UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 16-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 16 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 16 ноября 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 16 November 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТАРКИБИ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Бухоро вилоятида Ёш ижрочиларнинг «Шашмақом» республика фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида

Мақом санъатида ёш ижрочиларнинг маҳорати, истеъдоди ва қобилиятини намоён этиш, янги истеъдодларни кашф этиш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш, ўзига хос ижод мактабларини яратган мақом санъати устозлари тажрибасини оммалаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбек миллий мақом санъати марказининг 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба май ойида Бухоро шаҳрида Ёш ижрочиларнинг «Шашмақом» республика фестивалини (кейинги ўринларда — Фестиваль) ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Ёш ижрочиларнинг «Шашмақом» республика фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда — Ташкилий қўмита) таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ёш ижрочиларнинг «Шашмақом» республика фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Фестивални ҳар икки йилда бир маротаба май ойида Бухоро шаҳрида Бухоро вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбек миллий мақом санъати маркази томонидан ташкил этиш ва ўтказиш тартиби;

Фестивални ўтказиш тартиби ва шартларини белгилаш, шу жумладан, унда 30 ёшгача бўлган якка ижрочилар ҳамда ижодий жамоалар (хонанда ва созандалар сони 15 нафардан ошмаган ҳолда) томонидан Фестивал дастурининг 2 та шартини (чолғу ва ашула йўналишлари) бажаришни назарда тутиш;

Фестиваль иштирокчиларини 9 — 11 нафар етакчи мутахассислардан иборат таркибда тузиладиган Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир аъзоси томонидан алоҳида тарзда 10 баллик тизим бўйича баҳолаш ва ғолибларни аниқлаш мезонлари;

Фестивални ташкил этиш ва ўтказишни молиялаштириш тартиби ҳамда молиялаштириш манбаларини белгилаш.

4. Ташкилий қўмита:

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2022 йилда Фестивални ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича барча ташкилий ва ижодий ишларни мувофиқлаштириш;

Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметасини шакллантириш ҳамда тасдиқлаш;

Фестиваль совриндорларига топшириладиган диплом, сертификат, статуэтка намуналарини тасдиқлаш;

Фестивални замонавий технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда юқори бадиий савияда ўтказиш ишларини амалга оширсин.

5. Бухоро вилояти ҳокимлиги:

бир ой муддатда Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш бўйича «йўл харитаси»ни тасдиқлаб, унда белгиланган вазифалар ижросини таъминласин;

Бухоро шаҳрида кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширсин, Фестиваль ўтказиладиган жойларни талаб даражасида тайёрласин;

Фестиваль иштирокчилари учун маданий дастурлар ҳамда Бухоро шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳатларни ташкил этсин;

Фестиваль ўтказиладиган йилнинг 1 февралига қадар тажрибали режиссёр, таниқли санъаткор, продюсер, композитор, шоир ва соҳанинг бошқа малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда Фестивалнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари сценарийси ҳамда бадиий дастурларини тайёрласин.

6. Белгилаб қўйилсинки, Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳамда Бухоро вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан тенг улушларда, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Фестивални кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ўринбосари — туризм ва спорт вазири А.А. Абдухакимов ва Бухоро вилояти ҳокими Б.К. Зарипов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 ноябрдаги 685-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ёш ижрочиларнинг «Шашмақом» республика фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита

1. Б. Зарипов — Бухоро вилояти ҳокими, Ташкилий қўмита раиси 2. Б. Ахмедов — маданият вазирининг биринчи ўринбосари, Ташкилий қўмита раиси ўринбосари 3. А. Саъдуллаев — Ёшлар ишлари агентлиги директори 4. А. Нуриддинов — Ўзбекистон Бадиий академияси раиси 5. К. Каримов — олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари 6. У. Шарифходжаев — халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари 7. А. Иноятов — соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари 8. Ш. Собиров — ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари 9. С. Бегматов — Республика мақом санъати маркази раҳбари 10. А. Хаджаев — Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси 11. М. Хамраев — Бухоро вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари 12. Б. Адилов — Бухоро вилояти ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғи 13. Лавозимига кўра — Бухоро вилояти маданият бошқармаси бошлиғи, Ташкилий қўмита котиби

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 ноябрдаги 685-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ёш ижрочиларнинг «Шашмақом» республика фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ёш ижрочиларнинг «Шашмақом» республика фестивали (кейинги ўринларда — Фестиваль)ни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Фестиваль 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба май ойида Бухоро шаҳрида ўтказилади.

Бунда унинг аниқ муддати Ёш ижрочиларнинг «Шашмақом» республика фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда — Ташкилий қўмита) томонидан Фестиваль бошланишидан 30 кун олдин оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

3. Фестиваль Бухоро вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбек миллий мақом санъати маркази (кейинги ўринларда — ташкилотчилар) томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.

4. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш Ташкилий қўмита томонидан мувофиқлаштирилади.

2-боб. Фестивалнинг асосий вазифалари

5. Фестивалнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ўзбек мусиқа ижрочилиги маданиятини янада юксак даражага кўтариш, миллий мақом санъатини дунё саҳналарига олиб чиқиш, иқтидорли ёшларни кашф этиш, рағбатлантириш ва уларнинг ижодини тарғиб этиш;

ёш мақом ижрочиларининг истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён этиш, уларнинг ижрочилик кўникмаларини янада ривожлантириш;

ёшлар орасида мақом санъатига бўлган қизиқишни ошириш;

«Шашмақом» санъатининг тарихий анъаналарини асраш ва тарғиб этиш, кенг оммалаштириш, ўсиб келаётган ёш авлодга етказиш;

ўзбек миллий мақом санъатининг нуфузини янада ошириш ҳамда дунё саҳналарига олиб чиқиш ва тарғиб этиш;

ёшларнинг ўзбек миллий мақом санъатига қизиқишини ошириш, ўзига хос ижро мактаблари ва анъаналарни янги босқичга кўтариш, унинг «Олтин фонди»ни яратиш ва бойитиш, халқаро нуфузини ошириш ва кенг тарғиб қилиш;

қадим Бухоронинг туризм йўналишидаги салоҳиятини намойиш этиш, хизматлар кўламини кенгайтириш, сайёҳлар оқимини ошириш;

ўзбек халқининг маданиятини, хусусан, бетакрор мақом санъатини, шу жумладан, Фестиваль доирасида ҳунармандчилик кўргазмалари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, қадриятлар ва анъаналарни кенг тарғиб этиш;

«Шашмақом» санъати билан халқимизнинг бой тафаккури ва эзгу интилишлари натижасида бунёд этилган ва этилаётган маънавий меросимизни асраб-авайлаш;

ўзига хос мактабларини яратган мақом санъати устозлари тажрибасини оммалаштириш, «Устоз-шогирд» анъаналарини қўллаб-қувватлаш ва кенг ёйиш;

«Шашмақом» асарлари орқали миллатлараро дўстлик, тотувлик ва ҳамжиҳатлик ғояларини илгари суриш ва тараннум этиш.

3-боб. Фестивални ўтказиш тартиби ва шартлари

6. Фестиваль ижро дастури асосида мазкур Низомга иловадаги схемага мувофиқ ўтказилади.

7. Ташкилотчилар томонидан Фестивалнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати (кейинги ўринларда — дастур ва асарлар рўйхати) тасдиқланади ҳамда Фестивални ўтказишнинг аниқ муддати билан бирга Фестиваль бошланишидан уч ой олдин оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

8. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги дастур ва асарлар рўйхатини улар тасдиқлангандан кейин беш кун муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасига етказади.

9. Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси дастур ва асарлар рўйхатини улар олингандан кейин уч кун муддатда ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб-интернатлар, маданият ва санъат йўналишидаги академик лицейлар, олий таълим муассасалари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, бадиий ва ижодий жамоаларга етказади.

10. Ҳар бир иштирокчи қуйидагиларни Фестиваль ўтказилишидан 30 кун олдин Ташкилий қўмитага тақдим этади:

иштирокчининг маълумотномаси;

ижро дастури ва матни;

аудио ва видео диск.

11. Фестивалда:

30 ёшгача бўлган якка ижрочилар ҳамда ижодий жамоалар (хонанда ва созандалар сони 15 нафардан ошмаган ҳолда) чиқишлари намойиш этилади;

ижро асарлари чиройли ва мазмунли чиқиши учун рақслардан ҳам фойдаланиш (бунда рақслар Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланмайди) мумкин;

барча ижро этиладиган асарлар ёддан ижро этилади;

жамоаларнинг ижролари фақат мақом асарларидан иборат бўлиши (ўзбек халқ қўшиқлари ижросига йўл қўйилмайди) шарт.

12. Фестивалнинг дастури қуйидагича белгиланади:

а) биринчи шарт: «Мушкилот» (чолғу йўналиши).

чолғучилар ансамбли тасниф, тарже, гардун, самойи дугоҳ, хафиф, нағмаи ораз, пешрави дугоҳ, мухаммас ва сақиллардан иборат асарларни ижро этиши шарт;

б) иккинчи шарт: «Наср» (ашула йўналиши).

ҳар бир жамоа томонидан биттадан мақомнинг «Наср» (ашула қисми) йўналишларидан сарахборлар ва унинг тароналари, талқин ва тароналари (уззол, ушшоқ, баёт, чоргоҳ ва сегоҳ), насрлар: насруллойи тароналари, насри уззол, насри ушшоқ, наврўзи сабо ва талқинчаси, орази наво ва таронаси, ҳусайний наво, насри баёт ва таронаси, орази дугоҳ, наврўзи хоро тароналари билан, наврўзи ажам тароналари, мухайяри ироқ, чамбари ироқ, уфари ироқ, муғулчалар, савтлар, мустаҳзоди наво, ироқи Бухоро, сарахбор ва уфари оромижон, роқ ва ҳоказо мақом ашулаларидан иборат асарларни ижро этиш шарт.

13. Фестиваль иштирокчилари «Шашмақом» ижро йўлларидан 2 та асарни ижро этади. Бунда ижро вақти 15 дақиқадан ошмаслиги керак.

14. Фестиваль доирасида «Шашмақомнинг бугуни ёшлар нигоҳида ва келажак истиқболлари» мавзуида илмий-амалий семинар, мақом устозлари иштирокида «маҳорат дарслари» ташкил этилади.

15. Илмий-амалий семинар иштирокчилари маърузасининг тўла матни 3-4 бетдан ва тезислар 300 сўздан кам бўлмаслиги ҳамда ижро дастури 15 дақиқадан ошмаслиги лозим.

16. Илмий-амалий семинарда иштирок этувчиларнинг рўйхати семинарни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ томонидан аниқланиб, анжуман ўтказилишидан 10 кун олдин иштирокчиларга маълум қилинади.

17. Илмий-амалий семинарнинг ишчи тиллари этиб ўзбек, инглиз ва рус тиллари белгиланади.

4-боб. Фестиваль иштирокчиларини баҳолаш ва ғолибларни тақдирлаш

18. Ташкилий қўмита томонидан 9 — 11 нафар етакчи мутахассислардан иборат Ҳакамлар ҳайъати таркиби ва Ҳайъат регламенти тасдиқланади.

19. Фестиваль доирасидаги танлов бир босқичдан иборат бўлади.

20. Танлов иштирокчиларининг ижро маҳорати Ҳакамлар ҳайъатининг ҳар бир аъзоси томонидан алоҳида тарзда 10 баллик тизим бўйича баҳоланади ва ғолиблар аниқланади.

21. Иштирокчиларни баҳолашда Ҳакамлар ҳайъати томонидан қуйидаги мезонлар инобатга олинади:

асар жанри;

ижро маҳорати;

саҳна маданияти;

саҳна либоси;

асарнинг бадиий савияси.

22. Иштирокчиларни баҳолашда Ҳакамлар ҳайъати мустақил ҳисобланади.

23. Танловнинг якуний натижалари Ҳакамлар ҳайъатининг қарори билан расмийлаштирилади.

24. Фестиваль ғолиблари Ташкилий қўмитанинг 1, 2 ва 3-даражали дипломлари, қимматбаҳо совғалар, шунингдек, ҳомийлар ва тегишли ташкилотларнинг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади.

25. Фестиваль ғолиблари республика миқёсида ўтказиладиган тадбирларда ҳамда халқаро фестивалларда, оммавий ахборот воситаларида ўз дастурлари билан қатнашишлари учун тавсия этилади.

5-боб. Фестивални ташкил этиш ва ўтказишни молиялаштириш

26. Ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг Бухоро вилоятига келиб-кетиши, меҳмонхона ва овқатланиши билан боғлиқ харажатлар Фестиваль сметаси доирасида қопланади.

27. Фестиваль иштирокчиларининг уни ўтказиш белгиланган ҳудудга келиб-кетиши, меҳмонхона ва овқатланиши билан боғлиқ харажатлар уларни Фестивалда иштирок этишга юборган ташкилот томонидан ўз маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

28. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ташкилий қўмита томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган смета асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳамда Бухоро вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан тенг улушларда ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

6-боб. Ташкилотчиларнинг ҳуқуқлари

29. Ташкилотчилар:

Фестиваль қатнашчиларининг ижроларини эфирга узатиш;

Фестивални ўтказиш давомида ва унинг якуни бўйича тайёрланган барча турдаги аудио, видео, босма ва бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш;

Фестивалга жаҳондаги етакчи продюсер ва менежерларни таклиф этиш ҳуқуқига эгадир.

Ёш ижрочиларнинг «Шашмақом» республика фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Ёш ижрочиларнинг «Шашмақом» республика фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш

Босқичлар Субъектлар Амалга ошириладиган ишлар Бажариш муддати 1-босқич Ташкилий қўмита Танлов ўтказиладиган аниқ муддатни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади Фестиваль бошланишидан уч ой олдин Ташкилотчилар Фестивалнинг ижро дастури ва унда ижро этиладиган асарлар рўйхатини (кейинги ўринларда — рўйхат) тасдиқлайди 2-босқич Маданият вазирлиги Рўйхатни Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасига етказади Фестивалнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати тасдиқлангандан сўнг беш кун муддатда 3-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси Рўйхатни ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб-интернатлар, маданият ва санъат йўналишидаги академик лицейлар, олий таълим муассасалари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, бадиий ва ижодий жамоаларга етказади Фестивалнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати олингандан кейин уч кун муддатда 4-босқич Фестиваль иштирокчилари Фестивалда қатнашиш учун зарур ҳужжатларни Ташкилий қўмитага тақдим қилади Фестиваль бошланишидан 30 кун олдин 5-босқич Ташкилотчилар, Ташкилий қўмита Фестивални ўтказади Фестиваль ўтказиладиган йилнинг май ойида 6-босқич Ташкилотчилар, Ташкилий қўмита Фестиваль ғолибларини тақдирлайди Фестиваль якуни бўйича

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 16 ноябрь,

685-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.11.2021 й., 09/21/685/1056-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TARKIBI

NIZOM

SXEMASI

Buxoro viloyatida Yosh ijrochilarning “Shashmaqom” respublika festivalini tashkil etish va oʻtkazish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Maqom sanʼatida yosh ijrochilarning mahorati, isteʼdodi va qobiliyatini namoyon etish, yangi isteʼdodlarni kashf etish, iqtidorli yoshlarni ragʻbatlantirish, oʻziga xos ijod maktablarini yaratgan maqom sanʼati ustozlari tajribasini ommalashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Buxoro viloyati hokimligi, Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, Yoshlar ishlari agentligi va Oʻzbek milliy maqom sanʼati markazining 2022-yildan boshlab har ikki yilda bir marotaba may oyida Buxoro shahrida Yosh ijrochilarning “Shashmaqom” respublika festivalini (keyingi oʻrinlarda — Festival) tashkil etish va oʻtkazish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

2. Yosh ijrochilarning “Shashmaqom” respublika festivaliga tayyorgarlik koʻrish va uni oʻtkazish boʻyicha tashkiliy qoʻmita (keyingi oʻrinlarda — Tashkiliy qoʻmita) tarkibi 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Yosh ijrochilarning “Shashmaqom” respublika festivalini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

Festivalni har ikki yilda bir marotaba may oyida Buxoro shahrida Buxoro viloyati hokimligi, Madaniyat vazirligi, Yoshlar ishlari agentligi va Oʻzbek milliy maqom sanʼati markazi tomonidan tashkil etish va oʻtkazish tartibi;

Festivalni oʻtkazish tartibi va shartlarini belgilash, shu jumladan, unda 30 yoshgacha boʻlgan yakka ijrochilar hamda ijodiy jamoalar (xonanda va sozandalar soni 15 nafardan oshmagan holda) tomonidan Festival dasturining 2 ta shartini (cholgʻu va ashula yoʻnalishlari) bajarishni nazarda tutish;

Festival ishtirokchilarini 9 — 11 nafar yetakchi mutaxassislardan iborat tarkibda tuziladigan Hakamlar hayʼati har bir aʼzosi tomonidan alohida tarzda 10 ballik tizim boʻyicha baholash va gʻoliblarni aniqlash mezonlari;

Festivalni tashkil etish va oʻtkazishni moliyalashtirish tartibi hamda moliyalashtirish manbalarini belgilash.

4. Tashkiliy qoʻmita:

manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda 2022-yilda Festivalni tashkil etish hamda oʻtkazish boʻyicha barcha tashkiliy va ijodiy ishlarni muvofiqlashtirish;

Festivalga tayyorgarlik koʻrish va uni oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar smetasini shakllantirish hamda tasdiqlash;

Festival sovrindorlariga topshiriladigan diplom, sertifikat, statuetka namunalarini tasdiqlash;

Festivalni zamonaviy texnologiyalardan keng foydalangan holda yuqori badiiy saviyada oʻtkazish ishlarini amalga oshirsin.

5. Buxoro viloyati hokimligi:

bir oy muddatda Festivalni tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha “yoʻl xaritasi”ni tasdiqlab, unda belgilangan vazifalar ijrosini taʼminlasin;

Buxoro shahrida keng koʻlamdagi obodonlashtirish va koʻkalamzorlashtirish ishlarini amalga oshirsin, Festival oʻtkaziladigan joylarni talab darajasida tayyorlasin;

Festival ishtirokchilari uchun madaniy dasturlar hamda Buxoro shahrining diqqatga sazovor joylariga sayohatlarni tashkil etsin;

Festival oʻtkaziladigan yilning 1-fevraliga qadar tajribali rejissor, taniqli sanʼatkor, prodyuser, kompozitor, shoir va sohaning boshqa malakali mutaxassislarini jalb etgan holda Festivalning ochilish va yopilish marosimlari ssenariysi hamda badiiy dasturlarini tayyorlasin.

6. Belgilab qoʻyilsinki, Festivalga tayyorgarlik koʻrish va uni oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining zaxira jamgʻarmasi hamda Buxoro viloyati mahalliy budjetining qoʻshimcha manbalari hisobidan teng ulushlarda, shuningdek, jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan qoplanadi.

7. Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi va boshqa ommaviy axborot vositalariga Festivalni keng yoritib borish tavsiya etilsin.

8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri oʻrinbosari — turizm va sport vaziri A.A. Abduxakimov va Buxoro viloyati hokimi B.K. Zaripov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 16-noyabrdagi 685-son qaroriga 1-ILOVA

Yosh ijrochilarning “Shashmaqom” respublika festivaliga tayyorgarlik koʻrish va uni oʻtkazish boʻyicha tashkiliy qoʻmita

1. B. Zaripov — Buxoro viloyati hokimi, Tashkiliy qoʻmita raisi 2. B. Axmedov — madaniyat vazirining birinchi oʻrinbosari, Tashkiliy qoʻmita raisi oʻrinbosari 3. A. Saʼdullayev — Yoshlar ishlari agentligi d�rektori 4. A. Nuriddinov — Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi raisi 5. K. Karimov — oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirining birinchi oʻrinbosari 6. U. Sharifxodjayev — xalq taʼlimi vazirining birinchi oʻrinbosari 7. A. Inoyatov — sogʻliqni saqlash vazirining birinchi oʻrinbosari 8. Sh. Sobirov — ichki ishlar vazirining birinchi oʻrinbosari 9. S. Begmatov — Respublika maqom sanʼati markazi rahbari 10. A. Xadjayev — Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi raisi 11. M. Xamrayev — Buxoro viloyati hokimining yoshlar siyosati, ijtimoiy rivojlantirish va maʼnaviy-maʼrifiy ishlar boʻyicha oʻrinbosari 12. B. Adilov — Buxoro viloyati hokimligi moliya bosh boshqarmasi boshligʻi 13. Lavozimiga koʻra — Buxoro viloyati madaniyat boshqarmasi boshligʻi, Tashkiliy qoʻmita kotibi

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 16-noyabrdagi 685-son qaroriga 2-ILOVA

Yosh ijrochilarning “Shashmaqom” respublika festivalini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Yosh ijrochilarning “Shashmaqom” respublika festivali (keyingi oʻrinlarda — Festival)ni tashkil etish va oʻtkazish tartibini belgilaydi.

2. Festival 2022-yildan boshlab har ikki yilda bir marotaba may oyida Buxoro shahrida oʻtkaziladi.

Bunda uning aniq muddati Yosh ijrochilarning “Shashmaqom” respublika festivaliga tayyorgarlik koʻrish va uni oʻtkazish boʻyicha tashkiliy qoʻmita (keyingi oʻrinlarda — Tashkiliy qoʻmita) tomonidan Festival boshlanishidan 30 kun oldin ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinadi.

3. Festival Buxoro viloyati hokimligi, Madaniyat vazirligi, Yoshlar ishlari agentligi va Oʻzbek milliy maqom sanʼati markazi (keyingi oʻrinlarda — tashkilotchilar) tomonidan tashkil etiladi va oʻtkaziladi.

4. Festivalni tashkil etish va oʻtkazish Tashkiliy qoʻmita tomonidan muvofiqlashtiriladi.

2-bob. Festivalning asosiy vazifalari

5. Festivalning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:

oʻzbek musiqa ijrochiligi madaniyatini yanada yuksak darajaga koʻtarish, milliy maqom sanʼatini dunyo sahnalariga olib chiqish, iqtidorli yoshlarni kashf etish, ragʻbatlantirish va ularning ijodini targʻib etish;

yosh maqom ijrochilarining isteʼdodi va ijodiy qobiliyatini namoyon etish, ularning ijrochilik koʻnikmalarini yanada rivojlantirish;

yoshlar orasida maqom sanʼatiga boʻlgan qiziqishni oshirish;

“Shashmaqom” sanʼatining tarixiy anʼanalarini asrash va targʻib etish, keng ommalashtirish, oʻsib kelayotgan yosh avlodga yetkazish;

oʻzbek milliy maqom sanʼatining nufuzini yanada oshirish hamda dunyo sahnalariga olib chiqish va targʻib etish;

yoshlarning oʻzbek milliy maqom sanʼatiga qiziqishini oshirish, oʻziga xos ijro maktablari va anʼanalarni yangi bosqichga koʻtarish, uning “Oltin fondi”ni yaratish va boyitish, xalqaro nufuzini oshirish va keng targʻib qilish;

qadim Buxoroning turizm yoʻnalishidagi salohiyatini namoyish etish, xizmatlar koʻlamini kengaytirish, sayyohlar oqimini oshirish;

oʻzbek xalqining madaniyatini, xususan, betakror maqom sanʼatini, shu jumladan, Festival doirasida hunarmandchilik koʻrgazmalari, tasviriy va amaliy sanʼat asarlari, qadriyatlar va anʼanalarni keng targʻib etish;

“Shashmaqom” sanʼati bilan xalqimizning boy tafakkuri va ezgu intilishlari natijasida bunyod etilgan va etilayotgan maʼnaviy merosimizni asrab-avaylash;

oʻziga xos maktablarini yaratgan maqom sanʼati ustozlari tajribasini ommalashtirish, “Ustoz-shogird” anʼanalarini qoʻllab-quvvatlash va keng yoyish;

“Shashmaqom” asarlari orqali millatlararo doʻstlik, totuvlik va hamjihatlik gʻoyalarini ilgari surish va tarannum etish.

3-bob. Festivalni oʻtkazish tartibi va shartlari

6. Festival ijro dasturi asosida mazkur Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq oʻtkaziladi.

7. Tashkilotchilar tomonidan Festivalning ijro dasturi va tanlovda ijro etiladigan asarlar roʻyxati (keyingi oʻrinlarda — dastur va asarlar roʻyxati) tasdiqlanadi hamda Festivalni oʻtkazishning aniq muddati bilan birga Festival boshlanishidan uch oy oldin ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinadi.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi dastur va asarlar roʻyxatini ular tasdiqlangandan keyin besh kun muddatda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, viloyatlar madaniyat boshqarmalari hamda Toshkent shahar madaniyat bosh boshqarmasiga yetkazadi.

9. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, viloyatlar madaniyat boshqarmalari hamda Toshkent shahar madaniyat bosh boshqarmasi dastur va asarlar roʻyxatini ular olingandan keyin uch kun muddatda ixtisoslashtirilgan sanʼat va madaniyat maktablari, maktab-internatlar, madaniyat va sanʼat yoʻnalishidagi akademik litseylar, oliy taʼlim muassasalari, bolalar musiqa va sanʼat maktablari, badiiy va ijodiy jamoalarga yetkazadi.

10. Har bir ishtirokchi quyidagilarni Festival oʻtkazilishidan 30 kun oldin Tashkiliy qoʻmitaga taqdim etadi:

ishtirokchining maʼlumotnomasi;

ijro dasturi va matni;

audio va video disk.

11. Festivalda:

30 yoshgacha boʻlgan yakka ijrochilar hamda ijodiy jamoalar (xonanda va sozandalar soni 15 nafardan oshmagan holda) chiqishlari namoyish etiladi;

ijro asarlari chiroyli va mazmunli chiqishi uchun raqslardan ham foydalanish (bunda raqslar Hakamlar hayʼati tomonidan baholanmaydi) mumkin;

barcha ijro etiladigan asarlar yoddan ijro etiladi;

jamoalarning ijrolari faqat maqom asarlaridan iborat boʻlishi (oʻzbek xalq qoʻshiqlari ijrosiga yoʻl qoʻyilmaydi) shart.

12. Festivalning dasturi quyidagicha belgilanadi:

a) birinchi shart: “Mushkilot” (cholgʻu yoʻnalishi).

cholgʻuchilar ansambli tasnif, tarje, gardun, samoyi dugoh, xafif, nagʻmai oraz, peshravi dugoh, muxammas va saqillardan iborat asarlarni ijro etishi shart;

b) ikkinchi shart: “Nasr” (ashula yoʻnalishi).

har bir jamoa tomonidan bittadan maqomning “Nasr” (ashula qismi) yoʻnalishlaridan saraxborlar va uning taronalari, talqin va taronalari (uzzol, ushshoq, bayot, chorgoh va segoh), nasrlar: nasrulloyi taronalari, nasri uzzol, nasri ushshoq, navroʻzi sabo va talqinchasi, orazi navo va taronasi, husayniy navo, nasri bayot va taronasi, orazi dugoh, navroʻzi xoro taronalari bilan, navroʻzi ajam taronalari, muxayyari iroq, chambari iroq, ufari iroq, mugʻulchalar, savtlar, mustahzodi navo, iroqi Buxoro, saraxbor va ufari oromijon, roq va hokazo maqom ashulalaridan iborat asarlarni ijro etish shart.

13. Festival ishtirokchilari “Shashmaqom” ijro yoʻllaridan 2 ta asarni ijro etadi. Bunda ijro vaqti 15 daqiqadan oshmasligi kerak.

14. Festival doirasida “Shashmaqomning buguni yoshlar nigohida va kelajak istiqbollari” mavzuida ilmiy-amaliy seminar, maqom ustozlari ishtirokida “mahorat darslari” tashkil etiladi.

15. Ilmiy-amaliy seminar ishtirokchilari maʼruzasining toʻla matni 3-4 betdan va tezislar 300 soʻzdan kam boʻlmasligi hamda ijro dasturi 15 daqiqadan oshmasligi lozim.

16. Ilmiy-amaliy seminarda ishtirok etuvchilarning roʻyxati seminarni tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha ishchi guruh tomonidan aniqlanib, anjuman oʻtkazilishidan 10 kun oldin ishtirokchilarga maʼlum qilinadi.

17. Ilmiy-amaliy seminarning ishchi tillari etib oʻzbek, ingliz va rus tillari belgilanadi.

4-bob. Festival ishtirokchilarini baholash va gʻoliblarni taqdirlash

18. Tashkiliy qoʻmita tomonidan 9 — 11 nafar yetakchi mutaxassislardan iborat Hakamlar hayʼati tarkibi va Hayʼat reglamenti tasdiqlanadi.

19. Festival doirasidagi tanlov bir bosqichdan iborat boʻladi.

20. Tanlov ishtirokchilarining ijro mahorati Hakamlar hayʼatining har bir aʼzosi tomonidan alohida tarzda 10 ballik tizim boʻyicha baholanadi va gʻoliblar aniqlanadi.

21. Ishtirokchilarni baholashda Hakamlar hayʼati tomonidan quyidagi mezonlar inobatga olinadi:

asar janri;

ijro mahorati;

sahna madaniyati;

sahna libosi;

asarning badiiy saviyasi.

22. Ishtirokchilarni baholashda Hakamlar hayʼati mustaqil hisoblanadi.

23. Tanlovning yakuniy natijalari Hakamlar hayʼatining qarori bilan rasmiylashtiriladi.

24. Festival gʻoliblari Tashkiliy qoʻmitaning 1, 2 va 3-darajali diplomlari, qimmatbaho sovgʻalar, shuningdek, homiylar va tegishli tashkilotlarning faxriy yorliqlari hamda esdalik sovgʻalari bilan taqdirlanadi.

25. Festival gʻoliblari respublika miqyosida oʻtkaziladigan tadbirlarda hamda xalqaro festivallarda, ommaviy axborot vositalarida oʻz dasturlari bilan qatnashishlari uchun tavsiya etiladi.

5-bob. Festivalni tashkil etish va oʻtkazishni moliyalashtirish

26. Hakamlar hayʼati aʼzolarining Buxoro viloyatiga kelib-ketishi, mehmonxona va ovqatlanishi bilan bogʻliq xarajatlar Festival smetasi doirasida qoplanadi.

27. Festival ishtirokchilarining uni oʻtkazish belgilangan hududga kelib-ketishi, mehmonxona va ovqatlanishi bilan bogʻliq xarajatlar ularni Festivalda ishtirok etishga yuborgan tashkilot tomonidan oʻz mablagʻlari, jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari, shuningdek, qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan qoplanadi.

28. Festivalni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar Tashkiliy qoʻmita tomonidan belgilangan tartibda tasdiqlangan smeta asosida Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining zaxira jamgʻarmasi hamda Buxoro viloyati mahalliy budjetining qoʻshimcha manbalari hisobidan teng ulushlarda hamda jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari, shuningdek, qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan qoplanadi.

6-bob. Tashkilotchilarning huquqlari

29. Tashkilotchilar:

Festival qatnashchilarining ijrolarini efirga uzatish;

Festivalni oʻtkazish davomida va uning yakuni boʻyicha tayyorlangan barcha turdagi audio, video, bosma va boshqa turdagi mahsulotlarni ishlab chiqarish va tarqatish;

Festivalga jahondagi yetakchi prodyuser va menejerlarni taklif etish huquqiga egadir.

Yosh ijrochilarning “Shashmaqom” respublika festivalini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Yosh ijrochilarning “Shashmaqom” respublika festivalini tashkil etish va oʻtkazish

Bosqichlar Subyektlar Amalga oshiriladigan ishlar Bajarish muddati 1-bosqich Tashkiliy qoʻmita Tanlov oʻtkaziladigan aniq muddatni ommaviy axborot vositalarida eʼlon qiladi Festival boshlanishidan uch oy oldin Tashkilotchilar Festivalning ijro dasturi va unda ijro etiladigan asarlar roʻyxatini (keyingi oʻrinlarda — roʻyxat) tasdiqlaydi 2-bosqich Madaniyat vazirligi Roʻyxatni Qoraqalpogʻiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, viloyatlar madaniyat boshqarmalari hamda Toshkent shahar madaniyat bosh boshqarmasiga yetkazadi Festivalning ijro dasturi va tanlovda ijro etiladigan asarlar roʻyxati tasdiqlangandan soʻng besh kun muddatda 3-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, viloyatlar madaniyat boshqarmalari hamda Toshkent shahar madaniyat bosh boshqarmasi Roʻyxatni ixtisoslashtirilgan sanʼat va madaniyat maktablari, maktab-internatlar, madaniyat va sanʼat yoʻnalishidagi akademik litseylar, oliy taʼlim muassasalari, bolalar musiqa va sanʼat maktablari, badiiy va ijodiy jamoalarga yetkazadi Festivalning ijro dasturi va tanlovda ijro etiladigan asarlar roʻyxati olingandan keyin uch kun muddatda 4-bosqich Festival ishtirokchilari Festivalda qatnashish uchun zarur hujjatlarni Tashkiliy qoʻmitaga taqdim qiladi Festival boshlanishidan 30 kun oldin 5-bosqich Tashkilotchilar, Tashkiliy qoʻmita Festivalni oʻtkazadi Festival oʻtkaziladigan yilning may oyida 6-bosqich Tashkilotchilar, Tashkiliy qoʻmita Festival gʻoliblarini taqdirlaydi Festival yakuni boʻyicha

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 16-noyabr,

685-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 17.11.2021-y., 09/21/685/1056-son)

lex.uz