📅 2022-yil 15-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022-yil 15-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2022 йил 15 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 15 января 2022 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 15 January 2022 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
ТАВСИФИ
Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш бўйича спорт синовларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳоли жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 16 июндаги ПҚ–5148-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш бўйича спорт синовларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
аҳолининг барча қатламлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш орқали уларнинг жисмоний қобилияти ва ҳаракат фаоллигини такомиллаштириш, меҳнатга лаёқатини ошириш, зарарли одатлар ҳамда турли касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш мақсадида спорт синовларини ўтказиш;
аҳолининг турли қатламларига нисбатан 11 та ёш тоифаси бўйича, спорт синовларининг мураккаблик даражасини ҳисобга олган ҳолда ихтиёрий ва махсус талабларни белгилаш;
ҳар йили январь — декабрь ойларида 6 та босқичдан иборат аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш бўйича спорт синовларини ташкил этиш ва ўтказиш;
спорт синовларининг ихтиёрий (фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан) ва махсус (I, II ва III даражали «Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишонлари ва қимматбаҳо совғалар, шунингдек бир йил мобайнида турли имтиёзлар билан) талабларини бажарган ғолиб ва совриндорларни рағбатлантириш;
спорт синовларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш манбалари.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 16 июндаги ПҚ–5148-сон қарори 8-бандига асосан «Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишони таъсис этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Қуйидагилар:
«Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишонининг тавсифи 2-иловага мувофиқ;
«Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишони гувоҳномасининг тавсифи 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги «Давлат белгиси» давлат унитар корхонаси Туризм ва спорт вазирлигининг буюртмасига асосан «Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тайёрланишини белгиланган тартибда таъминласин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда ҳудудларда спорт синовларининг махсус талабларини сифатли қабул қилинишини таъминлаш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳарда зарур спорт жиҳозлари ва анжомлари билан таъминланган Спорт синовларини топшириш марказини ташкил этиш чораларини кўрсин.
6. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 30 декабрдаги 346-сон қарори билан тасдиқланган Спорт турлари бўйича Ўзбекистон Республикаси терма жамоалари аъзолари бўлган спортчиларни тайёрлаш учун жалб этилган хорижий мутахассисларнинг иш шарт-шароитлари тўғрисидаги низомга 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Соғлом турмуш тарзи» платформаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 28 апрелдаги 253-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — туризм ва спорт вазири А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 январдаги 23-сон қарорига 1-ИЛОВА
Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш бўйича спорт синовларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш бўйича спорт синовларини (кейинги ўринларда — спорт синовлари) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Спорт синовларининг мақсади — аҳолининг барча қатламлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш орқали уларнинг жисмоний қобилияти ва ҳаракат фаоллигини такомиллаштириш, меҳнатга лаёқатини ошириш, зарарли одатлар ҳамда турли касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантиришдан иборат.
3. Спорт синовлари қуйидаги тамойилларга асосланади:
ихтиёрийлик ва оммавийлик;
шахсни жисмоний ҳаракатланишга йўналтириш орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш;
даврий равишда тиббий назоратдан ўтишни ташкил этиш орқали саломатликни назорат қилиш.
2-боб. Спорт синовларининг асосий вазифалари
4. Спорт синовларини ўтказишнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини мунтазам ўтказиш орқали аҳолини жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига жалб этиш ҳамда спорт билан шуғулланувчи шахслар сафини кенгайтириш;
жисмоний тарбия ва соғломлаштириш тадбирлари орқали аҳолининг саломатлиги ва жисмоний имкониятлари даражасини ошириш;
аҳолини жисмонан бақувват, баркамол ва соғлом бўлишига, уларнинг спорт билан чиниқишига, жисмоний тарбия ва спортни кундалик турмуш тарзига айлантиришига эришиш;
аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш;
республика ҳудудида, шу жумладан олис ҳудудларда жойлашган қишлоқлар, овуллар, маҳаллаларда соғломлаштириш ишларини янада ривожлантириш;
ёшларда ирода, ўз кучи ва имкониятларига ишонч каби фазилатларни мустаҳкамлаш, уларда жасорат, ватанпарварлик ва садоқат хислатларини ривожлантириш;
ўсиб келаётган ёш авлод томонидан соғлом турмуш тарзига амал қилиш, маънавий ва жисмоний комилликка эришиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга қизиқишини ошириш;
аҳолининг спортга бўлган қизиқишини ошириш, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи маданиятини шакллантириш, иммунитетини мустаҳкамлаш, саломатлигини таъминлаш ҳамда спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар ва инфратузилмани яратиш;
ҳаваскор ва профессионал даражада спорт билан шуғулланувчилар сонини ошириш орқали жойларда ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция)нинг самарали ва шаффоф тизимини яратиш ҳамда спорт терма жамоалари таркибини сифатли тўлдириш, шунингдек, уларнинг захирасини шакллантириш ва юқори малакали спортчиларни босқичма-босқич тайёрлаш тизимини татбиқ этиш;
ёш авлодни жисмонан ва руҳан соғлом, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб вояга етказиш, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган интеллектуал салоҳияти юқори бўлишини таъминлаш ҳамда Ватан мудофаасига муносиб захира кадрлар тайёрлаш;
давлат органлари ва ташкилотларининг аҳоли саломатлигини таъминлаш борасидаги масъулияти ва ролини янада ошириш ҳамда фаолиятини баҳолаш тизимини жорий этиш.
3-боб. Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими иштирокчиларининг асосий вазифалари
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 16 июндаги ПҚ-5148-сон қарори билан ташкил этилган Спорт синовларининг ўтказилишини таъминлаш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда — Республика комиссияси) томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимлари бошчилик қиладиган ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар) ва туман (шаҳар) ишчи гуруҳлари ташкил этилган ҳолда спорт синовларини жойларда мунтазам ўтказилиши мувофиқлаштириб борилади.
Ҳудудий ва туман (шаҳар) ишчи гуруҳлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 30 октябрдаги ПФ-6099-сон Фармонига асосан фаолияти йўлга қўйилган «Спорт тарғиботчилари», ихтиёрий равишда болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг тренерлари ҳамда ҳар бир маҳалла ҳудудида жойлашган умумтаълим мактабларининг жисмоний тарбия ўқитувчиларидан иборат таркибда шакллантирилади.
6. Республика комиссияси:
ҳар йили март ойига қадар республиканинг барча ҳудудларида, давлат органлари ва ташкилотларида спорт синовларини ўтказиш бўйича чора-тадбирларни тасдиқлайди, зарур ҳолларда спорт синовларини ўтказиш муддатларига ўзгартиришлар киритади;
бир йилда камида икки маротаба (ярим йиллик, йиллик) ҳудудий ишчи гуруҳлар, барча давлат органлари ва ташкилотлари томонидан бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриб боради;
ҳар йили спорт синовларини муваффақиятли топширган шахсларнинг энг юқори натижалари қайд этиб борилишини тизимли йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистонда «Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовларининг рекордлари номли таҳлилий махсус китобини чоп этиш чораларини кўради;
спорт синовларидан профессионал спортга ўтишни таъминлаш мақсадида ҳаваскор спортчиларнинг жисмоний ва психологик тайёргарлигини яхшилашга йўналтирилган илмий-инновацион тадқиқотлар олиб борилишини янада кучайтиради ҳамда бу борадаги ташаббусларни қўллаб-қувватлайди;
спорт синовларининг махсус талабларини бажарган ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш ҳақидаги якуний хулосани тасдиқлайди;
зарур ҳолларда спорт синовлари натижаларини бекор қилиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилади.
7. Ҳудудий ишчи гуруҳлари:
тегишли ҳудудда спорт акциялари, ҳаваскорлик чемпионатлари, конкурслар ташкил этиш орқали спорт синовлари тарғиботини ҳамда ўтказилишини ташкил этади;
спорт синовлари ўтказиладиган сана, ўтиш жойи, режаси ва шартлари бўйича маълумотлар тўғрисида камида бир ой олдин оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда эълон берилишини таъминлайди;
махсус спорт синовлари натижаларининг расмийлаштирилишини жойларда адолатли ва шаффофликни таъминлаган ҳолда ташкил этилиши юзасидан назоратни ташкил этади;
спорт синовларининг махсус талабларини бажарган иштирокчилар натижалари қайд этилган баённомалар ва видеотасвирларни кўриб чиқади;
спорт синовларининг махсус талабларини бажарган ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш ҳақидаги якуний хулосани Республика комиссиясига киритади;
спорт синовларининг (ихтиёрий ва махсус талабларини бажарган) ғолибларини таниқли спорт ва маданият намоёндалари иштирокида фестиваллар ташкил этиш орқали тантанали тарзда тақдирлаш ишларини амалга оширади.
8. Туман (шаҳар) ишчи гуруҳлари:
туман (шаҳар)ларда маҳаллий чемпионлар иштирокида спорт акциялари, конкурслар ва маҳорат сабоқларини ташкил этиш орқали спорт синовлари тарғиботини ташкил этади;
спорт синовларида қатнашиш истагини билдирган шахсларни спорт синовлари шартлари билан таништиради, спорт синовларида иштирок этувчилар рўйхатини шакллантиради ва мунтазам юритади;
туман (шаҳар)ларда жисмоний фаолликни қўллаб-қувватлаш ва оммавий спортни кенг тарғиб қилиш учун етарли шарт-шароитлар яратади;
туман (шаҳар)ларда спорт синовларининг махсус талабларини қабул қилиш учун алоҳида марказларни ташкил этади;
спорт синовларининг ихтиёрий талабларини қабул қилиш учун спорт иншоотлари рўйхатини шакллантиради ҳамда аҳолини ёш тоифаси бўйича маҳаллалар кесимида бириктиради;
спорт синовларини ўтиш жойи, бириктирилган тренер ва масъуллар тўғрисида маълумотларни ҳудудий ишчи гуруҳларига тақдим этиб боради;
спорт синовларининг ихтиёрий ва махсус талаблари бўйича ғолибларни аҳолини ёш тоифаси кесимида аниқлайди (агар ёш тоифаси бўйича ғолибларни умумий натижаси бир хил бўлганда, қуръа ташлаш тарзда спорт машқларидан бири танланиб, қайтадан спорт синовлари олинади ва ғолиб аниқланади);
ҳар бир ёш тоифаси бўйича ўтказилган спорт синовларининг махсус талабларини бажарган иштирокчилар натижалари қайд этилган баённомалар ва видеотасвирларини уч кун муддатда ҳудудий ишчи гуруҳига тақдим этиб боради;
спорт синовларининг (ихтиёрий ва махсус талабларини бажарган) ғолибларини тақдирлаш ишларини тантанали равишда амалга ошириш чораларини кўради;
зарур ҳолларда спорт синовларини такомиллаштириш ва бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар тайёрлайди ва ҳудудий ишчи гуруҳига киритади.
9. Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги:
жойларда спорт синовларини ўтказиш даврида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар ҳамда мутахассис ва экспертларнинг хулосаларини инобатга олиб, спорт синовларининг турлари ва мезонларига ўзгартириш киритиб боради;
спорт синовларининг соғлом шахслар учун ихтиёрий ва махсус талаб(синов)лари ҳамда имконияти чекланган шахслар учун ихтиёрий ва махсус талаб (синов)ларини тасдиқлайди.
10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
спорт синовларини ўтказишда ҳудудий ишчи гуруҳларига кўмаклашади, жумладан ҳар йили январь-февраль ойларида маҳалла профилактика инспекторлари томонидан ўз ҳудудида истиқомат қилувчи (доимий ёки вақтинчалик) уюшмаган ёшлар ва аҳолининг рўйхати шакллантирилишини таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси билан ҳамкорликда спорт синовлари ўтказиладиган, иштирокчилар жойлашадиган, овқатланадиган, ташриф буюрадиган жойларда ва уларнинг атроф-ҳудудларида жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати иштирокчилари учун ажратилган автотранспорт воситаларини йўл-патруль хизмати автомашиналари ёрдамида кузатиш ишларини амалга оширади.
11. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги спорт синовлари ўтказиладиган жойлар (майдонлар ва спорт иншоотлари)да ҳамда уларнинг атрофида фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча зарур чораларни белгиланган тартибда амалга оширилишини таъминлайди.
12. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
спорт синовларини топширишда иштирок этадиган шахсларни, шу жумладан барча давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритувчи жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган шахсларни ҳамда жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини тайёрлаш ва ўтказиш бўйича масъулларни даврий равишда тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этади;
спорт синовларини топширишда иштирок этадиган шахсларнинг тиббий кўрик натижаларини ҳудудий ишчи гуруҳларига тақдим этади ҳамда иштирокчиларга юқори савияда тиббий хизмат кўрсатилишини, спорт тадбирлари ўтадиган жойларда зарур тиббий анжомлар, дори воситалари ҳамда тез ёрдам автомашиналари навбатчилиги ташкил этилишини таъминлайди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати спорт синовлари ўтадиган жойларнинг санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мос бўлишини таъминлайди.
4-боб. Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тартиби
13. Спорт синовлари эркаклар ва аёллар учун алоҳида ҳамда ёш гуруҳлари бўйича йилига бир марта ўтказилади.
Бунда, спорт синовларини топширувчи ҳар бир шахснинг натижалари «Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовларининг махсус веб-сайтига киритиб борилади.
14. Спорт синовлари ихтиёрий ва махсус талаблардан иборат.
15. Ихтиёрий талаблар мураккаблик даражаси асосида қуйидаги жисмоний сифатларни ривожлантиришга қаратилган:
тезлик ва кучланиш имкониятларининг ривожланиш даражаси;
ҳаракатларни мувофиқлаштирувчи қобилиятининг ривожланиш даражаси;
эгаллаган амалий кўникмаларининг ривожланиш даражаси.
16. Махсус талаблар мураккаблик даражаси асосида қуйидаги жисмоний сифатларни ривожлантиришга қаратилган:
чидамлилик имкониятларининг ривожланиш даражаси;
куч имкониятларининг ривожланиш даражаси;
эгилувчанлик имкониятларининг ривожланиш даражаси.
тезлик имкониятларининг ривожланиш даражаси.
17. Спорт синовларининг турлари ва мезонлари республика аҳолисининг турли ёш гуруҳлари (7 ёш ва ундан катта ёшлилар) жисмоний тайёргарлиги даражасини аниқлайди.
18. Спорт синовлари қуйидаги 11 та ёш тоифасидаги гуруҳга бўлинади:
1-гуруҳ — 7-8 ёш;
2-гуруҳ — 9-10 ёш;
3-гуруҳ — 11-12 ёш;
4-гуруҳ — 13 — 15 ёш;
5-гуруҳ — 16-17 ёш;
6-гуруҳ — 18 — 29 ёш;
7-гуруҳ — 30 — 39 ёш;
8-гуруҳ — 40 — 49 ёш;
9-гуруҳ — 50 — 59 ёш;
10-гуруҳ — 60 — 69 ёш;
11-гуруҳ — 70 ёш ҳамда ундан катта ёшдаги шахслар.
19. Спорт синовларини ўтказиш, ғолиб ва совриндорларни рағбатлантириш ҳамда спорт синовлари якунларини умумлаштириш мазкур Низомга иловада келтирилган Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашни ташкил этиш ва ўтказиш схемасига мувофиқ қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
1-босқич — ҳар йили январь ойида туман (шаҳар) профилактика инспекторлари, тренерлар ва жисмоний тарбия ўқитувчилари томонидан 7 ёш ва ундан катта ёшли фуқаролар орасидан ёш тоифалари бўйича спорт синовларида иштирок этадиган иштирокчилар рўйхати маҳаллалар кесимида шакллантирилади;
2-босқич — ҳар йили февраль ойида туман (шаҳар) оилавий поликлиника шифокорлари ва туман (шаҳар) ишчи гуруҳлари томонидан спорт синовларида иштирок этувчилар тиббий кўрикдан ўтказилади ҳамда спорт синовларини топшириш учун иштирокчи аризаси тўлдирилади;
3-босқич — ҳар йили март — ноябрь ойларида бешта йўналишда ҳудудларга бириктирилган тренерлар, жисмоний тарбия ўқитувчилари, туман (шаҳар) ишчи гуруҳи ва ҳудудий ишчи гуруҳи вакиллари томонидан спорт синови иштирокчиларидан спорт синовлари (ихтиёрий ва махсус талаблар бўйича) қуйидаги тартибда қабул қилинади:
а) 1-йўналиш (март-апрель ойларида) — 7 ёшдан 17 ёшгача;
б) 2-йўналиш (апрель-май) ойларида — 18 ёшдан 29 ёшгача;
в) 3-йўналиш (август-сентябрь ойларида) — 30 ёшдан 49 ёшгача;
г) 4-йўналиш (октябрь-ноябрь ойларида) — 50 ёш ва ундан катта ёшдаги шахслардан;
д) 5-йўналиш (ноябрь ойида) — давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлардан;
4-босқич — ҳар йили май — декабрь ойларида бешта йўналишда туман (шаҳар) ва ҳудудий ишчи гуруҳлари томонидан спорт синовларининг махсус талабларини бажарган иштирокчилар қуйидагича рағбатлантирилиб борилади:
а) 1-йўналиш (май ойида) — 7 ёшдан 17 ёшгача;
б) 2-йўналиш (июнь ойида) — 18 ёшдан 29 ёшгача;
в) 3-йўналиш (октябрь ойида) — 30 ёшдан 49 ёшгача;
г) 4-йўналиш (ноябрь ойида) — 50 ёш ва ундан катта ёшдаги шахслар;
д) 5-йўналиш декабрь ойининг биринчи ҳафтасида давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлар.
Ихтиёрий талабларни бажарган иштирокчиларни рағбатлантириш ёш тоифалар бўйича спорт синовлари тугаши билан уч кун муддат ичида ўтказилади;
5-босқич — ҳар йили декабрь ойининг иккинчи ўн кунлигида туман (шаҳар) ва ҳудудий ишчи гуруҳлари раҳбарлари йил якунлари бўйича амалга оширган ишлари тўғрисидаги ҳисоботларини Спорт синовларининг ўтказилишини таъминлаш бўйича республика комиссиясига тақдим этади;
6-босқич — ҳар йили декабрь ойининг учинчи ўн кунлигида Спорт синовларининг ўтказилишини таъминлаш бўйича республика комиссияси томонидан туман (шаҳар), ҳудудий ишчи гуруҳлари раҳбарлари йил якунлари бўйича амалга оширган ишлари тўғрисидаги ҳисоботлар умумлаштирилади ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.
20. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги тизимидаги барча ташкилотларнинг раҳбар ва ходимлари, инструкторлари, тренерлари, курсантлари, ўқувчилари, спортчилари (спортчи паспорти ёки спорт унвонлари ва тоифаларига эга шахслар), шунингдек Туризм ва спорт вазирлиги тизимидаги барча спорт таълим муассасаларининг тренерлари, спортчи ўқувчилари, шунингдек спортчилари (спортчи паспорти ёки спорт унвонлари ва тоифаларига эга шахслар) учун спорт синовлари талаблари тегишли спорт федерация (ассоциация)лари билан биргаликда алоҳида ишлаб чиқилади ва келишилган ҳолда Туризм ва спорт вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Бунда, спорт синовлари ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган ташкилотларнинг ҳар бири бўйича алоҳида тартибда, спорт турлари бўйича федерация (ассоциация)ларнинг мутахассислари бириктирилган ҳолда, белгиланган муддатларда ўтказилади ҳамда натижалари қайд этилиб, рағбатлантириш ишлари амалга оширилади.
21. Давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган, охирги беш йилда спорт тоифалари ва унвонларига, спорт усталигига номзод ва спорт устаси бўлган шахсларнинг махсус спорт синовлари натижалари мазкур Низомнинг 20-бандида назарда тутилган шахсларнинг махсус спорт синовлари натижалари билан биргаликда умумлаштирилади.
22. Спорт синовларида иштирок этувчилар рўйхати шакллантирилаётганда қатнашиш истагини билдирган шахслар ихтиёрий равишда туман (шаҳар) ҳокимликларида тузилган ишчи гуруҳга ариза (ёзма ёки электрон тарзда) билан мурожаат қилади (аризада ихтиёрий ёки махсус талабларни бажариши аниқ кўрсатилади) ва соғлиғи юзасидан тегишли маълумотномани (имконияти чекланган шахслар учун мажбурий) тақдим қилади.
23. Жисмоний имкониятлари чекланган шахслар учун мазкур спорт синовларининг турлари ва мезонлари (ихтиёрий ҳамда махсус талабларини бажариш) асосида, ота-оналар, васийлар иштирокида ихтиёрий равишда ҳамда шифокор тавсиялари ва қатъий назорати остида ўтказилади.
24. Махсус талабларни бажариш истагини билдирган иштирокчилардан спорт синовларини қабул қилиш натижалари баённома билан расмийлаштирилади. Мазкур жараёнлар туман (шаҳар) ишчи гуруҳлари томонидан тўлиқ видеотасвирга олинади, видеотасвирга олинмаган ҳолатлар инобатга олинмайди.
Ҳар бир туман миқёсида 11 та ёш тоифасига (эркаклар ва аёллар алоҳида) кўра, энг юқори натижа қайд этган (1, 2 ва 3-ўринни эгаллаган) шахслар (эркаклар ва аёллар алоҳида) ғолиб ва совриндор деб топилади.
25. Қуйидаги ҳолатларда спорт синовларини топширишга йўл қўйилмайди:
соғлиғи ҳолатига кўра рўйхатда турувчи шахслар;
ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлганлар.
26. Қуйидаги ҳолатларда спорт синовларида қўлга киритилган натижалар бекор қилинади:
жисмоний ва юридик шахсларнинг ишончли (асосли) мурожаатлари;
иштирокчиларнинг натижалари қайд этилган баённомалар ва видеотасвирларни кўриб чиқиш асосида;
допингга қарши қоидаларнинг бузилиши, тақиқланган моддалардан фойдаланиш аниқланганда.
Допингга қарши қоидаларнинг бузилиши, тақиқланган моддалардан фойдаланиш ҳолатлари ҳудудий ишчи гуруҳларининг талабномалари асосида Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги томонидан берилган хулосаларга асосланади.
27. Спорт синовларини ўтказиш билан боғлиқ шикоятларни кўриб чиқиш учун Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда ҳудудий ишчи гуруҳлари қарори асосида малакали мутахассислардан (тренерлар, жисмоний тарбия ва спорт соҳаси вакиллари ҳамда жамоатчилик вакилларидан) иборат беш кишидан кам бўлмаган тоқ сонли таркибда аппеляция комиссияси тузилади.
28. Спорт синовлари натижаларидан норози бўлган шахслар синов натижалари эълон қилинган кундан кейин бир иш куни ичида аппеляция комиссиясига ёзма ариза билан мурожаат қилиши ҳамда уни кўриб чиқишда иштирок этиши лозим.
Мурожаат давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши, мурожаат этувчининг электрон почта манзили, алоқа телефони кўрсатилиши мумкин.
29. Апелляция комиссияси ариза қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида аризани ва спорт синовлари натижаларини кўриб чиқиб, ҳудудий ишчи гуруҳга ёзма хулоса топширади. Бунда, масала мурожаат этувчи иштирокида кўриб чиқилиши шарт.
30. Ҳудудий ишчи гуруҳи томонидан кўриб чиқиш натижаларига кўра қарор қабул қилинади, бу ҳақда мурожаат қилувчига дарҳол ёзма ёки электрон шаклда хабар қилинади. Мурожаатга жавобни ҳудудий ишчи гуруҳи раҳбари, у бўлмаган тақдирда эса ишчи гуруҳи раҳбари ўринбосари ва Апелляция комиссияси раиси имзолайди.
5-боб. Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш
31. Спорт синовларининг махсус талабларини бажарган ғолиб ва совриндорлар барча 11 та ёш тоифанинг ҳар бир ёш тоифасида (эркаклар ва аёллар алоҳида) фақат бир марта I, II ва III даражали «Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишонлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Бунда, бир ёш тоифасида (эркаклар ва аёллар) махсус талабларни такроран бажарган иштирокчиларга кўкрак нишонлари (гувоҳномаси) берилмайди, уларнинг қайд этган натижалари бўйича Республика комиссиясининг қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси туризм ва спорт вазирининг буйруғига мувофиқ бир ёш тоифасида қўлга киритилган кўкрак нишони гувоҳномасига эгаллаган ўрни қайд этилади ҳамда фахрий ёрлиқлар, шунингдек, қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилади.
Спорт синовларининг ихтиёрий талабларини бажарган ғолиб ва совриндорларга кўкрак нишонлари берилмайди, улар ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилади.
32. Спорт синовлари ўтказиб бўлинганидан кейин махсус талабларни бажарган иштирокчилар натижалари бўйича бир ой муддат ичида ғолиб ва совриндорлар Республика комиссиясининг I, II ва III даражали «Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишонлари билан тақдирлаш ҳамда мос ўрнига ва даражасига қараб тегишли спорт тоифалари ва унвонлари берилиши тўғрисидаги қарори қабул қилинади.
Махсус талабларни бажарган ғолиб ва совриндорларни фахрий ёрлиқлар, шунингдек, қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантириш туман (шаҳар) ҳудудий ишчи гуруҳлари томонидан тантанали равишда ташкил этилади.
Спорт синовларининг ихтиёрий талабларини бажарган иштирокчиларнинг якуний натижаларига кўра ғолиб ва совриндорларни мусобақалар тугаши билан фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғалари билан рағбатлантириш ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан тантанали равишда ташкил этилади.
33. Ёш кўрсаткичларидан келиб чиқиб, спорт синовларининг махсус талабларини муваффақиятли бажарган шахслар бир йил мобайнида қуйидаги имтиёзлар ва рағбатлантиришлардан фойдаланади:
ғолиб ва совриндорлар (1, 2 ва 3-ўрин) сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат тўловининг 50 фоизини чегирма билан тўлайди ва муддатли ҳарбий хизматга биринчилар қаторида устунлик билан юборилади;
ғолиблар (1-ўрин) «Темурбеклар мактаби»га тест синовларисиз танловдан ташқари ўқишга қабул қилинади;
ғолиб ва совриндорлар (1, 2 ва 3-ўрин) давлат туман (шаҳар) кўп тармоқли тиббиёт муассасасида бир марталик бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтади;
ғолибларга (1-ўрин) умумий фойдаланишдаги давлат йўловчи ташиш шаҳар транспортида бепул ҳамда ҳудудлараро ҳаракатланишда 50 фоиз чегирмали тўлов билан имтиёзли юриш имкониятини тақдим этади (бундан такси, шу жумладан йўналишли такси мустасно);
ғолиб ва совриндорларнинг (1, 2 ва 3-ўрин) фарзандлари ўзлари яшаётган жойдаги умумтаълим мактаби, мактабгача таълим ташкилотлари, шунингдек, ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига навбатсиз жойлаштирилади;
ғолиб ва совриндорларга (1, 2 ва 3-ўрин) иш жойи ҳисобидан дам олиш масканлари ва санаторийларга бепул йўлланмалар тақдим этилади;
ғолиб ва совриндорларга (1, 2 ва 3-ўрин) республика миқёсида ишга ёки ўқишга қабул қилинишида жисмоний тайёргарлик талаб этиладиган имтиҳон (олий таълим муассасалари спорт йўналишларидан ташқари), синов, амалий машғулотларда устунлик (имтиҳонда максимал балл ёки амалий машғулотлардан озод қилиниши) берилади.
34. Спорт синовларининг махсус талабларини топшириш жараёнида рекордлар аниқланади ҳамда мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали эълон қилиниб борилади.
35. Спорт синовларини ташкил этишда фаоллик кўрсатган спорт ва бошқа соҳа вакиллари, ҳудудий ишчи гуруҳ раҳбар ва аъзолари, тренер ва жисмоний тарбия фани ўқитувчилари, шунингдек, спорт синовларининг махсус талабларини 4 та ёш тоифасидаги гуруҳ бўйича топшириб, I, II ва III даражали кўкрак нишонларидан бирини қўлга киритган шахслар «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишонига, 6 та (ва ундан кўп) ёш тоифасидаги гуруҳ бўйича топшириб I, II ва III даражали кўкрак нишонларидан бирини қўлга киритган шахслар «Соғлом авлод учун», «Саломатлик», «Соғлом турмуш» орден ва медаллари ҳамда бошқа давлат мукофотларига Туризм ва спорт вазирлиги, шунингдек, манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тавсия этиладилар.
36. Спорт синовларининг махсус талабларини бажарган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам I, II ва III даражали кўкрак нишонлари билан белгиланган тартибда тақдирланиши мумкин.
6-боб. Спорт синовларини ўтказиш ва ташкил этиш билан боғлиқ сарф-харажатлар
37. Спорт синовларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар — Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан амалга оширилади.
38. Туризм ва спорт вазирлиги томонидан ҳар йили I, II ва III даражали «Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишонларини тайёрлаш ва тарқатиш, ғолиб ва совриндорларга бериладиган эсдалик совғаларини харид қилиш, Ўзбекистонда «Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовларининг рекордлари номли таҳлилий махсус китобини чоп этиш билан боғлиқ харажатлар — Спорт ва оммавий-жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режасида назарда тутилган маблағлар доирасида қопланади.
7-боб. Якунловчи қоида
39. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.
Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими бўйича спорт синовларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашни ташкил этиш ва ўтказиш
Босқичлар Иштирокчилар ёш тоифалари Чора-тадбирлар Амалга ошириш муддати Масъуллар I. Иштирокчиларни танлаб олиш 1-босқич 7 ёш ва ундан катта ёшлилар Иштирокчилар рўйхатини маҳаллалар кесимида шакллантириш Январь ойи Туман (шаҳар) профилактика инспекторлари, тренерлар ва жисмоний тарбия ўқитувчилари 2-босқич 7 ёш ва ундан катта ёшлилар Тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда иштирокчи аризасини тўлдириш Февраль ойи Оилавий поликлиника шифокорлари, туман (шаҳар) ишчи гуруҳлари II. Спорт синовларини ўтказиш 3-босқич 1-йўналиш (7 ёшдан 17 ёшгача) Жисмоний тайёргарлик даражаси спорт синовларини (ихтиёрий ва махсус талаблар бўйича) ўтказиш Март-апрель ойлари Бириктирилган тренерлар, жисмоний тарбия ўқитувчилари, туман (шаҳар) ишчи гуруҳи вакиллари, ҳудудий ишчи гуруҳи вакиллари 2-йўналиш (18 ёшдан 29 ёшгача) Апрель-май ойлари 3-йўналиш (30 ёшдан 49 ёшгача) Август-сентябрь ойлари 4-йўналиш (50 ёш ва ундан катта ёшдагилар) Октябрь-ноябрь ойлари 5-йўналиш (вазирлик ва идоралар) * Ноябрь ойи III. Ғолиб ва совриндорларни рағбатлантириш 4-босқич 1-йўналиш (7 ёшдан 17 ёшгача) Жисмоний тайёргарлик даражаси спорт синовларининг махсус талабларини бажарган иштирокчиларни рағбатлантириш (Ихтиёрий талаблар) ** Май ойи Ҳудудий ишчи гуруҳи вакиллари, туман (шаҳар) ишчи гуруҳи вакиллари Ҳудудий ишчи гуруҳи вакиллари, туман (шаҳар) ишчи гуруҳи вакиллари 2-йўналиш (18 ёшдан 29 ёшгача) Июнь ойи 3-йўналиш (30 ёшдан 49 ёшгача) Октябрь ойи 4-йўналиш (50 ёш ва ундан катта ёшдагилар) Ноябрь ойи 5-йўналиш (вазирлик ва идоралар) * Декабрь ойининг 1-ҳафтаси IV. Спорт синовлари якунларини таҳлил қилиш ва якуний ҳисоботларни тайёрлаш 5-босқич Туман (шаҳар), ҳудудий ишчи гуруҳлари Йил якунлари ҳисоботини таҳлил қилиш ва Республика комиссиясига тақдим этиш Декабрь ойининг 2-ўн кунлиги Туман (шаҳар), ҳудудий ишчи гуруҳлари раҳбарлари 6-босқич Республика комиссияси Йил якунлари ҳисоботини таҳлил қилиш ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш Декабрь ойининг 3-ўн кунлиги Республика комиссияси, давлат органлари ва ташкилотлари
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 январдаги 23-сон қарорига 2-ИЛОВА
«Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишонининг
«Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишони 3 та даражали бўлиб, I даражали кўкрак нишони — олтин рангда, II даражали кўкрак нишони — кумуш рангда ва III даражали кўкрак нишони — бронза рангда. Кўкрак нишонининг икки томонлама тешиги мавжуд бўлиб, устки кийимга капалаксимон қадағич билан тақилади.
Кўкрак нишони диаметри 3 сантиметрли доира шаклида бўлиб, «ЦАМ 1 — 4» эритмасидан тайёрланади. Кўкрак нишонининг қалинлиги 2 миллиметр.
Қирраларнинг атрофида хира тўқ кул ранг доирасимон 0,35 см қалинликдаги қабариқ фонида, тепа қисмида, 0,14 см ўлчамдаги ҳарфлар билан «JISMONIY TAYYORGARLIK DARAJASI», пастки қисмида «OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI» ёзуви мавжуд. Биринчи қабариқ диаметри 3 см, иккинчи қабариқ диаметри 2,4 см, эмали эса 0,3 см.
Кўкрак нишонининг олд томони ўрта қисмида 1,1 диаметрлик доира ичида 0,48 см. ўлчамдаги «I» рақами ва рақам атрофида дафна гулчамбари жойлашган. ўрта қисмидаги доира тепа қисмида дафна новдаси жойлашган.
Ўртадаги доира тагида 0,58 см ўлчамдаги 5 та доирасимон пиктограммалар жойлашган. Пиктограммаларнинг биринчисида сузувчи, иккинчисида югурувчи, учинчисида пресс машқини бажарувчиси, тўртинчисида ердан қўлда гавдасини кўтариш машқини бажарувчиси ва бешинчисида турникда тортилиш машқини бажарувчиси тасвирланган.
«Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишони
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 январдаги 23-сон қарорига 3-ИЛОВА
«Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишони гувоҳномасининг тавсифи
«Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишони гувоҳномаси 100х70 миллиметр ўлчамдаги тўртбурчак шаклида бўлиб, 350 г/кв.м қалинликдаги офсет қоғоздан тайёрланади.
Гувоҳноманинг ташқи томони мовий рангда бўлиб, унинг чегара қисмидан 5 миллиметр оралиқда эни 3 миллиметр қалинликда ички тўртбурчак шаклида бўлган тўқ кўк рангли ҳошия билан ўралган.
Гувоҳноманинг устки қисми марказда ««Jismoniy tayyorgarlik darajasi» koʻkrak nishoni GUVOHNOMASI» («Times new Roman Bolt» шрифти, 17-кегль) сўзлари ёзилган. Ёзувлар зарҳал рангда акс эттирилган.
Гувоҳноманинг иккинчи томони оқ рангда бўлиб, 5 миллиметр оралиқда эни 3 миллиметр қалинликда ички тўртбурчак шаклида бўлган тўқ кўк рангли ҳошия билан ўралган.
Гувоҳноманинг иккинчи чап томони марказида «Jismoniy tayyorgarlik darajasi» кўкрак нишонининг тегишли даражасига оид расми қўйилган.
Гувоҳноманинг иккинчи ўнг томони юқори қисми чеккасидан 12 миллиметр пастда кирилл алифбосида катта ҳарфларда «GUVOHNOMA t/r. ____» («Times new Roman Bolt» шрифти, 12-кегль) сўзлари ёзилган.
Сўзлардан 15 миллиметр пастда тақдирланадиган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиғи 8 миллиметрли учта чизиқ тортилган.
Ундан 5 миллиметр пастда марказда «Oʻzbekiston Respublikasi Turizm va sport vazirligining» («Times new Roman Bolt» шрифти, 17-кегль) сўзлари ёзилган.
Ундан 5 миллиметр пастда марказда ««20__y. «____» ______dagi ___-sonli buyrigʼiga asosan ____-darajadagi koʻkrak nishoni bilan taqdirlanadi»» («Times new Roman Bolt» шрифти, 12-кегль) сўзлари ёзилган.
Ундан 15 миллиметр пастда чап тарафда «Vazir» сўзи («Times new Roman Bolt» шрифти, 12-кегль), ундан 7 миллиметр пастда чап тарафда «M.Oʻ.» сўзи («Times new Roman Bolt» шрифти, 12-кегль) ёзилган.
«Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовлари кўкрак нишони гувоҳномаси
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 январдаги 23-сон қарорига 4-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 30 декабрдаги 346-сон қарори билан тасдиқланган Спорт турлари бўйича Ўзбекистон Республикаси терма жамоалари аъзолари бўлган спортчиларни тайёрлаш учун жалб этилган хорижий мутахассисларнинг иш шарт-шароитлари тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. 7-банднинг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«хорижий мутахассис меҳнатига ҳар ойлик ҳақ тўлашнинг мўлжалланаётган суммаси (шартнома (контракт) тузилган кундаги меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 бараваригача миқдорда, ҳар ойлик ҳақ тўлашнинг миқдори томонлар тузган шартнома (контракт) билан аниқланади) мавжуд бўлади».
2. 16-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«16. Хорижий мутахассиснинг меҳнатига ҳақ тўлаш учун бюджет маблағлари ажратишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда Эксперт комиссияси бир вақтнинг ўзида ушбу маблағлар миқдорини белгилайди (шартнома (контракт) тузилган кундаги меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 бараваригача). Бунда:».
3. Қуйидаги мазмундаги 17 1 -банд билан тўлдирилсин:
«17 1 . Иш берувчи томонидан таклиф этилган хорижий мутахассиснинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 бараваридан кўп бўлган тақдирда, Олимпия ва Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлаш бўйича тузилган Республика комиссияси раисининг рухсати билан Давлат бюджетидан қўшимча молиялаштиришга рухсат берилади».
4. 25-банднинг иккинчи хатбошиси чиқариб ташлансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 15 январь,
23-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
TAVSIFI
Aholining jismoniy tayyorgarlik darajasini baholash boʻyicha sport sinovlarini tashkil etish va oʻtkazish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholi jismoniy tayyorgarlik darajasini baholash tizimini joriy etishning tashkiliy chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 16-iyundagi PQ–5148-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Aholining jismoniy tayyorgarlik darajasini baholash boʻyicha sport sinovlarini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
aholining barcha qatlamlari oʻrtasida jismoniy tarbiya va sportni ommalashtirish orqali ularning jismoniy qobiliyati va harakat faolligini takomillashtirish, mehnatga layoqatini oshirish, zararli odatlar hamda turli kasalliklarning oldini olish va sogʻlom turmush tarzi koʻnikmalarini shakllantirish maqsadida sport sinovlarini oʻtkazish;
aholining turli qatlamlariga nisbatan 11 ta yosh toifasi boʻyicha, sport sinovlarining murakkablik darajasini hisobga olgan holda ixtiyoriy va maxsus talablarni belgilash;
har yili yanvar — dekabr oylarida 6 ta bosqichdan iborat aholining jismoniy tayyorgarlik darajasini baholash boʻyicha sport sinovlarini tashkil etish va oʻtkazish;
sport sinovlarining ixtiyoriy (faxriy yorliqlar va esdalik sovgʻalari bilan) va maxsus (I, II va III darajali “Jismoniy tayyorgarlik darajasi” koʻkrak nishonlari va qimmatbaho sovgʻalar, shuningdek bir yil mobaynida turli imtiyozlar bilan) talablarini bajargan gʻolib va sovrindorlarni ragʻbatlantirish;
sport sinovlarini tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirish manbalari.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholining jismoniy tayyorgarlik darajasini baholash tizimini joriy etishning tashkiliy chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 16-iyundagi PQ–5148-son qarori 8-bandiga asosan “Jismoniy tayyorgarlik darajasi” koʻkrak nishoni taʼsis etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
3. Quyidagilar:
“Jismoniy tayyorgarlik darajasi” koʻkrak nishonining tavsifi 2-ilovaga muvofiq;
“Jismoniy tayyorgarlik darajasi” koʻkrak nishoni guvohnomasining tavsifi 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki huzuridagi “Davlat belgisi” davlat unitar korxonasi Turizm va sport vazirligining buyurtmasiga asosan “Jismoniy tayyorgarlik darajasi” koʻkrak nishoni va uning guvohnomasi tayyorlanishini belgilangan tartibda taʼminlasin.
5. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bir oy muddatda hududlarda sport sinovlarining maxsus talablarini sifatli qabul qilinishini taʼminlash maqsadida har bir tuman va shaharda zarur sport jihozlari va anjomlari bilan taʼminlangan Sport sinovlarini topshirish markazini tashkil etish choralarini koʻrsin.
6. Vazirlar Mahkamasining 2013-yil 30-dekabrdagi 346-son qarori bilan tasdiqlangan Sport turlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi terma jamoalari aʼzolari boʻlgan sportchilarni tayyorlash uchun jalb etilgan xorijiy mutaxassislarning ish shart-sharoitlari toʻgʻrisidagi nizomga 4-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar va qoʻshimcha kiritilsin.
7. Vazirlar Mahkamasining “Sogʻlom turmush tarzi” platformasi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 28-apreldagi 253-son qarori oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri oʻrinbosari — turizm va sport vaziri A.A. Abduxakimov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 15-yanvardagi 23-son qaroriga 1-ILOVA
Aholining jismoniy tayyorgarlik darajasini baholash boʻyicha sport sinovlarini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom aholining jismoniy tayyorgarlik darajasini baholash boʻyicha sport sinovlarini (keyingi oʻrinlarda — sport sinovlari) tashkil etish va oʻtkazish tartibini belgilaydi.
2. Sport sinovlarining maqsadi — aholining barcha qatlamlari oʻrtasida jismoniy tarbiya va sportni ommalashtirish orqali ularning jismoniy qobiliyati va harakat faolligini takomillashtirish, mehnatga layoqatini oshirish, zararli odatlar hamda turli kasalliklarning oldini olish va sogʻlom turmush tarzi koʻnikmalarini shakllantirishdan iborat.
3. Sport sinovlari quyidagi tamoyillarga asoslanadi:
ixtiyoriylik va ommaviylik;
shaxsni jismoniy harakatlanishga yoʻnaltirish orqali aholi salomatligini mustahkamlash;
davriy ravishda tibbiy nazoratdan oʻtishni tashkil etish orqali salomatlikni nazorat qilish.
2-bob. Sport sinovlarining asosiy vazifalari
4. Sport sinovlarini oʻtkazishning asosiy vazifalari quyidagilar hisoblanadi:
mamlakatimizda jismoniy tarbiya va sport tadbirlarini muntazam oʻtkazish orqali aholini jismoniy tarbiya va sport mashgʻulotlariga jalb etish hamda sport bilan shugʻullanuvchi shaxslar safini kengaytirish;
jismoniy tarbiya va sogʻlomlashtirish tadbirlari orqali aholining salomatligi va jismoniy imkoniyatlari darajasini oshirish;
aholini jismonan baquvvat, barkamol va sogʻlom boʻlishiga, ularning sport bilan chiniqishiga, jismoniy tarbiya va sportni kundalik turmush tarziga aylantirishiga erishish;
aholining jismoniy tarbiya va sport bilan shugʻullanish boʻyicha bilim va koʻnikmalarini oshirish;
respublika hududida, shu jumladan olis hududlarda joylashgan qishloqlar, ovullar, mahallalarda sogʻlomlashtirish ishlarini yanada rivojlantirish;
yoshlarda iroda, oʻz kuchi va imkoniyatlariga ishonch kabi fazilatlarni mustahkamlash, ularda jasorat, vatanparvarlik va sadoqat xislatlarini rivojlantirish;
oʻsib kelayotgan yosh avlod tomonidan sogʻlom turmush tarziga amal qilish, maʼnaviy va jismoniy komillikka erishish, jismoniy tarbiya va sport bilan shugʻullanishga qiziqishini oshirish;
aholining sportga boʻlgan qiziqishini oshirish, ayniqsa, yoshlar oʻrtasida sogʻlom turmush tarzi madaniyatini shakllantirish, immunitetini mustahkamlash, salomatligini taʼminlash hamda sport bilan muntazam shugʻullanishlari uchun zarur shart-sharoitlar va infratuzilmani yaratish;
havaskor va professional darajada sport bilan shugʻullanuvchilar sonini oshirish orqali joylarda yoshlar orasidan iqtidorli sportchilarni tanlab olish (seleksiya)ning samarali va shaffof tizimini yaratish hamda sport terma jamoalari tarkibini sifatli toʻldirish, shuningdek, ularning zaxirasini shakllantirish va yuqori malakali sportchilarni bosqichma-bosqich tayyorlash tizimini tatbiq etish;
yosh avlodni jismonan va ruhan sogʻlom, Vatanga sadoqat ruhida tarbiyalash, ularni kelajagimizning munosib vorislari etib voyaga yetkazish, yurtimiz sharafini munosib himoya qila oladigan intellektual salohiyati yuqori boʻlishini taʼminlash hamda Vatan mudofaasiga munosib zaxira kadrlar tayyorlash;
davlat organlari va tashkilotlarining aholi salomatligini taʼminlash borasidagi masʼuliyati va rolini yanada oshirish hamda faoliyatini baholash tizimini joriy etish.
3-bob. Aholining jismoniy tayyorgarlik darajasini baholash tizimi ishtirokchilarining asosiy vazifalari
5. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholining jismoniy tayyorgarlik darajasini baholash tizimini joriy etishning tashkiliy chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 16-iyundagi PQ-5148-son qarori bilan tashkil etilgan Sport sinovlarining oʻtkazilishini taʼminlash boʻyicha respublika komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Respublika komissiyasi) tomonidan Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar, Toshkent shahar, shuningdek, tuman (shahar) hokimlari boshchilik qiladigan hududiy (Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar) va tuman (shahar) ishchi guruhlari tashkil etilgan holda sport sinovlarini joylarda muntazam oʻtkazilishi muvofiqlashtirib boriladi.
Hududiy va tuman (shahar) ishchi guruhlari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sogʻlom turmush tarzini keng tatbiq etish va ommaviy sportni yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 30-oktabrdagi PF-6099-son Farmoniga asosan faoliyati yoʻlga qoʻyilgan “Sport targʻibotchilari”, ixtiyoriy ravishda bolalar va oʻsmirlar sport maktablarining trenerlari hamda har bir mahalla hududida joylashgan umumtaʼlim maktablarining jismoniy tarbiya oʻqituvchilaridan iborat tarkibda shakllantiriladi.
6. Respublika komissiyasi:
har yili mart oyiga qadar respublikaning barcha hududlarida, davlat organlari va tashkilotlarida sport sinovlarini oʻtkazish boʻyicha chora-tadbirlarni tasdiqlaydi, zarur hollarda sport sinovlarini oʻtkazish muddatlariga oʻzgartirishlar kiritadi;
bir yilda kamida ikki marotaba (yarim yillik, yillik) hududiy ishchi guruhlar, barcha davlat organlari va tashkilotlari tomonidan bajarilgan ishlar toʻgʻrisidagi hisobotlarni eshitish hamda aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish choralarini koʻrib boradi;
har yili sport sinovlarini muvaffaqiyatli topshirgan shaxslarning eng yuqori natijalari qayd etib borilishini tizimli yoʻlga qoʻyish maqsadida Oʻzbekistonda “Jismoniy tayyorgarlik darajasi” sport sinovlarining rekordlari nomli tahliliy maxsus kitobini chop etish choralarini koʻradi;
sport sinovlaridan professional sportga oʻtishni taʼminlash maqsadida havaskor sportchilarning jismoniy va psixologik tayyorgarligini yaxshilashga yoʻnaltirilgan ilmiy-innovatsion tadqiqotlar olib borilishini yanada kuchaytiradi hamda bu boradagi tashabbuslarni qoʻllab-quvvatlaydi;
sport sinovlarining maxsus talablarini bajargan gʻolib va sovrindorlarni taqdirlash haqidagi yakuniy xulosani tasdiqlaydi;
zarur hollarda sport sinovlari natijalarini bekor qilish yuzasidan tegishli qarorlar qabul qiladi.
7. Hududiy ishchi guruhlari:
tegishli hududda sport aksiyalari, havaskorlik chempionatlari, konkurslar tashkil etish orqali sport sinovlari targʻibotini hamda oʻtkazilishini tashkil etadi;
sport sinovlari oʻtkaziladigan sana, oʻtish joyi, rejasi va shartlari boʻyicha maʼlumotlar toʻgʻrisida kamida bir oy oldin ommaviy axborot vositalarida, shu jumladan Internet jahon axborot tarmogʻi va ijtimoiy tarmoqlarda eʼlon berilishini taʼminlaydi;
maxsus sport sinovlari natijalarining rasmiylashtirilishini joylarda adolatli va shaffoflikni taʼminlagan holda tashkil etilishi yuzasidan nazoratni tashkil etadi;
sport sinovlarining maxsus talablarini bajargan ishtirokchilar natijalari qayd etilgan bayonnomalar va videotasvirlarni koʻrib chiqadi;
sport sinovlarining maxsus talablarini bajargan gʻolib va sovrindorlarni taqdirlash haqidagi yakuniy xulosani Respublika komissiyasiga kiritadi;
sport sinovlarining (ixtiyoriy va maxsus talablarini bajargan) gʻoliblarini taniqli sport va madaniyat namoyondalari ishtirokida festivallar tashkil etish orqali tantanali tarzda taqdirlash ishlarini amalga oshiradi.
8. Tuman (shahar) ishchi guruhlari:
tuman (shahar)larda mahalliy chempionlar ishtirokida sport aksiyalari, konkurslar va mahorat saboqlarini tashkil etish orqali sport sinovlari targʻibotini tashkil etadi;
sport sinovlarida qatnashish istagini bildirgan shaxslarni sport sinovlari shartlari bilan tanishtiradi, sport sinovlarida ishtirok etuvchilar roʻyxatini shakllantiradi va muntazam yuritadi;
tuman (shahar)larda jismoniy faollikni qoʻllab-quvvatlash va ommaviy sportni keng targʻib qilish uchun yetarli shart-sharoitlar yaratadi;
tuman (shahar)larda sport sinovlarining maxsus talablarini qabul qilish uchun alohida markazlarni tashkil etadi;
sport sinovlarining ixtiyoriy talablarini qabul qilish uchun sport inshootlari roʻyxatini shakllantiradi hamda aholini yosh toifasi boʻyicha mahallalar kesimida biriktiradi;
sport sinovlarini oʻtish joyi, biriktirilgan trener va masʼullar toʻgʻrisida maʼlumotlarni hududiy ishchi guruhlariga taqdim etib boradi;
sport sinovlarining ixtiyoriy va maxsus talablari boʻyicha gʻoliblarni aholini yosh toifasi kesimida aniqlaydi (agar yosh toifasi boʻyicha gʻoliblarni umumiy natijasi bir xil boʻlganda, qurʼa tashlash tarzda sport mashqlaridan biri tanlanib, qaytadan sport sinovlari olinadi va gʻolib aniqlanadi);
har bir yosh toifasi boʻyicha oʻtkazilgan sport sinovlarining maxsus talablarini bajargan ishtirokchilar natijalari qayd etilgan bayonnomalar va videotasvirlarini uch kun muddatda hududiy ishchi guruhiga taqdim etib boradi;
sport sinovlarining (ixtiyoriy va maxsus talablarini bajargan) gʻoliblarini taqdirlash ishlarini tantanali ravishda amalga oshirish choralarini koʻradi;
zarur hollarda sport sinovlarini takomillashtirish va bu boradagi ishlar samaradorligini oshirish yuzasidan takliflar tayyorlaydi va hududiy ishchi guruhiga kiritadi.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Turizm va sport vazirligi:
joylarda sport sinovlarini oʻtkazish davrida bildirilgan taklif va mulohazalar hamda mutaxassis va ekspertlarning xulosalarini inobatga olib, sport sinovlarining turlari va mezonlariga oʻzgartirish kiritib boradi;
sport sinovlarining sogʻlom shaxslar uchun ixtiyoriy va maxsus talab(sinov)lari hamda imkoniyati cheklangan shaxslar uchun ixtiyoriy va maxsus talab (sinov)larini tasdiqlaydi.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi:
sport sinovlarini oʻtkazishda hududiy ishchi guruhlariga koʻmaklashadi, jumladan har yili yanvar-fevral oylarida mahalla profilaktika inspektorlari tomonidan oʻz hududida istiqomat qiluvchi (doimiy yoki vaqtinchalik) uyushmagan yoshlar va aholining roʻyxati shakllantirilishini taʼminlaydi;
Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi bilan hamkorlikda sport sinovlari oʻtkaziladigan, ishtirokchilar joylashadigan, ovqatlanadigan, tashrif buyuradigan joylarda va ularning atrof-hududlarida jamoat tartibini saqlash, yoʻl harakati ishtirokchilari uchun ajratilgan avtotransport vositalarini yoʻl-patrul xizmati avtomashinalari yordamida kuzatish ishlarini amalga oshiradi.
11. Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi sport sinovlari oʻtkaziladigan joylar (maydonlar va sport inshootlari)da hamda ularning atrofida favqulodda vaziyatlarni oldini olish va yongʻin xavfsizligini taʼminlash boʻyicha barcha zarur choralarni belgilangan tartibda amalga oshirilishini taʼminlaydi.
12. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi:
sport sinovlarini topshirishda ishtirok etadigan shaxslarni, shu jumladan barcha davlat organlari va tashkilotlarida faoliyat yurituvchi jismoniy tarbiya va sport bilan muntazam shugʻullanadigan shaxslarni hamda jismoniy tarbiya va sport tadbirlarini tayyorlash va oʻtkazish boʻyicha masʼullarni davriy ravishda tibbiy koʻrikdan oʻtkazishni tashkil etadi;
sport sinovlarini topshirishda ishtirok etadigan shaxslarning tibbiy koʻrik natijalarini hududiy ishchi guruhlariga taqdim etadi hamda ishtirokchilarga yuqori saviyada tibbiy xizmat koʻrsatilishini, sport tadbirlari oʻtadigan joylarda zarur tibbiy anjomlar, dori vositalari hamda tez yordam avtomashinalari navbatchiligi tashkil etilishini taʼminlaydi.
Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi xizmati sport sinovlari oʻtadigan joylarning sanitariya normalari, qoidalari va gigiyena normativlariga mos boʻlishini taʼminlaydi.
4-bob. Aholining jismoniy tayyorgarlik darajasini baholash tartibi
13. Sport sinovlari erkaklar va ayollar uchun alohida hamda yosh guruhlari boʻyicha yiliga bir marta oʻtkaziladi.
Bunda, sport sinovlarini topshiruvchi har bir shaxsning natijalari “Jismoniy tayyorgarlik darajasi” sport sinovlarining maxsus veb-saytiga kiritib boriladi.
14. Sport sinovlari ixtiyoriy va maxsus talablardan iborat.
15. Ixtiyoriy talablar murakkablik darajasi asosida quyidagi jismoniy sifatlarni rivojlantirishga qaratilgan:
tezlik va kuchlanish imkoniyatlarining rivojlanish darajasi;
harakatlarni muvofiqlashtiruvchi qobiliyatining rivojlanish darajasi;
egallagan amaliy koʻnikmalarining rivojlanish darajasi.
16. Maxsus talablar murakkablik darajasi asosida quyidagi jismoniy sifatlarni rivojlantirishga qaratilgan:
chidamlilik imkoniyatlarining rivojlanish darajasi;
kuch imkoniyatlarining rivojlanish darajasi;
egiluvchanlik imkoniyatlarining rivojlanish darajasi.
tezlik imkoniyatlarining rivojlanish darajasi.
17. Sport sinovlarining turlari va mezonlari respublika aholisining turli yosh guruhlari (7 yosh va undan katta yoshlilar) jismoniy tayyorgarligi darajasini aniqlaydi.
18. Sport sinovlari quyidagi 11 ta yosh toifasidagi guruhga boʻlinadi:
1-guruh — 7-8 yosh;
2-guruh — 9-10 yosh;
3-guruh — 11-12 yosh;
4-guruh — 13 — 15 yosh;
5-guruh — 16-17 yosh;
6-guruh — 18 — 29 yosh;
7-guruh — 30 — 39 yosh;
8-guruh — 40 — 49 yosh;
9-guruh — 50 — 59 yosh;
10-guruh — 60 — 69 yosh;
11-guruh — 70 yosh hamda undan katta yoshdagi shaxslar.
19. Sport sinovlarini oʻtkazish, gʻolib va sovrindorlarni ragʻbatlantirish hamda sport sinovlari yakunlarini umumlashtirish mazkur Nizomga ilovada keltirilgan Aholining jismoniy tayyorgarlik darajasini baholashni tashkil etish va oʻtkazish sxemasiga muvofiq quyidagi bosqichlarda amalga oshiriladi:
1-bosqich — har yili yanvar oyida tuman (shahar) profilaktika inspektorlari, trenerlar va jismoniy tarbiya oʻqituvchilari tomonidan 7 yosh va undan katta yoshli fuqarolar orasidan yosh toifalari boʻyicha sport sinovlarida ishtirok etadigan ishtirokchilar roʻyxati mahallalar kesimida shakllantiriladi;
2-bosqich — har yili fevral oyida tuman (shahar) oilaviy poliklinika shifokorlari va tuman (shahar) ishchi guruhlari tomonidan sport sinovlarida ishtirok etuvchilar tibbiy koʻrikdan oʻtkaziladi hamda sport sinovlarini topshirish uchun ishtirokchi arizasi toʻldiriladi;
3-bosqich — har yili mart — noyabr oylarida beshta yoʻnalishda hududlarga biriktirilgan trenerlar, jismoniy tarbiya oʻqituvchilari, tuman (shahar) ishchi guruhi va hududiy ishchi guruhi vakillari tomonidan sport sinovi ishtirokchilaridan sport sinovlari (ixtiyoriy va maxsus talablar boʻyicha) quyidagi tartibda qabul qilinadi:
a) 1-yoʻnalish (mart-aprel oylarida) — 7 yoshdan 17 yoshgacha;
b) 2-yoʻnalish (aprel-may) oylarida — 18 yoshdan 29 yoshgacha;
v) 3-yoʻnalish (avgust-sentabr oylarida) — 30 yoshdan 49 yoshgacha;
g) 4-yoʻnalish (oktabr-noyabr oylarida) — 50 yosh va undan katta yoshdagi shaxslardan;
d) 5-yoʻnalish (noyabr oyida) — davlat organlari va tashkilotlarida faoliyat yuritayotgan xodimlardan;
4-bosqich — har yili may — dekabr oylarida beshta yoʻnalishda tuman (shahar) va hududiy ishchi guruhlari tomonidan sport sinovlarining maxsus talablarini bajargan ishtirokchilar quyidagicha ragʻbatlantirilib boriladi:
a) 1-yoʻnalish (may oyida) — 7 yoshdan 17 yoshgacha;
b) 2-yoʻnalish (iyun oyida) — 18 yoshdan 29 yoshgacha;
v) 3-yoʻnalish (oktabr oyida) — 30 yoshdan 49 yoshgacha;
g) 4-yoʻnalish (noyabr oyida) — 50 yosh va undan katta yoshdagi shaxslar;
d) 5-yoʻnalish dekabr oyining birinchi haftasida davlat organlari va tashkilotlarida faoliyat yuritayotgan xodimlar.
Ixtiyoriy talablarni bajargan ishtirokchilarni ragʻbatlantirish yosh toifalar boʻyicha sport sinovlari tugashi bilan uch kun muddat ichida oʻtkaziladi;
5-bosqich — har yili dekabr oyining ikkinchi oʻn kunligida tuman (shahar) va hududiy ishchi guruhlari rahbarlari yil yakunlari boʻyicha amalga oshirgan ishlari toʻgʻrisidagi hisobotlarini Sport sinovlarining oʻtkazilishini taʼminlash boʻyicha respublika komissiyasiga taqdim etadi;
6-bosqich — har yili dekabr oyining uchinchi oʻn kunligida Sport sinovlarining oʻtkazilishini taʼminlash boʻyicha respublika komissiyasi tomonidan tuman (shahar), hududiy ishchi guruhlari rahbarlari yil yakunlari boʻyicha amalga oshirgan ishlari toʻgʻrisidagi hisobotlar umumlashtiriladi va Vazirlar Mahkamasiga taqdim etiladi.
20. Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi, Davlat xavfsizlik xizmati, Mudofaa vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Ichki ishlar vazirligi tizimidagi barcha tashkilotlarning rahbar va xodimlari, instruktorlari, trenerlari, kursantlari, oʻquvchilari, sportchilari (sportchi pasporti yoki sport unvonlari va toifalariga ega shaxslar), shuningdek Turizm va sport vazirligi tizimidagi barcha sport taʼlim muassasalarining trenerlari, sportchi oʻquvchilari, shuningdek sportchilari (sportchi pasporti yoki sport unvonlari va toifalariga ega shaxslar) uchun sport sinovlari talablari tegishli sport federatsiya (assotsiatsiya)lari bilan birgalikda alohida ishlab chiqiladi va kelishilgan holda Turizm va sport vazirligi tomonidan tasdiqlanadi.
Bunda, sport sinovlari ushbu bandning birinchi xatboshisida koʻrsatilgan tashkilotlarning har biri boʻyicha alohida tartibda, sport turlari boʻyicha federatsiya (assotsiatsiya)larning mutaxassislari biriktirilgan holda, belgilangan muddatlarda oʻtkaziladi hamda natijalari qayd etilib, ragʻbatlantirish ishlari amalga oshiriladi.
21. Davlat organlari va tashkilotlarida mehnat faoliyatini olib borayotgan, oxirgi besh yilda sport toifalari va unvonlariga, sport ustaligiga nomzod va sport ustasi boʻlgan shaxslarning maxsus sport sinovlari natijalari mazkur Nizomning 20-bandida nazarda tutilgan shaxslarning maxsus sport sinovlari natijalari bilan birgalikda umumlashtiriladi.
22. Sport sinovlarida ishtirok etuvchilar roʻyxati shakllantirilayotganda qatnashish istagini bildirgan shaxslar ixtiyoriy ravishda tuman (shahar) hokimliklarida tuzilgan ishchi guruhga ariza (yozma yoki elektron tarzda) bilan murojaat qiladi (arizada ixtiyoriy yoki maxsus talablarni bajarishi aniq koʻrsatiladi) va sogʻligʻi yuzasidan tegishli maʼlumotnomani (imkoniyati cheklangan shaxslar uchun majburiy) taqdim qiladi.
23. Jismoniy imkoniyatlari cheklangan shaxslar uchun mazkur sport sinovlarining turlari va mezonlari (ixtiyoriy hamda maxsus talablarini bajarish) asosida, ota-onalar, vasiylar ishtirokida ixtiyoriy ravishda hamda shifokor tavsiyalari va qatʼiy nazorati ostida oʻtkaziladi.
24. Maxsus talablarni bajarish istagini bildirgan ishtirokchilardan sport sinovlarini qabul qilish natijalari bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi. Mazkur jarayonlar tuman (shahar) ishchi guruhlari tomonidan toʻliq videotasvirga olinadi, videotasvirga olinmagan holatlar inobatga olinmaydi.
Har bir tuman miqyosida 11 ta yosh toifasiga (erkaklar va ayollar alohida) koʻra, eng yuqori natija qayd etgan (1, 2 va 3-oʻrinni egallagan) shaxslar (erkaklar va ayollar alohida) gʻolib va sovrindor deb topiladi.
25. Quyidagi holatlarda sport sinovlarini topshirishga yoʻl qoʻyilmaydi:
sogʻligʻi holatiga koʻra roʻyxatda turuvchi shaxslar;
homiladorlik va tugʻish taʼtilida boʻlganlar.
26. Quyidagi holatlarda sport sinovlarida qoʻlga kiritilgan natijalar bekor qilinadi:
jismoniy va yuridik shaxslarning ishonchli (asosli) murojaatlari;
ishtirokchilarning natijalari qayd etilgan bayonnomalar va videotasvirlarni koʻrib chiqish asosida;
dopingga qarshi qoidalarning buzilishi, taqiqlangan moddalardan foydalanish aniqlanganda.
Dopingga qarshi qoidalarning buzilishi, taqiqlangan moddalardan foydalanish holatlari hududiy ishchi guruhlarining talabnomalari asosida Oʻzbekiston Respublikasi Milliy antidoping agentligi tomonidan berilgan xulosalarga asoslanadi.
27. Sport sinovlarini oʻtkazish bilan bogʻliq shikoyatlarni koʻrib chiqish uchun Turizm va sport vazirligi hamda hududiy ishchi guruhlari qarori asosida malakali mutaxassislardan (trenerlar, jismoniy tarbiya va sport sohasi vakillari hamda jamoatchilik vakillaridan) iborat besh kishidan kam boʻlmagan toq sonli tarkibda appelyatsiya komissiyasi tuziladi.
28. Sport sinovlari natijalaridan norozi boʻlgan shaxslar sinov natijalari eʼlon qilingan kundan keyin bir ish kuni ichida appelyatsiya komissiyasiga yozma ariza bilan murojaat qilishi hamda uni koʻrib chiqishda ishtirok etishi lozim.
Murojaat davlat tilida va boshqa tillarda berilishi, murojaat etuvchining elektron pochta manzili, aloqa telefoni koʻrsatilishi mumkin.
29. Apellyatsiya komissiyasi ariza qabul qilingan kundan boshlab uch ish kuni ichida arizani va sport sinovlari natijalarini koʻrib chiqib, hududiy ishchi guruhga yozma xulosa topshiradi. Bunda, masala murojaat etuvchi ishtirokida koʻrib chiqilishi shart.
30. Hududiy ishchi guruhi tomonidan koʻrib chiqish natijalariga koʻra qaror qabul qilinadi, bu haqda murojaat qiluvchiga darhol yozma yoki elektron shaklda xabar qilinadi. Murojaatga javobni hududiy ishchi guruhi rahbari, u boʻlmagan taqdirda esa ishchi guruhi rahbari oʻrinbosari va Apellyatsiya komissiyasi raisi imzolaydi.
5-bob. Gʻolib va sovrindorlarni taqdirlash
31. Sport sinovlarining maxsus talablarini bajargan gʻolib va sovrindorlar barcha 11 ta yosh toifaning har bir yosh toifasida (erkaklar va ayollar alohida) faqat bir marta I, II va III darajali “Jismoniy tayyorgarlik darajasi” koʻkrak nishonlari va qimmatbaho sovgʻalar bilan taqdirlanadi.
Bunda, bir yosh toifasida (erkaklar va ayollar) maxsus talablarni takroran bajargan ishtirokchilarga koʻkrak nishonlari (guvohnomasi) berilmaydi, ularning qayd etgan natijalari boʻyicha Respublika komissiyasining qaroriga asosan Oʻzbekiston Respublikasi turizm va sport vazirining buyrugʻiga muvofiq bir yosh toifasida qoʻlga kiritilgan koʻkrak nishoni guvohnomasiga egallagan oʻrni qayd etiladi hamda faxriy yorliqlar, shuningdek, qimmatbaho sovgʻalar bilan ragʻbatlantiriladi.
Sport sinovlarining ixtiyoriy talablarini bajargan gʻolib va sovrindorlarga koʻkrak nishonlari berilmaydi, ular tashkilotchilar tomonidan faxriy yorliqlar va esdalik sovgʻalari bilan ragʻbatlantiriladi.
32. Sport sinovlari oʻtkazib boʻlinganidan keyin maxsus talablarni bajargan ishtirokchilar natijalari boʻyicha bir oy muddat ichida gʻolib va sovrindorlar Respublika komissiyasining I, II va III darajali “Jismoniy tayyorgarlik darajasi” koʻkrak nishonlari bilan taqdirlash hamda mos oʻrniga va darajasiga qarab tegishli sport toifalari va unvonlari berilishi toʻgʻrisidagi qarori qabul qilinadi.
Maxsus talablarni bajargan gʻolib va sovrindorlarni faxriy yorliqlar, shuningdek, qimmatbaho sovgʻalar bilan ragʻbatlantirish tuman (shahar) hududiy ishchi guruhlari tomonidan tantanali ravishda tashkil etiladi.
Sport sinovlarining ixtiyoriy talablarini bajargan ishtirokchilarning yakuniy natijalariga koʻra gʻolib va sovrindorlarni musobaqalar tugashi bilan faxriy yorliqlar, esdalik sovgʻalari bilan ragʻbatlantirish hududiy ishchi guruhlar tomonidan tantanali ravishda tashkil etiladi.
33. Yosh koʻrsatkichlaridan kelib chiqib, sport sinovlarining maxsus talablarini muvaffaqiyatli bajargan shaxslar bir yil mobaynida quyidagi imtiyozlar va ragʻbatlantirishlardan foydalanadi:
gʻolib va sovrindorlar (1, 2 va 3-oʻrin) safarbarlik chaqiruvi rezervidagi harbiy xizmat toʻlovining 50 foizini chegirma bilan toʻlaydi va muddatli harbiy xizmatga birinchilar qatorida ustunlik bilan yuboriladi;
gʻoliblar (1-oʻrin) “Temurbeklar maktabi”ga test sinovlarisiz tanlovdan tashqari oʻqishga qabul qilinadi;
gʻolib va sovrindorlar (1, 2 va 3-oʻrin) davlat tuman (shahar) koʻp tarmoqli tibbiyot muassasasida bir martalik bepul chuqurlashtirilgan tibbiy koʻrikdan oʻtadi;
gʻoliblarga (1-oʻrin) umumiy foydalanishdagi davlat yoʻlovchi tashish shahar transportida bepul hamda hududlararo harakatlanishda 50 foiz chegirmali toʻlov bilan imtiyozli yurish imkoniyatini taqdim etadi (bundan taksi, shu jumladan yoʻnalishli taksi mustasno);
gʻolib va sovrindorlarning (1, 2 va 3-oʻrin) farzandlari oʻzlari yashayotgan joydagi umumtaʼlim maktabi, maktabgacha taʼlim tashkilotlari, shuningdek, yozgi sogʻlomlashtirish oromgohlariga navbatsiz joylashtiriladi;
gʻolib va sovrindorlarga (1, 2 va 3-oʻrin) ish joyi hisobidan dam olish maskanlari va sanatoriylarga bepul yoʻllanmalar taqdim etiladi;
gʻolib va sovrindorlarga (1, 2 va 3-oʻrin) respublika miqyosida ishga yoki oʻqishga qabul qilinishida jismoniy tayyorgarlik talab etiladigan imtihon (oliy taʼlim muassasalari sport yoʻnalishlaridan tashqari), sinov, amaliy mashgʻulotlarda ustunlik (imtihonda maksimal ball yoki amaliy mashgʻulotlardan ozod qilinishi) beriladi.
34. Sport sinovlarining maxsus talablarini topshirish jarayonida rekordlar aniqlanadi hamda muntazam ravishda ommaviy axborot vositalari va Internet jahon axborot tarmogʻi orqali eʼlon qilinib boriladi.
35. Sport sinovlarini tashkil etishda faollik koʻrsatgan sport va boshqa soha vakillari, hududiy ishchi guruh rahbar va aʼzolari, trener va jismoniy tarbiya fani oʻqituvchilari, shuningdek, sport sinovlarining maxsus talablarini 4 ta yosh toifasidagi guruh boʻyicha topshirib, I, II va III darajali koʻkrak nishonlaridan birini qoʻlga kiritgan shaxslar “Jismoniy tarbiya va sport aʼlochisi” koʻkrak nishoniga, 6 ta (va undan koʻp) yosh toifasidagi guruh boʻyicha topshirib I, II va III darajali koʻkrak nishonlaridan birini qoʻlga kiritgan shaxslar “Sogʻlom avlod uchun”, “Salomatlik”, “Sogʻlom turmush” orden va medallari hamda boshqa davlat mukofotlariga Turizm va sport vazirligi, shuningdek, manfaatdor davlat organlari va tashkilotlari tomonidan tavsiya etiladilar.
36. Sport sinovlarining maxsus talablarini bajargan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi boʻlmagan shaxslar ham I, II va III darajali koʻkrak nishonlari bilan belgilangan tartibda taqdirlanishi mumkin.
6-bob. Sport sinovlarini oʻtkazish va tashkil etish bilan bogʻliq sarf-xarajatlar
37. Sport sinovlarini oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar — Turizm va sport vazirligi hamda tegishli davlat organlari va tashkilotlarining, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar, Toshkent shahar va tuman (shahar) hokimliklarining budjet va budjetdan tashqari mablagʻlari hamda jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari hisobidan amalga oshiriladi.
38. Turizm va sport vazirligi tomonidan har yili I, II va III darajali “Jismoniy tayyorgarlik darajasi” koʻkrak nishonlarini tayyorlash va tarqatish, gʻolib va sovrindorlarga beriladigan esdalik sovgʻalarini xarid qilish, Oʻzbekistonda “Jismoniy tayyorgarlik darajasi” sport sinovlarining rekordlari nomli tahliliy maxsus kitobini chop etish bilan bogʻliq xarajatlar — Sport va ommaviy-jismoniy tarbiya tadbirlarining respublika kalendar rejasida nazarda tutilgan mablagʻlar doirasida qoplanadi.
7-bob. Yakunlovchi qoida
39. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikka muvofiq javob beradilar.
Aholining jismoniy tayyorgarlik darajasini baholash tizimi boʻyicha sport sinovlarini tashkil etish va oʻtkazish toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Aholining jismoniy tayyorgarlik darajasini baholashni tashkil etish va oʻtkazish
Bosqichlar Ishtirokchilar yosh toifalari Chora-tadbirlar Amalga oshirish muddati Masʼullar I. Ishtirokchilarni tanlab olish 1-bosqich 7 yosh va undan katta yoshlilar Ishtirokchilar roʻyxatini mahallalar kesimida shakllantirish Yanvar oyi Tuman (shahar) profilaktika inspektorlari, trenerlar va jismoniy tarbiya oʻqituvchilari 2-bosqich 7 yosh va undan katta yoshlilar Tibbiy koʻrikdan oʻtkazish hamda ishtirokchi arizasini toʻldirish Fevral oyi Oilaviy poliklinika shifokorlari, tuman (shahar) ishchi guruhlari II. Sport sinovlarini oʻtkazish 3-bosqich 1-yoʻnalish (7 yoshdan 17 yoshgacha) Jismoniy tayyorgarlik darajasi sport sinovlarini (ixtiyoriy va maxsus talablar boʻyicha) oʻtkazish Mart-aprel oylari Biriktirilgan trenerlar, jismoniy tarbiya oʻqituvchilari, tuman (shahar) ishchi guruhi vakillari, hududiy ishchi guruhi vakillari 2-yoʻnalish (18 yoshdan 29 yoshgacha) Aprel-may oylari 3-yoʻnalish (30 yoshdan 49 yoshgacha) Avgust-sentabr oylari 4-yoʻnalish (50 yosh va undan katta yoshdagilar) Oktabr-noyabr oylari 5-yoʻnalish (vazirlik va idoralar) * Noyabr oyi III. Gʻolib va sovrindorlarni ragʻbatlantirish 4-bosqich 1-yoʻnalish (7 yoshdan 17 yoshgacha) Jismoniy tayyorgarlik darajasi sport sinovlarining maxsus talablarini bajargan ishtirokchilarni ragʻbatlantirish (Ixtiyoriy talablar) ** May oyi Hududiy ishchi guruhi vakillari, tuman (shahar) ishchi guruhi vakillari Hududiy ishchi guruhi vakillari, tuman (shahar) ishchi guruhi vakillari 2-yoʻnalish (18 yoshdan 29 yoshgacha) Iyun oyi 3-yoʻnalish (30 yoshdan 49 yoshgacha) Oktabr oyi 4-yoʻnalish (50 yosh va undan katta yoshdagilar) Noyabr oyi 5-yoʻnalish (vazirlik va idoralar) * Dekabr oyining 1-haftasi IV. Sport sinovlari yakunlarini tahlil qilish va yakuniy hisobotlarni tayyorlash 5-bosqich Tuman (shahar), hududiy ishchi guruhlari Yil yakunlari hisobotini tahlil qilish va Respublika komissiyasiga taqdim etish Dekabr oyining 2-oʻn kunligi Tuman (shahar), hududiy ishchi guruhlari rahbarlari 6-bosqich Respublika komissiyasi Yil yakunlari hisobotini tahlil qilish va Vazirlar Mahkamasiga taqdim etish Dekabr oyining 3-oʻn kunligi Respublika komissiyasi, davlat organlari va tashkilotlari
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 15-yanvardagi 23-son qaroriga 2-ILOVA
“Jismoniy tayyorgarlik darajasi” koʻkrak nishonining
“Jismoniy tayyorgarlik darajasi” koʻkrak nishoni 3 ta darajali boʻlib, I darajali koʻkrak nishoni — oltin rangda, II darajali koʻkrak nishoni — kumush rangda va III darajali koʻkrak nishoni — bronza rangda. Koʻkrak nishonining ikki tomonlama teshigi mavjud boʻlib, ustki kiyimga kapalaksimon qadagʻich bilan taqiladi.
Koʻkrak nishoni diametri 3 santimetrli doira shaklida boʻlib, “SAM 1 — 4” eritmasidan tayyorlanadi. Koʻkrak nishonining qalinligi 2 millimetr.
Qirralarning atrofida xira toʻq kul rang doirasimon 0,35 sm qalinlikdagi qabariq fonida, tepa qismida, 0,14 sm oʻlchamdagi harflar bilan “JISMONIY TAYYORGARLIK DARAJASI”, pastki qismida “OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI” yozuvi mavjud. Birinchi qabariq diametri 3 sm, ikkinchi qabariq diametri 2,4 sm, emali esa 0,3 sm.
Koʻkrak nishonining old tomoni oʻrta qismida 1,1 diametrlik doira ichida 0,48 sm. oʻlchamdagi “I” raqami va raqam atrofida dafna gulchambari joylashgan. oʻrta qismidagi doira tepa qismida dafna novdasi joylashgan.
Oʻrtadagi doira tagida 0,58 sm oʻlchamdagi 5 ta doirasimon piktogrammalar joylashgan. Piktogrammalarning birinchisida suzuvchi, ikkinchisida yuguruvchi, uchinchisida press mashqini bajaruvchisi, toʻrtinchisida yerdan qoʻlda gavdasini koʻtarish mashqini bajaruvchisi va beshinchisida turnikda tortilish mashqini bajaruvchisi tasvirlangan.
“Jismoniy tayyorgarlik darajasi” koʻkrak nishoni
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 15-yanvardagi 23-son qaroriga 3-ILOVA
“Jismoniy tayyorgarlik darajasi” koʻkrak nishoni guvohnomasining tavsifi
“Jismoniy tayyorgarlik darajasi” koʻkrak nishoni guvohnomasi 100x70 millimetr oʻlchamdagi toʻrtburchak shaklida boʻlib, 350 g/kv.m qalinlikdagi ofset qogʻozdan tayyorlanadi.
Guvohnomaning tashqi tomoni moviy rangda boʻlib, uning chegara qismidan 5 millimetr oraliqda eni 3 millimetr qalinlikda ichki toʻrtburchak shaklida boʻlgan toʻq koʻk rangli hoshiya bilan oʻralgan.
Guvohnomaning ustki qismi markazda ““Jismoniy tayyorgarlik darajasi” koʻkrak nishoni GUVOHNOMASI” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 17-kegl) soʻzlari yozilgan. Yozuvlar zarhal rangda aks ettirilgan.
Guvohnomaning ikkinchi tomoni oq rangda boʻlib, 5 millimetr oraliqda eni 3 millimetr qalinlikda ichki toʻrtburchak shaklida boʻlgan toʻq koʻk rangli hoshiya bilan oʻralgan.
Guvohnomaning ikkinchi chap tomoni markazida “Jismoniy tayyorgarlik darajasi” koʻkrak nishonining tegishli darajasiga oid rasmi qoʻyilgan.
Guvohnomaning ikkinchi oʻng tomoni yuqori qismi chekkasidan 12 millimetr pastda kirill alifbosida katta harflarda “GUVOHNOMA t/r. ____” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 12-kegl) soʻzlari yozilgan.
Soʻzlardan 15 millimetr pastda taqdirlanadigan shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismini qayd etish uchun oraligʻi 8 millimetrli uchta chiziq tortilgan.
Undan 5 millimetr pastda markazda “Oʻzbekiston Respublikasi Turizm va sport vazirligining” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 17-kegl) soʻzlari yozilgan.
Undan 5 millimetr pastda markazda ““20__y. “____” ______dagi ___-sonli buyrigʼiga asosan ____-darajadagi koʻkrak nishoni bilan taqdirlanadi”” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 12-kegl) soʻzlari yozilgan.
Undan 15 millimetr pastda chap tarafda “Vazir” soʻzi (“Times new Roman Bolt” shrifti, 12-kegl), undan 7 millimetr pastda chap tarafda “M.Oʻ.” soʻzi (“Times new Roman Bolt” shrifti, 12-kegl) yozilgan.
“Jismoniy tayyorgarlik darajasi” sport sinovlari koʻkrak nishoni guvohnomasi
Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 15-yanvardagi 23-son qaroriga 4-ILOVA
Vazirlar Mahkamasining 2013-yil 30-dekabrdagi 346-son qarori bilan tasdiqlangan Sport turlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi terma jamoalari aʼzolari boʻlgan sportchilarni tayyorlash uchun jalb etilgan xorijiy mutaxassislarning ish shart-sharoitlari toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan oʻzgartirishlar va qoʻshimcha
1. 7-bandning beshinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“xorijiy mutaxassis mehnatiga har oylik haq toʻlashning moʻljallanayotgan summasi (shartnoma (kontrakt) tuzilgan kundagi mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 50 baravarigacha miqdorda, har oylik haq toʻlashning miqdori tomonlar tuzgan shartnoma (kontrakt) bilan aniqlanadi) mavjud boʻladi”.
2. 16-bandning birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“16. Xorijiy mutaxassisning mehnatiga haq toʻlash uchun budjet mablagʻlari ajratishning maqsadga muvofiqligi toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda Ekspert komissiyasi bir vaqtning oʻzida ushbu mablagʻlar miqdorini belgilaydi (shartnoma (kontrakt) tuzilgan kundagi mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 50 baravarigacha). Bunda:”.
3. Quyidagi mazmundagi 17 1 -band bilan toʻldirilsin:
“17 1 . Ish beruvchi tomonidan taklif etilgan xorijiy mutaxassisning mehnatiga haq toʻlash miqdori mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 50 baravaridan koʻp boʻlgan taqdirda, Olimpiya va Paralimpiya oʻyinlariga Oʻzbekiston sportchilarini tayyorlash boʻyicha tuzilgan Respublika komissiyasi raisining ruxsati bilan Davlat budjetidan qoʻshimcha moliyalashtirishga ruxsat beriladi”.
4. 25-bandning ikkinchi xatboshisi chiqarib tashlansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2022-yil 15-yanvar,
23-son