат босқичидаги бир нафар битирувчи курс талабасига тайинланади ва тўланади.

Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий ва Ислом Каримов номли давлат стипендиялари (кейинги ўринларда — номли давлат стипендиялари) Ўзбекистон Республикасидаги давлат ва хорижий олий таълим муассасалари, шу жумладан, қўшма таълим дастурларининг охирги икки курсида ўқиётган талабаларга тайинланади ва тўланади.

Тўлепберген Қаипбергенов ва Ибройим Юсупов номли давлат стипендиялари Қорақалпоғистон Республикасидаги давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим муассасалари, шу жумладан, қўшма таълим дастурларининг охирги икки курсида ўқиётган талабаларга тайинланади ва тўланади. Бунда, ушбу номли давлат стипендиялари сони Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳар бир олий таълим муассасаси учун Тўлепберген Қаипбергенов ва Ибройим Юсупов номли давлат стипендиялари бўйича алоҳида биттадан белгиланади.

3. Келгуси ўқув йили учун номли давлат стипендиялари сони жорий ўқув йили охирида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тақдимномасига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Бунда, Ўзбекистон Республикасидаги давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда уларнинг филиаллари бўйича давлат стипендиялари сони Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига мувофиқ ҳар йили тасдиқланадиган танлов йўналишлари ва талабалар сонидан келиб чиқиб тақсимланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари танловларида иштирок этувчи номзодларга қуйидаги талаблар белгиланади:

а) номли давлат стипендиялари учун:

аъло ўқиш ва илмий (ижодий) ишларда иштирок этиш;

йўналишлар бўйича конференция (танлов)ларда қатнашиш;

Ўзбекистон тарихини билиш;

тилларни — давлат тилини ва битта хорижий (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари давлат тилларидан ташқари) тилни билиш, бакалавриатдаги таълим йўналиши хорижий тил ҳисобланган алоҳида ҳолларда қўшимча равишда яна битта хорижий тилни билиш. Бунда, талабгорлар ушбу тиллар бўйича ўз билимлари даражасини аниқлаш учун ўқиш жойидаги тил кафедраларида махсус суҳбатдан ўтадилар;

б) Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси учун мазкур банднинг «а» кичик бандида белгиланган талабларга қўшимча равишда ўқиётган бакалавриат таълим йўналишига мос мавзуда камида иккита эълон қилинган ишлар (мақола, тезис ёки асарлар)нинг мавжудлиги талаб этилади.

2-боб. Танловларни ўтказиш

5. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендияларини тайинлаш учун номзодларни кўрсатиш олий таълим муассасалари кенгашлари томонидан, талабгорларнинг ўқув ва илмий фаолиятини оммавий муҳокама қилиш асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендияларига талабгорлар дастлабки кўриб чиқиш учун олий таълим муассасаси кенгашига қуйидагиларни тақдим қиладилар:

синов дафтарчасидан кўчирма;

деканат ва кафедранинг тавсияномаси;

илмий (ижодий) иш раҳбарининг тавсияномаси;

илмий ишлар рўйхати ва уларнинг босма нусхалари;

тиллар кафедраси, тарих кафедрасининг суҳбат натижалари ҳақидаги маълумотномалари.

Барча ҳужжатлар жилдга (папкага) жойланган ҳолда тақдим этилади. Муқовада Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки номли давлат стипендияси номи, талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, факультети, бакалавриат таълим йўналиши, курси, гуруҳи кўрсатилади.

6. Олий таълим муассасалари кенгашлари талабгорларни танловларнинг навбатдаги босқичига тавсия этиш бўйича яширин овоз бериш орқали оддий кўпчилик овоз билан қарор қабул қиладилар.

Овоз бериш жараёнида олий таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳам иштирок этиши мумкин.

Овоз бериш натижаларига кўра олий таълим муассасаси кенгаши томонидан:

Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиясига энг кўп овоз олган уч нафардан (бунда номзодлар турли танлов йўналишлари бўйича аниқланишига урғу берилади);

номли давлат стипендияларига ажратилган ҳар бир квотага энг кўп овоз олган уч нафаргача номзод танловнинг навбатдаги босқичига тавсия этилади.

7. Олий таълим муассасаси кенгаши қарорига асосан танловларнинг навбатдаги босқичига тавсия этилган номзодлар тўғрисидаги маълумотлар ва тегишли ҳужжатлар олий таълим муассасасининг масъул ходими томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг «stipendiya.edu.uz» электрон тизимига ҳар йили 1 — 15 август кунлари киритилади.

Бунда, номзодларнинг ҳужжатларининг аслига тўғри эканлиги ҳамда «stipendiya.edu.uz» электрон тизимига ўз вақтида ва тўғри киритилиши бўйича масъулият олий таълим муассасаси ректори (директори) зиммасига юклатилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги стипендиялар тайинлаш ҳақидаги тавсияномаларни йилига бир марта, ҳар йили 10 — 30 сентябрь кунлари кўриб чиқади.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиясига талабгорлар чет тиллари, ахборот технологиялари, Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича билим даражасини аниқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказида (ҳудудлар бўйича) махсус тест синовлари топширадилар. Давлат тест маркази тест синовлари натижалари қайдномаларини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этади.

10. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари совриндорлари талабгорларнинг илмий ишлари, эришган ютуқлари ҳамда ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида танлов йўналишлари бўйича ташкил этилган танлов комиссиялари қарорига асосан аниқланади.

11. Танлов комиссияларининг қабул қилинган қарорларига асосан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари совриндори бўлган талабалар рўйхати Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.

3-боб. Стипендияларни тайинлаш ва уларга бериладиган имтиёзлар

12. Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи олий таълим муассасаси ректори (директори, ижрочи директори)нинг талабаларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендияларини тайинлаш ва тўлаш ҳақидаги буйруқларни расмийлаштириши учун асос ҳисобланади.

Стипендиялар 1 сентябрдан бошлаб, бир йил муддатга, белгиланган миқдорга қатъий риоя қилган ҳолда тайинланади.

13. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари танловларида ғолиб бўлган талабаларга Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири томонидан тасдиқланган қуйидаги гувоҳномалардан бири берилади:

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси соҳиби»;

«Беруний номли давлат стипендиясининг соҳиби»;

«Ибн Сино номли давлат стипендиясининг соҳиби»;

«Навоий номли давлат стипендиясининг соҳиби»;

«Улуғбек номли давлат стипендиясининг соҳиби»;

«Имом ал-Бухорий номли давлат стипендиясининг соҳиби»;

«Ислом Каримов номли давлат стипендиясининг соҳиби»;

«Тўлепберген Қаипбергенов номли давлат стипендиясининг соҳиби»;

«Ибройим Юсупов номли давлат стипендиясининг соҳиби».

Гувоҳномалар талабаларнинг ўқиш жойида тантанали вазиятда топширилади.

14. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси соҳиби бўлган талабалар бакалавриатни тугатгандан сўнг икки йил мобайнида, номли давлат стипендиялари соҳиби бўлган талабалар бакалавриатни тугатганидан сўнг бир йил мобайнида тегишли мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинадилар.

4-боб. Якунловчи қоидалар

15. Талабаларни кундалик дарсларни ўзлаштирмаганлик, ўқув интизомини ва одоб-ахлоқни бузганлик учун ўқув йили мобайнида давлат стипендияларидан маҳрум қилиш олий таълим муассасалари тақдимномаларига биноан тегишли вазирликлар ва идоралар буйруқлари билан амалга оширилиши мумкин.

16. Талабаларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендияларига тайинлаш бўйича ариза ва шикоятлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

17. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар».

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиялар миқдорларини белгилаш ҳамда стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 31 январдаги 59-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2020 й., 1-сон, 21-модда):

а) 5-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси ҳамда Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий, Тўлепберген Қаипбергенов, Ибройим Юсупов ва Ислом Каримов номли давлат стипендияларини олувчи талабаларга стипендиялар тайинлашда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида» 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарори билан белгиланган тартиблар сақлаб қолинсин»;

б) 1-илованинг 10-банди биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси ҳамда Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий, Тўлепберген Қаипбергенов, Ибройим Юсупов ва Ислом Каримов номли давлат стипендияларини олувчи талабаларга стипендиялар тайинлаш Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида» 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарори билан тасдиқланган Магистратура босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва уларни тайинлаш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда Бакалавриат босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари ҳамда уларни тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартиблар асосида амалга оширилади»;

в) 2-илованинг «Стипендия номи ва қўшимча тўловлар» устуни 2-позицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий, Тўлепберген Қаипбергенов, Ибройим Юсупов, Ислом Каримов ва Камолиддин Беҳзод номли давлат стипендиялари».

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 4 ноябрь,

674-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.11.2021 й., 09/21/674/1029-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga respublika oliy taʼlim muassasalarining iqtidorli talaba-yoshlarini har tomonlama qoʻllab-quvvatlash va ragʻbatlantirish tizimini yanada takomillashtirishga qaratilgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Respublika oliy taʼlim muassasalarida tahsil olayotgan, ilmiy-tadqiqot faoliyati bilan shugʻullanayotgan iqtidorli yoshlarni yanada qoʻllab-quvvatlash toʻgʻrisida” 2021-yil 9-sentabrdagi PF-6309-son Farmonida belgilangan vazifalar ijrosini taʼminlash hamda respublika oliy taʼlim muassasalarining iqtidorli talaba-yoshlarini har tomonlama qoʻllab-quvvatlash va ragʻbatlantirish tizimini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev hamda Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri A.X. Toshkulov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 4-noyabrdagi 674-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston iqtidorli yoshlarini taqdirlash va moddiy ragʻbatlantirish toʻgʻrisida” 2008-yil 13-oktabrdagi 226-son qarorida (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2008-y., 10-son, 55-modda):

a) 1-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“1. Quyidagilar:

Tayanch doktoranturada tahsil olayotgan doktorantlar uchun Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining davlat stipendiyalari va ularni tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

Magistratura bosqichi talabalari uchun Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining davlat stipendiyalari va ularni tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq;

Bakalavriat bosqichi talabalari uchun Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va nomli davlat stipendiyalari hamda ularni tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 3-ilovaga muvofiq;

Respublika olimpiadalari, tanlovlari va sport musobaqalarini oʻtkazish toʻgʻrisidagi nizom 4-ilovaga muvofiq;

Xalqaro va respublika olimpiadalari, tanlovlari, musobaqalari gʻoliblari boʻlgan akademik litseylar, professional taʼlim muassasalari va umumtaʼlim maktablari oʻquvchilarini taqdirlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 5-ilovaga muvofiq tasdiqlansin”;

b) 1-ilovada :

nomi “Tayanch” soʻzidan keyin “doktoranturada tahsil olayotgan” soʻzlari bilan toʻldirilsin;

1 va 2-bandlar quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining davlat stipendiyalari davlat oliy taʼlim muassasalari va ilmiy-tadqiqot institutlarining soʻnggi oʻquv yilida tayanch doktoranturada tahsil olayotgan doktorantlarga (keyingi oʻrinlarda — tayanch doktorantlar deb yuritiladi) — Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolariga Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tomonidan oʻtkaziladigan tanlov asosida tanlab olish natijalariga koʻra tayinlanadi.

2. Tayanch doktorantlarga tayinlash uchun belgilangan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining davlat stipendiyalari kvotasi (oʻnta) Oliy malakali ilmiy va ilmiy-pedagog kadrlar ixtisosliklari roʻyxatiga muvofiq har yili Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tomonidan tasdiqlanadigan tanlov yoʻnalishlari boʻyicha (har bir tanlov yoʻnalishiga bittadan stipendiya hisobidan) taqsimlanadi”;

v) 2-ilovada :

nomidagi “Talabalar” soʻzi “Magistratura bosqichi talabalari” soʻzlari bilan almashtirilsin;

1 va 2-bandlar quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“1. Magistratura bosqichi talabalari uchun Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining davlat stipendiyalari Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari boʻlgan davlat oliy taʼlim muassasalari talabalariga Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tomonidan oʻtkaziladigan tanlov natijalariga binoan tayinlanadi.

2. Talabalarga tayinlash uchun belgilangan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining davlat stipendiyasi kvotasi (yigirma ikkita) Oliy taʼlim yoʻnalishlari va mutaxassisliklari klassifikatoriga muvofiq har yili Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tomonidan tasdiqlanadigan tanlov yoʻnalishlari boʻyicha (har bir tanlov yoʻnalishiga bittadan stipendiya hisobidan) taqsimlanadi.

Bunda, oliy taʼlim muassasalari tomonidan nomzodlar har bir tanlov yoʻnalishi boʻyicha bittadan tavsiya etilishi mumkin”;

3-banddan “bakalavriatdagi taʼlim yoʻnalishi yoki” soʻzlari chiqarib tashlansin;

8-banddan toʻrtinchi xatboshi chiqarib tashlansin;

12-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“12. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining davlat stipendiyalari sohiblari boʻlgan magistratura bosqichi talabalari oliy taʼlim muassasasini bitirgach, ikki yil davomida tayanch doktoranturaga kirish imtihonlarisiz Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobiga qabul qilinadi”;

13-band oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin;

g) 3-ilovaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Bakalavriat bosqichi talabalari uchun Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va nomli davlat stipendiyalari hamda ularni tayinlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom oliy taʼlim muassasalarining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari talabalari uchun Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va nomli davlat stipendiyalarini tayinlash tartibini belgilaydi.

Ushbu Nizom Kamoliddin Behzod nomidagi davlat stipendiyasini tayinlash tartibiga nisbatan tatbiq etilmaydi.

2. Oliy taʼlim muassasalari bakalavriat bosqichi talabalari uchun Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining davlat stipendiyalari Oʻzbekiston Respublikasidagi davlat, nodavlat va xorijiy oliy taʼlim muassasalari, shu jumladan, qoʻshma taʼlim dasturlarida butun oʻqishi davomida faqat aʼlo baholarga oʻqiyotgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi boʻlgan oxirgi kurs talabalariga tayinlanadi va toʻlanadi.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti davlat stipendiyalari har bir oliy taʼlim muassasasining bakalavriat bosqichidagi bir nafar bitiruvchi kurs talabasiga tayinlanadi va toʻlanadi.

Beruniy, Ibn Sino, Navoiy, Ulugʻbek, Imom al-Buxoriy va Islom Karimov nomli davlat stipendiyalari (keyingi oʻrinlarda — nomli davlat stipendiyalari) Oʻzbekiston Respublikasidagi davlat va xorijiy oliy taʼlim muassasalari, shu jumladan, qoʻshma taʼlim dasturlarining oxirgi ikki kursida oʻqiyotgan talabalarga tayinlanadi va toʻlanadi.

Toʻlepbergen Qaipbergenov va Ibroyim Yusupov nomli davlat stipendiyalari Qoraqalpogʻiston Respublikasidagi davlat, nodavlat va xorijiy oliy taʼlim muassasalari, shu jumladan, qoʻshma taʼlim dasturlarining oxirgi ikki kursida oʻqiyotgan talabalarga tayinlanadi va toʻlanadi. Bunda, ushbu nomli davlat stipendiyalari soni Qoraqalpogʻiston Respublikasidagi har bir oliy taʼlim muassasasi uchun Toʻlepbergen Qaipbergenov va Ibroyim Yusupov nomli davlat stipendiyalari boʻyicha alohida bittadan belgilanadi.

3. Kelgusi oʻquv yili uchun nomli davlat stipendiyalari soni joriy oʻquv yili oxirida Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi taqdimnomasiga binoan Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

Bunda, Oʻzbekiston Respublikasidagi davlat, nodavlat va xorijiy oliy taʼlim muassasalari hamda ularning filiallari boʻyicha davlat stipendiyalari soni Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tomonidan Oliy taʼlim yoʻnalishlari va mutaxassisliklari klassifikatoriga muvofiq har yili tasdiqlanadigan tanlov yoʻnalishlari va talabalar sonidan kelib chiqib taqsimlanadi.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va nomli davlat stipendiyalari tanlovlarida ishtirok etuvchi nomzodlarga quyidagi talablar belgilanadi:

a) nomli davlat stipendiyalari uchun:

aʼlo oʻqish va ilmiy (ijodiy) ishlarda ishtirok etish;

yoʻnalishlar boʻyicha konferensiya (tanlov)larda qatnashish;

Oʻzbekiston tarixini bilish;

tillarni — davlat tilini va bitta xorijiy (Mustaqil Davlatlar Hamdoʻstligi mamlakatlari davlat tillaridan tashqari) tilni bilish, bakalavriatdagi taʼlim yoʻnalishi xorijiy til hisoblangan alohida hollarda qoʻshimcha ravishda yana bitta xorijiy tilni bilish. Bunda, talabgorlar ushbu tillar boʻyicha oʻz bilimlari darajasini aniqlash uchun oʻqish joyidagi til kafedralarida maxsus suhbatdan oʻtadilar;

b) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti davlat stipendiyasi uchun mazkur bandning “a” kichik bandida belgilangan talablarga qoʻshimcha ravishda oʻqiyotgan bakalavriat taʼlim yoʻnalishiga mos mavzuda kamida ikkita eʼlon qilingan ishlar (maqola, tezis yoki asarlar)ning mavjudligi talab etiladi.

2-bob. Tanlovlarni oʻtkazish

5. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va nomli davlat stipendiyalarini tayinlash uchun nomzodlarni koʻrsatish oliy taʼlim muassasalari kengashlari tomonidan, talabgorlarning oʻquv va ilmiy faoliyatini ommaviy muhokama qilish asosida amalga oshiriladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va nomli davlat stipendiyalariga talabgorlar dastlabki koʻrib chiqish uchun oliy taʼlim muassasasi kengashiga quyidagilarni taqdim qiladilar:

sinov daftarchasidan koʻchirma;

dekanat va kafedraning tavsiyanomasi;

ilmiy (ijodiy) ish rahbarining tavsiyanomasi;

ilmiy ishlar roʻyxati va ularning bosma nusxalari;

tillar kafedrasi, tarix kafedrasining suhbat natijalari haqidagi maʼlumotnomalari.

Barcha hujjatlar jildga (papkaga) joylangan holda taqdim etiladi. Muqovada Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti yoki nomli davlat stipendiyasi nomi, talabgorning familiyasi, ismi va otasining ismi, fakulteti, bakalavriat taʼlim yoʻnalishi, kursi, guruhi koʻrsatiladi.

6. Oliy taʼlim muassasalari kengashlari talabgorlarni tanlovlarning navbatdagi bosqichiga tavsiya etish boʻyicha yashirin ovoz berish orqali oddiy koʻpchilik ovoz bilan qaror qabul qiladilar.

Ovoz berish jarayonida oliy taʼlim muassasasining professor-oʻqituvchilari va talabalari ham ishtirok etishi mumkin.

Ovoz berish natijalariga koʻra oliy taʼlim muassasasi kengashi tomonidan:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti davlat stipendiyasiga eng koʻp ovoz olgan uch nafardan (bunda nomzodlar turli tanlov yoʻnalishlari boʻyicha aniqlanishiga urgʻu beriladi);

nomli davlat stipendiyalariga ajratilgan har bir kvotaga eng koʻp ovoz olgan uch nafargacha nomzod tanlovning navbatdagi bosqichiga tavsiya etiladi.

7. Oliy taʼlim muassasasi kengashi qaroriga asosan tanlovlarning navbatdagi bosqichiga tavsiya etilgan nomzodlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar va tegishli hujjatlar oliy taʼlim muassasasining masʼul xodimi tomonidan Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining “stipendiya.edu.uz” elektron tizimiga har yili 1 — 15-avgust kunlari kiritiladi.

Bunda, nomzodlarning hujjatlarining asliga toʻgʻri ekanligi hamda “stipendiya.edu.uz” elektron tizimiga oʻz vaqtida va toʻgʻri kiritilishi boʻyicha masʼuliyat oliy taʼlim muassasasi rektori (direktori) zimmasiga yuklatiladi.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi stipendiyalar tayinlash haqidagi tavsiyanomalarni yiliga bir marta, har yili 10 — 30-sentabr kunlari koʻrib chiqadi.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining davlat stipendiyasiga talabgorlar chet tillari, axborot texnologiyalari, Oʻzbekiston tarixi fanlari boʻyicha bilim darajasini aniqlash uchun Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Davlat test markazida (hududlar boʻyicha) maxsus test sinovlari topshiradilar. Davlat test markazi test sinovlari natijalari qaydnomalarini Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligiga taqdim etadi.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va nomli davlat stipendiyalari sovrindorlari talabgorlarning ilmiy ishlari, erishgan yutuqlari hamda oʻtkazilgan test sinovlari natijalariga koʻra Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligida tanlov yoʻnalishlari boʻyicha tashkil etilgan tanlov komissiyalari qaroriga asosan aniqlanadi.

11. Tanlov komissiyalarining qabul qilingan qarorlariga asosan, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va nomli davlat stipendiyalari sovrindori boʻlgan talabalar roʻyxati Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.

3-bob. Stipendiyalarni tayinlash va ularga beriladigan imtiyozlar

12. Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirining buyrugʻi oliy taʼlim muassasasi rektori (direktori, ijrochi direktori)ning talabalarga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va nomli davlat stipendiyalarini tayinlash va toʻlash haqidagi buyruqlarni rasmiylashtirishi uchun asos hisoblanadi.

Stipendiyalar 1-sentabrdan boshlab, bir yil muddatga, belgilangan miqdorga qatʼiy rioya qilgan holda tayinlanadi.

13. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va nomli davlat stipendiyalari tanlovlarida gʻolib boʻlgan talabalarga Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri tomonidan tasdiqlangan quyidagi guvohnomalardan biri beriladi:

“Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining davlat stipendiyasi sohibi”;

“Beruniy nomli davlat stipendiyasining sohibi”;

“Ibn Sino nomli davlat stipendiyasining sohibi”;

“Navoiy nomli davlat stipendiyasining sohibi”;

“Ulugʻbek nomli davlat stipendiyasining sohibi”;

“Imom al-Buxoriy nomli davlat stipendiyasining sohibi”;

“Islom Karimov nomli davlat stipendiyasining sohibi”;

“Toʻlepbergen Qaipbergenov nomli davlat stipendiyasining sohibi”;

“Ibroyim Yusupov nomli davlat stipendiyasining sohibi”.

Guvohnomalar talabalarning oʻqish joyida tantanali vaziyatda topshiriladi.

14. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti davlat stipendiyasi sohibi boʻlgan talabalar bakalavriatni tugatgandan soʻng ikki yil mobaynida, nomli davlat stipendiyalari sohibi boʻlgan talabalar bakalavriatni tugatganidan soʻng bir yil mobaynida tegishli mutaxassislik boʻyicha magistraturaga kirish imtihonlarisiz qoʻshimcha davlat granti asosida oʻqishga qabul qilinadilar.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

15. Talabalarni kundalik darslarni oʻzlashtirmaganlik, oʻquv intizomini va odob-axloqni buzganlik uchun oʻquv yili mobaynida davlat stipendiyalaridan mahrum qilish oliy taʼlim muassasalari taqdimnomalariga binoan tegishli vazirliklar va idoralar buyruqlari bilan amalga oshirilishi mumkin.

16. Talabalarning Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va nomli davlat stipendiyalariga tayinlash boʻyicha ariza va shikoyatlari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.

17. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikka muvofiq javob beradilar”.

2. Vazirlar Mahkamasining “Oliy taʼlim muassasalari talabalariga toʻlanadigan stipendiyalar miqdorlarini belgilash hamda stipendiyalar tayinlash va toʻlash tartibini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 31-yanvardagi 59-son qarorida (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2020-y., 1-son, 21-modda):

a) 5-bandning birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“5. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining davlat stipendiyasi hamda Beruniy, Ibn Sino, Navoiy, Ulugʻbek, Imom al-Buxoriy, Toʻlepbergen Qaipbergenov, Ibroyim Yusupov va Islom Karimov nomli davlat stipendiyalarini oluvchi talabalarga stipendiyalar tayinlashda Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston iqtidorli yoshlarini taqdirlash va moddiy ragʻbatlantirish toʻgʻrisida” 2008-yil 13-oktabrdagi 226-son qarori bilan belgilangan tartiblar saqlab qolinsin”;

b) 1-ilovaning 10-bandi birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“10. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining davlat stipendiyasi hamda Beruniy, Ibn Sino, Navoiy, Ulugʻbek, Imom al-Buxoriy, Toʻlepbergen Qaipbergenov, Ibroyim Yusupov va Islom Karimov nomli davlat stipendiyalarini oluvchi talabalarga stipendiyalar tayinlash Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston iqtidorli yoshlarini taqdirlash va moddiy ragʻbatlantirish toʻgʻrisida” 2008-yil 13-oktabrdagi 226-son qarori bilan tasdiqlangan Magistratura bosqichi talabalari uchun Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining davlat stipendiyalari va ularni tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom hamda Bakalavriat bosqichi talabalari uchun Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va nomli davlat stipendiyalari hamda ularni tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomda belgilangan tartiblar asosida amalga oshiriladi”;

v) 2-ilovaning “Stipendiya nomi va qoʻshimcha toʻlovlar” ustuni 2-pozitsiyasi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Beruniy, Ibn Sino, Navoiy, Ulugʻbek, Imom al-Buxoriy, Toʻlepbergen Qaipbergenov, Ibroyim Yusupov, Islom Karimov va Kamoliddin Behzod nomli davlat stipendiyalari”.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 4-noyabr,

674-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 04.11.2021-y., 09/21/674/1029-son)

lex.uz