📅 2022-yil 2-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 2-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 2 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 2 февраля 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 2 February 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЎЙХАТИ
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Автомобиль йўллари соҳасида очиқлик стандартларини жорий этиш ва соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
Автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш соҳасида мутлақо янги очиқлик стандартларини жорий этиш ва шаффофликни таъминлаш ҳамда соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси (кейинги ўринларда — Автомобиль йўллари қўмитаси) томонидан автомобиль йўллари соҳасида шаффофлик ва жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлик стандартларини жорий қилиш бўйича «Shaffof yo'l» онлайн ахборот платформаси (кейинги ўринларда — «Shaffof yo'l» платформаси) ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Автомобиль йўллари қўмитаси, Молия вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда автомобиль йўллари соҳасига тегишли маълумотлар базасини ўз ичига олган «Shaffof yo'l» платформасини 2022 йил 1 июлдан бошлаб тест режимида ишга туширсин.
3. «Shaffof yo'l» онлайн ахборот платформасида автомобиль йўллари соҳасида очиқ ахборотлар шаклида жойлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки:
а) қуйидагилар:
автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш ишлари учун йўналтирилаётган маблағларнинг ҳаракати тўғрисидаги маълумотлар — Молия вазирлиги томонидан;
автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш объектларида олиб борилаётган йўл қурилиш ишлари ҳақидаги, шу жумладан, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари билан боғлиқ маълумотлар — Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан;
маҳаллий ҳокимликлар буюртмачилигидаги ички хўжалик йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларидаги кўчалар тўғрисидаги маълумотлар — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан шакллантирилади ҳамда «Shaffof yo'l» платформасига киритилади;
б) «Shaffof yo'l» платформасининг алоҳида саҳифаси орқали аҳолининг йўллар носозлиги, шунингдек, йўлларда ва йўл бўйида хавфсиз ҳаракатланиш учун юзага келган фавқулодда техник муаммолар (светофорлар ва йўл белгилар ўрнатилмаганлиги ёки уларнинг шикастланганлиги, табиий офатлар натижасида юзага келадиган ҳодисалар ортидан ҳосил бўладиган оқибатлар) ҳақида фото- ва видеомурожаатлар — жамоатчилик фикри асосида шакллантирилади;
в) «Shaffof yo'l» платформасида жойлаштириладиган маълумотлар базаси Автомобиль йўллари қўмитаси расмий веб-сайти ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларга тегишли маълумотлар базалари билан интеграциялашган ҳолда юритилади.
5. Автомобиль йўллари қўмитаси:
Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда илғор хорижий тажрибага асосланган ҳолда 2022 йил 1 майга қадар автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш объектларининг интерактив онлайн харитаси-схемасини (кейинги ўринда — харита) ишлаб чиқсин ва «Shaffof yo'l» платформасига жойлаштирсин;
2023 йилдан бошлаб ва кейинчалик ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда кейинги йилда қурилиши, реконструкция қилиниши, таъмирланиши назарда тутилган барча тоифадаги йўл участкаларини харитага жойлаштириш амалиётини йўлга қўйсин.
Бунда, харитадаги ҳар бир объект бўйича техник-паспорт, фото-видео материаллар юритилиши ва акс эттирилиши инобатга олинсин.
6. Молия вазирлигининг «Очиқ бюджет» ахборот портали (кейинги ўринларда — «Очиқ бюджет» портали) орқали туман (шаҳар)лар бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларини таъмирлаш учун ажратилган маблағларни жамоатчилик фикри асосида шаклланган ички хўжалик йўлларни таъмирлашга йўналтириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
7. Туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджетлари параметрларида ҳудудий ички хўжалик йўлларни таъмирлаш учун ажратилган маблағларни жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички хўжалик йўлларини таъмирлашга йўналтириш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Автомобиль йўллари қўмитаси билан биргаликда 2022 йил 1 мартга қадар:
ички хўжалик йўлларининг жойлашган манзили (геопозицияси), тўлиқ номи, узунлиги, ҳолати (асфальтланган, таъмирталаб) ва бошқа маълумотларни ўз ичига олган Ички хўжалик йўллари реестрини шакллантирсин;
Ички хўжалик йўллари реестридан геомаълумот асосида фуқаролар томонидан тегишли ҳудуддаги ички хўжалик йўлини танлаш орқали ўз таклифини қолдириш имкониятини яратсин;
«Очиқ бюджет» порталининг «Shaffof yo'l» платформаси билан интеграция қилинишини ҳамда «Очиқ бюджет» порталининг мобиль иловаси ишга туширилишини таъминласин.
Бунда, фуқаролар томонидан ички хўжалик йўлларини реал вақтдаги жойлашган жойи (геолокация) асосида қайд этиш орқали ички хўжалик йўллари тўғрисида хабар бериш имконияти назарда тутилсин.
9. Транспорт вазирлиги Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда «Shaffof yo'l» платформаси ишини тест режимида ташкил этиш натижасида юзага келган муаммо ва мавжуд камчиликларни бартараф этсин, заруратга кўра, платформани такомиллаштиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ҳамда 2023 йил 1 январдан бошлаб «Shaffof yo'l» платформаси тўлиқ ишга туширилишини таъминласин.
10. Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
11. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Транспорт вазирлиги билан биргаликда ушбу қарор мақсади ва вазифалари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
12. Автомобиль йўллари қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда ички хўжалик йўлларни цемент-бетон қопламага ўтказган ҳолда таъмирлашда:
цемент-бетон қопламали йўлларни қуришга ихтисослашган тажрибали корхоналар фаолиятини ўрганиш асосида уларнинг технологияларини татбиқ этиш ва махсус ускуналарни харид қилиш;
йирик цемент-бетон ишлаб чиқарувчи корхоналар билан кооперацион алоқаларни ўрнатиш орқали йўлларни таъмирлаш таннархини туширишни таъминловчи тадбирлар амалга оширилишини назарда тутувчи «йўл хариталари»ни ишлаб чиқсин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири И.Р. Махкамов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 февралдаги 49-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Shaffof yo'l» онлайн ахборот платформасида автомобиль йўллари соҳасида очиқ ахборотлар шаклида жойлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар
Т/р Маълумот тури Тақдим этиш ва янгилаш муддати Жойлаштириш учун масъул вазирлик ва идоралар 1. Молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари молия бош бошқармалари ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш ҳудудий мақсадли жамғармаларига республика бюджетидан ҳар йили ажратиладиган мақсадли маблағлар. Реал вақт режимида Молия вазирлиги 2. Автомобиль йўллари соҳасига ажратиладиган халқаро молия институтлари маблағлари. Реал вақт режимида Молия вазирлиги 3. Автомобиль йўллари соҳаси учун Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ажратмалари. Реал вақт режимида Молия вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 4. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида жорий таъмирлаш ва сақлаш ишларини молиялаштириш учун ҳар йили ажратиладиган мақсадли маблағлар. Ҳар чоракда Молия вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси 5. Ички хўжалик йўллари ва шаҳарлар, бошқа аҳоли пунктлари кўчалари учун маҳаллий вакиллик ҳокимияти органлари томонидан жорий этиладиган йиғимлардан тушумлар. Ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 6. Автомобиль йўллари ва кўчалар бўйлаб автомобиль сақлаш жойларидан фойдаланганлик учун тўловлардан келиб тушадиган маблағлар. Ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 7. Транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш учун йиғимнинг базавий ставкасига қўшимча коэффициентларни қўллашдан тушадиган маблағлар. Ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 8. Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари молия бош бошқармалари ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш ҳудудий мақсадли жамғармаларига Молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармасидан амалга ошириладиган трансфертлар. Ҳар чоракда Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 9. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари йўл бўйида жойлашган ер участкаларида ташқи реклама объектлари (конструкциялари) қуриш учун электрон аукционлар якунлари бўйича ҳуқуқ тақдим этишдан тушадиган маблағлар, шунингдек, ташқи рекламанинг ўрнатилган объектлари (конструкциялари) учун ойлик тўловлар. Ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Автомобиль йўллари қўмитаси 10. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг йўл бўйида жойлашган ер участкаларида ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш, савдо, сервис объектлари, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятининг бошқа объектларини жойлаштириш ва қуриш учун мазкур ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини реализация қилишдан тушадиган маблағлар. Ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 11. Автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш объектларида олиб борилаётган йўл қурилиш ишлари ҳамда объектлар бўйича белгиланган тартибда тендер савдолари ўтказиш натижалари ҳақида маълумотлар. Доимий Автомобиль йўллари қўмитаси 12. Вилоят, шаҳар ва туманлар кесимида тегишлилиги бўйича, объектларда амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги маълумотлар (йўлларни лойиҳалаш, қуриш, таъмирлаш ва сақлаш ишлари харажатлар сметаси). Ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 13. Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги идоравий йўллар ва кўприклар ҳолати, уларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш ишлари тўғрисида маълумотлар. Ҳар чоракда Сув хўжалиги вазирлиги 14. Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги идоравий йўллар ва кўприклар ҳолати, уларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш ишлари учун ажратилган маблағлар тўғрисида маълумотлар. Ҳар чоракда Молия вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги 15. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тасдиқланган автомобиль йўллари соҳасини ривожлантиришга оид «йўл хариталари», давлат ва инвестиция дастурлари ижроси бўйича маълумотлар. Реал вақт режимида Транспорт вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси 16. Автомобиль йўлларини, шу жумладан, ички хўжалик йўллари ва шаҳарлар, бошқа аҳоли пунктлари кўчаларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш, автомобиль йўлида ишларни амалга ошириш учун берилган рухсатномалар тўғрисида маълумотлар. Реал вақт режимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 17. Автомобиль йўлларини, шу жумладан, ички хўжалик йўллари ва шаҳарлар, бошқа аҳоли пунктлари кўчаларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш, автомобиль йўлида ишларни амалга ошириш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаслик, шунингдек, йўлларни сақлаш қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича маълумотлар. Реал вақт режимида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 февралдаги 49-сон қарорига 2-ИЛОВА
Туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджетлари параметрларида ҳудудий ички хўжалик йўлларни таъмирлаш учун ажратилган маблағларни жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички хўжалик йўлларни таъмирлашга йўналтириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджетлари параметрларида ҳудудий ички хўжалик йўлларни таъмирлаш учун ажратилган маблағларни жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички хўжалик йўлларни таъмирлашга йўналтириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ички хўжалик йўллар реестри — республика бўйича барча шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчалари, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, хўжалик автомобил йўлларини (кейинги ўринларда — ички йўллар) тўлиқ рўйхатини ўз ичига олган маълумотлар базаси;
ўртача нарх — бир квадрат метрлик ички йўлни таъмирлаш учун талаб этиладиган харажатларнинг ўртача қиймати.
3. Туман (шаҳар) маҳаллий бюджети параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратилган маблағларнинг камида 50 фоизи «Очиқ бюджет» ахборот портали (кейинги ўринларда — ахборот портали) орқали билдирилган жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички йўлларни таъмирлаш тадбирларини молиялаштиришга йўналтирилади.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги молия бош бошқармалари томонидан ҳар йили 15 декабрь санасига қадар ҳисобот йили давомида амалга оширилган ички йўлларни таъмирлаш учун сарфланган маблағлар асосида ўртача нарх шакллантирилади ва ахборот порталига киритилади.
5. Ҳар бир туман (шаҳар)да туман (шаҳар) маҳаллий бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратилган маблағлар миқдори ҳамда ҳудудлар бўйича аниқланган ўртача нарх туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ахборот порталида эълон қилинади.
6. Ахборот портали автоматик равишда ўртача нарх ва туман (шаҳар) маҳаллий бюджети параметрларидан келиб чиқиб, ҳар бир туман (шаҳар) бўйича таъмирланадиган ички йўлларнинг умумий ҳажмини аниқлайди.
2-боб. Ахборот портали орқали билдирилган жамоатчилик фикри асосида ички йўлларни таъмирлашга доир таклифларни шакллантириш тартиби
7. Ички йўлларини таъмирлашга доир таклифлар ахборот портали орқали кенг жамоатчилик ва бевосита фуқаролар томонидан билдирилган фикрлар асосида шакллантирилади.
8. Жамоатчилик фикри асосида ички йўлларни таъмирлашда таклифларни қабул қилиб олиш ҳар йили 10 январга қадар, билдирилган таклифлар орасидан ғолиб таклифларни овоз бериш йўли билан аниқлаб олиш жорий йилнинг 31 январга қадар амалга оширилади.
9. Ахборот портали орқали таклифларни юбориш ҳамда овоз бериш жараёнида вояга етган фуқаролар иштирок этишлари мумкин.
10. Жамоатчилик фикри асосида ички йўлларни таъмирлаш учун туман (шаҳар) маҳаллий бюджети маблағларини йўналтириш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
11. Фуқаролар ҳар йили ички йўлларни таъмирлашга доир фақат битта таклифни киритиши ҳамда битта таклифга овоз бериши мумкин. Фуқаролар ўзлари томонидан киритилган таклифга овоз бериши тақиқланади.
12. Ички йўлларни таъмирлашга доир таклифлар киритиш фуқаролар томонидан ахборот порталида тақдим этилган Ички йўллар реестридаги тегишли ички йўллардан бирини танлаш орқали амалга оширилади.
13. Ахборот портали орқали таклиф киритиш бевосита порталда рўйхатдан ўтиш орқали амалга оширилади.
14. Фуқаролар томонидан танланган ички йўллар ахборот порталида автоматик равишда таклиф сифатида шаклланади ва бошқа фуқароларнинг овоз бериши учун имконият яратилади.
15. Ҳар бир туман ва шаҳарларда билдирилган таклифлар бўйича берилган энг кўп овозлар сонидан келиб чиқиб, юқоридан пастга қараб сараланади.
16. Ғолиб таклифлар туман (шаҳар) маҳаллий бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратилган маблағларнинг камида 50 фоизи доирасида таклифларни амалга ошириш қийматини ҳисобга олган ҳолда автоматик тарзда кетма-кетлик бўйича аниқланади.
17. Агар кетма-кетлик бўйича ғолиб деб топилган таклифларнинг амалга ошириш қиймати тегишли туман (шаҳар) маҳаллий бюджети параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлашга ажратилган маблағларнинг 50 фоизидан кам бўлса, тегишли туман (шаҳар) маҳаллий бюджети параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлашга ажратилган маблағлар қийматидан ортиқ бўлмаган кетма-кетлик бўйича навбатдаги таклиф ҳам ғолиб деб топилади.
18. Ҳар бир ғолиб деб топилган таклиф учун алоҳида ғазна ҳисобварағи очилади ва тегишли маблағлар ўтказиб берилади.
19. Ғолиб деб топилган таклифлар учун ажратиладиган маблағларнинг қиймати ҳисоб-китобига лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида аниқлик киритилади. Бунда, лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида аниқлик киритилган қиймат ғолиб деб топилган таклиф дастлабки қийматининг 5 фоизидан ошиб кетишига йўл қўйилмайди. Аниқлик киритилган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан таклифни амалга ошириш қиймати дастлабки таклиф қийматининг 5 фоиздан ошиб кетган ҳолларда лойиҳа-смета ҳужжатлари қайта кўриб чиқилади.
20. Агар ғолиб деб топилган таклифда кўрсатилган ички йўлларни таъмирлаш жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ҳукуматнинг тегишли қарорлари ёки ривожлантириш дастурлари доирасида бошқа манбалар ҳисобидан таъмирланиши назарда тутилган бўлса, ахборот порталига Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги молия бош бошқармалари томонидан ушбу таклифни бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши учун асос бўлувчи ҳужжатлар юкланади ҳамда ушбу таклиф автоматик равишда ахборот порталидаги ғолиблар рўйхатидан чиқаради.
Бундай ҳолларда ахборот порталида кетма-кетлик бўйича ғолиблар рўйхатини қайта шакллантирилади.
21. Ғолиб деб топилган таклифлар Ички йўллар реестрида қайд этиб борилиб, келгуси уч йил давомида қайта таклиф бериш имконияти берилмайди.
22. Ғолиб деб топилган таклифлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ушбу таклифларни илгари сурган фуқаролар жалб қилинган ҳолда ишлаб чиқилади, фуқаролар томонидан иштирок этиш рад этилган ҳолатлар бундан мустасно.
3-боб. Ахборот портали орқали билдирилган жамоатчилик фикри асосида ички йўлларни таъмирлашни молиялаштириш тартиби
23. Ғолиб деб топилган таклифлар бўйича ички йўлларни лойиҳалаштириш, таъмирлашда туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари буюртмачи вазифасини бажаради.
24. Туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратилган маблағлар тегишли тартибда туман (шаҳар) молия бўлимлари томонидан туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармалари томонидан ички йўлларни таъмирлашга масъул ваколатли органга ўтказиб берилади.
4-боб. Ахборот портали орқали билдирилган жамоатчилик фикри асосида ички йўлларни таъмирлашни молиялаштириш бўйича ҳисобдорлик
25. Туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратилган маблағлардан самарали фойдаланишни таъминлаш ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида ғолиб деб топилган таклифларни молиялаштириш учун очилган ғазна ҳисобварақлар ахборот порталига бириктирилади ва фойдаланувчиларга ажратилган маблағлар ва уларнинг сарфланиши юзасидан реал вақт шароитида маълумотлар билан танишиб бориш имконияти яратилади.
26. Ахборот портали орқали билдирилган жамоатчилик фикри асосида таъмирланган ички йўлларда амалга оширилган ишлар юзасидан туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари томонидан мажбурий равишда кўргазма планшетлари ўрнатилади.
Планшетларда ахборот портали орқали тегишли ички йўлни таъмирлашга доир келиб тушган таклифга йўналтирувчи «QR» штрих-код билан тасвирланган веб-манзил акс эттирилади.
27. Ахборот портали орқали жамоатчилик назоратини ўрнатиш ва маблағлардан самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни амалга ошириш босқичлари бўйича ташаббускорлар қуйидаги ҳолларда СМС-хизмати орқали хабардор этиб борилади:
таклиф ғолиб деб топилганда;
ғолиб деб топилган таклифни молиялаштириш учун маблағ ҳисобвараққа келиб тушганда;
ғолиб деб топилган таклифни амалга ошириш мақсадида шартнома имзоланганда (пудрат ташкилоти номи, шартнома суммаси ва давлат харидлари порталидаги махсус рақами);
молиялаштириш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан харажатлар амалга оширилганда (қайси ташкилотга маблағ ўтказилганлиги, маблағ миқдори ва тўлов мақсади).
28. Ғолиб деб топилган таклифлар асосида манзилли рўйхатга киритилган ички йўллари бўйича лойиҳа ҳужжатларини, ишлар рўйхатини тасдиқланиши тўғрилигини, бюджет маблағларини мақсадли сарфланганлиги, тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари асосида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари ҳажми ва сифати устидан жамоатчилик назорат ўрнатиш мақсадида ушбу таклифларни илгари сурган фуқаролар жалб қилинади фуқаролар томонидан иштирок этиш рад этилган ҳолатлар бундан мустасно.
Бунда, ахборот порталида ҳар бир лойиҳалар бўйича жамоатчилик назорати натижалари жойлаштирилади ва ҳар бир таклиф ва эътирозларга маҳаллий органлар ва буюртмачилар томонидан асослантирилган жавоблар қолдирилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
29. Ушбу Низомга асосан ички йўлларни таъмирлаш тадбирлари учун ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, кейинчалик ушбу йўллардан фойдаланиш бўйича ички йўлларни таъмирлаш учун масъул ваколатли орган шахсан жавобгар ҳисобланади.
30. Туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратилган маблағлардан белгиланган мақсадларда ва самарали фойдаланилиши устидан назорат Давлат молиявий назорати инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.
31. Ушбу Низомга мувофиқ таъмирланган йўлларнинг давлат стандартларига мувофиқ эканлиги ва техник талабларга мослиги устидан доимий назорат Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси томонидан амалга оширилади.
32. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджетлари параметрларида ҳудудий ички хўжалик йўлларини таъмирлаш учун ажратилган маблағларни жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички хўжалик йўлларни таъмирлашга йўналтириш тартиби тўғрисида низомга ИЛОВА
Жамоатчилик фикри асосида ички хўжалик йўлларни таъмирлаш учун туман (шаҳар) бюджети маблағларини йўналтириш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Туман (шаҳар) ҳокимликлари 1. Туман (шаҳар) маҳаллий бюджетлари параметрларида ҳудудий ички хўжалик йўлларини таъмирлаш учун ажратилган маблағлар миқдори ҳамда ҳудудлар бўйича аниқланган ўртача нарх суммаси ахборот порталида эълон қилинади. Ҳар йили 15 декабрга қадар Туман (шаҳар) ҳокимликлари 2. Расмий веб-сайтлар, ҳудудий ОАВ орқали таклиф билдириш жараёни бошланиши ҳақида эълон беради. Ҳар йили 15 декабрга қадар 2-босқич Ташаббускор фуқаролар Фуқаролар томонидан Ички хўжалик йўлларини таъмирлаш юзасидан «Очиқ бюджет» ахборот порталида тақдим этилган Ички хўжалик йўллари реестридан тегишли ички хўжалик йўлларидан бирини танлаш орқали таклиф қолдирилади. Ҳар йили январь ойининг 10 санасига қадар 3-босқич Овоз бериш истагини билдирувчи фуқаролар Билдирилган таклифлар орасидан таклифларга овоз беради. Молия йилининг 10 — 31 январь кунлари давомида 4-босқич «Очиқ бюджет» ахборот портали Туман (шаҳар) маҳаллий бюджетлари параметрларида ҳудудий ички хўжалик йўлларини таъмирлаш учун ажратилган маблағларнинг камида 50 фоизи доирасида таклифларни амалга ошириш қийматини ҳисобга олган ҳолда автоматик равишда кетма-кетлик бўйича ғолиб таклифлар аниқланади. Февраль ойида 5-босқич Туман (шаҳар) молия бўлимлари Ҳар бир ғолиб деб топилган таклиф учун алоҳида ғазна ҳисобварағи очилади ва тегишли маблағлар ўтказиб берилади. Апрель ойида 6-босқич Туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари Ғолиб деб топилган таклифлар учун ажратиладиган маблағларнинг қиймати ҳисоб-китобига лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида аниқлик киритилади. Апрель ойида 7-босқич Ободонлаштириш бошқармалари Ажратилган маблағлар доирасида ички хўжалик йўлларини таъмирлаш учун пудратчи ташкилот билан шартномалар расмийлаштирилиб, ишлар бажарилади. Йил давомида 8-босқич Туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари Таъмирланган йўлларга махсус «QR» штрих-код туширилган кўргазма планшетлар ўрнатилади. Таъмирлаш ишлари якунлангандан сўнг
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 2 февраль,
49-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
ROʻYXATI
NIZOM
SXEMASI
Avtomobil yoʻllari sohasida ochiqlik standartlarini joriy etish va sohada jamoatchilik nazoratini kuchaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Avtomobil yoʻllarini qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash sohasida mutlaqo yangi ochiqlik standartlarini joriy etish va shaffoflikni taʼminlash hamda sohada jamoatchilik nazoratini kuchaytirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi) tomonidan avtomobil yoʻllari sohasida shaffoflik va jamoatchilik oldidagi hisobdorlik standartlarini joriy qilish boʻyicha “Shaffof yo'l” onlayn axborot platformasi (keyingi oʻrinlarda — “Shaffof yo'l” platformasi) ishlab chiqilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi, Moliya vazirligi va Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda avtomobil yoʻllari sohasiga tegishli maʼlumotlar bazasini oʻz ichiga olgan “Shaffof yo'l” platformasini 2022-yil 1-iyuldan boshlab test rejimida ishga tushirsin.
3. “Shaffof yo'l” onlayn axborot platformasida avtomobil yoʻllari sohasida ochiq axborotlar shaklida joylashtirilishi lozim boʻlgan maʼlumotlar roʻyxati 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Belgilansinki:
a) quyidagilar:
avtomobil yoʻllarini qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va saqlash ishlari uchun yoʻnaltirilayotgan mablagʻlarning harakati toʻgʻrisidagi maʼlumotlar — Moliya vazirligi tomonidan;
avtomobil yoʻllarini qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash obyektlarida olib borilayotgan yoʻl qurilish ishlari haqidagi, shu jumladan, umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllari bilan bogʻliq maʼlumotlar — Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi tomonidan;
mahalliy hokimliklar buyurtmachiligidagi ichki xoʻjalik yoʻllari, shaharlar va boshqa aholi punktlaridagi koʻchalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tomonidan shakllantiriladi hamda “Shaffof yo'l” platformasiga kiritiladi;
b) “Shaffof yo'l” platformasining alohida sahifasi orqali aholining yoʻllar nosozligi, shuningdek, yoʻllarda va yoʻl boʻyida xavfsiz harakatlanish uchun yuzaga kelgan favqulodda texnik muammolar (svetoforlar va yoʻl belgilar oʻrnatilmaganligi yoki ularning shikastlanganligi, tabiiy ofatlar natijasida yuzaga keladigan hodisalar ortidan hosil boʻladigan oqibatlar) haqida foto- va videomurojaatlar — jamoatchilik fikri asosida shakllantiriladi;
v) “Shaffof yo'l” platformasida joylashtiriladigan maʼlumotlar bazasi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi rasmiy veb-sayti hamda manfaatdor vazirlik va idoralarga tegishli maʼlumotlar bazalari bilan integratsiyalashgan holda yuritiladi.
5. Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi:
Davlat soliq qoʻmitasi huzuridagi Kadastr agentligi bilan birgalikda ilgʻor xorijiy tajribaga asoslangan holda 2022-yil 1-mayga qadar avtomobil yoʻllarini qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash obyektlarining interaktiv onlayn xaritasi-sxemasini (keyingi oʻrinda — xarita) ishlab chiqsin va “Shaffof yo'l” platformasiga joylashtirsin;
2023-yildan boshlab va keyinchalik har yili Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyat, tuman (shahar) hokimliklari bilan birgalikda keyingi yilda qurilishi, rekonstruksiya qilinishi, taʼmirlanishi nazarda tutilgan barcha toifadagi yoʻl uchastkalarini xaritaga joylashtirish amaliyotini yoʻlga qoʻysin.
Bunda, xaritadagi har bir obyekt boʻyicha texnik-pasport, foto-video materiallar yuritilishi va aks ettirilishi inobatga olinsin.
6. Moliya vazirligining “Ochiq budjet” axborot portali (keyingi oʻrinlarda — “Ochiq budjet” portali) orqali tuman (shahar)lar budjetlari parametrlarida hududiy ichki yoʻllarini taʼmirlash uchun ajratilgan mablagʻlarni jamoatchilik fikri asosida shakllangan ichki xoʻjalik yoʻllarni taʼmirlashga yoʻnaltirish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
7. Tuman (shahar)lar mahalliy budjetlari parametrlarida hududiy ichki xoʻjalik yoʻllarni taʼmirlash uchun ajratilgan mablagʻlarni jamoatchilik fikri asosida aniqlangan ichki xoʻjalik yoʻllarini taʼmirlashga yoʻnaltirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
8. Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi, Moliya vazirligi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari, Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi bilan birgalikda 2022-yil 1-martga qadar:
ichki xoʻjalik yoʻllarining joylashgan manzili (geopozitsiyasi), toʻliq nomi, uzunligi, holati (asfaltlangan, taʼmirtalab) va boshqa maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan Ichki xoʻjalik yoʻllari reyestrini shakllantirsin;
Ichki xoʻjalik yoʻllari reyestridan geomaʼlumot asosida fuqarolar tomonidan tegishli hududdagi ichki xoʻjalik yoʻlini tanlash orqali oʻz taklifini qoldirish imkoniyatini yaratsin;
“Ochiq budjet” portalining “Shaffof yo'l” platformasi bilan integratsiya qilinishini hamda “Ochiq budjet” portalining mobil ilovasi ishga tushirilishini taʼminlasin.
Bunda, fuqarolar tomonidan ichki xoʻjalik yoʻllarini real vaqtdagi joylashgan joyi (geolokatsiya) asosida qayd etish orqali ichki xoʻjalik yoʻllari toʻgʻrisida xabar berish imkoniyati nazarda tutilsin.
9. Transport vazirligi Moliya vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda “Shaffof yo'l” platformasi ishini test rejimida tashkil etish natijasida yuzaga kelgan muammo va mavjud kamchiliklarni bartaraf etsin, zaruratga koʻra, platformani takomillashtirishni nazarda tutuvchi normativ-huquqiy hujjat loyihasini belgilangan tartibda ishlab chiqsin hamda 2023-yil 1-yanvardan boshlab “Shaffof yo'l” platformasi toʻliq ishga tushirilishini taʼminlasin.
10. Transport vazirligi, Moliya vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
11. Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi, Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi Transport vazirligi bilan birgalikda ushbu qaror maqsadi va vazifalari ommaviy axborot vositalarida keng yoritilishini taʼminlasin.
12. Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda bir oy muddatda ichki xoʻjalik yoʻllarni sement-beton qoplamaga oʻtkazgan holda taʼmirlashda:
sement-beton qoplamali yoʻllarni qurishga ixtisoslashgan tajribali korxonalar faoliyatini oʻrganish asosida ularning texnologiyalarini tatbiq etish va maxsus uskunalarni xarid qilish;
yirik sement-beton ishlab chiqaruvchi korxonalar bilan kooperatsion aloqalarni oʻrnatish orqali yoʻllarni taʼmirlash tannarxini tushirishni taʼminlovchi tadbirlar amalga oshirilishini nazarda tutuvchi “yoʻl xaritalari”ni ishlab chiqsin.
13. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari A.J. Ramatov va Oʻzbekiston Respublikasi transport vaziri I.R. Maxkamov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 2-fevraldagi 49-son qaroriga 1-ILOVA
“Shaffof yo'l” onlayn axborot platformasida avtomobil yoʻllari sohasida ochiq axborotlar shaklida joylashtirilishi lozim boʻlgan maʼlumotlar
T/r Maʼlumot turi Taqdim etish va yangilash muddati Joylashtirish uchun masʼul vazirlik va idoralar 1. Moliya vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllarini rivojlantirish maqsadli jamgʻarmasiga hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Moliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari moliya bosh boshqarmalari huzuridagi Avtomobil yoʻllarini rivojlantirish hududiy maqsadli jamgʻarmalariga respublika budjetidan har yili ajratiladigan maqsadli mablagʻlar. Real vaqt rejimida Moliya vazirligi 2. Avtomobil yoʻllari sohasiga ajratiladigan xalqaro moliya institutlari mablagʻlari. Real vaqt rejimida Moliya vazirligi 3. Avtomobil yoʻllari sohasi uchun Oʻzbekiston Respublikasining Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi ajratmalari. Real vaqt rejimida Moliya vazirligi, Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi 4. Umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarida joriy taʼmirlash va saqlash ishlarini moliyalashtirish uchun har yili ajratiladigan maqsadli mablagʻlar. Har chorakda Moliya vazirligi, Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi 5. Ichki xoʻjalik yoʻllari va shaharlar, boshqa aholi punktlari koʻchalari uchun mahalliy vakillik hokimiyati organlari tomonidan joriy etiladigan yigʻimlardan tushumlar. Har chorakda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari 6. Avtomobil yoʻllari va koʻchalar boʻylab avtomobil saqlash joylaridan foydalanganlik uchun toʻlovlardan kelib tushadigan mablagʻlar. Har chorakda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari 7. Transport vositalarini texnik koʻrikdan oʻtkazish uchun yigʻimning bazaviy stavkasiga qoʻshimcha koeffitsiyentlarni qoʻllashdan tushadigan mablagʻlar. Har chorakda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari 8. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Moliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari moliya bosh boshqarmalari huzuridagi Avtomobil yoʻllarini rivojlantirish hududiy maqsadli jamgʻarmalariga Moliya vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllarini rivojlantirish maqsadli jamgʻarmasidan amalga oshiriladigan transfertlar. Har chorakda Moliya vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari 9. Umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllari yoʻl boʻyida joylashgan yer uchastkalarida tashqi reklama obyektlari (konstruksiyalari) qurish uchun elektron auksionlar yakunlari boʻyicha huquq taqdim etishdan tushadigan mablagʻlar, shuningdek, tashqi reklamaning oʻrnatilgan obyektlari (konstruksiyalari) uchun oylik toʻlovlar. Har chorakda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari, Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi 10. Umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarining yoʻl boʻyida joylashgan yer uchastkalarida ishlab chiqarish, xizmatlar koʻrsatish, savdo, servis obyektlari, shuningdek, tadbirkorlik faoliyatining boshqa obyektlarini joylashtirish va qurish uchun mazkur yer uchastkalaridan foydalanish huquqini realizatsiya qilishdan tushadigan mablagʻlar. Har chorakda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari 11. Avtomobil yoʻllarini qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash obyektlarida olib borilayotgan yoʻl qurilish ishlari hamda obyektlar boʻyicha belgilangan tartibda tender savdolari oʻtkazish natijalari haqida maʼlumotlar. Doimiy Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi 12. Viloyat, shahar va tumanlar kesimida tegishliligi boʻyicha, obyektlarda amalga oshirilayotgan ishlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (yoʻllarni loyihalash, qurish, taʼmirlash va saqlash ishlari xarajatlar smetasi). Har chorakda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari 13. Suv xoʻjaligi vazirligi tizimidagi idoraviy yoʻllar va koʻpriklar holati, ularni qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va saqlash ishlari toʻgʻrisida maʼlumotlar. Har chorakda Suv xoʻjaligi vazirligi 14. Suv xoʻjaligi vazirligi tizimidagi idoraviy yoʻllar va koʻpriklar holati, ularni qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va saqlash ishlari uchun ajratilgan mablagʻlar toʻgʻrisida maʼlumotlar. Har chorakda Moliya vazirligi, Suv xoʻjaligi vazirligi 15. Normativ-huquqiy hujjatlar bilan tasdiqlangan avtomobil yoʻllari sohasini rivojlantirishga oid “yoʻl xaritalari”, davlat va investitsiya dasturlari ijrosi boʻyicha maʼlumotlar. Real vaqt rejimida Transport vazirligi, Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi 16. Avtomobil yoʻllarini, shu jumladan, ichki xoʻjalik yoʻllari va shaharlar, boshqa aholi punktlari koʻchalarini oʻzboshimchalik bilan qazish, ularda sunʼiy notekisliklar va toʻsiqlar yaratish, avtomobil yoʻlida ishlarni amalga oshirish uchun berilgan ruxsatnomalar toʻgʻrisida maʼlumotlar. Real vaqt rejimida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari 17. Avtomobil yoʻllarini, shu jumladan, ichki xoʻjalik yoʻllari va shaharlar, boshqa aholi punktlari koʻchalarini oʻzboshimchalik bilan qazish, ularda sunʼiy notekisliklar va toʻsiqlar yaratish, avtomobil yoʻlida ishlarni amalga oshirish uchun berilgan ruxsatnoma talablarini bajarmaslik, shuningdek, yoʻllarni saqlash qoidalarini buzish holatlari boʻyicha maʼlumotlar. Real vaqt rejimida Transport vazirligi huzuridagi Transport nazorati inspeksiyasi
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 2-fevraldagi 49-son qaroriga 2-ILOVA
Tuman (shahar)lar mahalliy budjetlari parametrlarida hududiy ichki xoʻjalik yoʻllarni taʼmirlash uchun ajratilgan mablagʻlarni jamoatchilik fikri asosida aniqlangan ichki xoʻjalik yoʻllarni taʼmirlashga yoʻnaltirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom tuman (shahar)lar mahalliy budjetlari parametrlarida hududiy ichki xoʻjalik yoʻllarni taʼmirlash uchun ajratilgan mablagʻlarni jamoatchilik fikri asosida aniqlangan ichki xoʻjalik yoʻllarni taʼmirlashga yoʻnaltirish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
ichki xoʻjalik yoʻllar reyestri — respublika boʻyicha barcha shaharlar va boshqa aholi punktlari koʻchalari, xoʻjaliklararo qishloq avtomobil yoʻllari, xoʻjalik avtomobil yoʻllarini (keyingi oʻrinlarda — ichki yoʻllar) toʻliq roʻyxatini oʻz ichiga olgan maʼlumotlar bazasi;
oʻrtacha narx — bir kvadrat metrlik ichki yoʻlni taʼmirlash uchun talab etiladigan xarajatlarning oʻrtacha qiymati.
3. Tuman (shahar) mahalliy budjeti parametrlarida hududiy ichki yoʻllarni taʼmirlash uchun ajratilgan mablagʻlarning kamida 50 foizi “Ochiq budjet” axborot portali (keyingi oʻrinlarda — axborot portali) orqali bildirilgan jamoatchilik fikri asosida aniqlangan ichki yoʻllarni taʼmirlash tadbirlarini moliyalashtirishga yoʻnaltiriladi.
4. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Moliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimligi moliya bosh boshqarmalari tomonidan har yili 15-dekabr sanasiga qadar hisobot yili davomida amalga oshirilgan ichki yoʻllarni taʼmirlash uchun sarflangan mablagʻlar asosida oʻrtacha narx shakllantiriladi va axborot portaliga kiritiladi.
5. Har bir tuman (shahar)da tuman (shahar) mahalliy budjetlari parametrlarida hududiy ichki yoʻllarni taʼmirlash uchun ajratilgan mablagʻlar miqdori hamda hududlar boʻyicha aniqlangan oʻrtacha narx tuman (shahar) hokimliklari tomonidan axborot portalida eʼlon qilinadi.
6. Axborot portali avtomatik ravishda oʻrtacha narx va tuman (shahar) mahalliy budjeti parametrlaridan kelib chiqib, har bir tuman (shahar) boʻyicha taʼmirlanadigan ichki yoʻllarning umumiy hajmini aniqlaydi.
2-bob. Axborot portali orqali bildirilgan jamoatchilik fikri asosida ichki yoʻllarni taʼmirlashga doir takliflarni shakllantirish tartibi
7. Ichki yoʻllarini taʼmirlashga doir takliflar axborot portali orqali keng jamoatchilik va bevosita fuqarolar tomonidan bildirilgan fikrlar asosida shakllantiriladi.
8. Jamoatchilik fikri asosida ichki yoʻllarni taʼmirlashda takliflarni qabul qilib olish har yili 10-yanvarga qadar, bildirilgan takliflar orasidan gʻolib takliflarni ovoz berish yoʻli bilan aniqlab olish joriy yilning 31-yanvarga qadar amalga oshiriladi.
9. Axborot portali orqali takliflarni yuborish hamda ovoz berish jarayonida voyaga yetgan fuqarolar ishtirok etishlari mumkin.
10. Jamoatchilik fikri asosida ichki yoʻllarni taʼmirlash uchun tuman (shahar) mahalliy budjeti mablagʻlarini yoʻnaltirish ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
11. Fuqarolar har yili ichki yoʻllarni taʼmirlashga doir faqat bitta taklifni kiritishi hamda bitta taklifga ovoz berishi mumkin. Fuqarolar oʻzlari tomonidan kiritilgan taklifga ovoz berishi taqiqlanadi.
12. Ichki yoʻllarni taʼmirlashga doir takliflar kiritish fuqarolar tomonidan axborot portalida taqdim etilgan Ichki yoʻllar reyestridagi tegishli ichki yoʻllardan birini tanlash orqali amalga oshiriladi.
13. Axborot portali orqali taklif kiritish bevosita portalda roʻyxatdan oʻtish orqali amalga oshiriladi.
14. Fuqarolar tomonidan tanlangan ichki yoʻllar axborot portalida avtomatik ravishda taklif sifatida shakllanadi va boshqa fuqarolarning ovoz berishi uchun imkoniyat yaratiladi.
15. Har bir tuman va shaharlarda bildirilgan takliflar boʻyicha berilgan eng koʻp ovozlar sonidan kelib chiqib, yuqoridan pastga qarab saralanadi.
16. Gʻolib takliflar tuman (shahar) mahalliy budjetlari parametrlarida hududiy ichki yoʻllarni taʼmirlash uchun ajratilgan mablagʻlarning kamida 50 foizi doirasida takliflarni amalga oshirish qiymatini hisobga olgan holda avtomatik tarzda ketma-ketlik boʻyicha aniqlanadi.
17. Agar ketma-ketlik boʻyicha gʻolib deb topilgan takliflarning amalga oshirish qiymati tegishli tuman (shahar) mahalliy budjeti parametrlarida hududiy ichki yoʻllarni taʼmirlashga ajratilgan mablagʻlarning 50 foizidan kam boʻlsa, tegishli tuman (shahar) mahalliy budjeti parametrlarida hududiy ichki yoʻllarni taʼmirlashga ajratilgan mablagʻlar qiymatidan ortiq boʻlmagan ketma-ketlik boʻyicha navbatdagi taklif ham gʻolib deb topiladi.
18. Har bir gʻolib deb topilgan taklif uchun alohida gʻazna hisobvaragʻi ochiladi va tegishli mablagʻlar oʻtkazib beriladi.
19. Gʻolib deb topilgan takliflar uchun ajratiladigan mablagʻlarning qiymati hisob-kitobiga loyiha-smeta hujjatlari asosida aniqlik kiritiladi. Bunda, loyiha-smeta hujjatlari asosida aniqlik kiritilgan qiymat gʻolib deb topilgan taklif dastlabki qiymatining 5 foizidan oshib ketishiga yoʻl qoʻyilmaydi. Aniqlik kiritilgan loyiha-smeta hujjatlariga asosan taklifni amalga oshirish qiymati dastlabki taklif qiymatining 5 foizdan oshib ketgan hollarda loyiha-smeta hujjatlari qayta koʻrib chiqiladi.
20. Agar gʻolib deb topilgan taklifda koʻrsatilgan ichki yoʻllarni taʼmirlash joriy yilda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti, Hukumatning tegishli qarorlari yoki rivojlantirish dasturlari doirasida boshqa manbalar hisobidan taʼmirlanishi nazarda tutilgan boʻlsa, axborot portaliga Qoraqalpogʻiston Respublikasi Moliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimligi moliya bosh boshqarmalari tomonidan ushbu taklifni boshqa manbalar hisobidan moliyalashtirilishi uchun asos boʻluvchi hujjatlar yuklanadi hamda ushbu taklif avtomatik ravishda axborot portalidagi gʻoliblar roʻyxatidan chiqaradi.
Bunday hollarda axborot portalida ketma-ketlik boʻyicha gʻoliblar roʻyxatini qayta shakllantiriladi.
21. Gʻolib deb topilgan takliflar Ichki yoʻllar reyestrida qayd etib borilib, kelgusi uch yil davomida qayta taklif berish imkoniyati berilmaydi.
22. Gʻolib deb topilgan takliflar boʻyicha loyiha-smeta hujjatlari ushbu takliflarni ilgari surgan fuqarolar jalb qilingan holda ishlab chiqiladi, fuqarolar tomonidan ishtirok etish rad etilgan holatlar bundan mustasno.
3-bob. Axborot portali orqali bildirilgan jamoatchilik fikri asosida ichki yoʻllarni taʼmirlashni moliyalashtirish tartibi
23. Gʻolib deb topilgan takliflar boʻyicha ichki yoʻllarni loyihalashtirish, taʼmirlashda tuman (shahar) obodonlashtirish boshqarmalari buyurtmachi vazifasini bajaradi.
24. Tuman (shahar)lar mahalliy budjetlari parametrlarida hududiy ichki yoʻllarni taʼmirlash uchun ajratilgan mablagʻlar tegishli tartibda tuman (shahar) moliya boʻlimlari tomonidan tuman va shahar obodonlashtirish boshqarmalari tomonidan ichki yoʻllarni taʼmirlashga masʼul vakolatli organga oʻtkazib beriladi.
4-bob. Axborot portali orqali bildirilgan jamoatchilik fikri asosida ichki yoʻllarni taʼmirlashni moliyalashtirish boʻyicha hisobdorlik
25. Tuman (shahar)lar mahalliy budjetlari parametrlarida hududiy ichki yoʻllarni taʼmirlash uchun ajratilgan mablagʻlardan samarali foydalanishni taʼminlash hamda jamoatchilik nazoratini oʻrnatish maqsadida gʻolib deb topilgan takliflarni moliyalashtirish uchun ochilgan gʻazna hisobvaraqlar axborot portaliga biriktiriladi va foydalanuvchilarga ajratilgan mablagʻlar va ularning sarflanishi yuzasidan real vaqt sharoitida maʼlumotlar bilan tanishib borish imkoniyati yaratiladi.
26. Axborot portali orqali bildirilgan jamoatchilik fikri asosida taʼmirlangan ichki yoʻllarda amalga oshirilgan ishlar yuzasidan tuman (shahar) obodonlashtirish boshqarmalari tomonidan majburiy ravishda koʻrgazma planshetlari oʻrnatiladi.
Planshetlarda axborot portali orqali tegishli ichki yoʻlni taʼmirlashga doir kelib tushgan taklifga yoʻnaltiruvchi “QR” shtrix-kod bilan tasvirlangan veb-manzil aks ettiriladi.
27. Axborot portali orqali jamoatchilik nazoratini oʻrnatish va mablagʻlardan samarali foydalanilishini taʼminlash maqsadida jamoatchilik fikri asosida shakllantirilgan tadbirlarni amalga oshirish bosqichlari boʻyicha tashabbuskorlar quyidagi hollarda SMS-xizmati orqali xabardor etib boriladi:
taklif gʻolib deb topilganda;
gʻolib deb topilgan taklifni moliyalashtirish uchun mablagʻ hisobvaraqqa kelib tushganda;
gʻolib deb topilgan taklifni amalga oshirish maqsadida shartnoma imzolanganda (pudrat tashkiloti nomi, shartnoma summasi va davlat xaridlari portalidagi maxsus raqami);
moliyalashtirish uchun ajratilgan mablagʻlar hisobidan xarajatlar amalga oshirilganda (qaysi tashkilotga mablagʻ oʻtkazilganligi, mablagʻ miqdori va toʻlov maqsadi).
28. Gʻolib deb topilgan takliflar asosida manzilli roʻyxatga kiritilgan ichki yoʻllari boʻyicha loyiha hujjatlarini, ishlar roʻyxatini tasdiqlanishi toʻgʻriligini, budjet mablagʻlarini maqsadli sarflanganligi, tasdiqlangan loyiha hujjatlari asosida olib borilayotgan taʼmirlash ishlari hajmi va sifati ustidan jamoatchilik nazorat oʻrnatish maqsadida ushbu takliflarni ilgari surgan fuqarolar jalb qilinadi fuqarolar tomonidan ishtirok etish rad etilgan holatlar bundan mustasno.
Bunda, axborot portalida har bir loyihalar boʻyicha jamoatchilik nazorati natijalari joylashtiriladi va har bir taklif va eʼtirozlarga mahalliy organlar va buyurtmachilar tomonidan asoslantirilgan javoblar qoldiriladi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
29. Ushbu Nizomga asosan ichki yoʻllarni taʼmirlash tadbirlari uchun ajratilgan mablagʻlarning maqsadli sarflanishi, keyinchalik ushbu yoʻllardan foydalanish boʻyicha ichki yoʻllarni taʼmirlash uchun masʼul vakolatli organ shaxsan javobgar hisoblanadi.
30. Tuman (shahar)lar mahalliy budjetlari parametrlarida hududiy ichki yoʻllarni taʼmirlash uchun ajratilgan mablagʻlardan belgilangan maqsadlarda va samarali foydalanilishi ustidan nazorat Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi va uning hududiy boshqarmalari tomonidan amalga oshiriladi.
31. Ushbu Nizomga muvofiq taʼmirlangan yoʻllarning davlat standartlariga muvofiq ekanligi va texnik talablarga mosligi ustidan doimiy nazorat Transport vazirligi huzuridagi Transport nazorati inspeksiyasi tomonidan amalga oshiriladi.
32. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.
Tuman (shahar)lar mahalliy budjetlari parametrlarida hududiy ichki xoʻjalik yoʻllarini taʼmirlash uchun ajratilgan mablagʻlarni jamoatchilik fikri asosida aniqlangan ichki xoʻjalik yoʻllarni taʼmirlashga yoʻnaltirish tartibi toʻgʻrisida nizomga ILOVA
Jamoatchilik fikri asosida ichki xoʻjalik yoʻllarni taʼmirlash uchun tuman (shahar) budjeti mablagʻlarini yoʻnaltirish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Tuman (shahar) hokimliklari 1. Tuman (shahar) mahalliy budjetlari parametrlarida hududiy ichki xoʻjalik yoʻllarini taʼmirlash uchun ajratilgan mablagʻlar miqdori hamda hududlar boʻyicha aniqlangan oʻrtacha narx summasi axborot portalida eʼlon qilinadi. Har yili 15-dekabrga qadar Tuman (shahar) hokimliklari 2. Rasmiy veb-saytlar, hududiy OAV orqali taklif bildirish jarayoni boshlanishi haqida eʼlon beradi. Har yili 15-dekabrga qadar 2-bosqich Tashabbuskor fuqarolar Fuqarolar tomonidan Ichki xoʻjalik yoʻllarini taʼmirlash yuzasidan “Ochiq budjet” axborot portalida taqdim etilgan Ichki xoʻjalik yoʻllari reyestridan tegishli ichki xoʻjalik yoʻllaridan birini tanlash orqali taklif qoldiriladi. Har yili yanvar oyining 10 sanasiga qadar 3-bosqich Ovoz berish istagini bildiruvchi fuqarolar Bildirilgan takliflar orasidan takliflarga ovoz beradi. Moliya yilining 10 — 31-yanvar kunlari davomida 4-bosqich “Ochiq budjet” axborot portali Tuman (shahar) mahalliy budjetlari parametrlarida hududiy ichki xoʻjalik yoʻllarini taʼmirlash uchun ajratilgan mablagʻlarning kamida 50 foizi doirasida takliflarni amalga oshirish qiymatini hisobga olgan holda avtomatik ravishda ketma-ketlik boʻyicha gʻolib takliflar aniqlanadi. Fevral oyida 5-bosqich Tuman (shahar) moliya boʻlimlari Har bir gʻolib deb topilgan taklif uchun alohida gʻazna hisobvaragʻi ochiladi va tegishli mablagʻlar oʻtkazib beriladi. Aprel oyida 6-bosqich Tuman (shahar) obodonlashtirish boshqarmalari Gʻolib deb topilgan takliflar uchun ajratiladigan mablagʻlarning qiymati hisob-kitobiga loyiha-smeta hujjatlari asosida aniqlik kiritiladi. Aprel oyida 7-bosqich Obodonlashtirish boshqarmalari Ajratilgan mablagʻlar doirasida ichki xoʻjalik yoʻllarini taʼmirlash uchun pudratchi tashkilot bilan shartnomalar rasmiylashtirilib, ishlar bajariladi. Yil davomida 8-bosqich Tuman (shahar) obodonlashtirish boshqarmalari Taʼmirlangan yoʻllarga maxsus “QR” shtrix-kod tushirilgan koʻrgazma planshetlar oʻrnatiladi. Taʼmirlash ishlari yakunlangandan soʻng
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 2-fevral,
49-son