📅 2021-yil 19-noyabr · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 19-noyabr · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 19 ноябрь · Марказий банк ҳужжатлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 19 ноября 2021 г. · Документы Центрального банка
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 19 November 2021 · Central Bank documents
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг
Қарори
Тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг « Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида »ги ва « Банклар ва банк фаолияти тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2015 йил 13 июндаги 14/5-сон қарори (рўйхат рақами 2696, 2015 йил 14 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 28-сон, 374-модда) билан тасдиқланган Тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан бир ойдан кейин кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2021 йил 19 ноябрдаги 27/7-сон қарорига ИЛОВА
Тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги ва «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар (бундан буён матнда захиралар деб юритилади) шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.».
2. 1-бандда :
иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«активлар — кредит, микроқарз, овердрафт, лизинг, факторинг, қимматли қоғозлар, инвестициялар, бошқа банклардаги маблағлар, олиниши лозим бўлган ҳисобланган ва (ёки) ундирилмаган фоизли ва фоизсиз даромадлар, банкнинг бошқа хусусий мулклари, бўлиб-бўлиб тўлаш шаклида сотилган мулклар, балансдан ташқари моддалар (чақириб олинмайдиган кредит мажбуриятлари, фойдаланилмаган кредит линиялари, аккредитивлар, кафолатлар) ҳамда кредит таваккалчилиги мавжуд бўлган бошқа активлар ва балансдан ташқари моддалар»;
қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:
«кредит таваккалчилиги — қарздор томонидан банк олдидаги мажбуриятларини шартнома ёки қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган муддат ва шартларда бажарилмаслиги (лозим даражада бажарилмаслиги) оқибатида юзага келиши мумкин бўлган йўқотиш (зарар) ва/ёки режалаштирилган даромадни олмаслик таваккалчилиги;
муддати ўтган қарздорлик — қарздор томонидан шартнома ёки қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган муддат ва шартларда бажарилмаган (лозим даражада бажарилмаган) банк олдидаги мажбуриятлар;
активнинг жами қиймати — активнинг банк балансида ва балансдан ташқари моддаларда акс эттирилган асосий қарзи ва унга ҳисобланган фоизлари, пеня, комиссион ва бошқа фоизсиз тўловлари қолдиғининг улар бўйича яратилган захира айрилмаган миқдори.».
3. Қуйидаги мазмундаги 1 2 — 1 4 -бандлар билан тўлдирилсин:
«1 2 . Мазкур Низом талабларига мувофиқ қуйидаги активлар сифати бўйича таснифланади:
банклараро депозитлар ва кредитлар, вакиллик ҳисобварақларидаги пул маблағлари;
банклараро ҳисоб-китобларда фойдаланиладиган маблағлар ва банкларга жойлаштирилган бошқа маблағлар;
банкнинг кредит бўйича талаблари, шу жумладан қарз, кредит, микроқарз, овердрафт (мижозларнинг депозит ҳисобварақларидаги дебет қолдиғи), лизинг, факторинг;
юридик шахснинг устав фондига (устав капиталига) ва қимматли қоғозларига қилинган инвестициялар, шунингдек репо келишувлари доирасида сотилган қимматли қоғозлар;
олиниши лозим бўлган ҳисобланган ва (ёки) ундирилмаган фоизли ва фоизсиз даромадлар, жарима ва пенялар;
бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган активлар бўйича талаблар;
активлар бўйича гаров ҳисобидан ундирилган мол-мулклар;
тўлаб берилган бўнаклар ва дебиторлик қарздорликлари;
балансдан ташқари моддалардаги мажбуриятларнинг, шу жумладан банк кафолати ва аккредитивнинг банк томонидан бажарилиши натижасида вужудга келган активлар;
кредит таваккалчилиги мавжуд бўлган балансдан ташқари моддалар, шу жумладан фойдаланилмаган кредит линиялари, кафолатлар, чақириб олинмайдиган мажбуриятлар, савдога оид молиялаштиришлар (аккредитив ва бошқалар);
кредит таваккалчилиги мавжуд бўлган бошқа активлар ва балансдан ташқари моддалар.
Балансдан ташқари моддаларнинг қийматини ҳисоблашда капитал монандлиги ҳисоб-китобларидаги кредитнинг қайта ҳисоблаш омили қўлланилгандан сўнг чиққан натижалар олинади.
1 3 . Мазкур Низом талаблари банкларнинг Ўзбекистон Республикасининг Марказий банкига (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига нисбатан тўғридан-тўғри талабларига, шу жумладан сотиб олинган давлат қимматли қоғозларига нисбатан қўлланилмайди.
1 4 . Активлар бўйича қарздорнинг муддати ўтган қарздорликлари ёки 2-сон картотекасидаги тўлов ҳужжатлари миқдори кичик миқдорга тенг ёки ундан кам бўлганда, ушбу актив сифатининг таснифи пасайтирилиши талаб этилмайди.
Кичик миқдор деганда жисмоний шахсга ажратилган актив бўйича 100 000 сўмдан, юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорга ажратилган актив бўйича 1 000 000 сўмдан кўп бўлмаган ҳамда активнинг жами қийматининг бир фоизидан ошмаган миқдор тушунилади.».
4. 9-банднинг бешинчи хатбошисидаги «асосий қарзи ва» деган сўзлардан кейин «(ёки)» деган сўз билан тўлдирилсин.
5. 11 , 13 , 15 , 18 , 21 , 23 , 31 , 44 , 50 , 54 ва 55-бандлар ўз кучини йўқотган деб топилсин.
6. 12-бандда :
бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«қарздорнинг 2-сон картотекаси мавжуд бўлиб, ундаги тўлов ҳужжатларининг муддати 90 кундан ошмаган бўлса (2-сон картотекасида ушбу активни сўндириш бўйича тўлов талабномаси мавжуд бўлган ёки фаолияти мавсумий хусусиятга эга қарздорлар бундан мустасно);»;
еттинчи ва саккизинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ишончли (эътимодли) активларнинг асосий қарзи ва (ёки) фоизлари бўйича 90 кундан ошмаган муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлса;
таъминланган активлар бўйича асосий қарз ва (ёки) фоизлар бўйича 31 кун ва ундан ортиқ, лекин 90 кундан ошмаган муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлса.».
7. 14-бандда :
бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«қарздорнинг 2-сон картотекасида 91 кун ва ундан ортиқ, лекин 180 кундан ошмаган муддатга кечиктирилган тўлов ҳужжатлари мавжуд бўлса (2-сон картотекасида ушбу активни сўндириш бўйича тўлов талабномаси мавжуд бўлган ёки фаолияти мавсумий хусусиятга эга қарздорлар бундан мустасно);»;
еттинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«банк активининг таъминот қийматига нисбати банкнинг ички ҳужжатларида кўрсатилган чегарадан кўп бўлса (ишончли (эътимодли) активлар бундан мустасно);»;
саккизинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
тўққизинчи хатбоши саккизинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«асосий қарз ва (ёки) фоизлар бўйича 91 кун ва ундан ортиқ, лекин 180 кундан ошмаган муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлса.».
8. 17-бандда :
тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«қарздорнинг 2-сон картотекасида 181 кун ва ундан ортиқ, лекин 365 кундан ошмаган муддатга кечиктирилган тўлов ҳужжатлари мавжуд бўлса (2-сон картотекасида ушбу активни сўндириш бўйича тўлов талабномаси мавжуд бўлган ёки фаолияти мавсумий хусусиятга эга қарздорлар бундан мустасно);»;
бешинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
олтинчи хатбоши бешинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«асосий қарз ва (ёки) фоизлар бўйича 181 кун ва ундан ортиқ, лекин 365 кундан ошмаган муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлса.».
9. 20-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«20. Қуйида келтирилган омиллардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлса, активларнинг сифати «умидсиз» деб таснифланади:
қарздор ва лизинг олувчидан ундирилган, гаровга қўйилган мол-мулкка бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш йўли билан тижорат банки томонидан балансга қабул қилинган кундан бошлаб уч ой муддатда сотилмаган ва банк фаолиятини кенгайтириш учун сотиб олинган бинодан икки йил мобайнида фойдаланилмаган ҳамда банк фаолияти учун ортиқ фойдаланилмай қўйилган пайтдан бошлаб бир йил мобайнида сотилмаган бўлса;
қарздорнинг 2-сон картотекасида муддати 366 кун ва ундан ортиқ кунга кечиктирилган тўлов ҳужжатлари мавжуд бўлса;
асосий қарз ва (ёки) фоизлар бўйича 366 кун ва ундан ортиқ кунга муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлса.».
10. 22-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«22. Битта қарздорга берилган бир нечта активлар мавжуд бўлса, банк ўзи тақдим этган активни қарздорга берилган барча активлар ичида энг паст тоифада таснифланган актив сифатидек таснифлаши лозим.».
11. 26-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«26. Активларнинг юқори ликвидли таъминотига:
давлат қимматли қоғозлари гарови;
банк капитали монандлиги ҳисоб-китобларида таваккалчилик даражаси 0 фоиз бўлган хорижий давлатларнинг ҳукуматлари ва Марказий банкларининг кафолати ёки улар томонидан эмиссия қилинган қимматли қоғозлар гарови;
Жаҳон банки гуруҳи (Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Халқаро инвестицияларни кафолатлаш агентлиги, Халқаро тараққиёт ассоциацияси) ҳамда Осиё тараққиёт банки, Осиё инфраструктура инвестиция банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки, Европа инвестиция жамғармаси, Ислом тараққиёт банки ва Европа Кенгашининг тараққиёт банклари кафолати;
кредитор банкдаги депозитлар ёки депозит сертификатлари гарови киради.».
12. Қуйидаги мазмундаги 26 1 -банд билан тўлдирилсин:
«26 1 . Активлар юқори ликвидли таъминот билан таъминланганда улар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплашга мўлжалланган захира миқдори қуйидаги формулага мувофиқ аниқланади:
Z = (AJM — TQ * (1-Ch)) * m
бунда:
Z — шакллантирилиши лозим бўлган захира миқдори;
AJM — активнинг жами қиймати суммаси;
TQ — юқори ликвидли таъминот қиймати;
Ch — валютадаги тафовутни ҳисобга олиш омили. Мазкур омил актив ифодаланган валюта у бўйича қабул қилинган таъминот валютасидан фарқ қилмаса 0 га, фарқ қилса 0,1 га тенг бўлади;
m — актив таснифи бўйича шакллантирилиши лозим бўлган захира яратиш меъёри.
Бунда, активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплашга мўлжалланган захира миқдори 0 ёки ундан кичик (манфий) бўлса, актив бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплашга мўлжалланган захира шакллантирилмайди.».
13. 27-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«27. Банк томонидан қабул қилинувчи мазкур Низомнинг 26-бандида назарда тутилган гаров турлари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
қимматли қоғозлар, банкдаги депозитлар, депозит сертификатлар гаров сифатида қабул қилинган бўлса, уларнинг муддати тегишли активни сўндириш муддатидан кам бўлмаслиги;
кредитор банкдаги депозит гаров предмети бўлса, гаров шартномаси шартларига биноан қарз олувчи ўз мажбуриятларини бажармаган ҳолатда банкнинг ушбу маблағларни сўзсиз назорат қилиш ва уларни тасарруф эта олиш ҳуқуқи бўлиши;
банк активи банкдаги депозитлар билан таъминланган бўлса, депозит активни таъминлаш учун тегишли ҳисобварақда юритилиши ҳамда кредит шартномаси ёки бошқа шартномада қарз олувчи томонидан актив қайтарилмаган ёки мажбуриятлари бажарилмаган ҳолда банк акцептсиз тартибда депозитни тасарруф этиши, шунингдек қарз олувчи ихтиёрий равишда ушбу депозитни у билан таъминланган активни сўндириш учун йўналтириши мумкин эканлиги шарт қилиб қўйилиши лозим.
Бунда, банк активни қайтариш муддати етиб келгунга қадар депозитдан маблағларни олишга йўл қўймаслик мақсадида зарур чораларни кўриши ва назорат ўрнатиши керак.».
14. Қуйидаги мазмундаги 27 1 -банд билан тўлдирилсин:
«27 1 . Кафолат юқори ликвидли таъминот ҳисобланиши учун бир вақтнинг ўзида қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
кафолат муддати ва асосий мажбурият муддатлари мос бўлиши;
қарз олувчи ўз мажбуриятларини бажармаган ҳолларда, шартнома ва (ёки) ўзаро келишувда кафолат шартларини бажариш муддатларига доир ҳеч қандай чекловлар бўлмаслиги;
кафил томонидан тақдим этилган кафолат ҳужжатлаштирилган мажбурият ҳисобланиши;
банкнинг мажбуриятни кафилдан тўғридан-тўғри талаб қилиш ҳуқуқи бўлиши;
қарз олувчининг банк олдидаги мажбурияти бўйича тақдим этилган кафолат миқдори аниқ белгиланган бўлиши;
кафолат чақириб олинмайдиган ва сўзсиз бўлиши, яъни бир томонлама тартибда кафил кафолатни бекор қилиши, кафолат қийматини ошириши, кафолат муддатини қисқартириши, шунингдек кафолат бўйича маблағларни тўлиқ ёки қисман тўламаслигига имкон яратувчи шартларнинг мавжуд эмаслиги;
қарз олувчи кафолат билан таъминланган мажбуриятларини бажармаган ҳолларда, банк кафилдан кафолат бўйича тўловни амалга оширишини талаб қилиш ҳуқуқи бўлиши.».
15. 28-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«28. Активларнинг қуйида келтирилган асосий шартларидан ҳеч бўлмаганда биттаси ўзгартирилган бўлса, улар шартлари қайта кўриб чиқилган активлар деб ҳисобланади:
фоиз ставкасининг пасайтирилиши, шартномада белгиланган ўзгарувчан фоиз ставкаси пасайиши муносабати билан фоиз ставкасининг пасайтирилиши ҳолатлари бундан мустасно;
асосий қарзнинг камайтирилиши ёки ундан қисман воз кечилиши, активнинг фойдаланилмаган қисми камайтирилиши бундан мустасно;
фоизлар ва (ёки) асосий қарзга доир тўловларнинг бир қисми ёки барчасидан воз кечилиши;
активнинг асосий қисми ва (ёки) фоизларининг тўлаш муддати кечиктирилиши ёки узайтирилиши, мижозни молиялаштиришни бошлаш муддати ўзгариши ҳисобига тўлов графигининг ёки тўловлар тўланадиган ой ичида тўлов санасининг ўзгартирилиши бундан мустасно;
таъминот турининг ўзгартирилиши, кредитнинг бир қисми қайтарилганлиги муносабати билан таъминотдан чиқарилган ҳамда актив суммасини гаров суммасига нисбати банкнинг ички ҳужжатларида кўрсатилган чегарадан кўп бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно;
фоизларнинг капитализация қилиниши;
мазкур банднинг иккинчи — еттинчи хатбошиларида кўрсатилган шартлардан бирини ёки бир нечтасини қўллаган ҳолда қарз олувчининг ўзгартирилиши.».
16. Қуйидаги мазмундаги 28 1 -банд билан тўлдирилсин:
«28 1 . Кредит шартномаси шартлари қуйидагича ўзгартирилганда кредит таснифи ўзгартирилмайди ва шартлари қайта кўриб чиқилган активлар деб таснифланмайди:
фоиз ставкаси пасайтирилганда, бунда ўзгартиришдан сўнг миллий валютадаги кредитлар бўйича фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкаси + 2 фоиз банддан кам бўлмаслиги лозим;
кредит валютаси ўзгартирилганда, бунда кредит хорижий валютадан миллий валютага ўзгартирилганда кредитлар бўйича фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкаси + 2 фоиз банддан кам бўлмаслиги лозим;
кредитнинг имтиёзли даври 6 ойгача узайтирилганда, бунда дастлабки график бўйича фоизлар тўлиқ тўланган ва янги графикда фоиз тўловлари назарда тутилган ҳамда кредитнинг имтиёзли даври тугамаган ва биринчи марта узайтирилаётган бўлиши, шунингдек шартноманинг охирги муддатини узайтириш узайтирилаётган имтиёзли муддатдан кўп бўлмаслиги шарт.
Бунда, кредит шартномаси шартлари қайта кўриб чиқилаётган вақтда қарздорнинг барча банклардан олинган кредитлари бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги ва унинг кредити сифати «стандарт» ёки «субстандарт» тоифасида бўлиши ҳамда қайта кўриб чиқилаётган шартнома бўйича тўловларни тўлашда сўнгги 6 ой ичида муддати кечиктирилган кунларнинг жами миқдори 60 кундан ошмаган бўлиши лозим.».
17. 30-банднинг иккинчи хатбошиси чиқариб ташлансин.
18. 36-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«36. Тижорат банки активининг жами қийматига нисбатан активлар:
«стандарт» деб таснифланганда бир фоиз;
«субстандарт» деб таснифланганда ўн фоиз;
«қониқарсиз» деб таснифланганда йигирма беш фоиз;
«шубҳали» деб таснифланганда эллик фоиз;
«умидсиз» деб таснифланганда юз фоиз миқдорда банк харажати ҳисобидан захира шакллантириши лозим.
Бунда, тижорат банки махсус захираларни активларни таснифлаш учун мазкур Низомда назарда тутилган асослар вужудга келган санадан бошлаб шакллантириши ва улар бўйича бухгалтерия ўтказмаларини дастурлашган ҳолда амалга ошириши лозим.».
19. 36 1 -банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«36 1 . Актив қайси валютада вужудга келган бўлса, махсус захира ҳам ушбу актив валютасида ҳар бир актив учун алоҳида шакллантирилиши лозим.
Стандарт активларга яратиладиган захиралар сифати стандарт деб таснифланган жами активлар қолдиғига нисбатан ҳар ойнинг якунига қадар миллий валютада шакллантирилиши лозим.».
20. 42-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларга доир захирани шакллантириш ва ундан фойдаланишга оид бухгалтерия ўтказмалари Тижорат банкларида бухгалтерия ҳисобининг ҳисобварақлар режасига (рўйхат рақами 3336, 2021 йил 26 ноябрь) мувофиқ амалга оширилади.».
Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 19 ноябрь,
27/7-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvining
Qarori
Tijorat banklarida aktivlar sifatini tasniflash va aktivlar boʻyicha ehtimoliy yoʻqotishlarni qoplash uchun zaxiralar shakllantirish hamda ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “ Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida ”gi va “ Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2015-yil 13-iyundagi 14/5-son qarori (roʻyxat raqami 2696, 2015-yil 14-iyul) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2015-y., 28-son, 374-modda) bilan tasdiqlangan Tijorat banklarida aktivlar sifatini tasniflash va aktivlar boʻyicha ehtimoliy yoʻqotishlarni qoplash uchun zaxiralar shakllantirish hamda ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran bir oydan keyin kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2021-yil 19-noyabrdagi 27/7-son qaroriga ILOVA
Tijorat banklarida aktivlar sifatini tasniflash va aktivlar boʻyicha ehtimoliy yoʻqotishlarni qoplash uchun zaxiralar shakllantirish hamda ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Muqaddima quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida”gi, “Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida”gi va “Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida”gi qonunlariga muvofiq tijorat banklarida aktivlar sifatini tasniflash va aktivlar boʻyicha ehtimoliy yoʻqotishlarni qoplash uchun zaxiralar (bundan buyon matnda zaxiralar deb yuritiladi) shakllantirish hamda ulardan foydalanish tartibini belgilaydi.”.
2. 1-bandda :
ikkinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“aktivlar — kredit, mikroqarz, overdraft, lizing, faktoring, qimmatli qogʻozlar, investitsiyalar, boshqa banklardagi mablagʻlar, olinishi lozim boʻlgan hisoblangan va (yoki) undirilmagan foizli va foizsiz daromadlar, bankning boshqa xususiy mulklari, boʻlib-boʻlib toʻlash shaklida sotilgan mulklar, balansdan tashqari moddalar (chaqirib olinmaydigan kredit majburiyatlari, foydalanilmagan kredit liniyalari, akkreditivlar, kafolatlar) hamda kredit tavakkalchiligi mavjud boʻlgan boshqa aktivlar va balansdan tashqari moddalar”;
quyidagi mazmundagi xatboshilar bilan toʻldirilsin:
“kredit tavakkalchiligi — qarzdor tomonidan bank oldidagi majburiyatlarini shartnoma yoki qonunchilik hujjatlarida koʻrsatilgan muddat va shartlarda bajarilmasligi (lozim darajada bajarilmasligi) oqibatida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan yoʻqotish (zarar) va/yoki rejalashtirilgan daromadni olmaslik tavakkalchiligi;
muddati oʻtgan qarzdorlik — qarzdor tomonidan shartnoma yoki qonunchilik hujjatlarida koʻrsatilgan muddat va shartlarda bajarilmagan (lozim darajada bajarilmagan) bank oldidagi majburiyatlar;
aktivning jami qiymati — aktivning bank balansida va balansdan tashqari moddalarda aks ettirilgan asosiy qarzi va unga hisoblangan foizlari, penya, komission va boshqa foizsiz toʻlovlari qoldigʻining ular boʻyicha yaratilgan zaxira ayrilmagan miqdori.”.
3. Quyidagi mazmundagi 1 2 — 1 4 -bandlar bilan toʻldirilsin:
“1 2 . Mazkur Nizom talablariga muvofiq quyidagi aktivlar sifati boʻyicha tasniflanadi:
banklararo depozitlar va kreditlar, vakillik hisobvaraqlaridagi pul mablagʻlari;
banklararo hisob-kitoblarda foydalaniladigan mablagʻlar va banklarga joylashtirilgan boshqa mablagʻlar;
bankning kredit boʻyicha talablari, shu jumladan qarz, kredit, mikroqarz, overdraft (mijozlarning depozit hisobvaraqlaridagi debet qoldigʻi), lizing, faktoring;
yuridik shaxsning ustav fondiga (ustav kapitaliga) va qimmatli qogʻozlariga qilingan investitsiyalar, shuningdek repo kelishuvlari doirasida sotilgan qimmatli qogʻozlar;
olinishi lozim boʻlgan hisoblangan va (yoki) undirilmagan foizli va foizsiz daromadlar, jarima va penyalar;
boʻlib-boʻlib toʻlash sharti bilan sotilgan aktivlar boʻyicha talablar;
aktivlar boʻyicha garov hisobidan undirilgan mol-mulklar;
toʻlab berilgan boʻnaklar va debitorlik qarzdorliklari;
balansdan tashqari moddalardagi majburiyatlarning, shu jumladan bank kafolati va akkreditivning bank tomonidan bajarilishi natijasida vujudga kelgan aktivlar;
kredit tavakkalchiligi mavjud boʻlgan balansdan tashqari moddalar, shu jumladan foydalanilmagan kredit liniyalari, kafolatlar, chaqirib olinmaydigan majburiyatlar, savdoga oid moliyalashtirishlar (akkreditiv va boshqalar);
kredit tavakkalchiligi mavjud boʻlgan boshqa aktivlar va balansdan tashqari moddalar.
Balansdan tashqari moddalarning qiymatini hisoblashda kapital monandligi hisob-kitoblaridagi kreditning qayta hisoblash omili qoʻllanilgandan soʻng chiqqan natijalar olinadi.
1 3 . Mazkur Nizom talablari banklarning Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy bankiga (bundan buyon matnda Markaziy bank deb yuritiladi) va Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga nisbatan toʻgʻridan-toʻgʻri talablariga, shu jumladan sotib olingan davlat qimmatli qogʻozlariga nisbatan qoʻllanilmaydi.
1 4 . Aktivlar boʻyicha qarzdorning muddati oʻtgan qarzdorliklari yoki 2-son kartotekasidagi toʻlov hujjatlari miqdori kichik miqdorga teng yoki undan kam boʻlganda, ushbu aktiv sifatining tasnifi pasaytirilishi talab etilmaydi.
Kichik miqdor deganda jismoniy shaxsga ajratilgan aktiv boʻyicha 100 000 soʻmdan, yuridik shaxs va yakka tartibdagi tadbirkorga ajratilgan aktiv boʻyicha 1 000 000 soʻmdan koʻp boʻlmagan hamda aktivning jami qiymatining bir foizidan oshmagan miqdor tushuniladi.”.
4. 9-bandning beshinchi xatboshisidagi “asosiy qarzi va” degan soʻzlardan keyin “(yoki)” degan soʻz bilan toʻldirilsin.
5. 11 , 13 , 15 , 18 , 21 , 23 , 31 , 44 , 50 , 54 va 55-bandlar oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.
6. 12-bandda :
beshinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“qarzdorning 2-son kartotekasi mavjud boʻlib, undagi toʻlov hujjatlarining muddati 90 kundan oshmagan boʻlsa (2-son kartotekasida ushbu aktivni soʻndirish boʻyicha toʻlov talabnomasi mavjud boʻlgan yoki faoliyati mavsumiy xususiyatga ega qarzdorlar bundan mustasno);”;
yettinchi va sakkizinchi xatboshilar quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“ishonchli (eʼtimodli) aktivlarning asosiy qarzi va (yoki) foizlari boʻyicha 90 kundan oshmagan muddati oʻtgan qarzdorlik mavjud boʻlsa;
taʼminlangan aktivlar boʻyicha asosiy qarz va (yoki) foizlar boʻyicha 31 kun va undan ortiq, lekin 90 kundan oshmagan muddati oʻtgan qarzdorlik mavjud boʻlsa.”.
7. 14-bandda :
beshinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“qarzdorning 2-son kartotekasida 91 kun va undan ortiq, lekin 180 kundan oshmagan muddatga kechiktirilgan toʻlov hujjatlari mavjud boʻlsa (2-son kartotekasida ushbu aktivni soʻndirish boʻyicha toʻlov talabnomasi mavjud boʻlgan yoki faoliyati mavsumiy xususiyatga ega qarzdorlar bundan mustasno);”;
yettinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“bank aktivining taʼminot qiymatiga nisbati bankning ichki hujjatlarida koʻrsatilgan chegaradan koʻp boʻlsa (ishonchli (eʼtimodli) aktivlar bundan mustasno);”;
sakkizinchi xatboshi chiqarib tashlansin;
toʻqqizinchi xatboshi sakkizinchi xatboshi deb hisoblansin;
sakkizinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“asosiy qarz va (yoki) foizlar boʻyicha 91 kun va undan ortiq, lekin 180 kundan oshmagan muddati oʻtgan qarzdorlik mavjud boʻlsa.”.
8. 17-bandda :
toʻrtinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“qarzdorning 2-son kartotekasida 181 kun va undan ortiq, lekin 365 kundan oshmagan muddatga kechiktirilgan toʻlov hujjatlari mavjud boʻlsa (2-son kartotekasida ushbu aktivni soʻndirish boʻyicha toʻlov talabnomasi mavjud boʻlgan yoki faoliyati mavsumiy xususiyatga ega qarzdorlar bundan mustasno);”;
beshinchi xatboshi chiqarib tashlansin;
oltinchi xatboshi beshinchi xatboshi deb hisoblansin;
beshinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“asosiy qarz va (yoki) foizlar boʻyicha 181 kun va undan ortiq, lekin 365 kundan oshmagan muddati oʻtgan qarzdorlik mavjud boʻlsa.”.
9. 20-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“20. Quyida keltirilgan omillardan hech boʻlmaganda bittasi mavjud boʻlsa, aktivlarning sifati “umidsiz” deb tasniflanadi:
qarzdor va lizing oluvchidan undirilgan, garovga qoʻyilgan mol-mulkka boʻlgan huquqlardan foydalanish yoʻli bilan tijorat banki tomonidan balansga qabul qilingan kundan boshlab uch oy muddatda sotilmagan va bank faoliyatini kengaytirish uchun sotib olingan binodan ikki yil mobaynida foydalanilmagan hamda bank faoliyati uchun ortiq foydalanilmay qoʻyilgan paytdan boshlab bir yil mobaynida sotilmagan boʻlsa;
qarzdorning 2-son kartotekasida muddati 366 kun va undan ortiq kunga kechiktirilgan toʻlov hujjatlari mavjud boʻlsa;
asosiy qarz va (yoki) foizlar boʻyicha 366 kun va undan ortiq kunga muddati oʻtgan qarzdorlik mavjud boʻlsa.”.
10. 22-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“22. Bitta qarzdorga berilgan bir nechta aktivlar mavjud boʻlsa, bank oʻzi taqdim etgan aktivni qarzdorga berilgan barcha aktivlar ichida eng past toifada tasniflangan aktiv sifatidek tasniflashi lozim.”.
11. 26-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“26. Aktivlarning yuqori likvidli taʼminotiga:
davlat qimmatli qogʻozlari garovi;
bank kapitali monandligi hisob-kitoblarida tavakkalchilik darajasi 0 foiz boʻlgan xorijiy davlatlarning hukumatlari va Markaziy banklarining kafolati yoki ular tomonidan emissiya qilingan qimmatli qogʻozlar garovi;
Jahon banki guruhi (Xalqaro tiklanish va taraqqiyot banki, Xalqaro moliya korporatsiyasi, Xalqaro investitsiyalarni kafolatlash agentligi, Xalqaro taraqqiyot assotsiatsiyasi) hamda Osiyo taraqqiyot banki, Osiyo infrastruktura investitsiya banki, Yevropa tiklanish va taraqqiyot banki, Yevropa investitsiya banki, Yevropa investitsiya jamgʻarmasi, Islom taraqqiyot banki va Yevropa Kengashining taraqqiyot banklari kafolati;
kreditor bankdagi depozitlar yoki depozit sertifikatlari garovi kiradi.”.
12. Quyidagi mazmundagi 26 1 -band bilan toʻldirilsin:
“26 1 . Aktivlar yuqori likvidli taʼminot bilan taʼminlanganda ular boʻyicha ehtimoliy yoʻqotishlarni qoplashga moʻljallangan zaxira miqdori quyidagi formulaga muvofiq aniqlanadi:
Z = (AJM — TQ * (1-Ch)) * m
bunda:
Z — shakllantirilishi lozim boʻlgan zaxira miqdori;
AJM — aktivning jami qiymati summasi;
TQ — yuqori likvidli taʼminot qiymati;
Ch — valyutadagi tafovutni hisobga olish omili. Mazkur omil aktiv ifodalangan valyuta u boʻyicha qabul qilingan taʼminot valyutasidan farq qilmasa 0 ga, farq qilsa 0,1 ga teng boʻladi;
m — aktiv tasnifi boʻyicha shakllantirilishi lozim boʻlgan zaxira yaratish meʼyori.
Bunda, aktivlar boʻyicha ehtimoliy yoʻqotishlarni qoplashga moʻljallangan zaxira miqdori 0 yoki undan kichik (manfiy) boʻlsa, aktiv boʻyicha ehtimoliy yoʻqotishlarni qoplashga moʻljallangan zaxira shakllantirilmaydi.”.
13. 27-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“27. Bank tomonidan qabul qilinuvchi mazkur Nizomning 26-bandida nazarda tutilgan garov turlari quyidagi talablarga javob berishi lozim:
qimmatli qogʻozlar, bankdagi depozitlar, depozit sertifikatlar garov sifatida qabul qilingan boʻlsa, ularning muddati tegishli aktivni soʻndirish muddatidan kam boʻlmasligi;
kreditor bankdagi depozit garov predmeti boʻlsa, garov shartnomasi shartlariga binoan qarz oluvchi oʻz majburiyatlarini bajarmagan holatda bankning ushbu mablagʻlarni soʻzsiz nazorat qilish va ularni tasarruf eta olish huquqi boʻlishi;
bank aktivi bankdagi depozitlar bilan taʼminlangan boʻlsa, depozit aktivni taʼminlash uchun tegishli hisobvaraqda yuritilishi hamda kredit shartnomasi yoki boshqa shartnomada qarz oluvchi tomonidan aktiv qaytarilmagan yoki majburiyatlari bajarilmagan holda bank akseptsiz tartibda depozitni tasarruf etishi, shuningdek qarz oluvchi ixtiyoriy ravishda ushbu depozitni u bilan taʼminlangan aktivni soʻndirish uchun yoʻnaltirishi mumkin ekanligi shart qilib qoʻyilishi lozim.
Bunda, bank aktivni qaytarish muddati yetib kelgunga qadar depozitdan mablagʻlarni olishga yoʻl qoʻymaslik maqsadida zarur choralarni koʻrishi va nazorat oʻrnatishi kerak.”.
14. Quyidagi mazmundagi 27 1 -band bilan toʻldirilsin:
“27 1 . Kafolat yuqori likvidli taʼminot hisoblanishi uchun bir vaqtning oʻzida quyidagi talablarga javob berishi lozim:
kafolat muddati va asosiy majburiyat muddatlari mos boʻlishi;
qarz oluvchi oʻz majburiyatlarini bajarmagan hollarda, shartnoma va (yoki) oʻzaro kelishuvda kafolat shartlarini bajarish muddatlariga doir hech qanday cheklovlar boʻlmasligi;
kafil tomonidan taqdim etilgan kafolat hujjatlashtirilgan majburiyat hisoblanishi;
bankning majburiyatni kafildan toʻgʻridan-toʻgʻri talab qilish huquqi boʻlishi;
qarz oluvchining bank oldidagi majburiyati boʻyicha taqdim etilgan kafolat miqdori aniq belgilangan boʻlishi;
kafolat chaqirib olinmaydigan va soʻzsiz boʻlishi, yaʼni bir tomonlama tartibda kafil kafolatni bekor qilishi, kafolat qiymatini oshirishi, kafolat muddatini qisqartirishi, shuningdek kafolat boʻyicha mablagʻlarni toʻliq yoki qisman toʻlamasligiga imkon yaratuvchi shartlarning mavjud emasligi;
qarz oluvchi kafolat bilan taʼminlangan majburiyatlarini bajarmagan hollarda, bank kafildan kafolat boʻyicha toʻlovni amalga oshirishini talab qilish huquqi boʻlishi.”.
15. 28-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“28. Aktivlarning quyida keltirilgan asosiy shartlaridan hech boʻlmaganda bittasi oʻzgartirilgan boʻlsa, ular shartlari qayta koʻrib chiqilgan aktivlar deb hisoblanadi:
foiz stavkasining pasaytirilishi, shartnomada belgilangan oʻzgaruvchan foiz stavkasi pasayishi munosabati bilan foiz stavkasining pasaytirilishi holatlari bundan mustasno;
asosiy qarzning kamaytirilishi yoki undan qisman voz kechilishi, aktivning foydalanilmagan qismi kamaytirilishi bundan mustasno;
foizlar va (yoki) asosiy qarzga doir toʻlovlarning bir qismi yoki barchasidan voz kechilishi;
aktivning asosiy qismi va (yoki) foizlarining toʻlash muddati kechiktirilishi yoki uzaytirilishi, mijozni moliyalashtirishni boshlash muddati oʻzgarishi hisobiga toʻlov grafigining yoki toʻlovlar toʻlanadigan oy ichida toʻlov sanasining oʻzgartirilishi bundan mustasno;
taʼminot turining oʻzgartirilishi, kreditning bir qismi qaytarilganligi munosabati bilan taʼminotdan chiqarilgan hamda aktiv summasini garov summasiga nisbati bankning ichki hujjatlarida koʻrsatilgan chegaradan koʻp boʻlmagan holatlar bundan mustasno;
foizlarning kapitalizatsiya qilinishi;
mazkur bandning ikkinchi — yettinchi xatboshilarida koʻrsatilgan shartlardan birini yoki bir nechtasini qoʻllagan holda qarz oluvchining oʻzgartirilishi.”.
16. Quyidagi mazmundagi 28 1 -band bilan toʻldirilsin:
“28 1 . Kredit shartnomasi shartlari quyidagicha oʻzgartirilganda kredit tasnifi oʻzgartirilmaydi va shartlari qayta koʻrib chiqilgan aktivlar deb tasniflanmaydi:
foiz stavkasi pasaytirilganda, bunda oʻzgartirishdan soʻng milliy valyutadagi kreditlar boʻyicha foiz stavkasi Markaziy bank asosiy stavkasi + 2 foiz banddan kam boʻlmasligi lozim;
kredit valyutasi oʻzgartirilganda, bunda kredit xorijiy valyutadan milliy valyutaga oʻzgartirilganda kreditlar boʻyicha foiz stavkasi Markaziy bank asosiy stavkasi + 2 foiz banddan kam boʻlmasligi lozim;
kreditning imtiyozli davri 6 oygacha uzaytirilganda, bunda dastlabki grafik boʻyicha foizlar toʻliq toʻlangan va yangi grafikda foiz toʻlovlari nazarda tutilgan hamda kreditning imtiyozli davri tugamagan va birinchi marta uzaytirilayotgan boʻlishi, shuningdek shartnomaning oxirgi muddatini uzaytirish uzaytirilayotgan imtiyozli muddatdan koʻp boʻlmasligi shart.
Bunda, kredit shartnomasi shartlari qayta koʻrib chiqilayotgan vaqtda qarzdorning barcha banklardan olingan kreditlari boʻyicha muddati oʻtgan qarzdorligi mavjud boʻlmasligi va uning krediti sifati “standart” yoki “substandart” toifasida boʻlishi hamda qayta koʻrib chiqilayotgan shartnoma boʻyicha toʻlovlarni toʻlashda soʻnggi 6 oy ichida muddati kechiktirilgan kunlarning jami miqdori 60 kundan oshmagan boʻlishi lozim.”.
17. 30-bandning ikkinchi xatboshisi chiqarib tashlansin.
18. 36-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“36. Tijorat banki aktivining jami qiymatiga nisbatan aktivlar:
“standart” deb tasniflanganda bir foiz;
“substandart” deb tasniflanganda oʻn foiz;
“qoniqarsiz” deb tasniflanganda yigirma besh foiz;
“shubhali” deb tasniflanganda ellik foiz;
“umidsiz” deb tasniflanganda yuz foiz miqdorda bank xarajati hisobidan zaxira shakllantirishi lozim.
Bunda, tijorat banki maxsus zaxiralarni aktivlarni tasniflash uchun mazkur Nizomda nazarda tutilgan asoslar vujudga kelgan sanadan boshlab shakllantirishi va ular boʻyicha buxgalteriya oʻtkazmalarini dasturlashgan holda amalga oshirishi lozim.”.
19. 36 1 -band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“36 1 . Aktiv qaysi valyutada vujudga kelgan boʻlsa, maxsus zaxira ham ushbu aktiv valyutasida har bir aktiv uchun alohida shakllantirilishi lozim.
Standart aktivlarga yaratiladigan zaxiralar sifati standart deb tasniflangan jami aktivlar qoldigʻiga nisbatan har oyning yakuniga qadar milliy valyutada shakllantirilishi lozim.”.
20. 42-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Aktivlar boʻyicha ehtimoliy yoʻqotishlarga doir zaxirani shakllantirish va undan foydalanishga oid buxgalteriya oʻtkazmalari Tijorat banklarida buxgalteriya hisobining hisobvaraqlar rejasiga (roʻyxat raqami 3336, 2021-yil 26-noyabr) muvofiq amalga oshiriladi.”.
Markaziy bank raisi M. NURMURATOV
Toshkent sh.,
2021-yil 19-noyabr,
27/7-son