UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 15-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 15 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 15 декабря 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 15 December 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Кимё саноати учун инновацион кимёвий илмий-ишлаб чиқариш ва таълим кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Республика кимё саноатида илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги инновацион ҳамкорликни илғор хорижий тажриба асосида самарали ташкил этиш, кимё саноати маҳсулотлари ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ҳамда илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга тўғридан-тўғри татбиқ қилиш орқали соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шу билан бирга ,кимё саноатини юқори малакали кадрлар, жумладан, илмий кадрлар билан таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кимё саноати корхоналарини янада ислоҳ қилиш ва молиявий соғломлаштириш, юқори қўшилган қийматли кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 13 февралдаги ПҚ-4992-сон қарорига асосан «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда Кимё саноати учун инновацион кимёвий илмий-ишлаб чиқариш ва таълим кластерини (кейинги ўринларда — илмий кластер) ташкил этиш концепцияси ишлаб чиқилиб, илмий кластерни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда — ишчи гуруҳ) шакллантирилганлиги;

илмий кластер «Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети» Федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг, «ММФИ» миллий тадқиқот ядро университети» Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг (Россия Федерацияси) ва Венгриянинг Дебрецен университетининг Тошкент шаҳридаги филиаллари, Тошкент кимё-технология институти, «Ўзбекистон — Корея кимё технологиялари инновация маркази» илмий-тадқиқот ва лойиҳалаш институти иштирокида ташкил этилиши;

илмий кластер фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш унинг иштирокчилари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар илмий кластер фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

кимё соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш, инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш, илмий-тадқиқот натижаларини республика кимё саноати корхоналарига татбиқ этиш, ушбу тармоқни технологик трансформациялаш ва ривожлантириш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш;

илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳисобига кимё соҳасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини диверсификация қилиш ҳамда янги турдаги импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган рақобатбардош кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича илмий тажрибалар ўтказиш;

кимё соҳасида илмий йўналишлар ва тегишли ихтисосликлар бўйича илмий даражали кадрларни тайёрлаш ҳамда иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

мақсадли фан-техника ва инновацион дастурларни амалга ошириш орқали кимё фани ва технологияларини мувофиқлаштиришда фаол иштирок этиш;

кимё соҳасида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш мақсадида тегишли илмий ташкилотлар, олий таълим муассасалари ҳамда тармоқ корхоналари билан алоқаларни мустаҳкамлаш;

хорижда илмий кадрларнинг касбий малакасини ошириш, шунингдек, илмий кластер фаолиятига чет эллик олимлар ва мутахассисларни, шу жумладан, хориждаги соҳага оид ватандошларни жалб қилиш;

илмий кластер илмий ва ўқув фаолиятига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш.

3. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Фанлар академияси Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Улуғбек шаҳарчаси, Хуросон кўчаси, 1-уй манзилидаги Фанлар академияси Ядро физикаси институтига қарашли бўш турган 60 гектар ер участкаси кейинчалик илмий кластер объектларини жойлаштириш учун «Ўзкимёсаноат» АЖга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бепул ажратилишини таъминласин.

4. «Ўзкимёсаноат» АЖ ва унинг таркибидаги ташкилотлар муассислигида масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Кимё саноати учун инновацион илмий-ишлаб чиқариш ва таълим кластери дирекцияси» (кейинги ўринларда — Дирекция) ташкил этиш тўғрисида «Ўзкимёсаноат» АЖнинг таклифи маъқуллансин.

Белгилаб қўйилсинки, Дирекция:

илмий кластер объектларини қуриш бўйича буюртмачи вазифасини амалга оширади;

илмий кластер объектлари қурилиши якунлангандан сўнг уларни балансда сақловчи сифатида бошқариш, сақлаш, ундан фойдаланиш ва таъмирлаш, ижарага бериш ва сотиш бўйича белгиланган тартибда хизматлар кўрсатади.

5. Белгилансинки:

а) «Ўзкимёсаноат» АЖ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Дирекция билан биргаликда:

илмий кластернинг моддий-техник базасини (академик ўқув бинолар, лаборатория иншоотлари, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун турар жойлар, зарур материаллар, асбоб-ускуналар ва инвентарлар) барпо этиш бўйича лойиҳавий ечимлар ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишни;

илмий кластер объектларини жойлаштириш учун ажратилган ер участкасида ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатлари асосида илмий кластернинг моддий-техник базасини барпо этиш ва фойдаланишга топширишни таъминлайди;

б) илмий кластернинг моддий-техник базаси негизида ушбу қарорнинг 1-банди учинчи хатбошисида санаб ўтилган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ижара ҳуқуқи асосида бепул жойлаштирилади;

в) илмий кластер биноларининг биринчи ва иккинчи қаватларида, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик тамойили асосида қуйидагилар:

маъмурий-ўқув биноларида — кимё, газ-кимё ва бошқа саноат корхоналарининг ваколатхоналари, инновацион маҳсулотларни тижоратлаштириш билан шуғулланувчи ташкилотлар, стартаплар, коворкинг марказлари, босмахона ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи субъектларни;

ётоқхона, бошқа ёрдамчи бинолар ва уларнинг атрофида — илмий кластер ишчи-ходимлари ва талабалар учун зарур маиший, маданий, спорт, озиқ-овқат таъминоти (алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш ҳамда талабаларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган кўнгилочар масканлар фаолиятини ташкил этиш бундан мустасно) каби хизматларни кўрсатадиган объектларни жойлаштиришга рухсат этилади.

6. «Ўзкимёсаноат» АЖ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси ва Дирекция билан биргаликда:

2021 йил якунига қадар илмий кластер ҳудудида қуриладиган объектлар, шу жумладан, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари рўйхатини, шунингдек, 2022 йил 25 декабрга қадар таълим йўналишлари ва ўқув дастурларини кимё саноатини узоқ муддатли ривожлантиришнинг илғор халқаро тенденциялари билан узвий боғлиқликда ишлаб чиқиб, ишчи гуруҳга тасдиқлаш учун киритсин;

2022 йил 1 ноябрга қадар инжиниринг компаниясини жалб қилган ҳолда илмий кластернинг моддий-техник базасини, илмий кластер ҳудудида қуриладиган объектлар, шу жумладан, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларини барпо этиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилишини таъминласин.

7. «Ўзкимёсаноат» АЖ Дирекция билан биргаликда илмий кластернинг моддий-техник базасини, илмий кластер ҳудудида қуриладиган объектлар, шу жумладан, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларини барпо этиш доирасида:

икки ой муддатда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича бош лойиҳа ташкилотини;

уч ой муддатда танланган техник ечимлар ва лойиҳа ҳужжатларининг ишлаб чиқилишини кўриб чиқиш, объектларда қурилиш жараёнларини назорат қилиш бўйича архитектура ва қурилиш соҳасидаги илғор тажрибага эга инжиниринг компаниясини;

2022 йил якунига қадар қурилиш-монтаж ва ишга тушириш ишларини бажариш бўйича пудратчи ташкилотларни белгиланган қонунчиликка мувофиқ танлов асосида жалб қилсин.

8. Илмий кластер объектларини қуришни молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Тошкент кимё-технология институти ва Дебрецен университетининг Тошкент шаҳридаги филиали объекти бўйича — хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари, Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган ссуда ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиали объекти бўйича — «Ўзкимёсаноат» АЖ, унинг таркибига кирувчи ташкилотлар маблағлари, Кимё саноати ташкилотларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

Ўзбекистон — Корея кимё-технология инновация маркази илмий-тадқиқот ва лойиҳа институти объектлари бўйича — хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари, «Ўзкимёсаноат» АЖ, унинг таркибига кирувчи ташкилотлар маблағлари ва Кимё саноати ташкилотларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

9. Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент кимё-технология институти билан биргаликда «Ўзкимёсаноат» АЖга Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ссуда тўлиқ ажратилгандан сўнг олти ой муддатда Тошкент кимё-технология институтига тегишли Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Мирзо Улуғбек кўчаси, 41 ва 41-А уйлар, Шайхонтоҳур тумани, Самарқанд дарбоза кўчаси, 60-уй, Навоий кўчаси, 32 ва 36-уйлар, Сергели тумани, Сергели-2 мавзеси, 64-А уй манзилда жойлашган бино ва иншоотларнинг (кейинги ўринларда — бино ва иншоотлар) баҳолаш ташкилотини жалб қилган ҳолда қиймати аниқланишини ҳамда мазкур бино ва иншоотлар Молия вазирлигига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилишини таъминласин.

Белгилансинки:

Тошкент кимё-технология институтини илмий кластер доирасида қурилган янги объектларга кўчириш ишлари якунлангандан сўнг уларнинг Тошкент шаҳридаги бино ва иншоотлари белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион савдолар орқали сотилади;

бино ва иншоотларни баҳолаш ва электрон онлайн-аукцион савдолар орқали сотишни ташкил этиш Давлат активларини бошқариш агентлигига юклатилади;

ушбу бино ва иншоотларни электрон онлайн-аукцион савдолар орқали сотишдан тушадиган маблағлар, сотиш харажатларини чегирган ҳолда, илмий кластер объектларини қуриш учун «Ўзкимёсаноат» АЖга Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган ссудани ёки жалб қилинадиган кредитларни қоплашга мақсадли йўналтирилади;

мазкур маблағлар етмаган қисми бўйича илмий кластер биноларининг тижорат майдонларини сотиш ва ижарага беришдан тушадиган маблағлар ҳамда «Ўзкимёсаноат» АЖ маблағлари Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган ссудани ёки жалб қилинадиган кредитларни қоплаш учун қўшимча манба ҳисобланади.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 июнга қадар илмий кластер доирасида қурилган янги объектларга кўчириш ишлари якунлангандан сўнг «Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети» Федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиали жойлашган Тошкент шаҳар, Мирзо-Улуғбек тумани, ТТЗ-1 мавзеси, 47-уй манзилидаги бино ва иншоотлар негизида кимё саноати учун ихтисослаштирилган замонавий ўрта махсус таълим муассасасини ташкил этиш бўйича таклифни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. «Ўзкимёсаноат» АЖ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Дирекция билан биргаликда 2022 йил якунига қадар илмий кластер ҳудудида қуриладиган объектлар, шу жумладан, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларини барпо этиш ишларини бошлаш учун мазкур қарорнинг 8-бандида назарда тутилган молиялаштириш манбалари бўйича ажратиладиган маблағлар миқдорлари ва молиялаштириш механизмларини белгилаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда таклифлар киритсин.

11. Тошкент вилояти ҳокимлиги «Ўзкимёсаноат» АЖ билан биргаликда Ўзбекистон — Корея кимё-технология инновация маркази илмий-тадқиқот ва лойиҳа институти объектларини илмий кластер ҳудудида қуриш ишлари бошлангандан сўнг «Ўзкимёсаноат» АЖнинг мурожаати асосида Вазирлар Маҳкамасининг «Илмий-тадқиқот ва лойиҳалаш институти-Кимё технологиялари марказини ташкил этиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 28 январдаги 39-сон қарорига мувофиқ «Ўзкимёсаноат» АЖ ва Корея Республикасининг Эксимбанки ўртасида «Илмий-тадқиқот ва лойиҳалаш институти — Кимё технологиялари марказини ташкил этиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида «Тошкент кимё-технология илмий-тадқиқот институти» МЧЖга Тошкент вилояти, Тошкент тумани, Чоштепа қишлоғи манзили бўйича ажратилган 25,36 га ер майдонини давлат захирасига қайтарсин.

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Геология, энергетика, саноат ва унинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари департаментига, «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси Ж.Т. Мирзамахмудов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 15 декабрь,

753-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/753/1168-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Kimyo sanoati uchun innovatsion kimyoviy ilmiy-ishlab chiqarish va taʼlim klasterini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Respublika kimyo sanoatida ilm-fan va ishlab chiqarish oʻrtasidagi innovatsion hamkorlikni ilgʻor xorijiy tajriba asosida samarali tashkil etish, kimyo sanoati mahsulotlari ishlab chiqarishni diversifikatsiya qilish hamda ilm-fan yutuqlarini ishlab chiqarishga toʻgʻridan-toʻgʻri tatbiq qilish orqali sohaning eksport salohiyatini oshirish, shu bilan birga ,kimyo sanoatini yuqori malakali kadrlar, jumladan, ilmiy kadrlar bilan taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Kimyo sanoati korxonalarini yanada isloh qilish va moliyaviy sogʻlomlashtirish, yuqori qoʻshilgan qiymatli kimyoviy mahsulotlar ishlab chiqarishni rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 13-fevraldagi PQ-4992-son qaroriga asosan “Oʻzkimyosanoat” AJ tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Innovatsion rivojlanish vazirligi va Energetika vazirligi huzuridagi Atom energetikasini rivojlantirish agentligi bilan birgalikda Kimyo sanoati uchun innovatsion kimyoviy ilmiy-ishlab chiqarish va taʼlim klasterini (keyingi oʻrinlarda — ilmiy klaster) tashkil etish konsepsiyasi ishlab chiqilib, ilmiy klasterni tashkil etish boʻyicha ishchi guruh (keyingi oʻrinlarda — ishchi guruh) shakllantirilganligi;

ilmiy klaster “D.I. Mendeleyev nomidagi Rossiya kimyo-texnologiya universiteti” Federal davlat budjeti oliy taʼlim muassasasining, “MMFI” milliy tadqiqot yadro universiteti” Federal davlat avtonom oliy taʼlim muassasasining (Rossiya Federatsiyasi) va Vengriyaning Debretsen universitetining Toshkent shahridagi filiallari, Toshkent kimyo-texnologiya instituti, “Oʻzbekiston — Koreya kimyo texnologiyalari innovatsiya markazi” ilmiy-tadqiqot va loyihalash instituti ishtirokida tashkil etilishi;

ilmiy klaster faoliyatini tashkil etish va boshqarish uning ishtirokchilari tomonidan belgilangan tartibda amalga oshirilishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilar ilmiy klaster faoliyatining ustuvor yoʻnalishlari etib belgilansin:

kimyo sohasida ilmiy tadqiqotlar oʻtkazish, innovatsion ishlanmalarni tijoratlashtirish, ilmiy-tadqiqot natijalarini respublika kimyo sanoati korxonalariga tatbiq etish, ushbu tarmoqni texnologik transformatsiyalash va rivojlantirish boʻyicha ilmiy asoslangan takliflar ishlab chiqish;

ilmiy tadqiqotlarni qoʻllab-quvvatlash hisobiga kimyo sohasida ishlab chiqarilayotgan mahsulot turlarini diversifikatsiya qilish hamda yangi turdagi import oʻrnini bosuvchi va eksportga yoʻnaltirilgan raqobatbardosh kimyoviy mahsulotlarni ishlab chiqarish boʻyicha ilmiy tajribalar oʻtkazish;

kimyo sohasida ilmiy yoʻnalishlar va tegishli ixtisosliklar boʻyicha ilmiy darajali kadrlarni tayyorlash hamda iqtidorli yoshlarni har tomonlama qoʻllab-quvvatlash;

maqsadli fan-texnika va innovatsion dasturlarni amalga oshirish orqali kimyo fani va texnologiyalarini muvofiqlashtirishda faol ishtirok etish;

kimyo sohasida ilm-fan va ishlab chiqarish integratsiyasini taʼminlash maqsadida tegishli ilmiy tashkilotlar, oliy taʼlim muassasalari hamda tarmoq korxonalari bilan aloqalarni mustahkamlash;

xorijda ilmiy kadrlarning kasbiy malakasini oshirish, shuningdek, ilmiy klaster faoliyatiga chet ellik olimlar va mutaxassislarni, shu jumladan, xorijdagi sohaga oid vatandoshlarni jalb qilish;

ilmiy klaster ilmiy va oʻquv faoliyatiga zamonaviy axborot texnologiyalarini keng joriy etish.

3. Toshkent shahar hokimligi, Davlat soliq qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligi, Fanlar akademiyasi Toshkent shahri, Mirzo Ulugʻbek tumani, Ulugʻbek shaharchasi, Xuroson koʻchasi, 1-uy manzilidagi Fanlar akademiyasi Yadro fizikasi institutiga qarashli boʻsh turgan 60 gektar yer uchastkasi keyinchalik ilmiy klaster obyektlarini joylashtirish uchun “Oʻzkimyosanoat” AJga doimiy foydalanish huquqi asosida bepul ajratilishini taʼminlasin.

4. “Oʻzkimyosanoat” AJ va uning tarkibidagi tashkilotlar muassisligida masʼuliyati cheklangan jamiyat shaklidagi “Kimyo sanoati uchun innovatsion ilmiy-ishlab chiqarish va taʼlim klasteri direksiyasi” (keyingi oʻrinlarda — Direksiya) tashkil etish toʻgʻrisida “Oʻzkimyosanoat” AJning taklifi maʼqullansin.

Belgilab qoʻyilsinki, Direksiya:

ilmiy klaster obyektlarini qurish boʻyicha buyurtmachi vazifasini amalga oshiradi;

ilmiy klaster obyektlari qurilishi yakunlangandan soʻng ularni balansda saqlovchi sifatida boshqarish, saqlash, undan foydalanish va taʼmirlash, ijaraga berish va sotish boʻyicha belgilangan tartibda xizmatlar koʻrsatadi.

5. Belgilansinki:

a) “Oʻzkimyosanoat” AJ Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Direksiya bilan birgalikda:

ilmiy klasterning moddiy-texnik bazasini (akademik oʻquv binolar, laboratoriya inshootlari, talabalar va professor-oʻqituvchilar uchun turar joylar, zarur materiallar, asbob-uskunalar va inventarlar) barpo etish boʻyicha loyihaviy yechimlar va loyiha hujjatlarini ishlab chiqishni;

ilmiy klaster obyektlarini joylashtirish uchun ajratilgan yer uchastkasida ishlab chiqilgan loyiha hujjatlari asosida ilmiy klasterning moddiy-texnik bazasini barpo etish va foydalanishga topshirishni taʼminlaydi;

b) ilmiy klasterning moddiy-texnik bazasi negizida ushbu qarorning 1-bandi uchinchi xatboshisida sanab oʻtilgan oliy taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasalari ijara huquqi asosida bepul joylashtiriladi;

v) ilmiy klaster binolarining birinchi va ikkinchi qavatlarida, shu jumladan, davlat-xususiy sheriklik tamoyili asosida quyidagilar:

maʼmuriy-oʻquv binolarida — kimyo, gaz-kimyo va boshqa sanoat korxonalarining vakolatxonalari, innovatsion mahsulotlarni tijoratlashtirish bilan shugʻullanuvchi tashkilotlar, startaplar, kovorking markazlari, bosmaxona va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanuvchi subyektlarni;

yotoqxona, boshqa yordamchi binolar va ularning atrofida — ilmiy klaster ishchi-xodimlari va talabalar uchun zarur maishiy, madaniy, sport, oziq-ovqat taʼminoti (alkogol va tamaki mahsulotlarini sotish hamda talabalarning maʼnaviy-axloqiy tarbiyasiga salbiy taʼsir koʻrsatadigan koʻngilochar maskanlar faoliyatini tashkil etish bundan mustasno) kabi xizmatlarni koʻrsatadigan obyektlarni joylashtirishga ruxsat etiladi.

6. “Oʻzkimyosanoat” AJ Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Fanlar akademiyasi va Direksiya bilan birgalikda:

2021-yil yakuniga qadar ilmiy klaster hududida quriladigan obyektlar, shu jumladan, muhandislik-kommunikatsiya va ishlab chiqarish infratuzilmasi obyektlari roʻyxatini, shuningdek, 2022-yil 25-dekabrga qadar taʼlim yoʻnalishlari va oʻquv dasturlarini kimyo sanoatini uzoq muddatli rivojlantirishning ilgʻor xalqaro tendensiyalari bilan uzviy bogʻliqlikda ishlab chiqib, ishchi guruhga tasdiqlash uchun kiritsin;

2022-yil 1-noyabrga qadar injiniring kompaniyasini jalb qilgan holda ilmiy klasterning moddiy-texnik bazasini, ilmiy klaster hududida quriladigan obyektlar, shu jumladan, muhandislik-kommunikatsiya va ishlab chiqarish infratuzilmasi obyektlarini barpo etish boʻyicha loyiha hujjatlari ishlab chiqilishini va belgilangan tartibda ekspertizadan oʻtkazilishini taʼminlasin.

7. “Oʻzkimyosanoat” AJ Direksiya bilan birgalikda ilmiy klasterning moddiy-texnik bazasini, ilmiy klaster hududida quriladigan obyektlar, shu jumladan, muhandislik-kommunikatsiya va ishlab chiqarish infratuzilmasi obyektlarini barpo etish doirasida:

ikki oy muddatda loyiha hujjatlarini ishlab chiqish boʻyicha bosh loyiha tashkilotini;

uch oy muddatda tanlangan texnik yechimlar va loyiha hujjatlarining ishlab chiqilishini koʻrib chiqish, obyektlarda qurilish jarayonlarini nazorat qilish boʻyicha arxitektura va qurilish sohasidagi ilgʻor tajribaga ega injiniring kompaniyasini;

2022-yil yakuniga qadar qurilish-montaj va ishga tushirish ishlarini bajarish boʻyicha pudratchi tashkilotlarni belgilangan qonunchilikka muvofiq tanlov asosida jalb qilsin.

8. Ilmiy klaster obyektlarini qurishni moliyalashtirish manbalari etib quyidagilar belgilansin:

Toshkent kimyo-texnologiya instituti va Debretsen universitetining Toshkent shahridagi filiali obyekti boʻyicha — xorijiy hukumat moliya tashkilotlari mablagʻlari, Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetidan ajratiladigan ssuda va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar;

D.I. Mendeleyev nomidagi Rossiya kimyo-texnologiya universitetining Toshkent shahridagi filiali obyekti boʻyicha — “Oʻzkimyosanoat” AJ, uning tarkibiga kiruvchi tashkilotlar mablagʻlari, Kimyo sanoati tashkilotlarini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar;

Oʻzbekiston — Koreya kimyo-texnologiya innovatsiya markazi ilmiy-tadqiqot va loyiha instituti obyektlari boʻyicha — xorijiy hukumat moliya tashkilotlari mablagʻlari, “Oʻzkimyosanoat” AJ, uning tarkibiga kiruvchi tashkilotlar mablagʻlari va Kimyo sanoati tashkilotlarini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

9. Davlat aktivlarini boshqarish agentligi Toshkent kimyo-texnologiya instituti bilan birgalikda “Oʻzkimyosanoat” AJga Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetidan ssuda toʻliq ajratilgandan soʻng olti oy muddatda Toshkent kimyo-texnologiya institutiga tegishli Toshkent shahar, Mirzo Ulugʻbek tumani, Mirzo Ulugʻbek koʻchasi, 41 va 41-A uylar, Shayxontohur tumani, Samarqand darboza koʻchasi, 60-uy, Navoiy koʻchasi, 32 va 36-uylar, Sergeli tumani, Sergeli-2 mavzesi, 64-A uy manzilda joylashgan bino va inshootlarning (keyingi oʻrinlarda — bino va inshootlar) baholash tashkilotini jalb qilgan holda qiymati aniqlanishini hamda mazkur bino va inshootlar Moliya vazirligiga operativ boshqaruv huquqi asosida bepul berilishini taʼminlasin.

Belgilansinki:

Toshkent kimyo-texnologiya institutini ilmiy klaster doirasida qurilgan yangi obyektlarga koʻchirish ishlari yakunlangandan soʻng ularning Toshkent shahridagi bino va inshootlari belgilangan tartibda elektron onlayn-auksion savdolar orqali sotiladi;

bino va inshootlarni baholash va elektron onlayn-auksion savdolar orqali sotishni tashkil etish Davlat aktivlarini boshqarish agentligiga yuklatiladi;

ushbu bino va inshootlarni elektron onlayn-auksion savdolar orqali sotishdan tushadigan mablagʻlar, sotish xarajatlarini chegirgan holda, ilmiy klaster obyektlarini qurish uchun “Oʻzkimyosanoat” AJga Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetidan ajratiladigan ssudani yoki jalb qilinadigan kreditlarni qoplashga maqsadli yoʻnaltiriladi;

mazkur mablagʻlar yetmagan qismi boʻyicha ilmiy klaster binolarining tijorat maydonlarini sotish va ijaraga berishdan tushadigan mablagʻlar hamda “Oʻzkimyosanoat” AJ mablagʻlari Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetidan ajratiladigan ssudani yoki jalb qilinadigan kreditlarni qoplash uchun qoʻshimcha manba hisoblanadi.

“Oʻzkimyosanoat” AJ Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan birgalikda 2022-yil 1-iyunga qadar ilmiy klaster doirasida qurilgan yangi obyektlarga koʻchirish ishlari yakunlangandan soʻng “D.I. Mendeleyev nomidagi Rossiya kimyo-texnologiya universiteti” Federal davlat budjeti oliy taʼlim muassasasining Toshkent shahridagi filiali joylashgan Toshkent shahar, Mirzo-Ulugʻbek tumani, TTZ-1 mavzesi, 47-uy manzilidagi bino va inshootlar negizida kimyo sanoati uchun ixtisoslashtirilgan zamonaviy oʻrta maxsus taʼlim muassasasini tashkil etish boʻyicha taklifni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

10. “Oʻzkimyosanoat” AJ Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi, Moliya vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Direksiya bilan birgalikda 2022-yil yakuniga qadar ilmiy klaster hududida quriladigan obyektlar, shu jumladan, muhandislik-kommunikatsiya va ishlab chiqarish infratuzilmasi obyektlarini barpo etish ishlarini boshlash uchun mazkur qarorning 8-bandida nazarda tutilgan moliyalashtirish manbalari boʻyicha ajratiladigan mablagʻlar miqdorlari va moliyalashtirish mexanizmlarini belgilash boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga belgilangan tartibda takliflar kiritsin.

11. Toshkent viloyati hokimligi “Oʻzkimyosanoat” AJ bilan birgalikda Oʻzbekiston — Koreya kimyo-texnologiya innovatsiya markazi ilmiy-tadqiqot va loyiha instituti obyektlarini ilmiy klaster hududida qurish ishlari boshlangandan soʻng “Oʻzkimyosanoat” AJning murojaati asosida Vazirlar Mahkamasining “Ilmiy-tadqiqot va loyihalash instituti-Kimyo texnologiyalari markazini tashkil etish” investitsiya loyihasini amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 28-yanvardagi 39-son qaroriga muvofiq “Oʻzkimyosanoat” AJ va Koreya Respublikasining Eksimbanki oʻrtasida “Ilmiy-tadqiqot va loyihalash instituti — Kimyo texnologiyalari markazini tashkil etish” investitsiya loyihasini amalga oshirish doirasida “Toshkent kimyo-texnologiya ilmiy-tadqiqot instituti” MCHJga Toshkent viloyati, Toshkent tumani, Choshtepa qishlogʻi manzili boʻyicha ajratilgan 25,36 ga yer maydonini davlat zaxirasiga qaytarsin.

12. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Geologiya, energetika, sanoat va uning bazaviy tarmoqlarini rivojlantirish masalalari departamentiga, “Oʻzkimyosanoat” AJ boshqaruvi raisi J.T. Mirzamaxmudov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 15-dekabr,

753-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 16.12.2021-y., 09/21/753/1168-son)

lex.uz