📅 2022-yil 11-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 11-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 11 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 11 января 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 11 January 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5812-сон Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда ўрта махсус профессионал таълим босқичида малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, олий ва профессионал таълим муассасаларининг ўзаро интеграциясини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5812-сон Фармони 3-бандига мувофиқ 2022/2023 ўқув йили қабулидан бошлаб техникумларда ўрта махсус таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-босқичдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
техникумни муваффақиятли тамомлаган шахслар тоифаси (техникумдаги бутун ўқиш даврида ўқув семестрлари якунига кўра ўзлаштириш баҳолари «5 (аъло)» ва «4 (яхши)», бироқ ўзлаштириш баҳоларининг камида 50 фоизи (тиббиёт олий таълим муассасалари учун камида 85 фоизи) «5 (аъло)» бўлган битирувчилар)ни белгилаш;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайти орқали битирувчиларни онлайн рўйхатдан ўтказиш;
олий таълим муассасалари қабул комиссиялари томонидан битирувчиларнинг тизимга юкланган ҳужжатларини ўрганиш ва ўрганиш натижалари бўйича битирувчига хабар бериш;
олий таълим муассасалари ректорлари (филиал директорлари) томонидан бакалавриат таълим йўналишлари бўйича 9 нафардан кам бўлмаган таркибда Суҳбат комиссиясини тузиш;
битирувчиларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича ўтказиладиган суҳбат жараёнлари олий таълим муассасалари қабул комиссиялари ҳамда Суҳбат комиссиялари томонидан ташкил этилиши;
талабаликка тавсия этилган битирувчилар рўйхатини олий таълим муассасасининг расмий веб-сайтида эълон қилиш ҳамда уларга тўлов-контракт бланкаларини бериш;
тўлов-контракт шартларини тўлиқ бажарган битирувчиларнинг олий таълим муассасалари ректорлари (филиал директорлари) томонидан тегишли бакалавриат таълим йўналишининг 2-босқичига талабаликка ўқишга қабул қилиниши.
3. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:
уч ой муддатда техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларисиз, якка тартибдаги суҳбат орқали ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишларига қабул қилиш учун уларни онлайн рўйхатдан ўтказиш бўйича Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан электрон тизимни ишлаб чиқсин ва ишга туширсин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Ҳ. Тошкулов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 январдаги 17-сон қарорига ИЛОВА
Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни (кейинги ўринларда — битирувчилар) ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларисиз, якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларининг 2-босқичидан ўқишини давом эттириш учун қабул қилиш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом олий ҳарбий, олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига, Тошкент давлат юридик университетига, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларига нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Битирувчилар олий таълим муассасаларининг 2-босқичидан ўқишни давом эттириши мумкин бўлган ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади.
3. Битирувчиларни олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларисиз, якка тартибдаги суҳбат орқали бакалавриат таълим йўналишларининг 2-босқичидан ўқишга қабул қилиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Тўлов-контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдори бир талабани ўқитиш билан боғлиқ харажатлар миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.
4. Техникумни муваффақиятли тамомлаганлар тоифасига техникумдаги бутун ўқиш даврида ўқув семестрлари якунига кўра ўзлаштириш баҳолари «5 (аъло)» ва «4 (яхши)», бироқ ўзлаштириш баҳоларининг камида 50 фоизи (тиббиёт олий таълим муассасалари учун камида 85 фоизи) «5 (аъло)» бўлган битирувчилар киради.
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб битирувчиларни олий таълим муассасаси бакалавриат таълим йўналишига кириш имтиҳонларисиз, якка тартибдаги суҳбат орқали қабул қилиш тартиби техникумни тамомлаган йилдан бошлаб икки йил мобайнида татбиқ этилади.
Юқорида қайд этилган тоифага кирмайдиган ҳамда техникумни битирганига икки йилдан ошганлар ўқишга кириш истагини билдирганда, уларни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш умумий белгиланган тартибда амалга оширилади.
5. Битирувчиларни ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
2-боб. Ҳужжатларни қабул қилиш
6. Битирувчиларни олий таълим муассасасининг 2-босқичидан ўқишга қабул қилиш учун ҳар йили олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) буйруғи билан қабул комиссияси тузилади.
Олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) қабул комиссиясининг раиси ҳисобланади.
7. Битирувчилар ҳар йили 5 июлдан 25 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтадилар.
8. Битирувчилар олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича рўйхатдан ўтишида тизимга шахсий маълумотларини киритиши ва қуйидаги ҳужжатларни юклаши талаб этилади:
паспорт ёки ID-карта нусхаси;
техникумни битирганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унга илованинг нусхаси.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан вазирликнинг расмий веб-сайти орқали битирувчиларни рўйхатдан ўтказиш жараёнлари мувофиқлаштирилиб борилади.
9. Онлайн рўйхатдан ўтган битирувчиларнинг тизимга юкланган ҳужжатлари олий таълим муассасалари қабул комиссиялари томонидан ҳар йили 5 августга қадар ўрганиб чиқилади ва ўрганиш натижалари бўйича абитуриентларнинг шахсий кабинети орқали уларга хабар берилади.
10. Битирувчилар томонидан топширилган ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланганда, у суҳбатдан (талабаликка қабул қилингандан кейин аниқланса, талабаликдан) четлаштирилади ҳамда ҳужжатлари белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.
3-боб. Суҳбат жараёнини ташкил этиш ва ўтказиш
11. Олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) ҳар йили 10 августга қадар ўз буйруғи билан ҳар бир таълим йўналиши бўйича алоҳида Суҳбат комиссиясини тузади.
Суҳбат комиссияси 9 нафардан кам бўлмаган таркибда тузилади ва унинг таркибига кадрларнинг асосий иш берувчилари бўлган ташкилотлар ва олий таълим муассасаси бўйсунуви бўйича вазирликлар ва идораларнинг масъул ходимлари, соҳага тааллуқли техникумнинг малакали ўқитувчиси ҳамда бошқа олий таълим муассасасининг тегишли соҳа бўйича профессор-ўқитувчиси киритилади.
12. Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича суҳбат жараёни тўлиқ видеокузатув остида ўтказилади ва жараён ота-оналар, кузатувчилар учун ажратилган алоҳида кутиш жойига овозли тарзда онлайн трансляция қилиб борилади.
Суҳбат жараёни тўлиқ ва сифатли видеокузатув остида ўтказилишини ва видеоёзувларнинг камида уч йил олий таълим муассасасида сақланишини таъминлаш масъулияти шахсан олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) зиммасига юклатилади.
13. Битирувчиларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича ўтказиладиган суҳбат жараёни ҳар йили 10 августдан 25 августгача, олий таълим муассасаси томонидан белгиланган муддатда, Суҳбат комиссияси таркибининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ўтказилади.
Суҳбат ўтказиш муддатлари суҳбат жараёнлари бошланишидан камида бир ҳафта олдин олий таълим муассасасининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Суҳбат жараёнига жамоатчилик вакиллари ҳам холис кузатувчи сифатида жалб этилиши мумкин.
14. Белгиланган муддатларда суҳбатга келмаган битирувчиларга шу ўқув йили учун қайта суҳбат ўтказилмайди ва улар олий таълим муассасаси бакалавриат таълим йўналишининг 2-босқичидан ўқишга қабул қилинмайди.
Битирувчи узрли сабабларга кўра (касаллиги, хизмат сафарида бўлганлиги ёки оила аъзоларининг вафот этганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этганда) суҳбатда иштирок эта олмайдиган бўлса ёки иштирок этмаса, суҳбат ўтказилган санадан уч кундан кечикмай олий таълим муассасасида тузилган қабул комиссиясига мурожаат этиши лозим. Мазкур тоифадаги битирувчилар учун суҳбат жараёнлари тўлиқ якунланганидан сўнг бир ҳафта муддат ичида қўшимча суҳбат ўтказилади.
15. Суҳбат жараёнида битирувчиларнинг ҳар бирига қуйидаги мавзулар бўйича биттадан жами тўртта савол берилади:
мамлакатда ўз соҳасига оид амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушуниш;
бакалавриат таълим йўналишини танлашда мотивация (соҳа касбининг моҳияти ва ижтимоий аҳамиятини тушуниш, унга доимий қизиқиш кўрсатиш);
шахсий-касбий хусусиятлар (ўқишга қобилият, касбий вазифаларни ҳал қилишда амалий фаолият, интизомлилик, ҳамжиҳатлик, масъулиятлилик, қарор қабул қилишда мустақиллик даражаси, шахсий ютуқлар мавжудлиги, шунингдек, ўз устида ишлаш ва ижодкорлик қобилиятлари);
танланган бакалавриат таълим йўналиши соҳасидаги билим ва касбий кўникмаларнинг мавжудлиги.
Жами тўплаш мумкин бўлган энг юқори балл 100 баллни ташкил этади.
Мазкур саволлар бўйича баҳолаш мезонлари тегишли олий таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқилиб, тасдиқланади ҳамда уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
16. Саволлар олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан ишлаб чиқилиб, қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланади.
Саволлар мазкур Низомнинг 15-бандида назарда тутилган мавзуларга мос тузилганлиги бўйича масъулият қабул комиссияси раиси зиммасига юклатилади.
17. Суҳбат жараёнида Суҳбат комиссиясининг ҳар бир аъзосига ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ намунавий шаклдаги битирувчининг суҳбат натижаларини қайд этиш варағи (кейинги ўринларда — суҳбат натижаларини қайд этиш варағи) берилади.
Суҳбат комиссияси аъзолари томонидан суҳбат натижаларини қайд этиш варағига ҳар бир битирувчи билан ўтказилган суҳбат натижасига кўра балл белгилаб борилади ва имзоланади.
18. Муайян таълим йўналиши (гуруҳ) бўйича суҳбат жараёни якунлангач Суҳбат комиссияси аъзолари томонидан тўлдирилган суҳбат натижаларини қайд этиш варақларидаги баллар ҳисоблаб чиқилади ва шу асосида ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ намунавий шаклдаги битирувчи билан ўтказилган суҳбатнинг якуний натижаларини қайд этиш варағи (кейинги ўринларда — суҳбатнинг якуний натижаларини қайд этиш варағи) тўлдирилиб, Суҳбат комиссияси томонидан тасдиқланади.
Суҳбат комиссияси томонидан тасдиқланган суҳбатнинг якуний натижаларини қайд этиш варағига асосан Суҳбат комиссиясининг иштирок этган аъзолари томонидан қўйилган балларнинг ўртачаси 67 балл ва ундан юқори бўлганда абитуриент суҳбатдан ўтган ҳисобланади.
Муайян таълим йўналиши (гуруҳ) бўйича ўтказилган суҳбат натижаларига кўра суҳбатдан ўтганлар рўйхати шу куннинг ўзида абитуриентларга ўқиб эшиттирилади.
19. Олий таълим муассасасида суҳбатлар ўтказилиши даврида белгиланган тартибда апелляция шикоятларини кўриб чиқиш учун апелляция комиссияси ташкил этилади.
Апелляция шикоятлари суҳбат натижалари эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат ичида олий таълим муассасасида тўғридан-тўғри ёзма шаклда ёки Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайти орқали онлайн шаклда қабул қилинади ва аппеляция комиссияси томонидан мурожаат қилганларнинг сонидан келиб чиққан ҳолда бир кундан уч кунгача бўлган муддатда видеоёзув асосида кўриб чиқилади.
20. Суҳбат натижаларига кўра талабаликка тавсия этилганлар тўғрисидаги маълумотлар натижалар эълон қилинган кундан бошлаб уч кун муддатда олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан бўйсунуви бўйича вазирлик, идорага тақдим этилади.
21. Суҳбат комиссиясининг суҳбат натижаларини қайд этиш ҳамда суҳбатнинг якуний натижаларини қайд этиш варақлари уч йил олий таълим муассасасида сақланади.
22. Суҳбат комиссияси аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш олий таълим муассасалари талабаларига ўқув машғулотларини олиб борганлик учун белгиланган соатбай ҳақ тўлаш шартларида олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари тўлов-контракт маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
4-боб. Тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилиш
23. Суҳбат комиссияси томонидан тасдиқланган суҳбатнинг якуний натижаларини қайд этиш варағига асосан битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишининг 2-босқичидан ўқишини давом эттириш учун олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан талабаликка тавсия этилади.
24. Талабаликка тавсия этилганларнинг умумий рўйхати суҳбат жараёни тўлиқ якунлангандан сўнг бир кун муддатда олий таълим муассасасининг веб-сайтида эълон қилинади ва шу кундан бошлаб уларга белгиланган намунадаги тўлов-контракт бланкалари олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан берилади.
25. Талабаликка тавсия этилганлар учун тўлов ҳар йили контракт шартларида кўрсатилган муддатларда амалга оширилади.
Контракт шартлари, томонларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, уларни амалга ошириш тартиби қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
26. Суҳбат комиссияси томонидан тасдиқланган суҳбатнинг якуний натижаларини қайд этиш варағига асосан талабаликка тавсия этилганлар белгиланган муддатларда тўлов-контракт шартлари бажарилгандан сўнг олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан муайян бакалавриат таълим йўналишининг 2-босқичига ўқишга қабул қилинади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
27. Мазкур Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
28. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддати 1-босқич Техникумни муваффақиятли тамомлаган (ўзлаштириш баҳолари «5 (аъло)» ва «4 (яхши)», бироқ баҳоларнинг камида 50 фоизи (тиббиёт олий таълим муассасалари учун камида 85 фоизи) «5 (аъло)» бўлган) битирувчи Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтади. Ҳар йили 5 июлдан 25 июлга қадар 2-босқич Олий таълим муассасалари қабул комиссиялари 1. Битирувчиларнинг тизимга юкланган ҳужжатларини ўрганади. 2. Ўрганиш натижалари бўйича битирувчига шахсий кабинети орқали хабар беради. Ҳар йили 5 августга қадар 3-босқич Олий таълим муассасалари ректорлари (филиаллар директорлари) Бакалавриат таълим йўналишлари бўйича 9 нафардан кам бўлмаган таркибда Суҳбат комиссиясини тузади. Ҳар йили 10 августга қадар 4-босқич Олий таълим муассасалари қабул комиссиялари ҳамда Суҳбат комиссиялари Битирувчиларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича ўтказиладиган суҳбат жараёнларини ташкил этади. Ҳар йили 10 августдан 25 августга қадар 5-босқич Олий таълим муассасалари қабул комиссиялари 1. Талабаликка тавсия этилганлар рўйхатини олий таълим муассасасининг расмий веб-сайтида эълон қилади. 2. Тўлов-контракт бланкаларини талабаликка тавсия этилганларга беради. Суҳбат жараёни тўлиқ якунлангандан сўнг 1 кун муддатда 6-босқич Олий таълим муассасалари ректорлари (филиаллар директорлари) Тўлов-контракт шартларини тўлиқ бажарган талабаларни тегишли бакалавриат таълим йўналишининг 2-босқичига ўқишга қабул қилади. Шартнома тўлови амалга оширилгандан сўнг 10 кун муддатда
Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар билан олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиҳонларидаги суҳбат натижаларини қайд этиш варағи ________________________________________________________________________________________(олий таълим муассасаси номи) ________________________________________________________________________________________ (таълим йўналиши номи) __________________________ (таълим шакли) ___________________________ (таълим тили) __________________________ (сана) Т/р Битирувчининг Ф.И.О. Битирувчига қўйилган балл Суҳбат комиссияси аъзосининг имзоси Жами 1-савол 2-савол 3-савол 4-савол 1. 2. 3. 4 . ... ... ... ... ... ... ... ... Суҳбат комиссияси аъзоси ___________________________________________________ _________________ (Ф.И.О.) (имзо)
Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар билан олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиҳонларида ўтказилган суҳбатнинг якуний натижаларини қайд этиш варағи ________________________________________________________________________________________ (олий таълим муассасаси номи) ________________________________________________________________________________________ (таълим йўналиши номи) ________________________ (таълим шакли) ___________________________ (таълим тили) __________________________ (сана) Т/р Битирувчининг Ф.И.О. Комиссия аъзолари сони Жами тўплаган бали Ўртача бали 1. 2. 3. 4. ... ... ... ... ... Суҳбат комиссияси раиси ___________________________________________________ ______________ (Ф.И.О.) (имзо) Суҳбат комиссияси аъзолари ____________________________________________________ ______________ (Ф.И.О.) (имзо) ____________________________________________________ ______________ (Ф.И.О.) (имзо) ____________________________________________________ ______________ (Ф.И.О.) (имзо) ____________________________________________________ ______________ (Ф.И.О.) (имзо)
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 11 январь,
17-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Texnikumlarni muvaffaqiyatli tamomlagan bitiruvchilarni oliy taʼlim muassasalarining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlariga suhbat asosida oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Professional taʼlim tizimini yanada takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 6-sentabrdagi PF-5812-son Farmonida belgilangan vazifalar ijrosini taʼminlash hamda oʻrta maxsus professional taʼlim bosqichida malakali va raqobatbardosh kadrlar tayyorlash, oliy va professional taʼlim muassasalarining oʻzaro integratsiyasini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Professional taʼlim tizimini yanada takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 6-sentabrdagi PF-5812-son Farmoni 3-bandiga muvofiq 2022/2023 oʻquv yili qabulidan boshlab texnikumlarda oʻrta maxsus taʼlim dasturlarini muvaffaqiyatli tamomlagan bitiruvchilar oʻz sohasiga mos bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari boʻyicha kirish imtihonlarisiz yakka tartibdagi suhbat orqali oliy taʼlim muassasalarida 2-bosqichdan oʻqishini davom ettirish huquqiga ega boʻlishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Texnikumlarni muvaffaqiyatli tamomlagan bitiruvchilarni oliy taʼlim muassasalarining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlariga suhbat asosida oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
texnikumni muvaffaqiyatli tamomlagan shaxslar toifasi (texnikumdagi butun oʻqish davrida oʻquv semestrlari yakuniga koʻra oʻzlashtirish baholari “5 (aʼlo)” va “4 (yaxshi)”, biroq oʻzlashtirish baholarining kamida 50 foizi (tibbiyot oliy taʼlim muassasalari uchun kamida 85 foizi) “5 (aʼlo)” boʻlgan bitiruvchilar)ni belgilash;
Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining rasmiy veb-sayti orqali bitiruvchilarni onlayn roʻyxatdan oʻtkazish;
oliy taʼlim muassasalari qabul komissiyalari tomonidan bitiruvchilarning tizimga yuklangan hujjatlarini oʻrganish va oʻrganish natijalari boʻyicha bitiruvchiga xabar berish;
oliy taʼlim muassasalari rektorlari (filial direktorlari) tomonidan bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari boʻyicha 9 nafardan kam boʻlmagan tarkibda Suhbat komissiyasini tuzish;
bitiruvchilarni oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish boʻyicha oʻtkaziladigan suhbat jarayonlari oliy taʼlim muassasalari qabul komissiyalari hamda Suhbat komissiyalari tomonidan tashkil etilishi;
talabalikka tavsiya etilgan bitiruvchilar roʻyxatini oliy taʼlim muassasasining rasmiy veb-saytida eʼlon qilish hamda ularga toʻlov-kontrakt blankalarini berish;
toʻlov-kontrakt shartlarini toʻliq bajargan bitiruvchilarning oliy taʼlim muassasalari rektorlari (filial direktorlari) tomonidan tegishli bakalavriat taʼlim yoʻnalishining 2-bosqichiga talabalikka oʻqishga qabul qilinishi.
3. Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi:
uch oy muddatda texnikumlarni muvaffaqiyatli tamomlagan bitiruvchilarni oliy taʼlim muassasalariga kirish imtihonlarisiz, yakka tartibdagi suhbat orqali oʻz sohasiga mos bakalavriat taʼlim yoʻnalishlariga qabul qilish uchun ularni onlayn roʻyxatdan oʻtkazish boʻyicha Oliy taʼlim muassasalarini rivojlantirish jamgʻarmasi hisobidan elektron tizimni ishlab chiqsin va ishga tushirsin;
manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri A.H. Toshkulov zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Taʼlim va sogʻliqni saqlash masalalari kotibiyatiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 11-yanvardagi 17-son qaroriga ILOVA
Texnikumlarni muvaffaqiyatli tamomlagan bitiruvchilarni oliy taʼlim muassasalarining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlariga suhbat asosida oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom texnikumlarni muvaffaqiyatli tamomlagan bitiruvchilarni (keyingi oʻrinlarda — bitiruvchilar) oʻz sohasiga mos bakalavriat taʼlim yoʻnalishlariga kirish imtihonlarisiz, yakka tartibdagi suhbat orqali oliy taʼlim muassasalarining 2-bosqichidan oʻqishini davom ettirish uchun qabul qilish tartibini belgilaydi.
Ushbu Nizom oliy harbiy, oliy harbiylashtirilgan taʼlim muassasalariga, Toshkent davlat yuridik universitetiga, Oʻzbekistonda faoliyat olib borayotgan xorijiy va nodavlat oliy taʼlim tashkilotlari hamda ularning filiallariga nisbatan tatbiq etilmaydi.
2. Bitiruvchilar oliy taʼlim muassasalarining 2-bosqichidan oʻqishni davom ettirishi mumkin boʻlgan oʻz sohasiga mos bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari roʻyxati Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tomonidan tasdiqlanadi.
3. Bitiruvchilarni oliy taʼlim muassasalariga kirish imtihonlarisiz, yakka tartibdagi suhbat orqali bakalavriat taʼlim yoʻnalishlarining 2-bosqichidan oʻqishga qabul qilish toʻlov-kontrakt asosida amalga oshiriladi.
Toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishning toʻlov miqdori bir talabani oʻqitish bilan bogʻliq xarajatlar miqdoridan kelib chiqib belgilanadi.
4. Texnikumni muvaffaqiyatli tamomlaganlar toifasiga texnikumdagi butun oʻqish davrida oʻquv semestrlari yakuniga koʻra oʻzlashtirish baholari “5 (aʼlo)” va “4 (yaxshi)”, biroq oʻzlashtirish baholarining kamida 50 foizi (tibbiyot oliy taʼlim muassasalari uchun kamida 85 foizi) “5 (aʼlo)” boʻlgan bitiruvchilar kiradi.
2021/2022 oʻquv yilidan boshlab bitiruvchilarni oliy taʼlim muassasasi bakalavriat taʼlim yoʻnalishiga kirish imtihonlarisiz, yakka tartibdagi suhbat orqali qabul qilish tartibi texnikumni tamomlagan yildan boshlab ikki yil mobaynida tatbiq etiladi.
Yuqorida qayd etilgan toifaga kirmaydigan hamda texnikumni bitirganiga ikki yildan oshganlar oʻqishga kirish istagini bildirganda, ularni oliy taʼlim muassasalarining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlariga oʻqishga qabul qilish umumiy belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
5. Bitiruvchilarni oʻz sohasiga mos bakalavriat taʼlim yoʻnalishlariga suhbat asosida oʻqishga qabul qilish ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema asosida amalga oshiriladi.
2-bob. Hujjatlarni qabul qilish
6. Bitiruvchilarni oliy taʼlim muassasasining 2-bosqichidan oʻqishga qabul qilish uchun har yili oliy taʼlim muassasasi rektori (filial direktori) buyrugʻi bilan qabul komissiyasi tuziladi.
Oliy taʼlim muassasasi rektori (filial direktori) qabul komissiyasining raisi hisoblanadi.
7. Bitiruvchilar har yili 5-iyuldan 25-iyulga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining rasmiy veb-sayti orqali onlayn roʻyxatdan oʻtadilar.
8. Bitiruvchilar oliy taʼlim muassasalarining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari boʻyicha roʻyxatdan oʻtishida tizimga shaxsiy maʼlumotlarini kiritishi va quyidagi hujjatlarni yuklashi talab etiladi:
pasport yoki ID-karta nusxasi;
texnikumni bitirganlik toʻgʻrisidagi hujjat va unga ilovaning nusxasi.
Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tomonidan vazirlikning rasmiy veb-sayti orqali bitiruvchilarni roʻyxatdan oʻtkazish jarayonlari muvofiqlashtirilib boriladi.
9. Onlayn roʻyxatdan oʻtgan bitiruvchilarning tizimga yuklangan hujjatlari oliy taʼlim muassasalari qabul komissiyalari tomonidan har yili 5-avgustga qadar oʻrganib chiqiladi va oʻrganish natijalari boʻyicha abituriyentlarning shaxsiy kabineti orqali ularga xabar beriladi.
10. Bitiruvchilar tomonidan topshirilgan hujjatlarning qalbakiligi aniqlanganda, u suhbatdan (talabalikka qabul qilingandan keyin aniqlansa, talabalikdan) chetlashtiriladi hamda hujjatlari belgilangan tartibda huquqni muhofaza qiluvchi organlarga yuboriladi.
3-bob. Suhbat jarayonini tashkil etish va oʻtkazish
11. Oliy taʼlim muassasasi rektori (filial direktori) har yili 10-avgustga qadar oʻz buyrugʻi bilan har bir taʼlim yoʻnalishi boʻyicha alohida Suhbat komissiyasini tuzadi.
Suhbat komissiyasi 9 nafardan kam boʻlmagan tarkibda tuziladi va uning tarkibiga kadrlarning asosiy ish beruvchilari boʻlgan tashkilotlar va oliy taʼlim muassasasi boʻysunuvi boʻyicha vazirliklar va idoralarning masʼul xodimlari, sohaga taalluqli texnikumning malakali oʻqituvchisi hamda boshqa oliy taʼlim muassasasining tegishli soha boʻyicha professor-oʻqituvchisi kiritiladi.
12. Texnikumlarni muvaffaqiyatli tamomlagan bitiruvchilarni oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish boʻyicha suhbat jarayoni toʻliq videokuzatuv ostida oʻtkaziladi va jarayon ota-onalar, kuzatuvchilar uchun ajratilgan alohida kutish joyiga ovozli tarzda onlayn translyatsiya qilib boriladi.
Suhbat jarayoni toʻliq va sifatli videokuzatuv ostida oʻtkazilishini va videoyozuvlarning kamida uch yil oliy taʼlim muassasasida saqlanishini taʼminlash masʼuliyati shaxsan oliy taʼlim muassasasi rektori (filial direktori) zimmasiga yuklatiladi.
13. Bitiruvchilarni oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish boʻyicha oʻtkaziladigan suhbat jarayoni har yili 10-avgustdan 25-avgustgacha, oliy taʼlim muassasasi tomonidan belgilangan muddatda, Suhbat komissiyasi tarkibining kamida uchdan ikki qismi ishtirok etgan taqdirda oʻtkaziladi.
Suhbat oʻtkazish muddatlari suhbat jarayonlari boshlanishidan kamida bir hafta oldin oliy taʼlim muassasasining rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.
Suhbat jarayoniga jamoatchilik vakillari ham xolis kuzatuvchi sifatida jalb etilishi mumkin.
14. Belgilangan muddatlarda suhbatga kelmagan bitiruvchilarga shu oʻquv yili uchun qayta suhbat oʻtkazilmaydi va ular oliy taʼlim muassasasi bakalavriat taʼlim yoʻnalishining 2-bosqichidan oʻqishga qabul qilinmaydi.
Bitiruvchi uzrli sabablarga koʻra (kasalligi, xizmat safarida boʻlganligi yoki oila aʼzolarining vafot etganligini tasdiqlovchi hujjatni taqdim etganda) suhbatda ishtirok eta olmaydigan boʻlsa yoki ishtirok etmasa, suhbat oʻtkazilgan sanadan uch kundan kechikmay oliy taʼlim muassasasida tuzilgan qabul komissiyasiga murojaat etishi lozim. Mazkur toifadagi bitiruvchilar uchun suhbat jarayonlari toʻliq yakunlanganidan soʻng bir hafta muddat ichida qoʻshimcha suhbat oʻtkaziladi.
15. Suhbat jarayonida bitiruvchilarning har biriga quyidagi mavzular boʻyicha bittadan jami toʻrtta savol beriladi:
mamlakatda oʻz sohasiga oid amalga oshirilayotgan islohotlarning mohiyati va ahamiyatini tushunish;
bakalavriat taʼlim yoʻnalishini tanlashda motivatsiya (soha kasbining mohiyati va ijtimoiy ahamiyatini tushunish, unga doimiy qiziqish koʻrsatish);
shaxsiy-kasbiy xususiyatlar (oʻqishga qobiliyat, kasbiy vazifalarni hal qilishda amaliy faoliyat, intizomlilik, hamjihatlik, masʼuliyatlilik, qaror qabul qilishda mustaqillik darajasi, shaxsiy yutuqlar mavjudligi, shuningdek, oʻz ustida ishlash va ijodkorlik qobiliyatlari);
tanlangan bakalavriat taʼlim yoʻnalishi sohasidagi bilim va kasbiy koʻnikmalarning mavjudligi.
Jami toʻplash mumkin boʻlgan eng yuqori ball 100 ballni tashkil etadi.
Mazkur savollar boʻyicha baholash mezonlari tegishli oliy taʼlim muassasasi tomonidan ishlab chiqilib, tasdiqlanadi hamda ularning rasmiy veb-saytlarida eʼlon qilinadi.
16. Savollar oliy taʼlim muassasasi qabul komissiyasi tomonidan ishlab chiqilib, qabul komissiyasi raisi tomonidan tasdiqlanadi.
Savollar mazkur Nizomning 15-bandida nazarda tutilgan mavzularga mos tuzilganligi boʻyicha masʼuliyat qabul komissiyasi raisi zimmasiga yuklatiladi.
17. Suhbat jarayonida Suhbat komissiyasining har bir aʼzosiga ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq namunaviy shakldagi bitiruvchining suhbat natijalarini qayd etish varagʻi (keyingi oʻrinlarda — suhbat natijalarini qayd etish varagʻi) beriladi.
Suhbat komissiyasi aʼzolari tomonidan suhbat natijalarini qayd etish varagʻiga har bir bitiruvchi bilan oʻtkazilgan suhbat natijasiga koʻra ball belgilab boriladi va imzolanadi.
18. Muayyan taʼlim yoʻnalishi (guruh) boʻyicha suhbat jarayoni yakunlangach Suhbat komissiyasi aʼzolari tomonidan toʻldirilgan suhbat natijalarini qayd etish varaqlaridagi ballar hisoblab chiqiladi va shu asosida ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq namunaviy shakldagi bitiruvchi bilan oʻtkazilgan suhbatning yakuniy natijalarini qayd etish varagʻi (keyingi oʻrinlarda — suhbatning yakuniy natijalarini qayd etish varagʻi) toʻldirilib, Suhbat komissiyasi tomonidan tasdiqlanadi.
Suhbat komissiyasi tomonidan tasdiqlangan suhbatning yakuniy natijalarini qayd etish varagʻiga asosan Suhbat komissiyasining ishtirok etgan aʼzolari tomonidan qoʻyilgan ballarning oʻrtachasi 67 ball va undan yuqori boʻlganda abituriyent suhbatdan oʻtgan hisoblanadi.
Muayyan taʼlim yoʻnalishi (guruh) boʻyicha oʻtkazilgan suhbat natijalariga koʻra suhbatdan oʻtganlar roʻyxati shu kunning oʻzida abituriyentlarga oʻqib eshittiriladi.
19. Oliy taʼlim muassasasida suhbatlar oʻtkazilishi davrida belgilangan tartibda apellyatsiya shikoyatlarini koʻrib chiqish uchun apellyatsiya komissiyasi tashkil etiladi.
Apellyatsiya shikoyatlari suhbat natijalari eʼlon qilingan vaqtdan boshlab 24 soat ichida oliy taʼlim muassasasida toʻgʻridan-toʻgʻri yozma shaklda yoki Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining rasmiy veb-sayti orqali onlayn shaklda qabul qilinadi va appelyatsiya komissiyasi tomonidan murojaat qilganlarning sonidan kelib chiqqan holda bir kundan uch kungacha boʻlgan muddatda videoyozuv asosida koʻrib chiqiladi.
20. Suhbat natijalariga koʻra talabalikka tavsiya etilganlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar natijalar eʼlon qilingan kundan boshlab uch kun muddatda oliy taʼlim muassasasi rektori (filial direktori) tomonidan boʻysunuvi boʻyicha vazirlik, idoraga taqdim etiladi.
21. Suhbat komissiyasining suhbat natijalarini qayd etish hamda suhbatning yakuniy natijalarini qayd etish varaqlari uch yil oliy taʼlim muassasasida saqlanadi.
22. Suhbat komissiyasi aʼzolari mehnatiga haq toʻlash oliy taʼlim muassasalari talabalariga oʻquv mashgʻulotlarini olib borganlik uchun belgilangan soatbay haq toʻlash shartlarida oliy taʼlim muassasasining budjetdan tashqari toʻlov-kontrakt mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
4-bob. Toʻlov-kontrakt asosida talabalikka qabul qilish
23. Suhbat komissiyasi tomonidan tasdiqlangan suhbatning yakuniy natijalarini qayd etish varagʻiga asosan bitiruvchilar oʻz sohasiga mos bakalavriat taʼlim yoʻnalishining 2-bosqichidan oʻqishini davom ettirish uchun oliy taʼlim muassasasi rektori (filial direktori) tomonidan talabalikka tavsiya etiladi.
24. Talabalikka tavsiya etilganlarning umumiy roʻyxati suhbat jarayoni toʻliq yakunlangandan soʻng bir kun muddatda oliy taʼlim muassasasining veb-saytida eʼlon qilinadi va shu kundan boshlab ularga belgilangan namunadagi toʻlov-kontrakt blankalari oliy taʼlim muassasasi qabul komissiyasi tomonidan beriladi.
25. Talabalikka tavsiya etilganlar uchun toʻlov har yili kontrakt shartlarida koʻrsatilgan muddatlarda amalga oshiriladi.
Kontrakt shartlari, tomonlarning huquqlari va majburiyatlari, ularni amalga oshirish tartibi qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilanadi.
26. Suhbat komissiyasi tomonidan tasdiqlangan suhbatning yakuniy natijalarini qayd etish varagʻiga asosan talabalikka tavsiya etilganlar belgilangan muddatlarda toʻlov-kontrakt shartlari bajarilgandan soʻng oliy taʼlim muassasasi rektorining buyrugʻi bilan muayyan bakalavriat taʼlim yoʻnalishining 2-bosqichiga oʻqishga qabul qilinadi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
27. Mazkur Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
28. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Texnikumlarni muvaffaqiyatli tamomlagan bitiruvchilarni oliy taʼlim muassasalarining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlariga suhbat asosida oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Texnikumlarni muvaffaqiyatli tamomlagan bitiruvchilarni oliy taʼlim muassasalarining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlariga suhbat asosida oʻqishga qabul qilish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddati 1-bosqich Texnikumni muvaffaqiyatli tamomlagan (oʻzlashtirish baholari “5 (aʼlo)” va “4 (yaxshi)”, biroq baholarning kamida 50 foizi (tibbiyot oliy taʼlim muassasalari uchun kamida 85 foizi) “5 (aʼlo)” boʻlgan) bitiruvchi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining rasmiy veb-sayti orqali onlayn roʻyxatdan oʻtadi. Har yili 5-iyuldan 25-iyulga qadar 2-bosqich Oliy taʼlim muassasalari qabul komissiyalari 1. Bitiruvchilarning tizimga yuklangan hujjatlarini oʻrganadi. 2. Oʻrganish natijalari boʻyicha bitiruvchiga shaxsiy kabineti orqali xabar beradi. Har yili 5-avgustga qadar 3-bosqich Oliy taʼlim muassasalari rektorlari (filiallar direktorlari) Bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari boʻyicha 9 nafardan kam boʻlmagan tarkibda Suhbat komissiyasini tuzadi. Har yili 10-avgustga qadar 4-bosqich Oliy taʼlim muassasalari qabul komissiyalari hamda Suhbat komissiyalari Bitiruvchilarni oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish boʻyicha oʻtkaziladigan suhbat jarayonlarini tashkil etadi. Har yili 10-avgustdan 25-avgustga qadar 5-bosqich Oliy taʼlim muassasalari qabul komissiyalari 1. Talabalikka tavsiya etilganlar roʻyxatini oliy taʼlim muassasasining rasmiy veb-saytida eʼlon qiladi. 2. Toʻlov-kontrakt blankalarini talabalikka tavsiya etilganlarga beradi. Suhbat jarayoni toʻliq yakunlangandan soʻng 1 kun muddatda 6-bosqich Oliy taʼlim muassasalari rektorlari (filiallar direktorlari) Toʻlov-kontrakt shartlarini toʻliq bajargan talabalarni tegishli bakalavriat taʼlim yoʻnalishining 2-bosqichiga oʻqishga qabul qiladi. Shartnoma toʻlovi amalga oshirilgandan soʻng 10 kun muddatda
Texnikumlarni muvaffaqiyatli tamomlagan bitiruvchilarni oliy taʼlim muassasalarining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlariga suhbat asosida oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Texnikumlarni muvaffaqiyatli tamomlagan bitiruvchilar bilan oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga kirish imtihonlaridagi suhbat natijalarini qayd etish varagʻi ________________________________________________________________________________________(oliy taʼlim muassasasi nomi) ________________________________________________________________________________________ (taʼlim yoʻnalishi nomi) __________________________ (taʼlim shakli) ___________________________ (taʼlim tili) __________________________ (sana) T/r Bitiruvchining F.I.O. Bitiruvchiga qoʻyilgan ball Suhbat komissiyasi aʼzosining imzosi Jami 1-savol 2-savol 3-savol 4-savol 1. 2. 3. 4 . ... ... ... ... ... ... ... ... Suhbat komissiyasi aʼzosi ___________________________________________________ _________________ (F.I.O.) (imzo)
Texnikumlarni muvaffaqiyatli tamomlagan bitiruvchilarni oliy taʼlim muassasalarining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlariga suhbat asosida oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Texnikumlarni muvaffaqiyatli tamomlagan bitiruvchilar bilan oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga kirish imtihonlarida oʻtkazilgan suhbatning yakuniy natijalarini qayd etish varagʻi ________________________________________________________________________________________ (oliy taʼlim muassasasi nomi) ________________________________________________________________________________________ (taʼlim yoʻnalishi nomi) ________________________ (taʼlim shakli) ___________________________ (taʼlim tili) __________________________ (sana) T/r Bitiruvchining F.I.O. Komissiya aʼzolari soni Jami toʻplagan bali Oʻrtacha bali 1. 2. 3. 4. ... ... ... ... ... Suhbat komissiyasi raisi ___________________________________________________ ______________ (F.I.O.) (imzo) Suhbat komissiyasi aʼzolari ____________________________________________________ ______________ (F.I.O.) (imzo) ____________________________________________________ ______________ (F.I.O.) (imzo) ____________________________________________________ ______________ (F.I.O.) (imzo) ____________________________________________________ ______________ (F.I.O.) (imzo)
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 11-yanvar,
17-son