📅 2021-yil 3-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 3-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 3 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 3 декабря 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 3 December 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари фаолиятини тартибга солишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари фаолиятини тартибга солиш, уларнинг фаолиятида вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш, шунингдек, жамоа боғдорчилиги ва узумчилиги юритиш учун ажратилган ер участкасида жойлашган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ишларини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 23 мартдаги ПФ-6191-сон қарори 7-бандига мувофиқ 2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари, юридик шахслар бирлашмалари, боғдорчилик-узумчилик ширкатлари, матлубот, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳамда адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
ширкатлар ҳудудида белгиланган тартиб ва қоидаларга риоя қилинган ҳолда қурилган бино ва иншоотларни турар жой тоифасига ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ амалга оширилади.
Бунда кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сон қарори билан тасдиқланган Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом талаблари асосида давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб турар жой сифатида эътироф этилади;
давлат рўйхатидан ўтган ширкатлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги (кейинги ўринларда — Давлат хизматлари агентлиги) ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги (кейинги ўринларда — Кадастр агентлиги) ўртасида электрон ҳамкорлик орқали маълумотлар алмашинуви «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали амалга оширилади.
3. Кадастр агентлиги Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда ширкатлар аъзолари ўртасида ширкатлар ҳудудида қурилган бино ва иншоотларни турар жой тоифасига ўтказиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб ва қоидалар юзасидан кенг тушунтириш ишларини олиб борсин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 мартдаги 51-сон қарори билан тасдиқланган Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 декабрдаги 731-сон қарорига ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 мартдаги 51-сон қарори билан тасдиқланган Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 1-банддаги «участкалари бериш ҳамда улардан» сўзлари «участкаларидан» сўзи билан алмаштирилсин.
2. 4-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«4. Ширкатни давлат рўйхатидан ўтказиш белгиланган тартибда давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилади».
3. 8-банднинг учинчи-тўртинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2021 йил 1 августга қадар берилган умумий фойдаланиладиган ерлар ширкатга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлади.
Ширкат аъзоларига 2021 йил 1 августга қадар берилган ер участкалари жамоавий боғдорчилик ва узумчиликни юритиш учун меросга қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан тегишли бўлади».
4. Қуйидаги мазмундаги 10 1 -банд билан тўлдирилсин:
«10 1 . Ширкат ҳудудида ерлардан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида ширкат бошқаруви томонидан қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:
экологик ва санитар ҳолатга салбий таъсир кўрсатувчи омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш чораларини кўриш;
ноқонуний чиқиндихоналарни бартараф этиш ва ширкат аъзолари маблағлари ҳисобидан замонавий чиқиндихоналар қурилишини ташкил этиш;
табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли чоралар кўриш бўйича Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий органларига хабар бериш;
ҳайвонларда юзага келган касалликлар турли хил эпидемияларга олиб келишининг олдини олиш ва тегишли чоралар кўриш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳудудий органларига хабар бериш;
ширкат аъзолари томонидан ноқонуний тадбиркорлик фаолияти, хусусан чорвачилик билан шуғулланиб, уч ва ундан ортиқ чўчқа ва қорамолларни боқилиши, чиқиндилар ён атрофда оқиб ўтувчи дарёларга ёки далаларга оқизилиши, оқиб ўтган сув, шунингдек, ер ости сув ресурсларига салбий таъсир кўрсатиши, ҳайвонларда юзага келган касалликлар турли хил эпидемияларга олиб келишининг олдини олиш юзасидан кескин чоралар кўриш бўйича Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий органларига ва ваколатли органларга хабар бериш;
ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ўз ҳудудига туташ ва туташ бўлмаган ер майдонларида қурилиш ишларининг амалга оширилиши, лойиҳа ҳужжатларисиз, рухсатномасиз қуриш ҳолатлари юзасидан Қурилиш вазирлигининг ҳудудий органларига хабар бериш;
ер участкаси чегараларининг (чегара нуқталарининг) ўзбошимчалик билан ўзгартирилиши, шунингдек, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлик ҳолати юзасидан Кадастр агентлиги ҳудудий органларига хабар бериш».
5. 11-бандда :
а) саккизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«объектларни лойиҳалаш ва қуриш учун ишлаб чиқилган, белгиланган тартибда келишилган ва тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ ширкат фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган хўжалик иморатлари ва бошқа иморатлар қуриш»;
б) қуйидаги мазмундаги ўн саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«ширкат аъзолигидан чиққан фуқароларнинг мол-мулкига ширкат томонидан хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш, шунингдек, коммунал ва бошқа хизматлар кўрсатишни тўхтатиш»;
в) ўн саккизинчи хатбоши ўн тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
6. 12-бандда :
а) қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«тушган бадаллардан коммуникациялар, муҳандислик инфратузилмаси объектлари ва йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишларини ташкил этиш»;
б) еттинчи — ўн биринчи хатбошилар тегишли равишда саккизинчи — ўн иккинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
7. 15-бандда :
а) қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиққан ёки бошқа давлат фуқаролигини қабул қилган фуқароларнинг ширкатга аъзолигини тўхтатилиши»;
б) олтинчи хатбоши еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
8. 17-бандда :
а) биринчи хатбошидан «илтимосномаси бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг» сўзлари чиқариб ташлансин;
б) иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Бўшаб қолган ер участкаси давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилади ва ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқлар электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади».
9. 28-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«28. Санитария, ёнғинга қарши, техник талабларга жавоб берадиган, доимий яшаш учун фойдаланишга яроқли бўлган иморатлар ширкат аъзосининг аризасига кўра ҳамда қурилиш органларининг хулосаси бўйича турар жой тоифасига ўтказилиши мумкин.
Бунда, ширкат аъзосининг мавжуд ер участкаси ва ер участкасида жойлашган иморатлар давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиши шарт.
Ер участкасида жойлашган иморатларни турар жой тоифасига ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти асосида амалга оширилади».
10. 33-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ширкат аъзоларининг камида 2/3 қисми ҳозир бўлганда, ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан қарор қабул қилинади».
11. 35-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«35. Ширкат бошқаруви умумий йиғилиш томонидан ширкат аъзолари орасидан етти кишидан кам бўлмаган, шу жумладан, Бошқарув раисидан иборат таркибда сайланади.
Бошқарув аъзоларининг номзодлари ширкатнинг исталган аъзоси томонидан тавсия этилиши мумкин.
Бошқарув аъзоларини сайлаш очиқ овоз бериш йўли билан амалга оширилади».
12. Қуйидаги мазмундаги 35 1 -банд билан тўлдирилсин:
«35 1 . Бошқарувда бўш қолган ўринни навбатдан ташқари йиғилиш қарорига кўра тўлдириш мумкин, бунда йиғилиш Бошқарув таркибидан бирон-бир аъзо чиқиб кетгандан сўнг кўпи билан уч ойдан кечикмай чақирилади».
13. 36-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«36. Бошқарув аъзоларини сайлаш, шунингдек ширкатнинг Бошқарув фаолиятини амалга ошириш тартиби мазкур Низомда белгиланган қоидалардан келиб чиққан ҳолда, ширкат уставида белгиланади».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 3 декабрь,
731-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Bogʻdorchilik-uzumchilik shirkatlari faoliyatini tartibga solishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Bogʻdorchilik-uzumchilik shirkatlari faoliyatini tartibga solish, ularning faoliyatida vujudga kelayotgan muammolarni bartaraf etish, shuningdek, jamoa bogʻdorchiligi va uzumchiligi yuritish uchun ajratilgan yer uchastkasida joylashgan bino va inshootlarga boʻlgan huquqlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish ishlarini tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholi va tadbirkorlik subyektlariga davlat xizmatlaridan foydalanishda yanada qulay sharoitlar yaratish, bu borada byurokratik toʻsiqlarni qisqartirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 23-martdagi PF-6191-son qarori 7-bandiga muvofiq 2021-yil 1-iyundan boshlab davlat organlari va tashkilotlari, yuridik shaxslar birlashmalari, bogʻdorchilik-uzumchilik shirkatlari, matlubot, ishlab chiqarish va qishloq xoʻjaligi kooperativlari hamda advokatlik tuzilmalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish davlat xizmatlari markazlari tomonidan amalga oshirilishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Belgilansinki:
shirkatlar hududida belgilangan tartib va qoidalarga rioya qilingan holda qurilgan bino va inshootlarni turar joy toifasiga oʻtkazish Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 18-maydagi 370-son qarori bilan tasdiqlangan Obyektni qayta ixtisoslashtirish va rekonstruksiya qilishga ruxsatnoma berish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga muvofiq amalga oshiriladi.
Bunda koʻchmas mulk obyektlariga boʻlgan huquqlar Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 29-dekabrdagi 1060-son qarori bilan tasdiqlangan Koʻchmas mulk obyektlariga boʻlgan huquqlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom talablari asosida davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan vaqtdan boshlab turar joy sifatida eʼtirof etiladi;
davlat roʻyxatidan oʻtgan shirkatlar toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Davlat xizmatlari agentligi (keyingi oʻrinlarda — Davlat xizmatlari agentligi) va Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligi (keyingi oʻrinlarda — Kadastr agentligi) oʻrtasida elektron hamkorlik orqali maʼlumotlar almashinuvi “Elektron hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali amalga oshiriladi.
3. Kadastr agentligi Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi va Davlat xizmatlari agentligi bilan birgalikda shirkatlar aʼzolari oʻrtasida shirkatlar hududida qurilgan bino va inshootlarni turar joy toifasiga oʻtkazish, koʻchmas mulkka boʻlgan huquqlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish bilan bogʻliq qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartib va qoidalar yuzasidan keng tushuntirish ishlarini olib borsin.
4. Vazirlar Mahkamasining 2011-yil 1-martdagi 51-son qarori bilan tasdiqlangan Bogʻdorchilik-uzumchilik shirkatlari toʻgʻrisidagi nizomga ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari Sh.M. Gʻaniyev, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 3-dekabrdagi 731-son qaroriga ILOVA
Vazirlar Mahkamasining 2011-yil 1-martdagi 51-son qarori bilan tasdiqlangan Bogʻdorchilik-uzumchilik shirkatlari toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. 1-banddagi “uchastkalari berish hamda ulardan” soʻzlari “uchastkalaridan” soʻzi bilan almashtirilsin.
2. 4-band quyidagi tahrirda bayon qilinsin:
“4. Shirkatni davlat roʻyxatidan oʻtkazish belgilangan tartibda davlat xizmatlari markazlari tomonidan amalga oshiriladi”.
3. 8-bandning uchinchi-toʻrtinchi xatboshilari quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“2021-yil 1-avgustga qadar berilgan umumiy foydalaniladigan yerlar shirkatga doimiy foydalanish huquqi bilan tegishli boʻladi.
Shirkat aʼzolariga 2021-yil 1-avgustga qadar berilgan yer uchastkalari jamoaviy bogʻdorchilik va uzumchilikni yuritish uchun merosga qoldiriladigan umrbod egalik qilish huquqi bilan tegishli boʻladi”.
4. Quyidagi mazmundagi 10 1 -band bilan toʻldirilsin:
“10 1 . Shirkat hududida yerlardan maqsadli va samarali foydalanishni taʼminlash maqsadida shirkat boshqaruvi tomonidan quyidagi chora-tadbirlar amalga oshiriladi:
ekologik va sanitar holatga salbiy taʼsir koʻrsatuvchi omillarni aniqlab, ularni bartaraf etish choralarini koʻrish;
noqonuniy chiqindixonalarni bartaraf etish va shirkat aʼzolari mablagʻlari hisobidan zamonaviy chiqindixonalar qurilishini tashkil etish;
tabiatni muhofaza qilish toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablarining buzilish holatlari yuzasidan tegishli choralar koʻrish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasining hududiy organlariga xabar berish;
hayvonlarda yuzaga kelgan kasalliklar turli xil epidemiyalarga olib kelishining oldini olish va tegishli choralar koʻrish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasi va Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi xizmatining hududiy organlariga xabar berish;
shirkat aʼzolari tomonidan noqonuniy tadbirkorlik faoliyati, xususan chorvachilik bilan shugʻullanib, uch va undan ortiq choʻchqa va qoramollarni boqilishi, chiqindilar yon atrofda oqib oʻtuvchi daryolarga yoki dalalarga oqizilishi, oqib oʻtgan suv, shuningdek, yer osti suv resurslariga salbiy taʼsir koʻrsatishi, hayvonlarda yuzaga kelgan kasalliklar turli xil epidemiyalarga olib kelishining oldini olish yuzasidan keskin choralar koʻrish boʻyicha Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasining hududiy organlariga va vakolatli organlarga xabar berish;
oʻzboshimchalik bilan egallab olingan oʻz hududiga tutash va tutash boʻlmagan yer maydonlarida qurilish ishlarining amalga oshirilishi, loyiha hujjatlarisiz, ruxsatnomasiz qurish holatlari yuzasidan Qurilish vazirligining hududiy organlariga xabar berish;
yer uchastkasi chegaralarining (chegara nuqtalarining) oʻzboshimchalik bilan oʻzgartirilishi, shuningdek, oʻzboshimchalik bilan egallab olinganlik holati yuzasidan Kadastr agentligi hududiy organlariga xabar berish”.
5. 11-bandda :
a) sakkizinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“obyektlarni loyihalash va qurish uchun ishlab chiqilgan, belgilangan tartibda kelishilgan va tasdiqlangan loyiha-smeta hujjatlariga muvofiq shirkat faoliyati bilan bevosita bogʻliq boʻlgan xoʻjalik imoratlari va boshqa imoratlar qurish”;
b) quyidagi mazmundagi oʻn sakkizinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“shirkat aʼzoligidan chiqqan fuqarolarning mol-mulkiga shirkat tomonidan xizmat koʻrsatish va ularni taʼmirlash, shuningdek, kommunal va boshqa xizmatlar koʻrsatishni toʻxtatish”;
v) oʻn sakkizinchi xatboshi oʻn toʻqqizinchi xatboshi deb hisoblansin.
6. 12-bandda :
a) quyidagi mazmundagi yettinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“tushgan badallardan kommunikatsiyalar, muhandislik infratuzilmasi obyektlari va yoʻllarni qurish va taʼmirlash ishlarini tashkil etish”;
b) yettinchi — oʻn birinchi xatboshilar tegishli ravishda sakkizinchi — oʻn ikkinchi xatboshilar deb hisoblansin.
7. 15-bandda :
a) quyidagi mazmundagi oltinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Oʻzbekiston Respublikasi fuqaroligidan chiqqan yoki boshqa davlat fuqaroligini qabul qilgan fuqarolarning shirkatga aʼzoligini toʻxtatilishi”;
b) oltinchi xatboshi yettinchi xatboshi deb hisoblansin.
8. 17-bandda :
a) birinchi xatboshidan “iltimosnomasi boʻyicha tuman (shahar) hokimining” soʻzlari chiqarib tashlansin;
b) ikkinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Boʻshab qolgan yer uchastkasi davlat mulki sifatida davlat roʻyxatidan oʻtkaziladi va ushbu yer uchastkasiga boʻlgan huquqlar elektron onlayn-auksion orqali realizatsiya qilinadi”.
9. 28-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“28. Sanitariya, yongʻinga qarshi, texnik talablarga javob beradigan, doimiy yashash uchun foydalanishga yaroqli boʻlgan imoratlar shirkat aʼzosining arizasiga koʻra hamda qurilish organlarining xulosasi boʻyicha turar joy toifasiga oʻtkazilishi mumkin.
Bunda, shirkat aʼzosining mavjud yer uchastkasi va yer uchastkasida joylashgan imoratlar davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan boʻlishi shart.
Yer uchastkasida joylashgan imoratlarni turar joy toifasiga oʻtkazish Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 18-maydagi 370-son qarori bilan tasdiqlangan Obyektni qayta ixtisoslashtirish va rekonstruksiya qilishga ruxsatnoma berish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamenti asosida amalga oshiriladi”.
10. 33-band quyidagi mazmundagi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Shirkat aʼzolarining kamida 2/3 qismi hozir boʻlganda, shirkat aʼzolarining umumiy yigʻilishi tomonidan qaror qabul qilinadi”.
11. 35-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“35. Shirkat boshqaruvi umumiy yigʻilish tomonidan shirkat aʼzolari orasidan yetti kishidan kam boʻlmagan, shu jumladan, Boshqaruv raisidan iborat tarkibda saylanadi.
Boshqaruv aʼzolarining nomzodlari shirkatning istalgan aʼzosi tomonidan tavsiya etilishi mumkin.
Boshqaruv aʼzolarini saylash ochiq ovoz berish yoʻli bilan amalga oshiriladi”.
12. Quyidagi mazmundagi 35 1 -band bilan toʻldirilsin:
“35 1 . Boshqaruvda boʻsh qolgan oʻrinni navbatdan tashqari yigʻilish qaroriga koʻra toʻldirish mumkin, bunda yigʻilish Boshqaruv tarkibidan biron-bir aʼzo chiqib ketgandan soʻng koʻpi bilan uch oydan kechikmay chaqiriladi”.
13. 36-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“36. Boshqaruv aʼzolarini saylash, shuningdek shirkatning Boshqaruv faoliyatini amalga oshirish tartibi mazkur Nizomda belgilangan qoidalardan kelib chiqqan holda, shirkat ustavida belgilanadi”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 3-dekabr,
731-son