UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 18-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 18 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 18 января 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 18 January 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ҲАЖМЛАРИ

ҲАЖМЛАРИ

Орол денгизининг суви қуриган тубида ва Оролбўйи ҳудудларида «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида

Мамлакатимизда экологик ҳолатни яхшилаш, Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи минтақасидан кўтарилаётган қум, туз ва чанг заррачаларининг салбий таъсирини камайтириш, ушбу ҳудудларда чўл ўсимликларидан «яшил қопламалар» — барпо этиш ишларини изчиллик билан давом эттириш ҳамда глобал иқлим ўзгаришларининг салбий таъсирини янада юмшатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2020 йил 6 октябрдаги ПҚ-4850-сон қарорига мувофиқ:

ушбу қарор билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини (кейинги ўринларда — Концепция) 2020 — 2022 йилларда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»да ҳар йили Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш чора-тадбирларини амалга ошириш белгиланганлиги;

Концепцияни 2022 — 2030 йилларда босқичма-босқич амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар икки йилда алоҳида-алоҳида «йўл хариталари» тасдиқланиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари ҳокимликларининг Орол денгизининг суви қуриган тубида ҳамда Оролбўйи ҳудудларида «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этишни (кейинги ўринларда — «яшил қопламалар») давом эттириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

3. Қуйидагилар:

2022 — 2026 йилларда Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ҳажмлари 1-иловага мувофиқ;

2022 — 2026 йилларда Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида «яшил қопламалар» барпо этиш учун чўл ўсимликлари уруғларини тайёрлаш ҳажмлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида ўрмонзорлар барпо этиладиган майдонларни белгиланган тартибда хатловдан ўтказсин, бунда:

ҳар йили 10 декабрга қадар мазкур қарорга 1-иловада белгиланган кўрсаткичлардан келиб чиқиб «яшил қопламалар» барпо этиладиган майдонларни илмий жиҳатдан асосланган таклифларга мувофиқ ҳудудлар бўйича аниқласин ва уларнинг харитасини ишлаб чиқсин;

ўрмонзор барпо этиш учун зарур бўлган қўшимча ер майдонлари белгиланган тартибда доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида давлат ўрмон хўжаликларига ажратилишини ташкил этсин;

муайян майдонда «яшил қопламалар»ни барпо этиш ишлари истисноларсиз ушбу ер участкаси давлат ўрмон хўжаликларига ёки бошқа давлат органлари ва ташкилотларига белгиланган тартибда ажратилганидан кейин бошланишини назорат қилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси:

«яшил қопламалар» ўз муддатида барпо этилиши бўйича доимий мониторинг юритсин ва унинг бажарилишини мувофиқлаштирган ҳолда талаб этиладиган чўл ўсимликларининг уруғлари сифатли тайёрланишини ташкил этсин;

Орол денгизининг қуриган тубидаги тупроқ таркибини инобатга олиб чўл ва шўр тупроққа мослашган ўсимлик турларини, шу жумладан, қумли ерларда черкез ҳамда шўр ҳудудларда тамарикс ва атриплекс (лебеда) ўсимликларини экиш чораларини кўрсин;

Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида барпо этилган «яшил қопламалар»нинг ҳолатини, уларнинг яшовчанлигини мониторинг қилиш, парваришлаш ҳамда ушбу йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг натижадорлиги юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ва кенг жамоатчиликка ахборот бериб борилишини таъминласин.

6. Қуйидагилар Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида «яшил қопламалар» барпо этиш бўйича мазкур қарорда белгиланган тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари маҳаллий бюджетларининг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисми ҳисобига ажратиладиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

7. Вазирлар Маҳкамасининг «Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 15 февралдаги 132-сон қарорида «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти томонидан «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг Молия вазирлиги ҳузуридаги Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси олдидаги қарздорлиги ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига ажратилиши белгиланган 100 млрд сўм маблағдан 81 млрд сўм ўтказиб берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти юқорида қайд этилган қарорда назарда тутилган маблағларнинг қолдиқ қисми бўлган 19 млрд сўм мақсадли маблағлар 2022 йил 25 январга қадар Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ҳисобварағига ўтказиб берилишини таъминласин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари ҳокимликлари Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида «яшил қопламалар» барпо этиш учун:

мазкур қарорнинг 6-банди иккинчи хатбошисида назарда тутилаётган маблағлар ажратилиши юзасидан ҳар йили 10 декабрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлар Кенгашларига таклиф киритсин;

қўшимча ходим ва ишчилар жалб этилишини, ишчилар озиқ-овқат, махсус кийим-кечак ва ичимлик сув билан узлуксиз таъминланишини, чўл ўсимликлари уруғлари захираси жамғариш ва экиш учун узлуксиз етказиб берилишини, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш воситалари билан таъминлашни, вақтинчалик бино ва иншоотлар қуришни, авиация, алоқа ва бошқа хизматларни жалб этишни ҳамда зарур техника ва асбоб-ускуналар сотиб олишни ва бошқа тадбирларни ташкил этсин;

Транспорт вазирлиги билан биргаликда, заруратга кўра, қўниш майдончалари ташкил этилишини, ишчи-ходимларни ҳудуддаги яшаш жойидан «яшил қопламалар» барпо этиш жойигача бўлган масофага ташиш учун тадбиркорлик субъектлари томонидан тегишли шартномалар асосида зарур автобус ва уруғ ташиш учун юк ташишга мўлжалланган транспорт воситалари ажратилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Орол денгизининг суви қуриган тубида ва Оролбўйи ҳудудларида «яшил қопламалар» барпо этиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ерларни ўзлаштириш, суғориш, бурғилаб сув чиқариш, сунъий сув ҳавзалари ва ер майдонларини томчилатиб суғориш тизимини яратиш ишларига ҳудудий ва таркибий тузилмаларнинг куч ва воситаларини, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларни жалб этсин.

10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ўн кун муддатда 2022 йил давомида Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида «яшил қопламалар» барпо этиш мақсадида 4 та АН-2 самолётидан (1 та йўловчи ва 3 та қишлоқ хўжалигига мослашган) тегишли шартномалар асосида фойдаланиш ҳамда бошқа жалб қилинадиган техникаларга дизел ёқилғисини харид қилиш учун — 10 млрд сўм маблағни Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ажратиш, 2023 — 2026 йилларда ушбу мақсадлар учун зарур маблағларни ҳар йили 10 декабрга қадар ажратиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига таклиф киритилишини таъминласин.

11. «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги тегишли ўрмон хўжаликларини Орол денгизининг суви қуриган тубида ва Оролбўйи ҳудудларида «яшил қопламалар» барпо этиш учун жалб этилган ишчи-ходимлар жойлашган вақтинчалик яшаш масканларига ажратилган ҳажмлар доирасида ва аҳолига белгиланган нарх асосида мавсум давомида суюлтирилган углеводород гази билан таъминлаш чораларини кўрсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Орол ҳалокатининг салбий оқибатларини камайтириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда ўрмон хўжалигини ривожлантириш муаммоларининг илмий ечимини таъминлашга қаратилган амалий ва инновацион лойиҳаларни танловлар асосида шакллантириб, белгиланган тартибда молиялаштиришни ташкил этсин.

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Н.Ж. Бакиров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари ҳокимлари зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 18 январдаги 31-сон қарорига 1-ИЛОВА

2022 — 2026 йилларда Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш

минг гектар Т/р Ҳудудлар номи Жами 2022 — 2026 йилларда Шу жумладан, йиллар бўйича: Чўл ўсимликлари турлари Шундан экиш усуллари бўйича: 2022 йилда 2023 йилда 2024 йилда 2025 йилда 2026 йилда уруғдан кўчатдан 1. Қорақалпоғистон Республикаси 500 100 100 100 100 100 саксовул, қорабуроқ, қандим 475 25 2. Бухоро вилояти 200 40 40 40 40 40 саксовул, черкез 180 20 3. Навоий вилояти 250 50 50 50 50 50 саксовул, қандим, черкез 235 15 4. Хоразм вилояти 50 10 10 10 10 10 саксовул 49 1 Жами 1000 200 200 200 200 200 х 939 61

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 18 январдаги 31-сон қарорига 2-ИЛОВА

2022 — 2026 йиллар давомида Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида «яшил қопламалар» барпо этиш учун чўл ўсимликлари уруғларини тайёрлаш

тонна Т/р Ҳудудлар номи Чўл ўсимликлари турлари Жами 2022 — 2026 йилларда Шу жумладан, йиллар бўйича: 2022 йилда 2023 йилда 2024 йилда 2025 йилда 2026 йилда 1. Қорақалпоғистон Республикаси саксовул, қорабуроқ, қандим 1900 380 380 380 380 380 2. Бухоро вилояти саксовул, черкез 800 160 160 160 160 160 3. Навоий вилояти саксовул, қандим, черкез 1000 200 200 200 200 200 4. Хоразм вилояти саксовул 200 40 40 40 40 40 Жами 3900 780 780 780 780 780

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 18 январь,

31-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.01.2022 й., 09/22/31/0044-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

HAJMLARI

HAJMLARI

Orol dengizining suvi qurigan tubida va Orolboʻyi hududlarida “yashil qoplamalar” — himoya oʻrmonzorlarini barpo etishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Mamlakatimizda ekologik holatni yaxshilash, Orol dengizining suvi qurigan tubi va Orolboʻyi mintaqasidan koʻtarilayotgan qum, tuz va chang zarrachalarining salbiy taʼsirini kamaytirish, ushbu hududlarda choʻl oʻsimliklaridan “yashil qoplamalar” — barpo etish ishlarini izchillik bilan davom ettirish hamda global iqlim oʻzgarishlarining salbiy taʼsirini yanada yumshatish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasida oʻrmon xoʻjaligi tizimini 2030-yilgacha rivojlantirish konsepsiyasini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2020-yil 6-oktabrdagi PQ-4850-son qaroriga muvofiq:

ushbu qaror bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasida oʻrmon xoʻjaligi tizimini 2030-yilgacha rivojlantirish konsepsiyasini (keyingi oʻrinlarda — Konsepsiya) 2020 — 2022-yillarda amalga oshirish boʻyicha “yoʻl xaritasi”da har yili Orol dengizining qurigan tubida oʻrmonzorlar barpo etish chora-tadbirlarini amalga oshirish belgilanganligi;

Konsepsiyani 2022 — 2030-yillarda bosqichma-bosqich amalga oshirish uchun Vazirlar Mahkamasi tomonidan har ikki yilda alohida-alohida “yoʻl xaritalari” tasdiqlanishi nazarda tutilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va Buxoro, Navoiy, Xorazm viloyatlari hokimliklarining Orol dengizining suvi qurigan tubida hamda Orolboʻyi hududlarida “yashil qoplamalar” — himoya oʻrmonzorlarini barpo etishni (keyingi oʻrinlarda — “yashil qoplamalar”) davom ettirish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

3. Quyidagilar:

2022 — 2026-yillarda Orol dengizining suvi qurigan tubi va Orolboʻyi hududlarida “yashil qoplamalar” — himoya oʻrmonzorlarini barpo etish hajmlari 1-ilovaga muvofiq;

2022 — 2026-yillarda Orol dengizining suvi qurigan tubi va Orolboʻyi hududlarida “yashil qoplamalar” barpo etish uchun choʻl oʻsimliklari urugʻlarini tayyorlash hajmlari 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

4. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va Buxoro, Navoiy, Xorazm viloyatlari hokimliklari Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi hamda Davlat soliq qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligi bilan birgalikda Orol dengizining suvi qurigan tubi va Orolboʻyi hududlarida oʻrmonzorlar barpo etiladigan maydonlarni belgilangan tartibda xatlovdan oʻtkazsin, bunda:

har yili 10-dekabrga qadar mazkur qarorga 1-ilovada belgilangan koʻrsatkichlardan kelib chiqib “yashil qoplamalar” barpo etiladigan maydonlarni ilmiy jihatdan asoslangan takliflarga muvofiq hududlar boʻyicha aniqlasin va ularning xaritasini ishlab chiqsin;

oʻrmonzor barpo etish uchun zarur boʻlgan qoʻshimcha yer maydonlari belgilangan tartibda doimiy foydalanish huquqi asosida davlat oʻrmon xoʻjaliklariga ajratilishini tashkil etsin;

muayyan maydonda “yashil qoplamalar”ni barpo etish ishlari istisnolarsiz ushbu yer uchastkasi davlat oʻrmon xoʻjaliklariga yoki boshqa davlat organlari va tashkilotlariga belgilangan tartibda ajratilganidan keyin boshlanishini nazorat qilsin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi:

“yashil qoplamalar” oʻz muddatida barpo etilishi boʻyicha doimiy monitoring yuritsin va uning bajarilishini muvofiqlashtirgan holda talab etiladigan choʻl oʻsimliklarining urugʻlari sifatli tayyorlanishini tashkil etsin;

Orol dengizining qurigan tubidagi tuproq tarkibini inobatga olib choʻl va shoʻr tuproqqa moslashgan oʻsimlik turlarini, shu jumladan, qumli yerlarda cherkez hamda shoʻr hududlarda tamariks va atripleks (lebeda) oʻsimliklarini ekish choralarini koʻrsin;

Orol dengizining suvi qurigan tubi va Orolboʻyi hududlarida barpo etilgan “yashil qoplamalar”ning holatini, ularning yashovchanligini monitoring qilish, parvarishlash hamda ushbu yoʻnalishda amalga oshirilayotgan keng koʻlamli ishlarning natijadorligi yuzasidan Vazirlar Mahkamasiga va keng jamoatchilikka axborot berib borilishini taʼminlasin.

6. Quyidagilar Orol dengizining suvi qurigan tubi va Orolboʻyi hududlarida “yashil qoplamalar” barpo etish boʻyicha mazkur qarorda belgilangan tadbirlarni moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:

Qoraqalpogʻiston Respublikasi respublika budjetining, Buxoro, Navoiy va Xorazm viloyatlari hokimliklari mahalliy budjetlarining prognozga nisbatan oshirib bajarilgan qismi hisobiga ajratiladigan mablagʻlar;

yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

7. Vazirlar Mahkamasining “Orol dengizi tubidagi suvi qurigan hududlarda “yashil qoplamalar” — himoya oʻrmonzorlari barpo etishni jadallashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 15-fevraldagi 132-son qarorida “Oʻzbekneftgaz” aksiyadorlik jamiyati tomonidan “Oʻzbekneftgaz” aksiyadorlik jamiyatining Moliya vazirligi huzuridagi Orolboʻyi mintaqasini rivojlantirish jamgʻarmasi oldidagi qarzdorligi hisobidan Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasiga ajratilishi belgilangan 100 mlrd soʻm mablagʻdan 81 mlrd soʻm oʻtkazib berilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

“Oʻzbekneftgaz” aksiyadorlik jamiyati yuqorida qayd etilgan qarorda nazarda tutilgan mablagʻlarning qoldiq qismi boʻlgan 19 mlrd soʻm maqsadli mablagʻlar 2022-yil 25-yanvarga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasining hisobvaragʻiga oʻtkazib berilishini taʼminlasin.

8. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va Buxoro, Navoiy, Xorazm viloyatlari hokimliklari Orol dengizining suvi qurigan tubi va Orolboʻyi hududlarida “yashil qoplamalar” barpo etish uchun:

mazkur qarorning 6-bandi ikkinchi xatboshisida nazarda tutilayotgan mablagʻlar ajratilishi yuzasidan har yili 10-dekabrga qadar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi va xalq deputatlari Buxoro, Navoiy, Xorazm viloyatlar Kengashlariga taklif kiritsin;

qoʻshimcha xodim va ishchilar jalb etilishini, ishchilar oziq-ovqat, maxsus kiyim-kechak va ichimlik suv bilan uzluksiz taʼminlanishini, choʻl oʻsimliklari urugʻlari zaxirasi jamgʻarish va ekish uchun uzluksiz yetkazib berilishini, kasallik va zararkunandalarga qarshi kurashish vositalari bilan taʼminlashni, vaqtinchalik bino va inshootlar qurishni, aviatsiya, aloqa va boshqa xizmatlarni jalb etishni hamda zarur texnika va asbob-uskunalar sotib olishni va boshqa tadbirlarni tashkil etsin;

Transport vazirligi bilan birgalikda, zaruratga koʻra, qoʻnish maydonchalari tashkil etilishini, ishchi-xodimlarni hududdagi yashash joyidan “yashil qoplamalar” barpo etish joyigacha boʻlgan masofaga tashish uchun tadbirkorlik subyektlari tomonidan tegishli shartnomalar asosida zarur avtobus va urugʻ tashish uchun yuk tashishga moʻljallangan transport vositalari ajratilishini taʼminlasin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi Orol dengizining suvi qurigan tubida va Orolboʻyi hududlarida “yashil qoplamalar” barpo etish hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi hududida yerlarni oʻzlashtirish, sugʻorish, burgʻilab suv chiqarish, sunʼiy suv havzalari va yer maydonlarini tomchilatib sugʻorish tizimini yaratish ishlariga hududiy va tarkibiy tuzilmalarning kuch va vositalarini, budjet va budjetdan tashqari mablagʻlarni jalb etsin.

10. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi oʻn kun muddatda 2022-yil davomida Orol dengizining suvi qurigan hududida “yashil qoplamalar” barpo etish maqsadida 4 ta AN-2 samolyotidan (1 ta yoʻlovchi va 3 ta qishloq xoʻjaligiga moslashgan) tegishli shartnomalar asosida foydalanish hamda boshqa jalb qilinadigan texnikalarga dizel yoqilgʻisini xarid qilish uchun — 10 mlrd soʻm mablagʻni Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligiga ajratish, 2023 — 2026-yillarda ushbu maqsadlar uchun zarur mablagʻlarni har yili 10-dekabrga qadar ajratish boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesiga taklif kiritilishini taʼminlasin.

11. “Hududgaztaʼminot” aksiyadorlik jamiyati Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va Buxoro, Navoiy, Xorazm viloyatlari hokimliklari bilan birgalikda Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi tizimidagi tegishli oʻrmon xoʻjaliklarini Orol dengizining suvi qurigan tubida va Orolboʻyi hududlarida “yashil qoplamalar” barpo etish uchun jalb etilgan ishchi-xodimlar joylashgan vaqtinchalik yashash maskanlariga ajratilgan hajmlar doirasida va aholiga belgilangan narx asosida mavsum davomida suyultirilgan uglevodorod gazi bilan taʼminlash choralarini koʻrsin.

12. Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi Orol halokatining salbiy oqibatlarini kamaytirish, oʻsimlik va hayvonot dunyosini muhofaza qilish hamda oʻrmon xoʻjaligini rivojlantirish muammolarining ilmiy yechimini taʼminlashga qaratilgan amaliy va innovatsion loyihalarni tanlovlar asosida shakllantirib, belgilangan tartibda moliyalashtirishni tashkil etsin.

13. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari Sh.M. Gʻaniyev, Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi raisi N.J. Bakirov, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi va Buxoro, Navoiy, Xorazm viloyatlari hokimlari zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 18-yanvardagi 31-son qaroriga 1-ILOVA

2022 — 2026-yillarda Orol dengizining suvi qurigan tubi va Orolboʻyi hududlarida “yashil qoplamalar” — himoya oʻrmonzorlarini barpo etish

ming gektar T/r Hududlar nomi Jami 2022 — 2026-yillarda Shu jumladan, yillar boʻyicha: Choʻl oʻsimliklari turlari Shundan ekish usullari boʻyicha: 2022-yilda 2023-yilda 2024-yilda 2025-yilda 2026-yilda urugʻdan koʻchatdan 1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi 500 100 100 100 100 100 saksovul, qoraburoq, qandim 475 25 2. Buxoro viloyati 200 40 40 40 40 40 saksovul, cherkez 180 20 3. Navoiy viloyati 250 50 50 50 50 50 saksovul, qandim, cherkez 235 15 4. Xorazm viloyati 50 10 10 10 10 10 saksovul 49 1 Jami 1000 200 200 200 200 200 x 939 61

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 18-yanvardagi 31-son qaroriga 2-ILOVA

2022 — 2026-yillar davomida Orol dengizining suvi qurigan tubi va Orolboʻyi hududlarida “yashil qoplamalar” barpo etish uchun choʻl oʻsimliklari urugʻlarini tayyorlash

tonna T/r Hududlar nomi Choʻl oʻsimliklari turlari Jami 2022 — 2026-yillarda Shu jumladan, yillar boʻyicha: 2022-yilda 2023-yilda 2024-yilda 2025-yilda 2026-yilda 1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi saksovul, qoraburoq, qandim 1900 380 380 380 380 380 2. Buxoro viloyati saksovul, cherkez 800 160 160 160 160 160 3. Navoiy viloyati saksovul, qandim, cherkez 1000 200 200 200 200 200 4. Xorazm viloyati saksovul 200 40 40 40 40 40 Jami 3900 780 780 780 780 780

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 18-yanvar,

31-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 19.01.2022-y., 09/22/31/0044-son)

lex.uz