UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 19-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 19 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 19 января 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 19 January 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатишни оммалаштиришни янги босқичга олиб чиқиш ва соҳани ривожлантириш учун тизимли ишларни ташкил этиш, улғайиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, бунинг учун барча шарт-шароитларни яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан Халқ таълими вазирлигига Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармасига (кейинги ўринларда — Жамғарма) бир марталик 15,0 млрд сўм миқдоридаги молиявий кўмак маблағларини ажратиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Молия вазирлиги 2023 йилдан бошлаб ҳар йили Агентликнинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ Давлат бюджети параметрларида Жамғарма маблағларини шакллантириш учун зарур маблағларни назарда тутсин.

2. Белгилансинки, Жамғармага Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

дунё бўйича самарали натижа берган ўқитиш методикалари, дастур ва дарсликларни мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, олий таълим муассасалари ва ўқув марказларида жорий этиш;

хорижий давлатларда чоп этиладиган замонавий ўқув ва илмий адабиётлар, дарсликлар ҳамда ўқув қўлланмаларни, халқаро тестлар ва уларни жорий қилиш учун тегишли рухсатнома ва лицензиялар, хорижий тилларни ўргатишга қаратилган контентларни муаллифлик ҳуқуқларини харид қилиш;

хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини, дастурий таъминот лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

хорижий тилларни пухта ўзлаштириш, тилнинг асосий кўникмаларини шакллантириш учун видеоролик, ўйин, кўнгилочар кўрсатув, фильмлар ва бошқа ўргатувчи контент яратиш;

фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб этиш;

Агентлик балансидаги бино ва иншоотларни сақлаш, улардан фойдаланиш, қуриш ва таъмирлаш, зарур анжомлар, шу жумладан мебель, алоқа, компьютерлар ва бошқа воситалар билан таъминлаш бўйича харажатларни молиялаштириш;

Агентлик ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ҳамда топшириқларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатлар.

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 19 майдаги 312-сон қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар йили туман (шаҳар)даги мактабларни хорижий тилларни ўқитиш учун зарур бўлган адабиётлар, асбоб-ускуналар, замонавий ахборот технологиялари билан таъминлаш учун маҳаллий бюджетлардан 1 млрд сўмдан кам бўлмаган миқдорда ажратиладиган маблағларнинг ҳисоби ҳудудий халқ таълими бошқармаларининг Ғазначиликдаги алоҳида очилган махсус ҳисобварақларида юритилиши ҳамда ушбу маблағлар Агентлик билан келишилган манзилли дастурлар асосида сарфланиши белгилаб қўйилсин.

Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ушбу маблағларни:

2021 йил якунлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, Тошкент шаҳар ва вилоятлар маҳаллий бюджетларида шаклланган эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан жорий йилнинг 15 февралига қадар;

2022 йил учун жорий йил маҳаллий бюджет параметрлари ҳамда йил давомида шаклланадиган қўшимча манбалар ҳисобидан жорий йилнинг 15 июлига қадар ажратиш чораларини кўрсин.

4. Агентлик Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда:

икки ой муддатда узлуксиз таълим тизимида чет тилини ўқитишнинг ўқув-методик мажмуаларини ўқувчиларнинг асосий тил кўникмаларини (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш) шакллантириш нуқтаи назаридан тўлиқ қайта кўриб чиқсин;

малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда 2022 йил 1 мартдан бошлаб чет тили фани ўқитувчиларининг тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини ривожлантиришга ҳамда сертификатга эга бўлишларига йўналтирилган ўқув курсларини ташкил этсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим ташкилотлари учун замонавий тил ўргатиш методикалари асосида ишлаб чиқилган чет тили дарсликларини тўлиқ чоп этиш ва таълим ташкилотларига етказиш чораларини кўрсин;

янги дарсликлардан фойдаланиш методикалари бўйича ўқитувчилар ва методистлар учун малака ошириш курсларини ташкил этсин.

8. Белгилансинки, 2023 йил 1 январдан бошлаб мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал, шунингдек, қўшимча таълим ташкилотлари чет (инглиз, француз, немис, испан, итальян, араб, хитой, япон, корейс, турк, форс, пушту, дари, урду ҳинд) тили фани ўқитувчиларининг аттестацияси жараёнида ўқув фани бўйича малака синовлари тегишлилиги бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш кўникмаларини баҳолашни назарда тутувчи касбий синов шаклида ўтказилади.

9. Агентлик, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг 2022 йил 1 февралдан 2024 йил 1 январга қадар Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида фаолият юритадиган нодавлат таълим ташкилотлари:

таълим жараёнида фойдаланиладиган бино ва иншоотлар ижара тўлови харажатларининг 50 фоизигача, бироқ давлат кўчмас мулк объектларидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган минимал ставкасининг 50 фоизи миқдоридан кўп бўлмаган миқдорда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартибини жорий этиш;

вазирлик ва идоралар тизимидаги коллеж ва техникумларнинг бино ва иншоотларида фаолиятини амалга оширганида ижара тўловидан озод этиш (сақлаш ва коммунал тўловлар бўйича харажатлар бундан мустасно) тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

10. 2022 йил 1 майга қадар:

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси халқаро тан олинган баҳолаш ташкилотлари билан ҳамкорликда педагог кадрнинг малака тоифасини олиш бўйича чет тили фани ўқитувчиларининг малака синовларида тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини баҳолаш тизимини ишлаб чиқсин;

Агентлик Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда хорижий тилларни билиш ва хорижий тил ўқитувчиларининг малака ва кўникмаларини баҳоловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатларнинг Ягона электрон базасини ишлаб чиқсин ва амалиётга жорий этсин.

11. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги умумтаълим муассасаларининг С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига сертификат олинган кундан бошлаб уч йил давомида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда устама тўлаш тартибини 2022 йил 1 февралдан бошлаб жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

12. Агентлик тузилмасида умумий штат бирликлари доирасида 3 та штат бирлигидан иборат Хорижий тилларни билиш даражаси тўғрисидаги сертификатлар ягона базасини юритиш бўлими ташкил этилсин.

Агентлик директорига бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Агентликнинг марказий аппарати тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

13. Агентлик Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминласин ҳамда ҳар чорак якуни билан мазкур қарор ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин.

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги директори в.б. С.О. Обидов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 19 январь,

34-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.01.2022 й., 09/22/34/0048-сон; 20.10.2022 й., 09/22/612/0949-сон; 23.12.2024 й., 09/24/848/1049-сон; 21.07.2025 й., 06/25/114/0633-сон; 22.10.2025 й., 09/25/662/0964-сон; 11.12.2025 й., 09/25/776/1149-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Xorijiy tillarni oʻrganishni takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida

Mamlakatimizda xorijiy tillarni oʻrgatishni ommalashtirishni yangi bosqichga olib chiqish va sohani rivojlantirish uchun tizimli ishlarni tashkil etish, ulgʻayib kelayotgan yosh avlodni har tomonlama barkamol qilib tarbiyalash, buning uchun barcha shart-sharoitlarni yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi, Xalq taʼlimi vazirligi va Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Xorijiy tillarni oʻrganishni ommalashtirish agentligining (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) “2022-yil uchun Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti toʻgʻrisida” Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni bilan Xalq taʼlimi vazirligiga Xalq taʼlimi sohasidagi islohotlarga koʻmaklashish jamgʻarmasi uchun ajratiladigan mablagʻlar hisobidan Agentlikning budjetdan tashqari jamgʻarmasiga (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) bir martalik 15,0 mlrd soʻm miqdoridagi moliyaviy koʻmak mablagʻlarini ajratish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

Moliya vazirligi 2023-yildan boshlab har yili Agentlikning asoslangan hisob-kitoblariga muvofiq Davlat budjeti parametrlarida Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish uchun zarur mablagʻlarni nazarda tutsin.

2. Belgilansinki, Jamgʻarmaga Davlat budjetidan ajratilgan mablagʻlar quyidagi maqsadlarda foydalaniladi:

dunyo boʻyicha samarali natija bergan oʻqitish metodikalari, dastur va darsliklarni maktabgacha taʼlim tashkilotlari, umumtaʼlim maktablari, akademik litseylar, oliy taʼlim muassasalari va oʻquv markazlarida joriy etish;

xorijiy davlatlarda chop etiladigan zamonaviy oʻquv va ilmiy adabiyotlar, darsliklar hamda oʻquv qoʻllanmalarni, xalqaro testlar va ularni joriy qilish uchun tegishli ruxsatnoma va litsenziyalar, xorijiy tillarni oʻrgatishga qaratilgan kontentlarni mualliflik huquqlarini xarid qilish;

xorijiy tillarni oʻrganishni ommalashtirish faoliyatiga axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini, dasturiy taʼminot loyihalarini ishlab chiqish va joriy etish;

xorijiy tillarni puxta oʻzlashtirish, tilning asosiy koʻnikmalarini shakllantirish uchun videorolik, oʻyin, koʻngilochar koʻrsatuv, filmlar va boshqa oʻrgatuvchi kontent yaratish;

fuqarolik-huquqiy shartnomalar asosida yuqori malakali mutaxassislarni, shu jumladan mahalliy va xorijiy ekspertlarni jalb etish;

Agentlik balansidagi bino va inshootlarni saqlash, ulardan foydalanish, qurish va taʼmirlash, zarur anjomlar, shu jumladan mebel, aloqa, kompyuterlar va boshqa vositalar bilan taʼminlash boʻyicha xarajatlarni moliyalashtirish;

Agentlik xodimlarini moddiy va ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasining hujjatlari hamda topshiriqlarida belgilangan vazifalarni amalga oshirish bilan bogʻliq boshqa xarajatlar.

3. Vazirlar Mahkamasining “Xorijiy tillarni oʻrganishni ommalashtirishni samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 19-maydagi 312-son qaroriga muvofiq Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tomonidan har yili tuman (shahar)dagi maktablarni xorijiy tillarni oʻqitish uchun zarur boʻlgan adabiyotlar, asbob-uskunalar, zamonaviy axborot texnologiyalari bilan taʼminlash uchun mahalliy budjetlardan 1 mlrd soʻmdan kam boʻlmagan miqdorda ajratiladigan mablagʻlarning hisobi hududiy xalq taʼlimi boshqarmalarining Gʻaznachilikdagi alohida ochilgan maxsus hisobvaraqlarida yuritilishi hamda ushbu mablagʻlar Agentlik bilan kelishilgan manzilli dasturlar asosida sarflanishi belgilab qoʻyilsin.

Bunda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari ushbu mablagʻlarni:

2021-yil yakunlari boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi respublika budjeti, Toshkent shahar va viloyatlar mahalliy budjetlarida shakllangan erkin qoldiq mablagʻlari hisobidan joriy yilning 15-fevraliga qadar;

2022-yil uchun joriy yil mahalliy budjet parametrlari hamda yil davomida shakllanadigan qoʻshimcha manbalar hisobidan joriy yilning 15-iyuliga qadar ajratish choralarini koʻrsin.

4. Agentlik Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi, Maktabgacha taʼlim vazirligi, Xalq taʼlimi vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan birgalikda:

ikki oy muddatda uzluksiz taʼlim tizimida chet tilini oʻqitishning oʻquv-metodik majmualarini oʻquvchilarning asosiy til koʻnikmalarini (tinglab tushunish, oʻqish, yozish va gapirish) shakllantirish nuqtai nazaridan toʻliq qayta koʻrib chiqsin;

malakali mutaxassislarni jalb etgan holda 2022-yil 1-martdan boshlab chet tili fani oʻqituvchilarining tinglab tushunish, oʻqish, yozish hamda gapirish kompetensiyalarini rivojlantirishga hamda sertifikatga ega boʻlishlariga yoʻnaltirilgan oʻquv kurslarini tashkil etsin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi:

2022/2023 oʻquv yilidan boshlab umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari uchun zamonaviy til oʻrgatish metodikalari asosida ishlab chiqilgan chet tili darsliklarini toʻliq chop etish va taʼlim tashkilotlariga yetkazish choralarini koʻrsin;

yangi darsliklardan foydalanish metodikalari boʻyicha oʻqituvchilar va metodistlar uchun malaka oshirish kurslarini tashkil etsin.

8. Belgilansinki, 2023-yil 1-yanvardan boshlab maktabgacha, umumiy oʻrta, oʻrta maxsus va professional, shuningdek, qoʻshimcha taʼlim tashkilotlari chet (ingliz, fransuz, nemis, ispan, italyan, arab, xitoy, yapon, koreys, turk, fors, pushtu, dari, urdu hind) tili fani oʻqituvchilarining attestatsiyasi jarayonida oʻquv fani boʻyicha malaka sinovlari tegishliligi boʻyicha Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan tinglab tushunish, oʻqish, yozish hamda gapirish koʻnikmalarini baholashni nazarda tutuvchi kasbiy sinov shaklida oʻtkaziladi.

9. Agentlik, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasining 2022-yil 1-fevraldan 2024-yil 1-yanvarga qadar Toshkent va Samarqand shaharlarida faoliyat yuritadigan nodavlat taʼlim tashkilotlari:

taʼlim jarayonida foydalaniladigan bino va inshootlar ijara toʻlovi xarajatlarining 50 foizigacha, biroq davlat koʻchmas mulk obyektlaridan foydalanganlik uchun ijara toʻlovining qonunchilik hujjatlarida belgilangan minimal stavkasining 50 foizi miqdoridan koʻp boʻlmagan miqdorda Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan qoplab berish tartibini joriy etish;

vazirlik va idoralar tizimidagi kollej va texnikumlarning bino va inshootlarida faoliyatini amalga oshirganida ijara toʻlovidan ozod etish (saqlash va kommunal toʻlovlar boʻyicha xarajatlar bundan mustasno) toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

10. 2022-yil 1-mayga qadar:

Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi xalqaro tan olingan baholash tashkilotlari bilan hamkorlikda pedagog kadrning malaka toifasini olish boʻyicha chet tili fani oʻqituvchilarining malaka sinovlarida tinglab tushunish, oʻqish, yozish hamda gapirish kompetensiyalarini baholash tizimini ishlab chiqsin;

Agentlik Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda xorijiy tillarni bilish va xorijiy til oʻqituvchilarining malaka va koʻnikmalarini baholovchi milliy va xalqaro tan olingan sertifikatlarning Yagona elektron bazasini ishlab chiqsin va amaliyotga joriy etsin.

11. Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi umumtaʼlim muassasalarining S1 darajadagi milliy yoki unga tenglashtirilgan mos darajadagi xalqaro tan olingan sertifikatga ega rus tili fani oʻqituvchilariga sertifikat olingan kundan boshlab uch yil davomida qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ustama toʻlash tartibini 2022-yil 1-fevraldan boshlab joriy etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

12. Agentlik tuzilmasida umumiy shtat birliklari doirasida 3 ta shtat birligidan iborat Xorijiy tillarni bilish darajasi toʻgʻrisidagi sertifikatlar yagona bazasini yuritish boʻlimi tashkil etilsin.

Agentlik direktoriga boshqaruv xodimlarining belgilangan umumiy soni va mehnatga haq toʻlash fondi doirasida Agentlikning markaziy apparati tuzilmasiga oʻzgartirishlar kiritish huquqi berilsin.

13. Agentlik Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli va samarali foydalanilishini taʼminlasin hamda har chorak yakuni bilan mazkur qaror ijrosi boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga axborot kiritib borsin.

14. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Xorijiy tillarni oʻrganishni ommalashtirish agentligi direktori v.b. S.O. Obidov zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Taʼlim va sogʻliqni saqlash masalalari kotibiyatiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 19-yanvar,

34-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 20.01.2022-y., 09/22/34/0048-son; 20.10.2022-y., 09/22/612/0949-son; 23.12.2024-y., 09/24/848/1049-son; 21.07.2025-y., 06/25/114/0633-son; 22.10.2025-y., 09/25/662/0964-son; 11.12.2025-y., 09/25/776/1149-son)

lex.uz