📅 2021-yil 17-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 17-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 17 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 17 ноября 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 17 November 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»
Ҳарбий тарихни ўрганиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Миллий давлатчилигимиз вужудга келиши ва тараққий топган даврларда ҳарбий соҳада эришилган ютуқлар шон-шуҳратини тарихий далиллар асосида замондошлар онги-хотирасида мустаҳкамлаш ва имкон қадар кенг оммага, айниқса, ёш авлодга етказиш, уларнинг дунёқарашлари, қалбларида миллий қадриятлар руҳи, миллат тамаддунига дахлдорлик, она Ватанга меҳр ва садоқат, адолат туйғусини ҳар томонлама кучайтириш, буюк саркардаларимиз мерос қилиб қолдирган бой жанг санъати сирларини ўрганиш, бу борада илмий-оммабоп, бадиий, ўқув-услубий адабиётларни, шу жумладан мультимедиа имкониятларидан фойдаланган ҳолда тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти ва Фанлар академиясининг Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти муассислигида:
«Аждодлар изидан» ҳарбий-тарихий жамияти — муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилотини (кейинги ўринларда — Жамият) ташкил этиш;
«Аждодлар изидан» илмий-оммабоп журналини таъсис этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:
Жамиятни бошқариш Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири раислик қиладиган Кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади;
Кузатув кенгаши ва Жамият аъзолари фаолиятларини жамоатчилик асосида олиб боради;
Кузатув кенгаши йиғилишлари, қоида тариқасида, ҳар йили камида икки маротаба ўтказилади;
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти раҳбари — Кузатув кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, фавқулодда вазиятлар вазири, Давлат хавфсизлик хизмати раиси, Миллий гвардияси қўмондони, маданият вазири ва Фанлар академияси президенти Кузатув кенгашининг доимий аъзолари ҳисобланади, шунингдек, фан, таълим, тарих, ҳарбий соҳада илмий ва амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган фуқаролар, шу жумладан, ҳарбий пенсионерлар ихтиёрий асосда Кузатув кенгашининг аъзолари бўлиши мумкин.
3. Жамият фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланганлиги инобатга олинсин:
махсус тузилган қидирув гуруҳлари ва экспедицияларининг саъй-ҳаракатлари билан қадим ўтмишда, ўрта асрларда, яқин тарихда Ўзбекистон ҳудудида, шунингдек, унинг чегаралари ташқарисида бўлиб ўтган ҳарбий-тарихий аҳамиятга эга тарихий ҳужжатлар ва воқеалар тавсиф-баёнини тўплаш ишларини ташкиллаштириш ва амалга ошириш;
ушбу ҳудудда яшаган, миллат озодлиги ва мустақиллиги учун босқинчиларга қарши курашиб, қаҳрамонлик кўрсатган ҳарбий саркардалар, раҳбарлар, қабила ва халқ етакчилари, йўлбошчиларининг фаолиятини ўрганиш;
белгиланган тартибда юртимиздаги музей, кутубхона ва архивларда, шу жумладан, хорижий давлатлардаги шу каби муассасаларда илмий-тадқиқот ва қидирув ишларини олиб бориш;
таниқли олимлар, тарихчилар, археологлар, мутахассисларни жалб қилган ҳолда йиғилган маълумотларни тизимлаштириш;
ҳарбий юришлар, миллий озодлик учун олиб борилган кураш жараёнларининг иштирокчилари ва уларнинг йўлбошчилари томонидан қўлланилган стратегия ва жанг қилиш усулларини матнли ҳамда график тавсифларда акс эттирган тарзда Ўзбекистон тарихида юз берган ҳарбий- тарихий воқеалар харитасини тузиш;
Ўзбекистонда юз берган ҳарбий-тарихий воқеалар харитаси асосида ҳудудларда давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда кўнгиллиларни жалб қилган ҳолда ҳарбий-тарихий маданий мерос объектларини ўрганишни ташкиллаштириш, келгусида хорижлик меҳмонлар, маҳаллий аҳоли, айниқса, мактаб ўқувчилари ва талабалар учун экскурсиялар уюштириш мақсадида тарихий воқеалар лавҳалари акс эттирилган ёдгорлик, ёдгорликлар ва музей мажмуалари лойиҳаларини тузишда кўмаклашиш.
4. «Аждодлар изидан» ҳарбий-тарихий жамияти фаолиятини ташкил этиш бўйича «йўл харитаси» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Қуйидагилар:
а) Жамият фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида «Аждодлар изидан» ҳарбий-тарихий жамиятини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) тузилиши;
б) Жамғарма қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилиши:
ҳар йили 1 февралга қадар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси ва Маданият вазирлигининг ҳар бири томонидан бюджет, бюджетдан ташқари маблағлар ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 500 баробари эквиваленти миқдорида ажратиладиган маблағлар;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳарбий-маъмурий секторларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан амалга оширилган ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;
в) Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби Жамият Кузатув кенгаши томонидан белгиланиши;
г) Жамият фаолиятида бошқа давлат ва нодавлат ташкилотларининг юқори илмий салоҳиятга эга мутахассислари ҳам иштирок этиши мумкинлиги маълумот учун қабул қилинсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ўзбекистоннинг ҳарбий тарихини оммалаштириш, ватанпарварликни тарғиб этиш, ҳарбий хизмат нуфузини ошириш мақсадида музейларда ҳарбий тарих мавзуларини кенг ёритиш, шунингдек, театрларда спектакль ва саҳна асарларини яратиш ва мунтазам равишда намойиш этиш ишларини йўлга қўйсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Фанлар академияси Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан мунтазам равишда тарихий, ҳарбий-ватанпарварлик мавзуларига оид бадиий, илмий-оммабоп нашрларнинг чоп этилишига кўмаклашиш тавсия этилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги ёшлар ва ҳарбий хизматчиларда ватанпарварлик, садоқат ҳамда фидойилик туйғуларини шакллантиришга қаратилган, шонли тарихимиз, буюк саркардаларимизнинг таржимаи ҳоли, мардонавор курашлари, ҳарбий санъати, саркардалик маҳорати, қаҳрамонликларини акс эттирувчи бадиий ва ҳужжатли фильмлар, сериаллар, мультфильмлар яратсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Жамиятнинг 2022 йилдан бошлаб илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида лойиҳаларни амалга оширувчи ташкилотлар реестрига киритилишини ва илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ танловлар асосида Жамият илмий лойиҳаларини молиялаштиришга белгиланган тартибда маблағлар ажратилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
Жамиятнинг ҳарбий тарих бўйича илмий-тадқиқот ва қидирув ишларини ташкиллаштиришда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан илмий ҳамкорлик ўрнатиш ва уни ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатсин;
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўзбекистонлик аскарларнинг хорижий давлатлар ҳудудидаги қабрлари ва уларнинг ҳолати ҳақида маълумотларни шакллантирсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги уч ой муддатда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўзбекистонлик аскарларнинг хорижий давлатлар ҳудудидаги қабрларини ватандошларимиз зиёрат қилишларини назарда тутган ҳолда сайёҳлик йўналишларини (маршрутларини) ишлаб чиқиш чораларини таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Фанлар академияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки йил муддатда тарихий ҳамда расмий ҳужжатлар асосида Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий тарихи энциклопедиясини нашрга тайёрлаш чораларини кўрсин.
13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳарбий-тарихий маданий мерос объектларини сақлаш, тиклаш борасида, тарихий тадқиқотларни ривожлантиришда, аҳолини, айниқса, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлида амалга оширилаётган ишларда Жамият фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватласин.
14. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Қарши шаҳридаги «Ватанпарварлар» боғида жойлашган «Ватан мудофааси тарихи» музейи экспозициясини «Амир Темур ва Тўхтамишхон жанги» панорамаси тарзида қуриш ишларини 2022 йил 1 майга қадар якунласин.
15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Б.Н. Курбанов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 ноябрдаги 692-сон қарорига ИЛОВА
«Аждодлар изидан» ҳарбий-тарихий жамияти фаолиятини ташкил этиш бўйича
Т/р Чора-тадбирлар номи Амалга ошириш шакли Ижро муддати Молиялаштириш манбаи Масъуллар 1. «Аждодлар изидан» ҳарбий-тарихий жамият тўғрисида»ги Низомни ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш. Низом лойиҳаси 2022 йил февраль Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Маданият вазирлиги, Фанлар академияси 2. Ҳарбий округлар қўшинлари қўмондонлари раҳбарлигида Қуролли Кучларнинг нуфузли фахрийлари, олимлар, тадқиқотчилар, маданият ва санъат ходимлари, бошқа жамоат арбоблари, шунингдек, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг вакиллари, ёшлар ташкилотлари фаоллари ва кўнгиллиларни жалб қилган ҳолда «Аждодлар изидан» ҳарбий-тарихий жамиятининг ҳудудий бўлимларини ташкил этиш. Ҳудудий ишчи гуруҳларни ташкил этиш 2022 йил февраль Мудофаа вазирлиги, Ҳарбий округлар қўшинлари қўмондонлари, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳудудий бошқармалари бошлиқлари. 3. Ахборот-қидирув ишларини таъминлаш учун «Аждодлар изидан» ҳарбий-тарихий жамиятининг веб-сайтини яратиш. Амалий чора-тадбирлар 2022 йил апрель Ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида, бюджетдан ташқари маблағлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фанлар академияси 4. Хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда Қарши шаҳридаги «Ватанпарварлар» боғида жойлашган «Ватан мудофааси тарихи» музейи замонавий панорама услубида музей экспозициясини барпо қилиш ва фойдаланиш учун топшириш. Амалий чора-тадбирлар 2022 йил май Қашқадарё вилояти ҳокимлиги маҳаллий бюджетлари ҳисобидан Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги 5. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг «Улуғ салтанат» роман-эпопеяси асосида режиссёр Ҳилол Насимов билан биргаликда ёзилган «Буюк Амир Темур» сценарийси асосида Шаҳрисабз Давлат музейи қўриқхонаси бош директори тарих фанлари номзоди Наби Олимович Хушваков, режиссёр Сергей Валентинович Русаков ва Россия ёзувчилар уюшмаси аъзоси Димитрий Валентинович Агалаковлар томонидан ёзилган «Кеш шери» номли бадиий фильм сценарийси, Темуршунос олим ва публицист ёзувчи Жумабой Рахимовнинг «Адолат ва қудрат тимсоли», «Жалолиддин Мангуберди Ватаннинг шерюрак баҳодири», «Коинотга талпинган ҳукмдор», Амир Темур, Мирзо Улуғбек ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақидаги илмий-оммабоп китоб-альбомлари ўрганиб чиқилиб қўшма лойиҳа асосида «Ватан» киностудияси базасида кўп қисмли тарихий киноэпопея (киносериал)ни яратиш. Амалий чора-тадбирлар 2022 йилдан режага кўра Ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида, бюджетдан ташқари маблағлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан Кинематография агентлиги, Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, Фанлар академияси, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги 6. Ҳарбий тарихий воқеалар юз берган жойларда, ушбу тарихий воқеа содир бўлган саналарда ёшлар жамоат ташкилотлари, ҳарбий хизматчилар, маҳаллий аҳоли ва кўнгиллиларни жалб қилган ҳолда тарихий воқеликни қайта тиклаш мақсадида маънавий-маърифий тадбирлар, фестиваллар, кўргазмалар ташкил қилиш ишларини амалга ошириш. Амалий чора-тадбирлар 2022 йилдан режага кўра Ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида, бюджетдан ташқари маблағлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан Мудофаа вазирлиги, Маданият вазирлиги, Бадиий академия, Кинематография агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, Фанлар академияси, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги 7. Россиянинг Самара вилоятидаги Кодурча воҳасида маҳаллий ўлкашунослар томонидан буюк ҳарбий саркарда Амир Темурга бағишлаб ўрнатилган ёдгорлик тоши ўрнида Амир Темур ва унинг ҳарбий саркардалари ифодаланган композицион ҳайкал ўрнатиш бўйича кўрик-танлов эълон қилиш ҳамда танлов натижаларига кўра ғолиб бўлган ҳайкал мажмуасини ўрнатиш юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Маданият вазирлиги билан меморандум тузиш ишларини олиб бориш, Ўзбекистон Республикаси жанговар ордени соҳиблари туғилиб ўсган ёки истиқомат қилаётган жойларда маҳаллий кўнгиллилар томонидан эсдалик лавҳалари, ёдгорлик тошларини ўрнатиш. Амалий чора-тадбирлар 2021 — 2023 йиллар Ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида, бюджетдан ташқари маблағлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан Мудофаа вазирлиги, Маданият вазирлиги, Бадиий академия, Кинематография агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, Фанлар академияси, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги 8. Ўзбекистоннинг ҳарбий тарихига оид миллий давлатчилигимиз вужудга келиши ва тараққий топган даврларда ҳарбий соҳада эришилган ютуқлар, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк саркардаларимизнинг ҳарбий салоҳияти ҳамда жанг қилиш санъатини ҳикоя қилувчи асарлар, ҳикоялар, мақолаларни «Аждодлар изидан» илмий-оммабоп журналида мунтазам чоп этиб бориш. Амалий чора-тадбирлар доимо Ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида, бюджетдан ташқари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан «Аждодлар изидан» ҳарбий-тарихий жамияти 9. Амир Темур изидан, Жалолиддин изидан, Бобур изидан каби мавзуларда халқаро илмий, маърифий экспедициялар ташкил этиш, хорижий давлатларда сақланиб қолган географик ва тарихий ҳудудларда эсдалик тошлари, ёдгорликлар ва ҳайкаллар яратиш борасида таклифларни ишлаб чиқиш, туристик сайёҳлик маршрутларини ишлаб чиқиш. Амалий чора-тадбирлар доимо Ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида, бюджетдан ташқари маблағлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Бадиий академия. Кинематография агентлиги, Ташки ишлар вазирлиги
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 17 ноябрь,
692-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
“YOʻL XARITASI”
Harbiy tarixni oʻrganish borasidagi ishlar samaradorligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Milliy davlatchiligimiz vujudga kelishi va taraqqiy topgan davrlarda harbiy sohada erishilgan yutuqlar shon-shuhratini tarixiy dalillar asosida zamondoshlar ongi-xotirasida mustahkamlash va imkon qadar keng ommaga, ayniqsa, yosh avlodga yetkazish, ularning dunyoqarashlari, qalblarida milliy qadriyatlar ruhi, millat tamadduniga daxldorlik, ona Vatanga mehr va sadoqat, adolat tuygʻusini har tomonlama kuchaytirish, buyuk sarkardalarimiz meros qilib qoldirgan boy jang sanʼati sirlarini oʻrganish, bu borada ilmiy-ommabop, badiiy, oʻquv-uslubiy adabiyotlarni, shu jumladan multimedia imkoniyatlaridan foydalangan holda tayyorlash borasida amalga oshirilayotgan ishlar samaradorligini yanada oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmati, Milliy gvardiyasi, Madaniyat vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi mudofaasiga koʻmaklashuvchi “Vatanparvar” tashkiloti va Fanlar akademiyasining Oʻzbekiston Respublikasi mudofaasiga koʻmaklashuvchi “Vatanparvar” tashkiloti muassisligida:
“Ajdodlar izidan” harbiy-tarixiy jamiyati — muassasa shaklidagi nodavlat notijorat tashkilotini (keyingi oʻrinlarda — Jamiyat) tashkil etish;
“Ajdodlar izidan” ilmiy-ommabop jurnalini taʼsis etish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.
2. Quyidagilar maʼlumot uchun qabul qilinsin:
Jamiyatni boshqarish Oʻzbekiston Respublikasi mudofaa vaziri raislik qiladigan Kuzatuv kengashi tomonidan amalga oshiriladi;
Kuzatuv kengashi va Jamiyat aʼzolari faoliyatlarini jamoatchilik asosida olib boradi;
Kuzatuv kengashi yigʻilishlari, qoida tariqasida, har yili kamida ikki marotaba oʻtkaziladi;
Oʻzbekiston Respublikasi mudofaasiga koʻmaklashuvchi “Vatanparvar” tashkiloti rahbari — Kuzatuv kengashi raisi oʻrinbosari, Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri, favqulodda vaziyatlar vaziri, Davlat xavfsizlik xizmati raisi, Milliy gvardiyasi qoʻmondoni, madaniyat vaziri va Fanlar akademiyasi prezidenti Kuzatuv kengashining doimiy aʼzolari hisoblanadi, shuningdek, fan, taʼlim, tarix, harbiy sohada ilmiy va amaliy tajribaga ega boʻlgan hamda alohida xizmat koʻrsatgan fuqarolar, shu jumladan, harbiy pensionerlar ixtiyoriy asosda Kuzatuv kengashining aʼzolari boʻlishi mumkin.
3. Jamiyat faoliyatining asosiy yoʻnalishlari sifatida quyidagilar belgilanganligi inobatga olinsin:
maxsus tuzilgan qidiruv guruhlari va ekspeditsiyalarining saʼy-harakatlari bilan qadim oʻtmishda, oʻrta asrlarda, yaqin tarixda Oʻzbekiston hududida, shuningdek, uning chegaralari tashqarisida boʻlib oʻtgan harbiy-tarixiy ahamiyatga ega tarixiy hujjatlar va voqealar tavsif-bayonini toʻplash ishlarini tashkillashtirish va amalga oshirish;
ushbu hududda yashagan, millat ozodligi va mustaqilligi uchun bosqinchilarga qarshi kurashib, qahramonlik koʻrsatgan harbiy sarkardalar, rahbarlar, qabila va xalq yetakchilari, yoʻlboshchilarining faoliyatini oʻrganish;
belgilangan tartibda yurtimizdagi muzey, kutubxona va arxivlarda, shu jumladan, xorijiy davlatlardagi shu kabi muassasalarda ilmiy-tadqiqot va qidiruv ishlarini olib borish;
taniqli olimlar, tarixchilar, arxeologlar, mutaxassislarni jalb qilgan holda yigʻilgan maʼlumotlarni tizimlashtirish;
harbiy yurishlar, milliy ozodlik uchun olib borilgan kurash jarayonlarining ishtirokchilari va ularning yoʻlboshchilari tomonidan qoʻllanilgan strategiya va jang qilish usullarini matnli hamda grafik tavsiflarda aks ettirgan tarzda Oʻzbekiston tarixida yuz bergan harbiy- tarixiy voqealar xaritasini tuzish;
Oʻzbekistonda yuz bergan harbiy-tarixiy voqealar xaritasi asosida hududlarda davlat va nodavlat tashkilotlari hamda koʻngillilarni jalb qilgan holda harbiy-tarixiy madaniy meros obyektlarini oʻrganishni tashkillashtirish, kelgusida xorijlik mehmonlar, mahalliy aholi, ayniqsa, maktab oʻquvchilari va talabalar uchun ekskursiyalar uyushtirish maqsadida tarixiy voqealar lavhalari aks ettirilgan yodgorlik, yodgorliklar va muzey majmualari loyihalarini tuzishda koʻmaklashish.
4. “Ajdodlar izidan” harbiy-tarixiy jamiyati faoliyatini tashkil etish boʻyicha “yoʻl xaritasi” ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
5. Quyidagilar:
a) Jamiyat faoliyatini samarali tashkil etish maqsadida “Ajdodlar izidan” harbiy-tarixiy jamiyatini rivojlantirish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) tuzilishi;
b) Jamgʻarma quyidagi manbalar hisobidan shakllantirilishi:
har yili 1-fevralga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmati, Milliy gvardiyasi va Madaniyat vazirligining har biri tomonidan budjet, budjetdan tashqari mablagʻlar hamda qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan bazaviy hisoblash miqdorining 1 500 barobari ekvivalenti miqdorida ajratiladigan mablagʻlar;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar harbiy-maʼmuriy sektorlarini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari;
yuridik va jismoniy shaxslar, shu jumladan, Oʻzbekiston Respublikasi norezidentlari tomonidan amalga oshirilgan homiylik xayriyalari;
qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar;
v) Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi Jamiyat Kuzatuv kengashi tomonidan belgilanishi;
g) Jamiyat faoliyatida boshqa davlat va nodavlat tashkilotlarining yuqori ilmiy salohiyatga ega mutaxassislari ham ishtirok etishi mumkinligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi Oʻzbekistonning harbiy tarixini ommalashtirish, vatanparvarlikni targʻib etish, harbiy xizmat nufuzini oshirish maqsadida muzeylarda harbiy tarix mavzularini keng yoritish, shuningdek, teatrlarda spektakl va sahna asarlarini yaratish va muntazam ravishda namoyish etish ishlarini yoʻlga qoʻysin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligiga Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi va Fanlar akademiyasi Mudofaa vazirligi bilan hamkorlikda Maʼnaviyat va ijodni qoʻllab-quvvatlash maqsadli jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan muntazam ravishda tarixiy, harbiy-vatanparvarlik mavzulariga oid badiiy, ilmiy-ommabop nashrlarning chop etilishiga koʻmaklashish tavsiya etilsin.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Kinematografiya agentligi yoshlar va harbiy xizmatchilarda vatanparvarlik, sadoqat hamda fidoyilik tuygʻularini shakllantirishga qaratilgan, shonli tariximiz, buyuk sarkardalarimizning tarjimai holi, mardonavor kurashlari, harbiy sanʼati, sarkardalik mahorati, qahramonliklarini aks ettiruvchi badiiy va hujjatli filmlar, seriallar, multfilmlar yaratsin.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi Jamiyatning 2022-yildan boshlab ilmiy faoliyatga oid davlat dasturlari doirasida loyihalarni amalga oshiruvchi tashkilotlar reyestriga kiritilishini va ilmiy-tadqiqot ishlariga davlat buyurtmasi talablariga muvofiq tanlovlar asosida Jamiyat ilmiy loyihalarini moliyalashtirishga belgilangan tartibda mablagʻlar ajratilishini taʼminlasin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi:
Jamiyatning harbiy tarix boʻyicha ilmiy-tadqiqot va qidiruv ishlarini tashkillashtirishda xorijiy davlatlar va xalqaro tashkilotlar bilan ilmiy hamkorlik oʻrnatish va uni rivojlantirishda amaliy yordam koʻrsatsin;
Ikkinchi jahon urushida halok boʻlgan oʻzbekistonlik askarlarning xorijiy davlatlar hududidagi qabrlari va ularning holati haqida maʼlumotlarni shakllantirsin.
11. Oʻzbekiston Respublikasi Turizm va sport vazirligi uch oy muddatda Ikkinchi jahon urushida halok boʻlgan oʻzbekistonlik askarlarning xorijiy davlatlar hududidagi qabrlarini vatandoshlarimiz ziyorat qilishlarini nazarda tutgan holda sayyohlik yoʻnalishlarini (marshrutlarini) ishlab chiqish choralarini taʼminlasin.
12. Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi, Fanlar akademiyasi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda ikki yil muddatda tarixiy hamda rasmiy hujjatlar asosida Oʻzbekiston Respublikasining harbiy tarixi ensiklopediyasini nashrga tayyorlash choralarini koʻrsin.
13. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tomonidan harbiy-tarixiy madaniy meros obyektlarini saqlash, tiklash borasida, tarixiy tadqiqotlarni rivojlantirishda, aholini, ayniqsa, yoshlarni vatanparvarlik ruhida tarbiyalash yoʻlida amalga oshirilayotgan ishlarda Jamiyat faoliyatini har tomonlama qoʻllab-quvvatlasin.
14. Qashqadaryo viloyati hokimligi Qarshi shahridagi “Vatanparvarlar” bogʻida joylashgan “Vatan mudofaasi tarixi” muzeyi ekspozitsiyasini “Amir Temur va Toʻxtamishxon jangi” panoramasi tarzida qurish ishlarini 2022-yil 1-mayga qadar yakunlasin.
15. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi mudofaa vaziri B.N. Kurbanov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 17-noyabrdagi 692-son qaroriga ILOVA
“Ajdodlar izidan” harbiy-tarixiy jamiyati faoliyatini tashkil etish boʻyicha
T/r Chora-tadbirlar nomi Amalga oshirish shakli Ijro muddati Moliyalashtirish manbai Masʼullar 1. “Ajdodlar izidan” harbiy-tarixiy jamiyat toʻgʻrisida”gi Nizomni ishlab chiqish va belgilangan tartibda tasdiqlash. Nizom loyihasi 2022-yil fevral Mudofaa vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmati, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Milliy gvardiya, Madaniyat vazirligi, Fanlar akademiyasi 2. Harbiy okruglar qoʻshinlari qoʻmondonlari rahbarligida Qurolli Kuchlarning nufuzli faxriylari, olimlar, tadqiqotchilar, madaniyat va sanʼat xodimlari, boshqa jamoat arboblari, shuningdek, oliy va oʻrta maxsus taʼlim muassasalarining vakillari, yoshlar tashkilotlari faollari va koʻngillilarni jalb qilgan holda “Ajdodlar izidan” harbiy-tarixiy jamiyatining hududiy boʻlimlarini tashkil etish. Hududiy ishchi guruhlarni tashkil etish 2022-yil fevral Mudofaa vazirligi, Harbiy okruglar qoʻshinlari qoʻmondonlari, Ichki ishlar vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmati, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Milliy gvardiya, Madaniyat vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hududiy boshqarmalari boshliqlari. 3. Axborot-qidiruv ishlarini taʼminlash uchun “Ajdodlar izidan” harbiy-tarixiy jamiyatining veb-saytini yaratish. Amaliy chora-tadbirlar 2022-yil aprel Har yili ajratiladigan budjet mablagʻlari doirasida, budjetdan tashqari mablagʻlar va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar hisobidan Mudofaa vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmati, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Milliy gvardiya, Fanlar akademiyasi 4. Xorijiy mutaxassislar bilan hamkorlikda Qarshi shahridagi “Vatanparvarlar” bogʻida joylashgan “Vatan mudofaasi tarixi” muzeyi zamonaviy panorama uslubida muzey ekspozitsiyasini barpo qilish va foydalanish uchun topshirish. Amaliy chora-tadbirlar 2022-yil may Qashqadaryo viloyati hokimligi mahalliy budjetlari hisobidan Qashqadaryo viloyati hokimligi, Madaniyat vazirligi, Tashqi ishlar vazirligi 5. Oʻzbekiston xalq yozuvchisi Muhammad Alining “Ulugʻ saltanat” roman-epopeyasi asosida rejissor Hilol Nasimov bilan birgalikda yozilgan “Buyuk Amir Temur” ssenariysi asosida Shahrisabz Davlat muzeyi qoʻriqxonasi bosh direktori tarix fanlari nomzodi Nabi Olimovich Xushvakov, rejissor Sergey Valentinovich Rusakov va Rossiya yozuvchilar uyushmasi aʼzosi Dimitriy Valentinovich Agalakovlar tomonidan yozilgan “Kesh sheri” nomli badiiy film ssenariysi, Temurshunos olim va publitsist yozuvchi Jumaboy Raximovning “Adolat va qudrat timsoli”, “Jaloliddin Manguberdi Vatanning sheryurak bahodiri”, “Koinotga talpingan hukmdor”, Amir Temur, Mirzo Ulugʻbek va Zahiriddin Muhammad Bobur haqidagi ilmiy-ommabop kitob-albomlari oʻrganib chiqilib qoʻshma loyiha asosida “Vatan” kinostudiyasi bazasida koʻp qismli tarixiy kinoepopeya (kinoserial)ni yaratish. Amaliy chora-tadbirlar 2022-yildan rejaga koʻra Har yili ajratiladigan budjet mablagʻlari doirasida, budjetdan tashqari mablagʻlar va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar hisobidan Kinematografiya agentligi, Madaniyat vazirligi, Tashqi ishlar vazirligi, Mudofaa vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmati, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Milliy gvardiya, Davlat bojxona qoʻmitasi, Fanlar akademiyasi, Oʻzbekiston yozuvchilar uyushmasi, Qashqadaryo viloyati hokimligi 6. Harbiy tarixiy voqealar yuz bergan joylarda, ushbu tarixiy voqea sodir boʻlgan sanalarda yoshlar jamoat tashkilotlari, harbiy xizmatchilar, mahalliy aholi va koʻngillilarni jalb qilgan holda tarixiy voqelikni qayta tiklash maqsadida maʼnaviy-maʼrifiy tadbirlar, festivallar, koʻrgazmalar tashkil qilish ishlarini amalga oshirish. Amaliy chora-tadbirlar 2022-yildan rejaga koʻra Har yili ajratiladigan budjet mablagʻlari doirasida, budjetdan tashqari mablagʻlar va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar hisobidan Mudofaa vazirligi, Madaniyat vazirligi, Badiiy akademiya, Kinematografiya agentligi, Tashqi ishlar vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmati, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Milliy gvardiya, Davlat bojxona qoʻmitasi, Fanlar akademiyasi, Oʻzbekiston yozuvchilar uyushmasi, Qashqadaryo viloyati hokimligi 7. Rossiyaning Samara viloyatidagi Kodurcha vohasida mahalliy oʻlkashunoslar tomonidan buyuk harbiy sarkarda Amir Temurga bagʻishlab oʻrnatilgan yodgorlik toshi oʻrnida Amir Temur va uning harbiy sarkardalari ifodalangan kompozitsion haykal oʻrnatish boʻyicha koʻrik-tanlov eʼlon qilish hamda tanlov natijalariga koʻra gʻolib boʻlgan haykal majmuasini oʻrnatish yuzasidan Rossiya Tashqi ishlar vazirligi va Madaniyat vazirligi bilan memorandum tuzish ishlarini olib borish, Oʻzbekiston Respublikasi jangovar ordeni sohiblari tugʻilib oʻsgan yoki istiqomat qilayotgan joylarda mahalliy koʻngillilar tomonidan esdalik lavhalari, yodgorlik toshlarini oʻrnatish. Amaliy chora-tadbirlar 2021 — 2023-yillar Har yili ajratiladigan budjet mablagʻlari doirasida, budjetdan tashqari mablagʻlar va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar hisobidan Mudofaa vazirligi, Madaniyat vazirligi, Badiiy akademiya, Kinematografiya agentligi, Tashqi ishlar vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmati, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Milliy gvardiya, Davlat bojxona qoʻmitasi, Fanlar akademiyasi, Oʻzbekiston yozuvchilar uyushmasi, Qashqadaryo viloyati hokimligi 8. Oʻzbekistonning harbiy tarixiga oid milliy davlatchiligimiz vujudga kelishi va taraqqiy topgan davrlarda harbiy sohada erishilgan yutuqlar, Amir Temur, Jaloliddin Manguberdi, Zahiriddin Muhammad Bobur kabi buyuk sarkardalarimizning harbiy salohiyati hamda jang qilish sanʼatini hikoya qiluvchi asarlar, hikoyalar, maqolalarni “Ajdodlar izidan” ilmiy-ommabop jurnalida muntazam chop etib borish. Amaliy chora-tadbirlar doimo Har yili ajratiladigan budjet mablagʻlari doirasida, budjetdan tashqari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar hisobidan “Ajdodlar izidan” harbiy-tarixiy jamiyati 9. Amir Temur izidan, Jaloliddin izidan, Bobur izidan kabi mavzularda xalqaro ilmiy, maʼrifiy ekspeditsiyalar tashkil etish, xorijiy davlatlarda saqlanib qolgan geografik va tarixiy hududlarda esdalik toshlari, yodgorliklar va haykallar yaratish borasida takliflarni ishlab chiqish, turistik sayyohlik marshrutlarini ishlab chiqish. Amaliy chora-tadbirlar doimo Har yili ajratiladigan budjet mablagʻlari doirasida, budjetdan tashqari mablagʻlar va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar hisobidan Mudofaa vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmati, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Milliy gvardiya, Fanlar akademiyasi, Oʻzbekiston Respublikasi Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi, Davlat bojxona qoʻmitasi, Oʻzbekiston yozuvchilar uyushmasi, Badiiy akademiya. Kinematografiya agentligi, Tashki ishlar vazirligi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 17-noyabr,
692-son