UzbekAI

← Qonunlar

📅 2021-yil 30-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2021 йил 30 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 30 декабря 2021 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 30 December 2021 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Тошкент вилоятида томорқачиликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, соҳада илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, томорқачилик йўналишида малака ошириш жараёнига замонавий ахборот ва рақамли технологияларни жорий этиш, томорқачиликни ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда, илғор хорижий тажриба ва агротехнологиялар бўйича етарли билим ва малакаларга эга бўлган кадрларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш даражасини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳузуридаги Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси таъсисчилигида масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Томорқачиликни ривожлантириш миллий маркази» (кейинги ўринларда — Марказ) ташкил этилганлиги;

б) Марказнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб:

томорқачилик йўналиши бўйича илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш орқали аҳолига томорқа ер участкаларидан йилига камида 3 марта ҳосил олишга эришишга кўмаклашиш;

томорқа ер эгалари, фермер, деҳқон хўжаликлари, «Томорқа хизмати» МЧЖ ишчилари ва қишлоқ хўжалиги кооперативлари аъзолари, қишлоқ хўжалиги соҳасининг бошқа мутахассислари ҳамда банд бўлмаган аҳоли учун зарур бўлганда, юқори малакали маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда, томорқачилик йўналиши бўйича малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш;

мамлакатимиз ва жаҳон илм-фани ҳамда амалиётининг илғор ютуқларидан фойдаланган ҳолда кўчатчилик, уруғчилик ва наслчиликни ривожлантириш, томчилатиб суғоришни кенг жорий қилиш, муқобил энергиядан фойдаланиш, томорқа ер участкаларида балиқ боқиш учун ҳовузлар ташкил этиш соҳасида илмий тадқиқотларни амалга ошириш;

қишлоқ хўжалигида илғор инновацион технологияларни яратиш ташаббускорларини қўллаб-қувватлаш, жисмоний шахсларнинг новаторлик ғояларини аҳолининг томорқа ер участкаларида жорий этишга кўмаклашиш;

томорқа ер эгаларини сифатли уруғлар ва кўчатлар билан таъминлаш ҳамда уларга томорқа йўналиши бўйича агрохизматлар кўрсатиш;

томорқа ер эгалари учун қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш бўйича кўргазмали ўқув-семинарлар ташкил этиш ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш;

қишлоқ хўжалиги мутахассисликлари бўйича таълим оладиган талабалар учун ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги бўйича тадқиқот олиб бораётган илмий тадқиқотчиларга кўмаклашиш;

Марказ устав фондига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари, совиткичли омборхоналар, чорвачилик комплекслари, иссиқхона мажмуаларини қуриш, интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини саралаш ва қадоқлаш, омихта ем ишлаб чиқариш, сутни қайта ишлаш, минерал ўғитлар тайёрлаш асбоб-ускуналари ҳамда ўсимликларни зарарли организмлардан ҳимоя қилиш учун кимёвий воситалар олиб келиш ҳамда сотиш фаолияти билан шуғулланиш белгиланлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон фермерлари кенгаши, Тошкент вилояти ҳокимлигининг Марказни Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани А. Ортиқов қишлоқ фуқаролар йиғинидаги «Саид ота» маҳалласи «Саид ота» кўчасида жойлашган Янгийўл тумани 1-сон касб-ҳунар мактаби (кейинги ўринларда — касб-ҳунар мактаби) биносининг биринчи қаватига текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Ўзбекистон фермерлари кенгаши ва Тошкент вилояти ҳокимлиги:

Марказ касб-ҳунар мактаби биносининг биринчи қаватига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида белгиланган тартибда жойлаштирилишини;

томорқачилик кластери фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида бино ва иншоотлар қуриш учун касб-ҳунар мактабининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган 1,24 гектар ер участкаси Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида белгиланган тартибда Марказга ажратиб берилишини;

касб-ҳунар мактабида ўқувчиларнинг амалдаги ўқув дастурлари асосида таълим олишни давом эттиришини ва таълим жараёни сифатли ташкил қилинишини таъминласин.

4. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан Марказ устав фондини шакллантириш учун ажратиладиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг техник кўмаги ва грантлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

5. Ўзбекистон фермерлари кенгашининг 2021 — 2025 йилларда Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан Марказ устав фондини шакллантириш учун зарур маблағларни йўналтириш ҳамда ушбу маблағлардан Марказга қарашли ер майдони ҳудудида томорқачилик кластери фаолиятини йўлга қўйиш учун бино ҳамда иншоотлар қуриш, аҳолига агрохизматлар кўрсатиш марказини ташкил этиш, янги технологияларни жорий этиш, замонавий тажриба ва кўчатчилик иссиқхоналарини ташкил қилиш, тегишли инфратузилмани реконструкция қилиш учун мақсадли фойдаланиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

6. Белгилансинки:

касб-ҳунар мактабининг мавжуд ўқув йўналишлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириш тизими сақлаб қолинган ҳолда, томорқачилик йўналишини ривожлантириш бўйича бошқа малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари Марказ маблағлари ҳисобидан ташкил этилади;

касб-ҳунар мактабида таълим жараёни ва ўқувчиларнинг амалиёти Марказ билан ҳамкорликда ташкил этилади;

Ўзбекистон фермерлари кенгаши ва унинг таркибидаги ташкилотлар Марказнинг бино ва иншоотларидан текин фойдаланади;

Томорқачиликни ривожлантириш Миллий маркази томорқа хизмати» МЧЖнинг устав капиталидаги Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси улуши номинал (баланс) қийматида Жамғарма маблағларини тижорат банкларига жойлаштириш ҳисобидан олинадиган даромадларнинг Кенгашга йўналтириладиган 30 фоиз қисми ҳисобидан Кенгашга расмийлаштириб берилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг 2022 йил учун тасдиқланадиган харажатлар сметасида Марказнинг ўқув хоналарини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишлари молиялаштирилишини назарда тутсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 декабрдаги 798-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2018 йил 7 июндаги 433-сон қарорида :

а) 2-бандга қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши қўшилсин:

«Жамғарма Васийлик кенгаши билан келишган ҳолда Тошкент шаҳри ҳудудида ер майдони сотиб олиб, маъмурий бино қуриши ёки тайёр бинони харид қилиши мумкин»;

б) Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низомда :

5-банднинг олтинчи хатбошидаги «қишлоқ хўжалиги техникаси,» сўзларидан кейин «қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташишга мўлжалланган транспорт воситалари» сўзлари қўшилсин;

7-бандда :

учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«Жамғарманинг даромадлари бўйича ҳар йилги прогнозларни тасдиқлайди»;

тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«Жамғарма томонидан тижорат банкларига кредит ажратиш, «Томорқа хизмати» МЧЖлар устав фондида иштирок этиш, лизинг хизматларини кўрсатиш ҳамда Жамғарманинг бошқа асосий фаолият йўналишларига маблағлар ажратишнинг ҳар йилги параметрларини белгилайди. Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларга ташаббускорларнинг талабидан келиб чиққан ҳолда, ҳар йилги параметрларга қўшимча равишда маблағлар ажратилиши мумкин»;

13-бандга қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи хатбошлар қўшилсин:

«Жамғарма ходимларининг лавозим маошлари Жамғарма Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланадиган штатлар жадвали асосида белгиланади.

Жамғарма ўз ходимларининг лавозим маошларига 3 бараваргача ўсиб борувчи коэффициентни қўллашга ҳақли»;

17-бандда :

иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига 3 йилгача муддатга, шу жумладан 1 йиллик имтиёзли давр билан, боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш учун 7 йилгача муддатга, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли давр билан 2019 йилнинг 31 декабрига қадар йиллик 7 фоизлик ставкада, банкнинг 2 фоизлик маржасини ҳисобга олган ҳолда кредитлар ажратиш учун ресурсларни «Микрокредитбанк» АТБ, «Агробанк» АТБ, «Туронбанк» АТБ ҳамда АТ «Халқ банки»га жойлаштириш. 2020 йил 1 январдан бошлаб ресурсларни жойлаштириш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан 4 фоизлик бандни чегириб ташлаган ҳолда, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса йиллик 10 фоиз ставкада амалга оширилади»;

учинчи хатбошидаги «4 фоизлик бандни чегириб ташлаган ҳолда» сўзларидан кейин «, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса йиллик 10 фоиз ставкада» сўзлари қўшилсин;

қуйидаги мазмундаги тўққизинчи — ўн иккинчи хатбошлари қўшилсин:

«тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчисининг тавсиясига кўра «Томорқа хизмати» МЧЖларга уруғлик ва кўчат, мотокультиватор ва минитрактор, инкубатор харид қилиш ҳамда айланма маблағ учун 300 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратишга;

етакчи тадбиркорлик субъектларига аҳоли томорқаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кооперация асосида етиштириш ва етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш учун айланма маблағларни тўлдиришга кредитлар ажратишга;

2026 йил 1 январга қадар томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш мақсадида томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларига омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари харид қилиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида, бироқ 150 млн сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда субсидия беришга;

«Томорқа хизмати» МЧЖлар, фермер хўжаликлари ва деҳқон хўжаликлари, ишлаб чиқариш кооперативлари раҳбарлари ва ходимларининг, шу жумладан томорқа ер эгаларини билим ва малакасини ошириш учун ўқув курсларини ўтказиш, шунингдек, ўқув марказларининг бу борадаги фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни субсидиялашга»;

тўққизинчи — йигирманчи хатбошилар тегишли равишда ўн учинчи — йигирма тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

йигирма биринчи хатбошидаги «ўн иккинчи хатбошида» сўзлари «йигирманчи хатбошида» сўзлари билан алмаштирилсин;

йигирма тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«2020 йил 1 январдан бошлаб кредитлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасида, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса, тижорат банклари томонидан йиллик 14 фоиз ставкада берилади»;

21-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Жамғарма маблағлари ҳисобидан кредитлар ҳудудий фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари билан келишилган ҳолда берилади, томорқа ер эгалари — жисмоний шахсларга 33 миллион сўмгача, фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа тадбиркорлик субъектларига 225 миллион сўмгача миқдорда ажратиладиган кредитлар бундан мустасно. Ушбу суммадаги кредитлар ҳар бир маҳаллага маҳаллабай ишлаш бўйича бириктирилган ҳоким ёрдамчиси томонидан бериладиган тавсиялар асосида ажратилади»;

22-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«Бош келишувни тузган республика тижорат банклари ёки уларнинг вилоят филиаллари маблағлар олиш учун Жамғармага ҳудудий фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари билан келишилганлигини тасдиқловчи ахборот ва ҳудудлар бўйича қарз олувчилар — лойиҳа ташаббускорлари кўрсатилган буюртманомани тақдим этадилар»;

24-бандга қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи хатбошилар қўшилсин:

«Жамғарма маблағлари фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари, «Томорқа хизмати» масъулияти чекланган жамиятлари, қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳамда бошқа ташаббускорларга махсус электрон ахборот дастурлари орқали расмийлаштириб берилиши мумкин.

Томорқа ер эгаларига онлайн тарзда микрокредитлар ажратиш учун ресурслар ҳудудий фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларининг таклифларига асосан Жамғарма томонидан республика тижорат банкларига туманлар кесимида жойлаштирилади».

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2021 йил 30 декабрь,

798-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2021 й., 09/21/798/1226-сон, 19.04.2022 й., 09/22/195/0319-сон; 18.02.2025 й., 06/25/22/0156-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Toshkent viloyatida tomorqachilikni rivojlantirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida

Tomorqa yer uchastkalaridan samarali foydalanish uchun qulay shart-sharoitlar yaratish, sohada ilm-fan va ishlab chiqarish integratsiyasini taʼminlash, tomorqachilik yoʻnalishida malaka oshirish jarayoniga zamonaviy axborot va raqamli texnologiyalarni joriy etish, tomorqachilikni rivojlantirish istiqbollarini hisobga olgan holda, ilgʻor xorijiy tajriba va agrotexnologiyalar boʻyicha yetarli bilim va malakalarga ega boʻlgan kadrlarni qayta tayyorlash tizimini takomillashtirish hamda aholiga xizmat koʻrsatish darajasini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

a) Oʻzbekiston fermerlari kengashi huzuridagi Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi taʼsischiligida masʼuliyati cheklangan jamiyat shaklidagi “Tomorqachilikni rivojlantirish milliy markazi” (keyingi oʻrinlarda — Markaz) tashkil etilganligi;

b) Markazning asosiy vazifalari va faoliyat yoʻnalishlari etib:

tomorqachilik yoʻnalishi boʻyicha ilmiy va innovatsion faoliyatni samarali tashkil etish orqali aholiga tomorqa yer uchastkalaridan yiliga kamida 3-marta hosil olishga erishishga koʻmaklashish;

tomorqa yer egalari, fermer, dehqon xoʻjaliklari, “Tomorqa xizmati” MCHJ ishchilari va qishloq xoʻjaligi kooperativlari aʼzolari, qishloq xoʻjaligi sohasining boshqa mutaxassislari hamda band boʻlmagan aholi uchun zarur boʻlganda, yuqori malakali mahalliy va xorijiy mutaxassislarni jalb etgan holda, tomorqachilik yoʻnalishi boʻyicha malaka oshirish va qayta tayyorlash kurslarini tashkil etish;

mamlakatimiz va jahon ilm-fani hamda amaliyotining ilgʻor yutuqlaridan foydalangan holda koʻchatchilik, urugʻchilik va naslchilikni rivojlantirish, tomchilatib sugʻorishni keng joriy qilish, muqobil energiyadan foydalanish, tomorqa yer uchastkalarida baliq boqish uchun hovuzlar tashkil etish sohasida ilmiy tadqiqotlarni amalga oshirish;

qishloq xoʻjaligida ilgʻor innovatsion texnologiyalarni yaratish tashabbuskorlarini qoʻllab-quvvatlash, jismoniy shaxslarning novatorlik gʻoyalarini aholining tomorqa yer uchastkalarida joriy etishga koʻmaklashish;

tomorqa yer egalarini sifatli urugʻlar va koʻchatlar bilan taʼminlash hamda ularga tomorqa yoʻnalishi boʻyicha agroxizmatlar koʻrsatish;

tomorqa yer egalari uchun qishloq xoʻjaligi ekinlarini yetishtirish boʻyicha koʻrgazmali oʻquv-seminarlar tashkil etish hamda tavsiyalar ishlab chiqish;

qishloq xoʻjaligi mutaxassisliklari boʻyicha taʼlim oladigan talabalar uchun ishlab chiqarish amaliyotini tashkil etish, shuningdek, qishloq xoʻjaligi boʻyicha tadqiqot olib borayotgan ilmiy tadqiqotchilarga koʻmaklashish;

Markaz ustav fondiga ajratiladigan mablagʻlar hisobidan meva-sabzavot mahsulotlarini qayta ishlash korxonalari, sovitkichli omborxonalar, chorvachilik komplekslari, issiqxona majmualarini qurish, intensiv bogʻ va tokzorlar barpo etish, shuningdek, meva-sabzavot mahsulotlarini saralash va qadoqlash, omixta yem ishlab chiqarish, sutni qayta ishlash, mineral oʻgʻitlar tayyorlash asbob-uskunalari hamda oʻsimliklarni zararli organizmlardan himoya qilish uchun kimyoviy vositalar olib kelish hamda sotish faoliyati bilan shugʻullanish belgilanligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Oʻzbekiston fermerlari kengashi, Toshkent viloyati hokimligining Markazni Toshkent viloyatining Yangiyoʻl tumani A. Ortiqov qishloq fuqarolar yigʻinidagi “Said ota” mahallasi “Said ota” koʻchasida joylashgan Yangiyoʻl tumani 1-son kasb-hunar maktabi (keyingi oʻrinlarda — kasb-hunar maktabi) binosining birinchi qavatiga tekin foydalanish huquqi bilan joylashtirish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Davlat soliq qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligi, Oʻzbekiston fermerlari kengashi va Toshkent viloyati hokimligi:

Markaz kasb-hunar maktabi binosining birinchi qavatiga tekin foydalanish huquqi asosida belgilangan tartibda joylashtirilishini;

tomorqachilik klasteri faoliyatini yoʻlga qoʻyish maqsadida bino va inshootlar qurish uchun kasb-hunar maktabining qishloq xoʻjaligiga moʻljallanmagan 1,24 gektar yer uchastkasi Oʻzbekiston Respublikasining Yer kodeksida belgilangan tartibda Markazga ajratib berilishini;

kasb-hunar maktabida oʻquvchilarning amaldagi oʻquv dasturlari asosida taʼlim olishni davom ettirishini va taʼlim jarayoni sifatli tashkil qilinishini taʼminlasin.

4. Quyidagilar Markaz faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:

Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasidan Markaz ustav fondini shakllantirish uchun ajratiladigan mablagʻlar;

xoʻjalik faoliyatidan va shartnoma asosida xizmatlar koʻrsatishdan tushadigan tushumlar;

xalqaro moliya institutlari va donor tashkilotlarning texnik koʻmagi va grantlari;

jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;

qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.

5. Oʻzbekiston fermerlari kengashining 2021 — 2025-yillarda Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasidan Markaz ustav fondini shakllantirish uchun zarur mablagʻlarni yoʻnaltirish hamda ushbu mablagʻlardan Markazga qarashli yer maydoni hududida tomorqachilik klasteri faoliyatini yoʻlga qoʻyish uchun bino hamda inshootlar qurish, aholiga agroxizmatlar koʻrsatish markazini tashkil etish, yangi texnologiyalarni joriy etish, zamonaviy tajriba va koʻchatchilik issiqxonalarini tashkil qilish, tegishli infratuzilmani rekonstruksiya qilish uchun maqsadli foydalanish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

6. Belgilansinki:

kasb-hunar maktabining mavjud oʻquv yoʻnalishlari doirasida Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan moliyalashtirish tizimi saqlab qolingan holda, tomorqachilik yoʻnalishini rivojlantirish boʻyicha boshqa malaka oshirish va qayta tayyorlash kurslari Markaz mablagʻlari hisobidan tashkil etiladi;

kasb-hunar maktabida taʼlim jarayoni va oʻquvchilarning amaliyoti Markaz bilan hamkorlikda tashkil etiladi;

Oʻzbekiston fermerlari kengashi va uning tarkibidagi tashkilotlar Markazning bino va inshootlaridan tekin foydalanadi;

Tomorqachilikni rivojlantirish Milliy markazi tomorqa xizmati” MCHJning ustav kapitalidagi Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi ulushi nominal (balans) qiymatida Jamgʻarma mablagʻlarini tijorat banklariga joylashtirish hisobidan olinadigan daromadlarning Kengashga yoʻnaltiriladigan 30 foiz qismi hisobidan Kengashga rasmiylashtirib beriladi.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasining 2022-yil uchun tasdiqlanadigan xarajatlar smetasida Markazning oʻquv xonalarini zamonaviy asbob-uskunalar bilan jihozlash ishlari moliyalashtirilishini nazarda tutsin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari Sh.M. Gʻaniyev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 30-dekabrdagi 798-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi huzuridagi fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2018-yil 7-iyundagi 433-son qarorida :

a) 2-bandga quyidagi mazmundagi ikkinchi xatboshi qoʻshilsin:

“Jamgʻarma Vasiylik kengashi bilan kelishgan holda Toshkent shahri hududida yer maydoni sotib olib, maʼmuriy bino qurishi yoki tayyor binoni xarid qilishi mumkin”;

b) Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi huzuridagi Fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomda :

5-bandning oltinchi xatboshidagi “qishloq xoʻjaligi texnikasi,” soʻzlaridan keyin “qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini tashishga moʻljallangan transport vositalari” soʻzlari qoʻshilsin;

7-bandda :

uchinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon qilinsin:

“Jamgʻarmaning daromadlari boʻyicha har yilgi prognozlarni tasdiqlaydi”;

toʻrtinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon qilinsin:

“Jamgʻarma tomonidan tijorat banklariga kredit ajratish, “Tomorqa xizmati” MCHJlar ustav fondida ishtirok etish, lizing xizmatlarini koʻrsatish hamda Jamgʻarmaning boshqa asosiy faoliyat yoʻnalishlariga mablagʻlar ajratishning har yilgi parametrlarini belgilaydi. Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladigan loyihalarga tashabbuskorlarning talabidan kelib chiqqan holda, har yilgi parametrlarga qoʻshimcha ravishda mablagʻlar ajratilishi mumkin”;

13-bandga quyidagi mazmundagi ikkinchi va uchinchi xatboshlar qoʻshilsin:

“Jamgʻarma xodimlarining lavozim maoshlari Jamgʻarma Vasiylik kengashi tomonidan tasdiqlanadigan shtatlar jadvali asosida belgilanadi.

Jamgʻarma oʻz xodimlarining lavozim maoshlariga 3 baravargacha oʻsib boruvchi koeffitsiyentni qoʻllashga haqli”;

17-bandda :

ikkinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalariga 3 yilgacha muddatga, shu jumladan 1 yillik imtiyozli davr bilan, bogʻdorchilik, uzumchilik va limonchilikni tashkil etish uchun 7 yilgacha muddatga, shu jumladan 3 yillik imtiyozli davr bilan 2019-yilning 31-dekabriga qadar yillik 7 foizlik stavkada, bankning 2 foizlik marjasini hisobga olgan holda kreditlar ajratish uchun resurslarni “Mikrokreditbank” ATB, “Agrobank” ATB, “Turonbank” ATB hamda AT “Xalq banki”ga joylashtirish. 2020-yil 1-yanvardan boshlab resurslarni joylashtirish Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining qayta moliyalashtirish stavkasidan 4 foizlik bandni chegirib tashlagan holda, 2022-yil 1-yanvardan boshlab esa yillik 10 foiz stavkada amalga oshiriladi”;

uchinchi xatboshidagi “4 foizlik bandni chegirib tashlagan holda” soʻzlaridan keyin “, 2022-yil 1-yanvardan boshlab esa yillik 10 foiz stavkada” soʻzlari qoʻshilsin;

quyidagi mazmundagi toʻqqizinchi — oʻn ikkinchi xatboshlari qoʻshilsin:

“tadbirkorlikni rivojlantirish, aholi bandligini taʼminlash va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha tuman (shahar) hokimi yordamchisining tavsiyasiga koʻra “Tomorqa xizmati” MCHJlarga urugʻlik va koʻchat, motokultivator va minitraktor, inkubator xarid qilish hamda aylanma mablagʻ uchun 300 million soʻmgacha garovsiz kredit ajratishga;

yetakchi tadbirkorlik subyektlariga aholi tomorqalarida qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini kooperatsiya asosida yetishtirish va yetishtirilgan mahsulotlarni xarid qilish uchun aylanma mablagʻlarni toʻldirishga kreditlar ajratishga;

2026-yil 1-yanvarga qadar tomorqada yetishtirilgan mahsulotlarni kafolatli xarid qilish maqsadida tomorqa yer egalari bilan kooperatsiya asosida ish tashkil etgan tadbirkorlik subyektlariga omborxonalarni jihozlash, shuningdek, quritish, saralash va qadoqlash uskunalari xarid qilish xarajatlarining 30 foizi miqdorida, biroq 150 mln soʻmdan ortiq boʻlmagan hajmda subsidiya berishga;

“Tomorqa xizmati” MCHJlar, fermer xoʻjaliklari va dehqon xoʻjaliklari, ishlab chiqarish kooperativlari rahbarlari va xodimlarining, shu jumladan tomorqa yer egalarini bilim va malakasini oshirish uchun oʻquv kurslarini oʻtkazish, shuningdek, oʻquv markazlarining bu boradagi faoliyatini tashkil etish bilan bogʻliq xarajatlarni subsidiyalashga”;

toʻqqizinchi — yigirmanchi xatboshilar tegishli ravishda oʻn uchinchi — yigirma toʻrtinchi xatboshilar deb hisoblansin;

yigirma birinchi xatboshidagi “oʻn ikkinchi xatboshida” soʻzlari “yigirmanchi xatboshida” soʻzlari bilan almashtirilsin;

yigirma toʻrtinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“2020-yil 1-yanvardan boshlab kreditlar Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining asosiy stavkasida, 2022-yil 1-yanvardan boshlab esa, tijorat banklari tomonidan yillik 14 foiz stavkada beriladi”;

21-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan kreditlar hududiy fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashlari bilan kelishilgan holda beriladi, tomorqa yer egalari — jismoniy shaxslarga 33 million soʻmgacha, fermer, dehqon xoʻjaliklari va boshqa tadbirkorlik subyektlariga 225 million soʻmgacha miqdorda ajratiladigan kreditlar bundan mustasno. Ushbu summadagi kreditlar har bir mahallaga mahallabay ishlash boʻyicha biriktirilgan hokim yordamchisi tomonidan beriladigan tavsiyalar asosida ajratiladi”;

22-band quyidagi tahrirda bayon qilinsin:

“Bosh kelishuvni tuzgan respublika tijorat banklari yoki ularning viloyat filiallari mablagʻlar olish uchun Jamgʻarmaga hududiy fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashlari bilan kelishilganligini tasdiqlovchi axborot va hududlar boʻyicha qarz oluvchilar — loyiha tashabbuskorlari koʻrsatilgan buyurtmanomani taqdim etadilar”;

24-bandga quyidagi mazmundagi ikkinchi va uchinchi xatboshilar qoʻshilsin:

“Jamgʻarma mablagʻlari fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari, “Tomorqa xizmati” masʼuliyati cheklangan jamiyatlari, qishloq xoʻjaligi kooperativlari hamda boshqa tashabbuskorlarga maxsus elektron axborot dasturlari orqali rasmiylashtirib berilishi mumkin.

Tomorqa yer egalariga onlayn tarzda mikrokreditlar ajratish uchun resurslar hududiy fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashlarining takliflariga asosan Jamgʻarma tomonidan respublika tijorat banklariga tumanlar kesimida joylashtiriladi”.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2021-yil 30-dekabr,

798-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 30.12.2021-y., 09/21/798/1226-son, 19.04.2022-y., 09/22/195/0319-son; 18.02.2025-y., 06/25/22/0156-son)

lex.uz