📅 2021-yil 24-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 24-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 24 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 24 ноября 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 24 November 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТАРКИБИ
ТАРКИБИ
Тошкент шаҳрида Италиянинг Пиза университети филиалини ташкил этиш тўғрисида
Геология соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга жорий этиш, ўқитишнинг замонавий услубларидан кенг фойдаланиш, геология соҳасида умумэътироф этилган халқаро талаб ва таълим стандартлари даражасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, шунингдек илғор жаҳон таълим стандартларига мувофиқ олий маълумотли юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Геология фанлари университети ва Италиянинг Пиза университети ўртасида 2021 йил 21 июлда Тошкент шаҳрида Пиза университетининг филиалини ташкил этиш бўйича битим имзоланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Тошкент шаҳрида Италиянинг Пиза университети филиалини (кейинги ўринларда — Филиал) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
3. Қуйидагилар Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
геология соҳасининг тармоқлари учун замонавий талаблар асосида халқаро таълим стандартларига мувофиқ юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш;
таълим, илм-фан ҳамда ишлаб чиқаришнинг узлуксизлиги ва изчиллиги тамойиллари, шунингдек, жаҳоннинг нуфузли ўқув-илмий марказлари билан уйғун интеграциялашув асосида мутахассисларни, илмий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини юксалтириш;
замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш жараёнига илғор ва масофавий технологияларни кенг жорий этиш, юқори малакали профессор-ўқитувчиларни ва кўп йиллик иш стажига эга бўлган амалиётчиларни жалб этиш;
хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, бизнес-ҳамжамиятлар ва халқаро геология жамиятлари билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш;
илмий ва илмий-педагог кадрларнинг профессионал маҳорати даражаси ва сифатини узлуксиз ошириб бориш, хорижий давлатлардаги етакчи олий таълим муассасаларида малака оширишини ва стажировка ўташини таъминлаш;
фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий-техник вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган амалий ва инновацион изланишларни амалга ошириш.
4. Белгилаб қўйилсинки:
Филиал юридик шахс — олий таълим ташкилоти ҳисобланади ҳамда ундаги таълим жараёни Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда Италиянинг Пиза университети томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ кундузги таълим шаклида ўзбек, инглиз ва рус тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади;
Филиал кадрларга бўлган эҳтиёж асосида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича барча даражадаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, шу жумладан, илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширади;
Геология фанлари университети 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Филиалда ўқув жараёнини самарали ташкил этиш ва ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ўзига тегишли бўлган бинолардан Филиал ходимлари, ўқитувчилари ва талабалари учун керакли ўқув ва ётоқхона жойларини ажратишни, уларни зарур ўқув-лаборатория ускуналари ва компьютер техникаси билан жиҳозлашни ҳамда лабораториялари ва кутубхона фондларидан бепул фойдаланишни таъминлайди;
Филиалга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан белгиланган тартибда лицензия олингандан сўнг таълим фаолияти билан шуғулланишга 2022/2023 ўқув йилидан рухсат берилади;
Филиалга абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш Италиянинг Пиза университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Филиал томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;
Филиалда таълим жараёни рақамли технологиялар асосида индивидуаллаштириш, вебинар ва «онлайн» технологияларини амалиётга татбиқ этган ҳолда ташкил этилади;
Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган белгиланган намунадаги Италиянинг Пиза университети дипломи берилади.
5. Италиянинг Пиза университети:
ўқув жараёнига илғор педагогик ҳамда ахборот технологияларини, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини жорий этишга;
Филиал профессор-ўқитувчилари, мутахассислари малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга;
Филиални ўқув режадаги ихтисослик фанлари бўйича хорижий профессор-ўқитувчилар билан таъминлашга;
Филиалнинг кутубхона фондини шакллантириш ҳамда уни замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий-техник адабиётлар билан тўлдиришга кўмаклашиши маълумот учун қабул қилинсин.
6. Қуйидагилар:
Тошкент шаҳридаги Италиянинг Пиза университети филиали васийлик кенгаши таркиби 1-иловага мувофиқ;
Тошкент шаҳридаги Италиянинг Пиза университети филиалини ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби (кейинги ўринларда — Ишчи гуруҳ) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Қуйидагилар Филиал васийлик кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Филиал фаолиятининг ташкил этилишини таъминлаш, унинг тўлақонли фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий, молиявий, ҳуқуқий, иқтисодий, ўқув-методик, моддий-техник ва бошқа масалаларни ҳал этиш;
Филиал фаолиятини ташкил этиш юзасидан Италиянинг Пиза университети раҳбарияти билан музокаралар олиб бориш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш;
зарур лойиҳа, қурилиш-монтаж ва таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш, Филиални жиҳозлаш, инфратузилмасини яратиш, моддий-техник таъминлашга доир жадвалларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
Филиал фаолиятининг изчил ривожланишини таъминлаш мақсадида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, техник кўмак маблағларини, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат ташкилотларининг грантлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбаларни жалб этиш;
таълим жараёнини, талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини самарали ташкил этиш ва такомиллаштириш, бакалавр ва магистрлар тайёрлаш сифатини мунтазам ошириб бориш, Филиал битирувчиларини ишга жойлаштириш, меҳнат бозорининг истиқболли ривожланишини ҳисобга олган ҳолда, мутахассислар ва илмий-техник кадрлар тайёрлашнинг зарур йўналишларини белгилашда кўмаклашиш;
Филиал фаолиятини ташкил этиш бўйича белгиланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан мунтазам назорат қилиш ва битирувчиларини ишга жойлаштириш.
8. Ишчи гуруҳ (Б. Исламов):
2022 йил 1 июнга қадар Филиалга Геология фанлари университети томонидан тақдим этилаётган бино ва иншоотлар, ўқув-лаборатория корпуси ва спорт иншоотларининг қурилиши, шунингдек Филиал талабалари ва ўқитувчилари турар жойлари тайёрланишини;
2022 йил 1 августга қадар Филиал Геология фанлари университетига жойлаштирилиши, Филиалга тақдим этилаётган бино ва иншоотларнинг замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер, ташкилий техника, адабиётлар ва кутубхона фонди, инвентарь, мебель ва бошқа моддий-техник воситалар билан жиҳозланишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси:
а) уч ой муддатда:
Италиянинг Пиза университети билан келишган ҳолда Филиал устави ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилишини;
олий таълим ташкилотлари учун белгиланган нормативлар ва илғор халқаро тажрибани ўзида мужассамлаштирган Филиалнинг тузилмаси ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини;
б) 2022 йил 1 августга қадар Италиянинг Пиза университети билан биргаликда Филиал профессор-ўқитувчиларининг таркиби юқори малакали, жумладан, хорижий кадрлар билан тўлдирилишини таъминласин.
10. Белгилансинки:
а) Филиалга қабул параметрлари Италиянинг Пиза университети, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг мутахассисларга бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда, Филиалнинг васийлик кенгаши қарорига биноан тасдиқланади;
б) Филиал фаолиятини молиялаштириш:
Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига (Филиалга таълим олиш учун қабул қилинадиган талабалар умумий сонининг 40 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳолда) Филиал талабаларини давлат гранти асосида ўқитиш учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари;
тўлов-контракт асосида талабаларни ўқитишдан тушган маблағлар;
Филиал томонидан шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
Филиал Васийлик кенгаши қарорлари асосида шакллантириладиган маблағлар;
халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотлар, шу жумладан, хорижий ҳамкорлар маблағлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади;
в) Филиалнинг ўқув жараёнига хорижий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ва ташкилотларидан жалб қилинадиган профессор-ўқитувчилар ва мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сон қарорининг 4-бандига мувофиқ ҳамда Италиянинг Пиза университети билан ўзаро келишувда келтирилган миқдорда амалга оширилади.
11. Филиалга:
кадрларга бўлган реал эҳтиёж ва республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очишга;
профессор-ўқитувчилар, шунингдек педагогик ва илмий фаолият олиб боришга жалб этиладиган бошқа шахсларнинг меҳнати, яшаши ҳамда транспорт харажатлари учун уларга белгиланган тарифлар бўйича тўловни амалга оширишга рухсат берилсин.
12. Филиал Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Олимлар кўчаси 64-уй манзилида жойлашган Геология фанлари университетининг «А» блокига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳамда Филиалнинг буюртманомаларига кўра мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар таркиби ва бошқарув ходимлари, шунингдек уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни уч ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси Б.Ф. Исламов ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х. Тошкулов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 ноябрдаги 710-сон қарорига 1-ИЛОВА
Тошкент шаҳридаги Италиянинг Пиза университети филиали васийлик кенгаши
1. С.У. Умурзаков — Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири, Васийлик кенгаши раиси 2. Б.Ф. Исламов — Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси — Геология фанлари университети ректори, Васийлик кенгаши раиси ўринбосари 3. А.Х. Тошқулов — Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири 4. А.С. Султонов — Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири 5. Б.К. Абдиназаров — Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари 6. Ф. Марчеллони — Италиянинг Пиза университети проректори (келишув асосида) 7. О.Х. Акбаров — Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси 8. Қ.С. Санақулов — «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ бошқаруви раиси 9. А.Х. Хурсанов — «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ бошқаруви раиси 10. М.Р. Абдуллаев — «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси 11. Р.Х. Пирматов — «Ўзметкомбинат» АЖ бошқаруви раиси 12. Лавозимига кўра — Италиянинг Пиза университети Тошкент шаҳридаги филиали ижрочи директори, Васийлик кенгаши котиби
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 ноябрдаги 710-сон қарорига 2-ИЛОВА
Тошкент шаҳридаги Италиянинг Пиза университети филиалини ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ
1. Б.Ф. Исламов — Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси — Геология фанлари университети ректори, Ишчи гуруҳ раҳбари 2. Лавозимига кўра — Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари, Ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари 3. У.Н. Ташкенбаев — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи 4. Ф.Н. Арзиев — Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари 5. О.Ш. Қодиров — Геология фанлари университети Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи 6. Лавозимига кўра — Италиянинг Пиза университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ижрочи директори, Ишчи гуруҳ котиби
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 24 ноябрь,
710-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TARKIBI
TARKIBI
Toshkent shahrida Italiyaning Piza universiteti filialini tashkil etish toʻgʻrisida
Geologiya sohasidagi ilmiy tadqiqotlar natijalarini amaliyotga joriy etish, oʻqitishning zamonaviy uslublaridan keng foydalanish, geologiya sohasida umumeʼtirof etilgan xalqaro talab va taʼlim standartlari darajasida yuqori malakali kadrlarni tayyorlash tizimini tubdan takomillashtirish, shuningdek ilgʻor jahon taʼlim standartlariga muvofiq oliy maʼlumotli yuqori malakali mutaxassislar tayyorlashni tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasi, Geologiya fanlari universiteti va Italiyaning Piza universiteti oʻrtasida 2021-yil 21-iyulda Toshkent shahrida Piza universitetining filialini tashkil etish boʻyicha bitim imzolanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligining Toshkent shahrida Italiyaning Piza universiteti filialini (keyingi oʻrinlarda — Filial) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
3. Quyidagilar Filial faoliyatining asosiy yoʻnalishlari etib belgilansin:
geologiya sohasining tarmoqlari uchun zamonaviy talablar asosida xalqaro taʼlim standartlariga muvofiq yuqori malakali mutaxassislarni tayyorlash;
taʼlim, ilm-fan hamda ishlab chiqarishning uzluksizligi va izchilligi tamoyillari, shuningdek, jahonning nufuzli oʻquv-ilmiy markazlari bilan uygʻun integratsiyalashuv asosida mutaxassislarni, ilmiy kadrlarni tayyorlash va qayta tayyorlash tizimini yuksaltirish;
zamonaviy bilim va koʻnikmalarga ega mutaxassislarni tayyorlash jarayoniga ilgʻor va masofaviy texnologiyalarni keng joriy etish, yuqori malakali professor-oʻqituvchilarni va koʻp yillik ish stajiga ega boʻlgan amaliyotchilarni jalb etish;
xorijiy davlatlarning yetakchi oliy taʼlim muassasalari, ilmiy-tadqiqot markazlari, biznes-hamjamiyatlar va xalqaro geologiya jamiyatlari bilan uzoq muddatli hamkorlikni yoʻlga qoʻyish, rivojlantirish hamda mustahkamlash;
ilmiy va ilmiy-pedagog kadrlarning professional mahorati darajasi va sifatini uzluksiz oshirib borish, xorijiy davlatlardagi yetakchi oliy taʼlim muassasalarida malaka oshirishini va stajirovka oʻtashini taʼminlash;
fundamental, amaliy va innovatsion tadqiqotlar olib borish hamda ularning natijalarini amaliyotga joriy etish, ilmiy-tadqiqot institutlari bilan hamkorlikda ilmiy-texnik vazifalarni hal etishga yoʻnaltirilgan amaliy va innovatsion izlanishlarni amalga oshirish.
4. Belgilab qoʻyilsinki:
Filial yuridik shaxs — oliy taʼlim tashkiloti hisoblanadi hamda undagi taʼlim jarayoni Oʻzbekiston Respublikasi davlat taʼlim standartlari talablari inobatga olingan, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan kelishgan holda Italiyaning Piza universiteti tomonidan tasdiqlanadigan oʻquv rejalari va fan dasturlariga muvofiq kunduzgi taʼlim shaklida oʻzbek, ingliz va rus tillarida toʻlov-kontrakt asosida amalga oshiriladi;
Filial kadrlarga boʻlgan ehtiyoj asosida bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari boʻyicha barcha darajadagi mutaxassislarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishni, shu jumladan, ilmiy-pedagogik kadrlar tayyorlashni amalga oshiradi;
Geologiya fanlari universiteti 2022/2023 oʻquv yilidan boshlab Filialda oʻquv jarayonini samarali tashkil etish va oʻzaro hamkorlikni yoʻlga qoʻyish maqsadida oʻziga tegishli boʻlgan binolardan Filial xodimlari, oʻqituvchilari va talabalari uchun kerakli oʻquv va yotoqxona joylarini ajratishni, ularni zarur oʻquv-laboratoriya uskunalari va kompyuter texnikasi bilan jihozlashni hamda laboratoriyalari va kutubxona fondlaridan bepul foydalanishni taʼminlaydi;
Filialga Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasidan belgilangan tartibda litsenziya olingandan soʻng taʼlim faoliyati bilan shugʻullanishga 2022/2023 oʻquv yilidan ruxsat beriladi;
Filialga abituriyentlarni qabul qilish va bitiruvchilarni attestatsiyadan oʻtkazish Italiyaning Piza universiteti hamda Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan kelishilgan holda Filial tomonidan belgilanadigan talablar, tartib va muddatlarga muvofiq amalga oshiriladi;
Filialda taʼlim jarayoni raqamli texnologiyalar asosida individuallashtirish, vebinar va “onlayn” texnologiyalarini amaliyotga tatbiq etgan holda tashkil etiladi;
Filial bitiruvchilariga Oʻzbekiston Respublikasida oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi hujjat sifatida tan olinadigan belgilangan namunadagi Italiyaning Piza universiteti diplomi beriladi.
5. Italiyaning Piza universiteti:
oʻquv jarayoniga ilgʻor pedagogik hamda axborot texnologiyalarini, fan va texnikaning eng yangi yutuqlarini joriy etishga;
Filial professor-oʻqituvchilari, mutaxassislari malakasini oshirish va qayta tayyorlashga;
Filialni oʻquv rejadagi ixtisoslik fanlari boʻyicha xorijiy professor-oʻqituvchilar bilan taʼminlashga;
Filialning kutubxona fondini shakllantirish hamda uni zamonaviy oʻquv, oʻquv-metodik va ilmiy-texnik adabiyotlar bilan toʻldirishga koʻmaklashishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
6. Quyidagilar:
Toshkent shahridagi Italiyaning Piza universiteti filiali vasiylik kengashi tarkibi 1-ilovaga muvofiq;
Toshkent shahridagi Italiyaning Piza universiteti filialini tashkil etish boʻyicha ishchi guruh tarkibi (keyingi oʻrinlarda — Ishchi guruh) 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
7. Quyidagilar Filial vasiylik kengashining asosiy vazifalari etib belgilansin:
Filial faoliyatining tashkil etilishini taʼminlash, uning toʻlaqonli faoliyatini yoʻlga qoʻyish bilan bogʻliq tashkiliy, moliyaviy, huquqiy, iqtisodiy, oʻquv-metodik, moddiy-texnik va boshqa masalalarni hal etish;
Filial faoliyatini tashkil etish yuzasidan Italiyaning Piza universiteti rahbariyati bilan muzokaralar olib borish boʻyicha oʻzaro hamkorlik qilish;
zarur loyiha, qurilish-montaj va taʼmirlash-tiklash ishlarini amalga oshirish, Filialni jihozlash, infratuzilmasini yaratish, moddiy-texnik taʼminlashga doir jadvallarni ishlab chiqish va tasdiqlash;
Filial faoliyatining izchil rivojlanishini taʼminlash maqsadida jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari, texnik koʻmak mablagʻlarini, xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat tashkilotlarining grantlari va qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalarni jalb etish;
taʼlim jarayonini, talabalarning ishlab chiqarish amaliyotini samarali tashkil etish va takomillashtirish, bakalavr va magistrlar tayyorlash sifatini muntazam oshirib borish, Filial bitiruvchilarini ishga joylashtirish, mehnat bozorining istiqbolli rivojlanishini hisobga olgan holda, mutaxassislar va ilmiy-texnik kadrlar tayyorlashning zarur yoʻnalishlarini belgilashda koʻmaklashish;
Filial faoliyatini tashkil etish boʻyicha belgilangan vazifalarning bajarilishi yuzasidan muntazam nazorat qilish va bitiruvchilarini ishga joylashtirish.
8. Ishchi guruh (B. Islamov):
2022-yil 1-iyunga qadar Filialga Geologiya fanlari universiteti tomonidan taqdim etilayotgan bino va inshootlar, oʻquv-laboratoriya korpusi va sport inshootlarining qurilishi, shuningdek Filial talabalari va oʻqituvchilari turar joylari tayyorlanishini;
2022-yil 1-avgustga qadar Filial Geologiya fanlari universitetiga joylashtirilishi, Filialga taqdim etilayotgan bino va inshootlarning zamonaviy oʻquv-laboratoriya asbob-uskunalari, kompyuter, tashkiliy texnika, adabiyotlar va kutubxona fondi, inventar, mebel va boshqa moddiy-texnik vositalar bilan jihozlanishini taʼminlasin.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasi:
a) uch oy muddatda:
Italiyaning Piza universiteti bilan kelishgan holda Filial ustavi ishlab chiqilishi, tasdiqlanishi va davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini;
oliy taʼlim tashkilotlari uchun belgilangan normativlar va ilgʻor xalqaro tajribani oʻzida mujassamlashtirgan Filialning tuzilmasi ishlab chiqilishi va tasdiqlanishini;
b) 2022-yil 1-avgustga qadar Italiyaning Piza universiteti bilan birgalikda Filial professor-oʻqituvchilarining tarkibi yuqori malakali, jumladan, xorijiy kadrlar bilan toʻldirilishini taʼminlasin.
10. Belgilansinki:
a) Filialga qabul parametrlari Italiyaning Piza universiteti, Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi, Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan kelishilgan hamda manfaatdor vazirliklar va idoralarning mutaxassislarga boʻlgan ehtiyojini inobatga olgan holda, Filialning vasiylik kengashi qaroriga binoan tasdiqlanadi;
b) Filial faoliyatini moliyalashtirish:
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasiga (Filialga taʼlim olish uchun qabul qilinadigan talabalar umumiy sonining 40 foizidan ortiq boʻlmagan holda) Filial talabalarini davlat granti asosida oʻqitish uchun ajratiladigan Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjeti mablagʻlari;
toʻlov-kontrakt asosida talabalarni oʻqitishdan tushgan mablagʻlar;
Filial tomonidan shartnoma asosida xizmatlar koʻrsatishdan tushadigan mablagʻlar;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;
Filial Vasiylik kengashi qarorlari asosida shakllantiriladigan mablagʻlar;
xalqaro moliya institutlari va xorijiy tashkilotlar, shu jumladan, xorijiy hamkorlar mablagʻlari;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobiga amalga oshiriladi;
v) Filialning oʻquv jarayoniga xorijiy taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasalari va tashkilotlaridan jalb qilinadigan professor-oʻqituvchilar va mutaxassislarning mehnatiga haq toʻlash Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oliy taʼlim tizimini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 20-apreldagi PQ-2909-son qarorining 4-bandiga muvofiq hamda Italiyaning Piza universiteti bilan oʻzaro kelishuvda keltirilgan miqdorda amalga oshiriladi.
11. Filialga:
kadrlarga boʻlgan real ehtiyoj va respublikaning ijtimoiy-iqtisodiy rivojlanish istiqbolidan kelib chiqib, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasi, Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan kelishgan holda bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklarini ochishga;
professor-oʻqituvchilar, shuningdek pedagogik va ilmiy faoliyat olib borishga jalb etiladigan boshqa shaxslarning mehnati, yashashi hamda transport xarajatlari uchun ularga belgilangan tariflar boʻyicha toʻlovni amalga oshirishga ruxsat berilsin.
12. Filial Toshkent shahar, Mirzo Ulugʻbek tumani, Olimlar koʻchasi 64-uy manzilida joylashgan Geologiya fanlari universitetining “A” blokiga tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirilsin.
13. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi, Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasi hamda Filialning buyurtmanomalariga koʻra mazkur qarorni amalga oshirish doirasida jalb qilinadigan xorijiy professor-oʻqituvchilar tarkibi va boshqaruv xodimlari, shuningdek ularning oila aʼzolari uchun kirish vizalari konsullik yigʻimlari va boshqa yigʻimlar undirilmasdan belgilangan tartibda rasmiylashtirilishini taʼminlasin.
14. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasi boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni uch oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
15. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining investitsiyalar va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari — investitsiyalar va tashqi savdo vaziri S.U. Umurzakov, Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasi raisi B.F. Islamov hamda oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri A.X. Toshkulov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 24-noyabrdagi 710-son qaroriga 1-ILOVA
Toshkent shahridagi Italiyaning Piza universiteti filiali vasiylik kengashi
1. S.U. Umurzakov — Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining investitsiyalar va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari — investitsiyalar va tashqi savdo vaziri, Vasiylik kengashi raisi 2. B.F. Islamov — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasi raisi — Geologiya fanlari universiteti rektori, Vasiylik kengashi raisi oʻrinbosari 3. A.X. Toshqulov — Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri 4. A.S. Sultonov — Oʻzbekiston Respublikasi energetika vaziri 5. B.K. Abdinazarov — Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri oʻrinbosari 6. F. Marchelloni — Italiyaning Piza universiteti prorektori (kelishuv asosida) 7. O.X. Akbarov — Oʻzbekiston Respublikasining Italiyadagi Favqulodda va muxtor elchisi 8. Q.S. Sanaqulov — “Navoiy kon-metallurgiya kombinati” AJ boshqaruvi raisi 9. A.X. Xursanov — “Olmaliq kon-metallurgiya kombinati” AJ boshqaruvi raisi 10. M.R. Abdullayev — “Oʻzbekneftgaz” AJ boshqaruvi raisi 11. R.X. Pirmatov — “Oʻzmetkombinat” AJ boshqaruvi raisi 12. Lavozimiga koʻra — Italiyaning Piza universiteti Toshkent shahridagi filiali ijrochi direktori, Vasiylik kengashi kotibi
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 24-noyabrdagi 710-son qaroriga 2-ILOVA
Toshkent shahridagi Italiyaning Piza universiteti filialini tashkil etish boʻyicha ishchi guruh
1. B.F. Islamov — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat geologiya va mineral resurslar qoʻmitasi raisi — Geologiya fanlari universiteti rektori, Ishchi guruh rahbari 2. Lavozimiga koʻra — Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri oʻrinbosari, Ishchi guruh rahbari oʻrinbosari 3. U.N. Tashkenbayev — Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi boshligʻi 4. F.N. Arziyev — Oʻzbekiston Respublikasi tashqi ishlar vazirining birinchi oʻrinbosari 5. O.Sh. Qodirov — Geologiya fanlari universiteti Xalqaro hamkorlik boʻlimi boshligʻi 6. Lavozimiga koʻra — Italiyaning Piza universitetining Toshkent shahridagi filiali ijrochi direktori, Ishchi guruh kotibi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 24-noyabr,
710-son