UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 4-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 4 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 4 декабря 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 4 December 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 16 ноябрдаги ПФ-14-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

пахта хом ашёсини етиштириш ёки фермер хўжаликлари ва бошқа пахта хом ашёси етиштирувчи бошқа хўжалик субъектларидан маҳсулот сотиб олиш мақсадида ташкил этиладиган пахта-тўқимачилик кластерлари шакллари;

Давлат хизматлари марказига талабгор томонидан пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини ташкил этиш бўйича ариза билан бирга тақдим этиладиган ҳужжатлар тўплами ҳамда уларни кўриб чиқиш тартиби;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки вилоятлар ҳокимликлари билан талабгор ўртасида пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида уч томонлама битим (кейинги ўринларда — битим) тузиш тартиби;

пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича пахта-тўқимачилик кластери ва унинг иштирокчилари учун белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар;

пахта-тўқимачилик кластери билан маҳсулот етказиб берувчиларнинг ўзаро муносабатларини бозор тамойилларига асосан ташкил этиш мақсадида фьючерс шартномаси асосида пахта хом ашёси етиштирувчилар учун белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар;

пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарали ташкил этишда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини ташкил этиш ва унинг ер участкаларидан фойдаланиш ва ижара ҳуқуқлари, шунингдек, томонларнинг ўзаро келишуви асосида тузилган шартномаларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кафолатланиши;

пахта-тўқимачилик кластерининг битимда назарда тутилган мажбуриятларга риоя этиши ва унинг фаолияти самарадорлиги билан боғлиқ масалалар бўйича мониторинг юритиш;

пахта-тўқимачилик кластери томонидан битимда назарда тутилган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисидаги уч томонлама битимни бекор қилиш (тўлиқ ёки муайян ҳудудга нисбатан) тартиби.

2. Адлия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва «Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари» уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда:

мазкур низомга мувофиқ тузиладиган пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида тўрт томонлама битим;

пахта-тўқимачилик кластери билан фермер хўжаликларининг пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб бериш бўйича тузиладиган фьючерс шартномаси намуналарини ишлаб чиқиб, ўзларининг веб-сайтларида жойлаштирсин.

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 22 июндаги 397-сон қарори 4 ва 5-бандлари ҳамда қарорга 1 — 3-иловалар ўз кучини йўқотган деб топилсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 декабрдаги 733-сон қарорига ИЛОВА

Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

агротехнологик харита — пахта-тўқимачилик кластери томонидан ҳар йили октябрь ойига қадар тасдиқланадиган ҳамда мавсум давомида барча қилинадиган ишлар ва тахминий харажатларни (ойлар кесимида) акс эттирувчи ҳужжат;

ихтисослашув бўйича қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш — пахта-тўқимачилик кластерининг бизнес режа ва агротехнологик харитасида кўрсатилган қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, экиш ва етиштириш;

пахта-тўқимачилик кластери — бир ёки бир нечта ташкилотлар томонидан пахта хом ашёсини етиштириш ва (ёки) шартнома асосида сотиб олишдан уни, шу жумладан бошқа хўжалик субъектлари билан ҳамкорлик асосида чуқур қайта ишлаш жараёнларини ўз ичига олган ишлаб чиқариш мажмуаси;

талабгор — пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш учун ариза берган бир ёки бир нечта юридик шахслар.

3. Пахта-тўқимачилик кластери қуйидаги шаклда ташкил этилади:

ижарага олинган қишлоқ хўжалиги ер участкаларида пахта хом ашёсини етиштириш;

қишлоқ хўжалиги ер участкаларини ижарага олмасдан пахта хом ашёсини шартнома асосида фермер хўжаликлари ва бошқа пахта хом ашёси етиштирувчи хўжалик субъектларидан (кейинги ўринларда — пахта хом ашёси етиштирувчилар) сотиб олиш;

ижарага олинган қишлоқ хўжалиги ер участкаларида пахта хомашёсини етиштириш ҳамда пахта хомашёсини етиштирувчилардан шартнома асосида сотиб олиш.

4. Пахта-тўқимачилик кластери билан пахта хом ашёси етиштирувчиларнинг ўзаро муносабатлари тарафларнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб бериш бўйича қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тузиладиган шартнома (кейинги ўринларда — шартнома) асосида амалга оширилади.

5. Пахта-тўқимачилик кластери фаолияти Қишлоқ хўжалиги вазири билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг қарорлари билан ташкил этилади.

6. Пахта-тўқимачилик кластери Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва ушбу Низом ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатлари асосида фаолият юритади.

2-боб. Пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини ташкил этиш тартиби

7. Пахта-тўқимачилик кластери Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида пахта хом ашёсини етиштириш учун мўлжалланган ер участкалари негизида мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатилган шаклларда ташкил қилинади.

9. Пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини ташкил этиш учун талабгор ихтиёрий равишда ҳар йили 10 сентябрга қадар Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграцион платформаси (кейинги ўринларда — Агропортал) орқали ариза билан мурожаат қилади.

10. Талабгор аризада пахта-тўқимачилик кластерининг шакли, пахта хом ашёсига бўлган талабининг ҳажми аниқ кўрсатиб қуйидаги ҳужжатларни илова қилади:

а) талабгорни давлат рўйхатидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (гувоҳнома ва устави ҳамда таъсис шартномаси (агар мавжуд бўлса, масъулияти чекланган жамиятлар учун фақат устав) нусхаси;

б) соҳага оид ишлаб чиқариш қувватлари мавжудлиги тўғрисида маълумотлар;

в) пахта-тўқимачилик кластери фаолияти доирасида зарур бўладиган активлар тўғрисида маълумотлар;

г) талабгор томонидан тасдиқланган, шу жумладан қуйидагилардан иборат бизнес-режа:

пахта хом ашёси етиштиришдан бошлаб уни тайёр маҳсулот сифатида сотишгача бўлган ишлаб чиқариш жараёнининг узлуксиз занжирини, шу жумладан ҳамкорлик асосида ташкил этиш;

инвестиция лойиҳалари, шу жумладан уларнинг қувватлари, молиялаштириш манбалари, яратиладиган иш ўринлари ҳамда экспорт прогноз кўрсаткичлари тўғрисида маълумотлар;

д) ер участкасининг кадастр рақами маълумотлари (ижарага олинган ер участкасида пахта хомашёсини етиштириш орқали ташкил этилаётган бўлса).

11. Давлат хизматлари маркази Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Агропортал орқали онлайн вақт режимида талабгор томонидан пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини ташкил этиш бўйича тақдим қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиш учун тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига юборади.

12. Тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Агропортал орқали пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини ташкил этиш бўйича юборилган аризани ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлигини икки иш кунида кўриб чиқади.

Бунда талабгорнинг:

тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш (ип калаваси, трикотаж мато, газлама, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш, бўяш) қувватларининг камида иккита босқичини йўлга қўйганлиги;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган ва фаолият юритаётганлиги, тугатилиш босқичида эмаслиги, тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилмаганлиги ва «ёмон» кредит тарихига эга эмаслиги ҳамда мурожаат санасида кредит (лизинг, банк кафолати, аккредитив) ва солиқлардан муддати ўтган қарздорлиги мавжуд эмаслиги ўрганилади.

Агар ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан талабгорга камчиликларни бартараф этиш учун беш иш куни берилади. Бунда, ушбу муддат ўтгандан кейин талабгор томонидан етишмайдиган ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари аризани қайтаришга ҳақли.

13. Тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари беш иш кунида талабгор томонидан мазкур Низомда белгиланган талабларга мувофиқ ва камчиликларсиз тақдим қилинган аризани ҳамда унга илова қилинган ҳужжатларни Вазирликка келишиш, кўриб чиқиш ва кластер ташкил этиш ёки ташкил этмаслик тўғрисида аниқ хулоса олиш учун тақдим этади.

14. Вазирлик тақдим этилган ҳужжатларни беш иш куни ичида мазкур Низомда назарда тутилган асосларга мувофиқ ўрганиб чиқади ҳамда кластер ташкил этиш ёки ташкил этмаслик тўғрисида тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига хабар юборади.

15. Тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Вазирлик томонидан тақдим этилган кластер ташкил этиш тўғрисидаги ёзма хабарномага асосан бир иш кунида қарор қабул қилади.

21. Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги тегишли қарор қабул қилингандан сўнг:

уч иш кунида тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари талабгорларни, уларнинг аризалари қаноатлантирилганлиги тўғрисида Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Агропортал орқали белгиланган тартибда хабардор қилади;

беш иш кунида Вазирлик, тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда талабгор ўртасида пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида ўттиз йил муддатга (талабгор чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона ёки чет эл юридик шахси бўлган тақдирда йигирма беш йилгача бўлган муддатга) уч томонлама битим (кейинги ўринларда — битим) тузилади. Бунда фаолият юритаётган пахта-тўқимачилик кластери битимнинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин битимни янгилашда бошқа тенг шароитларда устунлик ҳуқуқига эга бўлади.

22. Битимда қуйидагилар назарда тутилади:

битимнинг предмети;

ташкил этилаётган пахта-тўқимачилик кластери шакли;

тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

битимда белгиланган мажбуриятлар бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда тарафларнинг жавобгарлиги;

пахта-тўқимачилик кластерининг йиллар кесимида инвестициялар киритиш ва иш ўринларини яратиш ҳамда уларни амалга ошириш муддатлари;

аудиторлик ташкилотларини жалб қилган ҳолда ҳар йили пахта-тўқимачилик кластерининг фаолиятини таҳлил қилиш, битим, шу жумладан инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши, самарадорлик ва молиявий аудитни амалга ошириш шартлари;

битимни бекор қилиш шартлари;

низоларни ҳал қилиш тартиби;

мажбуриятларни бузиш ҳолатларини аниқ белгилаш;

битим тузилган сана ва жой, тарафларнинг реквизитлари, почта манзиллари.

Томонларнинг келишувига кўра битимда бошқа қўшимча шартлар ҳам акс эттирилиши мумкин.

23. Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тарафларнинг келишувига кўра амалга оширилади.

24. Тарафлардан бирининг битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифи қолган тарафлар томонидан рад этилган тақдирда, ушбу масала юзасидан судга мурожаат қилиниши мумкин.

25. Пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини ташкил этиш тартиби ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

3-боб. Пахта-тўқимачилик кластерининг ҳуқуқлари

26. Пахта-тўқимачилик кластери қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз фаолиятини юритишда ишлаб чиқарадиган маҳсулотларини, тижорат банкларидан оладиган кредитларни, ўзининг тасарруфидаги кўчмас мулк объектларини, техника воситалари ва ишлаб чиқариш технологиялари асбоб ва ускуналарини суғурталашда мустақил равишда хоҳлаган суғурта ташкилоти хизматларидан фойдаланиб амалга ошириш;

зарурат бўлганда, агротехнологик харитага ўзгартиришлар киритиш;

ғўза навлари уруғлик чигитларини мустақил равишда ишлаб чиқариш;

сув ресурсларини ўз вақтида етказиб беришни мутасадди ташкилотлардан талаб қилиш;

пахта хом ашёсини ўзининг ёки ижарага олинган пахта тозалаш заводида ёхуд тегирмон усулида дастлабки қайта ишлашни амалга ошириш;

етиштирилган пахта хом ашёсидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни эркин тасарруф этиш (пахта толасини экспорт қилиш бундан мустасно);

ишлаб чиқарилган пахта толасининг ўз ишлаб чиқариш қувватлари эҳтиёжидан ортиқ қисмини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда сотиш;

пахта хом ашёсидан олинадиган чигит ва бошқа маҳсулотларни мустақил равишда қайта ишлаш ёки уларни, шу жумладан қайта ишланган маҳсулотларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда сотиш.

Пахта-тўқимачилик кластери қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

27. Қишлоқ хўжалиги ер участкаларини ижарага олган ҳолда ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластери қуйидаги қўшимча ҳуқуқларга эга:

ғўза навларини мустақил жойлаштириш;

ажратилган ер участкаларида алмашлаб экишни жорий этган ҳолда, ушбу ерларнинг контурларини тузиш;

тасдиқланган агротехнологик харитадаги чора-тадбирларни амалга ошириш учун имтиёзли молиявий ресурслардан фойдаланиш;

минерал ўғитлар ва ёқилғи-мойлаш материалларини импорт қилиш;

қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг бозор тамойилларига асосланган кластер — фермер, кластер — деҳқон хўжалиги, кластер — оилабай пудрат ва қишлоқ хўжалигида иш юритишнинг бошқа замонавий усулларини жорий этиш;

ўзига бириктирилган ер участкаларини шартномага асосан юридик ва жисмоний шахсларга бир йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижара (уларни учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) асосида бериш.

28. Қишлоқ хўжалиги ер участкаларини ижарага олмасдан ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластери қуйидаги қўшимча ҳуқуқларга эга:

ўзи фаолият юритаётган ҳудуддаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилинган тақдирда, бўшаган ер участкасини қайта ижарага беришда тенг шароитларда устунлик ҳуқуқидан фойдаланиш;

пахта хом ашёси етиштирувчиларга ғўза навларини жойлаштириш бўйича тавсия бериш;

пахта хом ашёси етиштирувчилардан тасдиқланган агротехнологик харитага мувофиқ тегишли чора-тадбирларни ўз вақтида амалга оширилишини талаб қилиш;

пахта хом ашёси етиштирувчиларга янги замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари, ёқилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитлар ва бошқа зарур товарларни харид қилиш ва технологияларни жорий қилишда кўмаклашиш;

пахта хом ашёси етиштириш учун ер участкасини, шу жумладан қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган ер участкасини ижара шартномаси асосида ажратиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш;

пахтадан юқори ҳосил олган пахта хом ашёси етиштирувчиларни рағбатлантириш.

4-боб. Пахта-тўқимачилик кластерининг мажбуриятлари

29. Пахта-тўқимачилик кластери қуйидаги мажбуриятларга эга:

бизнес-режа ва битим параметрларига риоя қилиш ҳамда бир йилда камида бир марта ҳисоботларни Вазирликка, Уюшмага ҳамда тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ва вилоятлар ҳокимликларига тақдим этиш;

ажратилган имтиёзли молиявий ресурслардан тасдиқланган агротехнологик харитага мувофиқ фойдаланиш;

пахта хом ашёси етиштиришдан бошлаб уни тайёр маҳсулот сифатида сотишгача бўлган ишлаб чиқаришнинг узлуксиз занжирини, шу жумладан кооперация асосида ташкил этиш ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда сотиш;

рақамли ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

Уюшма билан пахта-тўқимачилик кластери ўртасида тузилган аъзолик шартномалари доирасида олинган мажбуриятни бажариш ҳамда аъзолик бадалларини белгиланган муддатларда тўлаб бориш.

Пахта-тўқимачилик кластери қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

30. Қишлоқ хўжалиги ер участкаларини ижарага олган ҳолда ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластери қуйидаги қўшимча мажбуриятларга эга:

пахта етиштиришда механизация даражасини ошириб бориш ҳамда сув тежайдиган замонавий суғориш технологияларини жорий этиш;

ерларнинг ирригация ва мелиорация ҳолатини яхшилаш, тупроқ таркибини лабораториядан ўтказиш;

ерларнинг ҳосилдорлигини ошириш, балл бонитетини доимий назорат қилиб бориш.

31. Қишлоқ хўжалиги ер участкаларини ижарага олмасдан ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластери қуйидаги қўшимча мажбуриятларга эга:

ўзи фаолият юритаётган ҳудуддаги пахта хом ашёси етиштирувчилар билан пахта хом ашёсини сотиб олиш бўйича шартнома тузиш;

пахта хом ашёси етиштирувчилар билан тузилган шартнома талабларига қатъий риоя этиш.

5-боб. Пахта хом ашёси етиштирувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

32. Пахта хом ашёси етиштирувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзи фаолият юритаётган ҳудудда (тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар) исталган пахта-тўқимачилик кластери билан пахта хом ашёсини етказиб бериш бўйича ихтиёрий равишда шартнома тузиш;

тасдиқланган агротехнологик харитадаги чора-тадбирларни амалга ошириш учун имтиёзли молиявий ресурслардан фойдаланиш;

ўз фаолиятини юритишда ишлаб чиқарадиган маҳсулотларини, тижорат банкларидан оладиган кредитларни, ўзининг тасарруфидаги кўчмас мулк объектларини, техника воситалари ва ишлаб чиқариш технологиялари асбоб ва ускуналарини суғурталашда мустақил равишда хоҳлаган суғурта ташкилоти хизматларидан фойдаланиб амалга ошириш;

сув ресурсларини ўз вақтида етказиб беришни мутасадди ташкилотлардан талаб қилиш;

тасдиқланган агротехнологик харитага мувофиқ ажратилган имтиёзли молиявий ресурслардан фойдаланиш;

ўзига бириктирилган ер участкаларини шартномага асосан юридик ва жисмоний шахсларга бир йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижара (уларни учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) асосида бериш.

Пахта хом ашёси етиштирувчилар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

33. Пахта хом ашёси етиштирувчилар қуйидаги мажбуриятларга эга:

пахта-тўқимачилик кластери билан тузилган шартномага қатъий амал қилиш;

ажратилган имтиёзли молиявий ресурслардан тасдиқланган агротехнологик харитага мувофиқ фойдаланиш;

етиштирган пахта хом ашёсини шартномада белгиланган нархларда сотиш;

пахта етиштиришда механизация даражасини ошириб бориш ҳамда сув тежайдиган замонавий суғориш технологияларини жорий этиш;

ерларнинг ирригация ва мелиорация ҳолатини яхшилаш, тупроқ таркибини лабораториядан ўтказиш;

ерларнинг ҳосилдорлигини ошириш, балл бонитетини доимий назорат қилиб бориш.

Пахта хом ашёси етиштирувчилар қонунчилик ҳужжатлари ва пахта-тўқимачилик кластери билан тузилган шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

6-боб. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

34. Вазирлик ҳамда тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

пахта-тўқимачилик кластеридан бизнес режа ва инвестиция лойиҳаларида назарда тутилган мажбуриятларнинг бажарилиши бўйича маълумотларни талаб қилиш;

Вазирлик ҳамда тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари қонунчилик ҳужжатлари ва пахта-тўқимачилик кластери билан тузилган битимга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

35. Вазирлик ҳамда тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари қуйидаги мажбуриятларга эга:

битимда назарда тутилган мажбуриятларни ўз вақтида бажариш;

ерларнинг мелиорация ҳолатини яхшилаш мақсадида хўжаликлараро ирригация ва мелиорация иншоотларини капитал таъмирлаш ва тиклаш ишларини амалга оширишда кўмаклашиш;

пахта-тўқимачилик кластерининг ишлаб чиқариш объектларини муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишига кўмаклашиш;

пахта-тўқимачилик кластерига имтиёзли ва тижорат кредитлари, шунингдек, субсидия ва компенсациялар берилишига кўмаклашиш;

пахта-тўқимачилик кластерининг пахта хом ашёси етиштирувчилар билан боғлиқ муносабатларини барқарорлаштиришга кўмаклашиш;

пахта-тўқимачилик кластери ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга кўмаклашиш.

Вазирлик ҳамда тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари қонунчилик ҳужжатлари ва пахта-тўқимачилик кластери билан тузилган битимга мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

7-боб. Пахта-тўқимачилик кластери фаолиятининг кафолатлари

36. Пахта-тўқимачилик кластерининг ер участкаларидан фойдаланиши ва ижара ҳуқуқлари, шунингдек, томонлар келишуви бўйича тузилган шартномалари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кафолатланади.

37. Пахта-тўқимачилик кластерига ажратилган ер участкалари мазкур Низомнинг 41-бандида ва битимда назарда тутилган асослардан ташқари бошқа асослар билан қайта тақсимланиши ва олиб қўйилиши мумкин эмас.

8-боб. Пахта-тўқимачилик кластери фаолияти мониторингини юритиш

38. Вазирлик ҳамда тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда пахта-тўқимачилик кластери томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мажбуриятлари, шунингдек, шартномавий мажбуриятларга риоя этилиши ва пахта-тўқимачилик кластери фаолияти самарадорлиги билан боғлиқ бошқа масалалар юзасидан бир йилда камида бир марта мониторинг ўтказади.

Бунда, Вазирлик пахта-тўқимачилик кластерининг бизнес-режа ва битим ҳамда бошқа кўрсаткичлари бўйича маълумотлар базасини юритади.

39. Вазирлик, тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари билан биргаликда таҳлилий маълумотлар асосида соҳадаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб боради.

40. Вазирлик ҳамда тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини ҳар томонлама чуқур таҳлил қилган ҳолда ўрганиб, мониторинг натижаларини ҳисобот йилининг охирида Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиб боради.

9-боб. Битимни бекор қилиш тартиби

41. Қуйидагилар битимни бекор қилишга (тўлиқ ёки муайян ҳудудга нисбатан) асос бўлади:

пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини амалга ошириш учун ажратилган ер участкасига бўлган ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикаси Ер кодексида белгиланган тартибда бекор қилинганда;

битим тарафи бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолияти қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тугатилиши;

битим тарафи бўлган тадбиркорлик субъектларининг битимни бекор қилиш бўйича Вазирликка ҳамда тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига мурожаатлари;

пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан битимда назарда тутилган мажбуриятлар белгиланган муддатда бажарилмаганда (форс-мажор ҳолатлар ва (ёки) ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра вужудга келадиган ҳолатлар бундан мустасно);

пахта хом ашёси етиштирувчиларнинг учдан икки қисми пахта-тўқимачилик кластери томонидан шартнома муносабатларини уч йил давомида бажарилмай келганлигини асословчи ёзма мурожаатлари бўлганда.

Битимни мазкур бандда ва битимнинг ўзида кўрсатилмаган бошқа асосларга кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Мазкур банднинг иккинчи — тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда битимни бекор қилиш Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси ва Фуқаролик кодекси ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Мазкур банднинг бешинчи ва олтинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда битимни бекор қилиш Вазирлик ҳамда тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ёки бошқа манфаатдор шахсларнинг мурожаатларига асосан суд томонидан амалга оширилади.

42. Мазкур Низомга 41-банднинг бешинчи ва олтинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг битимни бекор қилиш тўғрисидаги мурожаатлари ёзма равишда Вазирликка юборилади.

45. Вазирлик ёки тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Республика комиссиясининг тавсиясига асосан икки иш кунидан кечиктирмай битимни бекор қилиш тўғрисида судга мурожаат қилади.

46. Суднинг битимни бекор қилиш тўғрисидаги қарори пахта-тўқимачилик кластерига ҳамда Вазирлик ёки тегишлигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади.

47. Пахта-тўқимачилик кластери билан тузилган битим бекор қилинган тақдирда, тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Вазирликка кластер фаолиятини тугатиш юзасидан бир ой муддатда хабар юборади.

48. Вазирлик икки ҳафта муддатда пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини тугатиш тўғрисида ёзма равишда тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига хабар беради.

Тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари мазкур хабарномага асосланган ҳолда пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.

49. Тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг, уч иш кунида бу ҳақда фаолияти тугатилган пахта-тўқимачилик кластерини хабардор қилади.

10-боб. Якунловчи қоидалар

50. Пахта-тўқимачилик кластери фаолиятида вужудга келадиган низолар қонунчилик ҳужжатлари ва ушбу Низомда назарда тутилган қоидалар асосида белгиланган тартибда ҳал этилади.

51. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида низомга ИЛОВА

Пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини ташкил этиш

Босқичлар Масъуллар Амалга ошириш механизми Ижро муддати 1-босқич Талабгор (жисмоний ёки юридик шахс) Талабгор (жисмоний ёки юридик шахс) ҳудудда янги пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Агропортал орқали ариза билан тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат қилади. Ихтиёрий равишда 2-босқич Давлат хизматлари маркази Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Агропортал орқали талабгор томонидан пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини ташкил этиш бўйича тақдим қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиш учун тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига юборади. Реал вақт режимида 3-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Агропортал орқали пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этиш бўйича юборилган аризаларни қабул қилади ва уларга илова қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлигини кўриб чиқади ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан келишиш учун киритади. Беш иш кунида 4-босқич Вазирлик Тақдим этилган ҳужжатларни мазкур Низомда назарда тутилган асосларга мувофиқ ўрганиб чиқади ҳамда кластер ташкил этиш ёки ташкил этмаслик тўғрисида тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига хабар юборади. Беш иш кунида 5-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Вазирлик томонидан тақдим этилган кластер ташкил этиш тўғрисидаги ёзма хабарномага асосан қарор қабул қилади. Бир иш кунида

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 4 декабрь,

733-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.12.2021 й., 09/21/733/1131-сон; 14.12.2023 й., 06/23/205/0934-сон; 27.04.2024 й., 09/24/237/0303-сон; 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон; 15.07.2026 й., 09/26/381/0734-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Paxta-toʻqimachilik klasterlari faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Paxta-toʻqimachilik klasterlari faoliyatini tartibga solish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 16-noyabrdagi PF-14-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Paxta-toʻqimachilik klasterlari faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

paxta xom ashyosini yetishtirish yoki fermer xoʻjaliklari va boshqa paxta xom ashyosi yetishtiruvchi boshqa xoʻjalik subyektlaridan mahsulot sotib olish maqsadida tashkil etiladigan paxta-toʻqimachilik klasterlari shakllari;

Davlat xizmatlari markaziga talabgor tomonidan paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyatini tashkil etish boʻyicha ariza bilan birga taqdim etiladigan hujjatlar toʻplami hamda ularni koʻrib chiqish tartibi;

Qishloq xoʻjaligi vazirligi hamda tegishliligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi yoki viloyatlar hokimliklari bilan talabgor oʻrtasida paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyatini yoʻlga qoʻyish toʻgʻrisida uch tomonlama bitim (keyingi oʻrinlarda — bitim) tuzish tartibi;

paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyatini samarali tashkil etish boʻyicha paxta-toʻqimachilik klasteri va uning ishtirokchilari uchun belgilangan huquq va majburiyatlar;

paxta-toʻqimachilik klasteri bilan mahsulot yetkazib beruvchilarning oʻzaro munosabatlarini bozor tamoyillariga asosan tashkil etish maqsadida fyuchers shartnomasi asosida paxta xom ashyosi yetishtiruvchilar uchun belgilangan huquq va majburiyatlar;

paxta-toʻqimachilik klasterlari faoliyatini muvofiqlashtirish va samarali tashkil etishda Qishloq xoʻjaligi vazirligi hamda tegishliligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklarining huquq va majburiyatlari;

paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyatini tashkil etish va uning yer uchastkalaridan foydalanish va ijara huquqlari, shuningdek, tomonlarning oʻzaro kelishuvi asosida tuzilgan shartnomalarning qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda kafolatlanishi;

paxta-toʻqimachilik klasterining bitimda nazarda tutilgan majburiyatlarga rioya etishi va uning faoliyati samaradorligi bilan bogʻliq masalalar boʻyicha monitoring yuritish;

paxta-toʻqimachilik klasteri tomonidan bitimda nazarda tutilgan majburiyatlar bajarilmagan taqdirda, paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyatini yoʻlga qoʻyish toʻgʻrisidagi uch tomonlama bitimni bekor qilish (toʻliq yoki muayyan hududga nisbatan) tartibi.

2. Adliya vazirligi Qishloq xoʻjaligi vazirligi va “Oʻzbekiston paxta-toʻqimachilik klasterlari” uyushmasi bilan birgalikda bir oy muddatda:

mazkur nizomga muvofiq tuziladigan paxta-toʻqimachilik klasterlari faoliyatini yoʻlga qoʻyish toʻgʻrisida toʻrt tomonlama bitim;

paxta-toʻqimachilik klasteri bilan fermer xoʻjaliklarining paxta xom ashyosini yetishtirish va yetkazib berish boʻyicha tuziladigan fyuchers shartnomasi namunalarini ishlab chiqib, oʻzlarining veb-saytlarida joylashtirsin.

3. Vazirlar Mahkamasining “Paxta-toʻqimachilik ishlab chiqarishini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 22-iyundagi 397-son qarori 4 va 5-bandlari hamda qarorga 1 — 3-ilovalar oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari Sh.M. Gʻaniyev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 4-dekabrdagi 733-son qaroriga ILOVA

Paxta-toʻqimachilik klasterlari faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom paxta-toʻqimachilik klasterlari faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

agrotexnologik xarita — paxta-toʻqimachilik klasteri tomonidan har yili oktabr oyiga qadar tasdiqlanadigan hamda mavsum davomida barcha qilinadigan ishlar va taxminiy xarajatlarni (oylar kesimida) aks ettiruvchi hujjat;

ixtisoslashuv boʻyicha qishloq xoʻjaligi ekinlarini joylashtirish — paxta-toʻqimachilik klasterining biznes reja va agrotexnologik xaritasida koʻrsatilgan qishloq xoʻjaligi ekinlarini joylashtirish, ekish va yetishtirish;

paxta-toʻqimachilik klasteri — bir yoki bir nechta tashkilotlar tomonidan paxta xom ashyosini yetishtirish va (yoki) shartnoma asosida sotib olishdan uni, shu jumladan boshqa xoʻjalik subyektlari bilan hamkorlik asosida chuqur qayta ishlash jarayonlarini oʻz ichiga olgan ishlab chiqarish majmuasi;

talabgor — paxta-toʻqimachilik klasterini tashkil etish uchun ariza bergan bir yoki bir nechta yuridik shaxslar.

3. Paxta-toʻqimachilik klasteri quyidagi shaklda tashkil etiladi:

ijaraga olingan qishloq xoʻjaligi yer uchastkalarida paxta xom ashyosini yetishtirish;

qishloq xoʻjaligi yer uchastkalarini ijaraga olmasdan paxta xom ashyosini shartnoma asosida fermer xoʻjaliklari va boshqa paxta xom ashyosi yetishtiruvchi xoʻjalik subyektlaridan (keyingi oʻrinlarda — paxta xom ashyosi yetishtiruvchilar) sotib olish;

ijaraga olingan qishloq xoʻjaligi yer uchastkalarida paxta xomashyosini yetishtirish hamda paxta xomashyosini yetishtiruvchilardan shartnoma asosida sotib olish.

4. Paxta-toʻqimachilik klasteri bilan paxta xom ashyosi yetishtiruvchilarning oʻzaro munosabatlari taraflarning manfaatlaridan kelib chiqqan holda paxta xom ashyosini yetishtirish va yetkazib berish boʻyicha qonunchilik hujjatlariga muvofiq tuziladigan shartnoma (keyingi oʻrinlarda — shartnoma) asosida amalga oshiriladi.

5. Paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyati Qishloq xoʻjaligi vaziri bilan kelishgan holda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklarining qarorlari bilan tashkil etiladi.

6. Paxta-toʻqimachilik klasteri Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi, qonunlari va ushbu Nizom hamda boshqa qonunchilik hujjatlari asosida faoliyat yuritadi.

2-bob. Paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyatini tashkil etish tartibi

7. Paxta-toʻqimachilik klasteri Oʻzbekiston Respublikasining barcha hududlarida paxta xom ashyosini yetishtirish uchun moʻljallangan yer uchastkalari negizida mazkur Nizomning 3-bandida koʻrsatilgan shakllarda tashkil qilinadi.

9. Paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyatini tashkil etish uchun talabgor ixtiyoriy ravishda har yili 10-sentabrga qadar Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoki “Raqamli qishloq xoʻjaligi” yagona integratsion platformasi (keyingi oʻrinlarda — Agroportal) orqali ariza bilan murojaat qiladi.

10. Talabgor arizada paxta-toʻqimachilik klasterining shakli, paxta xom ashyosiga boʻlgan talabining hajmi aniq koʻrsatib quyidagi hujjatlarni ilova qiladi:

a) talabgorni davlat roʻyxatidan oʻtganligini tasdiqlovchi hujjatlar (guvohnoma va ustavi hamda taʼsis shartnomasi (agar mavjud boʻlsa, masʼuliyati cheklangan jamiyatlar uchun faqat ustav) nusxasi;

b) sohaga oid ishlab chiqarish quvvatlari mavjudligi toʻgʻrisida maʼlumotlar;

v) paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyati doirasida zarur boʻladigan aktivlar toʻgʻrisida maʼlumotlar;

g) talabgor tomonidan tasdiqlangan, shu jumladan quyidagilardan iborat biznes-reja:

paxta xom ashyosi yetishtirishdan boshlab uni tayyor mahsulot sifatida sotishgacha boʻlgan ishlab chiqarish jarayonining uzluksiz zanjirini, shu jumladan hamkorlik asosida tashkil etish;

investitsiya loyihalari, shu jumladan ularning quvvatlari, moliyalashtirish manbalari, yaratiladigan ish oʻrinlari hamda eksport prognoz koʻrsatkichlari toʻgʻrisida maʼlumotlar;

d) yer uchastkasining kadastr raqami maʼlumotlari (ijaraga olingan yer uchastkasida paxta xomashyosini yetishtirish orqali tashkil etilayotgan boʻlsa).

11. Davlat xizmatlari markazi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoki Agroportal orqali onlayn vaqt rejimida talabgor tomonidan paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyatini tashkil etish boʻyicha taqdim qilingan hujjatlarni koʻrib chiqish uchun tegishliligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklariga yuboradi.

12. Tegishliligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoki Agroportal orqali paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyatini tashkil etish boʻyicha yuborilgan arizani va unga ilova qilingan hujjatlarning toʻliqligini ikki ish kunida koʻrib chiqadi.

Bunda talabgorning:

toʻqimachilik mahsulotlari ishlab chiqarish (ip kalavasi, trikotaj mato, gazlama, tayyor tikuv-trikotaj mahsulotlari ishlab chiqarish, boʻyash) quvvatlarining kamida ikkita bosqichini yoʻlga qoʻyganligi;

Oʻzbekiston Respublikasi hududida roʻyxatdan oʻtgan va faoliyat yuritayotganligi, tugatilish bosqichida emasligi, toʻlovga qobiliyatsizlik toʻgʻrisida ish qoʻzgʻatilmaganligi va “yomon” kredit tarixiga ega emasligi hamda murojaat sanasida kredit (lizing, bank kafolati, akkreditiv) va soliqlardan muddati oʻtgan qarzdorligi mavjud emasligi oʻrganiladi.

Agar hujjatlar toʻliq taqdim etilmagan taqdirda tegishliligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari tomonidan talabgorga kamchiliklarni bartaraf etish uchun besh ish kuni beriladi. Bunda, ushbu muddat oʻtgandan keyin talabgor tomonidan yetishmaydigan hujjatlar taqdim etilmagan taqdirda, tegishliligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari arizani qaytarishga haqli.

13. Tegishliligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari besh ish kunida talabgor tomonidan mazkur Nizomda belgilangan talablarga muvofiq va kamchiliklarsiz taqdim qilingan arizani hamda unga ilova qilingan hujjatlarni Vazirlikka kelishish, koʻrib chiqish va klaster tashkil etish yoki tashkil etmaslik toʻgʻrisida aniq xulosa olish uchun taqdim etadi.

14. Vazirlik taqdim etilgan hujjatlarni besh ish kuni ichida mazkur Nizomda nazarda tutilgan asoslarga muvofiq oʻrganib chiqadi hamda klaster tashkil etish yoki tashkil etmaslik toʻgʻrisida tegishliligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklariga xabar yuboradi.

15. Tegishliligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari Vazirlik tomonidan taqdim etilgan klaster tashkil etish toʻgʻrisidagi yozma xabarnomaga asosan bir ish kunida qaror qabul qiladi.

21. Paxta-toʻqimachilik klasterlari faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisidagi tegishli qaror qabul qilingandan soʻng:

uch ish kunida tegishliligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari talabgorlarni, ularning arizalari qanoatlantirilganligi toʻgʻrisida Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoki Agroportal orqali belgilangan tartibda xabardor qiladi;

besh ish kunida Vazirlik, tegishliligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari hamda talabgor oʻrtasida paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyatini yoʻlga qoʻyish toʻgʻrisida oʻttiz yil muddatga (talabgor chet el investitsiyalari ishtirokidagi korxona yoki chet el yuridik shaxsi boʻlgan taqdirda yigirma besh yilgacha boʻlgan muddatga) uch tomonlama bitim (keyingi oʻrinlarda — bitim) tuziladi. Bunda faoliyat yuritayotgan paxta-toʻqimachilik klasteri bitimning amal qilish muddati tugaganidan keyin bitimni yangilashda boshqa teng sharoitlarda ustunlik huquqiga ega boʻladi.

22. Bitimda quyidagilar nazarda tutiladi:

bitimning predmeti;

tashkil etilayotgan paxta-toʻqimachilik klasteri shakli;

taraflarning huquq va majburiyatlari;

bitimda belgilangan majburiyatlar bajarilmaganda yoki lozim darajada bajarilmaganda taraflarning javobgarligi;

paxta-toʻqimachilik klasterining yillar kesimida investitsiyalar kiritish va ish oʻrinlarini yaratish hamda ularni amalga oshirish muddatlari;

auditorlik tashkilotlarini jalb qilgan holda har yili paxta-toʻqimachilik klasterining faoliyatini tahlil qilish, bitim, shu jumladan investitsiya majburiyatlarining bajarilishi, samaradorlik va moliyaviy auditni amalga oshirish shartlari;

bitimni bekor qilish shartlari;

nizolarni hal qilish tartibi;

majburiyatlarni buzish holatlarini aniq belgilash;

bitim tuzilgan sana va joy, taraflarning rekvizitlari, pochta manzillari.

Tomonlarning kelishuviga koʻra bitimda boshqa qoʻshimcha shartlar ham aks ettirilishi mumkin.

23. Bitimga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish taraflarning kelishuviga koʻra amalga oshiriladi.

24. Taraflardan birining bitimga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisidagi taklifi qolgan taraflar tomonidan rad etilgan taqdirda, ushbu masala yuzasidan sudga murojaat qilinishi mumkin.

25. Paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyatini tashkil etish tartibi ushbu Nizomga ilovaga muvofiq sxema boʻyicha amalga oshiriladi.

3-bob. Paxta-toʻqimachilik klasterining huquqlari

26. Paxta-toʻqimachilik klasteri quyidagi huquqlarga ega:

oʻz faoliyatini yuritishda ishlab chiqaradigan mahsulotlarini, tijorat banklaridan oladigan kreditlarni, oʻzining tasarrufidagi koʻchmas mulk obyektlarini, texnika vositalari va ishlab chiqarish texnologiyalari asbob va uskunalarini sugʻurtalashda mustaqil ravishda xohlagan sugʻurta tashkiloti xizmatlaridan foydalanib amalga oshirish;

zarurat boʻlganda, agrotexnologik xaritaga oʻzgartirishlar kiritish;

gʻoʻza navlari urugʻlik chigitlarini mustaqil ravishda ishlab chiqarish;

suv resurslarini oʻz vaqtida yetkazib berishni mutasaddi tashkilotlardan talab qilish;

paxta xom ashyosini oʻzining yoki ijaraga olingan paxta tozalash zavodida yoxud tegirmon usulida dastlabki qayta ishlashni amalga oshirish;

yetishtirilgan paxta xom ashyosidan ishlab chiqarilgan mahsulotlarni erkin tasarruf etish (paxta tolasini eksport qilish bundan mustasno);

ishlab chiqarilgan paxta tolasining oʻz ishlab chiqarish quvvatlari ehtiyojidan ortiq qismini qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sotish;

paxta xom ashyosidan olinadigan chigit va boshqa mahsulotlarni mustaqil ravishda qayta ishlash yoki ularni, shu jumladan qayta ishlangan mahsulotlarni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sotish.

Paxta-toʻqimachilik klasteri qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

27. Qishloq xoʻjaligi yer uchastkalarini ijaraga olgan holda tashkil etilgan paxta-toʻqimachilik klasteri quyidagi qoʻshimcha huquqlarga ega:

gʻoʻza navlarini mustaqil joylashtirish;

ajratilgan yer uchastkalarida almashlab ekishni joriy etgan holda, ushbu yerlarning konturlarini tuzish;

tasdiqlangan agrotexnologik xaritadagi chora-tadbirlarni amalga oshirish uchun imtiyozli moliyaviy resurslardan foydalanish;

mineral oʻgʻitlar va yoqilgʻi-moylash materiallarini import qilish;

qishloq xoʻjaligida ishlab chiqarishni tashkil etishning bozor tamoyillariga asoslangan klaster — fermer, klaster — dehqon xoʻjaligi, klaster — oilabay pudrat va qishloq xoʻjaligida ish yuritishning boshqa zamonaviy usullarini joriy etish;

oʻziga biriktirilgan yer uchastkalarini shartnomaga asosan yuridik va jismoniy shaxslarga bir yilgacha boʻlgan muddatga ikkilamchi ijara (ularni uchinchi shaxslarga berish huquqisiz) asosida berish.

28. Qishloq xoʻjaligi yer uchastkalarini ijaraga olmasdan tashkil etilgan paxta-toʻqimachilik klasteri quyidagi qoʻshimcha huquqlarga ega:

oʻzi faoliyat yuritayotgan hududdagi qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtiruvchilarning yer uchastkasini ijaraga olish huquqi bekor qilingan taqdirda, boʻshagan yer uchastkasini qayta ijaraga berishda teng sharoitlarda ustunlik huquqidan foydalanish;

paxta xom ashyosi yetishtiruvchilarga gʻoʻza navlarini joylashtirish boʻyicha tavsiya berish;

paxta xom ashyosi yetishtiruvchilardan tasdiqlangan agrotexnologik xaritaga muvofiq tegishli chora-tadbirlarni oʻz vaqtida amalga oshirilishini talab qilish;

paxta xom ashyosi yetishtiruvchilarga yangi zamonaviy qishloq xoʻjaligi texnikalari, yoqilgʻi-moylash materiallari, mineral oʻgʻitlar va boshqa zarur tovarlarni xarid qilish va texnologiyalarni joriy qilishda koʻmaklashish;

paxta xom ashyosi yetishtirish uchun yer uchastkasini, shu jumladan qishloq xoʻjaligida foydalanishdan chiqib ketgan yer uchastkasini ijara shartnomasi asosida ajratish toʻgʻrisida ariza bilan murojaat qilish;

paxtadan yuqori hosil olgan paxta xom ashyosi yetishtiruvchilarni ragʻbatlantirish.

4-bob. Paxta-toʻqimachilik klasterining majburiyatlari

29. Paxta-toʻqimachilik klasteri quyidagi majburiyatlarga ega:

biznes-reja va bitim parametrlariga rioya qilish hamda bir yilda kamida bir marta hisobotlarni Vazirlikka, Uyushmaga hamda tegishligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashiga va viloyatlar hokimliklariga taqdim etish;

ajratilgan imtiyozli moliyaviy resurslardan tasdiqlangan agrotexnologik xaritaga muvofiq foydalanish;

paxta xom ashyosi yetishtirishdan boshlab uni tayyor mahsulot sifatida sotishgacha boʻlgan ishlab chiqarishning uzluksiz zanjirini, shu jumladan kooperatsiya asosida tashkil etish hamda ishlab chiqarilgan mahsulotlarni ichki va tashqi bozorlarda sotish;

raqamli va axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish;

Uyushma bilan paxta-toʻqimachilik klasteri oʻrtasida tuzilgan aʼzolik shartnomalari doirasida olingan majburiyatni bajarish hamda aʼzolik badallarini belgilangan muddatlarda toʻlab borish.

Paxta-toʻqimachilik klasteri qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.

30. Qishloq xoʻjaligi yer uchastkalarini ijaraga olgan holda tashkil etilgan paxta-toʻqimachilik klasteri quyidagi qoʻshimcha majburiyatlarga ega:

paxta yetishtirishda mexanizatsiya darajasini oshirib borish hamda suv tejaydigan zamonaviy sugʻorish texnologiyalarini joriy etish;

yerlarning irrigatsiya va melioratsiya holatini yaxshilash, tuproq tarkibini laboratoriyadan oʻtkazish;

yerlarning hosildorligini oshirish, ball bonitetini doimiy nazorat qilib borish.

31. Qishloq xoʻjaligi yer uchastkalarini ijaraga olmasdan tashkil etilgan paxta-toʻqimachilik klasteri quyidagi qoʻshimcha majburiyatlarga ega:

oʻzi faoliyat yuritayotgan hududdagi paxta xom ashyosi yetishtiruvchilar bilan paxta xom ashyosini sotib olish boʻyicha shartnoma tuzish;

paxta xom ashyosi yetishtiruvchilar bilan tuzilgan shartnoma talablariga qatʼiy rioya etish.

5-bob. Paxta xom ashyosi yetishtiruvchilarning huquq va majburiyatlari

32. Paxta xom ashyosi yetishtiruvchilar quyidagi huquqlarga ega:

oʻzi faoliyat yuritayotgan hududda (tegishligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar) istalgan paxta-toʻqimachilik klasteri bilan paxta xom ashyosini yetkazib berish boʻyicha ixtiyoriy ravishda shartnoma tuzish;

tasdiqlangan agrotexnologik xaritadagi chora-tadbirlarni amalga oshirish uchun imtiyozli moliyaviy resurslardan foydalanish;

oʻz faoliyatini yuritishda ishlab chiqaradigan mahsulotlarini, tijorat banklaridan oladigan kreditlarni, oʻzining tasarrufidagi koʻchmas mulk obyektlarini, texnika vositalari va ishlab chiqarish texnologiyalari asbob va uskunalarini sugʻurtalashda mustaqil ravishda xohlagan sugʻurta tashkiloti xizmatlaridan foydalanib amalga oshirish;

suv resurslarini oʻz vaqtida yetkazib berishni mutasaddi tashkilotlardan talab qilish;

tasdiqlangan agrotexnologik xaritaga muvofiq ajratilgan imtiyozli moliyaviy resurslardan foydalanish;

oʻziga biriktirilgan yer uchastkalarini shartnomaga asosan yuridik va jismoniy shaxslarga bir yilgacha boʻlgan muddatga ikkilamchi ijara (ularni uchinchi shaxslarga berish huquqisiz) asosida berish.

Paxta xom ashyosi yetishtiruvchilar qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

33. Paxta xom ashyosi yetishtiruvchilar quyidagi majburiyatlarga ega:

paxta-toʻqimachilik klasteri bilan tuzilgan shartnomaga qatʼiy amal qilish;

ajratilgan imtiyozli moliyaviy resurslardan tasdiqlangan agrotexnologik xaritaga muvofiq foydalanish;

yetishtirgan paxta xom ashyosini shartnomada belgilangan narxlarda sotish;

paxta yetishtirishda mexanizatsiya darajasini oshirib borish hamda suv tejaydigan zamonaviy sugʻorish texnologiyalarini joriy etish;

yerlarning irrigatsiya va melioratsiya holatini yaxshilash, tuproq tarkibini laboratoriyadan oʻtkazish;

yerlarning hosildorligini oshirish, ball bonitetini doimiy nazorat qilib borish.

Paxta xom ashyosi yetishtiruvchilar qonunchilik hujjatlari va paxta-toʻqimachilik klasteri bilan tuzilgan shartnomaga muvofiq boshqa majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.

6-bob. Qishloq xoʻjaligi vazirligi, tegishliligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklarining huquq va majburiyatlari

34. Vazirlik hamda tegishligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari quyidagi huquqlarga ega:

paxta-toʻqimachilik klasteridan biznes reja va investitsiya loyihalarida nazarda tutilgan majburiyatlarning bajarilishi boʻyicha maʼlumotlarni talab qilish;

Vazirlik hamda tegishligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari qonunchilik hujjatlari va paxta-toʻqimachilik klasteri bilan tuzilgan bitimga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

35. Vazirlik hamda tegishligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari quyidagi majburiyatlarga ega:

bitimda nazarda tutilgan majburiyatlarni oʻz vaqtida bajarish;

yerlarning melioratsiya holatini yaxshilash maqsadida xoʻjaliklararo irrigatsiya va melioratsiya inshootlarini kapital taʼmirlash va tiklash ishlarini amalga oshirishda koʻmaklashish;

paxta-toʻqimachilik klasterining ishlab chiqarish obyektlarini muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlariga ulanishiga koʻmaklashish;

paxta-toʻqimachilik klasteriga imtiyozli va tijorat kreditlari, shuningdek, subsidiya va kompensatsiyalar berilishiga koʻmaklashish;

paxta-toʻqimachilik klasterining paxta xom ashyosi yetishtiruvchilar bilan bogʻliq munosabatlarini barqarorlashtirishga koʻmaklashish;

paxta-toʻqimachilik klasteri xodimlarini tayyorlash, qayta tayyorlash va malakasini oshirishga koʻmaklashish.

Vazirlik hamda tegishligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari qonunchilik hujjatlari va paxta-toʻqimachilik klasteri bilan tuzilgan bitimga muvofiq boshqa majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.

7-bob. Paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyatining kafolatlari

36. Paxta-toʻqimachilik klasterining yer uchastkalaridan foydalanishi va ijara huquqlari, shuningdek, tomonlar kelishuvi boʻyicha tuzilgan shartnomalari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda kafolatlanadi.

37. Paxta-toʻqimachilik klasteriga ajratilgan yer uchastkalari mazkur Nizomning 41-bandida va bitimda nazarda tutilgan asoslardan tashqari boshqa asoslar bilan qayta taqsimlanishi va olib qoʻyilishi mumkin emas.

8-bob. Paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyati monitoringini yuritish

38. Vazirlik hamda tegishligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari bilan birgalikda paxta-toʻqimachilik klasteri tomonidan investitsiya loyihalarini amalga oshirish majburiyatlari, shuningdek, shartnomaviy majburiyatlarga rioya etilishi va paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyati samaradorligi bilan bogʻliq boshqa masalalar yuzasidan bir yilda kamida bir marta monitoring oʻtkazadi.

Bunda, Vazirlik paxta-toʻqimachilik klasterining biznes-reja va bitim hamda boshqa koʻrsatkichlari boʻyicha maʼlumotlar bazasini yuritadi.

39. Vazirlik, tegishligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari hamda paxta-toʻqimachilik klasterlari bilan birgalikda tahliliy maʼlumotlar asosida sohadagi muammolarni bartaraf etish yuzasidan Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritib boradi.

40. Vazirlik hamda tegishligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari bilan birgalikda paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyatini har tomonlama chuqur tahlil qilgan holda oʻrganib, monitoring natijalarini hisobot yilining oxirida Vazirlar Mahkamasiga taqdim etib boradi.

9-bob. Bitimni bekor qilish tartibi

41. Quyidagilar bitimni bekor qilishga (toʻliq yoki muayyan hududga nisbatan) asos boʻladi:

paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyatini amalga oshirish uchun ajratilgan yer uchastkasiga boʻlgan huquqlar Oʻzbekiston Respublikasi Yer kodeksida belgilangan tartibda bekor qilinganda;

bitim tarafi boʻlgan tadbirkorlik subyektlari faoliyati qonunchilik hujjatlariga muvofiq tugatilishi;

bitim tarafi boʻlgan tadbirkorlik subyektlarining bitimni bekor qilish boʻyicha Vazirlikka hamda tegishligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklariga murojaatlari;

paxta-toʻqimachilik klasterlari tomonidan bitimda nazarda tutilgan majburiyatlar belgilangan muddatda bajarilmaganda (fors-major holatlar va (yoki) oʻziga bogʻliq boʻlmagan sabablarga koʻra vujudga keladigan holatlar bundan mustasno);

paxta xom ashyosi yetishtiruvchilarning uchdan ikki qismi paxta-toʻqimachilik klasteri tomonidan shartnoma munosabatlarini uch yil davomida bajarilmay kelganligini asoslovchi yozma murojaatlari boʻlganda.

Bitimni mazkur bandda va bitimning oʻzida koʻrsatilmagan boshqa asoslarga koʻra bekor qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.

Mazkur bandning ikkinchi — toʻrtinchi xatboshilarida koʻrsatilgan hollarda bitimni bekor qilish Oʻzbekiston Respublikasi Yer kodeksi va Fuqarolik kodeksi hamda boshqa qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

Mazkur bandning beshinchi va oltinchi xatboshilarida koʻrsatilgan hollarda bitimni bekor qilish Vazirlik hamda tegishligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari yoki boshqa manfaatdor shaxslarning murojaatlariga asosan sud tomonidan amalga oshiriladi.

42. Mazkur Nizomga 41-bandning beshinchi va oltinchi xatboshilarida koʻrsatilgan hollarda tegishligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklarining bitimni bekor qilish toʻgʻrisidagi murojaatlari yozma ravishda Vazirlikka yuboriladi.

45. Vazirlik yoki tegishligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari Respublika komissiyasining tavsiyasiga asosan ikki ish kunidan kechiktirmay bitimni bekor qilish toʻgʻrisida sudga murojaat qiladi.

46. Sudning bitimni bekor qilish toʻgʻrisidagi qarori paxta-toʻqimachilik klasteriga hamda Vazirlik yoki tegishligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklariga qonunchilik hujjatlarida belgilangan muddatlarda yetkaziladi.

47. Paxta-toʻqimachilik klasteri bilan tuzilgan bitim bekor qilingan taqdirda, tegishliligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari Vazirlikka klaster faoliyatini tugatish yuzasidan bir oy muddatda xabar yuboradi.

48. Vazirlik ikki hafta muddatda paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyatini tugatish toʻgʻrisida yozma ravishda tegishliligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklariga xabar beradi.

Tegishliligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari mazkur xabarnomaga asoslangan holda paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyatini tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

49. Tegishliligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyatini tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qilingandan soʻng, uch ish kunida bu haqda faoliyati tugatilgan paxta-toʻqimachilik klasterini xabardor qiladi.

10-bob. Yakunlovchi qoidalar

50. Paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyatida vujudga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlari va ushbu Nizomda nazarda tutilgan qoidalar asosida belgilangan tartibda hal etiladi.

51. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.

Paxta-toʻqimachilik klasterlari faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida nizomga ILOVA

Paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyatini tashkil etish

Bosqichlar Masʼullar Amalga oshirish mexanizmi Ijro muddati 1-bosqich Talabgor (jismoniy yoki yuridik shaxs) Talabgor (jismoniy yoki yuridik shaxs) hududda yangi paxta-toʻqimachilik klasterini tashkil etish uchun Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoki Agroportal orqali ariza bilan tegishli hujjatlarni ilova qilgan holda murojaat qiladi. Ixtiyoriy ravishda 2-bosqich Davlat xizmatlari markazi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoki Agroportal orqali talabgor tomonidan paxta-toʻqimachilik klasteri faoliyatini tashkil etish boʻyicha taqdim qilingan hujjatlarni koʻrib chiqish uchun tegishliligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklariga yuboradi. Real vaqt rejimida 3-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoki Agroportal orqali paxta-toʻqimachilik klasterlarini tashkil etish boʻyicha yuborilgan arizalarni qabul qiladi va ularga ilova qilingan hujjatlarning toʻliqligini koʻrib chiqadi hamda Qishloq xoʻjaligi vazirligi bilan kelishish uchun kiritadi. Besh ish kunida 4-bosqich Vazirlik Taqdim etilgan hujjatlarni mazkur Nizomda nazarda tutilgan asoslarga muvofiq oʻrganib chiqadi hamda klaster tashkil etish yoki tashkil etmaslik toʻgʻrisida tegishliligiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklariga xabar yuboradi. Besh ish kunida 5-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari Vazirlik tomonidan taqdim etilgan klaster tashkil etish toʻgʻrisidagi yozma xabarnomaga asosan qaror qabul qiladi. Bir ish kunida

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 4-dekabr,

733-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 04.12.2021-y., 09/21/733/1131-son; 14.12.2023-y., 06/23/205/0934-son; 27.04.2024-y., 09/24/237/0303-son; 10.11.2025-y., 09/25/709/1027-son; 15.07.2026-y., 09/26/381/0734-son)

lex.uz