UzbekAI

← Qonunlar

📅 2022-yil 16-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2022 йил 16 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 16 февраля 2022 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 16 February 2022 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТАРКИБИ

НИЗОМ

Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 3 декабрдаги ПҚ-31-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида» 2021 йил 3 декабрдаги ПФ-29-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилансинки:

а) Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари билан ажратиладиган маблағлар;

хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг техник кўмак маблағлари ва грантлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

вақтинча бўш маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

б) Қуйидагилар Жамғарма маблағларидан молиялаштириладиган асосий йўналишлар ҳисобланади:

ҳоким ёрдамчилари иш ҳақининг аввалги иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлган қисмини компенсация қилиш;

бошқа ҳудудлардан келиб ишлаётган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари учун турар жой ижараси харажатлари учун компенсация тўлаш;

иш фаолиятида яхши натижаларга эришган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакилларини ҳар ойда мукофотлаш;

ўз шахсий автомобилидан фойдаланаётган республика вакилларининг транспорт харажатларини компенсация қилиш;

республика вакилларининг бир ойда бир марта доимий яшаш жойига темир йўл транспортида бориб келиши учун компенсация тўлаш;

йил якуни бўйича ўзига бириктирилган ҳудудда юқори натижаларга эришган республика вакилларига ва ҳоким ёрдамчиларига ипотека кредити асосида уй-жой харид қилиш учун субсидия тўлаш;

«Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасини тайёрлаш ҳамда мукофотланганларни тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар;

ҳоким ёрдамчилари, республика вакиллари ва уларнинг фаолиятини самарали ташкил этишга жалб қилинган бошқа шахсларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини амалга ошириш, семинарлар ва бошқа тадбирларни, шу жумладан, хорижий мамлакатларда ташкил қилиш;

ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этишга компьютерлар, планшетлар, мультимедиа ва тармоқ қурилмалари ҳамда дастурий таъминотларни харид қилиш;

эксперт гуруҳи фаолиятини ташкил этиш, эксперт гуруҳи таркибига киритилган мутахассисларга ҳақ тўлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг ва Жамғарма кузатув кенгашининг тегишли қарорларида белгиланган бошқа вазифаларни амалга ошириш.

3. Қуйидагилар:

Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кузатув кенгашининг (кейинги ўринда — Кузатув кенгаши) таркиби 1-иловага мувофиқ;

Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Жамғарма Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда шакллантирилади, Жамғарма учун Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварағи очилади;

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Жамғарманинг ижрочи органи ҳисобланади.

5. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 февралдаги 72-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кузатув кенгашининг

1. Ж.А. Қўчқоров — Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири, Кузатув кенгаши раиси 2. С.М. Холхўжаев — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари, Кузатув кенгаши раиси ўринбосари 3. Ж.И. Абруев — молия вазирининг ўринбосари 4. Ш.Х. Атабаев — АТ Халқ банки бошқаруви раиси 5. М.М. Убайдуллаев — Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори 6. И.И. Хусеинов — Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги бошқармаси бошлиғи, Кузатув кенгаши масъул котиби

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 февралдаги 72-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, унинг маблағларини шакллантириш ва ушбу маблағлардан фойдаланиши тартибини белгилайди.

2. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда шакллантирилади, Жамғарма учун Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварағи очилади.

3. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

Кузатув кенгаши — Жамғарма фаолиятини бошқарадиган Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кузатув кенгаши;

республика вакили — ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида иқтисодиёт ва инвестиция комплексларига кирувчи вазирликлар, идоралар, тижорат банкларининг ҳар бир туман ва шаҳарга бириктирилган масъул ходимлари;

ҳоким ёрдамчиси — ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчиси лавозимига тайинланган шахс;

компенсация — бошқа ҳудудлардан келиб ишлаётган ҳоким ёрдамчиларига ва республика вакилларига турар жой ижараси, аввалги иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлган тақдирда етишмаган қисми, ўз шахсий автомобилидан фойдаланаётган республика вакилларининг транспорт харажатлари, шунингдек, бир ойда бир марта доимий яшаш жойига темир йўл транспортида бориб келиши учун Жамғарма ҳисобидан қоплаб бериладиган тўлов;

субсидия — ўзига бириктирилган ҳудудда юқори натижаларга эришган республика вакилларига ва ҳоким ёрдамчиларига ипотека кредити асосида уй-жой харид қилиш учун Жамғарма ҳисобидан қоплаб бериладиган тўлов.

4. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, Жамғарма Кузатув кенгаши қарорларига мувофиқ ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш мақсадида фаолият юритади.

2-боб. Жамғарма фаолиятини бошқариш

5. Жамғарма фаолияти Кузатув кенгаши томонидан бошқарилади. Кузатув кенгашининг аъзолари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.

6. Кузатув кенгаши:

Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди;

ҳар йили Жамғарма даромадлари ва харажатлари балансининг прогноз кўрсаткичларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Жамғарма даромадларининг шаклланишини ва маблағлардан мақсадли фойдаланилишини таъминлаш бўйича унинг фаолиятини юзасидан назорат қилади;

Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасини, зарур ҳолларда, тасдиқланган сметаларга киритиладиган тегишли ўзгартиришларни тасдиқлайди;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

7. Кузатув кенгаши Жамғармага юкланган вазифаларнинг ижросини ташкил қилиш, тегишли лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалиётга татбиқ этиш ва зарур тавсиялар тайёрланишини таъминлаш мақсадида давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, шунингдек, фуқаролардан иборат таркибда эксперт гуруҳи ташкил қилиши мумкин.

8. Кузатув кенгаши мажлислари заруратга кўра ўтказилади.

9. Кузатув кенгаши мажлисини кенгаш раиси, у бўлмаган тақдирда эса — кенгаш раисининг ўринбосари бошқаради.

10. Кузатув кенгаши мажлиси унда Кузатув кенгаши аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Кузатув кенгашининг қарори кенгаш аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади ва Кузатув кенгаши раиси томонидан имзоланади.

Овозлар тенг бўлганда, Кузатув кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

11. Кузатув кенгаши қарорлари Кузатув кенгаши мажлисининг баённомалари билан расмийлаштирилади. Кенгаш мажлисининг баённомаси Кузатув кенгаши раиси томонидан тасдиқланади.

12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) Жамғарманинг ижрочи органи ҳисобланади.

13. Агентлик:

Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасини тайёрлайди ва тасдиқлаш учун Жамғарма Кузатув кенгашига тақдим этади;

Жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоботларни Кузатув кенгашига тақдим этади;

Жамғармадан маблағ ажратишга оид мурожаатларни умумлаштиради ва Кузатув кенгашига кўриб чиқиш учун материаллар тайёрлайди;

Кузатув кенгаши қарорлари тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлайди.

Агентлик қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга ошириши, шунингдек, бошқа ҳуқуқларга ва мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

14. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги:

Жамғарма учун Ўзбекистон Республикаси Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварағини очади ва юритади, белгиланган тартибда ушбу ҳисобварақ бўйича тегишли операцияларни амалга оширади;

Жамғарманинг харажатларини амалга оширади, даромадлари ва харажатлари ҳисобини юритади, шунингдек, улар бўйича чораклик ва йиллик ҳисоботларни шакллантиради;

Жамғармага ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини таҳлил қилади ва мониторинг олиб боради;

Кузатув кенгаши розилиги билан бўш маблағларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларида миллий валютада депозитларга жойлаштиради.

15. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисобот ҳар чоракда Кузатув кенгаши томонидан кўриб чиқилади ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Молия вазирлигига тақдим этилади.

3-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш

16. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари билан ажратиладиган маблағлар;

ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртманомасига асосан маҳалладаги майдони 5 000 метр квадрат ва ундан юқори бўлган давлат кўчмас мулк объектларини сотишдан тушган маблағларнинг бошланғич нархидан ошган қисмининг 5 фоизи;

хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг техник кўмак маблағлари ва грантлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

вақтинча бўш маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

17. Жамғармага унинг даромадлари бўйича тушадиган маблағлар Молия вазирлиги Ғазначилигининг шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилади.

18. Жамғармага маблағлар тушишининг тўлиқлиги Жамғарма Кузатув кенгаши томонидан назорат қилинади.

4-боб. Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган асосий йўналишлар

19. Қуйидагилар Жамғарма маблағларидан молиялаштириладиган асосий йўналишлар ҳисобланади:

ҳоким ёрдамчилари иш ҳақининг аввалги иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлган қисмини компенсация қилиш;

бошқа ҳудудлардан келиб ишлаётган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари учун турар жой ижараси харажатлари учун компенсация тўлаш;

иш фаолиятида яхши натижаларга эришган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакилларини ҳар ойда мукофотлаш;

ўз шахсий автомобилидан фойдаланаётган республика вакилларининг транспорт харажатларини компенсация қилиш;

республика вакилларининг бир ойда бир марта доимий яшаш жойига темир йўл транспортида бориб келиши учун компенсация тўлаш;

йил якуни бўйича ўзига бириктирилган ҳудудда юқори натижаларга эришган республика вакилларига ва ҳоким ёрдамчиларига ипотека кредити асосида уй-жой харид қилиш учун субсидия тўлаш;

«Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасини тайёрлаш ҳамда мукофотланганларни тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар;

ҳоким ёрдамчилари, республика вакиллари ва уларнинг фаолиятини самарали ташкил этишга жалб қилинган бошқа шахсларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини амалга ошириш, семинарлар ва бошқа тадбирларни, шу жумладан, хорижий мамлакатларда ташкил қилиш;

ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этишга компьютерлар, планшетлар, мультимедиа ва тармоқ қурилмалари ҳамда дастурий таъминотларни харид қилиш;

эксперт гуруҳи фаолиятини ташкил этиш, эксперт гуруҳи таркибига киритилган мутахассислар учун ҳақ тўлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг ва Жамғарма Кузатув кенгашининг тегишли қарорларида белгиланган бошқа вазифаларни амалга ошириш.

20. Кузатув кенгашининг қарори асосида республика вакилларининг доимий яшаш жойига (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Сурхондарё вилоятлари) темир йўл транспортидан бошқа транспорт воситаларидан (самолёт ва шаҳарлараро автобус) фойдаланган ҳолда бориб келиши учун Жамғарма ҳисобидан компенсация тўланиши мумкин.

21. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади ҳамда Молия вазирлигига рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилади.

22. Жамғарма харажатлари Агентликнинг сўровномалари асосида молиялаштирилади.

23. Агентлик Жамғармага ажратилган маблағлардан фойдаланилиши ва кейинги ҳисобот даврида кутилаётган харажатлар тўғрисидаги маълумотларни Кузатув кенгашининг навбатдаги йиғилишига кўриб чиқиш учун киритади.

24. Жамғармадан маблағлар тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида Жамғарманинг шахсий ғазна ҳисобварақларидан ажратилади.

25. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари бюджетга олиб қўйилмайди ва улардан кейинги даврда фойдаланилади.

5-боб. Жамғарма маблағлари ҳисобидан харажатларни молиялаштириш миқдори

26. Жамғарма маблағлари ҳисобидан харажатлар қуйидаги миқдорда молиялаштирилади:

а) ҳоким ёрдамчилари иш ҳақининг аввалги иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлган қисмини компенсация қилиш харажатлари ҳар ой якуни билан амалга оширилади.

Бунда ўртача ойлик иш ҳақи миқдори Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибига асосан ҳисоблаб чиқилади. Ойлик иш ҳақи ўртасидаги фарқни компенсация қилиш механизми Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади;

б) бошқа ҳудудлардан келиб ишлаётган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида турар жой ижараси харажатлари учун компенсация тўланади. Уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсациясини тўлаш тартиби Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади;

в) ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш ва баҳолаб бориш имконини берувчи «Онлайн маҳалла» электрон платформасига қараб қуйидаги миқдорларда ойлик мукофот пули тўланади:

қониқарли деб топилганда — ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида;

яхши деб топилганда — ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида;

аъло деб топилганда — ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида;

г) Агентлик томонидан иш фаолиятида яхши натижага эришган республика вакилларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 бараваригача миқдорда ойлик мукофот пули тўлаб берилади. Республика вакилларига мукофот пули тўлаш бўйича таклифлар уларнинг меҳнат фаолияти натижадорлигига қараб Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 3 декабрдаги ПҚ-31-сон қарори билан ташкил этилган Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш бўйича республика комиссияси томонидан киритилади;

д) республика вакилларининг ўз шахсий автомобилидан фойдаланаётганлиги учун ҳар чоракда бир марта ҳар ой учун бензинда ҳаракатланадиган автотранспорт воситалари учун 2 150 минг сўмгача, табиий газда ҳаракатланадиган автотранспорт воситалари учун 1 350 минг сўмгача компенсация тўловлари амалга оширилади.

Бунда республика вакиллари томонидан ҳисобот чораги давомида 3 500 километр масофа тўлиқ босиб ўтилганда, компенсация тўловлари юқорида кўрсатилган миқдорларда тўлиқ берилади. Агарда ҳисобот даврида автотранспорт воситасида йўл босиш миқдори 3500 километрдан кам бўлган тақдирда, компенсация миқдори босилган масофага мутаносиб миқдорда тўланади.

Республика вакилларининг ўз шахсий автомобилидан фойдаланилганлиги учун компенсация тўловларини амалга ошириш механизми Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади;

е) республика вакилларининг бир ойда бир маротаба доимий яшаш жойига темир йўл транспортида (ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган ҳолатларда) бориб келиши учун компенсация харажатлари транспорт воситаларида ҳаракатланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (чипта) тақдим қилинган тақдирда, «эконом» тарифи бўйича харажатларнинг 100 фоизи, « бизнес» тарифи бўйича харажатларнинг 70 фоизи (самолётда учиш бундан мустасно) тўлаб берилади.

Компенсация тўловлари ҳар чоракда бир марта ҳисобот давридан олдинги чорак учун амалга оширилади;

ё) йил якуни бўйича ўзига бириктирилган ҳудудда юқори натижаларга эришган республика вакилларига ва ҳоким ёрдамчиларига ипотека кредити асосида уй-жой харид қилиш учун уй-жой қийматининг 50 фоизигача (бироқ 150 миллион сўмдан ошмаган миқдорда) субсидия тўлаш харажатлари амалга оширилади.

Ипотека кредити асосида уй-жой харид қилиш учун субсидия ажратиш тартиби Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади;

ж) «Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси» кўкрак нишони билан тақдирланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади;

з) заруратга кўра эксперт гуруҳи таркибига киритилган мутахассисларга ҳақ тўлаш тартиби ва миқдори Кузатув кенгаши томонидан белгиланади.

Республика вакилларига ушбу бандда назарда тутилган тўловлардан ташқари асосий иш жойи бўйича иш берувчилар томонидан харажатларини қоплаш учун қўшимча тўловлар ва рағбатлантириш амалга оширилиши мумкин.

6-боб. Якунловчи қоидалар

27. Давлат молиявий назорати инспекцияси Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилади.

28. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2022 йил 16 февраль,

72-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.02.2022 й., 09/22/72/0140-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон; 15.10.2026 й., 09/26/563/1041-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TARKIBI

NIZOM

Hokim yordamchilari faoliyatini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasini tashkil etish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mahallada tadbirkorlikni rivojlantirish, aholi bandligini taʼminlash va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha hokim yordamchilari faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 3-dekabrdagi PQ-31-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mahallada tadbirkorlikni rivojlantirish, aholi bandligini taʼminlash va kambagʻallikni qisqartirish boʻyicha davlat siyosatining ustuvor yoʻnalishlari toʻgʻrisida” 2021-yil 3-dekabrdagi PF-29-son Farmoniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligining Hokim yordamchilari faoliyatini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Belgilansinki:

a) Quyidagilar Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish manbalari hisoblanadi:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmon va qarorlari, Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining qarorlari bilan ajratiladigan mablagʻlar;

xorijiy (xalqaro) moliya institutlari va boshqa xorijiy tashkilotlarning texnik koʻmak mablagʻlari va grantlari;

jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;

vaqtincha boʻsh mablagʻlarni tijorat banklarining depozitlariga joylashtirishdan olingan daromadlar;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar;

b) Quyidagilar Jamgʻarma mablagʻlaridan moliyalashtiriladigan asosiy yoʻnalishlar hisoblanadi:

hokim yordamchilari ish haqining avvalgi ish joyi boʻyicha oʻrtacha oylik ish haqi miqdoridan kam boʻlgan qismini kompensatsiya qilish;

boshqa hududlardan kelib ishlayotgan hokim yordamchilari va respublika vakillari uchun turar joy ijarasi xarajatlari uchun kompensatsiya toʻlash;

ish faoliyatida yaxshi natijalarga erishgan hokim yordamchilari va respublika vakillarini har oyda mukofotlash;

oʻz shaxsiy avtomobilidan foydalanayotgan respublika vakillarining transport xarajatlarini kompensatsiya qilish;

respublika vakillarining bir oyda bir marta doimiy yashash joyiga temir yoʻl transportida borib kelishi uchun kompensatsiya toʻlash;

yil yakuni boʻyicha oʻziga biriktirilgan hududda yuqori natijalarga erishgan respublika vakillariga va hokim yordamchilariga ipoteka krediti asosida uy-joy xarid qilish uchun subsidiya toʻlash;

“Yangi Oʻzbekiston islohotchisi” koʻkrak nishoni va uning guvohnomasini tayyorlash hamda mukofotlanganlarni taqdirlash va moddiy ragʻbatlantirish bilan bogʻliq xarajatlar;

hokim yordamchilari, respublika vakillari va ularning faoliyatini samarali tashkil etishga jalb qilingan boshqa shaxslarni tayyorlash, qayta tayyorlash, va ularning malakasini oshirish dasturlarini amalga oshirish, seminarlar va boshqa tadbirlarni, shu jumladan, xorijiy mamlakatlarda tashkil qilish;

hokim yordamchilari faoliyatini samarali tashkil etishga kompyuterlar, planshetlar, multimedia va tarmoq qurilmalari hamda dasturiy taʼminotlarni xarid qilish;

ekspert guruhi faoliyatini tashkil etish, ekspert guruhi tarkibiga kiritilgan mutaxassislarga haq toʻlash;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlari, Vazirlar Mahkamasining va Jamgʻarma kuzatuv kengashining tegishli qarorlarida belgilangan boshqa vazifalarni amalga oshirish.

3. Quyidagilar:

Hokim yordamchilari faoliyatini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi kuzatuv kengashining (keyingi oʻrinda — Kuzatuv kengashi) tarkibi 1-ilovaga muvofiq;

Hokim yordamchilari faoliyatini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

4. Belgilab qoʻyilsinki:

Jamgʻarma Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligida yuridik shaxs tashkil etmagan holda shakllantiriladi, Jamgʻarma uchun Moliya vazirligining Gʻaznachiligida shaxsiy gʻazna hisobvaragʻi ochiladi;

Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi huzuridagi Mahallabay ishlash va tadbirkorlikni rivojlantirish agentligi Jamgʻarmaning ijrochi organi hisoblanadi.

5. Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 16-fevraldagi 72-son qaroriga 1-ILOVA

Hokim yordamchilari faoliyatini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi kuzatuv kengashining

1. J.A. Qoʻchqorov — Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri, Kuzatuv kengashi raisi 2. S.M. Xolxoʻjayev — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirining birinchi oʻrinbosari, Kuzatuv kengashi raisi oʻrinbosari 3. J.I. Abruyev — moliya vazirining oʻrinbosari 4. Sh.X. Atabayev — AT Xalq banki boshqaruvi raisi 5. M.M. Ubaydullayev — Mahallabay ishlash va tadbirkorlikni rivojlantirish agentligi direktori 6. I.I. Xuseinov — Mahallabay ishlash va tadbirkorlikni rivojlantirish agentligi boshqarmasi boshligʻi, Kuzatuv kengashi masʼul kotibi

Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 16-fevraldagi 72-son qaroriga 2-ILOVA

Hokim yordamchilari faoliyatini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligining Hokim yordamchilari faoliyatini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) faoliyatini tashkil etish, shuningdek, uning mablagʻlarini shakllantirish va ushbu mablagʻlardan foydalanishi tartibini belgilaydi.

2. Jamgʻarma Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligida yuridik shaxs tashkil etmagan holda shakllantiriladi, Jamgʻarma uchun Moliya vazirligining Gʻaznachiligida shaxsiy gʻazna hisobvaragʻi ochiladi.

3. Ushbu Nizomda quyidagi tushunchalardan foydalaniladi:

Kuzatuv kengashi — Jamgʻarma faoliyatini boshqaradigan Hokim yordamchilari faoliyatini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi kuzatuv kengashi;

respublika vakili — hokim yordamchilari faoliyatini samarali tashkil etish maqsadida iqtisodiyot va investitsiya komplekslariga kiruvchi vazirliklar, idoralar, tijorat banklarining har bir tuman va shaharga biriktirilgan masʼul xodimlari;

hokim yordamchisi — har bir shaharcha, qishloq, ovulda, shuningdek, shaharlar, shaharchalar, qishloqlar hamda ovullardagi har bir mahallada tadbirkorlikni rivojlantirish, aholi bandligini taʼminlash va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha tuman (shahar) hokimi yordamchisi lavozimiga tayinlangan shaxs;

kompensatsiya — boshqa hududlardan kelib ishlayotgan hokim yordamchilariga va respublika vakillariga turar joy ijarasi, avvalgi ish joyi boʻyicha oʻrtacha oylik ish haqi miqdoridan kam boʻlgan taqdirda yetishmagan qismi, oʻz shaxsiy avtomobilidan foydalanayotgan respublika vakillarining transport xarajatlari, shuningdek, bir oyda bir marta doimiy yashash joyiga temir yoʻl transportida borib kelishi uchun Jamgʻarma hisobidan qoplab beriladigan toʻlov;

subsidiya — oʻziga biriktirilgan hududda yuqori natijalarga erishgan respublika vakillariga va hokim yordamchilariga ipoteka krediti asosida uy-joy xarid qilish uchun Jamgʻarma hisobidan qoplab beriladigan toʻlov.

4. Jamgʻarma Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlariga, boshqa qonunchilik hujjatlariga, Jamgʻarma Kuzatuv kengashi qarorlariga muvofiq hokim yordamchilari faoliyatini samarali tashkil etish boʻyicha nazarda tutilgan tadbirlarni moliyalashtirish maqsadida faoliyat yuritadi.

2-bob. Jamgʻarma faoliyatini boshqarish

5. Jamgʻarma faoliyati Kuzatuv kengashi tomonidan boshqariladi. Kuzatuv kengashining aʼzolari oʻz faoliyatini jamoatchilik asosida amalga oshiradi.

6. Kuzatuv kengashi:

Jamgʻarma faoliyatining asosiy yoʻnalishlarini belgilaydi;

har yili Jamgʻarma daromadlari va xarajatlari balansining prognoz koʻrsatkichlarini koʻrib chiqadi va tasdiqlaydi;

Jamgʻarma daromadlarining shakllanishini va mablagʻlardan maqsadli foydalanilishini taʼminlash boʻyicha uning faoliyatini yuzasidan nazorat qiladi;

Jamgʻarma daromadlari va xarajatlari smetasini, zarur hollarda, tasdiqlangan smetalarga kiritiladigan tegishli oʻzgartirishlarni tasdiqlaydi;

qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa vakolatlarni amalga oshiradi.

7. Kuzatuv kengashi Jamgʻarmaga yuklangan vazifalarning ijrosini tashkil qilish, tegishli loyihalarni ishlab chiqish, amaliyotga tatbiq etish va zarur tavsiyalar tayyorlanishini taʼminlash maqsadida davlat organlari, xoʻjalik birlashmalari, nodavlat notijorat tashkilotlar va fuqarolik jamiyatining boshqa institutlari vakillari, shuningdek, fuqarolardan iborat tarkibda ekspert guruhi tashkil qilishi mumkin.

8. Kuzatuv kengashi majlislari zaruratga koʻra oʻtkaziladi.

9. Kuzatuv kengashi majlisini kengash raisi, u boʻlmagan taqdirda esa — kengash raisining oʻrinbosari boshqaradi.

10. Kuzatuv kengashi majlisi unda Kuzatuv kengashi aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi ishtirok etgan taqdirda vakolatli hisoblanadi.

Kuzatuv kengashining qarori kengash aʼzolarining oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi va Kuzatuv kengashi raisi tomonidan imzolanadi.

Ovozlar teng boʻlganda, Kuzatuv kengashi raisining ovozi hal qiluvchi ovoz hisoblanadi.

11. Kuzatuv kengashi qarorlari Kuzatuv kengashi majlisining bayonnomalari bilan rasmiylashtiriladi. Kengash majlisining bayonnomasi Kuzatuv kengashi raisi tomonidan tasdiqlanadi.

12. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi huzuridagi Mahallabay ishlash va tadbirkorlikni rivojlantirish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) Jamgʻarmaning ijrochi organi hisoblanadi.

13. Agentlik:

Jamgʻarma daromadlari va xarajatlari smetasini tayyorlaydi va tasdiqlash uchun Jamgʻarma Kuzatuv kengashiga taqdim etadi;

Jamgʻarma tushumlarini koʻpaytirish va uning mablagʻlaridan samarali foydalanish boʻyicha takliflar tayyorlaydi;

Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish boʻyicha hisobotlarni Kuzatuv kengashiga taqdim etadi;

Jamgʻarmadan mablagʻ ajratishga oid murojaatlarni umumlashtiradi va Kuzatuv kengashiga koʻrib chiqish uchun materiallar tayyorlaydi;

Kuzatuv kengashi qarorlari toʻliq va oʻz vaqtida ijro etilishini taʼminlaydi.

Agentlik qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa vakolatlarni amalga oshirishi, shuningdek, boshqa huquqlarga va majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.

14. Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi:

Jamgʻarma uchun Oʻzbekiston Respublikasi Gʻaznachiligida shaxsiy gʻazna hisobvaragʻini ochadi va yuritadi, belgilangan tartibda ushbu hisobvaraq boʻyicha tegishli operatsiyalarni amalga oshiradi;

Jamgʻarmaning xarajatlarini amalga oshiradi, daromadlari va xarajatlari hisobini yuritadi, shuningdek, ular boʻyicha choraklik va yillik hisobotlarni shakllantiradi;

Jamgʻarmaga ajratilgan mablagʻlardan maqsadli foydalanilishini tahlil qiladi va monitoring olib boradi;

Kuzatuv kengashi roziligi bilan boʻsh mablagʻlarni belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasining tijorat banklarida milliy valyutada depozitlarga joylashtiradi.

15. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish toʻgʻrisidagi hisobot har chorakda Kuzatuv kengashi tomonidan koʻrib chiqiladi va Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi tomonidan Moliya vazirligiga taqdim etiladi.

3-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish

16. Quyidagilar Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish manbalari hisoblanadi:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmon va qarorlari, Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining qarorlari bilan ajratiladigan mablagʻlar;

hokim yordamchilarining onlayn-buyurtmanomasiga asosan mahalladagi maydoni 5 000 metr kvadrat va undan yuqori boʻlgan davlat koʻchmas mulk obyektlarini sotishdan tushgan mablagʻlarning boshlangʻich narxidan oshgan qismining 5 foizi;

xorijiy (xalqaro) moliya institutlari va boshqa xorijiy tashkilotlarning texnik koʻmak mablagʻlari va grantlari;

jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;

vaqtincha boʻsh mablagʻlarni tijorat banklarining depozitlariga joylashtirishdan olingan daromadlar;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

17. Jamgʻarmaga uning daromadlari boʻyicha tushadigan mablagʻlar Moliya vazirligi Gʻaznachiligining shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.

18. Jamgʻarmaga mablagʻlar tushishining toʻliqligi Jamgʻarma Kuzatuv kengashi tomonidan nazorat qilinadi.

4-bob. Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladigan asosiy yoʻnalishlar

19. Quyidagilar Jamgʻarma mablagʻlaridan moliyalashtiriladigan asosiy yoʻnalishlar hisoblanadi:

hokim yordamchilari ish haqining avvalgi ish joyi boʻyicha oʻrtacha oylik ish haqi miqdoridan kam boʻlgan qismini kompensatsiya qilish;

boshqa hududlardan kelib ishlayotgan hokim yordamchilari va respublika vakillari uchun turar joy ijarasi xarajatlari uchun kompensatsiya toʻlash;

ish faoliyatida yaxshi natijalarga erishgan hokim yordamchilari va respublika vakillarini har oyda mukofotlash;

oʻz shaxsiy avtomobilidan foydalanayotgan respublika vakillarining transport xarajatlarini kompensatsiya qilish;

respublika vakillarining bir oyda bir marta doimiy yashash joyiga temir yoʻl transportida borib kelishi uchun kompensatsiya toʻlash;

yil yakuni boʻyicha oʻziga biriktirilgan hududda yuqori natijalarga erishgan respublika vakillariga va hokim yordamchilariga ipoteka krediti asosida uy-joy xarid qilish uchun subsidiya toʻlash;

“Yangi Oʻzbekiston islohotchisi” koʻkrak nishoni va uning guvohnomasini tayyorlash hamda mukofotlanganlarni taqdirlash va moddiy ragʻbatlantirish bilan bogʻliq xarajatlar;

hokim yordamchilari, respublika vakillari va ularning faoliyatini samarali tashkil etishga jalb qilingan boshqa shaxslarni tayyorlash, qayta tayyorlash, va ularning malakasini oshirish dasturlarini amalga oshirish, seminarlar va boshqa tadbirlarni, shu jumladan, xorijiy mamlakatlarda tashkil qilish;

hokim yordamchilari faoliyatini samarali tashkil etishga kompyuterlar, planshetlar, multimedia va tarmoq qurilmalari hamda dasturiy taʼminotlarni xarid qilish;

ekspert guruhi faoliyatini tashkil etish, ekspert guruhi tarkibiga kiritilgan mutaxassislar uchun haq toʻlash;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlari, Vazirlar Mahkamasining va Jamgʻarma Kuzatuv kengashining tegishli qarorlarida belgilangan boshqa vazifalarni amalga oshirish.

20. Kuzatuv kengashining qarori asosida respublika vakillarining doimiy yashash joyiga (Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Xorazm va Surxondaryo viloyatlari) temir yoʻl transportidan boshqa transport vositalaridan (samolyot va shaharlararo avtobus) foydalangan holda borib kelishi uchun Jamgʻarma hisobidan kompensatsiya toʻlanishi mumkin.

21. Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlar smetasi Kuzatuv kengashi tomonidan tasdiqlanadi hamda Moliya vazirligiga roʻyxatdan oʻtkazish uchun taqdim etiladi.

22. Jamgʻarma xarajatlari Agentlikning soʻrovnomalari asosida moliyalashtiriladi.

23. Agentlik Jamgʻarmaga ajratilgan mablagʻlardan foydalanilishi va keyingi hisobot davrida kutilayotgan xarajatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Kuzatuv kengashining navbatdagi yigʻilishiga koʻrib chiqish uchun kiritadi.

24. Jamgʻarmadan mablagʻlar tasdiqlangan daromadlar va xarajatlar smetasi asosida Jamgʻarmaning shaxsiy gʻazna hisobvaraqlaridan ajratiladi.

25. Jamgʻarmaning joriy yilda foydalanilmagan mablagʻlari budjetga olib qoʻyilmaydi va ulardan keyingi davrda foydalaniladi.

5-bob. Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan xarajatlarni moliyalashtirish miqdori

26. Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan xarajatlar quyidagi miqdorda moliyalashtiriladi:

a) hokim yordamchilari ish haqining avvalgi ish joyi boʻyicha oʻrtacha oylik ish haqi miqdoridan kam boʻlgan qismini kompensatsiya qilish xarajatlari har oy yakuni bilan amalga oshiriladi.

Bunda oʻrtacha oylik ish haqi miqdori Vazirlar Mahkamasining 1997-yil 11-martdagi 133-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻrtacha oylik ish haqini hisoblab chiqarish tartibiga asosan hisoblab chiqiladi. Oylik ish haqi oʻrtasidagi farqni kompensatsiya qilish mexanizmi Kuzatuv kengashi tomonidan tasdiqlanadi;

b) boshqa hududlardan kelib ishlayotgan hokim yordamchilari va respublika vakillari uchun bazaviy hisoblash miqdorining ikki baravari miqdorida turar joy ijarasi xarajatlari uchun kompensatsiya toʻlanadi. Uy-joylarni ijaraga olganlik (ijarada turganlik) uchun har oylik pul kompensatsiyasini toʻlash tartibi Kuzatuv kengashi tomonidan tasdiqlanadi;

v) hokim yordamchilari faoliyatini samarali tashkil etish va baholab borish imkonini beruvchi “Onlayn mahalla” elektron platformasiga qarab quyidagi miqdorlarda oylik mukofot puli toʻlanadi:

qoniqarli deb topilganda — oylik ish haqining 15 foizi miqdorida;

yaxshi deb topilganda — oylik ish haqining 30 foizi miqdorida;

aʼlo deb topilganda — oylik ish haqining 50 foizi miqdorida;

g) Agentlik tomonidan ish faoliyatida yaxshi natijaga erishgan respublika vakillariga mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 4 baravarigacha miqdorda oylik mukofot puli toʻlab beriladi. Respublika vakillariga mukofot puli toʻlash boʻyicha takliflar ularning mehnat faoliyati natijadorligiga qarab Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mahallada tadbirkorlikni rivojlantirish, aholi bandligini taʼminlash va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha hokim yordamchilari faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 3-dekabrdagi PQ-31-son qarori bilan tashkil etilgan Hokim yordamchilari faoliyatini tashkil etish boʻyicha respublika komissiyasi tomonidan kiritiladi;

d) respublika vakillarining oʻz shaxsiy avtomobilidan foydalanayotganligi uchun har chorakda bir marta har oy uchun benzinda harakatlanadigan avtotransport vositalari uchun 2 150 ming soʻmgacha, tabiiy gazda harakatlanadigan avtotransport vositalari uchun 1 350 ming soʻmgacha kompensatsiya toʻlovlari amalga oshiriladi.

Bunda respublika vakillari tomonidan hisobot choragi davomida 3 500 kilometr masofa toʻliq bosib oʻtilganda, kompensatsiya toʻlovlari yuqorida koʻrsatilgan miqdorlarda toʻliq beriladi. Agarda hisobot davrida avtotransport vositasida yoʻl bosish miqdori 3500 kilometrdan kam boʻlgan taqdirda, kompensatsiya miqdori bosilgan masofaga mutanosib miqdorda toʻlanadi.

Respublika vakillarining oʻz shaxsiy avtomobilidan foydalanilganligi uchun kompensatsiya toʻlovlarini amalga oshirish mexanizmi Kuzatuv kengashi tomonidan tasdiqlanadi;

e) respublika vakillarining bir oyda bir marotaba doimiy yashash joyiga temir yoʻl transportida (ushbu Nizomning 20-bandida koʻrsatilgan holatlarda) borib kelishi uchun kompensatsiya xarajatlari transport vositalarida harakatlanganligini tasdiqlovchi hujjat (chipta) taqdim qilingan taqdirda, “ekonom” tarifi boʻyicha xarajatlarning 100 foizi, “ biznes” tarifi boʻyicha xarajatlarning 70 foizi (samolyotda uchish bundan mustasno) toʻlab beriladi.

Kompensatsiya toʻlovlari har chorakda bir marta hisobot davridan oldingi chorak uchun amalga oshiriladi;

yo) yil yakuni boʻyicha oʻziga biriktirilgan hududda yuqori natijalarga erishgan respublika vakillariga va hokim yordamchilariga ipoteka krediti asosida uy-joy xarid qilish uchun uy-joy qiymatining 50 foizigacha (biroq 150 million soʻmdan oshmagan miqdorda) subsidiya toʻlash xarajatlari amalga oshiriladi.

Ipoteka krediti asosida uy-joy xarid qilish uchun subsidiya ajratish tartibi Kuzatuv kengashi tomonidan tasdiqlanadi;

j) “Yangi Oʻzbekiston islohotchisi” koʻkrak nishoni bilan taqdirlanganlarga bazaviy hisoblash miqdorining besh baravari miqdorida bir yoʻla toʻlanadigan pul mukofoti beriladi;

z) zaruratga koʻra ekspert guruhi tarkibiga kiritilgan mutaxassislarga haq toʻlash tartibi va miqdori Kuzatuv kengashi tomonidan belgilanadi.

Respublika vakillariga ushbu bandda nazarda tutilgan toʻlovlardan tashqari asosiy ish joyi boʻyicha ish beruvchilar tomonidan xarajatlarini qoplash uchun qoʻshimcha toʻlovlar va ragʻbatlantirish amalga oshirilishi mumkin.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

27. Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli foydalanilishini nazorat qiladi.

28. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonun hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2022-yil 16-fevral,

72-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 17.02.2022-y., 09/22/72/0140-son; 03.03.2025-y., 09/25/135/0208-son; 15.10.2026-y., 09/26/563/1041-son)

lex.uz