UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 21-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 21 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 21 декабря 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 21 December 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

СХЕМАСИ

ТАҚСИМОТИ

Ёшларни тадбиркорликка жалб этиш ва уларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 13 июлдаги ПФ-6260-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорликка қизиқувчи ёшларни бизнес ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш ҳамда ёшларнинг янги ғоялар асосида ишлаб чиқилган инновацион, стартап ва бизнес лойиҳаларини молиялаштириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 13 июлдаги ПФ-6260-сон Фармонига асосан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖга ёшларнинг янги ғоялар асосида ишлаб чиқилган инновацион, стартап ва бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун 70 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдорида маблағ ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилансинки:

а) 2022 — 2024 йилларда ёшларнинг янги ғоялари асосида ишлаб чиқилган инновацион, стартап ва бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун мазкур қарорнинг 1-бандида назарда тутилган маблағлар «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ томонидан 1-иловадаги схемага мувофиқ қуйидаги тартибда ажратилади:

1-босқичда — 50 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағлар 2-иловага мувофиқ тақсимот бўйича ҳудудлар кесимида лойиҳаларни амалга ошириш учун;

2-босқичда — 1-босқичда ажратилган маблағларнинг ишлатилиши самарадорлигини баҳолаш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг таклифига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси (С.У. Умурзаков) томонидан тасдиқланадиган тақсимотга асосан 20 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағлар;

б) кредитлар қуйидаги шартларда ажратилади:

кредит олувчи — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ёш тадбиркорлик субъекти бўлиши лозим;

кредит миқдори — ҳар бир ёш тадбиркорлик субъекти учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 000 бараваридан 2 000 бараваригача;

кредит муддати — 7 йил, шу жумладан имтиёзли давр — 3 йил;

фоиз ставкаси — Марказий банкнинг асосий ставкасига тенг миқдорда;

кредит таъминоти — қонунчиликда ва банк кредит сиёсатида тақиқланмаган таъминот турлари, жумладан Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кредит суммасининг 50 фоизигача миқдоридаги кафиллиги;

в) кредитлар қуйидаги мақсадларга ажратилмайди:

аввал олинган кредитлар ёки бошқа ҳар қандай қарзларни қайтаришга;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, шунингдек, чилим ва электрон сигареталарни ишлаб чиқаришга;

савдо-воситачиликни амалга оширишга;

умумий овқатланиш ташкилотларининг айланма маблағларини шакллантиришга;

таъмирлаш-қурилиш ишларига, шу жумладан савдо объектлари ва умумий овқатланиш объектларини ташкил этишга;

ишлаб чиқариш мақсадларидан ташқари харажатлар, шу жумладан маъмурий харажатларни тўлаш ва хизмат автотранспорт воситасини сотиб олишга;

тиражли, бир лаҳзали ва рақамли лотереяларни ташкил этишга, шунингдек, ушбу мақсадлар учун ускуналар харид қилишга.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ёшларнинг инновацион, стартап ва бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан маблағ ажратиб борилишини таъминласин.

Ёшлар ишлари агентлиги Молия вазирлиги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ билан биргаликда бир ой муддатда ёшларнинг янги ғоялари асосида ишлаб чиқилган инновацион, стартап ва бизнес лойиҳаларини маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштириш тартиби бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

4. Ёшлар ишлари агентлиги Савдо-саноат палатаси ва «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ билан биргаликда икки ҳафта муддатда ёшлар ўртасида бизнес кўникмаларини шакллантириш ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича ўқув амалий курсларини (кейинги ўринларда — курслар), шу жумладан «онлайн» тарзда ташкил этсин. Бунда:

курслар Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари ҳамкорлигида ёшлар учун бепул ташкил этилади;

курсларни муваффақиятли тугатган ёшларга «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси томонидан сертификат тақдим этилади ва улар томонидан ўз бизнесини ташкил этиш учун мазкур қарорнинг 2-бандига мувофиқ ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларида иштирок этувчи тижорат банклари томонидан кредитлар ажратилади;

курслар Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бўлинмалари ва уларга тегишли бўлган бино ва хоналарида бепул ўтказилади (шу жумладан, коммунал хизматлар тўловисиз).

5. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга ҳамда маблағларнинг самарали ва мақсадли ишлатилишига «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ бошқаруви раиси А.Қ. Мирсоатов масъул ва шахсий жавобгар эканлиги инобатга олинсин.

Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.

Амалга оширилган чора-тадбирларнинг натижадорлиги тўғрисида ҳар чорак якуни билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борилсин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 декабрдаги 765-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш ва уларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш

Босқич Чора-тадбирлар Муддат I. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги ёшларни танлаб олиш, ёшларда бизнес кўникмаларини шакллантириш ва уларни тадбиркорликка ўқитиш жараёни 1-босқич Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо саноат палатаси ва тижорат банклари томонидан республикамизнинг барча ҳудудларига чиққан ҳолда жойларда ёшлар билан очиқ мулоқотлар, семинар-тренинглар ўтказиш орқали тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларнинг рўйхати шакллантирилади. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан шакллантирилган рўйхат ёшларда бизнес кўникмаларини шакллантириш ва уларни тадбиркорликка ўқитиш учун Савдо саноат палатасига тақдим этилади. Савдо саноат палатаси томонидан тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшлар тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш курсларида бепул, шу жумладан «онлайн» тарзда ўқитилади. Тадбиркорликка ўқитиш курсларини муваффақиятли тугатган ёшларга «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси томонидан сертификат тақдим этилади. Доимий равишда II. Ёш тадбиркорларнинг бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқиш 2-босқич Тадбиркорликка ўқитиш курсларини муваффақиятли тугатган ва «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармасининг махсус сертификатини олган ёшлар қонунчиликда белгиланган тартибда ёш тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтказилади. Реал вақт режимида 3-босқич Ёш тадбиркорлик субъекти томонидан инвестиция лойиҳасига доир таклифлар ишлаб чиқилади. Реал вақт режимида 4-босқич Ҳудудлардаги «Лойиҳалар фабрикаси» томонидан Ёш тадбиркорлик субъектининг лойиҳа-таклифлари асосида лойиҳа бизнес-режаси ишлаб чиқилишида амалий ёрдам кўрсатилади. 10 календарь куни 5-босқич «Ўзмиллийбанк» АЖ молиявий ресурслар жалб қилиш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси билан бош келишув тузади ва маблағ ажратиш бўйича буюртманома киритади. 3 иш куни 6-босқич Ёш тадбиркорлик субъекти инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун кредит олиш мақсадида «Ўзмиллийбанк» АЖнинг энг қулай филиалига мурожаат қилади ва белгиланган ҳужжатлар тўпламини (ариза, таъсис ҳужжатлари, бизнес-режа, товар ёки хизматлар харид қилиш бўйича олди-сотди шартномаси, гаров ҳужжатлари, тадбиркорлик курсларида ўқиганлик тўғрисида сертификат) тақдим этади. 10 иш куни 7-босқич Банк Кредит қўмитаси Ёш тадбиркорлик субъекти томонидан тақдим этилган лойиҳа ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, лойиҳани молиялаштириш юзасидан қарор чиқаради. Кредит ажратиш рад этилган ҳолларда бу тўғрисида банк томонидан аризачига маълум қилинади. 2 иш куни 8-босқич Банк томонидан лойиҳани молиялаштириш бўйича ижобий қарор қабул қилинганда, қарз олувчи билан кредит шартномаси, гаров ва суғурта ҳужжатлари расмийлаштирилади. 3 иш куни 9-босқич Ёш тадбиркорлик субъектининг тўлов топшириқномасига асосан товар етказиб берувчи / хизматларни тақдим этувчи ташкилот ҳисобварағига кредитларини ўтказиб беради. Кредит 7 йил муддатга, 3 йил имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 (270 млн сўм) баробаридан 2000 баробаригача (540 млн сўм) миқдорида ажратилади. 10 иш куни 10-босқич Тижорат банки томонидан кредит ажратиш рад этилган ҳолларда «Лойиҳалар фабрикаси» билан биргаликда мавжуд камчиликларни бартараф этган ҳолда лойиҳани янада пухта ишлаб чиқади ва тижорат банкига такроран тақдим этади. 10 иш куни 11-босқич Тижорат банки Ёш тадбиркорлик субъектига ажратилган кредитнинг мақсадли ишлатилиши юзасидан кредитдан фойдаланишнинг муддати давомида мониторингни амалга оширади. Кредит сўндирилгунга қадар

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 декабрдаги 765-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ёшларнинг янги ғоялар асосида ишлаб чиқилган инновацион, стартап ва бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратиладиган маблағларнинг ҳудудлар кесимидаги

Т/р Ҳудуд номи Жами: 70 млн АҚШ доллари эквивалентида Шундан , 1-босқичда: 50 млн АҚШ доллари эквивалентида (млн долларда) 1. Қорақалпоғистон Республикаси 2,4 2. Андижон вилояти 5,0 3. Бухоро вилояти 2,7 4. Жиззах вилояти 2,2 5. Навоий вилояти 1,5 6. Наманган вилояти 4,3 7. Самарқанд вилояти 5,7 8. Сирдарё вилояти 1,3 9. Сурхондарё вилояти 3,9 10. Тошкент вилояти 4,3 11. Қашқадарё вилояти 5,0 12. Фарғона вилояти 5,5 13. Хоразм вилояти 2,7 14. Тошкент шаҳри 3,5

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 21 декабрь,

765-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.12.2021 й., 09/21/765/1178-сон; 04.09.2025 й., 09/25/559/0802-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

SXEMASI

TAQSIMOTI

Yoshlarni tadbirkorlikka jalb etish va ularning biznes tashabbuslarini qoʻllab-quvvatlash boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yoshlarni har tomonlama qoʻllab-quvvatlash va ularning ijtimoiy faolligini yanada oshirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 13-iyuldagi PF-6260-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, tadbirkorlikka qiziquvchi yoshlarni biznes va tadbirkorlik koʻnikmalariga oʻqitish hamda yoshlarning yangi gʻoyalar asosida ishlab chiqilgan innovatsion, startap va biznes loyihalarini moliyalashtirish tizimini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yoshlarni har tomonlama qoʻllab-quvvatlash va ularning ijtimoiy faolligini yanada oshirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 13-iyuldagi PF-6260-son Farmoniga asosan Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi tomonidan “Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi iqtisodiy faoliyat milliy banki” AJga yoshlarning yangi gʻoyalar asosida ishlab chiqilgan innovatsion, startap va biznes loyihalarini moliyalashtirish uchun 70 million AQSH dollari ekvivalenti miqdorida mablagʻ ajratilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Belgilansinki:

a) 2022 — 2024-yillarda yoshlarning yangi gʻoyalari asosida ishlab chiqilgan innovatsion, startap va biznes loyihalarini moliyalashtirish uchun mazkur qarorning 1-bandida nazarda tutilgan mablagʻlar “Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi iqtisodiy faoliyat milliy banki” AJ tomonidan 1-ilovadagi sxemaga muvofiq quyidagi tartibda ajratiladi:

1-bosqichda — 50 million AQSH dollari ekvivalenti miqdoridagi mablagʻlar 2-ilovaga muvofiq taqsimot boʻyicha hududlar kesimida loyihalarni amalga oshirish uchun;

2-bosqichda — 1-bosqichda ajratilgan mablagʻlarning ishlatilishi samaradorligini baholash natijalari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Yoshlar ishlari agentligining taklifiga muvofiq Vazirlar Mahkamasi (S.U. Umurzakov) tomonidan tasdiqlanadigan taqsimotga asosan 20 million AQSH dollari ekvivalenti miqdoridagi mablagʻlar;

b) kreditlar quyidagi shartlarda ajratiladi:

kredit oluvchi — qonunchilik hujjatlariga muvofiq yosh tadbirkorlik subyekti boʻlishi lozim;

kredit miqdori — har bir yosh tadbirkorlik subyekti uchun bazaviy hisoblash miqdorining 1 000 baravaridan 2 000 baravarigacha;

kredit muddati — 7 yil, shu jumladan imtiyozli davr — 3 yil;

foiz stavkasi — Markaziy bankning asosiy stavkasiga teng miqdorda;

kredit taʼminoti — qonunchilikda va bank kredit siyosatida taqiqlanmagan taʼminot turlari, jumladan Tadbirkorlik faoliyatini qoʻllab-quvvatlash davlat jamgʻarmasining kredit summasining 50 foizigacha miqdoridagi kafilligi;

v) kreditlar quyidagi maqsadlarga ajratilmaydi:

avval olingan kreditlar yoki boshqa har qanday qarzlarni qaytarishga;

alkogol va tamaki mahsulotlarini, shuningdek, chilim va elektron sigaretalarni ishlab chiqarishga;

savdo-vositachilikni amalga oshirishga;

umumiy ovqatlanish tashkilotlarining aylanma mablagʻlarini shakllantirishga;

taʼmirlash-qurilish ishlariga, shu jumladan savdo obyektlari va umumiy ovqatlanish obyektlarini tashkil etishga;

ishlab chiqarish maqsadlaridan tashqari xarajatlar, shu jumladan maʼmuriy xarajatlarni toʻlash va xizmat avtotransport vositasini sotib olishga;

tirajli, bir lahzali va raqamli lotereyalarni tashkil etishga, shuningdek, ushbu maqsadlar uchun uskunalar xarid qilishga.

3. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari yoshlarning innovatsion, startap va biznes loyihalarini moliyalashtirish uchun mahalliy budjetning qoʻshimcha manbalari hisobidan mablagʻ ajratib borilishini taʼminlasin.

Yoshlar ishlari agentligi Moliya vazirligi hamda “Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi iqtisodiy faoliyat milliy banki” AJ bilan birgalikda bir oy muddatda yoshlarning yangi gʻoyalari asosida ishlab chiqilgan innovatsion, startap va biznes loyihalarini mahalliy budjetning qoʻshimcha manbalari hisobidan moliyalashtirish tartibi boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.

4. Yoshlar ishlari agentligi Savdo-sanoat palatasi va “Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi iqtisodiy faoliyat milliy banki” AJ bilan birgalikda ikki hafta muddatda yoshlar oʻrtasida biznes koʻnikmalarini shakllantirish va tadbirkorlikka oʻqitish boʻyicha oʻquv amaliy kurslarini (keyingi oʻrinlarda — kurslar), shu jumladan “onlayn” tarzda tashkil etsin. Bunda:

kurslar Yoshlar ishlari agentligi, Savdo-sanoat palatasi va tijorat banklari hamkorligida yoshlar uchun bepul tashkil etiladi;

kurslarni muvaffaqiyatli tugatgan yoshlarga “Yoshlar — kelajagimiz” jamgʻarmasi tomonidan sertifikat taqdim etiladi va ular tomonidan oʻz biznesini tashkil etish uchun mazkur qarorning 2-bandiga muvofiq hamda oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlarida ishtirok etuvchi tijorat banklari tomonidan kreditlar ajratiladi;

kurslar Yoshlar ishlari agentligining hududiy boʻlinmalari va ularga tegishli boʻlgan bino va xonalarida bepul oʻtkaziladi (shu jumladan, kommunal xizmatlar toʻlovisiz).

5. Mazkur qarorning ijrosini samarali tashkil qilishga hamda mablagʻlarning samarali va maqsadli ishlatilishiga “Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi iqtisodiy faoliyat milliy banki” AJ boshqaruvi raisi A.Q. Mirsoatov masʼul va shaxsiy javobgar ekanligi inobatga olinsin.

Qaror ijrosini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining investitsiyalar va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari — investitsiyalar va tashqi savdo vaziri S.U. Umurzakov zimmasiga yuklansin.

Amalga oshirilgan chora-tadbirlarning natijadorligi toʻgʻrisida har chorak yakuni bilan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga axborot kiritib borilsin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 21-dekabrdagi 765-son qaroriga 1-ILOVA

Yoshlarni tadbirkorlikka jalb qilish va ularning biznes loyihalarini moliyalashtirish

Bosqich Chora-tadbirlar Muddat I. Tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanish istagidagi yoshlarni tanlab olish, yoshlarda biznes koʻnikmalarini shakllantirish va ularni tadbirkorlikka oʻqitish jarayoni 1-bosqich Yoshlar ishlari agentligi, Savdo sanoat palatasi va tijorat banklari tomonidan respublikamizning barcha hududlariga chiqqan holda joylarda yoshlar bilan ochiq muloqotlar, seminar-treninglar oʻtkazish orqali tadbirkorlik bilan shugʻullanish istagidagi yoshlarning roʻyxati shakllantiriladi. Yoshlar ishlari agentligi tomonidan shakllantirilgan roʻyxat yoshlarda biznes koʻnikmalarini shakllantirish va ularni tadbirkorlikka oʻqitish uchun Savdo sanoat palatasiga taqdim etiladi. Savdo sanoat palatasi tomonidan tadbirkorlik bilan shugʻullanish istagidagi yoshlar tadbirkorlik koʻnikmalarini shakllantirish kurslarida bepul, shu jumladan “onlayn” tarzda oʻqitiladi. Tadbirkorlikka oʻqitish kurslarini muvaffaqiyatli tugatgan yoshlarga “Yoshlar — kelajagimiz” jamgʻarmasi tomonidan sertifikat taqdim etiladi. Doimiy ravishda II. Yosh tadbirkorlarning biznes loyihalarini ishlab chiqish 2-bosqich Tadbirkorlikka oʻqitish kurslarini muvaffaqiyatli tugatgan va “Yoshlar — kelajagimiz” jamgʻarmasining maxsus sertifikatini olgan yoshlar qonunchilikda belgilangan tartibda yosh tadbirkorlik subyekti sifatida roʻyxatdan oʻtkaziladi. Real vaqt rejimida 3-bosqich Yosh tadbirkorlik subyekti tomonidan investitsiya loyihasiga doir takliflar ishlab chiqiladi. Real vaqt rejimida 4-bosqich Hududlardagi “Loyihalar fabrikasi” tomonidan Yosh tadbirkorlik subyektining loyiha-takliflari asosida loyiha biznes-rejasi ishlab chiqilishida amaliy yordam koʻrsatiladi. 10 kalendar kuni 5-bosqich “Oʻzmilliybank” AJ moliyaviy resurslar jalb qilish uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi bilan bosh kelishuv tuzadi va mablagʻ ajratish boʻyicha buyurtmanoma kiritadi. 3 ish kuni 6-bosqich Yosh tadbirkorlik subyekti investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun kredit olish maqsadida “Oʻzmilliybank” AJning eng qulay filialiga murojaat qiladi va belgilangan hujjatlar toʻplamini (ariza, taʼsis hujjatlari, biznes-reja, tovar yoki xizmatlar xarid qilish boʻyicha oldi-sotdi shartnomasi, garov hujjatlari, tadbirkorlik kurslarida oʻqiganlik toʻgʻrisida sertifikat) taqdim etadi. 10 ish kuni 7-bosqich Bank Kredit qoʻmitasi Yosh tadbirkorlik subyekti tomonidan taqdim etilgan loyiha hujjatlarini oʻrganib chiqib, loyihani moliyalashtirish yuzasidan qaror chiqaradi. Kredit ajratish rad etilgan hollarda bu toʻgʻrisida bank tomonidan arizachiga maʼlum qilinadi. 2 ish kuni 8-bosqich Bank tomonidan loyihani moliyalashtirish boʻyicha ijobiy qaror qabul qilinganda, qarz oluvchi bilan kredit shartnomasi, garov va sugʻurta hujjatlari rasmiylashtiriladi. 3 ish kuni 9-bosqich Yosh tadbirkorlik subyektining toʻlov topshiriqnomasiga asosan tovar yetkazib beruvchi / xizmatlarni taqdim etuvchi tashkilot hisobvaragʻiga kreditlarini oʻtkazib beradi. Kredit 7 yil muddatga, 3 yil imtiyozli davr bilan Markaziy bankning asosiy stavkasida bazaviy hisoblash miqdorining 1000 (270 mln soʻm) barobaridan 2000 barobarigacha (540 mln soʻm) miqdorida ajratiladi. 10 ish kuni 10-bosqich Tijorat banki tomonidan kredit ajratish rad etilgan hollarda “Loyihalar fabrikasi” bilan birgalikda mavjud kamchiliklarni bartaraf etgan holda loyihani yanada puxta ishlab chiqadi va tijorat bankiga takroran taqdim etadi. 10 ish kuni 11-bosqich Tijorat banki Yosh tadbirkorlik subyektiga ajratilgan kreditning maqsadli ishlatilishi yuzasidan kreditdan foydalanishning muddati davomida monitoringni amalga oshiradi. Kredit soʻndirilgunga qadar

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 21-dekabrdagi 765-son qaroriga 2-ILOVA

Yoshlarning yangi gʻoyalar asosida ishlab chiqilgan innovatsion, startap va biznes loyihalarini moliyalashtirish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasidan ajratiladigan mablagʻlarning hududlar kesimidagi

T/r Hudud nomi Jami: 70 mln AQSH dollari ekvivalentida Shundan , 1-bosqichda: 50 mln AQSH dollari ekvivalentida (mln dollarda) 1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi 2,4 2. Andijon viloyati 5,0 3. Buxoro viloyati 2,7 4. Jizzax viloyati 2,2 5. Navoiy viloyati 1,5 6. Namangan viloyati 4,3 7. Samarqand viloyati 5,7 8. Sirdaryo viloyati 1,3 9. Surxondaryo viloyati 3,9 10. Toshkent viloyati 4,3 11. Qashqadaryo viloyati 5,0 12. Fargʻona viloyati 5,5 13. Xorazm viloyati 2,7 14. Toshkent shahri 3,5

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 21-dekabr,

765-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 22.12.2021-y., 09/21/765/1178-son; 04.09.2025-y., 09/25/559/0802-son)

lex.uz