UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 29-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 29 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 29 ноября 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 29 November 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Сунъий интеллект технологияларини қўллаб-қувватлаш учун махсус режим ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сунъий интеллект технологияларини қўллаш бўйича махсус режимни жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 26 августдаги ПҚ-5234-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, сунъий интеллект технологиялари асосидаги инновацион бизнес-моделлар, маҳсулотлар ва хизмат кўрсатиш усулларини ривожлантириш учун қулай ва мақбул экотизим яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 августдаги ПҚ-5234-сон қарорига мувофиқ сунъий интеллект технологияларига асосланган тажриба-синов ишларини амалга ошириш, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ фаолият юритувчи ташкилотлар учун зарурий ташкилий-ҳуқуқий шароит яратиш, дастурий маҳсулотларни тажрибадан ўтказиш ва амалиётга жорий қилиш жараёнида юзага келадиган ҳуқуқий муносабатларда енгиллик яратиш мақсадида Сунъий интеллект технологияларини қўллаш бўйича махсус режим жорий қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Сунъий интеллект технологияларини қўллаб-қувватлаш учун махсус режим ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

сунъий интеллект технологияларини қўллаб-қувватлаш учун махсус режимни (кейинги ўринларда — махсус режим) қўллаш ва унинг иштирокчилари фаолиятини ташкил этиш;

махсус режим ишчи органининг фаолиятини ташкил этиш, унинг асосий вазифа ва функцияларини белгилаш;

талабгорларни махсус режим иштирокчилари сифатида рўйхатдан ўтказиш, ишчи орган томонидан ариза шакли ва талаб этиладиган маълумотлар рўйхатини тасдиқлаш;

махсус режим эксперт кенгашини таркибини шакллантириш ва фаолиятини йўлга қуйиш;

махсус режим иштирокчиларига лойиҳаларни самарали ташкил қилиш учун амалдаги қонунчилик ҳужжатларининг тегишли нормаларини тажриба-синов лойиҳалари муддатида истисно қилиш;

талабгорларни махсус режим таркибига киритиш ва таркибидан чиқариш бўйича таклифларни кўриб чиқиш;

махсус режим иштирокчиларининг тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш муддати давомида ташкилий-ҳуқуқий ва консультатив жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга белгиланган имтиёз ва преференцияларни қўллаш;

махсус режим иштирокчиларига ваколатли давлат органи томонидан тегишли фаолиятни амалга оширишнинг камайтирилган талаблари ва шартларини белгилаш;

ишчи орган томонидан ташкилотни махсус режим иштирокчиси мақомидан маҳрум қилиш ва бу ҳақидаги маълумотларни махсус режим иштирокчиларининг ягона реестрига киритиш.

3. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда мазкур қарор талабларини инобатга олган ҳолда махсус режим фаолиятини йўлга қўйсин;

Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида тематик телекўрсатувлар ташкил қилсин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаментига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 ноябрдаги 717-сон қарорига ИЛОВА

Сунъий интеллект технологияларини қўллаб-қувватлаш учун махсус режим ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом сунъий интеллект технологияларини қўллаб-қувватлаш учун махсус режим (кейинги ўринларда — махсус режим) ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш тартибларини белгилайди.

2. Махсус режим Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг (кейинги ўринларда — IT-парк) алоҳида бўғини бўлиб, унинг иштирокчилари IT-парк резидентлари ҳисобланади ва улар ўз фаолиятини экстерриториаллик принципи асосида амалга оширади.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

махсус режим — сунъий интеллект технологияларига асосланган тажриба-синов ишларини амалга ошириш, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ фаолият юритувчи юридик шахслар ҳамда илмий ташкилотлар учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шароит яратиш, дастурий маҳсулотларни тажрибадан ўтказиш ва амалиётга жорий қилиш жараёнида юзага келадиган ҳуқуқий муносабатларда енгиллик яратишга қаратилган махсус ҳуқуқий режим;

махсус режим иштирокчилари — белгиланган тартибда махсус режим иштирокчилари сифатида рўйхатдан ўтказилган ва махсус режимнинг ишчи органи томонидан юритиладиган махсус режим иштирокчиларининг ягона реестрига киритилган юридик шахс, шу жумладан илмий ташкилот;

махсус режим иштирокчиларининг ягона реестри (кейинги ўринларда — реестр) — ушбу Низомга мувофиқ махсус режим иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган очиқ ва умумфойдаланиладиган ахборот ресурси;

махсус режимнинг эксперт кенгаши — таркиби соҳалар бўйича ваколатли давлат органлари билан биргаликда ҳар йили тасдиқланадиган талабгорлар томонидан тақдим этилган лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш мақсадида устувор йўналишлар кесимидаги эксперт кенгашлари;

Мувофиқлаштириш комиссияси — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сон Фармони билан тасдиқланган «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссияси ;

тажриба-синов лойиҳалари — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 февралдаги ПҚ-4996-сон қарори билан тасдиқланган сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича 2021-2022 йилларда амалга ошириладиган тажриба-синов лойиҳалари ҳамда устувор тармоқлар ва соҳалар доирасида амалга ошириладиган ва бажариш муддати бир йилдан ошмайдиган лойиҳалар ;

талабгорлар — махсус режим иштирокчиси мақомини олишга ариза берган юридик шахслар, шу жумладан, илмий ташкилотлар.

2-боб. Махсус режим ишчи органининг фаолиятини ташкил этиш

4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги махсус режимнинг ишчи органи (кейинги ўринларда — ишчи орган) ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат масалалари бўйича биринчи ўринбосари ишчи орган раҳбари, IT-парк дирекцияси директори эса ишчи орган раҳбарининг ўринбосари ҳисобланади.

5. Ишчи орган:

махсус режим иштирокчиси мақомини олиш учун талабгорлар томонидан тақдим этиладиган ариза шаклини ва талаб этиладиган маълумотлар рўйхатини тасдиқлайди ва аризалар қабул қилинишини ташкил этади;

махсус режим эксперт кенгашининг низоми, шунингдек, унинг иштирокчилари билан тузиладиган фаолият шартлари тўғрисидаги шартнома шаклини тасдиқлайди;

махсус режимнинг эксперт кенгаши таркибини манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда шакллантиради ва тасдиқлайди;

махсус режим иштирокчилари учун тажриба-синов лойиҳалари доирасида зарур бўладиган маълумотлар рўйхатини шакллантиради;

махсус режим иштирокчиларининг лойиҳалари ишини самарали ташкил қилиш учун амалдаги қонунчилик ҳужжатларининг тегишли нормаларини тажриба-синов лойиҳалари муддатида истисно қилиш, тегишли ваколатли давлат органига тақдим қилиш учун махсус режим жараёнида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, тажриба-синов лойиҳаларини татбиқ этишда юзага келадиган тўсиқларни бартараф этиш мақсадида иштирокчиларга махсус режим доирасида енгиллик яратиш масалалари бўйича таклифлар тайёрлайди;

талабгорларни махсус режим таркибига киритиш ва таркибидан чиқариш бўйича таклифларни Мувофиқлаштириш комиссиясига кўриб чиқиш учун тақдим қилади;

Мувофиқлаштириш комиссиясининг хулосасига асосан лойиҳа ташаббускорларига махсус режим иштирокчиси мақомини бериш, беришни рад этиш ёки ундан маҳрум қилиш бўйича қарор қабул қилади;

махсус режим иштирокчилари томонидан муваффақиятли тарзда олиб борилаётган лойиҳалар ҳақида тегишли вазирлик ва идораларга йиллик расмий маълумотнома киритиб боради;

махсус режим иштирокчиларининг илмий фаолиятини кузатиб боришга Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ходимларини жалб қилади;

махсус режим иштирокчиларининг тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш муддати давомида ташкилий-ҳуқуқий ва консультатив жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.

6. Махсус режимнинг эксперт кенгаш аъзолари ишчи орган томонидан бир йил муддатга тасдиқланиб, қуйидаги асосий функцияларни бажаради:

талабгорларнинг лойиҳаси ва унинг аризасини ўрганиб чиқади;

эҳтиёждан келиб чиқиб, лойиҳа тақдимотини ўтказиш учун талабгорни таклиф қилади;

кўриб чиқилган лойиҳа учун махсус режим эксперт кенгашининг хулосасини ишчи органга киритади.

3-боб. Талабгорларни махсус режим иштирокчилари сифатида рўйхатдан ўтказиш тартиби

7. Талабгорлар махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтиш учун ишчи орган томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича барча зарур маълумотларни илова қилган ҳолда, IT-паркнинг махсус веб-платформаси орқали ариза топширади.

Талабгорлар IT-парк резидентларига белгиланган имтиёзлар ва преференциялардан фойдаланиш учун Вазирлар Маҳкамасининг «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 15 июлдаги 589-сон қарорида белгиланган талабларга асосан ариза топшириш жараёнида қўшимча маълумотлар тақдим этади.

Тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги учун жавобгарлик талабгорга юкланади.

Талабгорнинг аризасини қабул қилиш ва иштирокчиларни рўйхатга олиш мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

8. Талабгорларнинг тақдим этган ҳужжатларида ушбу Низом талабларига номувофиқликлар аниқланган ҳолатларда, талабгорларга ишчи орган томонидан бу ҳақда маълум қилингандан сўнг талабгорлар ундаги камчиликларни бартараф этиб, аризани беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда қайта тақдим этиши мумкин.

Мазкур муддатда талабгорлар томонидан номувофиқликларнинг бартараф этилмаганлиги, талабгорларни махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатга олишни рад этишга асос бўлади.

9. Ишчи орган талабгорлардан келиб тушган аризани беш иш куни мобайнида дастлабки техник экспертизадан ўтказади. Техник экспертиза жараёнида талабгорлардан келиб тушган ариза ва унга илова қилинган маълумотлар талабгорлар аризасига белгиланган талабларга мослиги жиҳатдан кўриб чиқилади.

10. Ишчи орган талабгорлар аризаси дастлабки техник экспертизадан ўтган кундан бошлаб ўн беш иш куни мобайнида тажриба-синов лойиҳаларини татбиқ этишда юзага келадиган тўсиқларни бартараф этиш мақсадида иштирокчиларга махсус режим доирасида енгиллик яратиш бўйича таклифларни тайёрлайди ва махсус режимнинг эксперт кенгашига юборади.

11. Махсус режимнинг эксперт кенгаши ишчи органдан талабгорлар лойиҳалари ва ишчи орган томонидан мазкур лойиҳа учун енгиллик яратиш бўйича ишлаб чиқилган таклифларни қабул қилган кундан бошлаб ўн беш иш куни ичида ишчи органга лойиҳалар бўйича хулоса тақдим этади.

Махсус режимнинг эксперт кенгаши лойиҳалар тақдимотини ўтказиш учун талабгорларни таклиф қилиш ёки рўйхатдан ўтказишни рад этиш ҳуқуқига эга.

12. Ишчи орган махсус режимнинг эксперт кенгаши хулосасига кўра тақдим этилган лойиҳанинг талабларга мослигидан келиб чиқиб, уни Мувофиқлаштириш комиссиясига тақдим этади.

Мувофиқлаштириш комиссияси ишчи орган томонидан тақдим этилган ҳужжатларга асосан талабгорларга махсус режимнинг иштирокчиси мақомини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида хулоса беради.

13. Мувофиқлаштириш комиссияси хулосасига мувофиқ ишчи орган талабгорларни иштирокчи сифатида рўйхатга олиш ёки рўйхатга олишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, реестрга тегишли ёзувларни беш иш кунида киритади ва тегишли вазирлик ва идораларга талабгорлар махсус режим иштирокчиси сифатида қабул қилинганлиги тўғрисида хабар беради.

Рўйхатга олиш рад этилганда, рад этишнинг сабабини кўрсатган ҳолда ариза берувчига ушбу қарордан кўчирма тақдим этади.

14. Талабгорларни рўйхатга олиш рад этилган тақдирда, махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатга олишни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилган сабабларни бартараф этиши ҳамда аризага бошқа ҳужжатларни илова қилган ҳолда кўриб чиқиш учун ҳужжатларни қайтадан киритиши мумкин.

15. Талабгорларни махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, талабгорлар билан махсус режим иштирокчисининг фаолияти бўйича шартнома (кейинги ўринларда — шартнома) тузилади.

Шартноманинг шакли ишчи орган томонидан оммавий оферта тарзида тасдиқланади.

Шартномада талабгорлар лойиҳасининг мақсади, соҳаси ва фаолиятидан келиб чиқиб, оммавий офертага қўшимча тарзда шартлар белгиланиши мумкин.

16. Қуйидагилар талабгорларни махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатга олишни рад этиш учун асос ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида назарда тутилган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлганда;

ташкилот тўловга қобилиятсизлик ва тугатиш жараёнида бўлганда;

талабгорлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган номувофиқликларнинг берилган муддат ичида бартараф этилмаслиги;

махсус режимнинг эксперт кенгаши хулосасига кўра талабгорлар лойиҳасининг маънавий эскирган, истиқболи йўқ ёки аҳамияти катта бўлмаган деб топилиши;

амалга оширилиши таклиф этилган лойиҳа доирасида кўрсатилган фаолият йўналишларига мос келмаслиги ёки уни жорий қилиш белгиланган фаолият йўналишларидан ташқарига чиқиб кетиши;

талабгорлар томонидан тақдим этилган лойиҳа амалдаги махсус режим иштирокчиси томонидан бажарилган ёки бажарилаётганлиги.

Ушбу бандда кўрсатилган сабаблардан ташқари рад этиш учун асос бўладиган бошқа сабаблар юзага келган тақдирда, Мувофиқлаштириш комиссиясининг талабгорларни махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатга олишни рад этиш тўғрисидаги хулосасига асосан ишчи орган рад этишнинг сабабини кўрсатган ҳолда қарор қабул қилади ва беш иш куни мобайнида ариза берувчига ушбу қарордан кўчирма тақдим қилади.

17. Талабгорларни махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатга олишни рад этиш учун асос бўлган сабаблар улар томонидан бартараф этилган тақдирда, ариза ва бошқа ҳужжатлар ушбу Низомнинг 7-8-бандларига мувофиқ қайта кўриб чиқилади.

18. Махсус режим иштирокчиси мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин ишчи орган уч иш куни мобайнида:

талабгорларнинг номи, фаолият тури, почта ва электрон манзиллари кўрсатилган ҳолда, реестрга уларнинг рўйхатга олинганлиги тўғрисида тегишли ёзув киритилишини таъминлайди;

махсус режим иштирокчисининг лойиҳада кўрсатилган йўналишларга тегишли бўлган вазирлик ва идораларга талабгорлар махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатга олинганлиги тўғрисида расмий хабарнома юборади.

19. Махсус режим иштирокчиси қайта ташкил этилган ёки унинг номи ўзгарганда, махсус режим иштирокчисининг хабарномаси асосида ишчи орган реестрга тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминлайди.

20. Махсус режим иштирокчиси қуйидаги мажбуриятларга эга:

ишчи орган билан тузилган махсус режим иштирокчисининг фаолият шартлари тўғрисидаги шартномага амал қилиш;

лойиҳалар тажриба-синовдан муваффақиятли ўтказилгандан сўнг ишчи органнинг хулосасига асосан уларни тўлиқ амалиётга жорий қилиш;

тезлаштирилган ва соддалаштирилган тартибда олинган рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатларда белгилаб берилган талаблар ва мажбуриятларга тўлиқ риоя қилиш;

лойиҳа доирасида амалга оширилаётган фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни ишчи орган томонидан тасдиқланадиган муддатларда ва шаклга кўра IT-паркнинг махсус веб-платформаси орқали тақдим этиш;

маҳсулотни реализация қилишда ва хизматларни кўрсатишда буюртмачиларни тажриба-синовдан ўтказилаётганлиги тўғрисида огоҳлантириш ва уларнинг тегишли рўйхатини юритиш;

лойиҳа якуни бўйича ишчи органга амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар бўйича ҳисоботларини тақдим этиши;

IT-парк резидентларига белгиланган имтиёзлар ва преференциялар татбиқ этилган тақдирда, Вазирлар Маҳкамасининг «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 15 июлдаги 589-сон қарорида белгиланган мажбуриятларни бажариш.

Махсус режим иштирокчиси ўз лойиҳасидан келиб чиққан ҳолда, ишчи орган билан тузилган шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

21. Махсус режим иштирокчилари ушбу Низомнинг 20-бандида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, махсус режим иштирокчиси мақомидан маҳрум этилади ва ишчи орган хабарномасига биноан тегишли давлат органлари ушбу Низомнинг 22-бандида кўрсатилган имтиёзларнинг уларга нисбатан қўлланишини бекор қилиш чораларини кўради.

4-боб. Махсус режим иштирокчиларига белгиланган имтиёз ва преференциялар

22. Махсус режим иштирокчиларига қуйидаги имтиёз ва преференциялар белгиланади:

Махсус режим иштирокчиси Вазирлар Маҳкамасининг «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 15 июлдаги 589-сон қароридаги талабларга жавоб берган тақдирда, унга нисбатан IТ-парк резидентларига берилган имтиёз ва преференциялар татбиқ этилади;

ўз ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга сарфланган харажатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 13 октябрдаги ПҚ-4862-сон қарорида белгиланган тартибда давлат томонидан компенсация қилинади;

тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур бўлган маълумот ҳамда ҳужжатларни (давлат сирлари ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сир белгилари мавжуд бўлган маълумотлар бундан мустасно), шунингдек, шахсга доир эгасизлаштирилган маълумотларни вазирлик, идора ва ташкилотлардан олиш ҳуқуқи берилади;

рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатларни олиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати тегишли ваколатли давлат органи томонидан қисқартирилади;

рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатларни олиш учун белгиланган тўлов миқдорлари 2 бараварга камайтирилади;

ваколатли давлат органи тегишли фаолиятни амалга оширишнинг камайтирилган талаблари ва шартларини белгилайди.

5-боб. Махсус режим иштирокчиси мақомидан маҳрум қилишнинг асослари ва тартиби

23. Қуйидагилар ташкилотни махсус режим иштирокчиси мақомидан маҳрум қилиш асослари ҳисобланади:

махсус режим иштирокчиси мақомини олиш учун тақдим қилинган маълумот ва ҳужжатларда кейинчалик уларнинг тўлиқлиги, холислиги ва тўғрилиги бўйича асосли камчиликлар аниқланиши;

махсус режим иштирокчисининг фаолияти лойиҳа доирасида кўрсатилган фаолият турларига мувофиқ эмаслиги;

ишчи орган билан тузилган махсус режим иштирокчисининг фаолият шартлари тўғрисидаги шартномада кўрсатилган мажбуриятларни бажармаслик;

ишчи органга тақдим этилган ҳисоботлар ва фаолияти тўғрисидаги маълумотлар белгиланган муддатларда узрли сабабларсиз тақдим этилмаганлиги ёки уларда ишончсиз маълумотлар кўрсатилганлиги;

IT-парк резидентларига белгиланган имтиёзлар ва преференциялар татбиқ этилиб, Вазирлар Маҳкамасининг «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 15 июлдаги 589-сон қарорида белгиланган мажбуриятларни бажармаслик;

махсус режим иштирокчисининг банкрот деб эътироф этилиши;

махсус режим иштирокчиси ушбу мақомдан ўз хоҳиши билан воз кечиши;

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа асослар.

24. Мувофиқлаштириш комиссияси ишчи орган томонидан тақдим этилган маълумотларни таҳлил қилиб, ташкилотни махсус режимнинг иштирокчиси мақомидан маҳрум қилиш тўғрисида хулоса бериши мумкин.

Ишчи орган Мувофиқлаштириш комиссияси хулосасига асосан ташкилотни махсус режимнинг иштирокчиси мақомидан маҳрум қилиш тўғрисида қарор қабул қилиб, махсус режимнинг иштирокчисига бу ҳақда хабар юборади ҳамда реестрга тегишли ўзгартиришлар киритади.

25. Ишчи орган ташкилотнинг махсус режим иштирокчиси мақомидан маҳрум қилинганлиги тўғрисидаги ёзувни реестрга киритган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида тегишли вазирлик ва идораларга хабар беради.

6-боб. Якунловчи қоидалар

26. Махсус режим фаолиятининг муддати беш йилни ташкил этади ҳамда унинг фаолият муддати Мувофиқлаштириш комиссиясининг қарори асосида узайтирилади.

27. Махсус режим фаолиятидан норози бўлган шахслар ишчи органга апелляция бериш ҳуқуқига эга. Апелляция ёзма равишда тақдим этилади.

Ишчи орган томонидан белгиланган муддатларда апелляциялар кўриб чиқилади ва қабул қилинган қарор ҳақида ёзма равишда хабар берилади.

28. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

29. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

30. Махсус режим фаолиятини қайта ташкил этиш ва тўхтатиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Сунъий интеллект технологияларини қўллаб-қувватлаш учун махсус режим ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Сунъий интеллект технологияларини қўллаб-қувватлаш учун махсус режимнинг иштирокчиларини рўйхатга олиш

Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Ариза берувчи (талабгор) Махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатга олиш учун тасдиқланган шакл бўйича зарур бўлган барча ҳужжатларни илова қилган ҳолда, IT-парк махсус веб-платформаси орқали ариза беради. Заруратга кўра 2-босқич Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ишчи орган) 1. Ариза ва ҳужжатларни қабул қилади ҳамда дастлабки техник экспертизадан ўтказади. 2. Экспертиза натижаларига кўра ариза берувчига аризада камчиликлар борлигини ёки камчиликлар бўлмаса, аризаси қабул қилингани ҳақида хабар беради. Ариза тақдим қилинган кундан бошлаб, 5 иш куни ичида 3-босқич Ишчи орган 1. Ишчи орган томонидан ариза берувчи лойиҳаси ўрганиб чиқилиб, эксперт кенгаши учун лойиҳа таклиф ишлаб чиқади. 2. Ишлаб чиқилган лойиҳани тегишли эксперт кенгашига хулоса олиш учун тақдим этади Ариза қабул қилинган кундан бошлаб, 15 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда 4-босқич Махсус режимнинг эксперт кенгаши 1. Келиб тушган лойиҳани ўрганилиб, ишчи органга ўз хулосаларини тақдим этади. 2. Эксперт кенгаши лойиҳа тақдимотини ўтказиш учун талабгорни таклиф қилиши мумкин. Ишчи орган томонидан ариза киритилган кундан кейин 15 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда 5-босқич Ишчи орган Эксперт кенгашидан олинган хулосага таяниб, лойиҳа ҳужжатларини Мувофиқлаштириш комиссиясига кўриб чиқиб, тегишли хулоса олиш учун тақдим этади. Эксперт кенгаши хулосаси олинган кундан кейин 3 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда 6-босқич «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссияси (Мувофиқлаштириш комиссияси) Ҳужжатларни кўриб чиқади ва иштирокчи сифатида рўйхатга олиш ёки рўйхатга олишни рад этиш тўғрисида хулоса қабул қилади. Ишчи орган ҳужжатларни киритган кунидан бошлаб 20 иш кун ичида 7-босқич Ишчи орган 1. Мувофиқлаштириш комиссияси хулосасига мувофиқ иштирокчи сифатида рўйхатга олиш ёки рўйхатга олишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. 2. Рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, махсус режим иштирокчиларининг ягона реестрига тегишли ёзувларни киритади. 3. Тегишли вазирлик ва идораларга талабгор махсус режим иштирокчиси сифатида қабул қилинганлиги тўғрисида хабар беради. 4. Рўйхатга олиш рад этилганда, рад этишнинг сабабини кўрсатган ҳолда ариза берувчига ушбу қарордан кўчирма тақдим этади. Қарор қабул қилинган кундан кейин 5 иш куни ичида 8-босқич Талабгор Рўйхатга олиш рад этилган тақдирда, махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатга олишни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилган сабабларни бартараф этади ҳамда аризага бошқа ҳужжатларни илова қилган ҳолда кўриб чиқиш учун IT-парк махсус веб-платформаси орқали ҳужжатларни ва қайтадан расмийлаштирилган аризани киритади. Заруратга кўра 9-босқич Махсус режим иштирокчиси Талабгор махсус режим иштирокчиларининг ягона реестрига қайд этилгандан сўнг, махсус режим иштирокчиси сифатида имтиёз ва периференциялардан фойдаланган ҳолда ўз лойиҳаси доирасида белгиланган муддатларда лойиҳа устида иш олиб бориб, лойиҳа якуни бўйича ишчи органда ҳисобот тақдим этади. Махсус режим иштирокчиси лойиҳасининг шартномасида белгиланган муддатларда

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 29 ноябрь,

717-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.11.2021 й., 09/21/717/1107-сон; 22.07.2023 й., 09/23/304/0510-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Sunʼiy intellekt texnologiyalarini qoʻllab-quvvatlash uchun maxsus rejim tashkil etish va uning faoliyatini yoʻlga qoʻyish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sunʼiy intellekt texnologiyalarini qoʻllash boʻyicha maxsus rejimni joriy qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 26-avgustdagi PQ-5234-son qaroriga muvofiq, shuningdek, sunʼiy intellekt texnologiyalari asosidagi innovatsion biznes-modellar, mahsulotlar va xizmat koʻrsatish usullarini rivojlantirish uchun qulay va maqbul ekotizim yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 26-avgustdagi PQ-5234-son qaroriga muvofiq sunʼiy intellekt texnologiyalariga asoslangan tajriba-sinov ishlarini amalga oshirish, dasturiy mahsulotlarni ishlab chiqish va xizmatlar koʻrsatish bilan bogʻliq faoliyat yurituvchi tashkilotlar uchun zaruriy tashkiliy-huquqiy sharoit yaratish, dasturiy mahsulotlarni tajribadan oʻtkazish va amaliyotga joriy qilish jarayonida yuzaga keladigan huquqiy munosabatlarda yengillik yaratish maqsadida Sunʼiy intellekt texnologiyalarini qoʻllash boʻyicha maxsus rejim joriy qilinganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Sunʼiy intellekt texnologiyalarini qoʻllab-quvvatlash uchun maxsus rejim tashkil etish va uning faoliyatini yoʻlga qoʻyish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

sunʼiy intellekt texnologiyalarini qoʻllab-quvvatlash uchun maxsus rejimni (keyingi oʻrinlarda — maxsus rejim) qoʻllash va uning ishtirokchilari faoliyatini tashkil etish;

maxsus rejim ishchi organining faoliyatini tashkil etish, uning asosiy vazifa va funksiyalarini belgilash;

talabgorlarni maxsus rejim ishtirokchilari sifatida roʻyxatdan oʻtkazish, ishchi organ tomonidan ariza shakli va talab etiladigan maʼlumotlar roʻyxatini tasdiqlash;

maxsus rejim ekspert kengashini tarkibini shakllantirish va faoliyatini yoʻlga quyish;

maxsus rejim ishtirokchilariga loyihalarni samarali tashkil qilish uchun amaldagi qonunchilik hujjatlarining tegishli normalarini tajriba-sinov loyihalari muddatida istisno qilish;

talabgorlarni maxsus rejim tarkibiga kiritish va tarkibidan chiqarish boʻyicha takliflarni koʻrib chiqish;

maxsus rejim ishtirokchilarining tajriba-sinov loyihalarini amalga oshirish muddati davomida tashkiliy-huquqiy va konsultativ jihatdan qoʻllab-quvvatlash, ularga belgilangan imtiyoz va preferensiyalarni qoʻllash;

maxsus rejim ishtirokchilariga vakolatli davlat organi tomonidan tegishli faoliyatni amalga oshirishning kamaytirilgan talablari va shartlarini belgilash;

ishchi organ tomonidan tashkilotni maxsus rejim ishtirokchisi maqomidan mahrum qilish va bu haqidagi maʼlumotlarni maxsus rejim ishtirokchilarining yagona reyestriga kiritish.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi:

Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi hamda Innovatsion rivojlanish vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda mazkur qaror talablarini inobatga olgan holda maxsus rejim faoliyatini yoʻlga qoʻysin;

Innovatsion rivojlanish vazirligi, Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi hamda Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi bilan birgalikda ommaviy axborot vositalarida mazkur qarorning mohiyati va ahamiyati haqida tematik telekoʻrsatuvlar tashkil qilsin;

manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vaziri Sh.X. Shermatov zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining IT-texnologiyalar, telekommunikatsiyalar va innovatsion faoliyatni rivojlantirish masalalari departamentiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 29-noyabrdagi 717-son qaroriga ILOVA

Sunʼiy intellekt texnologiyalarini qoʻllab-quvvatlash uchun maxsus rejim tashkil etish va uning faoliyatini yoʻlga qoʻyish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom sunʼiy intellekt texnologiyalarini qoʻllab-quvvatlash uchun maxsus rejim (keyingi oʻrinlarda — maxsus rejim) tashkil etish va uning faoliyatini yoʻlga qoʻyish tartiblarini belgilaydi.

2. Maxsus rejim Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parkining (keyingi oʻrinlarda — IT-park) alohida boʻgʻini boʻlib, uning ishtirokchilari IT-park rezidentlari hisoblanadi va ular oʻz faoliyatini eksterritoriallik prinsipi asosida amalga oshiradi.

3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

maxsus rejim — sunʼiy intellekt texnologiyalariga asoslangan tajriba-sinov ishlarini amalga oshirish, dasturiy mahsulotlarni ishlab chiqish va xizmatlar koʻrsatish bilan bogʻliq faoliyat yurituvchi yuridik shaxslar hamda ilmiy tashkilotlar uchun zarur tashkiliy-huquqiy sharoit yaratish, dasturiy mahsulotlarni tajribadan oʻtkazish va amaliyotga joriy qilish jarayonida yuzaga keladigan huquqiy munosabatlarda yengillik yaratishga qaratilgan maxsus huquqiy rejim;

maxsus rejim ishtirokchilari — belgilangan tartibda maxsus rejim ishtirokchilari sifatida roʻyxatdan oʻtkazilgan va maxsus rejimning ishchi organi tomonidan yuritiladigan maxsus rejim ishtirokchilarining yagona reyestriga kiritilgan yuridik shaxs, shu jumladan ilmiy tashkilot;

maxsus rejim ishtirokchilarining yagona reyestri (keyingi oʻrinlarda — reyestr) — ushbu Nizomga muvofiq maxsus rejim ishtirokchilari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar aks ettirilgan ochiq va umumfoydalaniladigan axborot resursi;

maxsus rejimning ekspert kengashi — tarkibi sohalar boʻyicha vakolatli davlat organlari bilan birgalikda har yili tasdiqlanadigan talabgorlar tomonidan taqdim etilgan loyihalarni ekspertizadan oʻtkazish maqsadida ustuvor yoʻnalishlar kesimidagi ekspert kengashlari;

Muvofiqlashtirish komissiyasi — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2020-yil 5-oktabrdagi PF-6079-son Farmoni bilan tasdiqlangan “Raqamli Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini amalga oshirish boʻyicha muvofiqlashtirish komissiyasi ;

tajriba-sinov loyihalari — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 17-fevraldagi PQ-4996-son qarori bilan tasdiqlangan sunʼiy intellekt texnologiyalarini joriy etish boʻyicha 2021-2022-yillarda amalga oshiriladigan tajriba-sinov loyihalari hamda ustuvor tarmoqlar va sohalar doirasida amalga oshiriladigan va bajarish muddati bir yildan oshmaydigan loyihalar ;

talabgorlar — maxsus rejim ishtirokchisi maqomini olishga ariza bergan yuridik shaxslar, shu jumladan, ilmiy tashkilotlar.

2-bob. Maxsus rejim ishchi organining faoliyatini tashkil etish

4. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi maxsus rejimning ishchi organi (keyingi oʻrinlarda — ishchi organ) hisoblanadi.

Oʻzbekiston Respublikasi axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirining raqamli iqtisodiyot va elektron hukumat masalalari boʻyicha birinchi oʻrinbosari ishchi organ rahbari, IT-park direksiyasi direktori esa ishchi organ rahbarining oʻrinbosari hisoblanadi.

5. Ishchi organ:

maxsus rejim ishtirokchisi maqomini olish uchun talabgorlar tomonidan taqdim etiladigan ariza shaklini va talab etiladigan maʼlumotlar roʻyxatini tasdiqlaydi va arizalar qabul qilinishini tashkil etadi;

maxsus rejim ekspert kengashining nizomi, shuningdek, uning ishtirokchilari bilan tuziladigan faoliyat shartlari toʻgʻrisidagi shartnoma shaklini tasdiqlaydi;

maxsus rejimning ekspert kengashi tarkibini manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda shakllantiradi va tasdiqlaydi;

maxsus rejim ishtirokchilari uchun tajriba-sinov loyihalari doirasida zarur boʻladigan maʼlumotlar roʻyxatini shakllantiradi;

maxsus rejim ishtirokchilarining loyihalari ishini samarali tashkil qilish uchun amaldagi qonunchilik hujjatlarining tegishli normalarini tajriba-sinov loyihalari muddatida istisno qilish, tegishli vakolatli davlat organiga taqdim qilish uchun maxsus rejim jarayonida normativ-huquqiy hujjatlarga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, tajriba-sinov loyihalarini tatbiq etishda yuzaga keladigan toʻsiqlarni bartaraf etish maqsadida ishtirokchilarga maxsus rejim doirasida yengillik yaratish masalalari boʻyicha takliflar tayyorlaydi;

talabgorlarni maxsus rejim tarkibiga kiritish va tarkibidan chiqarish boʻyicha takliflarni Muvofiqlashtirish komissiyasiga koʻrib chiqish uchun taqdim qiladi;

Muvofiqlashtirish komissiyasining xulosasiga asosan loyiha tashabbuskorlariga maxsus rejim ishtirokchisi maqomini berish, berishni rad etish yoki undan mahrum qilish boʻyicha qaror qabul qiladi;

maxsus rejim ishtirokchilari tomonidan muvaffaqiyatli tarzda olib borilayotgan loyihalar haqida tegishli vazirlik va idoralarga yillik rasmiy maʼlumotnoma kiritib boradi;

maxsus rejim ishtirokchilarining ilmiy faoliyatini kuzatib borishga Raqamli texnologiyalar va sunʼiy intellektni rivojlantirish ilmiy-tadqiqot instituti xodimlarini jalb qiladi;

maxsus rejim ishtirokchilarining tajriba-sinov loyihalarini amalga oshirish muddati davomida tashkiliy-huquqiy va konsultativ jihatdan qoʻllab-quvvatlaydi.

6. Maxsus rejimning ekspert kengash aʼzolari ishchi organ tomonidan bir yil muddatga tasdiqlanib, quyidagi asosiy funksiyalarni bajaradi:

talabgorlarning loyihasi va uning arizasini oʻrganib chiqadi;

ehtiyojdan kelib chiqib, loyiha taqdimotini oʻtkazish uchun talabgorni taklif qiladi;

koʻrib chiqilgan loyiha uchun maxsus rejim ekspert kengashining xulosasini ishchi organga kiritadi.

3-bob. Talabgorlarni maxsus rejim ishtirokchilari sifatida roʻyxatdan oʻtkazish tartibi

7. Talabgorlar maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtish uchun ishchi organ tomonidan tasdiqlangan roʻyxat boʻyicha barcha zarur maʼlumotlarni ilova qilgan holda, IT-parkning maxsus veb-platformasi orqali ariza topshiradi.

Talabgorlar IT-park rezidentlariga belgilangan imtiyozlar va preferensiyalardan foydalanish uchun Vazirlar Mahkamasining “Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parki faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 15-iyuldagi 589-son qarorida belgilangan talablarga asosan ariza topshirish jarayonida qoʻshimcha maʼlumotlar taqdim etadi.

Taqdim etilgan maʼlumotlarning ishonchliligi uchun javobgarlik talabgorga yuklanadi.

Talabgorning arizasini qabul qilish va ishtirokchilarni roʻyxatga olish mazkur Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

8. Talabgorlarning taqdim etgan hujjatlarida ushbu Nizom talablariga nomuvofiqliklar aniqlangan holatlarda, talabgorlarga ishchi organ tomonidan bu haqda maʼlum qilingandan soʻng talabgorlar undagi kamchiliklarni bartaraf etib, arizani besh ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatda qayta taqdim etishi mumkin.

Mazkur muddatda talabgorlar tomonidan nomuvofiqliklarning bartaraf etilmaganligi, talabgorlarni maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatga olishni rad etishga asos boʻladi.

9. Ishchi organ talabgorlardan kelib tushgan arizani besh ish kuni mobaynida dastlabki texnik ekspertizadan oʻtkazadi. Texnik ekspertiza jarayonida talabgorlardan kelib tushgan ariza va unga ilova qilingan maʼlumotlar talabgorlar arizasiga belgilangan talablarga mosligi jihatdan koʻrib chiqiladi.

10. Ishchi organ talabgorlar arizasi dastlabki texnik ekspertizadan oʻtgan kundan boshlab oʻn besh ish kuni mobaynida tajriba-sinov loyihalarini tatbiq etishda yuzaga keladigan toʻsiqlarni bartaraf etish maqsadida ishtirokchilarga maxsus rejim doirasida yengillik yaratish boʻyicha takliflarni tayyorlaydi va maxsus rejimning ekspert kengashiga yuboradi.

11. Maxsus rejimning ekspert kengashi ishchi organdan talabgorlar loyihalari va ishchi organ tomonidan mazkur loyiha uchun yengillik yaratish boʻyicha ishlab chiqilgan takliflarni qabul qilgan kundan boshlab oʻn besh ish kuni ichida ishchi organga loyihalar boʻyicha xulosa taqdim etadi.

Maxsus rejimning ekspert kengashi loyihalar taqdimotini oʻtkazish uchun talabgorlarni taklif qilish yoki roʻyxatdan oʻtkazishni rad etish huquqiga ega.

12. Ishchi organ maxsus rejimning ekspert kengashi xulosasiga koʻra taqdim etilgan loyihaning talablarga mosligidan kelib chiqib, uni Muvofiqlashtirish komissiyasiga taqdim etadi.

Muvofiqlashtirish komissiyasi ishchi organ tomonidan taqdim etilgan hujjatlarga asosan talabgorlarga maxsus rejimning ishtirokchisi maqomini berish yoki berishni rad etish toʻgʻrisida xulosa beradi.

13. Muvofiqlashtirish komissiyasi xulosasiga muvofiq ishchi organ talabgorlarni ishtirokchi sifatida roʻyxatga olish yoki roʻyxatga olishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

Roʻyxatga olish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, reyestrga tegishli yozuvlarni besh ish kunida kiritadi va tegishli vazirlik va idoralarga talabgorlar maxsus rejim ishtirokchisi sifatida qabul qilinganligi toʻgʻrisida xabar beradi.

Roʻyxatga olish rad etilganda, rad etishning sababini koʻrsatgan holda ariza beruvchiga ushbu qarordan koʻchirma taqdim etadi.

14. Talabgorlarni roʻyxatga olish rad etilgan taqdirda, maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatga olishni rad etish uchun asos boʻlib xizmat qilgan sabablarni bartaraf etishi hamda arizaga boshqa hujjatlarni ilova qilgan holda koʻrib chiqish uchun hujjatlarni qaytadan kiritishi mumkin.

15. Talabgorlarni maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatdan oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, talabgorlar bilan maxsus rejim ishtirokchisining faoliyati boʻyicha shartnoma (keyingi oʻrinlarda — shartnoma) tuziladi.

Shartnomaning shakli ishchi organ tomonidan ommaviy oferta tarzida tasdiqlanadi.

Shartnomada talabgorlar loyihasining maqsadi, sohasi va faoliyatidan kelib chiqib, ommaviy ofertaga qoʻshimcha tarzda shartlar belgilanishi mumkin.

16. Quyidagilar talabgorlarni maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatga olishni rad etish uchun asos hisoblanadi:

Oʻzbekiston Respublikasi Soliq kodeksida nazarda tutilgan soliq va boshqa majburiy toʻlovlar boʻyicha qarzdorligi mavjud boʻlganda;

tashkilot toʻlovga qobiliyatsizlik va tugatish jarayonida boʻlganda;

talabgorlar tomonidan taqdim etilgan hujjatlarda aniqlangan nomuvofiqliklarning berilgan muddat ichida bartaraf etilmasligi;

maxsus rejimning ekspert kengashi xulosasiga koʻra talabgorlar loyihasining maʼnaviy eskirgan, istiqboli yoʻq yoki ahamiyati katta boʻlmagan deb topilishi;

amalga oshirilishi taklif etilgan loyiha doirasida koʻrsatilgan faoliyat yoʻnalishlariga mos kelmasligi yoki uni joriy qilish belgilangan faoliyat yoʻnalishlaridan tashqariga chiqib ketishi;

talabgorlar tomonidan taqdim etilgan loyiha amaldagi maxsus rejim ishtirokchisi tomonidan bajarilgan yoki bajarilayotganligi.

Ushbu bandda koʻrsatilgan sabablardan tashqari rad etish uchun asos boʻladigan boshqa sabablar yuzaga kelgan taqdirda, Muvofiqlashtirish komissiyasining talabgorlarni maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatga olishni rad etish toʻgʻrisidagi xulosasiga asosan ishchi organ rad etishning sababini koʻrsatgan holda qaror qabul qiladi va besh ish kuni mobaynida ariza beruvchiga ushbu qarordan koʻchirma taqdim qiladi.

17. Talabgorlarni maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatga olishni rad etish uchun asos boʻlgan sabablar ular tomonidan bartaraf etilgan taqdirda, ariza va boshqa hujjatlar ushbu Nizomning 7-8-bandlariga muvofiq qayta koʻrib chiqiladi.

18. Maxsus rejim ishtirokchisi maqomini berish toʻgʻrisida qaror qabul qilingandan keyin ishchi organ uch ish kuni mobaynida:

talabgorlarning nomi, faoliyat turi, pochta va elektron manzillari koʻrsatilgan holda, reyestrga ularning roʻyxatga olinganligi toʻgʻrisida tegishli yozuv kiritilishini taʼminlaydi;

maxsus rejim ishtirokchisining loyihada koʻrsatilgan yoʻnalishlarga tegishli boʻlgan vazirlik va idoralarga talabgorlar maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatga olinganligi toʻgʻrisida rasmiy xabarnoma yuboradi.

19. Maxsus rejim ishtirokchisi qayta tashkil etilgan yoki uning nomi oʻzgarganda, maxsus rejim ishtirokchisining xabarnomasi asosida ishchi organ reyestrga tegishli oʻzgartirishlar kiritilishini taʼminlaydi.

20. Maxsus rejim ishtirokchisi quyidagi majburiyatlarga ega:

ishchi organ bilan tuzilgan maxsus rejim ishtirokchisining faoliyat shartlari toʻgʻrisidagi shartnomaga amal qilish;

loyihalar tajriba-sinovdan muvaffaqiyatli oʻtkazilgandan soʻng ishchi organning xulosasiga asosan ularni toʻliq amaliyotga joriy qilish;

tezlashtirilgan va soddalashtirilgan tartibda olingan ruxsat etish xususiyatiga ega tegishli hujjatlarda belgilab berilgan talablar va majburiyatlarga toʻliq rioya qilish;

loyiha doirasida amalga oshirilayotgan faoliyati toʻgʻrisidagi hisobotlarni ishchi organ tomonidan tasdiqlanadigan muddatlarda va shaklga koʻra IT-parkning maxsus veb-platformasi orqali taqdim etish;

mahsulotni realizatsiya qilishda va xizmatlarni koʻrsatishda buyurtmachilarni tajriba-sinovdan oʻtkazilayotganligi toʻgʻrisida ogohlantirish va ularning tegishli roʻyxatini yuritish;

loyiha yakuni boʻyicha ishchi organga amalga oshirilgan ishlar va erishilgan natijalar boʻyicha hisobotlarini taqdim etishi;

IT-park rezidentlariga belgilangan imtiyozlar va preferensiyalar tatbiq etilgan taqdirda, Vazirlar Mahkamasining “Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parki faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 15-iyuldagi 589-son qarorida belgilangan majburiyatlarni bajarish.

Maxsus rejim ishtirokchisi oʻz loyihasidan kelib chiqqan holda, ishchi organ bilan tuzilgan shartnomaga muvofiq boshqa majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.

21. Maxsus rejim ishtirokchilari ushbu Nizomning 20-bandida nazarda tutilgan majburiyatlarni bajarmagan taqdirda, maxsus rejim ishtirokchisi maqomidan mahrum etiladi va ishchi organ xabarnomasiga binoan tegishli davlat organlari ushbu Nizomning 22-bandida koʻrsatilgan imtiyozlarning ularga nisbatan qoʻllanishini bekor qilish choralarini koʻradi.

4-bob. Maxsus rejim ishtirokchilariga belgilangan imtiyoz va preferensiyalar

22. Maxsus rejim ishtirokchilariga quyidagi imtiyoz va preferensiyalar belgilanadi:

Maxsus rejim ishtirokchisi Vazirlar Mahkamasining “Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parki faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 15-iyuldagi 589-son qaroridagi talablarga javob bergan taqdirda, unga nisbatan IT-park rezidentlariga berilgan imtiyoz va preferensiyalar tatbiq etiladi;

oʻz xodimlari malakasini oshirish va qayta tayyorlashga sarflangan xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholini tadbirkorlikka jalb qilish tizimini takomillashtirish va tadbirkorlikni rivojlantirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 13-oktabrdagi PQ-4862-son qarorida belgilangan tartibda davlat tomonidan kompensatsiya qilinadi;

tajriba-sinov loyihalarini amalga oshirish uchun zarur boʻlgan maʼlumot hamda hujjatlarni (davlat sirlari va qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sir belgilari mavjud boʻlgan maʼlumotlar bundan mustasno), shuningdek, shaxsga doir egasizlashtirilgan maʼlumotlarni vazirlik, idora va tashkilotlardan olish huquqi beriladi;

ruxsat etish xususiyatiga ega tegishli hujjatlarni olish uchun talab etiladigan hujjatlar roʻyxati tegishli vakolatli davlat organi tomonidan qisqartiriladi;

ruxsat etish xususiyatiga ega tegishli hujjatlarni olish uchun belgilangan toʻlov miqdorlari 2 baravarga kamaytiriladi;

vakolatli davlat organi tegishli faoliyatni amalga oshirishning kamaytirilgan talablari va shartlarini belgilaydi.

5-bob. Maxsus rejim ishtirokchisi maqomidan mahrum qilishning asoslari va tartibi

23. Quyidagilar tashkilotni maxsus rejim ishtirokchisi maqomidan mahrum qilish asoslari hisoblanadi:

maxsus rejim ishtirokchisi maqomini olish uchun taqdim qilingan maʼlumot va hujjatlarda keyinchalik ularning toʻliqligi, xolisligi va toʻgʻriligi boʻyicha asosli kamchiliklar aniqlanishi;

maxsus rejim ishtirokchisining faoliyati loyiha doirasida koʻrsatilgan faoliyat turlariga muvofiq emasligi;

ishchi organ bilan tuzilgan maxsus rejim ishtirokchisining faoliyat shartlari toʻgʻrisidagi shartnomada koʻrsatilgan majburiyatlarni bajarmaslik;

ishchi organga taqdim etilgan hisobotlar va faoliyati toʻgʻrisidagi maʼlumotlar belgilangan muddatlarda uzrli sabablarsiz taqdim etilmaganligi yoki ularda ishonchsiz maʼlumotlar koʻrsatilganligi;

IT-park rezidentlariga belgilangan imtiyozlar va preferensiyalar tatbiq etilib, Vazirlar Mahkamasining “Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parki faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 15-iyuldagi 589-son qarorida belgilangan majburiyatlarni bajarmaslik;

maxsus rejim ishtirokchisining bankrot deb eʼtirof etilishi;

maxsus rejim ishtirokchisi ushbu maqomdan oʻz xohishi bilan voz kechishi;

Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa asoslar.

24. Muvofiqlashtirish komissiyasi ishchi organ tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlarni tahlil qilib, tashkilotni maxsus rejimning ishtirokchisi maqomidan mahrum qilish toʻgʻrisida xulosa berishi mumkin.

Ishchi organ Muvofiqlashtirish komissiyasi xulosasiga asosan tashkilotni maxsus rejimning ishtirokchisi maqomidan mahrum qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilib, maxsus rejimning ishtirokchisiga bu haqda xabar yuboradi hamda reyestrga tegishli oʻzgartirishlar kiritadi.

25. Ishchi organ tashkilotning maxsus rejim ishtirokchisi maqomidan mahrum qilinganligi toʻgʻrisidagi yozuvni reyestrga kiritgan kundan boshlab uch ish kuni mobaynida tegishli vazirlik va idoralarga xabar beradi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

26. Maxsus rejim faoliyatining muddati besh yilni tashkil etadi hamda uning faoliyat muddati Muvofiqlashtirish komissiyasining qarori asosida uzaytiriladi.

27. Maxsus rejim faoliyatidan norozi boʻlgan shaxslar ishchi organga apellatsiya berish huquqiga ega. Apellatsiya yozma ravishda taqdim etiladi.

Ishchi organ tomonidan belgilangan muddatlarda apellatsiyalar koʻrib chiqiladi va qabul qilingan qaror haqida yozma ravishda xabar beriladi.

28. Ushbu Nizom talablarini buzganlikda aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.

29. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

30. Maxsus rejim faoliyatini qayta tashkil etish va toʻxtatish qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

Sunʼiy intellekt texnologiyalarini qoʻllab-quvvatlash uchun maxsus rejim tashkil etish va uning faoliyatini yoʻlga qoʻyish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Sunʼiy intellekt texnologiyalarini qoʻllab-quvvatlash uchun maxsus rejimning ishtirokchilarini roʻyxatga olish

Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Ariza beruvchi (talabgor) Maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatga olish uchun tasdiqlangan shakl boʻyicha zarur boʻlgan barcha hujjatlarni ilova qilgan holda, IT-park maxsus veb-platformasi orqali ariza beradi. Zaruratga koʻra 2-bosqich Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi (Ishchi organ) 1. Ariza va hujjatlarni qabul qiladi hamda dastlabki texnik ekspertizadan oʻtkazadi. 2. Ekspertiza natijalariga koʻra ariza beruvchiga arizada kamchiliklar borligini yoki kamchiliklar boʻlmasa, arizasi qabul qilingani haqida xabar beradi. Ariza taqdim qilingan kundan boshlab, 5 ish kuni ichida 3-bosqich Ishchi organ 1. Ishchi organ tomonidan ariza beruvchi loyihasi oʻrganib chiqilib, ekspert kengashi uchun loyiha taklif ishlab chiqadi. 2. Ishlab chiqilgan loyihani tegishli ekspert kengashiga xulosa olish uchun taqdim etadi Ariza qabul qilingan kundan boshlab, 15 ish kunidan ortiq boʻlmagan muddatda 4-bosqich Maxsus rejimning ekspert kengashi 1. Kelib tushgan loyihani oʻrganilib, ishchi organga oʻz xulosalarini taqdim etadi. 2. Ekspert kengashi loyiha taqdimotini oʻtkazish uchun talabgorni taklif qilishi mumkin. Ishchi organ tomonidan ariza kiritilgan kundan keyin 15 ish kunidan ortiq boʻlmagan muddatda 5-bosqich Ishchi organ Ekspert kengashidan olingan xulosaga tayanib, loyiha hujjatlarini Muvofiqlashtirish komissiyasiga koʻrib chiqib, tegishli xulosa olish uchun taqdim etadi. Ekspert kengashi xulosasi olingan kundan keyin 3 ish kunidan ortiq boʻlmagan muddatda 6-bosqich “Raqamli Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini amalga oshirish boʻyicha muvofiqlashtirish komissiyasi (Muvofiqlashtirish komissiyasi) Hujjatlarni koʻrib chiqadi va ishtirokchi sifatida roʻyxatga olish yoki roʻyxatga olishni rad etish toʻgʻrisida xulosa qabul qiladi. Ishchi organ hujjatlarni kiritgan kunidan boshlab 20 ish kun ichida 7-bosqich Ishchi organ 1. Muvofiqlashtirish komissiyasi xulosasiga muvofiq ishtirokchi sifatida roʻyxatga olish yoki roʻyxatga olishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. 2. Roʻyxatga olish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, maxsus rejim ishtirokchilarining yagona reyestriga tegishli yozuvlarni kiritadi. 3. Tegishli vazirlik va idoralarga talabgor maxsus rejim ishtirokchisi sifatida qabul qilinganligi toʻgʻrisida xabar beradi. 4. Roʻyxatga olish rad etilganda, rad etishning sababini koʻrsatgan holda ariza beruvchiga ushbu qarordan koʻchirma taqdim etadi. Qaror qabul qilingan kundan keyin 5 ish kuni ichida 8-bosqich Talabgor Roʻyxatga olish rad etilgan taqdirda, maxsus rejim ishtirokchisi sifatida roʻyxatga olishni rad etish uchun asos boʻlib xizmat qilgan sabablarni bartaraf etadi hamda arizaga boshqa hujjatlarni ilova qilgan holda koʻrib chiqish uchun IT-park maxsus veb-platformasi orqali hujjatlarni va qaytadan rasmiylashtirilgan arizani kiritadi. Zaruratga koʻra 9-bosqich Maxsus rejim ishtirokchisi Talabgor maxsus rejim ishtirokchilarining yagona reyestriga qayd etilgandan soʻng, maxsus rejim ishtirokchisi sifatida imtiyoz va periferensiyalardan foydalangan holda oʻz loyihasi doirasida belgilangan muddatlarda loyiha ustida ish olib borib, loyiha yakuni boʻyicha ishchi organda hisobot taqdim etadi. Maxsus rejim ishtirokchisi loyihasining shartnomasida belgilangan muddatlarda

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 29-noyabr,

717-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 29.11.2021-y., 09/21/717/1107-son; 22.07.2023-y., 09/23/304/0510-son)

lex.uz