📅 2021-yil 23-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021-yil 23-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2021 йил 23 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 23 декабря 2021 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 23 December 2021 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТАРКИБИ
НИЗОМ
Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 21 декабрдаги ПҚ-57-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 21 декабрдаги ПҚ-57-сон қарори 3-бандига мувофиқ:
Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш (кейинги ўринларда — Идоралараро кенгаш) таркибига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон карлар жамияти, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси ҳамда Тадбиркор ногирон-аёллар миллий ассоциацияси раҳбарлари киритилганлиги;
Идоралараро кенгашнинг зиммасига ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашиш бўйича қўшимча вазифалар юклатилганлиги;
Идоралараро кенгашга раҳбарлик қилиш Савдо-саноат палатасининг раиси А. Икрамов зиммасига юкланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Идоралараро кенгашнинг мақоми, вазифалари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги;
Идоралараро кенгаш таркибини шакллантириш, унинг мажлисини чақириш ва ўтказиш тартиби;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигини Идоралараро кенгашнинг ишчи органи этиб белгилаш;
Идоралараро кенгаш фаолиятининг натижадорлигини баҳолаш тартиби.
4. Идоралараро кенгаш (А. Икрамов) уч кун муддатда қуйидаги биринчи навбатда амалга оширилиши зарур бўлган масалаларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда Кенгаш мажлисини ўтказсин:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 декабрдаги ПҚ-57-сон қарори ижросини таъминлашга қаратилган «йўл харитаси»ни тасдиқлаш;
Идоралараро кенгаш аъзоларининг, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг кенгаш фаолиятини амалга ошириш бўйича асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини белгилаш;
Идоралараро кенгашнинг 2022 йилга мўлжалланган ойма-ой амалга ошириладиган иш режасини ҳамда уларни барвақт ва сифатли бажариш бўйича режа-графикларини тасдиқлаш.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2021 йил 29 апрелдаги 257-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.И. Икрамов ва Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директори А.К. Инаков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 декабрдаги 769-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш
1. М.П. Оллоёров — Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори, Кенгаш раиси 2. М.М. Ташходжаев — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари, Кенгаш раиси ўринбосари 3. А.А. Худаяров — соғлиқни сақлаш вазири в.б. 4. Б.А. Мусаев — камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири 5. К.А. Шарипов — олий таълим, фан ва инновациялар вазири 6. Х.У. Умарова — мактабгача ва мактаб таълими вазири 7. О.А. Назарбеков — маданият вазири 8. Ш.Х. Шерматов — рақамли технологиялар вазири 9. И.Р. Махкамов — транспорт вазири 10. А.И. Икрамов — спорт вазири 11. О.Р. Фозилкаримов — иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари 12. М.М. Икрамов — адлия вазири ўринбосари 13. Б.Х. Махмадалиев — Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси ўринбосари (келишув асосида) 14. К.Қ. Абдуллаев — Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси (келишув асосида) 15. Э.Д. Нарпулатов — Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви раиси (келишув асосида) 16. Г.У. Шодиева — Ўзбекистон карлар жамияти марказий бошқаруви раиси (келишув асосида) 17. О.Ю. Исоқов — Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси (келишув асосида) 18. Д.Г. Лутпуллаева — Тадбиркор ногирон-аёллар миллий ассоциацияси раиси (келишув асосида) 19. Лавозими бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари 20. Лавозими бўйича — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бошқарма бошлиғи, Кенгаш котиби
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 декабрдаги 769-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгашнинг (кейинги ўринларда — Идоралараро кенгаш) мақоми, вазифалари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Идоралараро кенгаш ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришга ва «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг бажарилишини таъминлашга қаратилган келишилган саъй-ҳаракатларни ишлаб чиқиш мақсадида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган маслаҳатлашув органи ҳисобланади.
3. Идоралараро кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилади.
2-боб. Идоралараро кенгашнинг вазифалари ва функциялари
4. Қуйидагилар Идоралараро кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг соғлиғини тиклаш, уларни реабилитация қилиш, ижтимоий ҳимоя қилиш ва ҳуқуқларини таъминлашга доир давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этиш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олишига, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлашга, малакасини ошириш, меҳнат қилиши ва бандлигига кўмаклашиш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўла ҳуқуқли тарзда иштирок этиши учун қулай шарт-шароитлар яратишда иштирок этиш.
5. Қуйидагилар Идоралараро кенгашнинг ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашиш бўйича қўшимча вазифалари ҳисобланади:
ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим муассасаларида инклюзив таълимини ривожлантириш, уларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириб бориш учун муқобил шаклдаги ўқув материалларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;
таълим муассасаларини битирувчи ногиронлиги бўлган шахсларнинг тавсия этилган касблар бўйича белгиланган тартибда корхона ва ташкилотларда амалиёт ўташ ва тажриба алмашишини ташкил этиш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг корхона ва ташкилотлардаги иш жойларини жиҳозлаш, мослаштириш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун зарурий меҳнат шароитларини ташкил этиш;
ногиронлиги бўлган шахсларни улар ишга жойлашгандан сўнг ҳамда тадбиркорлик, ҳунармандчилик ёки ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошлагандан кейин қўллаб-қувватлаш механизмларини татбиқ этиш.
6. Идоралараро кенгаш ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
а) ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади, шунингдек, соҳа бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқишда давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштиради;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича давлат томонидан белгиланган кафолатланган хизматлардан фойдаланишда давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштиради;
б) ногиронлиги бўлган шахсларнинг соғлиғини тиклаш, уларни реабилитация қилиш, ижтимоий ҳимоя қилиш ва ҳуқуқларини таъминлашга доир давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этиш соҳасида:
ногиронлиги бўлган шахсларнинг сифатли соғлиқни сақлаш хизматларидан, уларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олувчи тиббий ёрдамдан бошқа фуқаролар билан тенг равишда фойдаланишига кўмаклашади;
ногиронлиги бўлган шахсларни санаторий-курортда бепул соғломлаштиришга, тиббий, ижтимоий ва касбий реабилитация қилишга, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлашга кўмаклашади;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг соғлиғини тиклаш, уларни реабилитация қилиш, ижтимоий ҳимоя қилиш ва ҳуқуқларини таъминлашга доир давлат дастурларига таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
в) ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олишига, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлашга, малакасини ошириш, меҳнат қилиши ва бандлигига кўмаклашиш соҳасида:
ногиронлиги бўлган шахслар барча даражалардаги таълим ташкилотларида таълим олиш ва ўз қобилиятини янада тўлиқроқ ривожлантириши учун бутун умри давомида таълим олиши ташкил этишда иштирок этади;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг инклюзив таълимини ривожлантиришни, уларнинг таълим олиши ва касбий тайёргарликдан, қайта тайёрлашдан ва малака оширишдан ўтиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишига кўмаклашади;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг одатдаги меҳнат шароитларига эга ташкилотларда, ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланувчи ихтисослаштирилган корхоналарда, цехларда ва участкаларда ишлашига, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган якка тартибдаги меҳнат фаолиятини ёки бошқа фаолиятни амалга оширишига кўмаклашади;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, ушбу шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қаратилган қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;
ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлигини таъминлаш, шунингдек меҳнат бозорида уларнинг рақобатбардошлилигини ошириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади;
г) ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўла ҳуқуқли тарзда иштирок этиши учун қулай шарт-шароитлар яратишда иштирок этиш соҳасида:
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик белгисига кўра камситилишига йўл қўймаслик ҳамда хизматлардан, ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар, соғлиқни сақлаш, таълим объектларидан, шунингдек, ахборот ва алоқа воситаларидан тенг равишда фойдаланиш имкониятларини таъминлашга доир чора-тадбирларни амалга оширишга ва ишга жойлашишига кўмаклашади;
ногиронлиги бўлган шахсларга уй-жой қурилиши бўйича давлат дастурларидан ва бошқа махсус дастурлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш чораларини кўради;
транспорт воситалари ва йўл инфратузилмасидан фойдаланишда ногиронлиги бўлган шахсларга қулайликни таъминлашга кўмаклашади;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг моддий маданий мерос объектлари, туристик ҳамда спорт объектлари ва иншоотларидан, шунингдек, дам олиш объектларидан фойдаланишини таъминлашга амалий-методик ёрдам кўрсатади;
ижтимоий инфратузилма объектларига ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсқинликсиз кириши учун етарли шароитлар яратилиши ҳамда жамоат транспортини мослаштириш бўйича қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
3-боб. Идоралараро кенгашнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
7. Идоралараро кенгаш ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун:
Идоралараро кенгаш ваколатига кирадиган масалалар бўйича ҳужжатлар, статистик маълумотлар, ҳисоботлар, таҳлилий материаллар, ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларнинг ижроси бўйича маълумотлар ва бошқа ахборотларни вазирликлар ва идоралардан сўраш ва олиш;
давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари мансабдор шахсларини ўз йиғилишларига таклиф этиш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича республика ҳудудида ташкил этиладиган йиғилишлар, конференциялар ва семинарларда иштирок этиш учун ўз вакилларини юбориш ҳуқуқига эга.
8. Идоралараро кенгаш ўзига юкланган вазифаларнинг тўлиқ ва сифатли бажарилиши ҳамда самарали амалга оширилиши учун жавоб беради.
4-боб. Идоралараро кенгаш фаолиятини ташкил этиш
9. Идоралараро кенгаш шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
10. Идоралараро кенгаш таркибига ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш ўз ваколатига кирадиган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари вакиллари киритилади.
11. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Идоралараро кенгаш раиси ҳисобланади.
Идоралараро кенгаш раиси:
Идоралараро кенгаш самарали ишлашини таъминлайди;
Идоралараро кенгаш аъзолари ишини мувофиқлаштиради;
Идоралараро кенгаш иш регламентини тасдиқлайди;
Идоралараро кенгашнинг кун тартибини белгилайди ва унинг мажлисларини чақиради.
12. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Идоралараро кенгашнинг ишчи органи (кейинги ўринларда — ишчи орган) ҳисобланади.
13. Ишчи орган:
Идоралараро кенгаш мажлисларига зарур материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини ташкил этади;
Идоралараро кенгашнинг баённомаларини расмийлаштиради ва Идоралараро кенгаш аъзоларига юборади;
вазирликлар ва идоралардан Идоралараро кенгашнинг вазифаларини бажариш учун зарур бўлган ахборот ва материалларни белгиланган тартибда сўрайди ва олади;
Идоралараро кенгашда иш юритилишини таъминлайди;
Идоралараро кенгашнинг қарорларига мувофиқ бошқа вазифалар ва функцияларни амалга оширади.
14. Идоралараро кенгаш ўз фаолиятини Идоралараро комиссиянинг иш регламентига ва кун тартибига мувофиқ мажлисларни тизимли асосда ўтказиш орқали амалга оширади.
Идоралараро кенгашнинг мажлислари заруратга қараб, бироқ ҳар ярим йилда камида бир марта раис томонидан чақирилади.
Мажлисни Идоралараро кенгаш раиси, у бўлмаганда Идоралараро кенгаш раисининг ўринбосари ўтказади.
15. Идоралараро кенгашнинг қарорлари Идоралараро кенгашнинг мажлисда иштирок этаётган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Овозлар тенг бўлганда раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
Идоралараро кенгашнинг мажлисига кўриб чиқилаётган масалаларнинг хусусиятига боғлиқ равишда Идоралараро кенгаш аъзолари ҳисобланмаган бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассислари таклиф этилиши мумкин.
16. Истисно ҳолларда, қарорларни тезликда қабул қилиш мақсадида Идоралараро кенгашнинг раиси айрим масалалар бўйича Идоралараро кенгашнинг қарорларини сўров йўли билан тасдиқлашга ҳақлидир.
17. Идоралараро кенгашнинг қарорлари унинг мажлиси баённомаси билан расмийлаштирилади. Идоралараро кенгаш мажлисининг баённомасига унинг барча аъзолари томонидан виза қўйилади, Идоралараро кенгаш котиби томонидан имзоланади ҳамда Идоралараро кенгашнинг раиси томонидан тасдиқланади.
Идоралараро кенгаш баённомасининг асли ва унга тегишли материаллар ишчи органда сақланади.
18. Юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш мақсадида Идоралараро кенгашнинг котиби:
Идоралараро кенгашнинг раиси билан келишиш учун йиғилишларнинг муддатлари, ўтказилиш жойи ва кун тартиби бўйича таклифларни шакллантиради;
Идоралараро кенгаш аъзоларини навбатдаги йиғилишнинг муддати, ўтказилиш жойи ва кун тартиби бўйича хабардор қилади, уларни зарур материаллар билан таъминлайди;
Идоралараро кенгашнинг баённомаларини юритади ва йиғилиш ўтказилишини ва иш юритишини ташкил этади;
тасдиқланган баённомаларни Идоралараро кенгашнинг аъзоларига тарқатади;
Идоралараро кенгаш баённомаларининг ижроси мониторингини олиб боради;
Идоралараро кенгаш раисининг Идоралараро кенгаш фаолиятига оид топшириқларини бажаради;
Идоралараро кенгашнинг кун тартиби масалалари бўйича таҳлилий материалларни тайёрлайди.
5-боб. Идоралараро кенгаш фаолиятининг самарадорлигига доир талаблар
19. Идоралараро кенгаш раиси унинг фаолиятини самарали ташкил этиш, юклатилган вазифалар ва функцияларни сифатли бажариш, унинг таркибини янгилаб бориш, шунингдек, юклатилган вазифалар ва функциялар тўлиқ бажарилган ёки самарасиз фаолият юритилган ҳолларда уларни оптималлаштириш бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотларига таклиф киритиш юзасидан жавоб беради.
20. Идоралараро кенгаш фаолиятининг натижадорлиги ташкил этилган пайтдан бошлаб ҳар йил якунлари бўйича Идоралараро кенгаш раиси томонидан Идоралараро кенгашга юклатилган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши сифати мезонига асосан баҳолаб борилади.
6-боб. Якунловчи қоида
21. Идоралараро кенгашни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 23 декабрь,
769-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TARKIBI
NIZOM
Nogironligi boʻlgan shaxslar ishlari boʻyicha idoralararo kengash faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
“Nogironligi boʻlgan shaxslarning huquqlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Nogironligi boʻlgan shaxslarni har tomonlama qoʻllab-quvvatlash, ularning bandligiga koʻmaklashish hamda ijtimoiy faolligini yanada oshirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 21-dekabrdagi PQ-57-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Nogironligi boʻlgan shaxslarni har tomonlama qoʻllab-quvvatlash, ularning bandligiga koʻmaklashish hamda ijtimoiy faolligini yanada oshirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 21-dekabrdagi PQ-57-son qarori 3-bandiga muvofiq:
Nogironligi boʻlgan shaxslar ishlari boʻyicha idoralararo kengash (keyingi oʻrinlarda — Idoralararo kengash) tarkibiga Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari, Oʻzbekiston koʻzi ojizlar jamiyati, Oʻzbekiston karlar jamiyati, Oʻzbekiston nogironlar assotsiatsiyasi hamda Tadbirkor nogiron-ayollar milliy assotsiatsiyasi rahbarlari kiritilganligi;
Idoralararo kengashning zimmasiga nogironligi boʻlgan shaxslarning bandligiga koʻmaklashish boʻyicha qoʻshimcha vazifalar yuklatilganligi;
Idoralararo kengashga rahbarlik qilish Savdo-sanoat palatasining raisi A. Ikramov zimmasiga yuklanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Nogironligi boʻlgan shaxslar ishlari boʻyicha idoralararo kengash tarkibi 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Nogironligi boʻlgan shaxslar ishlari boʻyicha idoralararo kengash toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
Idoralararo kengashning maqomi, vazifalari, huquqlari va javobgarligi;
Idoralararo kengash tarkibini shakllantirish, uning majlisini chaqirish va oʻtkazish tartibi;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligini Idoralararo kengashning ishchi organi etib belgilash;
Idoralararo kengash faoliyatining natijadorligini baholash tartibi.
4. Idoralararo kengash (A. Ikramov) uch kun muddatda quyidagi birinchi navbatda amalga oshirilishi zarur boʻlgan masalalarga alohida eʼtibor qaratgan holda Kengash majlisini oʻtkazsin:
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 21-dekabrdagi PQ-57-son qarori ijrosini taʼminlashga qaratilgan “yoʻl xaritasi”ni tasdiqlash;
Idoralararo kengash aʼzolarining, shu jumladan Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlarining kengash faoliyatini amalga oshirish boʻyicha asosiy vazifalari, funksiyalari, huquqlari va javobgarligini belgilash;
Idoralararo kengashning 2022-yilga moʻljallangan oyma-oy amalga oshiriladigan ish rejasini hamda ularni barvaqt va sifatli bajarish boʻyicha reja-grafiklarini tasdiqlash.
5. Vazirlar Mahkamasining “Nogironligi boʻlgan shaxslar ishlari boʻyicha idoralararo kengash faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2021-yil 29-apreldagi 257-son qarori oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Tibbiy-ijtimoiy xizmatlarni rivojlantirish agentligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari, Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi raisi A.I. Ikramov va Tibbiy-ijtimoiy xizmatlarni rivojlantirish agentligi direktori A.K. Inakov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 23-dekabrdagi 769-son qaroriga 1-ILOVA
Nogironligi boʻlgan shaxslar ishlari boʻyicha idoralararo kengash
1. M.P. Olloyorov — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti maslahatchisi — Ijtimoiy himoya milliy agentligi direktori, Kengash raisi 2. M.M. Tashxodjayev — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi direktori oʻrinbosari, Kengash raisi oʻrinbosari 3. A.A. Xudayarov — sogʻliqni saqlash vaziri v.b. 4. B.A. Musayev — kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri 5. K.A. Sharipov — oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri 6. X.U. Umarova — maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri 7. O.A. Nazarbekov — madaniyat vaziri 8. Sh.X. Shermatov — raqamli texnologiyalar vaziri 9. I.R. Maxkamov — transport vaziri 10. A.I. Ikramov — sport vaziri 11. O.R. Fozilkarimov — iqtisodiyot va moliya vaziri oʻrinbosari 12. M.M. Ikramov — adliya vaziri oʻrinbosari 13. B.X. Maxmadaliyev — Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari federatsiyasi kengashi raisi oʻrinbosari (kelishuv asosida) 14. K.Q. Abdullayev — Oʻzbekiston Nogironlar jamiyati raisi (kelishuv asosida) 15. E.D. Narpulatov — Oʻzbekiston koʻzi ojizlar jamiyati markaziy boshqaruvi raisi (kelishuv asosida) 16. G.U. Shodiyeva — Oʻzbekiston karlar jamiyati markaziy boshqaruvi raisi (kelishuv asosida) 17. O.Y. Isoqov — Oʻzbekiston nogironlar assotsiatsiyasi raisi (kelishuv asosida) 18. D.G. Lutpullayeva — Tadbirkor nogiron-ayollar milliy assotsiatsiyasi raisi (kelishuv asosida) 19. Lavozimi boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari 20. Lavozimi boʻyicha — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi boshqarma boshligʻi, Kengash kotibi
Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 23-dekabrdagi 769-son qaroriga 2-ILOVA
Nogironligi boʻlgan shaxslar ishlari boʻyicha idoralararo kengash toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Nogironligi boʻlgan shaxslar ishlari boʻyicha idoralararo kengashning (keyingi oʻrinlarda — Idoralararo kengash) maqomi, vazifalari, huquqlari va javobgarligi hamda faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Idoralararo kengash nogironligi boʻlgan shaxslarning huquqlarini taʼminlash sohasidagi davlat siyosatini amalga oshiruvchi davlat organlari faoliyatini muvofiqlashtirishga va “Nogironligi boʻlgan shaxslarning huquqlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining bajarilishini taʼminlashga qaratilgan kelishilgan saʼy-harakatlarni ishlab chiqish maqsadida jamoatchilik asosida faoliyat yuritadigan maslahatlashuv organi hisoblanadi.
3. Idoralararo kengash oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, ushbu Nizomga va boshqa normativ-huquqiy hujjatlarga amal qiladi.
2-bob. Idoralararo kengashning vazifalari va funksiyalari
4. Quyidagilar Idoralararo kengashning asosiy vazifalari hisoblanadi:
nogironligi boʻlgan shaxslarning huquqlarini taʼminlash sohasidagi davlat siyosatini amalga oshiruvchi davlat organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlari faoliyatini muvofiqlashtirish;
nogironligi boʻlgan shaxslarning sogʻligʻini tiklash, ularni reabilitatsiya qilish, ijtimoiy himoya qilish va huquqlarini taʼminlashga doir davlat dasturlarini amalga oshirishda ishtirok etish;
nogironligi boʻlgan shaxslarning taʼlim olishiga, ularni kasbga tayyorlash, qayta tayyorlashga, malakasini oshirish, mehnat qilishi va bandligiga koʻmaklashish;
nogironligi boʻlgan shaxslarning jamiyat va davlat hayotida toʻla huquqli tarzda ishtirok etishi uchun qulay shart-sharoitlar yaratishda ishtirok etish.
5. Quyidagilar Idoralararo kengashning nogironligi boʻlgan shaxslarning bandligiga koʻmaklashish boʻyicha qoʻshimcha vazifalari hisoblanadi:
nogironligi boʻlgan shaxslarning taʼlim muassasalarida inklyuziv taʼlimini rivojlantirish, ularni kasbga tayyorlash va malakasini oshirib borish uchun muqobil shakldagi oʻquv materiallaridan foydalanish imkoniyatlarini kengaytirish;
taʼlim muassasalarini bitiruvchi nogironligi boʻlgan shaxslarning tavsiya etilgan kasblar boʻyicha belgilangan tartibda korxona va tashkilotlarda amaliyot oʻtash va tajriba almashishini tashkil etish;
nogironligi boʻlgan shaxslarning korxona va tashkilotlardagi ish joylarini jihozlash, moslashtirish va ularning faoliyat koʻrsatishi uchun zaruriy mehnat sharoitlarini tashkil etish;
nogironligi boʻlgan shaxslarni ular ishga joylashgandan soʻng hamda tadbirkorlik, hunarmandchilik yoki oʻzini oʻzi band qilish faoliyatini boshlagandan keyin qoʻllab-quvvatlash mexanizmlarini tatbiq etish.
6. Idoralararo kengash oʻziga yuklangan vazifalarga muvofiq quyidagi funksiyalarni bajaradi:
a) nogironligi boʻlgan shaxslarning huquqlarini taʼminlash sohasida davlat siyosatini amalga oshiruvchi davlat organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlari faoliyatini muvofiqlashtirish sohasida:
nogironligi boʻlgan shaxslarning huquqlarini taʼminlash sohasida davlat siyosatini amalga oshiradi, shuningdek, soha boʻyicha davlat dasturlarini ishlab chiqishda davlat organlari va mahalliy davlat hokimiyati organlari faoliyatini muvofiqlashtiradi;
nogironligi boʻlgan shaxslarning huquqlarini taʼminlash boʻyicha davlat tomonidan belgilangan kafolatlangan xizmatlardan foydalanishda davlat organlari va mahalliy davlat hokimiyati organlari faoliyatini muvofiqlashtiradi;
b) nogironligi boʻlgan shaxslarning sogʻligʻini tiklash, ularni reabilitatsiya qilish, ijtimoiy himoya qilish va huquqlarini taʼminlashga doir davlat dasturlarini amalga oshirishda ishtirok etish sohasida:
nogironligi boʻlgan shaxslarning sifatli sogʻliqni saqlash xizmatlaridan, ularning ehtiyojlarini hisobga oluvchi tibbiy yordamdan boshqa fuqarolar bilan teng ravishda foydalanishiga koʻmaklashadi;
nogironligi boʻlgan shaxslarni sanatoriy-kurortda bepul sogʻlomlashtirishga, tibbiy, ijtimoiy va kasbiy reabilitatsiya qilishga, protez-ortopediya moslamalari va reabilitatsiya texnik vositalari bilan taʼminlashga koʻmaklashadi;
nogironligi boʻlgan shaxslarning sogʻligʻini tiklash, ularni reabilitatsiya qilish, ijtimoiy himoya qilish va huquqlarini taʼminlashga doir davlat dasturlariga takliflar ishlab chiqish hamda amalga oshirishda ishtirok etadi;
v) nogironligi boʻlgan shaxslarning taʼlim olishiga, ularni kasbga tayyorlash, qayta tayyorlashga, malakasini oshirish, mehnat qilishi va bandligiga koʻmaklashish sohasida:
nogironligi boʻlgan shaxslar barcha darajalardagi taʼlim tashkilotlarida taʼlim olish va oʻz qobiliyatini yanada toʻliqroq rivojlantirishi uchun butun umri davomida taʼlim olishi tashkil etishda ishtirok etadi;
nogironligi boʻlgan shaxslarning inklyuziv taʼlimini rivojlantirishni, ularning taʼlim olishi va kasbiy tayyorgarlikdan, qayta tayyorlashdan va malaka oshirishdan oʻtishi uchun zarur shart-sharoitlar yaratilishiga koʻmaklashadi;
nogironligi boʻlgan shaxslarning odatdagi mehnat sharoitlariga ega tashkilotlarda, nogironligi boʻlgan shaxslarning mehnatidan foydalanuvchi ixtisoslashtirilgan korxonalarda, sexlarda va uchastkalarda ishlashiga, shuningdek, qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan yakka tartibdagi mehnat faoliyatini yoki boshqa faoliyatni amalga oshirishiga koʻmaklashadi;
nogironligi boʻlgan shaxslarning taʼlim olishi, ushbu shaxslarni kasbga tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishga qaratilgan qonunchilik hujjatlarini takomillashtirish boʻyicha takliflar tayyorlaydi;
nogironligi boʻlgan shaxslarni ishga joylashtirish va ularning bandligini taʼminlash, shuningdek mehnat bozorida ularning raqobatbardoshliligini oshirish boʻyicha davlat dasturlarini ishlab chiqishda ishtirok etadi;
g) nogironligi boʻlgan shaxslarning jamiyat va davlat hayotida toʻla huquqli tarzda ishtirok etishi uchun qulay shart-sharoitlar yaratishda ishtirok etish sohasida:
nogironligi boʻlgan shaxslarning nogironlik belgisiga koʻra kamsitilishiga yoʻl qoʻymaslik hamda xizmatlardan, ijtimoiy, iqtisodiy va madaniy sohalar, sogʻliqni saqlash, taʼlim obyektlaridan, shuningdek, axborot va aloqa vositalaridan teng ravishda foydalanish imkoniyatlarini taʼminlashga doir chora-tadbirlarni amalga oshirishga va ishga joylashishiga koʻmaklashadi;
nogironligi boʻlgan shaxslarga uy-joy qurilishi boʻyicha davlat dasturlaridan va boshqa maxsus dasturlardan foydalanish imkoniyatini taʼminlash choralarini koʻradi;
transport vositalari va yoʻl infratuzilmasidan foydalanishda nogironligi boʻlgan shaxslarga qulaylikni taʼminlashga koʻmaklashadi;
nogironligi boʻlgan shaxslarning moddiy madaniy meros obyektlari, turistik hamda sport obyektlari va inshootlaridan, shuningdek, dam olish obyektlaridan foydalanishini taʼminlashga amaliy-metodik yordam koʻrsatadi;
ijtimoiy infratuzilma obyektlariga nogironligi boʻlgan shaxslarning toʻsqinliksiz kirishi uchun yetarli sharoitlar yaratilishi hamda jamoat transportini moslashtirish boʻyicha qonunchilik hujjatlarini takomillashtirish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi.
3-bob. Idoralararo kengashning huquqlari va javobgarligi
7. Idoralararo kengash oʻziga yuklangan vazifalarni bajarish uchun:
Idoralararo kengash vakolatiga kiradigan masalalar boʻyicha hujjatlar, statistik maʼlumotlar, hisobotlar, tahliliy materiallar, oʻz vakolatlari doirasida qabul qilgan qarorlarning ijrosi boʻyicha maʼlumotlar va boshqa axborotlarni vazirliklar va idoralardan soʻrash va olish;
davlat organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlari, nodavlat notijorat tashkilotlar, nogironligi boʻlgan shaxslarning jamoat birlashmalari mansabdor shaxslarini oʻz yigʻilishlariga taklif etish;
nogironligi boʻlgan shaxslarning huquqlarini taʼminlash sohasidagi davlat siyosatini amalga oshirish masalalari boʻyicha respublika hududida tashkil etiladigan yigʻilishlar, konferensiyalar va seminarlarda ishtirok etish uchun oʻz vakillarini yuborish huquqiga ega.
8. Idoralararo kengash oʻziga yuklangan vazifalarning toʻliq va sifatli bajarilishi hamda samarali amalga oshirilishi uchun javob beradi.
4-bob. Idoralararo kengash faoliyatini tashkil etish
9. Idoralararo kengash shaxsiy tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadi.
10. Idoralararo kengash tarkibiga nogironligi boʻlgan shaxslarning huquqlarini taʼminlash sohasidagi davlat siyosatini amalga oshirish oʻz vakolatiga kiradigan vazirliklar, idoralar va tashkilotlar vakillari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari, shuningdek, nodavlat notijorat tashkilotlari, shu jumladan, nogironligi boʻlgan shaxslarning jamoat birlashmalari vakillari kiritiladi.
11. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi direktori Idoralararo kengash raisi hisoblanadi.
Idoralararo kengash raisi:
Idoralararo kengash samarali ishlashini taʼminlaydi;
Idoralararo kengash aʼzolari ishini muvofiqlashtiradi;
Idoralararo kengash ish reglamentini tasdiqlaydi;
Idoralararo kengashning kun tartibini belgilaydi va uning majlislarini chaqiradi.
12. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi Idoralararo kengashning ishchi organi (keyingi oʻrinlarda — ishchi organ) hisoblanadi.
13. Ishchi organ:
Idoralararo kengash majlislariga zarur materiallarning oʻz vaqtida tayyorlanishini tashkil etadi;
Idoralararo kengashning bayonnomalarini rasmiylashtiradi va Idoralararo kengash aʼzolariga yuboradi;
vazirliklar va idoralardan Idoralararo kengashning vazifalarini bajarish uchun zarur boʻlgan axborot va materiallarni belgilangan tartibda soʻraydi va oladi;
Idoralararo kengashda ish yuritilishini taʼminlaydi;
Idoralararo kengashning qarorlariga muvofiq boshqa vazifalar va funksiyalarni amalga oshiradi.
14. Idoralararo kengash oʻz faoliyatini Idoralararo komissiyaning ish reglamentiga va kun tartibiga muvofiq majlislarni tizimli asosda oʻtkazish orqali amalga oshiradi.
Idoralararo kengashning majlislari zaruratga qarab, biroq har yarim yilda kamida bir marta rais tomonidan chaqiriladi.
Majlisni Idoralararo kengash raisi, u boʻlmaganda Idoralararo kengash raisining oʻrinbosari oʻtkazadi.
15. Idoralararo kengashning qarorlari Idoralararo kengashning majlisda ishtirok etayotgan aʼzolarining oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi.
Ovozlar teng boʻlganda raislik qiluvchining ovozi hal qiluvchi ovoz hisoblanadi.
Idoralararo kengashning majlisiga koʻrib chiqilayotgan masalalarning xususiyatiga bogʻliq ravishda Idoralararo kengash aʼzolari hisoblanmagan boshqa tashkilotlarning rahbarlari va mutaxassislari taklif etilishi mumkin.
16. Istisno hollarda, qarorlarni tezlikda qabul qilish maqsadida Idoralararo kengashning raisi ayrim masalalar boʻyicha Idoralararo kengashning qarorlarini soʻrov yoʻli bilan tasdiqlashga haqlidir.
17. Idoralararo kengashning qarorlari uning majlisi bayonnomasi bilan rasmiylashtiriladi. Idoralararo kengash majlisining bayonnomasiga uning barcha aʼzolari tomonidan viza qoʻyiladi, Idoralararo kengash kotibi tomonidan imzolanadi hamda Idoralararo kengashning raisi tomonidan tasdiqlanadi.
Idoralararo kengash bayonnomasining asli va unga tegishli materiallar ishchi organda saqlanadi.
18. Yuklangan vazifalar va funksiyalarni bajarish maqsadida Idoralararo kengashning kotibi:
Idoralararo kengashning raisi bilan kelishish uchun yigʻilishlarning muddatlari, oʻtkazilish joyi va kun tartibi boʻyicha takliflarni shakllantiradi;
Idoralararo kengash aʼzolarini navbatdagi yigʻilishning muddati, oʻtkazilish joyi va kun tartibi boʻyicha xabardor qiladi, ularni zarur materiallar bilan taʼminlaydi;
Idoralararo kengashning bayonnomalarini yuritadi va yigʻilish oʻtkazilishini va ish yuritishini tashkil etadi;
tasdiqlangan bayonnomalarni Idoralararo kengashning aʼzolariga tarqatadi;
Idoralararo kengash bayonnomalarining ijrosi monitoringini olib boradi;
Idoralararo kengash raisining Idoralararo kengash faoliyatiga oid topshiriqlarini bajaradi;
Idoralararo kengashning kun tartibi masalalari boʻyicha tahliliy materiallarni tayyorlaydi.
5-bob. Idoralararo kengash faoliyatining samaradorligiga doir talablar
19. Idoralararo kengash raisi uning faoliyatini samarali tashkil etish, yuklatilgan vazifalar va funksiyalarni sifatli bajarish, uning tarkibini yangilab borish, shuningdek, yuklatilgan vazifalar va funksiyalar toʻliq bajarilgan yoki samarasiz faoliyat yuritilgan hollarda ularni optimallashtirish boʻyicha tegishli davlat organlari va tashkilotlariga taklif kiritish yuzasidan javob beradi.
20. Idoralararo kengash faoliyatining natijadorligi tashkil etilgan paytdan boshlab har yil yakunlari boʻyicha Idoralararo kengash raisi tomonidan Idoralararo kengashga yuklatilgan vazifalar va funksiyalarning bajarilishi sifati mezoniga asosan baholab boriladi.
6-bob. Yakunlovchi qoida
21. Idoralararo kengashni qayta tashkil etish va tugatish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2021-yil 23-dekabr,
769-son