📅 2021-yil 19-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 19-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 19 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 19 ноября 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 19 November 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЕГЛАМЕНТИ
СХЕМАСИ
Аҳолига санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш соҳасига ахборот-технологияларини жорий этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг « Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида » 2017 йил 12 декабрдаги ПФ-5278-сон, « Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида » 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сон фармонлари ҳамда «Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 11 майдаги ПҚ-5113-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин:
кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг туман (шаҳар)лардаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари (кейинги ўринларда — «Инсон» маркази) ва Давлат хизматлари марказлари орқали санаторийларда даволаниш учун йўлланмаларни бериш бўйича давлат хизмати кўрсатиш тартиби;
кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан санаторийларда даволаниш учун йўлланмаларни бериш бўйича давлат хизматидан фойдаланиш тартиби;
кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга Давлат хизматлари марказлари орқали санаторийларда даволаниш учун йўлланмаларни тақсимлаш тартиби.
2. Белгилансинки, ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентга мувофиқ кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун жисмоний шахслар Давлат хизматлари марказлари ва «Инсон» марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ва «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими (кейинги ўринларда — ЯМИҲ АТ) орқали мурожаат қиладилар.
3. Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 июнга қадар:
туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимларининг ҳамда кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийларнинг ЯИДХПга уланишини;
бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар, грант ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан давлат хизматларини кўрсатиш учун электрон ҳужжат алмашишни таъминловчи ахборот тизими (кейинги ўринларда — ахборот тизими) ишлаб чиқилишини ва электрон ҳукуматнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминласин.
Ахборот тизимини ишлаб чиқишда қуйидагилар назарда тутилсин:
йўлланма олиш бўйича электрон навбат ҳисобини юритиш имконини жорий қилиш;
санаторийларга ташриф буюрувчи шахсларнинг маълумотлари ва тоифалари бўйича электрон базани шакллантириб бориш;
кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг санаторийларга олган йўлланмалар даврийлигининг ҳисобини электрон юритиш;
санаторийларда бўш ўринлар ҳисобини онлайн юритиш ва очиқ маълумот сифатида ахборот тизимида жойлаштириш.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ давлат хизматларини кўрсатиш учун электрон ҳужжат алмашинишини таъминловчи ахборот тизими ишлаб чиқилиши ва электрон ҳукуматнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши учун зарур бўлган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ажратилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги Адлия вазирлиги ва Агентлик билан биргаликда:
а) 2022 йил 1 октябрдан бошлаб:
кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизмати ЯИДХП орқали жорий этилишини таъминласин;
ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида ваколатли органлар ва фуқаролар томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этсин.
б) 2024 йил 1 февралдан бошлаб кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун санаторийларга йўлланмаларни бериш бўйича давлат хизмати ЯМИҲ АТ орқали ҳам жорий этилишини таъминласин.
Бунда, санаторийларга йўлланма бериш бўйича давлат хизмати «Инсон» марказлари томонидан кўрсатилади.
«Инсон» марказларининг ижтимоий ходимларига бевосита фуқароларнинг розилиги билан уларнинг номидан Агентлик тизимидаги санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича электрон шаклда ариза бериш ҳуқуқи берилади.
6. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг қуйидагиларни назарда тутувчи «Электрон санаторий» платформасини ишлаб чиқиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:
санаторийларга йўлланма олиш учун мурожаат қилган аҳолини электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олиш;
аҳоли томонидан санаторияларга бериладиган йўлланмалар бўйича навбатни кузатиш имкониятини берувчи механизмларни жорий этиш;
санаторийларда мавжуд бўш ўринлар тўғрисидаги, хизмат кўрсатиш ихтисосликлар тўғрисидаги маълумотларни янгилаб бориш ҳамда бошқа ахборот тизимлари билан интеграция қилиш.
7. Белгилансинки:
«Электрон санаторий» платформасини ишлаб чиқиш ва келгусида техник хизмат кўрсатиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассислигидаги «IT-Med» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилади;
вазирлик ва идораларга тегишли Давлат бюджетидан молиялаштириладиган санаторийлар «Электрон санаторий» платформасига мажбурий тартибда уланади;
вазирлик ва идораларга тегишли Давлат бюджетидан молиялаштирилмайдиган санаторийлар, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тизимидаги санаторийлар ва хусусий санаторийлар «Электрон санаторий» платформасига ихтиёрий тартибда уланади;
Агентлик тизимидаги санаторийлар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимининг «IHMA Sanatoriy» модулига уланади;
«Электрон санаторий» платформасини ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасида ахборот тизимларини яратиш, такомиллаштириш ва жорий этиш, шунингдек, ахборот коммуникация ва технологиялари инфратузилмасини ривожлантириш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Б.А. Мусаев ҳамда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директори А.К. Инаков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 ноябрдаги 693-сон қарорига ИЛОВА
Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Регламент кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар (кейинги ўринларда — йўлланмалар) бериш бўйича давлат хизмати (кейинги ўринларда — давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.
Йўлланмалар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) тизимидаги кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийларга (кейинги ўринларда — санаторийлар) берилади.
2. Давлат хизмати Агентликнинг туман (шаҳар)лардаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари (кейинги ўринларда — ваколатли орган), Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ёхуд «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими (кейинги ўринларда — ЯМИҲ АТ) орқали ваколатли орган томонидан кўрсатилади.
Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда — ЭРИ) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро ўзаро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.
Йўлланмалар умумий сони санаторийларнинг мавжуд ўринлари ҳамда тегишли молия йилида Давлат бюджетидан йўлланмалар учун мақсадли тартибда назарда тутиладиган бюджет маблағлари доирасида белгиланади.
3. Йўлланмалар қуйидаги тоифадаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга берилади:
уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинлари (бева эрлари);
республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар;
Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек, Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;
ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар;
I ва II-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, кўзи ожиз I-гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахс;
ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар;
ёшга доир пенсия олувчилар.
Йўлланма бериладиган шахсларнинг ушбу банднинг иккинчи, учинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошиларида назарда тутилган тоифага кириши тўғрисидаги маълумотлар Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси томонидан тақдим этилади.
4. Йўлланмаларни бериш даврийлиги (бирламчи мурожаат этганлар бундан мустасно) қуйидагилардан иборат бўлади:
а) ҳар йили — навбат асосида:
уруш ногиронларига тенглаштирилган шахсларга;
республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар;
Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек, Чернобиль АЭС ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахсларга;
ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларга;
ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга;
б) икки йилда бир маротаба — навбат асосида:
уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга;
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинларига (бева эрларига);
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, кўзи ожиз I гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахсга;
в) уч йилда бир маротаба — навбат асосида ёшга доир пенсия олувчиларга.
Мазкур Регламентнинг 3-бандида белгиланган тоифалардан бирига мансуб бўлган «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган донорларга йўлланмалар уларнинг мурожаатига асосан йўлланмаларни бериш даврийлигига мувофиқ навбатсиз берилади.
5. Уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар тоифаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сон қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга асосан аниқланади.
6. Давлат хизмати кўрсатиш мазкур Регламентга 1-иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
2-боб. Давлат хизматлари кўрсатиш тартиби
1-§. Мурожаатларни шакллантириш ва юбориш
7. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ёки уларнинг вакиллари давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказлари ёки ваколатли органга келиб мурожаат этадилар ёхуд давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХП ёки ЯМИҲ АТда рўйхатдан ўтадилар.
8. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ўзлари ёки вакиллари келиб мурожаат этган тақдирда, Давлат хизматлари маркази ёки ваколатли орган ходими кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар номидан, ЯИДХП ёки ЯМИҲ АТ орқали мурожаат этган тақдирда эса — мустақил тарзда ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон равишда тўлдирадилар.
Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (пенсия гувоҳномаси, мавжуд бўлса, ушбу Регламентнинг 4-бандида назарда тутилган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар) нусхаси;
тиббий маълумотнома (даволовчи шифокор томонидан бериладиган санаторий-соғломлаштириш тавсия этиладиган маълумотнома).
Ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.
9. Қуйидаги касалликлар мавжуд бўлганда шахсга тиббий маълумотнома берилмайди:
беморнинг ўзи ва атрофдагилар учун хавфли бўлган қўпол ва хулқий бузилишлар билан кечадиган руҳий касалликлар, хусусан тез-тез (ҳар ойда 5 мартадан кўп) тутқаноқ содир бўладиган эпилепсия, мунтазам тутқаноқларга, эпилептик мақомга, кун охирига бориб бўшашувчанликка, дисфорияларга мойиллик касалликлар;
жараённинг фаол босқичидаги сил касаллиги;
юқумли тери ва соч касалликлари;
ўткир юқумли касалликлар;
салбий жараёндаги, ёмон ҳолатда ўтадиган шиш касалликлари ва рецидивлари;
таносил касалликлари.
Тиббий маълумотномаларда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни тегишли касалликлар бўйича ихтисослаштирилган санаторийларга йўлланма бериш юзасидан маълумотлар киритилиши мумкин.
10. Сўровнома зарур маълумотлар расмийлаштиргандан ва киритгандан сўнг кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (ЭРИ, дактилоскопия, электрон имзо, Мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқланади.
11. Давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.
12. Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.
Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
13. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат хизматларидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда уларнинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади.
14. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар Давлат хизматлари маркази ёки ваколатли органга келиб мурожаат этганда, уларнинг сўровномаси Давлат хизматлари маркази ёки ваколатли орган ходими томонидан тўлдирилиб, тасдиқлангандан сўнг барча ҳужжатлар 10 дақиқа мобайнида ваколатли органнинг «IHMA Sanatoriy» модулига электрон шаклда юборилади. ЯИДХП ёки ЯМИҲ АТ орқали мурожаат қилинганда эса — сўровнома автоматик тарзда ваколатли органнинг «IHMA Sanatoriy» модулига юборилади.
15. «IHMA Sanatoriy» модулида келиб тушган сўровномаларнинг электрон реестри юритилади. Бунда, фуқаролар сўровномаларнинг кўриб чиқиш ҳолати ва навбати тўғрисидаги маълумотларни Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли органга мурожаат қилиш ёки ЯИДХП ёхуд ЯМИҲ АТ орқали реал вақт режимида олиши мумкин.
16. Йўлланмалар санаторийларнинг мавжуд ўринларидан келиб чиққан ҳолда ажратилган бюджет маблағлари доирасида навбат асосида берилади.
Уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар учун санаторийларга йўлланмалар биринчи навбатда берилади.
Йўлланмалар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 10 кунга, йўлланмаларнинг амал қилиш муддати бошланишидан 10 кун олдин (асосли сабабларга кўра қайтарилган йўлланмалар бундан мустасно) берилади.
Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар йўлланма амал қилиш муддати бошланишидан 20 кун олдин, бироқ 10 кундан кам бўлмаган муддатда «IHMA Sanatoriy» модули орқали электрон шаклда (электрон почта манзиллари мавжуд бўлганда), алоқа воситалари орқали қисқа матнли хабар (СМС) орқали ёки ваколатли органнинг ходимлари томонидан санаторийга жойлашиш навбати келиши ҳақида хабардор қилинади.
Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар йўлланмаларнинг амал қилиш муддати бошланиш санасидан камида 3 кун олдин уларга шакллантириладиган йўлланмадан фойдаланишни рад этиши ёки йўлланма амал қилиш муддатини бир ойга узайтириш ҳақида ваколатли органга мурожаат қилиши мумкин.
Бунда, фойдаланишни рад этган ёки йўлланма амал қилиш муддатини бир ойга узайтириш бўйича мурожаат қилган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўрнига кейинги навбатдаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар мазкур банднинг тўртинчи хатбошисида белгиланган тартибда хабардор қилинади.
Йўлланманинг амал қилиш муддати бошлангандан сўнг 5 кун ичида йўлланмалардан фойдаланувчи томонидан йўлланма бўйича санаторийларга мурожаат қилинмаганда берилган йўлланма бекор қилинади.
Йўлланма олиш учун навбатга қўйилган шахс йўлланмадан фойдаланилмаганлиги муносабати билан электрон рўйхатдан чиқарилади ҳамда тизимда рўйхат автоматик равишда янгиланади.
17. Санаторийда соғломлаштириш учун берилган йўлланмада кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, уларнинг тоифаси, йўлланманинг муддати ҳамда уни расмийлаштирган ваколатли органнинг номи тўлиқ кўрсатилиши лозим.
18. Ваколатли орган навбати келган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга QR-код (матрик штрихли код) қўйилган мазкур Регламентга 3-иловага мувофиқ шаклда йўлланмани расмийлаштиради ҳамда уни ўз ЭРИси билан тасдиқлаб, тегишли Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП ёки ЯМИҲ АТ орқали электрон равишда юборади.
19. Давлат хизматлари маркази ёки ваколатли орган йўлланма тушганидан сўнг 10 дақиқа мобайнида уни кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг электрон манзилига юборади (мавжуд бўлганда) ва уларни бу ҳақида ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Давлат хизматлари маркази ёки ваколатли орган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ўзлари ёки вакиллари келиб мурожаат қилган тақдирда, уларнинг сўровига кўра, уларга йўлланмани электрон шаклда ёки қоғоз шаклда бериши мумкин.
2-§. Йўлланмаларни тақсимлаш
20. Агентлик кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг умумий сони, имтиёз тоифаси ва йўлланмаларнинг бериш даврийлигига мувофиқ республика санаторийларига йўлланмаларни тақсимлаш режасини ҳар йили 31 декабрга қадар тасдиқлайди ва талабдан келиб чиққан ҳолда йил давомида унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб боради.
Бунда, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини соғломлаштириш учун йўлланмаларни тақсимлаш режасини инобатга олади.
23. Фойдаланилган йўлланмалар тўғрисидаги маълумотлар ҳар чоракдан кейинги ойнинг 5-кунига қадар ҳудудий бошқармалар томонидан Агентликка тақдим этилади.
24. Йўлланмалар фақат уларда кўрсатилган муддатларда ҳақиқий ҳисобланади. Йўлланмада кўрсатилган муддатдан олдин санаторийга қабул қилинмайди, санаторийга кечикиб келинган кунлар тикланмайди.
25. Йўлланмадан фақат унда кўрсатилган шахсгина фойдаланиши мумкин. Санаторийга битта йўлланма билан биттадан ортиқ киши (шу жумладан, ёш болалар ҳам) қабул қилинмайди.
26. Санаторийга ташриф буюрган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ўзи билан бирга йўлланмадан ташқари шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан йўлланмага асосан берилган санаторий-курорт картасини олиб келиши лозим.
27. Санаторийларга қабул қилиш чогида юқори ҳарорат ёки ноаниқ этиологияли тошма аниқланган шахслар соғлиқни сақлаш муассасаларига юборилади. Бунда:
соғлиқни сақлаш муассасаларига юборилган шахслар мазкур Регламентнинг 16-банди еттинчи хатбошисида белгиланган муддат ичида санаторийларга қайта мурожаат қилмаганда, уларга берилган йўлланма бекор қилинади;
қабул жараёнида санаторийга ташриф буюрган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг санаторий-курорт картасида мазкур Регламентнинг 9-бандида белгиланган касалликлар аниқланиши йўлланмани бекор қилиш учун асос ҳисобланади.
28. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар саломатлигининг ҳолатига ёки бошқа асосли сабабларга кўра, шу жумладан фуқаро Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига вақтинча чиқиб кетиши сабабли йўлланмадан белгиланган муддатда фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган тақдирда, ўлланманинг амал қилиш муддати бошланиш санасидан камида 3 кун олдин бу ҳақида Давлат хизматлари марказига ёки ваколатли органга хабар бериши ва йўлланмани қайтариши лозим. Давлат хизматлари маркази ходими бу ҳақида 1 соат мобайнида ваколатли органни хабардор қилади.
Йўлланма олиш навбати келган фуқаро Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига вақтинча чиқиб кетган, шунингдек, йўлланмадан фойдаланиш муддатини узайтириш тўғрисида мурожаат қилган бўлса, фуқароларнинг навбат муддати фақат бир маротаба кейинги ойга кўчирилади.
29. Санаторий раҳбарлари соғломлаштирилган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг санаторийда ҳақиқатда бўлган вақти, муддатидан олдин кетган бўлса, унинг сабаблари кўрсатилган маълумотларни йўлланманинг «Қайтариладиган қисми»га киритади ҳамда ўз ЭРИси билан тасдиқлаб, ахборот тизими орқали ваколатли органга юборади.
30. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга берилган ва улар томонидан фойдаланилган йўлланмалар ҳисоби ваколатли органлар томонидан юритилади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
31. Ваколатли органлар йўлланмаларнинг жойларда ўз вақтида ва мақсадли берилиши, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар йўлланмаларни олишларида адолат тамойилларига ҳамда навбатлиликка қатъий амал қилинишини таъминлашда жавобгар ҳисобланади. Ҳудудий бошқармалар юқоридаги вазифаларнинг сўзсиз бажарилиши устидан назоратни олиб бориш учун масъул ҳисобланади.
31 1 . Санаторийлар томонидан мазкур Регламентнинг 3-бандига мувофиқ кўзи ожиз I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни кузатиб борувчи шахсга берилган йўлланма асосида озиқ-овқат ва ётоқ жой билан таъминлаш бепул асосда, қолган хизматлар шартномага мувофиқ пулли асосда кўрсатилади.
32. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатиладиган хизматлар сифати учун санаторийлар раҳбарлари жавоб берадилар.
33. Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
34. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти устидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали, доимий назоратни ва мониторингни амалга оширади.
Бунда, «Инсон» марказлари ва ЯМИҲ АТ орқали давлат хизматини кўрсатишда мазкур Регламент талабларига риоя этилиши Агентлик ва Ижтимоий инспекция томонидан назорат қилинади.
35. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.
36. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 1-ИЛОВА
Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар Йўлланма олиш учун Давлат хизматлари маркази ёки «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига мурожаат қилиш ёхуд Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида рўйхатдан ўтиш Хоҳишига кўра 2-босқич 1. Давлат хизматлари маркази ёки «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази Сўровномани ахборот тизимида шакллантириш ҳамда « IHMA Sanatoriy» модулига юбориш 1. Сўровнома тўлдирилгандан кейин 10 дақиқа ичида 2. Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими 2. Автоматик тарзда 3-босқич « IHMA Sanatoriy» модули 1. Сўровнома тушганидан сўнг уни электрон реестрда қайд этиш. 1. Автоматик тарзда 2. Йўлланма бериш рад этилган тақдирда, рад этиш сабабларини тегишли Давлат хизматлари марказига, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимига электрон тарзда юбориш. 2. Автоматик тарзда 3. Йўлланма расмийлаштирилган тақдирда, тегишли Давлат хизматлари марказига, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига, ЯИДХП ва «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимига электрон тарзда юбориш. 3. Навбати келганда 4-босқич 1. Давлат хизматлари маркази ёки «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази 2. Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими 1. Йўлланма тушганидан сўнг уни кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг электрон манзилига юбориш (мавжуд бўлганда) ва уларни бу ҳақида ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилиш. 2. Мурожаатчи йўлланмани ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимидаги шахсий кабинетида юклаб олади. 3. Ўзи (ёки ишончли вакили) келиб мурожаат қилганда йўлланмани электрон ёки қоғоз шаклида бериш. 4. Йўлланма бериш рад этилган тақдирда, рад этиш сабаблари тўғрисида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни хабардор қилиш. 10 дақиқа ичида
Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 2-ИЛОВА
____________________ ____________________ (сана) (рақам) Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича СЎРОВНОМА I. Кекса ва ногиронлиги бўлган шахс тўғрисида маълумотлар: 1. Ф.И.О. 2. Туғилган йили ва санаси 3. Доимий рўйхатдан ўтган жойи 4. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (мавжуд бўлганда) 5. Электрон почта манзили (мавжуд бўлганда) 6. Телефон рақами II. Тақдим этиладиган ҳужжатлар: 1. Имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (пенсия гувоҳномаси, мавжуд бўлса, ушбу Регламентнинг 4-бандида санаб ўтилган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар) нусхаси 2. Тиббий маълумотнома Ариза берувчининг имзоси
Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 3-ИЛОВА
Эслатма: Йўлланма фақат унда кўрсатилган муддатларда ҳақиқий ҳисобланади. Йўлланмада кўрсатилган муддатдан олдин санаторийга қабул қилинмайди, шунингдек санаторийга кечикиб келинган кунлар тикланмайди. Йўлланмадан фақат унда кўрсатилган шахсгина фойдаланиши мумкин. Санаторийга битта йўлланма билан биттадан ортиқ киши (шу жумладан, ёш болалар ҳам) қабул қилинмайди. Санаторийда соғломлаштириш учун 000000-сон ЙЎЛЛАНМА 1. Даволанувчининг Ф.И.О. 2. Даволанувчининг паспорт ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари (серияси ва рақами, ким томонидан берилганлиги): 3. Даволанувчининг ЖШШИР: 4. Туғилган йили (йил, кун, ой,): (0000.00.00 йил 5. Доимий яшаш жони бўйича рўйхатга олинган манзили: 6. Тиббий маълумотнома (рақами, қачон ким томонидан берилган) : 7. Имтиёзли тоифаси 8. Санаторий номи, телефон рақами: 9. Санаторий манзили: 10. Соғломлаштириш муддати: 10 кун 0000 йил 00.00 дан 0000 йил 00.00 гача 11. Йўлланмани расмийлаштирган ваколатли орган: - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - (қирқиш чизиғи) - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - Санаторий томонидан туман (шаҳар) «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига 000000-сон йўлланманинг ҚАЙТАРИЛАДИГАН ҚИСМИ 1. Даволанувчининг Ф.И.О.: 2. Даволанувчининг паспорт ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари (серияси ва рақами, ким томонидан берилганлиги): QR-код жойи 3. Даволанувчининг ЖШШИР: 4. Тугилган йили (кун, ой, йил): 00.00.0000 йил 5. Имтиёзли тоифаси: 6. Санаторий номи, телефон рақами: Муҳим маълумотларни олиш учун QR-кодни сканерланг 7. Ҳақиқий соғломлаштирилган муддати: 00 кун 0000 йил 00.00 дан 0000 йил 00.00 гача 8. Изоҳ:
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 19 ноябрь,
693-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
REGLAMENTI
SXEMASI
Aholiga sanatoriylarda davolanish uchun yoʻllanmalar berish sohasiga axborot-texnologiyalarini joriy etish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “ Aholiga davlat xizmatlari koʻrsatishning milliy tizimini tubdan isloh qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ” 2017-yil 12-dekabrdagi PF-5278-son, “ Jamiyatda ijtimoiy-maʼnaviy muhitni sogʻlomlashtirish, mahalla institutini yanada qoʻllab-quvvatlash hamda oila va xotin-qizlar bilan ishlash tizimini yangi darajaga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ” 2020-yil 18-fevraldagi PF-5938-son farmonlari hamda “Xizmatlar sohasini jadal rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 11-maydagi PQ-5113-son qaroriga muvofiq, shuningdek, keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarga sanatoriylarda davolanish uchun yoʻllanmalar berish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatish tizimini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarga sanatoriylarda davolanish uchun yoʻllanmalar berish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamenti ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining tuman (shahar)lardagi “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazlari (keyingi oʻrinlarda — “Inson” markazi) va Davlat xizmatlari markazlari orqali sanatoriylarda davolanish uchun yoʻllanmalarni berish boʻyicha davlat xizmati koʻrsatish tartibi;
keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslar yoki ularning vakillari tomonidan sanatoriylarda davolanish uchun yoʻllanmalarni berish boʻyicha davlat xizmatidan foydalanish tartibi;
keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarga Davlat xizmatlari markazlari orqali sanatoriylarda davolanish uchun yoʻllanmalarni taqsimlash tartibi.
2. Belgilansinki, ushbu qaror bilan tasdiqlangan maʼmuriy reglamentga muvofiq koʻrsatiladigan davlat xizmatlaridan foydalanish uchun jismoniy shaxslar Davlat xizmatlari markazlari va “Inson” markazlari yoki Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) va “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — YAMIH AT) orqali murojaat qiladilar.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Tibbiy-ijtimoiy xizmatlarni rivojlantirish agentligi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda 2022-yil 1-iyunga qadar:
tuman (shahar) tibbiy-ijtimoiy xizmatlarni rivojlantirish boʻlimlarining hamda keksalar, nogironligi boʻlgan shaxslar, urush va mehnat faxriylari uchun sanatoriylarning YIDXPga ulanishini;
budjet va budjetdan tashqari mablagʻlar, grant va qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar hisobidan davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun elektron hujjat almashishni taʼminlovchi axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimi) ishlab chiqilishini va elektron hukumatning axborot tizimlari bilan integratsiya qilinishini taʼminlasin.
Axborot tizimini ishlab chiqishda quyidagilar nazarda tutilsin:
yoʻllanma olish boʻyicha elektron navbat hisobini yuritish imkonini joriy qilish;
sanatoriylarga tashrif buyuruvchi shaxslarning maʼlumotlari va toifalari boʻyicha elektron bazani shakllantirib borish;
keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarning sanatoriylarga olgan yoʻllanmalar davriyligining hisobini elektron yuritish;
sanatoriylarda boʻsh oʻrinlar hisobini onlayn yuritish va ochiq maʼlumot sifatida axborot tizimida joylashtirish.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bir oy muddatda Tibbiy-ijtimoiy xizmatlarni rivojlantirish agentligining asoslangan hisob-kitoblariga muvofiq davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun elektron hujjat almashinishini taʼminlovchi axborot tizimi ishlab chiqilishi va elektron hukumatning axborot tizimlari bilan integratsiya qilinishi uchun zarur boʻlgan mablagʻlar Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjeti va qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan ajratilishini taʼminlasin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi Adliya vazirligi va Agentlik bilan birgalikda:
a) 2022-yil 1-oktabrdan boshlab:
keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarga sanatoriylarda davolanish uchun yoʻllanmalar berish boʻyicha davlat xizmati YIDXP orqali joriy etilishini taʼminlasin;
YIDXPda davlat xizmatlari koʻrsatilishining har bir bosqichida vakolatli organlar va fuqarolar tomonidan murojaatlarning koʻrib chiqilishini kuzatib borish tartibini joriy etsin.
b) 2024-yil 1-fevraldan boshlab keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarga sanatoriylarda davolanish uchun sanatoriylarga yoʻllanmalarni berish boʻyicha davlat xizmati YAMIH AT orqali ham joriy etilishini taʼminlasin.
Bunda, sanatoriylarga yoʻllanma berish boʻyicha davlat xizmati “Inson” markazlari tomonidan koʻrsatiladi.
“Inson” markazlarining ijtimoiy xodimlariga bevosita fuqarolarning roziligi bilan ularning nomidan Agentlik tizimidagi sanatoriylarda davolanish uchun yoʻllanmalar berish boʻyicha elektron shaklda ariza berish huquqi beriladi.
6. Sogʻliqni saqlash vazirligi va Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasining quyidagilarni nazarda tutuvchi “Elektron sanatoriy” platformasini ishlab chiqish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin:
sanatoriylarga yoʻllanma olish uchun murojaat qilgan aholini elektron axborot tizimi orqali hisobga olish;
aholi tomonidan sanatoriyalarga beriladigan yoʻllanmalar boʻyicha navbatni kuzatish imkoniyatini beruvchi mexanizmlarni joriy etish;
sanatoriylarda mavjud boʻsh oʻrinlar toʻgʻrisidagi, xizmat koʻrsatish ixtisosliklar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yangilab borish hamda boshqa axborot tizimlari bilan integratsiya qilish.
7. Belgilansinki:
“Elektron sanatoriy” platformasini ishlab chiqish va kelgusida texnik xizmat koʻrsatish Sogʻliqni saqlash vazirligi muassisligidagi “IT-Med” masʼuliyati cheklangan jamiyati tomonidan amalga oshiriladi;
vazirlik va idoralarga tegishli Davlat budjetidan moliyalashtiriladigan sanatoriylar “Elektron sanatoriy” platformasiga majburiy tartibda ulanadi;
vazirlik va idoralarga tegishli Davlat budjetidan moliyalashtirilmaydigan sanatoriylar, Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi Kengashi tizimidagi sanatoriylar va xususiy sanatoriylar “Elektron sanatoriy” platformasiga ixtiyoriy tartibda ulanadi;
Agentlik tizimidagi sanatoriylar “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimining “IHMA Sanatoriy” moduliga ulanadi;
“Elektron sanatoriy” platformasini ishlab chiqish bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetidan sogʻliqni saqlash sohasida axborot tizimlarini yaratish, takomillashtirish va joriy etish, shuningdek, axborot kommunikatsiya va texnologiyalari infratuzilmasini rivojlantirish uchun ajratilgan mablagʻlar hisobidan moliyalashtiriladi.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi hamda Tibbiy-ijtimoiy xizmatlarni rivojlantirish agentligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari va Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri B.A. Musayev hamda Tibbiy-ijtimoiy xizmatlarni rivojlantirish agentligi direktori A.K. Inakov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 19-noyabrdagi 693-son qaroriga ILOVA
Keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarga sanatoriylarda davolanish uchun yoʻllanmalar berish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Reglament keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarga sanatoriylarda davolanish uchun yoʻllanmalar (keyingi oʻrinlarda — yoʻllanmalar) berish boʻyicha davlat xizmati (keyingi oʻrinlarda — davlat xizmati) koʻrsatish tartibini belgilaydi.
Yoʻllanmalar Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tizimidagi keksalar, nogironligi boʻlgan shaxslar, urush va mehnat faxriylari uchun sanatoriylarga (keyingi oʻrinlarda — sanatoriylar) beriladi.
2. Davlat xizmati Agentlikning tuman (shahar)lardagi “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazlari (keyingi oʻrinlarda — vakolatli organ), Davlat xizmatlari markazlari yoki Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) yoxud “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — YAMIH AT) orqali vakolatli organ tomonidan koʻrsatiladi.
Davlat xizmatlari markazlari va vakolatli organ oʻrtasidagi axborot almashinuvi elektron raqamli imzoni (keyingi oʻrinlarda — ERI) majburiy tartibda qoʻllash orqali faqat idoralararo oʻzaro elektron bogʻlanish yordamida amalga oshiriladi.
Yoʻllanmalar umumiy soni sanatoriylarning mavjud oʻrinlari hamda tegishli moliya yilida Davlat budjetidan yoʻllanmalar uchun maqsadli tartibda nazarda tutiladigan budjet mablagʻlari doirasida belgilanadi.
3. Yoʻllanmalar quyidagi toifadagi keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarga beriladi:
urush nogironlariga va qatnashchilariga tenglashtirilgan shaxslar;
halok boʻlgan harbiy xizmatchilarning yangi nikohdan oʻtmagan beva xotinlari (beva erlari);
respublika ahamiyatiga molik shaxsiy pensiya oluvchi shaxslar;
Chernobil AES halokati oqibatida nurlanish kasalligiga chalingan va uni boshidan kechirgan shaxslar, shuningdek, Chernobil halokati sababli nogiron boʻlib qolgan shaxslar;
yadro poligonlari va boshqa radiatsiya-yadro obyektlarida harbiy xizmatni oʻtagan pensiya yoshidagi shaxslar;
I va II-guruh nogironligi boʻlgan shaxslar, koʻzi ojiz I-guruh nogironini kuzatib boruvchi shaxs;
oʻzgalar parvarishiga muhtoj boʻlgan yolgʻiz keksalar;
yoshga doir pensiya oluvchilar.
Yoʻllanma beriladigan shaxslarning ushbu bandning ikkinchi, uchinchi, beshinchi va oltinchi xatboshilarida nazarda tutilgan toifaga kirishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Mudofaa vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Milliy gvardiya, Davlat xavfsizlik xizmati hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasi tomonidan taqdim etiladi.
4. Yoʻllanmalarni berish davriyligi (birlamchi murojaat etganlar bundan mustasno) quyidagilardan iborat boʻladi:
a) har yili — navbat asosida:
urush nogironlariga tenglashtirilgan shaxslarga;
respublika ahamiyatiga molik shaxsiy pensiya oluvchi shaxslar;
Chernobil AES halokati oqibatida nurlanish kasalligiga chalingan va uni boshidan kechirgan shaxslar, shuningdek, Chernobil AES halokati sababli nogiron boʻlib qolgan shaxslarga;
yadro poligonlari va boshqa radiatsiya-yadro obyektlarida harbiy xizmatni oʻtagan pensiya yoshidagi shaxslarga;
oʻzgalar parvarishiga muhtoj boʻlgan yolgʻiz keksalarga;
b) ikki yilda bir marotaba — navbat asosida:
urush qatnashchilariga tenglashtirilgan shaxslarga;
halok boʻlgan harbiy xizmatchilarning yangi nikohdan oʻtmagan beva xotinlariga (beva erlariga);
I va II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarga, koʻzi ojiz I guruh nogironini kuzatib boruvchi shaxsga;
v) uch yilda bir marotaba — navbat asosida yoshga doir pensiya oluvchilarga.
Mazkur Reglamentning 3-bandida belgilangan toifalardan biriga mansub boʻlgan “Oʻzbekiston Respublikasi faxriy donori” koʻkrak nishoni bilan taqdirlangan donorlarga yoʻllanmalar ularning murojaatiga asosan yoʻllanmalarni berish davriyligiga muvofiq navbatsiz beriladi.
5. Urush nogironlariga va qatnashchilariga tenglashtirilgan shaxslar toifasi Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 13-oktabrdagi 592-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat pensiyalarini tayinlash va toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga asosan aniqlanadi.
6. Davlat xizmati koʻrsatish mazkur Reglamentga 1-ilovaga muvofiq sxema asosida amalga oshiriladi.
2-bob. Davlat xizmatlari koʻrsatish tartibi
1-§. Murojaatlarni shakllantirish va yuborish
7. Keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslar yoki ularning vakillari davlat xizmatidan foydalanish uchun Davlat xizmatlari markazlari yoki vakolatli organga kelib murojaat etadilar yoxud davlat xizmatidan elektron tarzda foydalanish uchun YIDXP yoki YAMIH ATda roʻyxatdan oʻtadilar.
8. Keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslar oʻzlari yoki vakillari kelib murojaat etgan taqdirda, Davlat xizmatlari markazi yoki vakolatli organ xodimi keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslar nomidan, YIDXP yoki YAMIH AT orqali murojaat etgan taqdirda esa — mustaqil tarzda ushbu Reglamentga 2-ilovaga muvofiq shakldagi soʻrovnomani elektron ravishda toʻldiradilar.
Soʻrovnomaga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:
imtiyozdan foydalanish huquqini beruvchi hujjat (pensiya guvohnomasi, mavjud boʻlsa, ushbu Reglamentning 4-bandida nazarda tutilgan holatlarni tasdiqlovchi hujjatlar) nusxasi;
tibbiy maʼlumotnoma (davolovchi shifokor tomonidan beriladigan sanatoriy-sogʻlomlashtirish tavsiya etiladigan maʼlumotnoma).
Ushbu bandda koʻrsatilmagan maʼlumotlarni hamda boshqa hujjatlarni talab qilish qatʼiyan taqiqlanadi.
9. Quyidagi kasalliklar mavjud boʻlganda shaxsga tibbiy maʼlumotnoma berilmaydi:
bemorning oʻzi va atrofdagilar uchun xavfli boʻlgan qoʻpol va xulqiy buzilishlar bilan kechadigan ruhiy kasalliklar, xususan tez-tez (har oyda 5-martadan koʻp) tutqanoq sodir boʻladigan epilepsiya, muntazam tutqanoqlarga, epileptik maqomga, kun oxiriga borib boʻshashuvchanlikka, disforiyalarga moyillik kasalliklar;
jarayonning faol bosqichidagi sil kasalligi;
yuqumli teri va soch kasalliklari;
oʻtkir yuqumli kasalliklar;
salbiy jarayondagi, yomon holatda oʻtadigan shish kasalliklari va retsidivlari;
tanosil kasalliklari.
Tibbiy maʼlumotnomalarda keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarni tegishli kasalliklar boʻyicha ixtisoslashtirilgan sanatoriylarga yoʻllanma berish yuzasidan maʼlumotlar kiritilishi mumkin.
10. Soʻrovnoma zarur maʼlumotlar rasmiylashtirgandan va kiritgandan soʻng keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslar yoki ularning vakillari tomonidan imzolarni identifikatsiya qilishning tegishli vositalari (ERI, daktiloskopiya, elektron imzo, Mobil-ID va boshqalar) bilan tasdiqlanadi.
11. Davlat xizmati koʻrsatilgani uchun yigʻim undirilmaydi.
12. Soʻrovnomada notoʻgʻri maʼlumotlar koʻrsatilishi davlat xizmati koʻrsatishni rad etish uchun asos hisoblanadi.
Davlat xizmatlari koʻrsatishni boshqa asoslar boʻyicha rad etish taqiqlanadi.
13. Keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslar davlat xizmatlaridan foydalanishdan uni koʻrsatishning har qanday bosqichida bosh tortish huquqiga ega. Keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslar davlat xizmatlaridan foydalanishdan bosh tortganda ularning soʻrovnomasi koʻrmasdan qoldiriladi.
14. Keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslar Davlat xizmatlari markazi yoki vakolatli organga kelib murojaat etganda, ularning soʻrovnomasi Davlat xizmatlari markazi yoki vakolatli organ xodimi tomonidan toʻldirilib, tasdiqlangandan soʻng barcha hujjatlar 10 daqiqa mobaynida vakolatli organning “IHMA Sanatoriy” moduliga elektron shaklda yuboriladi. YIDXP yoki YAMIH AT orqali murojaat qilinganda esa — soʻrovnoma avtomatik tarzda vakolatli organning “IHMA Sanatoriy” moduliga yuboriladi.
15. “IHMA Sanatoriy” modulida kelib tushgan soʻrovnomalarning elektron reyestri yuritiladi. Bunda, fuqarolar soʻrovnomalarning koʻrib chiqish holati va navbati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Davlat xizmatlari markazlari va vakolatli organga murojaat qilish yoki YIDXP yoxud YAMIH AT orqali real vaqt rejimida olishi mumkin.
16. Yoʻllanmalar sanatoriylarning mavjud oʻrinlaridan kelib chiqqan holda ajratilgan budjet mablagʻlari doirasida navbat asosida beriladi.
Urush nogironlariga va qatnashchilariga tenglashtirilgan shaxslar uchun sanatoriylarga yoʻllanmalar birinchi navbatda beriladi.
Yoʻllanmalar keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarga 10 kunga, yoʻllanmalarning amal qilish muddati boshlanishidan 10 kun oldin (asosli sabablarga koʻra qaytarilgan yoʻllanmalar bundan mustasno) beriladi.
Keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslar yoʻllanma amal qilish muddati boshlanishidan 20 kun oldin, biroq 10 kundan kam boʻlmagan muddatda “IHMA Sanatoriy” moduli orqali elektron shaklda (elektron pochta manzillari mavjud boʻlganda), aloqa vositalari orqali qisqa matnli xabar (SMS) orqali yoki vakolatli organning xodimlari tomonidan sanatoriyga joylashish navbati kelishi haqida xabardor qilinadi.
Keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslar yoʻllanmalarning amal qilish muddati boshlanish sanasidan kamida 3 kun oldin ularga shakllantiriladigan yoʻllanmadan foydalanishni rad etishi yoki yoʻllanma amal qilish muddatini bir oyga uzaytirish haqida vakolatli organga murojaat qilishi mumkin.
Bunda, foydalanishni rad etgan yoki yoʻllanma amal qilish muddatini bir oyga uzaytirish boʻyicha murojaat qilgan keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarning oʻrniga keyingi navbatdagi keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslar mazkur bandning toʻrtinchi xatboshisida belgilangan tartibda xabardor qilinadi.
Yoʻllanmaning amal qilish muddati boshlangandan soʻng 5 kun ichida yoʻllanmalardan foydalanuvchi tomonidan yoʻllanma boʻyicha sanatoriylarga murojaat qilinmaganda berilgan yoʻllanma bekor qilinadi.
Yoʻllanma olish uchun navbatga qoʻyilgan shaxs yoʻllanmadan foydalanilmaganligi munosabati bilan elektron roʻyxatdan chiqariladi hamda tizimda roʻyxat avtomatik ravishda yangilanadi.
17. Sanatoriyda sogʻlomlashtirish uchun berilgan yoʻllanmada keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarning familiyasi, ismi, otasining ismi, ularning toifasi, yoʻllanmaning muddati hamda uni rasmiylashtirgan vakolatli organning nomi toʻliq koʻrsatilishi lozim.
18. Vakolatli organ navbati kelgan keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarga QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan mazkur Reglamentga 3-ilovaga muvofiq shaklda yoʻllanmani rasmiylashtiradi hamda uni oʻz ERIsi bilan tasdiqlab, tegishli Davlat xizmatlari markaziga (oʻzi kelib murojaat etgan taqdirda) yoki keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarga (elektron tarzda murojaat etgan taqdirda) YIDXP yoki YAMIH AT orqali elektron ravishda yuboradi.
19. Davlat xizmatlari markazi yoki vakolatli organ yoʻllanma tushganidan soʻng 10 daqiqa mobaynida uni keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarning elektron manziliga yuboradi (mavjud boʻlganda) va ularni bu haqida axborot-kommunikatsiya tizimi orqali xabardor qiladi. Davlat xizmatlari markazi yoki vakolatli organ keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslar oʻzlari yoki vakillari kelib murojaat qilgan taqdirda, ularning soʻroviga koʻra, ularga yoʻllanmani elektron shaklda yoki qogʻoz shaklda berishi mumkin.
2-§. Yoʻllanmalarni taqsimlash
20. Agentlik keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarning umumiy soni, imtiyoz toifasi va yoʻllanmalarning berish davriyligiga muvofiq respublika sanatoriylariga yoʻllanmalarni taqsimlash rejasini har yili 31-dekabrga qadar tasdiqlaydi va talabdan kelib chiqqan holda yil davomida unga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritib boradi.
Bunda, 1941 — 1945-yillardagi urush va mehnat fronti faxriylarini sogʻlomlashtirish uchun yoʻllanmalarni taqsimlash rejasini inobatga oladi.
23. Foydalanilgan yoʻllanmalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar har chorakdan keyingi oyning 5-kuniga qadar hududiy boshqarmalar tomonidan Agentlikka taqdim etiladi.
24. Yoʻllanmalar faqat ularda koʻrsatilgan muddatlarda haqiqiy hisoblanadi. Yoʻllanmada koʻrsatilgan muddatdan oldin sanatoriyga qabul qilinmaydi, sanatoriyga kechikib kelingan kunlar tiklanmaydi.
25. Yoʻllanmadan faqat unda koʻrsatilgan shaxsgina foydalanishi mumkin. Sanatoriyga bitta yoʻllanma bilan bittadan ortiq kishi (shu jumladan, yosh bolalar ham) qabul qilinmaydi.
26. Sanatoriyga tashrif buyurgan keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslar oʻzi bilan birga yoʻllanmadan tashqari shaxsini tasdiqlovchi hujjat va sogʻliqni saqlash muassasasi tomonidan yoʻllanmaga asosan berilgan sanatoriy-kurort kartasini olib kelishi lozim.
27. Sanatoriylarga qabul qilish chogida yuqori harorat yoki noaniq etiologiyali toshma aniqlangan shaxslar sogʻliqni saqlash muassasalariga yuboriladi. Bunda:
sogʻliqni saqlash muassasalariga yuborilgan shaxslar mazkur Reglamentning 16-bandi yettinchi xatboshisida belgilangan muddat ichida sanatoriylarga qayta murojaat qilmaganda, ularga berilgan yoʻllanma bekor qilinadi;
qabul jarayonida sanatoriyga tashrif buyurgan keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarning sanatoriy-kurort kartasida mazkur Reglamentning 9-bandida belgilangan kasalliklar aniqlanishi yoʻllanmani bekor qilish uchun asos hisoblanadi.
28. Keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslar salomatligining holatiga yoki boshqa asosli sabablarga koʻra, shu jumladan fuqaro Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga vaqtincha chiqib ketishi sababli yoʻllanmadan belgilangan muddatda foydalanish imkoniyatiga ega boʻlmagan taqdirda, oʻllanmaning amal qilish muddati boshlanish sanasidan kamida 3 kun oldin bu haqida Davlat xizmatlari markaziga yoki vakolatli organga xabar berishi va yoʻllanmani qaytarishi lozim. Davlat xizmatlari markazi xodimi bu haqida 1 soat mobaynida vakolatli organni xabardor qiladi.
Yoʻllanma olish navbati kelgan fuqaro Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga vaqtincha chiqib ketgan, shuningdek, yoʻllanmadan foydalanish muddatini uzaytirish toʻgʻrisida murojaat qilgan boʻlsa, fuqarolarning navbat muddati faqat bir marotaba keyingi oyga koʻchiriladi.
29. Sanatoriy rahbarlari sogʻlomlashtirilgan keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarning sanatoriyda haqiqatda boʻlgan vaqti, muddatidan oldin ketgan boʻlsa, uning sabablari koʻrsatilgan maʼlumotlarni yoʻllanmaning “Qaytariladigan qismi”ga kiritadi hamda oʻz ERIsi bilan tasdiqlab, axborot tizimi orqali vakolatli organga yuboradi.
30. Keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarga berilgan va ular tomonidan foydalanilgan yoʻllanmalar hisobi vakolatli organlar tomonidan yuritiladi.
3-bob. Yakunlovchi qoidalar
31. Vakolatli organlar yoʻllanmalarning joylarda oʻz vaqtida va maqsadli berilishi, keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslar yoʻllanmalarni olishlarida adolat tamoyillariga hamda navbatlilikka qatʼiy amal qilinishini taʼminlashda javobgar hisoblanadi. Hududiy boshqarmalar yuqoridagi vazifalarning soʻzsiz bajarilishi ustidan nazoratni olib borish uchun masʼul hisoblanadi.
31 1 . Sanatoriylar tomonidan mazkur Reglamentning 3-bandiga muvofiq koʻzi ojiz I guruh nogironligi boʻlgan shaxsni kuzatib boruvchi shaxsga berilgan yoʻllanma asosida oziq-ovqat va yotoq joy bilan taʼminlash bepul asosda, qolgan xizmatlar shartnomaga muvofiq pulli asosda koʻrsatiladi.
32. Keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarga koʻrsatiladigan xizmatlar sifati uchun sanatoriylar rahbarlari javob beradilar.
33. Davlat xizmatlari markazlari va vakolatli organ oʻz faoliyatini amalga oshirishi natijasida olingan maʼlumotlarning sir saqlanishini taʼminlaydi.
34. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi, uning hududiy boshqarmalari va tuman (shahar) adliya boʻlimlari Reglament talablari ijrosi boʻyicha davlat organlari va boshqa tashkilotlarning faoliyati ustidan, shu jumladan, YIDXP orqali, doimiy nazoratni va monitoringni amalga oshiradi.
Bunda, “Inson” markazlari va YAMIH AT orqali davlat xizmatini koʻrsatishda mazkur Reglament talablariga rioya etilishi Agentlik va Ijtimoiy inspeksiya tomonidan nazorat qilinadi.
35. Keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslar davlat organlari va boshqa tashkilotlar xodimlarining xatti-harakatlari yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilishlari mumkin.
36. Mazkur Reglament talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarga sanatoriylarda davolanish uchun yoʻllanmalar berish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 1-ILOVA
Keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarga sanatoriylarda davolanish uchun yoʻllanmalar berish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslar Yoʻllanma olish uchun Davlat xizmatlari markazi yoki “Inson” ijtimoiy xizmatlar markaziga murojaat qilish yoxud Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoki “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimida roʻyxatdan oʻtish Xohishiga koʻra 2-bosqich 1. Davlat xizmatlari markazi yoki “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazi Soʻrovnomani axborot tizimida shakllantirish hamda “ IHMA Sanatoriy” moduliga yuborish 1. Soʻrovnoma toʻldirilgandan keyin 10 daqiqa ichida 2. Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoki “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimi 2. Avtomatik tarzda 3-bosqich “ IHMA Sanatoriy” moduli 1. Soʻrovnoma tushganidan soʻng uni elektron reyestrda qayd etish. 1. Avtomatik tarzda 2. Yoʻllanma berish rad etilgan taqdirda, rad etish sabablarini tegishli Davlat xizmatlari markaziga, “Inson” ijtimoiy xizmatlar markaziga yoki Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoxud “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimiga elektron tarzda yuborish. 2. Avtomatik tarzda 3. Yoʻllanma rasmiylashtirilgan taqdirda, tegishli Davlat xizmatlari markaziga, “Inson” ijtimoiy xizmatlar markaziga, YIDXP va “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimiga elektron tarzda yuborish. 3. Navbati kelganda 4-bosqich 1. Davlat xizmatlari markazi yoki “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazi 2. Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoki “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimi 1. Yoʻllanma tushganidan soʻng uni keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarning elektron manziliga yuborish (mavjud boʻlganda) va ularni bu haqida axborot-kommunikatsiya tizimi orqali xabardor qilish. 2. Murojaatchi yoʻllanmani yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoki “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimidagi shaxsiy kabinetida yuklab oladi. 3. Oʻzi (yoki ishonchli vakili) kelib murojaat qilganda yoʻllanmani elektron yoki qogʻoz shaklida berish. 4. Yoʻllanma berish rad etilgan taqdirda, rad etish sabablari toʻgʻrisida keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarni xabardor qilish. 10 daqiqa ichida
Keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarga sanatoriylarda davolanish uchun yoʻllanmalar berish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 2-ILOVA
____________________ ____________________ (sana) (raqam) Keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarga sanatoriylarda davolanish uchun yoʻllanmalar berish boʻyicha SOʻROVNOMA I. Keksa va nogironligi boʻlgan shaxs toʻgʻrisida maʼlumotlar: 1. F.I.O. 2. Tugʻilgan yili va sanasi 3. Doimiy roʻyxatdan oʻtgan joyi 4. Jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (mavjud boʻlganda) 5. Elektron pochta manzili (mavjud boʻlganda) 6. Telefon raqami II. Taqdim etiladigan hujjatlar: 1. Imtiyozdan foydalanish huquqini beruvchi hujjat (pensiya guvohnomasi, mavjud boʻlsa, ushbu Reglamentning 4-bandida sanab oʻtilgan holatlarni tasdiqlovchi hujjatlar) nusxasi 2. Tibbiy maʼlumotnoma Ariza beruvchining imzosi
Keksalar va nogironligi boʻlgan shaxslarga sanatoriylarda davolanish uchun yoʻllanmalar berish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 3-ILOVA
Eslatma: Yoʻllanma faqat unda koʻrsatilgan muddatlarda haqiqiy hisoblanadi. Yoʻllanmada koʻrsatilgan muddatdan oldin sanatoriyga qabul qilinmaydi, shuningdek sanatoriyga kechikib kelingan kunlar tiklanmaydi. Yoʻllanmadan faqat unda koʻrsatilgan shaxsgina foydalanishi mumkin. Sanatoriyga bitta yoʻllanma bilan bittadan ortiq kishi (shu jumladan, yosh bolalar ham) qabul qilinmaydi. Sanatoriyda sogʻlomlashtirish uchun 000000-son YOʻLLANMA 1. Davolanuvchining F.I.O. 2. Davolanuvchining pasport yoki identifikatsiyalovchi ID-kartasi maʼlumotlari (seriyasi va raqami, kim tomonidan berilganligi): 3. Davolanuvchining JSHSHIR: 4. Tugʻilgan yili (yil, kun, oy,): (0000.00.00 yil 5. Doimiy yashash joni boʻyicha roʻyxatga olingan manzili: 6. Tibbiy maʼlumotnoma (raqami, qachon kim tomonidan berilgan) : 7. Imtiyozli toifasi 8. Sanatoriy nomi, telefon raqami: 9. Sanatoriy manzili: 10. Sogʻlomlashtirish muddati: 10 kun 0000-yil 00.00 dan 0000-yil 00.00 gacha 11. Yoʻllanmani rasmiylashtirgan vakolatli organ: - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - (qirqish chizigʻi) - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - - Sanatoriy tomonidan tuman (shahar) “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazlariga 000000-son yoʻllanmaning QAYTARILADIGAN QISMI 1. Davolanuvchining F.I.O.: 2. Davolanuvchining pasport yoki identifikatsiyalovchi ID-kartasi maʼlumotlari (seriyasi va raqami, kim tomonidan berilganligi): QR-kod joyi 3. Davolanuvchining JSHSHIR: 4. Tugilgan yili (kun, oy, yil): 00.00.0000-yil 5. Imtiyozli toifasi: 6. Sanatoriy nomi, telefon raqami: Muhim maʼlumotlarni olish uchun QR-kodni skanerlang 7. Haqiqiy sogʻlomlashtirilgan muddati: 00 kun 0000-yil 00.00 dan 0000-yil 00.00 gacha 8. Izoh:
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 19-noyabr,
693-son