ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРАТУРАСИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ВА КОММУНИКАЦИЯЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВАЗИРЛИГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ГВАРДИЯСИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ БОЖХОНА ҚЎМИТАСИНИНГ
Қарори
НИЗОМ
Прокуратура органлари, адлия органлари (муассасалари), давлат божхона хизмати органлари, Миллий гвардия органлари, давлат фельдъегерлик хизмати ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига, шунингдек, прокуратура органларининг пенсионерлари ҳамда давлат божхона хизмати органларининг пенсионерлари, Миллий гвардия органларининг собиқ ходимлардан бўлган пенсионерлари ва давлат фельдъегерлик хизмати пенсионерларига ва уларнинг оила аъзоларига Ички ишлар вазирлигининг даволаш-профилактика муассасаларида тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳамда санаторий-курорт таъминоти ҳақидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги 522-сон «Ички ишлар органларида тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий ёрдам ва санаторий-курорт таъминоти тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратураси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси ва Давлат божхона қўмитаси қарор қилади:
1. Прокуратура органлари, адлия органлари (муассасалари), давлат божхона хизмати органлари, Миллий гвардия органлари, Давлат фельдъегерлик хизмати ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига, шунингдек, прокуратура органларининг пенсионерлари ҳамда давлат божхона хизмати органларининг пенсионерлари, Миллий гвардия органларининг собиқ ходимлардан бўлган пенсионерлари ва Давлат фельдъегерлик хизмати пенсионерларига ва уларнинг оила аъзоларига Ички ишлар вазирлигининг даволаш-профилактика муассасаларида тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳамда санаторий-курорт таъминоти ҳақидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2022 йил 8 февралдаги 2-сон, Бош прокуратурасининг 2022 йил 30 январдаги 3-ҚҚ-сон, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2022 йил 31 январдаги 31/1-сон, Ички ишлар вазирлигининг 2022 йил 8 февралдаги 5ҚҚ180222-сон, Миллий гвардиясининг 2022 йил 3 февралдаги 5-сон ва Давлат божхона қўмитасининг 2022 йил 2 февралдаги 3/02-22-00036-сон қарорига ИЛОВА
Прокуратура органлари, адлия органлари (муассасалари), давлат божхона хизмати органлари, Миллий гвардия органлари, Давлат фельдъегерлик хизмати ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига, шунингдек, прокуратура органларининг пенсионерлари ҳамда давлат божхона хизмати органларининг пенсионерлари, Миллий гвардия органларининг собиқ ходимлардан бўлган пенсионерлари ва Давлат фельдъегерлик хизмати пенсионерларига ва уларнинг оила аъзоларига Ички ишлар вазирлигининг даволаш-профилактика муассасаларида тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳамда санаторий-курорт таъминоти ҳақидаги
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги 522-сон «Ички ишлар органларида тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий ёрдам ва санаторий-курорт таъминоти тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ прокуратура органлари , адлия органлари (муассасалари), давлат божхона хизмати органлари , Миллий гвардия органлари , Давлат фельдъегерлик хизмати ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига, шунингдек, прокуратура органларининг пенсионерлари ҳамда давлат божхона хизмати органларининг пенсионерлари, Миллий гвардия органларининг собиқ ходимлардан бўлган пенсионерлари ва Давлат фельдъегерлик хизмати пенсионерларига ва уларнинг оила аъзоларига Ички ишлар вазирлигининг даволаш-профилактика муассасаларида тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳамда санаторий-курорт таъминотини кўрсатишни ташкил этиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Прокуратура органлари, адлия органлари (муассасалари), давлат божхона хизмати органлари, Миллий гвардия органлари, Давлат фельдъегерлик хизмати ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек прокуратура органларининг пенсионерлари ҳамда давлат божхона хизмати органларининг пенсионерлари, Миллий гвардия органларининг собиқ ходимлардан бўлган пенсионерлари ва Давлат фельдъегерлик хизмати пенсионерларига ва уларнинг оила аъзоларига ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг Божхона институти курсантларига (бундан буён матнда бириктирилган таркиб деб юритилади) ички ишлар органларининг тиббиёт муассасалари, шунингдек фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширувчи бошқа даволаш-профилактика муассасалари томонидан бепул тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий таъминот берилади ҳамда тиббий-санитария ёрдами кўрсатилади.
2. Прокуратура органлари, адлия органлари (муассасалари), давлат божхона хизмати органлари, Давлат фельдъегерлик хизмати тасарруфидаги бино ва иншоотларда санитария назоратини амалга ошириш ҳамда ходимлар орасида юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши хавфи бўлган тақдирда тегишли санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши курашиш тадбирларни ўтказиш ички ишлар органлари тизимидаги санитария-эпидемиология назорат марказлари томонидан амалга оширилади.
2-боб. Тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий ёрдам ва санаторий-курорт таъминоти кўрсатишни ташкил этиш
3. Бириктирилган таркибга тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий ёрдам ва санаторий-курорт таъминотини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тиббиёт бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг тиббиёт бўлимлари томонидан амалга оширилади.
4. Бириктирилган таркибга ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида амбулатория ва стационар шароитларда тиббий текширувлардан ўтказиш, даволаш, соғломлаштириш, шунингдек ушбу муассасалар томонидан уларга тиббий кўрсатмалар бўйича яшаш жойларига бориб амбулатор тиббий ёрдам кўрсатиш бепул амалга оширилади.
5. Бириктирилган таркибга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам ташкил этиш мақсадида гинекологик, эндокрин, тери, сил, онкология касалликлари ва 18 ёшга тўлмаган болаларнинг патологияси бўйича тегишли ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан бериладиган йўлланма асосида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотларига юборилади.
6. Прокуратура органлари, адлия органлари (муассасалари), давлат божхона хизмати органлари, Миллий гвардия органлари ва Давлат фельдъегерлик хизмати ходимларини (бундан буён матнда ходим деб юритилади) тиббий кўрсатмалар бўйича тиббий ёрдам олиши учун Ўзбекистон Республикасидан ташқарига юбориш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус комиссияси хулосаси асосида амалга оширилади.
Бунда, ходимнинг тиббий ёрдам олиши учун сарфланадиган харажатларни қоплаш, ходим меҳнат фаолиятини (хизмат) олиб бораётган органнинг ўз маблағлари ёки бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан, мазкур органнинг биринчи раҳбари рухсати билан амалга оширилади.
7. Прокуратура органлари ҳамда адлия органлари (муассасалари) ходимларига ва уларнинг оила аъзоларига, прокуратура органларининг пенсионерларига, давлат божхона хизмати органлари, Миллий гвардия органлари ва Давлат фельдъегерлик хизмати пенсионерларига ва уларнинг оила аъзоларига, шунингдек давлат божхона хизмати органлари, Миллий гвардия органлари ва Давлат фельдъегерлик хизмати ходимларининг оила аъзоларига меҳнатга вақтинча яроқсизлиги ҳолатларида вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва маълумотномалари Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2667, 2015 йил 17 апрель) талаблари асосида ички ишлар органларининг даволаш-профилактика муассасалари томонидан берилади.
8. Давлат божхона хизмати органлари, Миллий гвардия органлари ва Давлат фельдъегерлик хизмати ходимларига хизматга вақтинча яроқсизлиги ҳолатларида вақтинчалик хизматдан озод қилиш варақаси ёки маълумотномаси ички ишлар органларининг даволаш-профилактика муассасалари томонидан ички ишлар органлари ходимлари учун белгиланган тартибда берилади.
9. Ходим Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббиёт муассасаларида даволанган ҳолларда унга мазкур муассасалар томонидан берилган вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки маълумотномаси, вақтинчалик хизматдан озод қилиш варақаси ёки маълумотномаси тегишли ички ишлар органининг даволаш-профилактика муассасаларида рўйхатга олинган ва тасдиқлангандан сўнг тан олинади.
3-боб. Тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий ёрдам ва санаторий-курорт таъминотини амалга ошириш
10. Ходимлар ҳар йили бир маротаба ўзлари бириктирилган даволаш-профилактика муассасаси томонидан тиббий кўрикдан ўтишлари шарт.
Давлат божхона хизмати органлари, Миллий гвардия органлари ва Давлат фельдъегерлик хизматининг чуқурлаштирилган профилактик тиббий кўрикдан ўтказиладиган ходимлари ҳақидаги маълумотлар тегишли ҳудуддаги Давлат божхона хизмати органи, Миллий гвардия органи ва Давлат фельдъегерлик хизмати томонидан ушбу ҳудуддаги ички ишлар органига тақдим қилинади.
Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш режаси тегишли органнинг масъул ходимлари томонидан бириктирилган даволаш-профилактика муассасаси раҳбарияти билан келишилган ҳолда тузилади.
11. Ходимни тиббий кўрикдан ўтказиш натижаси бўйича ходимда меҳнат фаолиятини (хизматни) давом эттиришга тўсқинлик қилувчи касалликлар аниқланган ҳолларда ушбу ходимлар ҳақидаги маълумотлар тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тиббиёт бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан меҳнат фаолиятини (хизмат) олиб бораётган органга юборилади.
12. Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш натижасида ходим ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар билан касалланганлиги аниқланганда, ушбу ходим бириктирилган даволаш-профилактика муассасаси мутахассислари томонидан назоратга олиниб, уни даволаш ва соғломлаштириш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тегишли тиббиёт муассасаларида амалга оширилади.
13. Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш, шунингдек ходимнинг мурожаати асосида ўтказилган тиббий кўрик натижасида аниқланган бир ёки бир нечта касаллик (касалликлар) билан диспансер назорат гуруҳида рўйхатга олинган ходимларнинг соғлиғи ҳолатини кузатиб бориш, уларда тегишли тиббий текширув ва кўриклар ҳамда даволаш ва соғломлаштириш тадбирларини ўтказиш ички ишлар органларининг тегишли даволаш-профилактика муассасаси томонидан амалга оширилади.
14. Ходимларга Ички ишлар вазирлиги тизимидаги санаторий-курорт муассасаларида санаторий-курорт шароитида даволаниш учун йўлланмалар ходим меҳнат фаолиятини олиб бораётган (хизмат ўтаётган) тегишли орган томонидан берилади.
15. Прокуратура органлари, адлия органлари (муассасалари), давлат божхона хизмати органлари, Миллий гвардия органлари ҳамда Давлат фельдъегерлик хизмати ўзларининг ходимлари учун Ички ишлар вазирлиги тизимидаги санаторий-курорт муассасаларида санаторий-курорт шароитида даволанишни ташкил қилиши тегишли ҳудуддаги ички ишлар органи билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Бунда тегишли орган ўзи жойлашган ҳудуддаги ички ишлар органига ёзма равишда мурожаат қилиши лозим.
16. Санаторий-курорт муассасаларида даволанишга муҳтож шахслар Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари мутахассис шифокорларининг ташхиси асосида аниқланади.
17. Қуйидаги шахслар бириктириш рўйхатлари асосида ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларига тиббий хизмат олиш учун бириктирилади ва уларнинг алоҳида ҳисоби юритилади:
а) прокуратура органларининг даражали унвонга эга бўлган ходимлари, иш ўрганувчилари, шунингдек прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилган ходимлар;
б) адлия органларининг (муассасаларининг) мартаба даражасига эга бўлган ходимлари;
в) давлат божхона хизмати органларининг ва Миллий гвардия органларининг ҳамда Давлат фельдъегерлик хизматининг махсус унвонга эга ходимлари, шунингдек амалдаги кадрлар захирасига киритилиб, бошқа ташкилотларга юборилган ходимлар;
г) прокуратура органлари, давлат божхона хизмати органлари, Миллий гвардия органлари ҳамда Давлат фельдъегерлик хизматида 20 йил ва ундан ортиқ хизмат қилган ёки 25 йил меҳнат стажига эга бўлиб, шундан камида 12,5 йил прокуратура органлари, давлат божхона хизмати органлари, Миллий гвардия органлари ҳамда Давлат фельдъегерлик хизмати тизимида хизмат қилган пенсионерлар;
д) хизмат муддатидан қатъи назар, хизмат вазифасини бажаришда жароҳат олиш, контузия, ярадор бўлиш, касалланиш оқибатида I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
е) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари тиббий хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қоладиган 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭС фалокати оқибатларини тугатиш бўйича зарарланган зонада хизмат вазифасини ўтаган шахслар ва ядро полигонларида ҳамда бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар.
18. Мазкур Низомнинг 17-бандида назарда тутилган шахсларнинг оила аъзолари ички ишлар органларининг тегишли даволаш-профилактика муассасалари томонидан бериладиган рухсатномалар асосида ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларига тиббий хизмат кўрсатиш учун бириктирилади ва уларнинг алоҳида ҳисоби юритилади.
19. Ходим тегишли органда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ёки хизматда бўлган даврда қонуний никоҳда бўлган хотини (эри) (никоҳ бекор қилинган ҳоллар бундан мустасно), 18 ёшгача бўлган болалари (фарзандликка олинганлар), ёшидан қатъи назар, болаликдан ногиронлиги бўлган болалари ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари тиббий хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган оила аъзолари ҳисобланади.
Ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида стационар тиббий ёрдам 18 ёшдан бошлаб кўрсатилади.
20. Меҳнат фаолияти ёки хизмат мажбуриятини бажариш чоғида ҳалок бўлган ёки вафот этган ходимларнинг оила аъзолари ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари тиббий хизматидан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар, шунингдек уларнинг пенсия ёшидаги ёки ногиронлиги бўлган ота-онаси тиббий хизмат кўрсатиш учун бириктирилади.
21. Мазкур Низом 17-бандида назарда тутилган шахсларнинг боқувчисини йўқотганлик пенсиясини расмийлаштирган оила аъзолари ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари тиббий хизматидан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
22. Ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари хизматидан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолган шахсларнинг яшаш жойи ўзгарганда, улар шу ҳудуддаги тегишли ички ишлар органига мурожаат қилади ва ушбу ички ишлар органи тиббиёт бошқармаси ёки бўлимларидаги махсус тиббий комиссия қарори асосида мазкур даволаш-профилактика муассасаларига тиббий хизматга бириктирилади.
23. Бириктириш рўйхатлари ҳамда пенсионерлик гувоҳномалари асосида тегишли ички ишлар органининг тиббиёт бошқармаси ёки бўлимлари томонидан тиббий хизмат кўрсатиш учун бириктирилган таркибга ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан тиббий хизматдан фойдаланиш учун рухсатномалар берилади.
24. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси таълим муассасалари курсант ва тингловчиларига тиббий ёрдам кўрсатиш мазкур таълим муассасаларининг тиббий хизматида амалга оширилади. Таълим муассасаларининг тиббий хизматида тегишли мутахассислар ва тиббий текширувлар ўтказиш учун тегишли тиббий асбоб-ускуналар бўлмаган ҳолларда ички ишлар органларининг даволаш-профилактика муассасалари томонидан тиббий ёрдам кўрсатилади.
25. Ички ишлар органлари даволаш-профилактика муассасаларида зарур тиббий хизмат турлари мавжуд бўлмаган ҳолларда даволаш-профилактика муассасаларининг пулли хизматидан фойдаланганлик харажатлари ходим меҳнат фаолиятини (хизмат) олиб бораётган органнинг ўз маблағлари ёки бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан мазкур органнинг биринчи раҳбарининг рухсати билан амалга оширилиши мумкин.
4-боб. Бириктирилган таркибни даволаш-профилактика муассасаларида дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш
26. Бириктирилган таркиб амбулатор ёки стационар шароитда даволанишда дори воситалари ва тиббий буюмлар билан ўзлари даволанаётган ички ишлар органларининг даволаш-профилактика муассасалари орқали ёки рецепт асосида дорихоналар орқали таъминланади.
27. Бириктирилган таркиб юқумли касалликларга қарши режали ва эпидемиологик кўрсатмалар бўйича ички ишлар органлари даволаш-профилактика муассасалари томонидан бепул эмланади.
28. Ички ишлар органлари даволаш-профилактика муассасаларини дори воситалари, вакциналар, тиббий буюмлар ва ускуналар билан тўлақонли таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг сўровига асосан Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси, Миллий гвардияси ҳамда Давлат фельдегерлик хизмати ўз имкониятидан келиб чиқиб, бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Ички ишлар вазирлиги Тиббиёт бошқармасига молиявий маблағлар ажратиши мумкин.
5-боб. Якуний қоидалар
29. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
30. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган.
Адлия вазири Р. ДАВЛЕТОВ
Бош прокурор Н. ЙЎЛДОШЕВ
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. ШЕРМАТОВ
Ички ишлар вазири П. БОБОЖОНОВ
Миллий гвардия қўмондони Р. ДЖУРАЕВ
Давлат божхона қўмитаси раиси А. МАВЛОНОВ
Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А. ИНОЯТОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 8 февраль,
Тошкент ш.,
2022 йил 30 январь,
Тошкент ш.,
2022 йил 31 январь,
Тошкент ш.,
2022 йил 8 февраль,
Тошкент ш.,
2022 йил 3 февраль,
Тошкент ш.,
2022 йил 2 февраль,
2022 йил 10 январь
2-сон
3-ҚҚ-сон
31/1-сон
5ҚҚ180222-сон
5-сон
3/02-22-00036-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.02.2022 й., 10/22/3349/0123-сон; 03.11.2023 й., 10/23/3469/0824-сон)
lex.uz
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI ADLIYA VAZIRLIGI OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI BOSH PROKURATURASI OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI AXBOROT TEXNOLOGIYALARI VA KOMMUNIKATSIYALARINI RIVOJLANTIRISH VAZIRLIGI OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI ICHKI ISHLAR VAZIRLIGI OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI MILLIY GVARDIYASI OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI DAVLAT BOJXONA QOʻMITASINING
Qarori
NIZOM
Prokuratura organlari, adliya organlari (muassasalari), davlat bojxona xizmati organlari, Milliy gvardiya organlari, davlat feldyegerlik xizmati xodimlari va ularning oila aʼzolariga, shuningdek, prokuratura organlarining pensionerlari hamda davlat bojxona xizmati organlarining pensionerlari, Milliy gvardiya organlarining sobiq xodimlardan boʻlgan pensionerlari va davlat feldyegerlik xizmati pensionerlariga va ularning oila aʼzolariga Ichki ishlar vazirligining davolash-profilaktika muassasalarida tibbiy-sanitariya, tibbiy-ijtimoiy yordam koʻrsatish hamda sanatoriy-kurort taʼminoti haqidagi nizomni tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 19-iyuldagi 522-son “Ichki ishlar organlarida tibbiy-sanitariya, tibbiy-ijtimoiy yordam va sanatoriy-kurort taʼminoti toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi, Bosh prokuraturasi, Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Milliy gvardiyasi va Davlat bojxona qoʻmitasi qaror qiladi:
1. Prokuratura organlari, adliya organlari (muassasalari), davlat bojxona xizmati organlari, Milliy gvardiya organlari, Davlat feldyegerlik xizmati xodimlari va ularning oila aʼzolariga, shuningdek, prokuratura organlarining pensionerlari hamda davlat bojxona xizmati organlarining pensionerlari, Milliy gvardiya organlarining sobiq xodimlardan boʻlgan pensionerlari va Davlat feldyegerlik xizmati pensionerlariga va ularning oila aʼzolariga Ichki ishlar vazirligining davolash-profilaktika muassasalarida tibbiy-sanitariya, tibbiy-ijtimoiy yordam koʻrsatish hamda sanatoriy-kurort taʼminoti haqidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Kelishildi:
Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining 2022-yil 8-fevraldagi 2-son, Bosh prokuraturasining 2022-yil 30-yanvardagi 3-QQ-son, Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligining 2022-yil 31-yanvardagi 31/1-son, Ichki ishlar vazirligining 2022-yil 8-fevraldagi 5QQ180222-son, Milliy gvardiyasining 2022-yil 3-fevraldagi 5-son va Davlat bojxona qoʻmitasining 2022-yil 2-fevraldagi 3/02-22-00036-son qaroriga ILOVA
Prokuratura organlari, adliya organlari (muassasalari), davlat bojxona xizmati organlari, Milliy gvardiya organlari, Davlat feldyegerlik xizmati xodimlari va ularning oila aʼzolariga, shuningdek, prokuratura organlarining pensionerlari hamda davlat bojxona xizmati organlarining pensionerlari, Milliy gvardiya organlarining sobiq xodimlardan boʻlgan pensionerlari va Davlat feldyegerlik xizmati pensionerlariga va ularning oila aʼzolariga Ichki ishlar vazirligining davolash-profilaktika muassasalarida tibbiy-sanitariya, tibbiy-ijtimoiy yordam koʻrsatish hamda sanatoriy-kurort taʼminoti haqidagi
Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 19-iyuldagi 522-son “Ichki ishlar organlarida tibbiy-sanitariya, tibbiy-ijtimoiy yordam va sanatoriy-kurort taʼminoti toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi qaroriga muvofiq prokuratura organlari , adliya organlari (muassasalari), davlat bojxona xizmati organlari , Milliy gvardiya organlari , Davlat feldyegerlik xizmati xodimlari va ularning oila aʼzolariga, shuningdek, prokuratura organlarining pensionerlari hamda davlat bojxona xizmati organlarining pensionerlari, Milliy gvardiya organlarining sobiq xodimlardan boʻlgan pensionerlari va Davlat feldyegerlik xizmati pensionerlariga va ularning oila aʼzolariga Ichki ishlar vazirligining davolash-profilaktika muassasalarida tibbiy-sanitariya, tibbiy-ijtimoiy yordam koʻrsatish hamda sanatoriy-kurort taʼminotini koʻrsatishni tashkil etish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Prokuratura organlari, adliya organlari (muassasalari), davlat bojxona xizmati organlari, Milliy gvardiya organlari, Davlat feldyegerlik xizmati xodimlari va ularning oila aʼzolari, shuningdek prokuratura organlarining pensionerlari hamda davlat bojxona xizmati organlarining pensionerlari, Milliy gvardiya organlarining sobiq xodimlardan boʻlgan pensionerlari va Davlat feldyegerlik xizmati pensionerlariga va ularning oila aʼzolariga hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasining Bojxona instituti kursantlariga (bundan buyon matnda biriktirilgan tarkib deb yuritiladi) ichki ishlar organlarining tibbiyot muassasalari, shuningdek faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan amalga oshiruvchi boshqa davolash-profilaktika muassasalari tomonidan bepul tibbiy-sanitariya, tibbiy-ijtimoiy taʼminot beriladi hamda tibbiy-sanitariya yordami koʻrsatiladi.
2. Prokuratura organlari, adliya organlari (muassasalari), davlat bojxona xizmati organlari, Davlat feldyegerlik xizmati tasarrufidagi bino va inshootlarda sanitariya nazoratini amalga oshirish hamda xodimlar orasida yuqumli va parazitar kasalliklar paydo boʻlishi hamda tarqalishi xavfi boʻlgan taqdirda tegishli sanitariya-gigiyena tadbirlari va epidemiyaga qarshi kurashish tadbirlarni oʻtkazish ichki ishlar organlari tizimidagi sanitariya-epidemiologiya nazorat markazlari tomonidan amalga oshiriladi.
2-bob. Tibbiy-sanitariya, tibbiy-ijtimoiy yordam va sanatoriy-kurort taʼminoti koʻrsatishni tashkil etish
3. Biriktirilgan tarkibga tibbiy-sanitariya, tibbiy-ijtimoiy yordam va sanatoriy-kurort taʼminotini tashkil etish Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining tibbiyot boshqarmasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Toshkent shahar va Toshkent viloyati ichki ishlar bosh boshqarmalari, viloyatlar ichki ishlar boshqarmalarining tibbiyot boʻlimlari tomonidan amalga oshiriladi.
4. Biriktirilgan tarkibga ichki ishlar organlari tizimidagi davolash-profilaktika muassasalarida ambulatoriya va statsionar sharoitlarda tibbiy tekshiruvlardan oʻtkazish, davolash, sogʻlomlashtirish, shuningdek ushbu muassasalar tomonidan ularga tibbiy koʻrsatmalar boʻyicha yashash joylariga borib ambulator tibbiy yordam koʻrsatish bepul amalga oshiriladi.
5. Biriktirilgan tarkibga ixtisoslashtirilgan tibbiy yordam tashkil etish maqsadida ginekologik, endokrin, teri, sil, onkologiya kasalliklari va 18 yoshga toʻlmagan bolalarning patologiyasi boʻyicha tegishli ichki ishlar organlari tizimidagi davolash-profilaktika muassasalari tomonidan beriladigan yoʻllanma asosida Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining ixtisoslashtirilgan tibbiyot tashkilotlariga yuboriladi.
6. Prokuratura organlari, adliya organlari (muassasalari), davlat bojxona xizmati organlari, Milliy gvardiya organlari va Davlat feldyegerlik xizmati xodimlarini (bundan buyon matnda xodim deb yuritiladi) tibbiy koʻrsatmalar boʻyicha tibbiy yordam olishi uchun Oʻzbekiston Respublikasidan tashqariga yuborish Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining maxsus komissiyasi xulosasi asosida amalga oshiriladi.
Bunda, xodimning tibbiy yordam olishi uchun sarflanadigan xarajatlarni qoplash, xodim mehnat faoliyatini (xizmat) olib borayotgan organning oʻz mablagʻlari yoki budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan, mazkur organning birinchi rahbari ruxsati bilan amalga oshiriladi.
7. Prokuratura organlari hamda adliya organlari (muassasalari) xodimlariga va ularning oila aʼzolariga, prokuratura organlarining pensionerlariga, davlat bojxona xizmati organlari, Milliy gvardiya organlari va Davlat feldyegerlik xizmati pensionerlariga va ularning oila aʼzolariga, shuningdek davlat bojxona xizmati organlari, Milliy gvardiya organlari va Davlat feldyegerlik xizmati xodimlarining oila aʼzolariga mehnatga vaqtincha yaroqsizligi holatlarida vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik varaqasi va maʼlumotnomalari Mehnatga layoqatsizlik varaqalarini berish tartibi toʻgʻrisidagi yoʻriqnoma (roʻyxat raqami 2667, 2015-yil 17-aprel) talablari asosida ichki ishlar organlarining davolash-profilaktika muassasalari tomonidan beriladi.
8. Davlat bojxona xizmati organlari, Milliy gvardiya organlari va Davlat feldyegerlik xizmati xodimlariga xizmatga vaqtincha yaroqsizligi holatlarida vaqtinchalik xizmatdan ozod qilish varaqasi yoki maʼlumotnomasi ichki ishlar organlarining davolash-profilaktika muassasalari tomonidan ichki ishlar organlari xodimlari uchun belgilangan tartibda beriladi.
9. Xodim Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining tibbiyot muassasalarida davolangan hollarda unga mazkur muassasalar tomonidan berilgan vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik varaqasi yoki maʼlumotnomasi, vaqtinchalik xizmatdan ozod qilish varaqasi yoki maʼlumotnomasi tegishli ichki ishlar organining davolash-profilaktika muassasalarida roʻyxatga olingan va tasdiqlangandan soʻng tan olinadi.
3-bob. Tibbiy-sanitariya, tibbiy-ijtimoiy yordam va sanatoriy-kurort taʼminotini amalga oshirish
10. Xodimlar har yili bir marotaba oʻzlari biriktirilgan davolash-profilaktika muassasasi tomonidan tibbiy koʻrikdan oʻtishlari shart.
Davlat bojxona xizmati organlari, Milliy gvardiya organlari va Davlat feldyegerlik xizmatining chuqurlashtirilgan profilaktik tibbiy koʻrikdan oʻtkaziladigan xodimlari haqidagi maʼlumotlar tegishli hududdagi Davlat bojxona xizmati organi, Milliy gvardiya organi va Davlat feldyegerlik xizmati tomonidan ushbu hududdagi ichki ishlar organiga taqdim qilinadi.
Xodimlarni tibbiy koʻrikdan oʻtkazish rejasi tegishli organning masʼul xodimlari tomonidan biriktirilgan davolash-profilaktika muassasasi rahbariyati bilan kelishilgan holda tuziladi.
11. Xodimni tibbiy koʻrikdan oʻtkazish natijasi boʻyicha xodimda mehnat faoliyatini (xizmatni) davom ettirishga toʻsqinlik qiluvchi kasalliklar aniqlangan hollarda ushbu xodimlar haqidagi maʼlumotlar tegishliligi boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi tibbiyot boshqarmasi va uning hududiy boʻlimlari tomonidan mehnat faoliyatini (xizmat) olib borayotgan organga yuboriladi.
12. Xodimlarni tibbiy koʻrikdan oʻtkazish natijasida xodim ijtimoiy ahamiyatga ega kasalliklar bilan kasallanganligi aniqlanganda, ushbu xodim biriktirilgan davolash-profilaktika muassasasi mutaxassislari tomonidan nazoratga olinib, uni davolash va sogʻlomlashtirish Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tizimidagi tegishli tibbiyot muassasalarida amalga oshiriladi.
13. Xodimlarni tibbiy koʻrikdan oʻtkazish, shuningdek xodimning murojaati asosida oʻtkazilgan tibbiy koʻrik natijasida aniqlangan bir yoki bir nechta kasallik (kasalliklar) bilan dispanser nazorat guruhida roʻyxatga olingan xodimlarning sogʻligʻi holatini kuzatib borish, ularda tegishli tibbiy tekshiruv va koʻriklar hamda davolash va sogʻlomlashtirish tadbirlarini oʻtkazish ichki ishlar organlarining tegishli davolash-profilaktika muassasasi tomonidan amalga oshiriladi.
14. Xodimlarga Ichki ishlar vazirligi tizimidagi sanatoriy-kurort muassasalarida sanatoriy-kurort sharoitida davolanish uchun yoʻllanmalar xodim mehnat faoliyatini olib borayotgan (xizmat oʻtayotgan) tegishli organ tomonidan beriladi.
15. Prokuratura organlari, adliya organlari (muassasalari), davlat bojxona xizmati organlari, Milliy gvardiya organlari hamda Davlat feldyegerlik xizmati oʻzlarining xodimlari uchun Ichki ishlar vazirligi tizimidagi sanatoriy-kurort muassasalarida sanatoriy-kurort sharoitida davolanishni tashkil qilishi tegishli hududdagi ichki ishlar organi bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi. Bunda tegishli organ oʻzi joylashgan hududdagi ichki ishlar organiga yozma ravishda murojaat qilishi lozim.
16. Sanatoriy-kurort muassasalarida davolanishga muhtoj shaxslar Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar organlari tizimidagi davolash-profilaktika muassasalari mutaxassis shifokorlarining tashxisi asosida aniqlanadi.
17. Quyidagi shaxslar biriktirish roʻyxatlari asosida ichki ishlar organlari tizimidagi davolash-profilaktika muassasalariga tibbiy xizmat olish uchun biriktiriladi va ularning alohida hisobi yuritiladi:
a) prokuratura organlarining darajali unvonga ega boʻlgan xodimlari, ish oʻrganuvchilari, shuningdek prokuratura organlarining amaldagi kadrlar zaxirasiga kiritilgan xodimlar;
b) adliya organlarining (muassasalarining) martaba darajasiga ega boʻlgan xodimlari;
v) davlat bojxona xizmati organlarining va Milliy gvardiya organlarining hamda Davlat feldyegerlik xizmatining maxsus unvonga ega xodimlari, shuningdek amaldagi kadrlar zaxirasiga kiritilib, boshqa tashkilotlarga yuborilgan xodimlar;
g) prokuratura organlari, davlat bojxona xizmati organlari, Milliy gvardiya organlari hamda Davlat feldyegerlik xizmatida 20 yil va undan ortiq xizmat qilgan yoki 25 yil mehnat stajiga ega boʻlib, shundan kamida 12,5 yil prokuratura organlari, davlat bojxona xizmati organlari, Milliy gvardiya organlari hamda Davlat feldyegerlik xizmati tizimida xizmat qilgan pensionerlar;
d) xizmat muddatidan qatʼi nazar, xizmat vazifasini bajarishda jarohat olish, kontuziya, yarador boʻlish, kasallanish oqibatida I va II guruh nogironligi boʻlgan shaxslar;
e) qonunchilik hujjatlariga muvofiq ichki ishlar organlari tizimidagi davolash-profilaktika muassasalari tibbiy xizmatidan foydalanish huquqi saqlanib qoladigan 1941 — 1945-yillardagi urush va mehnat fronti faxriylari hamda ularga tenglashtirilgan shaxslar, Chernobil AES falokati oqibatlarini tugatish boʻyicha zararlangan zonada xizmat vazifasini oʻtagan shaxslar va yadro poligonlarida hamda boshqa radiatsiya-yadro obyektlarida harbiy xizmatni oʻtagan pensiya yoshidagi shaxslar.
18. Mazkur Nizomning 17-bandida nazarda tutilgan shaxslarning oila aʼzolari ichki ishlar organlarining tegishli davolash-profilaktika muassasalari tomonidan beriladigan ruxsatnomalar asosida ichki ishlar organlari tizimidagi davolash-profilaktika muassasalariga tibbiy xizmat koʻrsatish uchun biriktiriladi va ularning alohida hisobi yuritiladi.
19. Xodim tegishli organda mehnat faoliyatini olib borayotgan yoki xizmatda boʻlgan davrda qonuniy nikohda boʻlgan xotini (eri) (nikoh bekor qilingan hollar bundan mustasno), 18 yoshgacha boʻlgan bolalari (farzandlikka olinganlar), yoshidan qatʼi nazar, bolalikdan nogironligi boʻlgan bolalari ichki ishlar organlari tizimidagi davolash-profilaktika muassasalari tibbiy xizmatidan foydalanish huquqiga ega boʻlgan oila aʼzolari hisoblanadi.
Ichki ishlar organlari tizimidagi davolash-profilaktika muassasalarida statsionar tibbiy yordam 18 yoshdan boshlab koʻrsatiladi.
20. Mehnat faoliyati yoki xizmat majburiyatini bajarish chogʻida halok boʻlgan yoki vafot etgan xodimlarning oila aʼzolari ichki ishlar organlari tizimidagi davolash-profilaktika muassasalari tibbiy xizmatidan foydalanish huquqini saqlab qoladilar, shuningdek ularning pensiya yoshidagi yoki nogironligi boʻlgan ota-onasi tibbiy xizmat koʻrsatish uchun biriktiriladi.
21. Mazkur Nizom 17-bandida nazarda tutilgan shaxslarning boquvchisini yoʻqotganlik pensiyasini rasmiylashtirgan oila aʼzolari ichki ishlar organlari tizimidagi davolash-profilaktika muassasalari tibbiy xizmatidan foydalanish huquqini saqlab qoladi.
22. Ichki ishlar organlari tizimidagi davolash-profilaktika muassasalari xizmatidan foydalanish huquqini saqlab qolgan shaxslarning yashash joyi oʻzgarganda, ular shu hududdagi tegishli ichki ishlar organiga murojaat qiladi va ushbu ichki ishlar organi tibbiyot boshqarmasi yoki boʻlimlaridagi maxsus tibbiy komissiya qarori asosida mazkur davolash-profilaktika muassasalariga tibbiy xizmatga biriktiriladi.
23. Biriktirish roʻyxatlari hamda pensionerlik guvohnomalari asosida tegishli ichki ishlar organining tibbiyot boshqarmasi yoki boʻlimlari tomonidan tibbiy xizmat koʻrsatish uchun biriktirilgan tarkibga ichki ishlar organlari tizimidagi davolash-profilaktika muassasalari tomonidan tibbiy xizmatdan foydalanish uchun ruxsatnomalar beriladi.
24. Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasi taʼlim muassasalari kursant va tinglovchilariga tibbiy yordam koʻrsatish mazkur taʼlim muassasalarining tibbiy xizmatida amalga oshiriladi. Taʼlim muassasalarining tibbiy xizmatida tegishli mutaxassislar va tibbiy tekshiruvlar oʻtkazish uchun tegishli tibbiy asbob-uskunalar boʻlmagan hollarda ichki ishlar organlarining davolash-profilaktika muassasalari tomonidan tibbiy yordam koʻrsatiladi.
25. Ichki ishlar organlari davolash-profilaktika muassasalarida zarur tibbiy xizmat turlari mavjud boʻlmagan hollarda davolash-profilaktika muassasalarining pulli xizmatidan foydalanganlik xarajatlari xodim mehnat faoliyatini (xizmat) olib borayotgan organning oʻz mablagʻlari yoki budjetdan tashqari jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan mazkur organning birinchi rahbarining ruxsati bilan amalga oshirilishi mumkin.
4-bob. Biriktirilgan tarkibni davolash-profilaktika muassasalarida dori vositalari va tibbiy buyumlar bilan taʼminlash
26. Biriktirilgan tarkib ambulator yoki statsionar sharoitda davolanishda dori vositalari va tibbiy buyumlar bilan oʻzlari davolanayotgan ichki ishlar organlarining davolash-profilaktika muassasalari orqali yoki retsept asosida dorixonalar orqali taʼminlanadi.
27. Biriktirilgan tarkib yuqumli kasalliklarga qarshi rejali va epidemiologik koʻrsatmalar boʻyicha ichki ishlar organlari davolash-profilaktika muassasalari tomonidan bepul emlanadi.
28. Ichki ishlar organlari davolash-profilaktika muassasalarini dori vositalari, vaksinalar, tibbiy buyumlar va uskunalar bilan toʻlaqonli taʼminlash maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining soʻroviga asosan Bosh prokuratura, Adliya vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasi, Milliy gvardiyasi hamda Davlat feldegerlik xizmati oʻz imkoniyatidan kelib chiqib, budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan Ichki ishlar vazirligi Tibbiyot boshqarmasiga moliyaviy mablagʻlar ajratishi mumkin.
5-bob. Yakuniy qoidalar
29. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
30. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi bilan kelishilgan.
Adliya vaziri R. DAVLETOV
Bosh prokuror N. YOʻLDOSHEV
Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vaziri Sh. SHERMATOV
Ichki ishlar vaziri P. BOBOJONOV
Milliy gvardiya qoʻmondoni R. DJURAYEV
Davlat bojxona qoʻmitasi raisi A. MAVLONOV
Sogʻliqni saqlash vazirining birinchi oʻrinbosari A. INOYATOV
Toshkent sh.,
2022-yil 8-fevral,
Toshkent sh.,
2022-yil 30-yanvar,
Toshkent sh.,
2022-yil 31-yanvar,
Toshkent sh.,
2022-yil 8-fevral,
Toshkent sh.,
2022-yil 3-fevral,
Toshkent sh.,
2022-yil 2-fevral,
2022-yil 10-yanvar
2-son
3-QQ-son
31/1-son
5QQ180222-son
5-son
3/02-22-00036-son
(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 09.02.2022-y., 10/22/3349/0123-son; 03.11.2023-y., 10/23/3469/0824-son)
lex.uz